ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси. Мақсуд Шайхзода

shayxzoda

* * *

Олтмиш йиллик умрнинг ҳаяжонларин,
Тўполонлар, ҳужумлар, қаҳқаҳаларин,
Кўприкларни, боғларни, чорраҳаларни,
Ғазабларни, меҳрни, сўз маржонларин —
Бир лаҳзада тарк этиб кўчдингми, дўстим?
Шаҳрингнинг рўйхатидан ўчдингми, дўстим?

Абдулғафур, мавлоно, шошдим зовталаб:
Хабарларми янглишган, йўқса қулоқлар!..
Ғафур Ғулом ва ўлим — қовушмаган гап,
Мисоли қиш ва райҳон, дашт ва булоқлар.
Ғафур Ғулом ва сукут — икки ёв лашкар,
Нуқул урушаётган душман тарафлар.

«Хайр!» демай кетганинг не деганинг у?
«Тез қайтурман бемуҳлат!» деганингми у?
«Ўлим асли ўткинчи бир ҳодиса-ю,
Ҳаёт мангу бир ҳолат!» деганингми у?
Қайдан сени қидирай, адресинг қаер?
Кимдан сени сўрайин? Одамлар не дер?

Мангу элда эсдалик бўлсин деб мендан,
Бориб етгай бу хатим сенга дафъатан.
Оҳ, қардошим, оғажон, пири баркамол,
Қирқ йиллик бир дафтардир хотира, хаёл.
Эҳ-ҳе, не-не кунларни кечирдик бирга,
Наҳот, улар барчаси чўкди қабрга?

Тинмас, толмас, жонпарвар кўз борди сенда,
Қирқ шоирга етарлик сўз борди сенда.
Ҳофизангда юз минг байт, ўн минг латифа,
Минг саргузашт, юз қисса, сонсиз саҳифа…
Мутойиба, ҳажвлар, панду танбеҳлар,
Яшин каби чақнаган кескин ташбиҳлар,
Ҳаммаси сенда эди ва сендан эди,
Идрокингдан, зеҳнингдан, кўксингдан эди.

Халқ дардига қўшилиб нола ҳам тортдинг,
Етимлар дийдасидан кўз ёшин артдинг,
Толе сени дўстлардан ажратган дамлар Сен
Ҳомиднинг1 шу байтин дердинг серкадар:
«Эвоҳ, на ер, на ёр қолди,
Кўнглим тўла оҳу зор қолди!»
Аммо…
Хулқан ўзгача манзиллар учун,
Туғилгандинг кулгилар, ҳазиллар учун,
Қувончлар, мулоқотлар ва тўйлар учун,
Қаламинг бағишлаган обрўлар учун.
Курашларнинг қизғин дабдабасини,
Муҳаббатнинг кўп асов жазавасини
Ҳаёт деган китобдан ўқиб олгандинг,
Чирой гулин чаккангга тақиб олгандинг.

Кўп соғиндим, ўртоқжон, кўп соғинтирдинг,
Ногоҳ кетдинг, шодликлар уйин ёндирдинг.
Гўё сенсиз ой эмас кўкда порлаган,
Гўё куёв эмас у тўйга чорлаган.
Кўп соғиндим, ўртоқжон, азбаройи ҳақ,
Ҳали ўтмай тўқсон кун, шу заҳотиёқ
Сенга айтар гапларим, ҳасратим чексиз,
Давримизда ўрнинг бўш, кимсасиз, ўксиз.
Дардлар борки, замона унуттиради,
Учқун янглиғ ўчади бир он липиллаб.

Аммо шундай дард борки, куйиб туради
Ўрмондаги гулхандек доим ловиллаб.
Ҳа, йиллар сўниб қолмас, тўхтамас карвон,
Совимас шеъримизда ҳарорат — ҳовур,
Дўстларинг номинг билан йўл босар ҳамон,
Аммо юрмас сафларда иккинчи Ғафур,
Кўп соғиндим, ўртоқжон, бир оз гаплашсак,
Бурунгидек Хадрадан тушиб Ўрдага,
Яёв юриб муздайин пиво ҳўплашсак,
Навоийнинг каломин солсак ўртага…

Ёри азиз, қайдасан, қайдан қидирай?
Ҳасрат тўлган хатимни қайга юборай?
Танаффус чўзилдими, Вақт узилдими?
Ё хазон нафасидан гул тўзидими?
Қайдасан, эй қадим дўст, эшитгин мени!
Шаҳрингнинг менга аён бўйи ва эни.
«Арпапоя1»данми ахтарай сени?
Йўқ, унда эгасининг ўчибдир уни.
Ё самода, жаннатда ётибсанми тинч?
Йўқ, у жойга бормайсан чақирсалар ҳам.
Қаердасан, нидо бер, сенга шу ўтинч!

Кўнгилларни кемириб эзмоқда-ку ғам.
Ўлим шундай бир мулкки, султони жимлик,
Унда товуш чиқармай ётар фуқаро.
Қаро зулмат у жойда қилар ҳокимлик,
Шу туфайли ўлимнинг туғи ҳам қаро.
Оҳ, уфқлар куйчиси, сен ётган мозор
Қоронғу бир маскандир, эшиксиз ва тор!
Билмам, қандай чидайсан совуққа, ўртоқ!
Бош устида ёстиғинг зил-қаттиқ тупроқ.
Йўқ, ўртоқжон, йўқ, дўстим, шоири аъзам,
«Чиғатой»да кўмилиб кетмадинг ҳеч ҳам.
Адресингни англадим, адресинг маълум:
Адресинг юракларнинг айнан тўрида.
Шеърга қўл тегизма, йўқол, эй ўлим!

Шоирнинг соясидир ётган гўрида.
Ғафур, байтинг зарб бўлиб миллион дилга
Сўзинг кўчар масалдек тиллардан-тилга.
…Аммо бежо бўлсайди шу ғамгин шеърим,
Оҳ, нақадар бўлардим хурсанд ва хуррам.
Агарда, сен нохосдан (бўлсин деб ирим) —
Қопқада гудок чалиб таниш машина, —
Менга меҳмон қўнсайдинг бир оқшомгина.

КЎЗЛАР

Қанча нафис эди унинг нигоҳи,
Сузилиб боққанда у гоҳ-гоҳи —
Ўйлардим гўзаллик билан кўзларнинг
Азалдан ўқилган мангу никоҳи…

ЯХШИЛАР ҚАДРИ

Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг!
«Салом» деган сўзнинг салмоғин оқланг.
Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан, —
Уни тиригида бир соат йўқланг!

(Tashriflar: umumiy 213, bugungi 1)

Izoh qoldiring