Matnazar Abdulhakim. «Tafakkur chorrahalarida» kitobidan (4). Ikkinchi muallim saboqlari.

0_167343_7cb3fc89_orig - копия - копия (2).pngАллома шоир Матназар Абдулҳаким таваллудининг 70 йиллиги олдидан

  Атоқли шоир, таржимон ва адабиётшунос олим Матназар Абдулҳакимнинг»Тафаккур чорраҳаларида.Таржимон талқинлари» номли салмоқли китобида Шарқ мумтоз адабиётининг бетимсол сиймолари ижоди, адабий ва абадий ёдгорликлар моҳияти, тасаввуфда акс этган фалсафа табиати ҳақида мутаржимнинг қалб дафтарида қайд этилган кузатишлар, мулоҳазалар жамул жам бўлган. Шу пайтгача китобнинг «Иймон туҳфаси» ва, «Ялдони ёритган нур» бобларини ёритган эдик. Бугун китобнинг «Иккинчи муаллим сабоқлари» деб номланган қисмининг биринчи бўлагини тақдим этамиз.

МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ТАФАККУР ЧОРРАҲАЛАРИДА
Таржимон талқинлари

07

ИККИНЧИ МУАЛЛИМ САБОҚЛАРИ

САҲИФА МУНДАРИЖАСИ
МУАЛЛИФДАН
МУБОРАК БАҲРАМАНДЛИК
ИККИНЧИ МУАЛЛИМ САБОҚЛАРИ
БЕДОР ҚАЛБ
ОСУДА ИЙМОНДАГИ МЎЪЖИЗА
ИБРАТЛАР ИБРАТИ
ИККИ ФИЛ ҲИКМАТИ

“Аниқки, биз Луқмонга ҳикмат ато этдик…”

ҚУРЪОНИ КАРИМ, “Луқмон” сураси, 12-оят.

“Фишоғурс ҳаким Луқмон ҳакимнинг шогирдидур, Буқрот ҳаким Фишоғурснинг шогирдидур… Буқротис Буқрот шогирдларидан… Суқрот ҳаким Буқротиснинг шогирдидур. Афлотун ҳаким Суқротнинг шогирдидур, Аристотолис ҳаким Афлотуннинг шогирдидур… Анинг сўзлари будирким, подшоҳ улуғ рудга (анҳорға) ўхшар ва атбон (тобелар) ариғларгаким, ул руддин айрилдиларким, ул руд сўйиға ҳар хол бўлса; ариғларға ҳамул ҳолдир: ул чучук бўлса, булар чучук, ул ачиғ, бўлса, булар ачиғ”…

Алишер НАВОИЙ, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”дан.

Неча доно эсанг ҳам урма ғайб асроридин дамким:
Онинг фикрида ожиз юз Арасту, минг Фалотундир.

Муҳаммад Ризо ОГАҲИЙ

МУАЛЛИФДАН

http://www.dreamstime.com/royalty-free-stock-photo-monochrome-oriental-ornament-illustration-vector-format-image55095885Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари рубоийларини таржима қилар эканман, бир туйғу мени тарк этмади. Буюк мутафаккиримизнинг ўз рубоийларида баён қилган қарашлари Қуръони Карим ҳамда ҳадиси шарифлар билан чамбарчас боғлиқ бўлганлиги баробаринда, уларда ўзим бир вақтлари мутолаа қилганим юнон фалсафасидаги жиҳатлар билан ҳамоҳангликлар равшан эди.

Олий ўқув даргоҳида кечган йилларимда юнон фалсафасига таҳсил даврига хос кўз югуртиришлар билан шоир рубоийлари таржимаси устида ишлаганим йиллар ўртасида олис вақт масофаси ётган бўлса ҳамки, мен бу туйғунинг алдамчи эмаслигига шубҳа қилмадим. Тахминларимни синаб кўриш мақсадида шу мавзуга оид нуфузли бир китоб – 1987 йилда Москванинг “Мысль” нашрётида чоп этилган Абдусалом Абдулкаримович Ҳусайинов ҳамда Герд Иррлитцлар қаламига мансуб “Краткая история этики” (“Этиканинг мухтасар тарихи”) китобини бир ўқиб чиққач, бу хусусдаги фикрларимнинг нотўғри эмаслигига ишонч ҳосил қилдим.

Мени бу мавзуда мақолалар машқ қилишга ундаган, Паҳлавон Маҳмуд ижоди ҳамда юнон файласуфларининг қарашларида жиддий муносабатлар мавжудлигини кузатишга даъват этган жиҳат шунда эдики, мутафаккир шоиримиз раҳномаларидан бири бўлмиш жавонмардийлик фалсафасининг одамлар ўртасидаги ўзаро алоқалардаги маънавий муносабат масалалари, шунингдек, ижтимоий муносабатлардан ҳам иборат эканлиги, шу боисдан ҳам жаҳон фалсафаси ҳамда адабиётидаги бу улкан мактабнинг ўз салафлари таъсиридан бебаҳра бўлиши эҳтимолдан узоқлиги эди.

Ўз-ўзидан савол пайдо бўлиши мумкин: “Хўш, Паҳлавон Маҳмуддек ўрта асрлар Шарқига мансуб бир аллома ҳазрати Исо таваллудидан олдинги турли асрларда яшаб ўтган юнонистонлик олимлар ижодидан қай йўсинда барака топиши мумкин?”.

Бу саволга жавоб ҳам мазкур саволнинг ўзи каби табиийдир. Биз бу ўринда, шак-шубҳасиз, “Иккинчи муаллим” – Абу Наср Форобий ҳазратларининг буюк мехнатлари самарасини кўзда тутмоқдамиз. Академик Музаффар Хайруллаев таъкидлаганидек, “Форобийнинг ўрта аср илғор фикри тараққиётидаги ўрни ва ролини таърифлаганда, аввало унинг қадимги юнон олимлари” асарларини таржима қилганлигини ва уларга ёзган шарҳларининг аҳамиятини кўрсатиб ўтиш лозим. Форобий эллин донишмандлигининг чуқур билимдони эди. У Платон, Аристотель, Эпикур, Зенон, Александр Афродизий, Эвклид, Птоломей, Порфирий асарларига шарҳлар ёзган…”

Ушбу рисола Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шахри” ҳамда “Этиканинг мухтасар тарихи” китобларида баён этилган юнон файласуфлари қарашларининг Паҳлавон Маҳмуд ижодига таъсирининг айрим жиҳатларини ўз ичига олади, холос. Бу мавзуни ҳар тарафлама кенг ўрганиш, шунингдек, юнон фалсафасининг Абу Наср Форобий таржималари ва шарҳлари воситасида Паҳлавон Маҳмуд ҳамда унинг салаф ва ворислари, маслакдошлари ижодига берган баракасини тадқиқ қилиш мазкур мавзулар доирасида изланишлар олиб бораётган барчамизнинг навбатдаги муҳим вазифамиздир.

МУБОРАК БАҲРАМАНДЛИК

  Илм-фанда холис, беғараз тадқиқот улкан аҳамиятга эгадир. Олимлар томонидан тадқиқ қилиниб, бирон бир фанний тўхтамга келинмаган маълумотга олдиндан тайёрлаб кўйилган хулосалар билан муносабатда бўлиш гумроҳликдир.

Шубҳа йўқ, ўтган аср адабиёшунослари, фалсафа илми билаи машғул алломалар улкан кашфиётларни амалга оширдилар. Бироқ. шуни ҳам рад этиб бўлмайдики, аксар ҳолларда, хусусан, шўролар давлати тасарруфи ҳудудларида ижод этган Олимлар мафкуравий тазйиқлар таъсири остида, ислом мамлакатларидаги мозийда яшаб ўтган мутафаккирлар фаолиятига баҳо беришда бирёқламаликка йўл қўйган ҳоллари ҳам кўп бўлди. Тадқиқот эрки маҳдудланди. Ҳатто улуғ аллома академик А. Ф. Лосевдек инсон ҳам “Дунёвий динлар Афлотунни ўз томонига тортиб, унинг ёрдамида ўз диний ақидаларини илмий асосламоқчи бўлар ва аксар бунда муваффақиятга эришар эдилар” деб ёзар экан, бундай нуфузли олимга мансуб фикрни-да ҳар қандай ҳолатда ҳам мутлақ ҳақиқат деб бўлмайди.

“Форобий ўша даврдаги мусулмон фарзанди фақат мусулмондан таълим олиши лозим, деган ақидани тарк этиб ғайридинлардан ҳам илим ўрганишдан ҳайиқмайди” – деб ёзишга мажбур бўлган эди ўз даврида Абдусодиқ Ирисов”.

Ақидани ақида билан ювиб бўлмайди. Олимларимизнинг юқоридаги фикларини тугал инкор этмаган ҳолда шуни алоҳида таъкидлаш кераки, турли динларга мансуб мутафаккирлар орасида тафаккур илмнинг ёғду манбаларидан бири бўлмиш юнон фалсафасини холис ўрганган гениал тадқиқотчилар ҳам мавжуд эдиларки, уларнинг илмий изланишларига ўз табиатларидаги адолатталаблик, интуиция компаси раҳнамолик қилар эди. Қолаверса, диний таомиллар ҳам бизларни ўша пайтларда қўрқитганларидек бидъатлар билан тўлиб тошган эмасди. Хусусан, бу жиҳатдаги исломий тамойилларни олиб қараганимизда, олимларимизга “Бешикдан то тобутгача илм излаш” ҳамда “Илм излаб Хитойгача бўлса ҳам бориш” фарз қилинганлигини бир лаҳза ҳам унутишга ҳақли эмасмиз.

Ислом тадқиқотчиларига замон ва макон жиҳатидан чексизликлар туҳфа этадиган бундай ижозатномаларни ўқиб, пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳи алайҳи вассаламнинг тағин “Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидирлар” деган ўгитларини назарда тутар эканмиз, бизга Шарқ мутафиккирларининг, шу жумладан, Абу Наср Форобий ҳамда Паҳлавон Маҳмуд сингари етук сиймолар эришган муваффақиятларнинг ғоявий асослари ойдинлашади.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари:

Сал-пал ўқидик соҳиби дафтар бўлдик,
Сал-палгина зеб топдигу зевар бўлдик.
Билдик бу жаҳонни ғам билан дард бўлдик.
Кечдик баридин, энди қаландар бўлдик,

– деб ёзар экан, бундай “сал-пал”ликка қарши илм-маърифат билан курашмоқни ўзи ва ўзи каби Ҳақ аҳли учун бир шараф деб билди, Мана шундай одамгина, шоир назарида, мукаммал ва мукаррамдир, рубоий:

Дунёга келиб улки азиз ном топди,
Кўп номлар унинг номидан эҳсон топди.
Қўлга олиб қадаҳ, лабин теккизди,
Топди шароб шараф, қадаҳ шон топди.

Паҳлавон Маҳмуднинг ҳар бир рубоийсидан шу жиҳат аён бўладики, унинг ўзи ва маслакдошлари умрбод “Шароб шараф, қадаҳ шон” топадиган Ҳақ аҳллари эдилар. Шу сабабдан ҳам улар ўқиб ўрганишдан бир лаҳза тўхтамадилар. Муттасил риёзатда бўлдилар. “Тарки ватану шаҳру диёрдир ҳавасим, Рўзғор не керак…, эрк ихтиёрдир ҳавасим” – деб ёзар экан Паҳлавон Маҳмуд, шубҳасиз, илм излаш, ҳақиқат исташ озодлигини кўзда тутди. Ўзи танлаган бундай ҳаёт тарзига бир умр содиқ қолди.

Муҳаммад Фузулий илмсиз шеърни асоссиз девор деб атаганди. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг шеърларини кўздан кечирар эканмиз, бу “девор”ларнинг асослари метиндек мустаҳкам эканлигига амин бўламиз, рубоий:

Ҳарф нуқтасини дилимда доғ деб англанг,
Дафтарда эмас, дилда сиёҳ деб англанг.
Тим-тим бу қароликда керакмас лек шаъм,
Сўзимдаги ҳар маъним моҳ деб англанг.

Дарҳақиқат, шоирнинг сўзларидаги моҳлар, бир ёқдан Қуръони Карим, ҳадиси шарифлардан, бошқа тарафдан эса Форобий каби алломалар илмидан нур эмган эди.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг бир рубоийси бор:

Қўлда қалам толе эмас доғ битар,
Дард экаман, бир-бир униб, боғ битар.
Бу боғда гулу, сарву суман, сунбулнинг,
Ҳар япроғида, не қилай, бир зоғ битар.

Буюк шоиримизнинг қаламига мансуб дард экилган боғлар ҳар бир ўқувчи унинг шеърларини мутолаа қила бошлаган заҳоти мева бера бошлайди.

Шоир бу боғларини бунёд этишида, шубҳасиз, ўз дардларидан униб-ўсиб улғайди, камол топди. Бироқ шуни алоҳида таъкид этиш керакки, бу боғларга замин бўлган, унга озуқа берган, ватан бўлган азиз тупроқлар бор эдики, булар биринчи навбатда Паҳлавон Маҳмуднинг ғоявий салафлари қаламларига мансуб фалсафий қарашлар эди. Ана шундай азиз сиймолардан бири, шубҳасиз, асарларининг салмоқли қисмини, тарихчиларнинг нақл қилишларича, Дамашқнинг бир боғида қоровуллик қилиб яшаб ёзган Абу Наср Форобийдир. Аслида, Форобий тафаккур боғларига фикрсизлик йўлатмайдиган буюк бир посбон эди. Буюк олимнинг ўз ибораси билан айтганда, “Бўшаб қолган дарёлар, одамлар сўзларидан мева териб” яшаган бул зот Машриқ тафаккур мулки боғларига Мағрибнинг ҳаётбахш шамолларини олиб кирди. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари бўлса бу боғларнинг миришкор соҳибкорларидан эди.

Кўплаб мағриблик олимлардан бўлгани сингари, ҳарронлик Юҳанно ибн Хийлондан Арасту меросини ўрганган Абу Наср Форобий ўз таржималари, шарҳлари, қарашлари билан Паҳлавон Маҳмуднинг ўзига хос увайсий устозларидан бири бўлганлигига биз шоир меросини мутолаа қила борганимиз сайин, тобора мустаҳкамроқ ишонч ҳосил қила борамиз.

Ибн ал Қифтий таъкидлаганидек, Абу Мансур Форобий “Мантиққа оид китобларни тадқиқ қилиш ва шарҳлашда кўп ишлар қилган. Мантиқнинг қийин жойларини ойдинлаштирган, кўпчиликка номаълум бўлган яширин сирларни очган ва ундан фойдаланишни осонлаштирган”.

Дарҳақиқат, фикрлаш ва нутқ мутаносиблиги билан иш кўрадиган мантиқ илмининг нуқталаридан воқиф бўлишнинг ўзи бўлмас эди. Юнон олимларининг бу соҳадаги кашфиётларини тадқиқ қилиш, чигалликларини ечиб бериш ва бу мураккабликлардан муҳлисларни воқиф қилиш санъатини Паҳлавон Маҳмуд, хусусан, ўз шеърлари воситасида ифтиҳор билан тарғиб қилиб ҳаёт кечирди. Рубоий:

Бердим қаламимга сўз, тилим лол этдим.
Орифману, қалбимда ажиб ҳол этдим.
Сўз давлати султонлари таслим бўлди,
Бу мулкни тафаккур ила ишғол этдим.

Ибн ал Қифтий “Иккинчи муаллим”нинг бу соҳадаги хизматлари ҳақида фикрлар экан, давом этади: “Форобий ўз асарларида мантиқдан фойдаланиш учун тушунарли иборалар, нозик ишоралар қўллади, ҳатто мантиқда шарҳлаш, ўрганиш ва таҳлил қилишдаги ал Киндий ва бошқа олимлар йўл қўйган бепарволикларни ҳам кўрсатиб берди. Шундай бўлгани учун ҳам Форобий китоби бу фан соҳасида ғоят етук, ниҳоятда ягона саналадиган бўлди” .

Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийларида биз Абу Наср Форобий меросига бевосита мисраларни учратмаймиз. Бироқ буюк шоиримиз мисраларини синчиклаб ўқир эканмиз, мазкур мисралар ҳам Форобий воситасидаги юнон мантиқшунослари тафаккур хазиналарига ўзига хос тарзда битилган шеърий шарҳлар эканлигига ишонч ҳосил қилишимиз унчалик мушкул бўлмайди. Паҳлавон Маҳмуд ўз шеърларида фикр меваларини нутқ орқали изҳор қилишдаги ўзига хос машаққатларни гўзал бир тарзда кўрсатиб берадики, шоиримизнинг бу кузатишларини биз бемалол ўзига хос бир офтоб акс этган томчилар, мухтасар, бироқ миқёсли бир ўзига хос илмий тадқиқотлар деб айта оламиз. Рубоий:

Нутқинг каби нутқ дунёда, эй дўст, йўқдир,
Қутлуғ бу каломда ҳеч каму кўст йўқдир.
Ёнғоқ-ку сўзинг керакмас арчмоқ, чақмоқ,
Ҳаммаси мағз унинг, пўчоқ пўст йўқдир.

Паҳлавон Маҳмуд ўзининг бу рубоийсида ҳақиқатни гапириш санъатининг ўзига хос сувратини чизади. Ҳамиша фаолиятда бўладиган тафаккур ва унинг мухтасар ҳамда ҳаққоний ифодасига диққатимизни қаратади.

Абу Наср Форобий рисолалари ҳамда Паҳлавон Маҳмуд рубоийларининг қиёсий мутолааси шуни кўрсатадики, хивалик буюк шоир ўзининг фороблик салафи илгари сурган ғояларни ҳамиша ўз эътибор марказида тутиб ижод этган.

Форобийнинг таъкидлашича, Афлотун ўз илмидан жоҳиллар воқиф бўлиб, бу илмни ғайюр мақсадлар йўлида хизмат қилдирмаслиги учун ўзининг ҳаётбахш қарашларини атайлаб мураккабликлар қобиғига ўраб тақдим этан. Бу ҳақда алломанинг ўзи шундай ёзади: “Афлотун ўз илмидан ҳамма одамларга ошкор этишни ўзига эп билмаганини, шунинг учун тимсоллар, мажозлар, топишмоқлар ва идрок этиш қийин усуллар воситасида илмни унга алоқаси бўлмаган одамлар тушуна олмайдиган даражада етказганини кўриб чиқиш мақсадимиздир.”

Паҳлавон Маҳмуд Форобийнинг бу ахборотидан воқиф ўлароқ, муайян маънода ўзини Афлотун қошида бир шогирддек тутган ҳамда буюк юнон алломасининг ўз қарашларини тилсимлаб кетганлигига боис деб ўзи ёхуд ўз лирик қаҳрамони сингари асрорлардан бехабар одамларнинг жаҳолатини англайди, бу .тўғрида ўз шеърларида ғамгин ўйлар ўйлайди. Рубоий:

Гап қотдию кўп, бўлмади сирдош ҳаргиз,
У ҳақни яширди, тўксам ҳам ёш ҳаргиз.
Билмаганин вайсади кўп ғофиллар.
Билганини қилмади у фош ҳаргиз.

Паҳлавон Маҳмуд ўз рубоийларидан бирида “Билмаса гар Ҳақни ахийр олғай тан, Ҳақ таниганга бўлса ким ёр, эй дил” деб ҳитоб қилган эди. Абу Наср Форобий Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларига муайян маънода ана шундай раҳнамолардан эди.

Буюк Форобий ўзининг Арасту, Афлотун каби мутафаккирларнинг асарларига ёзган шарҳларида одамийликнинг турли жиҳатларига қандай қилиб эришмак мумкинлигини алоҳида уқтириб ижод этди. Ўз ворисларига ўз салафларининг фикрларини яна ҳам сайқал топтириб, кенгайтириб, чуқурлаштириб етказди ва бунинг шарофатидан Шарқ бадиий эстетик қарашлари яна ҳам теранлашди. Исломий илдизларнинг қоптолига умумжаҳон бадиий-фалсафий қарашлар бойлиги ҳам келиб қўшилиб, маънавиятимиз қўш илдизлилик касб этди.

Абу Наср Форобий ўз тадқиқотларида юнон файласуфлари, хусусан, Афлотуннинг қамровли қарашларини қайд этади. Буюк мағриб алломаси ҳаётнинг ўзига хос қомусий бир тадқитотчиси бўлганлигини таъкидлаётиб, Форобий, масалан, унинг урушга бўлган муносабатини ҳам эслатиб ўтишни лозим топади: “…сўнгра у мувофиқ қуролларнинг қўлланилиши, уларни ишлатиш маҳорати, бирлаштириш ва ўзаро жойлаштириш айрим одамлар учун эмас, доимий уруш ҳолатларида, умуман, зарур нарса эканлигини тушунтиради…”

Биз бу жиҳатдан Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари қарашларини кузатадиган бўлсак, ҳайратланарли ҳамоҳангликларга дуч келамиз. Маълумки, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳозирча бизга етиб келмаган девонини тартиб берганларида, манбаларда таъкидланишича, “Қитолий” таҳаллусини қўллаганлар. Садриддин Салим Бухорий ўзининг “Буюк хоразмийлар” рисоласида келтиришича, “Оташкада” ва “Қомус-ул аълом” тазкираларида келтирилганидек, Паҳлавон Маҳмуднинг жанговарлигини, жасурлигини билдирувчи “Қитолий” таҳаллуси ҳам бўлган. Чунончи:

Дасте намерасад чу Қитоли ба зулфи ёр,
Қувват зи по ў зўр бозу ниҳодаем.

Мазмуни: Қитолий каби қўлимиз ёр зулфига етмас, Гарчи бор қувват билан ҳаракат қиламиз”.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг гарчи “қўли ёр зулфига етмаган” бўлса ҳам, фикрати Форобий ҳазратлари воситачилигида юнон алломаларининг тафаккур бўстонига етганлиги рубоийлар мутолаасидан аён бўла боради. Шуниси диққатга сазоворки, шоир ўз замонасининг талабларидан келиб чиқиб, юнонларнинг “Тинчликни истасанг, урушга тайёрлан” қабилидаги маталига ҳамоҳанг фикрларини ҳам баён этган, рубоий:

Адлинг ила, эй яхши-ёмон осуда,
Бўлсин десанг эл мудом омон-осуда.
Қўйма садоқда ўқни тинч, ҳам қинда
Қўйма қилични бир замон осуда.

Биз Паҳлавон Маҳмуднинг Форобий шарҳларига ҳамоҳанг фикрлашини кузатишда давом этган сайин, шуни чуқур қаноатланиш билан таъкидлаймизки, олис аждодларимиз билан мағриб алломалари ўртасида “Хитой девори” мавжуд бўлмаган.

Паҳлавон Маҳмуднинг бу йўналишдаги фикрларига чуқурроқ кириб боришдан аввал Афлотуннинг бир надоматини эслаб ўтишимиз, жоиздир. У ўзининг “Қонунлар” асарида ёзган эдики, “Бутун умрлари мобайнида шаҳарлар бир-бирларига қарши муттасил урушлар олиб бордилар. Нафақат шаҳарлар, балки қишлоқлар қишлоқларга қарши, уй уйга қарши, ҳатто ҳар бир одам ўз-ўзига қарши жанг ҳолатида бўлдилар. Бу ҳамманинг ҳаммага қарши уруши эди”.

Юнон алломасининг фикридан кўринадики, урушлар деярли ҳаёт тарзи бўлган ўша даврда ҳам мутафаккирлар жангу жадалларни қоралаганлар, зарурат тақозоси билангина жанговар ҳолатда бўлишни оқилона иш деб билганлар. Афлотун эса урушга мана шундай қарашнинг ғоявий раҳнамоларидан эдики, унинг машриқлик тарғиботчиси ва шогирди Абу Наср Форобий, шубҳасиз, ўз ғоявий раҳнамоси билан муайян маънoда ҳамфикр бўлмаслиги мумкин эмас эди. Чунончи Форобий ёзади: “Кейин урушлар масаласига ўтади (Афлотун назарда тутилади – муаллиф) ва урушда ҳам қонунларнинг кўп фойдали томонлари бор эканлигини эслатади. Масалан, сиртдан тазйиқ ўтказилиб сингдириладиган кўнгил ғазабини бостириш учун инсоннинг ўзи билан олиб борадиган ҳақиқат излаш борасидаги курашда қонуннинг фойдаси борлигини айтади…”

Биз ана шу икки дарё – Афлотун ҳамда Форобийлардан Паҳлавон Маҳмуднинг баҳраварлигини ўйлар эканмиз, бу борадаги кузатишларимизда, табиийки, Паҳлавон Маҳмуднинг ҳозирча қўлимизда мавжуд бўлган ягона мажмуасининг рубоийларидаги қарашларидан келиб чиқамиз. Хиванинг буюк фарзанди шундай ёзади, рубоий:

Гар жангда келар бўлса-ки, эр эр била тенг,
Не не қалъалар бўлғусидир ер била тенг.
Рўза тутиб кундузи, тунлар ўкраб,
Шер бўлмаган асли бўлмагай шер била тенг.

Шоиримизнинг бу ўринда уруш ҳақида фикрлаётгани шубҳа туғдирмайди. Бироқ, Афлотунга ўҳшаб, Паҳавон Маҳмуд ҳазратлари ҳам урушларнинг маънавий бир тамoйилларсиз олиб борилишига, бемақсад қирғинбаротларга қаршидир.

Арслон – эътиқод қудратининг тимсоли. Шоир таъкидлашича, адолатли уруш учун одамда иймон бўлиши шарт. Акс ҳолда қалъалар ер билан тенг бўлади.

Паҳлавон Маҳмуд бу ҳақда фикрлашда давом этиб, куч-қудратнинг, жасоратнинг, сергакликнинг нима учун зарурлигини, файласуфлар фикрини поэтик тарзда давом қилдирган ҳолда, бадий-мантиқий жиҳатдан далиллашга ўтади, рубоий:

Йўлинг сенинг оқ, бил, бу қадар оқ йўл йўқ,
Бундай зафару шонга муваффақ йўл йўқ.
Ғофилу ожизга бу золимлар ўч,
Ҳушёр ва кучли бўл, бўлак ҳақ йўл йўқ.

Кўриниб турибдики, Паҳлавон Маҳмуд ҳам “Ҳамманинг ҳаммага қарши уруши”ни қоралаган. Афлотун билан, бу ва бу каби қарашларни ўз таҳлил ва таржималари, шарҳлари билан қўллаб-қувватлаган Абу Наср Форобий билан ҳамоҳанг ва уларнинг маълум даражадаги таъсирида фикрлайди. Паҳлавон Маҳмуд рубоийсидан шуниси аён бўладики, урушга тайёргарлик, куч қудрат бу – мазлумларнинг мазлум бўлиб қолмаслиги учун, улардаги “ғофиллик” ва “ожизлик”ни бартараф қилиш учун зарурдир. Табиатлари маънавиятга мойил, адолатталаб инсонларнинг кучлилиги инсоният тараққиёти учун улкан аҳамиятга эгадир. Ана шундай адолатли бир қудрат туфайлигина эзгулик тантана қилиши мумкин. Шундагина шоир орзу-умид қилган ҳолат юз беради, рубоий:

Сендаги туғ, сендаги байроқ тепада,
Чақнайди саодатинг, ана, боқ, тепада,
Тикка келиб қуёш турар бир лаҳза,
Офтобинг эса сенинг мудом қоқ тепада.

Мана шу рубоийдаги ҳолатга мушарраф бўлмак учун навбатдаги мисралардан кўзланган мақсадга эришмак керак, рубоий:

То борки жаҳон, дардига тадбийр бўл сен,
Жавлон қилибон марди жаҳонгийр бўл сен.
Қудрат ва саботинг бу замин мазмунидир,
Дастингда ўзинг ҳамиша шамшийр бўл сен.

Дарҳақиқат, инсоннинг иродаси маҳкам, эътиқоди устувор бўлмаса, у ҳар қанча қуроллангани билан ҳам эзгуликка эриша олмайди, ғалабаси омонат, тантанаси муваққат бўлади. Агар жаҳон, Афлотун айтмоқчи, ҳамманинг ҳаммага қарши урушига ғарқ бўлса, Паҳлавон Маҳмуд ёзганидек, рубоий:

Жанг авжида, жон қушлари шаддод ўйнар,
Қумрию калхат бўлишиб, дод, ўйнар,
Дўст дастида ўйнайди қилич ялтиллаб,
Ёв остида ҳам гижинглаган от ўйнар,

тарзида кечади.

Абу Наср Форобий Афлотуннинг ижтимоий-фалсафий қарашларини таҳлил қилар экан, қуйидагиларни ёзади: “У яна, қандай шаҳар фозил шаҳар, қандай одам фозил одам эканлигини тушунтиради. Фойдали ва соғлом фикрлаш фазилатига эга бўлган шаҳар ва фозил одам ҳамиша ғолиб эканлигини кўрсатади. У меҳрибонлик ҳамда бошқарувдаги асосий ва энг арзимас томонлардан бошлаб, халқни урушлардан сақлашда ҳамда жаҳолатни бостиришда хайриҳоҳ ҳокимнинг ҳаёт тарзи қандай бўлиши зурурлигини таърифлайди”.

Бу борада Паҳлавон Маҳмуд қарашларида зоҳиран зиддиятга ўхшаб кўринган, ботинан эса билъакс, бир-бирини тўлдирадиган жиҳатларни ўрганиб ўтиш ўринлидир. Паҳлавон Маҳмуд бир рубоийсида қуйидагиларни ёзади. “Дарвиш ила шоҳ бўлса агар улфат, бу – Шоҳ бахти эрур, дарвиш учун кулфат бу”. Юзаки қараганда, Паҳлавон Маҳмуд дарвишни шоҳдан афзал қўйиб, уларнинг ўзаро мулоқатларида дарвишнинг ютқазишини айтаётгандек.

Агар биз шоир ижодини синчиклаброқ ўрганадиган бўлсак, бу “шоҳ” ва бу “дарвиш” ижтимоий даражани эмас, балки маънавий мартабани билдирадиган бир жиҳатлар эканлиги маълум бўлади. Шоир талқинида, дарвишлик бу инсоний камолот, шоҳлик эса зоҳирий дабдабага ружу кўйишни ифода қилади. Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, шоҳлик ва дарвишлик, Паҳлавон Маҳмуд қарашича, мутлақо бир ботиний даражалардирки, одам зоҳирий ҳаётда шоҳ бўлатуриб дарвиш ёҳуд дарвиш бўла туриб шоҳ аҳволида бўлиши мумкин ва ғалаба ҳамиша маънавий дарвиш томонида бўлади.

Сиёсий маънодаги шоҳлик, мамлакатни бошқариш масалаларига Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ўз салафларига монанд мутлақо реал ёндошадики, унинг ижодида бу қиррани кузатиш ҳам ниҳоятда мароқлидир. Рубоий:

Умримдаги, афсус, яшил чоғ ўтган,
Борми илож, баҳор ила боғ ўтган.
Кечгайми ҳаёт ҳаётлигидан, айтинг,
Ким кўрди қачон шоҳлигидан шоҳ ўтган.

Дарҳақиқат, насл-насаб ва ҳаёт тақозаси билан шоҳ бўлиши керак бўлган одам ўзининг бу ҳуқуқидан осонлик билан воз кечмайди. Кеча олмайди. Гап унинг қандай шоҳлик қилишидадир.

Форобий ўз устози ва буюк салафи Афлотуннинг жамият ҳаётини яхшилашдаги фаол ҳизматларини таъкидлар экан, ўз шарҳларида унинг асарларидан, табиийки, кўплаб иқтибослар келтиради. Биз Абу Наср Форобий ҳазратлари келтирган мазкур иқтибослар билан танишар эканмиз, буларнинг Паҳлавон Маҳмуд ижодига муайян таъсирини чуқур ҳис қилиб турамиз. Паҳлавон Маҳмуд, шоирнинг ўз таъбири билан айтганда, Афлотуннинг тафаккурий “хоки покларини тавоф қилиб” турганлигининг гувоҳи бўламиз. Абу Наср Форобий ёзади: “Афлотун инсоннинг хавфсиз яшаши учун биргина фаровонликнинг ўзи етишмаслигини кўрсатади. Мисол тариқасида у машҳур юнон шоири Тиртейнинг шеърларини келтиради. Афлотун мадҳ этилаётган жасорат ташқи урушдаги жасорат эмас. Одамлар баҳоли қудрат ўз иллатлари устидан ғолиб келиб, тинчликни таъминлашлари мумкин дейди. Афлотун айтадики, балоғатга етгандан сўнг ва бу иш насиб этганда, қонунлар яратувчисининг мақсади худо йўлида жасурлик, буюкликка эришиш, нариги дунёда яхши мукофот олишга интилиш бўлиши зарур”.

Биз Паҳлавон Маҳмуд ижоди ва бу ижодга алоқадор манбаларга диққат қаратадиган бўлсак, Афлотуннинг Форобий шарҳларидаги қарашларга ҳамжиҳат томонларини кузатамизки, бу ҳам бизнинг Форобий воситачилигидаги юнон фалсафаси билан Паҳлавон Маҳмуд ижодидаги ҳамоҳангликларнинг тасодиф эмаслиги тўғрисидаги фикримизни яна бир карра тасдиқлайди.

Масалан, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари мансуб бўлган ва ўзи муайян даврда ғоявий раҳнамолик қилган жавонмардийлик тариқатининг дастуриламал рисоласи бўлмиш “Футувватномаи султоний” асарининг “Кураш тушувчилар” бобида биз Абу Наср Форобийнинг Афлотундан келтирган юқоридаги иқтибосига мутлақо монанд қарашларни ўқиймиз: “Агар курашнинг маъноси нима деб сўрасалар, жавоб бериб айтгилки, бунинг маъноси одамзод хилқатидан келиб чиқади. Чунки одамзод ўз аҳлоқини ўзгартириб боради, яъни ҳулқ-атвори яхшилик томон ўзгариши керак. Одамда мақбул ва номақбул аҳлоқий сифатлар орасида доимий кураш боради, яъни ҳар бир сифат ўзига қарши сифатни дафъ қилади. Кураш инсон хилқатидаги шу хусусиятни ифодалайди”. Биз Афлотуннинг юқоридаги фикрлари билан “Футувватномаи султоний”нинг ушбу сатрларини муқояса қилиб кўрсак жавонмардийлик тариқатининг ўзи ҳеч бир иккиланишларсиз юнон фалсафасидан мутаассир эканлигининг гувоҳи бўламиз.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари қарашларининг Афлотун ва бошқа юнон файласуфлари ижодидан баҳраварлигини тасдиқлайдиган жиҳатнинг бир қирраси Паҳлавон Маҳмуднинг биз юқорида қайд қилиб ўтган “Шоҳ” ва “Дарвеш”лик масаласидан фарқли ўлароқ, буюк шоиримизнинг дунёвий шоҳликка мутлақо оқилона ва муайянлик касб этадиган даражадаги қарашидан иборатдир. Рубоий:

Май бирла қадаҳ, қадаҳ сафо бирла ҳаёт,
Дарё дур ила, дур-чи баҳо бирла ҳаёт.
Давлат ила ҳалқ бир-бирига чамбарчас,
Подшоҳ биз ила, биз подшоҳ бирла ҳаёт.

Унинг ижтимоий-маънавий жиҳатдан ҳалқ оммасини етук қилиб тарбиялаш масаласига асосий диққат-эьтиборини қаратганлигини таъкидлашимиз жоиздир. “Бу ишқ ғариб танимдаги жон бўлғай, Дард чекса киши ахийри инсон бўлғай”, деб хитоб қилган Паҳлавон Маҳмуднинг яна бир устози Шайх Нажмиддин Кубро. Дарҳақиқат, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг бутун ҳаёти, бутун ижодида, аслида, одамдаги одамийлик ҳислатларини етук даражага етказишга бағишланган эмасмиди, ўзи. Паҳлавон Маҳмуд бу масалада биз юқорида айтиб ўтганимиз шоҳлик масаласини ҳам, гарчи бу масаланинг муҳимлигини эътироф қилса ҳамки, одамийлик масаласидан асло ва асло афзал кўрмайди. Рубоий:

Муртад била гоҳида не тонг, обид тенг,
Не топса камол ва бўлса не нобуд – тенг.
Дунё ишини яхши-ёмон деб айтма,
Оқил назаринда тахт билан тобут тенг.

Шоир бу йўналишдаги фикрини давом қилдириб, подшоҳнинг вазифаси ҳалқ ҳизматкори бўлиш, деган масалани илгари суради, рубоий:

Шоҳлик сўрасанг, ғариб, гадо бўлмоқ шарт,
Хешга ёт, элга ошно бўмоқ шарт.
Тож мисли сени бошга кўтарганларнинг
Қўлларин ўпмак, ҳокипо бўлмоқ шарт.

Паҳлавон Маҳмуд меросини Форобий ҳазратларининг юнон файласуфлари қарашларига шарҳлари орқали қолдирган мероси билан муқояса қилар эканмиз, улардаги ислом дини арконида ҳам қарор топган жиҳатлар билан ҳамоҳангликларни кузатиб, умуминсоний тамойилларнинг барча маконлар ва барча замонлар учун муштарак томонлари кўплигидан маънавий қаноатланиш ҳиссини туямиз. Форобий ҳазратлари ёзади: “Афлотун айтадики, балоғатга етгандан сўнг ва бу иш насиб этганда, қонунлар яратувчисининг мақсади худо йўлида жасурлик, буюкликка эришиш, нариги дунёда яхши мукофот олишга, интилиш бўлиши зарур…”

Форобий талқинидаги юнон файласуфлари қарашларида умум инсоний тамойилларнинг “қонун чиқарувчилар” фаолиятлари туфайли барқарорлашуви баён этилиб, бу “қонун чиқарувчи”лар ўзларининг реал мазмунларидан ташқари муайян маънода бир мажоз вазифасини ўтасалар, Паҳлавон Маҳмуд ижодида бу мажоз ўрнини, тадрижий тафаккур тараққиёти шарофатидан, мутлақо бир табиий равишда Ҳақнинг жамоли эгаллайди. Бу жамолнинг мўътабарлиги шу даражадаки, у юнон файласуфлари кўрсатиб бериб кетган “нариги дунё мукофоти”дан бениҳоя устундир ва бу жамолга эришув учун кўрсатиладиган саъй-ҳаракат салмоғининг моҳияти тамом ўзгачадир. Рубоий:

Ёдинг ила ҳар даму, ҳар он тоза бўлур,
Тонг ели эсар ва гулситон тоза бўлур.
Байрам каби дийдамда экан дийдоринг,
Хотир хушу, дил хурраму, жон тоза бўлур.

Шундай дийдорга, Ҳақ васлига эришмакни хаёл қилиб яшаган ҳар бир одам бу борлиқнинг жавҳарига дўнади, жаҳондан маъно изламайди, балки унинг ўзи жаҳоннинг мазмунига, моҳиятига айланади. Рубоий:

Рўй берди жаҳон, жаҳон ўзинг, рўй ўзинг.
Дарёдир ақл оққан узун ўй ўзинг.
Шабнам каби баргда бесамар милтирама,
Гул бу ўзинг, гулдаги хуш бўй ўзинг.

Бироқ шу жиҳатга алоҳида урғу бериш зарурдирки, Паҳлавон Маҳмуд ҳам ўз талқинидаги бундай инсоннинг камолоти ўз-ўзидан юз бермаслигини англайди, англайдигина эмас, бундай камолотга эришув риёзатини улуғлайди, тарғиб этади, рубоий:

Дарёдаги сув кўзимдаги намдандир,
Дунёдаги бор аланга сийнамдандир.
Ишлайди кулол, бу кўҳна дўстлар ҳоки,
Ўт, сув ила мавжуд хазинамдандир.

Биз Паҳавон Маҳмуднинг шахс камолотига бағишланган рубоийларини мутолаа қилар эканмиз, уларда бу камолотга эришув машаққатларининг тафсилотларига бағишланган руҳий таҳлиллар мажмуасини кузатамизки, бу ҳам шоир ижодига Форобий қарашлари таъсиридан холи бўлмаган жиҳатлардан биридир.
Форобий ёзади: “Афлотун эзгулик, яхшиликларни икки турга бўлади ва уларнинг қайси бирлари инсоний, қайси бирлари илоҳий эканлигини тушунтиради. Илоҳий яхшилик инсоний яхшиликка таъсир ўтказади…”

Тасаввуф шеъриятининг, хусусан, жавонмардийлик ғояларини ўзига асос қилиб олган Паҳлавон Маҳмуд шеъриятининг мағзини ана шу фазилат ташкил этади. Илоҳий тарбия воситасида инсоний хислатларни шакллантириш ва камол топтириш ғояси, айтиш мумкинки, Паҳлавон Маҳмуд қаламига мансуб ҳар бир мисрада барқ уриб туради. Шоирнинг лирик қаҳрамони кишиларда инсоний фазилатларни тарбия топтиришда ҳар қандай бошқа манфаатлардан юз ўгиради, унинг учун барча фазилатлар Ҳақ дийдорига восил бўлингачгина одамзод руҳида пайдо бўлади ва барқарорлашади. Шунинг учун ҳам бошқача манфаатларни кўзлаб ҳаёт кечираётганлар Паҳлавон Маҳмуднинг “мен”ига бегона, рубоий:

Сочмоққа илоҳий дурни, бил, шайман мен,
Бағрим ўйилиб, ишим фиғон найман мен.
Нақд мулкни санаб кўрганида инсонлар,
Заррача ҳам ҳисобга кирмайман мен.

Шоирнинг қаттиқ ишонишича, ҳар бир одам маънавий жиҳатдан етук бўлиши учун “Бағри ўйилиб фиғон тортаётган най”нинг машаққатини чекиб кўрмоғи зарур. Ана шундагина у ўзининг ҳаётдан кўзлаган илоҳий ва инсоний мақсадига эришади.

Паҳлавон Маҳмуднинг уқтиришича, на илоҳий, на инсоний тарбия осонлик билан кечмайди. Бу ҳар икки хил тарбия, аслан, муштаракдир ва уларни бир-биридан айру тасаввур қилмоқ ҳар иккала тарбиянинг ҳам моҳиятини англамаслик демакдир. Масалан, шоир:

Ҳар кимки сени билса у жондин кечади,
Фарзанду аёл ва хонумондин кечади,
Девонаю дарбадар бўлар кўйингда,
Девона, ахир, икки жаҳондин кечади,

– деб хитоб қилар экан, бу ҳолда “илоҳий тарбия, дейлик, инсоний тарбияни, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, оилавий тарбияни инкор қилар экан-да”, деган хашаки фикрга боришдан ўзимизни эҳтиёт қилишимиз керак. Биз бундай вазиятда шоир қўллаётган воситаларни ўзига хос бир ижодий услуб деб қарашимиз лозим бўлади. Энг муқаддас тушунчаларнинг тафаккур учун таянч восита қилиб олинаётганлигини фаҳм этишимиз тақозо қилинади. Шоир мана шу “фарзанду аёл ва хонумон” мажозини бошқа вазиятда, яъни инсоний тарбияни тарғиб қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ҳолларда мутлақ бошқача бир тарзда қўллайди:

Сўзимни эшит, ки мард агар бўлсанг чин,
Кўзла мудом аҳли аёлинг тинчин.
Девордан ошиб ўтса агар шохлари,
Дарахтга қўл узатгай ҳар ўткинчи.

Форобийнинг қаламига мансуб китобда Афлотундан тағин мана шундай иқтибос мавжуд: “Агар илоҳий эзгуликлар, яхшиликлар ўзлаштирилса, у ҳолда инсоний яхшиликлар ҳам ўзлаштирилади, фақат инсонийлар ўзлаштирилганда (яхшиликларни) бой бериб қўйиш мумкин”.

Абу Наср Фаробий ўзининг юнонистонлик устози қарашларидан мутаассир бўлиб берган сабоқларининг баракали таъсири Паҳлавон Маҳмуднинг, хусусан, муҳаббат мавзусидаги рубоийларида ёрқин кузатилади. Чунки юнонистонлик олимнинг бу қарашларида тасаввуф шеъриятининг илоҳий оҳангларида тараннум қилинганда Оллоҳга бўлган муҳаббатнинг инсоннинг инсонга, бўлган муҳаббати билан уйғунлаштириб юборилиши Афлотуннинг Абу Наср Форобий талқинидаги юқоридаги кўрсатмаси билан ҳамоҳангдир, Эҳтимол юнон олими бу жиҳатдан бизнинг улуғ сиймоларимиз қарашларига Абу Наср Форобий ҳазратлари воситачилигида баракали таьсир ҳам кўрсатгандир. Гарчи бу мавзуда фикримизга далил қилиб мумтоз адабиётимизнинг салмоқли бир қисмини, қанча-қанча минглаб мисраларни келтириш мумкин бўлса-да, биз ҳозир фақатгина Паҳлавон Маҳмуднинг битта рубоийси билан кифояланамиз, рубоий:

Устимга улуғ сафар либосин ёпдим,
Манзиллар аро кўп югуриб, кўп чопдим.
Беҳишт каби тўхтов эди ҳар дил менга,
Ҳар дилда, не бахт, фақат ўзингни топдим.

Паҳлавон Маҳмуд ўз рубоийларида илоҳий тарбиянинг ва унинг воситасидаги инсоний тарбиянинг-да осон кечмаслигини теран бир руҳшунос ҳамда шоирга хос бўлган улкан маҳорат билан кўрсатиб беради. Шоир дейлик, рубоий:

Мен қилдиму тавба, бўлди гоҳ ғам чил-чил,
Чун, берди азоб, дардима барҳам чил-чил.
Тавбамга тегиб бўлди қадаҳ чил-чил гоҳ,
Гоҳ, тегди қадаҳга, бўлди тавбам чил-чил.

Ёхуд:

Мен бир умр ишқнинг бегонасиман,
Ақлнинг ҳамроҳиман, ҳамхонасиман,
Дейману, лек ул парирў менга томон,
Юрса тамом… мен яна девонасиман,

– деб рубоийлар битар экан, ҳар бир инсон учун тавба-тазарру нақадар муҳимлигининг, бироқ инсонни руҳан поклантиргувчи бу илоҳий ҳамда инсоний тадбирни амалга ошириш, бунга маънан эришмакнинг нақадар машаққатли эканлигини инсон дилида мустаҳкам ишонч уйғотадиган бўёқларда ёрқин қилиб тасвирлаб беради, қусурлардан фориғ бўлишнинг осон кечмаслигидан куюнади. Паҳлавон Маҳмуд талқинича, инсоний фазилатларга эришмакнинг ягона йўли бу Ҳақни таниб, эътиқод нури ёритган йўлдан эзгулик манзили сари юрмоқ ва мана шу йўлга монанд инсоний фазилатларга эришмоқдир, рубоий:

Хислат беру, ё раб, юрагим шод айла,
Қилди хароб гуноҳ, сен обод айла.
Идрок эта олмай сени бир кетгандим,
Келдим яна қайтиб, мени озод айла.

Юнон файласуфларининг Форобий ҳазратлари тавсифидаги баркамол шахслар учун ўзларини озод ҳис қилиш, қуллар, плебейлар тарзида эмас, тенг ҳуқуқли фуқаро, “демос” тарзида эътироф қилинишини исташлар ва ана шу камолот йўлида ҳаёт кечиришлари масаласини Паҳлавон Маҳмуд Афлотуннинг илоҳий ва инсоний тарбиянинг муштараклиги зарурати ҳақидаги фикридан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир инсоннинг ҲАҚНИ ТАНИШИ ва шунга монанд ҳаёт кечириши орқалигина ҳал қилиш мумкин, деган бадиий-фалсафий хулосага келади. Шоир ўзининг бу хулосасини инсон руҳининг турли қирраларини кашф этишга бағишланган рубоийлари билан мустаҳкамлайди, рубоий:

Бир бурда кифоя, мардга кўп нон не керак,
Дарёдан оқар сув, ана, ризвон не керак,
Ўз қўли бор, айт, не керак хизматкор,
Ўз дили бор, айт, унга султон не керак.

Биз Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг тасаввуф пешвоси эканлигини назарда тутиб, бу жиҳатнинг Форобий ҳазратлари талқин ва таржималаридаги юнон файласуфларининг қарашлари билан уйғунлик даражасига ҳам эътиборимизни қаратмасдан ўтолмаймиз. Маълумки, тасаввуф тарихидан кимни ҳақиқий сўфий деб тан олиш кераклиги билан боғлиқ муаммолар салмоқли ўрин тутган. Бунинг боиси тасаввуфий қарашларнинг мураккаб ва ҳатто чигаллиги билангина боғлиқ бўлиб қолмасдан, айни вақтда сўфийлик тариқатларига мансуб кишиларнинг, ижтимоий-аҳлоқий қиёфалари мезонини белгилаш масалаларига ҳам бориб тақалади. Буюк сўфийларимиз ўзларини элдан юқори тутмаган ҳолда ўзларининг айрича бир сулукка, маънавий фалсафий жиҳатдан алоҳида бир йўлга мансубликларини ва ўзлари учун афзал саналган ана шу йўлдан бошқаларни бошлаб бориш ўзларининг илоҳий вазифалари эканлигини эътироф этиб фаолият кўрсатганлар. Форобий ҳазратлари талқин ва таҳлилидаги юнон файласуфларининг қарашлари билан сўфийлик тарихидаги бу жиҳатни солиштириб кўрганимизда, тасаввуфнинг тадрижий тараққиёти тарихи ўз илдизларини умуминсоний маънавият тарихининг, шу жумладан, юнон файласуфлари дунёқарашларининг ажиб фазилатларидан бошлаганлигига гувоҳ бўламиз.

Маълумки, тасаввуф тарихида ҳар бир одамнинг сўфийлик даражасини белгилаш масаласи охир-оқибатда фақатгина гўзал фикрлашга эмас, балки ўзининг гўзал фикрларини гўзал амаллар билан мустаҳкамлаб, фаол ҳаёт кечиришига боғлиқ бўлган.

Бу масаланинг юнон фалсафасидаги жиҳатларини ўйласак беихтиёр Афлотуннинг қонунлар ҳақидаги мулоҳазалари ёдга келади. Афлотун қонунлар ҳақида фикрлаётиб, жамиятнинг ижтимоий дастуриламаллар асосида ҳаёт кечиришидаги интизомлар мажмуасини кўзда тутади ва шундай деб ёзади: “Хоҳиш билдирганларнинг ҳаммаси ҳам соҳиби қонун бўла олмайди, қонунларни тузишга яралганларгина соҳиби қонун бўлишлари мумкин”.

Биз бу ўринда Афлотун баён этган “соҳиби қонун”лар билан муқояса қилишимиз керак бўлган машриқ сиймолари, ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, сўфийлар эдилар. Негаки, улар тариқат йўллари, шариат арконларининг ақл билан ростланган устунларини туйғулар ёрдамида мустаҳкамлашни муборак мақсад қилиб ҳаёт кечирар эканлар, ўз яшаш қоидаларини биз бугун умуминсоний қадриятлар деб атайдиган маънавий талаблар асосида олиб борганлар. Бу талаблар эса, ўз навбатида, исломий жамиятнинг ўзига хос тирикчилик қонунлари эди.

Паҳлавон Маҳмуд ўзининг кишилик жамиятининг мазкур жиҳатлари билан боғлиқ қарашларини аввало шоҳларнинг фаолият мезонини белгилаш воситасида ифода қилади, рубоий:

Шоҳлик тиласанг ғариб, гадо бўлмоқ шарт,
Хешга ёт, элга ошино бўлмоқ шарт.
Тож мисли сени бошга кўтарганларнинг,
Қўлларин ўпмак, хокипо бўлмоқ шарт.

“Фуқаро” сўзининг ўзагини “фақир” сўзи ташкил этади. Паҳлавон Маҳмуднинг юқоридаги мисраларидан шуни яққол англаш мумкинки, “шоҳлик” ва “фақирлик” булар бир-бирлари билан чамбарчас боғлиқ жиҳатлардир. Ҳар бир шоҳ, ҳар бир қонунни жорий қилиш орқали кишилик жамиятини бошқаришни ўз зиммасига олган киши фақирликни аввало ўзидан бошламоғи керак. Бинобарин, сўфийликнинг мағзини ташкил қиладиган илм ва амал чамбарчаслиги масаласи аввало қонун илмидан бошланмоғи даркор ва бу жиҳатдан қонунни бузган соҳиби қонун, Паҳлавон Маҳмуд қарашича, ўз илмига амал қилмайдиган, ўз маслагига монанд ҳаёт кечирмайдиган сўфийга ўхшайди. Шоир шуни алоҳида уқтирадики, оддий фуқаро қонунга риоя қилмаган тақдирда бунга чидаш мумкин, уни тарбиялаш орқали бу муаммони бартараф қилса бўлади. Бироқ, соҳиби қонуннинг ўзи томонидан қонун бузилиши ёвуз иллатларни келтириб чиқаради. Шоир ўзининг бу фикрини “Ой бўлса ярим, бир куни албат тўлғай, Нурни йўқотса кун — ёмон зулмат бу”, деб асослайди.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг шу фикрлари ҳамоҳанг бўлган Афлотун қарашларини Абу Наср Форобий ҳазратлари қуйидагича иқтибос қилади: “Афлотун соҳиби қонун биринчидан, қонунларни жорий қила олиши, иккинчидан фармон беришни билиши зарур, дейди. Агар у ўзи буюрган нарсага ўзи амал қилмаса, у ҳолда унинг кўрсатмалари қонуний кучга эга бўлмайди ва унинг сўзлари қўл остидагиларга таъсир этмайди”.
Шу ўринда юнон алломасининг қарашлари, тўғрироғи, бу қарашларни баён қилишдаги келтирган мажози билан Паҳлавон Маҳмуднинг бир рубоийсидаги чамбарчас боғлиқликни ҳам эслаб ўтиш жоиздир. Абу Наср Форобий ёзади: “…шу муносабат билан Афлотун ҳокимлари ва бошлиқлари ўзларига ўхшаб ичиб юрувчилар бўлган маст-аластларни мисол қилиб келтиради. Уларнинг бошқаруви ҳам ўзларига монанд. Маст-аластларни бошқариш учун зеҳн, билим ва ҳушёрликда ниҳоятда ўткир бўлиш керак…

Афлотoун айтганидек, соҳиби қонун оддий одамлар каби жоҳил бўлса, у одамларга наф келтирадиган қонунни жорий эта олмайди”.
Паҳлавон Маҳмуд ўзининг бир рубоийсида:

Бодаи лаъл бирла тиниқ гавҳаримиз,
Басма-бас ичдик, дод деди соғаримиз.
Билмадик ҳеч, май устида бизми бугун,
Кетдикми қолиб май тагида ё баримиз?

Дарҳақиқат, агар шоҳ тожидаги гавҳар “бодаи лаъл” бирла “тиниқ” бўладиган ҳамда соғар “дод” дейдиган даражада тинимсиз ичиладиган бўлса, у ҳолда мамлакатнинг шоҳу гадоси “май тагида қолиши”дан ажабланмаса ҳам бўлади. Бундан мамлакатда илмига амал қилмайдиган олимлар кўпаяди ва халқ oддий неъматдан ҳам маҳрум бўлиб қолади, бундай диёр тузи йўқ туздонга ўхшайди, рубоий:

Етти қат ер қаърида, осмонда туз,
Туз тўла сайёра… ҳам уммонда туз.
Кўзларимда кўз ёшим туздир, оқар,
Не учун йўқ деб-ки, бу туздонда туз.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг рубоийларидан шундай ҳикмат келиб чиқадики, бунда ҳар бир қонун соҳиби чароғдонга ўхшайди, ундаги илм бўлса чироқдир. Сўфи ҳам шундай, Агар сўфий ўзидаги илм ва амални худди чароғдон чироқни шамоллардан муҳофаза қилиб ўчирмай тургани каби, заволлардан ҳимоя қила олмаса, унинг илмидан, унинг нуридан ҳеч бир манфаат йўқдир. Рубоий:

Токи туғилиб яшаш учун шайланамиз,
Минг орзу-умид, хаёлга биз бойланамиз.
Осмон бу чароғдону, чироқдир офтоб.
Биз эса савр каби секин айланамиз.

Шоир рубоийсидан шуниси аён бўладики, чироқ ва чироқдондан иборат фонус ёқилиб қўйилган жойдаги тегирмон атрофида айланаётган ҳўкиз мазкур чироқнинг нуридан қай даражада бебаҳра бўлса, жоҳил одамлар ҳам илм-маърифатдан баҳраманд бўлишдан, тариқатдан ёҳуд фуқаролар оқил бўлишмаса, ўз навбатида, улар ҳам доно қонунларга итоат қилиб, инсоний умр кечиришдан шу қадар наф ола билмайдилар. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари бундай номавзунликни фалакдаги илоҳий бир бузилишлар билан қиёслайди, шунинг учун ҳам у юқоридаги хислатларни луғавий жиҳатдан ҳўкиз маъносини билдиргувчи Савр буржи билан ва, умуман, қуёш атрофида турли буржлар орқали айланаётган нурсиз ер билан қиёслайди. Маърифатнинг шунчаки тирикчилик ўтказишнинг эмас, балки инсонларга муносиб ,ҳаёт кечирмоқнинг илоҳий бир неъмат эканлигини бетимсол бир бадиий маҳорат билан уқтиради.

Шоиримиз ўзининг бу борадаги мулоҳазаларига хулоса ясаётиб, қонунларга итоат қилгувчилар ва қонун соҳиблари, тариқат ва тариқат аҳли одобидаги мавзунликлар ҳақида ғаройиб мисралар битади. Паҳлавон Маҳмуд фикрича, инсонларга хос ҳаёт кечириш муаммоси ҳар бир муносиб инсондан муттасил безовталикни талаб қилади. Ҳар бир фуқаро, ҳар бир тафаккур кишиси бир лаҳза бўлсин фикрлашдан тўхтаса, хотиржамликка, маьнавий танбалликка берилса, ҳаёт кечирмасдан, шунчаки бир тирикчилик ўтказа бошласа, Паҳлавон Маҳмуд фикрича, бундай одам одам деб аталишга нолойиқдир, рубоий:

Ўткинчи бу оламда киши хуррам эмас,
Йўқки биров, кўнгли унинг беғам эмас.
Шод бўлса бу оламда бирон одам агар,
Бил бу иков на олам, на одам эмас.

Биз бу ўринда, албатта, Форобий ҳазратлари талқин ва таржимасидаги юнон файласуфлари, хусусан, Афлотуннинг жамиятни бошқаришдаги қонун соҳиблари ҳамда фуқаро ўртасидаги ўзаро боғлиқликлар билан сўфийлик тариқати ҳамда унга эргашиб ҳаёт кечиргувчилар, пийр ҳамда муридлар муносабатларидан айният келтириб чиқариш фикридан йироқдирмиз. Бироқ, Абу Наср Форобийдек аллома ҳамда Паҳлавон Маҳмуддек шоиримиз қарашларида шу қадар кучли муштаракликлар мавжуд экан, мазкур муштаракликлар таъсир ва мутаассирликдан холи деб айтишга мутлақо ҳақли эмасмиз.

ИККИНЧИ МУАЛЛИМ САБОҚЛАРИ

http://www.dreamstime.com/royalty-free-stock-photo-monochrome-oriental-ornament-illustration-vector-format-image55095885Паҳлавон Маҳмуднинг шундай бир рубоийси бор:

Ақлнинг маъниси не, менга де, дедим.
Ё шаъм, ё чақмоқ ёки парвона деди.
Дунёга умид боғласа кимки не дедим,
Ё маст, ё аҳмоқ ёки девона, деди.

Бу рубоийни мутолаа қилаётиб, ёдимга Форобийнинг “Ундан сўрадилар”,“У айтди” қабилидаги ифода услуби тушди. Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидаги жиҳатларни Форобий китоблари мутолаасидан олганим таассуротлар билан муқояса қила бошладим.

Савол пайдо бўлади: “Паҳлавон Маҳмуд юнонистонлик уламолар ижодидан қай йўсинда ҳабардор бўлиши мумкин? Афина қаёқда-ю, Хива қаёқда?”

Биз бу ўринда мантиқ тақозосига кўра, биринчи – Арастудан кейинги “Иккиичи муаллим” – Форобийнинг меросига эътибор қаратишимиз керак бўлади.

Ақадемик Музаффар Хайруллаев таъкидлаганидек, “Форобийнинг ўрта аср илғор фикри тараққиётидаги ўрни ва ролини таърифлаганда аввало унинг қадимги юнон олимлари асарларини таржима қилганлигини ва уларга ёзган шарҳларининг аҳамиятини кўрсатиб ўтиш лозим. Форобий Эллин донишмандлигининг чуқур билимдони эди. У Платон, Аристотел, Эпикур, Зенон, Александр, Афродизий, Авқлид, Птоломей, Порфирий асарларига шарҳлар ёзган…”
Шунга кўра, Паҳлавон Маҳмуд:

Кўп менда савол, энди жавоб ким қилғай?
Кўп менда гуноҳ, энди савоб ким қилғай?
Қайдаки хоки пок, тавоф қилдим мен,
Хокимни менинг энди тавоф ким қилғай,

– деганда, гўрпарастлик учун эмас, балки аждодлар тафаккур меросининг моҳиятига бориб етиш ниятида бир умр риёзат чекканлигининг гувоҳи бўламиз.

Масалан: юнон файласуфларидан олган баракали сабоқларига таяниб, Абу Наср Форобий айтади:
“Фалсафада қўлланиладиган масалаларни ўрганиш мумкин бўлган китобларга келганимизда, уларнинг баъзилари халқ ахлоқини тузатиш, баъзилари шаҳарни бошқариш, баъзилари эса уйни бошақариш ҳақида баён қилади…”

Паҳлавон Маҳмуд шеъриятида ҳар учала жиҳат ҳам шу даражада теран бадиий таҳлил қилинганки, мазкур таҳлилларда юнон файласуфларининг Форобий талқинидаги сабоқлари яққол намоён бўлади.
“Шаҳарни бошқариш” деганда юнон файласуфлари муайян шаҳарнигина бошқаришни эмас, балки, умуман, инсониятни бошқаришни назарда тутганларки, бу ҳақда Абу Наср Форобий ўзининг “Буюк кишиларнинг нақллари” китобида айтади: “Уламолар щаҳар ва хонадон ҳақида гапирганларида фақат ана шу шаҳар ва хонадонни кўзда тутмайдилар. Масалан, хонадон ҳақида сўз борганида унинг ер остида ёки ер устида жойлашганини унинг лойданми, ёғочданми, териданми, жунданми ёки бошқа бир нарсадан қурилганлигини эьтиборга олиб гапириб қолмай, балки унинг ичида инсон яшаши, у инсон учун қурилганлигини ҳам эътиборга олиб гапирадилар”.

Паҳлавон Маҳмуд бу мавзуда фикрлар экан, инсон учун бирламчи уй бу унинг вужуди эканлигини таъкид этади. Вужуд уйида инсоннинг руҳи истиқомат қилади.
Шунинг учун ҳам бу “уй” илк дафъа бино бўлган дамлардан бошлабоқ ўзининг мўътабар вазифасини адо этишга киришади ва ўзининг мазкур бурчини сўнгги дамгача бажариб яшайди. Рубоий:

Кун-кундан эсар, ваҳки, нетай, ел қаттиқ,
Ҳолимга менинг фиғон қилар эл қаттиқ.
Кўз ёш аямай вужудни, чун, ювмоқда,
Девор гувала, келар, мана сел қаттиқ.

Бироқ бу жиҳат Паҳлавон Маҳмуд маиший турмуш билан боғлиқ жиҳатларни эътибордан соқит қилиб ижод этган, деган маънони билдирмайди. Юнон файласуфларининг Форобий талқинидаги уйни бошқариш кўрсатмалари орқали инсоният ҳаётига интизом бахш этиш масаласи ҳам Паҳлавон Маҳмуд қаламида ўзига хос бир ёғду таратган. Шоир ижодида мазкур оҳанг энг жўн эр-хотин масаласидан тортиб, мураккаб тафаккур қирраларини ўзига хос сўз тасвирига жо қилишгача бир кўламни қамраб олгандир. Шоирнинг рубоийларида фалсафий-тасаввуфий маънодаги девонавор ишқ-муҳаббатдан фарқли ўлароқ, уй-рўзғор, мамлакатнинг кичик бир инъикоси бўлган хонадон билан боғлиқ ҳаётий муҳаббат бошқача тароналарда жаранглайди. Лирик қаҳрамон оилага қўйиладиган талабларни қаттиқлаштиради, унга исломий тамойиллар нуқтаи назаридан, мутлақо рационал ёндашади. Рубоий:

Қилмаки дарбадар, сен эр бўлсанг чин,
Кўзла мудом, аҳли аёлинг тинчин.
Девордан ошиб ўтса агар шохлари
Бил, мевага қўл узатгай ҳар ўткинчи.

Паҳлавон Маҳмуд бошқа рубоийларида бу мавзуни яна ҳам чуқурлаштиради, унга яна ҳам қатъиятли оҳанг беради.

Ҳазрати Форобий қаламига, бинобарин, Паҳлавон Маҳмуд ижодига ҳам муайян маънода таъсир кўрсатган юнон файласуфларининг бу борадаги қарашлари қаттиқ талабчанлик руҳи билан суғорилган эди. Суқротнинг “Ўйлаб-нетиб ўтирмай уйлан. Хотининг яхши чиқса-ку хўп-хўп, ёмон чиқса файласуф бўласан”, деган аччиқ кесатиғида теран маъно бор эди.

Файласуф бўлиш демак, дунё ташвишларидан узлатга чекиниш, руҳий мазмунда улардан баландроқ туриш демакдир. Паҳлавон Маҳмуд эса оилани жамиятнинг ўзига хос бир Ичонқалъаси деб тушунар, уни кўз қорачиғидек асраш тарафдори эди. У буюк Сўфий шоир сифатида оиладан фақат Оллоҳни баланд қўярди. Рубоий:

Ҳар кимки Сени билса, у жондан кечади.
Фарзанду аёл ва хонумондан кечади.
Девона дарбадар бўлар кўйингда,
Девона ахир, икки жаҳондин кечади.

Паҳлавон Маҳмуднинг фақат Оллоҳ йўлидагина “фарзанду аёл ва хонумондан кечиш” мумкинлигини кўндаланг қўйишининг ўзиёқ унинг оилага нақадар жиддий муносабатда бўлганлигини, бу борада у Форобий таъсири остида юнон файласуфларидан ҳам баҳраманд бўлганлигини кўрсатади. Ўз даврида Афлотун ёзган эдики: “Ҳар қандай никоҳ устидан бир нарса амр қилиб турмоғи керак: ҳар бир одам ўз ҳузур-ҳаловати учунгина эмас, балки давлат манфаатларини ҳам кўзлаган ҳолда никоҳдан ўтмоғи лозим”. Паҳлавон Маҳмуд ўз буюк салафларининг бундай ўгитларини ўзи учун дастуриламал деб билди. Бу қарашларини ўз даврига хос бўлган, ўзи эътиқод қўйган исломий қарашлар билан бойитган бир ҳолда тарғиб қилди. Рубоий:

Зан бўлса ёмон, бўл-ки, йироқ яхшидир,
Ул занга, ки, Балх, сенга Ироқ яхшидир.
Берма хотунга нон, либосдин ўзга,
Бермоқ тиласанг, унда… талоқ яхшидир.

Яна:

Май бирла қадаҳ, қадаҳ сафо бирла ҳаёт,
Дарё дур ила, дур ки, баҳо бирла ҳаёт.
Давлат ила халқ бир-бирига чамбарчас,
Подшоҳ биз ила, биз подишо бирла ҳаёт.

Бу ўринда Паҳлавон Маҳмуднинг “подшоҳ” сўзи замирида давлатни кўзда тутганлигини ўйласак, шоиримизнинг Афлотун билан нақадар ҳамфикр бўлганлигини англаймиз. Паҳлавон Маҳмуд ҳатто тасаввуфий маънодаги Оллоҳ ишқи билан маст одамнинг ҳам оила ташвишларини унутиб қўймаслигини жоиз деб билганлигини шоир рубоийларидан идрок этиб турамиз.

Чунки, шоир қарашича, уй-рўзғор, хонадон, ҳар бир инсонни ҳам фалсафий, ҳам маиший маънода бало-қазолардан асраб турадиган ўзига хос бир қўрғондир. Рубоий:

Осмонга ҳилол мангуга ботмас, қайтгай,
Шунқор ўзини мисли ўқ, отмас, қайтгай.
Кўзларима кўзлари қайтгай бир кун,
Сармаст киши ҳам уйни йўқотмас, қайтгай.

Юнонларнинг кишилик жамиятини шаҳар-давлатлар тимсолида ифода этиши ҳам Паҳлавон Маҳмуд ўз рубоийларида бевосита шаҳар мавзусини тилга олмаса ҳам, оммани бошқариш санъати, рубоий:

Шоҳлик тиласанг ғариб, гадо бўлмоқ шарт,
Ўзни қўй, элга ошино бўлмоқ шарт.
Тож мисли сени бошга кўтарганларнинг
Қўлларин ўпмоқ, ҳокипо бўлмоқ шарт;

эл-юрт учун қайғуриш масьулиятидан қочмаслик мавзуси, рубоий:

Йўлга қара! Йўлни кўрарлар кетди,
Бошла ўзинг, бошда юрарлар кетди.
Қавмингга бориб ҳолини сўр, қил йўқлов,
Йўқлаб сени ҳолингни сўрарлар кетди;

раҳм шафқат, ҳукмдорларнинг адолати масалалари, рубоий:

Чанг солса ажал, йўқ сира дармон, ҳайҳот,
Тенг шоҳу гадо, айласа фармон, ҳайҳот.
Бошига етган эди шоҳ Кирмоннинг,
Шоҳнинг ўзини емоқда кирмон, ҳайҳот;

ўз аксини топганки, бу оҳангларнинг юнон файласуфлари ижодида батафсил тадқиқ қилинганлигига амин бўлиш учун мазкур асарларга енгил бир назар ташлаб қўйишнинг ўзи кифоя.
Паҳлавон Маҳмуднинг:

Йўлга назар солсанг агар, чеккил оҳ,
Юрганда ҳазир бўл, четида бордир чоҳ.
Очса эшик дўст санго ўз одамидек,
Ўз ҳаддини билсин кўнгилу кўз ва нигоҳ,

каби бир қатор рубоийларида Абу Наср Форобий томонидан “баъзилари (юнон олимлари назарда тутилади. – Муаллиф) уйни бошқариш ҳақида баён қилади” дейилган ахборотининг шоиримиз ижодида ҳам шарқона бир тарзда акс этганлигининг гувоҳи бўламиз.

Биз, шунингдек, жавонмардийлик илдизларини ҳам Абу Наср Форобий талқинидаги юнон файласуфлари тафаккурида кузатишимиз мумкин. Абу Наср Фаробий “Буюк кишиларнинг нақллари” китобида айтади: “Баъзан бир шаҳар бошлиқлари айтадиларки, бойлик яратишда бевосита иштирок эта олмайдиган заиф кишиларни ўз ҳолига ташлаб қўймасдан, уларга ҳам бойликдан бўлиб бериш керак… Илм аҳлига, руҳонийларга, заифларга бойликдан бўлиб беришда шароитга қараш керак…”

Рубоий:

Ҳақ дея жим тортса фиғон дўст чин дўст,
Қилғучи ибодатни ниҳон дўст, чин дўст.
Кўз-кўзлама ҳеч бергану олган нонинг,
Нон дўсти эмас, аслида, жон дўст чин дўст.

Паҳлавон Маҳмуд тафаккуридан шуниси аён бўладики, маънавият аҳли ҳам халқнинг ўзига хос жон дўстидир ва унга “нон дўсти” деб қараш маънавий кўрнамакликдир. Мана шу ўринда шоир ижтимоий адолат мавзусида ҳам Абу Наср Форобий билан муштарак фикрлайди. Форобий юнон алломаларининг сўзга муносабатлари тўғрисида тўхталар экан, шундай ёзади. “Очиқдан-очиқ ёлғонни исботлаш “Шеър ёзиш санъати” китобида ёритилади. Аралашма исботлашга келганимизда, уларнинг айримларида чин фикр қанча бўлса, ёлғони ҳам шунчадир. Айримларида ёлғон чинга нисбатан кўпроқдир, айримларида эса чин ёлғонга нисбатан кўпроқдир. Булардан ёлғоннинг чин билан баробарини “Риторика санъати” китобидан ўрганиш мумкин. Чиндан ёлғонни кам бўлганини “Баҳслашув ҳақида” китобидан ўрганиш мумкин. Ёлғоннинг чиндан кўп бўлгани “Софистика санъати ҳақида” китобида ёритилгандир…”

Паҳлавон Маҳмуднинг сўзга муносабати юксак илоҳий нуқтаи назардан келиб чиқиб шакллангандир. Бу шаклланиш жараёни, аввало, Паҳлавон Маҳмуд мансуб бўлган ислом эътиқоди туфайли, қолаверса, иккинчи муаллим бўлмиш Форобий ҳазратларининг юнон тафаккур бойликларини машриқлик маслакдошларига етказиш учун қилган баракали саъй-ҳаракатларининг самараси ўлароқ вужудга келган рисолаларидан олинган сабоқларга кўра мунозарали бир тарзда юз бергандир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоиздирки, юнонистонлик алломалар сўзни, асосан, кундалик маиший ҳаётда асқотадиган бир аслаҳа сифатида ишлатган ҳамда мазкур сўздан, вазиятга қараб, гоҳ рост, гоҳ росту ёлғон, гоҳида бўлса фақат ёлғонларни ишлатиб, ҳаёт кечиришни ўзларига эп кўрган бўлсалар, Паҳлавон Маҳмуд юнонистонлик салафларининг сўз юритиш маҳоратларини инобатга олган ҳолда, бу қудратли қуролга принципиал жиҳатидан мутлақо бошқача муносабатда бўлди. Паҳлавон Маҳмуднинг назарида сўз мўъжизаси буткул бир илоҳий мазмун касб этди. Шоир инсоннинг сўзга бўлган муносабатларини мутлақо илоҳий тамойиллардан келиб чиққан ҳолда белгилаш зарур, деган фикрда бўлди ва ўзининг бу маслагини оташин мисраларида ифода қилди. Рубоий:

Бердим қаламимга сўз, тилим лол этдим,
Орифману, кўнглимда ажиб ҳол этдим.
Сўз давлати султонлари таслим бўлди,
Бу мулкни тафаккур ила ишғол этдим.

Демак, Сўз – алоҳида бир мулк. Ва бу мулк нақадар илоҳий бўлмасин, у инсонга чекилган риёзатлар эвазигагина бўйсунадиган бир салтанат, “тафаккур ила ишғол қилинадиган” мамлакатдир.

Юнон файласуфлари, Форобийнинг ҳабар беришича, сўзда ёлғонни ҳам бир санъат сифатида қабул қилганлар. Паҳлавон Маҳмуд бўлса ўзининг неча ўн асрлаб муқаддам яшаб ўтган салафларидан тубдан тафовут қилароқ сўздаги ёлғонни аёвсиз бир нафрат билан таҳлил қилади, ёлғондаги ёвузлик моҳиятини юксак бир бадиий маҳорат билан очиб ташлайди. Рубоий:

Туҳмат бир исирға, биз уни… эп кўрамиз,
Қулоққа бир-бир тақамиз, зеб кўрамиз.
Ғам заҳрини ҳижрон қўлидан неча юрак,
Тотди… бу луқмани биз ҳам еб кўрамиз.

Ёлғоннинг касби-кори ана шундай ўртамизга нифоқ солиб, юракларни заҳарлашдир. Паҳлавон Маҳмуднинг уқтиришича, инсоний тафаккурнинг имконияти чеклангандир. Шунинг учун ҳам сўзга бино қўйиб, кибру ҳавога берилиш кечириб бўлмайдиган бир хатодир, гумроҳликдир. Гарчи, сўз бизни ҳайвондан фарқлайдиган муборак илоҳий бир неъмат бўлса ҳамки, бу табаррук туҳфа ҳаётдаги барча муаммоларни бартараф қила олмайди. Рубоий:

Бизга насиб адл ила инсоф ақл,
Бир телба учун оҳ неча минг соф ақл.
Қандай қутулай ўлимдан, айтолмайсиз,
Гарчи теварак ақл ва атроф ақл.

Паҳлавон Маҳмуднинг уқтиришича, гарчи сўзнинг имкони чекланган бўлса-да, бу чекланганликнинг, бу маҳдудликнинг аламини чилпарчин қилиб ташлайдиган бошқа имкон бордир-ки, бу ҳам бўлса сўз воситасида ана шу сўзни инсонга бахш этган Яратувчига ҳамду сано айтиш салоҳиятидир. Чунки, ана шу сўзнинг шарофати билан тавба-тазарру қилинади, ана шу сўз туфайли инсоннинг гуноҳлари афв этилади. Рубоий:

Ё Раб, назарингни қалбима жо қилдинг,
Афв айладингу, гуноҳни рўё қилдинг.
Фош этдинг-у қошимда не-не сирларни
Мадҳингда тилим булбулигўё қилдинг.

Шоиримиз юнонистонлик Биринчи муаллим Арасту ва унинг мусулмон шогирди бўлмиш Иккинчи муаллимнинг, яъни Форобийнинг фикрини бадиий тарзда ривожлантириб, шуни алоҳида. таъкидлайдики, агарчи сўзнинг илоҳий имконияти бу –Яратганга ҳамду сано айтиш бўлса ҳам, Оллоҳнинг инсонга сўзни туҳфа қилишдан муддаоси, албатта, ҳамду сано тинглаш эмас, балки, инсонни инсон тарзида баркамол оқил инсофу диёнатли, хуллас, комил бир тарзда кўришда эди. Шоир фикрича, бундай улуғ туҳфа, яъни сўз учун ва сўз туфайли эришиладиган фазилатлар учун миннатдорчилик қилишнинг биргина имконияти мавжуд, у ҳам бўлса, бахш этилган ҳаёт эвазига охир-оқибатда жон бахш этишдир. Рубоий:

Умринг бу – шараф, на шеър, на достон шартдир,
Бахтинг-да баланд, на арш, на осмон шартдир.
Сенга фидо қилгали бир жоним бор,
Йўлингга сенинг, аслида минг жон шартдир.

Шунинг учун ҳам Яратувчи туҳфа этган сўзга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлмоқ керак. Шоир шуни қайта ва қайта уқтирадики, инсон ўз қилмишларидан, камчиликлардан холи бўлиши учун нутқида нуқсонлардан қутулиб яшамоғи лозим. Ана шундагина у ўзига илоҳий салоҳият – нутқни ато қилган Яратгувчининг туҳфасига муносиб бўлади. Рубоий:

Нутқинг каби нутқ дунёда, эй дўст, йўқдир,
Қутлуғ бу каломда ҳеч каму кўст йўқдир,
Ёнғоқ-ку сўзинг, керакмас арчмоқ, чақмоқ
Ҳаммаси мағз унинг, пўчоқ-пўст йўқдир…

Паҳлавон Маҳмуднинг Форобий воситачилигида юнон фалсафий тафаккурининг жиҳатлари билан ошно бўлганлигини ҳамда маънавий жиҳатдан теран ўзлаштиргани бу жиҳатларни поэтик таҳлил “чиғириғидан” ўтказиб, бадиятнинг бебаҳо мулкига айлантирганини кузатиш шоиримиз ижодиётидан оладиган баҳрамизни яна ҳам теранлаштиради. Унга файз бахш этади. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг қалами файзиёб бўлган ана шундай жиҳатлардан бири – фалсафадир. Иккинчи муаллимнинг хабар беришича, “Фалсафани ўрганишдан олдга қўйилган мақсадга келганда, бу мақсад ягона ва ҳаракатсиз олий яратувчини билишдир. У барча нарсаларнинг ҳаракати сабабчисидир ва билими, одиллиги, сахийлиги туфайли бу оламни ҳаракатга солиб турувчидир. Файласуф нима қилмасин, ҳаммасини инсоний имконият даражасида шу яратувчига ўхшаш учун қилади…”

Тасаввуф бир азим дарахт. Унинг минг-минглаган илдизларидан бири, ажаб эмаски, яратганнинг инояти билан юнон фалсафасига бориб тақалган бўлса:

Дунё елади, тўхтаганин кам кўрдим,
Ҳар шодлигида, оҳ, неча минг ғам кўрдим.
Бу кўҳна работ ҳар ёғидан йўқликнинг
Даштига йўл кетганини ҳам кўрдим.

– деб ёзган эди Паҳлавон Маҳмуд.

Йўқлик бу – ўтмиш. Паҳлавон Маҳмуд мансуб бўлган бу “работ”, яъни замoнанинг ҳар ёғидан ўтмишга қараб кетган йўлларининг бири хивалик буюк аллома хаёлини Афинанинг олис мозийдаги тафаккур қасрларига Форобий раҳнамолигида бошлаб боргани, аён бўладики, эҳтимолга жуда яқиндир. “Ҳамма йўллар Римга элтади”, деган нақл бор мағрибда. Паҳлавон Маҳмуднинг тафаккур мулкида ҳамма йўллар одамни Ҳаққа элтади. Ҳақ йўлига элтадиган буюк йўлнинг бандаргоҳлари ана шу Ҳақ яратган ёруғ жаҳоннинг исталган нуқтасида бўлиши мумкинлигини биз Паҳлавон Маҳмуднинг тафаккур салтанатидан яққол илғаб оламиз.

Барча тафаккур ва фаолиятлар Ҳаққа олиб боради ва барча тафаккур ҳамда фаолиятлар ҳақдан ибтидоланади. Паҳлавон Маҳмуднинг ҳар бир рубоийсидан бу хулоса барқ уриб туради, десак муболаға бўлмас. Рубоий:

Ёдинг ила ҳар даму ҳар он тоза бўлур,
Тонг ели эсар ва гулситон тоза бўлур.
Байрам каби дийдамда экан дийдоринг.
Хотир хушу, дил хурраму, жон тоза бўлур.

Рубоий:

Оқ йўл сенга! Ишқинг мен учун жон бўлди,
Сен ҳақда хаёлим, маҳи тобон, бўлди.
Ҳақ соясисан, тушдинг, ахир бошимга,
Шу соя туфайли бошим осмон бўлди.

Яна рубоий:

Наздингда агар далда, агар Ҳақ бўлсин,
Сўз бир асос бирлаки барҳақ бўлсин.
Дўстлар дилида нася, саодат ҳижрон,
Дийдор билан ахийри у нақд бўлсин.

Ва, ниҳоят, рубоий:

Ё на қаро билан, на ё оқ била мен,
На шайх тарафда, на мурид ёқ била мен.
Пасту баланд, жаҳлу аламдан озод,
Дунё ишидан холиману, Ҳақ била мен.

Форобий ёзади: “Арасту таълимотини ўрганиб олишга интилувчининг ҳолатига келганимизда, у аввало ўзини фалсафани билишга тайёрлаши лозим, сўнг эса ўз хулқ-атворини табиий ҳирслардан шундай тозалаши керакки, унда маишатга эмас, балки фақат ҳақиқатга бўган ҳавас қолсин”.

Иккинчи муаллимнинг бу ва бундай ўгитларига Паҳлавон Маҳмуд умр бўйи амал қилиб ижод этганлигининг гувоҳи бўлиш бизни маънан баҳравар қилади. Зеро, Паҳлавон Маҳмуд ўзининг ҳар бир рубоийсида ҳақиқатизловчилик салоҳиятини намоён қилиб туради. Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари ҳар бир инсон ва умуман, инсоният Ҳақни кашф этгунича чеккан уқубатларининг ўзига хос риёзатномасидир. Рубоий:

Ақлимни менинг қилгувчи лол инсондир,
На кофир у, на муслим у, бир ҳайрондир.
Ҳақ не, гумон не, довдираб, ўй ўйлаб
Икки жаҳони шу билан вайрондир.

Паҳлавон Маҳмуд буюк муаллим Фаробийнинг Арасту ҳақиқат изловчилигини васият қилиб қолдирганидан руҳланиб ижод этди, бу васиятга оғишмай амал қилди. Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш қувончлики, бу амал қилиш орифона кечди, яъни у ўз салафларининг тафаккур дунёсини янги маънавий кашфиётлар билан бойитди. Паҳлавон Маҳмуд бу кашфиётларга эришувнинг бирдан-бир тўғри йўли тафаккур эканлигини тафаккурнинг қудратли қуроли эса сўз эканлигини бир лаҳза бўлсин унутмади. Рубоий:

Сўз бўлди зилол лабинг аро то гавҳар,
Бозор аро қиздирди, ки, савдо гавҳар.
Қўлда қадаҳ тутиб гуҳар излайман,
Излаш ва топиш учун-ку дарё, гавҳар.

Паҳлавон Маҳмуд рубоиётидан шуниси аён бўлдики, Арасту ва Форобийлардан мерос қолган ҳақиқат изловчилик йўлига тушган одам ўзида маънавиятнинг мусаффо дарёсига чўмилишга ҳуқуқ сезгудек даражада пок бўлмоғи шарт. Шунинг учун ҳам у руҳий машаққат чекиши туфайли тозаланмоғи, ўзидаги салбий сифатларни бартараф этмоғи лозим. Бу тозаланиш бахти эса, исломий тафаккур эгаси бўлган Паҳлавон Маҳмуд ва унинг лирик қаҳрамони учун фақат тавба-тазарру орқалигина рўй бериши мумкин. Рубоий:

Ё раб, не ажаб, қилса мени қон тавба,
Айладим излаб сени паймон, тавба.
Этдимки пушаймон бу пушаймонимдин,
Қилдирди мени бошқа пушаймон тавба.

Агар Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳақиқат изловчиликнинг тўғри йўлига тушиб, Ҳаққа етмаганида эди, унга, биринчи муаллимнинг, эҳтимол, муҳим хатоларидан бўлган шахсга тақлид қилиш хавфи таҳдид солган бўлурми эди. Яна Форобийга мурожаат қиламиз: “Аристотелга тақлид қилишга келсак, унга тақлидга бўлган мойиллик тақлидни ҳақиқатдан устун қўйиш даражасида менсимасликка ҳам йўл қўйилмасин”. Бу ўринда Форобий бизни икки хавфдан огоҳ этади. Иккинчи муаллим бу ўринда тақлид деб ўрганишни, сабоқ олишни кўзда тутади ва шогирдни тақлидбозликдан қайтаради Иккинчидан, кейинчалик тасаввуфда “Пийр” истилоҳи билан ифода этилган устозга шубҳа билан қарамасликка, ундан берилиб таълим олишга даъват этади.

“Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин”, деган бир матал бор. Биз юнонистонлик алломаларнинг юқорида зикр қилиб ўтилган қарашларидан, кейинчалик эса, аввало одам бўлмай туриб, олим бўлишнинг имконсизлиги тўғрисидаги бу фикрларнинг буюк сўфийларимиз томонидан нақадар теран далилланганлигини кўриб, бу маталнинг нақадар мантиқсиз эканлигини билиб оламиз. Илм ва амал бирлиги, ҳар қандай чинакам илмнинг замирида эзгуликнииг мавжуд бўлиши шарт эканлиги, яхши одам бўлмасдан туриб, олим бўлавериш мумкин деган сафсатани чиппакка чиқаради. Рубоий:

Тоғлар назаримда тор, саҳро тангдир,
Хотирам ойинаси чангу зангдир,
Сув-ку яқин узатсам ҳеч етмас қўл,
Ичмакка борай десам оёғим лангдир,

– деб ёзган эди Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари. Дарҳақиқат, инсон ўзидаги эзгу сифатларни камол топтирмаса, ўз шуррини, ақлини, ўз кўнглини илм олишга чорламаса, маърифат хазиналари шундоққина кўз етадиган ерда бўлса ҳам, бунинг нафи йўқдир. Тегишли ҳозирликка эга бўлмаган одам учун тоғлар тор, саҳро танг бўлиб қолаверади. Илм ўрганишнинг яна бир муҳим шарти, фақат шогирднинг ихлоси эмас, устознинг рағбати ҳамдир. Форобий ёзади: “Муаллимнинг хулқига келсак, муаллим шогирдга нисбатан ўта ҳокимликка ҳам ўта бўшлиққа ҳам йўл қўймаслиги лозим, чунки ўта ҳокимлик шогирдда муаллимга нисбатан нафрат уйғотади, агарда шогирд муаллимнинг бўшлигини сезса, унда муаллимга ва унинг фанига нисбатан совиш ва менсимаслик пайдо бўлади”. Паҳлавон Маҳмуд бундай устоз ҳақида шундай фикрлаган эди, рубоий:

Гап қотдию кўп, бўлмади сирдош ҳаргиз.
Хақни яширди тўксам ҳам ёш, ҳаргиз.
Билмаганин вайсади кўп ғофиллар,
Билганини қилмади у фош ҳаргиз.

Юнон файласуфларидаги устозлик ва шогирдлик ўртасидаги мувозанат фалсафасининг Форобий қалами орқали Паҳлавон Маҳмудга таъсир этиши бунинг билан чекланмайди, Паҳлавон Маҳмуднинг таъкидлашича, юқоридаги мавзунлик юз берган тақдирда чинакам устоз-шогирдлик саодати рўй беради. Бундай ҳолда, шогирд асл тафаккур қилишга, тақлидчиликдан, тўғрироғи, тақлидбозликдан халос бўлишга мушарраф бўлади. Шоир бадиятидан келиб чиқиб баён қиладиган бўлсак, ой каби офтобдан нур олиб ёғду таратмайди, балки қуёшнинг ўзидек ўз аслиятидан шуъла сочадиган даражага эришади. Рубоий:

Менки маҳак бирла таниқ тилломан.
Олтин суви ичрамас, аниқ тилломан.
Ҳеч ой каби олмасман омонат нурни,
Офтоб нуридек асл, ёниқ тилломан.

Иккинчи муаллим сабоқларидан баҳраманд Паҳлавон Маҳмуд фоний бу дунёда фалсафий қарашларнинг, турли хил тамойилларнинг-да ўткинчи эканлигини, ушбу кунда рад қилинмайдиган ҳақиқат сифатида тан олинган жиҳатларнинг келажакда яшаб қолмаслиги ҳам эҳтимолдан узоқ эмаслигини чуқур англар эди. Рубоий:

Тонг пайти чекиб ғам, юраги шом бўлдинг,
Дарду сукунат кўйига ром бўлдииг.
Мафтун эдинг, жойи тузоқ дом бўлдинг,
Яхши эдинг, охири бадном бўлдинг.

Шоир ўзининг тағин бир рубоийсида ёзади:

Топдим деб аниқ нишoнни, мағрурланма,
Топган у нишонинг бенишон кетмишдир.

Паҳлавон Маҳмуднинг Форобий васиятига кўра илмни фазилатлар асоси деб билиши, бу қарашнинг Суқротдан Арастуга мерос бўлиб қолган “Фақат битта эзгулик бор, бу — илм, фақат битта ёвузлик бор, бу — жаҳолатдир” деган ҳикмати шоиримизга бевосита катта таъсир кўрсатганлиги эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун ҳам буюк шоиримизнинг Оллоҳи таолодан маърифат сўраб мурожаат қилиши дуо даражасига кўтарилганлиги табиийдир. Рубоий:

Хислат беру, ё раб, юрагим шод айла,
Қилди хароб гуноҳ, сен обод айла.
Идрок эта олмай сени бир кетгандим,
Келдим яна қайтиб, мени озод айла.

Рубоийдан кўринадики, Паҳлавон Маҳмуднинг уқтиришича, гуноҳ бу – жаҳолат, Ҳақни идрок этмаслик бу – тутқунликдир. Чинакам озодлик бу, шоирнинг таъкидлашича, маърифатдир.
Биз юқорида эслаб ўтган:

Гап қотдию кўп, бўлмади сирдош ҳаргиз,
Ҳақни яширди тўксам ҳам ёш, ҳаргиз.
Билмаганин вайсади кўп ғофиллар,
Билганини қилмади у фош ҳаргиз,

рубоийси Форобий ҳазратлари юнон фалсафасини таҳлил қилаётиб, келтирган тағин бир жиҳатни тасдиқлайди: “Аристотелнинг ноаниқ жумлаларнинг қўллашига уч нарса сабабдир. Биринчиси – ўқувчининг фалсафа илмини ўрганишга қобилиятини синаб кўриш. Иккинчиси – фалсафани барчага тушунарли қилиб эмас, балки, унга лойиқ одамларгагина тушунарли қилиб бериш учун. Учинчиси – фикрни қийин масалалар билан машқ қилдириш учун”.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳамиша ўзини Форобий, Арасту сингари буюк аломаларга муносиб ворис бўлишга чоғлаб ҳаёт кечирди. Арастунинг “Чексизликка интилган кишининг меҳнати фойдасиз меҳнатдир”, деб берган ўгитини дастуриламал деб билди. Муайян билимларни ошириб, муайян фаолиятда бўлди. Шунинг билан бирга, якка шахснинг имкониятлари, гарчи сарҳадли бўлса ҳам, ниҳоятда улкан эканлигини эътироф этди. Рубоий:

Фаҳм этгувчи қисмат юкини дил менман,
Уммон эрур ул. Наҳанг эса, бил, менман.
Жипс икки жаҳон юкига тутган елка,
Бир фил бу, фалак сенсану, бир фил менман.

БЕДОР ҚАЛБ

http://www.dreamstime.com/royalty-free-stock-photo-monochrome-oriental-ornament-illustration-vector-format-image55095885Абу Наср Форобий ҳазратларининг “Фозил одамлар шаҳри” китобидан юнон файласуфлари меросида бадиий адабиёт, жумладан, Паҳлавон Маҳмуд ижоди билан муштаракликларнинг бисёр эканлиги ойдинлашади. Бу муштараклик шундан нборатки, ҳар иккала маънавий мерос, яъни юнон фалсафаси ҳам, бадиий адабиёт ҳам бир мақсадга, у ҳам бўлса инсон шахсини камол топтиришга хизмат қилади.

Форобий ҳазратлари мазкур китобида ёзади: “Афлотун, инсон табиий хислатларга эга, булар ундаги хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатларга сабаб бўладилар, деб тушунтиради…”

Абу Наср Форобий талқинларидан яна шу жиҳат ойдинлашадики, юнон файласуфлари ўз мамлакатидаги қонун чиқарувчилардан ўз қонунларини аҳолини куч ишлатиш орқали итоатда тутиб туриш учун ҳукм юритадиган тарзда эмас, балки муайян қонунлар мажмуаси тасарруфида бўлган мамлакат аҳолисини ташкил қиладиган ҳар бир шахсни маънавий жиҳатдан камол топтирадиган бир даражада бўлишини талаб қилганлар.

Шунинг учун ҳам Форобий ҳазратлари бу ҳақда шундай давом этади: “Соҳиби қонун бу ҳислатларни назарда тутиши, шу хислатларни тузатувчи қонунлар чиқариши керак, чунки бу билан соҳиби қонун фуқаронинг хулқ-атворини ҳам тузатади…”

Юнон файласуфлари меросининг қонун чиқарувчилар ҳақидаги бобларида акс этган мана шу жиҳатлари бизга мазкур мероснинг бадиий адабиётга, хусусан, Паҳлавон Маҳмуд шеъриятига ҳам муаян маънода таъсир кўрсатганлигини кузатиш имконини берадики, бундайин ҳол, бундай муштараклик, фикримизча, инсоният маънавият хазинасидаги ноёб ҳодисалардандир.

Юнон файласуфлари оқил одамлар томонидан чиқарилган қонунларнинг инсон камолотига хизмат қилишини диққат марказида тутган бўлсалар, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари бадиий сўзнинг инсон шахсининг шаклланишидаги улкан аҳамиятини алоҳида уқтирган эди.

Паҳлавон Маҳмуд инсон руҳий дунёсини юксалтирадиган сўзни “гавҳар” деб ардоқлаганди. Ул зот ёзган эдики, рубоий:

Сўз бўлди зилол лабинг аро то гавҳар,
Бозор аро қиздирди, ки, савдо гавҳар.
Қўлда қадаҳ тутиб гуҳар излайман,
Излаш ва топиш, учун-ку дарё, гавҳар.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари “қўлда қадаҳ тутиб” излаган гавҳар бу – инсон маънавиятига сайқал берадиган бадиий сўз ва унинг шарофатидан очиладиган гўзал маънолар эди.

“Роҳатланиш, дард чекиш ва қайғуриш асосий табиий хислатлар ҳисобланадилар, – деб давом этади Абу Наср Форобий, – улар туфайли фазилатлар ва иллатлар ўзлаштирилади…”
Биз Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари меросида инсонларга хос бўлган ана шундай хислатлару иллатлар ҳақидаги рубоийларни кўп учратамиз. Буюк-шоиримизнинг салафлар фикратидан нақадар баҳраманд бўлганлигини ва бу баҳрамандлик, юнон файласуфлари ҳамда уларнинг буюк машриқлик шарҳловчиси Форобий ҳазратлари қаламига мансуб илмийликдан тубдан фарқ қилароқ, мутлақо бир бадиий сўз санъати тимойиллари асосида, тақлидона эмас, балки ўзига хос бир тарзда мухтасар мисраларда акс этганлигининг гувоҳи бўламиз.

Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийлари бетимсол бир ҳаётсеварлик руҳи билан суғорилган. Буюк шоирнинг бу руҳдаги шеърларини илоҳий муҳаббат билан бир вақтда инсоннинг инсонга бўлган муҳаббати оҳанглари зийнатлаб туради. Рубоий:

Ёдинг ила ҳар даму, ҳар он тоза бўлур,
Тонг ели эсар ва гулситон тоза бўлур.
Байрам каби дийдамда экан дийдоринг.
Хотир хушу, дил хурраму, жон тоза бўлур.

Юнон алломаларининг асарларида таъкидланган инсонга хос ҳамдардлик туйғуларини тараннум қилиш, дадил айтиш мумкинки, Паҳлавон Маҳмуднинг ижоддан кўзда тутган бош мақсадларидан бири эди. Рубоий:

Дард тилди кўксимни, дили чок бўлдим,
Ерга тўшаб қон гиламим, пок бўлдим.
Кўз ёшима тўлди ҳовучим лиммо лим,
Айб айламангиз, мен, мана, шўрҳок бўлдим.

Одамларни қайғуриш ҳам уларга ҳамдардлик сингари Паҳлавон Маҳмуд ғоявий раҳнамоларидан бўлган жавонмардийлик тариқатининг муҳим босқичларидан эди, Беқайғу жавонмардийни тасаввур қилиб бўлмасди. Рубоий:

Ҳамла қилар менга ғам-оғу, кўраман,
Кўз очаман, ҳар кўзда қайғу кўраман.
Ўй сураман бошни оёғимга қўйиб,
Ўзни таниб, тиззани кўзгу кўраман.

Шоирнинг бу ва бунингдек рубоийларидаги шодлик шодлик учун, ҳамдардлик ҳамдардлик учун ёҳуд қайғу қайғу учун бўлиб қолмасдан, балки инсонни ҳар жиҳатдан камол топтириш учун фаол олиб борилган маънавий курашларнинг натижасидир.

Юнон файласуфи Афлотун қарашларини шарҳлашда давом этиб, Абу Наср Форобий ёзади: “Роҳатланиш туйғуларини худои таоло ато этади, Мусиқага бўлган мойиллик ҳам шундай: табиий майл туфайли мусиқадан хабардорлик натижасида роҳатланиш пайдо бўлди. Афлотун юнонларда машҳур бўлган оммавий рақслар ва сурнай наволарини мисол қилиб кўрсатади… У ҳар бири айрим ҳолда гўзаллик нимаю хунуклик нима, бемаънилик нималигини тушунтиради…”

Паҳлавон Маҳмуд ана шу гўзаллик нимаю, хунуклик нима эканлигини тафовут қила олмайдиганлар дастидан азият чекиб шеърлар ижод қилди. Рубоий:

Дўст бўлгали бир умрга доно танла,
Ёки гўзал бир гули раъно танла.
Бўлмаса гар айлама нобуд вақтинг,
Ўзингни топ, ўзингни танҳо танла.

Паҳлавон Маҳмуднинг уқтиришича, акс ҳолда одамзод жоҳил, бефаҳм одамлар зулмига гирифтор бўлади. Рубоий:

Афсус бугун бўлди олов дуд била тенг,
Бўлди Халил маснади Намруд била тенг.
Давлатидан мастга қулоқ тутсанг, дер:
“Эшшакнинг ҳанги нағмаи Довуд била тенг”.

Рамзий ишораларга тўла бу рубоийдан келиб чиқадиган хулоса шуки, гўзалликнинг ҳар бир турида ўзига хос халиллару намрудлар, Довуд нағмаларию эшакларнинг ҳанглари мавжуддир ва кимки ўзининг нофаҳмлик “давлати”дан мағрур бўлса, бу ҳолда яхшидан ёмоннинг, Довуд нағмасидан эшак ҳангининг, Халилдан Намруднинг фарқига бормай қолади. Ундай одам одам қиёфасидаги жонивор тарзида бўлади. Ва шоирнинг тағин бир рубоийсида ифода қилгани каби, бундай одам билан бир дамлик суҳбатдан бир аср зиндон маҳбуси бўлмоқ афзал кўринадиган бўлади.

Биз Фаробий ҳазратлари таржима ва талқинларидаги Афлотун қарашларини Паҳлавон Маҳмуд мероси билан муштаракликларидан ҳайратга тушамиз. Форобий ёзади: “Афлотун хурсандчиликни хотиржам ва совуққон қабул қилувчи катта одамларга нисбатан ўсмирлар роҳатланишидан олган қувончни анчагина кучлирoқ ҳис этишларини тушунтиради…”

Шу ўринда беихтиёр Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари пешволик қилган тариқатнинг “Жавонмардийлик” деб аталиши мутлако тасодиф эмаслиги аён бўлади, Негаки, ўсмирлар фақат роҳатланишдан олган қувончни кучлироқ ҳис қилиб қолмасдан, балки ўз аъмолларида ҳам эзгуликка, бағри кенгликка мойил бўладиларки, жавонмардийлик тариқати ёшларга, ёшликка хос бўлган ана шу хусусиятни ҳар бир одам руҳиятига сингдиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Одамлар, дейлик, рамазон ойида эзгу амалларни ҳар қачонгидан кўпроқ адо қилиб, йилнинг бошка ойларида мазкур рамазондаги феъл-атворига ҳамиша содиқ қолишлари одобдан бўлгани каби, жавонмардийлик тариқатининг моҳиятини ҳам кишиларда ёшликка хос бўлган гўзал ва хайрли ахлоқли ҳар бир одамнинг навқиронлигидан унинг руҳига сингдириб, кейинчалик уни умр бўйи ана шу феъл-атворга содиқ қилиб қолдиришга эришув масаласи ташкил этади. Паҳлавон Маҳмуд бу муборак тариқатнинг ғоявий раҳнамоси бўлароқ, табиийки, ўз рубоийларида юқорида зикр қилганимиз навқиронлик руҳиятига, жавонмардийликнинг тамойилларига монанд фикрларни тарғиб қилди. Рубоий:

Юксак бу умр дарахтимиз паст қилма,
Борлиқ бу шароб, майлига, қуй, маст қилма.
Ё раб, карам эт, жумла жавонмардларни,
Муҳтож этма, зор этма, паст қилма.

Абу Наср Форобий ўзининг “Фозил одамлар шаҳри” китобида Афлотуннинг соҳиби қонунлар ҳақидаги қарашларини баён қилар экан, мазкур қарашлар залворли маънавий юк ташишининг гувоҳи бўламиз. Фазилатларга эришув муайян машаққатлар, риёзатлар эвазига бўлишини таъкидлаб, Форобий ёзади: “Афлотун бир билимдон меҳрли табиб шифобахш дори тайёрлаб, бемор яхши кўрадиган овқатга қўшиб берганини мисол қилиб кўрсатади…”

Ҳазрат Паҳлавон Маҳмуднинг рубоиёти, бу муборак меросдаги гўзал бадиий воситалар Афлотун кўзда тутган ана шу дори кўшиб бериладиган неъматни эслатади.

Тўғри, Форобoий мазкур китобнинг бошқа бир саҳифасида Афлотун “ҳамма эзгуликлар айни пайтда ёқимли”, “нимаики чиройли ва эзгу бўлса, хайрли ва ёқимли” деб уқтиради” дейди. Бироқ биз маънавий фазилатларга эришувнинг нақадар риёзатталаблигини ана шу риёзатларни кечинибгина, ўз навбатида мазкур риёзатнинг ҳам ёқимли эканлигини аниқлаш бахтига муяссар бўлишимизни ўйласак, камолот йўлининг нақадар машаққатли эканлигини англаб оламиз. “Эзгулиги йўқ, фақат ёқимли нарсалар билан эса ақли калта одамларгина роҳатланадилар”, деб хулоса чиқаради Форобий.

Паҳлавон Маҳмуд лирик қаҳрамони риёзатталабликни ўзи учун шараф деб билади. Шоир уқтиришича, дунёнинг ўзи уқубатларга йўғрилгандир.Унда ҳаёт кечираётган одамларнинг тириклик тарзи ҳам шунга монанддир. Рубоий:

Аччиқ бу жаҳон, ки, жон ширин бўлмайди,
“Ҳолва” десанг забон ширин бўлмайди.
Чарх лаззатини насиб бўлурми тотмоқ,
Бу даргумон… гумон ширин бўлмайди.

Шоирнииг таъкидлашича, фазилатталаб одам ҳамиша ранжу машаққат ва бедорликда бўлмоғи зарур. Акс ҳолда у ўзининг эришганми-эришмаган фазилатларидан кибрланган зoҳиднинг аянчли аҳволига тушади. Рубоий:

Туз тотмадим ҳеч, ишқ юрагим қон айлар,
Ухламадим, ёр мени нолон айлар.
Ҳолимга менинг тушсами, бир дам зоҳид,
Дарров ўзини фаришта эълон айлар.

Паҳлавон Маҳмуд таъкидлашича, фазилатларни қўлга киритмоқчи бўлган одам мазкур фазилатларга фақат битта – Ҳақ йўлида юрмак орқали эришмаги мумкиндир.

Тўғри, инсоний фазилатлар инсонларнинг феълларида, уларнинг амали солиҳларидадир. Бироқ, шуниси муҳимки, бу амали солиҳлар дилида Оллоҳ меҳри бор одамлардагина мавжуддир. Шунинг учун ҳам Ҳақ дийдорига ошиққан йўловчи ана шундай дилларнигина манзил қилиш орқали фазилатлар маррасига етиб бормоғи мумкин. Рубоий:

Устимга улуғ сафар либосин ёпдим,
Манзиллар аро кўп югуриб кўп чопдим.
Беҳишт каби тўхтов эди ҳар дил менга,
Ҳар дилда, не бахт, фақат ўзингни топдим.

Мутолаа давом этган сайин, Форобий ҳазратлари асарларидаги жиҳатлар билан Паҳлавон Маҳмуд қарашларидаги чамбарчасликларнинг нақадар кучли эканлиги аён бўла боради. Форобий Афлотун қарашларига тўхталаркан, жумладан, қуйидагиларни ёзади: “…ушбу бобда Афлотун бадан учун жуда зарур бўлган жисмоний машқлар руҳ учун ҳам шундай зарурдир, чунки баданни пок, соғлом этиш руҳни ҳам пок, соғлом этади, дейди…”

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари юнон файласуфининг бу қарашини ўз паҳлавонлик фаолияти билан исбот этиб яшаганлиги аён. Бироқ, руҳ ва жисмнинг бир-бири билан чамбарчас боғлиқлиги масаласи шоир Паҳлавон Маҳмуд назаридан ҳам четда қолмаган. Шоир ўз рубоийларида инсоннинг жисми нақадар мустаҳкам бўлса, руҳи ҳам шунчалик мустаҳкам бўлишини мумтоз бир бадиий воситалар кўмагида ифода этди, одамларни ҳар жиҳатдан етук бўлиб камол топишга даъват қилди. Рубоий:

Кун кундан эсар, ваҳки, нетай, ел қаттиқ,
Холимга менинг фиғон қилар эл қаттиқ.
Кўз ёш аямай вужудни, чун, ювмоқда,
Девор гувала, нетай, келар сел қаттиқ.

Форобий талқинидаги юнон файласуфлари қарашлари билан Паҳлавон Маҳмуд шеърий тафаккури ҳозинасидаги ҳамоҳангликлардан тағин биттаси бу уларнинг май ва майхўрлик ҳақидаги фикри. Форобий ёзади: “Кейин Афлотун бошқа бир масалани тушунтиришга ўтади. У майхўрлик ҳақидаги мисолларни келтиради. Юнонларда бир гуруҳ одамдар май ичишган, бошқалар эса ичишмаган. Баъзан зарурат юзасидан май ичишга эҳтиёж бўлгандир, масалан эс-ҳушини йўқотиш учун аёлларни тўлғоқ тутганда ёки бадан яраси куйдирилаётганда ёҳуд беҳол бўлиб қолганда…” Бу масала исломий қарашлардаги ичкиликка муносабатда ҳам Паҳлавон Маҳмуд шеъриятидаги майхўрликка қараш билан ҳамоҳанглик аён кўзга ташланади.

Биз шариатда майхўрликка нақадар кескин салбий муносабат билдирилганлигидан воқифмиз. Барибир бу қонун арконлари ҳам ҳаётий мантиққа хилоф иш тутмаган. Масалан, “Мухтасар” китобида май масаласига муносабат билдирилар экан, одамзод майни айш-ишрат учун ичмаслиги, майни ниҳоятда камқувват қилиб тайёрланган ҳолда зарурат юзасидан истеъмол қилиши мумкинлиги уқтирилган. Шундан аён бўладики, майнинг энг камқувват хилларини ҳам фақат тиббий муолажа мақсадларида ишлатишга рухсат мавжуддир. Биз бу мавзуда Паҳлавон Маҳмуд ижодидаги қирралар ҳақида фикрлаганимизда, албатта, майнинг шеъриятдаги тасаввуфий мазмунини эътибордан соқит қиламиз. Мумтоз шоирларимиз ижoдида, жумладан, Паҳлавон Маҳмуд меросида ҳам сўфиёна мазмундан ташқари, майга маиший муносабат билдирилиб битилган мисралар оз эмасдирки, гапимиз ана шу хусусдадир. Худди шу маънода, Паҳлавон Маҳмуднинг ажойиб рубоийлари мавжуддир ва бу рубоийлар ислом дини талабларига монанд битилганлиги билан бир қаторда, биз юқорида зикр қилиб ўтган юнон файласуфи Афлотуннинг шаробга муносабатлари масаласидан воқифлик руҳиятида битилгандир. Рубоий:

Бодаи лаъл бирла тиниқ гавҳаримиз,
Басма-бас ичдик, “дод” деди соғаримиз.
Билмадик ҳеч май устида бизми бугун,
Кетдикми қолиб май тагида ё баримиз.

Азалдан абадга қараб таралаётган илоҳий маънавият нурларининг толаларига муштаракликларнинг мавжудлиги бизларнинг руҳиятимизда умуминсоний қадриятларга ворислик ҳиссини кучайтиради. Бундай муштаракликларнинг манбаи, хусусан, Афлотун, Абу Наср Форобий, Паҳлавон Маҳмуд сингари турли халқларга ва авлодларга мансуб буюк фарзандларнинг тафаккур хазиналаридан бўлса, нур устига нур деганидек, бундай қадриятлар илдизлари маънавиятдан иборат бўлган байналминалчилик туйғуларимизни ҳам тарбия топтиради. Барча халқларнинг келажакдаги қардошликларини жадаллаштиради ва янада мустаҳкамлайди.

ОСУДА ИЙМОНДАГИ МЎЪЖИЗА

Гарчи умуминсоний қадриятлар моҳиятан ҳеч бир ўзгаришларга гирифтор бўлмасалар ҳамки, ўз таркибида бебаҳо маънавий фазилатларни жамлаган қадимги юнон қонунчилиги даврлар ўтиши билан турли туман зоҳирий ўзгаришларга юз тутдилар. Абу Наср Форобий бу ҳақда буюк юнон алломасининг фикрини келтириб, қуйидагиларни ёзади: “Афлотун конунларнинг бекор қилиниши ва йўқолишига икки сабаб бор, деб ҳисоблайди. Биринчидан, уларнинг амалда қўлланиши муддатннинг чўзилиб кетиши бўлса, иккинчидан, дунёда ҳамма халқлар учун ҳалокатли тўфон, вабо касаллиги каби оммавий фалокатларнинг рўй бериши оқибатидир”.

Биз Паҳлавон Маҳмуд ижодига Абу Наср Форобий қарашлари таъсирини ўрганар эканмиз, алломанинг юқоридаги иқтибосидан келиб чиқиб, хивалик буюк шоирнииг поэтик хулосаларини эслаймиз. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳам мулки борлиқни тадрижий бир ўзгаришлар гирдобида тасаввур килади ва бу инқилобий ўзгаришлар жаҳондаги синоатларни муттасил борлиқдан йўқликка ва йўқликдан борлиққа кеткизиб-келтириб туришини таъкид этади ҳамда ўзининг бундай фалсафий хулосаларини рубоийларида теран ифодалайди. Рубоий:

Дунё елади, тўхтаганин кам кўрдим,
Шодлигида, оҳ, неча минг ғам кўрдим.
Бу кўҳна работ хар ёғидан йўқликнинг
Даштига йўл кетганини ҳам кўрдим.

Буюк шоиримиз Форобийнинг ўз кузатишларидаги, шунингдек, талқинларидаги қонунлар ҳамда уларга биноан ҳаёт кечиришнинг ўткинчилигидан ўксинмайди, аксинча бундай талотумларнинг мутлақо табиийлигини поэтик жиҳатдан теран далиллаб кўрсатади. Рубоий:

Йўқ тоқати ҳеч, аста замон кетмоқда,
Ҳушёрману, дилда фиғон кетмоқда,
Кетганда санам, кетгани янглиғ ошиқ,
Ҳар ботганида қуёш жаҳон кетмоқда.

“Кетаётган жаҳон” шоирнинг таъкид қилишича, шунчаки, “кетмайди”, балки бизларни ҳам турли-турли ўзгаришларга дохил қилади; гоҳ камол топтиради, гоҳ таназулларга гирифтор этади…

Форобий талқинидаги Афлотун қарашларининг турли жиҳатлари шарқ алломаларининг қарашларига, шу жумладан, Паҳлавон Маҳмуднинг ижодига таъсир кўрсатмай ўтмаганига шоир ижодида далиллар кўп. Албатта, булар шунчаки таъсир бўлиб қолмасдан, балки хивалик буюк алломанинг қудратли тафаккур чиғириғидан мутлақо ўз замони ва ўз маконига монанд хулосалар чиқарилиб, рубоийларда ўзининг поэтик тажассум ҳамда инъикосини топган маънавий тамойиллардир.

Мисол тариқасида ана шундай жиҳатларнинг бир қиррасига кўз ташлаб ўтамиз. Бу мисолдан ҳам Афлотун кузатишлари ўз кўрсатма ҳамда тавсияларидаги юнон қонуншунослигию қонунчилиги айни бир пайтнинг ўзида ҳам жамоани муайян интизомлар назоратида, ҳам маънавий тамойилларнинг ботиний тарбиясида ушлаб туришига гувоҳ бўлишимиз мумкин ва мазкур сўнгги жиҳатнинг нақадар муҳимлигини биз ана шу тамойилларнинг Паҳлавон Маҳмуд рубоиётидан қандай бир қутлуғ тарзда “ишлов”дан ўтганлиги туфайлигина теран идрок қилсак бўлади. Алқисса, Абу Наср Форобий ҳазратлари ёзадилар: “Афлотун асарларида гап янги шаҳарларнинг қандай бунёд этилиши, бошқарув ва қонунларга эҳтиёж туғилиши ҳақида боради. Мисол тариқасида у ҳамма шаҳарларни яксон этган умумжаҳон тўфонини келтиради. Тўфондан кейин шаҳарлар яна қад кўтариб ривожлана бошлайди, у ерларда одамлар тўпланиб халқлар ва шаҳарлар вужудга келади. У аввалги шаҳарлар қандай вайрон бўлганлиги ҳақида гапиради. Аввалига бу шаҳарлардаги одамларнннг аҳлоқи таҳсинга сазовор бўлган, лекин одамзод авлоди кўпая борган сари бу хулқ ўзгара бошлаган. Олдинига, тўфондан кейин улар ўзларини бахтиқаро сезишиб, бир-бирларига хушмуомалада бўлишиб, меҳр билан қараганлар. Одам авлодининг кўпайиши натижасида улар орасида ҳасадгўйлик, жаҳолат пайдо бўлди ва улар ўзаро уруш бошладилар…”

Бу иқтибосдан шуниси аён бўладики, инсоният талотумларни худди юнон шаҳарлари каби бошдан қайта ва қайта кечириб турган, шунинг учун ҳам Афлотун бундай синоатларнинг табиийлигига ишора қилади, биз бу табиийликни у мисол қилиб келтираётган мазкур шаҳар-давлатлар тимсолида кўрамиз.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари тафаккур йўсинининг ўзига хослиги шундаки, шоиримиз мана шу шаҳар-давлат, ҳатто инсоният бошидан ўтадиган асрий ғалаёну бало-офатларнинг ихчам бир тарзда ҳар бир одам бошидан кечишини у табиий деб билади. Бунинг билан шоиримиз ҳар бир одамни олам билан тенглаштиради. Натижада бизнинг шахс ботинига эътиборимиз кучаяди, ҳар бир инсондаги инсонни, ҳар бир кишидаги одамийликни ардоқлашни ўрганамиз. Ҳар бир одам алоҳида бахтли бўлмагунича, умуман, инсониятнинг саодатга эришмаги душворлиги тўғрисидаги фикримиз яна ҳам кучайиб барқарорлашади. Рубоий:

Дунёда кўп кўзни мен гирён кўрдим,
Неки бало бўлса, беомон кўрдим,
Нуҳ-ку минг йил яшаб кўрди бир тўфон,
Мен Нуҳ бўлмасам-да минг тўфон кўрдим.

Паҳлавон Маҳмуд талқинидаги инсон ўзининг дунёвий даражалари, зоҳирий маснадлари билан эмас, балки ботиний мартабалари билан, маънавияти билан ардоқлидир. Шунинг учун ҳам шоир рубоийларида юнон фалсафасидаги ана шу фазилатларга монанд қарашларнинг поэтик низомлари ислом мезонларига хос бир тарзда ишлаб чиқилгандир. Афлотун ва Паҳлавон Маҳмуднинг Абу Наср Форобий воситачилигидаги тафаккур ҳамоҳангликлари шу қадар муштаракдирки, баъзан бу икки муборак шахс бир замон ва бир маконда яшамаганмикан, деган, албатта, зоҳиран жўяли, тарихан, шубҳасиз, асоссиз бир ўйга ҳам боради ўқувчи. Форобий ёзади: “Афлотун жаҳолат ва зўравонликка ружу қўйган бир шаҳар аҳолисидан бошқа бир шаҳар аҳолиси жабр ситам чекадиган уруш ғайри қонуний бўлгани учун фойда келтирмасигини тушунтиради. Мисол тариқасида у қадимий юнонлар ғалаба қозониб забт этган шаҳарларнинг аҳволини эслатиб ўтади. Афлотун бир шаҳарда кўнгли тусаган ишни қилиб юрадиган бир ҳоким яшарди, деб ҳикоя қилади. Ушбу шаҳарда яшайдиган одамлар ҳар жиҳатдан унга тақлид қилишгани учун ҳаётлари тобора айниб боради, шаҳар инқирозга учрайди…”

Паҳлавон Маҳмуд ўз рубоийларидан бирида “Ким агар озоддур, ул шоддур” деб хитоб қилган эди. Бошқа бир рубоийсида эса шоир агар шоҳ одил бўлмаса, ўз қўл остидагиларга босқинчилардек бўлиб, уларнинг заволига сабабчи бўлса, бундай подшоҳнинг ўзи ҳам ҳалокатга юз тутиши хақида гапиради. Шоир бу ҳақда фикрлар экан, тажнис санъатини қўллаб, Эрондаги Кирмон шаҳрининг номидан фойдаланади. Форсий тилда “кирмон” қуртлар маъносини беради. Шоир бу жиҳатдан Шоҳнинг ёвузлиги фуқаронинг ҳатто қуртлар қадар ночор бўлгани тақдирда ҳам жазосиз қолмаслигини уқтиради. Ва шоир ижодидаги бу жиҳатнинг Афлотун қарашлари билан ҳамоҳанглиги ҳам, боя таъкид этганимиздек, алоҳида диққатга сазовордир. Рубоий:

Чанг солса ажал, йўқ сира дармон ҳайҳот,
Тенг шоҳу гадо, айласа фармон ҳайҳот
Оҳ, бошига етган эди шоҳ Кирмоннинг,
Шоҳ бошни ер, ваҳ, мана кирмон, ҳайҳот.

Даҳшатлиси шундаки, ўз мамлакатини еб номдор бўлишни истаган бундай ҳукмдорлар қуртларга ем бўлмасликларидан олдин инсониятга ўзларига ўхшаган қанча-қанчалаб ҳар хил даража ва жирканчликдаги “ворис”ларни “мерос” қилиб қолдирадилар.

Форобий ёзади: “Агар ҳокимлар тарбиясиз бўлсалар, Афлотуннинг фикрича, у ҳолда уларнинг ишлари ҳам фуқароларнинг ишлари ҳам инқирозга юз тутади” . Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари меросида Афлотунга тегишли мазкур тамойилнинг ҳам алоҳида бир қунт билан буюк шоирона қалам шарофатидан ўзининг теран бир шарҳ, миқёсли бир изоҳини топганлигига гувоҳ бўламиз. Рубоий:

Дарвеш ила шоҳ бўлса агар улфат, бу –
Шоҳ бахти эрур, дарвеш учун кулфат бу.
Ой нурин йўқотса, бир кун албат тўлғай,
Кун нурни йўқотса, кўп ёмон зулмат бу.

Паҳлавон Маҳмуд бу фикрни тағин ҳам тараққий топтириб, подшоҳлар олдига яна ҳам улкан талаблар қўяди. Аллома ғоясига кўра, “Май бирла қадаҳ, қадаҳ сафо бирла ҳаёт, Дарё дур ила, дур-чи баҳо бирла ҳаёт. Давлат ила халқ бир-бирига чамбарчас. Подшоҳ биз ила, биз подишо бирла ҳаёт” экан, шоҳларнинг янглишмоққа, жиноят бу ёқда турсин, хатога йўл қўймоққа ҳам ҳақлари йўқдир. Оддий фуқаронинг хатоси, фақатгина унинг ўзи учун хавфли бўлса, подшоҳнинг янглишуви бутун мамлакат учун таҳликалидир. Рубоий:

Сўзимни эшит фаҳмига чин етсанг агар,
Кўргулигинг жафо вафо этсанг агар,
Ўқсану сен… асрий адл тўғрилигинг
Пучга чиқар лаҳза хато кетсанг агар.

Форобий, “Афлотун одамлар аввалига шаҳарлар, қалъалар ва усти берк пана жойларда ваҳший ҳайвонлар ёки кучсиз мавжудотлар сингари бошпана қилганлар – деб ҳикоя қилади, – кейинроқ бир-бирларидан сақланиш учун истеҳкомлар қура бошлаганлар. Шундай қилиб, аста-секин улар орасида урушлар чиқа бошлаган”. Аллома одамлар ўртасидаги низоларни гарчи оқламаса ҳамки, уларнинг табиийлигига бир қадар тан берган. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари эса подшоҳга мурожаат қилиб:

Адлинг ила, эй, яхши ёмон осуда,
Бўлсин десанг эл мудом омон-осуда.
Қўйма садоқда ўқни тинч, ҳам қинда
Қўйма қилични бир замон осуда,

– дея жангу жадалларни муқаррар билиб ижод қилган бўлсалар ҳам, ҳар иккала буюк мутафаккирнинг мақсадлари муштарак ҳамда юқоридаги эътирофлардан мутлақо тафовутланарли эканлиги ниҳоятда ҳикматлидир. Форобий таржима ва шарҳларидаги Афлотуннинг қарашларидан қуйидагилар аён бўлади, Форобий ёзади: “Афлотун… агар шаҳар ўз қонунчилигида ҳақиқий муҳаббат, юксак аҳлоқ, баркамол ақлга эга бўлмаса унинг қисмати ҳалокат ва парокандалик бўлади, агар бу уч гўзал фазилат бўлса, оқибатда у фаровонлик ва бахтга етишади. Буни Афлотун бутун шаҳарга ҳам, бир уйга ҳам, битта одамга ҳам баробар таалуқли дейди”.

Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, ҳар бир одамнинг бахти, шу одам мансуб бўлган хонадоннинг бахтига, ҳар бир хонадоннинг толеи бўлса мазкур хонадон мансуб бўлган шаҳар саодатига чамбарчас боғлиқ бўлади.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари бўлса сиёсатда ҳамиша ақлу заковат дарғалик қилишини умид этди. Рубоий:

Зоҳирда жаҳон аҳлининг, оҳ, қанчасимен,
Ҳақ урфини маҳкам тутиб, исканжасимен,
Қудрат қиличин ушласа олам ҳар гал,
Дастасини тутгучи, бил, панжаси мен.

Шоир ер талашиб, мол-мулк талашиб халқларнинг бир-бирларига зулм қилишларини қоралайди. Рубоий:

Ерни бировларки бисот деб тургай,
Ўлча-улаш, ё ол, ё сот деб тургай.
Оқил билади, қабрдир ул ебтўймас,
Кирмаса тез-тез одам, дод деб тургай.

Шунинг учун ҳам шоир шоҳларнинг одил, маърифатли бўлиши ниҳоятда муҳим эканлигини уқтирди. Рубоий:

Шоҳлик тиласанг ғариб, гадо бўлмоқ шарт,
Хешга ёт, элга ошино бўлмоқ шарт,
Тож мисли сени бошга кўтарганларнинг
Қўлларин ўпмоқ, хоки по бўлмоқ шарт.

ИБРАТЛАР ИБРАТИ

Биз Абу Наср Форобий шарҳлари орқали Афлотун ижод этган қонунчиликнинг умуминсоний маънавий қадриятлар билан нақадар теран боғлиқ эканлигига ҳар бир жумла сайин тобора мустаҳкамроқ ишонч ҳосил қила борамиз. Чунончи, Абу Наср Форобий ёзади: “Афлотун … ҳақиқий шаҳар аҳолиси адолатли Қонунларга ва бошқарув қоидаларига риоя қилиш – худо ёрлақаган раҳбарларга эга бўлиш ва одамларнинг таҳсинга лойиқ одатлари ва аҳлоқи рўёбга чиқиши… мумкин бўлган шаҳардадир, деб тушунтиради” .

“Афлотун художўйликда, – деб давом этади Форобий ҳазратлари, – пайғамбарона кароматнинг аҳамияти ҳақида эслатиб ўтади. Агар шаҳар ўз қонунчилигида ҳақиқий муҳаббат, юксак аҳлоқ, баркамол ақлга эга бўлмаса, унинг қисмати ҳалокат ва парокандалик бўлади”. Шунда беихтиёр шоиримизнинг мисралари эсга тушади. Рубоий:

Шодман, чекибон ғам, неча тоат қилдим,
Ошно бўлибон ишққа, ибодат қилдим.
Тавба гулин уздиму ҳидлаб кўрдим,
Раҳматга етишдим, то итоат қилдим.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг бутун мероси инсонларни ана шундай, яъни Афлотун орзу қилган маромда тарбиялаш масалаларига бағишланган. Шунинг учун ҳам ўртадаги кўплаб асрлар билан тафовутланадиган жиҳатларга қарамасдан, буюк шоиримизнинг рубоийларида машҳур юнон алломасининг қарашлари билан мос келадиган поэтик муштаракликларнинг мавжудлиги табиий. Ва биз бу ўринда шулардан биттасига эътиборингизни қаратиб ўтмоқчимиз. Маълумки, умуман, жавонмардийлар, хусусан, Паҳлавон Маҳмуд ижодида ҳар бир одамда инсоний фазилатларни тарбиялаш бош мақсаддир. Шунинг учун ҳам юнон файласуфининг худо ёрлақаган раҳбарга эга бўлиш масаласидаги қарашларига ҳамоҳанглик шоир меросида бисёр. Масалан: “Худо ёрлақаган раҳбар” масаласида биз юқорида қайд этиб ўтган Кирмонни еган ва ўзини кирмонлар еган подшоҳ ҳам, гарчи, Афлотун таърифлаган шоҳнинг зидди бўлса-да, бу шоҳ ўзининг аллома идеалидаги раҳбарнинг акси бўлганлиги билан ҳам руҳиятимизда адолатли шоҳларга меҳр, золим ҳукмдорларга нафрат уйғотади ва шуниси биланоқ Афлотуннинг фалсафий қарашларига ўзича бир поэтик далолат вазифасини бажаради.

Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” китобидан аён: юнонлар учун қонунлар жиноятларга жазо берилишини таъминлайдиган дастуриламаллар ёхуд жамиятни ижтимоий адолат асосида мўътадил бошқаришни таъминлайдиган кўрсатмалар мажмуасигина бўлиб қолмасдан, балки фуқароларни юксак ботиний фазилатлар асосида тарбиялайдиган ҳикматли қўлланмалар мажмуаси бўлган. Мазкур қонунлар шуниси билан ўзидан кейинги бадиий адабиётларга ҳам баракали таъсир қилганликлари шубҳасиздир. Бундай қўлланмалар, хусусан, Афлотун сингари ҳакимлар томонидан ишлаб чиқилган ва хусусан, Форобий сингари алломалар томонидан шарҳланган бўлса, бундай адабиётнинг кейинги давр мутафаккирлари ижодини қай даражада бойитганлигини тасаввур қилса бўлади. Бизнинг ихтиёримизда эса фақат тасаввурлар эмас, балки буюк муаллифларимизнинг бир-бирлари билан муқояса қилиш имконини берадиган муайян асарлар мавжуддирки, ҳозирги фикру зикримиз шу ҳақдадир.

Форобий ёзади: “Афлотун агар бирор одамнинг одати ва табиати Қонунга мос, гўзал ва талабга жавоб берадиган бўлмаса, у доимо пасткаш, жирканч бўлиб, ҳар гал қонунни бузганида жиноятчи сифатида қораланади, деган ғояни ҳам эслатиб ўтади”.

Афлотуннинг Форобий баёнидаги фикридан шу жиҳат аён бўладики, юнон алломаси ўз табиати, ўз “зуваласи”нинг хусусиятига кўра маҳдуд одамларнинг фожиаси ҳақида ҳам фикр юритган. Афлотуннинг бу борадаги мушоҳадалари бизнинг мумтоз адабиётимизга, хусусан, Паҳлавон Маҳмуд ижодига ҳам бевосита таъсир қилгандир.

Бу ҳақда фикрлаётиб, бир ҳақиқатни эътибордан фаромуш қилмаслигимиз керак. Барча дину диёнатларнинг мажмуаси, барча адабиётлар инсонни бугун кечагидан, эртага бугунгидан комилроқ, етукроқ инсон қилиб тарбиялашга сафарбар қилинган ва бу сафарбарлик ана шу динларнинг, адабиётларнинг вакиллари томонидан эътироф этилган. Бироқ, шуниси ҳам рад қилинмаганки, аҳли башарнинг шунақа вакиллари ва, эҳтимол, шундай тоифалари ҳам мавжуддирки, уларни муайян тафаккур мезонларидан келиб чиқиб камолотга дохил қилиш ниҳоятда мушкул.

Халқимизда “Беш бармоқ тенг эмас”, деган нақл бор ва бу нақл мазмунан мутлақо табиийдир. Паҳлавон Маҳмуднинг:

Жангда келар бўлса, ки эр эр била тенг,
Не-не қалъалар бўлғусидир ер била тенг.
Рўза тутиб кундузи, тунлар ўкраб,
Шер бўлмаган, асли, бўлмағай шер била тенг,

қабилидаги рубоийлари ҳам бу ҳақиқатни тасдиқлайди. Бироқ юнон мутафаккирининг меросидан юқорида келтирилган иқтибос шуни тасдиқлайдики, мазкур “Беш бармоқнинг тенг эмас”лигидан ташқари, таъкидлаганимиздек, шундай тоифалар ҳам борки, уларни тарбиялашдан ҳам кўра, улардан эҳтиёт бўлиб ҳаёт кечирмоқ инсоният учун манфаатлироқдир. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳам юнон алломасининг бундай хулосаларига монанд рубоийлар битгандирки, шулардан айримларини эслаб ўтсак жоиз. Рубоий:

Ҳеч қора тош дур каби маъдан бўлмас,
Мурч ила занжабил ширин таъм бўлмас.
Тинглаки, Пурёйвали айтади сўз,
Аслида номард сира одам бўлмас.

Шуни алоҳида уқтириб ўтиш лозим: бундай рубоийлар Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг инсон тарбиясига иккиланиб қараганлигини кўрсатмайди, балки, такрор айтамиз, айрим тоифаларнинг маҳдудлигидан аламини ифодалайди, холос. Аксар эса хивалик буюк рубоийнавис Паҳлавон Маҳмуд ўз тафаккури билан ҳар бир одамни комил инсон қилиб тарбиялаш жабҳасидаги енгилмас бир курашчи эдики, бу фазилатни унинг кўпгина рубоийларида учратиш мумкин. Масалан, рубоий:

Зарб берсак агар чарх фили яксон бўлғай,
Уфқ доираси ноғораи шон бўлғай.
Жой олса чумоли гар бизим сафлардан,
Давлатимиз туфайли арслон бўлғай.

Диққатга сазовор жиҳат шундаки, буюк юнон алломаси арслонни арслон тарзида асрашни, унинг арслонлигига путур етказмасдан, “айнитмасан” тарбия қилишни таъкидлаган эди: “Афлотун ўзларининг машҳур шоирлари Ҳомернинг ўзини-ўзи менсимай қўйган арслоннинг охири жасурлигини йўқотиб, оҳулардан ҳам қўрқадиган бўлиб қолганлиги ҳақида шеърини келтиради” деб ёзади Форобий.

Бундан аён бўладики, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари юнон алломасидан мутаассир бўлибгина қолмасдан, балки у амал қилган идеалларнинг айрим жиҳатлари билан мунозара қилиб ижод этган.

Шу ўринда бир фикрни таъкидлаб ўтиш жоиз. На қадимги юнон файласуфлари ва на уларга нисбатан замон ва макон жиҳатидан қиёслаб бўлмас даражада яқин бўлган Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари қонунларнинг одамларни итоатда эмас, балки озод бир руҳ эгалари сифатида маънавий жиҳатдан мутаносиб равишда ҳаёт кечирадиган шахслар сифатида шакллантирадиган сабоқлар йиғиндиси эканлигини таъкидлашдан чарчамайдилар. Аён бўладики, итоат итоат учун эмас, балки, итоат бу инсонларнинг ўзаро мавзун ҳаёт кечиришлари учунгина зарурдир. Тағин Форобий ҳазратларининг китобига мурожаат қиламиз. “Афлотун қуллар ва жоҳил одамлар устидан ҳукмронлик ва уларни ҳокимиятга бўйсундириш ҳақиқатан тўғри иш эканлигини, шу билан бирга эркин ва меҳр-шафқатлиларни бўйсундириш ўта бемаънилик эканлигини тушунтиради”. Паҳлавон Маҳмуд асрлар оша бу фикрни ўзининг ажойиб рубоийлари билан тасдиқлангандек қалам суради. Рубоий:

Боқсам юзингга йироқдан ханда қилар,
Эркимни тағин мендан олиб санда қилар.
Кимки агар озоддур, ул шоддур,
Мен эса шод, гарчи лабинг банда қилар.

“Фозил одамлар шаҳри” китоби мутолаасида давом қиламиз: “Афлотун шаҳар аҳолиси қанчалик меҳр-шафқатли бўлса, уларни бошқарув шунчалик юқори даражада илоҳий бўлади, деб ҳисоблайди”.
Дадил айтиш мумкинки, Паҳлавон Маҳмуднинг бутун ижоди Афлотуннинг юқоридаги фикрига бетакрор рубоий оҳанглари сингдирилган ҳикматлар билан берилган жавобдир. Чунки буюк шоиримиз рубоийлари бир мақсадга – инсонни илоҳий тарбия воситасида тарбиялаш, унинг маънавиятига камолот бахш этиш масалаларига бағишлангандир. Шунинг учун ҳам биз қиёсий мутолаа масалаларига бағишланган бу саҳифадаги мазкур фикрга Паҳлавон Маҳмуднинг бутун ижодини сархат қилиб қўяверсак ҳам бўлади, бироқ, ҳар қалай мухтасарлик талабларига риоя қилиб, ана шундай рубоийлардан иккитасини мисол тариқасида келтириш билан кифояланамиз. Рубоий:

Кўз ёш, не ажаб, кўзда қароқни ювса гар…
Дўст йўқки бирон, дилимда доғни ювса гар.
Маъно эгаси саналса одам, мен шул,
Шул шарт билаки, салла гуноҳни ювса гар.

Яна:

Сайқал берибон дилга ҳалол бўлғайман,
Мисли булоқ суви – зилол бўлғайман.
Гардларни ювиб фориғ этар кўзёшим,
Беғаш, бекудурат, бемалол бўлғайман.

Дарҳақиқат, илоҳий тарбия эзгуликка мойил кўнгилларни маънавий изланишлар изтироби чиғириғидан олиб ўтиб, руҳан тозартиради ва бундай мусаффоликка эришган одамнинг ички дунёси Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари мисралари билан айтганда, рубоий:

Бир бурда кифоя, мардга кўп нон не керак,
Дарёдан оқар сув, ана, ризвон, не керак.
Ўз қўли бор, айт не керак хизматкор,
Ўз дили бор, айт, унга султон не керак,

қабилида бўлади ва бундай тарзда камолга етган шахслардан таркиб топган мамлакат, чиндан ҳам, саодатлидир.
Абу Наср Форобий талқинларидан кўринадики, Афлотун инсонларнинг руҳий тарбиясига ҳам алоҳида диққат қаратиб ижод этган. “Руҳ эзгу олам бўлгани учун, – деб ёзади Абу Наср Форобий, – инсон аввало, ўзининг руҳини камол топтириши керак…”.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг рубоийларида бу масала алоҳида бир тарзда қўйилгандир. Руҳий тарбиянин мукаммал бўлиши зарурлигини таъкидлаб ижод қилган ҳазрати Паҳлавон Маҳмуд руҳий парвозга шай бир қуш тарзда тасаввур қилади. Қуш худди рўйи заминдан парвоз қилгани каби, руҳ ҳам тупроқдан бўлган одамнинг вужудидан илоҳий юксакликка қараб учади. Шунинг учун ҳам руҳ юксак бир тарзда ҳаёт кечирмоғи жоиздир. Акс ҳолда у парвоздан бенасиб бўлади ва шоирнинг қуйидаги рубоийсида баён қилинган ҳолат юз беради. Рубоий:

Дунёга ёпишган чирмовуқмиз ҳаммамиз,
Дон таъмамиз, турқи совуқмиз ҳаммамиз.
Эртага руҳ қушлари бир-бир учади,
Биз қоламиз… чунки товуқмиз ҳаммамиз.

Абу Наср Форобийнинг ёзишича, руҳни тарбиялашнинг ўзи бўлмайди. Шарқ алломасининг таъкидлашича, “Афлотун оқиллик ҳақида эслатиб, машаққатдан роҳатни афзал кўриш бемаъни ҳаёт тарзи эканлигини, роҳатдан машаққатни афзал кўриш маъқул ҳаёт тарзи эканлигини тушунтиради”.

Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийларида бу ғоя кўзга яққол ташланарли бир тарзда, ўзига хос йўсинда ифода қилингандир. Паҳлавон Маҳмуднинг уқтиришича, ҳар бир одам тўрт унсур – ҳаво, ўт, сув, тупроқдан таркиб топган ва бу таркибот тўрт унсурнинг ўзаро қотишуви тарзида рўй берган экан, тинимсиз машаққатда бўлиш инсоннинг илоҳий қисматидир ва у ўзининг бу қисматига хилоф иш тутса, таназзулга учрайди. Рубоий:

Дилларни мусаффо нафасу доғ пишитар,
Дилларни ловуллаб, ки, оловгоҳ пишитар.
Кўзёш тўла кўзадир вужуд, лекин хом,
Хом бу сафолни дард ясар, оҳ пишитар.

Паҳлавон Маҳмуд ўзининг давлатни, халқни бошқариш ҳақидаги фикрларини муттасил равишда Форобийнинг Афлотун меросига шарҳлари билан ҳамоҳанг бир тарзда, айни пайтда, исломий мезонларга хилоф иш тутмаган ҳолда ҳамда ўз даврига монанд тамойиллардан келиб чиқиб тараққий топтиради. Масалан, устозларимиз таржимасидаги:

Уч юз Қўҳи Кофни келида туймоқ,
Дил қонидан бермоқ фалакка бўёқ,
Ёинки бир аср зиндонда ётмоқ,
Нодон суҳбатидан кўра яхшироқ,

рубоийсини Форобийнинг “У (Афлотун кўзда тутилади) қонуннинг тартиб қоидаларини қабул қилишнинг шарт-шароитлари ҳақида гапириб, шаҳар икки ҳолда: ё у қадимий бўлгани учун ёки янги бўлганидан аҳоли гавжум бўлмаслигини кўрсатиб ўтади. Агар у қадимий бўлса, у ҳолда қонун чиқарувчининг иши осонлашади, чунки бу шаҳарда аҳоли ахлоқи ва аҳволига таъсир ўтказувчи ҳамда кейинги қонунларга муқаддима бўладиган аввалги қонунлар кучини йўқотмаган бўладилар, агарда у янги бўлса, у ҳолда соҳиби қонуннинг иши анча қийинлашади, чунки у одамлар орасидан қонунларни қабул қилишга тайёр одамларни танлаб олиши керак бўлади” деган фикрлар ахбороти билан муқояса қилсак, дарҳақиқат, подшоҳларга қийин бўлганлигини англаймиз. Чунки ҳар бир одам ўз хоҳишига кўра нодондан қочиши мумкин. Шоҳ бўлса фуқароси қандай бўлса, шундан келиб чиқиб сиёсат юргизишга мажбур. Акс ҳолда – инқироз муқаррар.

Агар фуқаро аксар жоҳил одамлардан иборат бўлса, мана шу нодонларнинг миқдорига мутаносиб равишда раҳбарнинг уқубатлари кўпаяди. Чунки ҳар қандай шоҳ, ҳар қандай йўлбошчи, модомики, ўз мартабасини ўз ихтиёри билан танлаган экан, ўз фуқароларига маҳкумдир. Шунинг учун ҳам агар у доно бўлса, машаққатларни фуқаролар орасидаги “нодонлар суҳбати” фожеаларини енгиб, мамлакатида бир қадар мавзун ҳаёт тарзини қарор топтириши керак. Шунинг учун ҳам Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари Форобий талқинидаги Афлотуннинг қарашларини ўз рубоийлари билан тасдиқлайди, мустаҳкамлайди. Рубоий:

Май бирла қадаҳ, қадаҳ сафо бирла ҳаёт,
Дарё дур ила, дур-чи баҳо бирла ҳаёт.
Давлат ила халқ бир-бирига чамбарчас,
Подшоҳ биз ила, биз подшоҳ бирла ҳаёт.

“Афлотун… давлат тузилишини кемага ўхшатади” деб хабар беради Абу Наср Форобий, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари бўлса шу сатрларга биноан мисралар тизади, гўё, рубоий:

Бу кемага бунча ҳайрон қолманг асло,
Шоҳ дарғадир унга… ўйга толманг асло.
Қўрқитмасин ҳеч мавж довуллар сизни,
Тўфон ғамидин хавотир олманг асло.

Паҳлавон Маҳмуднинг бу ғаройиб рубоийсидаги фикр, шунингдек, Афлотуннинг “Энг катта жиноят раҳбар шахс томонидан қилинган жиноятдир. Бундай ҳолатда бошқа ҳокимлар уни тарбиялаш ва таъсир ўтказиш чораларини кўришлари керак. Агар бунга эътибор берилмаса, …шаҳарда иллатларнинг кўпайишига ва шаҳарларнинг инқирозига сабаб бўлади” деган мулоҳазалари билан ҳам ҳамоҳангдир.

Абу Наср Форобий ҳазратларининг китобида мерос ҳақида мўътабар бир фикр келтирилади: “Агар шаҳарда катта авлодга мансуб фойдали ишлар билан машғул бўлган бирор покдомон шахс бўлса, унинг иши давом эттирилиши зарур…”

Абу Наср Форобий ҳазратларининг талқинидаги Афлотун мероси билан танишар ҳамда бу меросга Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг ҳамоҳанг фикрлаш тарзини кузатар эканмиз, бу ҳамоҳангликлар бизга мўътабар аждодларимизнинг қутлуғ бир ибрати, мўътабар бир васияти сифатида янграйди. Ибрат олганлардан ибрат олмоқ муносиб авлодлар учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

ИККИ ФИЛ ҲИКМАТИ

http://www.dreamstime.com/royalty-free-stock-photo-monochrome-oriental-ornament-illustration-vector-format-image55095885“Иккинчи муаллим” – ҳазрати Абу Наср Форобий шарҳларининг Шарқ, хусусан, мусулмон шарқи мамлакатлари мутафаккирлари ижодига таъсирини кузатсак, фақат Афлотуннинг эмас, Арастунинг-да қарашларининг аждодларимиз ижодига муайян даражада таъсир қилганлигининг гувоҳи бўламиз. Ва бу таъсирдан биз айни пайтда ижодини таҳлил қилаётганимиз Паҳлавон Маҳмуд рубоиётининг ҳам мустасно эмаслигини кузатиш диққатга сазовордир.

Абу Наср Форобий қайд этадилар; “Арасту… одамларнинг мақсадлари тўртта, – деб тушунтиради, – булар тан соғломлиги, туйғулар аъзоларининг соғломлиги, турли нарсаларни идрок этишга бўлган қобилият соғломлиги, интилишга бўлган қобилият соғломлиги”.

Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида Арасту қарашларидаги бу жиҳатларга акс садолар баралла янграйди. Шоир иисоннинг ҳам руҳан, ҳам жисман саломат бўлиши учун унинг ботиний дунёси бешикаст бўлишининг муҳимлигини алоҳида бир урғу билан таъкид этади. Рубоий:

Айтмасалар бормаки, меҳмон аччиқ,
Хор этади, қўйгани бир нон аччиқ.
Тотлидир ўз нону тузинг миннатсиз,
Миннатда кабоб бўлса, ширин жон аччиқ.

Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидан тағин бир хислат аён бўлади: инсон ўзининг руҳий фазилатларига, маънавий соғломлигига осонлик билан эриша олмайди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, чекиладиган руҳий-маънавий риёзатлар эвазига эришилган фазилатлар инсоннинг ички дунёсини алоҳида бир шуъла билан ёритиб туради ва бундай хислатлар унинг руҳиятида умрбод барқарор бўлади. Рубоий:

Туз тотмадим ҳеч, ишқ юрагим қон айлар,
Ухламадим, ёр мени нолон айлар.
Ҳолимга менинг тушсами бир дам зоҳид,
Дарров ўзини фаришта эълон айлар.

Мана шундай, “ўзини фаришта эълон айлайдиган” ҳар бир одам:

Даштлар назаримда тор, саҳро тангдир,
Хотирам ойинаси чангу зангдир.
Сув-ку яқин, узатсам ҳеч етмас қўл,
Ичмакка борай десам, оёғим лангдир.

– дейдиган ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ночор бир аҳволга тушмаги муқаррардир.
Арастунинг руҳий соғломлик ҳақидаги, тўғрироғи, туйғуларнинг баркамол бўлиши тўғрисидаги ўгитлари Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари рубоийларига баракали таъсир кўрсатган бўлиши эҳтимолга яқин эканлиги шоирнинг мисраларидан аён бўлиб туради. Рубоий:

Тонг бу юзинг ва ундан, ёр, гул ёғилар,
Хулқинг эса фасли баҳор, гул ёғилар.
Хуш кечади даврамиз, ёришди уфқ,
Юз очади бу рўзигор… гул ёғилар.

Шоирнинг, хусусан:

Сайқал берибон дилга, ҳалол бўлғайман,
Беғаш, бекудурат, бемалол бўлғайман.
Гардларни ювиб, фориғ этар кўз ёшим,
Мисли булоқ суви… зилол бўлғайман,

рубоийси бу мавзудаги рубоийларнинг гултожи бўлиб, шоирнинг, Арасту уқтиргани мисол, туйғулар тарбиясига нақадар улкан аҳамият бериш зарурлиги тўғрисидаги кўрсатмаларига монанд жаранглайди.

Бу йўналишдаги фикрлашимизни давом қилдиришимиз учун Форобий ҳазратларидан навбатдаги иқтибосни келтиришимиз ўринли бўлади: “…Арасту айтади-ки, осмон ва ердаги туйғу билан ҳис этиладиган нарсалар ва кўзга кўринадиган ҳолатларни ҳамда руҳнинг ўзидаги туйғуларнинг мавжудлиги сабабларини билишга руҳ доимо интилиб туради”. Ўзининг бу фикрини Арасту бошқа бир ўринда ниятлар ҳақидаги фан, деб атайди. Арастунинг бу фикрларини Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари асрлар оша ўзининг оташин мисралари билан ўзига хос бир тарзда шарҳлайди, ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаш жоиздирки, мана шу нуқтада шеър “ниятлар ҳақидаги фан” – мантиқ санъати билан чамбарчаслашиб кетади. Зеро, ҳар бир ният аввало инсон идрокида сўз воситасида пайдо бўлиб, баён қилинади ва изҳор этилган бу фикр тадрижий бир равишда амалга тадбиқ этилади. Рубоий:

Эзгуми ҳеч ниятимиз, бир биламиз,
Борми аҳамиятимиз, бир биламиз.
Тил тийғи билан дилни очиб ташлаймиз,
Не, ўзи, моҳиятимиз, бир биламиз.

Бироқ, бу айтишга осон. Инсоннинг ўзини-ўзи билиши унинг қўлидан келадиган энг қийин вазифалардан бири. Халқимиз “Ўзини билган – вали”, – деб бежиз айтмайди. Модомики инсон коинотнинг сарвари экан, унинг ўзи томонидан ўз моҳиятига етиши ҳам ана шу коинотни англаб етиш сингари уқубатли ва шарафли бир маърифий машаққатдир. Форобий Арасту “ҳақиқий инсоний фаолият бўлган фаол ҳаракат, инсоннинг коинотда яратилиши сабаб бўлган мақсад маълум бўлса, у ҳолда инсон коинотнинг бир қисми эканлиги ва шу коинот билан бир умумийликни ташкил этиши ҳақида хабар берилишини тушунтиради. Агар тўқувчи, косиб ва шаҳар фуқаросининг ҳар бири ўзининг нега яшаётганини билмаса мақсад ва манфаат даражаси мавҳум бўлса ҳар бирининг айрим-айрим мақсадлари ҳам номаълум бўлади” – деб ёзади.

Форобий ҳазратларининг Арастудан мазкур иқтибоси ҳамда бундан келиб чиққан хулосасига эътиборни қаратадиган бўлсак, аждодларимиз учун олам ва одам, одам ва олам тушунчалари бир-бири билан чамбарчас ва муштараклик касб этгани аён бўлади. Шунинг учун ҳам буюк боболаримиз оламни ўрганишни оламни ўрганиш учунгина амалга ошириб қолмасдан, айни пайтда оламни одамни ўрганишнинг муҳим воситаси деб билганларки, биз бу фикримизни Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг рубоийлари билан далиллашимизнинг ҳозир айни мавридидир.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳам коинот тўғрисида фикрлар экан, мазкур ҳудудсизликни инсоний аъмоллар билан чамбарчасликда олиб қарайди. Инсон руҳининг барқарор бўлишида коинотнииг, коинотнинг барқарор бўлишида инсоннинг аҳамиятини таъкидлаб қалам тебратади. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари талқинича, инсон чексиз борлиқда мавжуд бўлган мўътабар илоҳий мўъжизадирки, шуниси билан ҳам у ноёбдир, ўзини-ўзи асраб авайлашга муносибдир. Шоир оламда одамнинг мана шундай танқислигини ўйлар экан, ёзади, рубоий:

Ишқ ичра нишон ўзим менинг тийр ўзим,
Мажнун бу ўзим, жунунга тадбийр ўзим.
Чексиз бу фалакда пойидор маҳбусман,
Қўзғалса фаришта нафси, занжийр ўзим.

Бу рубоийда инсоннинг озодликдан бўлган умиди чексиз эканлиги алоҳида бўрттирилади. Шоир фикрича, инсон шундай бир эркка муносибдирки, бунинг нисбатинда унинг фалакдаги озодлиги ҳам “маҳбус”лик бўлиб қолаверади. Шу боисдан ҳам шоир олам ва одам тушунчаларини ёлғиз бир мезоннинг мавзун жуфт палласи сифатида олиб таҳлил этади. Ҳар иккаласига бир-бирига муносиб елкадош бир ҳамкорларга қарагандек қарайди. Рубоий:

Фаҳм этгучи қисмат юкини дил менман,
Уммондир у бир, наҳанг эса, бил, менман.
Жипс икки жаҳон юкига тутган елка,
Бир фил бу фалак сенсану, бир фил – менман.

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг коинот мавзуси билан боғлиқ рубоийларини мутолаа қилар эканмиз, муҳим бир жиҳат шоирнинг коинотни, бизнингча айтганда, хом сут эмган бир одам сифатида олиб қарашидир. Рубоий:

Замин жаҳонгир… тугамас йўллари ҳам,
Тўс-тўполон ўнглари ҳам, сўллари ҳам.
Фол боқди замин ҳақда менинг лўливашим,
Ҳар лаҳза қилич дастасидадир қўллари ҳам.

Шоирнинг бу мавзудаги бошқа рубоийларининг аксарияти ҳам ниҳоятда инсонийлаштирилганлиги билан аҳамиятга моликдир. Шоир наздида гоҳ фалак барча ишларини телба-тескари бажарадиган бир кажфеъл, масалан, рубоий:

Ҳақни ҳақ эт, ноҳақни малъун қил сен,
Яхшини шод, ёмонни дилхун қил сен.
Доно оёқ остиндаю нодон бошда,
Ё раб, бу фалакни остин-устун қил сен,

гоҳ ўзи иморатлар бунёд этиб, ўз ишининг номукаммаллигидан ўкинадиган ўзига ниҳоятда талабчан бир бинокор. масалан. рубоий:

Меъмор фалак қаср ила айвон этгай,
Нақшини тамом этгач у вайрон этгай.
Пештоқини бул кун ўзига тенг этгач,
Эртасига ер била яксон этгай.

Шоирнинг рубоийларини мутолаа қила борганимнз сайин яна Абу Наср Форобийнинг Арасту ҳазратларидан келтирган қуйидаги фикрлари ўзининг поэтик тасдиғини топа боради: “Модомики инсон коинотнинг бир бўлаги экан ва агар унинг мақсадини, фаолиятининг фойдалилигини ва даражасини аниқламоқчи бўлсак, биз аввало бутун коинотдан келиб чиқадиган мақсадини билиб олишимиз зарур бўлади. Шунда бизга бутун коинот мақсади бўлган мақсадга эришишда, шу коинотнинг бир бўлаги бўлишимиз зарурлиги равшан бўлур эди…” .

Бу иқтибосга монанд рубоийлардан бирининг:

Уфқ томон томди қуёш – бир лахта қон,
Кесди кокил Зуҳро ой бўлди ниҳон.
Тонгга тун мотам тутиб кийди қаро,
Бир совуқ оҳ чекди, бир оташ фиғон,

мисраларига диққат қилинса, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари Абу Наср Форобий ҳамда Арасту ҳазратларининг муносиб шогирди ўлароқ, фалакни инсоний сифатлар билан зийнатлаб тасвир этганлигининг гувоҳи бўламиз.

Биз, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари рубоийларининг мухлислари учун бу жиҳатдан жуда муҳим бир қирра мавжуд. Бу ҳам бўлса, шоирнинг инсон шахсини муболағали бир тарзда баҳайбатлаштириб:

Оқшомга назар солсанг у кундуз бўлғай,
Қинғирга нигоҳ ташласанг у туз бўлғай.
Кўлмакка нигоҳ ташласанг, оҳ, ҳар томчи
Осмон сари сачрабон-ки, юлдуз бўлғай,

тарзидаги мадҳияларидан чекиниб, инсон учун фалакни-ку азиз, бироқ заминни барибир яна ҳам азизроқ билиб битган рубоийларидир. Масалан, рубоий:

Кўзимдаги сувратингни, эй ёрқин моҳ,
Ёмғир каби тўкдим, ўлиминг қўйгач доғ.
Дарҳол танигай энди сени келганлар,
Гул юзлининг, оҳ, худди ўзи бу тупроқ.

Биз Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари шеъриятининг Абу Наср Форобий шарҳлари воситасида Арасту фалсафаси билан қиёсий мутолаасини теранлаштира борганимиз сари, буюк юнон мутафаккирининг “Агар биз табиатдан олинадиган баркамоллик ва шу баркамоллик маҳсули бўлган мақсад ҳақида билишни хоҳласак, у ҳолда биз сўнгги мақсади инсон бўлган табиат умумлашмаси ҳақида билишимиз керак бўлади, инсоннинг ўзи ҳам шу коинот мақсадлари умумлашмасининг бир қисмидир” деган фикрининг нақадар мантиқли эканлигига тобора мустаҳкамроқ ишонч ҳосил қила борамиз.

Хулоса ўрнида Арасту ҳамда Паҳлавон Маҳмуд ижодларидаги ҳамоҳангликларни ҳамда юнон файласуфининг Хоразм шоири рубоиётига таъсирини таҳлил қилаётиб, ҳар иккала алломанинг ҳам сўз воситасида ўз қарашларини баён қилганликларини, инсониятнинг бу икки буюк фарзандининг айтган сўзларию қилган амаллари бир-бирига монанд бўлганлигини таъкидлар эканмиз, бу борада ҳам асрлар оша устоду шогирдликнинг давом этиб турганлигини ва бу устоду шогирдликнинг баракоти аҳли башарга муттасил насиб бўлиб турганлигини алоҳида бир қаноатланиш туйғуси билан таъкидлаб ўтишни ўз бурчимиз деб биламиз. Абу Наср Форобийнинг таъкидлашича, ростгўйлик, ҳалоллик, ёлғонга нафрат бобида тенгсиз фазилатлар соҳиби бўлган Арасту ҳазратлари инсониятнинг жирканч ёғийси бўлган иккиюзламачилик, риёнинг, ҳасад ҳамда хиёнатнинг қуроли бўлмиш ёлғоннинг башарасини очиб ташлаш бобида ҳам ибрат намунасини кўрсатганлар.

Хусусан, ёлғончиликни ўзига касб қилиб олган, номардларча баҳс юритиш усуллари воситасида мухолифлари устидан майлига сохта, майлига муваққат бўлса ҳам, ғалаба қозонишни ўзларига мақсад қилиб олган софистика ҳақида фикрлар экан, Арасту ёзади: “Софистика санъати бўйича баҳсда қатнашувчиларнинг ҳар бирлари қуйидагн олти нарсани қўллашади: 1. Танбеҳ; 2. Саросима, довдираш; 3. Туҳмат ва қатъият; 4. Нутқда дудуқланишга мажбур қилиш; 5. Бемаъни сўзлардан фойдаланиш, сафсата; 6. Сукутга мажбур этиш” .

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари, эҳтимол, ана шу олти жиҳатни кўзда тутган ҳолда, уларга қарши курашнинг йўсинларини ўзига хос тарзда ишлаб чиққан Шарқ алломасидир. Шоирнинг таъкидлашича, ҳақиқат асл ва барқарор бўлса, одамни ундан чалғитиш қийин. Масалан, дейлик. танбеҳ усули аслида сохта бўлган муқобил “ҳақиқат”лар билан рақибни чалғитиш софистиканинг авраш усулларидан бири бўладиган бўлса, устоз Арасту кўрсатган нишонга қарши Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари қақшатқич ва аниқ ўқ узади. Рубоий:

Ҳақ бу сен, ўзга ҳақни мен билмасмен,
Ҳажрингда бўлак фироқни мен билмасмен.
Олти тараф бўлса-да мавжуд гарчи,
Қибладан ўзга ёқни мен билмасмен.

Биз Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг тингловчининг саросимага туширилиши ҳолати акс эттирилган рубоийларини ҳам биламиз. Масалан, рубоий:

Қилдиму тавба, бўлди гоҳ ғам чил-чил,
Берди азоб дардима барҳам чил-чил.
Тавбамга тегиб бўлди қадаҳ чил-чил гоҳ,
Гоҳ тегди қадаҳга, бўлди тавбам чил-чил.

Яна рубоий:

Бодаи лаъл бирла тиниқ гавҳаримиз,
Басма-бас ичдик, дод деди соғаримиз.
Май устида бизми бугун, билмадик ҳеч,
Кетдикми қолиб май тагида ё баримиз?

Софистларнинг бу ва бу каби салбий усулларининг мудҳиш оқибатларини ана шу усулларнинг жабрига гирифтор бўлганларгина яхши англайдилар. Шунинг учун ҳам Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ўз лирик қаҳрамонини ана шундай “куйга солиб турадилар”. Масалан, рубоий:

Туҳмат бир исирға, биз уни зеб кўрамиз,
Қулоққа бир-бир тақамиз, эп кўрамиз.
Ғам заҳрини ҳижрон қўлидан қанча юрак,
Тотди… бу луқмани биз ҳам еб кўрамиз.

Аждодларимизнинг тафаккур гирдоблари шу қадар теранки, уларга кўз ташлаганинг сари, ўз қаърига қараб тортаверади. Биз ўзимизни бу гирдоб ичра хас каби чирпирак бўлиб кетишдан асрамоқ, кузатишларнинг давомини зийрак китобхонларнинг ўзларига ҳавола этмоқ ниятида мутолаадан тўхтаймиз. Қаламимизга танаффус берамиз.

ДАВОМИ БОР

хдк

(Tashriflar: umumiy 619, bugungi 1)

Izoh qoldiring