Mavlono Muhammad Qozi. Hukmdorga o’gitlar.

Ashampoo_Snap_2017.04.23_23h31m04s_001_.png  Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг муриди ва издоши, нақшбандия тариқатининг атоқли шайхларидан бири Мавлоно Муҳаммад Қози XV аср охири ва XVI аср бошларида яшаб фаолият кўрсатган. Муҳаммад Қозининг асосий асари машҳур «Силсилат ул-орифин»дан ташқари, давлатни бошқариш юзасидан йўл-йўриқ ва насиҳатларни ўз ичига олган яна бир рисоласи XVI асрнинг нодир ёзма манбаларидан бўлган «Тарихи Рашидий» асари орқали бизгача етиб келган. Рисола Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг холаваччаси ва Муҳаммад Қозининг шогирди, яъни «Тарихи Рашидий» асарининг муаллифи Мирзо Муҳаммад Ҳайдарга бағишланган бўлиб, унинг саволларига жавоб тариқасида ёзилган.
Рисолада мамлакатда тартиб ва барқарорлик бўлиши учун подшоҳ амал қилиши лозим бўлган муҳим шартлар, подшоҳ ва фуқароларнинг ўзаро муносабатлари, давлат сиёсатининг ўзига хос нозик ва мураккаб томонлари ҳақида мулоҳаза юритилади.

МУҲАММАД ҚОЗИ ВА МИРЗО ҲАЙДАР

07
Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи:
тарих фанлари доктори Асомиддин ЎРИНБОЕВ
045

Ashampoo_Snap_2017.04.23_23h37m31s_003_.pngАсрлар давомида Шарқ ўлкаларида давлатни идора этиш қоидаларини баён қилувчи, подшоҳларни одил сиёсат юргизишга ундовчи кўплаб катта-кичик асарлар яратилган. Баъзи муаллифлар мамлакатни бошқариш масалаларига ўз асарларининг айрим бобларини бағишлаган бўлсалар, бошқалари бу мавзуда алоҳида асарлар ёзганлар. Масалан, XI асрда яшаб фаолият кўрсатган улуғ алломалар Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг», Низомулмулкнинг «Сиёсатнома» асарлари Шарқ мамлакатларида ғоят машҳур бўлган. Ундан кейинги даврларда ҳам донишманд кишилар бу мавзуда қалам тебратганлар. Улар, асосан, қайсидир жиҳатдан ўз даврининг ҳукмрон доираларига яқин одамлар бўлиб, ўз асарларини аксар ҳолларда бирон подшоҳ, шаҳзода ё ҳокимга бағишлаб ёзганлар.

Шундай асарлардан бирининг муаллифи Муҳаммад Қози номи билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Бурҳониддин 851 (1447—48) йили Самарқандда туғилган. Унинг ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар XVI асрда яратилган «Рашаҳоти айн ул-ҳаёт», «Тарихи Рашидий», «Мажмуъ ат-таворих» каби асарларда мавжуддир. Бу асарлар муаллифлари Муҳаммад Қозининг замондошлари бўлиб, жумладан, «Мажмуъ ат-таворих» асари асосий қисмининг муаллифи Сайфиддин Ахсикатий унинг муриди бўлган. («Тарихи Рашидий» муаллифи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ва унинг Муҳаммад Қози билан муносабатлари ҳақида эса биз сал кейин муфассалроқ сўз юритамиз.) Бу манбалардан маълум бўлишича, Муҳаммад Қози ўз замонасидаги илмларни мукаммал эгаллаган ва сўфийлик йўлини ихтиёр этган. У нақшбандия шайхлари силсиласида кўзга кўринарли ўрин тутган ўша замондаги энг йирик шайх Хожа Аҳрор валийнинг (1404—1490) энг яқин муридларидан бири ва ўз навбатида Махдуми Аъзам Даҳбедий номи билан машҳур бўлган шайх Аҳмад Хожагий ибн Жалолиддин Косонийнинг (1464—1542) муршиди ва устози бўлган. Муҳаммад Қози Хожа Аҳрор мулозиматида ўн икки йил, яъни 1490 йили унинг вафоти юз бергунча бўлган. Шу давр мобайнида у Ҳиротга ҳам бориб, ҳазрат Абдураҳмон Жомий билан учрашган. Хожа Аҳрор вафотидан кейин Муҳаммад Қози бир неча йил Тошкент ва Бухоро шаҳарларида яшаган. Шайбонийхон ҳукмронлиги даврида (1500—1510) ҳам унинг обрў-эътибори юқори бўлиб, Шайбонийхоннинг укаси, ўша пайтдаги Бухоро ҳокими Маҳмуд Султон унга мурид бўлган. 1512 йили Мовароуннаҳрга қизилбошлар бостириб кирганида Муҳаммад Қози Андижон тарафга кетади ва Ахси шаҳрида ўрнашиб қолади. Вафотидан олдинроқ шайбонийлардан бўлган Севинчикхон таклифи билан Тошкентга боради ва 922 (1516) йили вафот этади.

Муҳаммад Қозининг асосий асари «Силсилат ул-орифин ва тазкират ус-сиддиқин» бўлиб, кўпинча қисқача «Силсилат ул-орифин» деб юритилади. Бу китоб 1504 йили ёзилган. Асарнинг бир қанча қадимий ва сўнгги асрларга оид қўлёзма нусхалари бизнинг давримизгача етиб келган; шундан олтитаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти хазинасида сақланмоқда. «Силсилат ул-орифин» Хожа Аҳрорнинг муриди ва куёви Мир Абдулаввал Нишопурийнинг «Масмуот», Фахриддин Али Сафийнинг «Рашаҳоти айн ул-ҳаёт» ва муаллифи номаълум «Маноқиби Хожа Аҳрор» асарлари каби Хожа Убай-дуллоҳ Аҳрор ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи асосий манбалар сирасига киради. Муҳаммад Қози қаламига мансуб мўъжаз бир рисола давлатни идора қилиш, подшоҳларнинг одоби ва шу каби масалаларга бағишланган. Рисоланинг алоҳида кўчирилган нусхаси бизга маълум эмас. XVI аср муаррихи ва давлат арбоби Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг таъкидлаши ва рисоланинг ўзида айтилишича, Муҳаммад Қози уни ўз шогирди Мирзо Ҳайдарнинг саволларига жавоб тариқасида битган. Шу ўринда Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг ўзи ҳақида ҳам маълумот бериб ўтмоқ жоиздир.

Мирзо Муҳаммад Ҳайдар 905 (1499) йили Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг отаси Муҳаммад Ҳусайн Кўрагон ўша пайтда Тошкент хони бўлган Султон Маҳмудхон номидан Ўратепа вилояти ҳокими эди. Онаси Хуб Нигорхоним эса Мўғулистоннинг марҳум хони Юнусхоннинг қизи ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигорхонимнинг синглиси бўлиб, шу жиҳатдан Бобур ва Мирзо Ҳайдар қариндош эдилар. 1509 йили отаси Муҳаммад Ҳусайн Шайбонийхон томонидан Хуросонда қатл этилгач, бу пайтда Бухорода бўлган Мирзо Ҳайдар ўлим хатаридан қочиб, Бадахшон орқали Кобулга — Бобур ҳузурига келади ва бу ерда уч йил яшайди. Бобур унга ғамхўрлик кўрсатиб яхши тарбия беради. Устозлар тайинлаб, холаваччасини илм касб этишга ундайди. Бу ҳақда Муҳаммад Ҳайдар ўз асарида чексиз миннатдорлик билан эслайди. Сўнгроқ Мирзо Ҳайдар Бобурдан рухсат олиб Андижон ва Кошғарга — тоғаваччаси Султон Саидхон (1514—1533) олдига жўнайди. У то 1533 йилгача Султон Саидхон хизматида бўлганида ўзининг саркардалик истеъдодини ҳам намоён этади. Хон буйруғига кўра Бадахшон, Кофиристон, Тибет ўлкаларига қилинган ҳарбий юришларга бошчилик этади. 1533 йили Султон Саидхон вафот этгач, Мирзо Ҳайдар баъзи сабабларга кўра у мамлакатни тарк этиб, аввал Бадахшонга, сўнгра у ердан Лоҳурга — Бобурнинг ўғли Комрон Мирзо олдига боради. 1540 йили Ограга бориб Ҳумоюн хизматига киради. У 1541 йили бобурийлар номидан Кашмирни забт этади ва 1551 йилгача деярли мустақил ҳукмдор сифатида бу ўлкани идора қилади. Шу йили у номаълум кишилар томонидан уюштирилган суиқасд натижасида ҳалок бўлади.

Мирзо Ҳайдар ҳақидаги «Бобурнома»даги ушбу сатрлар унинг нақадар истеъдодли ва ҳар тарафлама етук шахс бўлганини кўрсатади: «Хат ва тасвир, ўқ ва пайкон ва зеҳгир ҳар нимага илиги часпондур. Таъби назми ҳам бордур. Менга арзадошти келиб эди, иншоси ҳам ёмон эмас».

Айтиш мумкинки, Мирзо Ҳайдар буюк қариндошининг унга берган юксак баҳосига муносиб равишда Кашмирда эканлигида форс тилида «Тарихи Рашидий» номли ажойиб асар яратди. Китоб 1996 йили «Фан» нашриётида рус тилида босилиб чикди. Унинг туркий тилда битилган «Жаҳоннома» номли шеърий достони ҳам бизгача етиб келгани маълум. «Тарихи Рашидий» асари икки жилд (дафтар)дан иборат. Биринчи жилдда Чиғатой улуси емирилгач, унинг шарқий вилоятларида ташкил топган давлат — Мўғулистоннинг қарийб икки юз йиллик (1347—1546) тарихи ёритилган. Иккинчи жилд эса муаллифнинг эсдаликларидан, яъни воқеаларга бой жўшқин ҳаёти давомидаги кўрган-кечирганларининг жонли ва таъсирли баёнидан иборат. Асарда «Бобурнома» таъсири яққол сезилиб туради. Академик В.В. Бартольд ҳам буни таъкидлаб ёзган эди: «Мирзо Ҳайдарнинг асари кўп ҳолларда унинг холаваччаси Бобурнинг ёдномаларини эслатади. Мирзо Ҳайдарнинг тарихий маълумотлари худди Бобурникидек ҳаққонийлиги ва холислиги билан кўзга ташланади, жуғрофий тавсифлар эса жойларни аниқ ва равшан ифодалайди».

Ўрта Осиё, Хуросон, Ҳиндистон ва Шарқий Туркистоннинг XV аср охирлари — XVI аср биринчи ярмидаги тарихини ўрганишда Мирзо Ҳайдарнйнг эсдаликлари катта аҳамиятга» эгадир. Асарда ўша давр маданий-маънавий ҳаётига оид маълумотлар ҳам кўп бўлиб, машҳур сўфийлар, шоирлар, олимлар, санъаткорлар ҳаёти ва ижоди ҳақида ғоят муҳим маълумотлар келтирилган. Шуниси диққатга сазоворки, Мирзо Ҳайдар болалик пайтидан бошлабоқ ўша даврнинг кўпгина машҳур кишилари билан мулоқот қилган ва уларнинг баъзиларига шогирд бўлган. Унинг устозларидан бири Мавлоно Муҳаммад Қози эди. Мирзо Ҳайдарнинг ўзи эътироф этишича, Муҳаммад Қози икки маротаба унинг ҳаёти сақлаб қолинишига сабабчи бўлган. Устоз ва шогирд илк бор учрашганларида шогирд ҳали гўдак эди. Бу ҳакда Муҳаммад Ҳайдар шундай ҳикоя қилади: «Каминанинг ҳаётидаги нодир воқеалардан бири шуки, гўдаклик айёмининг ўртасида қўққисдан кучли бавосил касаллиги билан оғриб қолдим. Табиблар мени даволашдан умид узган эдилар. Ота-онамда каминадан олдин тўртта қиз фарзандлари бўлиб, улар мозорлар ва замона улуғларига жуда кўп маротаба зиёратга бориб, саховатли ва бахш этувчи Оллохдан ўЗларига ўғил сўраганлар. Бисёр тилак ва орзумандликлардан кейин камина дунёга келибман. Шу сабабли ота-онамнинг менга боғланишлари ҳаддан ошиқ эди. Касаллик кучайиб юқори даражага етгач, улар қаердаки кўмакдан умид бўлса, бориб илтижо қилардилар. Ниҳоят, махдумимиз ва сайидимиз ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қозидан уйимизга ташриф буюришини сўрадилар. Ул киши ҳазрат Эшон Хожа Убайдуллоҳнинг улуғ асҳобларидан эдилар. Бугунги кунда халқнинг аксар қисми ҳазрат Эшон қуддиса сирраҳунинг юксак тариқатларига иродат этмоқ бахтига мушарраф бўлишлари ҳазрат Мавлоно ва унинг издошлари хизматлари туфайлидир. Ҳазрат Мавлоно зоти шарифларидаги олий ҳимматлилик туфайли уйимизга қадам ранжида қилибдурлар. Каминани ул кишининг масиҳосифат назари олдига келтиришганида Мавлоно узоқ ўйга чўмибди. У уйдан ташқари чиққач, дебди: «Агар Мирзонинг фарзанди шу аҳволда эканлигини билганимда келмас эдим».

У парҳездан бошқа ҳеч қандай дори-дармон буюрмасдан кетибди. Тонг пайтида ўз ходимларидан бирини ота-онам олдига ушбу хабар билан жўнатибди: «Бориб Мирзо ва хотинидан яхши хабар учун суюнчи олгинки, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло уларнинг фарзандига илоҳий дорихонадан саломатлик шарбати ва ҳаёт неъматини бахшида қилди». Бу башорат ота-онамга етиши билан улар шу тонгнинг ўзида у кишининг шариф даргоҳлари эшиги олдига бориб чексиз миннатдорлик билдиришди. Ўша куннинг ўзидаёқ каминада соғайиш аломатлари пайдо бўлди ва то шу кунларгача ҳеч қачон бавосил касаллиги қайталамади. Махфий қолмасинки, бу ишда иккита каромат зоҳир бўлди: бири дори-дармонсиз соғайиш бўлса, бошқаси эса бавосил касаллигининг қайталамаслиги бўлиб, бу очиқ-ойдин кароматдир. Чунки бавосил аслида бир умрлик касалликдир. Ўша пайтдан то ҳаётининг охиригача ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қози зоҳиран ва ботинан каминани ўз инояти сояси ва тарбияси паноҳида сақлади…»

Муҳаммад Қози иккинчи маротаба Шайбонийхон ҳукмронлиги даврида Мирзо Ҳайдарнинг жонига оро киради. Шайбонийхон Хуросонда Мирзо Ҳайдарнинг отаси Муҳаммад Ҳусайн Кўрагонни қатл эттиргач, унинг ўғлини ҳам йўқотиш учун Бухорога яширин буйруқ билан одам жўнатади. Бу найтда Бухорода Шайбонийхоннинг жияни Убайдуллахон ҳоким бўлиб, у Мирзо Ҳайдарнинг опаси Ҳабиба Султонга уйланган, яъни унинг поччаси эди. Лекин, ҳатто Убайдуллахон ҳам Шайбонийхоннинг буйруғига қарши бир иш қилишдан ожиз эди. Шайбонийхон юборган одам Муҳаммад Ҳусайндан қолган бойликлардан баъзи нарсалар ўғлида бордир, боладан буларнинг қаердалигини билиб ўзлаштириб олмоқ мумкин, деган мулоҳазалар билан хон буйруғини амалга оширишда ҳаяллайди. У пайтда Бухорода бўлган Муҳаммад Қози Муҳаммад Ҳайдарнинг ҳаёти қанчалик хатарда қолганини англайди ва унинг тарбиячиси Мавлоно Садр олдига келиб, уни қатъийлик билан болани олиб Бухородан қочиб кетишга ундайди. Қочиш режасини ҳам ўзи тузиб беради. Бу режага кўра Мирзо Ҳайдар ва унинг тарбиячиси бир ишончли одамнинг уйида яширинишади. Мирзо Ҳайдарнинг отасининг одамларидан бўлган бир неча киши эса ўша кечаси отларга миниб шаҳар ташқарисига кетишади. Шу тариқа, «улар отда қочиб кетишибди» деган таассурот пайдо бўлади-ю, таъқибчилар Мирзо Ҳайдар ва ҳамроҳларини шаҳар ташқарисидаги катта йўллардан излашади. Шаҳардан излаш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Бухорода ўн беш кун яшириниб туришганидан сўнг, Мавлоно Муҳаммад Садр Мирзо Ҳайдарни олиб эшакда бошқа тарафга қараб жўнайди. Улар кўп машаққатлар тортиб Бадахшондаги Қалъайи Зафарга етиб боришади. Бу қалъа ва унинг атрофидаги кичкина, юпун вилоятда Мирзо Ҳайдарнинг холаваччаси ва Бобурга ҳам ота, ҳам она тарафидан қариндош бўлган Мирзохон ҳукмронлик қиларди. Бадахшоннинг бошқа обод вилоятлари кошғарликлар ва шайбонийлар томонидан эгалланганди. Мирзо Ҳайдарнинг Бадахшонга келганидан хабар топган Бобур бу вилоят нотинчлиги учун ташвишланиб, уни Кобулга ўз олдиға чақириб олади.

Тақдир Муҳаммад Қози ва Мирзо Ҳайдарни ке-йин ҳам кўп бора учраштиради. Муҳаммад Қози ва-фот этишидан сал илгари Мирзо Ҳайдарнинг саволларига жавоб тариқасида бир асар битади, аммо уни шогирдига топширишга улгурмасдан оламдан ўтади. Унинг ўғли Қутбиддин Аҳмад рисолани Мирзо Ҳайдарга жўнатади. Мирзо Ҳайдар Ҳиндистонга устозининг рисоласини ҳам ўзи билан олиб кетган. «Тарихи Рашидий» асарини ёзганида, ўз эътирофига кўра, рисола матнини тўла ва айнан ўз асарида келтирган.

Муҳаммад Қози ўз рисоласида давлатни идора этишда подшоҳлар амал қилиши лозим бўлган шартларни баён этишидан олдин, қайси бир гуноҳлар оғир гуноҳ деб ҳисобланиши ҳақида мулоҳаза юритади. Чунончи, ноҳақ одам ўлдириш, етимнинг молини ноҳақ олиш, ёлюн гувоҳлик бериш, бошқа одамларни гуноҳ ишга ундаш кабиларни у оғир ва кечирилмас гуноҳлар деб айтади. Рисоланинг бу қисмини ёзишда Муҳаммад Қози, ўзи эътироф этганидек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган нақллар ва Шайх Абу Толиб Маккийнинг «Қут ул-қулуб» («Қалблар озиғи») номли китобидан фойдаланган.

Рисоланинг асосий қисмида мамлакатда тартиб ва барқарорлик бўлиши учун подшоҳ амал қилиши лозим бўлган муҳим шартлар, подшоҳ ва фуқароларнинг ўзаро муносабатлари, давлат сиёсатининг ўзига хос нозик ва мураккаб томонлари ҳақида мулоҳаза юритилади. Подшоҳларни одил сиёсат юргизишга ундаб айтилган ўгитлар ва ўтмиш ҳукмдорлари ҳаётидан мавзуга мос баъзи мисоллар келтирилади. «Агар кимнингки зиммасига бандаларнинг ишларини йўлга қўйиш вазифаси тушса ва унга давлатни бошқармоқ муяссар бўлса, — деб ёзади Муҳаммад Қози, — у шуни билсинки, подшоҳликнинг ўз шартлари бўлиб, бу шартларга риоя этилмаса, салтанатнинг диний ва дунёвий ишларида тартиб бўлмайди. Шунингдек, подшоҳ олдида мамлакат фуқаросининг муайян ҳуқуқлари бўлиб, подшоҳ буларни таъмин этмаса, у охират азобидан нажот топа олмайди». Шундан сўнг подшоҳлик шартлари — жами ўнта шарт насиҳатлар ва мисоллар билан баён қилинади.

Мазкур рисола, шубҳасиз, ўрта асрлардаги мутафаккир кишиларнинг давлатчилик, сиёсат, подшоҳ ва фуқаро муносабатлари масалаларига доир қарашлари ва адолатли ҳукмдор ҳақидаги тасаввурларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир. Муҳаммад Қозининг «подшоҳ давлат ва мамлакатига таҳдид қиладиган хатардан ғофил қолмаслиги керак» деган сўзлари ва бошқа баъзи ўгитлари бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотган эмас. Рисола кейииги асрларда ҳам шуҳрат қозониб, машҳур мутафаккир олимлар ва давлат арбоблари ундан фойдаланганлари ҳақида далил-исботлар мавжуд. Масалан, XIX асрда яшаб ижод этган атоқли донишманд ва адиб Аҳмад Дониш (1827—1897) нинг энг йирик китоби — «Наводир ул-вақоеъ»нинг «Салтанат фазилати ва султонларнинг муомаласи» боби Муҳаммад Қози асарига таяниб ёзилгани, гарчи Аҳмад Дониш бунга ишора этмаган бўлса-да, маълум бўлади. Аҳмад Дониш ҳам подшоҳлар амал қилиши лозим бўлган ўнта шартни баён этар экан, кўп ҳоллар-да Муҳаммад Қози рисоласидаги шартлар ва айрим мисолларни жузъий ўзгаришлар билан такрорлайди ҳамда ўзи ҳам бошқа мисоллар келтириб масалани кенгайтириброқ баён қилади. Албатта, ўзидан олдин ўтган адиблар ижодидан эркин фойдаланиш, уларнинг асарларидан зарур жойларни баъзан номини кўрсатиб, баъзан кўрсатмай, қайта ишлаб ёки айнан ўз асарларида фойдаланиш ўтмиш адиблари учун оддий ва табиий бир ҳол ҳисобланган.

Муҳаммад Қозининг мазкур рисоласи киритилган боб «Тарихи Рашидий» асарининг Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланаётган XVII асрга оид 1430 рақамли ноёб бир қўлёзма нусхасидан таржима қилинди. Рисола сарлавҳасиз бўлгани учун, мазмунидан келиб чиққан ҳолда «Ҳукмдорга ўгитлар» деб номланди. Шунингдек, Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг «Тарихий Рашидий» асаридан Муҳаммад Қозининг ҳаётй ва фаолиятига оид бобни ҳам таржима қилиб, уни рисолани ўз ичига олган боб билан биргаликда, асардаги ўрнига кўра ундан олдинда жойлаштириб, китобхонга тақдим этишни лозим топдик.


МИРЗО МУҲАММАД ҲАЙДАР

ҲАЗРАТ МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИ ҲАЁТИ ҲАҚИДА СЎЗ
(«Тарихи Рашидий»дан)
01

normal.jpgҲазрат Мавлононинг исми Муҳаммад ибн Бурҳониддин эди. У кишининг отаси Мискин Самарқандий Қози Имомиддиннинг яқин кишилари жумласидан бўлгани сабабли у Мавлоно Муҳаммад Қози номи билан танилган эди. Илмлар таҳсил қилганидан кейин у кишида Худо йўлида дарвиш бўлмоқ нияти туғилди. Ушбу ният бирла у Хуросон тарафга жўнади. У Самарқанддан чиққанида қутблар қутби, Оллоҳнинг суюкли бандаси, арбоблар сардори, доноларнинг етуги Хожа Носириддин Убайдуллоҳ — Оллоҳ унинг сирини муқаддас қилсин — йўлдаги бир манзилда турар эди. Ҳазрат Мавлоно Эшонни (Эшон сўзи билан асарнинг барча жойида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор назарда тутилганини муаллиф ўзи таъкидлаб ўтган) зиёрат қилди. Эшон ундан «Қаерга кетаяпсиз?», — деб сўради. Мавлоно «Хуросонга», — деб жавоб берди. Эшон яна сўради: «Таҳсил олиш ниятида кетаяпсизми ёки бошқа ният биланми?» Мавлонога ҳамроҳ бўлган бир илм толиби деди: «У кишининг дарвишликка рағбати кўпрокдир». Эшон «Бир муддат кутиб турингиз», — деди ва боғнинг нариги тарафига кетди. Анчадан кейин у иккита хат келтирди. Битта хат тавсифнома бўлиб, унда Мавлоно Муҳаммад Қози Мавлоно Саъдиддин Кошғарийнинг (Саъдиддин Кошгарий (вафоти 860/1456 йил) — нақшбандия тариқатига мансуб йирик шайх. Хиротда яшаган ва ўша ерда дафн этилган) ўғли Хожа Калон ҳузурига тавсия этилган эди. Бошқа хатда бу шариф ва мўътабар нақшбандия тариқатида қабул қилинган дарвишлик ҳаёти қоидаларини ёзган эди ва уни ҳам Мавлонога берди.

Мана унинг нусхаси: «Ибодатнинг моҳияти Оллоҳнинг улуғлигини ҳис этиш туфайли дилда итоат, эъзоз, шикастанафслик ва ниёз пайдо бўлишидадир. Бундайин бахтнинг зоҳир бўлмоғи муҳаббатга боғлиқдир. Муҳаммад алайҳиссаломга уммат бўлмоқ учун мутоибат (Мутобиат — эргашиш; тобелик) тариқини билмоқ лозим. Аммо диний илмларни эгалламасдан бунга эришиб бўлмайди. Ушбу зарурат туфайли диний илмлар билимдонлари бўлган олимларга мулозимат (Мулозимат — бирон мўътабар шахс ҳузурида бўлиш ёки унга хизмат қилиш) қилмоқ керакдир. Аммо илмни дунёвий маишат ва мансабга эришиш учун воситага айлантирувчи олимлар мулоқотидан сақланиш зарур. Фақат тақводор олимлар топилмагандагина заруратан бу тоифа одамлардан мақсадни ҳосил этмоқ мумкин. Шунингдек, рақс ва самоъ қиладиган ва қўлига нима тушса қайтармай еяверадиган дарвишлар суҳбатидан сақланиш керак. Яна мусулмонлар жамоаси ва суннат аҳлининг ақида ва мазҳабига нуқсон етишига сабаб бўлувчи маориф ва тавҳидни эшитишдан тийилиш лозим. Илм таҳсил қилмоқ ҳақиқат маърифатининг нурлари зоҳир бўлмоқлиғи учундир ва бу Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлмоқликка боғликдир. Вассалом».

Ул киши (Муҳаммад Қози)нинг табаррук асарларидан бири бўлмиш «Силсилат ул-орифин»да шундай деб ёзилган: «Шуниси ажабланарлики, ушбу (насиҳатлар)га қарамай, менда Хуросонга сафар қилишга бўлган рағбат камаймади. Эшон ҳазратларидан рухсат олиб Хуросон тарафга жўнадик. Аммо йўлда бир воқеа юз берди ва сафарни давом эттириш мутлақо имконсиз бўлиб қолди. Орқага қайтиш Эшоннинг мулозиматига мушарраф бўлдик».

Муҳаммад Қози узоқ мудлат ҳазрат Эшоннинг хос ошхонасига мутасадди бўлди. Иродатининг ғайратидан шундай хизмат қилардики, ошпазлик анжомлари ва масаллиқларини кўтариб Эшоннинг ҳидоятга бошловчи уэангиси ёнида пиёда борарди. Бора-бора Эшонга бутунлай яқин бўлиб олди. Чунончи, Эшон ҳузуридаги олий мажлисларнинг кўпчилигида улуғ олимлар кўзи ўнгида ҳазрат Убайдуллоҳ Мавлонога мурожаат қиларди. Барча ишларда унга тўла ишонарди. Эшоннинг унга бўлган ошкора лутфи ва турли тарздаги меҳри-бончиликлари шу даражага етдики, улуғ олимлар, яқин суҳбатдошлар ва ҳазрат Эшоннинг катта ўғилларининг ҳасадига сабаб бўлди. Бу ҳол Мавлоно Муҳаммадга оғир ботди ва у ҳазрат Эшоннинг бошқа бир муриди Мавлоно Муҳаммад Амин билан Хуросонга кетмоқчи бўлди. Улар сўфийлик ҳаёти қоидалари биз-га ҳазрат Эшондан бир қадар маълум бўлди, деган қарорга келишди. Сўфийлар орасида шундай гап юради: «Хуросон ҳавоси пирдан олинадиган тарбиянинг ярмини беради. Қолган ярмини Мавлоно Абдураҳмон Жомий беради. Шундай қилиб, Хуросонда сўфийлик мақомига тўла эришмоқ мумкин». «Силсилат ул-орифин»даги ҳазрат Эшоннинг ғайриоддий ишлари тасвирланган қисмида шундай ёзилган: «Хуросонга бориш нияти ҳали фақат кўнглимда пайдо бўлган кунларнинг бирида ҳазрат Эшоннинг ҳузурига кирдим.

Ҳазратнинг саодатли назари каминага тушди. Сўнгра такрор назар ташлаб деди: «Ўткир назаримиздан мақсад нелигини билурмисан?» Мен «Буни Оллоҳ, набий ва валийлар билур», — дедим. Эшон деди: «Мен сизларнинг аҳволингизга назар солдим-у, лекин сизларни сабот кўчасида кўрмаяпман». Шундан сўнг яна деди: «Тушимда кўрдимки — ўз кашфиётларини тушга йўйиш ҳазрат Эшонга одат эди — Мавлоно Муҳаммад шундай бир жойда уй қуришни хоҳлайдики, у жой бизники эмас ва биздан ташқарида ҳам эмас. Бироқ бу уй мустаҳкам бўлмайди». Шунга қарамай Хуросон сафари амалга ошди. Мавлоно Муҳаммад Хуросонга ижозатсиз жўнаб кетди. У Хуросонда олти ой бўлди ва доимо Мавлоно Абдураҳмон Жомий билан суҳбат қурур эди. Аммо унда ҳазрат Эшонга хизмат қилиш истаги шу қадар кучли эдики, яна қайтиб Эшоннинг мулозиматига келди.

«Силсилат ул-орифин»да шундай ёзилган: «Тошкандда ҳазрат Эшоннинг мулозиматига эришдим. Қолган умримни ҳазратнинг сайисларига кўмаклашиб, отхонадаги отларни парваришлаб ўтказмоққа қарор қилган эдим. Шу қарорга келиб, бориб бир бурчакда ўтирган эдим, бир киши келиб мени чақирди ва «Эшон ҳазратлари сизни чақираяпти», — деди. Ҳушимдан кетиб қолишимга бир бахя қолди. Қаттиқ хижолат чекиб бордим. Онҳазрат мен бнлан қуюқ сўрашиб, шундай кутиб олдики, гўё каминадан ҳеч бир нолойиқ иш содир бўлмаган, аксинча, мақтовга сазовор бир юмушни қойиллатиб бажаргандек эдим. Ўзининг яхши хислатли зотига муносиб тарзда мени олдингидан ҳам кўпроқ лутфу иноятларига мушарраф этди. Шунга қарамай пешонамни хижолат тери қоплаган эди. Бундан сўнг мен ҳамиша чеккароқда юрардим. Ҳайиқмасдан Эшонга юзма-юз дуч келолмасдим. Эшоннинг ҳақиқатни баён қилувчи тили маърифат ва ҳақиқатдан сўз очган пайтда, ҳазратнинг нурли хотири менинг ул мўътабар нутқни эшитиш бахтига мушарраф бўлмоғимни истабди ва ҳазрат «Мавлоно Муҳаммад қаерда?», — деб сўрабди. Мажлис иштирокчилари, балки дўстлар арз этибдилар: «У ҳамиша ташқарида юради. Уни мажлисга кирмоққа ундасак, шундай деди: «Мен томондан содир бўлган шунча ишлардан сўнг Эшоннинг яқинида юриб, узоқдан бўлса-да, ул кишининг чеҳрасини кўрмоқ саодати менга етарли эмасми!» Шу сўзларни айтгач, у надомат ва қайғу булутидан ёмғир томчилари, яъни кўз ёшларини шашқатор қилади». Ҳазрат Эшон буюрибди: «Боринг ва унга айтингки, биз илгариги тарзда унинг ҳамиша ҳузуримизда бўлмоғини хоҳлаймиз. Ундан бирон иш содир бўлган бўлса, биз, уни кечирдик, ё агар гуноҳкор биз бўлсак, у ҳам бизни кечирсин ва ҳузуримизга келсин». Эшоннинг лутфлари даъвати бу даражага етгач, ул малакошйён остонанинг хизматига олдингидан ҳам кучлироқ ғайрат билан киришдим ва ул саховат денгиздан шунчалик лутфу иноятлар кўрдимки, буни мен ҳаргиз тасаввур ҳам қилмаган эдим. Бир куни Эшон деди: «Футувват аҳлининг (Футувват сирш — жавонмард олийҳиммат кишилар) одати» шуки, айбдор одамларни узр сўрашга мажбур этмайдилар». Дарҳақиқат, Эшон камина билан худди шундай муомала қилдилар. Оллоҳ унга яхшилик билан қайтарсин.»

Аммо ҳазрат Эшон иршод оёғини ҳаёт пиллапоясига маҳкам қўяр, ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қози иродат бошини ўша пиллапояга қўйиб Эшонга яқинлик мартабасининг чўққисида эди. Ул замон султонларига шу нарса одат бўлган эдики, улардан ҳар бири Эшоннинг бир муриди билан алоқа боғлашга интилар ва у орқали ўз орзу-илтимосларини етказиб, ҳазрат Эшоннинг диққат-эътиборини энг юқори марҳаларини марҳалага кўтарардилар. Чунончи, Султон Абусаид Мирзо Мавлоно Қосим билан, Султон Аҳмад Мирзо эса Мавлоно Хожа Али билан алоқа боғлашга интилар ва шу тарзда барча султонлар бу одатга амал қилишарди. Султон Маҳмудхон ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қози билан алоқа ўрнатган эди. Камина ҳазрат Мавлононинг фасоҳатли нутқини эшитганимда, ул киши шундай деганди: Мен Султон Маҳмудхонни ҳазрат Эшон олдида мақтадим ва сўз орасида уни Эшонга тавсия этдим. Ҳазрат Эшон деди: «Ҳа, Султон Маҳмудхон қобил йигитдир. Аммо бир нуқсони унинг тараққий этмоғига халал беради. Шогирд ва мураббий муносабати шундай бўлмоғи лозимки, мураббий нимани буюрса, шогирд шуни қилиши шартдир ва у ўз ақли ва истаги талабига амал этмаслиги керак. Худди лочин каби ниманинг изидан учиришмасин, қуввати етиш-етмаслигидан қатъи назар, бориб ўшанга ёпишиши керак. Бу иш ўзи бўладими ёки йўқми — бу ҳақда мулоҳаза этмаслиги даркор». Шу сабабга кўра Султон Маҳмудхон одамлар ундан кутишган даражада тараққий этмади ва бу қисқача тарихнинг (Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ўзининг «Тарихи Рашидий» асарига ишора қилмоқда) бошланишида зикр қилинган эди. Бу муқаддимадан мақсад шу муносабат билан ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қозининг ҳазрат Эшон қуддиса сирраҳунинг вафотидан сўнг Тошкандга борганини кўрсатишдир. Ҳазрати Мавлононинг муборак ташрифига аҳоли садоқат ва ихлос изҳор этиб, ҳурмат ва эҳтиром кўргузишди. Тошканд вайрон қилинганида (XVI аср бошларида Тошкент шайбонийлар, Мўғулистон хонлари ўртасидаги курашларда бир неча бор қўлдан қўлга ўтган ва шаҳарда харобаликлар юз берган) ул киши Бухорога кўчиб кетди. Ўша замонда Бухорода Шоҳибекхоннинг (Шоҳибекхон — Муҳаммад Шайбонийхон (1451—1510) назарда тутилмоқда) укаси ва Убайдуллахоннинг (Убайдуллахон — 1529—1539 йиллари ҳукмронлик қилган) отаси бўлмиш Маҳмуд Султон Шоҳибекхон номидан ҳукмронлик этарди. У ҳазрат Мавлононинг мулозимати бахтига мушарраф бўлиб, унинг шариф суҳбатига иштиёқ кўргузди ва ихлос изҳор этиб бир қиш давомида Мавлонодан сабоқ олди. Ҳазрат Мавлононинг ишончли одамларидан эшитишимча, у шундай деган экан: «Маталда «Одамлар ўз подшоҳларининг динига сиғинадилар», дейилганидек, Маҳмуд Султон менга ихлос қўйгач, дарвишлар орасида машғулотларга чунонам иштиёқ пайдо бўлдики, бунақа лаззатга бошқа ҳеч муяссар бўлмадим».

Ана шу баён қилинган сабабларга кўра ҳазрат Мавлоно ўша пайтдан бери Бухорода эдилар. Отам Хуросонга кетиб, у ерда шаҳид бўлгандан сўнг камина бошидан кечирган зикр этилган ва қилинажак воқеалар пайтида ҳазрат Мавлононинг каминага ҳиммат билан ёрдам бергани ҳам Бухорода бўлган эди.( Бу ерда Муҳаммад Қозининг Муҳаммад Ҳайдарнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун Бухородан қочиб кетишга кўмаклашганига ишора этилмоқда) То 916 (1510—1511) йилгача ҳазрат Мавлоно Бухорода эди.   Оллоҳнинг лаънатига учрагур қизилбошлар истилоси юз бергач,   (Шайбонийларга қарши курашда Бобур билан иттифоқ тузган Эрон шоҳи Исмоил Сафавийнинг лашкарбошиси Нажми Сонийнинг 1512 йили Мовароуннаҳрга бостириб киргани назарда тутилмоқда) у Бухородан Андижон ва Ахсига жўнаб кетди. Мавлоно ўша ҳудудда яшамоқни ният этганди. Унинг қутлуғ ташрифи шарофати билан ўша ҳудуддаги жуда кўп халқ Оллоҳ раҳмат қилгур нақшбандия хожалари тариқатининг тўғри йўлига киришга мушарраф бўлиб олий мартабаларга етишдилар. Бу ишнинг баракати ҳануз ул вилоятда боқийдир. Сўфийликда камолот даражасига етишган одамлар халойиқни чин йўлга ҳидоят этмоққа машғулдирлар. Бу саодатли жамоатнинг шарҳи ҳазрат Махдумий Нуран ҳаёти баён қилинганида келтирилажакдир. (Асарнинг ҳар жойида Махдумий Нуран деганда Хожа Хованд Маҳмуд номи билан машҳур бўлган Хожа Шаҳобуддин Маҳмуд назарда тутилишини муаллиф ўзи таъкидлаб ўтган. Шунингдек, баъзи ўринларда бу одам Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг набираси эканлиги эслатилади) Иншо Оллоҳу таоло. Ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қози аҳволининг қолгани ўз жойида ёзилажакдир, иншооллоҳ.

ОЛЛОҲ РАҲМАТ ҚИЛГУР МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ
ВАФОТИ ЗИКРИ

Махдумимиз ва сайидимиз, иршод ахдининг муро-жаатгоҳи ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қозининг баркамол ҳаёти ҳақида ушбу китобда олдин ҳам бир неча бор ёзган эдик. Ҳазрат Мавлоно Ахси ва унинг атрофларида қаерки саодатли кўнглига хуш ёқса, ўша ерда бўлар ва халойиқ унинг суҳбатидан баҳраманд эди. Ўша ҳудудда ул кишининг эътиқодманд ва мухлислари жуда кўпайиб кетгач, уларнинг ҳар бири ажойиб ва ғаройиб воқеаларнинг шоҳиди бўлди.

Н а з м

Филмасал, гар ҳазор дили мурда,
Аз ҳавоҳойи нафс афсурда,
Бигзаранд аз ҳарими маҳфилешон,
Зинда гардад зи мурдаги дилешон.

(Чунончи, агар мингта қалби ўлган ва
Ҳавойи нафсдан эзилган киши,
Унинг мажлиси яқшшдан ўтсалар,
Уларнинг ўлик қалблари тирилади.)

Хон (Асарнинг барча жойида хон дейилганида Мўғулистон хони Султон Саидхон (1514—1533) назарда тутилишини Муҳаммад Ҳайдар ўзи таъкидлаб ўтган) Ахсини тарк этганида ҳазрат Мавлоно у ерда қолди. Севинчикхон (Севинчикхон (Суюнчхожахон) Шайбоний султонлардан бўлиб, 1526 йили Тошкентда вафот этган. Она томонидан Улуғбекнинг набираси бўлган) бу шаҳарга келгач, уни зиёрат қилди ва унинг илтимосига кўра ҳазрат Мавлоно Тош-кандга ташриф буюради. Андак замондан сўнг ҳазратнинг пок руҳи фоний дунёдан боқий оламга равона бўлди.

Н а з м
Қадам зин тангнойи оз бардошт,
Раҳи фусҳатсаройи роз бардошт.
Матойи унс аз ин дайри фано бурд,
Ба меҳроби бакр дасти дуо бурд.

(У бу орзу-ҳаваслар танглигидан қадамини узди,
Сирлар саройининг кенг йўлига қадам қўйди.
Фоний дунёга боғлиқлик матосини парчалаб,
Дуо қўлини бақо меҳроби томон узатди.)

Ҳазрат руҳи муқаддас ҳазирада ўзи олдин васфларини айтиб юргани бир гуруҳ ёронларига бориб қўшилди. Уларнинг барчасига Оллоҳ мағфират қилиб ўз раҳматига сазовор этсин.

Н а з м
Зада асҳобу Хожа ҳалҳа баҳам,
Чун нигинанда ҳалҳа дар хотам.
Роздоронки, рози дин донанд,
«Исми Аъзам» аз ин нигин хонанд.

(Хожа ва унинг ёронлари ҳалқа тузишди,
Гўё муҳрли узук каби эдилар.
Дин сиридан воқиф яширин сирлар соҳиблари
Бу узукда «Исми Аъзам»ни ўқийдилар.)

Онҳазратнинг мухлис ва эътиқодмандлари унинг вафоти тарихини «Нақди Хожа Убайдуллоҳ» (922/1516 йил) деб топишди. Ул кишининг умри шарифи олтмишдан ўтиб, етмишга яқинлашган эди. Зоҳирий ва ботиний илмларни мукаммал эгаллаганди. Ул кишининг табаррук шахси жами фазилатларни ўзида мужассамлаштирган эди. Ҳазратнинг мўътабар ва фойдали асарлари бор. Ул кишининг шариф рисолалари тариқат аҳли учун дастуриламалдир. «Силсилат ул-орифин» шулар жумласидан бўлган жуда яхши бир китобдир. Бу китобга уч қисмда тартиб берганлар. Биринчи қисм шайхлик одоби ва муридлик шартлари ҳақидадир. Иккинчи қисм ҳазрат Эшон Хожа Убайдуллоҳнинг ҳаёти шарҳи ва мажлисларда ҳазрат Эшоннинг валийлик баён этувчи тилидан айтилган маърифат ҳақиқатлари ҳамда ул кишининг баъзи бир ҳориқулодда ишлари ва кароматларини ўз ичига олади. Учинчи қисм баъзи авлиё одамлар томони-дан содир бўлган ғаройиб ишлар ва кароматлардан иборатдир. Бу шундай бир китобки, унинг васфига тил ожиздир. Барча сўфийларга манзур бўлган бу китоб эллик бобдан иборат.

Ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Қозининг бу китобдан бошқа рисолалари ҳам бордир. Масалан, камина мажлислар пайтида густохлик қилиб ул кишидан баъзи масалаларни тушунтириб беришларини сўраганимда, бу масалаларни фойдали нақллар билан баён этиб қоғоз бетига туширган эдилар. Аммо бу рисолани топшириб каминани сарафроз қилмоққа фурсатлари бўлмаган эди. Ҳазратнинг вафотидан сўнг ул кишининг муносиб фарзанди ва содиқ издоши махдумзода Мавлоно Қутбиддин Аҳмад уни каминага жўнатди. Бу рисола матни тўла келтирилади. Мен ожиз ва имкониятлари чекланган банда аниқ биламанки, ғафлат қалами ва жаҳолат сиёҳи билан ёзилаётган бу мусаввада (Мусаввада — бирон асарнинг қоралама нусхаси. Мирзо Ҳайдар бу ерда ўз асари «Тарихи Рашидийни назарда тутмоқда) соҳибназарлар наздида бирон эътиборга эга эмас. У шояд ана шу табаррук рисола шарофати билан соҳибдиллар назарига сазовор бўлар ва улар камина қаламининг нуқсонлари ва таҳрирининг заифлигини афв этаги билан ёпарлар. Қисқача тарих китобимизда йўл қўйилган хато ҳамда қусурларни, айбларни кечирувчи ва ўчирувчи Худойи таоло бу рисоланинг ростлиги ва ҳақиқийлиги юзасидан кечирар.

Н а з м

Оллоҳ, Оллоҳ, хато кардаим,
Ту бар мо магир онче мо кардаим.
Илоҳи, муқассир бакор омадам,
Тиҳидаст, умидвор омадам.

(Оллоҳ, Оллоҳ! Биз хато қилдик,
Аммо, қилган ишларимизни биздан деб ҳисоблама.
Илоҳо! Мен қусурли холда ишга киришдим.
Тангдастмиз, аммо раҳматингдан умидворман.)

Ҳазрат Мавлононинг вафоти хабари ва ушбу рисола хон ҳаво алмаштириш учун Отбошига кетиб, каминани мамлакат ишларини бошқариш учун қолдирганида етиб келди. Бу хабар мухлислар қалбини ларзага солди ва қуйидаги сатрлар тараннум қилинди:

Дардо ки, бо кибори жаҳон аз жаҳон бирафт,
Пок ончунонки омади буд, ончунон бирафт.

(Э воҳ, жаҳон улуғлари изидан жаҳондан кетди,
Қандай пок келган бўлса, шундай кетди.)

Бу ғамдан кўз ёшлар шашқатор бўлиб, қалблар оташда ёнди. Ўша айёмда ушбу байт кўп такрор қилинарди:

Чаиши маро зи гиряи бисёр нам намонд,
Гар хуни дил мадад нашуди чун гиристи?

(Кўп йиғлашдан кўзларимда нам қолмади,
Юрак қони мададга келмаганида улар қандай йиғлашарди?)

Ўша кунларда фароғат тонги айрилиқ шамига мубаддал бўлди ва рисолани қўлимга олганимда ҳол тили ушбу сатрларни тараннум қилди:

Ҳарфе ки ёбам аз қалами мушкбори у,
Созам ҳамойили дилу жон ёдгори у.

(Унинг ифор ҳидини таратувчи қалами битган бир ҳарфни топсам,
Ундан қолган бу ёдгорликни дилу жонга тумор этгумдир.)


МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИ
ҲУКМДОРГА ЎГИТЛАР
Таржимон: Ғулом КАРИМ

01

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ!
11yassavi.gifҲамду сано Оллоҳгаким, ўзи яратган мавжудотлардан энг улуғи бўлмиш инсонлар тоифасига ҳақиқат ва ирфон насимининг бўйлари билан қувват бериб, уларни ғафлат ва умидсизлик зулматидан қутқарди. Уларнинг қалбини ҳақиқат ва ҳидоят нурлари билан ёритди. Унга саловотлар бўлсинким, барча одамлар ва бошқа тоифалар учун ўз расулини жўнатиб, унинг ишига оятлар шоҳидлиги ва Қуръон далиллари билан мадад берди. Унга, унинг авлодига ва саҳобаларига, барча илм ва иймон аҳлига Оллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Энди узлат ва беномлик бурчагининг фақиру ҳақири Муҳаммад Қози номи билан маълум бўлган Муҳаммад ибн Бурҳониддин шундай дейди:

Бир куни ул жамшидсифатли шаҳзода, яъни фаридун фазилатли камёб хоқон, мамлакатларни фатҳ этувчи диндор ҳукмдор, улуғворлик ва шон-шавкат осмонининг қуёши, иқбол дарахтининг меваси, шуҳрат оламининг жони, обидлар осудалиги ва давлат ободлигининг воситаси, шижоат майдонининг чавандози, саодат кўкининг тўлин ойи, заифлар мададкори ва олимлар ҳомийси, дўстларни авайлаб, душманларни яксон этувчи салтанат қадршуноси, Оллоҳнинг сояси ва одил ҳоким Муҳаммад Ҳайдар ибн Муҳаммад Ҳусайн Кўрагон, Оллоҳ унинг мулки ва салтанатини абадий қилсин, ҳамда унинг ўз содиқ дўстларига бўлган яхшилик ва эҳсонларини зиёда этсин.

Н а з м

Ба ҳаҳқи набий ва ба сирри валий,
Ки дасташ ҳавий боду қадраш жалий.
Зи таъсири ажроми улвий завол
Мабинад ин хонадони жалол.
Мулуки жаҳон бод фармонбараш,
Замона мутеъу фалак чокараш.
Ба фазли Худо дар риёзи жинон
Аз у бод руҳи падар шодмон.
Жаҳон то бувад чун ало некном
Бимонад андар жаҳон, вассалом.

(Набий ҳаққию валий сири учун
Қўли қувватлию қадри олий бўлсин!
Осмоний жисмларнинг таъсиридан
Бу шавкатли хонадон завол топмасин.
Жаҳон маликлари фармонига бўйсуниб,
Замона унга итоаткор ва фалак чокар бўлсин.
Оллоҳ фазли билан жаннат боғида
Отасининг руҳи ундан шод бўлсин.
Жаҳон тургунча ушбу яхши ном билан
Жаҳон ичра қолсин омон, вассалом.)

Ушбу олийнасаб шаҳзода мажлисида салтанатни бошқармоқ қоидалари ҳақида бир рисола битмоққа жазм этдим. Бинобарин, ушбу ожиз қалам билан оғир гуноҳлар ва олиму ҳакимларнинг салтанатни идора қилмоқ хусусидаги сўзларидан бир неча сатр битилажакдир. Онҳазратнинг чексиз лутфи ва ниҳоясиз иноятидан умидворманким, ўзининг подшоҳона меҳрибонлиги туфайли бу дарвишона туҳфага айбларни бекитувчи розилик кўзи билан қарагай. Содиқ дўстлар қадамининг ожизлиги ва дуогўйлар қаламининг хатолари устига «Ситамдийдалар сўзини эшитиб нуқсонларини кечирмоқ комил инсонлар хислатларидандир» дейилганидек, афв рақамини чекажакдир. Ҳақ субҳонаҳу ул давлат арбобини замона офати ва кулфатлари, ҳодисалари гирдобидан ўз паноҳида асрасин. Замоннинг чопқир оти унга ром бўлсин ва ҳамиша ожиз раъият, хизматчи фуқаро ва дарвишлар боши устида унинг давлати қуёши ярқираб нур сочиб турсин ва саодати сояси пойдор бўлсин.

Дарҳақиқат, ҳақиқий подшоҳ фоний дунёнинг давлатига боғланмаган кишидир. Чунки у абадий эмас, балки ўткинчидир. Давлат бу адолат ва эҳсоннинг ривожидир. Иймон давлати ҳақида тўхтовсиз сўзламоқ мумкин. Яна оғир гуноҳлар, салтанатни идора этмоқ шартлари ва бошқа масалаларга қайтамиз. Ғайб сирларини кашф этувчи улуғлар ва етук мушоҳадачи эрлар — барчаси башарни яратмоқдан мақсад йкки олам Худосига муҳаббат деб биладйлар. Агар банда бу дунёдан кетаёттанида ўзи билан бирга Оллоҳга бўлган муҳаббатини олиб боролса, бундан ҳам каттароқ давлат йўкдир. Қалб замини гуноҳлар тикани ва хас-хашагидан покланса-ю, муҳаббат уруғи Оллоҳ руҳларини муқаддас этур пайғамбарлар суннати қонунига кўра зоҳидлик ва мужоҳидлик суви билан суғорилса, у тараққий топиб ишқ мартабасига етади. Нимаики маъшуқага тааллуқли бўлмаса, бутунлай куйиб кетади.

Н а з м

Ишҳ он шуъла аст, ки яун барфурухт,
Ҳарчи жуз маъшук боқи жумла сўхт.
Шод бош, эй ишқи хуш савдойи мо,
Эй, табиби жумла аланхрйи мо,
Эй, давойи нахват ва номуси мо,
Эй, ту Афлотун ва Жолинуси мо.

(Ишқ шундай шуьлаки, у ёнгач
Маъшуқадан бошқа нима бўлса барчаси куйиб кетади.
Эй бизнинг оташнн ишқимиз, шод -бўлгин,
Сен бизнинг барча дардларимизга табибсан.
Сен бизнинг қадр ва номусимиз давоси,
Сен бизнинг Афлотун ва Жолинусимизсан.)

Энди, азизим, шуни билиб қўйки, оғир гуноҳлар ҳақида бир-биридан тафовут қиладиган фикрлар мавжуд. Баъзи-бировлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериб нақл қиладиларки, ул ҳазрат айтишича, оғир гуноҳлар еттитадир. Биринчиси, Оллоҳга шак келтирмоқ бўлиб, бундан Худо сақласин. Иккинчиси — ноҳақ одам ўлдирмоқ, учинчиси — тақводор одамни ҳақорат қилмоқ, тўртинчиси — етимнинг молини ноҳақ олмоқ, бешинчиси — судхўрлик қилмоқ, олтинчиси — кофирлар билан жанг пайтида бир мусулмоннинг иккита кофирдан қочиши, еттинчиси ота-онага итоатсизлик қилиб, уларнинг ҳақини танимасликдир. Аммо улуғ кишилардан баъзилари шариатда аниқ айтилмаган, лекин қонунда қаттиқ жазо бериладиган қилмишларни ҳам оғир гуноҳлардан деб ҳисоблашади.

Улуғ кишилар ва етук мушоҳада соҳибларидан бири, сўзлари ушбу олий тоифанинг шаҳодатномаси бўлган Шайх Абу Толиб Маккий ўзининг «Қут ул-қулуб» номли китобида текширувлардан ўтган ва кўпчилик ориф одамларга мақбул бўлган фикрни айтади. Бунга кўра оғир гуноҳлар ўн еттита бўлиб, улардан ҳар бир одам сақланиши лозим. Қолган ҳаммаси кичик гуноҳлар бўлиб, улар кечирилади. Ул ўн етти гуноҳдан тўрттаси қалбга оиддир. Биринчиси мажусийлик бўлиб, бундан Худо сақласин. Иккинчиси — ҳатто гуноҳи кўп бўлса ҳам Парвардигорнинг лутфидан ноумид бўлиш. Учинчиси — ҳарчанд тоат-ибодатни кўп қилса-да, ўзини Худонинг ғазабидан бехатарликда деб ҳисоблаш. Тўртинчиси — бошқаларни гуноҳ ишларга ундаш.

Яна тўртта гуноҳ тилга тааллуқлидир. Биринчиси — ёлғон гувоҳлик бериш, иккинчиси — ёлғон қасам ичиш, яъни ҳақни ботил суратида кўрсатиш, учинчиси — тақводор одамни таҳқир қилмоқ, тўртинчиси — сеҳргарлик билан шуғулланмоқдир.

Навбатдаги икки гуноҳ қўлга тааллуқлидир. Биринчиси — зино, иқкинчиси — бесоқолбозликдир. Яъни бир гуноҳ оёққа оид бўлиб, бу жанг пайтида бир мусулмоннинг иккита кофирдан қочишидир. Битта гуноҳ бутун баданга тааллуқли бўлиб, бу ота-она ҳақини танимасдан улар олдида гуноҳкор бўлишдир. Агар кимки ушбу ўн еттита гуноҳдан сақланса, унинг булардан бошқа гуноҳлари кечирилади. Бу насиҳат ҳақиқатга яқиндир. Баъзи улуғ донишмандлар айтишларича, жума намозининг адо этилиши то келгуси жумагача кичик гуноҳлар учун кафорат (Кафорат — гуноҳини ювиш учун бериладиган нарса ёки  қилинадиган иш) бўлади.

“Қалб юзаси уни қоплаб хиралаштирган ёмонликлар хас-хашагидан тозаланса-ю, дил чамани ағёр (Ағёр — ўзгалар, бегоналар, рақиблар) вужудидан холи этилса, унда ҳақиқий муҳаббат султони дил тахтига ўтирса арзийди ва «подшоҳлар қишлоққа кирса, уни хароб қиладилар” (Қуръони карим, 27-сура, 34-оят). Собиқ тартиботлар емирилиб, ибодат ва бандалик расми мустаҳкам қарор топади. Шу тарзда ағёрнинг халақитларисиз маҳбуб васли муяссар бўлади.

Агар кимнингки зиммасига бандаларнинг ишларини йўлга қўйиш вазифаси тушса ва унга давлатни бошқармоқ муяссар бўлса, пгуни билсинким, подшоҳликнинг ўз шартлари бўлиб, бу шартларга риоя этилмаса, салтанатнинг диний ва дунёвий ишларида тартиб бўлмайди. Шунингдек, подшоҳ олдида мамлакат фуқаросининг муайян ҳуқуқлари бўлиб, подшоҳ буларни таъмин этмаса, у охират азобидан нажот топа олмайди. Булар қисқа тарзда баён қилинади ва ҳар бирининг моҳиятини очиб берадиган мисоллар келтирилади.

Давлатни бошқармоқ шартлари ўнтадир. Биринчи шарт шуки, бирон воқеа юз берганда ва ушбу воқеа юзасидан ҳукм чиқариш лозим бўлганда, подшоҳ ёки ҳоким ўзини фуқаролардан бири деб тасаввур қилиб, бошқа бировни ўзига ҳоким деб билсин. Шу ҳолатда ўша бошқа бировдан ўзига раво кўрмаган ва қилиниши лозим деб билмаган ҳар қандай ҳукмни ўзидан бошқаларга ҳам раво кўрмасин. Иккинчи шарти шуки, подшоҳ мусулмонларнинг ҳожатларини чиқаришни ибодатларнинг сараси деб ҳисоблаши зарур. Зеро, Расул алайҳиссалом айтганларки: «Мўминнинг дилини шод этмоқ одамлар ва париларнинг барча тоат-ибодатларига баробардир». Демак, мусулмонларнинг ҳожатини чиқаришга доимо ҳозир бўлиб юрадиган подшоҳгина мусулмонлар подшоҳидир. Агар у биронта мусулмоннинг ўз эшиги олдида муҳтож ва мунтазир бўлиб турганини билса, токим унинг ҳожатини адо қилмагунича ҳеч қандай ибодатга машғул бўлмаслиги керак. Шунингдек, подшоҳ ўзининг роҳатини ўйлаб, мусулмонларнинг ҳожатларини чиқаришни кечиктир-маслиги керак.

Учинчи шарт шуки, подшоҳ емоқ-ичмоқ ва кийинмоқда хулафойи рошидин (Хулафойи рошидин — «Тўғри йўлдан борган халифалар», яъни Муҳаммад пайғамбар вафотидан кейин кетма-кет халифалик қилган унинг тўртта издоши — Абубакр, Умар, Усмон ва Али назарда тутилмокда) одатларига амал қилиб, тансиқ таомлар ва башанг кийимларга ружу қўймаслиги керак. Амиралмўминин Али разияллоҳу анҳу халифалик тахтига ўтирган куни бозорга бориб уч дирамга бир кўйлак сотиб олибди. Кўйлакнинг енги ва этагидан қўлининг кафти ва оёғи тўпиғидан ошган қисмини қирқиб ташлабди. Одамлар «Нега бундай қилдинг?», — деб сўрашганида, «Бу таҳоратга қулай, камтарликка мос ва эргашишга (ўрнак олишга) муносибдир», — деб жавоб берибди.

Тўртинчи шарти шуки, подшоҳ суҳбат асносида мулойим сўзлаб, асоссиз равишда қўполлик қилмаслиги лозим. Бирон масала юзасидан далил-исботлар кўп бўлса, уларни эшитишдан эринмаслиги, заиф ва мискинлар суҳбатидан ор қилмаслиги керак. Нақл қилишларича, халифа Маъмун замонасида бир киши гуноҳ иш содир этиб, сўнг қочиб кетибди. Унинг акасини ушлаб Маъмун олдига олиб келишибди. Халифа унга, агар укасини топиб келтирмаса, қатл этилишини айтибди. Шунда у одам дебди: «Эй амиралмўминин! Агар сенинг ноибинг бирон одамни қатл этмоқчи бўлса-ю, «У одамни қўйиб юбор», деб фармон юборсанг, ноиб уни қўйиб юборадими ёки йўқми?» Маъмун дебди: «Албатта қўйиб юборади». Ҳалиги одам дебди: «У ҳолда мен сени жаҳон аҳлига ҳоким қилиб қўйган ҳазрат Худованддан фармон келтираман. Чунки «Бировнинг юкини биров кўтармайди» (Қуръони карим, 35-сура, 18-оят). Шунда Маъмун «Уни қўйиб юборинглар. Чунки у ўз сўзига исбот келтирди», — дебди.

Бешинчи шарти шуки, подшоҳ халқнинг розилигини ўйлаб, ҳукм чиқаришда сусткашлик кўргузмаслиги ва иккиюзламачилик қилмаслиги лозим. Шунингдек, ҳар бир одамни хушнуд этиш учун ҳақиқат ва шариатга қарши бормаслиги керак. Ҳукмронликнинг ўзига хос томони шундаки, доимо халқнинг ярми подшоҳдан норози бўлиб юради. Чунки мухолиф тарафни ҳақи-қат билан хушнуд этиб бўлмайди ва бутун-халқнинг розилигига эришмоқ одил подшоҳ учун ҳам имконсиздир. Подшоҳ ҳукм чиқарганида ҳеч кимга ён босмай беғараз бўлса, яъни норози одамлариинг ғазабидан андиша қилмай, аввало Оллоҳ розилигини истаса, Ҳақ субҳонаҳу ҳам ундан рози бўлади ва ҳам одамларни ундан рози қилади. Чунончи, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган: «Одамларнинг норози қилиб бўлса-да, Оллоҳ розилигини истаган кимсадан у рози бўлади. Одамларни рози қилмоқ эса Оллоҳнинг ишидир».

Олтинчи шарти шуки, подшоҳ давлат ва мамлакатга таҳдид этадиган хатардан ғофил қолмаслиги керак. У шуни билсинки, амирлик мансаби ва ҳукумат бир восита бўлиб, бу восита орқали абадий саодат ва эзгу ном қўлга киритилади. Даврон подшоҳлари ва ҳокимларининг аксари фоний дунёнинг бевафо давлатига мағрур бўлиб, ҳавойи нафслари учун ўз динини вайрон қиладилар ва беномусликлари туфайли иймонни шамолга учирадилар. Бундан Худо сақласин. Бугун инон-ихтиёр сенинг қўлингда экан, шунга саъй-ҳара-кат этгинки, токим дунёвий давлатга маҳлиё бўлиб, охират учун эзгулик уруғини экишдан ғофил бўлмагин. Ҳақ йўлдан юриш савобини ва адолат учун хизмат қилишни ғанимат деб билгин. Айтишларича, одил подшоҳнинг ҳар кунги адолатини ўлчаганда бу унинг жамий тоат-ибодатига баробар келса, шундан маълум бўладики, у ўзини абадий саодатдан маҳрум этмасликка ҳаракат қилмоқда.

Еттинчи шарт шуки, подшоҳ дин уламоларини зиёрат этиш ва улар билан суҳбатлашиш учун ўзида эҳтиёж сезиши керак. Гарчанд бу замонда бу тоифа одамларни топиш мушкул бўлса-да, улар азиздирлар. Агар Оллоҳ инояти билан улар бу диёрда пайдо бўлиб қолса, подшоҳ уларнинг зиёратига шошилмоғи ва бу тоифанинг насиҳатларини ўз ҳаётининг саодати деб билмоғи лозим. У ориф одамлар суратига кириб олувчи жоҳиллар ва фосиқлар суҳбатидан сақланмоғи шартдир. Чунки бундай одамлар динни вайрон этувчилар қавмидандирлар.

Шундай бир ривоят бор: Ҳорун ар-Рашид Шайх Шақиқ Балхий қуддиса сирраҳуни ўз олдига чақириб унга дебди: «Менга насиҳат қил». У дебди: «Эй, амиралмўминин! Худонинг дўзах номли бир саройи бор, сени шу саройга дарвозабон қилиб қўйган Оллоҳ сенга учта нарса берган бўлиб, шу учта нарса билан сен халқни ушлаб туришинг керак. Булар: мол, қилич ва қамчидир. Мол билан сен муҳтожларнинг ҳаддан ошиқ камбағаллашиб кетишининг олдини олмоғинг лозим, токим улар иложсизлик сабабидан ёмон шубҳа-хаёлларга бормасинлар. Қилич билан золимларни қирасан ва қамчи билан фосиқларнинг таъзирини берасан. Агар шу айтилганидек қилсанг, ҳам ўзинг нажот топасан ва ҳам халқни нажотга етказасан. Лекин бунга хилоф иш олиб борсанг, ҳаммадан бурун сенинг ўзинг дўзахга борасан ва бошқалар сенинг изингдан борадилар».

Саккизинчи шарти шуки, подшоҳ жабр-зулм ва такаббурлик билан халқни ўзидан қўрқитмаслиги, балки заифлар ва ўз қўл остидагиларга адлу эҳсон ва шафқат назари билан қараб, раъиятнинг муҳаббатини қозонмоғи лозим. Расул саллаллоҳи алайҳи васаллам шундай деган: «Сизнинг энг яъши подшоҳларингиз сизни севадиган ва сиз ҳам уларни севадиганларингиздир. Энг ёмон ҳокимларингиз эса сизни ўзига душман деб биладиган ва сиз ҳам уларни душманингиз деб ҳисоблайдиганларингиздир».

Тўққизинчи шарти шуки, подшоҳ зўравон амалдорларнинг зулмига бепарво қарамаслиги лозим. Қайси бир амалдорнинг зулм ва жиноятини пайқаган заҳоти уни жазолаб, уқубатларга дучор этсинки, бу бошқаларга бир ибрат бўлсин. Подшоҳ ҳукумат ишларида бўшангликка йўл қўймаслиги, давлат арбобларини сиёсат ва насиҳат йўли билан тарбиялаши зарур.

Ўнинчи шарт фаросатдир. Подшоҳ ва ҳоким рўй бераётган воқеа-ҳодисаларнинг юзага келиш сабаби ва моҳиятига чуқур назар ташламоқлари, басират кўзи билан уларнинг оқибатини кўра олмокдари вожибдир. Агар бу масалалар аниқ ва равшан бўлса, уларни шариатга кўра ҳал этмоғи, чигалликлар мавжуд бўлса, уларни фаросат нури билан ёритиб идрок этмоғи лозим. Бу соҳада ҳикоячилар сўзига эътимод қилмаган маъқул. Чунки якуни ва интиҳоси бор масалаларни охири йўқ ҳикоялар билан тушунтириб бўлмайди.

Шуни билгинки, мусулмон фуқароларнинг подшоҳ олдида ҳақлари бўлиб, уларни бажармоққа киришмоқ подшоҳ ва ҳокимга вожибдир. Булар шуки, у мусул-монларга нисбатан тавозели бўлсин, ўз ҳукмронлиги ва мулкидан мағрурланиб ҳеч бир мусулмонга такаб-бурлик қилмасин. Шунга амин бўлсинки, Оллоҳу таоло мутакаббир ва шафқатсиз кимсаларни ўзига душман деб билади. Подшоҳ одамларнинг бир-бирини ёмонлаб айтган сўзларига қулоқ солмасинким, бундан у фақат надомат чекади. Айниқса фосикдар, ғаразгўйлар ва ҳасадгўйлар сўзларини эшитмаслик керак. Чунки улар барчаси ғараз ва ҳасад билан фисқу фасод сўзларни гапйриб, фазилатларни айб қилиб кўрсатадилар.

Нақл этишларича, бир киши амиралмўминин Али каррамаллоҳу важҳаҳу (Каррамаллоху важҳаху — Оллоҳ унинг юзини мукаррам қилган) олдига келиб бир одамни ёмонлай бошлабди. Амирал-мўминин дебди: «Биз сенинг сўзингни текшириб кўрамиз. Агар гапинг рост бўлса, чақимчилигинг учун, ёлғон бўлса, ёлғон гапирганинг учун сенга жазо берамиз. Айттан сўзинг учун тавба қилсанг эса, афв этамиз». У одам: «Эй амиралмўминин, мен тавба қилдим», — дебди. Сўнгра подшоҳ бирон айби ё камчилиги учун мусулмон одамга ғазабини сочмасин ва уни афв этиш имкони бўлса, буни орқага сурмасин. Динга зарар етказувчи айблар сабабли ғазаб қилинса ўринли, аммо дунёвий ишларда кечиримли бўлиш афзалрокдир. Маълумки, ҳар кимки бошқаларни кечирса, Ҳақ субҳонаҳу таоло ҳам қиёмат кунида унинг гуноҳларини кечиради. Яна шу маълумки, Ҳақ субҳонаҳу таоло Юсуфи сиддиқ салавотуллоҳу алайҳига шундай ваҳий юборган: «Эй Юсуф, шуни билки, сен ўз ака-укаларингни кечирганинг учун биз сенинг номингни юксакка кўтардик».

Н а з м.

Сухан дароз кашидим-у ҳамчунон бокист,
Ҳадиси дилбари фаттону ошику маъшук.
Дил гуфт: «Маро илми ладуний ҳавас аст,
Таълимам кун, агар туро дастрас аст».
Гуфтамки: «Алиф», гуфт: «Дигар?»
Гуфтам: «Ҳеч, Дар хона агар кас аст, як харф бас аст».

(Сўзни чўздик, аммо ҳануз тугамади,
Гўзал дилбар ва ошиқу маъшуқ ҳақидаги ҳикоялар.
Қалбим деди: «Менинг илоҳий илмларга ҳавасим бор,
Агар қўлингдан келса, менга ўргатгин».
Дедим: «Алиф», қалбим деди: «Яна?»
Дедим: «Ҳеч, Уйда одам бўлса бир ҳарфнинг ўзи етарлидир».)

 

hukmdor   Xoja Ubaydulloh Ahrorning muridi va izdoshi, naqshbandiya tariqatining atoqli shayxlaridan biri Mavlono Muhammad Qozi XV asr oxiri va XVI asr boshlarida yashab faoliyat ko’rsatgan. Muhammad Qozining asosiy asari mashhur «Silsilat ul-orifin»dan tashqari, davlatni boshqarish yuzasidan yo’l-yo’riq va nasihatlarni o’z ichiga olgan yana bir risolasi XVI asrning nodir yozma manbalaridan bo’lgan «Tarixi Rashidiy» asari orqali bizgacha yetib kelgan. Risola Zahiriddin Muhammad Boburning xolavachchasi va Muhammad Qozining shogirdi, ya’ni «Tarixi Rashidiy» asarining muallifi Mirzo Muhammad Haydarga bag’ishlangan bo’lib, uning savollariga javob tariqasida yozilgan.Risolada mamlakatda tartib va barqarorlik bo’lishi uchun podshoh amal qilishi lozim bo’lgan muhim shartlar, podshoh va fuqarolarning o’zaro munosabatlari, davlat siyosatining o’ziga xos nozik va murakkab tomonlari haqida mulohaza yuritiladi.

MUHAMMAD QOZI VA MIRZO HAYDAR

07
Nashrga tayyorlovchi, so’zboshi va izohlar muallifi:
tarix fanlari doktori Asomiddin O’RINBOEV
045

0-143.jpgAsrlar davomida Sharq o’lkalarida davlatni idora etish qoidalarini bayon qiluvchi, podshohlarni odil siyosat yurgizishga undovchi ko’plab katta-kichik asarlar yaratilgan. Ba’zi mualliflar mamlakatni boshqarish masalalariga o’z asarlarining ayrim boblarini bag’ishlagan bo’lsalar, boshqalari bu mavzuda alohida asarlar yozganlar. Masalan, XI asrda yashab faoliyat ko’rsatgan ulug’ allomalar Yusuf Xos Hojibning «Qutadg’u bilig», Nizomulmulkning «Siyosatnoma» asarlari Sharq mamlakatlarida g’oyat mashhur bo’lgan. Undan keyingi davrlarda ham donishmand kishilar bu mavzuda qalam tebratganlar. Ular, asosan, qaysidir jihatdan o’z davrining hukmron doiralariga yaqin odamlar bo’lib, o’z asarlarini aksar hollarda biron podshoh, shahzoda yo hokimga bag’ishlab yozganlar.

Shunday asarlardan birining muallifi Muhammad Qozi nomi bilan mashhur bo’lgan Muhammad ibn Burhoniddin 851 (1447—48) yili Samarqandda tug’ilgan. Uning hayoti va faoliyatiga oid ma’lumotlar XVI asrda yaratilgan «Rashahoti ayn ul-hayot», «Tarixi Rashidiy», «Majmu’ at-tavorix» kabi asarlarda mavjuddir. Bu asarlar mualliflari Muhammad Qozining zamondoshlari bo’lib, jumladan, «Majmu’ at-tavorix» asari asosiy qismining muallifi Sayfiddin Axsikatiy uning muridi bo’lgan. («Tarixi Rashidiy» muallifi Mirzo Muhammad Haydar va uning Muhammad Qozi bilan munosabatlari haqida esa biz sal keyin mufassalroq so’z yuritamiz.) Bu manbalardan ma’lum bo’lishicha, Muhammad Qozi o’z zamonasidagi ilmlarni mukammal egallagan va so’fiylik yo’lini ixtiyor etgan. U naqshbandiya shayxlari silsilasida ko’zga ko’rinarli o’rin tutgan o’sha zamondagi eng yirik shayx Xoja Ahror valiyning (1404—1490) eng yaqin muridlaridan biri va o’z navbatida Maxdumi A’zam Dahbediy nomi bilan mashhur bo’lgan shayx Ahmad Xojagiy ibn Jaloliddin Kosoniyning (1464—1542) murshidi va ustozi bo’lgan. Muhammad Qozi Xoja Ahror mulozimatida o’n ikki yil, ya’ni 1490 yili uning vafoti yuz berguncha bo’lgan. Shu davr mobaynida u Hirotga ham borib, hazrat Abdurahmon Jomiy bilan uchrashgan. Xoja Ahror vafotidan keyin Muhammad Qozi bir necha yil Toshkent va Buxoro shaharlarida yashagan. Shayboniyxon hukmronligi davrida (1500—1510) ham uning obro’-e’tibori yuqori bo’lib, Shayboniyxonning ukasi, o’sha paytdagi Buxoro hokimi Mahmud Sulton unga murid bo’lgan. 1512 yili Movarounnahrga qizilboshlar bostirib kirganida Muhammad Qozi Andijon tarafga ketadi va Axsi shahrida o’rnashib qoladi. Vafotidan oldinroq shayboniylardan bo’lgan Sevinchikxon taklifi bilan Toshkentga boradi va 922 (1516) yili vafot etadi.

Muhammad Qozining asosiy asari «Silsilat ul-orifin va tazkirat us-siddiqin» bo’lib, ko’pincha qisqacha «Silsilat ul-orifin» deb yuritiladi. Bu kitob 1504 yili yozilgan. Asarning bir qancha qadimiy va so’nggi asrlarga oid qo’lyozma nusxalari bizning davrimizgacha yetib kelgan; shundan oltitasi Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik instituti xazinasida saqlanmoqda. «Silsilat ul-orifin» Xoja Ahrorning muridi va kuyovi Mir Abdulavval Nishopuriyning «Masmuot», Faxriddin Ali Safiyning «Rashahoti ayn ul-hayot» va muallifi noma’lum «Manoqibi Xoja Ahror» asarlari kabi Xoja Ubay-dulloh Ahror hayoti va faoliyatini yorituvchi asosiy manbalar sirasiga kiradi. Muhammad Qozi qalamiga mansub mo»jaz bir risola davlatni idora qilish, podshohlarning odobi va shu kabi masalalarga bag’ishlangan. Risolaning alohida ko’chirilgan nusxasi bizga ma’lum emas. XVI asr muarrixi va davlat arbobi Mirzo Muhammad Haydarning ta’kidlashi va risolaning o’zida aytilishicha, Muhammad Qozi uni o’z shogirdi Mirzo Haydarning savollariga javob tariqasida bitgan. Shu o’rinda Mirzo Muhammad Haydarning o’zi haqida ham ma’lumot berib o’tmoq joizdir.

Mirzo Muhammad Haydar 905 (1499) yili Toshkent shahrida tug’ilgan. Uning otasi Muhammad Husayn Ko’ragon o’sha paytda Toshkent xoni bo’lgan Sulton Mahmudxon nomidan O’ratepa viloyati hokimi edi. Onasi Xub Nigorxonim esa Mo’g’ulistonning marhum xoni Yunusxonning qizi va Zahiriddin Muhammad Boburning onasi Qutlug’ Nigorxonimning singlisi bo’lib, shu jihatdan Bobur va Mirzo Haydar qarindosh edilar. 1509 yili otasi Muhammad Husayn Shayboniyxon tomonidan Xurosonda qatl etilgach, bu paytda Buxoroda bo’lgan Mirzo Haydar o’lim xataridan qochib, Badaxshon orqali Kobulga — Bobur huzuriga keladi va bu yerda uch yil yashaydi. Bobur unga g’amxo’rlik ko’rsatib yaxshi tarbiya beradi. Ustozlar tayinlab, xolavachchasini ilm kasb etishga undaydi. Bu haqda Muhammad Haydar o’z asarida cheksiz minnatdorlik bilan eslaydi. So’ngroq Mirzo Haydar Boburdan ruxsat olib Andijon va Koshg’arga — tog’avachchasi Sulton Saidxon (1514—1533) oldiga jo’naydi. U to 1533 yilgacha Sulton Saidxon xizmatida bo’lganida o’zining sarkardalik iste’dodini ham namoyon etadi. Xon buyrug’iga ko’ra Badaxshon, Kofiriston, Tibet o’lkalariga qilingan harbiy yurishlarga boshchilik etadi. 1533 yili Sulton Saidxon vafot etgach, Mirzo Haydar ba’zi sabablarga ko’ra u mamlakatni tark etib, avval Badaxshonga, so’ngra u yerdan Lohurga — Boburning o’g’li Komron Mirzo oldiga boradi. 1540 yili Ograga borib Humoyun xizmatiga kiradi. U 1541 yili boburiylar nomidan Kashmirni zabt etadi va 1551 yilgacha deyarli mustaqil hukmdor sifatida bu o’lkani idora qiladi. Shu yili u noma’lum kishilar tomonidan uyushtirilgan suiqasd natijasida halok bo’ladi.

Mirzo Haydar haqidagi «Boburnoma»dagi ushbu satrlar uning naqadar iste’dodli va har taraflama yetuk shaxs bo’lganini ko’rsatadi: «Xat va tasvir, o’q va paykon va zehgir har nimaga iligi chaspondur. Ta’bi nazmi ham bordur. Menga arzadoshti kelib edi, inshosi ham yomon emas».

Aytish mumkinki, Mirzo Haydar buyuk qarindoshining unga bergan yuksak bahosiga munosib ravishda Kashmirda ekanligida fors tilida «Tarixi Rashidiy» nomli ajoyib asar yaratdi. Kitob 1996 yili «Fan» nashriyotida rus tilida bosilib chikdi. Uning turkiy tilda bitilgan «Jahonnoma» nomli she’riy dostoni ham bizgacha yetib kelgani ma’lum. «Tarixi Rashidiy» asari ikki jild (daftar)dan iborat. Birinchi jildda Chig’atoy ulusi yemirilgach, uning sharqiy viloyatlarida tashkil topgan davlat — Mo’g’ulistonning qariyb ikki yuz yillik (1347—1546) tarixi yoritilgan. Ikkinchi jild esa muallifning esdaliklaridan, ya’ni voqealarga boy jo’shqin hayoti davomidagi ko’rgan-kechirganlarining jonli va ta’sirli bayonidan iborat. Asarda «Boburnoma» ta’siri yaqqol sezilib turadi. Akademik V.V. Bartol`d ham buni ta’kidlab yozgan edi: «Mirzo Haydarning asari ko’p hollarda uning xolavachchasi Boburning yodnomalarini eslatadi. Mirzo Haydarning tarixiy ma’lumotlari xuddi Boburnikidek haqqoniyligi va xolisligi bilan ko’zga tashlanadi, jug’rofiy tavsiflar esa joylarni aniq va ravshan ifodalaydi».

O’rta Osiyo, Xuroson, Hindiston va Sharqiy Turkistonning XV asr oxirlari — XVI asr birinchi yarmidagi tarixini o’rganishda Mirzo Haydarnyng esdaliklari katta ahamiyatga» egadir. Asarda o’sha davr madaniy-ma’naviy hayotiga oid ma’lumotlar ham ko’p bo’lib, mashhur so’fiylar, shoirlar, olimlar, san’atkorlar hayoti va ijodi haqida g’oyat muhim ma’lumotlar keltirilgan. Shunisi diqqatga sazovorki, Mirzo Haydar bolalik paytidan boshlaboq o’sha davrning ko’pgina mashhur kishilari bilan muloqot qilgan va ularning ba’zilariga shogird bo’lgan. Uning ustozlaridan biri Mavlono Muhammad Qozi edi. Mirzo Haydarning o’zi e’tirof etishicha, Muhammad Qozi ikki marotaba uning hayoti saqlab qolinishiga sababchi bo’lgan. Ustoz va shogird ilk bor uchrashganlarida shogird hali go’dak edi. Bu hakda Muhammad Haydar shunday hikoya qiladi: «Kaminaning hayotidagi nodir voqealardan biri shuki, go’daklik ayyomining o’rtasida qo’qqisdan kuchli bavosil kasalligi bilan og’rib qoldim. Tabiblar meni davolashdan umid uzgan edilar. Ota-onamda kaminadan oldin to’rtta qiz farzandlari bo’lib, ular mozorlar va zamona ulug’lariga juda ko’p marotaba ziyoratga borib, saxovatli va baxsh etuvchi Olloxdan o’Zlariga o’g’il so’raganlar. Bisyor tilak va orzumandliklardan keyin kamina dunyoga kelibman. Shu sababli ota-onamning menga bog’lanishlari haddan oshiq edi. Kasallik kuchayib yuqori darajaga yetgach, ular qaerdaki ko’makdan umid bo’lsa, borib iltijo qilardilar. Nihoyat, maxdumimiz va sayidimiz hazrat Mavlono Muhammad Qozidan uyimizga tashrif buyurishini so’radilar. Ul kishi hazrat Eshon Xoja Ubaydullohning ulug’ as’hoblaridan edilar. Bugungi  kunda xalqning aksar qismi hazrat Eshon quddisa sirrahuning yuksak tariqatlariga irodat etmoq baxtiga musharraf bo’lishlari hazrat Mavlono va uning izdoshlari xizmatlari tufaylidir. Hazrat Mavlono zoti shariflaridagi oliy himmatlilik tufayli uyimizga qadam ranjida qilibdurlar. Kaminani ul kishining masihosifat nazari oldiga keltirishganida Mavlono uzoq o’yga cho’mibdi. U uydan tashqari chiqqach, debdi: «Agar Mirzoning farzandi shu ahvolda ekanligini bilganimda kelmas edim».

U parhezdan boshqa hech qanday dori-darmon buyurmasdan ketibdi. Tong paytida o’z xodimlaridan birini ota-onam oldiga ushbu xabar bilan jo’natibdi: «Borib Mirzo va xotinidan yaxshi xabar uchun suyunchi olginki, Haq subhonahu va taolo ularning farzandiga ilohiy dorixonadan salomatlik sharbati va hayot ne’matini baxshida qildi». Bu bashorat ota-onamga yetishi bilan ular shu tongning o’zida u kishining sharif dargohlari eshigi oldiga borib cheksiz minnatdorlik bildirishdi. O’sha kunning o’zidayoq kaminada sog’ayish alomatlari paydo bo’ldi va to shu kunlargacha hech qachon bavosil kasalligi qaytalamadi. Maxfiy qolmasinki, bu ishda ikkita karomat zohir bo’ldi: biri dori-darmonsiz sog’ayish bo’lsa, boshqasi esa bavosil kasalligining qaytalamasligi bo’lib, bu ochiq-oydin karomatdir. Chunki bavosil aslida bir umrlik kasallikdir. O’sha paytdan to hayotining oxirigacha hazrat Mavlono Muhammad Qozi zohiran va botinan kaminani o’z inoyati soyasi va tarbiyasi panohida saqladi…»

Muhammad Qozi ikkinchi marotaba Shayboniyxon hukmronligi davrida Mirzo Haydarning joniga oro kiradi. Shayboniyxon Xurosonda Mirzo Haydarning otasi Muhammad Husayn Ko’ragonni qatl ettirgach, uning o’g’lini ham yo’qotish uchun Buxoroga yashirin buyruq bilan odam jo’natadi. Bu naytda Buxoroda Shayboniyxonning jiyani Ubaydullaxon hokim bo’lib, u Mirzo Haydarning opasi Habiba Sultonga uylangan, ya’ni uning pochchasi edi. Lekin, hatto Ubaydullaxon ham Shayboniyxonning buyrug’iga qarshi bir ish qilishdan ojiz edi. Shayboniyxon yuborgan odam Muhammad Husayndan qolgan boyliklardan ba’zi narsalar o’g’lida bordir, boladan bularning qaerdaligini bilib o’zlashtirib olmoq mumkin, degan mulohazalar bilan xon buyrug’ini amalga oshirishda hayallaydi. U paytda Buxoroda bo’lgan Muhammad Qozi Muhammad Haydarning hayoti qanchalik xatarda qolganini anglaydi va uning tarbiyachisi Mavlono Sadr oldiga kelib, uni qat’iylik bilan bolani olib Buxorodan qochib ketishga undaydi. Qochish rejasini ham o’zi tuzib beradi. Bu rejaga ko’ra Mirzo Haydar va uning tarbiyachisi bir ishonchli odamning uyida yashirinishadi. Mirzo Haydarning otasining  odamlaridan bo’lgan bir necha kishi esa o’sha kechasi otlarga minib shahar tashqarisiga ketishadi. Shu tariqa, «ular otda qochib ketishibdi» degan taassurot paydo bo’ladi-yu, ta’qibchilar Mirzo Haydar va hamrohlarini shahar tashqarisidagi katta yo’llardan izlashadi. Shahardan izlash hech kimning xayoliga kelmaydi. Buxoroda o’n besh kun yashirinib turishganidan so’ng, Mavlono Muhammad Sadr Mirzo Haydarni olib eshakda boshqa tarafga qarab jo’naydi. Ular ko’p mashaqqatlar tortib Badaxshondagi Qal’ayi Zafarga yetib borishadi. Bu qal’a va uning atrofidagi kichkina, yupun viloyatda Mirzo Haydarning xolavachchasi va Boburga ham ota, ham ona tarafidan qarindosh bo’lgan Mirzoxon hukmronlik qilardi. Badaxshonning boshqa obod viloyatlari koshg’arliklar va shayboniylar tomonidan egallangandi. Mirzo Haydarning Badaxshonga kelganidan xabar topgan Bobur bu viloyat notinchligi uchun tashvishlanib, uni Kobulga o’z oldig’a chaqirib oladi.

Taqdir Muhammad Qozi va Mirzo Haydarni ke-yin ham ko’p bora uchrashtiradi. Muhammad Qozi va-fot etishidan sal ilgari Mirzo Haydarning savollariga javob tariqasida bir asar bitadi, ammo uni shogirdiga topshirishga ulgurmasdan olamdan o’tadi. Uning o’g’li Qutbiddin Ahmad risolani Mirzo Haydarga jo’natadi. Mirzo Haydar Hindistonga ustozining risolasini ham o’zi bilan olib ketgan. «Tarixi Rashidiy» asarini yozganida, o’z e’tirofiga ko’ra, risola matnini to’la va aynan o’z asarida keltirgan.

Muhammad Qozi o’z risolasida davlatni idora etishda podshohlar amal qilishi lozim bo’lgan shartlarni bayon etishidan oldin, qaysi bir gunohlar og’ir gunoh deb hisoblanishi haqida mulohaza yuritadi. Chunonchi, nohaq odam o’ldirish, yetimning molini nohaq olish, yolyun guvohlik berish, boshqa odamlarni gunoh ishga undash kabilarni u og’ir va kechirilmas gunohlar deb aytadi. Risolaning bu qismini yozishda Muhammad Qozi, o’zi e’tirof etganidek, Payg’ambar sallallohu alayhi vasallamga nisbat berilgan naqllar va Shayx Abu Tolib Makkiyning «Qut ul-qulub» («Qalblar ozig’i») nomli kitobidan foydalangan.

Risolaning asosiy qismida mamlakatda tartib va barqarorlik bo’lishi uchun podshoh amal qilishi lozim bo’lgan muhim shartlar, podshoh va fuqarolarning o’zaro munosabatlari, davlat siyosatining o’ziga xos nozik va murakkab tomonlari haqida mulohaza yuritiladi. Podshohlarni odil siyosat yurgizishga undab aytilgan o’gitlar va o’tmish hukmdorlari hayotidan mavzuga mos ba’zi misollar keltiriladi. «Agar kimningki zimmasiga bandalarning ishlarini yo’lga qo’yish vazifasi tushsa va unga davlatni boshqarmoq muyassar bo’lsa, — deb yozadi Muhammad Qozi, — u shuni bilsinki, podshohlikning o’z shartlari bo’lib, bu shartlarga rioya etilmasa, saltanatning diniy va dunyoviy ishlarida tartib bo’lmaydi. Shuningdek, podshoh oldida mamlakat fuqarosining muayyan huquqlari bo’lib, podshoh bularni ta’min etmasa, u oxirat azobidan najot topa olmaydi». Shundan so’ng podshohlik shartlari — jami o’nta shart nasihatlar va misollar bilan bayon qilinadi.

Mazkur risola, shubhasiz, o’rta asrlardagi mutafakkir kishilarning davlatchilik, siyosat, podshoh va fuqaro munosabatlari masalalariga doir qarashlari va adolatli hukmdor haqidagi tasavvurlarini o’rganishda muhim ahamiyatga egadir. Muhammad Qozining «podshoh davlat va mamlakatiga tahdid qiladigan xatardan g’ofil qolmasligi kerak» degan so’zlari va boshqa ba’zi o’gitlari bugungi kunda ham ahamiyatini yo’qotgan emas. Risola keyiigi asrlarda ham shuhrat qozonib, mashhur mutafakkir olimlar va davlat arboblari undan foydalanganlari haqida dalil-isbotlar mavjud. Masalan, XIX asrda yashab ijod etgan atoqli donishmand va adib Ahmad Donish (1827—1897) ning eng yirik kitobi — «Navodir ul-vaqoe’»ning «Saltanat fazilati va sultonlarning muomalasi» bobi Muhammad Qozi asariga tayanib yozilgani, garchi Ahmad Donish bunga ishora etmagan bo’lsa-da, ma’lum bo’ladi. Ahmad Donish ham podshohlar amal qilishi lozim bo’lgan o’nta shartni bayon etar ekan, ko’p hollar-da Muhammad Qozi risolasidagi shartlar va ayrim misollarni juz’iy o’zgarishlar bilan takrorlaydi hamda o’zi ham boshqa misollar keltirib masalani kengaytiribroq bayon qiladi. Albatta, o’zidan oldin o’tgan adiblar ijodidan erkin foydalanish, ularning asarlaridan zarur joylarni ba’zan nomini ko’rsatib, ba’zan ko’rsatmay, qayta ishlab yoki aynan o’z asarlarida foydalanish o’tmish adiblari uchun oddiy va tabiiy bir hol hisoblangan.

Muhammad Qozining mazkur risolasi kiritilgan bob «Tarixi Rashidiy» asarining O’zbekiston Fanlar akademiyasi Sharqshunoslik institutida saqlanayotgan XVII asrga oid 1430 raqamli noyob bir qo’lyozma nusxasidan tarjima qilindi. Risola sarlavhasiz bo’lgani uchun, mazmunidan kelib chiqqan holda «Hukmdorga o’gitlar» deb nomlandi. Shuningdek, Mirzo Muhammad Haydarning «Tarixiy Rashidiy» asaridan Muhammad Qozining hayoty va faoliyatiga oid bobni ham tarjima qilib, uni risolani o’z ichiga olgan bob bilan birgalikda, asardagi o’rniga ko’ra undan oldinda joylashtirib, kitobxonga taqdim etishni lozim topdik.


MIRZO MUHAMMAD HAYDAR

HAZRAT MAVLONO MUHAMMAD QOZI HAYOTI HAQIDA SO’Z
(«Tarixi Rashidiy»dan)
01

normal.jpgHazrat Mavlononing ismi Muhammad ibn Burhoniddin edi. U kishining otasi Miskin Samarqandiy Qozi Imomiddinning yaqin kishilari jumlasidan bo’lgani sababli u Mavlono Muhammad Qozi nomi bilan tanilgan edi. Ilmlar tahsil qilganidan keyin u kishida Xudo yo’lida darvish bo’lmoq niyati tug’ildi. Ushbu niyat birla u Xuroson tarafga jo’nadi. U Samarqanddan chiqqanida qutblar qutbi, Ollohning suyukli bandasi, arboblar sardori, donolarning yetugi Xoja Nosiriddin Ubaydulloh — Olloh uning sirini muqaddas qilsin — yo’ldagi bir manzilda turar edi. Hazrat Mavlono Eshonni (Eshon so’zi bilan asarning barcha joyida Xoja Ubaydulloh Ahror nazarda tutilganini muallif o’zi ta’kidlab o’tgan) ziyorat qildi. Eshon undan «Qaerga ketayapsiz?», — deb so’radi. Mavlono «Xurosonga», — deb javob berdi. Eshon yana so’radi: «Tahsil olish niyatida ketayapsizmi yoki boshqa niyat bilanmi?» Mavlonoga hamroh bo’lgan bir ilm tolibi dedi: «U kishining darvishlikka rag’bati ko’prokdir». Eshon «Bir muddat kutib turingiz», — dedi va bog’ning narigi tarafiga ketdi. Anchadan keyin u ikkita xat keltirdi. Bitta xat tavsifnoma bo’lib, unda Mavlono Muhammad Qozi Mavlono Sa’diddin Koshg’ariyning (Sa’diddin Koshgariy (vafoti 860/1456 yil) — naqshbandiya tariqatiga mansub yirik shayx. Xirotda yashagan va o’sha yerda dafn etilgan) o’g’li Xoja Kalon huzuriga tavsiya etilgan edi. Boshqa xatda bu sharif va mo»tabar naqshbandiya tariqatida qabul qilingan darvishlik hayoti qoidalarini yozgan edi va uni ham Mavlonoga berdi.

Mana uning nusxasi: «Ibodatning mohiyati Ollohning ulug’ligini his etish tufayli dilda itoat, e’zoz, shikastanafslik va niyoz paydo bo’lishidadir. Bundayin baxtning zohir bo’lmog’i muhabbatga bog’liqdir. Muhammad alayhissalomga ummat bo’lmoq uchun mutoibat (Mutobiat — ergashish; tobelik) tariqini bilmoq lozim. Ammo diniy ilmlarni egallamasdan bunga erishib bo’lmaydi. Ushbu zarurat tufayli diniy ilmlar bilimdonlari bo’lgan olimlarga mulozimat (Mulozimat — biron mo»tabar shaxs huzurida bo’lish yoki unga xizmat qilish) qilmoq kerakdir. Ammo ilmni dunyoviy maishat va mansabga erishish uchun vositaga aylantiruvchi olimlar muloqotidan saqlanish zarur. Faqat taqvodor olimlar topilmagandagina zaruratan bu toifa odamlardan maqsadni hosil etmoq mumkin. Shuningdek, raqs va samo’ qiladigan va qo’liga nima tushsa qaytarmay yeyaveradigan darvishlar suhbatidan saqlanish kerak. Yana musulmonlar jamoasi va sunnat ahlining aqida va mazhabiga nuqson yetishiga sabab bo’luvchi maorif va tavhidni eshitishdan tiyilish lozim. Ilm tahsil qilmoq haqiqat ma’rifatining nurlari zohir bo’lmoqlig’i uchundir va bu Muhammad Rasululloh sallallohu alayhi vasallamga ummat bo’lmoqlikka bog’likdir. Vassalom».

Ul kishi (Muhammad Qozi)ning tabarruk asarlaridan biri bo’lmish «Silsilat ul-orifin»da shunday deb yozilgan: «Shunisi ajablanarliki, ushbu (nasihatlar)ga qaramay, menda Xurosonga safar qilishga bo’lgan rag’bat kamaymadi. Eshon hazratlaridan ruxsat olib Xuroson tarafga jo’nadik. Ammo yo’lda bir voqea yuz berdi va safarni davom ettirish mutlaqo imkonsiz bo’lib qoldi. Orqaga qaytish Eshonning mulozimatiga musharraf bo’ldik».

Muhammad Qozi uzoq mudlat hazrat Eshonning xos oshxonasiga mutasaddi bo’ldi. Irodatining g’ayratidan shunday xizmat qilardiki, oshpazlik anjomlari va masalliqlarini ko’tarib Eshonning hidoyatga boshlovchi ueangisi yonida piyoda borardi. Bora-bora Eshonga butunlay yaqin bo’lib oldi. Chunonchi, Eshon huzuridagi oliy majlislarning ko’pchiligida ulug’ olimlar ko’zi o’ngida hazrat Ubaydulloh Mavlonoga murojaat qilardi. Barcha ishlarda unga to’la ishonardi. Eshonning unga bo’lgan oshkora lutfi va turli tarzdagi mehri-bonchiliklari shu darajaga yetdiki, ulug’ olimlar, yaqin suhbatdoshlar va hazrat Eshonning katta o’g’illarining hasadiga sabab bo’ldi. Bu hol Mavlono Muhammadga og’ir botdi va u hazrat Eshonning boshqa bir muridi Mavlono Muhammad Amin bilan Xurosonga ketmoqchi bo’ldi. Ular so’fiylik hayoti qoidalari biz-ga hazrat Eshondan bir qadar ma’lum bo’ldi, degan qarorga kelishdi. So’fiylar orasida shunday gap yuradi: «Xuroson havosi pirdan olinadigan tarbiyaning yarmini beradi. Qolgan yarmini Mavlono Abdurahmon Jomiy beradi. Shunday qilib, Xurosonda so’fiylik maqomiga to’la erishmoq mumkin». «Silsilat ul-orifin»dagi hazrat Eshonning g’ayrioddiy ishlari tasvirlangan qismida shunday yozilgan: «Xurosonga borish niyati hali faqat ko’nglimda paydo bo’lgan kunlarning birida hazrat Eshonning huzuriga kirdim.

Hazratning saodatli nazari kaminaga tushdi. So’ngra takror nazar tashlab dedi: «O’tkir nazarimizdan maqsad neligini bilurmisan?» Men «Buni Olloh, nabiy va valiylar bilur», — dedim. Eshon dedi: «Men sizlarning ahvolingizga nazar soldim-u, lekin sizlarni sabot ko’chasida ko’rmayapman». Shundan so’ng yana dedi: «Tushimda ko’rdimki — o’z kashfiyotlarini tushga yo’yish hazrat Eshonga odat edi — Mavlono Muhammad shunday bir joyda uy qurishni xohlaydiki, u joy bizniki emas va bizdan tashqarida ham emas. Biroq bu uy mustahkam bo’lmaydi». Shunga qaramay Xuroson safari amalga oshdi. Mavlono Muhammad Xurosonga ijozatsiz jo’nab ketdi. U Xurosonda olti oy bo’ldi va doimo Mavlono Abdurahmon Jomiy bilan suhbat qurur edi. Ammo unda hazrat Eshonga xizmat qilish istagi shu qadar kuchli ediki, yana qaytib Eshonning mulozimatiga keldi.

«Silsilat ul-orifin»da shunday yozilgan: «Toshkandda hazrat Eshonning mulozimatiga erishdim. Qolgan umrimni hazratning sayislariga ko’maklashib, otxonadagi otlarni parvarishlab o’tkazmoqqa qaror qilgan edim. Shu qarorga kelib, borib bir burchakda o’tirgan edim, bir kishi kelib meni chaqirdi va «Eshon hazratlari sizni chaqirayapti», — dedi. Qushimdan ketib qolishimga bir baxya qoldi. Qattiq xijolat chekib bordim. Onhazrat men bnlan quyuq so’rashib,shunday kutib oldiki, go’yo kaminadan hech bir noloyiq ish sodir bo’lmagan, aksincha, maqtovga sazovor bir yumushni qoyillatib bajargandek edim. O’zining yaxshi xislatli zotiga munosib tarzda meni oldingidan ham ko’proq lutfu inoyatlariga musharraf etdi. Shunga qaramay peshonamni xijolat teri qoplagan edi. Bundan so’ng men hamisha chekkaroqda yurardim. Hayiqmasdan Eshonga yuzma-yuz duch kelolmasdim. Eshonning haqiqatni bayon qiluvchi tili ma’rifat va haqiqatdan so’z ochgan paytda, hazratning nurli xotiri mening ul mo»tabar nutqni eshitish baxtiga musharraf bo’lmog’imni istabdi va hazrat «Mavlono Muhammad qaerda?», — deb so’rabdi. Majlis ishtirokchilari, balki do’stlar arz etibdilar: «U hamisha tashqarida yuradi. Uni majlisga kirmoqqa undasak, shunday dedi: «Men tomondan sodir bo’lgan shuncha ishlardan so’ng Eshonning yaqinida yurib, uzoqdan bo’lsa-da, ul kishining chehrasini ko’rmoq saodati menga yetarli emasmi!» Shu so’zlarni aytgach, u nadomat va qayg’u bulutidan yomg’ir tomchilari, ya’ni ko’z yoshlarini shashqator qiladi». Hazrat Eshon buyuribdi: «Boring va unga aytingki, biz ilgarigi tarzda uning hamisha huzurimizda bo’lmog’ini xohlaymiz. Undan biron ish sodir bo’lgan bo’lsa, biz, uni kechirdik, yo agar gunohkor biz bo’lsak, u ham bizni kechirsin va huzurimizga kelsin». Eshonning lutflari da’vati bu darajaga yetgach, ul malakoshyyon ostonaning xizmatiga oldingidan ham kuchliroq g’ayrat bilan kirishdim va ul saxovat dengizdan shunchalik lutfu inoyatlar ko’rdimki, buni men hargiz tasavvur ham qilmagan edim. Bir kuni Eshon dedi: «Futuvvat ahlining (Futuvvat sirsh — javonmard oliyhimmat kishilar) odati» shuki, aybdor odamlarni uzr so’rashga majbur etmaydilar». Darhaqiqat, Eshon kamina bilan xuddi shunday muomala qildilar. Olloh unga yaxshilik bilan qaytarsin.»

Ammo hazrat Eshon irshod oyog’ini hayot pillapoyasiga mahkam qo’yar, hazrat Mavlono Muhammad Qozi irodat boshini o’sha pillapoyaga qo’yib Eshonga yaqinlik martabasining cho’qqisida edi. Ul zamon sultonlariga shu narsa odat bo’lgan ediki, ulardan har biri Eshonning bir muridi bilan aloqa bog’lashga intilar va u orqali o’z orzu-iltimoslarini yetkazib, hazrat Eshonning diqqat-e’tiborini eng yuqori marhalarini marhalaga ko’tarardilar. Chunonchi, Sulton Abusaid Mirzo Mavlono Qosim bilan, Sulton Ahmad Mirzo esa Mavlono Xoja Ali bilan aloqa bog’lashga intilar va shu tarzda barcha sultonlar bu odatga amal qilishardi. Sulton Mahmudxon hazrat Mavlono Muhammad Qozi bilan aloqa o’rnatgan edi. Kamina hazrat Mavlononing fasohatli nutqini eshitganimda, ul kishi shunday degandi: Men Sulton Mahmudxonni hazrat Eshon oldida maqtadim va so’z orasida uni Eshonga tavsiya etdim. Hazrat Eshon dedi: «Ha, Sulton Mahmudxon qobil yigitdir. Ammo bir nuqsoni uning taraqqiy etmog’iga xalal beradi. Shogird va murabbiy munosabati shunday bo’lmog’i lozimki, murabbiy nimani buyursa, shogird shuni qilishi shartdir va u o’z aqli va istagi talabiga amal etmasligi kerak. Xuddi lochin kabi nimaning izidan uchirishmasin, quvvati yetish-yetmasligidan qat’i nazar, borib o’shanga yopishishi kerak. Bu ish o’zi bo’ladimi yoki yo’qmi — bu haqda mulohaza etmasligi darkor». Shu sababga ko’ra Sulton Mahmudxon odamlar undan kutishgan darajada taraqqiy etmadi va bu qisqacha tarixning (Mirzo Muhammad Haydar o’zining «Tarixi Rashidiy» asariga ishora qilmoqda) boshlanishida zikr qilingan edi. Bu muqaddimadan maqsad shu munosabat bilan hazrat Mavlono Muhammad Qozining hazrat Eshon quddisa sirrahuning vafotidan so’ng Toshkandga borganini ko’rsatishdir. Hazrati Mavlononing muborak tashrifiga aholi sadoqat va ixlos izhor etib, hurmat va ehtirom ko’rguzishdi. Toshkand vayron qilinganida (XVI asr boshlarida Toshkent shayboniylar, Mo’g’uliston xonlari o’rtasidagi kurashlarda bir necha bor qo’ldan qo’lga o’tgan va shaharda xarobaliklar yuz bergan) ul kishi Buxoroga ko’chib ketdi. O’sha zamonda Buxoroda Shohibekxonning (Shohibekxon — Muhammad Shayboniyxon (1451—1510) nazarda tutilmoqda) ukasi va Ubaydullaxonning (Ubaydullaxon — 1529—1539 yillari hukmronlik qilgan) otasi bo’lmish Mahmud Sulton Shohibekxon nomidan hukmronlik etardi. U hazrat Mavlononing mulozimati baxtiga musharraf bo’lib, uning sharif suhbatiga ishtiyoq ko’rguzdi va ixlos izhor etib bir qish davomida Mavlonodan saboq oldi. Hazrat Mavlononing ishonchli odamlaridan eshitishimcha, u shunday degan ekan: «Matalda «Odamlar o’z podshohlarining diniga sig’inadilar», deyilganidek, Mahmud Sulton menga ixlos qo’ygach, darvishlar orasida mashg’ulotlarga chunonam ishtiyoq paydo bo’ldiki, bunaqa lazzatga boshqa hech muyassar bo’lmadim».

Ana shu bayon qilingan sabablarga ko’ra hazrat Mavlono o’sha paytdan beri Buxoroda edilar. Otam Xurosonga ketib, u yerda shahid bo’lgandan so’ng kamina boshidan kechirgan zikr etilgan va qilinajak voqealar paytida hazrat Mavlononing kaminaga himmat bilan yordam bergani ham Buxoroda bo’lgan edi.( Bu yerda Muhammad Qozining Muhammad Qaydarning hayotini saqlab qolish uchun Buxorodan qochib ketishga ko’maklashganiga ishora etilmoqda) To 916 (1510—1511) yilgacha hazrat Mavlono Buxoroda edi. Ollohning la’natiga uchragur qizilboshlar istilosi yuz bergach,( Shayboniylarga qarshi kurashda Bobur bilan ittifoq tuzgan Eron shohi Ismoil Safaviyning lashkarboshisi Najmi Soniyning 1512 yili Movarounnahrga bostirib kirgani nazarda tutilmoqda) u Buxorodan Andijon va Axsiga jo’nab ketdi. Mavlono o’sha hududda yashamoqni niyat etgandi. Uning qutlug’ tashrifi sharofati bilan o’sha hududdagi juda ko’p xalq Olloh rahmat qilgur naqshbandiya xojalari tariqatining to’g’ri yo’liga kirishga musharraf bo’lib oliy martabalarga yetishdilar. Bu ishning barakati hanuz ul viloyatda boqiydir. So’fiylikda kamolot darajasiga yetishgan odamlar xaloyiqni chin yo’lga hidoyat etmoqqa mashg’uldirlar. Bu saodatli jamoatning sharhi hazrat Maxdumiy Nuran hayoti bayon qilinganida keltirilajakdir.( Asarning har joyida Maxdumiy Nuran deganda Xoja Xovand Mahmud nomi bilan mashhur bo’lgan Xoja Shahobuddin Mahmud nazarda tutilishini muallif o’zi ta’kidlab o’tgan. Shuningdek, ba’zi o’rinlarda bu odam Xoja Ubaydulloh Ahrorning nabirasi ekanligi eslatiladi) Insho Ollohu taolo. Hazrat Mavlono Muhammad Qozi ahvolining qolgani o’z joyida yozilajakdir, inshoolloh.

OLLOH RAHMAT QILGUR MAVLONO MUHAMMAD QOZINING
VAFOTI ZIKRI

Maxdumimiz va sayidimiz, irshod axdining muro-jaatgohi hazrat Mavlono Muhammad Qozining barkamol hayoti haqida ushbu kitobda oldin ham bir necha bor yozgan edik. Hazrat Mavlono Axsi va uning atroflarida qaerki saodatli ko’ngliga xush yoqsa, o’sha yerda bo’lar va xaloyiq uning suhbatidan bahramand edi. O’sha hududda ul kishining e’tiqodmand va muxlislari juda ko’payib ketgach, ularning har biri ajoyib va g’aroyib voqealarning shohidi bo’ldi.

N a z m

Filmasal, gar hazor dili murda,
Az havohoyi nafs afsurda,
Bigzarand az harimi mahfileshon,
Zinda gardad zi murdagi dileshon.

(Chunonchi, agar mingta qalbi o’lgan va
Havoyi nafsdan ezilgan kishi,
Uning majlisi yaqshshdan o’tsalar,
Ularning o’lik qalblari tiriladi.)

Xon (Asarning barcha joyida xon deyilganida Mo’g’uliston xoni Sulton Saidxon (1514—1533) nazarda tutilishini Muhammad Haydar o’zi ta’kidlab o’tgan) Axsini tark etganida hazrat Mavlono u yerda qoldi. Sevinchikxon (Sevinchikxon (Suyunchxojaxon) Shayboniy sultonlardan bo’lib, 1526 yili Toshkentda vafot etgan. Ona tomonidan Ulug’bekning nabirasi bo’lgan) bu shaharga kelgach, uni ziyorat qildi va uning iltimosiga ko’ra hazrat Mavlono Tosh-kandga tashrif buyuradi. Andak zamondan so’ng hazratning pok ruhi foniy dunyodan boqiy olamga ravona bo’ldi.

N a z m
Qadam zin tangnoyi oz bardosht,
Rahi fus’hatsaroyi roz bardosht.
Matoyi uns az in dayri fano burd,
Ba mehrobi bakr dasti duo burd.

(U bu orzu-havaslar tangligidan qadamini uzdi,
Sirlar saroyining keng yo’liga qadam qo’ydi.
Foniy dunyoga bog’liqlik matosini parchalab,
Duo qo’lini baqo mehrobi tomon uzatdi.)

Hazrat ruhi muqaddas hazirada o’zi oldin vasflarini aytib yurgani bir guruh yoronlariga borib qo’shildi. Ularning barchasiga Olloh mag’firat qilib o’z rahmatiga sazovor etsin.

N a z m
Zada as’hobu Xoja halha baham,
Chun niginanda halha dar xotam.
Rozdoronki, rozi din donand,
«Ismi A’zam» az in nigin xonand.

(Xoja va uning yoronlari halqa tuzishdi,
Go’yo muhrli uzuk kabi edilar.
Din siridan voqif yashirin sirlar sohiblari
Bu uzukda «Ismi A’zam»ni o’qiydilar.)

Onhazratning muxlis va e’tiqodmandlari uning vafoti tarixini «Naqdi Xoja Ubaydulloh» (922/1516 yil) deb topishdi. Ul kishining umri sharifi oltmishdan o’tib, yetmishga yaqinlashgan edi. Zohiriy va botiniy ilmlarni mukammal egallagandi. Ul kishining tabarruk shaxsi jami fazilatlarni o’zida mujassamlashtirgan edi. Hazratning mo»tabar va foydali asarlari bor. Ul kishining sharif risolalari tariqat ahli uchun dasturilamaldir. «Silsilat ul-orifin» shular jumlasidan bo’lgan juda yaxshi bir kitobdir. Bu kitobga uch qismda tartib berganlar. Birinchi qism shayxlik odobi va muridlik shartlari haqidadir. Ikkinchi qism hazrat Eshon Xoja Ubaydullohning hayoti sharhi va majlislarda hazrat Eshonning valiylik bayon etuvchi tilidan aytilgan ma’rifat haqiqatlari hamda ul kishining ba’zi bir horiqulodda ishlari va karomatlarini o’z ichiga oladi. Uchinchi qism ba’zi avliyo odamlar tomoni-dan sodir bo’lgan g’aroyib ishlar va karomatlardan iboratdir. Bu shunday bir kitobki, uning vasfiga til ojizdir. Barcha so’fiylarga manzur bo’lgan bu kitob ellik bobdan iborat.

Hazrat Mavlono Muhammad Qozining bu kitobdan boshqa risolalari ham bordir. Masalan, kamina majlislar paytida gustoxlik qilib ul kishidan ba’zi masalalarni tushuntirib berishlarini so’raganimda, bu masalalarni foydali naqllar bilan bayon etib qog’oz betiga tushirgan edilar. Ammo bu risolani topshirib kaminani sarafroz qilmoqqa fursatlari bo’lmagan edi. Hazratning vafotidan so’ng ul kishining munosib farzandi va sodiq izdoshi maxdumzoda Mavlono Qutbiddin Ahmad uni kaminaga jo’natdi. Bu risola matni to’la keltiriladi. Men ojiz va imkoniyatlari cheklangan banda aniq bilamanki, g’aflat qalami va jaholat siyohi bilan yozilayotgan bu musavvada (Musavvada — biron asarning qoralama nusxasi. Mirzo Haydar bu yerda o’z asari «Tarixi Rashidiyni nazarda tutmoqda) sohibnazarlar nazdida biron e’tiborga ega emas. U shoyad ana shu tabarruk risola sharofati bilan sohibdillar nazariga sazovor bo’lar va ular kamina qalamining nuqsonlari va tahririning zaifligini afv etagi bilan yoparlar. Qisqacha tarix kitobimizda yo’l qo’yilgan xato hamda qusurlarni, ayblarni kechiruvchi va o’chiruvchi Xudoyi taolo bu risolaning rostligi va haqiqiyligi yuzasidan kechirar.

N a z m

Olloh, Olloh, xato kardaim,
Tu bar mo magir onche mo kardaim.
Ilohi, muqassir bakor omadam,
Tihidast, umidvor omadam.

(Olloh, Olloh! Biz xato qildik,
Ammo, qilgan ishlarimizni bizdan deb hisoblama.
Iloho! Men qusurli xolda ishga kirishdim.
Tangdastmiz, ammo rahmatingdan umidvorman.)

Hazrat Mavlononing vafoti xabari va ushbu risola xon havo almashtirish uchun Otboshiga ketib, kaminani mamlakat ishlarini boshqarish uchun qoldirganida yetib keldi. Bu xabar muxlislar qalbini larzaga soldi va quyidagi satrlar tarannum qilindi:

Dardo ki, bo kibori jahon az jahon biraft,
Pok onchunonki omadi bud, onchunon biraft.

(E voh, jahon ulug’lari izidan jahondan ketdi,
Qanday pok kelgan bo’lsa, shunday ketdi.)

Bu g’amdan ko’z yoshlar shashqator bo’lib, qalblar otashda yondi. O’sha ayyomda ushbu bayt ko’p takror qilinardi:

Chaishi maro zi giryai bisyor nam namond,
Gar xuni dil madad nashudi chun giristi?

(Ko’p yig’lashdan ko’zlarimda nam qolmadi,
Yurak qoni madadga kelmaganida ular qanday yig’lashardi?)

O’sha kunlarda farog’at tongi ayriliq shamiga mubaddal bo’ldi va risolani qo’limga olganimda hol tili ushbu satrlarni tarannum qildi:

Harfe ki yobam az qalami mushkbori u,
Sozam hamoyili dilu jon yodgori u.

(Uning ifor hidini taratuvchi qalami bitgan bir harfni topsam,
Undan qolgan bu yodgorlikni dilu jonga tumor etgumdir.)


MAVLONO MUHAMMAD QOZI
HUKMDORGA O’GITLAR
Tarjimon: G’ulom KARIM

01

BISMILLOHIR RAHMONIR RAHIM!
11yassavi.gifHamdu sano Ollohgakim, o’zi yaratgan mavjudotlardan eng ulug’i bo’lmish insonlar toifasiga haqiqat va irfon nasimining bo’ylari bilan quvvat berib, ularni g’aflat va umidsizlik zulmatidan qutqardi. Ularning qalbini haqiqat va hidoyat nurlari bilan yoritdi. Unga salovotlar bo’lsinkim, barcha odamlar va boshqa toifalar uchun o’z rasulini jo’natib, uning ishiga oyatlar shohidligi va Qur’on dalillari bilan madad berdi. Unga, uning avlodiga va sahobalariga, barcha ilm va iymon ahliga Ollohning rahmati bo’lsin.

Endi uzlat va benomlik burchagining faqiru haqiri Muhammad Qozi nomi bilan ma’lum bo’lgan Muhammad ibn Burhoniddin shunday deydi:
Bir kuni ul jamshidsifatli shahzoda, ya’ni faridun fazilatli kamyob xoqon, mamlakatlarni fath etuvchi dindor hukmdor, ulug’vorlik va shon-shavkat osmonining quyoshi, iqbol daraxtining mevasi, shuhrat olamining joni, obidlar osudaligi va davlat obodligining vositasi, shijoat maydonining chavandozi, saodat ko’kining to’lin oyi, zaiflar madadkori va olimlar homiysi, do’stlarni avaylab, dushmanlarni yakson etuvchi saltanat qadrshunosi, Ollohning soyasi va odil hokim Muhammad Haydar ibn Muhammad Husayn Ko’ragon, Olloh uning mulki va saltanatini abadiy qilsin, hamda uning o’z sodiq do’stlariga bo’lgan yaxshilik va ehsonlarini ziyoda etsin.

N a z m

Ba hahqi nabiy va ba sirri valiy,
Ki dastash haviy bodu qadrash jaliy.
Zi ta’siri ajromi ulviy zavol
Mabinad in xonadoni jalol.
Muluki jahon bod farmonbarash,
Zamona mute’u falak chokarash.
Ba fazli Xudo dar riyozi jinon
Az u bod ruhi padar shodmon.
Jahon to buvad chun alo neknom
Bimonad andar jahon, vassalom.

(Nabiy haqqiyu valiy siri uchun
Qo’li quvvatliyu qadri oliy bo’lsin!
Osmoniy jismlarning ta’siridan
Bu shavkatli xonadon zavol topmasin.
Jahon maliklari farmoniga bo’ysunib,
Zamona unga itoatkor va falak chokar bo’lsin.
Olloh fazli bilan jannat bog’ida
Otasining ruhi undan shod bo’lsin.
Jahon turguncha ushbu yaxshi nom bilan
Jahon ichra qolsin omon, vassalom.)

Ushbu oliynasab shahzoda majlisida saltanatni boshqarmoq qoidalari haqida bir risola bitmoqqa jazm etdim. Binobarin, ushbu ojiz qalam bilan og’ir gunohlar va olimu hakimlarning saltanatni idora qilmoq xususidagi so’zlaridan bir necha satr bitilajakdir. Onhazratning cheksiz lutfi va nihoyasiz inoyatidan umidvormankim, o’zining podshohona mehribonligi tufayli bu darvishona tuhfaga ayblarni bekituvchi rozilik ko’zi bilan qaragay. Sodiq do’stlar qadamining ojizligi va duogo’ylar qalamining xatolari ustiga «Sitamdiydalar so’zini eshitib nuqsonlarini kechirmoq komil insonlar xislatlaridandir» deyilganidek, afv raqamini chekajakdir. Haq subhonahu ul davlat arbobini zamona ofati va kulfatlari, hodisalari girdobidan o’z panohida asrasin. Zamonning chopqir oti unga rom bo’lsin va hamisha ojiz ra’iyat, xizmatchi fuqaro va darvishlar boshi ustida uning davlati quyoshi yarqirab nur sochib tursin va saodati soyasi poydor bo’lsin.

Darhaqiqat, haqiqiy podshoh foniy dunyoning davlatiga bog’lanmagan kishidir. Chunki u abadiy emas, balki o’tkinchidir. Davlat bu adolat va ehsonning rivojidir. Iymon davlati haqida to’xtovsiz so’zlamoq mumkin. Yana og’ir gunohlar, saltanatni idora etmoq shartlari va boshqa masalalarga qaytamiz. G’ayb sirlarini kashf etuvchi ulug’lar va yetuk mushohadachi erlar — barchasi basharni yaratmoqdan maqsad ykki olam Xudosiga muhabbat deb biladylar. Agar banda bu dunyodan ketayottanida o’zi bilan birga Ollohga bo’lgan muhabbatini olib borolsa, bundan ham kattaroq davlat yo’kdir. Qalb zamini gunohlar tikani va xas-xashagidan poklansa-yu, muhabbat urug’i Olloh ruhlarini muqaddas etur payg’ambarlar sunnati qonuniga ko’ra zohidlik va mujohidlik suvi bilan sug’orilsa, u taraqqiy topib ishq martabasiga yetadi. Nimaiki ma’shuqaga taalluqli bo’lmasa, butunlay kuyib ketadi.

N a z m

Ishh on shu’la ast, ki yaun barfuruxt,
Harchi juz ma’shuk boqi jumla so’xt.
Shod bosh, ey ishqi xush savdoyi mo,
Ey, tabibi jumla alanxryi mo,
Ey, davoyi naxvat va nomusi mo,
Ey, tu Aflotun va Jolinusi mo.

(Ishq shunday shu`laki, u yongach
Ma’shuqadan boshqa nima bo’lsa barchasi kuyib ketadi.
Ey bizning otashnn ishqimiz, shod -bo’lgin,
Sen bizning barcha dardlarimizga tabibsan.
Sen bizning qadr va nomusimiz davosi,
Sen bizning Aflotun va Jolinusimizsan.)

Endi, azizim, shuni bilib qo’yki, og’ir gunohlar haqida bir-biridan tafovut qiladigan fikrlar mavjud. Ba’zi-birovlar Payg’ambar sallallohu alayhi vasallamga nisbat berib naql qiladilarki, ul hazrat aytishicha, og’ir gunohlar yettitadir. Birinchisi, Ollohga shak keltirmoq bo’lib, bundan Xudo saqlasin. Ikkinchisi — nohaq odam o’ldirmoq, uchinchisi — taqvodor odamni haqorat qilmoq, to’rtinchisi — yetimning molini nohaq olmoq, beshinchisi — sudxo’rlik qilmoq, oltinchisi — kofirlar bilan jang paytida bir musulmonning ikkita kofirdan qochishi, yettinchisi ota-onaga itoatsizlik qilib, ularning haqini tanimaslikdir. Ammo ulug’ kishilardan ba’zilari shariatda aniq aytilmagan, lekin qonunda qattiq jazo beriladigan qilmishlarni ham og’ir gunohlardan deb hisoblashadi.

Ulug’ kishilar va yetuk mushohada sohiblaridan biri, so’zlari ushbu oliy toifaning shahodatnomasi bo’lgan Shayx Abu Tolib Makkiy o’zining «Qut ul-qulub» nomli kitobida tekshiruvlardan o’tgan va ko’pchilik orif odamlarga maqbul bo’lgan fikrni aytadi. Bunga ko’ra og’ir gunohlar o’n yettita bo’lib, ulardan har bir odam saqlanishi lozim. Qolgan hammasi kichik gunohlar bo’lib, ular kechiriladi. Ul o’n yetti gunohdan to’rttasi qalbga oiddir. Birinchisi majusiylik bo’lib, bundan Xudo saqlasin. Ikkinchisi — hatto gunohi ko’p bo’lsa ham Parvardigorning lutfidan noumid bo’lish. Uchinchisi — harchand toat-ibodatni ko’p qilsa-da, o’zini Xudoning g’azabidan bexatarlikda deb hisoblash. To’rtinchisi — boshqalarni gunoh ishlarga undash.

Yana to’rtta gunoh tilga taalluqlidir. Birinchisi — yolg’on guvohlik berish, ikkinchisi — yolg’on qasam ichish, ya’ni haqni botil suratida ko’rsatish, uchinchisi — taqvodor odamni tahqir qilmoq, to’rtinchisi — sehrgarlik bilan shug’ullanmoqdir.

Navbatdagi ikki gunoh qo’lga taalluqlidir. Birinchisi — zino, iqkinchisi — besoqolbozlikdir. Ya’ni bir gunoh oyoqqa oid bo’lib, bu jang paytida bir musulmonning ikkita kofirdan qochishidir. Bitta gunoh butun badanga taalluqli bo’lib, bu ota-ona haqini tanimasdan ular oldida gunohkor bo’lishdir. Agar kimki ushbu o’n yettita gunohdan saqlansa, uning bulardan boshqa gunohlari kechiriladi. Bu nasihat haqiqatga yaqindir. Ba’zi ulug’ donishmandlar aytishlaricha, juma namozining ado etilishi to kelgusi jumagacha kichik gunohlar uchun kaforat (Kaforat — gunohini yuvish uchun beriladigan narsa yoki qilinadigan ish) bo’ladi.

“Qalb yuzasi uni qoplab xiralashtirgan yomonliklar xas-xashagidan tozalansa-yu, dil chamani ag’yor (Ag’yor — o’zgalar, begonalar, raqiblar) vujudidan xoli etilsa, unda haqiqiy muhabbat sultoni dil taxtiga o’tirsa arziydi va «podshohlar qishloqqa kirsa, uni xarob qiladilar” (Qur’oni karim, 27-sura, 34-oyat). Sobiq tartibotlar yemirilib, ibodat va bandalik rasmi mustahkam qaror topadi. Shu tarzda ag’yorning xalaqitlarisiz mahbub vasli muyassar bo’ladi.

Agar kimningki zimmasiga bandalarning ishlarini yo’lga qo’yish vazifasi tushsa va unga davlatni boshqarmoq muyassar bo’lsa, pguni bilsinkim, podshohlikning o’z shartlari bo’lib, bu shartlarga rioya etilmasa, saltanatning diniy va dunyoviy ishlarida tartib bo’lmaydi. Shuningdek, podshoh oldida mamlakat fuqarosining muayyan huquqlari bo’lib, podshoh bularni ta’min etmasa, u oxirat azobidan najot topa olmaydi. Bular qisqa tarzda bayon qilinadi va har birining mohiyatini ochib beradigan misollar keltiriladi.

Davlatni boshqarmoq shartlari o’ntadir. Birinchi shart shuki, biron voqea yuz berganda va ushbu voqea yuzasidan hukm chiqarish lozim bo’lganda, podshoh yoki hokim o’zini fuqarolardan biri deb tasavvur qilib, boshqa birovni o’ziga hokim deb bilsin. Shu holatda o’sha boshqa birovdan o’ziga ravo ko’rmagan va qilinishi lozim deb bilmagan har qanday hukmni o’zidan boshqalarga ham ravo ko’rmasin. Ikkinchi sharti shuki, podshoh musulmonlarning hojatlarini chiqarishni ibodatlarning sarasi deb hisoblashi zarur. Zero, Rasul alayhissalom aytganlarki: «Mo’minning dilini shod etmoq odamlar va parilarning barcha toat-ibodatlariga barobardir». Demak, musulmonlarning hojatini chiqarishga doimo hozir bo’lib yuradigan podshohgina musulmonlar podshohidir. Agar u bironta musulmonning o’z eshigi oldida muhtoj va muntazir bo’lib turganini bilsa, tokim uning hojatini ado qilmagunicha hech qanday ibodatga mashg’ul bo’lmasligi kerak. Shuningdek, podshoh o’zining rohatini o’ylab, musulmonlarning hojatlarini chiqarishni kechiktir-masligi kerak.

Uchinchi shart shuki, podshoh yemoq-ichmoq va kiyinmoqda xulafoyi roshidin (Xulafoyi roshidin — «To’g’ri yo’ldan borgan xalifalar», ya’ni Muhammad payg’ambar vafotidan keyin ketma-ket xalifalik qilgan uning to’rtta izdoshi — Abubakr, Umar, Usmon va Ali nazarda tutilmokda) odatlariga amal qilib, tansiq taomlar va bashang kiyimlarga ruju qo’ymasligi kerak. Amiralmo’minin Ali raziyallohu anhu xalifalik taxtiga o’tirgan kuni bozorga borib uch diramga bir ko’ylak sotib olibdi. Ko’ylakning yengi va etagidan qo’lining kafti va oyog’i to’pig’idan oshgan qismini qirqib tashlabdi. Odamlar «Nega bunday qilding?», — deb so’rashganida, «Bu tahoratga qulay, kamtarlikka mos va ergashishga (o’rnak olishga) munosibdir», — deb javob beribdi.

To’rtinchi sharti shuki, podshoh suhbat asnosida muloyim so’zlab, asossiz ravishda qo’pollik qilmasligi lozim. Biron masala yuzasidan dalil-isbotlar ko’p bo’lsa, ularni eshitishdan erinmasligi, zaif va miskinlar suhbatidan or qilmasligi kerak. Naql qilishlaricha, xalifa Ma’mun zamonasida bir kishi gunoh ish sodir etib, so’ng qochib ketibdi. Uning akasini ushlab Ma’mun oldiga olib kelishibdi. Xalifa unga, agar ukasini topib keltirmasa, qatl etilishini aytibdi. Shunda u odam debdi: «Ey amiralmo’minin! Agar sening noibing biron odamni qatl etmoqchi bo’lsa-yu, «U odamni qo’yib yubor», deb farmon yuborsang, noib uni qo’yib yuboradimi yoki yo’qmi?» Ma’mun debdi: «Albatta qo’yib yuboradi». Haligi odam debdi: «U holda men seni jahon ahliga hokim qilib qo’ygan hazrat Xudovanddan farmon keltiraman. Chunki «Birovning yukini birov ko’tarmaydi» (Qur’oni ka-rim, 35-sura, 18-oyat). Shunda Ma’mun «Uni qo’yib yuboringlar. Chunki u o’z so’ziga isbot keltirdi», — debdi.

Beshinchi sharti shuki, podshoh xalqning roziligini o’ylab, hukm chiqarishda sustkashlik ko’rguzmasligi va ikkiyuzlamachilik qilmasligi lozim. Shuningdek, har bir odamni xushnud etish uchun haqiqat va shariatga qarshi bormasligi kerak. Hukmronlikning o’ziga xos tomoni shundaki, doimo xalqning yarmi podshohdan norozi bo’lib yuradi. Chunki muxolif tarafni haqi-qat bilan xushnud etib bo’lmaydi va butun-xalqning roziligiga erishmoq odil podshoh uchun ham imkonsizdir. Podshoh hukm chiqarganida hech kimga yon bosmay beg’araz bo’lsa, ya’ni norozi odamlariing g’azabidan andisha qilmay, avvalo Olloh roziligini istasa, Haq subhonahu ham undan rozi bo’ladi va ham odamlarni undan rozi qiladi. Chunonchi, Rasuli akram sallallohu alayhi vasallam shunday degan: «Odamlarning norozi qilib bo’lsa-da, Olloh roziligini istagan kimsadan u rozi bo’ladi. Odamlarni rozi qilmoq esa Ollohning ishidir».

Oltinchi sharti shuki, podshoh davlat va mamlakatga tahdid etadigan xatardan g’ofil qolmasligi kerak. U shuni bilsinki, amirlik mansabi va hukumat bir vosita bo’lib, bu vosita orqali abadiy saodat va ezgu nom qo’lga kiritiladi. Davron podshohlari va hokimlarining aksari foniy dunyoning bevafo davlatiga mag’rur bo’lib, havoyi nafslari uchun o’z dinini vayron qiladilar va benomusliklari tufayli iymonni shamolga uchiradilar. Bundan Xudo saqlasin. Bugun inon-ixtiyor sening qo’lingda ekan, shunga sa’y-hara-kat etginki, tokim dunyoviy davlatga mahliyo bo’lib, oxirat uchun ezgulik urug’ini ekishdan g’ofil bo’lmagin. Haq yo’ldan yurish savobini va adolat uchun xizmat qilishni g’animat deb bilgin. Aytishlaricha, odil podshohning har kungi adolatini o’lchaganda bu uning jamiy toat-ibodatiga barobar kelsa, shundan ma’lum bo’ladiki, u o’zini abadiy saodatdan mahrum etmaslikka harakat qilmoqda.

Yettinchi shart shuki, podshoh din ulamolarini ziyorat etish va ular bilan suhbatlashish uchun o’zida ehtiyoj sezishi kerak. Garchand bu zamonda bu toifa odamlarni topish mushkul bo’lsa-da, ular azizdirlar. Agar Olloh inoyati bilan ular bu diyorda paydo bo’lib qolsa, podshoh ularning ziyoratiga shoshilmog’i va bu toifaning nasihatlarini o’z hayotining saodati deb bilmog’i lozim. U orif odamlar suratiga kirib oluvchi johillar va fosiqlar suhbatidan saqlanmog’i shartdir. Chunki bunday odamlar dinni vayron etuvchilar qavmidandirlar. Shunday bir rivoyat bor: Horun ar-Rashid Shayx Shaqiq Balxiy quddisa sirrahuni o’z oldiga chaqirib unga debdi: «Menga nasihat qil». U debdi: «Ey, amiralmo’minin! Xudoning do’zax nomli bir saroyi bor, seni shu saroyga darvozabon qilib qo’ygan Olloh senga uchta narsa bergan bo’lib, shu uchta narsa bilan sen xalqni ushlab turishing kerak. Bular: mol, qilich va qamchidir. Mol bilan sen muhtojlarning haddan oshiq kambag’allashib ketishining oldini olmog’ing lozim, tokim ular ilojsizlik sababidan yomon shubha-xayollarga bormasinlar. Qilich bilan zolimlarni qirasan va qamchi bilan fosiqlarning ta’zirini berasan. Agar shu aytilganidek qilsang, ham o’zing najot topasan va ham xalqni najotga yetkazasan. Lekin bunga xilof ish olib borsang, hammadan burun sening o’zing do’zaxga borasan va boshqalar sening izingdan boradilar».

Sakkizinchi sharti shuki, podshoh jabr-zulm va takabburlik bilan xalqni o’zidan qo’rqitmasligi, balki zaiflar va o’z qo’l ostidagilarga adlu ehson va shafqat nazari bilan qarab, ra’iyatning muhabbatini qozonmog’i lozim. Rasul sallallohi alayhi vasallam shunday degan: «Sizning eng ya’shi podshohlaringiz sizni sevadigan va siz ham ularni sevadiganlaringizdir. Eng yomon hokimlaringiz esa sizni o’ziga dushman deb biladigan va siz ham ularni dushmaningiz deb hisoblaydiganlaringizdir».

To’qqizinchi sharti shuki, podshoh zo’ravon amaldorlarning zulmiga beparvo qaramasligi lozim. Qaysi bir amaldorning zulm va jinoyatini payqagan zahoti uni jazolab, uqubatlarga duchor etsinki, bu boshqalarga bir ibrat bo’lsin. Podshoh hukumat ishlarida bo’shanglikka yo’l qo’ymasligi, davlat arboblarini siyosat va nasihat yo’li bilan tarbiyalashi zarur.
O’ninchi shart farosatdir. Podshoh va hokim ro’y berayotgan voqea-hodisalarning yuzaga kelish sababi va mohiyatiga chuqur nazar tashlamoqlari, basirat ko’zi bilan ularning oqibatini ko’ra olmokdari vojibdir. Agar bu masalalar aniq va ravshan bo’lsa, ularni sha-riatga ko’ra hal etmog’i, chigalliklar mavjud bo’lsa, ularni farosat nuri bilan yoritib idrok etmog’i lozim. Bu sohada hikryachilar so’ziga e’timod qilmagan ma’qul. Chunki yakuni va intihosi bor masalalarni oxiri yo’q hikoyalar bilan tushuntirib bo’lmaydi.

Shuni bilginki, musulmon fuqarolarning podshoh oldida haqlari bo’lib, ularni bajarmoqqa kirishmoq podshoh va hokimga vojibdir. Bular shuki, u musul-monlarga nisbatan tavozeli bo’lsin, o’z hukmronligi va mulkidan mag’rurlanib hech bir musulmonga takab-burlik qilmasin. Shunga amin bo’lsinki, Ollohu taolo mutakabbir va shafqatsiz kimsalarni o’ziga dushman deb biladi. Podshoh odamlarning bir-birini yomonlab aytgan so’zlariga quloq solmasinkim, bundan u faqat nadomat chekadi. Ayniqsa fosikdar, g’arazgo’ylar va hasadgo’ylar so’zlarini eshitmaslik kerak. Chunki ular barchasi g’araz va hasad bilan fisqu fasod so’zlarni gapyrib, fazilatlarni ayb qilib ko’rsatadilar.

Naql etishlaricha, bir kishi amiralmo’minin Ali karramallohu vajhahu (Karramalloxu vajhaxu — Olloh uning yuzini mukarram qilgan) oldiga kelib bir odamni yomonlay boshlabdi. Amiral-mo’minin debdi: «Biz sening so’zingni tekshirib ko’ramiz. Agar gaping rost bo’lsa, chaqimchiliging uchun, yolg’on bo’lsa, yolg’on gapirganing uchun senga jazo beramiz. Ayttan so’zing uchun tavba qilsang esa, afv etamiz». U odam: «Ey amiralmo’minin, men tavba qildim», — debdi. So’ngra podshoh biron aybi yo kamchiligi uchun musulmon odamga g’azabini sochmasin va uni afv etish imkoni bo’lsa, buni orqaga surmasin. Dinga zarar yetkazuvchi ayblar sababli g’azab qilinsa o’rinli, ammo dunyoviy ishlarda kechirimli bo’lish afzalrokdir. Ma’lumki, har kimki boshqalarni kechirsa, Haq subhonahu taolo ham qiyomat kunida uning gunohlarini kechiradi. Yana shu ma’lumki, Haq subhonahu taolo Yusufi siddiq salavotullohu alayhiga shunday vahiy yuborgan: «Ey Yusuf, shuni bilki, sen o’z aka-ukalaringni kechirganing uchun biz sening nomingni yuksakka ko’tardik».

N a z m.

Suxan daroz kashidim-u hamchunon bokist,
Hadisi dilbari fattonu oshiku ma’shuk.
Dil guft: «Maro ilmi laduniy havas ast,
Ta’limam kun, agar turo dastras ast».
Guftamki: «Alif», guft: «Digar?»
Guftam: «Hech, Dar xona agar kas ast, yak xarf bas ast».

(So’zni cho’zdik, ammo hanuz tugamadi,
Go’zal dilbar va oshiqu ma’shuq haqidagi hikoyalar.
Qalbim dedi: «Mening ilohiy ilmlarga havasim bor,
Agar qo’lingdan kelsa, menga o’rgatgin».
Dedim: «Alif», qalbim dedi: «Yana?»
Dedim: «Hech, Uyda odam bo’lsa bir harfning o’zi yetarlidir».)

022

(Tashriflar: umumiy 1 705, bugungi 1)

3 izoh

  1. Ассалому алайкум. Устоз, нашр манбаси, йилини аниқ кўрсатсангиз яхши бўлар эди. иқтибос учун зарур эди

    Mavlono Muhammad Qozi. Hukmdorga o’gitlar
    Toshkent.,»Sharq»,1999,24 bet
    G’ulom Karim tarjimasi

  2. Mavlono Muhammad Qozi. Hukmdorga o’gitlar
    Toshkent.,»Sharq»,1999,24 bet
    G’ulom Karim tarjimasi

Izoh qoldiring