Abdulla Ulug’ov. G’addor yoxud tuhmatnomalarni kim bitgan?

767

Асарни ўқиш жараёнида, кўнгилда турли саволлар туғилади, муаллиф воқеаларнинг баъзи жиҳатларини очиқ қолдиргани ўйлантиради. “Ўткан кунлар”даги мана шундай нуқталардан бири, унда берилган мактублар билан боғлиқдир. Маълумки, ушбу роман сюжетида мактублар катализатор вазифасини бажариб, воқеалар ривожига шиддатли тус беради. Мактублар сабаб, қаҳрамонлар ҳаётида кутилмаган кескин бурилишлар ҳосил бўлади…

090

Абдулла Улуғов
ҒАДДОР ЁХУД ТУҲМАТНОМАЛАРНИ КИМ БИТГАН?

Асл асарлар йиллар ўтиши билан ўзининг аввал маълум бўлмаган янги қирраларини намоён этаверади. Хусусан, уларнинг қаҳрамонларига турли даврда турлича муносабат билдирилади. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи, шубҳасиз, ана шундай асарлар сирасига киради. Номланишининг ўзиёқ сирли-жумбоққа йўғрилган “Ўткан кунлар” неча ўн йиллардан бери ўқувчиларнинг энг севимли асарларидан бири бўлиб келади. Романни ҳар гал мутолаа қилганда китобхонни, аввало, адибнинг сўз санъаткори сифатидаги маҳорати, воқеаларни сир тутиши ҳайратлантиради. Айни чоғда, асарни ўқиш жараёнида, кўнгилда турли саволлар туғилади, муаллиф воқеаларнинг баъзи жиҳатларини очиқ қолдиргани ўйлантиради. “Ўткан кунлар”даги мана шундай нуқталардан бири, унда берилган мактублар билан боғлиқдир. Маълумки, ушбу роман сюжетида мактублар катализатор вазифасини бажариб, воқеалар ривожига шиддатли тус беради. Мактублар сабаб, қаҳрамонлар ҳаётида кутилмаган кескин бурилишлар ҳосил бўлади. Агар асардан мактублар олиб қўйилса, унинг сюжети жуда жўн ва пароканда бўлиб қолади. Қаҳрамонлар мактуби роман сюжетини яхлит тутиб турадиган зарурий ҳалқа саналади. Ана шу ҳалқа – мактублардан бири тушириб қолдирилса, воқеалар орасида узилиш юзага келади. Абдулла Қодирий ушбу романда мактуб мотиви асосида бир-бири билан мантиқан боғланган салмоқли яхлит сюжет яратишга эришади. Романда дастлаб Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабекка “каромат қабилидан сўзлаб, бирмунча насиҳатлар қилиб” ёзган хати келтирилади. Ушбу хат сабаб, “худонинг ҳақни ноҳақ қилмаслиги соясида” Отабек ва Мирзакарим қутидор ўлимдан қолади. Кейин, “хон бўлмаса ҳам хонликдан-да юқори бир кучга молик сиёсат курсисига ўтирган” Мусулмонқулнинг Ўш ҳокими тарафидан ёзилган ҳамду санодан иборат мактубни, сўнг Ўтаббой қушбеги ва Отабек устидан битилган иғвони ўқиши тасвирланади. Адиб Ўш ҳокими мактуби орқали хон саройидаги ҳашамат, дабдаба, сохта хушомад, лаганбардорлик авж олганини кўрсатади. Кейинги мактуб, яъни, иғво шу даражада ўткир ва таъсирчан битилганки, у ким тарафидан ёзилгани ва бунинг оқибати ўқувчини беихтиёр қизиқтириб қўяди. Чунки адиб Ўтаббой қушбеги ва Отабек устидан ким чақув уюштирганини жумбоқлигича қолдиради. “Мактубда ўз отимни ёзишга ҳам тиламадим. Ёш хонимизга тинч ва шавкатли давр, давлат хоинларига ўлим тилаб – бир ғариби бечора”, деб туҳмат битган иғвогарнинг кимлиги анча кейин – романнинг, “Кулиб қарамаган бахт” фаслида уста Фарфи тилидан: “Бу қизга бизнинг Ҳомид ҳам харидор экан. Ҳалиги Отабек қизга уйланиб қўйгач, бизнинг Ҳомид тиканга ағанаб, орадан Отабек билан Мирзакарим акани кўтариш фикрига тушган ва бўлмаган чақимчиликлар билан уларни дор остига тортишга муваффақ бўлган! Аммо худонинг ҳақни ноҳақ қилмаслиги соясида, бир мактуб сабаби билан, кутмаган жойда дор остида нажотга чиққанлар. Булар оқлангач, Ҳомиднинг ўзи қамаладиган бўлиб, аммо қўрбошининг ёрдами орқасида Қўқонга қочиб қутилган ва у ерда ҳам тинч ётмай, Ўтаббой қушбегини порахўрликда айблаб, Мусулмон чўлоққа ариза берган”, деб маълум қилинади. (Абдулла Қодирий. Ўткан кунлар. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. Тошкент. 1974 йил. 232-233 бетлар. Бундан кейинги кўчирмалар шу нашрдан олинади). Асарнинг бошқа ўринларида ҳам воқеаларнинг сир тутиб келинган жиҳатлари шу тарзда очиб берилади. Жумладан, Отабекни азоблаган жумбоққа уста Фарфи томонидан: “Отабекнинг Тошкентдан ҳам уйланганини билиб, унинг тилидан бир талоқ хати ёздирадир-да (изоҳ – А. У.) Мирзакарим аканикига киргизадир”, деб аниқлик киритилади.

Романнинг аввалги “Иситма орасида” фаслида Ҳомид Жаннат опага: “Илгари гал ёздириб берганимдек ўз режамизга мувофиқлаб, Отабек тилидан яна бирини ўмартириб бераман”, дейди. Бу уста Фарфининг “Отабекнинг… тилидан бир талоқ хати ёздирадир-да…”, деган гапига мувофиқ келади ва, табиийки, Ҳомид “ўз режасига мувофиқ” туҳматномаларини кимга ёздирган, деган саволни пайдо қилади. “Иситма орасида” фаслида Ҳомиднинг кечинмалари: “Энди бу иккинчи сохта хатни ёздириш-да, гарчи ҳозир Отабекнинг қўлёзмаси ўз қўлида бўлса ҳам яна қўрқинчли эмас эди. Эндиги хатни ниҳоятда эҳтиёт билан нусхага қараб ёздиришини кўнглидан ўтказди…” дея баён этилади. Демак, туҳматномаларини Ҳомиднинг ўзи ёзмаган. Бу қабиҳ ишда унга кимдир кўмаклашган. У туҳматномаларини кимгадир ёздирган.

Уста Фарфининг “Отабекнинг тилидан бир талоқ хати ёздирадир-да…” дейиши, Ҳомиднинг “ёздириб бераман”, “ўмартириб бераман” деган таъкиди кишини ўйлантиради. Муаллиф Ҳомид ёздирган сохта мактубларни “хиёнатнома” деб атайди. Адиб асарнинг “Хиёнат” фаслини “Юқорида Отабек томонидан олинган мактубнинг ҳақиқати мана шу йўсин хиёнатнинг натижаси эдики, биз энди хиёнат қаҳрамонлари билан таништирамиз”, деб тугаллайди ва кейинги фаслларда Содиқ, Жаннат опа, Муталнинг кирдикорлари билан таништириб, уларнинг чиркин қиёфасини кўрсатади. Лекин Ҳомиднинг ғараз, туҳматга тўла чиркин “хиёнатнома”ларини ким битгани хусусида ҳеч бир ўринда изоҳ бермайди.

Роман сюжетида Отабек, Ҳомид, Юсуфбек ҳожи, Ўзбек ойим, Кумуш сингарилар фаол қаҳрамон сифатида кўринади. Улар асардаги деярли барча воқеаларда бевосита ёки бавосита иштирок қилади. Муаллиф воқеалар марказида турган бу қаҳрамонларнинг қиёфаси, ўй-кечинмаси, хатти-ҳаракати ва ўзаро муносабатини жуда таъсирчан ёритади. Романда яна шундай қаҳрамонлар ҳам борки, улар “саҳна”да кўринмайди, лекин номи тилга олинади. Шундай қаҳрамонлардан бири – Умарбекдир.

Маълумки, Абдулла Қодирий қаҳрамонларини уларнинг портретини чизиш орқали “майдон”га олиб киради. “Ўткан кунлар” муаллифи инсон образини яратишда адабиётда азалдан қолипга айланган бу анъанавий усулдан жуда самарали фойдаланади. Асарда персонажлардан деярли барчасининг портрети чизиб берилади. Умарбекнинг эса, воқеаларда бевосита қатнашмагани учунми, қандай одам эканлиги, кўриниши қанақалиги, нима иш билан шуғулланиши маълум қилинмайди. Умарбек билан Ҳомид ўртасида қандай алоқа борлиги ҳам аниқ айтилмайди. Асарда Умарбекнинг номи икки ўринда – биринчи марта уста Фарфи, иккинчи марта Ҳомид томонидан тилга олинади. Уста Фарфи уста Олимнинг уйида Отабек ҳам иштирок этган суҳбатда ҳамкасб қадрдонига: “Сиз Умарбекни Ҳомидга яқин дўст эканлигини биларсиз, албатта… Ўша Умарбек билан ораларида яқинда бир совуқлик тушди-да, бундан ўн кунча илгари Ҳомиднинг бир мудҳиш ваҳшати тўғрисида Умарбекдан бир сир эшитдим. Ҳомид Комилбекни ўлдирганда устида бўлмаган бўлса ҳам, аммо ҳалиги эшитган сиримнинг далолатига қараб, албатта, Комилбекнинг қотили Ҳомид деган фикрга тушдим”, дейди. (Ўша нашр. 232-бет). Ҳомид Содиққа: “Менинг бу сиримни сиздан бошқа ҳеч ким билмайди. Умарбек билан бир оз нари-бери бўлиб қолган эдим, ҳайтовур тағин орани очиб юбордик”, деб айтади. (Ўша нашр. 241-бет). Умарбекнинг номи романда бошқа эслатилмайди. Аммо уста Фарфи ва Ҳомиднинг унинг тўғрисидаги сўзлари Умарбек “қора чўтир юзли, чоғир кўзли, чувоқ соқол, ўттиз беш ёшлардаги” кимсанинг қабиҳ ишларидан хабардорлигини билдиради.

Асарда Ҳомиднинг жиноий ишида бевосита иштирок этган Содиқ, Жаннат опа, Муталнинг хатти-ҳаракатлари аниқ тасвирлангани ҳолда, “Ҳомидга яқин дўст”, “ҳамма вақт юриш-туриши бир бўлган” Умарбекнинг нима иш қилиши, у Ҳомид билан нима учун “нари-бери қолгани-ю ҳайтовур тағин орани очиб юборгани” хусусида ҳеч қандай изоҳ берилмайди. Бу образ романда сирли жумбоқ бўлиб қолади. Шундай бўлса-да, уста Фарфининг сўзлари, Ҳомиднинг эътирофи “хиёнатнома”ларни Умарбек битмаганми, деган гумон, тахминга асос беради. Албатта, асардаги ҳар бир сўз, жумладан, ундаги мактуб, аризалар ҳам муаллифга тегишли. У қаҳрамонларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини ўқувчи тасаввур қиладиган тарзда ифодалайди, уларни худди ҳаётдаги одамлар сингари гапиртиради. Китобхон хаёлан романнинг сир-сеҳр мужассам саҳифаларига берилиб, воқеалар ҳаётда ҳам худди асарда нақл қилинганидек кечишига чиндан ишонади. Асардаги ажойиб манзаралар, кутилмаган учрашувлардан эртаклар эшитмай улғайганидан унча-мунча нарсага ҳайратланмайдиган бўлиб қолган. ХХI аср китобхони ҳам беҳад таъсирланади. Жумладан, Кумушни ҳушсиз қилиб қўйган мактуб ҳам уни бефарқ қолдирмайди. Ҳомиднинг Отабек, Ўтаббой қушбеги устидан уюштирган туҳмат тўла мактубини ҳозир ҳам ўқувчилар ҳаяжонсиз ўқий олмайди.

Роман асосида аввал ишланган бадиий фильмда Ҳомид хиёнатномалар ёзаётгани, у Отабекнинг яқин кишиси сифатида тўйда иштирок этгани ва унинг елкасига тўн ёпишгани кўрсатилади. Асарда эса Ҳомид Отабек ва Кумушнинг тўйи хабарини етти кундан кейин Қўқондан қайтаётган чоғида эшитгани ва тиканга ағанагандай аҳволга тушиб, аламига чидолмасдан “икки хотинини арзимаган бир сабабни баҳона қилиб, яхшигина ургани”, сохта хатларни ҳам у ўзи ёзмагани, балки “ёздириши”, “ўмартириб бериши” маълум қилинади. Синчков ўқувчи ҳам қаҳрамонлар ҳаётини алғов-далғов қилиб юборган таъсирчан мактубларни Ҳомид ўзи ёзмай, кимгадир ёздирганини ҳис этади. Чунки Зиё шоҳичи айтганидек: “Ҳомид қўланса гаплар учун яратилган одам”. Уста Фарфи ҳам унинг тўғрисида худди шу гапни айтади. Ҳомиднинг гап-сўзлари ҳам худди шуни тасдиқлайди. “Қўланса гаплар учун яратилган” Ҳомид сингари кимсалар эса, Мусулмонқулдай қаҳри қаттиқ амалдорни “ниҳоятда тутақтирадиган”, Мирзакарим қутидор каби кўпни кўрган кишини ғазаб отига миндирадиган “ўлчовлик сўзлардан иборат” мактубни ҳар қанча уринганида ҳам ёза олмайди. Тўғрироғи, Ҳомид тоифасидагилар ҳеч бир замонда қўлига қалам олиб, қоғоз қорайтирмайди. Бундай заҳматга уларнинг бўйни ёр бермайди. Ҳомидга ўхшаганлар ҳамиша ёзув-чизув ишларини бировларга бажартиради. Ҳар қанча ҳаракат қилганида ҳам Ҳомид “кўзларим зулм ёши билан жиқ, кўнглим давлат хоинлари қўрқинчидан титраган бир ҳолда қалам тебратаман” тарзида мактуб битолмайди. Ҳомидлар ўтган замонларда ҳам, ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам хат битиш қўлидан келадиганларни алдаб-авраб устамонлик билан ўз йўриғига солади ва ўз талабига мувофиқ таъсирчан жумлаларни ёздиради.

Агар романда Ҳомиднинг туҳматномаларини битган киши ҳам худди Содиқ, Жаннат опа, Мутал сингари ҳаракатлантирилганида эди, унинг сюжети янада тармоқланиб, воқеалар тамоман бошқача тус оларди. Чунки ҳар бир қаҳрамоннинг воқеалар жараёнига қўшилиши сюжетда янги йўналишларни ҳосил қилади. “Ўткан кунлар” муаллифи воқеалар драматизмини кучайтириш ва ўқувчиларнинг қизиқишини ошириш мақсадида, асарнинг кўп ўринларида воқеаларнинг энг муҳим жиҳатларини сир сақлайди. Чунки барча персонажларни воқеалар жараёнига жалб этиш ортиқча батафсилликни келтириб чиқаради.

“Ўткан кунлар” романи “саҳна”сида тўқсонга яқин, аниқроғи саксон олти персонаж кўринади. Уларнинг айримлари асосий қаҳрамон сифатида майдон марказида ҳаракат қилса, баъзилари бир-икки кўриниб, четга чиқади. Шундай персонажлар ҳам борки, уларнинг шунчаки номи қайд этилади. Масалан, асарда Умарбекнинг номи икки ўринда тилга олинса, Кумушнинг амакиси Муҳаммадраҳим Йўлдош ўғли ҳамда тоғаси Аҳмадбекнинг номи бор-йўғи бир ўринда эслатилади. Яъни, романнинг “Кутилмаган бахт” фаслида: “Домланинг: “Сиз ким Кумушбиби Мирзакарим қизи, ўзингизни тошкентлик мусулмон Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлига бағишламоқ ваколатини амакингиз Муҳаммадраҳим Йўлдош ўғлига топширдингизми?” деган сўроғи олти-етти қайтарилгандан кейин, шунда ҳам янгалар қистоғи остида аранг унинг розилиги олинди”, деб ўтилади. (Ўша нашр. 58-бет). Аҳмадбек эса, “Офтобойим қариндошларидан “жонкуяр” деб танилган”, деб таърифланади. Шундай бўлса-да, Кумушнинг амакиси ҳам, тоғаси ҳам Мирзакарим қутидор хонадонидаги бирор-бир тадбир, йиғинда кўринмайди. Шунингдек, Ойша буви Офтобойимнинг онаси, Мирзакарим қутидорнинг – қайнонаси, Кумушнинг бувиси сифатида улар билан бир хонадонда яшагани ҳолда, оиладаги бирор воқеага муносабат билдирмайди, ҳеч кимнинг гапига аралашмайди. Тўғрироғи, муаллиф уни воқеалар жараёнига унчалик жалб этмайди.

Албатта, муаллиф персонажларни ўз ижодий мақсадига мувофиқ ҳаракатлантиради. У айрим қаҳрамонларни воқеалар марказига қўйгани ҳолда, айримларини “майдон”да бир-икки кўрсатиш билан чекланади. “Ўткан кунлар”да Отабек, Кумуш, Ҳомид, Ўзбек ойим, Ҳасанали, Мирзакарим қутидор, Зайнаб асосий қаҳрамон сифатида ҳаракат қилса, Мирзакарим қутидор хонадони чўриси Тўйбека, Ҳасаналининг хотини Ойбодоқ икки-уч ўринда “саҳна”га чиқади. Воқеалар маромида уларнинг ўрни унчалик сезилмайди. Романда Умарбек Ойбодоқ, Тўйбекадан пастроқ даражадаги персонаж ҳисобланади. Яъни, Ойбодоқ, Тўйбека муайян ҳаракатда кўрсатилгани ҳолда, Умарбек воқеаларда умуман иштирок этмайди. Аммо “Умарбек Ҳомиднинг яқин дўсти”лиги таъкидланиб, улар орасига совуқлик тушгани, Ҳомиднинг қабиҳ ишлари Умарбекка маълум экани, у “Умарбек билан бир оз нари-бери бўлиб қолиб, ҳайтовур тағин орани очиб юборгани” эътиборга олинса, “Ўткан кунлар”да сюжетнинг энг муҳим йўналишларидан бири ривожлантирилмасдан қолгани ва у бевосита Умарбек образи билан боғлиқлиги аёнлашади. Агар асарда Умарбек образи Ҳасанали, лоақал Содиқ образи даражасида тасвирланганида эди, муаллиф таърифича “Ҳомиднинг ёмонлик корхонаси”нинг жирканч манзараси очиқроқ кўринарди. Чунки ҳомидларнинг ҳамтовоқлари билан муносабати ҳамиша зиддиятли кечади. Негаки, “ёмонлик корхонаси”даги кимсаларни ўзаро ҳурмат, инсоний меҳр-оқибат ришталари эмас, балки манфаат илинжи боғлаб туради. Бу тийиқсиз иллат домига тушганлар истаган пайтда бир-бирининг кўзига чўп суқади. Худбин, манфаатпараст кимсалар яқин кишилари, ўз ҳамтовоқларига нисбатан ҳам турли қабиҳликларни қила олади. Содиқ Ҳомидга: “Агар Отабек Тошкентга кетмаган бўлса, ул ҳолда ўзингиз айтгандек қилиб, тўппа-тўғри эртага Салим шарбатдорнинг олдига бораман-да, ўғлингни Мирзакарим аканинг илгари тошкентлик куёви ўлдирди, мен ўз кўзим билан кўрдим, дейман. Ана ундан сўнг хумсанинг ҳолига маймунлар йиғласин!” дейди. (Ўша нашр. 242-бет). Абдулла Қодирий салбий образларга муносабатини пардалаб ўтирмайди. У бундай персонажлар портретини нафрат, ғазаб билан чизади. Жумладан, Содиқни: “Йигирма икки ёшлар чамасида бўлган бу йигит сариқ танли, уккининг кўзидек чақчайиб, ўйнаб ва ёниб турган қизил кўзли, юзига парчинлангандек юза (пучуқ) бурунли, манглайи қанча ташқарига ўсиб чиққан бўлса, юзи ўшанча ичкарига кетган, қисқаси вақтсизроқ яратилиб қолган бир маҳлуқ”, деб таърифлайди. (Ўша нашр. 177-бет). Содиқ Ҳомидга: “Бу кунгача иккитасини жойлаштирдим, учинчисига ўтса, нима қилади?” дея одам ўлдирганини айтиб мақтанади. (Ўша нашр. 184-бет). Содиқ пул учун Ҳомидга ўхшаганлар буюрган ҳар қандай ишга қўл уради. Бундай “вақтсизроқ яратилиб қолган бир махлуқ”ни жиноий ишларига шерик қилиб олган Ҳомид ҳам табиийки, агар манфаатига салгина зид келса, ўз ҳамтовоқларини аямайди. Ҳомид яқин дўсти Умарбекни ҳам алдамаганида, уларнинг ўртасига совуқчилик тушмасди. Умарбек ҳам Ҳомиднинг қабиҳликлари тўғрисида уста Фарфига гапирмасди.

“Ўткан кунлар”да Ҳомид, Содиқ, Мутал образлари нуқул қора бўёқларда кўрсатилиши кўпчиликда эътироз туғдиради. Чунки ёмон одамлар муайян фазилатлардан, яхши кишилар маълум бир қусурлардан холи эмаслигини ҳамма билади. Лекин Ҳомид сингари қабиҳлар, Содиқ, Мутал сингари зўравонликни касб этганлар ҳамма замонда истаганча топиладики, ҳаётнинг бу ҳақиқатини ҳам инкор этиб бўлмайди. Умуман, адабиётдаги “ижобий қаҳрамон”, “салбий қаҳрамон” муаммоси жуда мураккаб ҳодиса. Жаҳон адабиётида инсон образи азалдан “ижобий қаҳрамон”, “салбий қаҳрамон”га ажратиб кўрсатиб келиниши ҳам шундан далолат беради. Абдулла Қодирий барча персонажларга ўз муносабатини очиқ билдиради ва улар худди шундай эканлигини бевосита кўрсатади. Жумладан, Отабек, Кумуш, Юсуфбек ҳожига эҳтиром билан қарагани ҳолда, Ҳомид, Содиқ, Мутал, Жаннат опа, Мусулмонқул кабиларнинг суратини ҳам, сийратини ҳам қора бўёқда чизади. Маълумки, яхшилар ҳаётда яхшилик қилишга интилиб, доимо бошқаларга наф келтиради. Ёмонлар эса сўзи, хатти-ҳаракати билан кўпчиликни ранжитиб, ташвиш келтиради. Қизиғи шундаки, улар ўзларининг зараркунандалиги, жиноий ишлари тўғрисида ўйлаб, изтиробга тушмайди. Ҳомиднинг қабиҳликлари буни тасдиқлайди. У бегуноҳ кишиларга бемалол туҳмат қилади ва бундан виждони заррача қийналмайди. Аксинча, уста Фарфи айтганидек, у доимо, “Фурсат келиши билан яна бир ёмонлик қилмоққа, қутидорнинг қизини ўзиники этишга ўйлаб юрадир”. Ҳомид Кумуш билан бирор марта гаплашмаган. Мирзакарим қутидор ҳам ўн етти ёшли ёлғиз қизини икки хотини бор, ўттиз беш ёшли бир кимсага беришни истамайди. Ҳомид эса, шундай монеликларга қарамай, истагидан қайтмайди ва худбинона ниятига зўравонлик билан эришишга ҳаракат қилади. Кишининг ички дунёси унинг хатти-ҳаракатида билинади. Хотинларига муносабати, давраларда айтадиган гап-сўзлари, бегуноҳ кишиларга туҳматлар уюштириши, Комилбекни ўлдиртириши, Содиқни Отабекни ўлдиришга йўллаши, уста Олимнинг қайниси Сайфига зўравонлик қилиши, Кумушни ўғирлашга урингани Ҳомиднинг ички дунёси ҳам қиёфаси сингари хунук, жирканчлигини намоён этади. Шунинг учун яқинлари Ҳомидни “қўланса гаплар учун яратилган”, дейишади.

Ўқувчи Отабек, Кумушни қийноқларга солган, хонадонидагиларга кўп ташвиш келтирган туҳматномаларни ташкил этган Ҳомиддан нафратланади. Шу боис Ҳомид туҳматномаларини кимга айтиб ёздирганига кўпчилик эътибор бермайди. Мавлоно Жалолиддин Румий “Маснавий маънавий” асарида шундай байтни келтиради:

Чун қаламким, тушса ғаддор дастига,
Шубҳасиз, Мансур борур дор остига.

Энг қаҳри қаттиқ, золим ҳукмдор ҳам асос бўлмаса, бировни жазолаёлмайди. Одамни, у ким бўлишидан қатъи назар, қамаш, қатл қилиш ҳеч бир замонда жўн, осон иш эмас. Бунинг учун кимдир шикоят қилиши, унинг даъволари текшириб аниқланиши керак. Жабрдийданинг арз-доди асосли топилсагина, жиноятчи белгиланган қоидалар асосида жазога тортилади. Лекин ҳаётнинг ғаройиб сир-синоати шундаки, баъзан бегуноҳ кишилар ҳам туҳмат туфайли кўп азият чекади. Халқнинг “Туҳмат тошни ёради” мақолида ҳаётдаги шундай ҳодисалар назарда тутилади. Ғаддорлар шундай туҳматларни тўқишадики, баъзан тажрибали, адолатли қози, судьялар ҳам ҳақиқатни аниқлаёлмасдан нотўғри ҳукм, хулоса чиқаради.

Ҳомиднинг туҳматномаларини ҳам бир ғаддор ёзиб берган. У қабиҳ ишнинг фаол иштирокчисидир. Туҳматномаларни битган ҳам худди Содиқ, Жаннат опа, Мутал сингари Ҳомиднинг ҳамтовоғи, шеригидир. У Ҳомиднинг жиноий ишига Содиқ, Жаннат опа, Муталдан кўра кўпроқ ҳисса қўшган. Лекин муаллиф негадир бу ғаддорни панада қолдирган. Зукко, лаёқатли кишилар ҳам баъзан нафси йўриғига тушиб, ўзи истамаган ҳолда, ҳомидларнинг “ёмонлик корхонаси” хизматини қилади. Лекин туҳматчилар ҳаддидан ошиб, қотилликка қўл урганида, уларнинг виждони ғалаёнга келади. Негаки, ўқимишли, маърифатдан баҳраманд кишилар “худо ҳақни ноҳақ қилмаслиги”ни ҳамиша ҳис этади. Умарбек ҳам бегуноҳ Комилбекнинг фожиали ўлимидан виждонан азобланган ва Ҳомид билан “нари-бери бўлиб” қолгач, унинг “ваҳшат”лари ҳақида уста Фарфига гапириб берган.

“Ғаддор” – арабча сўз бўлиб, сотқин, хоин, золим, хиёнаткор, маккор, фирибгар маъноларини билдиради. Ҳаракат, аъмолида шу иллат мавжуд кимсалар ҳар қандай тубанликка боради. Ҳомидлар доим ғаддорларга таяниб иш тутади. Отабек, Кумуш, Мирзакарим қутидор сингари кишилар ишонувчанлиги боис Ҳомид сингари худбинлар ва уларнинг тегирмонига сув қуядиганлардан панд ейди. Отабек, Мирзакарим қутидор бошларига шунча туҳмат ёғилса-да, Ҳомиднинг номини тилга олмайди. Юсуфбек ҳожи, Ҳасанали ҳам яқинлари “қўланса гаплар учун яратилган одам”, дея таърифлаган кимсадан шубҳаланмайди. Улар диёнатли, иймон-эътиқоди мустаҳкам кишиларга хос йўл тутишади. Диёнатли кишилар аниқ асос бўлмагунча ҳеч кимни айбдор этишмайди. Иймони суст кишилар эса сабрсизликлари туфайли бошқалар тўғрисида дарҳол турли шубҳа, гумонга берилишади.

Ҳомиднинг туҳматномалари уларни зукко киши битганидан далолат беради. Айнан ўшанинг хизмати туфайли Ҳомид бегуноҳ кишиларни кўп изтиробга солади. Чунки ёзишмаларга ҳамиша аниқ асос, далил, ҳужжат деб қаралади. Ҳомид Мирзакарим Қутидор уйига кетма-кет совчи жўнатишларидан натижа чиқмагач, “хатни хат қилгувчи котиб”ни ишга солади. Ўша котиб Ҳомиднинг мақсадига мувофиқлаб, мактуб, ариза битиб беради. Барча можаролар ўша мактуб, аризалар туфайли содир бўлади. Ҳомид худди яхши иш бажармоқчидек мамнунлик билан: “Илгариги гал ёздириб берганимдек ўз режамизга мувофиқлаб, Отабек тилидан яна бирини ўмартириб бераман”, дейди. (Ўша нашр. 183-бет). Ҳомид андишасиз бўлгани учун Отабек, Ҳасаналининг олдида жияни Раҳматга: “Сенингдек йигитлар учун, албатта, битта хотин ҳам ортиқчалик қилади!” деб айтади. Ҳаётдаги барча муаммо, зиддиятлар мол-давлати, мансаб-амалига мағрурланиб, бошқаларни назар-писанд қилмайдиган Ҳомид сингари андишасиз такаббурлар туфайли келиб чиқади.

Донишмандлар қадрдон кишиларнинг дўстона суҳбатини дунёдаги энг ширин нарса дейишади. Ҳомид “қўланса гаплари” билан шундай кишилар суҳбатини ҳам бузади. Табиийки, шундай кимсага ҳамтовоқ тутиниб, унинг туҳматномаларини битган ҳам яхши одам саналмайди. Ўша ғаддор ёзган мактуб, аризаларни ўқиётганда, киши баданига бехосдан совуқ бир нарса теккандай сесканиб кетади. Отабек, Кумуш, Юсуфбек ҳожининг мактублари эса самимий дил изҳори бўлгани боис, қалбни тўлқинлантириб, ҳаммага ажиб ҳислар бағишлайди. Кумушнинг мактубидаги қалб изтироблари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Умуман, Абдулла Қодирий қаҳрамонларининг мактубларида уларнинг руҳий олами, характер хусусиятларини ёрқин очиб беради.

Отабекнинг мактубларида унинг вазмин, босиқлиги, обдон ўйлаб мулоҳаза юритиши сезилади. У ҳар бир нарсани ўзи аниқлаб, билиб олишга интиладиган одамлар сирасига киради. Отабек душанба кечасидаги қонли олишув чоғида Ҳомиддан: “Менга жавоб беринг-чи: бу ёмонликларингизда сиз ҳақлими эдингиз? деб сўрайди. (Ўша нашр. 253-бет). Ҳомид эса: “Ҳақли эдим!” деб жавоб беради. У жароҳатланиб, ўлар ҳолатда ётган пайтида ҳам шу гапини айтади. Асарда бу: “Ҳомид ҳолсизланиб ётар экан, уни беш қадам наридан кузатиб, тек турувчи Отабек заҳарханда ичида “Ҳақлими эдинг?” деб сўради. Кучаниб “Ҳақли эдим!” деди Ҳомид ва қўлидаги ханжарини Отабекка отди, ханжар Отабекнинг ёнига келиб тушди”, деб тасвирланади. Ҳомиднинг Кумуш билан кўришмаган, гаплашмаган, унинг ота-онаси билан ҳеч қандай алоқа-муносабати бўлмаган ҳолда, бундай даъво қилиши ҳам турли саволларни туғдиради. Шуниси аниқки, Ҳомид кабилар ҳамиша манфаатини ўйлаб, узоқни мўлжаллаб иш тутади. Улар кўпинча, ўз мақсадини бошқаларга сездирмайди. Ҳомидлар ҳамма замонларда кумушларни қўлига киритиб, давлатманд оталарнинг мол-мулкини ўзлаштириш пайида бўлишади. “Қора чўтир юзли, чоғир кўзли, чувоқ соқол”нинг турли найранглари замирида ҳам унинг ана шу худбинона нияти туради. Албатта, асарда бирор ўринда, Ҳомиднинг шундай нияти борлигига ишора қилинмайди. Лекин Ҳомиднинг жон-жаҳди билан уринишлари унинг мақсади ғаразли эканлигини билдиради.

Умуман, турли табиатли одамлар орасидаги муносабатлар юксак маҳорат билан тасвирланган “Ўткан кунлар”ни қайта мутолаа қилиш ҳар бир киши учун ҳамиша мароқли кечади ва ўзбек адабиётининг бу биринчи романи санъатнинг асл асари сифатида, шубҳасиз, турли қизиқарли мулоҳазалар уйғотади.

Manba’: «Sharq yulduzi»,2011-yil,3-son

(Tashriflar: umumiy 395, bugungi 1)

Izoh qoldiring