Maxdumi A’zam Dahbediy. Risolai Boburiya.Tarjimondan so’zboshi.

09

    «Рисолаи Бобурия» Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Валининг «Рисолаи волидия» асарини Ҳинд подшоҳи темурий Бобур мирзо томонидан ўзбек тилига ўгирилган назмий таржимасининг биринчи нусхасини пири Махдуми Аъзамга юбориб, ул зотдан фикр сўраб мурожаат этган хатига жавоб тариқасида ёзилган асардир. Ўз замонасида ушбу рисола Нақшбандия, Яссавия ва ўзга тариқатларга доир долзарб масалаларни ечишда ҳал қилувчи рол ўйнаган. Шу билан бирга, ушбу китоб таржимаси билан боғлиқ тадқиқотда (таржимон ўзбошисида)  тарихимизнинг баъзи чалкаш масалалари ҳам кўтарилган.

08
МАХДУМИ АЪЗАМ ВА БОБУР МИРЗОЛАР
МАЪНАВИЯТИНИ АНГЛАШ

ТАРЖИМОНДАН СЎЗ БОШИ
044

Мустақиллик сабаб, юртимиз маънавий кадрияти асосларидан бири – буюк алломаларимиз хотиралари тикланмоқда, асарлари таржима ва чоп этилмоқда, анжуманлари ўтказилмоқда.
Алломаларимизнинг аксарият қисми тасаввуф таълимотлари замирида фаолият кўрсатишган. Ўрта асрларда бу таълимотлар маркази бўлган юртимизда Нақшбандия, Яссавия, Қодирия, Кубравия, Чиштия ва Неъматуллоия каби тариқатлар фаолият кўрсатишган бўлиб, улар орасида айниқса Нақшбандия силсиласи Хожа Аҳрори Вали фаолиятлари сабаб, устувор даражага етишади.

Нақшбандия тариқатининг йирик назариётчи олими, Хожа Аҳрори Валидан кейинги буюк вакили Махдуми Аъзам бўлиб, бу тариқатнинг улуғлигини илк бора илмий жиҳатдан асослаб берган шахс эди.  Ушбу муборак зотнинг асл исми Сайид Аҳмад ибн Жалолиддини Косоний, илмий-китобий номи Мавлоно Хожагий Косоний, халқ орасида машҳур бўлиб кетган тариқий-маърифий лақаб-номи эса Махдуми Аъзами Даҳбедий бўлиб, Нақшбандия тариқатининг машҳур муршиди бўлган бу зот ўз даврининг халқ ва ҳукмдорлари эргашувчи замон муқтадоси эди. Қизиғи шундаким, ўша давр темурий мирзолар етакчиси Ҳиндистон подшоҳи Бобур мирзо ва шайбоний султонлари сардори Мовароуннаҳр хони Убайдуллохон каби икки машҳур сулола ҳукмдорлари бир-бирларига қондош душман бўлишларига қарамай, тариқий пирлари бир шахс — Махдуми Аъзам эди. Шу билан бирга, Искандархон, Жонибек Султон каби бир қанча ҳукмдорлар ҳам ул зотга мурид бўлганлар.
Тариқат муршиди Махдуми Аъзам Даҳбедий (1461-1542) ва ул зотнинг тариқий муриди, назмдаги шогирди, буюк маърифатпарвар шоир, олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур мирзо (1483-1530) мукаммал тадқиқот талаб шахслар сифатида юртимиз тарихида алоҳида ўрин эгаллаб келишмоқда.

Махдуми Аъзам ва Бобур мирзолар тўғрисида Хожа Абулбақонинг «Жомеъул-мақомот» ҳамда «Бобурнома» каби дунёга машҳур асарлардан ташқари, бевосита ҳамда у ёки бу тарзда мазкурлар зикр этилган бир қатор тарихий манбалар кўп бўлиб, жумладан Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккирул-аҳбоб», Ҳофизи Танишнинг «Шарафномаи шоҳи», Шарафиддин Ҳусайннинг «Жодатул-ошиқин», бобурийзода шаҳзода Доро Шукуҳнинг «Сафинатул-авлиё», Олим Шайх Азизоннинг «Ламаҳот мин нафаҳотул-қудс», Муҳаммад Юсуфи Муншийнинг «Торихи Муқумхоний», Шоҳ Маҳмуд Чароснинг «ат-Таърих», Мақсуди Бухорийнинг «Равойиҳул-қудс», Носириддин Бухорийнинг «Туҳфат уз-зоъирин», Абу Тоҳирхожанинг «Самария», Мўсохонхожанинг туркум асарлари, Жумақули Ургутийнинг «Маноқиби Эшони Мўсохонхожа», Каттахонхожаи Даҳбедийнинг «Рисолаи торихи Даҳбедия», Садриддин Айнийнинг «Намунаи адабиёти точик» асарлари ҳамда замондош устоз олимларимиздан академиклар Бўрибой Ахмедов, Ботурхон Валихўжаев, Расулхон Ҳодизода ва Олег Акимушкинларнинг бу борадаги бир қатор илмий мақолаларини ҳам мисол тариқасида келтириш мумкин. Шулар жумласидан, ушбу сатрлар муаллифи ҳам 1989-90 йилларда Самарқанд вилоят газетаси ва республика журналида эълон этилган мақолалари ҳамда 1994 йилда чоп этилган «Махдуми Аъзам ва Даҳбед тарихи» номли китоби Махдуми Аъзам ва Бобур мирзо тарихи ва муаммолари кўтарилган юртимиздаги илк ёзишмалар эди.
—————————
1. К.Каттаев. Даҳбеддаги муборак излар. «Ленин йўли» газ. 1989й. 11-сент.
2. К.Каттаев. Шердор мадрасаси ёзувлари. «Гулистон» журнали, 1990й. 8-сон.
3. К.Каттаев. Махдуми Аъзам ва Даҳбед тарихи. Самарқанд, Суғдиён, 1994.

СОҲАДАГИ БАЪЗИ ИЛМИЙ ЧАЛКАШЛИКЛАР ҲАҚИДА
044

Махдуми Аъзам ва Бобур мирзолар тўғрисида мустақил юртимизда бир қанча илмий тадқиқотлар олиб борилган, баъзи рисола ҳамда илмий мақолалар ёзилган. Аммо, бу тадқиқотларда ёритилган жиҳатлар асосан Махдуми Аъзамнинг авлод ва тариқий фаолияти тарихи, Бобур мирзонинг эса «Бобурнома» асари, девони ва шоирлик фаолияти билан боғлиқдир. Ваҳоланки, бу икки зотни боғлаб турган ришталар- шеъриятдаги (зоҳирий) устозу шогирдлик ва тариқатдаги (ботиний) пиру муридлик нисбатлари ҳозирга қадар деярли ўрганилмаган бўлиб, битта-иккита ёзишмалардагина кўтарилган, холос. Бошқача айтганда, Бобур мирзонинг зоҳирий, яъни унинг сиёсий, ижтимоий ва ижодий фаолияти «Бобурнома» каби асарлари ва шеърий девони миқёсида қайта-қайта ўрганилмоқда. Аммо, унинг ботиний, яъни Махдуми Аъзам билан боғлиқ тариқий ҳаёти эса илмий тарзда умуман ўрганилмаган, дейишга тўла асосимиз бор (охирги вақтларда ушбу икки шахс ҳақида ёзаётган олимлар юқоридаги манба ва тадқиқотлардан келиб чиқиб, уларнинг пиру шогирд эканликларини эътироф этишади, холос).

«Бобурнома» асарининг Махдуми Аъзам ва Мовароуннаҳр алломалари ёзилган боблари (1509 йилдан 1520 йилга қадар 10 йиллик воқеалар) йўқолгани боис, Бобур мирзонинг Махдуми Аъзам билан тариқий муносабат ва ирфоний ёзишмалардаги баъзи жиҳатларни шоир ғазалиёти ёрдамида тиклаш ҳам мумкин. Бу иш ҳам тадқиқотчиларини кутаётир.

…Охирги даврларда юртимизда, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқотларда ҳатто баъзи таниқли олимлар томонидан ҳам чалкашликларга йўл қўйилмоқдаким, буларни ислоҳ этиш зарур ва долзарб ишдир. Баъзи чалкаш масалаларни кўриб ўтсак!

-Бобур мирзонинг Махдуми Аъзам шарафига ёзган баъзи рубоиётлари муаллифлигини шайбоний ҳукмдор Убайдуллохон номига нисбат бериб ёзишмоқдалар. Бу чалкашликка Махдуми Аъзамнинг «Мажмуаи расоил» тўпламидаги Бобур мирзо ва Убайдуллохонга аталган рисолалари ва улардаги ғазалларнинг орқама-кетин келиши сабаб бўлаётир.

Шайбоний ҳукмдор Убайдуллохон томонидан пири Махдуми Аъзамга атаб ёзган рубоийлари масаласига келсак! Бу назмлар тўғрисида Махдуми Аъзамнинг «Мажмуа ар-расоил» тўпламига киритилган «Шарҳи абёти Убайди» ва Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккирул-аҳбоб» асарларида маълумотлар келтирилган. Жумладан, Ҳасанхожа Нисорий ёзади: «(Шайбоний ҳукмдор Убайдуллохоннинг) тасаввуфда фикрлари мазмуни асосли ва кучли намоён бўлар, баланд маъноларни дилписанд иборалар билан баён қилар эди. Ва бу рубоийни Ҳазрати Махдумий Мавлоно Косоний (Махдуми Аъзамга)га юборган:

Аҳвал наям, эй дўст, яке-ду бинам,
Ҳар чиз, ки бинам, ҳама бо Ў бинам.
Мустағриқи «Ҳу» чунон шудам дар ҳама ҳол,
«Ҳу» гўяму, «Ҳу» бишнаваму, «Ҳу» бинам.

Мазмуни:

Ғилай бўлмасамда, эй дўст, зўрға кўрарман,
Ҳар не кўрсам, У ила кўрарман.
(Илми) ҳолда «Ҳу»да сингиб ғарқ бўлдим,
«Ҳу» дейман, «Ҳу» эшитаман, «Ҳу» кўрарман.

—————————-
4. К.Каттаев. Махдуми Аъзам ва Даҳбед тарихи. Самарқанд, 1994. Суғдиён.
5. Аҳвал – кўзи хира ва ғилай киши.
6. Ҳу – У, яъни Худо назарда тутилмоқда.
7. Х.Нисорий. Музаккирул-аҳбоб (И.Бекжон тарж.) Тошкент. А.Қодирий, 1993. 23-б.

Алар (Махдуми Аъзам) бу рубоийга яхши шарҳ ёзганлар ва рубоий яратувчиси мақомотини баён қилганлар».
-Яссавия тариқати муршидларидан баъзиларини Бобур мирзонинг асосий пири деб кўрсатиш ҳоллари кўринмоқда. Жумладан, шайбонийлардан енгилган Бобур мирзога Махдуми Аъзамнинг: «энди, сенинг юртинг қаро ердур», деган Ҳиндистон замини назарда тутилган пандларини Яссавия тариқатидаги бошқа муршидга нисбат бериб, яна ўша муршидни Бобур мирзонинг тариқий пири, деб манба кўрсатмай даъво этишлари ҳам ажиб ҳолдир.

Бошқа ҳукмдорлар каби, Бобур мирзо ҳам барча тариқат муршидларини ҳурмат қилган, улардан мадад сўраб аъёнларини юборган, аммо ота мерос Нақшбандия тариқати муршиди Махдуми Аъзамгагина иродат этгани манбаларда келтирилган . Зеро, Ҳиндистонни эгаллаган Бобур мирзо иссиқ ўлкани, қорайган одамларни кўриб, пири Махдуми Аъзамнинг юқоридаги сўзларини ҳамда ўз юртида қизилбошилар босқинида иштирок этганини ўкинч билан эслар ва буни мисраларида акс эттирар эди:

«Ё Раб, бу не юз қаролик бўлди».

-Бундан-да, қизиқроғи шулким, бир юртдош олимимиз рус академиги В.В.Бартольдга таянган ҳолда иддао этади: «В.В.Бартольд кўрган бир қўлёзма асарда(?) ёзилишича, Нажмиддин Кубро мактабининг хоразмлик машҳур намояндаларидан Шайх Хожа Муҳаммад Хабушоний кароматлари ҳақида Бобур кўп эшитган ва уни ўзининг пири ҳисоблаб юрган эди.. Шайх 1517 йили Самарқандга кўчиб келганидан Бобур хабар топган эди. Шарқий ва жанубий Ҳиндистоннинг бош рожаси Рано Сангонинг енгиш учун барча азиз авлиёлардан тунги ибодатларида мадад сўрарди. Ҳужум олдидан Бобур Шайх Хожа Муҳаммад Хабушоний ҳузурига – Самарқандга салом хати ва ҳадялар билан махсус одам юборади ва дуо қилишни сўрайди. Шайх унга ўз ҳассасини ҳадя қилиб юборади. Бобур ҳужум олдидан кечки пайт меҳробга ушбу ҳассасини қўйиб, йиғлаб намоз ўқийди. Ўша куни тушида Шайх уни қўрқаётганликда айблайди ва қўрқмасликка ундаб, мадад беражагини айтиб ғойиб бўлади. Дарҳақиқат, 1527 йили ёзда шарқий ва жанубий Ҳиндистон учун жангда Рано Сангонинг 120 мингли армияси устидан 30-40 мингли армияси билан Бобур ажойиб ғалаба қозонади ва «Ғозий» унвонини олади. Ғалабадан сўнг Бобур катта ҳадялар билан Самарқандга яна одам юбориб, Шайхга миннатдорлик изҳор қилиб, совғалар юборади. Аммо, Шайх Бобур юборган ҳадядан озгина олиб, қолганидан воз кечади» 9.
——————————-
8. Хожа Абул Бақо. Жомеул-мақомот. Қўлёзма (м.ш.к.) 75а-77б саҳифалар.
9. Имом Бухорий сабоқлари, 2004й. №1, 34-бет.

Кўриб турганимиздек, энди Кубравия тариқати муршидларидан бири пирликка даъво эттирилмоқда.

Бу ерда айтилган воқеа-тарихнинг барчаси тўғри, аммо Бартольд фақатгина шахсга ва тариқатга ном қўйишда адашган. Яъни, Бобур пир деб билган;  Нақшбандия тариқатида фаолият кўрсатган; ўша санада Самарқандга кўчиб келган; махсус киши орқали совға-салому назмлар юборилган ўша муршиднинг номи Махдуми Аъзам Даҳбедий эди.

Академик Бартольд ва юртдош олимимизнинг адашишаётганини исботи тариқасида 1626 йилда ёзилган ва кўчирилган «Жомеул-мақомот» асаридан иқтибосни айнан келтирамиз (таржимон К.Каттаев):
«Ўша замонким, кофир Раъно Санго Бобур подшоҳ бошига жанг талабида лашкар тортиб келганида, подшоҳнинг боши гангиб фикру андишага чўмади. Подшоҳнинг Амир Дарвиш Муҳаммад Сорбон номли вазирларидан бири ўз вақтида Ҳазрати Мавлоно Муҳаммад Қозининг муридларидан эдиким, у подшоҳдан нега ғамгин эканлиги сабабини сўрайди. Бобур подшоҳ дейди: Нега ғамгин бўлмайким, кофирлар лашкари мусулмонларни қиришга келишди ва бизнинг лашкар эса жуда заъифдир. Шунда вазир дейди: Биздан шариат ва тариқат хилофига не ўтган бўлса тавба қилиб, Худо даргоҳига ва Хожагон тариқати акобирлари арвоҳига мутаважжеҳ бўлиб мадад сўрайлик. Улар Худодан мадад сўрагач, подшоҳ туш кўрадики, бир Хожагон тариқати муршиди унга мадад бераётган экан. Уйғониб вазирига воқеада кўрганини айтади ва кучига куч қшилиб, жуда оз сонли аскари билан неча карра кўп сонли душманни тор-мор этгач, Ҳиндистон мамлакати унга муқаррар бўлади. Сўнг, ўша пирнинг кимлиги ҳақида вазиридан сўрайди; вазир ушбу муршид Мавлоно Хожагий Косоний-Махдуми Аъзами Даҳбедий эканлигини айтади.

Бу орада Ҳазрати Махдуми Аъзам ҳам ёронларига қараб айтадилар, -«тарихга ёзингизким, биз бу кеч Оллоҳ иродаси ва Хожагонлар руҳониятлари мадади билан Бобур подшоҳга ёрмандлик етказдик». Бу сўзларни ёзиб қўядилар.

Бу вақтда Ҳиндистонда Бобур мирзо душмандан тушган жуда катта ўлжанинг энг сарасидан бир неча олтин ғишт қуймаси ва беҳисоб жавоҳирларни ўзининг рисолаю рубоийларига қўшиб бошқа бир вазири- Амир Қўзи орқали Даҳбедга юборади ҳамда ўзининг ғойибан иродат этиб қўл берганлигини эълон қилади. Шундан сўнг, Даҳбедда уч-тўрт кун меҳмон бўлиб пиру муршид суҳбатини олган вазир Амир Қўзи ҳам ҳукмдори каби қўл бериб иродатга киради. Ҳазрати Махдуми Аъзам вазирга жавоб бераётиб подшоҳ Бобурнинг рубоиётига ёзган Шарҳларини бериб юборади» (10).
Бу аён иддаога — баён шарт эмас, кўринади.

Савол туғилади, нега Бартольд каби жуда йирик олим тариқатни ва шахсларни адаштирди? Чунки, Кубравия тариқати манбаларида Шайх Хабушонийнинг ҳам лақабини баъзан «Махдуми Аъзам» деб ёзишгани учун адашган. Чунончи, шаҳзода Доро Шукуҳнинг тасаввуф алломаларига бағишланган «Сафинатул-авлиё» (11) ва Кубравия тариқати тарихи бўйича машҳур мақомот ҳисобланган Шарафиддин Ҳусайннинг «Жодатул-ошиқин» (12) асарларида Шайх Хабушонийни ҳам баъзан Махдуми Аъзам номи билан аталганини ёзишган.

Юртдош олимнинг «В.В.Бартольд кўрган бир қўлёзма асарда»(?), деб ёзиб, манбани мавҳум қолдиришининг ўзи жиддий иш эмас. Нега манба номини келтиришмаган? Фикримизча, рус олими Хожа Абул Бақонинг (XVI-XVII аср) «Жомеъул-мақомот» ёки Муҳаммад Содиқ Қашқарийнинг (1762-1849) «Тазкираи азизон» асарларидан бирини кўриб, нуқсонли нусха бўлгани учун номини аниқлай ололмай, унда Бобур мирзонинг пири Махдуми Аъзам эканлигини ўқигач, Кубравия тариқатига доир «Жодатул-ошиқин» китобида Шайх Хабушонийни шу ном билан аташларини эсга олиб, шу тариқа хатоликка йўл қўйган. Натижада, Нақшбандия тариқати Кубравияга, Махдуми Аъзам Даҳбедий эса илм аҳлига унча таниш бўлмаган шу тахаллусли Шайх Хабушонийга осонгина адаштирилиши кишини ҳайратга солади (13).

Бугина эмас, Бартольд Хабушонийнинг халифаси Камолиддин Ҳусайн Хоразмийни (1465-1551) худди шу номли бошқа бир тарихий шахс Ҳусайн Хоразмий (1426 йилда шаҳид этилган) билан адаштириб юборгани учун, кейинги кўплаб йирик рус ва ўзбек олимлари ҳам Бартольдга таянган ҳолда шу хатоликни давом эттираверишган. Ваҳоланки, ушбу икки ҳамном шахслар орасидаги фарқ камида 150 йил бўлган. Бу ҳақда батафсил маълумот олиш учун ушбу сатрлар муаллифининг Кубравия тариқатига бағишланган «Шайх Махдуми Хоразмий ва хонақоҳи тарихи» номли китобининг «Mахдуми Хоразмий шахсиятларидаги баъзи тарихий чалкашликлар» аталган бобига қаранг (14).

————————
10. Хожа Абул Бақо. Жомеул-мақомот. Қўлёзма (м.ш.к.) 75а-76-б саҳифалар.
11. Доро Шукуҳ. Сафинатул-авлиё. «Мунши», Ҳиндистон, 1318х. 191-саҳифа.
12. Шарафиддин Ҳусайни. Жодатул-ошиқин Ўз Шаршунослик инст. №3084.
13. Ҳатто Мавлоно Муҳаммад Қози ҳам баъзи манбаларда Махдуми Аъзам аталган бўлсада, бу ном факат Мавлоно Хожаги Косонийга боқий қолган.
14. К.Каттаев. Шайх Махдуми Хоразмий тарихи. Самарқанд, Зарафшон. 2003.

Энди, юқоридагиларни бир таҳлил қилайлик! Биринчидан, кўрсатилган сана-1527 йилда шайбоний Жонибек Султон таклифи билан Самарқандга Махдуми Аъзам Даҳбедий кўчиб келган (бу санадан етти йил илгари Шайх Хабушоний вафот этган ва унинг Самарқандга кўчиб келгани ё яшагани тўғрисида бирор манбада ёзилмаган). Иккинчидан, Шайх Хабушонийнинг Бобур мирзога пир бўлгани ё учрашгани ҳақида ҳам бирор манбада учратмадик. Учинчидан, Шайх Хабушоний умрининг охирги йилларида Хоразмдан ташқарида чиқмай, 1520 йилда Вазир қишлоғида вафот этган. Ушбу шайхнинг халифаси бўлган Шайх Махдуми Хоразмий мақомоти ҳисобланган «Жодатул-ошиқин» китобида (муаллифи Шарафиддин Ҳусайн) Шайх Хобушоний тўғрисида барча тафсилотлар берилса-да, бу ҳақда бирор нарса дейилмаган. Агарда Шайх Хобушоний ёки унинг халифаси Шайх Махдуми Хоразмийлар (15) юқоридаги уруш воқеасига алоқадор бўлишса эди, бу нарса албатта «Жодатул-ошиқин» асарида қайд этилмай қолмас эди. Чунки, Шайх Махдуми Хоразмий ва Шайх Хабушоний тарихи мукаммал ёзилган манба ушбудир. Ваҳоланки, фақатгина Махдуми Аъзамнинг мақомотлари булган «Жомеъул-мақомот» асаридагина бу тарихий воқеа ва саналар жуда мувофиқ келган.

Қизиғи шундаки, Шайх Хабушоний тўғрисида ўз асарларида у ёки бу тарзда тўхтаб ўтган машҳур муаллифлар — бобурийзода шаҳзода Доро Шукуҳнинг «Сафинатул-авлиё» ва Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккирул-аҳбоб» асарларида ҳам бу ҳақда лом-мим дейилмаган, аксинча, уларда Махдуми Аъзам Бобур мирзонинг пири эканлиги аниқ таъкидланган.

…Ҳиндистон шоҳи бўлган Бобур мирзо Мовароуннаҳрлик пири Махдуми Аъзамга ниёзмандлик юзасидан бир неча ғишт қуйма олтин ва дил изҳори юзасидан эса ушбу рубоийни юборади ҳамда унда: «Бизга (Ҳиндистонда турганлигимизда ҳам) бир бор назар қилингким, Хожаликни (яъни, подшоҳлик)ни ташлайлигу, Хожагийга (16) (яъни, Хожагий Косоний-Махдуми Аъзамга) қайта мурид бўлайлик» деган маънодаги фикрини очиқдан-очиқ назмда баён этади:

Дар ҳавойи нафси гумраҳ умр зоеъ кардаем,
Пеши аҳлуллоҳ аз атвори худ шармандаем.
Як назар бо муфлисони хаста дил фармо, ки мо,
Хочагйро мондаему, Хочагйро бандаем.

Таржимаси:

Гумроҳ ҳавоий нафс туфайли умрни зое этдик,
Авлиёлар наздида атворимиздан шармандамиз.
Биз-кўнгли хаста бечораҳолларга назар қилким,
Шоҳликни ташлаб, Хожагийга банда бўлайлик (17).

1993 йилда Тошкентда таржимаси чоп этилган Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккирул-аҳбоб» китобида эса рубоъийнинг иккинчи қисми бу тарзда келтирилган (таржима мазмуни ҳам ўша китобдан):

Як назар афкан ба сўи мо, ки аз роҳи вафо,
Хожагайро мондаем, хожагйро бандаем.

Мазмуни:

Биз томонга ҳеч бўлмаса бир назар сол, вафо ила,
Хожага боғланганмиз, хожага бандамиз (18).

Махдуми Аъзамнинг «Рисолаи Бобурия» асарида Бобур мирзонинг келтирилган ушбу мисраси — асл мисрадир. Чунки, унинг рубоийси битилган мактуб Махдуми Аъзамга шахсан юборилган ва ул зот асл нусхадан олиб ўз рисоласига киритган бу назм ҳақиқийдир. Аммо иккинчи томондан, Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккирул-аҳбоб» асарига киритилган мисра ҳам шунчалик кучли ва Бобур мирзо услубида ёзилганки, бунга ҳам шубҳа йўқ. Демак, Махдуми Аъзам Бобур мирзонинг ушбу мисрасини устоз сифатида ислоҳ қилиб қайта жило 6ерган ва «Рисолаи Бобурия» асарига киритган бўлиб чиқади.

———————
15. Махдуми Аъзам каби Махдуми Хоразмий ҳам шу санада Самарқандга келган.
16. Хожагий- Махдуми Аъзамнинг китобий номлари Мавлоно Хожагийдир.
17. Хожагий икки маънода: подшоҳлик ва Хожагий-Косоний номи маъносида.
18. Нисорий. Музаккирул-ахбоб. И.Бекжон тарж. Тошкент. А.Қодирий 1993, 53-бет.

Махдуми Аъзам Бобур мирзонинг рубоийси таҳлилида мирзонинг «бандалик изҳори» билан мурид тушиши амалга ошганини очиқ ёзади:
Ва яна ул жаноб (Бобур мирзо)нинг бул томондагиларга (яъни, муаллифга) «бандалик» хоҳиши, унинг жамии аъмолини англатган ҳолда амалга ошди (яъни, Бобур мирзо муаллифга банда-мурид бўлиш ниятига етди).
«Рисолаи Бобурия»да келтирилган ушбу икки алломанинг ёзишмалари, улар ўртасидаги ботиний робиталар муаммосига нуқта қўяди, деб ўйлаймиз. Гарчи Бобур мирзо Яссавия ва Кубраия тариқати алломаларини жуда ҳурмат қилган бўлсада, ҳукмдор бобоси ва отаси (Абу Саъид ва Умаршайх мирзо)лар каби Нақшбандия тариқатидан бир қадам ҳам четга чиқмагандир, Мисра:

Як қадам берун нашуд аз гуфтаи Пайғамбарам (19).
(Пайғамбар сўзларидан бир қадам четга чиқилмади).

Бобур мирзонинг «Бобурнома» асаридан баъзи боблари йўқолиб, бизгача етиб келмаган бўлса-да, боқий қолган нусхасидан ҳам қимматли маълумотларни топишимиз мумкин. Бобур мирзо бу асарида Махдуми Аъзамдан олдинги илк пири тўғрисида ёзади: «устод ва пиримким, Хожа Мавлонои Қозининг… оти Абдуллодур. Ота тарафдин насаби Шайх Бурҳониддин Қиличқа етар… Хожа Қози Хожа Убайдуллонинг муриди эди» (20).

Демак, Бобур мирзонинг ёшлигидаги илк пири Хожа Мавлоно Қози бўлиб, асарида ёзилишича, бу зот Шайх Бурҳониддин Қилич авлодидан ва Хожа Аҳрори Валининг халифаларидан бўлган. Хожа Аҳрори Вали вафот этганларидан сўнг, Бобур мирзонинг отаси Умаршайх мирзо ушбу Хожа Мавлоно Қозини пир тутган. Шунинг учун ёш Бобур мирзо ҳам отаси вафотидан сўнг ушбу муршидни пир ва устоз деб билган.

Темурий ҳукмдор Умаршайх мирзо вафот этгач, ўғли Бобур мирзо тахтга чиқади. Ёш ҳукмдорга пир бўлган Хожа Мавлоно Қози машҳур шайх Сайид Бурҳониддини Қилич авлодидан бўлиб, шу авлоддан бўлган Махдуми Аъзамнинг амакизодалари эди. Душманлар Бобур мирзони синдириш мақсадида пири Хожа Мавлонои Қозини шаҳид этгунларига қадар у ёш шаҳзодага ҳам пир, ҳам мураббий эди.

Илк пири шаҳид бўлгач, анча вақт ўтиб Шайх Бурҳониддин Қилич авлодига ҳурмати катта бўлган Бобур мирзо яна ўша авлоддан бўлмиш Махдуми Аъзамга узоқ Ҳиндистондан туриб иродат келтиради ва барча ғалабаларини унинг кароматидан деб билади. Бу каби жиҳатлар ҳозирча, илм аҳллари томонидан махсус ўрганилмаган ва тадқиқот этилмаган.

-Яна бир масала шундаким, баъзи олимлар ушбу Хожа Мавлоно Қозини Хожа Аҳрорнинг бошқа машҳур халифалари Мавлоно Муҳаммад Қози билан чалкаштириб ёзишадиким, адашишади. Бизнингча, уларнинг номлари жуда ўхшаши учун илм аҳли чалкашиб турса керак. Бу зотларнинг бири Махдуми Аъзамга амакизода бўлса, иккинчилари пиру муршидлари эди.

-Бошқа яна бир масала шундаки, ҳатто бизнинг давримизда ҳам юртдош олимлардан баъзилари Бобур мирзонинг қизилбошилар ёрдамида бобоси Темурнинг пойтахти Самарқанд шаҳрини эгаллаши борасидаги хатосини яна бир карра кўтариб, унинг номига доғ туширмоқчи бўлмоқдаларким (21), бу масала Махдуми Аъзамга ҳам у ёки бу тарзда тегиб кетади. Негаки, ул зот Бобур мирзо ҳаётидаги тариқий ва назмий фаолиятларига илк тавсиялар берган пиру мураббий сифатида мирзонинг ишларига масъул эди ва ярим минг йилча муқаддам ушбу пир ўз асарлари ва назмларида Бобур мирзони очиқчасига оқлаган эди.

———————————
19. Каттахонхожа Даҳбедийнинг «Рисолаи торихи Даҳбедия» китобидан.
20. «Бобурнома», Тошкент, «Юлдузча» нашри, 1989. 51-бет.
21. К.Каттаев. «Олимларни хайрли ишларидан қайтармаслик керак» мақоласи. «Андижоннома» газетасининг 2011 йил 26 март сонига қаранг.

Юртимиз тарихида соҳибқирон Темурдан кейинги буюк саркарда, Алишер Навоийдан кейинги улуғ мутафаккир шоир ва тарихчилар пешвоси бўлган Бобур мирзога таъна тошини ота билиш учун ҳеч бўлмаса унинг ярмичалик даражага эга бўлиш керак. Зеро, «Танбиятус-салотин» асарида Махдуми Аъзам ўринли байт келтирган:

Гар Худо хоҳад, пардаи касро дарад,
Майлаш андар таънаи покон барад (22).

Мазмуни:

Гар Худо нокас пардасин йиртмоқчи бўлса,
У пок одамларни таъна қила бошлайди.

-Кейинги масала шундаким, Махдуми Аъзамнинг «Мажмуа ар-расоил» тўпламларида киритилган «Рисолаи букоия» (Йиғи тўғрисида рисола) асари борасида ҳам баъзи олимларимиз ёзишмаларида чалкашликлар мавжуд бўлиб, аксарият олимлар бу рисоланинг номини «Рисолаи бақоия» (Боқийлик рисоласи) деб нотўғри номлашлари туфайли, ҳатто рисоланинг мазмунини ҳам ўзгача талқин этилишига олиб келмоқда. Бизнингча, асарнинг баъзи ўзга нусхаларидаги бу сакта хаттотнинг айби натижасида юзага келган бўлиши мумкин.
-Худди шунингдек, ўша тўпламдаги «Гули наврўзй» (Наврўзий гул) рисоласини «Гул ва наврўз» деб ўзгача аталиши унчалик хато бўлмаса-да, кичик чалкашлик каттасига олиб келиши ҳам мумкин.
Энди, Махдуми Аъзам қаламига мансуб «Мажмуа ар-расоил» тўплами ва ушбу мажмуага киритилган «Рисолаи Бобурия» асарлари таҳлилини қисқача кўриб ўтсак!

«МАЖМУА АР-РАСОИЛ» ТЎПЛАМИ
044

Махдуми Аъзамнинг 30 га яқин рисолаларини ўз ичига олган «Мажмуа ар-расоил» (23) тўплами нусхаларини дунёдаги барча йирик Шарқ қўлёзма китобхона хазиналарида учратиш мумкин. Аммо, унинг мукаммал нусхаси Махдуми Аъзамнинг шажараи-самараи-тайиба (яъни, сара авлодлари) ҳисобланган Эшони Каттахонхожаи Даҳбедий (1868-1969)нинг шахсий кутубхоналарида мавжуд бўлиб, ул зотдан авлодларига мерос қолган. Ушбу қўлёзма кўп илм аҳлларини қизиқтириб келмоқда. Масалан, АҚШнинг Мичиган Университети манбашунослик доктори Вика Гарднер хоним АҚШ қўлёзма хазиналарида бу китоб нусхалари бўлгани ҳолда, ушбу мукаммал нусхамизни кўриш учун махсус келиб, тадқиқ этган; Тожикистонлик машҳур олим, профессор Расул Ҳодизода ва бошқалар ҳам ушбу қўлёзмани текширишган эдилар ва ҳ.к.

Ушбу қўлёзма китоб- муаллифнинг оригинал дастхат (яъни, автограф) нусхаси бўлиб, уни шахсан Махдуми Аъзам ўз қўллари билан кўчирганлар. Боз устига, қўлёзма тўлиқ ва камчиликсиз бўлгани учун, дунёдаги энг мукаммал нусха деб топилган.

«Мажмуа ар расоил» қўлёзмасининг ушбу асл нусхаси билан юртимизнинг йирик олимлари академиклар Ботурхон Валихўжаев ва Бўрибой Ахмедов яқиндан қизиқишиб танишишган ва унинг мукаммаллигини эътироф этишганлар.

Мустақиллигимизнинг илк йилларида Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг 535 йилликларини нишонлаш арафасида ушбу нодир қўлёзмага қизиқиш ортади ҳамда анжуман олдидан Махдуми Аъзам ҳақида ва ул зот ёзган асарларни таржима этиб, чоп эттириш ҳақида қарор қабул қилингач, 1994 йилда ушбу сатрлар муаллифининг «Махдуми Аъзам ва Даҳбед тарихи» номли китоби чоп эттирилганди. Бу- Махдуми Аъзам тўғрисида юртимизда чоп этилган илк монографик китоб эди. Унда камина муаллиф «Мажмуа ар-расоил» қўлёзма тўплами тўғрисида илк маълумотларни бериш билан бирга, Махдуми Аъзам ва Бобур мирзолар ўртасидаги баъзи пиру муридлик робиталарини ҳам илк баён қилган эди.

——————————
22. Махдуми Аъзам. Танбиятус-салотин. Самарқанд, 1994, Суғдиён.
23. Қўлёзма К.Каттаевнинг шахсий кутубхонасида сақланади.

Махдуми Аъзам ёзган асарларнинг аксарияти «Мажмуа ар-расоил» тўпламида жамлангани боис, 1994 йилда марҳум устозимиз академик Ботурхон Валихўжаев ҳамкорлигида тўпламни бир бошдан таржима этиб чоп эттиришга ният қилиб эдик; аммо ўша йили бор-йўғи икки асарларини — «Зубдат ус-соликин» ва «Танбият ус-салотин»ни таҳия (тожик тили) ва таржима (ўзбек тили)да чоп эттириб, илмий анжуманга туҳфа этишга муваффақ бўлган эдик, холос. Ушбу икки рисоладан ташқари ҳозиргача, Махдуми Аъзамнинг бирорта рисолалари таржима ва чоп этилмади ҳамда илмий тарзда ўрганилмади.

Нақшбандия тариқатининг асосий назариётчи олими сифатида Махдуми Аъзамнинг ёзган ва ушбу тўпламда жамланган асарлари асосан тасаввуф таълимотига бағишланган бўлиб, уларда Қуръони Карим, ҳадиси шариф оятлари ва илғор шарқ тафаккур таълимоти намояндаларининг мулоҳазалари кенг фойдаланилган ҳамда сўфизм нуқтаи назаридан таҳлил этилиб, илмий-назарий хулосалар баёни берилган. Шу билан бирга, тарихий шахслар ва воқеалар баёни ҳам келтирилганлиги асарлар қийматини янада кўтаради.

Махдуми Аъзамнинг ушбу тўпламидаги асарлар замирида ўша даврнинг устувор тариқати ҳисобланган Нақшбандия силсиласининг назарий қонун-қоидалари (яъни, кодекси) жамланган десак, адашмаган бўламиз. Ўша вақтларда бу тариқат устувор бўлган Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳинду-Афғонистон ва Шарқий Туркистон каби жуда кенг ҳудудларда сўфизм тариқатига боғлиқ вазиятлар жуда кескинлашган, бу юртларда тарқалган Нақшбандия тариқати шайхлари бошқа тариқатдагиларни сиқиб, барча ижтимоий ва сиёсий соҳаларни ўз қўлларига олган, ҳатто ҳукмдору подшоҳлар ҳам улар таъсиридан чиқолмай қолган бир таранг вазият вужудга келган, бошқа тариқат вакиллари эса бу вазиятга чидамай, кўтарилиш арафасида тургандилар.

Ана шундай бир вазиятда, Махдуми Аъзам руҳониятли пири Хожа Аҳрори Вали каби сиёсий-ижтимоий соҳада юқори мавқеъни эгаллагач, илмий фаолият орқали барча тариқатларни халқ фаравонлиги йўлида келиштиришга киришади. Бу йўлда Нақшбандия тариқатининг йирик пирларини норозилигини енгиши лозим эди. Унинг бу фаолияти ўзига зарар етказиши ҳам мумкин эди. Илми ва иқтидори бениҳоялигидан бу олишувни у ўзининг илмий-назарий рисолалари ёрдамида енгишга эришиб, бошқа тариқадагиларни инкор этишни тўхтатади. Чунончи, Махдуми Аъзам ўзининг «Рисолаи самоъия» асарида Кубравия тариқатидаги самоъи зикрни, «Рисолаи Бобурия»да эса Яссавия тариқидаги жаҳрия зикрни жоизлигини ҳимоя этади.

Тўплам насрда битилгани билан юзлаб ғазалу рубоийлардан намуналар келтирилган. Бу назмлар Шайх Саъдий, Абдураҳмон Жомий, Мавлоно Румий, Фаридуддин Аттор, Нажмиддин Кубро каби алломаларга тегишли бўлиб, Махдуми Аъзам нафақат мумтоз адабиётнинг улуғ вакиллари назмидан, балким ўзининг назмидан ҳам шу даражада ўринли фойдаланганки, байту мисралар насрий-илмий хулосалар билан ҳамоҳанг жаранглайди. Шу билан бирга, баъзи назмлар ўз ўрнида қайта-қайта такрорланади.

Тўпламдаги икки рисола ул зотга ихлос қўйган икки муридлари – Мовароуннаҳр ҳукмдори Убайдуллохон ва Ҳиндистон шоҳи Бобур мирзоларга махсус бағишлаган.

Энди, мажмуадаги асарлар тизими ва уларнинг қисқача тавсифини кўриб чиқайлик:

1) «Асрорул — никоҳ». Рисолада ислом дини ва шариатининг никоҳ тўғрисидаги шарт-шароит ва сиру асрорларига ҳамда никоҳнинг муқаддаслиги, барча яхши-ёмон ишлар оиладан бошланиши, никоҳдан олдинги ва кейинги маънавий поклик кабилар тўғрисида фикр юритилган. Сўзбошида ёзилишича, рисола таолифига шу сабаб бўлганким, ўша даврда жамиятнинг кичик бўғини ҳисобланган оилада маърифатсиз ва маданиятсиз муносабатлар юз бераётганлиги туфайли бу масалага муаллиф илк рисоласини бағишлаган.

2) «Рисолаи самоия». Рисолада Нақшбандия тариқатига нисбатан фарқли равишда, бошқа силсила тариқатларида намоён бўладиган зикрлар ҳақида, жумладан Кубравия тариқидаги мусиқа ҳамоҳангида самоъий зикр айтиш жоизлиги ҳақида мушоҳадалар юритган. Зеро, ўша даврда Нақшбандия ва баъзи бошқа тариқат сўфийларининг аксарияти самоъ зикрини инкор этар эдилар. Муаллиф илк марта илмий тарзда ўзга тариқат зикрининг жоизлиги, уларни инкор этмасдан, ҳурмат қилиш, келишиш каби руҳларни суфийларга сингдиради.

3) «Рисолаи вужудия». Рисола тавҳид ҳақида, ваҳдатул-вужуд- Худонинг ягоналиги, ҳар нарсадан огоҳлиги, мавжудлиги, шу билан бирга инсоний- махлуқий мавжудлик тўғрисида ҳадиси шарифдан маълумотлар келтириб ёзилган.

4) «Рисолаи одоб ус-соликин» — тариқат йўлидан юрувчи солик билиши лозим бўлган пиру-муршид ва муридларнинг одоб-ахлоқи, вазифалари ҳамда нафс, Арш каби тушунчалар баёнини берувчи рисоладир.

5) «Рисолаи одоб ус-сиддиқин» — илоҳий севги, кўнгилдан олий мақом бўлмиш Худога содиқлик, луқмани пок тутиб Ҳақга етишиш ҳақидадир.

6) «Ганжнома»- Рисола Ҳақиқий ганж-Оллоҳники, унинг Ҳусни конга бойлиги, ахлоқий хазиналарнинг энг олийси бўлган Илоҳий севгига, (ҳалол яшаш орқали) Унинг жамолига мушарраф бўлиш ҳақидадир.

7) «Рисолаи букоия» — Инсоннинг билиб-билмай қилган гуноҳлари учун чин кўнгилдан оҳу нола ва кўз ёши тўкиб тавба қилганларга Худо томонидан раҳм-шафқат ваъда қилингани ҳақидадир.

8) «Насиҳат ус-соликин» — Ҳазрати пайғамбар(с) нинг ҳадислари: «Қалон-наби алайҳиссалом: Қалбул — мўъминин аршуллоҳил – азим» (Мўминлар қалби улуғ Аршдир) мазмуни жиҳатидан ахлоқ қоидалари асосида ва Оллоҳ буюрган маънавий қониқишга келишда кўнгулга қулоқ солиш, унинг оинасини ғубордан тозалаш ҳақидаги рисоладир.

9) «Шарҳи саводул-важҳ» — Бу рисолада маънавий қашшоқлик инсон учун икки дунёда ҳам шармандали ҳол ва юзи қоралик каби эканлиги Ҳазрати пайғамбар(с)нинг бир ҳадислари мисолида, тариқат нуқтаи назаридан ёритилган.

10) «Танбият ус-салотин» — Рисолада ҳукмдорларнинг фазилатлари, уларнинг оддий халққа адолатли бўлиши лозимлиги «подшоҳнинг бир соатлик адолати олтмиш йиллик ибодат савобига тенг» ҳадиси атрофида олиб борилган мушоҳадалар танбеҳ бериш билан исботланган. Шу билан бирга рисолада революцион тезис илк бора олға сурилади: қайси давлатга тирикчилик осон бўлса, инсоннинг ўша юртга бориб яшаши лозимлиги уқтирилади, негаки у ерда Оллоҳнинг раҳмати нозил бўлгандир.

11) «Шарҳул-валаду сарри абиҳи»- Рисола тарбия ҳақида, ўғил отасига баъзи сифатларда ўхшашга ҳаракат қилганидек, мурид ҳам ўз пирига ўхшашга ҳаракат қилиб, унга эргашиши кераклиги ҳақида.

12) «Нафаҳот ус-соликин» — Бу рисола суфийлик тариқатининг хушбўй файзлари ва тариқий йўллари ҳақида, бу йўлда Оллоҳдан бошқа ҳамма нарса иккинчи даражада бўлиши кераклиги уқтирилади. Муаллиф рисолани отаси хотирига бағишлаган.

13) «Рисолаи зикр» — Рисолада энг яхши ва асосий зикр: «Ла илаҳа иллаллоҳу» шарҳи билан бирга, бошқа турли зикрлар шарҳи ҳам берилган.

14) «Рисолаи шарҳи рубоиёт» (Рисоланинг бошқа номи «Шарҳи рубоиёти Убайдй»). Рисола 1533-1539 йилларда Мовароуннаҳрда ҳукм сурган шайбоний Убайдуллахон ибн Маҳмуд Султоннинг «Убайдий» тахаллуси билан ёзган рубоийлари тўпламига Махдуми Аъзамнинг ёзган шарҳидир. Рисола яна «Шарҳи ғазалиёти Убайдуллохон» деб ҳам аталган.

15) «Рисолаи баёни силсила». Бу рисола Нақшбандия силсила сулукининг маънавияти, унинг Ҳазрати пайғамбар(с) ва Абу Бакри Сиддиқдан бошлаб Махдуми Аъзамнинг пиру устозларигача бўлган вакиллари баёнига бағишланган. Рисола шайбоний Жонибек Султон илтимосига кўра ёзилган.

16) «Рисолаи чаҳор калима». Рисола «Хожагон» тариқати асосчиси Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний томонидан тариқатга киритилган «ҳуш дар дам», «назар дар қадам», «сафар дар ватан» ва «хилват дар анжуман» каби тўрт назарий калималарининг мушоҳадалари баёни шарҳига бағишланган.

17) «Рисолаи силсилат ус-сиддиқин». Бу рисолада ҳам аҳли тасаввуфнинг Ҳазрати пайғамбар(с) ва Абу Бакр Сиддиқдан бошланиб келадиган силсила баён қилиниб, унда Абу Бакр Сиддиқнинг сиддиқлик фазилати куйланган ва ҳар толиб ўз пирига нисбатан шу фазилатда бўлиши таъкидланган. Муаллиф бу рисолани ўз устози Мавлоно Муҳаммад Қозининг пири Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорга бағишлаб ёзган «Силсилат ул-орифин ва тазкират ус-сиддиқин» асарларидан илҳомланиб ёзганга ўхшайди.

18) «Рисолаи биттихия». Қовун ҳақида рисола, деб аталган бу асар ҳосилни яхши йиғиб олишни ўйлашдан олдин яхши сувли ерга уруғ сепишни ўйлаши, сўнг ундан хабардор бўлиши керак бўлган деҳқон каби, ҳар бир мусулмон ҳаёт вақтидаёқ боқий дунё (нариги дунё) ҳақида ўйлаши кераклиги тўғрисида фикр юритади. Рисолада пайғамбар(с)нинг: «Қолан-наби алайҳиссалом: «Ад-дунё мазраатул-охират» (Дунё – охиратнинг экинзоридир», ҳадиси шарифлари атрофида мушоҳадалар юритилган.

19) «Рисолаи миръот ус-сафо». Бу рисола «Поклик кўзгуси» деб аталиб, маънавий тозаликни соф кўзгуга қиёсласа-да, кўзгу баъзи чанглардан холи эмаслиги ҳам эслатилади. Суфийлик тариқатининг асосий вазифаларидан бири, бу кўнгилни — кўзгуни пок тутишга кўмаклашишдир.

20) «Рисолаи зубдат ус-соликин ва танбеҳус-салотин». Рисолада ошиқ ва Маъшуқ ўртасидаги ҳижоб (парда)лар тўғрисида мушоҳида этилади. Улар тўртта: «дунё»(давлат), «нафс», «халқ»(дунёвий ишлар) ва «шайтон»дир. Дунё — уқбо (охират)дан парда бўлиб, ҳар ким дунё (мол-мулк) деб келса, у охиратдан айрилади; Нафс Ҳақдан парда бўлиб, ҳар ким ҳавойи нафсга машғул бўлса, у Ҳақдан айрилади; Халқ (дунёвий ишу ҳавас) тоатдан парда бўлиб, ҳар ким дунёвий ҳавас билан машғул бўлса, тоатдан айрилади; Шайтон диндан парда бўлиб, ҳар ким шайтонга мувофиқат қилса, динидан айрилади.

Асарда муаллиф амир ва олимларнинг барча ишлари халқ манфиатини кўзлаб амалга оширилиши лозимлигини уқтиради. Яна асарда зикр, одоб, сўфийлик ва шариат шартлари турли ҳадис ва назмлар билан исботланган.

21) «Рисолаи Гули Наврўзи». Бу рисола суфийлик маънавияти, халқ билан ҳукмдорлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида бўлиб, баҳор айёмида- Наврўзда барча салбий ишлар орқага ташлангани каби, муносабатларда халал берувчи ортиқча нарсалар ҳам ташланиши лозимлиги уқтирилади. Рисола Махдуми Аъзамнинг ҳукмдор муриди Искандар Султон (24) (1561-83 йиллар хон бўлган) илтимоси билан ёзилган.

——————————
24. Искандархон ибн Жонибек Султон- Мовароуннаҳр хони; ўзи ва отаси Махдуми Аъзам муридлари эди. Ўғли Абдуллохон-IIга ул зот исм қўйган.

22) «Ғазалиёти Қосимий». Бу мухтасар назм «Қосим» ва баъзан «Қосимий» тахаллуслари билан ижод этган ғазалсаронинг назмларига бағишланган. Бизнингча, бу Қосими Анворга тегишли байтлар бўлмай балким, Махдуми Аъзамнинг ўзлари шу тахаллусда ижод этган бўлсалар керак. Чунки, тўпламда илгари ўтган барча улуғ шоирларнинг ашъорларидан мисра ва байтларгина намуна келтирилган. Бу ерда эса 42 мисрадан иборат ғазаллар тўла келтирилган бўлиб, бирида «Қосим», бошқасида «Қосимий» тахаллуси қўйилиши шундан дарак бермоқда (Қосим Анвор эса фақат Қосим тахаллусида назм этган). Боз устига, тўпламдаги бошқа рисолаларда ҳам шу тахаллусдаги байтларни бошқа улуғ шоирлар байтига қараганда кўпроқ келтирилиши, фақат муаллифнинггина ғазали кўп келтириши мумкинлигидан дарак бермоқда.

23) «Рисолаи меърож ул-ошиқин». Рисола шайбоний султонлардан бири Исфандиёр Султоннинг Хуросон вилоятига юзланганига бағишлаб ёзилган асари бўлиб, сўфийлик тариқатларида халқнинг хукмдорлар кўнгилларига етказадиган таъсири ва ҳукмдорларнинг халқ турмушига етказадиган таъсири ҳақида ёзилган. Бу- энг катта рисолалардан биридир.

24) «Рисолаи муршид ус-соликин». Шайх Мурташнинг сўфийлик тарзи тўғрисидаги мулоҳазасидан бошланган бу рисола ҳақиқий суфий ва тариқат йўлбошчисининг вазифалари ҳақида мушоҳада юритади. Шу билан бирга, сўфийлик арконларидан бўлган фано ва бақо даражасига ҳам муаллифнинг илмий нуқтаи назари берилган
25) «Рисолаи воқеаи ҳаққония». Рисола ўша замон подшоҳларига панду насиҳат ва танбеҳ сифатида ёзилган бўлиб, улуғ пир ва тариқат акобирлари руҳониятлари томонидан муаллифга кўрсатилган бир воқеа таҳлилига бағишланган.

26) «Рисолаи Бобурия». Рисола Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Валининг «Рисолаи волидия» асарини Ҳинд подшоҳи темурий Бобур мирзо томонидан ўзбек тилига ўгирилган назмий таржимасининг биринчи нусхасини пири Махдуми Аъзамга юбориб, ул зотдан фикр сўраб мурожаат этган хатига жавоб тариқасида ёзилган асардир. Асар — Яссавия тариқатидаги жаҳрий зикрнинг жоизлиги ҳақида Нақшбандия тариқати назариётчиси томонидан илк бора илмий-назарий жиҳатдан эътироф этилиши тўғрисида бўлиб, муаллифнинг йирик асарларидан биридир.

27) «Шарҳи як ғазали Убайдуллохон». Шайбонийлар сулоласи ҳукмдори Убайдуллохоннинг бир ирфоний ғазали шарҳига бағишланган.

28) «Шарҳи 12 рубоиёти форсий». Ушбу рисола форс тилида битилган 12дан зиёдроқ ирфоний рубоийнинг илмий таҳлилига бағишланган. Рисолада шайбоний ҳукмдор Убайдуллохоннинг Махдуми Аъзамга бағишланган ҳамда бошқа бир қанча ирфоний ғазаллар шарҳи берилган.

…Шундай қилиб, Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг «Мажмуа ар-расоил» тўпламлари юқорида келтирилган ушбу рисолалардан иборатдир. Тўплам муқоваси жигар рангли кийик терисидан ишланган бўлиб, муғзий услубида, икки томонлама уч тамғали қилиб ясалган ҳамда 616 саҳифадан иборат.
Умид қиламизким, келгусида илм аҳллари ушбу асарларни қизиқиш билан таҳлилу тадқиқот этадилар. Сизга пешкашлик қилаётган «Рисолаи Бобурия» ушбу асл манба бўлган тўпламдан олингандир.

“РИСОЛАИ БОБУРИЯ» АСАРИ ҲАҚИДА
044

Энди, тадқиқотимиз маркази бўлмиш «Рисолаи Бобурия» асари тўғрисида ҳам икки оғиз гапирсак!
Махдуми Аъзам ва Бобур мирзолар ўртасида бўлиб ўтган тариқий ва назмий робиталар тўғрисида тўлиқ баён берувчи «Рисолаи Бобурия» асари Махдуми Аъзамнинг энг катта асарларидан биридир. Рисоланинг номидан ҳам маълум бўлаётирки, китоб Бобур мирзонинг илтимосига кўра ёзилган. Юқоридаги манбаларда айтилганидек, Бобур мирзо Хожа Аҳрорнинг «Рисолаи волидия» асарини таржима этиб, ўз рубоийлари ва совға-саломига қўшиб пирига юборган. Жавоб тариқасида Махдуми Аъзам «Рисолаи Бобурия» асарини ёзган, деб келтиришган. Аммо фикримизча, Бобур мирзо пирига яна бир алоҳида хат юбориб, ундан зикрга доир баъзи масалаларни ҳал қилиб беришни илтимос қилган, кўринади. Чунки агарда, фақатгина юборган назм ва насрига оид ёзишмаларга жавоб берилганда эди, унда рисолага «Шарҳи ғазалиёти Бобурия» (худди, «Шарҳи ғазалиёти Убайдий» номли рисолалари каби) номи қўйиларди. Ундан ташқари, рисоланинг аксарият қисми зикр масаласига бағишланган. Шунинг учун ҳам пиру муршиднинг бу асарини аввало Бобур мирзонинг тариқат соҳасида қўйган саволига жавоб тариқасида ёзилган китоб, деб қарашимиз лозим кўринади.

Шу билан бирга, «Рисолаи Бобурия» асарида ўқувчи кўнглига кириб кета оладиган ғоят чиройли назмлар ва сўзлар орқали асосий ғоя баён этилган. Муаллиф ўзининг назмларидан ташқари ўзгаларнинг ҳар хил ғазал байтларини кетма-кет ўринлатиб жойлаштирганки, бундан чиройли маънилар чиққан.

Рисоладаги баъзи ғазалларда «Қосим» тахаллуси келтирилиши Қосим Анвор ё бошқа шоир ғазалими ёки Махдуми Аъзам шу тахаллус билан назм этганми, деган саволларга ҳам адабиётшунос олимларимиз келгусида жавоб топишади, деб умид қиламиз.

Афсуслар бўлсинки, Махдуми Аъзамнинг долзарб илмий аҳамиятга молик бўлган ушбу «Рисолаи Бобурия» асари ҳозирга қадар тадқиқотчи олимларимиз назаридан четда қолмоқда. Ваҳоланки, рисоланинг тадқиқ этилиши натижасида нафақат икки буюк арбобнинг фаолиятларига доир номаълум қирралар, назмий ва насрий ёзишмалар ёритилади, балким тасаввуф оқимлари йўналишидаги кўплаб тариқатларда муҳим ўрин тутган арконлардан бўлмиш жаҳрий ва хуфий зикрларнинг келиб чиқиш тарихи, ўрни ва моҳияти тўғрисида олимлар учун кутилмаган хулосаю натижалар, неча йиллик саволларга излаб юрилган жавоблар ногаҳон топилиб қолади.

Юқорида келтирилган чалкашликларни ҳал этишда, тарихимиз қора саҳифаларини ўчириб, бўш- оқ саҳифаларни тўлдиришда «Рисолаи Бобурия»нинг аҳамияти беқиёс бўлиб, унда икки зотнинг назмий-ирфоний ва насрий ёзишмаларидан кўп муаммоларни аёну баён этиш ҳам мумкин.

«Рисолаи Бобурия» ўз замонасида фавқулодда инқилобий рол ўйнаган асарлар сирасига киради. Нега деганда, ўша даврларда Нақшбандия ва Яссавия тариқати орасидаги жаҳрий ва хуфий зикрлар масаласи туфайли икки тариқат орасидаги вазият таранглашган бўлиб, агар бу масала сиёсат даражасигача кўтарилса, давлатда катта можароларга сабаб бўлиши мумкин эди (худди, калом илмида Қуръоннинг махлуқ ё эмаслиги тўғрисидаги тортишувлар каби). Ана шундай вазиятда, Нақшбандия пешвоси Махдуми Аъзам муриди Бобур мирзонинг илтимосидан фойдаланган ҳолда хуфия ва жаҳрия зикрларининг ҳар иккисини жоизлиги борасида илк марта илмий асосда чиқиш қилади. Ўша давр муҳитини инобатга оладиган бўлсак, бу жуда катта қаҳрамонлик иши бўлиб, ўртада ўз ному обрўълари қўйган эди. Шундай қилиб, Махдуми Аъзам Хожагон-Нақшбандия тариқати акобирлари орасида биринчи бўлиб жаҳрия тариқати зикрини илк асар ёзиб эътироф этган ва ҳурматини жойига қўйган аллома ҳисобланган.

Яссавия тариқати алломалари тўғрисида асосий мақомот асар ҳисобланган «Ламаҳот мин нафаҳотул-қудс» (25) (муаллифи замон олимлари пешвоси Олим Шайх Азизон, 1564/1632йй) асарида тарихда учрамайдиган воқеа тасвирланган: Миёнколда ўша замоннинг уч тариқат раҳбарлари- Нақшбандия пешвоси Махдуми Аъзам, Яссавия пешвоси Шайх Худойдоди Вали ва Кубравия пешвоси Шайх Махдуми Хоразмийлар бир жойда учрашишиб, бирма-бир ўз зикрларини намойиш этишган. Ҳар бир тариқат зикри ижро этилаётганда, бошқа тариқат пешволари ўринларидан туриб ҳурмат бажо келтиришган. Тариқатларнинг бу ажойиб келишуви ёки бир-бирига ҳурмати Махдуми Аъзамнинг илмий жиҳатдан зикрларнинг жоизлигини исботлаганларнинг натижаси ва «Рисолаи Бобурия»нинг маҳсули эди.

————————————
25. Ламаҳот. Олим Шайх, тузувчилар: К.Каттаев, А.Нарзуллаев. Самарқанд, 2007 Самарқанднинг 2750 йиллигига атаб чоп этилган. 99-100 бетлар.

Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг тасаввуф тариқатларига йўналтирилган «Рисолаи Бобурия» асари ўша замон мутасаввуф олимлари, пиру муршидларига қўлланма сифатида ёзилган бўлса-да, тариқий келиштирувчиликни амалга ошира оладиган асосан икки шахсга- Бобур мирзо ва Убайдуллохонларга ҳам мўлжалланган эди. Ва охир оқибат иккаласини яраштириб қўйиш ҳамда Мовароуннаҳр ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсади ҳам бўлган эди.

Мовароуннаҳр диёридан ташқари, Ҳиндистонда ҳам тасаввуф тариқатлари маркази пайдо бўла бошлаганлигини Махдуми Аъзам тушуниб етган эди. Ҳиндистонда шаклланган тўрт зикр талқинидан (яъни, тўрт тариқатдан) инобату иродат олиш жомеъ сулуки пайдо бўлишида, тариқатларни тинч келиштиришда ва Аълия-Нақшбандия силсиласининг Алфи Сония сулуки шаклланишида «Рисолаи Бобурия» асари ва унинг муаллифи Махдуми Аъзам Даҳбедий жуда катта рол ўйнаган. Кези келганда айтиш жоизким, Махдуми Аъзамнинг чевараси, Аълия -Нақшбандия тариқати назариётчиси Мўсохонхожа Даҳбедий (Муҳаммад Мўсо ибн Хожа Исо Даҳбедий) Ҳиндистонда фаолият кўрсатган ва йигирмага яқин асарлар ёзиб, бу ишга ўз ҳиссасини қўшган.

«Рисолаи Бобурия» асари дунё илм аҳллари томонидан буюк саркарда, тарихчи, олим ва мутафаккир шоир сифатида тан олинган шавкатли юртдошимиз Бобур мирзо учун кўнгул шикасталикларидан қутулиш малҳами ҳам бўлди, десак адашмаймиз. Негаки, қизилбошлилар мадади билан бобоси пойтахти Самарқандни фатҳ этмоқчи бўлиб, халқ ва тариқат арбоблари ғазабига учраган Бобур мирзо учун Махдуми Аъзамдек раҳнамо муршиднинг назарига қайта тушиши, ватан олдида оқланишга эришиб, ўз йўлини қайта топиб олгандек даражада эди. Мисра:
Йўлни не билгай киши то раҳнамо кўрсатмагай.

Бу улуғ зотнинг номига доғ тушириш ҳоллари ҳам учрамоқда. Чархнинг Бобур мирзо кўрмаган жабру жафоси қолмагани етишмаганидек, ўз ҳаётида кўп азобларни кўриб, дашномларга қолганига қарамай, ҳозирги давримизда баъзи юртдош олимлар унинг фаолиятидан хато излаб шараф топмоқчи бўлишади.

Аммо, олдин унинг фавқулодда қобилияти, тарихда қолдирган ижобий-салбий хизматларини тарозига қўйишлари керак эди. Ваҳоланки, унинг пири фаолиятини тарозига тортиб, ижобий баҳони беш асрча олдиноқ берганди. Ушбу «Рисолаи Бобурия» асари уларга мозийдан берилган жавоб бўлди.

…«Рисолаи Бобурия»да Махдуми Аъзам Бобур мирзони, у орқали барчани адолатга, ҳалолликка, сабру қаноатга, қўл, кўнгул ва нафс тозалигига, бировни ҳақини емасликка ва асосийси халқ манфаати йўлида келишувчиликка чақиради. Шул жиҳатдан ҳам бу асар ўз замонасида бўлгани каби, ҳозирги давримизда ҳам ёшлар тарбияси учун айниқса долзарбдир.

…Сўзимиз ниҳоясида Махдуми Аъзамнинг ушбу дастхат китобини бизгача асраб етказган Нақшбандия тариқати охирги муршидларидан Музнибий тахаллусли Каттахонхожа Даҳбедийнинг (1868-1969) мусовадаларидан шоир Мавлоно Эшонжони Қундузий билан назмий ёзишмаларидан бирини келтирамизки, бу- Бобур мирзонинг пири Махдуми Аъзамга ёзган назмидан илҳомланиб ёзилгани билиниб туради. Рубоий:

Бандаги дар тарки нафсу роҳи Ҳақ паймуданаст,
Сар ба хоки остонаи Ҳақ парастон суданаст.
Давлату дунёву дин ҳангомаи иззу шараф,
Дар чавори Ҳазрати Махдуми Аъзам буданаст (26).

Мазмуни:

Бандалик-нафс таркию Ҳақ йўлидан юрмоқликдур,
Бошини Ҳақпарастлар остонига суртмоқликдур.
Давлат, дунё, дин ва шарафли иззат пайти,
Ҳазрати Махдуми Аъзам қабрида турмоқликдур.

———————————
26. Каттахонхожа Даҳбедий. Рисолаи торихи Даҳбедия. Қўлёзма (м.ш.к.)

«Рисолаи Бобурия» асари «Мажмуа ар-расоил» қўлёзма тўпламининг 285а саҳифасидан то 301а саҳифасигача (33 саҳифа) жойни эгаллаб, қора-қизил бўёқларда жуда чиройли хат услубида ёзилган.

…Олдинги йилларда «Халқаро Бобур Фонди» раҳбари қўнғироқ қилиб, «Рисолаи Бобурия» асарини ўзбек тилига таржима этилганми ё йўқлигини сўраган эди. Шу билан бирга ушбу сатрлар муаллифининг холаси хожи она Муаззазхон Санахонова – Солиҳбоева ушбу китобни таржима этишни қатъий илтимос қилдилар. Шунга кўра барча ишни йиғиштириб, бир ой вақт давомида ушбу табаррук асар таржимаси билан машғул бўлдик.
Ушбу асарни илм аҳли ва китобхонлар эътиборига тезроқ етказиш иштиёқида шошилганимиз боис, зукко ўқувчи таржимадаги хато ва сакталарни аниқласа, уни ақл қалами ила пинҳона тузатади, деб умид қилиб қоламиз.

КОМИЛХОН КАТТАЕВ ҲАҚИДА
044

099Комилхон Салоҳиддинхон ўғли Каттаев 1957 йил 13 декабрда Самарқанд шаҳрида туғилган. У шаҳардаги 21-ўрта мактабни муваффақиятли битиргач, СамДУнинг тарих факультетида тарихчи-манбашунос мутахассислиги бўйича таҳсил олиб, 1982 йилда ўз фаолиятини бошлади.
Комилхон Каттаев ўтган йиллар мобайнида: Самарқанд Давлат музей-қўриқхонаси Шарқ қўлёзмалари бўлими мудири; Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Самарқанд бўлимида катта илмий ходим, сектор мудири; Самарқанд Давлат Чет тиллар Институти Шарқ кўлёзмалари Маркази мудири; Вазирлар Махкамасининг махсус қарори билан тузилган «Шоҳи Зинда» Фонди директорининг биринчи ўринбосари вазифаларида ишлаш билан бирга кенг кўламда илмий тадқиқотлар олиб борди. Шу билан бирга, олий ўқув юртларида ёшларга таълим бериб келади. Ҳозирги пайтда у «Вилоят Махдуми Аъзам Даҳбедий илмий-тадқиқот Фонди»га раҳбарлик қилиб келмоқда.

Комилхон Каттаев етук шарқшунос-манбашунос олим сифатида — асл манбаларни ўқиб, илмий таҳлил этиб, Самарқанд обидалари тарихи, қадамжолардаги алломалар ҳаёти ва уларнинг қўлёзма хазиналардаги қадимий нодир манбаларни тадқиқ этиши натижасида кўплаб буюк алломаларимиз номларини тикланди. Хусусан: Самарканд шаҳрида — Имом Мотуридий, Имом Абулқосим ал-Ҳаким, Имом Марғиноний, Махдуми Хоразмий; Оқдарё туманида — Махдуми Аъзам Даҳбедий ва Имом Али Суғдий; Жомбойда — Шайх Худойдоди Вали, Шамсулаимма Ҳалвоий; Тайлокда — Имом Дорамий; Иштихонда — Имом Растуғфоний ва бошка бир-қанча буюк алломаларимизнинг ҳаёт фаолиятлари, тарихлари, қадамжолари ва қабртош ёзувлари унинг китобларида илк бор ва мукаммал баён этилиб, кенг жамоатчилик эътиборига етказиб берилди.

Самарқанд туманидаги — Хожа Аҳрори Вали қадамжо-зиёратгоҳ кабртошлари ва ул зот билан Улуғбек Мирзо ўртасида нотўғри пайдо қилинган муаммолар хам илк бора домла томонидан 1991 йилда, аник илмий фактлар асосида бартараф килинди ва китоб шаклида ўз ифодасини топди.

Комилхон Каттаев Ўзбекистон Фанлар Академияси тизимида илк марта Маданий обида ва кабртошлардаги эпиграфик ёзувларни илмий тадқиқ этиш йўналишини бошлаб берган олимдир. Шу ишлар натижаси ўлароқ, Самарқанддаги кўпгина маданий-тарихий обидаларимиздаги ўчиб кетган юзлаб қадимий эпиграфик ёзувлар қайта тикланди ва илмий тадқиқ этилди.
Комилхон Каттаев мамлакат ва чет эл илмий-оммавий матбуот саҳифаларида 200 дан зиёд мақолалари хамда 20 дан зиёд илмий ва илмий-оммабоп китобларни чоп эттирган. Бир неча хорижий давлатлар (Эрон, Қозоғистон, Россия ва Тожикистон)да ўтказилган халқаро анжуманларда маърузалар билан қатнашган.

Сайт маъмуридан: Бир неча соат мобайнида «Рисолаи Бобурия» ҳам эълон қилинади.

Кўчириб босишда сўзбоши муаллифи ва таржимон номи, шунингдек, «Хуршид Даврон кутубхонаси»дан олинди деб кўрсатилиши шарт

031

(Tashriflar: umumiy 296, bugungi 1)

Izoh qoldiring