Matnazar Abdulhakim. Zohiriy faqr,botiniy qudrat.

021    Ҳар бир одамнинг ҳаётида ҳам сурур ва ғам, умид ва умидсизлик туйғулари аксар ёнма-ён келади ва ҳар бир одам ўз ишончу эътиқодига муносиб равишда салбий ҳолатлардан халос бўлиб, ютуқларга восил бўлмоқ умидида яшайди.

Матназар Абдулҳаким
ЗОҲИРИЙ ФАҚР,БОТИНИЙ ҚУДРАТ
056

Муҳаммад Ризо Огаҳий ҳазратларининг қаламига мансуб «Ашъори форсий» манзумалар туркуми муборак анъаналар асосида битилган, моҳиятан тасаввуфий шеъриятнинг улкан тарбиявий аҳамиятга эга бўлган оҳангларда ижод этилгандир:

Ё раб, сенинг туфайлидир мартаба, ашку оҳимиз,
Сен айбимизни айла авф, кечир бизим гуноҳимиз.

Шоирнинг «Таъвиз-ул-ошиқин» девонининг таркибий жузви бўлмиш «Ашъори форсий» туркумининг дастлабки ғазали мана шундай матлаъ билан бошланади. Ушбу мисралардан аён бўладики, шоир қаламга олган мавзуларнинг мавзуи, инсонни камолотга сазовор қиладиган фазилатларнинг манбаи, унга барча неъматларни турли воситалар орқали туҳфа этгувчи Аллоҳдир. Модомики, бизнинг бир-биримизга қилган эзгуликларимизни юзимизга солиб, таъна қилишга ҳақимиз йўқ, билъакс, бу эзгуликларга бизни сазовор этишга воситачи қилиб танлаганлиги учун, аввало, Аллоҳдан, қолаверса, бир-бирларимиздан миннатдор бўлмоғимиз, миннатдорлигимизнинг мантиқий натижаси ўлароқ, шукроналик тарзида, мазкур яхшиликларимизни яна ҳам зиёда қилиб ҳамда мустаҳкамлаб бормоғимиз керак бўлади.

Огаҳийнинг талқинича, бундан бошқа йўл таназзулга маҳкумдир, гумроҳликка элтгувчидир. Шунинг учун ҳам ҳар бир одам фақат мана шу йўлни изламоғи, мана шу йўлдан юрмоғи керакдир.

Саргаштамиз биз бир умр айрилиғингда дашт аро,
Қил илтифот, кўйинга элтсин бизи рост роҳимиз.

Юқоридаги мисралардан тағин аён бўладики, бу «рост роҳ»га, яъни тўғри йўлга мушарраф бўлишнинг бирдан-бир иложи — тинимсиз риёзатдир. Модомики, шоир «Саргаштадирмиз бир умр айрилиғингда» деб ёзаётган экан, демак, бу тўғри йўлга мутлақ тушиб олиш ниҳоятда мушкул, шунингдек, лозим бўлган фазилатларнинг фазилатидир. Шоир фикрича, бу муваффақиятга бир умр тўғри изланиш туфайлигина эришилади.
Навбатдаги байт ҳам маърифатга, яъни илоҳий ёғдуни кўнгил кўзи билан илғаш туфайли эришиладиган маънавий жамолга бағишлангандир:

Ғам тунида қолиб кетурмиз, оҳ, биз саҳарсифат,
Қоронғудан фориғ этиб, ёрут, ки, субҳгоҳимиз.

Маърифатталаб ҳар бир инсон учун энг қўрқинчли ҳол бу — жаҳолат зулматига тутқун бўлиб қолишдир. Шунинг учун ҳам, ушбу байтда лирик қаҳрамон Аллоҳдан ёруғлик илтижо қилади. Бу байтда қоронғиликдан озурдалик билан ёруғлик умиди бир-бирига уйғун бўлиб кетганки, Огаҳий бобомизнинг мана шу зиддиятли ҳолатни ифода этиши ўқувчида ҳамфикрлик кайфиятини уйғотади. Негаки, ҳар бир одамнинг ҳаётида ҳам сурур ва ғам, умид ва умидсизлик туйғулари аксар ёнма-ён келади ва ҳар бир одам ўз ишончу эътиқодига муносиб равишда салбий ҳолатлардан халос бўлиб, ютуқларга восил бўлмоқ умидида яшайди.

Инсонда андуҳларни бартараф қилиш ниятида чекилган машаққатлар туфайли шодликларга эришув умиди устувор бўлмоғи, ғамни шодликка айлантириш йўлида у қаттиқ курашлар олиб бормоғи ва ғалабага эришмоғи жоиз.

Қақраса жисму жонимиз гоҳ оҳ самуми бирлаким,
Илиқ булутларинг билан кўкарт бизим гиёҳимиз.

Мана шу байт юқоридаги фикримизга далилдир. Бу далолат, умуман, Огаҳий шеъриятининг оптимистик йўналишини белгилайдиган фазилатлардандир. Шуниси эътиборга моликки, бордию Огаҳий лирик қаҳрамонининг, ғазалда таъкидланганидек, «Гоҳ оҳ самуми бирла жисму жони қақраб», «Илиқ булутлари ила гиёҳи кўкармаган» тақдирда ҳам, Яратганга ношукр бўлишга ҳақи йўқ. Бордию яратганнинг раво кўрган жабри билан унга бу жаҳон тор келган тақдирда ҳам, унинг лутфи туфайли у иноятдан умидвор бўлавермоғи лозим. Бундай тақдирда, шоирнинг таъкидлашича, банда:

Бош олибон чарх жавридан қочиб чиқиб кетар эсак,
Кўланканг, оҳ, бўлур бизим бошимиза паноҳимиз —

деб шукр қилмоғи лозим. Чунки Ҳақнинг иноятлари, ғазалда таъкидланаётганидек, самонинг чексизлиги янглиғ беҳудуддир.
Муҳаммад Ризо Огаҳий инсон ҳаётда йўл қўйиши мумкин бўлган нуқсонлардан фориғ бўлишнинг имконини ибодатда кўради. У ёзади:

Йўлингга бошимиз қўйиб, сажда қилиш билан санго,
Шоистаи сужудинг, о, бўлсак эди, илоҳимиз.

Мисралардан англашилаётганидек, гап фақат саждада эмас, балки «Шоистаи сужуд»да, яъни саждага ноил бўла билишда ҳамдир. Шоирнинг уқтиришича, саждага етиб боргунча мавжуд йўлни босиб ўтиш ҳам инсондан ўзига яраша фазилатларни талаб қилади.
Шу ўринда ҳадиси шарифлардан биттаси ёдга тушади. Бир куни Аллоҳ Расули Муҳаммад (с.а.в.) айтган эканларки, «Яхши амалларингиз бўлмаса, фақатгина ибодатларингиз билан жаннатга кира олмайсизлар!», «Сиз ҳамми, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашибди ундан. «Ҳа, мен ҳам!» жавоб берибди Муҳаммад (с.а.в.). Албатта, бу ҳадиси шариф ибодатнинг аҳамиятини пасайтирмайди, балки яхши амалларнинг нақадар муборак эканлигини таъкидлайди. Демак, илоҳий амаллар дунёвий амаллар билан мустаҳкамлангандагина савобли самаралар беради. Шунинг учун ҳам:

Ҳам бошимиз билан юриб, йўлингга тушсак эрди бир,
Самодан ҳам баланд бўлур эди бизим кулоҳимиз.

Маълумки, «ҳам бош» ва дарвешлик кулоҳи Ҳақ субҳонаҳу ва таолога эътиқод туфайли эришиладиган фақрлик даражаси. Бироқ бу маснаднинг, шоир талқинича, «самодан ҳам баланд бўлиши» алоҳида диққатга сазовордир.

Қуллигимиз қабул эса гар эшигингда ногаҳон,
Қайдаки бахт, баридан ҳам баланд бўлурди жоҳимиз.

Огаҳий ҳазратлари қуллик тузуми мавжуд бўлган замонда яшади. Гарчи бу даврда жамият қулликни ҳали очиқдан-очиқ инкор қилишгача етиб келмаган бўлса-да, халқ ўртасида бу мудҳиш иллатдан қутулиш ҳақидаги фикрлар очиқ-ойдин тилга олинаётган, ҳатто одамлардаги бу табиий истакни баҳона қилиб, бирмунча тараққий топган давлатлар қолоқ мамлакатларга қўшин торта бошлаган вақтлар эди. Огаҳийнинг мазкур байтида ҳам ана шундай заминий исённинг садоларини кўриш мумкин. Яъни Аллоҳга қулликдан бошқа қуллик рағбатлантириладиган жиҳат эмас. Шунинг учун ҳам, инқирозга маҳкумдир. Яна шуниси ҳам борки, бундай руҳий-маънавий машаққатларни бошидан кечирган одамнинг жисмоний жиҳатдан ҳам дардманд бўлиши табиийдир. Огаҳийнинг мисраларига қараганда, ул зоти шариф ҳам («Қарилиғ дардидан афтода бўлган Огаҳингдурман») жисмоний дардлардан озор чекиб яшаган кўринади ва бу ҳолни шоир ўзининг маънавий риёзатлари билан боғлайди:

Огаҳийдек ғаминг аро бўлибмиз ожизинг сенинг,
Эгик қаду сариқ юзи эрур бунга гувоҳимиз.

Шарқ донишмандларидан бири айтганидек, икки дунё, аслида, бир ўрилган кокил янглиғ чамбарчасдир. Айтмоқчимизки, шеъриятимиздаги, хусусан, тасаввуф шеъриятидаги «дудамалик», қўштиғликнинг мутлақо мантиқий асослари бор. Бу, бир жиҳатдан, инсонни ўлимдан кейинги иккинчи ҳаётга тайёрлаб, хотиржам этса, иккинчи тарафдан, жаҳоннинг муамоларини ҳам ана шу аснода бартараф қилишни ўргатадики, бу сабоқ унга ҳар қандай вазиятда ҳам асқотиб туради. Шуниси ҳам муҳимдирки, шоирларимиз ўзларининг қамровли, кўламдор манзумаларида инсон руҳий ҳамда моддий ҳаётининг турли жиҳатларини олиб, поэтик таҳлилдан ўтказганлар, ўқувчини ҳаётнинг ниҳоятда кенг салтанатига турли эшиклардан олиб кириб, мазкур шукуҳли мулкнинг бор мураккаблигини унинг кўз олдида намоён қилганлар, уни ҳаётга қомусий бир тарзда тайёрлаганлар. Буни улар, албатта, эпик жанрлардагига қараганда тафовутли бир тарзда, шеъриятнинг ўзига хос бадиий имкониятлари даражасидан келиб чиқиб амалга оширганлар.

Чунончи, юқоридаги ғазал таҳлилида Огаҳийнинг оддий инсонни тавба-тазарру, маънавий риёзат, ҳаётнинг турли жиҳатларидан келиб чиқиб, яшаш жараёнида орттирилган руҳий ғуборлардан илоҳий кайфият ёрдамида, маърифат оҳангларида тарбиялаганини кўрсак, навбатдаги ғазалида бу тарбиянинг ўзгача бир жиҳатини кузатамиз.
Бу оҳангда қалам сурар экан, Огаҳий ҳазратлари энди бир мунча, яхши маънода, «осмондан келиб» ижод этади. Одамни дабдабали иллатлардан фориғ қилиш учун, заҳарни заҳар кесади деганларидек, дабдабали оҳангларда наволар қилади:

Ки, эй, сендан бўлиб пурзеб кулоҳ, иқболу давлатлар,
Куйингга бош қўйиб топди неча Хисравлар иззатлар.

Бу мисралар бевосита илоҳий бир жамолга қаратилган хитоб бўлса ҳамки, шубҳасиз, у билвосита инсоннинг идрокига таъсир қилиш мақсадида битилган байтдир. Огаҳий бу байтда, хусусан, ўз даврининг хисравларига мунтазам бир шукроналик ҳамда огоҳлик билан ҳаёт кечиришлари лозимлигини уқтиради.

Фалак юксаклигидан, офтоб ўз нуридан ҳайрон,
Қўйиб остонанга юз, топдилар меърожи рифъатлар.

Аллоҳ даргоҳи шу қадар кенгки, унинг остонасига нафақат офтоб, балки фалакнинг ўзи бош қўяди. Юксак даража топади. Бу — буюкликнинг чинакам ўлчови, ҳақиқий мезонидир. Модомики шундай экан, Хисравларнинг керилишига ўрин қолмаслиги керак. Улар Аллоҳнинг бир меъёрда ҳаёт кечиришларини таъминлаш учун яратилган бандаларидирлар.

Бўлиб офтоб тожингга гуҳар, тахтингга Зуҳро дур,
Бўлиб шоҳлар қулинг, орзу қилар қилмоқни хизматлар.

Биз товуш тезлиги деймиз, нур тезлиги деймиз. Товуш тезлиги фалакдаги майда бир жисмларнинг бир-бирларига тўқнашувидан ҳосил бўладиган саслар суръати. Нур тезлиги бўлса фалакнинг бағрида, измида бўлмиш жисмлардан чиқаётган ёруғликнинг тарқалиш тезлиги. Бу тезликларнинг барчаси фалакнинг ўзи кўрсатаётган тезликлар қошида тошбақа одимларидан ҳам саноқсиз карра оҳистароқ бир силжишдир, холос. Фалакки Аллоҳнинг хизматига шундай тезликлар билан шошилар экан, бандаларининг ҳам бир-бирларининг хизматларига нақадар камарбаста бўлишлари лозимлигини англаб олиш қийин эмас. Негаки, инсоннинг инсонга хизмати инсоннинг Яратганга хизмати ҳамдир. Аллоҳ илтифоти умид қилинади, талаб қилинмайди. Бу ҳақиқатни биз қуйидаги байтдан идрок қилишимиз мумкин:

Бўлиб афкандаинг шоҳлар, кулоҳлар шармисорингдир,
Бўлиб арзандаинг Румо, Сифоҳон топди шавкатлар.

Топиб лутфингда бахт шоҳлар, кулоҳлар фурқатинг ичра,
Сенинг ҳукмингга эрку, узлату, таъқиқу, суннатлар.

Шуниси диққатга сазоворки, Огаҳийнинг лирик қаҳрамони ҳақиқий салтанат эгасининг хизмату мадҳида бўлса ҳам, ўзини ҳали Аллоҳ кўйига бош қўйган имтиёзли одам ўрнида кўрмайди. У ўзини камтарин тутиб, дейди:

Бу музтар охири бир кун қўяр хоки кўйингга бош,
Дуоингни қилиб ҳаддан фузун, кутгай ижобатлар.

Бироқ умидини узмайди:

Ки, эй хўблар шаҳи, Огаҳийингни сарфароз айла,
Ғамингдин қолмади жисмингда онинг шавку қувватлар.

Аслида, мана шу зоҳирий қувватсизлик — ботиний қудратдир. Эзгуликдан умидворлик ва бу йўлда муттасил саъй-ҳаракатда фаолият кўрсатиш, аён бўладики, Огаҳийнинг ижоддан мақсади, Аллоҳдан умидидир.

Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 51-сони.

090

Matnazar Abdulhakim
ZOHIRIY FAQR,BOTINIY QUDRAT
056

Muhammad Rizo Ogahiy hazratlarining qalamiga mansub «Ash’ori forsiy» manzumalar turkumi muborak an’analar asosida bitilgan, mohiyatan tasavvufiy she’riyatning ulkan tarbiyaviy ahamiyatga ega bo‘lgan ohanglarda ijod etilgandir:

Yo rab, sening tufaylidir martaba, ashku ohimiz,
Sen aybimizni ayla avf, kechir bizim gunohimiz.

Shoirning «Ta’viz-ul-oshiqin» devonining tarkibiy juzvi bo‘lmish «Ash’ori forsiy» turkumining dastlabki g‘azali mana shunday matla’ bilan boshlanadi. Ushbu misralardan ayon bo‘ladiki, shoir qalamga olgan mavzularning mavzui, insonni kamolotga sazovor qiladigan fazilatlarning manbai, unga barcha ne’matlarni turli vositalar orqali tuhfa etguvchi Allohdir. Modomiki, bizning bir-birimizga qilgan ezguliklarimizni yuzimizga solib, ta’na qilishga haqimiz yo‘q, bil’aks, bu ezguliklarga bizni sazovor etishga vositachi qilib tanlaganligi uchun, avvalo, Allohdan, qolaversa, bir-birlarimizdan minnatdor bo‘lmog‘imiz, minnatdorligimizning mantiqiy natijasi o‘laroq, shukronalik tarzida, mazkur yaxshiliklarimizni yana ham ziyoda qilib hamda mustahkamlab bormog‘imiz kerak bo‘ladi.
Ogahiyning talqinicha, bundan boshqa yo‘l tanazzulga mahkumdir, gumrohlikka eltguvchidir. Shuning uchun ham har bir odam faqat mana shu yo‘lni izlamog‘i, mana shu yo‘ldan yurmog‘i kerakdir.

Sargashtamiz biz bir umr ayrilig‘ingda dasht aro,
Qil iltifot, ko‘yinga eltsin bizi rost rohimiz.

Yuqoridagi misralardan tag‘in ayon bo‘ladiki, bu «rost roh»ga, ya’ni to‘g‘ri yo‘lga musharraf bo‘lishning birdan-bir iloji — tinimsiz riyozatdir. Modomiki, shoir «Sargashtadirmiz bir umr ayrilig‘ingda» deb yozayotgan ekan, demak, bu to‘g‘ri yo‘lga mutlaq tushib olish nihoyatda mushkul, shuningdek, lozim bo‘lgan fazilatlarning fazilatidir. Shoir fikricha, bu muvaffaqiyatga bir umr to‘g‘ri izlanish tufayligina erishiladi.
Navbatdagi bayt ham ma’rifatga, ya’ni ilohiy yog‘duni ko‘ngil ko‘zi bilan ilg‘ash tufayli erishiladigan ma’naviy jamolga bag‘ishlangandir:

G‘am tunida qolib keturmiz, oh, biz saharsifat,
Qorong‘udan forig‘ etib, yorut, ki, subhgohimiz.

Ma’rifattalab har bir inson uchun eng qo‘rqinchli hol bu — jaholat zulmatiga tutqun bo‘lib qolishdir. Shuning uchun ham, ushbu baytda lirik qahramon Allohdan yorug‘lik iltijo qiladi. Bu baytda qorong‘ilikdan ozurdalik bilan yorug‘lik umidi bir-biriga uyg‘un bo‘lib ketganki, Ogahiy bobomizning mana shu ziddiyatli holatni ifoda etishi o‘quvchida hamfikrlik kayfiyatini uyg‘otadi. Negaki, har bir odamning hayotida ham surur va g‘am, umid va umidsizlik tuyg‘ulari aksar yonma-yon keladi va har bir odam o‘z ishonchu e’tiqodiga munosib ravishda salbiy holatlardan xalos bo‘lib, yutuqlarga vosil bo‘lmoq umidida yashaydi.
Insonda anduhlarni bartaraf qilish niyatida chekilgan mashaqqatlar tufayli shodliklarga erishuv umidi ustuvor bo‘lmog‘i, g‘amni shodlikka aylantirish yo‘lida u qattiq kurashlar olib bormog‘i va g‘alabaga erishmog‘i joiz.

Qaqrasa jismu jonimiz goh oh samumi birlakim,
Iliq bulutlaring bilan ko‘kart bizim giyohimiz.

Mana shu bayt yuqoridagi fikrimizga dalildir. Bu dalolat, umuman, Ogahiy she’riyatining optimistik yo‘nalishini belgilaydigan fazilatlardandir. Shunisi e’tiborga molikki, bordiyu Ogahiy lirik qahramonining, g‘azalda ta’kidlanganidek, «Goh oh samumi birla jismu joni qaqrab», «Iliq bulutlari ila giyohi ko‘karmagan» taqdirda ham, Yaratganga noshukr bo‘lishga haqi yo‘q. Bordiyu yaratganning ravo ko‘rgan jabri bilan unga bu jahon tor kelgan taqdirda ham, uning lutfi tufayli u inoyatdan umidvor bo‘lavermog‘i lozim. Bunday taqdirda, shoirning ta’kidlashicha, banda:

Bosh olibon charx javridan qochib chiqib ketar esak,
Ko‘lankang, oh, bo‘lur bizim boshimiza panohimiz —

deb shukr qilmog‘i lozim. Chunki Haqning inoyatlari, g‘azalda ta’kidlanayotganidek, samoning cheksizligi yanglig‘ behududdir.
Muhammad Rizo Ogahiy inson hayotda yo‘l qo‘yishi mumkin bo‘lgan nuqsonlardan forig‘ bo‘lishning imkonini ibodatda ko‘radi. U yozadi:

Yo‘lingga boshimiz qo‘yib, sajda qilish bilan sango,
Shoistai sujuding, o, bo‘lsak edi, ilohimiz.

Misralardan anglashilayotganidek, gap faqat sajdada emas, balki «Shoistai sujud»da, ya’ni sajdaga noil bo‘la bilishda hamdir. Shoirning uqtirishicha, sajdaga yetib borguncha mavjud yo‘lni bosib o‘tish ham insondan o‘ziga yarasha fazilatlarni talab qiladi.
Shu o‘rinda hadisi shariflardan bittasi yodga tushadi. Bir kuni Alloh Rasuli Muhammad (s.a.v.) aytgan ekanlarki, «Yaxshi amallaringiz bo‘lmasa, faqatgina ibodatlaringiz bilan jannatga kira olmaysizlar!», «Siz hammi, yo Rasululloh?» deb so‘rashibdi undan. «Ha, men ham!» javob beribdi Muhammad (s.a.v.). Albatta, bu hadisi sharif ibodatning ahamiyatini pasaytirmaydi, balki yaxshi amallarning naqadar muborak ekanligini ta’kidlaydi. Demak, ilohiy amallar dunyoviy amallar bilan mustahkamlangandagina savobli samaralar beradi. Shuning uchun ham:

Ham boshimiz bilan yurib, yo‘lingga tushsak erdi bir,
Samodan ham baland bo‘lur edi bizim kulohimiz.

Ma’lumki, «ham bosh» va darveshlik kulohi Haq subhonahu va taologa e’tiqod tufayli erishiladigan faqrlik darajasi. Biroq bu masnadning, shoir talqinicha, «samodan ham baland bo‘lishi» alohida diqqatga sazovordir.

Qulligimiz qabul esa gar eshigingda nogahon,
Qaydaki baxt, baridan ham baland bo‘lurdi johimiz.

Ogahiy hazratlari qullik tuzumi mavjud bo‘lgan zamonda yashadi. Garchi bu davrda jamiyat qullikni hali ochiqdan-ochiq inkor qilishgacha yetib kelmagan bo‘lsa-da, xalq o‘rtasida bu mudhish illatdan qutulish haqidagi fikrlar ochiq-oydin tilga olinayotgan, hatto odamlardagi bu tabiiy istakni bahona qilib, birmuncha taraqqiy topgan davlatlar qoloq mamlakatlarga qo‘shin torta boshlagan vaqtlar edi. Ogahiyning mazkur baytida ham ana shunday zaminiy isyonning sadolarini ko‘rish mumkin. Ya’ni Allohga qullikdan boshqa qullik rag‘batlantiriladigan jihat emas. Shuning uchun ham, inqirozga mahkumdir. Yana shunisi ham borki, bunday ruhiy-ma’naviy mashaqqatlarni boshidan kechirgan odamning jismoniy jihatdan ham dardmand bo‘lishi tabiiydir. Ogahiyning misralariga qaraganda, ul zoti sharif ham («Qarilig‘ dardidan aftoda bo‘lgan Ogahingdurman») jismoniy dardlardan ozor chekib yashagan ko‘rinadi va bu holni shoir o‘zining ma’naviy riyozatlari bilan bog‘laydi:

Ogahiydek g‘aming aro bo‘libmiz ojizing sening,
Egik qadu sariq yuzi erur bunga guvohimiz.

Sharq donishmandlaridan biri aytganidek, ikki dunyo, aslida, bir o‘rilgan kokil yanglig‘ chambarchasdir. Aytmoqchimizki, she’riyatimizdagi, xususan, tasavvuf she’riyatidagi «dudamalik», qo‘shtig‘likning mutlaqo mantiqiy asoslari bor. Bu, bir jihatdan, insonni o‘limdan keyingi ikkinchi hayotga tayyorlab, xotirjam etsa, ikkinchi tarafdan, jahonning muamolarini ham ana shu asnoda bartaraf qilishni o‘rgatadiki, bu saboq unga har qanday vaziyatda ham asqotib turadi. Shunisi ham muhimdirki, shoirlarimiz o‘zlarining qamrovli, ko‘lamdor manzumalarida inson ruhiy hamda moddiy hayotining turli jihatlarini olib, poetik tahlildan o‘tkazganlar, o‘quvchini hayotning nihoyatda keng saltanatiga turli eshiklardan olib kirib, mazkur shukuhli mulkning bor murakkabligini uning ko‘z oldida namoyon qilganlar, uni hayotga qomusiy bir tarzda tayyorlaganlar. Buni ular, albatta, epik janrlardagiga qaraganda tafovutli bir tarzda, she’riyatning o‘ziga xos badiiy imkoniyatlari darajasidan kelib chiqib amalga oshirganlar.
Chunonchi, yuqoridagi g‘azal tahlilida Ogahiyning oddiy insonni tavba-tazarru, ma’naviy riyozat, hayotning turli jihatlaridan kelib chiqib, yashash jarayonida orttirilgan ruhiy g‘uborlardan ilohiy kayfiyat yordamida, ma’rifat ohanglarida tarbiyalaganini ko‘rsak, navbatdagi g‘azalida bu tarbiyaning o‘zgacha bir jihatini kuzatamiz.
Bu ohangda qalam surar ekan, Ogahiy hazratlari endi bir muncha, yaxshi ma’noda, «osmondan kelib» ijod etadi. Odamni dabdabali illatlardan forig‘ qilish uchun, zaharni zahar kesadi deganlaridek, dabdabali ohanglarda navolar qiladi:

Ki ey, sendan bo‘lib purzeb kuloh, iqbolu davlatlar,
Kuyingga bosh qo‘yib topdi necha Xisravlar izzatlar.

Bu misralar bevosita ilohiy bir jamolga qaratilgan xitob bo‘lsa hamki, shubhasiz, u bilvosita insonning idrokiga ta’sir qilish maqsadida bitilgan baytdir. Ogahiy bu baytda, xususan, o‘z davrining xisravlariga muntazam bir shukronalik hamda ogohlik bilan hayot kechirishlari lozimligini uqtiradi.

Falak yuksakligidan, oftob o‘z nuridan hayron,
Qo‘yib ostonanga yuz, topdilar me’roji rif’atlar.

Alloh dargohi shu qadar kengki, uning ostonasiga nafaqat oftob, balki falakning o‘zi bosh qo‘yadi. Yuksak daraja topadi. Bu — buyuklikning chinakam o‘lchovi, haqiqiy mezonidir. Modomiki shunday ekan, Xisravlarning kerilishiga o‘rin qolmasligi kerak. Ular Allohning bir me’yorda hayot kechirishlarini ta’minlash uchun yaratilgan bandalaridirlar.

Bo‘lib oftob tojingga guhar, taxtingga Zuhro dur,
Bo‘lib shohlar quling, orzu qilar qilmoqni xizmatlar.

Biz tovush tezligi deymiz, nur tezligi deymiz. Tovush tezligi falakdagi mayda bir jismlarning bir-birlariga to‘qnashuvidan hosil bo‘ladigan saslar sur’ati. Nur tezligi bo‘lsa falakning bag‘rida, izmida bo‘lmish jismlardan chiqayotgan yorug‘likning tarqalish tezligi. Bu tezliklarning barchasi falakning o‘zi ko‘rsatayotgan tezliklar qoshida toshbaqa odimlaridan ham sanoqsiz karra ohistaroq bir siljishdir, xolos. Falakki Allohning xizmatiga shunday tezliklar bilan shoshilar ekan, bandalarining ham bir-birlarining xizmatlariga naqadar kamarbasta bo‘lishlari lozimligini anglab olish qiyin emas. Negaki, insonning insonga xizmati insonning Yaratganga xizmati hamdir. Alloh iltifoti umid qilinadi, talab qilinmaydi. Bu haqiqatni biz quyidagi baytdan idrok qilishimiz mumkin:

Bo‘lib afkandaing shohlar, kulohlar sharmisoringdir,
Bo‘lib arzandaing Rumo, Sifohon topdi shavkatlar.

Topib lutfingda baxt shohlar, kulohlar furqating ichra,
Sening hukmingga erku, uzlatu, ta’qiqu, sunnatlar.

Shunisi diqqatga sazovorki, Ogahiyning lirik qahramoni haqiqiy saltanat egasining xizmatu madhida bo‘lsa ham, o‘zini hali Alloh ko‘yiga bosh qo‘ygan imtiyozli odam o‘rnida ko‘rmaydi. U o‘zini kamtarin tutib, deydi:

Bu muztar oxiri bir kun qo‘yar xoki ko‘yingga bosh,
Duoingni qilib haddan fuzun, kutgay ijobatlar.

Biroq umidini uzmaydi:

Ki ey xo‘blar shahi, Ogahiyingni sarfaroz ayla,
G‘amingdin qolmadi jismingda oning shavku quvvatlar.

Aslida, mana shu zohiriy quvvatsizlik — botiniy qudratdir. Ezgulikdan umidvorlik va bu yo‘lda muttasil sa’y-harakatda faoliyat ko‘rsatish, ayon bo‘ladiki, Ogahiyning ijoddan maqsadi, Allohdan umididir.

Manba: «O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2004 yil 51-soni.

002

(Tashriflar: umumiy 79, bugungi 1)

Izoh qoldiring