Mansurxo’ja Xo’jayev. Anvar Posho kim edi? & Nabijon Boqiy. Anvar posho vasiyati

Ashampoo_Snap_2017.07.03_19h56m09s_004_.png4 август — Анвар Пошо шаҳид бўлганининг  95 йил йиллиги

    «Сен мактубингда қилич ва жангни севганим қадар ҳеч нарсани севмаслигимни ёзибсан. Аммо бирор-бир нарса тўғрисида «фақат ишни севаман» деб ҳам айта олмайман (айтсам ёлғон бўлади). Сен билурсанким, маним ҳақимда туҳмат ташвиқотлар юритган бадбахт кимсаларнинг иддао этганларидек, мен бу олис диёрларга мол-дунё ахтариб бой бўлмоқ, ёки ўз ҳокимиятимни қурмоқ учун келганим йўқ. Мени сендан узоқлаштириб, бу жойларга келтирган Жаноби Ҳақнинг зиммамга юкланган муқаддас бир вазифасидир…» (Анвар пошонинг севикли хотини — Султоннинг гўзал қизи Нажибахонимга ёзган охирги мактубидан)

АНВАР ПОШО КИМ ЭДИ?
Мансурхўжа Хўжаевнинг  «Шермуҳаммад қўрбоши» китобидан
076

121

Анвар Пошо 1881 йилнинг июн ойида Истанбулда таваллуд топди. Ҳарбий билим юртида, кейинроқ Истанбул Бош Штаб академиясида таҳсил олган. 1909 — 1911 йилларда Берлинда Ҳарбий атташе лавозимида хизмат килган. Туркия, Македония, Кавказ, Германия, Россия ҳамда ҳаётининг сўнгида Туркистондаги сиёсий жараёнларда қатнашган. Ёш турклар инқилобий уюшмаси ташкилотчиларидан бири, «Иттоҳод ва Тараққий» партияси асосчиси ва раҳбарларидан бири сифатида машҳур. 1908 йилда Туркияда давлат тўнтарилишига раҳбарлик қилиб, Султон Абдулҳамид II ҳокимиятини ағдарган ҳамда мамлакатда конституцион монархия тузумини ўрнатган. Ёш турклар ҳокимиятни қўлга олгач, Анвар Пошонинг нуфузи, обрўси, таъсир доираси ўсиб боради. Чет эл империализми томонидан пухта режалаштирилган, Туркияни тиз чўктириш ва бўлиб юборишга қаратилган ҳаракатини барбод этган буюк шахслардан бири сифатида тарихга кирди. 1913 йилдаги давлат тўнтаришидан сўнг Анвар Пошо Ҳарбий министр лавозимини эгаллайди. Биринчи жаҳон урушида Германия билан иттифоқ тузиб, урушда Турк қуролли кучларига қўмондонлик қилади. Урушда Германия ва Туркия енгилгач, Ёш турклар ҳокимиятига чек қўйилади. Анвар Пошо Жамол Пошо, Талъат Пошо ва бошқа сафдошлари билан Германияга кетади. Анвар Пошо сиймосида монархияга қарши оташин курашчини кўрган Россия ҳукумати ундан Туркистонда инқилобий харакатларни кучайтириш ҳамда аксилшўровий кучларни бостириш йўлида фойдаланмоқчи бўлиб, унга сиёсий бошпана беради. Болшевойлар ундан қандай разил мақсадлар йўлида фойдаланмоқчи бўлганлигини Анвар Пошо тез фурсатдаёқ тушуниб етади. Зеро у русларнинг Туркистондаги қилгуликларини, халқни, дини исломни оёқости қилаётганларини ўз кўзи билан кўради. Ҳамда ота юртни, ўз қардошларини муҳофаза қилишдек оғир, шу билан бирга, шарафли ишга ўз ҳаётини бахшида этади.

759042_8c56bab2024568bf8dc030fe9d9df2d9.jpg1920 йил сентябрда Боку шаҳрида бўлиб ўтган Шарқ халқлари қурултойида иштирок этади ва ўз Баёнотини эълон қилади. 1921 йил февралда эса Москвада «Мусулмонларнинг инқилобий жамияти Иттифоқи» қурултойини ўтказади. Туркистондаги аҳволнинг ўта оғирлигини сезган Анвар Пошо ўзининг Хожи Сомийбек, Набибек, Ҳамибек ва бошқа сафдошлари билан Бухорога келиб, Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракати билан яқиндан танишади. Анвар Пошо бутун Туркистон халқига Мурожаатнома эълон қилиб, уни қуйидаги сўзлар билан бошлайди: «Орқадошлар! Туркистоннинг муқаддас даъвоси йўлида олиб борилаётган курашга мен ҳам қўшилгани келдим…» Ҳа, у буюк курашчи эди. У шўролар билан тўқнашувларда буюклик исбот этган зотдир. Бир қанча жангларда стратегик салоҳияти билан ғалаба қозонди. Жумладан, 1922 йил 22 январда Душанбада саккиз минг нафарлик шўро армиясига қарши бир минг беш юз йигити билан жанг қилиб, ғалаба қозонганининг ўзиёқ унинг нақадар буюк салоҳиятга эга эканлигидан нишонадир. 1922 йил 28 март куни Амир Олимхондан барча қўшинларга Бош қўмондон этиб тайинлангани ҳақида иноятнома олади. 15-апрелда эса қўрбошилар Анвар Пошони қўрбошиларга сиёсий раҳбар ва қўмон этиб сайлайдилар. Афғонистон ҳукмдори Омонуллохон ҳам уч юз кишилик сарбозлар ҳамроҳлигида яроғ совға этиб юборади. Шундан сўнг Анвар Пошо Бош қўмондон сифатида Россия болшевойлар ҳукуматига Шўро қўшинларини Туркистондан олиб чиқиб кетиш тўғрисида ультиматум юборади. Болшевойлар Анвар Пошони бу талабига қарама-қарши ҳар хил ташвиқот тарғибот ишларини олиб боришни асосий вазифа қилиб қўяди. РКБ (б) Марказий комитети Бухоро ва Фарғона бўйича И.В.Сталин, Чичерин, Куйбишев ва Файзулла Хўжаевлар томонидан ишлаб чиққан қарорни қабул қилади. Бу қарорга кўра Бухоро ва Фарғонада истиқлолчиларга қарши курашаётган фронтлар бирлаштирилиб, мусулмон аҳолиси орасида сиёсий иш олиб бориш, маҳаллий аҳолига ён бериш, тавба қилган «Босмачилик ҳаракати» йигитларини озод этиш, қўрбошилар орасида нифоқ чиқариш, турли иғволар тарқатиб истиқлолчилар сафини бўлиб ташлаш каби масалаларни асосий вазифа қилиб олдилар. Бунга эришдилар ҳам. Иброҳимбек билан Анвар Пошо ўртасидаги таранглашган мураккаб вазият бунинг исботидир. Қизил армия катта куч билан қилган ҳужуми пайтида Иброҳимбек қарийб 10 минглик сараланган қўшинини Бойсундан олиб чиқиб кетиши ҳамда Анвар Пошога бўйсунмаслигини билдириб, исён кўтариши изоҳ талаб этмайдиган ҳақиқатдир. Анвар Пошо истиқлолчилар курашига раҳбарлик қилар экан — у дипломатия воситаларидан тўлиқ фойдаланар, большевой раҳбарлар билан музокара олиб бориш, қизил аскарларни Туркистондан олиб чиқиб кетишга бутун вужуди билан ҳаракат қиларди. Бу Файзулла Хўжаевнинг танланган асарида айнан қуйидагича келтиради: Иброҳимбек ва бошқа қўрбошилар номидан Анвар Пошо қизил аскар раҳбарлари номига жўнатилган мактубида шундай дейилган; «Ҳақиқий мустақил Бухоро тупроғидаги аҳоли вакиллари бўлган бизлар сизларга маълум қиламизки, сизлар мамлакатимиздан чиқиб кетмагунингизча жангни давом эттираверамиз» — деб бир қарорга келдик. Ҳозирги вақтда беҳуда қон тўкилмасин деб ва одамгарчилик қилиб сизларга мамлакатимиздан чиқиб кетишни таклиф қилаётирмиз. Шундай қилсангиз, сизнинг дўстларингиз бўлиб қоламиз ва ўзимиз ёрдам бериб сизларни очликдан сақлаб қоламиз, акс ҳолда сизлар Ватанингизда очарчиликдан ўлаётган оилаларингиз каби маҳв этиласиз. Ҳозир биз гуноҳкор бўлмайлик деб одам қони тўкишни истамаётирмиз. Лекин, халқимизнинг истагига хилоф равишда Ватанимизга бостириб кирган сизлар билан жанг қилишни муқаддас бурчимиз деб биламиз. Бизлар хурсандлик билан бу йўлда қонимизни тўкиб, шаҳид бўлишдан қайтмаймиз». Бундан кўриниб турибдики бундай талаб ва унинг сиёсат, ҳарбий соҳасидаги ғалабалари болыпевиклар ҳукуматини саросимага солиб қўйди. Шўро ҳукумати 19 апрелда сулҳ тузишни таклиф этади. Россияни Ташқи ишлар Халқ Комиссарлигини 10 кишидан иборат делегацияси Бойсунга келадилар. Агар Анвар Пошо сулҳга рози бўлса, «Дарвоз, Қоратегин, Кўлоб, Душанбе ва Ҳисор каби вилоятларни бирлаштириб, мустақил бир давлат тузиб олиши мумкинлиги таъкидланган эди. Улар бунинг эвазига Туркистон ишларига аралашмаслик масаласини қўйдилар. Анвар Пошо эса русларга «Сулҳ битими фақат Туркистон тупроқларидан бутун рус аскарларини олиб чиқиб кетилгандан кейингина гап мавзу бўлиши мумкин», деб кескин жавоб берди. 1922 йил 18 майда РКП (б) МК «Туркистон-Бухоро ишлари ҳақида» махсус қарор қабул қилди. Мазкур қарорда истиқлолчиларга қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтириш, шунингдек, «Анвар Пошонинг Шарқ халқлари душмани, инглизлар жосуси сифатида халқ онгида фош этиш лозим»лиги қайд этилган эди. Кураш қизиган 1922 йилда Лениннинг топшириғи, ҳукуматнинг махсус қарори билан Россия Қуролли куч лари Бош қўмондони С.С.Каменев, қизил армиянинг отлиқ кучлари қўмондони С.М.Будёний, А.Н.Тодоровский, В.В.Куйбишевлар катта микдорда қўшин, қўшимча қурол-яроғ билан Туркистонга сафарбар этилади. Анвар Пошо билан шуғулланиш учун Шўро разведкаси Шарқ бўлими бошлиғи арман миллатига мансуб Агабеков махсус гуруҳ билан юборилади. Бу пайтларда Туркистоннинг барча ҳудудларида, айниқса, Фарғона ва Шарқий Бухорода жанглар қизиб кетди. 1922 йил 24 июнга ўтар кечаси Анвар Пошонинг уч минг йигити қўмондон Какуриннинг саккиз ярим минг нафарлик тиш-тирноғигача қуролланган қўшинини ер тишлатди. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, бутун бошли бир дивизияни йўқ қилиб ташлади. Хуллас, Анвар Пошо ундан кейин ҳам кўп марта қизил аскарларга қарши муваффақиятли жанглар олиб борди. Бирор марта панд емади. Рус қўмондонлиги унинг стратегияси, тактикаси олдида гандираклаб қолди. Рус разведкаси эса саросимада. Бироқ разиллик ўз ишини адо этишга шошар эди. 1922 йил 4 август жума, Қурбон ҳайити куни эди. Қурбон ҳайити номози ўқилгандан сўнг, Анвар Пошо ўзининг содиқ сафдошларига қисқача қуйидаги ваъзни қилди «Мен сизларга ҳозир ҳайитлик тарқата олмайман. Агар бизларнинг қардошлигимиз ҳақида бир неча оғиз сўзлар битилса, мен унга ўз муҳримни қўйиб, бажонидил имзо чекардим. Мен ўйлайманки, бу сўзлар бизнинг озодлик учун олиб бораётган миллий курашимиздаги ҳарбий қардошлик ҳақида бир ажойиб хотира бўлиб қоларди». Бу унинг истиқлол курашчиларига карата қилган охирги сиёсий васияти бўлиб қолди.

Анвар Пошо ўз орқадошлари билан Балжувон тепалигида суҳбатлашиб ўтирар эдилар. Кутилмаганда қизилларнинг 3 та отлиқ полки, 3 та эскадрони ҳужумга ўтиб қоладилар. Ўртада қиличбозлик жангги қизиб кетади. Орқага чекиниш имконияти бўлсада, Анвар Пошо чекинишни ўзига ор билади. Бир ўзи ўн бир душманни чопиб ташлайди. Қизил аскарларни архивларида сақланган бир маълумотда Анвар Пошо ўзининг, 100 та сараланган жангчиси билан 18 чи отлиқлар полкининг, 1 эскадрони устига ташланиб, янчиб ташлайди. Кутилмаганда орқадан урилган қилич зарби моҳир қўмондонни қулатади. Қилич урган кимса Анвар Пошо қўлида Муҳаммад Ғозий номи билан хизмат қилиб юрган қизил жосус Георгий Каспарян эди. Анвар Пошонинг шаҳодат суви билан йўғрилган жасади Душанбадан 200 километр узоқликда жойлашган Балжувон кентининг Четан деган жойига дафн этилди. Анвар Пошо Туркистон мустақиллиги учун курашда шаҳид кетди. Анвар Пошо ўлимидан бир неча кун олдин қизил аскарларнинг бошлиғи О.Акчуринга ёзган мактубида Туркистон унга бегона эмаслигини, унинг аждодлари Туркистондан бориб, Туркияда салтанат курганликларини, аксинча, бошқалар учун бу юрт бегона эканлигини қуйидагича таъкидлаган эди: «Бу инсонларнинг томирида оқаётган қон худди меники каби соф туркий қондур. Бу ер русларники эмас, балки туркий халқларнинг асл юртидир».

1996 йил 3 августда Туркия ҳукуматининг қаро-ри билан Анвар Пошо хоки солинган тобут Истанбулга олиб кетилди. Ҳа, Анвар Пошо ўзининг ота юрти учун курашган, Туркистонни оёқости қилдирмаслик, унинг мустақиллиги ва озодлигини кўриш йўлида ўз жонини тиккан буюк зот эди. Анвар Пошо нафақат турк миллатининг, балки, айни пайтда Туркистон, Ўрта Осиё ўлкаларининг ҳам мард фарзанди десак муболаға бўлмайди. Шаҳобиддин Яссавий унга ўзининг «Туркистоннинг аччиқ ҳақиқатлари» китобида «Анвар Пошо Ғозий — Буюк қўмондон» деб баҳо беради. Абдулҳамид Чўлпон Анвар Пошонинг шаҳид кетганлигини эшитиб, қуйидаги шеърни битган эди:

Энг сўнгги умидни қонга бўяган,
Ох, қандай хайрсиз замонлар келган.
Фарёдим дунёни бўғиб ўлдирсин,
Қоп-қора бахтимга шайтонлар кулсин.

Унинг сиёсий фаолияти ўта бир буюк илоҳий мақсадлар йўлига қаратилганлигини севикли хотини — Султоннинг гўзал қизи Нажибахонимга ёзган охирги мактубидан билса ҳам бўлади. Биз уни муҳтарам китобхонларимизга ҳам илиндик: «Сен мактубингда қилич ва жангни севганим қадар ҳеч нарсани севмаслигимни ёзибсан. Аммо бирор-бир нарса тўғрисида «фақат ишни севаман» деб ҳам айта олмайман (айтсам ёлғон бўлади). Сен билурсанким, маним ҳақимда туҳмат ташвиқотлар юритган бадбахт кимсаларнинг иддао этганларидек, мен бу олис диёрларга мол-дунё ахтариб бой бўлмоқ, ёки ўз ҳокимиятимни қурмоқ учун келганим йўқ. Мени сендан узоқлаштириб, бу жойларга келтирган Жаноби Ҳақнинг зиммамга юкланган муқаддас бир вазифасидир. Бу жиҳод вазифаси эрур. «Жиҳод» — исломда ғайридинларга қарши «муқаддас уруш». Қуръони каримда жангга қобилиятли ҳар бир мусулмон муқаддас урушда иштирок этиши шарт деб кўрсатилган. У шундай улуғ ишдурки, уни ҳатто сидқ ила ният қилганлар илоҳий жаннатга кирмоқ ҳуқуқини олурлар. Ҳар қадар Сендан айру қолмоқ, Сенинг севгингла масрур қалбимни вайрон этмакда эса ҳамки, ушбу йўлда буюк бир имтиҳон бермакдан кўп бахтиёрман….»
Ҳа, Анвар Пошо Жаноби Хақ йўлида Буюк имтиҳондан шак-шубҳасиз аъло даражада ўтди.

Enver-Paşa-Napolyon-Kapak-Fotoğrafı.jpg4 avgust — Anvar Posho shahid bo‘lganiga 95 yil bo‘ldi.

“Sen maktubingda qilich va jangni sevganim qadar hech narsani sevmasligimni yozibsan. Ammo biror-bir narsa to‘g‘risida ”faqat ishni sevaman“ deb ham ayta olmayman (aytsam yolg‘on bo‘ladi). Sen bilursankim, manim haqimda tuhmat tashviqotlar yuritgan badbaxt kimsalarning iddao etganlaridek, men bu olis diyorlarga mol-dunyo axtarib boy bo‘lmoq, yoki o‘z hokimiyatimni qurmoq uchun kelganim yo‘q. Meni sendan uzoqlashtirib, bu joylarga keltirgan Janobi Haqning zimmamga yuklangan muqaddas bir vazifasidir…” (Anvar poshoning sevikli xotini — Sultonning go‘zal qizi Najibaxonimga yozgan oxirgi maktubidan)

ANVAR POSHO KIM EDI?
Mansurxo‘ja Xo‘jayevning “Shermuhammad qo‘rboshi” kitobidan
076

21a493b70ecbe1fd76bb6fe84f80b96a.jpgAnvar Posho 1881 yilning iyun oyida Istanbulda tavallud topdi. Harbiy bilim yurtida, keyinroq Istanbul Bosh Shtab akademiyasida tahsil olgan. 1909 — 1911 yillarda Berlinda Harbiy attashe lavozimida xizmat kilgan. Turkiya, Makedoniya, Kavkaz, Germaniya, Rossiya hamda hayotining so‘ngida Turkistondagi siyosiy jarayonlarda qatnashgan. Yosh turklar inqilobiy uyushmasi tashkilotchilaridan biri, “Ittohod va Taraqqiy” partiyasi asoschisi va rahbarlaridan biri sifatida mashhur. 1908 yilda Turkiyada davlat to‘ntarilishiga rahbarlik qilib, Sulton Abdulhamid II hokimiyatini ag‘dargan hamda mamlakatda konstitutsion monarxiya tuzumini o‘rnatgan. Yosh turklar hokimiyatni qo‘lga olgach, Anvar Poshoning nufuzi, obro‘si, ta’sir doirasi o‘sib boradi. Chet el imperializmi tomonidan puxta rejalashtirilgan, Turkiyani tiz cho‘ktirish va bo‘lib yuborishga qaratilgan harakatini barbod etgan buyuk shaxslardan biri sifatida tarixga kirdi. 1913 yildagi davlat to‘ntarishidan so‘ng Anvar Posho Harbiy ministr lavozimini egallaydi. Birinchi jahon urushida Germaniya bilan ittifoq tuzib, urushda Turk qurolli kuchlariga qo‘mondonlik qiladi. Urushda Germaniya va Turkiya yengilgach, Yosh turklar hokimiyatiga chek qo‘yiladi. Anvar Posho Jamol Posho, Tal’at Posho va boshqa safdoshlari bilan Germaniyaga ketadi. Anvar Posho siymosida monarxiyaga qarshi otashin kurashchini ko‘rgan Rossiya hukumati undan Turkistonda inqilobiy xarakatlarni kuchaytirish hamda aksilsho‘roviy kuchlarni bostirish yo‘lida foydalanmoqchi bo‘lib, unga siyosiy boshpana beradi. Bolshevoylar undan qanday razil maqsadlar yo‘lida foydalanmoqchi bo‘lganligini Anvar Posho tez fursatdayoq tushunib yetadi. Zero u ruslarning Turkistondagi qilguliklarini, xalqni, dini islomni oyoqosti qilayotganlarini o‘z ko‘zi bilan ko‘radi. Hamda ota yurtni, o‘z qardoshlarini muhofaza qilishdek og‘ir, shu bilan birga, sharafli ishga o‘z hayotini baxshida etadi.

1920 yil sentyabrda Boku shahrida bo‘lib o‘tgan Sharq xalqlari qurultoyida ishtirok etadi va o‘z Bayonotini e’lon qiladi. 1921 yil fevralda esa Moskvada “Musulmonlarning inqilobiy jamiyati Ittifoqi” qurultoyini o‘tkazadi. Turkistondagi ahvolning o‘ta og‘irligini sezgan Anvar Posho o‘zining Xoji Somiybek, Nabibek, Hamibek va boshqa safdoshlari bilan Buxoroga kelib, Turkistondagi milliy-ozodlik harakati bilan yaqindan tanishadi. Anvar Posho butun Turkiston xalqiga Murojaatnoma e’lon qilib, uni quyidagi so‘zlar bilan boshlaydi: “Orqadoshlar! Turkistonning muqaddas da’vosi yo‘lida olib borilayotgan kurashga men ham qo‘shilgani keldim…” Ha, u buyuk kurashchi edi. U sho‘rolar bilan to‘qnashuvlarda buyuklik isbot etgan zotdir. Bir qancha janglarda strategik salohiyati bilan g‘alaba qozondi. Jumladan, 1922 yil 22 yanvarda Dushanbada sakkiz ming nafarlik sho‘ro armiyasiga qarshi bir ming besh yuz yigiti bilan jang qilib, g‘alaba qozonganining o‘ziyoq uning naqadar buyuk salohiyatga ega ekanligidan nishonadir. 1922 yil 28 mart kuni Amir Olimxondan barcha qo‘shinlarga Bosh qo‘mondon etib tayinlangani haqida inoyatnoma oladi. 15-aprelda esa qo‘rboshilar Anvar Poshoni qo‘rboshilarga siyosiy rahbar va qo‘mon etib saylaydilar. Afg‘oniston hukmdori Omonulloxon ham uch yuz kishilik sarbozlar hamrohligida yarog‘ sovg‘a etib yuboradi. Shundan so‘ng Anvar Posho Bosh qo‘mondon sifatida Rossiya bolshevoylar hukumatiga Sho‘ro qo‘shinlarini Turkistondan olib chiqib ketish to‘g‘risida ultimatum yuboradi. Bolshevoylar Anvar Poshoni bu talabiga qarama-qarshi har xil tashviqot targ‘ibot ishlarini olib borishni asosiy vazifa qilib qo‘yadi. RKB (b) Markaziy komiteti Buxoro va Farg‘ona bo‘yicha I.V.Stalin, Chicherin, Kuybishev va Fayzulla Xo‘jayevlar tomonidan ishlab chiqqan qarorni qabul qiladi. Bu qarorga ko‘ra Buxoro va Farg‘onada istiqlolchilarga qarshi kurashayotgan frontlar birlashtirilib, musulmon aholisi orasida siyosiy ish olib borish, mahalliy aholiga yon berish, tavba qilgan “Bosmachilik harakati” yigitlarini ozod etish, qo‘rboshilar orasida nifoq chiqarish, turli ig‘volar tarqatib istiqlolchilar safini bo‘lib tashlash kabi masalalarni asosiy vazifa qilib oldilar. Bunga erishdilar ham. Ibrohimbek bilan Anvar Posho o‘rtasidagi taranglashgan murakkab vaziyat buning isbotidir. Qizil armiya katta kuch bilan qilgan hujumi paytida Ibrohimbek qariyb 10 minglik saralangan qo‘shinini Boysundan olib chiqib ketishi hamda Anvar Poshoga bo‘ysunmasligini bildirib, isyon ko‘tarishi izoh talab etmaydigan haqiqatdir. Anvar Posho istiqlolchilar kurashiga rahbarlik qilar ekan — u diplomatiya vositalaridan to‘liq foydalanar, bolshevoy rahbarlar bilan muzokara olib borish, qizil askarlarni Turkistondan olib chiqib ketishga butun vujudi bilan harakat qilardi. Bu Fayzulla Xo‘jayevning tanlangan asarida aynan quyidagicha keltiradi: Ibrohimbek va boshqa qo‘rboshilar nomidan Anvar Posho qizil askar rahbarlari nomiga jo‘natilgan maktubida shunday deyilgan; “Haqiqiy mustaqil Buxoro tuprog‘idagi aholi vakillari bo‘lgan bizlar sizlarga ma’lum qilamizki, sizlar mamlakatimizdan chiqib ketmaguningizcha jangni davom ettiraveramiz” — deb bir qarorga keldik. Hozirgi vaqtda behuda qon to‘kilmasin deb va odamgarchilik qilib sizlarga mamlakatimizdan chiqib ketishni taklif qilayotirmiz. Shunday qilsangiz, sizning do‘stlaringiz bo‘lib qolamiz va o‘zimiz yordam berib sizlarni ochlikdan saqlab qolamiz, aks holda sizlar Vataningizda ocharchilikdan o‘layotgan oilalaringiz kabi mahv etilasiz. Hozir biz gunohkor bo‘lmaylik deb odam qoni to‘kishni istamayotirmiz. Lekin, xalqimizning istagiga xilof ravishda Vatanimizga bostirib kirgan sizlar bilan jang qilishni muqaddas burchimiz deb bilamiz. Bizlar xursandlik bilan bu yo‘lda qonimizni to‘kib, shahid bo‘lishdan qaytmaymiz“. Bundan ko‘rinib turibdiki bunday talab va uning siyosat, harbiy sohasidagi g‘alabalari bolыpeviklar hukumatini sarosimaga solib qo‘ydi. Sho‘ro hukumati 19 aprelda sulh tuzishni taklif etadi. Rossiyani Tashqi ishlar Xalq Komissarligini 10 kishidan iborat delegatsiyasi Boysunga keladilar. Agar Anvar Posho sulhga rozi bo‘lsa, ”Darvoz, Qorategin, Ko‘lob, Dushanbe va Hisor kabi viloyatlarni birlashtirib, mustaqil bir davlat tuzib olishi mumkinligi ta’kidlangan edi. Ular buning evaziga Turkiston ishlariga aralashmaslik masalasini qo‘ydilar. Anvar Posho esa ruslarga “Sulh bitimi faqat Turkiston tuproqlaridan butun rus askarlarini olib chiqib ketilgandan keyingina gap mavzu bo‘lishi mumkin”, deb keskin javob berdi. 1922 yil 18 mayda RKP (b) MK “Turkiston-Buxoro ishlari haqida” maxsus qaror qabul qildi. Mazkur qarorda istiqlolchilarga qarshi harbiy harakatlarni kuchaytirish, shuningdek, “Anvar Poshoning Sharq xalqlari dushmani, inglizlar josusi sifatida xalq ongida fosh etish lozim”ligi qayd etilgan edi. Kurash qizigan 1922 yilda Leninning topshirig‘i, hukumatning maxsus qarori bilan Rossiya Qurolli kuch lari Bosh qo‘mondoni S.S.Kamenev, qizil armiyaning otliq kuchlari qo‘mondoni S.M.Budyoniy, A.N.Todorovskiy, V.V.Kuybishevlar katta mikdorda qo‘shin, qo‘shimcha qurol-yarog‘ bilan Turkistonga safarbar etiladi. Anvar Posho bilan shug‘ullanish uchun Sho‘ro razvedkasi Sharq bo‘limi boshlig‘i arman millatiga mansub Agabekov maxsus guruh bilan yuboriladi. Bu paytlarda Turkistonning barcha hududlarida, ayniqsa, Farg‘ona va Sharqiy Buxoroda janglar qizib ketdi. 1922 yil 24 iyunga o‘tar kechasi Anvar Poshoning uch ming yigiti qo‘mondon Kakurinning sakkiz yarim ming nafarlik tish-tirnog‘igacha qurollangan qo‘shinini yer tishlatdi. Bir so‘z bilan aytadigan bo‘lsak, butun boshli bir diviziyani yo‘q qilib tashladi. Xullas, Anvar Posho undan keyin ham ko‘p marta qizil askarlarga qarshi muvaffaqiyatli janglar olib bordi. Biror marta pand yemadi. Rus qo‘mondonligi uning strategiyasi, taktikasi oldida gandiraklab qoldi. Rus razvedkasi esa sarosimada. Biroq razillik o‘z ishini ado etishga shoshar edi. 1922 yil 4 avgust juma, Qurbon hayiti kuni edi. Qurbon hayiti nomozi o‘qilgandan so‘ng, Anvar Posho o‘zining sodiq safdoshlariga qisqacha quyidagi va’zni qildi “Men sizlarga hozir hayitlik tarqata olmayman. Agar bizlarning qardoshligimiz haqida bir necha og‘iz so‘zlar bitilsa, men unga o‘z muhrimni qo‘yib, bajonidil imzo chekardim. Men o‘ylaymanki, bu so‘zlar bizning ozodlik uchun olib borayotgan milliy kurashimizdagi harbiy qardoshlik haqida bir ajoyib xotira bo‘lib qolardi”. Bu uning istiqlol kurashchilariga karata qilgan oxirgi siyosiy vasiyati bo‘lib qoldi.

Anvar Posho o‘z orqadoshlari bilan Baljuvon tepaligida suhbatlashib o‘tirar edilar. Kutilmaganda qizillarning 3 ta otliq polki, 3 ta eskadroni hujumga o‘tib qoladilar. O‘rtada qilichbozlik janggi qizib ketadi. Orqaga chekinish imkoniyati bo‘lsada, Anvar Posho chekinishni o‘ziga or biladi. Bir o‘zi o‘n bir dushmanni chopib tashlaydi. Qizil askarlarni arxivlarida saqlangan bir ma’lumotda Anvar Posho o‘zining, 100 ta saralangan jangchisi bilan 18 chi otliqlar polkining, 1 eskadroni ustiga tashlanib, yanchib tashlaydi. Kutilmaganda orqadan urilgan qilich zarbi mohir qo‘mondonni qulatadi. Qilich urgan kimsa Anvar Posho qo‘lida Muhammad G‘oziy nomi bilan xizmat qilib yurgan qizil josus Georgiy Kasparyan edi. Anvar Poshoning shahodat suvi bilan yo‘g‘rilgan jasadi Dushanbadan 200 kilometr uzoqlikda joylashgan Baljuvon kentining Chetan degan joyiga dafn etildi. Anvar Posho Turkiston mustaqilligi uchun kurashda shahid ketdi. Anvar Posho o‘limidan bir necha kun oldin qizil askarlarning boshlig‘i O.Akchuringa yozgan maktubida Turkiston unga begona emasligini, uning ajdodlari Turkistondan borib, Turkiyada saltanat kurganliklarini, aksincha, boshqalar uchun bu yurt begona ekanligini quyidagicha ta’kidlagan edi: “Bu insonlarning tomirida oqayotgan qon xuddi meniki kabi sof turkiy qondur. Bu yer ruslarniki emas, balki turkiy xalqlarning asl yurtidir”.

1996 yil 3 avgustda Turkiya hukumatining qaro-ri bilan Anvar Posho xoki solingan tobut Istanbulga olib ketildi. Ha, Anvar Posho o‘zining ota yurti uchun kurashgan, Turkistonni oyoqosti qildirmaslik, uning mustaqilligi va ozodligini ko‘rish yo‘lida o‘z jonini tikkan buyuk zot edi. Anvar Posho nafaqat turk millatining, balki, ayni paytda Turkiston, O‘rta Osiyo o‘lkalarining ham mard farzandi desak mubolag‘a bo‘lmaydi. Shahobiddin Yassaviy unga o‘zining “Turkistonning achchiq haqiqatlari” kitobida “Anvar Posho G‘oziy — Buyuk qo‘mondon” deb baho beradi. Abdulhamid Cho‘lpon Anvar Poshoning shahid ketganligini eshitib, quyidagi she’rni bitgan edi:

Eng so‘nggi umidni qonga bo‘yagan,
Ox, qanday xayrsiz zamonlar kelgan.
Faryodim dunyoni bo‘g‘ib o‘ldirsin,
Qop-qora baxtimga shaytonlar kulsin.

Uning siyosiy faoliyati o‘ta bir buyuk ilohiy maqsadlar yo‘liga qaratilganligini sevikli xotini — Sultonning go‘zal qizi Najibaxonimga yozgan oxirgi maktubidan bilsa ham bo‘ladi. Biz uni muhtaram kitobxonlarimizga ham ilindik: “Sen maktubingda qilich va jangni sevganim qadar hech narsani sevmasligimni yozibsan. Ammo biror-bir narsa to‘g‘risida ”faqat ishni sevaman“ deb ham ayta olmayman (aytsam yolg‘on bo‘ladi). Sen bilursankim, manim haqimda tuhmat tashviqotlar yuritgan badbaxt kimsalarning iddao etganlaridek, men bu olis diyorlarga mol-dunyo axtarib boy bo‘lmoq, yoki o‘z hokimiyatimni qurmoq uchun kelganim yo‘q. Meni sendan uzoqlashtirib, bu joylarga keltirgan Janobi Haqning zimmamga yuklangan muqaddas bir vazifasidir. Bu jihod vazifasi erur. ”Jihod“ — islomda g‘ayridinlarga qarshi ”muqaddas urush“. Qur’oni karimda jangga qobiliyatli har bir musulmon muqaddas urushda ishtirok etishi shart deb ko‘rsatilgan. U shunday ulug‘ ishdurki, uni hatto sidq ila niyat qilganlar ilohiy jannatga kirmoq huquqini olurlar. Har qadar Sendan ayru qolmoq, Sening sevgingla masrur qalbimni vayron etmakda esa hamki, ushbu yo‘lda buyuk bir imtihon bermakdan ko‘p baxtiyorman….”

Ha, Anvar Posho Janobi Xaq yo‘lida Buyuk imtihondan shak-shubhasiz a’lo darajada o‘tdi.

Nabijon Boqiy. Anvar Poshoning vasiyati (Chingiz afandiga maktublar). Hujjatli roman by Khurshid Davron on Scribd

044

(Tashriflar: umumiy 186, bugungi 1)

Izoh qoldiring