Mamarayim Boyqulov. Badiiyat va hayot haqiqatlari

077Таниқли ёзувчи Нодир Норматов таваллуд топган куннинг 65 йиллиги олдидан

    Пошхурд қишлоғини ўраган икки тоғни тонгда кузатсангиз, шарқдан чиқаётган қуёш шуьлалари Кўҳитанг тоғининг виқорли қоялари тўшидаги оппоқ қорни алвон тусга бир неча сония киритади. Нодир болалигида кўрган бу манзарадан кўп ҳайратланнан, шу кузатишдан унинг “Гўзалликни тоғ ҳам севаркан” деб номланган илк шеьри дунёга келди. Унинг юқорида тилга олинган ҳар иккала шеьри ҳам Нодирнинг мактаб ўқувчилиги даврида ёзилиб, туман газетасида босилиб чиққан эди.

БАДИИЯТ ВА ҲАЁТ ҲАҚИҚАТЛАРИ
Мамарайим Бойқулов
067

1

067 Мен бир мактаб ўқитувчиси сифатида тан олишим керакки, адабиётда рўй бераётган жараёнларни кузатар эканман, уларда пайдо бўлаётган модерн, авангард, реализм ва бошқаларнинг асл туб илдизлари ҳаёт ҳақиқатларига бориб тақалишини Нодир Норматов прозаси орқали ҳис қилдим, тўғрироғи англаб етдим. Бундай дейишимга сабаб, худди шу унсурларнинг кўпчилиги у ёки бу тарзда ёзувчининг роман, қисса ва ҳикояларида тез-тез учрашидагина эмас, балки, уларнинг барчасида қишлоқдошларимнинг хаёлоти, нафаси, турмуш тарзи борлигидадир.Менинг ҳаётим ҳам ана шу ҳаёт тарзи билан боғланиб кетганлигида. Бунинг учун Нодирнинг биографиясига доир айрим нуқталарга тўхтаб, эътибор қилиш кифоя. Келинг, сизни кўп чалғитмай, бевосита шу ҳақда озроқ гапириб берсам. Гапни Нодир прозасига у ёки бу тарзда кирган ўша болаликда қолган айрим таассуротлардан бошласам. Нодир билан мен Пошхурд қишлоғининг марказий гузарларидан бири- Чинорлибоғ гузарида туғилиб ўсганмиз. Чинорлибоғ дейилишига сабаб, унинг номидан маълум, бу гузарда иккита баҳайбат ва қари чинор дарахти бор, унинг ёшини мингдан ошган дейишади. Уларнинг бири Нодирларнинг шундайгина ҳовлиси яқинида, танасига ўн одам қулочи етмайди, чинор кавагида Эшмурод аканинг болалари, энди эса неваралари дарс қилиб ўтиришади. Мен Нодирдан тўрт- беш ортиқ кўйлак йиртганман. Бизнинг икки ҳовлимиз бўлиб, ёзгиси билан Нодирларнинг ҳовлиси орасида қишлоғ масжиди, темирчилик устахонаси, сув тегирмони, қишлоқ дўкони, тўлиқсиз ўрта мактабнинг бошланғич синфлар ўқувчилари ўқишига мўлжалланган мактаб филиали, кичик электро станция, радиоузел, колхозчиларга натура ҳақ сифатида бериладиган маҳсулотлар омборхонаси, хўжаликнинг асосий ишчи кучи бўлган от ва ҳўкизлар оғилхонаси жойлашган эди. Нодирларнинг ҳовлиси ичидан қадимги Довулқўрғон ариғи ўтар эди. Икки ҳовли орасида тўрта ҳовли бўлиб, уларнинг иккитасида ҳеч ким яшамас, эгалари урушда йўқолиб кетган, оилалари тўзғиб кетган эди. Тўғрироғи, бу ҳовлиларнинг кейинги эгалари Қорасув массивини ўзлаштиришга кўчирилган бўлиб, бўшаб қолган ҳовлилар колхоз ихтиёрида эди. Биз болалар учун бу хилват ҳовлилар ҳар хил ўйинлар ўйнайдиган жой, ёзнинг жазирама иссиғида ҳам тўпланишиб ҳар хил ҳаракатли ва ҳаракатсиз ўйинлар ўйнар, топишмоқлар, шеърий мусобақалар ўтказар эдик. Нодирларнинг дарвозасидан кирган жойда, катта ариқ бўйида йирик ёнғоқ дарахти савлат тўкиб турар эди. Мана шу манзаралар сизга ёзувчининг “Кўзгудаги икковлон” романи, “Исмоил тоғанинг тарозиси”, “Дарахт тагидаги одам” қиссалари ва “Бир кун куни чумоли бўлиб..” каби ҳикояларида шундоққина балқиб, бўртиб туради.Тўғри, гап фақат ҳаётий тасвирда эмас, аммо ўша макон ичида содир бўлаётган воқелик, ўша давр одамларию оламни англашга бу ундай унсурлар янгича бир аҳамият касб этиши шубҳасиз. Танқидчи Иброҳим Ғафуров таъкидлаганидек, Нодирдаги мафтункор реализм, яъни магик реализмнинг бошланиши ҳам худди ана шу болаликка даҳлдор таассуротлар билан қоришиқдир.

Бўлажак ёзувчи хонадони, уларнинг қўшнилари, шу гузар муҳити тасвирлари мен бевосита дахлдор бўлганлигим учунми, жуда қадрли. Юқоридаги асарларни қайта қайта ўқир эканман, беихтиёр ушбу хотиралар эсимга тушаберади. Нодирларнинг ҳовлиси чап томонида ўруш қатнашчиси, собиқ мактаб директори Чоршанби Давлатовнинг ҳовлиси ёндош бўлиб, ўртада одам бўйи келадиган деворнинг кемтик жойи (катик дейилади шевада) орқали қўшнилар нон ёки бирор бир тансиқ овқат пиширганда бир – бирларига узатишар эди. Нодирнинг онаси Қизларой хола жуда оқибатли аёл бўлиб, ҳамсояси Марзия хола билан опа сингилдай қадрдон, бир- бирларини жуда қаттиқ ҳурмат қиларди. Қизларой хола иккинчи жаҳон уруши йилларида туман марказидаги 1 – ўрта мактабда ташкил этилган ўқитувчилар тайёрлаш курсида ўқиган, бошланғич синфлар муаллимаси бўлганлиги сабабли болаларига уйда ўқиш ва ёзишни ўргатарди. Мактабдаги ишдан қолиб фарзандлар билан ўралишиб қолганида, Марзия хола унга кўп ёрдам қилар, фарзандларини овутар, ҳамир қориганда, нон пиширганда беминнат хизматини аямас эди.Унинг катталиги ғалвирдек келадиган тандир нонини Дабилқурғондан келадиган ариқ сувига ботириб еганларимиз ҳамон эсимда. Нодирларнинг ҳовлисига ва қўшниларга тор ариқ орқали сув ўтар эди. Ана шу ариқ яқинида бир туп сариқ олча дараҳти ўсар, унинг тагида қозон ўчоқ ва чой ўчоқ бўлар эди. Нодирнинг онаси (худо раҳматлик) Қизларой хола вақтини бир этак бола билан ана шу ўчоқлар орасида ўтказар эди. “Насиб бўлса, сизлар зўр одам бўласизлар” деб болаларни ўқишга қизиқтирар эди. Улар бир ота – онадан тўрт ўғил ва бир қиз бўлиб, Нодир оилада учинчи фарзанд эди. Нодирнинг катта акаси Рўзибой билан мен тенгдош, бир кўчада ўсганлигим ва ўн йил синфда бирга ўқиганлигим сабабли кўп бўш вақтим уларникида ўтар эди. Нодирнинг отаси Нормат тоға иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, колхозда ҳисобчилик қилар эди. Қишлоқ туман марказидан 35 – 40 чақирим олисда, тоғ йўли бузуқ, автоуловлар кам бўлганлиги, колхозга келган текширувчилар, меҳмонлар қишлоқда меҳмонхона бўлмаганлиги сабабли, улар Нормат тоғанинг ҳовлисидан бошпана топар эди. Шунинг учун ҳам сариқ олча тагидаги ўчоқларда доимо олов ёниб турар эди. Бу одамларнинг суҳбатлари, туриш юришлари ҳам ёш Нодирнинг эътиборини тортмай қолмас эди. “Бундай манзаралар, гурунглар меҳмонларни ҳамқишлоқлари билан таққослаш учун ҳам керак бўлар эди” деган эди Нодир мактабимизда бўлган бир учрашувда.

Маълумки, қишлоқда ўтин долзарб масала, у икки вақт сероб бўлар эди: февраль ойида ҳар бир ҳовли-томорқадаги токлар кесилар, улар йиғиштириб олиниб боғ – боғ қилиб тахлаб қўйилар, май ойида эса барча хонадонларда эса ипак қурти боқилиб, тут хивичлари тахланиб, қуриган ёки нимҳушлари тандирда ёки ўчоқда ёқилар, нон ва таомлар пиширишда ишлатирар эди. Улардан таралган ҳидлару кўнгилни орзиқтирувчи алланималар бир олам таассуротлар уйғотганлиги Нодир прозасида янада жозибали бир манзара ҳосил қилади.
Нодир болалиги ҳақида деярли бирор бир йирик нарса ёзмаган (биз ундан бумавзуда ҳали ёзишига умид қиламиз, албатта), аммо ўша даврдаги ҳаво, ҳолатлару манзаралар асарларида сингиб кетган. Мен Нодирнинг оилада онасининг барча рўзғор юмушларида яқин кўмакчи бўлганлигини яхши эслайман. Ўша нимхуш хивичларни ёндиришда қийналиб кўзлари ёшланган, бу машаққатли рўзғор ташвишларида онасининг қийналганларини Нодир сезиб, унинг атрофида ўрмалашиб юрар, уни янада яхишроқ кўриб, ҳурматини жойига қўяр эди. Она эса унинг болаларча эркаланишларига мулойим жавоб қилар эди. Онасининг вафот этиши унга қаттиқ зарба бўлди. Ўшанда у саккиз ёшда эди. Нодир одамови, хаёлпараст, болаларга кам қўшиладиган, мактабга ҳам мажбуран бориб келадиган болага айланди.

1956 – йилда баҳорда катта ёғингарчилик бўлди: қишлоқнинг ғарбидаги сойча тўлиб –тошганидан айрим кишиларнинг ҳовлилари сув остида қолди.Ьу ғарқобдан қишлоқнинг Шўркўл гузарида яшовчи бир неча киши, шу жумладан колхознинг собиқ раиси Намоз Атоев, ўринбосари Карим Мирзаевлар хонадони анча зарар кўрди, шунда биз ўйнаб юрадиган бўш турган ҳовлиларга эгалик қилишди.Ўшанда одат тусига кирган уч хона ва олди пешайвонлик уйлар қуришди. Нормат тоға ҳам бир хонали ва даҳлизли уйнинг ёнидан замонавий тусда уй қуриб олди, қишлоқда биринчилар қаторида уй томини шиферлади.

Нодирнинг онаси вафот этгандан сўнг уйга тез -тез келадиган меҳмонлар сафига таъзиячилар ҳам қўшилди. Энди Нодирнинг ташвиши кўпайган, дам олишга ҳам, дарсларга ҳам вақт топилмай қолди. Бунинг устига онаси ўқиб берган, кейинчалик ўзи мустақил ўқиб ёдлаб олган эртак китоблар, “Қизил шапкача, Бўғирсоқ”лар унинг талаб- эҳтиёжларига жавоб бермай қолди. Нодирлар билан бизнинг қишги ҳовлимиз орасида колхоз идораси, бир хонали кутубхона, ёзги клуб, дон – дун омборхонаси, сартарошхона бўлиб, ўзига хос сайр майдони эди. Нодир кўпинча шу ерлардан ўтиб, кўпроқ қишлоқ кутубхонасига келар эди. У ердаги китоблар Нодирнинг асосий суҳбатдоши бўлиб, ғам – ташвишларини унутишига, бироз онасини ғамидан фориғ бўлишига ёрдам қилганлигини аниқ эслайдман. Бўш вақтини онаси билан яшаган уйнинг томи орқали ўтиб, янги уйнинг чордоғида китоб ўқиш билан шуғуллана бошлади. Энди у қишлоқ кутубхонасидан “ўзбек халқ эртаклари”, “Рус халқ эртаклари”, шеьрий китоблар олиб, чордоғда муъжазгина яширинча кутубхона ташкил қилди. Онасидан қолган эски кўрпача, лўлаболиш, совундан бўшаган ёғоч қутилар унинг ижодхонаси жиҳозлари эди. Нодир бу ерда шеърлар машқ қила бошлади. Дастлаб варағда, кичик дафтарларда,кейинчалик қалин дафларларда шеьрий машқлари пайдо бўлди.
У болалик чоғларида ёзган айрим шеьрларининг мазмуни эсимда қолган Масалан, “Доғ”шеьрида у доғнинг ёмон нарса эканлиги ҳақида ёзиб “доғ кўринса ёрнинг юзида, туғилади жажжи чақалоқ” деб, доғнинг яхши хислати борлигини тасвирлаган эди. Бундай мисралар ёш ўсмир боланинг нақадар кузатувчанлигини, фикрлари равонлашганлигини, ҳаётга дадил қараётганлигини англатмайдими!?

Пошхурд қишлоғи худди ҳовуч ичидаги жойга ўхшайди. Ҳисор тоғ тизмаларининг давоми бўлган Оқ ва Қоратоғ (Кўҳитанг) тоғлари орасида ўн бешдан ортиқ қишлоқлар бор, уларнинг маркази Пошҳурд ҳисобланган. Бу қишлоқни шимолдан жанубга иккига бўлиб турган қадим карвон йўли ҳозирги Туркманистон ва Афғон ўлкаси орқали ҳорижий шарқ мамлакатларига савдо сотиқ ва турлиалоқалар учун ўнғай бўлган. Ана шу икки тоғни тонгда кузатсангиз, шарқдан чиқаётган қуёш шуьлалари Кўҳитанг тоғининг виқорли қоялари тўшидаги оппоқ қорни алвон тусга бир неча сония киритади. Нодир болалигида кўрган бу манзарадан кўп ҳайратланнан, шу кузатишдан унинг “Гўзалликни тоғ ҳам севаркан” деб номланган илк шеьри дунёга келди. Унинг юқорида тилга олинган ҳар иккала шеьри ҳам Нодирнинг мактаб ўқувчилиги даврида ёзилиб, туман газетасида босилиб чиққан эди.

Қишлоқнинг ёзги клубида вақти – вақти билан кинофилмлар намойиш этилиши Пошҳурд радиоузели орқали ҳабар қилинар, кинофилмлар бошланиши олдидан ёки кинофилм тасмалари узилган вақтларда қишлоқ оқсоқоли Аллашукур Раҳматов қўлбола ясаган ғижжагини чалиб, термалар ва халқ ашулаларидан ҳиргойи қилиб томошабинларни вақтини чоғ қилар эди. Ҳамма болалар қатори Нодир ҳам Аллашушкур бобонинг гоҳ хазин, гоҳ ўйноқи куйларини ашулаларини эшитиб бир олам таасурот олган, кейинчалик халқ хофизининг мусиқаларидан таьсирланиб “Ой юзингга ойна бўлсам…” деб номланган эссесини ёзиб “Ёшлик” журналида чоп эттирган эди.

Шимолдан жанубга кесиб ўтувчи Пошҳурд сойининг шарқ томонида тўлиқсиз ўрта мактаб, Пошҳурд қишлоқ кенгаши идораси, дўкон мавжуд бўлиб, 1956 йилларда бир нечта колхозлар бирлашиб, колхоз маркази Зарабоғ қишлоғига кўчирилди. Кейин икки кишлоқ кенгашига айлантирилганлиги муносабати билан бир неча йилдан сўнг Пошхурд қишлоқ кенгаши идорасида жойлашган китобларга бой кутубхона штат қисқартирилганлиги учун ёпилди. Қаровсиз қолган кутубхонадан хабар топган айрим болалар, шу жумладан Нодир ҳам “китоб ўғирлаш гуноҳ эмас” нақлига амал қилиб кўплаб китобларга эга бўлди. Ўқувчилик йилларида эртаклардан сўнг отаси Нормат Алимардонов тавсияси билан “Билмасвой қуёш шаҳрида”, Войничнинг “Сўна”,” Робинзон Крузо” асарларини ўқий бошлади. Шу тарзда у уч йил ичида қишлоқ кутубхонасидаги барча бадиий китобларни ўқиб чиққан эди.

Нодир Норматов 7 – синфдан бошлаб туман, вилоят газеталарига шеьрлар, хабарлар билан фаол қатнашиб, элга танила бошлади. Матбуот куни муносабати билан туман, вилоят раҳбарияти ва вақтли матбуот раҳбарлари томонидан у фаҳрий ёрлиқлар ва эсдлалик совғалари билан тақдирланиб борди. Унинг адабиётга бўлган мухаббати адабиёт муаллимлари, мактаб, колхоз раҳбарларини диққатини ўзига тортди. Вилоят газетаси муҳаррир ўринбосари, истедодли шоир Теша Саидалиев “ёш шоирлар” тўгараки ташкил этди Нодир Норматов, Усмон Азим, Эркин Аьзамлар билан шу тўгаракда қатнашиб, шу устоз ўгитларини тинглади.

Нодир Норматов ўқувчилик йилларида адабиёт муаллими Файзулла Нуриддинов раҳбарлигида драма тўгарагида қатнашиб, бир нечта драматик асарларда катта – кичик роллар ижро этди. Айниқса, Уйғун ва Иззат Султонинг “Алишер Навоий”драммасида Алишер ролини ижро этиб, туманда ўтказилган – кўрик танловда 1чи ўринни эгаллашга муяссар бўлди.

Нодир болалигида новча, ориқ. ниҳолдек хипча бўйли, сочлари қалин йигитча эди. У тез – тез гапирар, ўз фикрини ўтказишга ҳаракат қилар, баҳс ва мунозараларда ҳамиша ҳақ ва ғолиб чиқар эди. Ўша даврда мактабда ўрнатилган тартибга кўра, 1 – 9 синф ўқувчилари (ўғил болалар) соч қўйишлари тақиқланган эди. Мактаб директори, Нодирнинг амакаси Сулаймон Пардаев бу ҳақда ўқувчилар мажлисида эслатиб, барча учун мутлақо бажарилиши мажбур бўлган топшириқни, яъни (эртагача сочларингизни олдириб келингизлар соч олдирмаган бола мактабда ўқимайди.) деб эълон қилди. Нодир эса барча шоирлар ва ёзувчилар каби кийинишни, – юриш туришни, шеьр ўқишни, сўзлашиш тартибини яхши билар, шулар орқали ўз – ўзини тарбиялаб бораётганлиги сабабли амакисининг бу гапи унга ёқмайди, натижада эртаси куни барча ўқувчилар саф тортган йиғилишда мактаб директори билан ўқувчи ўртасида қаттиқ баҳс бўлиб ўтади. Натижада Нодир мактабни ташлаб, қишлоқдан етти чақирим узоқликдаги 32 – мактабга аввалига қатнаб, кейин, мактаб қошидаги интернатда яшаб, 9 – синфни Зарабоғда битиради. 10 – синфда ўқиётган ўқувчилар соч қўйиш ҳуқуқига эга бўлганлиги сабабли яна Пошҳурдга қайтиб, 1967 йилда 33 – ўрта мактабни кумуш медаль билан тамомлайди.

Ўша кезлари амакаси Сулаймон Пардаев фотосурат олиш билан шуғулланар эди. Суратга олиш ва ним қоронғу хонада фотосурат ишлаш Нодирда катта қизиқиш пайдо қилди. У “Смена” фотоаппарати сотиб олиб фотосурат олиш билан шуғуллана бошлади.

У нафақат сурат ишлаш, балки мактабдаги барча ўқувчилар каби бадиий хаваскорлар тўгарагига аъзо бўлиш учун интилди. Термиз педагогика билим юртини тамомлаб келган бир гурух ёш ўқитувчилар: ғижжакда Райим Ражабов, аккордионда Маматқул Давлатов, доирада Худоёр Мамарасулов, найда Қурбон Бобоев шунингдек, Рўзи Холмуродова, Абдулла Дониёров, Файзиқул Қорақулов каби ўзбек рақслари ва ашулалари ижрочилари бўлган ёш ўқитувчиларга хавасманд бўлган Нодир Норматов гарчи, ашула айтмасада, кичик-кичик интермедиалар ижро этди, шу сабабли у тўгаракка аъзо қилинди. Кейинчалик адабиёт муаллими Файзулла Нуридинов рахбарлигида Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий” драммаси сахналаштирилди, Нодир Норматов Алишер Навоий тимсолини яратди. Ўқувчилар ижросидаги бу спектакл туман ўқувчиларининг кўрик танловида биринчи ўринни эгаллашга муяссар бўлди. Ўрта мактабда ўқиб юрган кезларида Нодир Норматов барча синфдошлари билан аҳил – иноқ бўлиб улар ҳақида ёзган “Пошхурдда бир мактаб бор..” деган шеьрида болалик дунёси, ажиб тароватга тўла ҳислар, кечинмалар батафсил тасвиру тавсиф этилган.

Нодир болалигида қишлоқда кўрган халқ артистлари Халима Носирова, Саодат Қобулова, Саттор Ярашев каби санъаткорлар иштирокидаги концертлар, қишлоқ оқсокколи, хонанда ва созанда Аллашукур Рахматов ижролари, Турсун банги, Рўзибой Олимов кабиларнинг қишлоқ тўйларидаги халқ томоша санъати кўринишлари, тотем ўйинлари таъсирида тасаввур олами кенгайиб борди, модерн ва авангард унсурларга бой бўлган бу хил ҳаёт тарзи унинг прозасига ўзи сезмаган ҳолда кириб борди.

2

Нодир Норматов 1967 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига кириб, ўқий бошлади. 1970 йилда ёзги таътилда Пошхурдга келиб, кенжа укаси Бахтиёрга ўзининг маслаҳатларини, ўқишга эътибор бериш зарурлигини уқтиради. Бахтиёр онасидан олти ойлик чақалоқлик даврида қолиб, уни асосан ота томондан момоси Муқим хола парвариш қилиб тарбиялади. У жудаям шўх, асов, олов бола эди. 1961 йил 12 апрелда инсоннинг космосга парвози ҳақида эълон қилингандан сўнг, Бахтиёрнинг исмига Гагарин лақаби қўшилиб айтиладиган бўлди. Уларнинг дарвозасида, ёнидаги электр тармоқлари уланган симёғочларда ҳам шу ёзувни бола ёзгани ёзган эди. Нодир шундай укасини яхши кўрар, уни ҳам келажакда Тошкентда ўқишини хоҳлар эди. Ёзги таътилни у билан бирга ўтказган Нодир Термиз вокзалида Душанбе – Тошкент йўловчи поездига чиқиб, жўнайди. Уни кузатиб турган Бахтиёр поезднинг кейинги вагонларига чиқиб, “Мен ҳам акамни изидан Тошкентга бораман” деб жўнаб кетади. Афсуски, бу поезднинг оҳирги вагонлари “Душанбе – Красноводский вагонлари” бўлиб, Бухоро вилоятининг Қизилтепа станциясида Тошкент – Красноводский поездига уланади. Натижада Бахтиёр Тошкентга эмас, Когонга бориб қолади. Шаҳар Ички ишлар ходимлари ўз ҳолида тентираб юрган тўққиз яшар болани кўриб қолишади. У билан суҳбатлашиб, болалар хонасига олиб келишади. Кейин, Шеробод туман милиция бўлимига, у ердан эса Пошхурдга, Нормат тоға хонадонига ва мактабга хабар қилинади. Бухоро вилоят Когон тумани вояга етмаган ёшлар билан ишлаш нозири Бахтиёрни қишлоқга олиб келганда, Нормат тоға мол сўйиб, у кишини сийладилар, елкасига тўн ёпиб жўнатдилар. Мен Бахтиёрнинг синф раҳбари эканлигим сабабли, бу воқеанинг иштирокчиси бўлганман. Бахтиёр мактабда жуда яхши ўқиб 1980 – 1990 йилларнинг энг етук тадбиркори ва ишбилармони эди. Автоҳалокатга учраб, оламдан ўтди. Нодир ана шу хаёлоти кенг,ажойиб боланинг тиниқ дунёсини “Ҳуштаклар” деб номланган ҳикоясида тасвир этган.

Биз буни Нодир Норматовнинг 1977 йилда чоп этилган “Кўҳитанг ҳикоялари”номли илк ҳикоялар тўпламида ўқишимиз мумкин. Тўпламдаги ҳикоялар биз билган кўрган, бевосита суҳбатлашган одамлару ўзига хос табиат манзараларига эга тоғ оралиқларидаги макон ҳақида эди. Китоб қаҳрамонлари ҳали хам ёдимизда. Нодир ўз қаҳрамонлари билан бирга яшаган, улар билан ҳамсуҳбат бўлган, уларнинг ғаройиб, ажайиб олами ҳеч бир муболағасиз тасвирланган эди. Чунки, ҳаёт муболағалардан ҳам ортиқ воқеликка эга, уни кўриш, ҳис этиш ҳаммага ҳам насиб этабермайди.
Нодир талабалик йилларида бўлажак рафиқаси, когонлик қиз Гавҳар билан танишганда, Пошхурднинг урф – одатлари, гузарлари, кўчалари, чинорлари, тегирмонлари, одамлари ҳақида тўлқинланиб гапириб берган. Шунинг учун бўлса керакки, тўйдан сўнг, ёш келин қайин синглиси Норжамол билан бирга кўчага чиққанда, учраган одамларини секингина бу “Жума Пардаев”, “Бу Панжи ака” ва ҳоказо деганида,уни ҳайрон қолдирган эди. Ижодкор, моҳир таржимон, адабиётшунос, устоз – мураббий, моҳир пазанда, ўзбек либослари билимдони Гавҳар Норматова ўзининг ижодий ишларида, суҳбатларида Пошхурд ва пошхурдликларни ҳурмат билан тилга олади. Гавҳар Норматова фарзандларининг тарбияси билан қаттиқ шуғулланиб, уларни ўқишга, расм чизишга, санъат ва либос, пазандалик, қандолатчилик сир – асрорларини ўрганишга қизиқтирди. “Отаси ўқиса биттаси, онаси ўқиса барчаси ўқийди” деганларидек, Гавҳар Норматова фарзандларига китоб ўқиб берар, уларни китоб ўқишга қизиқтирар, турли тиллардаги, айниқса “Жаҳон болалар адабиёти” туркумидаги асарларини ўқиб берарди. Нодир ва Гавҳар фарзандлари билан бир нечта мустақил ҳамдўстлик давлатларидам бўлиб, у ерларда яшовчи халқларнинг урф – одатлари, либослари, маданияти, санъати, музейларидаги осори – атиқаларни ўрганишди, кузатишди, уларни санъатшунослик соҳасида етук кадрлар қилиб тарбиялашди. Эсимда бор, қизлари Бинафша Нодир илмий ходим бўлиб ишлаган вақтларда у билан бирга қўнғирот уруғлари яшаган барча масканларда ҳамроҳлик қилиб, мавзу бўйича жуда кўплаб материаллар йиғдилар, тадқиқ қилдилар ва либослар, тақинчоқлар, суратлар коллекцияси тўпладилар.

Гавҳар жаҳон халқлари адабиётидан бир нечта асарларни моҳирлик билан ўзбек тилига ўгириб нашр қилдирди. Айниқса, Нодир Норматовнинг “Рўзи Чориевнинг сўнгги васияти” роман-эссини ўзбек тилидан рус тилига таржима қилгани биз учун ниҳоятда қадрлидир. Бу асар таржимаси рус тилида 2011 ва 2012 йилларда “Звезда Востока” журналида ҳам 2015 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилди.

Нодир Норматов 1963 йилдан буён Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориевнинг хаёти ва ижодини ўрганиш, тадқиқ этиш, Оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ишлари билан шуғулланиб келади. У рассом ҳақида бир нечта мақолалар, “Камалак яшаган уй” ҳужжатли қиссаси, кейинроқ “Рўзи Чориевнинг сўнгги васияти” роман — эссе ёзди. Ижодкорнинг болалигидан токи умрининг оҳиригача бўлган ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ёзилган бу асар ўз- ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Нодир Норматов ишдан сўнг, деярли ҳар куни рассом устахонасига борар, тун ярмигача давом этадиган суҳбатлар, ижодий мулоқотлар гувоҳи бўлар, айримларини диктафонга ва ёндафтарига ёзиб қўяр, айрим вақтларда дунёни англашдаги тушунчалар қарама- қаршилигидан қаттиқ тортишувлар, мунозаралар рўй бериб, янгича фикрлар туғилишига сабаб бўлар эди. Унинг мана шундай нозик кузатишлари туфайли Рўзи Чориев ҳақида радиопьеса яратилди, бу асар Ўзбекистон телерадио компаниясининг фонотекасида сақланиб, айрим пайтларда радио орқали ҳали ҳам эшиттирилмоқда.

Нодир Норматов Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим сценарияси асосида ишланган “Камалак яширинган уй ёки Рўзи Чориевни эслаб…” ҳужжатли филмда адабий маслаҳатчи сифатидаиштирок этди. Унинг ҳаёт тарзи, биз билмаган ижодий жараёнлару воқеалар Нодир туфайли фильмга киритилиб, бойитилди.

3

Нодир 1980 йилнинг ноябр – декабр ойларида, серёғин кунлар ва айрим тунларида “ Весна” деб номланган хийла каттароқ магнитафонда мен билан биргаликда бундай ажиб воқеаларни, халқ қўшиқларию айтимларини “қишлоғдаги турли ҳунармандлар, созанда, гўянда, хонандалари билан учрашиб, уларнинг ижодлари ҳақида магнит тасмаларига анча – мунча воқеалар, тафсилотлар, куй – қўшиқлар, ҳиргойилар, йиғи – марсиялар ёзиб олишга эришдик, қишлоқдаги фотосураткаш Абдулазиз Нуриддинов ҳамкорлигида уларнинг суратларини олдирдик.

Қишлоқда олти минг нафарда ортиқ кишилар яшайдилар. Агар уларнинг исмларини таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак айрим исмлар масалан Жўра, Тўра, Чори, каби исмлар билан аталадиган кишилар йигирма ўттиз кишини ташкил этади уларни бир – бирларидан фарқлаш учун говдасининг шакл – шамойили, жисмоний камчилигини ҳисобга олган ҳолда уларнинг исмларига лақабини қўшиб атайдилар. Нодир Норматов билан ҳамкорликда қишлоқдаги кишиларнинг лақабларини ўрганиб чиқиб тоифаларга ажратдик. Нодир Норматов ўз асарларида ана шу лақабларни ўз асарларида баён этди. Улар “Баригал” романи ва “Бисот” қиссасида шу иш натижалари ўлароқ акс эттирилган. Масалан: Қарафат момо, Ҳалима қиморбоз, Эргаш кунда ва ҳоказолар. Ана шу экспедиция натижасида Нодир Норматов билан биргаликда “Пошхурднинг олтин пойдеворлари” китоби ёзилди ва нашр этилди.

Нодир Норматов ижодий сафарлар ёки меҳнат таътили даврида Пошхурд одамлари билан кўплаб учрашувлар ташкил этиш анъанага айланган эди. Қишлоққа кўплаб ижодкорларни бошлаб келар эди. Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев, рассомлар Пахриддин Тоиров, Анвар Мирсоатов, Турсунали Қўзиев, ёзувчилар Шукур Холмирзаев, Нурали Қобул, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Шодмонбек Отабоевлар қишлоқда меҳмон бўлишиб, Пошхурд ва пошхурдликлар ҳақида асарлар, мақолалар, картиналар ёзилишига сабаб бўлди..

1982 йил январида Нодир Норматов менга қўнғироқ қилиб, қишлоқда эканлигини, гап орасида Рўзи Чориев, ёзувчилар Шукур Холмирзаев, Нурали Қобул билан бирга қишлоққа келганлиги айни вақтда совхоз мехмонхонасида эканлигини айтиб, мени ҳам таклиф қилди. Совхоз директори меҳмонларга анча – мунча иззат – ҳурмат кўрсатиб, қиш бўлишига қарамасдан дастурхонни ноз – неъматлар билан тўлдириб ташлаган эди. Суҳбат санъат, адабиёт, матбуот ҳақида қизғин баҳслар билан қизигандан – қизиди, гап орасидаПошхурд ноз – неъматлари айниқса, ширин- шакар узум навлари, шинни ва мусаллас тайёрлашнинг пошхурдча технологияси ҳақида тортишувлар бўлди.

Совхоз директори Пошхурднинг “Қора наҳал” навли узумини мақтаб, “бу узум қадимда Бухоро амирларининг тансиқ меваси бўлганлигини айтиб берди. Ёзувчи Шукур Холмирзаев эса ҳаётим давомида Бойсун узумидек ширин узумни учратмадим деди. Қисқаси, биз Нодир Норматов билан бирга тунинг ярмида бир неча хонадонга бориб, охири Кармомо лақабли момодан икки килоузум олиб келиб, дастурхонга қўйдик. Шукур Холмирзаев бир неча узум донасини оғзига солиб кўзларини юмиб, тановул қилдида, “ҳа уккағарлар, ютдинглар” деб тан берди. Ана шу воқеа тафсилотидан фойдаланиб, Нодир Норматов кейинчалик мутлақо бир оҳанг ва жозиба касб этган бир ҳикоя ёзди. Бу ҳикоя унинг “Бисот” сайланмасида эълон қилинган. Эртаси 33- ўрта мактабда меҳмонлар билан ўқувчиларнинг учрашувлари ўтказилди. Меҳмонлар мактаб ҳовлисига арча кўчати экдилар. Арча дарахтлари хозир хам у ерда осмонга бўй чўзиб турибди Улар янги ташкил этилган Пошхурд санъат музейини томоша қилиб, музей ташкилотчилари номига минаддорчилик изҳор қилишди, музей дафтарига дастиҳат ёзиб қолдирдилар. Дарвоқе, ана шу музей ҳақида икки оғиз сўз.

1979 йил 1 апрелда Нодир Норматов, рассомлар Рўзи Чориев, Пахриддин Тоиров, Анвар Мирсоатовлар билан қишлоғимизга меҳмон бўлдилар мактабда ижодий учрашув ўтказилди, ўшанда рассом Рўзи Чориев ва ҳамроҳлари мактабни ҳушманзара жойда жойлашганлиги, айниқса мактаб ҳовлисидаги азим чинорлар, 1916 йилда қишлоқ оқсоқоли Дониёр Чориев томонидан қурдирилган масжид биносининг музейбоб эканлигини айтишди. Рўзи Чориев, Нодир Норматов ва Мамарайим Бойқуловларнинг саъйи ҳаракати билан музейга қўйиладиган санъат асарлари ва ўлкашунослик ашёлари йиғила бошланди. Нодир Норматовнинг илтимосга кўра Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаров, рассомлар Ҳушрўя Маматова, Собир Раҳметов, Ориф Мўинов, Бобониёз Қурбонов, Хушвақт Йўлдошев, Тўра Шоймардоновлар ўзларининг асарларидан намуналар тақдим этдилар. Хуллас, ўшанда Нодирнинг бевосита ташаббуси ва иштирокида Пошхурд санъат музейи ташкил этилган эди.

Нодир 1983 йилда Пошхурдда навбатдаги ижодий сафарда бўлди. Тошкентга қайтиб “Жарликдан қушлар учганда”ҳикоясини “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида эълон қилдирди. Ҳикоя нашр этилгач, йигирма кунлар чамаси ўтганда, қишлоқ оқсоқолларидан бири, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Шомурод Ўзбеков вафот этган кун эди, давлат хўжалигининг бош ҳисобчиси Қурбон Норматов жанозада менга “Кечқурун соат еттида сизни совхоз директори чақирган”деди. Мен айтилган вақтда совхоз директорига учрашдим. У киши гапни узоқдан гап бошлаб, мен билан кўп йиллардан буён таниш – билишлигини, қаттиқ ҳурмат қилишини, Нодир Норматовни ҳам яхши кутиб олиб кузатганлигини айтиб, муддаога ўтди. Гўёки Нодир Норматов унинг салбий ҳислатлари ҳақида, қишлоқдаги бир аёл ўқитувчи уй сўраганда, у билан бирга бўлишга таклиф қилганлигини, бу гапни у аёл менга айтганлигини, мен эса Нодир Норматовга воқеа тафсилотларини айтиб берганлигимни, шундан сўнг, ёзувчи буни фельетон қилиб ёзганлигини айтиб қолди. Мен ундан шу газетани ўқидингизми, деб сўрадим. У эса ўқиган эмас, парткомдан эшитган экан. Мен унга бу ҳикоянинг мутлақо унга алоқаси йўқлигини, фельетон билан ҳикоянинг фарқи ҳақида тушунча бердим. Бу газета менда борлигини, истаса ўқиб кўришини айтдим. Унинг тунд чеҳраси анча очилди. Эртаси – эрталаб соат саккизларда ҳайдовчиси мендан шу газетани олиб кетди. Бир соатлардан ўтиб, менга қўнғироқ қилиб, парткомга роса дашном берганлигини, кўнгли таскин топганлигини айтди.

Нодир Норматовнинг ушбу ҳикояси анча шов – шувларга сабаб бўлди, ҳикоя прототиплари ўзларини ҳикоя, воқеаларининг ўзлари кечирган ҳаётлари билан таққослаб кўриб, ёзувчининг бадиий маҳоратига қойил қолишди.

1988 йил ёзида Нодир Норматов Пошхурдга келганида, мендан тоғнинг орқасидаги Кўҳитанг қишлоғида бўлганмисиз деб сўраб қолди. Бу қишлоқни кўрмаганлигимни, аммо тоғнинг орқасидаги кўпгина қишлоқларда бўлганлигимни айтдим. Шунда унинг илтимосига кўра, ўша олис қишлоққа ёзувчи, мен, мактабнинг ҳарбий таълим раҳбари Ҳамид Норхонов, мактаб кино меҳаниги Худойберди Кенжаевлар билан биргаликда Чоржўй вилояти тасарруфидаги бир нечта манзилларга, шу жумаладан, Кўҳитанг қишлоғига равона бўлдик. Ҳисор тоғ тизмаларининг энг жанубидаги Кўҳитанг тоғи этагида жойлашган Хўжаикон тузконидан ўтиб, 3 – 4 чақирим сойли йўл юриб, ғарб томонда жойлашган қишлоқлар томонга йўл олдик, ғаройиб бир дарадан ўтиб, афсонавий Гўрўғли достонида тасвирланган Мастон момонинг бир этак тошлар уюмига кўзимиз тушди. Шундан сўнг бир ариқдан оқ сув, иккинчи ариқдан сербалиқ оддий сув оқар, анча жойдан сўнг аралаш сув бўлиб оқадиган Қайнарота зиёратгоҳида тўхтадик. Бу жойлар ва қизиқ лавҳалар Нодирнинг “Дарахт тагидаги одам” асарида ўзига хос таснифларда берилган. Хуллас, одамлар билан ширин суҳбат қилиб, мўжизакор булоқлардан ўтиб, еру осмонни нг ҳайратангиз рангу туслар тез тез ўзгаришларини томоша қилганча пасту баланд адиру тоғ орасидаги Қорлиқ қишлоғига ўтдик Бу ерда иккинчи жаҳон уруши йилларида тоғнинг биз томонида кўмир шахтасида ишлаб, ўша ерда уйланган туркман Ёзи тоғаникига келдик. Ёзи тоға Мейлихол момога уйланиб Ёзи оға 1960 йиллардан сўнг Қорлиқ қишлоғига кўчиб кетган эди. Отамнинг қалин дўсти бўлган Ёзи оғага учрашдик, унга Кўҳитанг қишлоғи ва унинг мовий кўлига бориш ниятида эканимизни билдирдик. У киши катта ўғли -Очилни ҳамрох қилиб берди. Ёзи тоға унга бизни Кўҳитангга олиб боришни, кейин у ердан Гаурдакдаги аммасиникига олиб боришни, уйига элтиб, зиёфат қилдиришни буюрди. Ана шу сафар тасъуротлари, жой номлари, табиат манзаралари Нодир Норматовнинг “Баригал” романида баён этилган. Ёзувчининг кейинги йилларда яратилган роман, қисса ва хикояларида деярлик биз билган, таниган, хамсухбат бўлган бу қишлоқларнинг турли тимсолларини, сиймолариини кўрдик, хусусан, қаламга олинган Восид мерган, Қобил лашкар, Майрам Қўшмижжа, Исмоил тоға, Ражаб морбоз, Гулистон момо, Сайфича, Панжи ва бошқалар бизнинг хамқишлоқларимиз, юртдошларимиз эканлигини кўпчилик аллақачон билиб олишган.

Бир куни ёзувчи мендан Абу Исо Муҳаммад ат – Термизий мақбараси ҳақида сўраб қолди. Шу куни Ўзбекистон Халқ рассоми академик Рўзи Чориев (ҳозирги У.Туропов номли жамоа хўжалигининг собиқ раҳбари Абдулло Менглиевнинг таклифи билан у киши шу хўжалик ташкилотчилари ва меҳнат илғорлари, меҳнат фаҳрийларининг портретларини чизиш ва хўжаликда санъат галереяси очиш учун вақтинчалик ҳизмат сафарида эдилар) ва журналист Рахим Искандаров, кулол Қудрат Асроров ҳамрохлигида Халқ депутатлари Шеробод туман кенгаши ижроия қўмитасининг раиси Хўшбоқ Пайғамовнинг таклифи билан Абу Исо Муҳаммад ат – Термизий мақбарасида бўлдик. Мақбара Чуқуркўл қишлоғидаги катта қабристон ўртасида жойлашган бўлиб, атрофи пахса деворлар билан ўралган эди. Атрофни шўр босиб кетган, мақбара пешайвони, устунлари қийшайган, тўсинлар йиқилиб тушган, мақбара ёнидаги катта ҳовуз ва ҳовуз атрофидаги кекса тут дарахти, атрофида ҳар ҳил кераксиз нарсалар сочилиб ётарди. Қуръон тиловат қилингач, Нодир Норматов Абу Исо Муҳаммад ат – Термизий мақбарасини нега суриштириб қолганлигининг сабабини айтди.

Нодир Норматов ҳизмат юзасидан 1982 йилда Тошкент ислом ўқув юртининг раҳбари Шайҳ Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ билан учрашиб қолганда, у киши Нодир Норматовга «Муқаддас жойдан экансиз, Ислом оламида машҳур муҳаддис бўлган Абу Исо Муҳаммад ат – Термизий Шерободда туғилган, мақбараси ҳам ўша ерда” дейди. У кишининг мақбараларини ободонлаштиришга жамоатчиликни жалб қилиш бўйича ўз мулоҳазаларини билдиради.

Шу сафардан сўнг, рассом Рўзи Чориев, ёзувчилар Шукур Холмирзаев, Нодир Норматовлар Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний ишлар бошқармасига Абу Исо Муҳаммад Ат Термизий мақбарасининг ўша пайтдаги аҳволи ҳамда уни таъмирлаш масаласи бўйича мурожаат қилишади.

Бу масалани Республика Президенти И.А.Каримов ҳам маъқуллайди. Натижада 1990 йилда Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллигини Жаҳон миқиёсида нишонлаш бўйича ЮНЕСКОга ўз таклифини бериб, жаҳон миқёсида ушбу тадбир ўтказилди.

Айни вақтда Абу исо Муҳаммад Ат – Термизий мақбараси бутун ислом оламининг таббарук зиёратгоҳига айланган.

Нодир Норматов Республикамизнинг нуфузли матбуот нашрларида, кино, санъат, маданият соҳасидаги нуфузли ташкилотларда ишлаган кезларида (1972 – 2013 йилларда) республикамизнинг деярли барча гўшаларида бўлди, қанчадан – қанча замондошларимиз, мадпаният ва санъат намояндалари дунёсини акс эттирувчи юзлаб очерклар, мақолалар ёзди. Айниқса, унинг Нодир Норматов эл севган санъаткор Фахриддин Умаров хақида “Учиб ўтган қалдирғоч” мақоласи, Ботир Зокиров ҳақидаги хотиралари санъат мухлислари эътирофига сазовор бўлган эди

Нодир Норматов “Саодат”, “Ўзбекистони санъати”, “Санъат”, журналларида ишлаган кезларида юқорида айтганимиздек, нафақат Сурхондарёда, балки республика ҳамда ҳорижда ижодий сафарларда бўлди.

Нодир Норматов ношир сифатида ҳам ном қозонди. Унинг таҳрири остида ўнлаб бадиий, санъатшунослик, тарихий, публицистик асарлар, ижодкорларнинг албомлари, каталоглари нашр этилди. У ўзбек тасвирий санъатининг тарғиботчиси ва ташвиқотчиси ҳамдир. Ўзбекистон телевидениясининг турли таҳририятлари жуда кўплаб мавзуларда Нодир Норматов билан мулоқотлар, суҳбатлар, учрашувлар ташкил этмоқда. Унинг бир нечта асарлари асосида радио спектакллар тайёрланиб, эфирга узатилиб келинмоқда. Нодир Норматов чет эл ва Республикамиз олий ва ўрта маҳсус ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида, турли тоифадаги, турли ёшдаги кишилар орасида уларининг ёш ҳусусиятларига, билим доираси қизиқишларига қараб, ўзбек тасвирий санъати ҳақида маърузалар ўқиб келмоқда.

Фоторассом сифатида юртимизнинг деярли баоча вилоятларида таниқли фоторассом Султонбой Деҳқонов билан ижодий сафарларда бўлди, пойтахтда ва у ерларда ўнлаб шахсий кўргазмаларини ўтказди.бўлиб етишди.

Нодир Норматов одамлар билан бўган мулоқотлар чоғида соғлом турмуш тарзига эътибор бериш нақадар аҳамиятга эга эканлигини уқтириш билан бир қаторда ўзи ҳам бунга қатъий амал қилади, бадантарбия, табиий муолажалардан фойдаланишга катта эътибор беради. У болалигидан бошлаб китоб шайдоси бўлсада дастлаб у дуч келган нарсани ўқиганлигини, аммо, одамларни танлаб ўқишга давъат этади. Кимни, нимани, қандай ўқиш кераклигига эътибор қаратади.

Нодир Норматов кейинги йилларда ижодий фаолият билан қизғин шуғулланиб келмоқда. “Бисот”, “Кўзгудаги икковлон”, “Ранглар юртига йўл” асарлари кўп нусҳада чоп этилди. “Санъат” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Бадиий академиясида бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаган вақтларда ўзбек тасвирий санъатини ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшган санъат арбоби десак хато қилмаган бўламиз. Унинг бевосита етакчилигида Республика миқёсидаги бир нечта нуфузли тадбирлар ўтказилди. Ана шулардан бири 2009 йил декабрида ўтказилган Ўзбекистон Бадиий ижодкорларининг IV – қурултойи эди. Унинг Сурхондарё вилоятида ўтказилишида Нодир Норматов бош- қош бўлди. Тадбирларда саксон нафардан ортиқ рассомлар, ҳайкалтарошлар, санъатшунослар қатнашди. Термиз санъат коллежида ва Термиз университетида ҳамда Шеробод туманидаги 66 – мактабда ўтказилган тадбирлар, Термиз шаҳридаги галерея, турли бадиий кўргазмаларга, вилоятимизнинг муқаддас зиёратгоҳларига ўтказилган ташрифлар тадбир қатнашчилари ва тасвирий санъат ихлосмандлари учун бир умр эсда қоладиган таассуротлар эди.

3

Хамқишлоқларимиз Нодир Норматов билан хақли равишда фахрланадилар. Унинг хар бир асари, ҳоҳ бадиий, ҳоҳ илмий-оммабоп асар бўлсин, унинг эълон қилиниши, радио эшиттиришларда ёки телекўрсатувларда, хужжатли филмлари намойишида, фото-рассомлик кўргазмаларида иштирок этиши, университет, коллежлар ва умумий таълим мактабларидаги учрашувларда сўзлаган нутқлари
табиий, жонли, айни пайтда бадиият ва ҳаёт ҳақиқатларига йўғрилган бўлади. “Ҳар бир нарсада бир нуқта бор, уни топган киши донишманддир” дейди Конфуций. Нодир Норматов борлиқдан, олам ва одамлардан ана шу нуқтани излаётган ижодкордир. Шунинг учун ҳам унинг хар бир асари ёки радио телевиденияга чиқишларидаги ёзиб олинган нусхалари қўлма-қўл ўтиб, мухлисларига етиб боради. Нодир Норматовнинг бадиий ва ҳаёт ҳақиқатлари бир- бирига мос келиши, бир – бирини тўлдириб, бойитиб бориши унинг чинакам бахти деб ўйлайман.

08

BADIIYAT VA HAYOT HAQIQATLARI
Mamarayim Boyqulov
067

1

 Men bir maktab o’qituvchisi sifatida tan olishim kerakki, adabiyotda ro’y berayotgan jarayonlarni kuzatar ekanman, ularda paydo bo’layotgan modern, avangard, realizm va boshqalarning asl tub ildizlari hayot haqiqatlariga borib taqalishini Nodir Normatov prozasi orqali his qildim, to’g’rirog’i anglab yetdim. Bunday deyishimga sabab, xuddi shu unsurlarning ko’pchiligi u yoki bu tarzda yozuvchining roman, qissa va hikoyalarida tez-tez uchrashidagina emas, balki, ularning barchasida qishloqdoshlarimning xayoloti, nafasi, turmush tarzi borligidadir.Mening hayotim ham ana shu hayot tarzi bilan bog’lanib ketganligida. Buning uchun Nodirning biografiyasiga doir ayrim nuqtalarga to’xtab, e’tibor qilish kifoya. Keling, sizni ko’p chalg’itmay, bevosita shu haqda ozroq gapirib bersam. Gapni Nodir prozasiga u yoki bu tarzda kirgan o’sha bolalikda qolgan ayrim taassurotlardan boshlasam. Nodir bilan men Poshxurd qishlog’ining markaziy guzarlaridan biri- Chinorlibog’ guzarida tug’ilib o’sganmiz. Chinorlibog’ deyilishiga sabab, uning nomidan ma’lum, bu guzarda ikkita bahaybat va qari chinor daraxti bor, uning yoshini mingdan oshgan deyishadi. Ularning biri Nodirlarning shundaygina hovlisi yaqinida, tanasiga o’n odam qulochi yetmaydi, chinor kavagida Eshmurod akaning bolalari, endi esa nevaralari dars qilib o’tirishadi. Men Nodirdan to’rt- besh ortiq ko’ylak yirtganman. Bizning ikki hovlimiz bo’lib, yozgisi bilan Nodirlarning hovlisi orasida qishlog’ masjidi, temirchilik ustaxonasi, suv tegirmoni, qishloq do’koni, to’liqsiz o’rta maktabning boshlang’ich sinflar o’quvchilari o’qishiga mo’ljallangan maktab filiali, kichik elektro stantsiya, radiouzel, kolxozchilarga natura haq sifatida beriladigan mahsulotlar omborxonasi, xo’jalikning asosiy ishchi kuchi bo’lgan ot va ho’kizlar og’ilxonasi joylashgan edi. Nodirlarning hovlisi ichidan qadimgi Dovulqo’rg’on arig’i o’tar edi. Ikki hovli orasida to’rta hovli bo’lib, ularning ikkitasida hech kim yashamas, egalari urushda yo’qolib ketgan, oilalari to’zg’ib ketgan edi. To’g’rirog’i, bu hovlilarning keyingi egalari Qorasuv massivini o’zlashtirishga ko’chirilgan bo’lib, bo’shab qolgan hovlilar kolxoz ixtiyorida edi. Biz bolalar uchun bu xilvat hovlilar har xil o’yinlar o’ynaydigan joy, yozning jazirama issig’ida ham to’planishib har xil harakatli va harakatsiz o’yinlar o’ynar, topishmoqlar, she’riy musobaqalar o’tkazar edik. Nodirlarning darvozasidan kirgan joyda, katta ariq bo’yida yirik yong’oq daraxti savlat to’kib turar edi. Mana shu manzaralar sizga yozuvchining “Ko’zgudagi ikkovlon” romani, “Ismoil tog’aning tarozisi”, “Daraxt tagidagi odam” qissalari va “Bir kun kuni chumoli bo’lib..” kabi hikoyalarida shundoqqina balqib, bo’rtib turadi.To’g’ri, gap faqat hayotiy tasvirda emas, ammo o’sha makon ichida sodir bo’layotgan voqelik, o’sha davr odamlariyu olamni anglashga bu unday unsurlar yangicha bir ahamiyat kasb etishi shubhasiz. Tanqidchi Ibrohim G’afurov ta’kidlaganidek, Nodirdagi maftunkor realizm, ya’ni magik realizmning boshlanishi ham xuddi ana shu bolalikka dahldor taassurotlar bilan qorishiqdir.

Bo’lajak yozuvchi xonadoni, ularning qo’shnilari, shu guzar muhiti tasvirlari men bevosita daxldor bo’lganligim uchunmi, juda qadrli. Yuqoridagi asarlarni qayta qayta o’qir ekanman, beixtiyor ushbu xotiralar esimga tushaberadi. Nodirlarning hovlisi chap tomonida o’rush qatnashchisi, sobiq maktab direktori Chorshanbi Davlatovning hovlisi yondosh bo’lib, o’rtada odam bo’yi keladigan devorning kemtik joyi (katik deyiladi shevada) orqali qo’shnilar non yoki biror bir tansiq ovqat pishirganda bir – birlariga uzatishar edi. Nodirning onasi Qizlaroy xola juda oqibatli ayol bo’lib, hamsoyasi Marziya xola bilan opa singilday qadrdon, bir- birlarini juda qattiq hurmat qilardi. Qizlaroy xola ikkinchi jahon urushi yillarida tuman markazidagi 1 – o’rta maktabda tashkil etilgan o’qituvchilar tayyorlash kursida o’qigan, boshlang’ich sinflar muallimasi bo’lganligi sababli bolalariga uyda o’qish va yozishni o’rgatardi. Maktabdagi ishdan qolib farzandlar bilan o’ralishib qolganida, Marziya xola unga ko’p yordam qilar, farzandlarini ovutar, hamir qoriganda, non pishirganda beminnat xizmatini ayamas edi.Uning kattaligi g’alvirdek keladigan tandir nonini Dabilqurg’ondan keladigan ariq suviga botirib yeganlarimiz hamon esimda. Nodirlarning hovlisiga va qo’shnilarga tor ariq orqali suv o’tar edi. Ana shu ariq yaqinida bir tup sariq olcha darahti o’sar, uning tagida qozon o’choq va choy o’choq bo’lar edi. Nodirning onasi (xudo rahmatlik) Qizlaroy xola vaqtini bir etak bola bilan ana shu o’choqlar orasida o’tkazar edi. “Nasib bo’lsa, sizlar zo’r odam bo’lasizlar” deb bolalarni o’qishga qiziqtirar edi. Ular bir ota – onadan to’rt o’g’il va bir qiz bo’lib, Nodir oilada uchinchi farzand edi. Nodirning katta akasi Ro’ziboy bilan men tengdosh, bir ko’chada o’sganligim va o’n yil sinfda birga o’qiganligim sababli ko’p bo’sh vaqtim ularnikida o’tar edi. Nodirning otasi Normat tog’a ikkinchi jahon urushi qatnashchisi, kolxozda hisobchilik qilar edi. Qishloq tuman markazidan 35 – 40 chaqirim olisda, tog’ yo’li buzuq, avtoulovlar kam bo’lganligi, kolxozga kelgan tekshiruvchilar, mehmonlar qishloqda mehmonxona bo’lmaganligi sababli, ular Normat tog’aning hovlisidan boshpana topar edi. Shuning uchun ham sariq olcha tagidagi o’choqlarda doimo olov yonib turar edi. Bu odamlarning suhbatlari, turish yurishlari ham yosh Nodirning e’tiborini tortmay qolmas edi. “Bunday manzaralar, gurunglar mehmonlarni hamqishloqlari bilan taqqoslash uchun ham kerak bo’lar edi” degan edi Nodir maktabimizda bo’lgan bir uchrashuvda.

Ma’lumki, qishloqda o’tin dolzarb masala, u ikki vaqt serob bo’lar edi: fevral` oyida har bir hovli-tomorqadagi toklar kesilar, ular yig’ishtirib olinib bog’ – bog’ qilib taxlab qo’yilar, may oyida esa barcha xonadonlarda esa ipak qurti boqilib, tut xivichlari taxlanib, qurigan yoki nimhushlari tandirda yoki o’choqda yoqilar, non va taomlar pishirishda ishlatirar edi. Ulardan taralgan hidlaru ko’ngilni orziqtiruvchi allanimalar bir olam taassurotlar uyg’otganligi Nodir prozasida yanada jozibali bir manzara hosil qiladi.

Nodir bolaligi haqida deyarli biror bir yirik narsa yozmagan (biz undan bumavzuda hali yozishiga umid qilamiz, albatta), ammo o’sha davrdagi havo, holatlaru manzaralar asarlarida singib ketgan. Men Nodirning oilada onasining barcha ro’zg’or yumushlarida yaqin ko’makchi bo’lganligini yaxshi eslayman. O’sha nimxush xivichlarni yondirishda qiynalib ko’zlari yoshlangan, bu mashaqqatli ro’zg’or tashvishlarida onasining qiynalganlarini Nodir sezib, uning atrofida o’rmalashib yurar, uni yanada yaxishroq ko’rib, hurmatini joyiga qo’yar edi. Ona esa uning bolalarcha erkalanishlariga muloyim javob qilar edi. Onasining vafot etishi unga qattiq zarba bo’ldi. O’shanda u sakkiz yoshda edi. Nodir odamovi, xayolparast, bolalarga kam qo’shiladigan, maktabga ham majburan borib keladigan bolaga aylandi.

1956 – yilda bahorda katta yog’ingarchilik bo’ldi: qishloqning g’arbidagi soycha to’lib –toshganidan ayrim kishilarning hovlilari suv ostida qoldi.`u g’arqobdan qishloqning Sho’rko’l guzarida yashovchi bir necha kishi, shu jumladan kolxozning sobiq raisi Namoz Atoev, o’rinbosari Karim Mirzaevlar xonadoni ancha zarar ko’rdi, shunda biz o’ynab yuradigan bo’sh turgan hovlilarga egalik qilishdi.O’shanda odat tusiga kirgan uch xona va oldi peshayvonlik uylar qurishdi. Normat tog’a ham bir xonali va dahlizli uyning yonidan zamonaviy tusda uy qurib oldi, qishloqda birinchilar qatorida uy tomini shiferladi.

Nodirning onasi vafot etgandan so’ng uyga tez -tez keladigan mehmonlar safiga ta’ziyachilar ham qo’shildi. Endi Nodirning tashvishi ko’paygan, dam olishga ham, darslarga ham vaqt topilmay qoldi. Buning ustiga onasi o’qib bergan, keyinchalik o’zi mustaqil o’qib yodlab olgan ertak kitoblar, “Qizil shapkacha, Bo’g’irsoq”lar uning talab- ehtiyojlariga javob bermay qoldi. Nodirlar bilan bizning qishgi hovlimiz orasida kolxoz idorasi, bir xonali kutubxona, yozgi klub, don – dun omborxonasi, sartaroshxona bo’lib, o’ziga xos sayr maydoni edi. Nodir ko’pincha shu yerlardan o’tib, ko’proq qishloq kutubxonasiga kelar edi. U yerdagi kitoblar Nodirning asosiy suhbatdoshi bo’lib, g’am – tashvishlarini unutishiga, biroz onasini g’amidan forig’ bo’lishiga yordam qilganligini aniq eslaydman. Bo’sh vaqtini onasi bilan yashagan uyning tomi orqali o’tib, yangi uyning chordog’ida kitob o’qish bilan shug’ullana boshladi. Endi u qishloq kutubxonasidan “o’zbek xalq ertaklari”, “Rus xalq ertaklari”, she`riy kitoblar olib, chordog’da mu’jazgina yashirincha kutubxona tashkil qildi. Onasidan qolgan eski ko’rpacha, lo’labolish, sovundan bo’shagan yog’och qutilar uning ijodxonasi jihozlari edi. Nodir bu yerda she’rlar mashq qila boshladi. Dastlab varag’da, kichik daftarlarda,keyinchalik qalin daflarlarda she`riy mashqlari paydo bo’ldi.
U bolalik chog’larida yozgan ayrim she`rlarining mazmuni esimda qolgan Masalan, “Dog’”she`rida u dog’ning yomon narsa ekanligi haqida yozib “dog’ ko’rinsa yorning yuzida, tug’iladi jajji chaqaloq” deb, dog’ning yaxshi xislati borligini tasvirlagan edi. Bunday misralar yosh o’smir bolaning naqadar kuzatuvchanligini, fikrlari ravonlashganligini, hayotga dadil qarayotganligini anglatmaydimi!?

Poshxurd qishlog’i xuddi hovuch ichidagi joyga o’xshaydi. Hisor tog’ tizmalarining davomi bo’lgan Oq va Qoratog’ (Ko’hitang) tog’lari orasida o’n beshdan ortiq qishloqlar bor, ularning markazi Poshhurd hisoblangan. Bu qishloqni shimoldan janubga ikkiga bo’lib turgan qadim karvon yo’li hozirgi Turkmaniston va Afg’on o’lkasi orqali horijiy sharq mamlakatlariga savdo sotiq va turlialoqalar uchun o’ng’ay bo’lgan. Ana shu ikki tog’ni tongda kuzatsangiz, sharqdan chiqayotgan quyosh shu`lalari Ko’hitang tog’ining viqorli qoyalari to’shidagi oppoq qorni alvon tusga bir necha soniya kiritadi. Nodir bolaligida ko’rgan bu manzaradan ko’p hayratlannan, shu kuzatishdan uning “Go’zallikni tog’ ham sevarkan” deb nomlangan ilk she`ri dunyoga keldi. Uning yuqorida tilga olingan har ikkala she`ri ham Nodirning maktab o’quvchiligi davrida yozilib, tuman gazetasida bosilib chiqqan edi.

Qishloqning yozgi klubida vaqti – vaqti bilan kinofilmlar namoyish etilishi Poshhurd radiouzeli orqali habar qilinar, kinofilmlar boshlanishi oldidan yoki kinofilm tasmalari uzilgan vaqtlarda qishloq oqsoqoli Allashukur Rahmatov qo’lbola yasagan g’ijjagini chalib, termalar va xalq ashulalaridan hirgoyi qilib tomoshabinlarni vaqtini chog’ qilar edi. Hamma bolalar qatori Nodir ham Allashushkur boboning goh xazin, goh o’ynoqi kuylarini ashulalarini eshitib bir olam taasurot olgan, keyinchalik xalq xofizining musiqalaridan ta`sirlanib “Oy yuzingga oyna bo’lsam…” deb nomlangan essesini yozib “Yoshlik” jurnalida chop ettirgan edi.

Shimoldan janubga kesib o’tuvchi Poshhurd soyining sharq tomonida to’liqsiz o’rta maktab, Poshhurd qishloq kengashi idorasi, do’kon mavjud bo’lib, 1956 yillarda bir nechta kolxozlar birlashib, kolxozmarkazi Zarabog’ qishlog’iga ko’chirildi. Keyin ikki kishloq kengashiga aylantirilganligi munosabati bilan bir necha yildan so’ng Poshxurd qishloq kengashi idorasida joylashgan kitoblarga boy kutubxona shtat qisqartirilganligi uchun yopildi. Qarovsiz qolgan kutubxonadan xabar topgan ayrim bolalar, shu jumladan Nodir ham “kitob o’g’irlash gunoh emas” naqliga amal qilib ko’plab kitoblarga ega bo’ldi. O’quvchilik yillarida ertaklardan so’ng otasi Normat Alimardonov tavsiyasi bilan “Bilmasvoy quyosh shahrida”, Voynichning “So’na”,” Robinzon Kruzo” asarlarini o’qiy boshladi. Shu tarzda u uch yil ichida qishloq kutubxonasidagi barcha badiiy kitoblarni o’qib chiqqan edi.

Nodir Normatov 7 – sinfdan boshlab tuman, viloyat gazetalariga she`rlar, xabarlar bilan faol qatnashib, elga tanila boshladi. Matbuot kuni munosabati bilan tuman, viloyat rahbariyati va vaqtli matbuot rahbarlari tomonidan u fahriy yorliqlar va esdlalik sovg’alari bilan taqdirlanib bordi. Uning adabiyotga bo’lgan muxabbati adabiyot muallimlari, maktab, kolxoz rahbarlarini diqqatini o’ziga tortdi. Viloyat gazetasi muharrir o’rinbosari, istedodli shoir Tesha Saidaliev “yosh shoirlar” to’garaki tashkil etdi Nodir Normatov, Usmon Azim, Erkin A`zamlar bilan shu to’garakda qatnashib, shu ustoz o’gitlarini tingladi.

Nodir Normatov o’quvchilik yillarida adabiyot muallimi Fayzulla Nuriddinov rahbarligida drama to’garagida qatnashib, bir nechta dramatik asarlarda katta – kichik rollar ijro etdi. Ayniqsa, Uyg’un va Izzat Sultoning “Alisher Navoiy”drammasida Alisher rolini ijro etib, tumanda o’tkazilgan – ko’rik tanlovda 1chi o’rinni egallashga muyassar bo’ldi.

Nodir bolaligida novcha, oriq. niholdek xipcha bo’yli, sochlari qalin yigitcha edi. U tez – tez gapirar, o’z fikrini o’tkazishga harakat qilar, bahs va munozaralarda hamisha haq va g’olib chiqar edi. O’sha davrda maktabda o’rnatilgan tartibga ko’ra, 1 – 9 sinf o’quvchilari (o’g’il bolalar) soch qo’yishlari taqiqlangan edi. Maktab direktori, Nodirning amakasi Sulaymon Pardaev bu haqda o’quvchilar majlisida eslatib, barcha uchun mutlaqo bajarilishi majbur bo’lgan topshiriqni, ya’ni (ertagacha sochlaringizni oldirib kelingizlar soch oldirmagan bola maktabda o’qimaydi.) deb e’lon qildi. Nodir esa barcha shoirlar va yozuvchilar kabi kiyinishni, – yurish turishni, she`r o’qishni, so’zlashish tartibini yaxshi bilar, shular orqali o’z – o’zini tarbiyalab borayotganligi sababli amakisining bu gapi unga yoqmaydi, natijada ertasi kuni barcha o’quvchilar saf tortgan yig’ilishda maktab direktori bilan o’quvchi o’rtasida qattiq bahs bo’lib o’tadi. Natijada Nodir maktabni tashlab, qishloqdan yetti chaqirim uzoqlikdagi 32 – maktabga avvaliga qatnab, keyin, maktab qoshidagi internatda yashab, 9 – sinfni Zarabog’da bitiradi. 10 – sinfda o’qiyotgan o’quvchilar soch qo’yish huquqiga ega bo’lganligi sababli yana Poshhurdga qaytib, 1967 yilda 33 – o’rta maktabni kumush medal` bilan tamomlaydi.

O’sha kezlari amakasi Sulaymon Pardaev fotosurat olish bilan shug’ullanar edi. Suratga olish va nim qorong’u xonada fotosurat ishlash Nodirda katta qiziqish paydo qildi. U “Smena” fotoapparati sotib olib fotosurat olish bilan shug’ullana boshladi.

U nafaqat surat ishlash, balki maktabdagi barcha o’quvchilar kabi badiiy xavaskorlar to’garagiga a’zo bo’lish uchun intildi. Termiz pedagogika bilim yurtini tamomlab kelgan bir gurux yosh o’qituvchilar: g’ijjakda Rayim Rajabov, akkordionda Mamatqul Davlatov, doirada Xudoyor Mamarasulov, nayda Qurbon Boboev shuningdek, Ro’zi Xolmurodova, Abdulla Doniyorov, Fayziqul Qoraqulov kabi o’zbek raqslari va ashulalari ijrochilari bo’lgan yosh o’qituvchilarga xavasmand bo’lgan Nodir Normatov garchi, ashula aytmasada, kichik-kichik intermedialar ijro etdi, shu sababli u to’garakka a’zo qilindi. Keyinchalik adabiyot muallimi Fayzulla Nuridinov raxbarligida Uyg’un va Izzat Sultonning “Alisher Navoiy” drammasi saxnalashtirildi, Nodir Normatov Alisher Navoiy timsolini yaratdi. O’quvchilar ijrosidagi bu spektakl tuman o’quvchilarining ko’rik tanlovida birinchi o’rinni egallashga muyassar bo’ldi. O’rta maktabda o’qib yurgan kezlarida Nodir Normatov barcha sinfdoshlari bilan ahil – inoq bo’lib ular haqida yozgan “Poshxurdda bir maktab bor..” degan she`rida bolalik dunyosi, ajib tarovatga to’la hislar, kechinmalar batafsil tasviru tavsif etilgan.

Nodir bolaligida qishloqda ko’rgan xalq artistlari Xalima Nosirova, Saodat Qobulova, Sattor Yarashev kabi san’atkorlar ishtirokidagi kontsertlar, qishloq oqsokkoli, xonanda va sozanda Allashukur Raxmatov ijrolari, Tursun bangi, Ro’ziboy Olimov kabilarning qishloq to’ylaridagi xalq tomosha san’ati ko’rinishlari, totem o’yinlari ta’sirida tasavvur olami kengayib bordi, modern va avangard unsurlarga boy bo’lgan bu xil hayot tarzi uning prozasiga o’zi sezmagan holda kirib bordi.

2

09Nodir Normatov 1967 yilda Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakul`tetiga kirib, o’qiy boshladi. 1970 yilda yozgi ta’tilda Poshxurdga kelib, kenja ukasi Baxtiyorga o’zining maslahatlarini, o’qishga e’tibor berish zarurligini uqtiradi. Baxtiyor onasidan olti oylik chaqaloqlik davrida qolib, uni asosan ota tomondan momosi Muqim xola parvarish qilib tarbiyaladi. U judayam sho’x, asov, olov bola edi. 1961 yil 12 aprelda insonning kosmosga parvozi haqida e’lon qilingandan so’ng, Baxtiyorning ismiga Gagarin laqabi qo’shilib aytiladigan bo’ldi. Ularning darvozasida, yonidagi elektr tarmoqlari ulangan simyog’ochlarda ham shu yozuvni bola yozgani yozgan edi. Nodir shunday ukasini yaxshi ko’rar, uni ham kelajakda Toshkentda o’qishini xohlar edi. Yozgi ta’tilni u bilan birga o’tkazgan Nodir Termiz vokzalida Dushanbe – Toshkent yo’lovchi poezdiga chiqib, jo’naydi. Uni kuzatib turgan Baxtiyor poezdning keyingi vagonlariga chiqib, “Men ham akamni izidan Toshkentga boraman” deb jo’nab ketadi. Afsuski, bu poezdning ohirgi vagonlari “Dushanbe – Krasnovodskiy vagonlari” bo’lib, Buxoro viloyatining Qiziltepa stantsiyasida Toshkent – Krasnovodskiy poezdiga ulanadi. Natijada Baxtiyor Toshkentga emas, Kogonga borib qoladi. Shahar Ichki ishlar xodimlari o’z holida tentirab yurgan to’qqiz yashar bolani ko’rib qolishadi. U bilan suhbatlashib, bolalar xonasiga olib kelishadi. Keyin, Sherobod tuman militsiya bo’limiga, u yerdan esa Poshxurdga, Normat tog’a xonadoniga va maktabga xabar qilinadi. Buxoro viloyat Kogon tumani voyaga yetmagan yoshlar bilan ishlash noziri Baxtiyorni qishloqga olib kelganda, Normat tog’a mol so’yib, u kishini siyladilar, yelkasiga to’n yopib jo’natdilar. Men Baxtiyorning sinf rahbari ekanligim sababli, bu voqeaning ishtirokchisi bo’lganman. Baxtiyor maktabda juda yaxshi o’qib 1980 – 1990 yillarning eng yetuk tadbirkori va ishbilarmoni edi. Avtohalokatga uchrab, olamdan o’tdi. Nodir ana shu xayoloti keng,ajoyib bolaning tiniq dunyosini “Hushtaklar” deb nomlangan hikoyasida tasvir etgan.

Biz buni Nodir Normatovning 1977 yilda chop etilgan “Ko’hitang hikoyalari”nomli ilk hikoyalar to’plamida o’qishimiz mumkin. To’plamdagi hikoyalar biz bilgan ko’rgan, bevosita suhbatlashgan odamlaru o’ziga xos tabiat manzaralariga ega tog’ oraliqlaridagi makon haqida edi. Kitob qahramonlari hali xam yodimizda. Nodir o’z qahramonlari bilan birga yashagan, ular bilan hamsuhbat bo’lgan, ularning g’aroyib, ajayib olami hech bir mubolag’asiz tasvirlangan edi. Chunki, hayot mubolag’alardan ham ortiq voqelikka ega, uni ko’rish, his etish hammaga ham nasib etabermaydi.
Nodir talabalik yillarida bo’lajak rafiqasi, kogonlik qiz Gavhar bilan tanishganda, Poshxurdning urf – odatlari, guzarlari, ko’chalari, chinorlari, tegirmonlari, odamlari haqida to’lqinlanib gapirib bergan. Shuning uchun bo’lsa kerakki, to’ydan so’ng, yosh kelin qayin singlisi Norjamol bilan birga ko’chaga chiqqanda, uchragan odamlarini sekingina bu “Juma Pardaev”, “Bu Panji aka” va hokazo deganida,uni hayron qoldirgan edi. Ijodkor, mohir tarjimon, adabiyotshunos, ustoz – murabbiy, mohir pazanda, o’zbek liboslari bilimdoni Gavhar Normatova o’zining ijodiy ishlarida, suhbatlarida Poshxurd va poshxurdliklarni hurmat bilan tilga oladi. Gavhar Normatova farzandlarining tarbiyasi bilan qattiq shug’ullanib, ularni o’qishga, rasm chizishga, san’at va libos, pazandalik, qandolatchilik sir – asrorlarini o’rganishga qiziqtirdi. “Otasi o’qisa bittasi, onasi o’qisa barchasi o’qiydi” deganlaridek, Gavhar Normatova farzandlariga kitob o’qib berar, ularni kitob o’qishga qiziqtirar, turli tillardagi, ayniqsa “Jahon bolalar adabiyoti” turkumidagi asarlarini o’qib berardi. Nodir va Gavhar farzandlari bilan bir nechta mustaqil hamdo’stlik davlatlaridam bo’lib, u yerlarda yashovchi xalqlarning urf – odatlari, liboslari, madaniyati, san’ati, muzeylaridagi osori – atiqalarni o’rganishdi, kuzatishdi, ularni san’atshunoslik sohasida yetuk kadrlar qilib tarbiyalashdi. Esimda bor, qizlari Binafsha Nodir ilmiy xodim bo’lib ishlagan vaqtlarda u bilan birga qo’ng’irot urug’lari yashagan barcha maskanlarda hamrohlik qilib, mavzu bo’yicha juda ko’plab materiallar yig’dilar, tadqiq qildilar va liboslar, taqinchoqlar, suratlar kollektsiyasi to’pladilar.

Gavhar jahon xalqlari adabiyotidan bir nechta asarlarni mohirlik bilan o’zbek tiliga o’girib nashr qildirdi. Ayniqsa, Nodir Normatovning “Ro’zi Chorievning so’nggi vasiyati” roman-essini o’zbek tilidan rus tiliga tarjima qilgani biz uchun nihoyatda qadrlidir. Bu asar tarjimasi rus tilida 2011 va 2012 yillarda “Zvezda Vostoka” jurnalida ham 2015 yilda “O’zbekiston” nashriyotida chop etildi.

Nodir Normatov 1963 yildan buyon O’zbekiston xalq rassomi Ro’zi Chorievning xayoti va ijodini o’rganish, tadqiq etish, Ommaviy axborot vositalarida e’lon qilish ishlari bilan shug’ullanib keladi. U rassom haqida bir nechta maqolalar, “Kamalak yashagan uy” hujjatli qissasi, keyinroq “Ro’zi Chorievning so’nggi vasiyati” roman — esse yozdi. Ijodkorning bolaligidan toki umrining ohirigacha bo’lgan hayoti va ijodiy faoliyati haqida yozilgan bu asar o’z- o’zidan paydo bo’lib qolgani yo’q. Nodir Normatov ishdan so’ng, deyarli har kuni rassom ustaxonasiga borar, tun yarmigacha davom etadigan suhbatlar, ijodiy muloqotlar guvohi bo’lar, ayrimlarini diktafonga va yondaftariga yozib qo’yar, ayrim vaqtlarda dunyoni anglashdagi tushunchalar qarama- qarshiligidan qattiq tortishuvlar, munozaralar ro’y berib, yangicha fikrlar tug’ilishiga sabab bo’lar edi. Uning mana shunday nozik kuzatishlari tufayli Ro’zi Choriev haqida radiop`esa yaratildi, bu asar O’zbekiston teleradio kompaniyasining fonotekasida saqlanib, ayrim paytlarda radio orqali hali ham eshittirilmoqda.

Nodir Normatov O’zbekiston xalq shoiri Usmon Azim stsenariyasi asosida ishlangan “Kamalak yashiringan uy yoki Ro’zi Chorievni eslab…” hujjatli filmda adabiy maslahatchi sifatidaishtirok etdi. Uning hayot tarzi, biz bilmagan ijodiy jarayonlaru voqealar Nodir tufayli fil`mga kiritilib, boyitildi.

3

Nodir 1980 yilning noyabr – dekabr oylarida, seryog’in kunlar va ayrim tunlarida “ Vesna” deb nomlangan xiyla kattaroq magnitafonda men bilan birgalikda bunday ajib voqealarni, xalq qo’shiqlariyu aytimlarini “qishlog’dagi turli hunarmandlar, sozanda, go’yanda, xonandalari bilan uchrashib, ularning ijodlari haqida magnit tasmalariga ancha – muncha voqealar, tafsilotlar, kuy – qo’shiqlar, hirgoyilar, yig’i – marsiyalar yozib olishga erishdik, qishloqdagi fotosuratkash Abdulaziz Nuriddinov hamkorligida ularning suratlarini oldirdik.

Qishloqda olti ming nafarda ortiq kishilar yashaydilar. Agar ularning ismlarini tahlil qilib ko’radigan bo’lsak ayrim ismlar masalan Jo’ra, To’ra, Chori, kabi ismlar bilan ataladigan kishilar yigirma o’ttiz kishini tashkil etadi ularni bir – birlaridan farqlash uchun govdasining shakl – shamoyili, jismoniy kamchiligini hisobga olgan holda ularning ismlariga laqabini qo’shib ataydilar. Nodir Normatov bilan hamkorlikda qishloqdagi kishilarning laqablarini o’rganib chiqib toifalarga ajratdik. Nodir Normatov o’z asarlarida ana shu laqablarni o’z asarlarida bayon etdi. Ular “Barigal” romani va “Bisot” qissasida shu ish natijalari o’laroq aks ettirilgan. Masalan: Qarafat momo, Halima qimorboz, Ergash kunda va hokazolar. Ana shu ekspeditsiya natijasida Nodir Normatov bilan birgalikda “Poshxurdning oltin poydevorlari” kitobi yozildi va nashr etildi.

Nodir Normatov ijodiy safarlar yoki mehnat ta’tili davrida Poshxurd odamlari bilan ko’plab uchrashuvlar tashkil etish an’anaga aylangan edi. Qishloqqa ko’plab ijodkorlarni boshlab kelar edi. O’zbekiston xalq rassomi Ro’zi Choriev, rassomlar Paxriddin Toirov, Anvar Mirsoatov, Tursunali Qo’ziev, yozuvchilar Shukur Xolmirzaev, Nurali Qobul, Usmon Azim, Erkin A’zam, Shodmonbek Otaboevlar qishloqda mehmon bo’lishib, Poshxurd va poshxurdliklar haqida asarlar, maqolalar, kartinalar yozilishiga sabab bo’ldi..

1982 yil yanvarida Nodir Normatov menga qo’ng’iroq qilib, qishloqda ekanligini, gap orasida Ro’zi Choriev, yozuvchilar Shukur Xolmirzaev, Nurali Qobul bilan birga qishloqqa kelganligi ayni vaqtda sovxoz mexmonxonasida ekanligini aytib, meni ham taklif qildi. Sovxoz direktori mehmonlarga ancha – muncha izzat – hurmat ko’rsatib, qish bo’lishiga qaramasdan dasturxonni noz – ne’matlar bilan to’ldirib tashlagan edi. Suhbat san’at, adabiyot, matbuot haqida qizg’in bahslar bilan qizigandan – qizidi, gap orasidaPoshxurd noz – ne’matlari ayniqsa, shirin- shakar uzum navlari, shinni va musallas tayyorlashning poshxurdcha texnologiyasi haqida tortishuvlar bo’ldi.

Sovxoz direktori Poshxurdning “Qora nahal” navli uzumini maqtab, “bu uzum qadimda Buxoro amirlarining tansiq mevasi bo’lganligini aytib berdi. Yozuvchi Shukur Xolmirzaev esa hayotim davomida Boysun uzumidek shirin uzumni uchratmadim dedi. Qisqasi, biz Nodir Normatov bilan birga tuning yarmida bir necha xonadonga borib, oxiri Karmomo laqabli momodan ikki kilouzum olib kelib, dasturxonga qo’ydik. Shukur Xolmirzaev bir necha uzum donasini og’ziga solib ko’zlarini yumib, tanovul qildida, “ha ukkag’arlar, yutdinglar” deb tan berdi. Ana shu voqea tafsilotidan foydalanib, Nodir Normatov keyinchalik mutlaqo bir ohang va joziba kasb etgan bir hikoya yozdi. Bu hikoya uning “Bisot” saylanmasida e’lon qilingan. Ertasi 33- o’rta maktabda mehmonlar bilan o’quvchilarning uchrashuvlari o’tkazildi. Mehmonlar maktab hovlisiga archa ko’chati ekdilar. Archa daraxtlari xozir xam u yerda osmonga bo’y cho’zib turibdi Ular yangi tashkil etilgan Poshxurd san’at muzeyini tomosha qilib, muzey tashkilotchilari nomiga minaddorchilik izhor qilishdi, muzey daftariga dastihat yozib qoldirdilar. Darvoqe, ana shu muzey haqida ikki og’iz so’z.

1979 yil 1 aprelda Nodir Normatov, rassomlar Ro’zi Choriev, Paxriddin Toirov, Anvar Mirsoatovlar bilan qishlog’imizga mehmon bo’ldilar maktabda ijodiy uchrashuv o’tkazildi, o’shanda rassom Ro’zi Choriev va hamrohlari maktabni hushmanzara joyda joylashganligi, ayniqsa maktab hovlisidagi azim chinorlar, 1916 yilda qishloq oqsoqoli Doniyor Choriev tomonidan qurdirilgan masjid binosining muzeybob ekanligini aytishdi. Ro’zi Choriev, Nodir Normatov va Mamarayim Boyqulovlarning sa’yi harakati bilan muzeyga qo’yiladigan san’at asarlari va o’lkashunoslik ashyolari yig’ila boshlandi. Nodir Normatovning iltimosga ko’ra O’zbekiston xalq rassomi Chingiz Ahmarov, rassomlar Hushro’ya Mamatova, Sobir Rahmetov, Orif Mo’inov, Boboniyoz Qurbonov, Xushvaqt Yo’ldoshev, To’ra Shoymardonovlar o’zlarining asarlaridan namunalar taqdim etdilar. Xullas, o’shanda Nodirning bevosita tashabbusi va ishtirokida Poshxurd san’at muzeyi tashkil etilgan edi.

Nodir 1983 yilda Poshxurdda navbatdagi ijodiy safarda bo’ldi. Toshkentga qaytib “Jarlikdan qushlar uchganda”hikoyasini “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” haftaligida e’lon qildirdi. Hikoya nashr etilgach, yigirma kunlar chamasi o’tganda, qishloq oqsoqollaridan biri, ikkinchi jahon urushi qatnashchisi Shomurod O’zbekov vafot etgan kun edi, davlat xo’jaligining bosh hisobchisi Qurbon Normatov janozada menga “Kechqurun soat yettida sizni sovxoz direktori chaqirgan”dedi. Men aytilgan vaqtda sovxoz direktoriga uchrashdim. U kishi gapni uzoqdan gap boshlab, men bilan ko’p yillardan buyon tanish – bilishligini, qattiq hurmat qilishini, Nodir Normatovni ham yaxshi kutib olib kuzatganligini aytib, muddaoga o’tdi. Go’yoki Nodir Normatov uning salbiy hislatlari haqida, qishloqdagi bir ayol o’qituvchi uy so’raganda, u bilan birga bo’lishga taklif qilganligini, bu gapni u ayol menga aytganligini, men esa Nodir Normatovga voqea tafsilotlarini aytib berganligimni, shundan so’ng, yozuvchi buni fel`eton qilib yozganligini aytib qoldi. Men undan shu gazetani o’qidingizmi, deb so’radim. U esa o’qigan emas, partkomdan eshitgan ekan. Men unga bu hikoyaning mutlaqo unga aloqasi yo’qligini, fel`eton bilan hikoyaning farqi haqida tushuncha berdim. Bu gazeta menda borligini, istasa o’qib ko’rishini aytdim. Uning tund chehrasi ancha ochildi. Ertasi – ertalab soat sakkizlarda haydovchisi mendan shu gazetani olib ketdi. Bir soatlardan o’tib, menga qo’ng’iroq qilib, partkomga rosa dashnom berganligini, ko’ngli taskin topganligini aytdi.

Nodir Normatovning ushbu hikoyasi ancha shov – shuvlarga sabab bo’ldi, hikoya prototiplari o’zlarini hikoya, voqealarining o’zlari kechirgan hayotlari bilan taqqoslab ko’rib, yozuvchining badiiy mahoratiga qoyil qolishdi.

1988 yil yozida Nodir Normatov Poshxurdga kelganida, mendan tog’ning orqasidagi Ko’hitang qishlog’ida bo’lganmisiz deb so’rab qoldi. Bu qishloqni ko’rmaganligimni, ammo tog’ning orqasidagi ko’pgina qishloqlarda bo’lganligimni aytdim. Shunda uning iltimosiga ko’ra, o’sha olis qishloqqa yozuvchi, men, maktabning harbiy ta’lim rahbari Hamid Norxonov, maktab kino mehanigi Xudoyberdi Kenjaevlar bilan birgalikda Chorjo’y viloyati tasarrufidagi bir nechta manzillarga, shu jumaladan, Ko’hitang qishlog’iga ravona bo’ldik. Hisor tog’ tizmalarining eng janubidagi Ko’hitang tog’i etagida joylashgan Xo’jaikon tuzkonidan o’tib, 3 – 4 chaqirim soyli yo’l yurib, g’arb tomonda joylashgan qishloqlar tomonga yo’l oldik, g’aroyib bir daradan o’tib, afsonaviy Go’ro’g’li dostonida tasvirlangan Maston momoning bir etak toshlar uyumiga ko’zimiz tushdi. Shundan so’ng bir ariqdan oq suv, ikkinchi ariqdan serbaliq oddiy suv oqar, ancha joydan so’ng aralash suv bo’lib oqadigan Qaynarota ziyoratgohida to’xtadik. Bu joylar va qiziq lavhalar Nodirning “Daraxt tagidagi odam” asarida o’ziga xos tasniflarda berilgan. Xullas, odamlar bilan shirin suhbat qilib, mo’jizakor buloqlardan o’tib, yeru osmonni ng hayratangiz rangu tuslar tez tez o’zgarishlarini tomosha qilgancha pastu baland adiru tog’ orasidagi Qorliq qishlog’iga o’tdik Bu yerda ikkinchi jahon urushi yillarida tog’ning biz tomonida ko’mir shaxtasida ishlab, o’sha yerda uylangan turkman Yozi tog’anikiga keldik. Yozi tog’a Meylixol momoga uylanib Yozi og’a 1960 yillardan so’ng Qorliq qishlog’iga ko’chib ketgan edi. Otamning qalin do’sti bo’lgan Yozi og’aga uchrashdik, unga Ko’hitang qishlog’i va uning moviy ko’liga borish niyatida ekanimizni bildirdik. U kishi katta o’g’li -Ochilni hamrox qilib berdi. Yozi tog’a unga bizni Ko’hitangga olib borishni, keyin u yerdan Gaurdakdagi ammasinikiga olib borishni, uyiga eltib, ziyofat qildirishni buyurdi. Ana shu safar tas’urotlari, joy nomlari, tabiat manzaralari Nodir Normatovning “Barigal” romanida bayon etilgan. Yozuvchining keyingi yillarda yaratilgan roman, qissa va xikoyalarida deyarlik biz bilgan, tanigan, xamsuxbat bo’lgan bu qishloqlarning turli timsollarini, siymolariini ko’rdik, xususan, qalamga olingan Vosid mergan, Qobil lashkar, Mayram Qo’shmijja, Ismoil tog’a, Rajab morboz, Guliston momo, Sayficha, Panji va boshqalar bizning xamqishloqlarimiz, yurtdoshlarimiz ekanligini ko’pchilik allaqachon bilib olishgan.

Bir kuni yozuvchi mendan Abu Iso Muhammad at – Termiziy maqbarasi haqida so’rab qoldi. Shu kuni O’zbekiston Xalq rassomi akademik Ro’zi Choriev (hozirgi U.Turopov nomli jamoa xo’jaligining sobiq rahbari Abdullo Menglievning taklifi bilan u kishi shu xo’jalik tashkilotchilari va mehnat ilg’orlari, mehnat fahriylarining portretlarini chizish va xo’jalikda san’at galereyasi ochish uchun vaqtinchalik hizmat safarida edilar) va jurnalist Raxim Iskandarov, kulol Qudrat Asrorov hamroxligida Xalq deputatlari Sherobod tuman kengashi ijroiya qo’mitasining raisi Xo’shboq Payg’amovning taklifi bilan Abu Iso Muhammad at – Termiziy maqbarasida bo’ldik. Maqbara Chuqurko’l qishlog’idagi katta qabriston o’rtasida joylashgan bo’lib, atrofi paxsa devorlar bilan o’ralgan edi. Atrofni sho’r bosib ketgan, maqbara peshayvoni, ustunlari qiyshaygan, to’sinlar yiqilib tushgan, maqbara yonidagi katta hovuz va hovuz atrofidagi keksa tut daraxti, atrofida har hil keraksiz narsalar sochilib yotardi. Qur’on tilovat qilingach, Nodir Normatov Abu Iso Muhammad at – Termiziy maqbarasini nega surishtirib qolganligining sababini aytdi.

Nodir Normatov hizmat yuzasidan 1982 yilda Toshkent islom o’quv yurtining rahbari Shayh Muhammad Yusuf Muhammad Sodiq bilan uchrashib qolganda, u kishi Nodir Normatovga «Muqaddas joydan ekansiz, Islom olamida mashhur muhaddis bo’lgan Abu Iso Muhammad at – Termiziy Sherobodda tug’ilgan, maqbarasi ham o’sha yerda” deydi. U kishining maqbaralarini obodonlashtirishga jamoatchilikni jalb qilish bo’yicha o’z mulohazalarini bildiradi.

Shu safardan so’ng, rassom Ro’zi Choriev, yozuvchilar Shukur Xolmirzaev, Nodir Normatovlar O’rta Osiyo va Qozog’iston diniy ishlar boshqarmasiga Abu Iso Muhammad At Termiziy maqbarasining o’sha paytdagi ahvoli hamda uni ta’mirlash masalasi bo’yicha murojaat qilishadi.

Bu masalani Respublika Prezidenti I.A.Karimov ham ma’qullaydi. Natijada 1990 yilda Abu Iso Muhammad at-Termiziy tavalludining 1200 yilligini Jahon miqiyosida nishonlash bo’yicha YUNESKOga o’z taklifini berib, jahon miqyosida ushbu tadbir o’tkazildi.

Ayni vaqtda Abu iso Muhammad At – Termiziy maqbarasi butun islom olamining tabbaruk ziyoratgohiga aylangan.

Nodir Normatov Respublikamizning nufuzli matbuot nashrlarida, kino, san’at, madaniyat sohasidagi nufuzli tashkilotlarda ishlagan kezlarida (1972 – 2013 yillarda) respublikamizning deyarli barcha go’shalarida bo’ldi, qanchadan – qancha zamondoshlarimiz, madpaniyat va san’at namoyandalari dunyosini aks ettiruvchi yuzlab ocherklar, maqolalar yozdi. Ayniqsa, uning Nodir Normatov el sevgan san’atkor Faxriddin Umarov xaqida “Uchib o’tgan qaldirg’och” maqolasi, Botir Zokirov haqidagi xotiralari san’at muxlislari e’tirofiga sazovor bo’lgan edi

Nodir Normatov “Saodat”, “O’zbekistoni san’ati”, “San’at”, jurnallarida ishlagan kezlarida yuqorida aytganimizdek, nafaqat Surxondaryoda, balki respublika hamda horijda ijodiy safarlarda bo’ldi.

Nodir Normatov noshir sifatida ham nom qozondi. Uning tahriri ostida o’nlab badiiy, san’atshunoslik, tarixiy, publitsistik asarlar, ijodkorlarning albomlari, kataloglari nashr etildi. U o’zbek tasviriy san’atining targ’ibotchisi va tashviqotchisi hamdir. O’zbekiston televideniyasining turli tahririyatlari juda ko’plab mavzularda Nodir Normatov bilan muloqotlar, suhbatlar, uchrashuvlar tashkil etmoqda. Uning bir nechta asarlari asosida radio spektakllar tayyorlanib, efirga uzatilib kelinmoqda. Nodir Normatov chet el va Respublikamiz oliy va o’rta mahsus hamda umumiy o’rta ta’lim maktablarida, turli toifadagi, turli yoshdagi kishilar orasida ularining yosh hususiyatlariga, bilim doirasi qiziqishlariga qarab, o’zbek tasviriy san’ati haqida ma’ruzalar o’qib kelmoqda.

Fotorassom sifatida yurtimizning deyarli baocha viloyatlarida taniqli fotorassom Sultonboy Dehqonov bilan ijodiy safarlarda bo’ldi, poytaxtda va u yerlarda o’nlab shaxsiy ko’rgazmalarini o’tkazdi.bo’lib yetishdi.

Nodir Normatov odamlar bilan bo’gan muloqotlar chog’ida sog’lom turmush tarziga e’tibor berish naqadar ahamiyatga ega ekanligini uqtirish bilan bir qatorda o’zi ham bunga qat’iy amal qiladi, badantarbiya, tabiiy muolajalardan foydalanishga katta e’tibor beradi. U bolaligidan boshlab kitob shaydosi bo’lsada dastlab u duch kelgan narsani o’qiganligini, ammo, odamlarni tanlab o’qishga dav’at etadi. Kimni, nimani, qanday o’qish kerakligiga e’tibor qaratadi.

Nodir Normatov keyingi yillarda ijodiy faoliyat bilan qizg’in shug’ullanib kelmoqda. “Bisot”, “Ko’zgudagi ikkovlon”, “Ranglar yurtiga yo’l” asarlari ko’p nus’hada chop etildi. “San’at” jurnali bosh muharriri, O’zbekiston Badiiy akademiyasida boshqarma boshlig’i bo’lib ishlagan vaqtlarda o’zbek tasviriy san’atini rivojlantirishda o’z hissasini qo’shgan san’at arbobi desak xato qilmagan bo’lamiz. Uning bevosita yetakchiligida Respublika miqyosidagi bir nechta nufuzli tadbirlar o’tkazildi. Ana shulardan biri 2009 yil dekabrida o’tkazilgan O’zbekiston Badiiy ijodkorlarining IV – qurultoyi edi. Uning Surxondaryo viloyatida o’tkazilishida Nodir Normatov bosh- qosh bo’ldi. Tadbirlarda sakson nafardan ortiq rassomlar, haykaltaroshlar, san’atshunoslar qatnashdi. Termiz san’at kollejida va Termiz universitetida hamda Sherobod tumanidagi 66 – maktabda o’tkazilgan tadbirlar, Termiz shahridagi galereya, turli badiiy ko’rgazmalarga, viloyatimizning muqaddas ziyoratgohlariga o’tkazilgan tashriflar tadbir qatnashchilari va tasviriy san’at ixlosmandlari uchun bir umr esda qoladigan taassurotlar edi.

3

Xamqishloqlarimiz Nodir Normatov bilan xaqli ravishda faxrlanadilar. Uning xar bir asari, hoh badiiy, hoh ilmiy-ommabop asar bo’lsin, uning e’lon qilinishi, radio eshittirishlarda yoki teleko’rsatuvlarda, xujjatli filmlari namoyishida, foto-rassomlik ko’rgazmalarida ishtirok etishi, universitet, kollejlar va umumiy ta’lim maktablaridagi uchrashuvlarda so’zlagan nutqlari
tabiiy, jonli, ayni paytda badiiyat va hayot haqiqatlariga yo’g’rilgan bo’ladi. “Har bir narsada bir nuqta bor, uni topgan kishi donishmanddir” deydi Konfutsiy. Nodir Normatov borliqdan, olam va odamlardan ana shu nuqtani izlayotgan ijodkordir. Shuning uchun ham uning xar bir asari yoki radio televideniyaga chiqishlaridagi yozib olingan nusxalari qo’lma-qo’l o’tib, muxlislariga yetib boradi. Nodir Normatovning badiiy va hayot haqiqatlari bir- biriga mos kelishi, bir – birini to’ldirib, boyitib borishi uning chinakam baxti deb o’ylayman.

08

(Tashriflar: umumiy 764, bugungi 1)

Izoh qoldiring