Anvar Obidjon: «Vahimali savollar»ga vazmin javoblar & Yangiboy Qo’chqorov. Duo

048 январь — Ўзбекистон халқ шоири, ўзбек болалар адабиётининг ёрқин сиймоси Анвар Обиджон (1947-2020) таваллуд куни

  Бугунги саҳифамизда ўзбек адабиётига, миллатимиз болаларига катта адабий мерос қолдирган Ўзбекистон халқ шоири, атоқли адиб Анвар Обиджо билан 70 йиллик юбилейи кунларида уюштирилган (««Тафаккур» журналининг 2017 йил 2-сонида эълон қилинган) суҳбат билан таништирамиз.

«ВАҲИМАЛИ САВОЛЛАР»ГА ВАЗМИН ЖАВОБЛАР
Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон билан суҳбат


– Яқинда етмишвойлар сафига қўшилганингизни эшитиб, «Йўғ-э, ўзимизнинг Анвар ака-я, ҳали милтиқнинг ўқидек-ку!» деб ҳеч ишонгимиз келмади. Кулги инсонни яшартиради деганлари шудир-да. Кўз тегмасин, қирчиллама йигитдек ғайрат билан қалам тебратяпсиз, адабий хирмонингиз ҳам бойигандан бойиётир. Аммо – мулоҳазамизни минбаъд маломат санамайсиз, азбаройи мухлислик – кейинги йилларда бир вақтлар Сизга зўр олқиш келтирган Гулмат Шоший ва Кулкулийлар «ҳолидан хабар олмай» қўйдингиз. Рости, тараққиётимизга ғов бўлаётган катта-кичик муаммоларга дуч келганда биз ўша афандифеъл қаҳрамонларингизни қидириб қоламиз. Гулмату Кулкулийни қаерлардан сўраймиз бугун? Жулқунбой бобо омонат қилиб қолдирган ҳажв қаламини «темир сандиқ»қа солиб қўймадингизми ишқилиб?

– Одам ўзида кексариш чарчоғини ҳис қила бошладими, ён-веридагиларнинг кайфиятини шунчаки билиб қўйиш учун бўлсаям, нафақага чиқаришларини сўраб бир ариза ёзиб кўргани маъқул. Уста Гулмат билан Кулкул афанди худди шундай йўл тутган эди – қаршилик қилмадим. Аммо, қалам сингари, уларниям «темир сандиқ»қа қамаш менинг қўлимдан келадиган иш эмас, ҳозирча пенсияда юришибди, холос. Янгича жамиятимизга фойдаси тегадиган бирон тузукроқ режани таклиф қилганлари заҳоти икковиниям қайтадан ишга чақириб олишга тахт-тайёрман.

– Эркин сўз ва озод тафаккур бамисоли тараққиётнинг қўш қаноти, уларсиз юксак парвозни хаёл қилмаса ҳам бўлади. Миллатнинг тақдири ҳам ҳур фикрли шахслар қўлида. Лекин бугун зеҳниятимизда янгиланиш сустроқ кечаётгандек. Яшириб нима қилдик, гоҳида онгимизга ёпишиб олган мутелик, қўрқоқлик оқни – оқ, қорани қора дейишимизга йўл қўймайди. Баъзан ҳақсизликка йўлиқсак ҳам оғзимизга талқон солиб оламиз: оч қорним – тинч қулоғим! Бу ҳолни ўзбекона андиша атаб, ўзимизни алдашга уринишимиз-чи! Қон-қонимизга сингиб кетган бу вирусдан қандай халос бўлиш мумкин, Сизнингча?

– Ҳм-м… Болалар шоирига шунақаям оғир савол берадими одам…

Ўз жанрим доирасида туриб айтадиган бўлсам, рангларни фарқлашни ёки атрофдагиларнинг айрим қилиқларига, айниқса, ўзига нисбатан муносабатига қараб, яхшини яхшига, ёмонни ёмонга ажратишни ҳатто миттивойлар ҳам уддалай олади. Кимдир боланинг кўзи олдида унинг отасига дағдаға қилиб, бошида мушт ўйнатяпти, дейлик. Бундай вазиятда бола жанжал нимадан келиб чиққани, ким ҳақу ким ноҳақлигини суриштириб ўтирмайди, ўзи учун суюкли бўлган отасига фитратан жон тортишиб, қўлига тош олади. Буни «болаларча юзакичилик» десакмикан, «болаларча ҳур фикрлилик» десакмикан…

Ҳур фикрлаш ҳуқуқига эгалик – ҳар бир инсоннинг ўз қадр-қиммати тўлақонли тарзда ҳимояланмоғини талаб қилиши, жамоа, миллат, юрт тақдирига оид масалаларда ўз нуқтаи назарини эркин баён эта олиши билан боғлиқ олий қадрият. Ҳур фикрлиликка янада кенгроқ шароит яратилишига интилаверишнинг ҳеч қандай чакки томони йўқ. Халқнинг фикрига қизиқиш сусайган жойда тараққиёт завол топади, адолат лат ейди, жамият бора-бора турғунликка юз тутади (юртимизда халқ билан мулоқот масаласи ҳукумат сиёсати даражасига кўтарилганини фақат қутлаш керак).

Лекин тарозининг иккинчи палласи ҳам бор. Савиямиз ўша «олий қадрият» мақомига муносибми ё ҳалиям қўлга беихтиёр тош оладиган кепатага яқинроқмизми? Ўзимиз бирон машваратда жўялироқ фикримиз билан, жиллақурса, тўрт-беш кишини бир тўхтамга келтира олганмизми? Лоақал оиламиздаги оддий рўзғорчиликда тош босадиганроқ ўрнимиз борми? Киши ўз ҳаётий тажрибасидан чиқарган хулосаларию турмуш мактабидан олган сабоқлари кўлами, шунингдек, жамиятдаги, оламдаги воқеаларни мақбулу номақбулга, ҳақу ноҳаққа ажратиб таҳлил эта билиш қобилиятини ҳалол чамалаб, шунга яраша гап айтишни эплай олмаса, жим тура тургани маъқул шекилли. Навоий бобомиз доим тўғри гапириш кераклигини таъкидлаш билан бирга, ҳар қандай тўғри гап ҳам айтгулик эмаслигини шамалаб ўтгани бежиз эмас. Ҳар бир ишнинг ўз вақти-соати бўлганидек, ҳар бир гапнинг ҳам ўз ўрни, шароитга қараб баёнлаш йўсини бор. Бу – «андиша»нинг ижобий кўриниши.

«Оч қорним – тинч қулоғим»нинг ҳам ижобий қирраси йўқ эмас. Бугун борига қаноатланмай, янада тўкинроқ ҳаётни ваъда қилган бегоналарга омиларча эргашган, оқибатда боридан-да айрилиб, боши қирғин ва хўрловлардан чиқмай қолган айрим қавмларни телеэкран орқали кўриб турибмиз. Бундай юртларнинг, ҳеч бўлмаса, олдинги аҳволга қайтиши учун яна икки-уч авлоднинг умри ё етади, ё етмайди.

Биламан, ҳур фикрлиликнинг турли даврда муайян меъёри бўлиши, унга поғонама-поғона кўтарила бориш лозимлиги ҳақидаги фикр Ғарб аҳлига кулгили туюлиши мумкин. Бироқ уларнинг удуми ўзларигагина мос тушади, чунки оиладаги тутумлари ҳам шундай. Биз эса, Шарқ кишиларимиз, бировлардан ўз кўҳна маданиятимиз, бобо-момоларимиз мерос қолдирган ахлоқ-одобимизга рахна солмайдиган русумларнигина олишимиз қолоқликка кирмайди. Жаноб Киплинг таъбирини сал ўзгартиб айтадиган бўлсак, бундан кейин ҳам Ғарб ғарбчасига, Шарқ шарқчасига юксалавергани яхши. Буни истамайдиганлар эса дунёда тиқилиб ётибди. Улар ўз урфига мос, ўз дунёқарашига оҳангдош, миллий манфаатларига хизмат қилувчи бадиий ёки илмий асарларимиз, кино, спектакль ва куй-қўшиқларимизга мақтовлар ёғдириб, гоҳ ўртамиёнароқ, гоҳ тузукроқ мукофотларга кўмизаверадилар. Бундайларнинг қарсагини эшитишга қанчалик берила борсак, уларга шунчалик ютқазаверамиз. Шарқни ютқазамиз.

Энди саволингизнинг охиридаги гапга тўхталайлик. Нопок муҳит таъсирида юзага келадиган турли-туман вирусларнинг қон-қонимизга сингиб кетгани тўғри. Табобатнинг маълум қилишича, зарарли вирусларга қарши қўлланадиган ўткир дорилар танамиздаги фойдали вирусларни ҳам қириб юборар экан. Демак, ўша зарарли вируслардан аскарона кескин ҳамла ёрдамида эмас, узоқ давом этгучи муаллимона тарбия кўмагида, табиий йўсинда қутулиш чорасини қўллаш ўринлироқ. Зеро, сабрсизлик «маҳсули» бўлган шошқалоқлик вируси келтиражак хатар одамийлик шаънимизни узлуксиз кемиргучи ҳайвонларча қоринпарварлик, Ватан тақдирига бангиёна бефарқлик, қалбан миллатсизлик каби қўрқинчли вирусларникидан кам эмас. Асрлар давомида бегоналар атайлаб юқтириб келган бундай вируслардан халос топишда бирон бир миллатдошимиз бурнини ноҳақ қонатиб қўйишдан эҳтиёт бўлиш керак демоқчиман-да. Авлонийчасига айтганда, энг умидбахш нажот – тарбия ва яна тарбия.

– Китоб кўрган тарихчи бир танишимиз бор. Тошкентдаги коллежлардан бирида бинойидек ўқитувчилик қилиб юрган йигит, ҳе йўқ-бе йўқ, тижоратга ўтиб кетди. Сабабини кейин ўзидан сўраб билдим. Бойвачча бир ўқувчисига қаттиқроқ танбеҳ берган экан, «жабрдийда» ўсмир муштумзўр акахонларини бошлаб келиб муаллимини калтаклатибди. «Елкамнинг чуқури кўрсин, энди коллежида ишламайман!» дейди боёқиш ҳасратидан чанг чиқиб. Афсуски, тарихчи дўстимиздек бугунги ўсмирлар тарбиясидан шикоят қилаётган замондошларимиз оз эмас. Кенжа авлоднинг таълим-тарбияси издан чиқаётгани ҳақидаги хавотирли гап-сўзлар болалар адиби сифатида Сизни ҳам ўйга толдираётгандир. Бугунги ўсмир нима сабаб муаллимига қўл кўтаришгача борди? Айрим зиёлилар фитна деви шишадан аллақачон чиқиб кетди, дея маҳобат қилмоқда. Шу гап рост бўлса, махлуқни шишага қайтариш йўли борми?

– Ўқитувчи дегани умумий кўрсатма бериб, бу кўрсатмаси қандай бажарилаётганини тепадан назоратлаб турувчи қўмондон эмас, аскарлар орасида бевосита иш олиб бориши, ўз бурчини қойиллатиб бажаришда уларга доимо ўрнак кўрсатиши лозим бўлган ҳарбий бўлинма бошлиғидир. Аскарларга ўхшаб ўқувчилар ҳам ўзидан ҳар томонлама устун етакчини чинакамига ҳурмат қилади, қўл остидагиларнинг ҳар бирига, унинг феъл-атворидан келиб чиқиб, алоҳида муомала юрита олгучи кўнгилдошгагина ихлос билан эргашади. Бу таққословни келтиришдан мақсадим сиз тилга олган ўқитувчини ношудликда айблаш эмас, ҳар қандай яхши одам ҳам бирда эмас бирда ёмонларнинг ноҳақлигига дуч келишини ҳаётда кўп учратганмиз. Асосий гап шундаки, ўз касбини юрак-юракдан севган киши бир жойдан безиса, ўша касбини бўлак ерда давом эттираверади, бошқа соҳадаги ҳеч бир мўмай даромад манбаи уни ўзига маҳлиё қилолмайди.

Кенжа авлод вакиллари орасида хулқ-ахлоқи хунуклашаётганларнинг кўпайиб бораётгани тўғрисидаги гап-сўзлар тўнғич авлодни жиддий ташвишга солаётгани кишини қувонтиради – демак, жамиятимиздаги фикрловчилар тоифаси уйғоқ, улар келажагимиз эгалари тақдирига бефарқ эмас. Сиз «фитна деви» деб атаган, ўзбекчилигимизни тепалаб ўтаётгани, ўзгалар ноғорасига ўйнаб, ҳамиятсизлик қилаётганига жилла ақли етмаётган майнафеъл қавмнинг шишадан чиқиб кетишига аслида биз катталар айбдормиз. Уларга миллий менталитетимиз шишасининг ичида азалий қадриятларимизга хос, лекин замонавий андазаларда безатилган мафтункор муҳитни яратиб беролмадик, нўноқлик қилдик, кечикдик. Бегоналар бундан устакорона фойдаланиб, шиша теграсини таши ялтироқ безакларга тўлдириб ташлаяпти. Унга ром бўлган лодонлар, аслни сохтадан, тўқини пучидан, фойдалисини зарарлисидан фарқлашни ўргатиши лозим бўлганлар мудраброқ қолгани боис, шишадан бирма-бир чиқиб келяпти.

– Мундоқ қараганда, истиқлолдан кейин аслида бари бошқача бўлиши керакдек эди…

– Давлатимиз таълим-тарбияга хорижлик мутахассисларни ҳам ҳайратга солар миқдорда катта маблағлар ажратаётганига қарамай, турли салбий ҳолатлар қаёқдан пайдо бўляпти ўзи, демоқчисиз-да. Ҳамма бало – яратилган шароитдан унумли фойдалана билмаслигимизда. Аввало, фарзандларимиз мактабу коллежларда ҳар куни дуч келадиган, бошдан-оёқ ўқиб-ўрганиши мажбурий бўлган дарсликларнинг, айниқса, ўқувчиларда ўз тилига меҳр-муҳаббат, юртимиз табиатига шайдолик, Ватанимиз ўтмиши ва буюк алломаларимизга эҳтиром, кўҳна удумларимизга ҳурмат, охир-оқибатда миллий ғурурни шакллантириши лозим бўлган тил, адабиёт, тарих, одобнома, табиатшунослик каби фанларга оид қўлланмаларнинг барчаси ҳам талаб даражасидами? Таълим берувчиларнинг савиясини мунтазам назорат қилиб боришнинг ортиқча қоғозбозликларсиз, янада соддароқ, лекин самаралироқ усулларини жорий этиш устида астойдил бош қотиряпмизми? Шунга қараб, ўз ишига пишиқ ўқитувчиларни етарлича рағбатлантира оляпмизми?

– Ўқувчилик давримизда ўқитувчиларимизнинг беҳад китобсеварлигига қойил қолардик. Ҳозир бунақаси камроқ деб эшитамиз.

– Ўқув масканлари кутубхоналарини янги китоблар билан бойита бориш масаласи маълум даврда эътибордан четда қолгани ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин. Ўқитувчи ўз пулига сотиб олмоқчи бўлсаям, шаҳардан четроқ жойларда китоб дўконлари деярли йўқ. Қолаверса, ҳозирги китобларнинг нархи чўнтакни чақади.

Шунга ўхшаш сабаблар туфайлими, кейинги йилларда телеканаллар кишиларимизнинг асосий маънавий озиқ манбаига айланиб бормоқда. Балки бу табиий жараёндир. Шунинг учун ҳам телеканаллар сони кўпайтирилиб, аҳоли эҳтиёжини тўкисроқ қондириш чоралари кўрилаётгандир…

– Сифат-чи?

– Балли! Ишнинг асосий ўзаги айнан мана шунда. Сифат – кенг маъноли тушунча. Бунда фақат тасвир тиниқлигини ошириш, кўрсатувларни жимжимадор клиплар билан бойитиш, студияни безаш ва ёритиш маҳоратигина назарда тутилмайди. Сифат, биринчи галда, мазмуннинг тўқлиги, бошловчиларнинг фикрлаш доираси кенглиги ва сўзларни тўғри талаффуз қила олиш қобилияти, кўрсатувнинг моҳияти, долзарблик даражаси сингари жиҳатлар билан ўлчанади. Айниқса, «Болажон» телеканалини бу борада алоҳида назоратга олиш зарур. Чунки болаликда бузилган тилни, болаликда тўмтоқлашган дидни, болаликда мияга муҳрланган урфни кейинчалик академик ҳам, академия ҳам ўзгартиролмайди. Ушбу телеканалда сўзни тўғри талаффуз қилиш, фикрни тиниқ ифодалаш, саҳнавий кўрсатувлар, мультфильмлар таржимасида болаларбоп содда жумлалар тузишга кўпроқ эътибор берилмоғи; барча кўрсатувларни мониторинг қилиб бориш йўлга қўйилиб, бу вазифага педагогика соҳасида бой тажрибага эга бўлган, Миразиз Миртожиев даражасидаги олимларимиз қўлланмаларини ипидан игнасигача ўзлаштирган юқори малакали тилшунос йирик маош тайинланган тарзда жалб этилмоғи шарт. Бу ишни имкон қадар орқага сурмаган яхши.

Болалар – қўшиққа ниҳоятда ўч тоифа. Шу туфайли бу каналдаги «До-ми-соль» кўрсатуви доимо раҳбарият диққат марказида турмоғи муҳим. Тайинли шоирларнинг шеърларини куйга солган тайинли бастакорлар кўрсатувда тез-тез қатнашиб турмагани учунми, шошмашошарликда яратилган баъзи қўшиқларнинг тузи паст.

Умуман, канал мутасаддилари кўрсатувлар мундарижасини қайтадан таҳлил қилиб чиқса чакки бўлмасди. Европача қаҳрамонларга тақлидан кийинувчи, енгил-елпи гапларни кўп қўлловчи бошловчиларга талабчанроқ бўлиш, асосан фольклоримиз, миллий адабиётимиз қаҳрамонларини тарғиб этиш ва интеллектуал кўрсатувлар сонини оширишнинг фурсати келди-ёв!

Бу билан айтмоқчиманки, бугун биз ахлоқи ножўялигидан, савияси тўмтоқлигидан ёзғираётган ўсмирлару ёшлар кечаги болалардир, уларни ғайри иллатлардан ўз вақтида етарлича ҳимоя қилолмадик. Энг аввало, хусусий нашрларда маънавий қашшоқлашувга олиб борувчи алмак-жалмак асарлар, суюқмижоз таржималар, янгича урфбозликлар, ғарбона дунёқараш, фаҳш, турфа хил жангариликлар тафсилоти урчиб бораётгани; рокчию попчиларнинг ғатти-ғуттилари мумтоз ва фольклор куй-қўшиқларимизни, аёллар пардозчилари, мусобақадош ошпазлар, хориж санъати тарғиботчилари, автоҳалокат даракчилари кабилар китоб шарҳловчилари, кино ва театр танқидчилари, адабиётшунослар, тарихшунослар, табиатшунослар ҳамда диний-маърифий қадриятимиз билимдонларини телеэкранлардан тобора сиқиб чиқараётганига томошабин бўлиб туравердик.

Энди бу хатомизни тузатишимиз керак. Матбуот нашрлари, нашриётларда таҳририят ва жамоатчилик кенгашлари бор, мазмуни ғалатроқ кўринган нарсалар улар назаридан ўтказиб олинади. Шунга ўхшаб, барча телеканалларда таниқли адиблар, бастакорлар, хонандалар, режиссёрлардан иборат жамоатчилик бадиий кенгашлари тузилса, қўшиқлар (айниқса, эстрада қўшиқлари), клиплар, мультфильмлар, таъмсиздек туюлган баъзи теленовеллалар, спектакллар, сериаллар шу кенгаш тавсияси билангина эфирга узатилиши йўлга қўйилса, бундан фақат манфаат кўрган бўлардик.

– Даллолу тужжор халқи мақтовга уста келади. Ёқадан кириб енгдан чиқадиган бу учар тоифа кези келганда сувдан ҳалво пишириб беради. Бугун оммавий ахборот воситаларимизни кузатиб, журналисту қаламкашлар мадҳиягўйлик ва ҳайбаракаллачиликда бу икки тоифани ҳам чангида қолдирмаяптимикан, деган хаёлга борасиз. Давлатимиз раҳбари жамият ҳаётидаги турфа муаммоларни рўй-рост гапириб барчага намуна бўлаётир. Аммо матбуот пинакка кетгандек – аксар нашрларимиз ҳали-ҳамон «эски қўшиқ»ни хиргойи қилмоқда. Шоир дўстингиз Усмон Азим яқинда «Ҳуррият» газетасида чоп этилган суҳбатида мукофоту унвон илинжида, ошкора тама билан қоғоз қоралаётган қаламкашларни Алдаркўсага ўхшатди, хушомад ва ялтоқиликни «феодал замон сарқити» деб атаб, ундан тезроқ қутулишга чақирди. (Дарвоқе, ўзингиз ҳам «Эй ёруғ дунё»да шоир Дуторий тимсолида бу тоифа кимсаларнинг пўстагини қоққанингиз ёдимизда.) Сўз хизматида сочи оқарган ижодкор сифатида айтинг-чи, «қалам – ўқлоғи, матбуот – кетмон бозори эмас»лигини қачон тўлиқ англаймиз? Эришилган муваффақиятларга маҳлиё бўлмасдан танқидий мушоҳада юритиш, тамаю илинжни бир четда суриб фийсабилло қалам тебратишга қачон одатланамиз?

– Очиғи, саволларингиз тобора ваҳимали тус оляпти…

– Нимадандир ҳадиксираётган бўлсангиз, бошқа саволга ўтақолай?

– Мени саволнинг ҳадикли томони бор-йўқлиги эмас, мураккаблиги ҳуркитяпти. Болалар шоириман дедим-ку боя, намунча қийнамасангиз… Майли, уқувим етганича деб, бир таваккал қипкўрай-чи.

Мен матбуотимизнинг эски замондаги аҳволини кўрган одамман. Турли тиғдор гапларни қўйиб турайлик, бир мақоладаги Беруний, Хоразмий, Навоийларга нисбатан айтилган «доно алломаларимиз» деган сўзлар қора ўтмишни улуғлашга киради, дея ўчирилиб, ўрнига «каби аждодларимиз» деб ёзиб қўйилганига ҳам, «бугунги сиёсатга тўғри келмайди» баҳонаси билан шеърдаги «май» «чой»га айлантирилганига ҳам гувоҳман. «Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил» нақлидан келиб чиқилса, матбуотимизнинг ҳозирги ҳолати жудаям шумшайган тахлитда эмас. Ҳатто кечагина цензурачилардан қаттиққўлликни талаб қилиб турадиганлар бугун ўзлари сира ҳайиқмай ўткир-ўткир мақолалар ёзаётгани – олдинга силжиш борлигидан далолат.

Мақтовларга келсак, мақтовнинг мақтовдан фарқи бўлади, ҳаммасига бир хил кўз билан қараш адолатдан эмас. Микрофон бўлмаса товуши тўрт қадамдан нарига етмайдиган хонандачани «сеҳрли овоз соҳиби», «давримизнинг энг порлоқ юлдузи» деб, қайсидир бозор паттачисини «деҳқонларнинг мислсиз жонкуяри» деб, ўзига таниш футболчини «янги Месси» деб кўкларга кўтариш ўша қаҳрамонларни билганларга мазахнамо туюлиши тайин, албатта. Бундай ошнапарвар журналистлар турмушнинг не-не заҳматларига дош бериб, ҳаммамиз учун миннатсиз хизмат қилиб келаётган чўпонними, деҳқонними, тракторчиними, чилангарними, қурувчиними, ҳечқурса, ўз касбига иззат юзасидан йўқлаб бориб, уларнинг ичини бир яшнатиб қайтса, ичаётган тузини озми-кўп оқлаган бўлармиди! Қолаверса, ўз вазифасини қойилмақом уддалаётган, меҳнатчиларга ҳарёқлама елкадошлиги билан ҳурмат қозонган раҳбарларни мақташнинг, уни янги-янги ташаббусларга руҳлантиришнинг нимаси ёмон?

Матбуотда танқиднинг камлиги бор гап. Уни жонлантириш керак. Аммо бу ишни ҳаётнинг иссиқ-совуғини кўрган, шахсий хусуматлардан, чапаки манфаатлардан ўзини юқори тута оладиган табиати тоза қаламкашлар қилгани маъқул. Акс ҳолда, матбуот турли гуруҳлар бир-бирини бўлар-бўлмасга чўқилайверадиган «хўрозбозлар майдончаси»га айланади. Бу нарса охири фуқароларнинг ҳам тарафма-тараф бўла боришига олиб келади. Қудрати беқиёс ёки нуфузи асрлар давомида баланд бўлиб келган пойдевори пухта давлатларни бу ҳол балки ортиқча ташвишлантирмас, бироқ эндигина мустаҳкам оёққа туриб улгурган, унинг қадамма-қадам ривожланаётганидан ғашланувчи турли тўдалар атрофида пинҳона ғижиниб турган мамлакатда бундай тарқоқлик эҳтимолига писандсиз қараб бўлмайди.

Илгариги тузум даври у-бу асарларимда, сиз шамалагандек, бошимизда қамчи ўйнатган келгиндиларнинг «пўстагини қоқиш»га қўлимдан келганича урингандекман. Аммо, сўзимни ким қандай тушунса тушунар-у, ўша даврдаги айрим маънавий зуғумлардан қаттиқроқ хўрлигим тутган чоғда, худойим мўъжиза кўрсатиб юртимиз мустақилликка эришса, эркинликда қандай мушкул аҳволга тушмайин, то халқимиз катта йўлга тинчгина чиқиб олмагунича бари-барига индамай чидаган бўлардим, деб қўярдим ўзимга ўзим. Бошимда ҳалиям шу фикр айланиб туради, халқимизни жипсликка чорлайдиган, қадоққўл меҳнаткашларимизнинг руҳини кўтарадиган, уларга ғамхўрлик қилаётганларни олқишлайдиган гапларни ёзгим келаверади. Лекин буларнинг остида қандайдир тама бўлиши мумкинлиги сира-сира хаёлимга қўнмаган экан.

– Америкада атоқли инглиз арбоби Уинстон Черчиллнинг ўзга сайёраликлар ҳақидаги мақоласи топилибди. Алломалик дейсизми ё анойилик, дунёни сўраган сиёсатчи 1939 йили ёзган мақоласида ўзга сайёраларда ҳам ҳаёт бор, деган тахминни илгари сурган экан. Арбоб Черчиллнинг яхшигина шов-шув бўлган мақоласини эслаганимнинг сабаби бор, албатта. Мўъжиза рўй бериб, Ерга, ўз таъбирингиз билан айтганда, «муаллақ тарвуз»га олис сайёрадан меҳмонлар келиб қолса, инсониятнинг бугунги аҳволини қандай баҳоларкан? Ютуқлар ўз йўлига, «чақирилмаган қўноқлар» Одам фарзандларининг қай кори амалини ютқизиқ санаркан?

– Ўзга сайёраликлар келиб, бизни кўриб-кузатадиган бўлса, Ер кезғичи аҳлини меҳрсиз махлуқлар деб баҳолаган бўларди. Чунки бир жойда нонни ахлатхонага ташлаётганлар бошқа жойда одамлар очликдан ўлаётганини билатуриб ҳам пинагини бузмайди. Саволингизга мухтасар жавобим шуки, бошқа сайёраликлар биз билан жанг қилмоқчи бўлишса, ноаҳиллигимизни ютқизиқ санашади; бизга дўстликни таклиф этишса, ўзимиздан кучли бегоналарга ишонганимизни яширинча мазахлаб, соддалигимизни ютқизиққа йўйишади.

– «Шарқ юлдузи»да босилиб, кейин китоб бўлиб чиққан «Ажинаси бор йўллар» асарингиз қўлма-қўл ўқилди. Одатдаги манзиратга йўйманг-у, унча-мунча қаламкаш ўз умр йўли ҳақида Сиздек – ёлғон аралаштирмай, ҳақ гапни ёзишга журъат қилолмас… Асарда ўзингизни беаёв тафтиш этасиз, «Мен не мақсадда яратилдим? Бунга қандай зарурат бор эди? Бор бўлса, ўша заруратнинг ўрнини тўлдира олдимми?» дея саволларга тутасиз. Хўш, ортда қолган йилларни сарҳисоб этганда «номаи аъмол»дан кўнглингиз тўладими? Яратган Эгам зиммангизга юклаган хос вазифаларни бажара олдингизми?

– Биргина Яратгучининг ўзи билиши лозим бўлган нарсалар кўп. Тангрим зиммамга, умумга тааллуқлиларидан ташқари яна қандай алоҳида вазифалар юклаганини аниқ билганимда барини тўла-тўкис бажаришга жон-жаҳдим билан тиришган, тирикчиликни рўкачлаб, чойпули топиш учун алламбалоларни ёзишга, ҳавойи нарсаларни ўйлашга вақтимни беҳуда сарфламаган бўлармидим…

С.Ёқубов суҳбатлашди.

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
ДУО

Ўзбекистон халқ шоири Анвар ОБИДЖОН хотирасига

Бир гал Қайсин шоир Тошкентда бўлиб,
Зулфия опамни табриклаган дам,
Деган эди устоз Шукрулло кулиб:
— Хуш келдинг, ёшларга дуо бер, оғам!

Нукусга келганда Чингиз Айтматов
Жўлмирза оғадан ўтинди хушҳол:
— Дуо бер, мен, Расул, Ибройим, Довуд
Ҳам Тўлапбергенга, азиз оқсоқол!

Икки минг ўн етти. Жадий ой боши.
Устоз Носир Фозил сўзлайди дилдан:
— Шайлан, Алматига бориб иккимиз,
Дуо олиб берай Абдижамилдан!

Бир кун деди устоз Эркин Воҳидов:
— Умр шамол каби шошқин елмоқда,
Бизнинг Анваржон ҳам бирпасда қаранг,
Дуо берадиган ёшга келмоқда!

Атоқли мураббий Абдулла Ориф
Бошқарса баҳсми ёки ақиқа,
Дерди: — Анваржондан олинглар ибрат,
Сўзлашни ўрганинг уч-тўрт дақиқа!

Наҳот у ҳам кетди дорилбақога,
Қанийди шу палла у бўлса омон,
Дуо учун кўзлаб Полосон ерин,
Пиёда борардим Фарғона томон.

Аввал*даги боғда гуллади ўрик,
Жуманиёз Жаббор юзин ювган сой.
У икки қирғоққа бошини уриб,
Охунжон Ҳакимни излар, ҳойнаҳой.

Дўрмоннинг четида туғдона титрар,
Танин силайдиган Азим Суюн йўқ.
Мирпўлат, Насриддин, Тоғай дўст билан
Кўк чой ичишлару шахмат ўйин йўқ.

Эслаб Рауф Парфи, Шукур Холмирза,
Омон Мухтор билан Ўткир Ҳошимни,
Аввал Ялонғочу Минорга бордим,
Чиғатойдан чиқдим эгиб бошимни.

У ерларга қўнмиш лочин, бургутлар,
Юксак-юксакларга қанотин керган.
Кўпин сиймоси кўз олдимдан ўтар
Олтиндан ҳам аъло дуолар берган.

Кун поёнга етди. Маъюс кечқурун
Кирди “Анвар шоир чарчоғи бўлиб…”
Руҳи биздан рози бўлсин. Тилсиз тун
Ортидан гўзал тонг отгайдир кулиб!

* — Фарғона водийсидаги қишлоқ
12.04.20

Bir hafta oldin, 11 aprelь kuni O’zbekiston xalq shoiri, ardoqli adibimiz Anvar Obidjon 73 yoshida vafot etgan edi. Bugungi sahifamizda yozuvchi bilan 70 yillik yubileyi kunlarida uyushtirilgan (««Tafakkur» jurnalining 2017 yil 2-sonida e’lon qilingan) suhbat bilan tanishtiramiz.

«VAHIMALI SAVOLLAR»GA VAZMIN JAVOBLAR
O’zbekiston xalq shoiri Anvar Obidjon bilan suhbat


– Yaqinda yetmishvoylar safiga qo’shilganingizni eshitib, «Yo’g’-e, o’zimizning Anvar aka-ya, hali miltiqning o’qidek-ku!» deb hech ishongimiz kelmadi. Kulgi insonni yashartiradi deganlari shudir-da. Ko’z tegmasin, qirchillama yigitdek g’ayrat bilan qalam tebratyapsiz, adabiy xirmoningiz ham boyigandan boyiyotir. Ammo – mulohazamizni minba’d malomat sanamaysiz, azbaroyi muxlislik – keyingi yillarda bir vaqtlar Sizga zo’r olqish keltirgan Gulmat Shoshiy va Kulkuliylar «holidan xabar olmay» qo’ydingiz. Rosti, taraqqiyotimizga g’ov bo’layotgan katta-kichik muammolarga duch kelganda biz o’sha afandife’l qahramonlaringizni qidirib qolamiz. Gulmatu Kulkuliyni qayerlardan so’raymiz bugun? Julqunboy bobo omonat qilib qoldirgan hajv qalamini «temir sandiq»qa solib qo’ymadingizmi ishqilib?

– Odam o’zida keksarish charchog’ini his qila boshladimi, yon-veridagilarning kayfiyatini shunchaki bilib qo’yish uchun bo’lsayam, nafaqaga chiqarishlarini so’rab bir ariza yozib ko’rgani ma’qul. Usta Gulmat bilan Kulkul afandi xuddi shunday yo’l tutgan edi – qarshilik qilmadim. Ammo, qalam singari, ularniyam «temir sandiq»qa qamash mening qo’limdan keladigan ish emas, hozircha pensiyada yurishibdi, xolos. Yangicha jamiyatimizga foydasi tegadigan biron tuzukroq rejani taklif qilganlari zahoti ikkoviniyam qaytadan ishga chaqirib olishga taxt-tayyorman.

– Erkin so’z va ozod tafakkur bamisoli taraqqiyotning qo’sh qanoti, ularsiz yuksak parvozni xayol qilmasa ham bo’ladi. Millatning taqdiri ham hur fikrli shaxslar qo’lida. Lekin bugun zehniyatimizda yangilanish sustroq kechayotgandek. Yashirib nima qildik, gohida ongimizga yopishib olgan mutelik, qo’rqoqlik oqni – oq, qorani qora deyishimizga yo’l qo’ymaydi. Ba’zan haqsizlikka yo’liqsak ham og’zimizga talqon solib olamiz: och qornim – tinch qulog’im! Bu holni o’zbekona andisha atab, o’zimizni aldashga urinishimiz-chi! Qon-qonimizga singib ketgan bu virusdan qanday xalos bo’lish mumkin, Sizningcha?

– Hm-m… Bolalar shoiriga shunaqayam og’ir savol beradimi odam…

O’z janrim doirasida turib aytadigan bo’lsam, ranglarni farqlashni yoki atrofdagilarning ayrim qiliqlariga, ayniqsa, o’ziga nisbatan munosabatiga qarab, yaxshini yaxshiga, yomonni yomonga ajratishni hatto mittivoylar ham uddalay oladi. Kimdir bolaning ko’zi oldida uning otasiga dag’dag’a qilib, boshida musht o’ynatyapti, deylik. Bunday vaziyatda bola janjal nimadan kelib chiqqani, kim haqu kim nohaqligini surishtirib o’tirmaydi, o’zi uchun suyukli bo’lgan otasiga fitratan jon tortishib, qo’liga tosh oladi. Buni «bolalarcha yuzakichilik» desakmikan, «bolalarcha hur fikrlilik» desakmikan…

Hur fikrlash huquqiga egalik – har bir insonning o’z qadr-qimmati to’laqonli tarzda himoyalanmog’ini talab qilishi, jamoa, millat, yurt taqdiriga oid masalalarda o’z nuqtai nazarini erkin bayon eta olishi bilan bog’liq oliy qadriyat. Hur fikrlilikka yanada kengroq sharoit yaratilishiga intilaverishning hech qanday chakki tomoni yo’q. Xalqning fikriga qiziqish susaygan joyda taraqqiyot zavol topadi, adolat lat yeydi, jamiyat bora-bora turg’unlikka yuz tutadi (yurtimizda xalq bilan muloqot masalasi hukumat siyosati darajasiga ko’tarilganini faqat qutlash kerak).

Lekin tarozining ikkinchi pallasi ham bor. Saviyamiz o’sha «oliy qadriyat» maqomiga munosibmi yo haliyam qo’lga beixtiyor tosh oladigan kepataga yaqinroqmizmi? O’zimiz biron mashvaratda jo’yaliroq fikrimiz bilan, jillaqursa, to’rt-besh kishini bir to’xtamga keltira olganmizmi? Loaqal oilamizdagi oddiy ro’zg’orchilikda tosh bosadiganroq o’rnimiz bormi? Kishi o’z hayotiy tajribasidan chiqargan xulosalariyu turmush maktabidan olgan saboqlari ko’lami, shuningdek, jamiyatdagi, olamdagi voqealarni maqbulu nomaqbulga, haqu nohaqqa ajratib tahlil eta bilish qobiliyatini halol chamalab, shunga yarasha gap aytishni eplay olmasa, jim tura turgani ma’qul shekilli. Navoiy bobomiz doim to’g’ri gapirish kerakligini ta’kidlash bilan birga, har qanday to’g’ri gap ham aytgulik emasligini shamalab o’tgani bejiz emas. Har bir ishning o’z vaqti-soati bo’lganidek, har bir gapning ham o’z o’rni, sharoitga qarab bayonlash yo’sini bor. Bu – «andisha»ning ijobiy ko’rinishi.

«Och qornim – tinch qulog’im»ning ham ijobiy qirrasi yo’q emas. Bugun boriga qanoatlanmay, yanada to’kinroq hayotni va’da qilgan begonalarga omilarcha ergashgan, oqibatda boridan-da ayrilib, boshi qirg’in va xo’rlovlardan chiqmay qolgan ayrim qavmlarni teleekran orqali ko’rib turibmiz. Bunday yurtlarning, hech bo’lmasa, oldingi ahvolga qaytishi uchun yana ikki-uch avlodning umri yo yetadi, yo yetmaydi.

Bilaman, hur fikrlilikning turli davrda muayyan me’yori bo’lishi, unga pog’onama-pog’ona ko’tarila borish lozimligi haqidagi fikr G’arb ahliga kulgili tuyulishi mumkin. Biroq ularning udumi o’zlarigagina mos tushadi, chunki oiladagi tutumlari ham shunday. Biz esa, Sharq kishilarimiz, birovlardan o’z ko’hna madaniyatimiz, bobo-momolarimiz meros qoldirgan axloq-odobimizga raxna solmaydigan rusumlarnigina olishimiz qoloqlikka kirmaydi. Janob Kipling ta’birini sal o’zgartib aytadigan bo’lsak, bundan keyin ham G’arb g’arbchasiga, Sharq sharqchasiga yuksalavergani yaxshi. Buni istamaydiganlar esa dunyoda tiqilib yotibdi. Ular o’z urfiga mos, o’z dunyoqarashiga ohangdosh, milliy manfaatlariga xizmat qiluvchi badiiy yoki ilmiy asarlarimiz, kino, spektaklь va kuy-qo’shiqlarimizga maqtovlar yog’dirib, goh o’rtamiyonaroq, goh tuzukroq mukofotlarga ko’mizaveradilar. Bundaylarning qarsagini eshitishga qanchalik berila borsak, ularga shunchalik yutqazaveramiz. Sharqni yutqazamiz.

Endi savolingizning oxiridagi gapga to’xtalaylik. Nopok muhit ta’sirida yuzaga keladigan turli-tuman viruslarning qon-qonimizga singib ketgani to’g’ri. Tabobatning ma’lum qilishicha, zararli viruslarga qarshi qo’llanadigan o’tkir dorilar tanamizdagi foydali viruslarni ham qirib yuborar ekan. Demak, o’sha zararli viruslardan askarona keskin hamla yordamida emas, uzoq davom etguchi muallimona tarbiya ko’magida, tabiiy yo’sinda qutulish chorasini qo’llash o’rinliroq. Zero, sabrsizlik «mahsuli» bo’lgan shoshqaloqlik virusi keltirajak xatar odamiylik sha’nimizni uzluksiz kemirguchi hayvonlarcha qorinparvarlik, Vatan taqdiriga bangiyona befarqlik, qalban millatsizlik kabi qo’rqinchli viruslarnikidan kam emas. Asrlar davomida begonalar ataylab yuqtirib kelgan bunday viruslardan xalos topishda biron bir millatdoshimiz burnini nohaq qonatib qo’yishdan ehtiyot bo’lish kerak demoqchiman-da. Avloniychasiga aytganda, eng umidbaxsh najot – tarbiya va yana tarbiya.

– Kitob ko’rgan tarixchi bir tanishimiz bor. Toshkentdagi kollejlardan birida binoyidek o’qituvchilik qilib yurgan yigit, he yo’q-be yo’q, tijoratga o’tib ketdi. Sababini keyin o’zidan so’rab bildim. Boyvachcha bir o’quvchisiga qattiqroq tanbeh bergan ekan, «jabrdiyda» o’smir mushtumzo’r akaxonlarini boshlab kelib muallimini kaltaklatibdi. «Elkamning chuquri ko’rsin, endi kollejida ishlamayman!» deydi boyoqish hasratidan chang chiqib. Afsuski, tarixchi do’stimizdek bugungi o’smirlar tarbiyasidan shikoyat qilayotgan zamondoshlarimiz oz emas. Kenja avlodning ta’lim-tarbiyasi izdan chiqayotgani haqidagi xavotirli gap-so’zlar bolalar adibi sifatida Sizni ham o’yga toldirayotgandir. Bugungi o’smir nima sabab muallimiga qo’l ko’tarishgacha bordi? Ayrim ziyolilar fitna devi shishadan allaqachon chiqib ketdi, deya mahobat qilmoqda. Shu gap rost bo’lsa, maxluqni shishaga qaytarish yo’li bormi?

– O’qituvchi degani umumiy ko’rsatma berib, bu ko’rsatmasi qanday bajarilayotganini tepadan nazoratlab turuvchi qo’mondon emas, askarlar orasida bevosita ish olib borishi, o’z burchini qoyillatib bajarishda ularga doimo o’rnak ko’rsatishi lozim bo’lgan harbiy bo’linma boshlig’idir. Askarlarga o’xshab o’quvchilar ham o’zidan har tomonlama ustun yetakchini chinakamiga hurmat qiladi, qo’l ostidagilarning har biriga, uning fe’l-atvoridan kelib chiqib, alohida muomala yurita olguchi ko’ngildoshgagina ixlos bilan ergashadi. Bu taqqoslovni keltirishdan maqsadim siz tilga olgan o’qituvchini noshudlikda ayblash emas, har qanday yaxshi odam ham birda emas birda yomonlarning nohaqligiga duch kelishini hayotda ko’p uchratganmiz. Asosiy gap shundaki, o’z kasbini yurak-yurakdan sevgan kishi bir joydan bezisa, o’sha kasbini bo’lak yerda davom ettiraveradi, boshqa sohadagi hech bir mo’may daromad manbai uni o’ziga mahliyo qilolmaydi.

Kenja avlod vakillari orasida xulq-axloqi xunuklashayotganlarning ko’payib borayotgani to’g’risidagi gap-so’zlar to’ng’ich avlodni jiddiy tashvishga solayotgani kishini quvontiradi – demak, jamiyatimizdagi fikrlovchilar toifasi uyg’oq, ular kelajagimiz egalari taqdiriga befarq emas. Siz «fitna devi» deb atagan, o’zbekchiligimizni tepalab o’tayotgani, o’zgalar nog’orasiga o’ynab, hamiyatsizlik qilayotganiga jilla aqli yetmayotgan maynafe’l qavmning shishadan chiqib ketishiga aslida biz kattalar aybdormiz. Ularga milliy mentalitetimiz shishasining ichida azaliy qadriyatlarimizga xos, lekin zamonaviy andazalarda bezatilgan maftunkor muhitni yaratib berolmadik, no’noqlik qildik, kechikdik. Begonalar bundan ustakorona foydalanib, shisha tegrasini tashi yaltiroq bezaklarga to’ldirib tashlayapti. Unga rom bo’lgan lodonlar, aslni soxtadan, to’qini puchidan, foydalisini zararlisidan farqlashni o’rgatishi lozim bo’lganlar mudrabroq qolgani bois, shishadan birma-bir chiqib kelyapti.

– Mundoq qaraganda, istiqloldan keyin aslida bari boshqacha bo’lishi kerakdek edi…

– Davlatimiz ta’lim-tarbiyaga xorijlik mutaxassislarni ham hayratga solar miqdorda katta mablag’lar ajratayotganiga qaramay, turli salbiy holatlar qayoqdan paydo bo’lyapti o’zi, demoqchisiz-da. Hamma balo – yaratilgan sharoitdan unumli foydalana bilmasligimizda. Avvalo, farzandlarimiz maktabu kollejlarda har kuni duch keladigan, boshdan-oyoq o’qib-o’rganishi majburiy bo’lgan darsliklarning, ayniqsa, o’quvchilarda o’z tiliga mehr-muhabbat, yurtimiz tabiatiga shaydolik, Vatanimiz o’tmishi va buyuk allomalarimizga ehtirom, ko’hna udumlarimizga hurmat, oxir-oqibatda milliy g’ururni shakllantirishi lozim bo’lgan til, adabiyot, tarix, odobnoma, tabiatshunoslik kabi fanlarga oid qo’llanmalarning barchasi ham talab darajasidami? Ta’lim beruvchilarning saviyasini muntazam nazorat qilib borishning ortiqcha qog’ozbozliklarsiz, yanada soddaroq, lekin samaraliroq usullarini joriy etish ustida astoydil bosh qotiryapmizmi? Shunga qarab, o’z ishiga pishiq o’qituvchilarni yetarlicha rag’batlantira olyapmizmi?

– O’quvchilik davrimizda o’qituvchilarimizning behad kitobsevarligiga qoyil qolardik. Hozir bunaqasi kamroq deb eshitamiz.

– O’quv maskanlari kutubxonalarini yangi kitoblar bilan boyita borish masalasi ma’lum davrda e’tibordan chetda qolgani ham bunga sabab bo’lishi mumkin. O’qituvchi o’z puliga sotib olmoqchi bo’lsayam, shahardan chetroq joylarda kitob do’konlari deyarli yo’q. Qolaversa, hozirgi kitoblarning narxi cho’ntakni chaqadi.

Shunga o’xshash sabablar tufaylimi, keyingi yillarda telekanallar kishilarimizning asosiy ma’naviy oziq manbaiga aylanib bormoqda. Balki bu tabiiy jarayondir. Shuning uchun ham telekanallar soni ko’paytirilib, aholi ehtiyojini to’kisroq qondirish choralari ko’rilayotgandir…

– Sifat-chi?

– Balli! Ishning asosiy o’zagi aynan mana shunda. Sifat – keng ma’noli tushuncha. Bunda faqat tasvir tiniqligini oshirish, ko’rsatuvlarni jimjimador kliplar bilan boyitish, studiyani bezash va yoritish mahoratigina nazarda tutilmaydi. Sifat, birinchi galda, mazmunning to’qligi, boshlovchilarning fikrlash doirasi kengligi va so’zlarni to’g’ri talaffuz qila olish qobiliyati, ko’rsatuvning mohiyati, dolzarblik darajasi singari jihatlar bilan o’lchanadi. Ayniqsa, «Bolajon» telekanalini bu borada alohida nazoratga olish zarur. Chunki bolalikda buzilgan tilni, bolalikda to’mtoqlashgan didni, bolalikda miyaga muhrlangan urfni keyinchalik akademik ham, akademiya ham o’zgartirolmaydi. Ushbu telekanalda so’zni to’g’ri talaffuz qilish, fikrni tiniq ifodalash, sahnaviy ko’rsatuvlar, mulьtfilьmlar tarjimasida bolalarbop sodda jumlalar tuzishga ko’proq e’tibor berilmog’i; barcha ko’rsatuvlarni monitoring qilib borish yo’lga qo’yilib, bu vazifaga pedagogika sohasida boy tajribaga ega bo’lgan, Miraziz Mirtojiyev darajasidagi olimlarimiz qo’llanmalarini ipidan ignasigacha o’zlashtirgan yuqori malakali tilshunos yirik maosh tayinlangan tarzda jalb etilmog’i shart. Bu ishni imkon qadar orqaga surmagan yaxshi.

Bolalar – qo’shiqqa nihoyatda o’ch toifa. Shu tufayli bu kanaldagi «Do-mi-solь» ko’rsatuvi doimo rahbariyat diqqat markazida turmog’i muhim. Tayinli shoirlarning she’rlarini kuyga solgan tayinli bastakorlar ko’rsatuvda tez-tez qatnashib turmagani uchunmi, shoshmashosharlikda yaratilgan ba’zi qo’shiqlarning tuzi past.

Umuman, kanal mutasaddilari ko’rsatuvlar mundarijasini qaytadan tahlil qilib chiqsa chakki bo’lmasdi. Yevropacha qahramonlarga taqlidan kiyinuvchi, yengil-elpi gaplarni ko’p qo’llovchi boshlovchilarga talabchanroq bo’lish, asosan folьklorimiz, milliy adabiyotimiz qahramonlarini targ’ib etish va intellektual ko’rsatuvlar sonini oshirishning fursati keldi-yov!

Bu bilan aytmoqchimanki, bugun biz axloqi nojo’yaligidan, saviyasi to’mtoqligidan yozg’irayotgan o’smirlaru yoshlar kechagi bolalardir, ularni g’ayri illatlardan o’z vaqtida yetarlicha himoya qilolmadik. Eng avvalo, xususiy nashrlarda ma’naviy qashshoqlashuvga olib boruvchi almak-jalmak asarlar, suyuqmijoz tarjimalar, yangicha urfbozliklar, g’arbona dunyoqarash, fahsh, turfa xil jangariliklar tafsiloti urchib borayotgani; rokchiyu popchilarning g’atti-g’uttilari mumtoz va folьklor kuy-qo’shiqlarimizni, ayollar pardozchilari, musobaqadosh oshpazlar, xorij san’ati targ’ibotchilari, avtohalokat darakchilari kabilar kitob sharhlovchilari, kino va teatr tanqidchilari, adabiyotshunoslar, tarixshunoslar, tabiatshunoslar hamda diniy-ma’rifiy qadriyatimiz bilimdonlarini teleekranlardan tobora siqib chiqarayotganiga tomoshabin bo’lib turaverdik.

Endi bu xatomizni tuzatishimiz kerak. Matbuot nashrlari, nashriyotlarda tahririyat va jamoatchilik kengashlari bor, mazmuni g’alatroq ko’ringan narsalar ular nazaridan o’tkazib olinadi. Shunga o’xshab, barcha telekanallarda taniqli adiblar, bastakorlar, xonandalar, rejissyorlardan iborat jamoatchilik badiiy kengashlari tuzilsa, qo’shiqlar (ayniqsa, estrada qo’shiqlari), kliplar, mulьtfilьmlar, ta’msizdek tuyulgan ba’zi telenovellalar, spektakllar, seriallar shu kengash tavsiyasi bilangina efirga uzatilishi yo’lga qo’yilsa, bundan faqat manfaat ko’rgan bo’lardik.

– Dallolu tujjor xalqi maqtovga usta keladi. Yoqadan kirib yengdan chiqadigan bu uchar toifa kezi kelganda suvdan halvo pishirib beradi. Bugun ommaviy axborot vositalarimizni kuzatib, jurnalistu qalamkashlar madhiyago’ylik va haybarakallachilikda bu ikki toifani ham changida qoldirmayaptimikan, degan xayolga borasiz. Davlatimiz rahbari jamiyat hayotidagi turfa muammolarni ro’y-rost gapirib barchaga namuna bo’layotir. Ammo matbuot pinakka ketgandek – aksar nashrlarimiz hali-hamon «eski qo’shiq»ni xirgoyi qilmoqda. Shoir do’stingiz Usmon Azim yaqinda «Hurriyat» gazetasida chop etilgan suhbatida mukofotu unvon ilinjida, oshkora tama bilan qog’oz qoralayotgan qalamkashlarni Aldarko’saga o’xshatdi, xushomad va yaltoqilikni «feodal zamon sarqiti» deb atab, undan tezroq qutulishga chaqirdi. (Darvoqe, o’zingiz ham «Ey yorug’ dunyo»da shoir Dutoriy timsolida bu toifa kimsalarning po’stagini qoqqaningiz yodimizda.) So’z xizmatida sochi oqargan ijodkor sifatida ayting-chi, «qalam – o’qlog’i, matbuot – ketmon bozori emas»ligini qachon to’liq anglaymiz? Erishilgan muvaffaqiyatlarga mahliyo bo’lmasdan tanqidiy mushohada yuritish, tamayu ilinjni bir chetda surib fiysabillo qalam tebratishga qachon odatlanamiz?

– Ochig’i, savollaringiz tobora vahimali tus olyapti…

– Nimadandir hadiksirayotgan bo’lsangiz, boshqa savolga o’taqolay?

– Meni savolning hadikli tomoni bor-yo’qligi emas, murakkabligi hurkityapti. Bolalar shoiriman dedim-ku boya, namuncha qiynamasangiz… Mayli, uquvim yetganicha deb, bir tavakkal qipko’ray-chi.

Men matbuotimizning eski zamondagi ahvolini ko’rgan odamman. Turli tig’dor gaplarni qo’yib turaylik, bir maqoladagi Beruniy, Xorazmiy, Navoiylarga nisbatan aytilgan «dono allomalarimiz» degan so’zlar qora o’tmishni ulug’lashga kiradi, deya o’chirilib, o’rniga «kabi ajdodlarimiz» deb yozib qo’yilganiga ham, «bugungi siyosatga to’g’ri kelmaydi» bahonasi bilan she’rdagi «may» «choy»ga aylantirilganiga ham guvohman. «Birni ko’rib fikr qil, birni ko’rib shukr qil» naqlidan kelib chiqilsa, matbuotimizning hozirgi holati judayam shumshaygan taxlitda emas. Hatto kechagina senzurachilardan qattiqqo’llikni talab qilib turadiganlar bugun o’zlari sira hayiqmay o’tkir-o’tkir maqolalar yozayotgani – oldinga siljish borligidan dalolat.

Maqtovlarga kelsak, maqtovning maqtovdan farqi bo’ladi, hammasiga bir xil ko’z bilan qarash adolatdan emas. Mikrofon bo’lmasa tovushi to’rt qadamdan nariga yetmaydigan xonandachani «sehrli ovoz sohibi», «davrimizning eng porloq yulduzi» deb, qaysidir bozor pattachisini «dehqonlarning mislsiz jonkuyari» deb, o’ziga tanish futbolchini «yangi Messi» deb ko’klarga ko’tarish o’sha qahramonlarni bilganlarga mazaxnamo tuyulishi tayin, albatta. Bunday oshnaparvar jurnalistlar turmushning ne-ne zahmatlariga dosh berib, hammamiz uchun minnatsiz xizmat qilib kelayotgan cho’ponnimi, dehqonnimi, traktorchinimi, chilangarnimi, quruvchinimi, hechqursa, o’z kasbiga izzat yuzasidan yo’qlab borib, ularning ichini bir yashnatib qaytsa, ichayotgan tuzini ozmi-ko’p oqlagan bo’larmidi! Qolaversa, o’z vazifasini qoyilmaqom uddalayotgan, mehnatchilarga haryoqlama yelkadoshligi bilan hurmat qozongan rahbarlarni maqtashning, uni yangi-yangi tashabbuslarga ruhlantirishning nimasi yomon?

Matbuotda tanqidning kamligi bor gap. Uni jonlantirish kerak. Ammo bu ishni hayotning issiq-sovug’ini ko’rgan, shaxsiy xusumatlardan, chapaki manfaatlardan o’zini yuqori tuta oladigan tabiati toza qalamkashlar qilgani ma’qul. Aks holda, matbuot turli guruhlar bir-birini bo’lar-bo’lmasga cho’qilayveradigan «xo’rozbozlar maydonchasi»ga aylanadi. Bu narsa oxiri fuqarolarning ham tarafma-taraf bo’la borishiga olib keladi. Qudrati beqiyos yoki nufuzi asrlar davomida baland bo’lib kelgan poydevori puxta davlatlarni bu hol balki ortiqcha tashvishlantirmas, biroq endigina mustahkam oyoqqa turib ulgurgan, uning qadamma-qadam rivojlanayotganidan g’ashlanuvchi turli to’dalar atrofida pinhona g’ijinib turgan mamlakatda bunday tarqoqlik ehtimoliga pisandsiz qarab bo’lmaydi.

Ilgarigi tuzum davri u-bu asarlarimda, siz shamalagandek, boshimizda qamchi o’ynatgan kelgindilarning «po’stagini qoqish»ga qo’limdan kelganicha uringandekman. Ammo, so’zimni kim qanday tushunsa tushunar-u, o’sha davrdagi ayrim ma’naviy zug’umlardan qattiqroq xo’rligim tutgan chog’da, xudoyim mo»jiza ko’rsatib yurtimiz mustaqillikka erishsa, erkinlikda qanday mushkul ahvolga tushmayin, to xalqimiz katta yo’lga tinchgina chiqib olmagunicha bari-bariga indamay chidagan bo’lardim, deb qo’yardim o’zimga o’zim. Boshimda haliyam shu fikr aylanib turadi, xalqimizni jipslikka chorlaydigan, qadoqqo’l mehnatkashlarimizning ruhini ko’taradigan, ularga g’amxo’rlik qilayotganlarni olqishlaydigan gaplarni yozgim kelaveradi. Lekin bularning ostida qandaydir tama bo’lishi mumkinligi sira-sira xayolimga qo’nmagan ekan.

– Amerikada atoqli ingliz arbobi Uinston Cherchillning o’zga sayyoraliklar haqidagi maqolasi topilibdi. Allomalik deysizmi yo anoyilik, dunyoni so’ragan siyosatchi 1939 yili yozgan maqolasida o’zga sayyoralarda ham hayot bor, degan taxminni ilgari surgan ekan. Arbob Cherchillning yaxshigina shov-shuv bo’lgan maqolasini eslaganimning sababi bor, albatta. Mo»jiza ro’y berib, Yerga, o’z ta’biringiz bilan aytganda, «muallaq tarvuz»ga olis sayyoradan mehmonlar kelib qolsa, insoniyatning bugungi ahvolini qanday baholarkan? Yutuqlar o’z yo’liga, «chaqirilmagan qo’noqlar» Odam farzandlarining qay kori amalini yutqiziq sanarkan?

– O’zga sayyoraliklar kelib, bizni ko’rib-kuzatadigan bo’lsa, Yer kezg’ichi ahlini mehrsiz maxluqlar deb baholagan bo’lardi. Chunki bir joyda nonni axlatxonaga tashlayotganlar boshqa joyda odamlar ochlikdan o’layotganini bilaturib ham pinagini buzmaydi. Savolingizga muxtasar javobim shuki, boshqa sayyoraliklar biz bilan jang qilmoqchi bo’lishsa, noahilligimizni yutqiziq sanashadi; bizga do’stlikni taklif etishsa, o’zimizdan kuchli begonalarga ishonganimizni yashirincha mazaxlab, soddaligimizni yutqiziqqa yo’yishadi.

– «Sharq yulduzi»da bosilib, keyin kitob bo’lib chiqqan «Ajinasi bor yo’llar» asaringiz qo’lma-qo’l o’qildi. Odatdagi manziratga yo’ymang-u, uncha-muncha qalamkash o’z umr yo’li haqida Sizdek – yolg’on aralashtirmay, haq gapni yozishga jur’at qilolmas… Asarda o’zingizni beayov taftish etasiz, «Men ne maqsadda yaratildim? Bunga qanday zarurat bor edi? Bor bo’lsa, o’sha zaruratning o’rnini to’ldira oldimmi?» deya savollarga tutasiz. Xo’sh, ortda qolgan yillarni sarhisob etganda «nomai a’mol»dan ko’nglingiz to’ladimi? Yaratgan Egam zimmangizga yuklagan xos vazifalarni bajara oldingizmi?

– Birgina Yaratguchining o’zi bilishi lozim bo’lgan narsalar ko’p. Tangrim zimmamga, umumga taalluqlilaridan tashqari yana qanday alohida vazifalar yuklaganini aniq bilganimda barini to’la-to’kis bajarishga jon-jahdim bilan tirishgan, tirikchilikni ro’kachlab, choypuli topish uchun allambalolarni yozishga, havoyi narsalarni o’ylashga vaqtimni behuda sarflamagan bo’larmidim…

S.Yoqubov suhbatlashdi.

Yangiboy QO’CHQOROV,
DUO

O’zbekiston xalq shoiri Anvar OBIDJON xotirasiga

Bir gal Qaysin shoir Toshkentda bo’lib,
Zulfiya opamni tabriklagan dam,
Degan edi ustoz Shukrullo kulib:
— Xush kelding, yoshlarga duo ber, og’am!

Nukusga kelganda Chingiz Aytmatov
Jo’lmirza og’adan o’tindi xushhol:
— Duo ber, men, Rasul, Ibroyim, Dovud
Ham To’lapbergenga, aziz oqsoqol!

Ikki ming o’n yetti. Jadiy oy boshi.
Ustoz Nosir Fozil so’zlaydi dildan:
— Shaylan, Almatiga borib ikkimiz,
Duo olib beray Abdijamildan!

Bir kun dedi ustoz Erkin Vohidov:
— Umr shamol kabi shoshqin yelmoqda,
Bizning Anvarjon ham birpasda qarang,
Duo beradigan yoshga kelmoqda!

Atoqli murabbiy Abdulla Orif
Boshqarsa bahsmi yoki aqiqa,
Derdi: — Anvarjondan olinglar ibrat,
So’zlashni o’rganing uch-to’rt daqiqa!

Nahot u ham ketdi dorilbaqoga,
Qaniydi shu palla u bo’lsa omon,
Duo uchun ko’zlab Poloson yerin,
Piyoda borardim Farg’ona tomon.

Avval*dagi bog’da gulladi o’rik,
Jumaniyoz Jabbor yuzin yuvgan soy.
U ikki qirg’oqqa boshini urib,
Oxunjon Hakimni izlar, hoynahoy.

Do’rmonning chetida tug’dona titrar,
Tanin silaydigan Azim Suyun yo’q.
Mirpo’lat, Nasriddin, Tog’ay do’st bilan
Ko’k choy ichishlaru shaxmat o’yin yo’q.

Eslab Rauf Parfi, Shukur Xolmirza,
Omon Muxtor bilan O’tkir Hoshimni,
Avval Yalong’ochu Minorga bordim,
Chig’atoydan chiqdim egib boshimni.

U yerlarga qo’nmish lochin, burgutlar,
Yuksak-yuksaklarga qanotin kergan.
Ko’pin siymosi ko’z oldimdan o’tar
Oltindan ham a’lo duolar bergan.

Kun poyonga yetdi. Ma’yus kechqurun
Kirdi “Anvar shoir charchog’i bo’lib…”
Ruhi bizdan rozi bo’lsin. Tilsiz tun
Ortidan go’zal tong otgaydir kulib!

* — Farg’ona vodiysidagi qishloq
12.04.20

011

(Tashriflar: umumiy 407, bugungi 1)

Izoh qoldiring