Chori Avaz. She’rlar

090

11 декабрь — шоир Чори Аваз таваллуд топган кун

Чори Аваз 1957 йил 11 декабрда Қашкадарё вилоятининг Ғузор туманида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1985). «Ҳаётийлик чоғида», «Тортилган камон», «Уйғонишдан ўзга толе излама», «Куз эртаси» (1992), «Сайланма» (2003) каби асарлари нашр этилган. Фин эпоси «Калевала»ни ҳамда И.Такубоку, Р. Акутагава ва бошк,а шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1992 йил 29 ноябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

06

Холдор Вулқон
БАҲОР ҲАҚИДА
(Чори Аваз хотирасига)

Баҳор келаётир.
Ҳали ҳеч ким яшамаган баҳор.
Бултур сенинг изларинг қолган,
Сўқмоқлардан келаётир ул.
Очилади шубҳасиз энди,
Ҳали ҳеч ким ўпмаган,
Ҳали ҳеч ким хидламаган гул.

Баҳор келаётир,
Ҳали ҳеч ким ўлмаган баҳор…

1993 йил . Тошкент шахри .

044
Чори АВАЗ
ШЕЪРЛАР
08

КУЗ ЭРТАСИ

Тонг ели баданга ўрмалар,
Вужудим бир ширин жунжикар.
Мен кутиб турибман қуёшни,
Қизариб бормоқда кунчиқар.

Кун нафис ва илиқ кафти-ла
Сап-сариқ баргларни силайди.
Ел кўзим ўнгида ўзини
Офтобнинг рангига белайди.

Табиат қайтадан жонланар,
Лаҳзалар ардоқли кечади.
Уфкқа термулган тириклик
Қуёшни — оловни ичади.

Кўксимда умидлар ёнмоқда,
Кетаяпти юрагим гупириб.
Нигоҳим биланми қуёшни
Олгандай уфқдан суғуриб.

ЭРТА

Мени қушлар уйготар эрта,
Эрта кутиб оламан тонгни.
Баҳор эрта айтади эртак,
Мен тинглайман ҳовучлаб жонни.
Ўн олтига тўлган боладай
Унутаман эрта ўтмишни.
Эрта мени куйлай бошлар най,
Кузатаман эртага қишни.
Қушлар эрта елкамга қўнар,
Чаҳ-чаҳлашар ёқимли, майин.
Кадарларнинг қаддин ё қилиб,
Тонг эртага бошқача отар.
Мен ёнурман тонгнинг муздайин
Ҳавосидан бот-бот ёқилиб.

«ЁРИЛТОШ» ЭРТАГИНИ ЎҚИБ

Нозик вужудингни титроқ силкитар,
Она Ер шоширар — тупроқ силкитар,
Фақат бир йўл менда — кўнглим зил кетар,
Элан, тош ёрилгай: «Ёрилтош, ёрим!»

Лаҳза-лаҳза от дупури ёвуқдир,
Жисминг музлаб борар — олам совуқдир,
Сингилгинам, тошга дардингни уқдир,
Ёрилган тош, ёрилгаи тош, ёрилтош.

Отларнинг шиддати баланддир, баркдир,
Сени унга дучор этаркан тақдир,
Тошларни уйғотгил, дегил: «Мен — фақир!»
Ёрилгай тош, ёрилгай тош, ёрилтош.

Ипакдек овозинг тошни кесдими?
Ола-тасирлардан тош ҳам бездими?
Тошданмикин эрк эпкини эсдими?
Ёрилди тош, ёрилди тош, ёрилтош.

Бу сирли қудратга бўлдим гувоҳ мен,
Тириклик дарсидан бўлдим огоҳ мен,
Англадим кимда ҳақ, кимда гуноҳ мен,
Ҳақ қалъаси, халқ қалъаси ёрилтош.

СЎЗ

Юраклардан келар ҳамиша,
Воҳаларни, қирларни қўмсаб.
Аммо юрак соғинчларига
Доимо ҳам қўя олмас лаб.

Шўрлик, гоҳо сайёддан чўчиб
Сувсаб юрган оҳулар мисол.
Тилнинг ўтмас қирраларида
Кун кечирар жим, афтодаҳол.

Мижғиласа шубҳа ва гумон,
Юксакликни қўмсаб қолар у.
Гоҳ юракда қўзғар ғалаён,
Гоҳо эса солади ғулу.

Лекин ортга қайтганми сира,
Бўлса шундай азиз макони.
Сўз — музаффар инсониятнинг
Қуёш янглиғ содиқ имкони.

* * *

Қадамда дуч келаверасан
Бир нокасга ёки ёмонга,
Тошми, кесак отаверишар
Пинҳон, ошкор пок бир одамга.
Айб тақашар бегуноҳларга,
Алдашади, туҳмат тўқишар.
Агар шулар бўлмагандайди,
Қандай озод яшарди башар.
Ногоҳ танда қон тўлқинланар –
Уйғоқмисан, бормисан, исён!
Қани, сен ҳам тургин, эй дунё!
Қани, сен ҳам, эй дунё, уйғон!
Бироқ дунё сокин, Шунчалар сокинки,
Ёқасидан тутиб дунёнинг –
Силкитгинг келар…
Токи Ёмонлари тўкилгунича.

* * *

Тун кечади.
Уфқ ортидан
Ёйилади борликқа саҳар.
Қўнғироғин янгратиб қайта,
Яна йўлга тушади шаҳар.

Тун кечади.
Уфқ ортидан
Бир париваш тонг отар оппоқ.
Подаларин қирга ҳайдайди,
Кўзларини уқалаб қишлоқ.

* * *

Тарк эт, ором, аврама.
Аврама, эй ёруғ дард.
Сен кўз нурим, ёлғизим.
Аммо тарк этгил фақат.

Кўнгил соғинчли, ахир,
Ахир, соғинч ҳам озор.
Кет, кўнгилда ёшини
Яшаб бўлган сабр бор.

«ТОРТИЛГАН КАМОН» ТЎПЛАМИДАН ШЕЪРЛАР

ҚИЗ ЎЙЛАРИ

Уйда ёлғиз ўй сурар
бир қиз йўлга боққанча,
хаёллар оғушида
умид билан оққанча:

Ер бўлсанг вафодорга,
вафо қилсанг ўзинг ҳам.
Ўзингдай азиз бўлса
айтилмаган сўзинг ҳам.

Оқшом пайти ё тунда
айланиб кўчаларни,
тонгга элтиб қўйсанг-эй,
юлдузли кечаларни.

Шундай яшаб ўтсанг сўнг—
билмай ҳеч ғам, аламни.
Бу дунёни севсанг-эй,
севган каби болангни.

* * *

Қорли оқшом,
Оппоқ олам,
Оппоқ қўшиқ бошлар тун.
Тушга ўхшаш бир нарса бу —
Бир ширин-эй, бир ширин.

Бу дунёда борлигингни
Билмагандек ҳеч замон,
Юра-юра рўпарангда
Пайдо бўлгум ногаҳон.

Жилмаясан
Масрур, сархуш
Тун оппоқ қор ичиндан.
Оппоқ оқшом, оқ тун ва сен…
Тушга ўхшайди чиндан.

Секингина,
Секингина
Пичирлайсан: «Севаман!»
Жавоб қалбдан то тилгача
Минг йил чопар: «Биламан».

Қорли оқшом,
Оппоқ олам,
Куйлар, куйлайверар тун.
Тушга ўхшаш бир нарса бу—
Бир ширин-эй, бир ширин.

СОҒИНЧ

Очгил қучоғингни, о, келгил, қани!
Эй, менинг руҳимнинг излаб топгани,
Пойимда сил каби сарғайган хазон
Келажак кунларга ўт қўяр аён.
Сенинг висоликгни кутганча интиқ,
Титраб куйлаяпман бир ғамгин қўшиқ.
Сен келсанг қайтадан гуллагай хазон,
Сен келсанг ложувард туюлгай осмон.
Сен келсанг энг дилбар янграгай наво,
Сен келсанг бағримда тирилар дунё…

Тағин хотиралар гулханида жим,
Ҳинду мурдасидек ёнар вужудим.
О, қани кул бўлиб қолсайдим буткул,
Нечун шафқатсизсан бунчалар кўнгил?
О, кўнгил сен дея баъзан тутоқдим,
Ёлғизлик даштида қанча улоқдим,
Бахтиёр дамларим совурдим бутун
Зиғирча ҳақиқат ушоғи учун…

Энди мен, энди мен, энди нетарман?
Руҳим дунёсини излаб кетарман.
Унда сен яшайсан, яшайди онам.
Унда қишлоғим бор, бор мўъжаз кулбам.
Унда мени кутар гўдак сингари
Ҳасратли дўстларим толғин кўзлари.
Унда пошналардан қаварган йўллар
Идрокнм мавжини тинглагай қўллар.
Гўдакка айланиб қолган чол мисол
Ўзимни бағрингга отарман алҳол.

КУЗ

Хазонлар рақсига маъюс термулиб,
Ўтган кунларимдан мантиқ ахтардим.
Илҳом келаётир дўстимдай кулиб
Мунис кузга ифшо этгали дардим.

Мен қучоқ очгайман, дўсти меҳрибон
Пойига тўшайман нигоҳларимни.
Ул билан сирлашмоқ нақадар осон
Ҳаётдан орттирган гуноҳларимни.

Маъсум куз мипг ёшли донишманд сифат
Оҳиста ғудранар кўзларин юмиб.
Ҳар бир лаҳзасида гўзал бир ҳикмат,
Унга тўймаяпман тинглаб, тикилиб.

Ёшман-ку, не учун асов юракни
Ювош торттиради бу кекса наво?
Севаман баҳорни, қўнғир куртакни,
Кузни ҳам севмасдан бўлурми аммо…

Менинг умрим нима?
Мезондек дайдиб
Ҳақ учун курашга ҳамроҳ истадим.
Аммо кимларгадир дардларим айтиб,
Фақат шеърлар битмоқ бўлди қисматим.

Мана, хазонларнинг тилида наво,
Рақс этиб йўқликка қилмоқда сафар.
Покландими шеърим билан бу дунё,
Ахир, битилган шеър эмас-ку зафар.

Ҳувиллаб ётибди қорачиқларим,
Ҳайҳот, мен уларни тўлдиролмадим!
Жангга тайёр турган нажоткор қалбни
Шеърдан бошқасига кўндиролмадим.

Куз эса минг ёшли донишманд сифат
Оҳиста ғудранар кўзларин юмиб.
Бу қандай афсунгар, бу қандай ҳилқат,
Нечун тўймаяпман унга тикилиб?

* * *

Сени ўйласам Осмон хиралашар,
Юлдузлар тўкилар,
Ой ҳам қулайди.
Бир совуқ зиндонга қамайди ўйлар.
Урилар зах нафас юзимга.

Тинч-тотув яшагимиз
Келарди гоҳо,
Ака-сингил ёки ота-боладек.
Гоҳо эса
Пешонангдан меҳр-ла ўпиб,
Кетиб қолгим келарди
Тилаб олган қизин
Пинҳона оқ қилган ота янглиғ.
Сен бехосдан йиғлаб юборар эдинг
Нимадир рўй берадигандек.
— Вой, жинни-ей,

Нега йиғлайсан?
— Кетинг, кетинг!
— Кетсам сира йиғламайсанми?
— О, худо-ей, қандоқ одам бу?
Сени ўйласам…

ШОИР

Зулмат босиб кела бошлади,
Тун туширди қора пардасин.
Шоир аста ўрнидан туриб,
Очиб қўйди нурли дарчаснн.

Бир ҳовуч нур дарчадан сачраб,
Зулматга тиғ каби санчилди.
Шоир эса негадир секин,
Секингина жилмайди, кулди.

Сўнг шоирни қамради илҳом
Ва қаламга чўзди қўлини.
Нафисгина бир зангор туйғу
Шеър уйига бурди йўлини.

Шеър эшигин очди-ю, шонр
Ичкарига томон йўл олди.
Ташқарида зулматнинг бўгиқ,
Ўксик, ғариб овози қолди.

ҚИШЛОҚ

Ғалати ҳол бўлади гакрор
Қишлоғимга борсам ҳар сафар.

Тош қотгандай турар у доим
Ноябру январь, май ойи.

Коинотдаи тушган йўлчидек
Ҳайрат ичра термуламан тек.

Илгарига юрганим сари,
Толиқтирар мени илгари.

Бунда йўл ҳам, уй қам мизгийди.
Бунда қўл ҳам, ўй ҳам мизгийди.

Ўйлай ўйлай чарчаб, толаман:
Наҳот мен ҳам ухлаб қоламан.

Қишлоғимга борсам ҳар сафар
Ғалати ҳол бўлади такрор.

033

КИТОБНИНГ ДАВОМИНИ CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМДА ЎҚИНГ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ,ЮКЛАБ ОЛИНГ

02

(Tashriflar: umumiy 180, bugungi 1)

Izoh qoldiring