Rimma Ahmedova: Maftunkor qalb sohibasi.

044

4 август — Бетакрор актриса Римма Аҳмедова таваллуд топган кун.

   Таниқли  актриса Римма Аҳмедова 1942 йил 4 августда Тошкент шаҳрида туғилган. 1962 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати (ҳозирги Ўзбекистон санъат) институтининг “Драма ва кино актёри” факультетини тугатгач, институт йўлланмаси билан Ҳамза номидаги Ўзбек давлат (ҳозирги Миллий) академик драма театрида ижодини бошлади.
Дубляждаги фаолиятини 1962 йилда бошлаган. Дубляж санъатининг юксак намунасига айланган “Уруш ва тинчлик”(Наташа Ростова), “Маугли” (қоплон Багира), “Сангам” (Радҳа), “Иф қалъасининг маҳбуси”(Мерседес), “Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради”(актриса Нина), “Қайнона” (Офат), “Инсон қалби ҳақида қисса” (шоира аёл), “Ишдаги ишқ” (Ольга Рижова), “Садоқат” (Бандана), “Одам амфибия” (Гутиэра), “Зита ва Гита” каби фильмлардаги ишлар актёрлик санъатига хос “амплуа” тушунчаси унинг ижодига мутлақо ёт эканини таъкидлайди.
Актриса “Ой бориб омон қайт”, “Даллол”, “Юзсиз”, “Шўрпешоналар”, “Ўғри ҳам одам”, “Бомба”, “Тушлар сотувчиси” каби бадиий фильмларда катта-кичик ролларни ўйнаган.
Актриса 1987 йилдан 1992 йилгача Аброр Ҳидоятов (ҳозирги Ўзбек давлат)номидаги драма театрида ҳам ишлади. Римма Аҳмедованинг санъатдаги фаолияти кутилмаган дард туфайли 1997 йилнинг май ойида буткул тўхтаган.
2006 йилнинг 13 ноябрида вафот этди.

011

Отабек Узоқов
МАФТУНКОР ҚАЛБ СОҲИБАСИ

Ноёб истеъдоди билан халқ меҳрига сазовор бўлган актрисалардан бири Римма Аҳмедова эди. Унинг ижоди юқори баҳоланиб, Республикада хизмат кўрсатган артист фахрий унвонига сазовор бўлганди. Актрисанинг ижоди халқимиз томонидан ҳар томонлама эътироф этилган.

Мен бу актрисани ҳаётда ҳам, саҳнада ҳам кўп бора кўрган бахтли кишилардан бириман. У билан кўп йиллар муқаддам Ўзбекистон радиосининг “Театр” бўлимида ишлаб юрган кезларим танишган эдим. У ниҳоятда гўзал, мағрур ва айни чоғда, юз-кўзларига маъюс бир ифода ўрнашиб қолган аёл эди, деб эслайди таниқли ёзувчи Эркин Усмонов.

Хуллас, ўша йиллари Римма Аҳмедова ижодига бағишланган эшиттириш тайёрланадиган бўлди-ю, уни менга топширишди. Ўша заҳоти Римма опа билан телефон орқали боғландим.

– Қанақа бўларкин? – деди у ўйланиброқ. – Мендан машҳур актёрлар бу ёқда туриб, менинг ижодим ҳақида сўз юритилса … ноқулаймасмикин? Нима дейман?

– Бор гапларни айтаверасиз, ҳазиллашдим мен.

Қисқаси, бир ҳафтадан кейин студияда учрашдик. Анча суҳбат қурдик. Уларнинг маълум бир қисмигина радио орқали эшиттирилди. Аммо мен ўшанда бу суҳбатни барчасини аудиокассетага кўчириб олганимдан ҳалигача хурсанд бўламан.

Институтда ўқиётган кезлари Римма Аҳмедова машҳур режиссёр Тошхўжа Хўжаевдан сабоқ олади. Бу эса унга иш жараёнида бир умр ҳамроҳ бўлади. Институтдаги диплом спектакли “Етти фарёд” бўлган экан. Унда баронесса Петрос ролини ўйнайди. Спектакл жуда муваффақиятли чиқади. Ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрига ишга келгач, биринчи роли “Биринчи муҳаббат” спектаклидаги Раҳима образи бўлади. Кейин “Қонли сароб”да Заркокил, “Парвона”даги Юлдуз ролини ўйнайди. Шундан кейин унинг ижоди гуркираб кетади. “Монсерро”даги Елена, “Бой ила хизматчи”даги Гулбаҳор, “Паранжи сирлари”даги Санам, “Кўк эшик ортидаги аёл” даги Жарқия, “Ўғирланган умр”даги Тоэ, “Океандаги фарёд”даги баронесса, “Юлдузли тунлар”даги Хонзодабегим сингари ўнлаб роллари орқали миллионлаб томошабинлар қалбини забт этган образларини яратади.

Римма Аҳмедова театрда иш бошлагач, атрофида Шукур Бурҳонов, Ғаъни Аъзамов, Олим Хўжаев, Зайнаб Садриева сингари машҳур актёрлар бўлган. Бундай машҳур актёрлар билан бир саҳнада рол ижро этишнинг ўзи бўлгани йўқ, албатта. Ҳаяжон, қўрқув, хавотир… бўлган. Шунга қарамай, Римма Аҳмедова тез фурсатда шу улкан саҳнадан ўз ўрнини топа олган актриса бўлиб етишади. Бунинг учун ундаги туғма иқтидор ҳам, куч ҳам, кенг диапазон ҳам етарли бўлган.

Бироқ шундай бўлсада, Римма Аҳмедова кинода деярли рол ўйнамади. Аммо мингдан зиёд фильмларда овоз берган актриса эди. “Уруш ва тинчлик”даги Наташа Ростова, “Ҳур қизлар”даги Ритани, “Сангам”даги Радхани, “Яшил извош”даги Варвара, “Онтарио кўли соҳилидаги воқеа”даги баронесса уларнинг қайси бирини эслайсиз. Улар ниҳоятда кўп. Энг муҳими улар ўзбек тилида ҳам халқимизнинг севимли фильмларига айланиб қолган.

Таниқли дубляж режиссёри Илёс Ёқубов “Римма Аҳмедова дубляж учун доим тайёр, тили тоза, талаффузи тиниқ, овози ёқимли. Шунинг учун бирон-бир фильм таржимага танланса, “Мана бу рол Римманики экан, деб қўямиз. Римма, ҳатто етти-саккиз яшар ўғил болалару қизалоқларга ҳам маҳорат билан овоз бера оларди. Бундай иқтидорли актриса билан ишлаш ҳамиша ёқимли ва осон, кишига завқ бағишлайди, деган экан.

Римма Аҳмедованинг ўзи эса дубляж ҳақида гап кетганда шундай деганди. “Дубляж қон-қонимга сингиб кетган. Ўттиз йилдан бери шу соҳадаман. Энг қизиғи, ўзим рус мактабида ўқиганман. Ўзбекча талаффузим жуда ёмон эди. Дубляж тилимни чархлади. Фильмларда Наби Раҳимов, Ҳамза Умаров, Тўлқин Тожиев, Обид Юнусов, Валентина Ғозиева, Мукамбар Раҳимова сингари машҳур актёрлар билан қатнашардим. Улардан нутқ ва талаффуз борасида жуда кўп нарсаларни ўргандим…

Санъаткор Римма Аҳмедова шуҳратпарастликдан, таъмагирликдан, пасткашликдан йироқ, оқкўнгил ва мунис аёл бўлган экан. Актрисанинг камтарона ижоддидан эса, нафақат ҳозирги авлод балки келажак авлодлар ҳам баҳраманд бўлади. У ижро этган спектакллар радио тўлқинлари орқали жаранглаб, у овоз берган бадиий фильмлар миллионлар томошабинларни ўзига мафтун этиб яшайверади.

Манба: m.muloqot.uz

011

Иқбол Қўшшаева
ҚИСМАТ ҚАРШИСИДАГИ ТИК АЁЛ

…Гулчамбарлар қўйинг Вақтга,
Шу мангу оловда биз ёниб кетдик…

Андрей Вознесенский

Назаримда буюк Леонардо да Винчи ўзининг доҳиёна асари “Мона Лиза табассуми”да ҳаётнинг асл қиёфасини сингдирган. Бир қарасанг табассум — бахт — ишонч, яна бир қарасанг, ўкинч — кемтиклик — истеҳзо… Бироқ аёл виқорига улуғлик бахш этиб турган сир: унинг табассуми ортидан сизиб чиқаётган маъюс нур. Асарнинг бутун тилсими ана шунда. Бетакрор санъаткор Римма Аҳмедова ҳам нафақат ўзининг камёб истеъдоди, балки чўнг муҳаббати ва қалб азобларини одамлар қалбида муҳрлаб кетди.

Дилором Каримова:

— Римма опа дунёга келганида отаси Ашур ака фронтда эди. Эҳтимол, у ўшандаёқ ўққа учраб ҳаётдан кўз юмгандир… Анор хола ўғлини жуда узоқ кутган. Орадан ўн бир йил ўтгач, келини Александрага: “Қизим, ёшсан, энди ўғлим келмаса керак, мен розиман”, деб рухсат беради. Ирисой (оиладаги исми) бувининг қўлида қолади.

Римма Аҳмедованинг хотиралари:

“Кинотеатрга фақат “уруш” киноларини кўриш учун борардим. Экрандан отамни, суратдаги отамга ўхшаш одамни излардим… Менинг бу одатимга бувим ҳам ишониб, оғзимга умид билан тикилардилар. Ҳатто бир неча марта хатлар ҳам ёзганман. Кутаман, кутаман… ҳеч қанақа жавоб бўлмасди. Ҳар гал ўзимча пўписа қилиб: “Дада, бу охиргиси…” деб якунлардим. Кейин ҳайрон қолардим, қўшнилар мени кўрди дегунча “Ашурни қизимисан?” деб йиғлаб юз-кўзларимдан ўпиб, қўлимга қуртми, қандми беришарди. “Нега бунақа қилишади?” деб онамдан сўраганимда айтган эди: “Даданг юк машинаси ҳайдарди. Қўшниларнинг ҳожатини чиқариш учун текинга ўтин-кўмир олиб келиб ташларди. Уруш бошланган. Одамлар тушкун кайфиятда. Бироз бўлсада кўнгилларни кўтариш учун уйга аёлларни чақирарди-да, дутор чертиб қўшиқ айтарди”. …Урушга ҳам кўнгиллилар сафида жўнаган эканлар. Яна хафа бўлганман, демак, бизни ўз ихтиёри билан ташлаб кетган экан-да, деб.

Онамни кўргим келарди, борсаму онам бағрида бир неча кун ётиб келсам. Лекин ойим(буви) ёлғиз ўзимни ҳеч қўймасдилар. Бирга бориб, яна бирга қайтардик. “Ўгай ота қовоғини уйиб болам дилини оғритмасин,” деган ўй билан мени аяганлар. Бир кун дона-дона қилиб тушунтирдилар ҳам: “Ирис, чироғим, онангни энди ўз ҳаёти, оиласи, болалари бор. У қанча тинч яшаса, сен билан менга шунча яхши. Ҳадеб боравериб, уни хотиржамлигига халал берма.” Шундан кейин тинчиб қолдим. Лекин онам ҳам кўп яшамади. Йигирма ёшимда аввал бувим, йигирма кундан кейин 16 январда онам вафот этди. Ўғлим шу санада туғилади, деб ҳеч ўйламагандим. Моcквага кетиш олдидан Баҳодир дўхтирлар тахминини айтганида, “хавотир олманг, кўзим бу кунда ёриши мумкин эмас!”, деганман. 1979 йил январи ўрталарида “Рўйхатларда йўқ” спектакли билан труппа Москвага кетганди. Учинчи кун аэропортда уларни кутиб олгани чиққан Мирғиёс акам(М.Мирсоатов) “Баҳодир, суюнчи бер, ўғил кўрдинг. Тўрт кило!”деб қарши олган. Ўшанда деразадан қарасам: Баҳодирнинг кўзларидан дув-дув ёш оқарди.

Мана, йигирма беш йилдирки, бу кунни хотира куни сифатидагина эмас, ҳаётимнинг бир қувончли куни ҳам деб нишонлаб келяпман(суҳбатимиз 2004 йилда бўлган — И..). Ўшанда онам вафот этганида, черковдаги маросимга кира олмаганман. Айтишган “Онанг-ку!” деб. Лекин черков остонасига қадам босишимга, ичимдаги нимадир кескин қаршилик қиларди… Онам хотираси мени кечирсин-у, касал бўлганимда, тушкун бўлиб қолганимда тушларимга бувим кирадилар… Жовдираб турган кўмкўк кўзларини мендан ҳеч узолмаётгандай…”

Дилором Каримова:

Шундай дамлар бўлган эканки, Римма опа талабалигида Анор хола бошига оқ дока рўмолни ташлаганча пилдираб институтга йўл оларкан. “Ирис, нима қиляпти?” деб аудитория деразасидан мўраларкан. Ёшлик-да, “дока рўмол ёпинган” бувининг бу ишидан уяладилар: “Вой, ойи, нимага келасиз? Уйга боринг, ахир, мен шу ердаман.” Шўрлик кампир: “Майли, майли болам, энди шу бир кўриб кетай,” деб келдимда деб букчайганча яна изига қайтаркан…

Ўлгунича нега бувимни койиганман, нега менга малол келган, деб куюнарди. Айниқса, касаллик исканжасида юрган кезларида бувининг муҳаббати жудаям нотинч қиларди. Бу муҳаббатга ўз пайтида жавоб беролмагани учун ўзини айбдор сезарди. Дунёга ҳассос қалб билан боқарди. Овоз эса мана шу шоирона қалбдан садо бериб турарди. Бахтли дамлари бўлди, ташвишлари ҳам етарлича эди, алданишларни кўрди… Узоқ йил дард чекди. Театрни севарди, лекин у ҳам оғриғига айланди. Бертольд Брехтнинг “Мамаша Кураж” асари билан Алехандро Кассонанинг “Дарахтлар тик туриб ўлади” пьесаси унинг дарди бўлиб қолди. Ўтириб-ўтириб айтиб қоларди: “Дилором, умрим шунақа якунланади, деб сира ўйламасдим-а… наҳотки, шу мен бўлсам!” Ақлига ҳеч сиғдира олмасди… Биласизми, оғир пайтларда ҳам қалб ўзгармади. Кўпинча мана шундай эврилишларда қалб ўзгаради. Аламзада бўлиб қолади. Нигоҳ эса қаҳрланади, қаттиқ тошга айланади… Римма опа, аксинча, файласуф бўлиб қолди. Унга аёвсиз муносабатда бўлган ҳаётдан миннатдор бўлиб хайрлашди. Ўзига ғам келтирган одамларни кечирди. Қизиғи, мана шу қалбни одамлар сезаркан, ҳаётлигидаёқ соғинчга айланганди… Санъатда эса ҳеч ким эгаллаши мумкин бўлмаган ўринни эгаллаган эди.

Фақат мени эмас, у билан суҳбатдош бўлишни, гаплашгиси келган ҳамма одамларни қабул қиларди. Юрак-юрагидан сизиб чиқадиган овоз билан маслаҳат бериб, дардкашингга айланарди. Мен ҳам шундай бахтга муяссар бўлганлардан бириман. Суҳбатлашдим, дардлашдим, ўзгардим… Кечиримли бўлишни ўргандим. Унинг даврасида “фалончи ундай қипти, пистончи эса бундай депти…” қабилидаги маҳалланинг “чордона” гапларидан бўлмасди. Буткул бошқа бир муҳитга тушиб қолардинг. Фақат кўрган ажойиб фильм ё спектакл, ўқиган китобларимиз, қўшиқларимиздан олган таассуротларни бўлишардик.

Кўпчилик актёрлар, жумладан, Шукур Бурҳонов ҳам салбий рол ўйнашни хоҳламасди. Негаки, актёрга нисбатан томошабиннинг муносабати ўзгариши мумкин. Бироқ Римма опа ўйнарди. Ёмон одам қиёфасига шу қадар нозик ёндашардики, ўша қаҳрамонга нисбатан томошабинда салбий туйғулар туғдирмасди. Чунки, ҳар қандай тубанлик ичидан ҳам инсоний дардни илғарди. Жумладан, Хонзода (“Бой ила хизматчи”), Мастура сатанг (“Паранжи сирлари”), ичувчи аёл (“Алдагани хотин яхши”) каби қаҳрамонларнинг ички драмасини кўрсатиб, бу аёлларни шу кўйга келтирган жараённи чиқариб берарди.

Эсласангиз, Ганс Христиан Андерсеннинг бир эртаги бор. Ўгай она қизининг кўксига жодуланган қурбақани қўяди, чунки қиз қурбақадек жирканч аҳволга келиши керак. Лекин қизнинг тийнати шу қадар тоза, чиройлики ундан чиқаётган нурдан қурбақа ҳам атиргулга айланади… Ҳар қандай ҳолатда ҳам, қанақанги рол ижро этиши ёки гоҳ-гоҳида оғзидан жаргон сўзу аскиянамо латифа чиқиб кетгудек бўлса ҳам ҳеч хунук, яланғоч жумлага айланмасди. “Алдагани хотин яхши”даги қаҳрамони, аслида, тақдири издан чиққан суюқоёқ. Римма опага дублёр бўлган бошқа актрисанинг ижросида ғирт ўшанақа хотин чиққан. Бу томошабинни ижирғантирарди. Лекин Римма Аҳмедова шу қадар шўх-шаън, кулгили бир тимсол яратдики, тамомила бошқача ракурсда ўйнади. Актрисанинг дастлабки репликалариниёқ зал жуда катта олқиш, кулгу билан қабул қиларди. Кўйлакнинг ёқаси қийшайган, лаблар қип-қизил, дўмбоқ, ширингина сархуш аёл…

Римма Аҳмедованинг хотиралари:

“Гарчи томошабинлар кулиб қаршиласа-да, ўзимнинг ўзимга — қаҳрамонимга хўрлигим келадиган бир жой бор эди. Мен “алданган аёл”нинг эрига — Ёдгорга тикилиб тураман-да, “битта ўпай!” дейман. Бу ҳолат юзаки қараганда давру даврони ўтиб қолган фоҳишанинг одатдаги бир “қилиғи” бўлиб туюлади. Лекин аслида-чи? Биласизми, менинг қаҳрамоним бу оила тимсолида ҳеч қачон ўзида бўлмаган бахтни — тозаликни кўрди. Ўзининг ўтмиши абгор, бугуни эса қизи “ишлаб” топган пул эвазига ичиш билан ўтяпти. Бу “ўпич” “ичилиб кетган” умр учун бир афсус, яшалмай қолган ҳаёт қаршисидаги бир тазарру. Ўзининг нақадар бахтсиз экани англанган лаҳза. Қолаверса, аёл ҳиссиётларининг бирдан бир энг соф ифодаси эди. Мен доимо орзу қилардим: томошабин оғзимдан чиқаётган сўзни эмас (чунки у драматургники), мана шу сўз ортидаги менинг юрагимни тингласа, айни чоғда ўзимдан қанақа ҳиссиётларни, ўйларни кечиряпман шуни тушунса…” (Дастлаб Ўзбек давлат драма театрида, сўнгра Миллий театр саҳнасида қўйилган бу асарга айнан ўша рол учун актрисани таклиф қилишади. У рад этади. Спектаклнинг “иккинчи умри”ни “порядочный одамнинг иши эмас!” дея баҳолайди. “Чунки биринчи талқиннинг айнан ўзгинаси, режиссёрнинг ҳеч қанақа нуқтаи назари йўқ. Афишага катта-катта қилиб:“Постановкачи режиссёр Фалончи Фалончиев” деб ёзиш га (уялиши керак эди)ҳаққи йўқ эди. Ҳеч қурса, Аброр Ҳидоятов номидаги театрда саҳналаштирган москвалик режиссёрнинг номини ҳам ёзиб қўйиши шарт эди… Ижодий ҳамкорлари-дўстларининг ғояларини, топилмаларини суистеъмол қилди,” деб ҳамкасбидан ранжиганди. — И…).

Дилором Каримова:

Мастура қанчадан қанча қизларни жувонмарг қилиб юборган образ. Бу ролни ўзбек саҳнасида Лутфихоним Саримсоқова, Марям Ёқубова каби забардаст актрисалар чапани, шаддод, ҳақиқий сатанг аёл сифатида чиқаришган. Римма Аҳмедова ўша салбий қаҳрамонни интеллектуал психологик образга айлантириб, бир поғона юқорига олиб чиқди. Ҳар бир паузанинг юки сўздан кам эмас эди. Умри ўйинқароқлик билан ўтаётган, қўшмачилик қилиб пул топаётган аёлнинг ички дунёси шу қадар фожиалики, буни фақат Римма Аҳмедова ижросида кўриш мумкин. Ундаги борлиқ “қурбақани ҳам гулга айлантира оларди”… Чунки ҳар қандай салбий қаҳрамон ё юморга, ёки трагедияга яқин драмага айланарди…

Бу аёлнинг маъюс нигоҳида ўзини қурбон қилиш даражасидаги муҳаббатни кўрардинг. Муҳаббат ва маъюслик овозга ҳам сизиб чиққанди. Қиёфаси ҳам, шахсияти ҳам буюк рассом Рафаэль Сантининг инсонга нисбатан чексиз муҳаббат руҳи билан суғорилган “Сикстин мадоннаси”ни эслатарди… Она боласини қурбонликка олиб келяпти, нималар кутаётганини била туриб, қўлида авайлаб ушлаганча ҚИСМАТ қўлига топширяпти… Муҳаббати фожиали тугашини билган одамнинг кўзлари. Ҳар қанча хушчақчақ бўлмасин, кўзлар маъюслигича қолаверарди. Туйғулари кўзида жамланган бунақа одамни жуда кам кўрганман.

Эслайман, етмишинчи йиллар бошлари… муҳаббатга ғарқ бўлган нигоҳлар атрофни мутлақ кўрмас, шивир-шивирларни назарига илмас эди. Ишонасизми, мен бу кўзларда ҳеч қачон ҳирс кўрмаганман, ҳатто муҳаббат энг юқори чўққисига чиққан дамларда ҳам. Ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди-да, ўшанда кимлардир аниқ бир манфаат — рол учун режиссёрга интилиш деб тушунди, яна кимлардир буткул бошқача айбни тўнкарди. Ёлғизланиб қолганди. Кўз фақат Баҳодирга тикилган эди… Менинг кўзларим эса у кишига… аҳён-аҳёнда чимирилган қошларга ҳам қараб қўяман.

“У ўзи учун яшашга улгурмади, эрта кетди,” каби гап-сўзлар қулоққа чалинади. Бекор гап! Агар у саксон-тўқсонга кирганида ҳам ҳеч нарса ўзгармасди. Римма Аҳмедова бошқаларнинг бахти учун туғилган эди. Аксар ҳолларда эри режиссёр бўлган актрисалар театр репертуарини ўзининг сиёсатига бўйсундиради. Кинода эса Жульетта Мадзини ёки Инна Чурикова каби актрисаларнинг муваффақиятини уларнинг турмуш ўртоғи Федерико Феллини ҳамда Глеб Панфиловсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бироқ Римма опа ҳеч қачон “режиссёр хотини!” мақомини эгалламаган. У учун биринчи ўринда Баҳодирнинг манфаатлари турарди. Жараёнлардан ўзини четга оларди. Труппада фақат оналик ролини ўйнардилар. Актёрлар дардини, сирини Римма опага ёрарди. Отани чалғитмаслик, уни аяш учун “болалари”нинг майда-чуйда гапларини етказмас, болаларнинг ҳам кўнглини ўкситмасдан, силаб-сийпалаб ярасига малҳам изларди. Ҳақиқий Тереза Она эди. Театр тарихида бунақаси кам. Албатта булар уни руҳан толиқтирарди… Жамоадаги мувозанатни ушлаб туришда опанинг авторитети ҳам катта рол ўйнарди. Сўзи ўзига мос тушадиган яхлит одам, нотаси тугал мусиқий асарни эслатарди.

Умрининг сўнги йили… Оғир бетоб. Ўзини бироз яхши сезди дегунча фарзандларимни безовта қилмай, деб исм-фамилия, уй манзили, телефон рақами ёзилган қоғозчани енгига қистириб, уларга билдирмасдан бозорга чиқиб кетарди… Болалар уйғонганда ҳамма нарса тайёр бўларди.

Жаҳонгир Қосимов:

— Илк ишим “Олтин ва муҳаббат” (О Генри ҳикояси, 1987 йил) теленовелласида Римма Аҳмедова зодагон аёл ролини ўйнаган. Йўқ, у ўйнамасди, образни ҳис этарди. Ҳолатдан ҳолатга ўтиш жараёни ниҳоятда табиий кечарди. Аслида ҳам зодагонлик, оқсуяклик Римма опанинг табиатида бор эди. Ҳар нарсани ўзига эп кўравермасди. Мана шу ички аслзодалик қиёфасида ҳам акс этганди. Энг муҳими, актриса режиссёр кимлигини, режиссура нималигини жуда теран тушунарди. Шунинг учун ҳам кейинги ишим “Шўрпешоналар” қисқа метражли фильмида ҳам ҳеч қийналмадик. Қайтанга ёш актёрларнинг тилини топишимда менга ёрдам берарди. Маслаҳатини ҳам “Жаҳонгир, бунақа эмас…” деб атрофдагиларга сездирмасдан секингина шивирлаб айтарди…

Негадир кинода кам ўйнади. Лекин театрдаги ижодидан келиб чиқиб ишонч билан айтаманки, уни ҳеч бир актриса билан солиштириб бўлмайди. У битта эди. Нафақат овоз, балки ҳаракат, мимика, нигоҳ билан бутун ҳолатни ифодалаб бера оларди. Ички имкониятларининг вазни — тоши оғир эди. Баҳодир Йўлдошевнинг репетициясини кузатиб юрган дамларда, унга нафақат актриса, инсон сифатида ҳам ҳурматим ошган. Иродали эди. Ўринли ўринсиз танбеҳларга сезилар-сезилмас юзига қизиллик югургандай бўларди-ю, ҳеч қанақа реакция кўрсатмасди. Лекин эркакларни ҳам доғда қолдирадиган даражада кучли характерли, қатъиятли эди. Агар ўйнамайман, қилмайман, дедими, иккинчи марта уриниш бефойда. Бир фикрга келгандан кейин ортга қайтариб бўлмасди… Ундан мужмал гап чиқмасди.

Бир кун келиб қўярман деган умидда йиллар давомида “Дарахтлар тик туриб ўлади” асарини тишининг ковагида асраб юрган экан. Тақдир қаршисида тик турган Аёлнинг драмасини сезиб, драматургияни тўлиқ идрок қилганига қойил қоламан. Бетоб бўлиб қолгандан кейин Яйра Абдуллаевага: “Мен энди саҳнага қайтолмасам керак, шуни қўйинглар…” деб берган экан. Премьерага келганда йиғлаб-йиғлаб кетган…

2006 йил. Хазонрезги фаслнинг ғира-шира тонги… Чиғатой қабристони. Она замин ўзининг яна бир фарзандига ҳомиладор… Волида хоки зиёрат қилиб бўлингач, фарзандлар Баҳодир Йўлдошевнинг ортидан эргашди, У синиқ овоз билан Саида Зунунова қабр тошидаги битикни ўқирди:

Одамлар, қадрланг бир-бирингизни,
Гул ҳам, муҳаббат ҳам тирикка керак..
.

Манба: persona.uz

(Tashriflar: umumiy 487, bugungi 1)

Izoh qoldiring