Mashhura Sheraliyeva. «Asqartog’ tomonlarda»gi Mahdi Ashrapov (Kinoyaviy asar qahramoni ijtimoiy-psixologik tip sifatida)..

001 Аҳмад Аъзамнинг “Асқартоғ томонларда” қиссасида эса бошданоқ деярли муаллиф даражасида туриб фикрлаётган қаҳрамон билан юзма-юз келамиз. Асар қаҳрамони Маҳди Ашрапов ҳаётида ҳеч қандай фавқулодда ҳодиса ёки кескин ўзгариш рўй бергани йўқ. Қаҳрамон ички оламидаги ўзгаришлар унинг босиб ўтган ҳаёти давомида йиғилиб келган сезимлар, руҳиятининг қай бир бурчига кўмилиб ётган кечинмаларнинг аста-секин юзага қалқиб чиқиши натижасида содир бўлади.

01
КИНОЯВИЙ АСАР ҚАҲРАМОНИ
ИЖТИМОИЙ-ПСИХОЛОГИК ТИП СИФАТИДА

Машҳура Шералиева
045

Эркин Аъзамнинг “Жавоб” қиссасидаги Нуриддин Элчиев ва Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Истеъфо” қиссасидаги Эломонов кўп жиҳатдан, аниқроғи, ижтимоий-психологик тип сифатида муаллифлардан бир қадар узоқроқ қаҳрамонлардир. Ҳар икки қиссанинг бошланиш қисмида муаллиф кинояси қаҳрамон билан китобхон ўртасига чегара қўйиб қўяди. Воқеликка ва ўз-ўзига киноявий муносабат асар давомида қаҳрамонларни аста-секин муаллиф позициясига яқинлаштира боради.

Элчиевнинг касалхонага тушиб қолиш воқеаси қаҳрамондаги қайта ижтимоийлашиш жараёнига туртки вазифасини ўтайди. Айнан шу воқеадан кейин Элчиев ўз ҳаётини сарҳисоб қилиб, ҳаётий позициясини ўзгартириш заруратини ҳис қилди. “Истеъфо”да ҳам шунга ўхшаш ҳол кузатилади: Эломонов беихтиёр ўз ҳаётини иккига – истеъфогача ва истеъфодан кейинги даврга бўлиб таҳлил қила бошлади. Ташқи ҳаётидаги муҳим бир воқеа туфайли қаҳрамонларнинг ички олами, руҳиятида жиддий ўзгаришлар содир бўлади. Қаҳрамон гўё иккига бўлиниб кетади-да, битта “мен”и ўзини четдан кузатиб баҳо берса, иккинчиси гоҳ ўзини ҳимоя қилади, гоҳо ноиложликдан, чорасизликдан эзилади. Натижада тилга олинган ҳар икки қиссанинг қаҳрамонларидаги бўлиниш уларнинг ўз-ўзига бўлган киноясини асослайди.

Аҳмад Аъзамнинг “Асқартоғ томонларда” қиссасида эса бошданоқ деярли муаллиф даражасида туриб фикрлаётган қаҳрамон билан юзма-юз келамиз. Асар қаҳрамони Маҳди Ашрапов ҳаётида ҳеч қандай фавқулодда ҳодиса ёки кескин ўзгариш рўй бергани йўқ. Қаҳрамон ички оламидаги ўзгаришлар унинг босиб ўтган ҳаёти давомида йиғилиб келган сезимлар, руҳиятининг қай бир бурчига кўмилиб ётган кечинмаларнинг аста-секин юзага қалқиб чиқиши натижасида содир бўлади.

“Жавоб” билан “Асқартоғ томонларда” қиссаларининг бошланишидаёқ ана шу фарқ кўзга ташланади. Эркин Аъзам ўз қаҳрамони ҳақида: “Бу одам бирдан ўзгарди…” деб ёзади. Аҳмад Аъзам қаҳрамонини эса ўзидаги деярли доимийга айланиб бораётган ҳолат ўйлантиради: “Йў-ўқ, турмушимдан кўнглим тўлмай, ҳаётдан норозилигим ё ишларим юришмай, шу яшаётган жойимда ножойлигимдан эмас, тушунтиришим қийин…”[1.6] Кўринадики, Маҳди Ашрапов ўз турмушидан норозилиги ортиб бораётган, яшаётган жойида ножойлигини англаб қолган Нуриддин Элчиевдан фарқланади. Аксинча, у ўз турмушидан рози, ҳаётда муносиб ўринни эгаллай олган. Шу билан бирга уни “Жавоб”нинг бошқа бир қаҳрамони – ҳаммага, ҳамма нарсага манфаат нуқтаи назаридан қарайдиган Ҳайдар Самадович типидаги кимсаларнинг тоифасига ҳам киритиб бўлмайди.

Аҳмад Аъзам нафақат ўзидан катта авлод, балки ўзи мансуб бўлган авлод вакилларида, ўз тенгдошларида ижтимоий-психологик типлар ҳақида муқимлашиб улгурган тасаввур чегараларидан ҳам чиқиб, киноявий параллел қўйилган образлар доирасини янада кенгайтирди. Маҳди Ашрапов ғолиб ҳам, мағлуб ҳам эмас. У ҳаётда ўз иқтидори, имкониятларига мос мақомга эришган. Бу йўлда кимнидир йиқитиши, кимнингдир манфаатларига тўқнашишига зарурат бўлмаган. Сиртдан қаралганда, Маҳди Ашраповнинг ҳолати ижтимоий-ахлоқий нуқтаи назардан меъёрдаги ҳолат бўлиб кўринади.

“Асқартоғ томонларда” қиссаси – инсондаги “мен”ларнинг ўзаро муносабати ҳақидаги асар. Навоийдан келтирилган эпиграф ҳам қиссанинг айни хусусиятига ишора қилади: “Ўз вужудингға тафаккур айлагил, Ҳарне истарсен – ўзингдан истагил…” Маҳди Ашрапов атрофдагилар билан ўзаро муносабатларини таҳлил қилар экан, ўзини ва ўзгани англашда бир поғона юқори кўтарилади, унинг ўзи ва ўзга ҳақидаги илгариги ва ҳозирги тасаввурлари ўртасида фарқ, баъзан эса зиддият пайдо бўлади. Бу ҳолат ўз навбатида қаҳрамоннинг ўз “мен”ини қандай идрок этиши билан боғланади, қаҳрамонни ўйлантирган барча муаммоларнинг илдизи унинг ўзига бориб тақалади. Натижада қаҳрамон ўз вазиятининг ижтимоий-ахлоқий нуқтаи назардан меъёр бўлолмайдиган томонларини ҳам кўра бошлайди. Ёзувчининг маҳорати шундаки, китобхон бошда меъёр ҳисобланган ҳолатни кузатиб бориб, қаҳрамонга бутунлай бошқа томондан қарай бошлаганини сезмай қолади.

Қиссанинг бошланишидаёқ муаллиф ижтимой-маънавий, руҳий жиҳатдан ўзига яқин қаҳрамонни танлаганлиги, ровий ҳам китобхонга худди ўз-ўзига гапиргандек самимий, ўз кўнглини очиқ-ошкора намойиш қилиши бежиз эмас. Муаллифдаги бўлиниш қаҳрамонда акс этганидек, қаҳрамон орқали китобхонда ҳам бўлиниш содир бўлади. Бунинг натижасида эса китобхон тафаккури сунъий қолиплар чегарасидан чиқади, унда ҳаётга, одамларга ва ўз-ўзига муносабатни қайтадан кўриб чиқиш истаги пайдо бўлади.

Жамият кишилари онгидаги ижтимоий-ахлоқий меъёрлар билан улар реалликда амал қиладиган қонун-қоидалар ҳамиша ҳам мувофиқ келавермайди. Баъзан ижтимоий адаптация жараёнида инсон ўзининг меъёр ҳақидаги тасаввурлари, талабларидан чекиниб, ҳаётнинг ёзилмаган қонунлари билан муроса қила бошлайди. Бу ҳолда ижтимоий-ахлоқий меъёрлар ва ўзи воқеликда амал қилаётган қоидалар ўртасидаги номувофиқликни инсон реал ҳаётда эмас, ўз онгида ҳал қилишига тўғри келади – ижтимоий-ахлоқий меъёрларни ўз ҳаётига мослаб сохталаштира бошлайди. Яъни, ўз қилмишларини меъёрга мослаш ҳақида қайғурмайди, аксинча, меъёрни ўз қилмишларига мослаб талқин қила бошлайди (рационализация). У энди ҳақиқий “мен”идан ва чинакам ижтимоий-ахлоқий меъёрлардан узоқлаша боради, унда бошқа “мен” – реалликка мослашган мавжуд “мен” ҳамда меъёрдан чекинмаганлик иллюзиясидан иборат идеаллаштирилган (сохта) “мен” юзага келади [2].

Идеаллаштирилган “мен” аслида реалликда мавжуд бўлмаган, инсон онгидаги образ бўлиб, у ижтимоий-ахлоқий меъёрларни сохта талқин қилиш, улардан фақат биттасини мутлоқлаштириш, чегаралаш ёки атайин тор тушуниш орқали яратиб олинади. Бошқача айтганда, идеаллаштирилган образ сохта идеал асосида юзага келади. Сохта идеал эса мавжуд шарт-шароитлар билан ҳисоблашган, уларга мослашган ҳолда идеал талабларини танлаш ва амал қилишни англатади. Бу ўринда мавжуд ҳолатнинг нобоп жиҳатларига қарши қўйилган (ҳақиқий) идеал билан ана шу нобопликларга мослашиш, улар билан келишувга бориш асосида танланган (сохта) идеални фарқлаш керак бўлади. Инсон нобоп шароитга мослашганлигини (мавжуд “мен”и) ҳақидаги тасаввурни онгли ҳаётидан қуйига – онг остига тушириб юборади, ўзини фақат идеаллаштирилган образ ҳолида кўради. Идеаллаштираётганидан бехабар ҳолда ўз ҳолатини меъёр деб ҳисоблайди. Демак, инсон онгидаги идеаллаштирилган образ ўз ижтимоий-ахлоқий меъёрларидан чекинмаганлик иллюзиясидан бошқа нарса эмас. “Асқартоғ томонларда” қиссасида мавжуд “мен”нинг юқорига – англанган қатламга қалқиб чиқиши содир бўлади. Идеаллаштирилаётган образ ва мавжуд “мен” ўртасидаги номувофиқлик қаҳрамонда ҳар иккисига нисбатан ҳам киноявий муносабатни юзага келтиради: идеаллаштирилган образ сохта бўлганлиги ва аслида мавжуд эмаслиги туфайли, мавжуд “мен” эса меъёрга мос бўлмаганлиги учун инкор қилинади. Ҳар иккаласининг ҳам инкор этилиши қаҳрамонда ҳақиқий “мен”нинг қайта уйғониши, унинг руҳиятида бўлса-да, фаоллашиши билан содир бўлади.

Маҳди Ашрапов, бир томондан, ўз турмушидан рози, икинчи тарафдан, унда шу яшаб турган ҳаётига сиғмайдиган нимадир истак бор: “…мудом нималарнидир қўмсайман,аллақаёқларга кетгим, ўша ёқларда ўзимга ҳам номаълум ишларни қилгим, бу ишлардан кўнглим тўлиб, кўкрагимни мундоқ бемалол кўтариб юргим келаверади, лекин ҳеч қаёққа кетмайман, бирон нарса тўғаноқ бўлганидан, кетолмаслигимдан эмас, ўзим, ўзим кетмайман…” [1.6]. Демак, қаҳрамондаги бўлиниш анча илгаридан бошланганки, ёзувчи бунга асар бошиданоқ урғу беради. Қаҳрамоннинг ўз-ўзига ва воқеликка киноявий – иккиёқлама муносабати ана шу бўлинишга асосланган.

Идеаллаштирилган образ мавжуд “мен”ни пардалайдиган қобиқ бўлиб, атрофдагилар бу қобиқни Маҳди Ашраповнинг асли деб қабул қилишади. Идеаллаштирилган образни қаҳрамоннинг ҳақиқий “мен”идан фарқлаб олиш қийин, чунки қаҳрамон сиртдан қараганда ўзлигидан кечмагандек, асл ҳолида қолгандек, ўзи маъқуллайдиган ижтимоий-ахлоқий меъёрларга амал қилишда давом этаётгандек таассурот қолдиради. Аслида эса, юқорида айтиб ўтганимиздек, ижтимоий-ахлоқий меъёрлар қаҳрамоннинг ҳаётий позициясига мослаб талқин қилинган, моҳияти торайтирилган бўлади. Маҳди Ашрапов тўғри яшашни фақат ўзнинг тоза қолишидан иборат деб билиши, фаолият доирасини чегаралаб олганлиги, кичкина одам вазиятини меъёр (“жуда тўкин-сочин бўлмаса-да, ҳар тугул,бошқалардан ками йўқ турмуш”) ҳисоблаши фикримизнинг далили бўла олади. “Жавоб”даги Нуриддин Элчиевга қиёслаганда, Маҳди Ашраповнинг вазияти сира кичкина одамникига ўхшамайди. Уни ҳеч ким камситгани, ҳақорат ҳам қилгани йўқ. Таъбир жоиз бўлса, у бошқа, ўзига ўхшаган кичкина одамлар дунёсидаги, улар қатори кичкина одам. Абитуриент Маҳди Ашрапов билан доцент Маҳди Ашраповнинг вазиятини қиёслаш ҳам фикримизнинг далили бўла олади.

Қаҳрамон ўзининг ўқишга кириб қолишини мутлақо тасодиф деб билади. Ҳақиқатан ҳам, адабиётни севган, “йиқитиш у ёқда турсин, “тўрт” қўйиш ҳам ноинсофлик” бўладиган, аммо ректорнинг алоҳида рўйхатига киритилмаган боланинг ўқишга кириб қолиши тасодифдан бошқа нарса эмас. Муаллиф кинояси қаратилган тескарилик ҳам шунда: қаҳрамон ўзининг шахс сифатида қадрланиши, юзага чиқишини қўшиқларда куйланган энг адолатли жамиятдаги қонуний ҳолат эмас, бор-йўғи тасодиф деб қараяпти. Шу билан бирга, айни ҳолатнинг тасодиф эканлиги ижтимоий муҳит моҳиятидаги қонуниятни – қадрланиш учун муносиб бўлиш шарт эмаслигини ҳам англатадики, қуйидаги парча фикримизнинг исботи бўла олади: “Шунда ректор: “Ундоқ бўлса, шу абитуриентни қўшимча қилиб олайлик. Ташлаб кетадигани бор, ҳайдаладигани бор. Ўқийдигани ҳам кирсин! Чақиринг!” дебди” [1.15]. Персонаж нутқидаги киноя (“Ўқийдигани ҳам кирсин!”) деярли қонуниятга айланиб қолган ҳолатга (“Ўқийдиганлар эмас, ўқимайдиганлар ўқишга киради”) ишора қилади.

Дастлаб ўқишга кирганлар рўйхатида номи чиқмаган қаҳрамонимиз ўзини нақадар ожиз ва нотавон сезади (“Оёқларим қалтираб, бориб девор тагига тўшалган газетага ўтирдим, ичимдан фақат их-их деган йиғига ўхшаган бир товуш келиб, томоғимга тиқилади…”). Агар ўқишга киролмаса, бу адолатсизликка қарши қўлидан ҳеч нарса келмаслигини Маҳди Ашрапов, ожиз ва чорасиз Маҳди Ашрапов жуда яхши биларди.

Доцент Маҳди Ашрапов ҳам факультетдаги ҳолатни – дарс ўтишга нолойиқ ўқитувчилар ва ўқишга лойиқ бўлмаган талабалар муҳитини ўзгартиришда ожиз ва чорасиз. Бу ҳолатдан абитуриент Маҳди Ашраповга ўхшаган қанчадан-қанча қобилиятли кишилар адолатсизлик кўряпти, бу вазиятдан манфаат изламайдиган, уни маъқулламайдиган, бироқ уни ўзгартиришга ҳам ожиз доцент Маҳди Ашрапов адолатсизликларда ўзининг ҳиссаси йўқлиги билангина қаноатланяпти (“…шунча йил ўзимни тоза сақлаб келдим… Тангирбой, шунча йилдан бери менинг ҳам бўйнимга ўн минглаб пуллар жалаб хотиндек осилди, тегмадим, бўйнимни бўшатолмай ёнимдагилар бемалол олиб, мени ҳам олсанг-чи, косангни оқартирсанг-чи, деб қисташганда ҳам бўғилишга чидаш бериб келавердим” [1.65]).

Ҳар ҳолда инсоннинг умри фақат ўзининг тоза қолиши учун қайғуришгагина сарф бўлмаслиги керак, бу инсон ҳаётининг мазмуни бўлиш учун камлик қилишини Маҳди Ашраповнинг ўзи ҳам яхши англайди. Инсонда катта ишлар қилишга, “бу ишлардан кўнгли тўлиб, кўкрагини мундоқ бемалол кўтариб юриш”га арзийдиган, муносиб қудрат бор. Бу қудратни Исрофил экранни ёриб чиқиб кетаётган тоғ кўринишида тасвирлайди – инсоннинг ўзлиги ҳеч бир сунъий қолипларга сиғмайди, агар уни исоннинг ўзи англаб етишга қодир бўлса.

Албатта, ўзлигингни намоён этиш, нималарга қодирлигингни амалда исбот қилишга имкон бермайдиган ташқи тўсиқлар ҳам бўлади. Ёзувчи айтмоқчики, ташқи тўсиқларни енгиш учун инсон энг аввало ўзидаги ана шу қудратни англамоғи, унинг йўлига ўзи қўйган тўсиқларни олиб ташламоғи керак. Маҳди Ашрапов эса қўрқади, ҳали ўзи яхши англамаган бу қудрат-тилсимот унинг ҳаётини, яхшими-ёмонми, буткул бошқа томонга ўзгартириб юборишидан қўрқади: “Мен бу оқимга тушиб кўришим керак эди, лекин ҳозир ҳам тушишга қўрқяпман, қайтиб чиқолмаслигимдан, қайтиб чиқсам ҳам бутун турмушим, ҳаётим, оилам бузилиб кетишидан қўрқяпман, аввал тушиб кўришим, аввал-бошдан бошқача яшашим керак эди, энди кеч, англамай ўтиб кетдим, билмай ўтиб кетибман, энди билолмайман, билганим тақдирда ҳам бу тириклигим ўша тилсимотнинг олдида сариқ чақага ҳам арзимай қолади, йўқолиб кетаман” [1.58].

Маҳди Ашраповнинг дўсти Тангир билан хаёлий баҳслари қаҳрамон онгидаги бўлинишни ифода этиши билан ҳам аҳамиятли. Яъни унинг ўзи кейинроқ тан олиб ўйлаганидек, “Шунча йилдан буён… борлиғимни икки одамга – гуноҳсиз ва гуноҳкор Маҳдига, саховатли ва таъмагир Маҳдиларга бўлаклаб, уларни бир-бири билан уриштириб ўтирган эканман”. Бу баҳс моҳиятан иделлаштирилган “мен” ва мавжуд “мен”нинг ўзаро зиддияти эдики, уларнинг баҳсини таҳлил қилиб қаҳрамон аста-секин ўзидаги баҳслашувчи томонлардан – идеаллаштирилган ва мавжуд “мен”дан четлашади, иккисини ҳам инкор этадиган ҳақиқий “мен”нинг нуқтаи назаригача чиқиб боради. Маҳди Ашраповнинг назарида, у яшаётган муҳит “гуноҳкор ва гуноҳсиз”, “саховатли ва таъмагирлар”дан иборат. Қаҳрамондаги тафаккур тарзининг схематиклиги вазиятга бошқа томондан қарашга имкон бермайди: икки қутбдаги кишилар деб ўйлаётгани битта қутбдаги – кичкина одамларнинг кичкина дунёсидаги кишилар эканини, муҳит моҳиятини белгилаётган куч аслида бошқа эканлигини кўришга ҳалал беради.

Маҳди Ашрапов яшаётган муҳитни дўсти Исрофил топиб таърифлайди: “Кичкина бир дунёда кичкина одамларнинг бир-бирини кавлаб беҳуда яшаши кулгили эмасми? Сен эса шуниям фожиа қиласан. Ахир, дунёга фақат шу мақсадда келмагансан-ку!..” [1.24]. Ҳайрон қоладиган жойи йўқ: кичкина одамнинг душмани ҳам ўзига яраша бўлади – кичкина. Маҳди Ашраповга қарама-қарши қутбдаги образлар – “Бойбўрибий”, Суннатов, Бегалиев ва Ҳақбердининг тутган йўли кичкина одамнинг танлаган йўлидан бошқа нарса эмас. Улар тутган йўл эса шундай: ўз истагингча яшаш имкони йўқ экан, ҳаётдан ўзингга керагини олиб яшаб қол, давру даврон сур, қолган нарсалар бош қотиришга ҳам арзимайди – ожизлик, чорасизлик билан муроса қилиш эвазига бериладиган мукофот ана шунақа. Ҳам шароитга, ҳам ўз нафсига қул бўлган одам эса икки карра қул демакдир. Ҳақбердининг фамилияси ҳам шунга ишора қилади: “Абдиқулов” – қулнинг қули.

Маҳди Ашрапов эса кичкина одамлиги билан муроса қилиш эвазига бошқачароқ “мукофот” оляпти – у ўз-ўзини идеаллаштириш билан қаноатланяпти, холос (яна Исрофилнинг гапини эслаймиз: “Жуда ғалати худбинлик”). Кинояга нисбатан кўпинча шафқатсиз, аёвсиз каби сифатлашларнинг қўлланилиши бежиз эмас. Унда одамнинг астар-аврасини ағдариб, суянган таянч нуқтасини жойидан силжитиб юборадиган, ишонган асослари пуч эканини худди юзига ойна тутган каби кўрсатиб қўядиган хусусият бор. Маҳди Ашраповнинг ҳаётий позицияси ҳам бор-йўғи ғалати худбинликдан иборат экан, холос. Исрофилнинг: “Ўзингни минг хил нарсаларга боғлаб қўйгансан, худди учиб кетишдан қўрқадигандай. Қанақадир одамлар, қанақадир муносабатлар…” дейиши бежиз эмас. “Бойбўрибий”, Суннатов, Бегалиев ва Ҳақбердилар дунёси, улар билан муносабатлар Маҳди Ашраповга ўзининг идеаллаштирилган образи қобиғига ўралиб олиши учун ҳам зарур. Улар бор экан, қаҳрамонимизнинг тўғри ва ҳалоллиги бурч эмас – фазилат, бирёқлама позицияси меъёр бўлиб кўринаверади.

Киноявий модусдаги асарнинг муҳим хусусиятларидан бири шундаки, муаллиф, қаҳрамон ва китобхон – ҳар учаласи ҳам киноя объекти, яъни номукаммал воқеликнинг ажралмас бир қисми эканлиги бутун асар мазмунидан англашилиб туради. “Асқартоғ томонларда” қиссасининг охирига бориб Маҳди Ашрапов “биз” номидан гапира бошлайдики, қаҳрамоннинг воқеликка кинояси билан ўз-ўзига кинояси ўртасида чегара қолмайди. “… қочган ҳам, қувлаган ҳам битта – ғолибият қўшиғини айтади, “Бойбўрибий”нинг ёнидагилар ҳам умум ишини яхшилаймиз, деб хониш қилади, биз ҳам умум ишини яхшилаймиз, деб ашулани варанглатамиз, улар ҳам ҳақиқатнинг пардаларига тушяпмиз, дейишади, биз ҳам ҳақиқат куйига ўйнаяпмиз, деймиз – ҳақиқатнинг ўзи қаерда чалиняпти?” [1.99]. Бу ўринда “биз” фақат Маҳди Ашрапов ва унинг атрофидаги кишилардангина иборат эмас. Ровий нутқидаги “биз”нинг қамрови жуда кенг – нафақат қаҳрамон, муаллифнинг ўзи ва китобхон ҳам киноя объектига айланади, номукаммал воқеликнинг ажралмас бир қисми эканлиги таъкидланади. Бошқача айтганда, ижтимоий муҳитнинг айни ҳолати учун айбдор ва жавобгар бўлмаган томоннинг ўзи йўқ, айбдорлар ҳам, уларнинг “айб”ини индамай кузатиб турганлар, яъни “устидан шиша қалпоқни бостириб олиб, менга гард юқмайди, деб умид қиладиганлар” ҳам – барча бирдек айбдор ва жавобгардир, деган хулоса келиб чиқади.

Бутун асар контекстида қаралса, Шоди аканинг гўяндалик қилиб айтганлари шунчаки баландпарвоз гапларгина бўлиб қолмайди, асосий масала билан боғланиб, унинг моҳиятини очишга кўмаклашади. “…жўралар-ов, баландда туриб ҳам ўзини кўрмаган қанча, пастда юриб ҳам баланддан қараётган қанча, жўралар, дунёсининг усти паст, пасти – уст-ов, одамзоддан баланди йўқ, ўша баландларга ўлмай етайлик, умидимизни етим қўймасин, одамзодга азобидан баланд сабот берар экан…” [1.38].

Одам ўзидан, аслидан кечиш билан “дунёси”да баландлаб бориши, ўзини баландда ҳис қилиши мумкиндир, аммо кўнгилнинг Асқартоғидан узоқлашиб, пастлаб бораётганидан бехабар қолади (“пастда юриб ҳам баланддан қараётган қанча, жўралар”). Ўз асл “мен”ининг қадрини билмаган эса “баландда туриб ҳам ўзини кўрмаган” бўлиб чиқади. Шунинг учун ҳам Шоди аканинг таърифида “дунёсининг усти паст, пасти – уст-ов, одамзоддан баланди йўқ”. “Одамзоддан баланди йўқ”лигини энг аввало ҳар бир инсоннинг ўзи англаб олмоғи керак. Асардан келиб чиқадиган муҳим хулосалардан бири ҳам шу.

Адабиётлар:

1. Аъзам А. Асқартоғ томонларда. – Т.: Ёш гвардия, 1989.
2. Хорни К. Наши внутренние конфликты. – М.: Академический проект. – 2007.// http://www.psychol-ok.ru/lib/horney/nvk/nvk_01.html.
3. Пеха М.П. Проблема характера в современной иронической прозе (Ф.Искандер, В.Токарева, В.Шукшин). Автореф. дисс. на соиск… канд. филол. наук. – Одесса, 1992. – 16 с.
4. Эшонқул Н. Ўзига ўзи гапираётган одам // ЎзАС.- 1999.- 2 июль.

Манба: АДУ “Илмий хабарнома” журнали, 2013 йил, 3-сон

05

KINOYAVIY ASAR QAHRAMONI
IJTIMOIY-PSIXOLOGIK TIP SIFATIDA

Mashhura Sheralieva
045

Erkin A’zamning “Javob” qissasidagi Nuriddin Elchiev va Murod Muhammad Do’stning “Iste’fo” qissasidagi Elomonov ko’p jihatdan, aniqrog’i, ijtimoiy-psixologik tip sifatida mualliflardan bir qadar uzoqroq qahramonlardir. Har ikki qissaning boshlanish qismida muallif kinoyasi qahramon bilan kitobxon o’rtasiga chegara qo’yib qo’yadi. Voqelikka va o’z-o’ziga kinoyaviy munosabat asar davomida qahramonlarni asta-sekin muallif pozitsiyasiga yaqinlashtira boradi.

Elchievning kasalxonaga tushib qolish voqeasi qahramondagi qayta ijtimoiylashish jarayoniga turtki vazifasini o’taydi. Aynan shu voqeadan keyin Elchiev o’z hayotini sarhisob qilib, hayotiy pozitsiyasini o’zgartirish zaruratini his qildi. “Iste’fo”da ham shunga o’xshash hol kuzatiladi: Elomonov beixtiyor o’z hayotini ikkiga – iste’fogacha va iste’fodan keyingi davrga bo’lib tahlil qila boshladi. Tashqi hayotidagi muhim bir voqea tufayli qahramonlarning ichki olami, ruhiyatida jiddiy o’zgarishlar sodir bo’ladi. Qahramon go’yo ikkiga bo’linib ketadi-da, bitta “men”i o’zini chetdan kuzatib baho bersa, ikkinchisi goh o’zini himoya qiladi, goho noilojlikdan, chorasizlikdan eziladi. Natijada tilga olingan har ikki qissaning qahramonlaridagi bo’linish ularning o’z-o’ziga bo’lgan kinoyasini asoslaydi.

Ahmad A’zamning “Asqartog’ tomonlarda” qissasida esa boshdanoq deyarli muallif darajasida turib fikrlayotgan qahramon bilan yuzma-yuz kelamiz. Asar qahramoni Mahdi Ashrapov hayotida hech qanday favqulodda hodisa yoki keskin o’zgarish ro’y bergani yo’q. Qahramon ichki olamidagi o’zgarishlar uning bosib o’tgan hayoti davomida yig’ilib kelgan sezimlar, ruhiyatining qay bir burchiga ko’milib yotgan kechinmalarning asta-sekin yuzaga qalqib chiqishi natijasida sodir bo’ladi. “Javob” bilan “Asqartog’ tomonlarda” qissalarining boshlanishidayoq ana shu farq ko’zga tashlanadi.

E.A’zam o’z qahramoni haqida: “Bu odam birdan o’zgardi…” deb yozadi. Ahmad A’zam qahramonini esa o’zidagi deyarli doimiyga aylanib borayotgan holat o’ylantiradi: “Yo’-o’q, turmushimdan ko’nglim to’lmay, hayotdan noroziligim yo ishlarim yurishmay, shu yashayotgan joyimda nojoyligimdan emas, tushuntirishim qiyin…”[1.6] Ko’rinadiki, Mahdi Ashrapov o’z turmushidan noroziligi ortib borayotgan, yashayotgan joyida nojoyligini anglab qolgan Nuriddin Elchievdan farqlanadi. Aksincha, u o’z turmushidan rozi, hayotda munosib o’rinni egallay olgan. Shu bilan birga uni “Javob”ning boshqa bir qahramoni – hammaga, hamma narsaga manfaat nuqtai nazaridan qaraydigan Haydar Samadovich tipidagi kimsalarning toifasiga ham kiritib bo’lmaydi.

Ahmad A’zam nafaqat o’zidan katta avlod, balki o’zi mansub bo’lgan avlod vakillarida, o’z tengdoshlarida ijtimoiy-psixologik tiplar haqida muqimlashib ulgurgan tasavvur chegaralaridan ham chiqib, kinoyaviy parallel qo’yilgan obrazlar doirasini yanada kengaytirdi. Mahdi Ashrapov g’olib ham, mag’lub ham emas. U hayotda o’z iqtidori, imkoniyatlariga mos maqomga erishgan. Bu yo’lda kimnidir yiqitishi, kimningdir manfaatlariga to’qnashishiga zarurat bo’lmagan. Sirtdan qaralganda, Mahdi Ashrapovning holati ijtimoiy-axloqiy nuqtai nazardan me’yordagi holat bo’lib ko’rinadi.

“Asqartog’ tomonlarda” qissasi – insondagi “men”larning o’zaro munosabati haqidagi asar. Navoiydan keltirilgan epigraf ham qissaning ayni xususiyatiga ishora qiladi: “O’z vujudingg’a tafakkur aylagil, Harne istarsen – o’zingdan istagil…” Mahdi Ashrapov atrofdagilar bilan o’zaro munosabatlarini tahlil qilar ekan, o’zini va o’zgani anglashda bir pog’ona yuqori ko’tariladi, uning o’zi va o’zga haqidagi ilgarigi va hozirgi tasavvurlari o’rtasida farq, ba’zan esa ziddiyat paydo bo’ladi. Bu holat o’z navbatida qahramonning o’z “men”ini qanday idrok etishi bilan bog’lanadi, qahramonni o’ylantirgan barcha muammolarning ildizi uning o’ziga borib taqaladi. Natijada qahramon o’z vaziyatining ijtimoiy-axloqiy nuqtai nazardan me’yor bo’lolmaydigan tomonlarini ham ko’ra boshlaydi. Yozuvchining mahorati shundaki, kitobxon boshda me’yor hisoblangan holatni kuzatib borib, qahramonga butunlay boshqa tomondan qaray boshlaganini sezmay qoladi.

Qissaning boshlanishidayoq muallif ijtimoy-ma’naviy, ruhiy jihatdan o’ziga yaqin qahramonni tanlaganligi, roviy ham kitobxonga xuddi o’z-o’ziga gapirgandek samimiy, o’z ko’nglini ochiq-oshkora namoyish qilishi bejiz emas. Muallifdagi bo’linish qahramonda aks etganidek, qahramon orqali kitobxonda ham bo’linish sodir bo’ladi. Buning natijasida esa kitobxon tafakkuri sun’iy qoliplar chegarasidan chiqadi, unda hayotga, odamlarga va o’z-o’ziga munosabatni qaytadan ko’rib chiqish istagi paydo bo’ladi.

Jamiyat kishilari ongidagi ijtimoiy-axloqiy me’yorlar bilan ular reallikda amal qiladigan qonun-qoidalar hamisha ham muvofiq kelavermaydi. Ba’zan ijtimoiy adaptatsiya jarayonida inson o’zining me’yor haqidagi tasavvurlari, talablaridan chekinib, hayotning yozilmagan qonunlari bilan murosa qila boshlaydi. Bu holda ijtimoiy-axloqiy me’yorlar va o’zi voqelikda amal qilayotgan qoidalar o’rtasidagi nomuvofiqlikni inson real hayotda emas, o’z ongida hal qilishiga to’g’ri keladi – ijtimoiy-axloqiy me’yorlarni o’z hayotiga moslab soxtalashtira boshlaydi. Ya’ni, o’z qilmishlarini me’yorga moslash haqida qayg’urmaydi, aksincha, me’yorni o’z qilmishlariga moslab talqin qila boshlaydi (ratsionalizatsiya). U endi haqiqiy “men”idan va chinakam ijtimoiy-axloqiy me’yorlardan uzoqlasha boradi, unda boshqa “men” – reallikka moslashgan mavjud “men” hamda me’yordan chekinmaganlik illyuziyasidan iborat ideallashtirilgan (soxta) “men” yuzaga keladi [2].

Ideallashtirilgan “men” aslida reallikda mavjud bo’lmagan, inson ongidagi obraz bo’lib, u ijtimoiy-axloqiy me’yorlarni soxta talqin qilish, ulardan faqat bittasini mutloqlashtirish, chegaralash yoki atayin tor tushunish orqali yaratib olinadi. Boshqacha aytganda, ideallashtirilgan obraz soxta ideal asosida yuzaga keladi. Soxta ideal esa mavjud shart-sharoitlar bilan hisoblashgan, ularga moslashgan holda ideal talablarini tanlash va amal qilishni anglatadi. Bu o’rinda mavjud holatning nobop jihatlariga qarshi qo’yilgan (haqiqiy) ideal bilan ana shu nobopliklarga moslashish, ular bilan kelishuvga borish asosida tanlangan (soxta) idealni farqlash kerak bo’ladi. Inson nobop sharoitga moslashganligini (mavjud “men”i) haqidagi tasavvurni ongli hayotidan quyiga – ong ostiga tushirib yuboradi, o’zini faqat ideallashtirilgan obraz holida ko’radi. Ideallashtirayotganidan bexabar holda o’z holatini me’yor deb hisoblaydi. Demak, inson ongidagi ideallashtirilgan obraz o’z ijtimoiy-axloqiy me’yorlaridan chekinmaganlik illyuziyasidan boshqa narsa emas.

“Asqartog’ tomonlarda” qissasida mavjud “men”ning yuqoriga – anglangan qatlamga qalqib chiqishi sodir bo’ladi. Ideallashtirilayotgan obraz va mavjud “men” o’rtasidagi nomuvofiqlik qahramonda har ikkisiga nisbatan ham kinoyaviy munosabatni yuzaga keltiradi: ideallashtirilgan obraz soxta bo’lganligi va aslida mavjud emasligi tufayli, mavjud “men” esa me’yorga mos bo’lmaganligi uchun inkor qilinadi. Har ikkalasining ham inkor etilishi qahramonda haqiqiy “men”ning qayta uyg’onishi, uning ruhiyatida bo’lsa-da, faollashishi bilan sodir bo’ladi.

Mahdi Ashrapov, bir tomondan, o’z turmushidan rozi, ikinchi tarafdan, unda shu yashab turgan hayotiga sig’maydigan nimadir istak bor: “…mudom nimalarnidir qo’msayman,allaqayoqlarga ketgim, o’sha yoqlarda o’zimga ham noma’lum ishlarni qilgim, bu ishlardan ko’nglim to’lib, ko’kragimni mundoq bemalol ko’tarib yurgim kelaveradi, lekin hech qayoqqa ketmayman, biron narsa to’g’anoq bo’lganidan, ketolmasligimdan emas, o’zim, o’zim ketmayman…” [1.6]. Demak, qahramondagi bo’linish ancha ilgaridan boshlanganki, yozuvchi bunga asar boshidanoq urg’u beradi. Qahramonning o’z-o’ziga va voqelikka kinoyaviy – ikkiyoqlama munosabati ana shu bo’linishga asoslangan.

Ideallashtirilgan obraz mavjud “men”ni pardalaydigan qobiq bo’lib, atrofdagilar bu qobiqni Mahdi Ashrapovning asli deb qabul qilishadi. Ideallashtirilgan obrazni qahramonning haqiqiy “men”idan farqlab olish qiyin, chunki qahramon sirtdan qaraganda o’zligidan kechmagandek, asl holida qolgandek, o’zi ma’qullaydigan ijtimoiy-axloqiy me’yorlarga amal qilishda davom etayotgandek taassurot qoldiradi. Aslida esa, yuqorida aytib o’tganimizdek, ijtimoiy-axloqiy me’yorlar qahramonning hayotiy pozitsiyasiga moslab talqin qilingan, mohiyati toraytirilgan bo’ladi. Mahdi Ashrapov to’g’ri yashashni faqat o’zning toza qolishidan iborat deb bilishi, faoliyat doirasini chegaralab olganligi, kichkina odam vaziyatini me’yor (“juda to’kin-sochin bo’lmasa-da, har tugul,boshqalardan kami yo’q turmush”) hisoblashi fikrimizning dalili bo’la oladi.

“Javob”dagi Nuriddin Elchievga qiyoslaganda, Mahdi Ashrapovning vaziyati sira kichkina odamnikiga o’xshamaydi. Uni hech kim kamsitgani, haqorat ham qilgani yo’q. Ta’bir joiz bo’lsa, u boshqa, o’ziga o’xshagan kichkina odamlar dunyosidagi, ular qatori kichkina odam. Abiturient Mahdi Ashrapov bilan dotsent Mahdi Ashrapovning vaziyatini qiyoslash ham fikrimizning dalili bo’la oladi.

Qahramon o’zining o’qishga kirib qolishini mutlaqo tasodif deb biladi. Haqiqatan ham, adabiyotni sevgan, “yiqitish u yoqda tursin, “to’rt” qo’yish ham noinsoflik” bo’ladigan, ammo rektorning alohida ro’yxatiga kiritilmagan bolaning o’qishga kirib qolishi tasodifdan boshqa narsa emas. Muallif kinoyasi qaratilgan teskarilik ham shunda: qahramon o’zining shaxs sifatida qadrlanishi, yuzaga chiqishini qo’shiqlarda kuylangan eng adolatli jamiyatdagi qonuniy holat emas, bor-yo’g’i tasodif deb qarayapti. Shu bilan birga, ayni holatning tasodif ekanligi ijtimoiy muhit mohiyatidagi qonuniyatni – qadrlanish uchun munosib bo’lish shart emasligini ham anglatadiki, quyidagi parcha fikrimizning isboti bo’la oladi: “Shunda rektor: “Undoq bo’lsa, shu abiturientni qo’shimcha qilib olaylik. Tashlab ketadigani bor, haydaladigani bor. O’qiydigani ham kirsin! Chaqiring!” debdi” [1.15]. Personaj nutqidagi kinoya (“O’qiydigani ham kirsin!”) deyarli qonuniyatga aylanib qolgan holatga (“O’qiydiganlar emas, o’qimaydiganlar o’qishga kiradi”) ishora qiladi.

Dastlab o’qishga kirganlar ro’yxatida nomi chiqmagan qahramonimiz o’zini naqadar ojiz va notavon sezadi (“Oyoqlarim qaltirab, borib devor tagiga to’shalgan gazetaga o’tirdim, ichimdan faqat ix-ix degan yig’iga o’xshagan bir tovush kelib, tomog’imga tiqiladi…”). Agar o’qishga kirolmasa, bu adolatsizlikka qarshi qo’lidan hech narsa kelmasligini Mahdi Ashrapov, ojiz va chorasiz Mahdi Ashrapov juda yaxshi bilardi.

Dotsent Mahdi Ashrapov ham fakul`tetdagi holatni – dars o’tishga noloyiq o’qituvchilar va o’qishga loyiq bo’lmagan talabalar muhitini o’zgartirishda ojiz va chorasiz. Bu holatdan abiturient Mahdi Ashrapovga o’xshagan qanchadan-qancha qobiliyatli kishilar adolatsizlik ko’ryapti, bu vaziyatdan manfaat izlamaydigan, uni ma’qullamaydigan, biroq uni o’zgartirishga ham ojiz dotsent Mahdi Ashrapov adolatsizliklarda o’zining hissasi yo’qligi bilangina qanoatlanyapti (“…shuncha yil o’zimni toza saqlab keldim… Tangirboy, shuncha yildan beri mening ham bo’ynimga o’n minglab pullar jalab xotindek osildi, tegmadim, bo’ynimni bo’shatolmay yonimdagilar bemalol olib, meni ham olsang-chi, kosangni oqartirsang-chi, deb qistashganda ham bo’g’ilishga chidash berib kelaverdim” [1.65]).

Har holda insonning umri faqat o’zining toza qolishi uchun qayg’urishgagina sarf bo’lmasligi kerak, bu inson hayotining mazmuni bo’lish uchun kamlik qilishini Mahdi Ashrapovning o’zi ham yaxshi anglaydi. Insonda katta ishlar qilishga, “bu ishlardan ko’ngli to’lib, ko’kragini mundoq bemalol ko’tarib yurish”ga arziydigan, munosib qudrat bor. Bu qudratni Isrofil ekranni yorib chiqib ketayotgan tog’ ko’rinishida tasvirlaydi – insonning o’zligi hech bir sun’iy qoliplarga sig’maydi, agar uni isonning o’zi anglab yetishga qodir bo’lsa. Albatta, o’zligingni namoyon etish, nimalarga qodirligingni amalda isbot qilishga imkon bermaydigan tashqi to’siqlar ham bo’ladi. Yozuvchi aytmoqchiki, tashqi to’siqlarni yengish uchun inson eng avvalo o’zidagi ana shu qudratni anglamog’i, uning yo’liga o’zi qo’ygan to’siqlarni olib tashlamog’i kerak.

Mahdi Ashrapov esa qo’rqadi, hali o’zi yaxshi anglamagan bu qudrat-tilsimot uning hayotini, yaxshimi-yomonmi, butkul boshqa tomonga o’zgartirib yuborishidan qo’rqadi: “Men bu oqimga tushib ko’rishim kerak edi, lekin hozir ham tushishga qo’rqyapman, qaytib chiqolmasligimdan, qaytib chiqsam ham butun turmushim, hayotim, oilam buzilib ketishidan qo’rqyapman, avval tushib ko’rishim, avval-boshdan boshqacha yashashim kerak edi, endi kech, anglamay o’tib ketdim, bilmay o’tib ketibman, endi bilolmayman, bilganim taqdirda ham bu tirikligim o’sha tilsimotning oldida sariq chaqaga ham arzimay qoladi, yo’qolib ketaman” [1.58].

Mahdi Ashrapovning do’sti Tangir bilan xayoliy bahslari qahramon ongidagi bo’linishni ifoda etishi bilan ham ahamiyatli. Ya’ni uning o’zi keyinroq tan olib o’ylaganidek, “Shuncha yildan buyon… borlig’imni ikki odamga – gunohsiz va gunohkor Mahdiga, saxovatli va ta’magir Mahdilarga bo’laklab, ularni bir-biri bilan urishtirib o’tirgan ekanman”. Bu bahs mohiyatan idellashtirilgan “men” va mavjud “men”ning o’zaro ziddiyati ediki, ularning bahsini tahlil qilib qahramon asta-sekin o’zidagi bahslashuvchi tomonlardan – ideallashtirilgan va mavjud “men”dan chetlashadi, ikkisini ham inkor etadigan haqiqiy “men”ning nuqtai nazarigacha chiqib boradi. Mahdi Ashrapovning nazarida, u yashayotgan muhit “gunohkor va gunohsiz”, “saxovatli va ta’magirlar”dan iborat. Qahramondagi tafakkur tarzining sxematikligi vaziyatga boshqa tomondan qarashga imkon bermaydi: ikki qutbdagi kishilar deb o’ylayotgani bitta qutbdagi – kichkina odamlarning kichkina dunyosidagi kishilar ekanini, muhit mohiyatini belgilayotgan kuch aslida boshqa ekanligini ko’rishga halal beradi.

Mahdi Ashrapov yashayotgan muhitni do’sti Isrofil topib ta’riflaydi: “Kichkina bir dunyoda kichkina odamlarning bir-birini kavlab behuda yashashi kulgili emasmi? Sen esa shuniyam fojia qilasan. Axir, dunyoga faqat shu maqsadda kelmagansan-ku!..” [1.24]. Hayron qoladigan joyi yo’q: kichkina odamning dushmani ham o’ziga yarasha bo’ladi – kichkina. Mahdi Ashrapovga qarama-qarshi qutbdagi obrazlar – “Boybo’ribiy”, Sunnatov, Begaliev va Haqberdining tutgan yo’li kichkina odamning tanlagan yo’lidan boshqa narsa emas. Ular tutgan yo’l esa shunday: o’z istagingcha yashash imkoni yo’q ekan, hayotdan o’zingga keragini olib yashab qol, davru davron sur, qolgan narsalar bosh qotirishga ham arzimaydi – ojizlik, chorasizlik bilan murosa qilish evaziga beriladigan mukofot ana shunaqa. Ham sharoitga, ham o’z nafsiga qul bo’lgan odam esa ikki karra qul demakdir. Haqberdining familiyasi ham shunga ishora qiladi: “Abdiqulov” – qulning quli.

Mahdi Ashrapov esa kichkina odamligi bilan murosa qilish evaziga boshqacharoq “mukofot” olyapti – u o’z-o’zini ideallashtirish bilan qanoatlanyapti, xolos (yana Isrofilning gapini eslaymiz: “Juda g’alati xudbinlik”). Kinoyaga nisbatan ko’pincha shafqatsiz, ayovsiz kabi sifatlashlarning qo’llanilishi bejiz emas. Unda odamning astar-avrasini ag’darib, suyangan tayanch nuqtasini joyidan siljitib yuboradigan, ishongan asoslari puch ekanini xuddi yuziga oyna tutgan kabi ko’rsatib qo’yadigan xususiyat bor. Mahdi Ashrapovning hayotiy pozitsiyasi ham bor-yo’g’i g’alati xudbinlikdan iborat ekan, xolos. Isrofilning: “O’zingni ming xil narsalarga bog’lab qo’ygansan, xuddi uchib ketishdan qo’rqadiganday. Qanaqadir odamlar, qanaqadir munosabatlar…” deyishi bejiz emas. “Boybo’ribiy”, Sunnatov, Begaliev va Haqberdilar dunyosi, ular bilan munosabatlar Mahdi Ashrapovga o’zining ideallashtirilgan obrazi qobig’iga o’ralib olishi uchun ham zarur. Ular bor ekan, qahramonimizning to’g’ri va halolligi burch emas – fazilat, biryoqlama pozitsiyasi me’yor bo’lib ko’rinaveradi.

Kinoyaviy modusdagi asarning muhim xususiyatlaridan biri shundaki, muallif, qahramon va kitobxon – har uchalasi ham kinoya ob’ekti, ya’ni nomukammal voqelikning ajralmas bir qismi ekanligi butun asar mazmunidan anglashilib turadi. “Asqartog’ tomonlarda” qissasining oxiriga borib Mahdi Ashrapov “biz” nomidan gapira boshlaydiki, qahramonning voqelikka kinoyasi bilan o’z-o’ziga kinoyasi o’rtasida chegara qolmaydi. “… qochgan ham, quvlagan ham bitta – g’olibiyat qo’shig’ini aytadi, “Boybo’ribiy”ning yonidagilar ham umum ishini yaxshilaymiz, deb xonish qiladi, biz ham umum ishini yaxshilaymiz, deb ashulani varanglatamiz, ular ham haqiqatning pardalariga tushyapmiz, deyishadi, biz ham haqiqat kuyiga o’ynayapmiz, deymiz – haqiqatning o’zi qaerda chalinyapti?” [1.99]. Bu o’rinda “biz” faqat Mahdi Ashrapov va uning atrofidagi kishilardangina iborat emas. Roviy nutqidagi “biz”ning qamrovi juda keng – nafaqat qahramon, muallifning o’zi va kitobxon ham kinoya ob’ektiga aylanadi, nomukammal voqelikning ajralmas bir qismi ekanligi ta’kidlanadi. Boshqacha aytganda, ijtimoiy muhitning ayni holati uchun aybdor va javobgar bo’lmagan tomonning o’zi yo’q, aybdorlar ham, ularning “ayb”ini indamay kuzatib turganlar, ya’ni “ustidan shisha qalpoqni bostirib olib, menga gard yuqmaydi, deb umid qiladiganlar” ham – barcha birdek aybdor va javobgardir, degan xulosa kelib chiqadi.

Butun asar kontekstida qaralsa, Shodi akaning go’yandalik qilib aytganlari shunchaki balandparvoz gaplargina bo’lib qolmaydi, asosiy masala bilan bog’lanib, uning mohiyatini ochishga ko’maklashadi. “…jo’ralar-ov, balandda turib ham o’zini ko’rmagan qancha, pastda yurib ham balanddan qarayotgan qancha, jo’ralar, dunyosining usti past, pasti – ust-ov, odamzoddan balandi yo’q, o’sha balandlarga o’lmay yetaylik, umidimizni yetim qo’ymasin, odamzodga azobidan baland sabot berar ekan…” [1.38].

Odam o’zidan, aslidan kechish bilan “dunyosi”da balandlab borishi, o’zini balandda his qilishi mumkindir, ammo ko’ngilning Asqartog’idan uzoqlashib, pastlab borayotganidan bexabar qoladi (“pastda yurib ham balanddan qarayotgan qancha, jo’ralar”). O’z asl “men”ining qadrini bilmagan esa “balandda turib ham o’zini ko’rmagan” bo’lib chiqadi. Shuning uchun ham Shodi akaning ta’rifida “dunyosining usti past, pasti – ust-ov, odamzoddan balandi yo’q”. “Odamzoddan balandi yo’q”ligini eng avvalo har bir insonning o’zi anglab olmog’i kerak. Asardan kelib chiqadigan muhim xulosalardan biri ham shu.

Adabiyotlar:

1. A’zam A. Asqartog’ tomonlarda. – T.: Yosh gvardiya, 1989.
2. Xorni K. Nashi vnutrennie konflikti. – M.: Akademicheskiy proekt. – 2007.// http://www.psychol-ok.ru/lib/horney/nvk/nvk_01.html.
3. Pexa M.P. Problema xaraktera v sovremennoy ironicheskoy proze (F.Iskander, V.Tokareva, V.Shukshin). Avtoref. diss. na soisk… kand. filol. nauk. – Odessa, 1992. – 16 s.
4. Eshonqul N. O’ziga o’zi gapirayotgan odam // O’zAS.- 1999.- 2 iyul`.

Manba: ADU “Ilmiy xabarnoma” jurnali, 2013 yil, 3-son

022

(Tashriflar: umumiy 142, bugungi 1)

Izoh qoldiring