Maktub yozganmisiz?

755
“Ассалому алайкум, отажон, онажон! Соғ-саломатмисиз? Менинг ўқишларим яхши. Фақат сизларни жуда соғиндим…” Ота-онанинг қалбига фарзанднинг олам-олам меҳр-муҳаббати оқиб кириши учун шу бир неча сатр кифоя. Аммо… афсус шуки, шу бир неча сатрни ёзишга қунт қилмаймиз, фаросатимиз етмайди… Байрамлар ўтади, мактуб йўлламаймиз. Туғилган кунлар ўтади, мактуб ёзишга тоқатимиз йўқ… Нима бу? Қалбимиздаги меҳр булоғи қуриб боряптими?

08

Тоҳир Малик
МАКТУБ ЁЗГАНМИСИЗ?

Сарлавҳани бекорга шундай деб қўймадик. Бугунги кунда телефон ёки интернет деган мўъжизалар кенг тарқалиб, инсон қалбидаги меҳрни ўзида акс эттира оладиган мактуб ёзиш унутила бошланди. Техника тараққиётини инкор этиш мумкин эмас. Аммо бу тараққиёт бир одамга хос ҳис-туйғуларни иккинчи бир кишига етказишга ожизлик қилади.

Бугунни телефонсиз, компъютерсиз тасаввур қила олмаймиз. Уйимиздаги ёки ишхонамиздаги телефон бир кун ишламай қолса, нимадир йўқотган одамдай гангиб юрамиз. Илгари ўқишга ёки ҳарбий хизматга кетган ёшлар кунда бўлмаса ҳам ҳафтада бир марта ота-оналарига, дўстларига ёки севгилиларига мактуб йўллаб турганлар. Жавоб хатини интизорлик билан кутганлар. Энди эса телефонга югурадилар. Ҳазил тариқасида айтсак, охирги пулларини телефонга сарфлайдилар-да, ота-оналарига пуллари тугаб қолганини маълум қиладилар. Ёки шунга ўхшаш бирор нима сўрайдилар. Телефоннинг совуқ симлари фарзанднинг ота-онага меҳрини етказиб бера олмайди. Ошиқнинг маъшуқасига бўлган севги оташини ҳам етказишга ожиз. Бу вазифани оқ қоғоз ва қалам уддалайди. Гарчи қоғозга тушадиган ҳарфлар ҳам совуқдай туюлса-да, бу ҳафларда меҳр олови мавжуд. Бу олов тафтини мактуб ўқиётган одам ҳис қилиб туради. “Ассалому алайкум, отажон, онажон! Соғ-саломатмисиз? Менинг ўқишларим яхши. Фақат сизларни жуда соғиндим…” Ота-онанинг қалбига фарзанднинг олам-олам меҳр-муҳаббати оқиб кириши учун шу бир неча сатр кифоя. Аммо… афсус шуки, шу бир неча сатрни ёзишга қунт қилмаймиз, фаросатимиз етмайди… Байрамлар ўтади, мактуб йўлламаймиз. Туғилган кунлар ўтади, мактуб ёзишга тоқатимиз йўқ… Нима бу? Қалбимиздаги меҳр булоғи қуриб боряптими? Аллоҳ сақласин!

Мазкур сатрларни ўзингизга атаб ёзилган очиқ хат, деб қабул қилинг ва охирги марта кимга, қачон хат ёзганингизни эслаб кўринг. Орамизда ҳаёти давомида бирон марта мактуб ёзмаганлар ҳам бор. Азизлар, бир неча дақиқа кундалик ташвишларни четга қўйинг-да, қоғоз ва қалам олиб яқинларингиздан бирига хат ёзинг. Орамизда бошқалардан хат олса-да, жавоб қайтармаганлар ҳам бор. Азизлар, сиз ҳам жавоб ёзиб муштоқ кўнгилларга қувонч юборинг.

Бадиий адабиётда гўзал мактублар намунаси мавжуд. Шулардан иккисини эътиборингизга ҳавола этамиз. Қайси асардан эканини ўзингиз аниқларсиз. Бу мактублар сизларга намуна сифатида хизмат қилади.

 

88

“Вафосизға. Мен ўзимнинг бу мактубимни кўз ёшларим билан ёзаман. Негаки, ҳозирда маним ёлғизгина кўз ёшларимгина эмас, бутун борлиғим сиёҳдир. Мен энди оғизлардағи “вафо” сўзига ишонмайман. Чунки мен ўзимнинг вафосига ишонганим йигитдан улуғ вафосизлик кўрдим. Уятимдан кўзларимни очолмайман Негаки, еру кўклар, тоғу тошлар ва дунёдағи барча нарсалар манинг алданғаним учун кулиб масхара қилгандек қарайдилар… Бу кунимдан, бу ҳасратимдан қутилиш учун мен ўзимга ажал чақираман. Лекин ажал ҳам мен шўрликдан нафратлангандек, гўё ул ҳам менга вафосизлик қиладир.
Бегим, гарчи аччиғлансангиз ҳам айтишка мажбурман: сизда виждон, инсоф, раҳм, ваъда, вафо, яхшилиқни билиш, боринг-чи, одамгарчиликдан ҳеч гап йўқ эмиш. Билъакс сиз: хийлакор бир тулки, оғзи қон бир бўри, раҳмсиз бир жаллод, уятсиз бир йигит!
Сизни хийлакор дедим: эсингизда борми, содда отамни, гўл онамни қандоғлар қилиб алдадингиз? Ёдингизда борми, шамъ ёнида мени алдаб айткан сўзларингиз, берган ваъдаларингиз, “маним орзум” деб қилган хитобларингиз, тўккан кўз ёшларингиз?.. Бас, бу хийлалар, бу макрлар сиздан бошқа кимда топилсин?
Сизни оғзи қон бир бўри дедим: чунки сизда раҳм йўқ. Сиз ўзингизнинг заҳарлик тишларингиз билан мазлумлар кўксини, баёвлар бағрини чок этасиз; янги очилган гулларни, энди бош тортқан лолаларни вақтсиз сўлдирасиз, очилиб битмай ўлдирасиз!
Сизни уятсиз дедим: илгари ваҳшатингиз билан ўзингизнинг ҳаққингиз битканлигини билатуриб ҳам яна уялмай-қизармай виждонсизлар амрини берасиз ва уятсизлиғингизни яна бир қат ортдирасиз!
Мен сизнинг баъзи бир даъволарингизга ҳайрон қоламан: отам Тошкандда экан чоғида бу гапни айтишка уялған эмишсиз… Гўё бунинг ила номуслик бўлиб кўринмакчисиз шекилли?!
Онам баъзи вақтларда:
Янги ёр топқанда дўстлар, эскидан кечмоқ керак,
Эскини ўлган санаб, латта кафан бичмоқ керак,
байтини ўқуб қўяр, мен бўлсам ул вақтларда бунинг маъносига тушунмас эдим. Аммо… энди бу байтни кимга айтилганига ва унинг маъноларига хўб тушунмакдаман.Ташландиқликнинг сўнг ўтинчи қилиб сиздан шуни сўрайман: учунчи ёр топқанда иккинчи бечорага ҳам шундай уятсизлик қилинмаса эди. Бу тилагим учун ажабланмангиз, чунки, “пичоқни ўзингга ур, оғримаса ўзгага сол”, дейдирлар.
Сизга янги ёр, менга уятсизликнинг қурбони бўлиш муборак. Кумуш эмас, Тупроқбиби ёздим 17 жавзо, 1265 йил, Марғилон.”

88

“Умидим юлдузи, орзум чечаги, ҳаётим тираги Кумушимга!
Киноя ва аччиғлар билан тўлиқ бўлган мактубингизни олдим. Хатни ёзган чоғингизда тамом бир ўт ичида, ғазаб денгизида сузганлиғингиз гавдаланиб кўз ўнгимдан ўтдилар. Ўтдиларгина эмас, ҳатто менга шунчалиқ таъсир этдиларким, гўё маликасининг ғазабига учраған қул қай даражада эс-ҳушидан айрилса, қилар ишидан, ўйлар ўйидан янглишса, манинг-да ҳозирги ҳолим бунинг юз даража юқорисиға етди. Тўғриси, заҳар олуд мактубингизга одамларча тушуна олмадим ва тушунишка ҳам лузум кўрмадим, чунки ғазаб устида айтилган сўзлар ақлли кишиларча лойиқи муҳокама ва мутолаа бўлолмас. Гулхандан сўнг аланга ҳисобини ҳеч бир вақтда олинмас. Лекин мактубингизнинг бир ўрнига нима маъно бериш учун тамоман ожиз қолдим: “Илгари сўзингиз билан ўзингизнинг ҳаққингиз битканлигини билатуриб ҳам яна уялмай, қизармай виждонсизлар амрини бериб қўясиз-да, уятсизлиғингизни яна бир қат оширасиз…” ва “Отам Тошканда экан кезда бу гапни айтишка уялған эмишсиз”, “гўё бунинг билан номуслик, уятчан бир йигит бўлиб кўринмакчисиз шекиллик?!”
Бу сўзларингиз билан нима демакчи бўласиз, танингиз соғми? Дуруст, мен отангизга бирга кеталмаслигимни, чарларни уч-тўрт кун кутиб қолишимни бир неча вақт айталмай юрдим ва ниҳоят, отангиз кетишка рухсат сўрай бошлагач, отам орқалиқ узримни айттирдим, бас, бунда қандай уятсизлик бўлсин, гумонимча иситмангиз қаттиғ ушлаган кўринадир ва бу телбаларча мактубингизни иситма орасида ёзғон ўхшайсиз.
Мактубни иситма орасида ёзғанингизға тамоман қаноат қилдим. Шунинг учун сизни айблашка ҳаққим йўқ, ҳам сиз маъзурсиз. Бу киноя ва заҳарлик мактубни ёзишка сизни мажбур эткан, мени ҳийлакор тулки, оғзи қон бўри, уятсиз йигит… ва тағин алла қанча мартабаларга миндирилишларимнинг бош омили албатта отангиздан ҳам эшиткан бўлсангиз керак, шу кунгача чарлар балоси билан тутқун бўлишим орзу-ҳавас қайин отасининг оғриб ётиш шумлигидир. Ниҳоят, сизнинг аччиғ хатингиз баракасида бу кун чарлар хабари ҳам келиб қолди. Сиз манинг бу хатимни ўқуб гуноҳларимни ярлақаб турган кезларингизда, албатта ман Марғилон йўлида бўлсам керак. Онангизнинг ўқуйтирған байти манинг шаънимга тамоман тескари, чунки ота-она орзуси ҳеч вақт янги ёрлик вазифасини ўтай олмас ва ҳамиша бошқаларнинг орзу-ҳаваси бўлиб қола берар. Сиз ўзингизни тупроқ билан тенглашдирмакчи бўлғансиз, лекин ман ҳозир Кумушка ҳам қаноатланмай Олтинбиби деб атамоқ фикрига тушдим… Борлиғим муҳаббатингиз алангаси билан туташқани ҳолда завжангиз: Отабек 26 жавзо, 1265 йил. Тошканд.”

(Tashriflar: umumiy 220, bugungi 1)

1 izoh

  1. Хуршид ака, умрингиздан брака топинг рахмат.Бу «Ўтган кунлар»,бу Абдулла Кодирий.

Izoh qoldiring