Abduqodir Hayitmetov. Yasha,Turon! & Nodir lahzalar.

0927 май — атоқли адабиётшунос олим Абдуқодир Ҳайитметов таваллуд топган кун

Орадан йиллар ўтди. Институтни ҳам тамомладик. 60-йилларнинг ўрталари. Салқин ёз кунларининг бирида нонуштадан сўнг ишга отландим. Катта кўча йўлагидан автобус бекати томон борарканман, кўчанинг нариги томонидан тўриқ от қўшилган бир резинка ғилдиракли бўш аравани илдам ҳайдаб, Қўйлиқ томон кетаётган, тўладан келган, таниш башара одамни кўрдим. Кимгадир ўхшатдим. Яхши эслолмадим.

02

08 Абдуқодир Ҳайитметов 1926 йилнинг 27 майида Фарғона вилоятининг Данғара туманидаги Қиёлиқум қишлоғида туғилди. 1949 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг Шарқ факултетини битиргач, 1949-1952 йилларда Шарқ қўлёзмалари институти аспирантурасида таҳсил олди. У академик Ойбек тавсияси асосида «Алишер Навоийнинг адабий-танқидий қарашлари» мавзуида номзодлик ва «Навоийнинг ижодий методи» мавзуида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди.

Атоқли олим 1953 йилнинг мартидан умрининг охиригача Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида кичик илмий ходим, катта илмий ходим, мумтоз ўзбек адабиёти тарихи бўлими мудири, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимларида самарали меҳнат қилди.

Абдуқодир Ҳайитметов мамлакатимиздаги йирик адабиётшунос олим сифатида халқимизнинг улуғ шоири Алишер Навоий ижодий фаолиятини ўрганишга салмоқли ҳисса қўшди. Унинг «Алишер Навоийнинг адабий-танқидий қарашлари», «Навоий лирикаси», «Шарқ адабиётининг ижодий методи тарихидан», «Навоийхонлик суҳбатлари» каби китоблари Навоий ижодининг серқирра жиҳатларини тадқиқ этишга бағишланган.

Олим 500га яқин илмий мақолалар, монография ва рисолалар эълон қилди, «Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи»нинг академик нашрини тайёрлашда раҳбар ва ҳаммуаллиф сифатида жонбозлик кўрсатди, улуғ аждодларимиз ҳақидаги «Алишер Навоий», «Абу Райҳон Беруний» каби ҳужжатли филмларни яратишда фаол иштирок этди. Абдуқодир Ҳайитметовнинг раҳбарлигида 30га яқин докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинган.

Абдуқодир Ҳайитметов «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони, Давлат мукофоти ва «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган. У 2005 йили вафот этган.

005
Абдуқодир Ҳайитметов
ИККИ ХОТИРА
011

«ЯША,ТУРОН!»
02

Онамиз раҳматлик бирон хонанда радиода меъёрига етказиб яхши бир қўшиқ айтса ёки бирон раққоса саҳнада қойилмақом қилиб ракс тушса, ундан таъсирланиб, бизга:
— Дунёга келиб, шуларнинг ҳам дилида бирон армони бормикан-а! — деб қўяр эдилар.
У кишининг назарида бундай одамлар Худо берган, халқнинг ҳурмат-иззатига сазовор бўлган энг бахтиёр кишилар бўлиб, улар ҳар қанча эъзозланса камдек эди.
Лекин ҳаётда ўз қадрини топиб-топмаган, тақдир ноғораси ҳамма вақт ҳам бир хилда сийлаб-сийламаган санъат юлдузлари ҳам бўлган.
Мен бу ўринда халқдан чиққан, эл меҳрини қозонган машҳур санъаткор, бир вақтлар «Фарҳод ва Ширин», «Эртарғин», «Лайли ва Мажнун» операларида бош ролларни ўйнаган Муҳиддин Қориёқубов ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Ўз вақтида уни кимдир «Саҳнамиз Алпомиши» деса, европа табиатлилар уни «Ўзбек Шаляпини» деб атагувчи эди.
Мен ўзим Тошкентда яшасам ҳам, бироқ бу камтар ва ажойиб инсонни биринчи маротаба Фарғона водийсининг Боғдод тумани марказида яқиндан кўрган ва суҳбатидан баҳраманд бўлган эдим. Уруш ҳали тугамаган. У киши ранг-баранг истеъдод гуллари ва ғунчаларидан иборат гуруҳи билан ўша ёқларда томоша кўрсатиб юришган экан. Биз эса элликдан зиёд талабалар ғўза яганасига ёрдам бергани борган эдик.
Концерт, эсимда, туман марказидаги катта чойхона саҳнида, қош қорайганда бошланган эди. Одам кўп. Хотин-халаж. Ўш-яланг. Уруш бораётганига қарамай, халқ кўтаринки руҳда. Олдинги қаторда оёқ яланг, тиззаларини қучоқлаб ўтирган болалар.
Шунда Қора-ка кечани олиб борган, ашула ҳам айтган, аскияда ҳам ҳеч кимдан енгилмаган. У «Омон-ёр» ашуласини ижро этаётганда, қўшиқнинг ҳар бандида турли шаҳарларимиз номини тилга олар экан, қўқонликларга келганда:

Ҳой-ҳой ука, қўқонли ука, омон-ёр!
Сенинг нозик бўйнингдан-эй, омон-ёр!..

деб айтган ва ҳаммани кулдирган эди. Биринчи бўлиб қўқонликларнинг ўзлари роса кулишган. Чунки ўша вақтда ичадиган сувларида йод моддаси етишмаганлиги сабабли шаҳарда буқоқлар жуда кўпайиб кетган, кўчаларда бўқоғи кўкрагигача тушадиган эркак ва аёлларни кўриш мумкин эди. Биз ўшанда қайтишда кўрган томошамизни йўл-йўлакай қизғин муҳокама қилиб, турган манзилимиз — Қонгли қишлоғига пиёда қандай етиб борганимизни билмай қолган эдик…
Орадан йиллар ўтди. Институтни ҳам тамомладик. 60-йилларнинг ўрталари. Салқин ёз кунларининг бирида нонуштадан сўнг ишга отландим. Катта кўча йўлагидан автобус бекати томон борарканман, кўчанинг нариги томонидан тўриқ от қўшилган бир резинка ғилдиракли бўш аравани илдам ҳайдаб, Қўйлиқ томон кетаётган, тўладан келган, таниш башара одамни кўрдим. Кимгадир ўхшатдим. Яхши эслолмадим.
Уч-тўрт кун ўтгандан кейин ўша арава, ўша одамни яна кўрдим, — бир қўлида отнинг жилови, иккинчи қўлида узун қамчи. Уни ўша — машҳур артист Қориёқубовга ўхшатдим. Аммо ичимда: «Одам одамга ўхшаши мумкин-ку!» — деб қўя қолдим.
Бир-икки ҳафта ўтгач, кунлар қизий бошлаб, меҳнат таътилига чиқдик. Узоқроқда бориб дам олишнинг иложи бўлмай, Қорасув маҳалла чойхонаси доимий манзилимга айланди.
Бир куни пешинга қолмай чиқсам, чойхонанинг ташқари қисмида улфатлар ҳаммаси жам, жўрабошимиз — урушни Югославияда тамомлаган собиқ жангчи, қўшни — электроаппарат заводида цех бошлиғи Исмоил ака ҳаммадан бурун бозор қилиб келган, доимий ошпазимиз Миртилла қуролдош дўсти билан қозон тепасида — ош ҳаракатида. Бир қўли йўқ дўстимиз — Ҳожим соғ қўли билан гурунч тозалар, кимдир сабзи, кимдир пиёз тўғраган. Мен ҳам гўшт тўғраётган жўрабоши ёнига ўтириб, уларга қараша бошладим.
Сал нарида шахмат, шашка, домино ўйинлари авжида. Сўрининг тагидан шилдираб оқиб турган сув кекса тут соясида дам олаётган барча ёшу қарига ажиб бир кайфият бағишлаётган эди.
Таги марғилонлик бўлган чойхоначимиз Қурбонали ака қўли қўлига тегмас, барчага хизматда, чой деганга чой, нон деганга нонни оғзидан чиқиши билан етказиш пайида.
Қурбонали ака одатдаги ишлари андак камайгач, чойнак ва пиёлаларни арта бошлади. Шу пайт йўлнинг нарёғида кўк беда ортилган бричка арава тўхтади. Устидан Марғилон дўппи кийган, барваста бир киши ерга сакраб, отини ариқ ёқасидаги толга бойлаб, кўйлак ва шимидаги чанг-чунгни қўли билан қоқиб, қўлида қамчин, чойхона томон юрди.
У катта йўлни, сўнг трамвай изини кесиб ўтиб, чойхонага яқинлашар экан, уни бу вақтда шахматга ўтган жўрабошимиз ва Қурбонали ака кутиб олишди. Жўрабоши меҳмоннинг қўлини сиқиб:
— Келинг, Қора-ка! Қандай шамоллар учирди сизни биз томонга? — деди.
— Одам бор жойга одам келади. Кўпдан бери шу сўлим масканда бир пиёла чой ичсам, дейман, — имкони бўлмайди. Вақти-соати бугун экан-да! — деди самимият билан.
Қурбонали ака эса у билан:
— Келинг, ҳамшаҳар! Қадамларига ҳасанот? — деб кўришар экан, унинг меҳмонни олдин ҳам озми-кўпми билгани, танигани англашилди. Бу ўша «Қора-ка» номи билан танилган машҳур Муҳиддин Қориёқубов эди.
Қурбонали ака чаққонлик билан ичкаридан янги бир атлас кўрпача олиб чиқиб ёзди. Меҳмон оёғида этиги бўлгани учун сўрининг чиқаверишдаги ўнг бурчагига жойлашди ва фотиҳа ўқилгач, Исмоил акага:
— Мен шу ердан ўтган аҳли мўминларнинг руҳларига кичгина бир тиловат қилиб юборсам майлими? — деди.
У ва бошқалар ҳам бош ирғаб:
— «Бош устига!» — дегандек бўлдилар. Меҳмон бир неча лаҳзага чордона қуриб ўлтирди-да, кўзини юмиб, баланд овоз билан «Валлайл» сурасини шундай қироат билан ўқидики, бутун борлиқ нурга тўлгандек, шу маҳалладан ўтган Жўрабек додхо, асли ҳастимомлик, шу чойхона орқасидан жой қилган Саидолим Эшон, кимсан Азиз ота кабиларнинг руҳлари шод бўлган бўлса, ажаб эмас. Унинг қироатига қойил қолган Исмоил ака менга: — «Бу киши санъатга қориликдан ўтганлар!» — деганлари тўғрига ўхшайди! — деб қўйди.
Меҳмон учун жонини ҳам аямайдиган Қурбонали ака унинг олдига янги дастурхон ёзиб, патносда тўртта нон, қанд-қурс, ликопчада қора майиз олиб келиб қўйди.
Қора-ка серқатнов кўча, атрофдаги обод, сердарахт ҳовлиларни кўздан кечирар экан:
— Бурунгилар ҳар манзилнинг ўз файз-таровати, ўз меҳргиёси бор, деб бекорга айтмаганлар! — деб қўйди ва яна деди:
— Бу — эски Қўқон йўли. Бу ердан кимлар ўтмаган! Бобур Мирзо! Худоёрхон!.. Биз — санъаткорлар ҳам гоҳ аравада, гоҳ машинада — кўп ўтганмиз…
— Яхши гапларингиз учун раҳмат, Қора-ка! Турган жойимиздан нолимаймиз. Экамиз десак, ер ҳам кўп бу ерда, ичамиз десак сув ҳам! — деди Исмоил ака. — Атрофга қаранг. Бу ерда мевали дарахт экилмаган ҳовли йўқ.
Бошқалар ҳам унинг гапларини маъқуллашди. У яна сўзида давом этади:
— Бу ерда сизни танимайдиган одам йўқ. Томошаларингизни кўришган. Ашулаларингизни эшитишган. Лекин кейинги вақтда шу ердан аравада ўтиб юрганингизни кўриб, ҳаммалари ҳайрон. Бирлари: “Ишқибозликка бир нарса деб бўлмайди. От-аравага ишқлари тушиб қолган бўлиши мумкин!” дейишса, баъзилари: «Буни, ўнг келиб қолса, — ўзларидан сўраймиз!» дейишади. «Театрда у киши билан галма-гал бир ролни ўйнайдиган, ўзига ўхшаган шерикларидан бири бўлиши мумкин!» — деганлар ҳам бўлди.
— Демак, мен билгандай тўхтабман-да! Баракалла! — деди кулиб Қора-ка.
Шу дамда Қурбонали ака дастурхонга бир лаган чиллаки узум, тандирда ёпилган учбурчак сомса қўйиб кетди. Унинг орқасидан қозонга уринаётган Миртилла бир тарелка иссиқ жиззани дастурхоннинг меҳмонга яқинроқ ерига жойлаштира бошлади. Буни кўриб Қора-ка:
— Қозонда жиз-биз. Тўрда сиз-биз, экан-да! — деди жилмайиб.
Қора-ка кўк чойдан ичиб, дастурхондаги ноз-неъматлардан тамадди қилар экан, кайфияти чоғ, ҳамма чарчоғи тарқаётгандек эди.
— Менинг ҳам жўраларим бор, — деди Қора-ка, бўлиб ўтган гапларга ўз муносабатини билдиришни хоҳлагандек. — Улфатчиликда директоримизнинг ўзи ҳам бор. Бироқ бу йил қишда директор билан ўртамизда гап қочиб қолди. Шу-шу гоҳ ишга бораман, гоҳ бормайман. У ўзимнинг шогирдим. Лекин гап иш ҳақида борганда, икковимиз ҳам устоз-шогирдликни унутиб қўямиз, чоғимда. Бундан бир ойча бурун ишга борсам, унинг ёш артист йигитларимиз билан ғижиллашиб тургани устидан чиқиб қолдим. Умрида от минмаган, арава ҳайдамаган, қўлига ўроқ тутмаган йигитларни хўжалигимизга тегишли ерга бориб, ёрдам беринглар, бедалар гуллаб кетди — ўриб, аравада ташиб келинглар, деяпти. Мен унга:
— Умрида отнинг ёнидан ўтмаган, юганини ушламаган болалардан нимани талаб қиласиз! Бунақа ишни биздақаларга буюринг, — қойил қиламиз. Отни кўкрагида ёли бор одам минади! Деҳқончилик, аравакашлик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди! — дедим.
У эса устозим мени масхара қиляпти, деб уйлаб:
— Мени калака қилманг. Далада беда кўрпа бўлиб кетган, ўрилмасдан. Боғ қаровсиз. Бу ердаги жонворларимиз оч, егани на ўт бор, на ем, — деди куюниб, қўли билан шу ердаги артистларни концертга олиб боришда хизмат қиладиган от-араваларни кўрсатиб. — Сизни далага юборсак, одамлар айтмайдими, домласини қувғин қила бошлабди, деб.
— Буёғини менга қўйиб беринг! — дедим кескин. Чиндан ҳам ёшлигимда аравакаш тоғам билан кўп бирга бўлиб, от, аравага кўникма ҳосил қилган эдим. Шу билан бирга, ўзимнинг ҳам икки-уч ҳафта шаҳарни тарк этиб, далада бўлгим, тоза ҳаво олгим, бу ердаги ишларни, диққатчиликларни унутгим бор эди. Мана, бир ойдан ҳам ошаяпти, — бир оёғим Чирчиқнинг нариёғида, бир оёғим шаҳарда. Эрталабдан аканг қарағай деб далага ҳайдайман аравани. Тўйиб-тўйиб тоза ҳаво оламан. Югураман. Беда ўраётганларга қарашаман ҳам. Чирчиқ шундоқ кўриниб туради. Бориб ҳовитаман. Овозимни синаш учун ашула ҳам айтаман. Ҳозир илгаригидан ҳам анча яхшиман. Баъзида болаларни ҳам олиб бораман.
Қора-ка олдидаги ноз-неъматлардан еб, гоҳо чойдан ҳам хўплаб ўтирар экан, маҳалладаги таниқли тунукасоз, улфатларнинг ёши каттаси Абдулазиз ака Қора-кага мурожаат қилиб:
— Қора-ка, беадабликка ҳисобламасангиз, бир илтимосимиз бор. Бугун дам олиш куни. Ёшлар «Қора-кам битта хиргойи қилиб берсалар!» дейишяпти, — деди.
Унинг гапини, қўлида махорка папироси, Уста Азим ака ҳам табассум билан маъқуллаб турар эди.
Қора-ка кулиб:
— Айтишга айтавераман-ку! Лекин бунинг учун аввало музика бўлиши керак. Қолаверса, ўзим ҳам озгина тайёргарлик кўрган бўлишим керак! — деди камтарона.
— Сизга тайёргарликнинг нима кераги бор, Қора-ка! — деди қўшни сўрида чойхўрлардан бири. — Сиз ўзингиз артист бўлиб, ҳофиз бўлиб туғилгансиз.
Бу гап Қора-кага ёкди. У дастурхондаги майиз солинган ликопчани — майизини патносга тўкиб — қўлига олди ва урушдан олдин ўйналган «Фарҳод ва Ширин» операсидан ўз вақтида машҳур бўлган, «Тошкент ироқи» куйида айтилувчи, «Ҳижрон туни” деган Фарҳод ариясини шошмай ижро эта бошлади. Ҳаммаёқ сув қуйгандек бўлиб, тингловчилар ҳам уни диққат билан, кўплари кўзларини юмиб эшитишди. Бу ашулани мен ҳам кўпдан буён эшитмаган эдим. Дард билан тўла бу қўшиқ барчанинг юрак-юрагига етиб борди. Қўшиқ тугагач, ҳамма бир ухлаб тургандек, ўзини енгил тортгандек бўлди. Мен ҳам. Қўшиқчига миннатдорчилик билдираётганларнинг саноғига етиб бўлмасди.
Қора-ка бу оғир ашулани айтиб бўлгунча дастурхонни иссиқ патир, айниқса, эртаги ўрик ва шафтоли билан ҳам тўлдиришга ҳаракат қилди. Қора-ка бу насибалардан яхшироқ татинишга ҳам улгурмай, унинг олдига Миртилла келиб:
—Қора-ка, одамни маст қиладиган, ухлатиб қўядиган ашулаларингиз яхши. Лекин биз урушда, ўрмонзорларда юрганимизда, юртимизни соғинганимизда «Ғайра-ғайра» ашулангизни айтар эдик! — деди унга эркалангандек.
Қора-ка эса унга:
— Отангизга раҳмат! Қиссадан ҳисса, «Ғайра-ғайра»ни айтиб беринг, демоқчисиз-да! — деди ва бу ашулани у сўридан тушиб, пастда, қўлида тарелка, бармоқларини ҳам ишга солган ҳолда завқ билан айта бошлади. Бу фурсатда тингловчилар яна-да кўпайган, кимлардир ўз уйларининг деразаларини очиб қўйиб, кимлардир болахонада туриб, бу қўшиқни мароқ билан эшитарди. Ашуланинг қуйидаги банди ижро этилаётганда эса, у шундай паст товушда, назокат билан айтдики, гўё игнанинг кўзидан ип ўтказаётгандай бўлди:

Уч кун деганда келмадинг;
Ёлғизлигимни билмадинг.
Ёки назарга илмадинг.
Ёр, мунча зор этдинг мени?
Кимларга хор этдинг мени?
Ғайра-ғайра дамбадам;
Ороми жонимсан менинг.

Исмоил ака меҳрибончилигини бўшаштирмас, меваларнинг пишган-пишганларидан меҳмоннинг олдига суриб қўяр, кўп айттириб уни чарчатиб қўйиш фикридан ҳам у узоқ эди. Бироқ ичкаридан яна бир илтимос тушди «Қора-кам «Омон ёр»ни айтиб берсинлар», деб. Қора-ка аслида олижаноб, сахийқалб одам эди. «Йўқ!» демади, йигитнинг сўзи қайтгунча шайтоннинг бўйни узилсин, деганларидек.
У завқ-шавқ билан қайнаб куйлар экан, айни авжга чиқаётганда, тарақа-туруқ ичи тўла одам билан трамвай ўтиб қолди. Қора-ка эса бунга парво қилмасдан айтаверди. Трамвайдаги йўловчилар ҳайрон — бу ерда нима бўлаяпти, дегандек. Шунда бир неча қўшиқ шинавандалари баланд товуш билан «Қойилман!», «Офарин!» деб қўйишди, хонандага эшиттириб.
«Чиллаки чиллакини кўриб чумак уради!» — деганларидек, шу аснода менинг ҳам у кишига эркалик қилиб, бир нарса дегим келиб қолди:
— Ҳамма ашулаларингизни эшитдим. Раҳмат! Яна биттаси қолди. «Яша Шўро»ни ҳам эшитайлик!
Аммо нимагадир менинг бу таклифим унга ёқмади. У дарҳол кайфияти ўзгариб:
— Келинг, ука, шуни мен айтмай, сиз эшитмай қўяқолинг! — деди шартта, гапимни кесиб.
Мен хижолат тортиб, ҳайрон бўлиб қолдим. Озгина вақт ўтгач, у яна ўзига келиб, гапирган гапига изоҳ бера бошлади:
— Маълумки, бу қўшиқни Ҳамзахон ёзганлар. Ашулани биринчи мен айтганман. Унинг оҳангини эса иккаламиз яратганмиз. Кейин ҳам анча йил айтиб юрганман. Орадан беш-олти йил ўтгандан кейин, бир куни Республика миқёсидаги катта йиғин охирида бўлган концертда мен ўзимча «донолик» қилибми, ёки шумлик қилибми, бу ашуланинг бошланишини озгина ўзгартириб:
«Яша, Турон! Яша, Турон!» —
деб эмас, балки:
«Яша, Шўро! Яша, Шўро!” — деб айтганман. Катталарга бу ўзгартиришим маъқул келиб, роса чапак чалишган. Кейинчалик воқеани Ҳамзахонга айтиб берсам, у киши:
— Ҳе, нодон! Шеърнинг қофиясини еб қўйибсан, «Замон»га «Шўро» қофия бўлолмайди-ку! — дедилар. Анча ўсал бўлдим. Лекин қизиқ жойи шундаки, ўшандан кейин бу қўшиқ ҳамма ерда мен айтгандақа қилиб айтиладиган бўлди. Кўчаларда ҳам. Катта концертларда ҳам. Кейин билсам, менинг бу «ихтиром» шоир асарларининг илмий нашрларига ҳам ўтиб кетган экан.
У гапидан озгина тўхтаб, бироз тин олди ва сўнг яна давом этди:
— Энди, гапнинг буёғини эшитинг. Шу йил қишда янги бир концерт гуруҳи тузилди. Унда мен ҳам бор эдим. Мен шу имкониятдан фойдаланиб, Ҳамзанинг «Яша Шўро»сини айтмоқчи бўлдим, лекин энди «Яша Шўро!» деб эмас, «Яша Турон!» деб. Мажлисда ғала-ғовур бўлиб кетди, мумтоз шоир, инқилобчи шоирнинг сўзларини ўзгартиришга кимнинг ҳаққи бор, деб. Мени концертда қатнашувчилар рўйхатидан ўчириб ташлашди. Бу масалага, чамамда, нозик идоралар ҳам аралашди. Директор мени ҳимоя қилмоқчи бўлди. Қўлидан келмади. Бу гап чувалашиб ҳозиргача давом этиб келяпти. Мен эса, мана, оёғимда этик, қўлимда қамчи — шаҳар билан Чирчиқ орасида беда ташиб, хиргойи қилиб юрибман. Бундан чиқдики, «Турон» деган сўзнинг кимларнидир қўрқитадиган маъноси бор экан — «Она-Ватан», «Озодлик», «Мустақиллик» деганларидек.
У бир пас дам олгач, ўз ҳаяжонларини босиб яна деди:
— Лекин мен ишонаман. Бир кун келиб, албатта, бу қўшиқни

Яша, Турон! Яша, Турон!
Сен яшайдирган замон. —

деб айтаман.
Ҳамма бир неча дақиқа жим бўлиб қолди. Миртилла билан Ҳомид эса шу паллада, қўлларида ош тўла иккита лаган, тепамизга келиб: «Ошга жой бўшатинглар!» деб қолишди. Апил-тапил қўллар ювилиб, ошга қўл урдик.
Улфатлар иштаҳа билан ошдан олишар экан, Қора-ка уч-тўрт ошам олгач, узр сўраб, қўлини арта бошлади.
— Директор билан бугун учрашувимиз бор эди, муҳим бир масала бўйича. Шунинг учун мени маъзур тутасизлар. Сизлар билан кўришганимдан беҳад мамнунман! — деди, илиқ табассум билан.
Шунда Исмоил ака:
— Бўлмаса, ошатаман! — деб қолди. Қора-ка эса хандон отиб кулиб:
— Ошамаган номард! — деди.
Исмоил ака кафтини тўлатиб, унга ош ошатар экан, у бир дона гуручни ҳам тўкмасдан ошаб юборди.
Қурбонали ака ичкаридан янги бир банорас тўнни олиб чиқиб унинг елкасига ёпди ва:
— Ўтган-кетганингизда кириб туринг, ҳамшаҳар! Хурсанд бўламиз! — деди.
Исмоил ака ва Миртилла азиз меҳмонни аравагача кузатиб қўйишди. Қора-ка отни бойлаган еридан ечиб, эпчиллик билан, ўз юки оғирлигини билдирмасдан, беда ғарами устига чиқиб, тик туриб, қўл силкиб биз билан хайрлашар экан, менинг назаримда у бир вақтлар ўзи ролини ўйнаган хушқомат ва паҳлавон Фарҳодга ўхшаб кетди.

НОДИР ЛАҲЗАЛАР
001

05Менинг улуғ шоир ва аллома Ғафур Ғулом билан танишлигим талабалик йилларимдан бошланган. Ҳусанжон исмли жиян биз билан ҳозирги Миллий университетнинг Шарқ факултетида ўқир эди. Қолаверса, кеннойимиз — Муҳаррам опанинг Қўқоннинг ойим туғилган ва яшаган Дегрезлик маҳалласидан эканликлари ҳам катта аҳамиятга эга бўлди. Бу оилада мени ҳамиша ўз ўғлидек кутиб олишарди.
Шу билан бирга, Ғафур ака то вафотларига қадар Ўзбекистон Фанлар академиясининг машҳур Тил ва адабиёт институтида бўлим бошлиғи, катта илмий ходим вазифаларида хизмат қилганлар. Мен бу даргоҳда 1953 йилдан фаолият кўрсата бошлаганман. У кишининг институтга ҳар бир келиши, хусусан, биз ёшлар учун байрамдек бўлар эди.
У киши бирон мавзуда маъруза қилмоқчи ёки мақола ёзмоқчи бўлсалар, мен кўпинча дастёрлик вазифасини бажарар, адабиётлар ўқиб берар, баъзан котиблик ҳам қилар эдим. Бу улкан ижодкор ва ажойиб инсон билан яқин мулоқотда бўлган кунларимни ҳаётимнинг энг қизиқарли ва мазмунли чоғлари, деб ҳисоблайман.

ҲОФИЗНИНГ КЎЧИШИ

Ғафур Ғулом Эски тошкентлик бўлиб, шаҳарнинг миридан сиригача билар, машҳур Мулла Тўйчи ҳофизга яқин жойда яшар экан. Кунларнинг бирида ҳофиз ўша атрофдаги бир ҳовлига кўчадиган бўлиб қолган. Охирги ашёларни кўтариб, кўп йил туз тотган манзилни тарк этиш кечқурунга — қоронғи тушган пайтга тўғри келган. Ҳамма унга ёрдам беришга ошиққан Ғафур ака ҳам шу маросимда иштирок этган. Кимнингдир қўлида челак ёки тоғора, кимнинг орқасида кўрпа-тўшак, яна кимдир коса, товоқ кўтарган ҳолда янги манзилга боришар экан. Ғафур акага ҳофизнинг ёнида ёқилган фонусни кўтариб, ҳар замонда унинг пилигини тозалаб туриш ва йўлни ёритиб бориш вазифаси топширилган. Улар кўчани тўлдириб, секин-аста илгарилаб боришар экан, бир нарса Ғафур акани жуда ажаблантирган ва ғашини келтирган. Ҳофизни таниган, билган одамлар ниҳоятда кўп бўлиб, улар ҳаммаси кўпинча қўл бериб кўришишга ҳаракат қилишаркан. Ким билан кўришмасин, Тўйчи ҳофиз олдин салом берган. Синчковлик билан ҳаммани кузатиб бораётган Ғафур аканинг бунга бироз ғаши келибди ва унга:
— Тўйчи ака, ўзингиз жуда яхши одамсиз-ку, лекин беҳад сермулозаматсиз-да. Ким билан кўришманг, олдин сиз салом бераяпсиз. Бошқаларнинг саломини ҳам олиб туринг-да! — деган. Бунга эса ҳофиз:
— Ука, шу маҳаллада ўсиб катта бўлганман. Ким биландир уришганман, ким биландир талашганман. Бирортаси нимадандир ранжиб: — “Ўзимиз билан чиллак ўйнаб, муштлашиб, тишлашиб юрган Тўйчивой энди осмонга қараб, ҳеч кимни танимай қўйибдими?! — демасин, дейман-да!” — деган экан кулиб.
— Қоронғида баъзиларини эса танимаяпман!

АДИБ ВА “ИЛОҲИЙ КОМЕДИЯ”

40-йилларнинг охирларида қаердадир ва кимдандир Ғафур Ғулом Дантенинг “Илоҳий комедия” номли асарини таржима қила бошлабди, — деган гапни эшитдим. Орадан бироз вақт ўтиб, Ғафур аканинг уйларида бўлганимда, ўзларига шу гапни айтдим. У киши:
— Дунёда шунақа гаплар ҳам йўқ эмас! — дедилар.
Бу буюк асарни рус тилида тўла ўқиганим ва у менда катта таассурот қолдиргани учун, бу масалага яна қизиқишим ортиб:
— Қилган таржималарингиз билан озгина бўлса ҳам танишсам бўладими? — дедим.
Маълумки, бу асар ғоят мураккаб шаклда ёзилган бўлиб, Ғафур ака унинг ўзига хос шеърий хусусиятларини таржимада қандай бердилар экан? — деган андишалар ҳам менда йўқ эмас эди.
У киши эса жиддийлашиб:
— Мен ўлганимдан кейин, ёстиғимнинг тагида ҳам бирор нарса қолиши керакми ёки ҳаммасини еб-ичиб, тамом қуритиб кетишим керакми? — дедилар.
Мен жим бўлдим. У киши билан бу тўғрида бошқа гаплашмаганман.

“МЕНИНГ ЎҒРИГИНА БОЛАМ”

Ғафур Ғуломнинг сўнгги давр ижодидан менинг энг севиб ўқиганим, қайта-қайта ўқиганим “Менинг ўғригина болам” ҳикояси десам, хато бўлмайди. Унда инсонгарчилик ғояси шароит тақозоси билан ўғирлик йўлига кирган йигит ва раҳмдил уй эгаси тимсоллари соф ўзбекона тушунча ҳамда услуб орқали яхши тасвирлаб берилган.
Мен бу ҳикояни газетада босилиб чиққан куни кечроқ — уйқуга ётиш олдидан ўқиганман. Ўқиб бўлгач, ҳаяжоним ичимга сиғмай, ухлашга ҳозирлик кўраётган барча оила аъзоларимизни тўплаб, уни ўзим ўқиб берган эдим.
Эртасига институтга борар эканман, Ғафур аканинг қадим ўртоқларидан бири, устозимиз Порсо Шамсиевни кўриб қолдим. У кишига ҳам Ғафур Ғулом ажойиб янги ҳикоя ёзганини айтиб:
— Иложи бўлса, у кишини бугун кечқурун табриклаб келсам ёмон бўлмас эди, — дедим.
Домла фикримни маъқулладилар. Иш вақтининг охирига яқин Ғафур аканинг уйига сим қоқиб, унинг уйда бор-йўқлигини суриштирганлар. Оила аъзоларидан кимдир Ғафур Ғуломнинг уйда йўқлигини, бир ёққа чиқиб кетганини айтган. Домла менга:
— Ўзи борида борсак яхши бўлар! — дедилар.
Мен:
— Бораверайлик! Айланиб, келиб қолиши мумкин, — дедим.
Домла кўнмадилар.
Эртасига пешинга яқин институтга борсам, Ғафур Ғулом келиб кетганини айтишди. Ғафур ака Порсохон домлага катта даъво ва норозилик билан шундай дебдилар:
— Кеча телефон қилибсан: — “Бораман!”, деб. Абдуқодир ҳам бормоқчи, дебсан. Бозорда бир қадоқ гўшт фалон пул! Бир қадоқ ёғ фалон сўм. Гуручни ҳам биров текинга бермайди. Сенларни келади, деб, Муҳаррамхон қозонни тўлдириб ош қилди. Келиб қоларканлар, деб бир соатдан ортиқ кутиб ўтирдим. Келмадилар-ку! Нима гап?
Порсохон домла, албатта, қаттиқ хижолат тортганлар. Лекин нима дейсиз — ҳаётда бир томонда хурсандчилик бўлса, иккинчи томонда, англашилмовчиликлар ҳам юз бериб турар экан-да!

“ЎҒИЛМИСАН ЎҒИЛЛАР”

Баҳор. Дам олиш куни. Ғафур ака рўзғорга у-бу олиш учун Бешёғоч бозорига чиқар экан, дарвоза олдида эски танишлари — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Яшин билан файласуф олим Воҳид Зоҳидовни кўриб қолган. Улар нималарнидир муҳокама қилиб туришган бўлади. Ғафур ака бориб, улар билан кўришади-да, икковларини бозорни айланишга таклиф қилади. Улар ҳам рози бўлишади.
Бозор обод. Янги қулупнай пишган. Редиска дейсизми, кўк пиёз, саримсоқ пиёз дейсизми, бозор пештахталарини босиб кетган. Далалардаги сомсабоп ўтларни териб келиб, кўклар орасида сотиш янги расм бўлган вақт.
Ғафур ака бозор қилиш, оладиган нарсасининг нархини талашишни яхши кўрадиган одам эдилар. Буни мен Эски шаҳар бозорида нок, анор олганларида ҳам кўрган эдим. Ҳадемай Ғафур аканинг қўлидаги икки халта тўлгач, яна нима олсам экан, деб тўхтаб турганларида, олдиларидан машҳур мусиқашунос, академик, хонанда Юнус Ражабий чиқиб қолган. У аввал Ғафур ака, сўнг бошқалар билан кўришар экан, Ғафур ака ёнидаги ёш йигитлардек кулиб турган икки ҳамроҳини унга қўли билан кўрсатиб деган:
— Мана, Юнус ака, мен ҳам маданиятли ота бўлиб, иккала ўғлимни томоша қилдириб юрибман, — уларга нима олиб берсам экан, деб.
Унинг бу гапига аскияни жонидан ортиқ кўрадиган Юнус ака роса кулган. Негаки, бу иккала “ўғиллари”нинг бўйи ҳам Ғафур аканинг лоақал елкасигача ҳам келмас эди-да.
Кулишиб-кулишиб, сўнг улар, тўртовлон тўкис бўлиб, Ғафур аканикига йўл олишган.

ДЎСТНИНГ ЖАРЧИСИ

Бир йили Ғафур Ғулом Тожикистонга бориб, Душанбеда катта бир мажлисда иштирок этган. Ўша вақтда хусусан зиёлилар орасида халқларнинг ҳамжиҳатлилигига путур етказувчи майда гаплар пайдо бўлган эди. Бир умр ўз ижодини халқларнинг бир-бири билан тинч ва тотувликда яшаши кераклигини куйлашга бағишлаган шоир бу анжуманда нима ҳақида гапириш керак эди? Албатта, у минбарга кўтарилиб, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги азалий яқинлик, шу йўл билан улар янги дарёлар яратгани, янги шаҳарлар бино қилгани, урф ва одатлардаги, тилдаги ўхшашликлар тўғрисида тўлқинланиб сўзлаган.

Шу вақт атрофга қараса, унга яқин жойда ўзининг энг қадрдон дўстларидан шоир Мирзо Турсунзода, таниқли адиб Улуғзода, фирқавий раҳбар Ўлжабоев ҳам ўтиришибди. Ғафур Ғулом шу пайт Мирзо Турсунзодага мурожаат қилиб:
— Қани, Мирзо, сенинг отангнинг исми нима? “Турсун”ми? “Турсун” ўзбекча сўзми ёки тожикчами? — деган.
Шундай саволни Улуғзодага ҳам берган. Сўнг бу саволларга ўзи жавоб бериб:
— Бу соф ўзбекча сўзлар ва ўзбекча исмлардир. “Ўлжабой” дегани ҳам. Шунга кўра, мен сизлар билан туғишган ака-укалардек қадрдонман! — десам, бунинг нимаси ёмон?! Нимаси нотўғри?! — деган.
Ҳамма бир нафас бир-бирига қараб, гапнинг маъносини чаққач, бутун мажлис аҳли бирдан қарсак чалиб юборган. У гапини тугатганда ҳам чапак билан бир неча муддат минбарда ушлаб туришган. Муборак исмлари тилга олинган дўстлари эса, уни яхши нутқи учун қўл бериб, чин дилдан табриклашган.

ЙЎЛДАГИ КЎНГИЛСИЗЛИК

Бир йили Ғафур Ғулом бир гуруҳ ёзувчи ва танқидчилар билан Қозоғистонда ўтадиган ўзбек адабиёти кунларига боришган. Қайтишда йўлларни томоша қилиб кетамиз, деб, Ғафур аканинг гапи билан 3-4 киши мошинада қайтишган. Қозоқ биродарлари биздан борган ҳамкасб дўстларини яхши меҳмон қилиб, совға-саломлар билан кузатиб қўйишган. Йўл бўйи улар чақчақлашиб, шеърхонлик қилишган, хоҳлаган ерда тўхташган. Кабобхўрлик ҳам бўлган, қимизхўрлик ва қимронхўрлик ҳам.
Бу шўхликларнинг барчасида Ғафур Ғулом бош дирижерлик вазифасини бажарган. Орқа қаторда ўтирган машҳур танқидчимиз Иззат Султон ҳам яйраган. Қозоқларнинг ўзбек оғалари, ўзбекларнинг қозоқ оғайнилари тўғрисидаги ичакузилди аския ва латифалари ҳам беармон айтилган. Кимдир аския йўлидан чиқса ёки ёмонроқ, тишга тегадиганроқ латифа айтса, бошқаси:
— Ҳой, орамизда танқидчи ҳам ўтирганини унутма! — деб, Иззат Султонга ишора қилиб қўйишган.
Бир манзилга келганда Ғафур Ғулом ҳайдовчига:
— Ука, шу ерда, ўнг томонда Каттаовул деган бир жой бор. У ерда мен ўн йил олдин бўлгандим. Ўша жойни бир кўриб кетайлик! — деган.
“Меҳмоннинг гапи ерда қолгунча, шайтоннинг бўйни узилсин!” деган гап бор. Ҳайдовчи “Хўп!” деб, бироз юргач, ўнг томонга мошинани бурган. 15-20 дақиқа юришгач, бир овулга тушишган. Мошинадан тушиши биланоқ Ғафур аканинг кайфияти ўзгарган. Овулдан файз кетган. Ҳаммаёқ вайрона. Деворлар ер билан баробар бўлиб қолган. Дарахтлар қуриган, борлари яккам-дуккам, мол-ҳол йўқ… Кўчада бирон одам кўринмас. Сал нарида озғин, туклари тўкилган бир-икки ит у ер-бу ерни искаб, тинтиб юрган.
Улар ҳайрон бўлиб турганда, одам овозини эшитиб, ёнларидаги ҳовлидан бир қария чиқиб келган ва меҳмонлар билан қўл бериб сўрашган. Ғафур ака ундан:
— Каттаовул шуми? — деб сўраган.
— Ҳа, бир вақт Каттаовул эди. Ҳозир буни “Кичиковул” дейишга ҳам тил бормайди, — деган қария ҳорғин ва ҳазин товуш билан.
Ғафур ака яна:
— Нега бундай бўлди? Илгари бир келганимда жуда обод эди. Дўконлар бор эди. Боғлар ҳам кўп эди. Бу ерда кўп гўштхўрлик, қимизхўрликлар қилган эдик! — деган ачиниш билан.
— Эй чироғим, биров бир ерни обод қилар экан. Бошқа биров уни бузиб, ўрнига арпа, мош экар экан. Одамларга оғир солиқлар солишди. На мош кўпайди, на арпа нони. Шундан кейин кўпчилик битта-битта ҳар қаёққа кетиб қолди, — деган қария хўрсиниб.
Шунда Ғафур Ғулом бирдан ёнида турган Иззат Султонга даҳшат билан қараб:
— Қани ваъда қилган коммунизминг? Қани қурган социализминг? Адойи тамом бўлибди-ку шундай обод овул! — деган.
Иззат Султон ҳайрон. Шу дақиқаларда унинг сиймосида шоир катта назариячи олимни эмас, ҳайбаракаллани, сохта танқидчиларни, фирқанинг адабиёт ё бошқа масалалар бўйича бир қарори чиқса, ҳаммадан бурун шовқин кўтариб, ёзувчилардан нуқсон қидириб, уларни моховга ошна қилишга уринган “танқидчи”ларни кўз олдига келтирган бўлса ажаб эмас. Ўша даврларда бундай “танқидчи”лардан ҳатто Ойбек домла ҳам ҳайиқарди.
Шундан кейин улар тез машинага миниб, йўлларда давом этишган. Шунда Тошкентгача Ғафур Ғуломнинг қовоғи очилмаган ва ҳеч ким билан гаплашмай келган экан. Буни менга Иззат Султон гапириб бераркан:
— Бир вақт Ғафур менга ёпишиб кетди, гўё шўро ҳукуматини мен қургандек! — дегани эсимда.

хдк

(Tashriflar: umumiy 72, bugungi 1)

Izoh qoldiring