Ma’ruf Jalil. She’rlar & Abdusaid Ko’chimov. Kamtarlikning baland cho’qqisi.

0-28.png10 октябр — атоқли  шоир Маъруф Жалил таваллудининг 80 йиллиги

    Маъруф акага қараб ўтириб қайсидир шоирнинг: “Шоирлик истеъдоди шоирнинг ўз шахсиятига алоқаси бўлмаган мустақил бир ҳолат эмас, балки унинг ички руҳий қиёфаси билан узвий равишда боғлиқдир”, дегани хаёлимдан ўтди. Шеърларидаги ёрқинлик ҳам, одамларга меҳрибонлик ҳам, ўйчанлик ва оғирлик, собирлик ва оқиллик ҳам аслида шоирнинг табиатида бор. Унинг одамларга ҳамиша яхшиликлар исташи махсус ўйлаб қилинган иш эмас, бу унинг учун яшаш тарзи, ҳаёти, ҳаётнинг айнан ўзи эди. Унинг шеърлари ҳам ана шу софликдан, ватанга, халққа ҳадсиз садоқат ҳиссидан туғилган дурдоналар эди..

Абдусаид Кўчимов
КАМТАРЛИКНИНГ БАЛАНД ЧЎҚҚИСИ
028

1

Бу — ўтган асрнинг 70-йилларидаги гап:  Институтда (ҳозир Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети) Абдулла Орипов, Омон Матжон ва Маъруф Жалил билан ижодий учрашув ўтказиладиган бўлди. Машварат ташуббускори, “Чашма” деб аталувчи ёш адабиётчи-ижодкорлар тўгараги раҳбари Пирмат Шермуҳамедов эди.

— Абдуллажон билан Омонжонни ўзим опкеламан,- деди Пирмат ака.- Маъруф Жалилни “землаги”га топширамиз.

Мен Маъруф Жалилни кўрмаган, танимас эдим. Аммо, шеърларини суюб-суюб ўқиганлирим ва ўзим яхши кўрадиган шундай талантли шоир билан танишишга кучли иштиёқим борлиги айни ҳақиқат. Чиқмай-чиқмай, ўша йили шоирнинг бир йўла икки китоби – “Мен сизни севардим” ва “Раҳмат, одамлар” нашр этилган бўлиб, бу китоблар қўлма-қўл бўлиб кетган эди талабалар орасида. Қолаверса, кимсан, Пирмат Шермуҳамедовдай машҳур домла (Пирмат аканинг номи ўша кезлардаёқ нафақат Ўзбекистонда, балки , собиқ иттифоқ адибий доираларидан ҳам маълум ва машҳур эди) “земляги” деб турганидан кейин ғурурланиб кетдимми, сир бой бергим келмади.

Сўраб-суриштириб, сира қийналмай Маъруф Жалил хизмат қилаётган нашриётни топдим. Шоирнинг ўзини кўриш янаям осон бўлди: узун бинонинг иккинчи қаватида чин “землягим”, ёнимиздаги Кенагас қишлоғидан чиққан шоир Эркин Неъматов учраб қолди. Эркин аканинг укаси Исоқжон билан синфдош эдик, танирдим.
— Излаётган шоирингиз ана,- деди Эркин ака нарироқда, тор айвонда папирос тутатиб турган одамни кўрсатиб.- Деворни суяб турибди, кўряпсизми?

80Кўрдим, аниқроғи, зинапоялардан кўтарилган заҳоти кўзим тушган эди бу одамга, бироқ эътибор бермагандим. Нотанишлиги учунмас, аксинча, қандайдир, эътиборга арзимайдиган даражада одми кўринганидан… бўлса керак. Энди, серсолиб қарасам, елкаларини деворга тираб папирос тутатаётган ҳалиги киши ҳақиқатан ҳам суяниб эмас, деворни суяб тургандай кўринар экан.

Маъруф Жалил деган шоир шу одамлигини билганимдан сўнг, кечадан буён кўнглимни безовта қилиб юрган ташвишлар тумандай тарқалди. “Қандай қабул қиларкин, “ бормайман”, деса, нима қиламан қабилидаги гумонлар ўрнини ёқимли бир ёруғлик эгаллаётгандек туюлди.

Яхши кўрган одаминг билан учрашгунча уни хаёлан доимо қайсидир эртак қаҳрамонларига ўхшатасан, афсонавий паҳлавонлар сингари бошқача тасаввур қиласан. Айниқса ёшлик чоғингда сирли туюлади шоиру ҳофиз деганлари. Кўришгандан кейин эса…

Чинимни айтаман: Эркин ака “деворни суяб турибди” деган киши тасаввуримдаги шоирнинг буткул акси, кечирасиз-у, шоирдан кўра кўпроқ ўзимиз каби стипендияга кунини оровлаб юрган студентга ўхшаб кетарди. Ориқлигиданми новчи кўринар, елкалари чиқиброқ тургани боис қадди эгикка мойил, бир сиқим белини қарийб икки марта ўраб турган қайишнинг учи эса ярим қаричча осилиб турарди. Ҳаракатларида қимтинишми, сиқилишми, ишқилиб зўр тортинчоқлик билинардики, индаллоси, олис қишлоқнинг шикаста бир муаллимига дуч келиб тургандек эдим. Бу ҳолат ҳафсаламни пир қилди эмас, аксинча, ўртамизда аллатовур илиқлик, яқинлик пайдо қилди. Ўзига бино қўйган, иззатталаб, шуҳратпешаларнинг турқи-таровати, юриш-туриши, қилиқлари одамни дарров ўзидан бездиради, ҳуркитади. Хаёлимдан ўтган: “Ўзимиздай кирчимолгина экан”, деган фикрдан ичимда кула-кула, баайни эски танишлар мисоли эмин-эркин ёнига бордим. Салом бердим. Ўзимни таништирдим. У елкасини девордан айириб, қаддини ростлади, озғин қўллари билан қўлимни авайлаб сиққан кўйи, қўйиб юбормай:

— Сизни бир жойда кўргандайман-у…- деб хижолатли жилмайди. Шоирнинг шу лаҳзалардаги камтарин чеҳрасида тил билан айтиб бўлмайдиган хушийманчаклик аксланиб турар эдики, унга қараб туриб: “ ғирт ўзимиздан экансиз-ку!” деб, юборишимга оз қолди. Тортиниб-нетиб ўтирмай мақсадга ўтдим.

— Ўҳ-ҳў! Давра жуда бошқача экан-ку!– деб юборди чинакамига ташвишланган оҳангда Маъруф ака.- Абдуллажонлар бўлса… Абдуллажонларнинг даврасида шеър айтиш қийин…

Индамай турсам, Маъруф ака айниб қоладиган.
— Студентлар сизнинг шеърларингизни яхши кўради, –дедим ҳадаҳа. -Кўпини ёд биламиз.

Маъруф Жалил илкис қаради. “Ростданми?” деган сўроқ унсиз жаранглаб кетгандек туюлди қарашларида.

Мен бир дақиқа иккиланмай шоирнинг “Чинорлар” деган шеърини айтиб юбордим:

Кўз тегмасин деган каби
Тақиб яшил туморлар.
Пайшанбанинг ўртасида
Турар мағрур чинорлар.

Маъруф Жалилнинг чеҳрасига болаларча беғубор ва мўмин табассум югурди. Бу юввошлик гапираётганида янаям тиниқроқ жилваланар экан.

— Ярамас, ёмон шеърга ўхшамайди-я…
— Бизни Ургутда чинорлар кўп, -дедим суҳбат узилиб қолмасин деган ташвишда этанам чиқиб.- Лекин Пайшанбадаям чинор борлигини билмасаканман.

— Ургутданмисиз? Ургут — чинорнинг кони. Мингчинордаги чинор-мактабни кўриб қойил қолувдик. Мактаб ҳозирам борми?

-Бор-бор… – деб Ургутимизнинг чинорларини ошириб-тошириб мақтадим , аниқроғи мақтандим.

Шу зайл бирпас гаплашиб турдик. Маъруф аканинг гапираётганда жимжимадор сўзлардан қочиб, жайдари иборалардан фойдаланиши, қўпол-қўрс сўзларни қўшмаслиги менга дарров ёқиб қолди. Кўнглида гидири йўқ бу одамнинг камтар ва тортинчоқлигига ҳавасим келди. Хусусан, суҳбатдошига бўлган ҳурмат-эътибори, ёш демай ҳар сўзингни диққат билан, бўлмай, охиригача сабр билан эшитиши ва жозибали табассуми одамда айрича муҳаббат пайдо қиларкан. Сувратидан унча-мунчага тасирланадиганга ўхшамаса-да, зеҳн солган киши, кўзлари ўткир, қулоқлари зийрак шоирнинг сийратида кучли ҳаяжон, сирли ғулувлар борлигини сезиши мукин эди. Хайрлашаётганимизда:

— Албатта, бораман, — деб қатъий вада берди.

… Ва, айтилган кун, белгиланган вақтда етиб келди.

Ана, уч шоир ўқитувчию талабалар билан лиқ тўла ҳашаматли саройга кириб келяпти. Олдинда Абдулла Орипов – қадди хиёл эгилган, хотиржам, жиддий; ўртада Омон Матжон – ғоз-ғоз юришлар билан теварак-атрофга баланд-баланд назарлар ташлаган, мағрур; орқада Маъруф Жалил – узун бўйини яширишга уринаётган каби елкалари қисилган, қадамларини судраб-судраб, аввалгиларга эргашиб-эргашиб… “Худо юқтирган” шоирлар эди учови ҳам. Бир тоғнинг балан-баланд чўққилари…

Ҳозиргидек кўз олдимда турибди: кечани домламиз Пирмат Шермуҳамедов бошқариб борди.Абдулла Орипов “Ўзбекистон ватаним маним!” дея эмраниб, тўлиб-тошиб шеър ўқиганда худди бомба портлагандек сарой гулдурос қарсакларга кўмилиб кетди. Каттаю кичик жойидан турволиб қарсак чалар, “Ўқинг!”, “Яна ўқинг!” деган ҳайқириқлар акс-садо бериб жарангларди.

Абдулла Орипов ҳаяжон ва ҳайрат оғушида ўткир нигоҳларини саройдагиларга тикиб яна ўқиди. Давр руҳига мос келмайдиган шеърлар яратиш ўша давраларда энди –энди бошланган, Абдулла Орипов шу тоифа ижодкорларнинг яловбардори, Абдулла Орипов деса, шеърият ихлосмандлари ўзларини томдан ташлайдиган кунлар эди. Мен ҳам шоирнинг “Митти юлдуз” китобини бошдан-охир ёд билардим. Абдулла Орипов шеърни ниҳоятда таъсирли ўқир эди: жуссаси ихчам эса-да, овози арслон наъраси каби шиддаткор эдики, уни минбардан тушириш анча қийин кечди – саройдагилар ҳали-бери қўйиб юборгилари келмасди.

Абдулла акага бетўхтов қарсаклар чалинаётганда, Маъруф ака нега: “Абдуллажонларнинг даврасида шеър айтиш қийин”, деб иккиланганини тушундим. Тушунганим сайин ичимда бир безовталикми, қўрқувми ўсиб-каттариб бораверди. Қолаверса, саройдагилар шунчаки шеърият ишқибозлари эмас, жуда талабчан, адабиётни чуқур тушунадиган кишилар эди. Мен Маъруф аканинг шеърлари ҳамроҳлариникидан паст эмаслигини билардим, фақат шоир акамизнинг уялгандай ўтириши ташвишлантираётган эди.

Абдулла акадан кейин минбарни эгаллаган Омон Матжон ҳам олқишларга кўмилди. Унинг шеър оҳангига мос равишда учаётган қуш каби қўлларини ҳаволатиб, ҳар сатр эмас, ҳар битта ҳарфга алоҳида-алоҳида урғулар бериб шеър айтишларида поэзиядан узоқ дилларни ҳам ўзига маҳлиё қилиб қўядиган ғойибона сеҳрли қудрат гупуриб турар эди. Нафис нафасли, қадди-қомати келишган бу ўктам шоирнинг ўзини тутишлари, мағрур туришларию, димоғдорлигигача ўзига ярашарди.

Ниҳоят, навбат Маъруф Жалилга етди. У бир –бир босиб минбарга киряптию, менинг юрагим гупуриб боряпти. Ана у: икки қўли билан минбарнинг икки “ёқаси”дан маҳкам ушлаган кўйи, худди бир нимани эсдан чиқарган одамдай каловланиб турибди. Саройда шивир-шивир, ғовур-ғувур бошланяпти. Шоир гоҳ пастда, гоҳ йўқорида ўтирганларга қараб-қараб, бир муддат шу зайл турди, кейин нимадир дегандек бўлди. Аммо нима деганини ҳеч ким эшитмади.

-Маъруфжон, микрафонга, микрафонга гапиринг!- деб далда берди Пирмат ака.

Маъруф ака бошини энкайтириб, узун бармоқлари билан микрафонга икки-уч марта чертди – унолғидан ўқ отилгандек товушлар учди. Ниҳоят, ҳаяжонини босиб, ўзини қўлга олди шекилли, қаддини ростлаб, бошини тик кўтариб, сўзларни чала-чулпа ютмай, дона-дона қилиб шеър ўқиб юборди:

Паризодим, сени излаб тоғларга бордим,
Айтолмадим юракдаги саволларимни.
Аммо, топиб юпансин, деб қўйиб юбордим –
Тоғ бургути каби ўжар хаёлларимни.

Бояги безовталик, шивир-шивирлар пасайди, тинди. Муҳташам саройни қамраб бораётган сув қуйгандек сокинлик ичида шоирнинг ўктам овозидан бошқа сас-садо эшитилмай қолди:

Ўзим жавоб беролсайдим,
Бошимни эгиб,
Шамол каби югурмасдим, қўним билмасдан,
Шивирламас эдим ҳар бир дарахтга тегиб,
Ҳатто тоғлар сўзлар эди сукут қилмасдан.

Худо ҳаққи, яйраб кетдим: “Кўриб қўйинглар, аканг қарағайнинг “земляги”ни кўриб қўйинглар”, — дегандек ёнимдагиларга ғурурли қараб-қараб қўйганларим эсимда. Маъруф Жалил шеър айтаётганида, қайсидир домламизнинг: “Катта дарёлар сокин оқаётгандек кўринсада, тубида кўз илғамас шиддат гувиллаб ётган бўлади”, деганлари хаёлимдан кечгани ҳам эсимда. Зоҳиран бўш-баёвдек кўринган одамнинг ич-ичидан тошиб-қайнаб чиқаётган залворли сўзлар, баайни тонг саҳарда кўм-кўк далалар оша таралаётган най наволари сингари саройдагиларни номсиз сеҳрларга кўмиб борар, бундай гўзал ҳолат, айниқса, мен учун хушбахт ва ёқимли эди. Шоирнинг ҳаёт ҳақидаги фикрлари шу қадар майин, ҳазин ва бетакрор туйғуларга кўмилган эдики, бу ҳазинлик замирида баҳор чечаклари сингари қулф уриб очилаётган гўзал ва армонли орзулар яқин келажакда мувашшаҳ гулларга бурканган кўйи товлана-товлана эшитувчилар қалбига сингиб бораётгандек эди гўё. Бундай лаҳзаларда ҳар ким ўз бахтини ўйлайди, чексиз хаёлларга ботади. Шоирнинг дардлари шунчаки ҳаётдан нолиш, майдакашлик, тушкунликка тушиб оҳу фарёд уриш, маҳбубасини қарғишларга кўмиб ташлаш эмас, аксинча, ўта нозик ва таъсирчан кўнгилнинг меҳр тўла соғинчлари бўлгани учун ҳам унинг ҳар сўзидан аллақандай соҳир туйғулар ҳамма қатори менинг қалбимни ҳам нафис умидларга буркаб-чулғаб бораётганини аниқ ҳис этиб турардим. Унинг равон ва босиқ овозида, ифодали қилиб ўқишларида жуда чуқур, жуда қудратли ва теран тафаккур аксланиб турарди назаримда.

Яна шуниси қалбимни ғурурга тўлдираётган эдики, унинг ҳозирги ҳолати аввалгиларидан тамомила бошқача – ҳайратланарли даражада дадил ва ўктам эди, Шуниси билан дунёдаги барча одамлардан гўзалроқ кўриниб бораётган эди кўзларимга. Қоп-қора сочлари силлиқ таралган, пешонаси кенг, ўйчан ва ғамлидай кўрингувчи нигоҳлари айни чоғда тиниқ ва нурли порлаб турар, майин табассуми ўзига ярашган, зеҳн солиб тикилсанг, ниҳоятда тортинчоқ бу сирли истара содда нигоҳлари билан ҳар кимни ўзига мафтун этадиган даражада иссиқ эди. Катта шоирлик ғурури, улкан юракнинг самимий тўлқинлари акс этарди унинг қиёфасида.

Шеър тугади. Бир жўшқинлик ловиллаб шоирнинг юзларига урилди, кўзлари ўткир-ўткир чақнаб кетди. Сарой эса қарсаклар, олқишларга кўмилиб кетган эди. ”Ўқинг!”, “Яна ўқинг!” деган талаблар эшитиларди ҳамма томондан. Маъруф ака томоғини узун қириб олиб яна ўқий бошлади:

Ўзбекистон! Менинг дунёда
Ташвишингсиз ўтган оним йўқ.
Токи борсан сен Осиёда,
Сендан бошқа қаҳрамоним йўқ.

Кеча тугагади. Шеърсуярлар шоирларни ўраб-қуршаб олдилар, Маъруф акаям бир қанча йигит-қизларга дастхатлар ёзиб берди. Мен шоир акамнинг хурсандлигини кўриб, ўзимда йўқ севинган ҳолда ундан олислашгим келмасди.

Кетар олдида унинг хайрлашиш учун қандай мамнунлик билан қўл узатгани ҳамон эсимда турибди: қўллари ориқ аммо анчайин майин ҳамда иссиқ эди: “Менга ўхшаб тортинчоқ экансан, дадил бўлмасанг ҳаммага кулги бўласан”, демоқчидай қўларимни сиқиб турган ҳолда, анчагача қўймай ушлаб турди. Худди шундай бир ифодани мулойим кулимсираб турган кўзлари ҳам таъкидлаб тургандек туюлди. “Сиз ҳам дадилроқ бўлинг, ака”, дегиларим кепкетти.

2

Буниси — анча кейинги гаплар:

Ёз куни эди. Болаларни етаклаб Кўкчага — қайнотамизникига бордик. Қайнотам, шоир Шамси Одил (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин! Отам сингари меҳрибон, қалби дарё инсон эди) ҳам Каттақўрғон тарафлардан бўлгани туфайлими, Маъруф Жалил билан туғишганлар сингари қалин, қадрдон оға-ини эди. Бу дўстлик умрларининг охиригача узилмади. Улар тез-тез учрашиб туришар, эрталаб бошланган гурунг гоҳида кечгача давом этарди. Шеърлар ўқишар, бир-бирини тинглашар, баҳолашар эдилар. Суҳбатлари чоғида Мамарасул Бобоевнинг номи тез-тез тилга олиниши ёдимда қолган. Маъруф ака, бу хонадонда ўзни эркин ҳис қилса ҳам, одатига хилоф равишда ҳадеб гапирмас, кўпроқ эшитиб ўтирарди. Бу вақтга келиб мен Маъруф аканинг характерини, одатларини анча-мунча билиб қолган эдим. Маъруф акадаги камтарлик, менинг назаримда ҳам туғма эди. У Ёзувчилар уюшмасида кунда-кунаро ўтадиган мажлис-машваратларда ҳам камдан-кам баҳслашар, аммо тинглашга ўч, фақат фикр сўраб қолгудик бўлишгандагина ўз мулоҳазаларини шошилмай, лўнда-лўнда баён қиларди. Айрим кишиларга ўхшаб, керакдир-нокеракдир тортишмас, иккиланган мавзулар бўлса, аралашмасликни афзал кўрарди. Умуман, Маъруф Жалил ҳис-туйғуларини дастурхон қилмайдиган, изтиробларини ҳам, туғёнларини ҳам ичига ютишга ўрганган инсон эди. У гап-гаштакларда юришга қизиқмас, ўқир — ҳайратланарли даражада кўп китоб ўқир эди. Яна бир ҳавасли хислати – ҳеч қачон иғво қилмас, аксинча, ёқтирмайдиган кишиларига ҳам самимийлик билан ёндошарди. “Танқид билан одамзот тузалганида эди инсоният аллақачонлар жамики ярамасликлардан халос бўлган бўларди”, деб қўярди бағрикенглик билан. Ҳатто, энг бахтиёр дамларида ҳам ҳаволаниб кетмайган катта қалб эгаси эди у. Шундан бўлса керак албатта, соғинар, шоир акам билан тез-тез учрашиб туришга интилар эдим.

Боши берк кўчага кираверишда кўрдикки, тор кўчадан лапанглаб қайнотамиз Шамси Одил чиқиб келяптилар:
— Сизлар уйга кираберинглар, мен ғизиллаб бориб Маъруф акангизни айтиб келаман.

Мен таажжубландим: уй кийимда Тошкентнинг у чеккасига бориб келмоқчими?
— Айтгандай, сизнинг хабарингиз йўқ, ўғлим. Маъруф акангизни шу ерга — орқа кўчага кўчириб опкелдик,- деб изоҳлади ҳайронлигимни сезган Шамси Одил.

— Ундай бўлса, мен айтиб кела қолай,- дедим суюниб. Қувончимнинг яна бир сабаби бор эди. Менинг ўша замондаги ишхонам болалар газети — ҳозирги “Тонг юлдузи” бўлиб, газетда шоир ва ёзувчиларнинг болалиги ҳақида туркум мақолалар берилаётган эди. Маъруф Жалил ҳақида ёзиш менинг зиммамда бўлиб, шу кунларда уникига бормоқчи бўлиб юрган эдим.

Маъруф аканинг манзилини қайта сўраб, дажжам жўнадим. Шоир акамнинг янги макони икки кўча орқада, бурчакдаги кичкина хонадон экан. Бир тавақали пастак дарвоза қия очиқ эди. Тақиллатиб-товуш бермай кириб боравердим.

Тиқилинч мевали дарахтлар соясига кўмилган ҳовличада водопровод жўмрагидан оқаётган сувнинг шилдирашидан бўлак сас-садо эшитилмас, жим-жит эди. Чапда — бир уй, бир даҳлиздан иборат иморат олдидаги айвонда елкаси билан деворни суяб (тавба, яна шундай: худди бир вақтлар Эркин Неъматов ифодалаганидек суяниб эмас, деворни суяб) ўтирганча берилиб китоб ўқиётган шоирга кўзим тушди.
Маъруф ака кутилмаган меҳмонни кўрибоқ, ҳаялламай жойидан қўзғалди. Кўришдик. Ташрифим сабабини эшитиб, иссиқ кунда совқотиб, жунжиккан одамдек:
— Ўтган куниям кунимиз Шамси аканикида ўтувди. Шўрва ичдик, оз-моздан отдик анави ярамасдан. Кеча бўлса, кичкина қизларидан бир тавоқ палов чиқариб юборибдилар. Бу кетишда буткул боқимандага айланиб қолмиз-ку, – деди хижолат билан.

Мен бир нималар деган бўлдим. “Бир пас уёқ-буёқдан гаплашиб ўтирамиз”, деган бўлсам керак.
— Нима ўқияпсиз?- деб сўрадим ҳамон қўлида турган китобга ишора қилиб.

— “Сўғдиёна”. Қурмағур, Ёвдат Илёсов катта ёзувчи-да. Лекин, нимагадир, эътибордан четда,- деди (худди ўзлари барчанинг диққат марказида тургандай…) китобни дераза токчасига қўяётиб. — Тарихий романлари, қиссалари зўр. Ҳайрон қоласан, билимдон, талантли. Шу, “Сўғдиёна”ни ўзбекчага ағдарсаммикан, деб юрибман. Лекин кучим етадими, йўқми…

Маъруф аканинг Шандор Петефи, Леся Украинка, Евгений Евтушенко, Андрей Дементьев сингари шоирларнинг шеърларидан қилган таржималарига кўзим тушган. Бироқ унда насрий асарлар таржимасига иштиёқ борлигини билмасдим.

— Қўлингиздан келади. Улуғларни таржама қилгансиз, –дедим. Афтидан, ўзимча унга далда бергим келган бўлса керак-да.
— Таржима майда, қийин иш. Ундан кўра ёзган осон,- деди у. Кейин: — Ўзингиз нималар қиляпсиз? — деб сўради.

Маъруф аканинг бугунги кайфияти ҳар доимгидан баланд, хушнуд ва енгил, ғайратга тўлиб тургандай кўринарди. Ўз таасссуротларини биров билан баҳам кўришни кўпам хушлайвермайдиган, ижоди, режалари у ёқда турсин, нима ёзаётганини ҳам то охирги нуқтасига етгунча ҳеч кимга айтмайдиган одам сира кутилмаганда:

— “Қўшиқ иштиёқи” деган китобимни нашриёт редактори кўриб, қабул қилиб олди. Шу, энди табиатни эҳтиётлаш ҳақида публицистик мақолалар ёзсамми, деб турибман. Нида дейсиз? – деб сўради.-

Қаранг, Орол денгизининг аҳволини кўринг. Қум, туз босиб кетяпти ҳаммаёқни. Бу кетишда кетаверса халқимизнинг келажаги, болаларимизнинг тақдири нима бўлади?

Шу маҳал кўча эшигидан ўттиз ёшлардаги қорақалпоқафт бир аёл кириб келди.

Узун қизғимтир чит куйлакли бу аёлнинг бир қўлида тўрхалта, иккинчисида газетага ўралган алланима бор эди.
— Чечангиз,- деб таништирган бўлди Маъруф ака.- Магазинга кетувди, нонга.

“Янги” чечам билан саломлашдик. “Янги” дейишимнинг сабаби, Маъруф ака “эски”си билан анча илгари ажрашганини эшитгандим. “Шоирга хотини кўп азоб берган, охири чидолмай чопонни елкага ташлабдию, уйдан чиқибди-кетибди”, қабилидаги миш-мишлар қулоғимга чалинган. Ҳа, энди ҳаёт-да. Ҳаётда нималар бўлмайди. Ундан кейин бировнинг рўзғори. Билмай туриб ҳар хил валдираш гуноҳ. “Ишқилиб, бу чечамиз билан бахтли яшасинлар”, дедим ичимда.

Илло, ўзидан ҳам кўра кўпроқ бошқаларни асрашни афзал билган, бошқалардаги ҳар бир ижобий фазилатларни ардоқлайдиган, баъзи бировлардек ҳеч қачон ўзини кўз-кўз қилмайдиган, аксинча, мақтовлардан қочиб юрадиган бундай инсон ҳам ҳамма қатори бахтиёр яшашга ҳақли, шундай эмасми?

Чечамиз шошилинч дастурхон ёзишга ҳозирланаётган эди, Маъруф ака:
— Хоним, овора бўманг, Шамси ака чақирибдилар. Келин аямиз каттақўрғонча зиғир ёғли полов дамлаётган эканлар,- деб шаштидан қайтарди.

— Вой, янами? – деб юборди астойдил ҳайратланган оҳангда чечамиз. — Кечагина борувдик-ку! Мен уйда қола қолай. Одамга ноқулай.
— Шамси акани ҳали яхши билмайсиз, хоним. Бормасак, ёмон хафа бўладилар. Бўла қолинг.

Ҳаял ўтмай чечани олдимизга солиб, уйдан чиқдик. Муюлишда, шундай кўчанинг ўзида уч-тўртта болакай копток тепишаётган экан.
— Болалик яхши-да,- деди уларга ҳавас билан қараб-қараб.- Ҳештимани ўйламайсан. Қорин билан ўйиндан бўлак ғаминг йўқ. Болалик яна шуниси билан гўзалки, сени ҳамма суяди, эркалайди — сен жуда бахтиёрсан.

Шоир акамнинг бу сўзлари сал бўлмаса унутилаёзган ҳалиги режамни эсга туширди. Аммо, ҳозир мақсадимни очиқ айтсам: “йўқ, бизнинг нимамизни ёзасиз, машҳур шоир-ёзувчилар кўп-ку”, дейиши аниқ.

Шу боисдан тузуккина шаклланиб қолган журналистлик “маҳоратим”ни ишга солиб, олисроқдан кўнглига қўл узатдим:
— Ўзингиз ҳам майдалигингизда шунақа бўлгансиз-ку.

— Қаёқда. У замонда тўп нима қилсин. Бир тўғрам нон топишни айтинг. Қимматчилик, қаҳатчилик. Уруш, урушдан кейинги даврлар, оғир эди. Кунжара еб, қорни шишиб кўчада ўлиб қолганлар қанча.

Бизнинг оиладаги аҳвол ҳам жуда аянчли эди. Онам ёшлигимда вафот этган. Отам қамалган. Синглим икковимиз момомизнинг қўлида қолганмиз. Мол боқамиз, ўтин терамиз. Баҳор келаверса, момом суюниб: “Эрта-индин тут пишади, энди марра бизники, уёғига ўлмаймиз… Тангрим раҳмдил”, — дерди. — Ҳақиқатдан ҳам баҳор келса, кунимиз туғарди. – дея давом этди енгил нафас олиб.- Момақалдироқ гумбирлар, чақмоқ чақар, биз бўлсак ёмғир тиниши билан дарёга яқин чакалакзорларга чопар, бутазорлардан, ариқ бўйларидан қўзиқорин териб келардик, Момомиз қовурган қўзиқорин худди жигар кабоб сингари мазали бўларди. Яна кўкатала деган таом ҳам бўларди. Раҳматлик момомиз бу овқатни сут боғлаган бошоқларни териб, қайнатиб пиширарди.

Шу тахлит суҳбатлашиб кетдик.

Маъруф ака танишганимиздан буён биринчи марта кўнглини сал очиб, болалиги, ёшлиги ўтган қишлоғи, ота-онаси ҳақида гапирди.

— Қишлоғимиз атрофи тоғ билан ўралган. Деразани шундай очсанг, шимол томондан Оқтов, жануб томондан Қоратов кўриниб туради. Оқтов томондан Оқдарё, Қоратов томонда Қорадарё оқади. Икки дарё аслида мустақил дарё эмас, Зарафшон дарёсининг Самарқанд яқинида иккига бўлиниб оқувчи ирмоқлари. Бу ирмоқлар Хатирчида бирлашади. Шу икки дарё оралиғида оролга ўхшаш макон бўлиб, бу жой Миёнкол деб аталади. Мен туғилиб ўсган Пайшанба қишлоғи шу оролчада.

— Миёнкол тўғрисида ўқиганман, — дедим суҳбатга аралашгим келиб, — Ёқут Ҳамавийнинг “Мўъжам ал-булдон” китобида Дабусия қалъаси, Рағин, Искарон Арбинжон каби бир неча қишлоқ ва шаҳарлар жойлашган сарҳад Миёнкол деб аталади, дейилган. Яна бир тарихий китобда, адашмасам, “Тарихи Хумоюн” асарида бўлса керак, Миёнкол ҳудуди шимолдан Нурота, жанубий тарафдан Қарнаб тоғларига бориб туташади. Маъмурий маркази Кармана, дейилган.

— 8-9-асрларда Миёнкол катта вилоят бўли, таркибида саккизта ҳокимлик бўлган, — деди “билағон”лигимдан суюниб, — Кармана, Зиёвуддин, Хатирчи, Боғчаикалон, Нурота, Гужумсарой, Комимиғ, Янгиқўрғон… Миёнкол атамасининг ўзбекча маъноси ҳам икки сув оралиғи. Икки дарё орасидаги қишлоғимизда ҳар пайшанба куни катта бозор бўларди, олис-олислардан карвонлар келарди. Қишлоғимизда ўндан зиёд мачитдан ташқари, битта мадраса ҳам бор эди. Болалар шу ерда ўқиган, қобилиятлилари кейин-кейин Бухоро мадрасаларига борган. Мен бўлсам,- Маъруф ака шу ерда кулиб юборди.- Биласизми, мен 10 ёшимда мактабга борганман. Лекин қизиғи бу эмас. 15-16 ёшли акалар билан бир синфда ўқиганман. Синфимизда уруш туфайли ўқишдан қолиб кетган 20 ёшли қизлар ҳам бор эди. Шу синфдош-қизларнинг кўплари 2-синфда эрга тегиб кетди.

Гап орасида отаси Эргаш Жалилов саводхон, ўқимишли одам бўлганини ҳам эслади.

— Отам эскича ўқиш, ёзишни яхши биларди. Тошкентда иккита ўқишни битирганларини айтардилар. Қамоқдан қутилиб келганларидан кейин жамоат хўжалигида ҳосилот бўлиб ишлаганлари ёдимда. Қотмадан келган, узун бўйли, жадидча мўйловли киши эдилар. Уйимизда Алишер Навоийнинг кўкиш рангли қалин муқовали девони бор эди. “Кунтуғмиш”, “Орзигул”, “Авазхон”, “Равшанхон”, “Ўзбек халқ эртаклари” китобларини отам ўқиб юрардилар. Менинг биринчи ўқиган китобим Навоийнинг ўша девони, достон ва эртаклар эди. Отам негадир замонавий шоирлар китобларини хуш кўрмас, ”маза-матраси йўқ”, дердилар.

— Шеър ёзишниям Навоий бобомиздан ўрганган экансиз-да.

— Бошқа жиддий сабаб ҳам бор… – деб бир нафас индамай кетди. — Энамнинг қиёфасини эслолмайман, боя айтганимдай, жуда кичкиналигимда дунёдан ўтган. Қаҳатчилик авжига чиққан пайтларда синглим

Роҳила икковимизга момомиз ҳам эна, ҳам ота бўлган. Синглимни жуда яхши кўрардим. Уям ҳаддан ортиқ меҳрибон эди. Битта олмами, туршакми топса ярмини менга асраб қўярди. Синглим озғин, нимжон эди. Очарчилик унинг силласини қуритганди. Еттинчи синфда ўқиб юрганимда синглим вафот этди. Уни қабрга қўйиб келгандан кейин хаёлимда бир гап айланаверди. Уйга кириб, сандалга ўтириб ёза бошладим:

Сен ҳам мени ташлаб кетдингми…
Кетдингми дунёдан бошингни олиб,
Йўқчилик кулфатин ичингга солиб,
Сен ҳам мени ташлаб кетдингми!

Ёзарканман, томоғимга алам тиқилиб, кўзларимдан дув-дув ёш оқарди. Ёзганларимни момомга ўқиб бергандим, уям ув тортиб йиғлаб юборди. Момом ҳамма қўни-қўшниларга шеърни айтиб чиқибди. Шундан бошлаб гузаримизда “шоир” бўлиб қолдим. Ўша шеър сақланиб қолмаган. Афсус. Фақат бир тўртлиги юрагимда.

Шу воқеадан бир йил ўтиб, 8-синфдалигимда “Орзу” деган шеърим илк марта туман газетида босилиб чиқди. Лекин, мен учун биринчи ёзган шеърим синглим ҳақидагиси ҳисобланади. Шеър нима учун ёзилиши, дарди йўқ одамдан шоир ёки ёзувчи чиқмаслигини ўшанда ғира-шира англаганман.

Суҳбат асносида ёзилажак мақолам учун ғоят зарур бўлган қуйидаги маълумотларни ҳам билиб олдим:

Маъруф Жалил 1936 йили Каттақўрғон туманидаги Пайшанба қишлоғида туғилди. У вақтларда туғриқхоналар бўлмагани, ҳар ким ўз уйида туғилгани туфайли орадан ўн йил ўтганидан сўнг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома қўлига тегди. Шеър ёзишни 7 – 8-санфда ўқиётган пайтида бошлади. Аммо, унгача хабар ва мақолалар ҳам ёзди. У мухбирликка қандай қизиқиб қолганини мана бундай эслади: “4-синфда ўқирдик. Синфимизда Усмон деган бир лўли бола бор эди.иБир куни унга жилдига қизил байроқ расми солинган хат келди. Ҳамма болалар қизиқиб томоша қилишди. Мен ҳам ўқидим. Хат машинкада ёзилган бўлиб, газетадан келганди. Шеърми, мақолами ёзиб юборган экан. Шунга жавоб. Хатнинг бир чеккасида “Ёш мухбирга эсдалик” бўлиб, унда қандай ёзиш, нималарга эътибор бериш ҳақида маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилганди. Усмонга ҳавасим келиб, мен ҳам газеталарга хабарлар, мақолалар ёзиб юборадиган бўлдим”.

Ўша йилларда бошланган адабиётга қизиқиш ва ҳавас сабаб, албатта, 1958 йили Тошкентга келди. Бирлашган нашриёт босмахонасида оддий ҳарф терувчи бўлиб иш бошлади ва шу йилнинг ўзида Тошкент Давлат университетининг филология факультети сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Унгача, аскарликда бўлди, илм излаб Московгача пою пиёда борди, Норак ГЭСида ишчи, бетончи бўлди. Босмахона “бўёқларини ҳидлаб обдан тўйгач”, ҳозирги “Ўзбекистон овози” газетасида корректор, адабий ходим, кейинроқ “Муштум”, “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятларида муҳаррир бўлиб ишлади. Ҳозир (ўша пайтда) Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир.

— Шеърлар машқ қилишни эрта бошлаган бўлсам ҳам китобларим жуда кеч чиқди, — деб афсус билан давом этди Маъруф ака. – Биринчи китобим 36 ёшимда чоп қилинди. Бунга айбдор ўзим: дангасалигим, ярамас инжиқлигим …- деб жуда синиқ, жуда мунгли жилмайди.

Мен унга қараб: “Бундай деманг. Гап китобнинг эрта ёки кеч чиққанида эмас. Садриддин Айний сиздан ҳам кейин бошлаган. Сизнинг қишлоқирок, дангал, худди Оқтов этакларидан шарқираб тушаётган ирмоқлар эпкини сингари тиниқ, оромбахш туйғуларга йўғрилган шеърларингизни севамиз!”, дегим келди. Аммо, шоир акамнинг ҳозирги ҳолатида бундай “ғамхўрлик” ноўриндек туюлди.
Маъруф ака манзилга етгунча бошқа гапирмади.

Қайнотамизнинг торгина ҳовлиси боши берк кўчанинг охирида. Салқин, осуда. Гиламнинг ўрнидай гулзор атрофида мусичалар кукулаб юрибди. Биз кириб богргач улар патирлаб кўкка парвоз этди. Ҳовли тўрида шиғил мевага кирган ўрик. Ҳаммаёққа бошдан оёқ кўллатиб сув сепилган. Ўнг бурчакдаги олча тагига ўрнатилган сўрига ўтирдик. Хонтахта устидаги олма-анорлар товланиб кўзни қамаштиради. Аямиз кўк чой олиб келди. Лекин гап билан бўлиб чой совуб қолди. Гап адабиётдан бошанди. Кейин икки оғайни шарқ шоирлари, ўтмишдаги ва ҳозирга олимлар, файласуфлар ҳақида гурунглашдилар. Мезбон бошлаган сўзни меҳмон давом этирар, меҳмон бошлаган сўзни мезбон илиб кетарди. Оға-инилар шу тарзда юрак чигилини ёздилар. Паловни димоқни қитиқловчи иси анвойи гулларнинг бўйига қўшилиб кетди. Дилкаш суҳбат қизиб борар, мен муллаваччалардек чурқ этмай тинглаб ўтирар ва Маъруф Жалил нафақат дилбар шоир, балки ўта билимдон одам бўлганидан ҳайратланиб унга бўлган ҳурматим янаям ортиб борар эди.

Кейин – яна кўп-кўп баҳорлар келиб кетганидан кейин, замона зайлини кўринг, Маъруф Жалил билан бир даргоҳда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида ишлаб қолдик. Турли муносабатлар билан оз-оз эса-да, кўришиб, суҳбатлашиб турдик. Маъруф ака Шойим Бўтаев, Берди Раҳмат сингари ижодкорлар билан бирга — радиочи. Турли мавзуларда адабий эшиттиришлар, радиокопозициялар тайёрлайди. “Ўзбектелефильм”да ишлайдиган ёзувчи ва кинодраматург Мирзапўлат Тошпўлатов ҳам “радиочилар” билан учрашгани, суҳбатлар қилгани ҳақида тез-тез гапирар, таниқли тележурналист ва адабиётшунос олим Ўрол Ўтаев эса Маъруф аканикига боргани, унинг ҳаёти ёлғизликда ўтаётгани ( шоир акамиз “янги чеча”миз билан ҳам узоқ бирга яшамади) ҳақида айтар ва бу ҳокисор одамга нима қилиб бўлса ҳамки кўпроқ ёрдам бериш зарур, деб куюнарди.

Маъруф Жалил билан бўлган сўнгги суҳбат ҳам ( минг афсус, у пайтда буни билмаган эканман) раҳматлик Ўрол Ўтаевнинг ҳаракати билан бўлган…
-Шоирнинг аҳволи яхшимас, — деди Ўрол ака. – Тунов кун бирпас кўча айланайлик, десам, юришим қийин, деди. Бориб бир кўрайлик.

Бордик. Кўрдик. Кўнглим аллатовур бўлиб кетди.

Таг-туби билан қимтиниб-қисиниб яшашовчи шоир янам озган, янаям чўккан, янаям ғариб бир ҳолатда дераза остидаги эски караватда осмонга қараб ётарди. Ҳаёти осойишта кечмаган бу хударов инсон умрининг охирги кунларини ҳам ёлғизликда ўтказаётганидан эзилдик.

Сўнгги йилларда Маъруф аканинг касалманд бўлиб қолгани, ишхонанинг ишлариниям уйда бажариши, ҳамроҳи, ҳамсуҳбати китоб, овунчоғи қоғоз – қалам ва ёзув-чизув эканини ҳамма биларди. Дўслари, шогирдлари ҳол-аҳвол сўраб турардилар. Аввалроқ кўрганимизда тузук эди. Иссиққа ҳам, совуққа ҳам чидамли одам дардманлигини сездирмасликка, ҳамиша сабр қилиш, кутиш ва ичга ютишга, қийинчиликларни сиртига чиқармай яшашашга интиларди. У ўзигагина мансуб бўлган ички интизомда кун ўтказарди – талаб қилиш, текинхўрлик, бақир-чақир, хиёнатлардан узоқ эди. Камтарликни сақлашдаги саботи шу қадар баланд эдики, баъзиларга бу ўз қадрини билмаслик – паст уриш бўлиб кўринарди, ҳатто.

Оғир бетоб бўлган пайтларида ҳам бировга сир бермаган одамнинг бугунги аҳволини кўрган киши ўйланмаслиги мумкин эмасди. Тилимга гап келмайди. Яхшиямки, Ўрол ака бор, қаерда нима дейишни, одамнинг кўнглига қандай тасалли беришни билади.

— Кўрган қизлар “Воҳ!” дейди-ю, ётишини кўринглар бу кишимни! – деб ҳазил-ҳузул билан беморни овутмоқчи, тушкун ўйлардан чалғитмоқчи бўлди. Аммо, Ўтаевнинг овозида ҳам ҳар доимги гулдураш йўқ эди. – Шу оқшом “Мен сув ичган дарёлар”ни яна бир марта ўқидим, — давом этди Ўтаев. – Оҳ-оҳ… Бундай халқона шеърлар мактаб дарсликларига киритилиши керак. Ёшларимиз ўқисин, завқлансин, она-юртимиз гўзалликларини дилдан ҳис этсин.

Ўйнаб-ўйнаб хаёлларим қайтиб келади,
Баъзан қуруқ, гоҳ янги гап айтиб келади…

— Бундай жозибали мисраларни фақат Маъруф Жалил айтиши мумкин… Тўғрими?- деб менга юзланди.

Мен Ўрол аканинг кечинмаларини англаб турардим. У қандай бўлмасин шоир руҳини тетиклаштиргиси келар, лекин буни уддалаёлмаётганидан баттар хижил бўлаётган эди. Маъруф ака, умрида бировнинг дилини оғритмаган, қалби тоза Маъруф ака эса, бесасгина бизга қараб ётарди. Юзи ва лабларидаги сезилар-сезилмас табассуми орқали ҳаммасини тушуниб-билиб турганини, ҳузурланаётганини айтиб тургандек эди. Мен шу дақиқаларда, айрим хушомадсеварларга ўхшаб унча-мунча мақтовга эшканнап, чўлжанглаб кетавермайдиган, Иброҳим Ғафуровдай танқидчи: “Маъруф Жалилнинг шеърлари иссиқ қорга ўхшайди”, деб ижодига юксак баҳо берганида ҳам мақтовни тортинчоқлик билан қабул қилган, ҳатто, бундан ҳийла қийналган шоир акамни қанчалар яхши кўришимни янаям теранроқ ҳис этиб турардим. Яна шуниям фаҳмлаб турардимки, ҳаммавақт, ҳар қандай шароитда, ҳар қандай даврада ўзгармайдиган бу одамга кексалик ва хасталик аста- секинлик билан ўз кучини кўрсатаётганди: унинг силласи қуриган, ҳаракатлари суст, пешонасидаги чуқур ажинлар қуюқлашиб, сийрак сочлари оқарган, фақат юзларида улуғсифат бир вазмин хотиржамлик аксланиб турарди. Ҳеч қачон ўткинчи ҳою ҳавас, бойлик-давлат кетидан қувмаган, қувлик-айёрликни билмаган, қийналса ҳам бировга ёлвориб-ялинмаган бу одамнинг ичида кўринмас қудратли бир куч яшириниб ётгандай туюларди. Нағзи майиб, бефаросат кимсалар баъзан ундаги камтарликни ношудликка йўйиб камситган, орқаворатдан пачуриб, чандиганда ҳам “ярамас” деган беозор лутфдан ҳатламаган бу инсоннинг шундай содда-баёв ётишида ҳам ўзига ярашгулик бир сиполик, бир савлат бор эди.

Унга қараб ўтириб қайсидир шоирнинг: “Шоирлик истеъдоди шоирнинг ўз шахсиятига алоқаси бўлмаган мустақил бир ҳолат эмас, балки унинг ички руҳий қиёфаси билан узвий равишда боғлиқдир”, дегани хаёлимдан ўтди. Шеърларидаги ёрқинлик ҳам, одамларга меҳрибонлик ҳам, ўйчанлик ва оғирлик, собирлик ва оқиллик ҳам аслида шоирнинг табиатида бор. Унинг одамларга ҳамиша яхшиликлар исташи махсус ўйлаб қилинган иш эмас, бу унинг учун яшаш тарзи, ҳаёти, ҳаётнинг айнан ўзи эди. Унинг шеърлари ҳам ана шу софликдан, ватанга, халққа ҳадсиз садоқат ҳиссидан туғилган дурдоналар эди.

Маъруф ака фақирона кун кечирар, адабиётга ҳам катта-катта даъволар қилмай, бетаъма хизмат қиларди. Ёзганда ҳам кучаниб-чиранмай, худди уч оёқли мольбертига оппоқ қоғозни қўйволиб ям-яшил боғлар тасвирини чизаётган мусаввир сингари эмин-эркин ёзарди. Қиёс излаб қийналиб- зўриқмас, сўзлар, тасвирлар, нодир ифодалар табиий равишда, ўз-ўзидан қуйилиб келаверарди:

Этаги пахтазор, орти боботоғ,
Ёнида Зарафшон оқар эркалаб.
Миёнкол қўйнида оддий бир қишлоқ
Қуёш уйғотади ҳар кун эрталаб.

Бўёқлар сатрлардан сатрларга ўтган сайин қуюқлашиб, тиниқлашар, шоир руҳий ҳолатларни кавлаб-кавлаштириб, соғинчли қатламларни топарди. Анвойи гулларнинг муаттар ҳиди-ю, бахмал майсаларнинг сирли қўшиқларини тинглаш, роҳатланиш мумкин эди уларни ўқиган одам. Бир гиря тўлғаниб ётгандай бўларди шеърларининг ҳар сатрида:

Боғ, дала, қирларга гул-лола сочиб,
Баҳор одатига қилганда амал,
Шу ерни кўргандим кўзимни очиб,
Шу ер олам эди менга мукаммал.

Умуман, Маъруф Жалилнинг Ватан шаънини улуғловчи шеърлари бағоят таъсирчан ва сержило:

Шайдо юрагимни мен қуёш қилиб,
Ўлкам осмонига қўёлсам илиб.

Ёки:

Юрагимда Ватанимнинг севгиси бор,
Йўқотмасман бу тенги йўқ бисотимни.

Ёки:

Шеърма-шеър бораман қалбимни очиб
Сенга – Ўзбекистон – яшнаган макон.

Шоир Ватан деганда энг аввало она қишлоғи Пайшанбани тушунади ва шу қишлоқнинг тупроқли кўчаларида чангга кўмилиб қолиб кетган болалигини қўмсаб яшайди. Аскарликда, денгиз қирғоқларида, ўрмонлар орасида юрганида ҳам она қишлоғи, чанг-тупроқли кўчалар ҳидини соғинади

Ватан — бу ҳамиша роҳат фароғатда ялло қилиб юрадиган ғаройиб бир маскан эмас, балки ота боболар ҳоки туроби ётган муқаддас ва табаррук қадамжо эканини уқтиради.

У шеърларида ҳаёт драмалари, фожеаларини шундай адолатли тарзда ифодалайдики, оқибатда бундай шеърлар ҳақиқат ва адолат жарчиси бўлиб туюлади, бедорлик ва уйғоқликка ундайди. Сатрларда эҳтиросларнинг гувлаб, тўлиб-тошиб келаётган шиддатли тўлқини лаҳзада беихтиёр сизни ҳам ўз оқимига тортиб қўшиб кетади. Адолатсизликка, очкўзликка, маҳдудликка қарши бир исён қўзғайди ичингизда.Она юртга бўлган меҳрингизни оширади. Қисқаси, ватанпарварлик, жонфидолик, мардонаворлик Маъруф Жалилнинг ижодий, ахлоқий, инсоний программасидир, дейилса адолатли бўлади..
Мусаввир кўзларининг ўткирлиги ила тасвирланган “Қишлоғим” дейилмиш йўқоридаги шеърни ўқиган ўқирман ҳам беғубор болалигини, бетакрор хотираларнинг рангин лаҳзаларини бошдан кечириш мумкин. Уни ўқиганда жаҳон олдида “олма бетидаги хол”дай қишлоқ манзаралари кино лавҳалари сингари кўз олдингдан тизилиб ўтаверади. Яна бир шеърида эса қишга ўхшамаган қишни ёдга солади:

Шу ҳам қиш бўлдими? Қиш бўлса агар,
Намойиш қилмасми касби корини?
Беҳавас кўринар нега бу қадар,
Ёки йўқотдими харидорини?

Бундай мисралар шунчаки ҳавас учун эмас, илҳом жунбушга келган, ёзмасликнинг иложи бўлмай қолган дамлардагина дунёга келади. Бир қараган кишига тушкун, сархуш қиёфада кўрингувчи Маъруф Жалил ҳам “ёзмасликнинг иложи бўлмагандагина ёзадиган”лар тоифасидан эди. У ҳамиша, ҳамма ерда — юрса ҳам, турса ҳам ишлаётган – шеър ёзаётган бўларди. Майда-чуйда, арзимасдай туюлган нарсалардан ҳам ибратли фикрлар топиб, салмоқли хулосалар чиқара оларди. Қанчалар илҳом билан ёзмасин, ўзига ўта талабчан бўлганидан сўзлар устида ишлашдан эринмас, чучмаллик, ўртачаликдан қочарди, қайта ишлаш, таҳрир қилиш ва кўчиришдан чарчамасди. Шулар сабаб, Маъруф акани кўп ва тез ёзадиганлар қаторига қўшиб бўлмасди.

09

Ҳамма билан бирдай муносабатда, бир хил муомалада бўла оладиган сабрли, эътиборли ва ўта камтарин кишилар ижодкорлар орасида унча кўп эмас. Раҳматлик Миркарим Осимга ўхшаб кетар эди шундай фазилатлари билан Маъруф ака. Бир-биридан ҳокисор ва меҳнаткаш бу икки ижодкор том маънода камтарликнинг энг баланд чўққилари эдилар. Маъруф Жалил ҳам Миркарим Осим каби кам гап эса-да, кўнглига маъқул одам билан тез тил топишар, бир пасда суҳбатдошининг эътиборини қозонар, у билан гурунглашган ҳар қандай одам роҳат қиларди. У суҳбатдошини ҳурмат қилиш баробарида, фикрларини ҳам ўта нозик сезги билан англаб оларди.

Яна бир ўзига хос фазилати бор эди Маъруф аканинг: хушомадхўр ва фойдахўрларга дуч келганда ҳам жаҳлини тия билар, бировни ёмонламас, беозорлик билан “ярамас” деб қўярди, халос. “Худойим шу бандасига инсоф берсин”, дегани эди бу. Ҳамиша ҳамдардлик чечаклари яшнаб тургувчи муносабатларида райҳонлар ҳид таратиб тургандек бўларди гўё — ёлғон, дабдаба, жимжима йўқ эди. Шеърий сатрлар бамисоли қафасдан қутулган қушчалар каби жўшиб отилиб чиқарди унинг қалбидан:

Уйқумни атайлиб қочирганим йўқ,
Эҳтиёж сезмадим чақирмоққа ҳам.
Чунки ёзилмаган тилакларим кўп
Кўнглим тинчимайди тўйиб ёзмасам.

Шундай. Тўйиб-тўйиб ёзган, аммо ёзишга тўймай, бетоблигидаям кўнгли тинчимаётган безовта инсонга қараб туриб : “Сиз ўзини ёқиб-ёндириш ҳисобига тун қарига нур таратаётган шамга ўхшайсиз. Шам мисоли ўзингизни эмас, бошқаларнинг қалбига нур сочишни ўйлайсиз”, дегим келди. Аммо, деёлмадим. Бунинг ўрнига:
— Маъруф ака, ҳали кўп ёзасиз, — дедим, халос.

— Қаёқда, энди ёзиш қийин… — деб ғарибона жилмайди. — Ялқовман, кўп нарсалар ўзимда қолиб кетадиганга ўхшайди. Энди ўзим билан уёққа опкетаман, шекилли…
— Ундай деманг, ёзасиз, айтмаган биттаям сўзингиз қолмайди. Барисини ёзасиз — деди Ўрол ака.

Маъруф ака чуқур хўрсинди. Кейин овози титраб:
— Бу дунёда яхшисиниям-ёмониниям кўрдим, — деб кўзларини шифтга қадаганча, худди айтмоқчи бўлган гапларини ўйлаб-пишитиб олаётгандек бир неча дақиқа индамай қолди. Сўнг, жамлаб бўли шекилли: – Ярамаслар жуда ярамас бўлади, — деди. Маъруф ака гапираётиб аста-аста кучга кириб бораверди: товуши босиқ, хотиржам ва қатъийлашди. — Қани энди Худойим имкон берса-ю, унақа ярамасларнинг ҳаммасини ўзим билан бирга нарги томонга олиб кетсам… — деб кўзлари билан беозор жилмайди. Кейин каравот қабтолига суяниб, оҳиста гавдасини ростлади. Оёқларини полга текизиб, кўкрагига ёстиқни босиб ўтирди-да: — Мундакенг, — деб қулочини ёзиб Ўрол акани бағрига чорлади. Ўрол Ўтаев илдам бориб ачомлади. Кейин мен.

– Тушимга Шамси ака кирибди, — деди хафалигиниям, хурсандлигиниям билиб бўлмайдиган паришонлик билан. – Олволи остидаги чорпоясида гурунглашиб ўтирибмиз, эмиш. Кўп хударов одам эди, қадрига чилғий етмабмиз…

Шу сўзлар унинг ким ва қандай одам эканини айтиб турар, мени эса: “Бизлар-чи? Сизнинг қадрингизга етяпмизми?” деган ҳаққоний савол қийнамоқда эди.

Қаранг, бу камсуқум шоир бир-биридан гўзал қанча-қанча шеърлар, достонлар ёзди. “Мен сизни севардим”, “Раҳмат, одамлар”, “Сени ўйлаб”, “Нотаниш йўллар”, “Қўшиқ иштиёқи”, “Мен сув ичган дарёлар”, “Паризодим”, “Дарёни излар шамол”, “Бахтимга сен борсан”, “Бунёдкор қалб”, “Орол мадад сўрайди” каби китоблар яратди. “Дарёни излар шамол” тўплами учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ҳамид Олимжон номидаги йиллик мукофотига, Орол фожеаси ҳақидаги публицистик мақолалар туркуми учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мукофотига сазавор бўлди. Таниқли ва эл суйган шоирга айланди. Бироқ, эркалик, шон-шуҳрат кўргани йўқ. Даъво ҳам қилмади. Даъво қилиш уёқда турсин, ҳатто хаёлига келтиргани эмас. Адабиётшунослар, танқидчилар кўзидан панада қолганининг сабаби ҳам шундан бўлиши мумкин. Ҳурматли профессор Салоҳиддин Мамажонов бир мақоласида: “Адабий танқидчиликда ёзилмаган адолатсиз бир қоида бор: у кўпинча тўрт-беш машҳур номлар атрофида гир-гир айланаверади-ю, адабиёт ривожига ўз улушини қўшган “номашҳур”ларга қиё боқмайди… Адабий танқидчиларимиз ёнлаб ўтаётган шоирларимиздан бири Маъруф Жалилдир”, дея куюнгани ҳам бекорга эмас.

Қолаверса, Асқад Мухтор таъкидлаганидек: «Шеърни таҳлил қила бошласалар, ғашимга тегади. Баҳорги соф ҳавонинг кимёвий таркибини ҳам текшириш мумкин. Аммо, ундан кўра, шундай кўкрак тўлатиб нафас олган яхшироқ эмасми?

Хуллас, адабий-танқидчиликка доир масалалар ўз йўлига, лекин биз – укалари, шогирдлари, қадрдонларининг ҳам Маъруф Жалил олдидаги қарзимиз оз эмас. Негадир бепарвомиз, лоқайдмиз, дилимиздагиларни тилимизга чиқармаймиз, эътибор бермаймиз. Бизлар ҳам “машҳурлар” атрофида гирду капалак бўламиз-у, “номашҳурлар”дан бир калима ширин сўзимизни қизғанамиз. Одамзотни тириги -да эъзозлаш, ардоқлаш муҳимлигини афсуски, кўпинча кеч англаймиз.Ахир, нафақат Маъруф Жалил, Чўлпон Эргаш, Машраб Бобоев, Тилак Жўра, Сафар Барно, Рауф Толиб, Анвар Эшонов каби ижодкорларнинг адабиётга қўшган ҳиссаси қайси дарёзабон шоирдан кам?

Ўрол ака: “Чарчатиб қўймадикми…” деган маънода менга қия қаради.

Хайр-хўшлашиб, кўчага чиқдик. Ўрол ака тирсагимдан оҳиста ушлаб, паст ва ғамгин товушда Маъруф Жалилнинг бир шеърини ўқиди:

Ваъда берган бўлса-ю,
Аммо сенга учрашолмаса,
Ўзга учун жанг қилиб,
Ўзи учун курашолмаса…
Кимларгадир бахт бериб,
Ўзи бахтсиз ўтса дунёдан.
Бадном қилма билмасдан,
Далилларни олиб ҳаводан.

— Ўзи ҳақида, — деди ўқиб бўлганидан кейин.

Кейин хаёлларга ботиб индамай кетдик. Шоирнинг эзгин қиёфаси кўз олдимдан кетмасди, ичимдан бир нима узилиб кетаётгандек туюлаверди. Шу суҳбатдан кейин орадан кўп ўтмай бу ёруғ жаҳон билан мангу хайрлашган Маъруф Жалилнинг тобутини ўзи туғилган она қишлоғига олиб кетдилар… Бу воқеа 2004 йилда бўлган эди.

… Ўша – охирги учрашувда Маъруф аканинг “ярамаслар” ҳақидаги сўзлари қулоғимга қаттиқ ўрнашиб қолган экан. Қуйидаги шеър шу сўз сабаб бўлиб ёзилди:

ЯРАМАСЛАР
(Маъруф Жалилнинг сўнгги сўзи)

Ҳаётда бировга бермадим озор,
Ҳаётда бировнинг йўлин кесмадим.
Балки шунинг учун қадру эътибор,
Тополмай яшадим, униб-ўсмадим.

Бировни қўллашга етмади кучим,
Дўстлар журъатига қилдим ҳаваслар,
Аммо изларимдан маломат-пичинг
Тошини отдилар кўп ярамаслар.

Доимо тисланиб, айланиб қочдим,
Улар-чи, соядек чопди изимдан.
Кимга меҳрим сочдим – қучоғим очдим,
Жолалар оқизиб кетди кўзимдан.

Қисматим шул экан,
Тангрим, нетайин,
Эзиб-янчолмадим нокас – касларни.
Энди менга беринг, олиб кетайин
Дунёдаги барча ярамасларни.

Одамзот пайдо бўлганидан буён ҳали бирон киши бу ёруғ оламдаги яхши-ёмон одамларни ўзи билан нариги дунёга олиб кетган эмас. Мазкур юмуш Маъруф Жалилнинг ҳам қўлидан келмас эди, албатта. Ёзилмаган қанча-қанча шеър-у достонларни ўзи билан олиб кетгани эса айни ҳақиқатдир.

Маъруф Жалил қолдирган бойликлар ичида “Камтаринлик” дейилмиш яна бир хазина ҳам борки, бу хазина ҳали кўп дилларни мафтун этади, ҳайратга солади, одоб мактаби вазифасини ўтайди. Фақат бу мактаб сабоқларини ўзлаштириш, талабларига риоя қилиш осонмас. Илло, бундай яшашга ҳар ким ҳам қаноат қилмаслиги, чидами, сабри-бардоши етмаслиги мумкин…

2012 йил, март.

10 oktabr — Shoir Ma’ruf Jalil tavalludining 80  yilligi

Abdusaid Ko’chimov
KAMTARLIKNING BALAND CHO’QQISI
028

1

Bu — o’tgan asrning 70-yillaridagi gap:  Institutda (hozir Nizomiy nomidagi Toshkent Davlat pedagogika universiteti) Abdulla Oripov, Omon Matjon va Ma’ruf Jalil bilan ijodiy uchrashuv o’tkaziladigan bo’ldi. Mashvarat tashubbuskori, “Chashma” deb ataluvchi yosh adabiyotchi-ijodkorlar to’garagi rahbari Pirmat Shermuhamedov edi.

— Abdullajon bilan Omonjonni o’zim opkelaman,- dedi Pirmat aka.- Ma’ruf Jalilni “zemlagi”ga topshiramiz.

Men Ma’ruf Jalilni ko’rmagan, tanimas edim. Ammo, she’rlarini suyub-suyub o’qiganlirim va o’zim yaxshi ko’radigan shunday talantli shoir bilan tanishishga kuchli ishtiyoqim borligi ayni haqiqat. Chiqmay-chiqmay, o’sha yili shoirning bir yo’la ikki kitobi – “Men sizni sevardim” va “Rahmat, odamlar” nashr etilgan bo’lib, bu kitoblar qo’lma-qo’l bo’lib ketgan edi talabalar orasida. Qolaversa, kimsan, Pirmat Shermuhamedovday mashhur domla (Pirmat akaning nomi o’sha kezlardayoq nafaqat O’zbekistonda, balki , sobiq ittifoq adibiy doiralaridan ham ma’lum va mashhur edi) “zemlyagi” deb turganidan keyin g’ururlanib ketdimmi, sir boy bergim kelmadi.

So’rab-surishtirib, sira qiynalmay Ma’ruf Jalil xizmat qilayotgan nashriyotni topdim. Shoirning o’zini ko’rish yanayam oson bo’ldi: uzun binoning ikkinchi qavatida chin “zemlyagim”, yonimizdagi Kenagas qishlog’idan chiqqan shoir Erkin Ne’matov uchrab qoldi. Erkin akaning ukasi Isoqjon bilan sinfdosh edik, tanirdim.
— Izlayotgan shoiringiz ana,- dedi Erkin aka nariroqda, tor ayvonda papiros tutatib turgan odamni ko’rsatib.- Devorni suyab turibdi, ko’ryapsizmi?

80Ko’rdim, aniqrog’i, zinapoyalardan ko’tarilgan zahoti ko’zim tushgan edi bu odamga, biroq e’tibor bermagandim. Notanishligi uchunmas, aksincha, qandaydir, e’tiborga arzimaydigan darajada odmi ko’ringanidan… bo’lsa kerak. Endi, sersolib qarasam, yelkalarini devorga tirab papiros tutatayotgan haligi kishi haqiqatan ham suyanib emas, devorni suyab turganday ko’rinar ekan.

Ma’ruf Jalil degan shoir shu odamligini bilganimdan so’ng, kechadan buyon ko’nglimni bezovta qilib yurgan tashvishlar tumanday tarqaldi. “Qanday qabul qilarkin, “ bormayman”, desa, nima qilaman qabilidagi gumonlar o’rnini yoqimli bir yorug’lik egallayotgandek tuyuldi.

Yaxshi ko’rgan odaming bilan uchrashguncha uni xayolan doimo qaysidir ertak qahramonlariga o’xshatasan, afsonaviy pahlavonlar singari boshqacha tasavvur qilasan. Ayniqsa yoshlik chog’ingda sirli tuyuladi shoiru hofiz deganlari. Ko’rishgandan keyin esa…

Chinimni aytaman: Erkin aka “devorni suyab turibdi” degan kishi tasavvurimdagi shoirning butkul aksi, kechirasiz-u, shoirdan ko’ra ko’proq o’zimiz kabi stipendiyaga kunini orovlab yurgan studentga o’xshab ketardi. Oriqligidanmi novchi ko’rinar, yelkalari chiqibroq turgani bois qaddi egikka moyil, bir siqim belini qariyb ikki marta o’rab turgan qayishning uchi esa yarim qarichcha osilib turardi. Harakatlarida qimtinishmi, siqilishmi, ishqilib zo’r tortinchoqlik bilinardiki, indallosi, olis qishloqning shikasta bir muallimiga duch kelib turgandek edim. Bu holat hafsalamni pir qildi emas, aksincha, o’rtamizda allatovur iliqlik, yaqinlik paydo qildi. O’ziga bino qo’ygan, izzattalab, shuhratpeshalarning turqi-tarovati, yurish-turishi, qiliqlari odamni darrov o’zidan bezdiradi, hurkitadi. Xayolimdan o’tgan: “O’zimizday kirchimolgina ekan”, degan fikrdan ichimda kula-kula, baayni eski tanishlar misoli emin-erkin yoniga bordim. Salom berdim. O’zimni tanishtirdim. U yelkasini devordan ayirib, qaddini rostladi, ozg’in qo’llari bilan qo’limni avaylab siqqan ko’yi, qo’yib yubormay:

— Sizni bir joyda ko’rgandayman-u…- deb xijolatli jilmaydi. Shoirning shu lahzalardagi kamtarin chehrasida til bilan aytib bo’lmaydigan xushiymanchaklik akslanib turar ediki, unga qarab turib: “ g’irt o’zimizdan ekansiz-ku!” deb, yuborishimga oz qoldi. Tortinib-netib o’tirmay maqsadga o’tdim.

— O’h-ho’! Davra juda boshqacha ekan-ku!– deb yubordi chinakamiga tashvishlangan ohangda Ma’ruf aka.- Abdullajonlar bo’lsa… Abdullajonlarning davrasida she’r aytish qiyin…

Indamay tursam, Ma’ruf aka aynib qoladigan.
— Studentlar sizning she’rlaringizni yaxshi ko’radi, –dedim hadaha. -Ko’pini yod bilamiz.

Ma’ruf Jalil ilkis qaradi. “Rostdanmi?” degan so’roq unsiz jaranglab ketgandek tuyuldi qarashlarida.

Men bir daqiqa ikkilanmay shoirning “Chinorlar” degan she’rini aytib yubordim:

Ko’z tegmasin degan kabi
Taqib yashil tumorlar.
Payshanbaning o’rtasida
Turar mag’rur chinorlar.

Ma’ruf Jalilning chehrasiga bolalarcha beg’ubor va mo’min tabassum yugurdi. Bu yuvvoshlik gapirayotganida yanayam tiniqroq jilvalanar ekan.

— Yaramas, yomon she’rga o’xshamaydi-ya…
— Bizni Urgutda chinorlar ko’p, -dedim suhbat uzilib qolmasin degan tashvishda etanam chiqib.- Lekin Payshanbadayam chinor borligini bilmasakanman.

— Urgutdanmisiz? Urgut — chinorning koni. Mingchinordagi chinor-maktabni ko’rib qoyil qoluvdik. Maktab hoziram bormi?

-Bor-bor… – deb Urgutimizning chinorlarini oshirib-toshirib maqtadim , aniqrog’i maqtandim.

Shu zayl birpas gaplashib turdik. Ma’ruf akaning gapirayotganda jimjimador so’zlardan qochib, jaydari iboralardan foydalanishi, qo’pol-qo’rs so’zlarni qo’shmasligi menga darrov yoqib qoldi. Ko’nglida gidiri yo’q bu odamning kamtar va tortinchoqligiga havasim keldi. Xususan, suhbatdoshiga bo’lgan hurmat-e’tibori, yosh demay har so’zingni diqqat bilan, bo’lmay, oxirigacha sabr bilan eshitishi va jozibali tabassumi odamda ayricha muhabbat paydo qilarkan. Suvratidan uncha-munchaga tasirlanadiganga o’xshamasa-da, zehn solgan kishi, ko’zlari o’tkir, quloqlari ziyrak shoirning siyratida kuchli hayajon, sirli g’uluvlar borligini sezishi mukin edi. Xayrlashayotganimizda:

— Albatta, boraman, — deb qat’iy vada berdi.

… Va, aytilgan kun, belgilangan vaqtda yetib keldi.

Ana, uch shoir o’qituvchiyu talabalar bilan liq to’la hashamatli saroyga kirib kelyapti. Oldinda Abdulla Oripov – qaddi xiyol egilgan, xotirjam, jiddiy; o’rtada Omon Matjon – g’oz-g’oz yurishlar bilan tevarak-atrofga baland-baland nazarlar tashlagan, mag’rur; orqada Ma’ruf Jalil – uzun bo’yini yashirishga urinayotgan kabi yelkalari qisilgan, qadamlarini sudrab-sudrab, avvalgilarga ergashib-ergashib… “Xudo yuqtirgan” shoirlar edi uchovi ham. Bir tog’ning balan-baland cho’qqilari…

Hozirgidek ko’z oldimda turibdi: kechani domlamiz Pirmat Shermuhamedov boshqarib bordi.Abdulla Oripov “O’zbekiston vatanim manim!” deya emranib, to’lib-toshib she’r o’qiganda xuddi bomba portlagandek saroy gulduros qarsaklarga ko’milib ketdi. Kattayu kichik joyidan turvolib qarsak chalar, “O’qing!”, “Yana o’qing!” degan hayqiriqlar aks-sado berib jaranglardi.

Abdulla Oripov hayajon va hayrat og’ushida o’tkir nigohlarini saroydagilarga tikib yana o’qidi. Davr ruhiga mos kelmaydigan she’rlar yaratish o’sha davralarda endi –endi boshlangan, Abdulla Oripov shu toifa ijodkorlarning yalovbardori, Abdulla Oripov desa, she’riyat ixlosmandlari o’zlarini tomdan tashlaydigan kunlar edi. Men ham shoirning “Mitti yulduz” kitobini boshdan-oxir yod bilardim. Abdulla Oripov she’rni nihoyatda ta’sirli o’qir edi: jussasi ixcham esa-da, ovozi arslon na’rasi kabi shiddatkor ediki, uni minbardan tushirish ancha qiyin kechdi – saroydagilar hali-beri qo’yib yuborgilari kelmasdi.

Abdulla akaga beto’xtov qarsaklar chalinayotganda, Ma’ruf aka nega: “Abdullajonlarning davrasida she’r aytish qiyin”, deb ikkilanganini tushundim. Tushunganim sayin ichimda bir bezovtalikmi, qo’rquvmi o’sib-kattarib boraverdi. Qolaversa, saroydagilar shunchaki she’riyat ishqibozlari emas, juda talabchan, adabiyotni chuqur tushunadigan kishilar edi. Men Ma’ruf akaning she’rlari hamrohlarinikidan past emasligini bilardim, faqat shoir akamizning uyalganday o’tirishi tashvishlantirayotgan edi.

Abdulla akadan keyin minbarni egallagan Omon Matjon ham olqishlarga ko’mildi. Uning she’r ohangiga mos ravishda uchayotgan qush kabi qo’llarini havolatib, har satr emas, har bitta harfga alohida-alohida urg’ular berib she’r aytishlarida poeziyadan uzoq dillarni ham o’ziga mahliyo qilib qo’yadigan g’oyibona sehrli qudrat gupurib turar edi. Nafis nafasli, qaddi-qomati kelishgan bu o’ktam shoirning o’zini tutishlari, mag’rur turishlariyu, dimog’dorligigacha o’ziga yarashardi.

Nihoyat, navbat Ma’ruf Jalilga yetdi. U bir –bir bosib minbarga kiryaptiyu, mening yuragim gupurib boryapti. Ana u: ikki qo’li bilan minbarning ikki “yoqasi”dan mahkam ushlagan ko’yi, xuddi bir nimani esdan chiqargan odamday kalovlanib turibdi. Saroyda shivir-shivir, g’ovur-g’uvur boshlanyapti. Shoir goh pastda, goh yo’qorida o’tirganlarga qarab-qarab, bir muddat shu zayl turdi, keyin nimadir degandek bo’ldi. Ammo nima
deganini hech kim eshitmadi.

-Ma’rufjon, mikrafonga, mikrafonga gapiring!- deb dalda berdi Pirmat aka.

Ma’ruf aka boshini enkaytirib, uzun barmoqlari bilan mikrafonga ikki-uch marta chertdi – unolg’idan o’q otilgandek tovushlar uchdi. Nihoyat, hayajonini bosib, o’zini qo’lga oldi shekilli, qaddini rostlab, boshini tik ko’tarib, so’zlarni chala-chulpa yutmay, dona-dona qilib she’r o’qib yubordi:

Parizodim, seni izlab tog’larga bordim,
Aytolmadim yurakdagi savollarimni.
Ammo, topib yupansin, deb qo’yib yubordim –
Tog’ burguti kabi o’jar xayollarimni.

Boyagi bezovtalik, shivir-shivirlar pasaydi, tindi. Muhtasham saroyni qamrab borayotgan suv quygandek sokinlik ichida shoirning o’ktam ovozidan boshqa sas-sado eshitilmay qoldi:

O’zim javob berolsaydim,
Boshimni egib,
Shamol kabi yugurmasdim, qo’nim bilmasdan,
Shivirlamas edim har bir daraxtga tegib,
Hatto tog’lar so’zlar edi sukut qilmasdan.

Xudo haqqi, yayrab ketdim: “Ko’rib qo’yinglar, akang qarag’ayning “zemlyagi”ni ko’rib qo’yinglar”, — degandek yonimdagilarga g’ururli qarab-qarab qo’yganlarim esimda. Ma’ruf Jalil she’r aytayotganida, qaysidir domlamizning: “Katta daryolar sokin oqayotgandek ko’rinsada, tubida ko’z ilg’amas shiddat guvillab yotgan bo’ladi”, deganlari xayolimdan kechgani ham esimda. Zohiran bo’sh-bayovdek ko’ringan odamning ich-ichidan toshib-qaynab chiqayotgan zalvorli so’zlar, baayni tong saharda ko’m-ko’k dalalar osha taralayotgan nay navolari singari saroydagilarni nomsiz sehrlarga ko’mib borar, bunday go’zal holat, ayniqsa, men uchun xushbaxt va yoqimli edi. Shoirning hayot haqidagi fikrlari shu qadar mayin, hazin va betakror tuyg’ularga ko’milgan ediki, bu hazinlik zamirida bahor chechaklari singari qulf urib ochilayotgan go’zal va armonli orzular yaqin kelajakda muvashshah gullarga burkangan ko’yi tovlana-tovlana
eshituvchilar qalbiga singib borayotgandek edi go’yo. Bunday lahzalarda har kim o’z baxtini o’ylaydi, cheksiz xayollarga botadi. Shoirning dardlari shunchaki hayotdan nolish, maydakashlik, tushkunlikka tushib ohu faryod urish, mahbubasini qarg’ishlarga ko’mib tashlash emas, aksincha, o’ta nozik va ta’sirchan ko’ngilning mehr to’la sog’inchlari bo’lgani uchun ham uning har so’zidan allaqanday sohir tuyg’ular hamma qatori mening qalbimni ham nafis umidlarga burkab-chulg’ab borayotganini aniq his etib turardim. Uning ravon va bosiq ovozida, ifodali qilib o’qishlarida juda chuqur, juda qudratli va teran tafakkur akslanib turardi nazarimda.

Yana shunisi qalbimni g’ururga to’ldirayotgan ediki, uning hozirgi holati avvalgilaridan tamomila boshqacha – hayratlanarli darajada dadil va o’ktam edi, Shunisi bilan dunyodagi barcha odamlardan go’zalroq ko’rinib borayotgan edi ko’zlarimga. Qop-qora sochlari silliq taralgan, peshonasi keng, o’ychan va g’amliday ko’ringuvchi nigohlari ayni chog’da tiniq va nurli porlab turar, mayin tabassumi o’ziga yarashgan, zehn solib tikilsang, nihoyatda tortinchoq bu sirli istara sodda nigohlari bilan har kimni o’ziga maftun etadigan darajada issiq edi. Katta shoirlik g’ururi, ulkan yurakning samimiy to’lqinlari aks etardi uning qiyofasida.

She’r tugadi. Bir jo’shqinlik lovillab shoirning yuzlariga urildi, ko’zlari o’tkir-o’tkir chaqnab ketdi. Saroy esa qarsaklar, olqishlarga ko’milib ketgan edi. ”O’qing!”, “Yana o’qing!” degan
talablar eshitilardi hamma tomondan. Ma’ruf aka tomog’ini uzun qirib olib yana o’qiy boshladi:

O’zbekiston! Mening dunyoda
Tashvishingsiz o’tgan onim yo’q.
Toki borsan sen Osiyoda,
Sendan boshqa qahramonim yo’q.

Kecha tugagadi. She’rsuyarlar shoirlarni o’rab-qurshab oldilar, Ma’ruf akayam bir qancha yigit-qizlarga dastxatlar yozib berdi. Men shoir akamning xursandligini ko’rib, o’zimda yo’q sevingan holda undan olislashgim kelmasdi.

Ketar oldida uning xayrlashish uchun qanday mamnunlik bilan qo’l uzatgani hamon esimda turibdi: qo’llari oriq ammo anchayin mayin hamda issiq edi: “Menga o’xshab tortinchoq ekansan, dadil bo’lmasang hammaga kulgi bo’lasan”, demoqchiday qo’larimni siqib turgan holda, anchagacha qo’ymay ushlab turdi. Xuddi shunday bir ifodani muloyim kulimsirab turgan ko’zlari ham ta’kidlab turgandek tuyuldi. “Siz ham dadilroq bo’ling, aka”, degilarim kepketti.

2

Bunisi — ancha keyingi gaplar:

Yoz kuni edi. Bolalarni yetaklab Ko’kchaga — qaynotamiznikiga bordik. Qaynotam, shoir Shamsi Odil (Alloh rahmatiga olgan bo’lsin! Otam singari mehribon, qalbi daryo inson edi) ham Kattaqo’rg’on taraflardan bo’lgani tufaylimi, Ma’ruf Jalil bilan tug’ishganlar singari qalin, qadrdon og’a-ini edi. Bu do’stlik umrlarining oxirigacha uzilmadi. Ular tez-tez uchrashib turishar, ertalab boshlangan gurung gohida kechgacha davom etardi. She’rlar o’qishar, bir-birini tinglashar, baholashar edilar. Suhbatlari chog’ida Mamarasul Boboevning nomi tez-tez tilga olinishi yodimda qolgan. Ma’ruf aka, bu xonadonda o’zni erkin his qilsa ham, odatiga xilof ravishda hadeb gapirmas, ko’proq eshitib o’tirardi. Bu vaqtga kelib men Ma’ruf akaning xarakterini, odatlarini ancha-muncha bilib qolgan edim. Ma’ruf akadagi kamtarlik, mening nazarimda ham tug’ma edi. U Yozuvchilar uyushmasida kunda-kunaro o’tadigan majlis-mashvaratlarda ham kamdan-kam bahslashar, ammo tinglashga o’ch, faqat fikr so’rab qolgudik bo’lishgandagina o’z mulohazalarini shoshilmay, lo’nda-lo’nda bayon qilardi. Ayrim kishilarga o’xshab, kerakdir-nokerakdir tortishmas, ikkilangan mavzular bo’lsa, aralashmaslikni afzal ko’rardi. Umuman, Ma’ruf Jalil his-tuyg’ularini dasturxon qilmaydigan, iztiroblarini ham, tug’yonlarini ham ichiga yutishga o’rgangan inson edi. U gap-gashtaklarda yurishga qiziqmas, o’qir — hayratlanarli darajada ko’p kitob o’qir edi. Yana bir havasli xislati – hech qachon ig’vo qilmas, aksincha, yoqtirmaydigan kishilariga ham samimiylik bilan yondoshardi. “Tanqid bilan odamzot tuzalganida edi insoniyat allaqachonlar jamiki yaramasliklardan xalos bo’lgan bo’lardi”, deb qo’yardi bag’rikenglik bilan. Hatto, eng baxtiyor damlarida ham havolanib ketmaygan katta qalb egasi edi u. Shundan bo’lsa kerak albatta, sog’inar, shoir akam bilan tez-tez uchrashib turishga intilar edim.

Boshi berk ko’chaga kiraverishda ko’rdikki, tor ko’chadan lapanglab qaynotamiz Shamsi Odil chiqib kelyaptilar:
— Sizlar uyga kiraberinglar, men g’izillab borib Ma’ruf akangizni aytib kelaman.

Men taajjublandim: uy kiyimda Toshkentning u chekkasiga borib kelmoqchimi?
— Aytganday, sizning xabaringiz yo’q, o’g’lim. Ma’ruf akangizni shu yerga — orqa ko’chaga ko’chirib opkeldik,- deb izohladi hayronligimni sezgan Shamsi Odil.

— Unday bo’lsa, men aytib kela qolay,- dedim suyunib. Quvonchimning yana bir sababi bor edi. Mening o’sha zamondagi ishxonam bolalar gazeti — hozirgi “Tong yulduzi” bo’lib, gazetda shoir va yozuvchilarning bolaligi haqida turkum maqolalar berilayotgan edi. Ma’ruf Jalil haqida yozish mening zimmamda bo’lib, shu kunlarda unikiga bormoqchi bo’lib yurgan edim.

Ma’ruf akaning manzilini qayta so’rab, dajjam jo’nadim. Shoir akamning yangi makoni ikki ko’cha orqada, burchakdagi kichkina xonadon ekan. Bir tavaqali pastak darvoza qiya ochiq edi. Taqillatib-tovush bermay kirib boraverdim.

Tiqilinch mevali daraxtlar soyasiga ko’milgan hovlichada vodoprovod jo’mragidan oqayotgan suvning shildirashidan bo’lak sas-sado eshitilmas, jim-jit edi. Chapda — bir uy, bir dahlizdan iborat imorat oldidagi ayvonda yelkasi bilan devorni suyab (tavba, yana shunday: xuddi bir vaqtlar Erkin Ne’matov ifodalaganidek suyanib emas, devorni suyab) o’tirgancha berilib kitob o’qiyotgan shoirga ko’zim tushdi.
Ma’ruf aka kutilmagan mehmonni ko’riboq, hayallamay joyidan qo’zg’aldi. Ko’rishdik. Tashrifim sababini eshitib, issiq kunda sovqotib, junjikkan odamdek:
— O’tgan kuniyam kunimiz Shamsi akanikida o’tuvdi. Sho’rva ichdik, oz-mozdan otdik anavi yaramasdan. Kecha bo’lsa, kichkina qizlaridan bir tavoq palov chiqarib yuboribdilar. Bu ketishda butkul boqimandaga aylanib qolmiz-ku, – dedi xijolat bilan.

Men bir nimalar degan bo’ldim. “Bir pas uyoq-buyoqdan gaplashib o’tiramiz”, degan bo’lsam kerak.
— Nima o’qiyapsiz?- deb so’radim hamon qo’lida turgan kitobga ishora qilib.

— “So’g’diyona”. Qurmag’ur, Yovdat Ilyosov katta yozuvchi-da. Lekin, nimagadir, e’tibordan chetda,- dedi (xuddi o’zlari barchaning diqqat markazida turganday…) kitobni deraza tokchasiga qo’yayotib. — Tarixiy romanlari, qissalari zo’r. Hayron qolasan, bilimdon, talantli. Shu, “So’g’diyona”ni o’zbekchaga ag’darsammikan, deb yuribman. Lekin kuchim yetadimi, yo’qmi…

Ma’ruf akaning Shandor Petefi, Lesya Ukrainka, Yevgeniy Yevtushenko, Andrey Dement`ev singari shoirlarning she’rlaridan qilgan tarjimalariga ko’zim tushgan. Biroq unda nasriy asarlar tarjimasiga ishtiyoq borligini bilmasdim.

— Qo’lingizdan keladi. Ulug’larni tarjama qilgansiz, –dedim. Aftidan, o’zimcha unga dalda bergim kelgan bo’lsa kerak-da.
— Tarjima mayda, qiyin ish. Undan ko’ra yozgan oson,- dedi u. Keyin: — O’zingiz nimalar qilyapsiz? — deb so’radi.

Ma’ruf akaning bugungi kayfiyati har doimgidan baland, xushnud va yengil, g’ayratga to’lib turganday ko’rinardi. O’z taasssurotlarini birov bilan baham ko’rishni ko’pam xushlayvermaydigan, ijodi, rejalari u yoqda tursin, nima yozayotganini ham to oxirgi nuqtasiga yetguncha hech kimga aytmaydigan odam sira kutilmaganda:

— “Qo’shiq ishtiyoqi” degan kitobimni nashriyot redaktori ko’rib, qabul qilib oldi. Shu, endi tabiatni ehtiyotlash haqida publitsistik maqolalar yozsammi, deb turibman. Nida deysiz? – deb so’radi.-

Qarang, Orol dengizining ahvolini ko’ring. Qum, tuz bosib ketyapti hammayoqni. Bu ketishda ketaversa xalqimizning kelajagi, bolalarimizning taqdiri nima bo’ladi?

Shu mahal ko’cha eshigidan o’ttiz yoshlardagi qoraqalpoqaft bir ayol kirib keldi.

Uzun qizg’imtir chit kuylakli bu ayolning bir qo’lida to’rxalta, ikkinchisida gazetaga o’ralgan allanima bor edi.
— Chechangiz,- deb tanishtirgan bo’ldi Ma’ruf aka.- Magazinga ketuvdi, nonga.

“Yangi” checham bilan salomlashdik. “Yangi” deyishimning sababi, Ma’ruf aka “eski”si bilan ancha ilgari ajrashganini eshitgandim. “Shoirga xotini ko’p azob bergan, oxiri chidolmay choponni yelkaga tashlabdiyu, uydan chiqibdi-ketibdi”, qabilidagi mish-mishlar qulog’imga chalingan. Ha, endi hayot-da. Hayotda nimalar bo’lmaydi. Undan keyin birovning ro’zg’ori. Bilmay turib har xil valdirash gunoh. “Ishqilib, bu chechamiz bilan baxtli yashasinlar”, dedim ichimda.

Illo, o’zidan ham ko’ra ko’proq boshqalarni asrashni afzal bilgan, boshqalardagi har bir ijobiy fazilatlarni ardoqlaydigan, ba’zi birovlardek hech qachon o’zini ko’z-ko’z qilmaydigan, aksincha, maqtovlardan qochib yuradigan bunday inson ham hamma qatori baxtiyor yashashga haqli, shunday emasmi?

Chechamiz shoshilinch dasturxon yozishga hozirlanayotgan edi, Ma’ruf aka:
— Xonim, ovora bo’mang, Shamsi aka chaqiribdilar. Kelin ayamiz kattaqo’rg’oncha zig’ir yog’li polov damlayotgan ekanlar,- deb shashtidan qaytardi.

— Voy, yanami? – deb yubordi astoydil hayratlangan ohangda chechamiz. — Kechagina boruvdik-ku! Men uyda qola qolay. Odamga noqulay.
— Shamsi akani hali yaxshi bilmaysiz, xonim. Bormasak, yomon xafa bo’ladilar. Bo’la qoling.

Hayal o’tmay chechani oldimizga solib, uydan chiqdik. Muyulishda, shunday ko’chaning o’zida uch-to’rtta bolakay koptok tepishayotgan ekan.
— Bolalik yaxshi-da,- dedi ularga havas bilan qarab-qarab.- Heshtimani o’ylamaysan. Qorin bilan o’yindan bo’lak g’aming yo’q. Bolalik yana shunisi bilan go’zalki, seni hamma suyadi, erkalaydi — sen juda baxtiyorsan.

Shoir akamning bu so’zlari sal bo’lmasa unutilayozgan haligi rejamni esga tushirdi. Ammo, hozir maqsadimni ochiq aytsam: “yo’q, bizning nimamizni yozasiz, mashhur shoir-yozuvchilar ko’p-ku”,
deyishi aniq.

Shu boisdan tuzukkina shakllanib qolgan jurnalistlik “mahoratim”ni ishga solib, olisroqdan ko’ngliga qo’l uzatdim:
— O’zingiz ham maydaligingizda shunaqa bo’lgansiz-ku.

— Qayoqda. U zamonda to’p nima qilsin. Bir to’g’ram non topishni ayting. Qimmatchilik, qahatchilik. Urush, urushdan keyingi davrlar, og’ir edi. Kunjara yeb, qorni shishib ko’chada o’lib qolganlar qancha.

Bizning oiladagi ahvol ham juda ayanchli edi. Onam yoshligimda vafot etgan. Otam qamalgan. Singlim ikkovimiz momomizning qo’lida qolganmiz. Mol boqamiz, o’tin teramiz. Bahor kelaversa, momom suyunib: “Erta-indin tut pishadi, endi marra bizniki, uyog’iga o’lmaymiz… Tangrim rahmdil”, — derdi. — Haqiqatdan ham bahor kelsa, kunimiz tug’ardi. – deya davom etdi yengil nafas olib.- Momaqaldiroq gumbirlar, chaqmoq chaqar, biz bo’lsak yomg’ir tinishi bilan daryoga yaqin chakalakzorlarga chopar, butazorlardan, ariq bo’ylaridan qo’ziqorin terib kelardik, Momomiz qovurgan qo’ziqorin xuddi jigar kabob singari mazali bo’lardi. Yana ko’katala degan taom ham bo’lardi. Rahmatlik momomiz bu ovqatni sut bog’lagan boshoqlarni terib, qaynatib pishirardi.

Shu taxlit suhbatlashib ketdik.

Ma’ruf aka tanishganimizdan buyon birinchi marta ko’nglini sal ochib, bolaligi, yoshligi o’tgan qishlog’i, ota-onasi haqida gapirdi.

— Qishlog’imiz atrofi tog’ bilan o’ralgan. Derazani shunday ochsang, shimol tomondan Oqtov, janub tomondan Qoratov ko’rinib turadi. Oqtov tomondan Oqdaryo, Qoratov tomonda Qoradaryo oqadi. Ikki daryo aslida mustaqil daryo emas, Zarafshon daryosining Samarqand yaqinida ikkiga bo’linib oquvchi irmoqlari. Bu irmoqlar Xatirchida birlashadi. Shu ikki daryo oralig’ida orolga o’xshash makon bo’lib, bu joy Miyonkol deb ataladi. Men tug’ilib o’sgan Payshanba qishlog’i shu orolchada.

— Miyonkol to’g’risida o’qiganman, — dedim suhbatga aralashgim kelib, — Yoqut Hamaviyning “Mo»jam al-buldon” kitobida Dabusiya qal’asi, Rag’in, Iskaron Arbinjon kabi bir necha qishloq va shaharlar joylashgan sarhad Miyonkol deb ataladi, deyilgan. Yana bir tarixiy kitobda, adashmasam, “Tarixi Xumoyun” asarida bo’lsa kerak, Miyonkol hududi shimoldan Nurota, janubiy tarafdan Qarnab tog’lariga borib tutashadi. Ma’muriy markazi Karmana, deyilgan.

— 8-9-asrlarda Miyonkol katta viloyat bo’li, tarkibida sakkizta hokimlik bo’lgan, — dedi “bilag’on”ligimdan suyunib, — Karmana, Ziyovuddin, Xatirchi, Bog’chaikalon, Nurota, Gujumsaroy, Komimig’, Yangiqo’rg’on… Miyonkol atamasining o’zbekcha ma’nosi ham ikki suv oralig’i. Ikki daryo orasidagi qishlog’imizda har payshanba kuni katta bozor bo’lardi, olis-olislardan karvonlar kelardi. Qishlog’imizda o’ndan ziyod machitdan tashqari, bitta madrasa ham bor edi. Bolalar shu yerda o’qigan, qobiliyatlilari keyin-keyin Buxoro madrasalariga borgan. Men bo’lsam,- Ma’ruf aka shu yerda kulib yubordi.- Bilasizmi, men 10 yoshimda maktabga borganman. Lekin qizig’i bu emas. 15-16 yoshli akalar bilan bir sinfda o’qiganman. Sinfimizda urush tufayli o’qishdan qolib ketgan 20 yoshli qizlar ham bor edi. Shu sinfdosh-qizlarning ko’plari 2-sinfda erga tegib ketdi.

Gap orasida otasi Ergash Jalilov savodxon, o’qimishli odam bo’lganini ham esladi.

— Otam eskicha o’qish, yozishni yaxshi bilardi. Toshkentda ikkita o’qishni bitirganlarini aytardilar. Qamoqdan qutilib kelganlaridan keyin jamoat xo’jaligida hosilot bo’lib ishlaganlari yodimda. Qotmadan kelgan, uzun bo’yli, jadidcha mo’ylovli kishi edilar. Uyimizda Alisher Navoiyning ko’kish rangli qalin muqovali devoni bor edi. “Kuntug’mish”, “Orzigul”, “Avazxon”, “Ravshanxon”, “O’zbek xalq ertaklari” kitoblarini otam o’qib yurardilar. Mening birinchi o’qigan kitobim Navoiyning o’sha devoni, doston va ertaklar edi. Otam negadir zamonaviy shoirlar kitoblarini xush ko’rmas, ”maza-matrasi yo’q”, derdilar.

— She’r yozishniyam Navoiy bobomizdan o’rgangan ekansiz-da.

— Boshqa jiddiy sabab ham bor… – deb bir nafas indamay ketdi. — Enamning qiyofasini eslolmayman, boya aytganimday, juda kichkinaligimda dunyodan o’tgan. Qahatchilik avjiga chiqqan paytlarda singlim

Rohila ikkovimizga momomiz ham ena, ham ota bo’lgan. Singlimni juda yaxshi ko’rardim. Uyam haddan ortiq mehribon edi. Bitta olmami, turshakmi topsa yarmini menga asrab qo’yardi. Singlim ozg’in, nimjon edi. Ocharchilik uning sillasini quritgandi. Yettinchi sinfda o’qib yurganimda singlim vafot etdi. Uni qabrga qo’yib kelgandan keyin xayolimda bir gap aylanaverdi. Uyga kirib, sandalga o’tirib yoza boshladim:

Sen ham meni tashlab ketdingmi…
Ketdingmi dunyodan boshingni olib,
Yo’qchilik kulfatin ichingga solib,
Sen ham meni tashlab ketdingmi!

Yozarkanman, tomog’imga alam tiqilib, ko’zlarimdan duv-duv yosh oqardi. Yozganlarimni momomga o’qib bergandim, uyam uv tortib yig’lab yubordi. Momom hamma qo’ni-qo’shnilarga she’rni aytib chiqibdi. Shundan boshlab guzarimizda “shoir” bo’lib qoldim. O’sha she’r saqlanib qolmagan. Afsus. Faqat bir to’rtligi yuragimda.

Shu voqeadan bir yil o’tib, 8-sinfdaligimda “Orzu” degan she’rim ilk marta tuman gazetida bosilib chiqdi. Lekin, men uchun birinchi yozgan she’rim singlim haqidagisi hisoblanadi. She’r nima uchun yozilishi, dardi yo’q odamdan shoir yoki yozuvchi chiqmasligini o’shanda g’ira-shira anglaganman.

Suhbat asnosida yozilajak maqolam uchun g’oyat zarur bo’lgan quyidagi ma’lumotlarni ham bilib oldim:

Ma’ruf Jalil 1936 yili Kattaqo’rg’on tumanidagi Payshanba qishlog’ida tug’ildi. U vaqtlarda tug’riqxonalar bo’lmagani, har kim o’z uyida tug’ilgani tufayli oradan o’n yil o’tganidan so’ng tug’ilganligi haqidagi guvohnoma qo’liga tegdi. She’r yozishni 7 – 8-sanfda o’qiyotgan paytida boshladi. Ammo, ungacha xabar va maqolalar ham yozdi. U muxbirlikka qanday qiziqib qolganini mana bunday esladi: “4-sinfda o’qirdik. Sinfimizda Usmon degan bir lo’li bola bor edi.iBir kuni unga jildiga qizil bayroq rasmi solingan xat keldi. Hamma bolalar qiziqib tomosha qilishdi. Men ham o’qidim. Xat mashinkada yozilgan bo’lib, gazetadan kelgandi. She’rmi, maqolami yozib yuborgan ekan. Shunga javob. Xatning bir chekkasida “Yosh muxbirga esdalik” bo’lib, unda qanday yozish, nimalarga e’tibor berish haqida maslahat va yo’l-yo’riqlar berilgandi. Usmonga havasim kelib, men ham gazetalarga xabarlar, maqolalar yozib yuboradigan bo’ldim”.

O’sha yillarda boshlangan adabiyotga qiziqish va havas sabab, albatta, 1958 yili Toshkentga keldi. Birlashgan nashriyot bosmaxonasida oddiy harf teruvchi bo’lib ish boshladi va shu yilning o’zida Toshkent Davlat universitetining filologiya fakul`teti sirtqi bo’limiga o’qishga kirdi. Ungacha, askarlikda bo’ldi, ilm izlab Moskovgacha poyu piyoda bordi, Norak GESida ishchi, betonchi bo’ldi. Bosmaxona “bo’yoqlarini hidlab obdan to’ygach”, hozirgi “O’zbekiston ovozi” gazetasida korrektor, adabiy xodim, keyinroq “Mushtum”, “Sharq yulduzi” jurnali tahririyatlarida muharrir bo’lib ishladi. Hozir (o’sha paytda) G’afur G’ulom nomidagi adabiyot va san’at nashriyotida muharrir.

— She’rlar mashq qilishni erta boshlagan bo’lsam ham kitoblarim juda kech chiqdi, — deb afsus bilan davom etdi Ma’ruf aka. – Birinchi kitobim 36 yoshimda chop qilindi. Bunga aybdor o’zim: dangasaligim, yaramas injiqligim …- deb juda siniq, juda mungli jilmaydi.

Men unga qarab: “Bunday demang. Gap kitobning erta yoki kech chiqqanida emas. Sadriddin Ayniy sizdan ham keyin boshlagan. Sizning qishloqirok, dangal, xuddi Oqtov etaklaridan sharqirab tushayotgan irmoqlar epkini singari tiniq, orombaxsh tuyg’ularga yo’g’rilgan she’rlaringizni sevamiz!”, degim keldi. Ammo, shoir akamning hozirgi holatida bunday “g’amxo’rlik” noo’rindek tuyuldi.
Ma’ruf aka manzilga yetguncha boshqa gapirmadi.

Qaynotamizning torgina hovlisi boshi berk ko’chaning oxirida. Salqin, osuda. Gilamning o’rniday gulzor atrofida musichalar kukulab yuribdi. Biz kirib bogrgach ular patirlab ko’kka parvoz etdi. Hovli to’rida shig’il mevaga kirgan o’rik. Hammayoqqa boshdan oyoq ko’llatib suv sepilgan. O’ng burchakdagi olcha tagiga o’rnatilgan so’riga o’tirdik. Xontaxta ustidagi olma-anorlar tovlanib ko’zni qamashtiradi. Ayamiz ko’k choy olib keldi. Lekin gap bilan bo’lib choy sovub qoldi. Gap adabiyotdan boshandi. Keyin ikki og’ayni sharq shoirlari, o’tmishdagi va hozirga olimlar, faylasuflar haqida gurunglashdilar. Mezbon boshlagan so’zni mehmon davom etirar, mehmon boshlagan so’zni mezbon ilib ketardi. Og’a-inilar shu tarzda yurak chigilini yozdilar. Palovni dimoqni qitiqlovchi isi anvoyi gullarning bo’yiga qo’shilib ketdi. Dilkash suhbat qizib borar, men mullavachchalardek churq etmay tinglab o’tirar va Ma’ruf Jalil nafaqat dilbar shoir, balki o’ta bilimdon odam bo’lganidan hayratlanib unga bo’lgan hurmatim yanayam ortib borar edi.

Keyin – yana ko’p-ko’p bahorlar kelib ketganidan keyin, zamona zaylini ko’ring, Ma’ruf Jalil bilan bir dargohda, O’zbekiston Milliy teleradiokompaniyasida ishlab qoldik. Turli munosabatlar bilan oz-oz esa-da, ko’rishib, suhbatlashib turdik. Ma’ruf aka Shoyim Bo’taev, Berdi Rahmat singari ijodkorlar bilan birga — radiochi. Turli mavzularda adabiy eshittirishlar, radiokopozitsiyalar tayyorlaydi. “O’zbektelefil`m”da ishlaydigan yozuvchi va kinodramaturg Mirzapo’lat Toshpo’latov ham “radiochilar” bilan uchrashgani, suhbatlar qilgani haqida tez-tez gapirar, taniqli telejurnalist va adabiyotshunos olim O’rol O’taev esa Ma’ruf akanikiga borgani, uning hayoti yolg’izlikda o’tayotgani ( shoir akamiz “yangi checha”miz bilan ham uzoq birga yashamadi) haqida aytar va bu hokisor odamga nima qilib bo’lsa hamki ko’proq yordam berish zarur, deb kuyunardi.

Ma’ruf Jalil bilan bo’lgan so’nggi suhbat ham ( ming afsus, u paytda buni bilmagan ekanman) rahmatlik O’rol O’taevning harakati bilan bo’lgan…
-Shoirning ahvoli yaxshimas, — dedi O’rol aka. – Tunov kun birpas ko’cha aylanaylik, desam, yurishim qiyin, dedi. Borib bir ko’raylik.

Bordik. Ko’rdik. Ko’nglim allatovur bo’lib ketdi.

Tag-tubi bilan qimtinib-qisinib yashashovchi shoir yanam ozgan, yanayam cho’kkan, yanayam g’arib bir holatda deraza ostidagi eski karavatda osmonga qarab yotardi. Hayoti osoyishta kechmagan bu
xudarov inson umrining oxirgi kunlarini ham yolg’izlikda o’tkazayotganidan ezildik.

So’nggi yillarda Ma’ruf akaning kasalmand bo’lib qolgani, ishxonaning ishlariniyam uyda bajarishi, hamrohi, hamsuhbati kitob, ovunchog’i qog’oz – qalam va yozuv-chizuv ekanini hamma bilardi. Do’slari, shogirdlari hol-ahvol so’rab turardilar. Avvalroq ko’rganimizda tuzuk edi. Issiqqa ham, sovuqqa ham chidamli odam dardmanligini sezdirmaslikka, hamisha sabr qilish, kutish va ichga yutishga, qiyinchiliklarni sirtiga chiqarmay yashashashga intilardi. U o’zigagina mansub bo’lgan ichki intizomda kun o’tkazardi – talab qilish, tekinxo’rlik, baqir-chaqir, xiyonatlardan uzoq edi. Kamtarlikni saqlashdagi saboti shu qadar baland ediki, ba’zilarga bu o’z qadrini bilmaslik – past urish bo’lib ko’rinardi, hatto.

Og’ir betob bo’lgan paytlarida ham birovga sir bermagan odamning bugungi ahvolini ko’rgan kishi o’ylanmasligi mumkin emasdi. Tilimga gap kelmaydi. Yaxshiyamki, O’rol aka bor, qaerda nima deyishni, odamning ko’ngliga qanday tasalli berishni biladi.

— Ko’rgan qizlar “Voh!” deydi-yu, yotishini ko’ringlar bu kishimni! – deb hazil-huzul bilan bemorni ovutmoqchi, tushkun o’ylardan chalg’itmoqchi bo’ldi. Ammo, O’taevning ovozida ham har doimgi guldurash yo’q edi. – Shu oqshom “Men suv ichgan daryolar”ni yana bir marta o’qidim, — davom etdi O’taev. – Oh-oh… Bunday xalqona she’rlar maktab darsliklariga kiritilishi kerak. Yoshlarimiz o’qisin, zavqlansin, ona-yurtimiz go’zalliklarini dildan his etsin.

O’ynab-o’ynab xayollarim qaytib keladi,
Ba’zan quruq, goh yangi gap aytib keladi…

— Bunday jozibali misralarni faqat Ma’ruf Jalil aytishi mumkin… To’g’rimi?- deb menga yuzlandi.

Men O’rol akaning kechinmalarini anglab turardim. U qanday bo’lmasin shoir ruhini tetiklashtirgisi kelar, lekin buni uddalayolmayotganidan battar xijil bo’layotgan edi. Ma’ruf aka, umrida birovning dilini og’ritmagan, qalbi toza Ma’ruf aka esa, besasgina bizga qarab yotardi. Yuzi va lablaridagi sezilar-sezilmas tabassumi orqali hammasini tushunib-bilib turganini, huzurlanayotganini aytib turgandek edi. Men shu daqiqalarda, ayrim xushomadsevarlarga o’xshab uncha-muncha maqtovga eshkannap, cho’ljanglab ketavermaydigan, Ibrohim G’afurovday tanqidchi: “Ma’ruf Jalilning she’rlari issiq qorga o’xshaydi”, deb ijodiga yuksak baho berganida ham maqtovni tortinchoqlik bilan qabul qilgan, hatto, bundan hiyla qiynalgan shoir akamni qanchalar yaxshi ko’rishimni yanayam teranroq his etib turardim. Yana shuniyam fahmlab turardimki, hammavaqt, har qanday sharoitda, har qanday davrada o’zgarmaydigan bu odamga keksalik va xastalik asta- sekinlik bilan o’z kuchini ko’rsatayotgandi: uning sillasi qurigan, harakatlari sust, peshonasidagi chuqur ajinlar quyuqlashib, siyrak sochlari oqargan, faqat yuzlarida ulug’sifat bir vazmin xotirjamlik akslanib turardi. Hech qachon o’tkinchi hoyu havas, boylik-davlat ketidan quvmagan, quvlik-ayyorlikni bilmagan, qiynalsa ham birovga yolvorib-yalinmagan bu odamning ichida ko’rinmas qudratli bir kuch yashirinib yotganday tuyulardi. Nag’zi mayib, befarosat kimsalar ba’zan undagi kamtarlikni noshudlikka yo’yib kamsitgan, orqavoratdan pachurib, chandiganda ham “yaramas” degan beozor lutfdan hatlamagan bu insonning shunday sodda-bayov yotishida ham o’ziga yarashgulik bir sipolik, bir savlat bor edi.

Unga qarab o’tirib qaysidir shoirning: “Shoirlik iste’dodi shoirning o’z shaxsiyatiga aloqasi bo’lmagan mustaqil bir holat emas, balki uning ichki ruhiy qiyofasi bilan uzviy ravishda bog’liqdir”, degani xayolimdan o’tdi. She’rlaridagi yorqinlik ham, odamlarga mehribonlik ham, o’ychanlik va og’irlik, sobirlik va oqillik ham aslida shoirning tabiatida bor. Uning odamlarga hamisha yaxshiliklar istashi maxsus o’ylab qilingan ish emas, bu uning uchun yashash tarzi, hayoti, hayotning aynan o’zi edi. Uning she’rlari ham ana shu soflikdan, vatanga, xalqqa hadsiz sadoqat hissidan tug’ilgan durdonalar edi.

Ma’ruf aka faqirona kun kechirar, adabiyotga ham katta-katta da’volar qilmay, beta’ma xizmat qilardi. Yozganda ham kuchanib-chiranmay, xuddi uch oyoqli mol`bertiga oppoq qog’ozni qo’yvolib yam-yashil bog’lar tasvirini chizayotgan musavvir singari emin-erkin yozardi. Qiyos izlab qiynalib- zo’riqmas, so’zlar, tasvirlar, nodir ifodalar tabiiy ravishda, o’z-o’zidan quyilib kelaverardi:

Etagi paxtazor, orti bobotog’,
Yonida Zarafshon oqar erkalab.
Miyonkol qo’ynida oddiy bir qishloq
Quyosh uyg’otadi har kun ertalab.

Bo’yoqlar satrlardan satrlarga o’tgan sayin quyuqlashib, tiniqlashar, shoir ruhiy holatlarni kavlab-kavlashtirib, sog’inchli qatlamlarni topardi. Anvoyi gullarning muattar hidi-yu, baxmal maysalarning sirli qo’shiqlarini tinglash, rohatlanish mumkin edi ularni o’qigan odam. Bir girya to’lg’anib yotganday bo’lardi she’rlarining har satrida:

Bog’, dala, qirlarga gul-lola sochib,
Bahor odatiga qilganda amal,
Shu yerni ko’rgandim ko’zimni ochib,
Shu yer olam edi menga mukammal.

Umuman, Ma’ruf Jalilning Vatan sha’nini ulug’lovchi she’rlari bag’oyat ta’sirchan va serjilo:

Shaydo yuragimni men quyosh qilib,
O’lkam osmoniga qo’yolsam ilib.

Yoki:

Yuragimda Vatanimning sevgisi bor,
Yo’qotmasman bu tengi yo’q bisotimni.

Yoki:

She’rma-she’r boraman qalbimni ochib
Senga – O’zbekiston – yashnagan makon.

Shoir Vatan deganda eng avvalo ona qishlog’i Payshanbani tushunadi va shu qishloqning tuproqli ko’chalarida changga ko’milib qolib ketgan bolaligini qo’msab yashaydi. Askarlikda, dengiz qirg’oqlarida, o’rmonlar orasida yurganida ham ona qishlog’i, chang-tuproqli ko’chalar hidini sog’inadi

Vatan — bu hamisha rohat farog’atda yallo qilib yuradigan g’aroyib bir maskan emas, balki ota bobolar hoki turobi yotgan muqaddas va tabarruk qadamjo ekanini uqtiradi.

U she’rlarida hayot dramalari, fojealarini shunday adolatli tarzda ifodalaydiki, oqibatda bunday she’rlar haqiqat va adolat jarchisi bo’lib tuyuladi, bedorlik va uyg’oqlikka undaydi. Satrlarda ehtiroslarning guvlab, to’lib-toshib kelayotgan shiddatli to’lqini lahzada beixtiyor sizni ham o’z oqimiga tortib qo’shib ketadi. Adolatsizlikka, ochko’zlikka, mahdudlikka qarshi bir isyon qo’zg’aydi ichingizda.Ona yurtga bo’lgan mehringizni oshiradi. Qisqasi, vatanparvarlik, jonfidolik, mardonavorlik Ma’ruf Jalilning ijodiy, axloqiy, insoniy programmasidir, deyilsa adolatli bo’ladi..
Musavvir ko’zlarining o’tkirligi ila tasvirlangan “Qishlog’im” deyilmish yo’qoridagi she’rni o’qigan o’qirman ham beg’ubor bolaligini, betakror xotiralarning rangin lahzalarini boshdan kechirish mumkin. Uni o’qiganda jahon oldida “olma betidagi xol”day qishloq manzaralari kino lavhalari singari ko’z oldingdan tizilib o’taveradi. Yana bir she’rida esa qishga o’xshamagan qishni yodga soladi:

Shu ham qish bo’ldimi? Qish bo’lsa agar,
Namoyish qilmasmi kasbi korini?
Behavas ko’rinar nega bu qadar,
Yoki yo’qotdimi xaridorini?

Bunday misralar shunchaki havas uchun emas, ilhom junbushga kelgan, yozmaslikning iloji bo’lmay qolgan damlardagina dunyoga keladi. Bir qaragan kishiga tushkun, sarxush qiyofada ko’ringuvchi Ma’ruf Jalil ham “yozmaslikning iloji bo’lmagandagina yozadigan”lar toifasidan edi. U hamisha, hamma yerda — yursa ham, tursa ham ishlayotgan – she’r yozayotgan bo’lardi. Mayda-chuyda, arzimasday tuyulgan narsalardan ham ibratli fikrlar topib, salmoqli xulosalar chiqara olardi. Qanchalar ilhom bilan yozmasin, o’ziga o’ta talabchan bo’lganidan so’zlar ustida ishlashdan erinmas, chuchmallik, o’rtachalikdan qochardi, qayta ishlash, tahrir qilish va ko’chirishdan charchamasdi. Shular sabab, Ma’ruf akani ko’p va tez yozadiganlar qatoriga qo’shib bo’lmasdi.

Hamma bilan birday munosabatda, bir xil muomalada bo’la oladigan sabrli, e’tiborli va o’ta kamtarin kishilar ijodkorlar orasida uncha ko’p emas. Rahmatlik Mirkarim Osimga o’xshab ketar edi shunday fazilatlari bilan Ma’ruf aka. Bir-biridan hokisor va mehnatkash bu ikki ijodkor tom ma’noda kamtarlikning eng baland cho’qqilari edilar. Ma’ruf Jalil ham Mirkarim Osim kabi kam gap esa-da, ko’ngliga ma’qul odam bilan tez til topishar, bir pasda suhbatdoshining e’tiborini qozonar, u bilan gurunglashgan har qanday odam rohat qilardi. U suhbatdoshini hurmat qilish barobarida, fikrlarini ham o’ta nozik sezgi bilan anglab olardi.

Yana bir o’ziga xos fazilati bor edi Ma’ruf akaning: xushomadxo’r va foydaxo’rlarga duch kelganda ham jahlini tiya bilar, birovni yomonlamas, beozorlik bilan “yaramas” deb qo’yardi, xalos. “Xudoyim shu bandasiga insof bersin”, degani edi bu. Hamisha hamdardlik chechaklari yashnab turguvchi munosabatlarida rayhonlar hid taratib turgandek bo’lardi go’yo — yolg’on, dabdaba, jimjima yo’q edi. She’riy satrlar bamisoli qafasdan qutulgan qushchalar kabi jo’shib otilib chiqardi uning qalbidan:

Uyqumni ataylib qochirganim yo’q,
Ehtiyoj sezmadim chaqirmoqqa ham.
Chunki yozilmagan tilaklarim ko’p
Ko’nglim tinchimaydi to’yib yozmasam.

Shunday. To’yib-to’yib yozgan, ammo yozishga to’ymay, betobligidayam ko’ngli tinchimayotgan bezovta insonga qarab turib : “Siz o’zini yoqib-yondirish hisobiga tun qariga nur taratayotgan shamga
o’xshaysiz. Sham misoli o’zingizni emas, boshqalarning qalbiga nur sochishni o’ylaysiz”, degim keldi. Ammo, deyolmadim. Buning o’rniga:

— Ma’ruf aka, hali ko’p yozasiz, — dedim, xalos.

— Qayoqda, endi yozish qiyin… — deb g’aribona jilmaydi. — Yalqovman, ko’p narsalar o’zimda qolib ketadiganga o’xshaydi. Endi o’zim bilan uyoqqa opketaman, shekilli…
— Unday demang, yozasiz, aytmagan bittayam so’zingiz qolmaydi. Barisini yozasiz — dedi O’rol aka.

Ma’ruf aka chuqur xo’rsindi. Keyin ovozi titrab:
— Bu dunyoda yaxshisiniyam-yomoniniyam ko’rdim, — deb ko’zlarini shiftga qadagancha, xuddi aytmoqchi bo’lgan gaplarini o’ylab-pishitib olayotgandek bir necha daqiqa indamay qoldi. So’ng, jamlab bo’li shekilli: – Yaramaslar juda yaramas bo’ladi, — dedi. Ma’ruf aka gapirayotib asta-asta kuchga kirib boraverdi: tovushi bosiq, xotirjam va qat’iylashdi. — Qani endi Xudoyim imkon bersa-yu, unaqa yaramaslarning hammasini o’zim bilan birga nargi tomonga olib ketsam… — deb ko’zlari bilan beozor jilmaydi. Keyin karavot qabtoliga suyanib, ohista gavdasini rostladi. Oyoqlarini polga tekizib, ko’kragiga yostiqni bosib o’tirdi-da: — Mundakeng, — deb qulochini yozib O’rol akani bag’riga chorladi. O’rol O’taev ildam borib achomladi. Keyin men.

– Tushimga Shamsi aka kiribdi, — dedi xafaliginiyam, xursandliginiyam bilib bo’lmaydigan parishonlik bilan. – Olvoli ostidagi chorpoyasida gurunglashib o’tiribmiz, emish. Ko’p xudarov odam edi, qadriga chilg’iy yetmabmiz…

Shu so’zlar uning kim va qanday odam ekanini aytib turar, meni esa: “Bizlar-chi? Sizning qadringizga yetyapmizmi?” degan haqqoniy savol qiynamoqda edi.

Qarang, bu kamsuqum shoir bir-biridan go’zal qancha-qancha she’rlar, dostonlar yozdi. “Men sizni sevardim”, “Rahmat, odamlar”, “Seni o’ylab”, “Notanish yo’llar”, “Qo’shiq ishtiyoqi”, “Men suv ichgan daryolar”, “Parizodim”, “Daryoni izlar shamol”, “Baxtimga sen borsan”, “Bunyodkor qalb”, “Orol madad so’raydi” kabi kitoblar yaratdi. “Daryoni izlar shamol” to’plami uchun O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining Hamid Olimjon nomidagi yillik mukofotiga, Orol fojeasi haqidagi publitsistik maqolalar turkumi uchun O’zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining mukofotiga sazavor bo’ldi. Taniqli va el suygan shoirga aylandi. Biroq, erkalik, shon-shuhrat ko’rgani yo’q. Da’vo ham qilmadi. Da’vo qilish uyoqda tursin, hatto xayoliga keltirgani emas. Adabiyotshunoslar, tanqidchilar ko’zidan panada qolganining sababi ham shundan bo’lishi mumkin. Hurmatli professor Salohiddin Mamajonov bir maqolasida: “Adabiy tanqidchilikda yozilmagan adolatsiz bir qoida bor: u ko’pincha to’rt-besh mashhur nomlar atrofida gir-gir aylanaveradi-yu, adabiyot rivojiga o’z ulushini qo’shgan “nomashhur”larga qiyo boqmaydi… Adabiy tanqidchilarimiz yonlab o’tayotgan shoirlarimizdan biri Ma’ruf Jalildir”, deya kuyungani ham bekorga emas.

Qolaversa, Asqad Muxtor ta’kidlaganidek: «She’rni tahlil qila boshlasalar, g’ashimga tegadi. Bahorgi sof havoning kimyoviy tarkibini ham tekshirish mumkin. Ammo, undan ko’ra, shunday ko’krak to’latib nafas olgan yaxshiroq emasmi?

Xullas, adabiy-tanqidchilikka doir masalalar o’z yo’liga, lekin biz – ukalari, shogirdlari, qadrdonlarining ham Ma’ruf Jalil oldidagi qarzimiz oz emas. Negadir beparvomiz, loqaydmiz, dilimizdagilarni tilimizga chiqarmaymiz, e’tibor bermaymiz. Bizlar ham “mashhurlar” atrofida girdu kapalak bo’lamiz-u, “nomashhurlar”dan bir kalima shirin so’zimizni qizg’anamiz. Odamzotni tirigi -da e’zozlash, ardoqlash muhimligini afsuski, ko’pincha kech anglaymiz.Axir, nafaqat Ma’ruf Jalil, Cho’lpon Ergash, Mashrab Boboev, Tilak Jo’ra, Safar Barno, Rauf Tolib, Anvar Eshonov kabi ijodkorlarning adabiyotga qo’shgan hissasi qaysi daryozabon shoirdan kam?

O’rol aka: “Charchatib qo’ymadikmi…” degan ma’noda menga qiya qaradi.

Xayr-xo’shlashib, ko’chaga chiqdik. O’rol aka tirsagimdan ohista ushlab, past va g’amgin tovushda Ma’ruf Jalilning bir she’rini o’qidi:

Va’da bergan bo’lsa-yu,
Ammo senga uchrasholmasa,
O’zga uchun jang qilib,
O’zi uchun kurasholmasa…
Kimlargadir baxt berib,
O’zi baxtsiz o’tsa dunyodan.
Badnom qilma bilmasdan,
Dalillarni olib havodan.

— O’zi haqida, — dedi o’qib bo’lganidan keyin.

Keyin xayollarga botib indamay ketdik. Shoirning ezgin qiyofasi ko’z oldimdan ketmasdi, ichimdan bir nima uzilib ketayotgandek tuyulaverdi. Shu suhbatdan keyin oradan ko’p o’tmay bu yorug’ jahon bilan mangu xayrlashgan Ma’ruf Jalilning tobutini o’zi tug’ilgan ona qishlog’iga olib ketdilar… Bu voqea 2004 yilda bo’lgan edi.

… O’sha – oxirgi uchrashuvda Ma’ruf akaning “yaramaslar” haqidagi so’zlari qulog’imga qattiq o’rnashib qolgan ekan. Quyidagi she’r shu so’z sabab bo’lib yozildi:

YARAMASLAR
(Ma’ruf Jalilning so’nggi so’zi)

Hayotda birovga bermadim ozor,
Hayotda birovning yo’lin kesmadim.
Balki shuning uchun qadru e’tibor,
Topolmay yashadim, unib-o’smadim.

Birovni qo’llashga yetmadi kuchim,
Do’stlar jur’atiga qildim havaslar,
Ammo izlarimdan malomat-piching
Toshini otdilar ko’p yaramaslar.

Doimo tislanib, aylanib qochdim,
Ular-chi, soyadek chopdi izimdan.
Kimga mehrim sochdim – quchog’im ochdim,
Jolalar oqizib ketdi ko’zimdan.

Qismatim shul ekan,
Tangrim, netayin,
Ezib-yancholmadim nokas – kaslarni.
Endi menga bering, olib ketayin
Dunyodagi barcha yaramaslarni.

Odamzot paydo bo’lganidan buyon hali biron kishi bu yorug’ olamdagi yaxshi-yomon odamlarni o’zi bilan narigi dunyoga olib ketgan emas. Mazkur yumush Ma’ruf Jalilning ham qo’lidan kelmas edi, albatta. Yozilmagan qancha-qancha she’r-u dostonlarni o’zi bilan olib ketgani esa ayni haqiqatdir.

Ma’ruf Jalil qoldirgan boyliklar ichida “Kamtarinlik” deyilmish yana bir xazina ham borki, bu xazina hali ko’p dillarni maftun etadi, hayratga soladi, odob maktabi vazifasini o’taydi. Faqat bu maktab saboqlarini o’zlashtirish, talablariga rioya qilish osonmas. Illo, bunday yashashga har kim ham qanoat qilmasligi, chidami, sabri-bardoshi yetmasligi mumkin…

2012 yil, mart.

Ma’Ruf Jalil. Parizodim by Khurshid Davron on Scribd

011

(Tashriflar: umumiy 867, bugungi 1)

1 izoh

  1. Бу китобни ўқигач шоир Маъруф Жалил ҳақида кўп илиқ маълумотларга эга бўлдим. Негадир бу шоирнинг кўплаб шеърларини ўқигим келди.

Izoh qoldiring