Ozod Sharafiddinov. Tarixning mohiyati Vatan va Ozodlikdir & Nabijon Boqiy. Anvar poshoning vasiyati (Chingiz afandiga maktublar). Hujjatli roman

Ashampoo_Snap_2017.07.04_12h37m50s_002_.png   22 ноябр — Усмоний турклар ҳарбий ва сиёсий арбоби Анвар пошо (Исмоил Анвар, бошқа манбаларда Анварбей) таваллуд топган кун

Анвар пошонинг номи турк халқлари тарихида алоҳида урғу билан ёзиладиган муборак исмлар қаторидан ўрин олган. Унинг ҳаёт йўли билан боғлиқ баҳсу мунозаралар ҳамон давом этмоқда. Шўро тарихи мактаби тузини еган ва аксилтурк кучлар тарафдорлари бўлмиш олимлару сиёсатдонлар Анвар Пошони «саргузашт излаган» ва «Туркистон заминига адашиб бориб қолган одам» сифатида кўрсатишга уринадилар. Дарҳақиқат, бу тараф далил учун келтирган ҳужжатларга кўз ташласангиз, уларнинг шундай дейишга асоси бордек туюлади. Аммо, салкам юз йилдан буён фақат қора рангларда тасвир этилган Анвар пошо ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама ўрганиш бошланган ХХ аср охири-XXI аср бошларидагина тарихнинг қоронғи саҳифалари ёриша бошлади. Ана шу ҳақиқат нури билан ёришган саҳифаларда Анвар пошонинг асл қиёфаси, унинг ҳаракатларининг асл моҳияти равшан кўрина бошлади.

Набижон Боқийнинг «Анвар пошонинг васияти» номли ҳужжатли романи айни шу тарихий ҳақиқатни ойдинлаштириш йўлидаги жиддий уринишлардан биридир. Набижон Боқий асари Анвар пошо шахсиятига бир нигоҳдир. Бу нигоҳ ҳали ўз қаҳрамони билан боғлиқ улкан ҳаётни ҳар томонлама қамраб ололгани йўқ. Қолаверса, бир асар ёки бир адиб ўзи эга бўлган имконият доирасида буни амаллаш беҳад мураккабдир. Шунинг учун биз «уриниш» сўзига урғу бериб ўтдик. Илло, бу уриниш катта меҳнат ва улкан муҳаббат мевасидир.

Асар Туркияда қайта-қайта нашр этилди ва катта қизиқиш уйғотди. Китобнинг ўзбек тилидаги нашри ҳам яқин келажакда амалга ошади,деб умид қиламиз (Ўзбек нашри 1920 йилда чоп этилди).

Анвар пошо шахсияти ва фаолияти унинг киндик қони томган Туркияда ва шаҳидий қони оққан Туркистонда ҳали саноқсиз бадиий асарлар ва илмий тадқиқотларга ўлмас мавзу бўлажагига ишониб, сизга Набижон Боқий асаридан айрим бобларни тақдим этамиз. Зеро, бугун, 4 август куни — туркийлар тарихида буюк мужоҳид Анвар пошо шаҳид бўлган кун сифатида абадий муҳрлангандир.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири
2017

“ТАРИХНИНГ МОҲИЯТИ ВАТАН
ВА ОЗОДЛИКДИР…”
Озод Шарафиддинов
076

Қўлингиздаги китоб на роман, на қисса, на ҳикоя, на ривоят. У тарихий асар, илмий асар, аммо ҳикоядай завқ-шавқ билан ўқилади. Унинг биринчи саҳифаларини ўқиб чиқишингиз билан жуда ажойиб бир романга дуч келгандек охиригача қўлдан қўймайсиз. Негаки, бу китоб чинакам истеъдод билан, чинакам дард билан ёзилган. Унда фикр кўп, эҳтирос кўп, самимият кўп. Шунинг учун китобдаги мазмун дарҳол юрагингизга бориб етади, вужудингизни қамраб олади, сиз унинг энг теран, энг нозик пучмоқларигача етиб бормоқ учун ва шу туфайли бизга маълум деб ҳисобланган тарихимизни янгидан кашф қилмоқ учун талпинасиз. Ва китоб сўнгида муаллиф билан бирга “тарихнинг моҳияти Ватан ва Озодликдир” деган доно хулосага келасиз.

Китоб муаллифи Набижон Боқийнинг адабиётга кириб келганига ҳали кўп бўлгани йўқ, аммо у биринчи мақолалари ва илк китоблари биланоқ ҳамманинг эътиборини ўзига қаратди. Негаки, у мустақиллик адабиётининг элчиларидан бири сифатида адабиётга кириб келганди. У ҳозирга қадар шу маромини қўлдан бермай маҳкам ушлаб келмоқда.

1922Қўлингиздаги китоб “Чингиз афандига мактублар” деб аталади. Чингиз афанди туркиялик, Анвар пошонинг ўғли. У ҳаёт бўлса, ҳозир камида саксонга кирган бўлмоғи керак. Муаллиф уни танимайди, лекин атоқли миллий-озодлик курашчисининг ўғли сифатида унга мактублар билан мурожаат қилади. Демак, бу бир адабий усул, холос. Китоб ўн саккиз мактубдан иборат. Бу мактублар бизни йигирманчи йилларнинг бошига, инқилоб даврига, фуқаролар уруши даврига қайтаради, кўз ўнгимиздан бизнинг онгимизга “босмачилик ҳаракати” деган тавқи лаънат билан муҳрланиб қолган миллий-озодлик ҳаракатининг жонли манзаралари бирин-бирин ўта бошлайди. Ҳа, Шўролар замонида шўро тарихчилари бу давр ҳақида кўп ёзишган эди. Ўнлаб катта-катта китоблар, минглаб мақола ва рисолалар эълон қилинганди. Уларнинг ҳаммаси ҳайрон қоладиган якдиллик билан “большевиклар бизга бахт олиб келди, кимда ким уларга қарши бўлган бўлса, улар босқинчи, миллатчи, халқ душмани” деган сохта ҳақиқатни миямизга михдай қоқиб қўйганди. Жуда кўпчилик ўша коммунистик сафсатага чиппа-чин ишонган ва ўзининг фикрлаш тарзини шунга қараб бичган эди. Ўзбекни менсимаслик, унга паст назар билан қараш, унинг тарихини ёритишда ҳар қандай ҳақиқатдан чекиниш шу даражага етдики, халқнинг кўп асрлик тарихида йилт этган бирон саҳифа қолмади. Хуллас, Аллоҳнинг инояти билан Ўзбекистон мустақилликка эришгач, унинг тарихини бутунлай янгидан ёзиб чиқиш зарурияти кўндаланг бўлди. Кўп йиллар мобайнида поймол қилинган миллий ғуруримизни тиклаш учун, онгимизни коммунистик хурофотлар асоратидан холи қилмоқ учун тарихимизни ҳақиқат кўзи билан қайтадан кўриб, адолат нуқтаи назаридан қайта баҳолаб чиқмоқ талаб қилинар эди. Набижон Боқий ана шу улуғвор ва қийин вазифанинг ўз маҳрига тушган қисмини бажаришга жазм қилипти ва бу ишни ҳавас қилса арзийдиган катта бир жасорат билан амалга оширипти.

18299483_1165120096949263_3141669775596322816_n.jpgКитобнинг бош қаҳрамони — Анвар пошо. Биз авваллари ҳам бу турк зобитининг номини кўп эшитган эдик. Аммо уни саргузаштталаб бир одам деб, инглиз разведкасининг жосуси деб, шахсий манфаатлари йўлида катта жонбозлик кўрсатган одам деб эшитган эдик. Набижон Боқий бу “анъанавий” қарашларни бутунлай рад этади ва Анвар пошони истеъдодли саркарда сифатида кўрсатади. Набижоннинг кўрсатишича, Анвар пошо Туркистонга “Иттиҳод ва тараққий” партиясининг топшириғи билан келган ва большевикларга қарши кураш олиб бораётган миллий кучларни бирлаштириш мақсадини кўзлаган. Шу ниятда у Бухорога келган, Шарқий Бухорода ҳаракат қилган, Иброҳимбек билан музокаралар олиб борган, дастлаб ўз мақсади йўлида анча муваффақиятларга ҳам эришган. Бироқ Туркистондаги курашчиларнинг миллий онг даражаси ҳали пишиб етилмагани туфайли уларни ягона Ғоя атрофига бирлаштириш жуда қийин кечади: тарқоқлик эса ўз навбатида мағлубиятга замин бўлади. Охир-пировардида Анвар пошо собит сафдошлари билан бирга Болжувон депарасидаги тенгсиз жангда шаҳид бўлади ва қутлуғ қони тўкилган жойга, яқин қирга дафн этилади (дарвоқе, орадан етмиш тўрт йил ўтгач — 1996 йилнинг 4 август куни Туркия ҳукуматининг ташаббуси билан Анвар пошонинг хоки Болжувондан Истанбулга элтиб қайта дафн қилинди).

Хуллас, шу тарзда Набижон Боқий Анвар пошони Туркистон озодлиги учун курашган, бу ердаги миллий-озодлик ҳаракатига раҳнамолик қилган халқ қаҳрамони сифатида кўрсатади. Бизнинг онгимиз коммунистик оғулар асоратидан бутунлай холи бўлиб улгурмагани учунмикан, бундай хулосани дабдурустдан қабул қилишга қийналамиз. Мен ўйлайманки, Анвар пошо ҳақидаги ҳақиқат, эҳтимол, юқорида зикр этилган бир-бирига зид икки фикр оралиғидадир. Ҳар ҳолда, ҳақиқат фикрлар тўқнашувида туғилса, таққослар ва қиёсларда майдонга келса, фақат бир қутбдаги фикрни такрорлайвермасдан, кимдир иккинчи қутбдаги фикрни ҳам айтиши керак. Демоқчиманки, менга ёхуд бошқа бировга манзур бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Набижон Боқий ўз қаҳрамонларига баҳо беришда ўз концепциясига, ўз нуқтаи назарига эга бўлишга бутунлай ҳақли! Бунинг устига, китобни ўқиш жараёнида сиз беихтиёр муаллиф томонга ўтиб бораётганингизни сезмай қоласиз — унинг фикрлари, баҳолари, қарашлари сизни ўз жозибасига чулғаб олади. Бу бежиз эмас, албатта. Бу ўринда китобга жозиба бахш этган нарса фақат унинг замиридаги эҳтирос ва самимиятгина эмас. Китоб жуда бақувват фактик материал асосига қурилган. Набижон бир неча йиллар мобайнида Ўзбекистон Давлат архивида, Тожикистон давлат архивида, Тожикистон Компартияси архивида, Ўзбекистон КГБ архивида, бир қатор шахсий архивларда иш олиб борди: биздаги миллий-озодлик ҳаракатига бағишланган Абдулла Ражаб Бойсуний — Туркистонийнинг “Туркистонда миллий мужодала” деган ғоят ноёб китоби материалларидан, Анвар пошонинг Токиода нашр этилган мактубларидан фойдаланган. Буларнинг бари китобга бақувват ишонтириш кучини бахш этган. Ҳар ҳолда, муаллиф айтган мулоҳазалар ёхуд келтирилган дилиллар гоҳо маъқул келмаса, уларни рад этиш унча осон эмас.

Фактик материалнинг сероблиги муаллифга воқеаларни кенг кўламда кўрсатиш, тарихий рангларни анча ҳаққоний тасвирлаш имконини берган. Биз китобда Қўқон мухторияти атрофидаги воқеалар билан ҳам, Ҳисордаги одамларнинг турмуш шароитлари билан ҳам, лақайларнинг этник таркиби билан ҳам батафсил танишамиз. Айни чоқда, китобда Иброҳимбекнинг сиёсий портретини чизишгагина эмас, характер белгиларини кўрсатишга ҳам катта аҳамият берилган. Унинг ўзига хос мағрур сиймоси, тоғликларга хос букилмас қадди-қомати, ўткир нигоҳи кўз ўнгимизда яққол кўринади.

Шундай қилиб, Набижоннинг китобида бизга яқин тарихимизнинг муайян манзаралари — фуқаролар урушининг қонли саҳифалари намоён бўлади. Ҳа, ўша воқеалар, ўша таниш фожиалар. Фақат талқин бошқа, баҳо бошқа, улардан чиқариладиган хулосалар бошқа. Кўрамизки, ўзбеклар Октябр инқилобини қучоқ очиб, гулдурос қарсаклар билан кутиб олган эмас экан. Кўрамизки, ўзбеклар ҳам баъзилар айтганчалик, у қадар анойи бўлмаган эканлар — улар большевиклар салтанатига подага ҳайдалган молдай кириб кетавермаган эканлар. Ўзбеклар большевикларга қўл қовуштириб, қуллуқ қилиб, “осадиган бўлсаларинг, арқонни биз олиб келайликми ё ўзларингдан бўладими?” деб мутеликларини намоён қилишмаган экан. Аксинча, уларнинг инсоний ғурури юксак бўлган, юракларида мардлик жўш урган. Улар учун эътиқоду иймонни, номусу виждонни, эрку ихтиёрни сотиб тирик юргандан кўра, қўлда қурол билан курашиб, тик туриб ўлган яхшироқ эди.

Ҳа, Набижоннинг китоби бизга боболаримизнинг мардлигини, шижоатини ибрат қилиб кўрсатадиган китобдир. Айни шу сифати унинг энг қимматли томонидир.

“Чингиз афандига мактублар” кечаги кун манзараларини ҳаққоний тарзда қайта тиклаган. Лекин, унинг қиммати фақат шунда эмас. Тарих Набижон учун бир бўлиб ўтиб кетган олис ўтмиш эмас, балки бугун ҳам давом этаётган, юракларга ўт солиб, ҳаракатга ундаётган жонли жараёндир. Тарихни англаш, идрок этиш керак. Бугунги кунларимиз учун жонларини фидо қилган боболаримизнинг покиза руҳи ҳозир ҳам одамларнинг виждонига тўғридан-тўғри мурожаат қилади:

“Биз ўз Ватанимизни биламизми?
Биз Озодликни биламизми?
Биз ота-боболаримизни биламизми?

Тарихни билмак — ана шу саволларга жавоб топмоқ, наинки жавоб топмоқ, балки жавоб топиб, хулосалар чиқариб, фақат сўзларимизда эмас, амалий ишларимизда, кундалик фаолиятимизда муқаддас мустақиллигимизни бақадри имкон мустаҳкамламоқдир.

1997

Набижон БОҚИЙ
АНВАР ПОШОНИНГ ВАСИЯТИ
Чингиз афандига мактублар

076

Набижон Боқий 1956 йил 7 ноябрда Фарғона вилояти Бағдод туманидаги Чуваланчи қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1984). «Бир муҳаббат қиссаси» (1990), «Қатлнома» (1992), «Гулзамира» (1994), «Чингиз афандига мактублар» (2004), «Анвар пошонинг васияти» (Истанбул, 2006) каби қиссалари чоп этилган.
Р. Л. Стивенсоннинг «Меросхўр», «Катриона» романларини (1990) ҳамда Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов ёзган «Чўққида қолган овчининг оҳи зори» (1998, Ё. Хўжамбердиев билан ҳамкорликда) китобини, шунингдек, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1995).

076

КИТОБ ҲАҚИДА

Мамлакатимизда яқин тарихимиз ҳақидаги қотма тасаввурларнинг узоқ йиллар ҳукм суриши янги ва яхши мавзуларнинг юзага чиқишига тўсқинлик қилиб келди. Бу ҳолат, айниқса, яқин ўтмишдаги турк сиёсий ҳаётида ўзининг муносиб ўрнини қолдирган Анвар пошодай улуғ сиймо ҳақида чалкаш тушунчаларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Шу туфайли бўлса керак, энг ҳақоратомуз қарашларни илгари сурувчи китоб ва журналлар чоп этилиб, жамоатчилик фикри шакллантирилди(!).Тарихимиз ва тақдиримиз тўғрисида сўз борганда майдон бўш қолдирилди, хулоса навбати нимагадир доим бегоналарга берилди.

Жавоби топилмаётган мавзуларда бир гапдан бошқасини билмайдиган тўти каби сийқа хорижий манбалардан ёрдам сўрадик, ҳатто уларнинг номини келтириш билан маънавий қониқиш ҳосил қилишдан ҳам уялмадик(!). Яқин тарихимиз ҳақида сўз юритувчи “тадқиқотчилар” эса Анвар пошодай миллатпарварларимизга “императорликни қулатган одам, жангари, туронпараст, пантуркист” каби сифатларни чапладилар, ўтмишимизга оврўпалик империалистларнинг кўзойнаги остидан қарадилар. Энг ачинарлиси, ғарбликларнинг қулоғимизга қуйган бу таҳлил ва таҳқирларини мутлақ ҳақиқат деб қабул қилганимиз бўлди. Бу ҳолатнинг энг асосий сабабларидан бири – шароитни ичдан билган маҳаллий ижодкорларнинг бу мавзуда изланиш олиб бормагани, ёзмаганидир. Ёзмоққа уринганлар ҳам ё ғафлат ёки хоинлик сабаб маслакдан янглишдилар. Шу сабабдан Анвар пошо мавзуси Советлар иттифоқи Коммунистик партиясининг совуқ архивлари сингари  мамлакатимизда ҳам қоронғу ва чанг босган жавонларда унутилишга маҳкум этилди.

Мана шундай вазиятга нашрга тайёрлаганимиз бу асар бир неча жиҳатлари билан аҳамиятлидир. Даҳшатли Биринчи жаҳон уруши ва Турон ўлкаларини остин-устин қилган Октябр инқилобидан юз йилга яқин вақт ўтгач илк бор Набижон Боқий – Туркистон заминининг фарзанди ва ижодкори сифатида Анвар пошо тўғрисида асар яратди. Бу мавзуда Абдулла Ражаб Бойсуний, Окай Курт ва Али Бодомчи каби бир қанча кишилар ҳам қалам тебратганлар. Демак, ёлғиз Набижон Боқийгина бу ишга қўл урмаган. Бироқ, 70 йиллик темирпанжа Совет режимидан кейин бундай китобнинг ёзилиши муаллифни бошқалардан ажратиб кўрсатиш учун етарли.

Иккинчи сабаб. Ёзувчи Набижон Боқий ўз асарини “ҳужжатли роман” деб атаганига қарамай, унда романдан кўра ҳужжатлилик белгилари кўпроқ. Адиб архив ҳужжатлари, воқеаларни ўз кўзи билан кўрган кишиларнинг гувоҳликларига суянган ҳолда романтизмдан четлашиб, ўша даврдаги Туркистон ўлкаси, унинг бир бўлаги бўлган Анвар пошонинг совуқ темир қутиларга қамалган руҳини ёруғликка олиб чиқади.

Ёзувчи “ҳужжатли роман”ида кўп қўлланилмайдиган услуб – “Мактуб”ларни туркий адабиётда биринчи бўлиб синовдан ўтказади. Илк бор рус ёзувчиси Достоевский томонидан қўлланган бу услуб доимий романдан фарқ қилади, бироз қийинроқ. Чунки классик услубда бор бўлган диалоглар, монологлар, воқеаларнинг учинчи шахс тилидан ҳикоя қилиниши “мактуб” йўналишида йўқ.  “Мактуб” турида мактубни ёзган киши (ёзувчи) билан олган киши (ўқувчи) воқеалар билан боғлиқ бир қанча маълумотларга эга бўлиши лозим. Йўқса, фикр нима тўғрида бораётгани мавҳум бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Оддий бир мисол. Кимлар учундир тўла-тўкис тушунарли бўлган хатни учинчи бегона шахс, яъни биз умуман тушунмаслигимиз мумкин. Набижон Боқий тарихий давр бўлган Совет инқилоби ва тарихий шахс бўлган Анвар пошони сюжетнинг марказига қўяди. Адиб ўз тажрибаси билан туркий адабиёт оламига янги бир услуб олиб кирди.

Учинчиси. Асарда тасвирланган воқеа-ҳодисалар ва кишилар 70 йиллик Совет режимидан кейин ўша тарихий ўлкада туғилиб-ўсган зиёли тилидан баён қилинади. Муаллиф бугун ўзаро ришталар узилиб, кечмиш ва келажакнинг алоқаси кесилгани ҳақида ёзади. Айтмоқчи бўлганимиз, балки оддий бир рамзий ифодадир. Набижон Боқий биз билан боғланиш учун “Буюк Турон” кўчасининг манзилини беради. Бу сўзда қадимий маслагимизнинг моҳияти намоён бўлгандай гўё.

Тўртинчиси. Китоб номи Анвар пошонинг “Васиятлари”дан олинди. Бугунга қадар бошқа кўпгина муаллифлар Анвар пошонинг бир қанча мактубларини тўплаб нашр қилган. Бироқ Москвадаги КГБ архивларида бўлган бу “Васият” илк бор дунё юзини кўряпти. Шаҳиди муҳтарам Анвар пошонинг бугун юзага чиққан ва шаҳид бўлишидан бир кун олдин Қурбон ҳайити кечаси ёзилган васияти икки жиҳатдан диққатга сазовордир. Биринчиси, илоҳий бир ҳикматнинг зуҳури эканидир, шаҳид бўлишини сезгандай ўзининг ўлимидан сўз очади; иккинчиси эса, одатдан ташқари тарзда васиятномада бирорта моддий нарсанинг тилга олинмаганидир. Бугунги кун кишиси ва ўқувчиси учун бу ғайритабиий ҳолат бўлиши мумкин. Лекин Анвар пошони бироз бўлса-да таниган одам бундан ажабланмайди. У видолашув мактубида бу дунёнинг ўткинчилигини, одамнинг олиб кетадиган бор-йўқ нарсаси бир қулоч кафанлигини айтиб, Ватаннинг бахти — ҳур ва озодлиги йўлида шаҳидлик ва курашни васият қилади. Анвар пошо бу ерда армияга раҳбарлик қилиб, мингларча аскарга ҳужум амрини берган капитан ёки ўзига содиқ кишиларга буйруқ бериб туришдан бошқани билмайдиган жаҳонгир эмас, балки охир замон дарвеши сингари ўз наслининг сўнгги тимсоли сифатида намоён бўлади.

Ёзувчи Набижон Боқий шу кунгача биз тўплай олмаган эски Совет архиви ҳужжатлари ёрдамида ўтмишнинг зулмат қаърида ётган Анвар пошонинг муҳожирлик ва мужодала йилларини ойдинлаштириб беришга ҳаракат қилади.

Адибнинг яна бир хизмати – шу кунгача маълум бўлмаган фактларни қаламга олганидир. Анвар пошонинг мужодаладаги маслакдошлари, айниқса, Иброҳимбек ва унинг атрофидаги кишилар ўртасидаги муносабатлар ҳақида  объектив фикр юритади. Айни замонда “Нима сабабдан?” деган саволни ўз-ўзига бераркан, аччиқ хулосалар чиқаради, ўша даврдаги Туркистон ва туркий халқларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаёти ҳақида бой маълумотлар беради.

Назаримизда, бу фактлар Советлар иттифоқи юзага келмасидан олдинги Турк дунёсини тасаввуримизда жонлантириш асносида, 90-йиллардан кейин бир-бирига терс бўлиб қолган “мустақил(!) туркий жумҳуриятлар” орасидаги зиддият ва келишмовчиликларнинг таг-томири қаердалигини, бирлашмасликнинг бадали нима бўлажагини кўрсатиб, огоҳлантириш бераётгандай гўё.

Турон тимсоли жаннатмакон Анвар пошо ҳазратлари Туркистондаги шаҳодати билан орадаги кўприклар тамом қулаганидан 70 йил ўтгач ҳам бирликка чорлаб турибди. Туркияликлар учун у якдиллик жабҳасидаги ягона таянч нуқтадир. Туркистон туркийлари йиллар давомида Туркия туркийларини унинг тимсолида эслаганлар, 90-йилларда темир парда қулагач эса Туркиядан борган ҳар киши унинг ҳурмати билан қучоқ очиб кутиб олинган. Албатта, қучоқ очиб кутиб олинган кишилар ва ўзаро муносабатларнинг сўнгги нима билан тугаганини тортишмоқ бу асарнинг ҳам, бу сатрларнинг ҳам мавзуси эмас. Аммо…

Шарқдаги туркийлар ва Ғарбдаги туркийларга мардона ва муносиб ҳаёти билан дунё тургунча турадиган “Турон идеали”ни мерос қолдирган Анвар пошо ҳазратлари ҳаққига яна бир даъфа дуо қиларкан, бу асарни бизга армуғон этган муҳтарам Набижон Боқийга қалб тўла ташаккур ва саломларимизни йўллаймиз.

ҲУЖЖАТЛИ РОМАНДАН БОБЛАР
Асарни тўлиқ ҳолда саҳифа пастида ўқинг

БЕШИНЧИ МАКТУБ

Агар менинг қўлимдаги маълумотлар тўғри бўлса, 1918 йил 8 октябр куни Талъат пошо раҳбарлигидаги ёш турклар ҳукумати истеъфо беради. Ўйлайманки, уларнинг ягона мақсади ҳокимиятни эгаллаб ўтиришдангина иборат бўлганида, албатта, референдум ўтказибми ёки бошқа бир ҳийла-найранг (айтайлик, ҳарбий тўнтариш) йўли биланми ваколатларини сақлаб қолиши мумкин эди. Чунки ҳарбий қувватлар бевосита Анвар пошога бўйсунарди. Боз устига, Анвар пошо “мусулмон олами ҳалифасининг куёви” эди ва у Усмонли туркларнинг энг суюмли миллий қаҳрамони ҳисобланарди. Замонавий ибора билан айтганда, ўша пайтда Туркияда мавжуд бўлган сиёсий ва давлат арбоблари ўртасида Анвар пошо энг юқори “рейтинг”га эга эди. Бироқ, Триумвират (Талъат пошо, Жамол пошо, Анвар пошо) ўзининг шахсий манфаатидан воз кечиб, Туркияда энди куртак чиқараётган ҳақиқий демократия учун намуна мактабини яратади. Истеъфодан сўнг бир ой ўтар-ўтмас Антанта иттифоқчиларининг ҳарбий кемалари Босфор бўғозида пайдо бўлади: “Иттиҳод ва тараққий” фирқасининг Марказий қўмитаси Туркия учун енгилроқ бўлган шартлар асосида сулҳ тузиш мақсадида ёш туркларнинг раҳнамоларига мамлакат дохилиндан чиқиб кетишни таклиф этади. Раҳнамолар азбаройи мамлакат фойдасини кўзлаб Олмониянинг ҳарбий кемасида Туркия соҳилларини тарк этади. Антантанинг тазйиқи остида Истанбулда Триумвират устидан суд бошланади…

Янглишмасам, ўша пайтлари Туркияда Анвар пошо номини бадном қилиш кампанияси бошлаб юборилади. Ўз хоҳиши билан ҳокимиятни топширган ва муҳожирлик азоб-уқубатларини бўйнига олган кечаги мухолифат кучларга нисбатан “ёв қочса, ботир кўпаяр” тарзида бошланган кампания, албатта, Камол пошо ҳукумати учун уятли бир ҳолдир. Аслида, истеъфо ва муҳожирлик даври Анвар пошо ҳаётининг энг ёрқин саҳифаларини ташкил этади.

Анвар пошо Берлинга етиб келган пайтда Олмонияда инқилоб авж олган, император тахтдан ағдарилиб, Веймар республикаси эълон қилинган эди. Анвар пошо Берлинда қўл қовуштириб ўтирмайди. У Туркистонда вужудга келган аҳволни синчиклаб кузатади ва тегишли хулосалар чиқаради. Ўтган галги мактубимда қайд этганимдек, “рус ҳукумати марказияси бу инқилобга (Бухоро инқилоби назарда тутиляпти: изоҳ меники — Н.Б.) бутун қуввати ила тарафдор бўлгани ҳолда ишнинг ташқарисида қолмаслик учун ниҳоятда айёрона ҳаракат қилаётир”, деган тўхтамга келади. Ҳақиқатан ҳам, болшевиклар Осиёда “айёрона” ҳаракат қилади. Лекин, аста-секинлик билан, пинҳоний тарзда кураш жабҳасини Осиёга — мусулмон оламига кўчирадилар. Ўша йиллари болшевиклар ҳукуматининг Ҳарбия нозири бўлган Л. Д. Троцкийнинг Марказқўмга кетма-кет тавсия этган махфий мактублари мана шу жиҳатдан диққатга сазовордир:

“Шак-шубҳа йўқки, Қизил Ўрду энди Оврупо дохилиндан кўра, Осиё дохилинда сиёсатга кўпроқ самарали таъсир кўрсатади. Агар Осиёга ўрнашиб олсак, то қулай имконият пайдо бўлгунга қадар Оврупода рўй бераётган воқеаларни бемалол кузатиб туришимиз мумкин. Айни замонда Осиёда фаолроқ ҳаракат қилишимиз ҳам мумкин. Чунончи, Можористонда Шўро ҳокимияти ўрнатишдан кўра, Ҳиндистонда шундай ҳукумат ўрнатишимиз осонроқ… Афсуски, шу пайтгача биз Осиё масаласига етарли аҳамият бермадик. Ваҳоланки, Париж ва Лондонга олиб борадиган йўл Афғонистон, Панжоб, Бенгалия орқали ўтажак… Биз яқин-яқингача асосий диққат эътиборимизни Ғарбга қаратдик ва тўғри қилдик. Ҳозир эса вазият кескин ўзгарди. Бу ҳолни аниқ-равшан идрок этмоқ лозим. Болтиқбўйи қўлдан кетди… Бизнинг галдаги вазифамиз — халқаро ҳаракатлар марказини Осиё йўналишига кўчиришдан иборатдир… Афғонистон билан Англия ўртасида тузилган сулҳ бизнинг манфаатимизга зарар келтиради. Туркистондан келаётган хабарларда айтишилича, Англия зўр бериб Эрон, Бухоро, Хева, Афғонистонни Шўро Туркистонига қарши бўлган блокка бирлаштиряпти… Шарқда қатъий ва шиддатли ҳаракат қиладиган фурсат келди.

1919 йил 5 август, Лубна ”.

Албатта, фурсатни бой бермасдан ҳаракат қилиш тақозо этиларди. Аммо, ҳарбий умумияда бир-бирига рақиб бўлган жабҳада қўмондонлик қилган саркарда Москвада кутилаётган меҳмон саналмасди. Боз устига, Русия фуқаролар уруши исканжасида қовурилиб, болшевикларнинг ҳокимият тепасида қолиш-қолмаслик масаласи ҳал бўлаётган қалтис бир давр бошланган эди. Ҳатто болшевиклар мамлакатдан жуфтакни ростлаш учун ҳозирлик кўришар, давлат хазинасидан ва насроний ибодатхоналардан ўмарган олтинларини Свердловнинг уйида сақлаб туришар, айни пайтда, чиқмаган жондан — умид дейишиб, “Ишчи-деҳқон-аскар ҳукумати”ни асраб қолиш ниятида халқаро III Интернационал ташкилотини тузишга киришган эди. Шу мақсадда болшевикларнинг гумашталари дунёнинг турли мамлакатларида изғиб юришарди. Хусусан, Олмонияда гапга чечан Карл Радек исмли зот (уни Сталин 1937 йилгача эшакдай ишлатиб, охири оттириб ташлайди) III Интернационалга тарафдорлар қидириб юрарди. Табиийки, у Туркиянинг собиқ Ҳарбия нозири Берлинда муҳожирликда яшаётганини эшитади ва тўхтовсиз равишда Москвадан суюнчи олади. “Сафимизга жалб этилсин!” мазмунида Радекка кўрсатма берилади. Биринчидан, болшевиклар Анвар пошонинг обрў-эътиборидан фойдаланиб, мазлум мусулмонларни III Интернационал қаватига тортмоқчи бўлади. Иккинчидан, ҳар томонлама мустаҳкамланаётган Туркиядаги Камол пошо ҳукумати болшевиклар билан ҳамкорлик қилишга кўндирилади. Акс ҳолда, потенциал мухолиф — Анвар пошо биз тарафда: уни сенга қарши гиж-гижлаб юборамиз, дейишади болшевиклар. Хуллас, Карл Радек ажойиб кунларнинг бирида Анвар пошо билан Берлинда алоқа ўрнатади. 1919 йил 2—6 март кунлари Москвада III Интернационалнинг таъсис қурултойи бўлиб ўтади. Бу анжуманда Анвар пошонинг иштирок этгани номаълум. Лекин, 1919—20 йиллари у гўё Ленин билан учрашади ва Русия Хорижия вазири Чечериннинг истаги билан “Ислом инқилобчилари жамияти”ни тузади . Дастлабки пайтлари Анвар пошо болшевикларнинг мазлум миллатлар тўғрисидаги гапларига ишонган бўлиши мумкин. Эҳтимол, шу боис 1920 йил Август-сентябр ойларида Боку шаҳрида III Интернационал шиори остида ўтган Шарқ халқларининг қурултойида иштирок этгандир? Ҳар ҳолда, Анвар пошонинг Боку анжуманида иштирок этиши Туркистондан борган вакиллар учун ҳам фойдали бўлади: улар анжуман мажлисларидан бўш пайтларида болшевикларнинг кўзидан хуфя гўшаларда учрашади, фикр алмашади. Анвар пошо қурултой минбарида сўзлаган нутқининг матнини шундай бошлайди:

“Бугун бизни асрлардан бери эзган ва чирқиратиб сўйиш билан чекланмасдан, қонимизни ичган, ўлдирган дунё империалист ва капиталистларига қарши мужодаламизда қўлини тутажак ва Оврупо политикачиларининг ёлғончилиги нисбатида тўғри ва сўзига ишонса бўладиган, миллатларнинг ҳуқуқ ва ҳурриятини танимли программасига ёзмиш Учинчи Интернационал каби бир уюшманинг ёнида мавқега эга бўлганимиз билан бир-биримизни табриклаймиз! ”.

Афандим, ёдингизда бўлса, мен илгари ҳам Анвар пошонинг Учинчи Интернационал анжуманида сўзлаш учун ёзган нутқ матнидан баъзи ўринларига эътиборингизни қаратган эдим. Қуйида Анвар пошо болшевиклар билан ҳамкорликка рози бўлган пайтлари ҳам мазлум Туркистон халқи тўғрисида мудом қайғурганини кўрсатадиган айрим ўринларни, такрор бўлса-да, келтириб ўтмоқчиман:

“Биз халқнинг орзу-истакларини биламиз. У ўз хоҳишини эркин амалга оширишига тарафдормиз. Бизни севадиганлар билан биргамиз ва улар билан бирга ўламиз! Бизни севмайдиган халқнинг ҳам ўз ишини ўзи ҳал қилишига тарафдормиз!

Биз инсонлар бир-бирини аёвсиз бўғизлашига қаршимиз ва шунинг учун абадий бир сулҳ тузиш ниятида Учинчи Интернационал билан биргамиз. Биз меҳнаткаш халқнинг осойишталиги тарафдоримиз. Овруполик бўлсин, маҳаллий бўлсин, чайқовчию судхўрларга қаршимиз. Биз мамлакатимизнинг зироат ва саноат жиҳатидан ривожланишини истаймиз! Солиқлар фуқаро манфаатини муҳофаза қилиши керак.

Халқ қачонки ўзлигини англасагина ҳуррият ва осойишталикка эришади. Халқнинг миллий қадриятларини ҳурмат қилган ҳолда мамлакатни чинакам маърифатли этиш тарафдоримиз. Бу йўлда биз учун эркак ва хотиннинг фарқи йўқдир ”.

Келтирилган кўчирмадаги сўнгги жумлага изоҳ бериб ўтиш жоиз, шекилли. Анвар пошо “эркак ва хотиннинг фарқи йўқдир” деганда, албатта, болшевикларнинг “ахлоқ кодекси”да баён қилинган “тенглик”ни назарда тутмайди. Маълумки, болшевиклар “ишчи кучи” сифатида (ижтимоий турмушнинг энг оғир жабҳасида) хотин-қизларнинг эркаклар билан “тенглиги”ни таъминлайди. Анвар пошо эса ўз нутқида бандма-банд санаб кўрсатган ижтимоий турмушнинг фақат маориф соҳасида “эркак ва хотиннинг фарқи йўқдир” деб таъкидлайди. Яъни, Қуръони каримда, Ҳадиси шарифда буюрилмиш “ҳатто Чинга бориб бўлса ҳам илм ўрганингиз!” деган исломий даструламал эркак ва хотинга (муслим ва муслимага) баробар тааллуқли эканини айтади.

Анвар пошо оташин нутқ сўзлаган ўша қурултойда Туркистон вакиллари қаторида машҳур миллатпарвар шоир Абдулҳамид Чўлпон ҳам қатнашади. Шоир қурултой таассуротлари тўғрисида иккита шеър ёзиб қолдирган. Биттаси “Бокуга, Шарқ қурултойига кетганда” деб номланади, иккинчиси “Ёруғ юлдузга (Ҳазор эсдалиги)” деб номланган. Чамамда, шоир “ёруғ юлдуз” деб айнан Анвар пошони назарда тутади. Мана бу шеърий парчани ўқиб кўринг:

Майли, майли қандоқ аччиқ бўлса ҳам
Тўғри сўзни яширмасдан сўйлайвер.
Ҳар қанчалар юрак ёрғич куй бўлса,
Ботир бўлиб секингина куйлайвер.
Ўтганларнинг заҳари ҳам бу кунда
Кўнгилларга тегмай ўтган кабидир.
Кечмишларнинг йиғиси ҳам шу кунда
Йўқсул дилни суюнтирар кабидир.
Фалокатлар кўрган ота-боболар
Истиқболнинг қимматини билмаган.
Эл ва юртни сақлар учун сўнг хонлар
Тузуккина чора-тадбир қилмаган.
Биз йўқсуллар бошқаларга қўл бериб,
Чет оёқлар томонидан эзилдик.
Ҳар ярамас, ҳар бузуқнинг тагида
Алам тортган, жабр кўрган биз эдик.
Етар, бўлди! ”

Чўлпон шоир қалби билан Анвар пошо нутқидан илҳомланиб, шеърларини қоралама қилиб ўтирган дамларда қурултой раёсатининг раиси Зиновев қўлига шошилинч телеграмма келтириб берадилар. У раёсатда ёнма-ён ўтирган К. Радек билан бир оз энгашиб, пичир-пичир гаплашди. Сўнг Анвар пошо маърузаси бўйича мунозарага чиққан нотиқнинг сўзини кесиб:
— Ўртоқлар! Бухорода инқилоб ғалаба қилди! Барчангизни шу қутлуғ зафар билан табриклашга ижозат бергайсиз! — дейди кўзлари чақнаб. Сўнг, қўлидаги телеграммага кўз югуртириб: — Ушбу табрик телеграммасига Туркистон жабҳасининг қўмондони ўртоқ Фрунзе, III Интернационал Ижроқўмининг аъзоси ўрт. Сафаров, Туркжабҳа инқилобқўмининг аъзоси ўрт. Иброҳимов, Бухоро Компартиясининг раиси ўрт. Ҳусаинов, Бухоро Нозирлар Шўросининг раиси ўрт. Файзулла Хўжа, Бухоро Инқилобқўмининг котиби ўрт. Ориповлар имзо чекканлар. Демак, 1920 йил 5 сентябр куни Бухорода инқилобий тўнтариш рўй берди. Ура, ўртоқлар! — деб бақиради.
Чўлпон не аҳволга тушганини тасаввур қилиш мумкин: у Туркистондан жўнатилган барча вакиллар каби алданганини, бироқ теран заковат соҳиби Анвар пошони алдаб бўлмаслигини билади. Бухорои шарифни қонга ботиришга ҳозирлик кўраётган болшевиклар Русия дохилиндаги мусулмон халқларининг обрў-эътиборли зотларини атайлаб Бокуга — Бухородан йироқ масканга тўплаб, гўё уларнинг ихтиёрига “шарқ халқларининг тақдирини ҳал қилиш ҳуқуқини” топшириб қўяди. Ўзлари бўлса, “ёш бухороликларнинг илтимосига биноан” мустақил мусулмон мамлакатини ишғол қилади.

Учинчи Интернационалнинг Бокудаги анжумани худди Леонид Брежнев давридаги КПССнинг қурултойлари каби бир ҳафтадан ортиқ давом этади. 5 сентябр куни Бухоро инқилобчиларидан табрик телеграммаси борган бўлса, 1920 йил 12 сентябр куни Туркистон жабҳасининг қўмондони Соколов имзоси билан Зиновев ва К. Радек номига шифрали махфий телеграмма жўнатилади. Унда: “Сизларга маълум қиламизки қурултойда қатнашаётган туркистонлик вакиллар тасодифан сайланган. Сайлов болшевикларнинг назоратида ўтказилмаган. Вакиллар сафига Туркистонда ишлашга яроқсиз бўлган кўпчилик кириб олди. Уларнинг аксарияти ички фирқавий бўлиниш пайтида ўзларини фош этиб қўйган. Туркистондаги жамоат ташкилотлари, мусулмон меҳнаткашларнинг қуйи табақаси Т. Рисқуловнинг сиёсий йўлини қўллаб-қувватламайди ”, дейилади… Турор Рисқулов 1920 йилда Туркистон АССР Марказий ижроқўмининг раиси эди. 1921—22 йилларда уни Москвага ишга олиб кетадилар, 1922—24 йилларда Туркистон АССР Халқ Комиссарлар шўросига раислик қилади. 1924 йил 27 октябр куни (Ўзбекистон ССР ташкил этилгач) Т. Рисқуловнинг ўрнини Файзулла Хўжа эгаллайди. Т. Рисқулов Файзулла Хўжа билан тенгдош (1896 йили туғилган) бўлса-да, аммо “издошидан” бир йил узоқ яшайди — уни Шўро ҳукумати 1938 йилда отиб ташлайди.
Демак, Бокудаги анжуманда Туркистондан борган вакиллар сафида Т. Рисқулов (Туркистон Шўро мухториятининг оқсоқоли) ҳам қатнашади.

Тошкентдан борган телеграммалар остидаги имзолардан ҳам кўриниб турибдики, 5 сентябр куни Туркистон жабҳасининг қўмондони бўлиб турган Фрунзе 12 сентябр куни ўз ўрнини Соколов исмли кимсага бўшатиб беришга улгуради. Чунки вазифасини “шараф” билан адо этган Фрунзени Русия Марказияси Москвага чақириб олади. Бухорода эндигина “тахт”га ўтирган — нозирлар Шўросининг раиси лавозимига тайинланган Файзулла Хўжа ва бошқалар ўрт. Ленин ва ўрт. Троцкий номига 1920 йил 11 сентябр куни шошилинч телеграмма йўллаб, “ҳарбий-сиёсий ишларни охирига етказгунча ўртоқ Фрунзени ўз вазифасида қолдириб турилишини илтимос” қилади. Бироқ, негадир “бухоролик болшевиклар”нинг илтимоси қондирилмайди.

Бокуда Шарқ халқларининг қурултойи нима сабабдан ўн кундан ортиқ давом этгани тушунарли бўлса керак. Бу қурултой гўё III Интернационал шиори остида ўтаётган бўлса-да, Компартия архивида сақланиб қолган ҳужжатларда “III Интернационал конгресси” деб номланса-да, аммо 70 йил давомида СССРда чоп этилган адабиётларда бирор марта ҳам Боку қурултойи “III Интернационал конгресси” сифатида қайд этилмайди. Ҳатто “қайта қуриш” даврида Тошкентда ўзбек туркчасида нашр этилган “Энциклопедик луғат”да (Тошкент — 1988 йил): “2-конгресс (1920 йил 19 июл — 17 август, Петроградда очилган) К. И. уставини ва “Коминтернга аъзо бўлишнинг 21 шартини”, шунингдек, аграр ва миллий мустамлака масалалари бўйича программавий қарорлар қабул қилди… 3-конгресс (Москва, 1921 йил 22 июн — 12 июл) ягона фронт тактикаси асосида ишчилар синфининг кўпчилигини ўзига қаратиш масаласини қўйди ”, деб изоҳ берилади. Демак, болшевиклар “Шарқ халқларининг раҳнамоларини” чалғитиш учун Бокуда “III Интернационал” театру томошасини ташкил этади. Улар ҳатто Шўро идораларида хизмат қилаётган маҳаллий халқ вакилларига ҳам ишонмайди, хусусан, Т. Рисқуловни “театру”га жўнатиб, ортидан чақувнома йўллайдилар.

Хўш, ёш бухороликлар томошанинг зўри Бухорода бўлажагини билармиди? Албатта, биларди. Лекин, ёш бухороликлар инқилоб масаласида икки фирқага бўлиниб кетади. Файзулла Хўжа раҳбарлигидаги ёш бухороликлар узил-кесил болшевиклар мафкурасини қабул қилади. Усмонхўжа тарафдорлари эса болшевиклар қувватидан фойдаланишга рози бўладилар-у, аммо уларнинг мафкурасини қабул қилмайди. Лекин бухоролик маҳаллий болшевиклар билан ҳамкорлик қилишга Войткевич исмли болшевик “қозилик” қилгандан сўнг розилик билдиради.

Бухоро инқилобининг томошаси қуйидаги тартибда ривожланиб боради.

1920 йил 23 феврал куни Русия ҳукуматидан ваколат берилган Туркистон комиссиясида Бухоро масаласи кўрилади. Комиссия қарори:
а) “Бухоро ҳукумати билан қилинадиган расмий муносабатлар Бухоронинг ичидан бузилишига хизмат қилсин.
б) Туркистонда айрим мухториятлар эълон қилинсин. Туркманлар яшайдиган ўлкада ҳам мухторият тузилсин ва бу мухториятдан Бухорони ичидан бузиш учун фойдаланилсин. Туркманлар ўлкасини Бухородан ажратиб олиш йўллари топилсин ”.

Кейинчалик 1924—1929 йиллар мобайнида болшевикларнинг мана шу даструламали ривожлантирилади ва Туркистонда бешта “иттифоқдош республика” барпо этилади.
Афандим, бешинчи мактубимни ўқий бошлаганингиздан бери асабингиз ниҳоятда таранг тортилиб кетган бўлса керак. Келинг, бирпас ўзимизни чалғитайлик: мен сизга бир-иккита бўлган воқеани сўйлаб бераман.

Тошкент вилоятининг Бекобод туманидан бўлмиш Қаҳрамон исмли укамиз 1994 йили (ҳозир у Ўзбекистон радиосининг Турк бўлимида ишлайди) Истанбулда икки йил таҳсил кўриб қайтди. Қаҳрамоннинг ажабтовур ҳикояси бундай:
— Бир куни муаллим Ўзбекистондан ўқишга борган талабага мурожаат қилди: “Қани, турк ўғлони, саволларга жавоб берасизми?” “Афандим, ахир, мен турк эмасман-ку, ўзбекман”, деди ўғлон ҳайрон бўлиб. “Наҳотки?” деди муаллим ҳам ҳайратланиб. “Ҳа, шунақа, ишонмасангиз, майли, паспортимни кўрсатаман”, деди ўғлон хижолат тортиб. “Турк эмасмисиз?” деб қайта сўради муаллим. “Ўлай агар, ўзбекман!” деди ўғлон қасам ичиб. “Ўзбеклар ҳам турк эмасми?” деб кулимсиради муаллим. “Йўқ, турк эмас. Тўғри, Фарғонада оз-моз турклар бор эди, лекин уларни аллақачон ҳайдаб юборганмиз…” Шундан кейин мавзу ярим ҳазил, ярим чин тарзида давом этди. Лекин, ўша ўғлон ўзини турк эканига асло кўнмади.

Бошқа бир ҳикояни Тошкент меъморчилик ва қурилиш институтида хизмат қиладиган олим дўстим Қобилжон Тўлаганов айтиб берган эди.

Қобилжоннинг ажабтовур ҳикояси бундай:
— Олмониянинг Веймар шаҳрида касбдошларим билан тажриба алмашиб юрган кезларим олмон дўстлар билан сайрга чиқдик. Шаҳар айланиб юрсак, муҳташам ибодатхона ёнида турган оломонга дуч келдик. Қизиқсиниб, оломонга яқинлашдик. Чунки Олмонияда оломон тўдалашиб турган ҳолат камёб ҳодиса ҳисобланади. Хуллас, маълум бўлдики, бу оломон ҳозиргина машҳур ёзувчимиз Чингиз Айтматов билан учрашувдан чиқиб, таассуротларини бир-бирлари билан ўртоқлашаётган экан: ҳадемай бинодан ёзувчининг ўзи чиқиб келди. Мен юртдошим билан салом-алик қилдим. Чингиз оға ҳол-аҳволимни, бу ерларда нима қилиб юрганимни сўрадилар. “Практикага келганман”, дедим. “Кўряпсизларми, бу йигит Тошкентдан, ўзбек бўлади. Мен эсам Бишкекданман, қирғизман. Лекин икковимиз бир-биримизнинг тилимизга бемалол тушунамиз. Чунки икковимиз ҳам туркмиз!” деди Чингиз оға таржимонга юзланиб. Мен даврадагиларга Чингиз оғанинг сўзларини олмончалаб таржима қилиб бердим. Эртаси куни эса Чингиз Айтматов кун бўйи мени ёнида олиб юрди: учрашувлар чоғи мен Чингиз оғага таржимонлик қилдим. Ҳар галги учрашув бошланишидан олдин: “Жаноблар, маъзур кўрасизлар, мен миллатдошимни топиб олдим. Бу йигит суҳбатимиз чоғида бизга таржимонлик қилади”, дер эди тўлқинланиб.
Афандим, иншооллоҳ, болшевиклар 1920 йил 23 январ куни қабул қилган қарор туркликка ва турк бирлигига асло рахна солмагай!

Яна Бухоро инқилоби даврига қайтамиз.
1920 йил 14 феврал куни Туркистон комиссиясида энди ёш бухороликлар фирқаси масаласи кўрилади ва “Шимолий Туркистонда ёш бухороликлар фирқаси фаолият кўрсатишига рухсат этилиб, унга моддий ёрдам бериш га қарор қилинади”.

1920 йил 7 июн куни боя эслатиб ўтилган Войткевич раислиги остида мажлис бўлади. Войткевич болшевиклар томонидан тайинланган вакил бўлиб, у Бухоро болшевиклари (Файзулла Хўжа, Қурбонов, Саиджонов кабилар) билан Бухоро инқилобчиларини (Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Музаффар кабилар) бирлаштиришга ҳаракат қилади ҳамда ҳар икки гуруҳни Русия вакиллари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлашга даъват этади. Мажлисда Усмонхўжа бундай дейди:
“Халқимизга коммунизм қуриш программасини тушунтириб бўлмайди. Шунинг учун бу борада аста-секин ҳаракат қилиш керак. Агар бундан кейин Войткевич билан бирга ишласак, албатта, бухоролик коммунистларга қўлимизни чўзамиз — улар билан ярашамиз ”.

Бироқ, Усмонхўжанинг тарафдорлари бўлган ёш бухороликларга бари бир болшевиклар ишонмайди. 1920 йил 30 июн куни Куйбишев раислиги остида бўлиб ўтган Туркистон комиссиясининг мажлисида бу ҳақда очиқ-ойдин қарор қабул қилинади:

“Бухоролик коммунистларга моддий ёрдам ажратилсин.
Ёш бухоролик инқилобчилар билан алоқа қилинмасин, уларга ҳеч қандай моддий ёрдам берилмасин ”.
Бухоролик коммунистлар билан инқилобчилар гуруҳи ўртасидаги зиддият 1920 йил 3 август куни бўлиб ўтган Туркистон комиссиясининг мажлисида ҳам яққол кўринади. Мажлисга яна Куйбишев раислик қилади. Унда бухоролик коммунистлар гуруҳидан ҳам, бухоролик инқилобчилар гуруҳидан ҳам вакиллар қатнашади. Мажлис протоколида бухоролик коммунистлар гуруҳи вакилининг: “Инқилобгача ҳам, инқилобдан кейин ҳам ёш бухороликлар (инқилобчилар) билан қўшилиб бўлмайди. Чунки биз уларга ишонмаймиз. Улар тил учида коммунизм ғояларига содиқмиз дейдилар-у, аслида, коммунизм программасига қарши сиёсат юритадилар , деган сўзлари қайд этилган. Шунга қарамасдан, Туркистон комиссияси инқилоб арафасида ноўрин мунозарага чек қўйиш мақсадида Усмонхўжа тарафдорларига ҳам ёрдам беришга қарор қилади. Албатта, бу “лўлининг эшагини суғориб, пулини олгин” дегандек бир тактика эди.

Ниҳоят, 1920 йил 24 август куни Бирлашган Қизил Ўрду қўмондони Коновалов шифрали буйруғини ҳаракатдаги қувватларнинг қароргоҳларига йўллайди. Жумладан, Туркистон жабҳасининг қўмондони Фрунзега ўз қувватлари билан “кўрсатилган жойда шай бўлиб туриш” топширилади. Когондаги рус қувватларининг қўмондони Белов эса 29 август куни Эски Бухорога юриш бошлаши лозим эди .

Бухоро инқилобининг қаҳрамонлари мадҳ этиладиган Шўро адабиётларида негадир Коновалов, Белов шаънига эмас, фақат Фрунзе номига ҳамд-санолар ўқилади. Бу ҳол ҳам болшевикларнинг сохта қаҳрамон ясашга ўч эканини кўрсатади.

Анвар пошо Бокуда қурултой туфайли Шўро тузумининг мухолифати (Т. Рисқулов, Абдулҳамид Чўлпон холосми?) билан бевосита танишади ва улардан ҳаққоний маълумотлар олади. Шунинг учун ҳам Анвар пошо Бухоронинг истиқболи тўғрисида асосли фикр-мулоҳазалар билдиради:
“Аҳолиси, тахминан, икки миллион бўлган Бухоро ҳукуматининг саккиз мингга яқин суворий қуввати бор. Пиёда қуввати эса яничар усулида қўшинга олинган тўрт минг нафарга қадар бўлинмадан иборат. Буларнинг ҳарбий тарбияси бўлмагани каби қурол-аслаҳалари ҳам Темурдан мерос қолган пилта милтиқлардан иборатдир. Иккита митролюзи (пулемёти) ва битта 7,5 см.лик оддий замбараги бор. Бухоро инқилоби мусулмон қуввати билан амалга оширилиши керак. Бу инқилобга русларнинг қориштирилиши салбий натижа бериши мумкин.

Охир оқибат ислом олами Бухородан жуда катта мадад олажак. Кўпчилик шундай фикрда. Бу инқилобда жуда эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилмоқ лозим.

Саккиз-ўн минг кишилик мунтазам бир қувват билан Бухорода ҳар қандай инқилобни амалга ошириш мумкин. Бу қувват Марвга келган афғон ёки Туркистонда қўноқланган Бошқирд ҳукумати жумҳуриясининг қувватларидан олиниши мумкин. Зотан, Бошқирд ҳукуматининг раиси Заки Валидий афанди бу ислоҳотга тарафдордир ”.

Агар Беҳбудий ҳазратлари 1919 йили: “Ўртадан нифоқни кўтарингиз!” деб васият қилган бўлса, Анвар пошо 1920 йили Бокудаги қурултой минбаридан: “Биз халқнинг орзу-истакларини биламиз. У ўз хоҳишини эркин амалга оширишига тарафдормиз. Биз бизни севадиганлар билан биргамиз ва улар билан бирга ўламиз! Бизни севмайдиган халқнинг ҳам ўз ишини ўзи ҳал қилишига тарафдормиз!” деб иқрор бўлади. Анвар пошо қурултойдан кейин ўз фикр-мулоҳазаларини рақамлар, ҳужжатлар билан асослаб беради. Минбарда ўқиб эшиттирилган нутқ матнида “бизни севмайдиган халқнинг ҳам ўз ишини ўзи ҳал қилишига тарафдормиз” деганда эса, албатта, болшевикларга ишора қилади. Яъни, “Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит” қабилида III Интернационал томошасини саҳналаштирган болшевикларни огоҳлантириб қўяди. Турк тилининг маъно қатламларини тушунмайдиган, фақат ташқи маъносини англаб, “ним коса”ни билмайдиган пандавақи болшевиклар ҳам ва афсуски, энг замонавий рус ёзувчилари ҳам: “Шундай қилиб, Анвар коммунистик аравага қўшилган от каби бўлишга тайёрман, мен сизларга тарафдорман деб қасам ичади ”, дея эски ашулани такрорлайди, холос.
Афандим, ушбу мактубларни ёзишимга сабаб бўлган нарса ҳам, аслида, “янги чиққан ҳофиздан эшитганим эски ашула”дир. У ҳақда кейинги мактубимда сўйлаб бераман. Билиб турибман, бугун сизни ҳам, ўзимни ҳам ниҳоятда чарчатдим.

ЕТТИНЧИ МАКТУБ

Боку қурултойидан сўнг Анвар пошо Берлинга қайтадими ёки Русия дохилинда қолиб, Бухорода рўй бераётган воқеаларни ишончли маълумотлар асосида таҳлил қиладими — номаълум. Ҳар ҳолда, Берлинга бориб у ерда истиқомат қилаётган оила аъзоларидан, хусусан, рафиқаси Нажия хонимдан, фарзандларидан хабар олиб, “Иттиҳод ва тараққий” фирқасининг муҳожириятдаги Марказқўмида Бухорода вужудга келган вазиятни муҳокама этган бўлиши ҳам мумкин.

Афандим, эҳтимол, сиз отангизни энг охирги марта кўрганингизни эсларсиз? У пайтлари, чамамда, беш-олти яшар эдингиз…

Агар Бухоро вакиллари Анвар пошо билан алоқа боғлашга мувофиқ бўлган эсалар-чи? Тасаввур қилинг: у пайтлари, айниқса, 1920 йил сентябр ойида амир Олимхон тахтдан ағдариб ташлангач, Бухоро дохилиндаги миллий қувватлар бир неча гуруҳга бўлиниб кетган эди. Яъни, Анвар пошо Бухоро аҳволи тўғрисида, нуқсонсиз алоқа ўрнатилган тақдирда, бир-бирини инкор этадиган маълумот олади: Усмонхўжа раҳнамолигидаги миллатпарвар кучлар Русия аскарларининг қонхўрлиги ва амир тарафдорларининг жоҳиллигидан шикоят қилади. Файзулла Хўжа раҳбарлигидаги бухоролик коммунистлар Усмонхўжа тарафдорларини “оғмачилик”да айблайди — улар мужоҳидлар билан ҳамкорлик қиляпти деб нолийдилар. Ўз қишлоқларини рус аскарлари тажовузидан ҳимоя қилаётган ва шунинг учун амирпараст жоҳиллар сифатида бадном қилинаётган маҳаллий мужоҳидлар эса бухоролик жадидларни сотқинликда айблайди. Русия қувватларининг қўмондонлари бўлса, Бухоро халқидан тортиб олаётган ғалла ҳисобидан “озиқ-овқат программаси бажариляпти” деб рапўрт беради… Агар битта ҳодисага олти нуқтадан (тўрт тарафдан — тўрт хил, устидан ва остидан) бир-бирига қарама-қарши бўлган олти хил баҳо бериш ва шу баҳога бетараф тингловчини ишонтириш, ҳеч бўлмаса, назарий жиҳатдан мумкинлиги эътиборга олинса, Анвар пошо нақадар мушкул масалани ҳал қилаётгани маълум бўлади. Аввал-бошданоқ, русларнинг позицияси рад этилади. Шундай бўлса-да, Анвар пошо олдида учта буюк масала кўндаланг бўлади:
1. Бухорода “коммунистик жамият” қуриш керакми?
2. Бухорода халқ бошқарувига асосланган дунёвий давлат қуриш керакми?
3. Бухорода амирликни тиклаш керакми?

Албатта, биринчи галда Бухоронинг мустақиллигини тиклаш лозим эди. Бошқа ижтимоий масалаларни фақат мустақил мамлакат доирасида ҳал этиш мумкин. Мустақиллик қўлга киритилмаса, фуқаронинг ҳуқуқ ва эрки тўғрисида сафсата сотиб ўтиришдан ҳеч қандай наф йўқ.

Аслида, ёш бухороликлар фуқаро озодлиги учун кураш бошлайди: улар шахс озод бўлмаса, Ватан озод бўлмаслигини биларди. Бироқ, озодлик йўлидаги кураш, охир-оқибат, мустақиллик бой берилишига олиб боради, холос. Энди лоақал ярим мустақилликни қўлга киритиш, амир давридаги ҳолатга қайтиш зарур эди. Афсуски, амир даврида қалам (маърифат тимсоли) билан рўёбга чиқарилиши мумкин бўлган озодлик энди қилич (жисмоний қудрат тимсоли) билан қайтариб олиниши шарт. Қилич тутишга эмас, қалам ушлашга ўрганган жадидларнинг қўллари миллий мужодала жабҳасида ожизлик қиларди.

Бундай шароитда, дастлаб, ўртадан нифоқни кўтариш шарт эди. Йўқса, ҳеч нарсага эришиб бўлмасди.

Русия аскарлари пошнаси остида инграётган Бухорои шариф барча миллий мужодала кучларини бирлаштира оладиган битта Раҳнамога муҳтож бўлиб қолади. Гуруҳларга бўлиниб, тарқоқлашган миллий мужодала қувватлари Бухоро дохилиндан чиқадиган Раҳнамога бўйсунмайди. Чунки ўртага нифоқ тушган эди. Гуруҳлар миллий манфаатни ўзлари билганича, ўзлари тушунганича ва ўзлари мансуб гуруҳнинг манфаатига мос равишда ҳимоя қилади. Зинҳор-базинҳор, миллий манфаат учун гуруҳ манфаатидан воз кечмайдилар. Воз кечиши ҳам мумкин эмасди. Чунки ўртага қонли интиқом рахна солган эди: ёш бухороликлар Ф. Колесов қаватига кириб Бухоро амирига қарши тиғ кўтаради; амир эса Бухоро дохилиндаги икки минг нафарга қадар тараққийпарвар жадидларни (Беҳбудий ҳазрат ҳам ўшалардан биттаси) қатл эттиради. Энг даҳшатлиси — амир ҳукумати ва мухолифат (ёш бухороликлар) ўртасидаги нифоқ найзаси 1918 йилдан эътиборан, икки йил давомида авом халқ юрагига санчилади ҳамда амир 1920 йилнинг сентябр ойида Аркдан ҳайдаб чиқарилгач, то 1921 йилнинг март ойида Бухоро амирлиги дохилини тарк этгунга қадар Шарқий Бухородаги қавмларни болшевиклар билан жадидларга қарши оёққа турғазишга улгуради. Боз устига, ёш бухороликлар ўртасида ҳам иттифоқ йўқ эди.

Бухорода кечаётган мураккаб жараённи Анвар пошо теран идроки билан таҳлил қилади ва бу жараёнга ғайрат билан аралашмаса, Бухоро халқи бир-бирини қириб битириши мумкинлигини аниқ-равшан ҳис этади. Агар миллий қувватлар ўртасидаги мужодалага чек қўйилмаса, уларга ҳақиқий душман — болшевиклар ўрдуси эканлиги англатилмаса ва болшевикларга қарши барча миллий қувватлар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат этмаса миллат йўқ бўлиб кетади, қирилиб битади. Фақат тўда-тўда оломон қолади, холос. Қандай қилиб бўлса-да, миллий фожианинг олдини олиш ва туркларнинг бобомерос юртини асраб қолиш фарз эди. Томирида турк қони оқаётган, юрагида исломий эътиқоди бўлган ўғлон Бухоро фожиасига бефарқ қараши мумкин эмасди.

“Бухоро инқилоби бошланар-бошланмас маънавий ва моддий жиҳатдан бу ерга боғлиқ бўлган уламо Туркистонни тарк этиб, тинч мамлакатларга қочиб кетди. Шу тарзда Туркистондаги мавжуд низо ўртадан кўтарилди.
Бугун Туркистон халқи мамлакатни мустақил идора этишга қодир эмас.
Туркистон халқи жуда меҳмондўст ва мунис кимсалардир ”.

Анвар пошо ҳали Бухорога ташриф буюрмасдан илгари мана шундай хулосага келади. Шубҳасизки, болшевикларнинг сўзи билан амали бошқа-бошқа эканини ҳам англаб етади, болшевикларнинг “доҳийлари” ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун ва ҳокимиятга хизмат қилаётган ички Русиядаги ҳарбий қувватларни озиқ-овқат билан таъминлаш учун Бухорони асло мустамлака исканжасидан қутқармайди. “Мазлумлар озодлиги”, “миллатларнинг ўз тақдирини ўзлари ҳал этишлари” тўғрисидаги сафсаталар авом аскарларини ва болшевиклар тарафдори бўлган маҳаллий миллат қувватларини лақиллатиш ниятида ўйлаб топилган сохта шиорлар эди, холос. Болшевиклар қутқусига учиб Шарқий Бухорони ишғол қилаётган рус аскарлари, аслида, нима учун жанг қилаётганини ҳам, нима учун қурбон бўлаётганини ҳам билмасди. Рус халқи болшевикларнинг ғаразли манфаати йўлида қурбон қилинади ва улар Туркистон халқининг тавқи лаънатига учрайди. Болшевиклар ва рус-славян-насроний ва турк-тожик-исломий халқлар ўртасига қонли нифоқ солади: энди битаётган эски яраларни янгилайди.

Ана шундай чигал бир вазиятда Анвар пошо тўғридан-тўғри келиб Бухородаги миллий қувватлар сафига қўшилса, албатта, калта ўйлаган бўларди. Чунки Русия дохилинда фуқаролар муҳорабасини ўз фойдасига ҳал этган болшевиклар ҳарбий қувватларини Бухоро жабҳасига йўналтириб тарқоқ миллий мужодала қувватларини осонликча маҳв этиб юборарди. Шу боис, биринчи навбатда, Бухоро дохилиндаги миллий кучларни ягона қўмондонлик остида бирлаштириш керак эди. Ҳеч бўлмаса, миллий кучлар ягона қўмондонлик остида бирлашгунча болшевикларга Анвар пошо асл ниятини билдирмаслиги лозим эди. Шунинг учун Анвар пошо болшевикларга ўзларининг тезагини ўзларига едиради. Боку қурултойидан то Бухоро заминига қадам қўйгунча ўтган даврдаги Анвар пошонинг хатти-ҳаракатлари, сиёсий тактикаси болшевикларга панд беришга қаратилган эди: у Бухородаги вазиятни саркарда ва сиёсий арбоб сифатида синчикаб кузатиб, тегишли хулосалар чиқариб боради. Айни пайтда болшевикларнинг “буюртмаси”ни бажаришдан ҳам намойишкорона бўйин товлай олмасди.

Анвар пошо баланд дорга лангарчўпсиз чиққан дорбозга ўхшарди. Вазият бениҳоя қалтис эди.

1864 йилда батамом чор Русияси таркибига қўшиб олинган Гуржистон Петроградда рўй берган давлат тўнтаришидан фойдаланиб, 1917 йилнинг ноябр ойида мустақилликка эришади: ҳокимиятни гуржи меншевиклари эгаллаб олади. 1918 йилнинг 3 март куни Русия ҳукумати томонидан Брест-Литовскда имзоланган шартномага кўра, Гуржистоннинг жанубий-ғарбий ҳудудларида жойлашган Карс, Ботуми, Ўрдахон ўлкалари Туркия ихтиёрига берилади. Бироқ, 1918 йилнинг 13 ноябр куни Русия ҳукумати Брест сулҳини бекор қилади. 1920 йилгача болшевиклар ҳукумати Гуржистонга қарши тажовузкорлик юришини бошлай олмайди: марказий ҳокимиятни “оқ гвардиячилар” ҳужумидан сақлаш билан банд бўлади. Русияда фуқаролар уруши болшевиклар фойдасига ҳал бўлгач, Гуржистондаги меншевиклар ҳукумати ичида низо бошланади: кўпчилик Русияга қўшилиш, болшевиклар ҳукуматини тан олиш тарафдори бўлади. Бундай шароитда Антанта қувватларига таянган Туркия ўрдуси Гуржистоннинг жанубий-ғарбий ҳудудларини ишғол қилади. “Антанта бизга чуқур қазиб, ўша чуқурга ўзи тушди. Чунки биз Совет Арманистонига эга бўлдик ”, дейди В. И. Ленин ўша ҳодиса тўғрисида. Устига устак, 1921 йилнинг феврал ойида Гуржистонда ҳокимият болшевиклар қўлига ўтади. Ботумида эса гуржи меншевикларидан иборат миллатчи гуруҳ Муваққат ҳукумат тузади. Афтидан, уларни Туркия ўрдуси қувватлайди. Чунки болшевиклар Русиясининг қўққис ҳужумларини биринчи бўлиб қайтарадиган “буфер” давлат ташкил этилишидан, шубҳасиз, Туркия манфаатдор эди.

1921 йилнинг ёз фаслида Русия билан Туркия чегарасидаги вазият мана шундай эди: оғирроқ тош қўйилса — бас, тарози палласи бир томонга оғиб кетиши ҳеч гап эмасди.
1921 йилнинг 22 июнидан 12 июлига қадар Москвада Интернационалнинг 3-конгресси бўлади. Унда Ленин болшевикларнинг тактикаси тўғрисида нутқ сўзлайди. Анвар пошо ҳам бу анжуманда иштирок этган бўлиши мумкин. Аммо, фаоллик кўрсатмайди — ўзининг “тактикаси”ни ўйлаб ўтиради, холос.

1921 йилнинг ёз фаслида Анвар пошо Русия ҳукуматига “жаҳон инқилобий ташкилоти” тўғрисидаги баёнотини топширади. 30 июл куни эса болшевиклар Анвар пошони Ботумига жўнатади. Нима учун? Чамаси, Русия ҳукумати Камол пошони қўрқитмоқчи бўлади: Туркиянинг бўлажак Президенти биз тарафда; хоҳласак, унинг ихтиёрига ҳарбий қувватларни бериб, Анқара ҳукуматини ағдариб ташлаймиз, демоқчи бўладилар. Ҳар ҳолда, Анвар пошо Ботумига “совет ҳокимиятини ўрнатиш” учун юборилмагани аниқ. Чунки 16 июл куни Ажаристон социалистик Шўро ҳукумати мухторият сифатида Гуржистон таркибига кириб улгурган эди.

Ўша йиллари Овруподаги оммавий ахборот воситаларида Анвар пошонинг Ботумига ташрифи муносабати билан шов-шув кўтарилади. Жумладан, Истанбулда нашр этиладиган арманларнинг “Öог ховупти Тсаин” рўзномаси бундай деб ёзади (газета номи нотўғри бўлиши мумкин):
“Ботумида давлат тўнтариши рўй берди. Анвар пошо ва унинг тарафдорлари Муваққат ҳукуматни ағдариб ташлаб ҳокимиятни қўлга олди. Анвар пошо ҳукумат бошлиғи деб эълон қилинди. Анвар пошонинг издоши Баҳодир Шокир эса Хорижия нозири вазифасига тайинланди. Тифлис шаҳридаги Қизил Ўрдунинг 64-дивизияси ёрдамга юборилди. Ботумида ҳарбий ҳолат жорий этилди.

Анқара ҳукумати уч кунлик муҳлат ичида Анвар пошонинг Ботумидан чиқиб кетишини талаб қилди. Акс ҳолда, Камол пошо ихтиёридаги қувватлар Ботумини ишғол этади ”.
Шўравий маълумотларда айтилишича, гўё Камол пошо ҳукумати Москвадан Анвар пошонинг ҳайдаб чиқарилишини 1921 йилнинг ноябр ойида талаб қилади: агар бу талаб бажарилмаса, дипломатик муносабатлар узилади . Ваҳоланки, 1921 йилнинг ноябр ойида Анвар пошо Шарқий Бухоронинг Бойсун депарасида миллий мужодала кучларини ягона қўмондонлик остида бирлаштириш тўғрисида қизғин музокара юритиш билан машғул эди. Демак, болшевиклар Ботумида Анвар пошога чуқур қазиб, ўша чуқурга ўзлари тушади.

Маълумки, болшевиклар “нафасни ростлаб олиш учун” 1918 йили март ойида “Брест сулҳи”ни имзолайди. Анвар пошо эса “нафасини ростлаб олиш учун” болшевиклар истаги бўйича Ботумига боришга рози бўлади. Яъни, Анвар пошо болшевикларнинг… сопини ўзларидан чиқаради.

Анвар пошонинг Бухорога келиши тасодифий ҳодиса бўлмасдан, пухта ўйланган қонуний ҳол эди. Аслида, Анвар пошо ҳазратлари Бухоро дохилинга 1910 йилдаёқ “Иттиҳод ва тараққий” фирқасининг ўлмас ғояси шаклинда кириб келади. Энди эса турклик ва турк бирлиги ғоясини моддийлаштириш имкони туғилади. Бироқ, шароит ниҳоятда мураккаблашиб, чигаллашиб кетган эди.

Ҳожи Сами ва Бартинли Муҳиддинбеклар ҳамроҳлигида Анвар пошо 1921 йилнинг октябр ойида Ботуми — Боку — Красноводск — Ашхобод — Марв — Байрамли — Чоржўй йўналиши бўйича Бухорога келади. Уни халқ кўтаринки кайфиятда кутиб олади. Бухородаги рус қувватлари халқнинг кўтаринки кайфиятини кўриб саросимага тушиб қолади. Анвар пошо Бухоро Хорижия нозирлиги биносида йигирма уч кун қўноқ бўлса, ҳар куни халқ вакиллари уни зиёрат қилгани келаверади. Анвар пошо эса миллий ҳукумат аъзолари ва жадидларнинг инқилобий қўмитаси билан музокаралар олиб боради.

Бир куни Русия ҳукуматининг Бухородаги элчиси Юрнеев Анвар пошони қабулига чорлайди. Суҳбат пайти элчи: “Бухорода кўп турасизми?” деб сўрайди. Анвар пошо бу саволдан Русия ҳукумати асабийлаша бошлаганини сезади ва тезроқ Бухоро шаҳрини тарк этиш ҳаракатига тушади.

Бухоро республикаси Нозирлар Кенгашининг раиси Файзулла Хўжа ўша кунлари жойларда текшириш ўтказиш баҳонасида Каркига боради ва у ердан Бойсунда турган Усмонхўжага телеграф орқали Бухорога Анвар пошо келганини маълум қилади.

Усмонхўжа билан Ҳарбия нозирининг муовини Али Ризобек Термиздаги ҳарбий қувватлар қўмондони Ҳасанбекни: “Биз Анвар пошо билан учрашмоқчимиз”, деб огоҳлантиради ва ундан шошилинч равишда Бухорога бориб келишни илтимос қилади. Бу ишга Ҳасанбекни жалб этишаётганига сабаб шуки, у бир пайтлар Анвар пошо билан Монастрдаги ҳарбий билим юртида бирга таҳсил кўрган эди. Анвар пошо Ҳасан афандидан бир босқич қуйида ўқийди; кейин Македонияда Туркиянинг 3-армияси сафида хизмат қиладилар. Анвар пошо Ҳасан афандини ўз оғаси каби яхши кўрарди. У Ботумида юрган кезларидаёқ Ҳасан афанди Бухорода миллий қувватлар қисмига қўмондонлик қилаётгани тўғрисида хабар топади. Хуллас, Ҳасанбек Бухорога бориб Анвар пошога Бухоро республикаси раҳбари Усмонхўжанинг мактубини ва шахсий саломини топширади.
1921 йил 16 октябр куни Анвар пошо Бухородан Берлинга — қардошига мактуб йўллайди.

Афандим, сиз бу мактубни такрор-такрор ўқиган бўлсангиз-да, лекин мен яна бир бора биргаликда ўқиб кўришни таклиф қиламан.

“Комилжон! Ниҳоят, Бухорога келдим. Албатта, Сами билан биргаликда. Мамлакатдаги вазиятни барқарор қилиш учун бизнинг ҳаракатимиз фойдали бўлиши мумкин. Ҳозирча шу ерда бўламан. Берлинга борсам, яна бир марта бу ерларга қайтиб келиш имкони бўлмайди. Иншоллоҳ, яқин орада бу ердаги вазиятни барқарорлаштирамиз. Жижимни сенга топшираман. Дунёдаги ҳаётим, ҳар нимам ўзларига хизмат қилишини улар билишади.

Менга ёзадиган мактубларингизни Берлиндаги Афғонистон вакили воситаси билан ва Москвадаги Афғонистон элчихонаси йўли билан Бухородаги Афғонистон элчихонаси номига юборишингизни илтимос қиламан. Сен мунтазам ёзиб тур ва Султон афанди ҳазратларининг (Нажияхонимни назарда тутяпти: изоҳ меники — Н. Б.) ҳам ёзишини таъмин эт. Ўн иккинчи июлдан (ўша куни Москвада III Интернационалнинг 3-конгресси ўз ишини тамомлаган эди: изоҳ меники — Н. Б.) буён ҳеч бир мактуб олганим йўқ.
Эҳтимол, бу ойдан кейин Бухородан чегарага етиб бориб инқилобчиларнинг аҳволи билан танишаман.

Менинг жамғармам бўлган йигирма олтиннинг сизга берилишини Нозимбекка ҳам ёздим. Уни олиб харжлайсиз.
Ҳозирча кўзларингдан ўпиб, Оллоҳга омонат этаман.
Отамнинг Ботумига келиши энди мувофиқ бўлмайди. Менимча, у тарафларда қолиши энди мажбурийдир.
Ҳар бир мактубингда фарзандларимнинг ва Султон афанди ҳазратларининг ва ўзингнинг фотографларингни юбор”.

29 октябр куни Анвар пошо Комилбейга яна бир мактуб йўллайди.
“Энди ҳеч ким Русияга келмасин. Ҳатто отам ҳам келмасин. Иншооллоҳ, бу ердаги ҳаётим яхшиликка бўлар… Иншооллоҳ, қучоқлашиб кўришамиз.
Ҳозирча оиланинг бутун юки сенга ҳадядир.
Кўзларингдан ўпиб, ҳаммангизни Оллоҳга омонат этаман ”.

“Энди ҳеч ким Русияга келмасин. Ҳатто отам ҳам келмасин”, деб таъкидлайди Анвар пошо. Бундан кўринадики, демак у Бухорога бориб миллий мужодала қувватлари сафига қўшилмоқчи эканини ҳатто энг яқин кишиларидан ҳам пинҳон тутади. Чунки бу ишдан Русия ҳукуматининг Оврупода изғиб юрган “исковуч итлари” хабар топса, саъй-ҳаракатлар зое кетишини Анвар пошо жуда яхши биларди.

Лекин, Берлинда муҳожирликда бўлган “Иттиҳод ва тараққий” фирқасининг Марказий умумия ҳайъати Анвар пошо режаларидан хабардор ва унга тарафдор эди. Анвар пошонинг 1921 йил 30 октябр куни Бухородан улар номига йўллаган ҳисобот мактуби шундан далолат беради.
“Берлиндаги Марказий Умумия ҳайъати муҳтарамасига!
1. Ботумидан ва Москвадан кутилаётган дўстларимиз келгунича бу ерда бўламиз… Вазият тўғрисида маълумот олиб, натижасини сизларга хабар қиламиз.
2. Бундан кейин Жамол пошо қардошимиз Бухоро ва Туркистон ҳудудида фаолият кўрсатади.
3. Бухоро янги ҳукумати бир ёшга тўлди. Жуда кўп мушкулотларга қарамасдан, тўғри ишлаяпти. Қардошимиз Нозимбек бу ҳақда сизларга батафсил маълумот беради. Москва ҳукумати бу ернинг ҳам Хеванинг ишларига якка ўзи аралашяпти. Бу ерда тўпланган қувватлар ила машғул бўлишяпти. Рус ишғол қувватлари кўплаб йўқотишларга дучор бўляпти. Душанбе атрофидаги рус қувватлари 800 нафардир.
4. Москва сиёсати ҳозирги ҳолда халқнинг орзусига мос равишда ҳаракат қилиш тарафдори.
5. Газета ва хабарларни Алибей номига Берлиндаги Афғонистон элчихонаси воситаси билан, мумкин бўлса, ҳафтасига бир марта почта юборилишини илтимос қиламиз ”.
Албатта, “Иттиҳод ва тараққий” фирқасининг Марказий Умумия ҳайъати Анвар пошонинг Шарқий Бухородаги фаолиятидан норози эканини билдириб баёнот эълон қилишни ҳам унутмайди. Шу йўсинда Русия ҳукумати Анвар пошо гўё ўзбошимчалик билан ҳаракат қиляпти деган нотўғри хулосага келиши лозим эди. Ҳақиқий аҳвол маълум бўлгунча Анвар пошо Шарқий Бухорода миллий мужодала қувватларини бирлаштиришга улгурса бас.
1921 йилнинг 4 ноябр куни Анвар пошо Бухородан Берлинга энг охирги мактубини йўллайди.
“Комил!

Ҳозиргача сиздан ҳеч қандай хабар йўқ. Жуда ташвишланяпман. Вақт зиқ. Бу ерда ортиқ кутолмайман. Эрта ё индин Москвадан телеграф келади. Бинобарин, ҳамма нарсани ҳозирлаб қўйдим. Оллоҳнинг изни билан якшанба куни тонгда йўлга тушаман.
Жижимга ҳамма нарсани муфассал ёзяпман.

Султоним ва фарзандларим сенга омонатдир. Улар дунёда мен учун энг азиз эканини, вазифам нақадар муҳимлигини уларга тушунтириб бергин. Сенинг мардлигингга ишонаман ва Ҳақ таолонинг ёрдами сиз билан бўлажагига аминман. Ҳаммангизга Оллоҳдан тинчлик тилайман!
Султонимнинг иффат ва номусини ҳар қандай шароитда ҳам ҳимоя қилинишини таъминлагин! Бўлмаса, мен учун ҳамма нарса ҳатто ўлганимдан кейин ҳам маҳв бўлган кундир ”*.
1921 йил 8 ноябр, жума куни Бухорои шарифнинг Намозгоҳ дарвозасида Анвар пошо юз нафар қадар суворилар кузатувида Шарқий Бухоро томон йўл олади. Ҳожи Сами, Ҳасан афанди, Бартинли Муҳиддинбек ва Нафибеклар пошога ҳамроҳ бўлади.

Эртаси куни Қаршида бир эшон хонадонида меҳмон бўладилар.

Учинчи куни Шеробод билан Сайроб ўртасида жойлашган бир қишлоқда қўноқ бўладилар. Сўнг, тоғдан ошиб ўтиб, Қободиён депарасига тушадилар.

Жумабозор қишлоғида Анвар пошо Бухоро республикасининг раҳбари Усмонхўжа ва Али Ризобек номига мактуб ёзиб беради. Чопар мактубни олиб йўлга тушади ва Бойсундан

Душанбе томон кетаётган соҳибларни Деновда қувиб етиб мактубни топширади.

Анвар пошо ён-атрофидаги зобитларга ҳам, Бухоро миллий ҳукумати тасарруфидаги қувватларнинг қўмондонларига ҳам босмачилар билан қуролли тўқнашувга йўл қўймаслик тўғрисида фармон беради.

Шундай қилиб, Анвар пошо Шарқий Бухоро дохилинда фаолият бошлайди. Хўш, бу пайтлари Шарқий Бухоро қай аҳволда эди?

Афандим, кейинги мактубимда айни шу мавзуда фикр юритилади.

ЎН ЕТТИНЧИ МАКТУБ

1922 йилнинг июл ойи охирларида Анвар пошо Обидара қишлоғига қароргоҳ тикади. Обидара — Қизилсув соҳилига, ўркач-ўркач адир бағрига жойлашган тоғли қишлоқ. Номидан ҳам кўриниб турибдики, “сувли дара” ёки “дарадаги сув”. Обидара депараси Болжувондан жануби шарқ тарафда бўлиб, Ҳовалинг тумани чегарасига туташ. Тоғли ўлка. Денгиз сатҳидан, тахминан, 1500 метр баландликда. Атроф кўм-кўк. Лалмикор ерлар. Унумдор. Боғ-роғлари серҳосил. Чорваси семиз. Оби ҳавоси тоза. Ёзи унчалик иссиқ бўлмайди. Тепада укпар булутлар сузиб юради. Тез-тез ёмғир ёғиб ўтади. Июл ойида тоғ бағрида ўсиб ётган ҳар хил ўтлар отни кўмади: ўтлар орасида от борлигини фақат кишнаган пайти, бошини кўтариб атрофга ҳуркиб қараган чоғидагина пайқаш мумкин.

Ҳозирда Обидара қишлоғи ўрнида сердарахт, чангалзордан иборат эски мозор қолган, холос. Мозордан қушлар чуғурлаши эшитилиб туради. Мозор сукут сақламайди. Бедор.
Олисда улкан тепалик бор. Тепалик устида оқ булут осилиб туради. Ўша оқ булут соясида тўртта шаҳиднинг қабри бор. У томонга яёв бориш керак. Машина жарликдан ўтолмайди. Лекин, отда бориш мумкин. Одам юролмайдиган жойларда ҳам от бемалол юради. Чунки, отнинг тўртта оёғи — тўртта таянч нуқтаси бор.

Июл ойининг охирларида Анвар пошонинг қароргоҳи Обидара қишлоғининг сўлим боғида жойлашган эди. Деярли бир ой давом этган оғир жанглардан сўнг мужоҳидлар чекиниб-чекиниб шу жойга етиб келишади. Рус қувватлари ҳамон уларни таъқиб этарди. Тўп ўқларининг гумбурлаши қароргоҳдан ҳам эшитилади. Руслар Болжувонни ишғол қилмоқда.

Учинчи август куни Анвар пошо Берлинда муҳожир бўлган оиласидан мактуб олади. Бағоят хурсанд бўлади. Сўнг маъюс тортади. У севикли рафиқасини, ширинтой фарзандларини, айниқса, кенжатой ўғли Чингизбейни (аслида, кенжа ўғилнинг исми Алибей экан; бу ҳақда туркона сўзбошида изоҳ берилган) жуда-жуда соғинган эди.
Афандим, сиз ўшанда неччи яшар эдингиз? 1922 йилнинг Қурбон ҳайити кунларини эслайсизми?

Мен Абдулла Ражаб афандининг китобида ёзилган тарих бўйича Қурбон ҳайити Обидарада қандай кутиб олинганини хаёлан жонлантиришга ҳаракат қиламан .

Давлатмандбийнинг қароргоҳи Ҳовалингда эди. Анвар пошони Ҳайит намозини бирга ўқишга таклиф қилади. Пошо ҳамроҳлари билан 1922 йилнинг 4 август, пайшанба куни тонг отмасдан Обидарадан Ҳовалинг томон отланади. Анвар пошо билан ҳайит намозини бирга ўқиш бахтига муяссар бўлажак халқ, Давлатмандбийнинг мужоҳидлари Обидара йўлига интиқ бўлиб тикилиб туришарди. Ниҳоят, пошонинг қораси кўринади. Уни шод-ҳуррамлик билан кутиб оладилар. Соҳилдаги асрий дарахтлар соясида ҳозирланган жойга ўтирадилар. Таомилга кўра, бир-икки пиёладан чой ичилади. Ҳайит билан бир-бирларини қутлайдилар. Давлатмандбий Анвар пошога зарбоф чопон совға қилади. Пошо ниҳоятда севинади. Сўнг халойиқ ҳайит намозига саф тортади. Ҳайит намози ўқилади. Сўнг, яна қутловлар бошланади. Соя-салқин жойда ўтиришиб овқатланадилар. Сўнг Обидарага қайтилади. Пошонинг эътироз билдиришига қарамасдан, халқ уни ярим йўлгача кузатиб боради. Ярим йўлда самимий хайрлашадилар. Халқ хурсанд бўлиб изига қайтади.

Кечки соат ўн бир. Обидара қароргоҳида сафдошлари пошони қуршаб ўтиришади. Ширин суҳбат ярим кечага қадар давом этади. “Худо хоҳласа, кейинги ҳайит намозини Бухорои шарифда ўқиймиз”, деб ният қиладилар. Пошо Ватан тўғрисида сўйлайди, эл-юрт тўғрисида сўйлайди. “Вазифамиз нақадар муҳим эканини билингиз”, дейди. Вақт ярим кечадан оғганда давра аҳли қўзғолади. Пошо дўстларини тўхтатиб: “Мен сизларга ҳайитлик беролмадим, — дейди хижолатомуз. — Келинглар, ўзимизга-ўзимиз ажойиб совға берайлик: сизлар дўстлигимиз тўғрисида бир неча жумлани қоғозга туширинглар, мен варақ остига ўз муҳримни босиб бераман, — деб таклиф қилади. — Шу ёзув кейинчалик ҳам дўстлигимизни бир-биримизга эслатиб туради”. Пошонинг таклифи бажонидил қабул этилади.

Афсуски, Абдулла Ражаб афандининг Тошкентдаги КГБ архивида сақланаётган китобининг русча таржима нусхасида ўша матн тушириб қолдирилган. Эҳтимол, асл нусхада Анвар пошо ҳазратлари ўз муҳрини босган ноёб ёдгорлик бордир?

Анвар пошо дўстларининг дил сўзлари ёзилган қоғоз остига ўз муҳрини босиб беради. Ҳамма ётоғига тарқалади. Пошо эса…

Афандим, Қурбон ҳайитининг биринчи кечаси пошо ўз ҳаётининг сўнгги дамлари яқин қолганини илоҳий сезим билан ҳис этади.
“Унинг авзойида қандайдир ғалати ўзгаришлар зоҳир бўлди. Кўзларига, юзларига мотам нуқси ургандек эди ”, деб эътироф этади Абдулла Ражаб афанди.

Пошонинг илоҳий сезими тўғрисида бошқа бир ашёвий далил ҳам бор. Бу далил Абдулла Ражаб афандининг “Туркистонда миллий мужодала” китобида ҳам, 1991 йили Токиода нашр этилган (1919—1922 йилларга доир) пошонинг ёзишмалари орасида ҳам учрамайди. Демак, ундан ҳеч ким хабардор бўлмаган. Фақат пошонинг битта ўзи биларди. Бу далил шундан иборатки, Тожикистон Компартияси архивидаги (31-нўмерли фонд, 1-нўмерли рўйхат) 67-жилдтахламда сақланаётган ҳужжатдир. Партия архиви мутахассислари ҳужжат остига қуйидаги изоҳни ёзиб қўйган: “1. Бу ҳужжат Анварнинг ўлимидан сўнг топилган. Шубҳасиз, издошлари тарафидан Анварнинг ўлими яқин қолгани тўғрисидаги гаплар билан тўлдирилган ва безатилган. 2. Хат Болжувон остонасида Анвар бизнинг суворийларимиз томонидан ўлдирилган 1922 йилнинг июл ойига алоқадор ”.

Демак, бу ашёвий далил Анвар пошонинг васиятномаси бўлиб, ўлимидан сўнг топилган. Рус аскарлари жанг майдонида қолган мужоҳидларнинг жасадларини тинтув қилганини, жасадларнинг қимматбаҳо буюмларини талон-тарож қилинганини, албатта, Партия архиви ходими тўғридан-тўғри тасдиқламайди, аммо инкор ҳам этмайди (яъни, бевосита тасдиқламаса-да, бавосита тасдиқлайди). Васиятноманинг асл нусхасига эътироз билдирилмагани ҳолда унга ёзилган “сўзбоши” Анвар пошонинг издошлари томонидан ёзилгани тахмин қилинади. Партия архиви ходимининг “изоҳи” хато эканини Анвар пошонинг ўлими санаси нотўғри кўрсатилганидан (“июл ойи”) ҳам яққол билинади. Агар бу хат, ростдан ҳам, Партия ходими таъкидлаганидек, “Анвар пошонинг ўлимидан сўнг топилган”, бўлса, хўш, уни Анвар пошонинг издошлари қандай қилиб “тўлдириши” ёки “безатиши” мумкин? Ахир, улар Анвар пошо шаҳид бўлгандан кейин ёнидан топилган шахсий буюмларини кўрмаганлар-ку? Пошонинг чўнтакларидаги ҳамма нарсани руслар талаб кетишади. Пошо фақат қонли кийимида қолади, холос.

Бўпти, васиятномага Анвар пошонинг издошлари “сўзбоши” ёзган бўлсин. Аслида, васиятномани пошо ҳеч кимга кўрсатмайди: агар 4 август оқшомида васиятнома тўғрисида гап бўлганда эди, Абдулла Ражаб афанди бу ҳақда ўз китобида тўхталган бўларди. Хўш, сўзбошини ким ёзган? Сўзбоши қуйидагича: “Туркистон ва Кавказдаги биродарларимизни кофирлардан ва золим болшевиклардан озод қилиш учун ва бу муқаддас ўлкаларда Шариат ва ислом қудратини тиклаш учун Анвар пошо келди ва ярамас кофирнинг ўқидан ҳалок бўлди. Ўша Анвар пошо васият қилади ”. Хуллас, мана шу сўзбошини Партия архиви ходими “тўлдирилган”, “безатилган” деб ўйлайди. Менимча, сўзбошини ҳам Анвар пошонинг ўзи ёзган. Чунки, васиятномани сафдошларига кўрсатишга улгурмаслигини сезади. Балки, уларнинг руҳини туширмаслик учун васиятнома ёзганини ёки энди ёзаётганини умуман айтмайди. Қолаверса, васиятнома ҳали тамомланмаган эди. Тамомланмагани учун ҳам остига сана ҳам, имзо ҳам қўймайди. Эрталаб васиятномани яна бир бора кўздан кечириб, баъзи ўзгаришлар киритишни мўлжаллаб қўйган бўлса-да, ажаб эмас. Партия архиви ходими назарида “безак” бўлиб кўринган сўзбоши, аслида, ҳеч қандай безакка ўхшамайди. Унда бор ҳақиқат эътироф этилади, холос. Партия архиви шарҳловчиси нега хато қилган? Бунинг бирталай сабаблари бор. Шундан баъзиларини келтираман.
Биринчидан. “Жуда катта талофат кўрган босмачиларнинг Дониёлбек бошчилигидаги кичик гуруҳи қуршовни ёриб чиқиб кетади ”. Дониёлбек — турк зобити: унинг қиёфаси, шиддати Анвар пошони эслатиши мумкин. Руслар, дастлаб, Анвар пошо қуршовни ёриб чиқиб кетди деб ўйлайди.

Иккинчидан. “Таймс” газетасининг раддияси: “Ўтган 175-нўмеримизда Американинг “Ассошиэйтед пресс” агетлиги 19 август куни Москвадан юборган хабарини эълон қилган эдик. Унда Бухоро дохилинда болшевикларга қарши жангда Анвар пошо ҳалок бўлгани айтилган эди. Яқинда маълум бўлдики, бу хабар ҳақиқатга тўғри келмади ”. Москва ҳукумати Анвар пошонинг ҳалок бўлганини 19 октябр куни расмий равишда тасдиқлайди . Аммо, ноябр ойининг ўрталарига қадар халқаро оммавий ахборот воситаларида Анвар пошо тирик экани тўғрисида хабарлар тарқатилаверади. Ҳатто Афғонистон ҳукумати ҳам фақат 2 октябр куни Анвар пошонинг ўлими муносабати билан мамлакатда бир кунлик мотам эълон қилади ва мотам маросимида шахсан Омонуллохон иштирок этади . То август ойининг охирларига қадар Анвар пошо шаҳид бўлгани русларга номаълум эди. Русия ҳукумати 19 август куни: “Анвар пошо ўлди”, деб баёнот беради-ю, кейин бу хабарни на тасдиқлайди, на инкор этади. Фақт октябр ойида, Афғонистон ҳукумати расмона мотам маросими ўтказгандан кейингина Москвада Анвар пошонинг ўлими тўғрисида баралла айтиладиган бўлади.

Демак, рус аскарлари мужоҳидларнинг жасадларидан талаб олган буюмларни ўз командирларига бермайди. Фақат битта рус аскари лотин алифбосида ёзилган варақни кўрсатади: командир эса комиссарга кўрсатади, комиссар битта оқчуринчини топиб, қоғозга ёзилган васиятномани ўқитиб кўради ва: “Ничего себе!” деб архивга топширади. Афуски, архивда васиятноманинг асл нусхаси йўқ. Эҳтимол, Москвага “ўлжа” сифатида олиб кетилгандир. Лекин, асл нусха билан таржима нусхаси ўртасида ҳеч қандай фарқ бўлмаса керак. Бу масалада болшевиклар ишбузуқилик қилмайди. Ҳужжатларни сохталаштириш, тескари талқин қилиш — Совет олимларию ёзувчиларининг вазифаси ҳисобланади. Зинҳор асл нусха бузиб ёки нотўғри таржима қилинганини мен учратмадим.

Менимча, юқорида санаб кўрсатилган далил-дастакларга асосан Анвар пошо ўз қўли билан васиятнома ёзганига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Энди Анвар пошо шаҳид бўлган кун масаласида мунозарали фикрларга тўхталаман. Партия архиви ҳужжатларида, совет тарихчиларининг китобларида “Анвар пошо Қурбон ҳайити куни — 4 августда ўлдирилди” дейилади бир овоздан. Ахир, ҳатто Москва ҳукумати Анвар пошо ҳалок бўлганини 19 август куни расман (гумонсираб) эълон қилади-ю, тўқима тарихчилар аниқ санани қайдан билсин! Улар Қурбон ҳайити айнан 4 август куни бўлганини календардан кейинчалик билиб олишади, шекилли. Аммо, дахрий олимлар Қурбон ҳайити мусулмон оламида уч кун байрам қилинишини билмайди. Шунинг учун 4 август санасига маҳкам ёпишиб оладилар.

Анвар пошонинг шаҳид бўлган санаси масаласида мен Абдулла Ражаб афандининг сўзларига ишонаман. Боз устига, Абдулла Ражаб афандининг сўзларини Партия архивида сақланаётган Анвар пошонинг васиятномаси ҳам тасдиқлайди: бу васиятнома айнан Қурбон ҳайитининг биринчи оқшомида ёзилган.

1922 йил 5 август. Жума. Эрта тонг. Анвар пошо одати бўйича эрта уйғониб, аскарларни майдонга тўплаш тўғрисида буйруқ беради. У ҳаммани қутлаб, ҳайитлик совға бермоқчи эди. Аскарларга бир тангадан пошшойи тилло улашади. Соат олти бўлади. Илғор постхонадан ўқ товуши эшитилиб қолади. Ўқ товуши Ситилмиш қишлоғи тарафдан келади. Аскарларга совға улашаётган пошо от жиловини тортиб, аскарларга жанговар топшириқ бердию ўзи йигирма нафарга яқин қўриқчиси билан ўқ товуши тинмаётган тарафга йўл олди. Постхона тарафда жанг тобора кучайиб борарди. Теваракдаги адирлар рус аскарларига тўлиб кетди. Вазият жиддий эканини англаган Анвар пошо Фарруҳбекка, Дониёлбекка, Бўри батошга (батош — турк уруғининг номи) ўз қувватлари билан дарҳол жангга кириш тўғрисида буйруқ беради. Пошонинг ўзи эса Нафибекни, Мусулмонқулни (пошо сафига қўшилган рус командири Раевга “Мусулмонқул” исми берилган эди), Ҳусайнбекни, Эшмуродбекни қаватига қўшиб, яшин тезлигида руслар устига ташланади: адир этакларига етиб боргач, қиличини қинидан суғуриб, ўнг ва сўл тарафидаги рус аскарларини қиличдан ўтказиб, биринчи бўлиб қуршовни ёриб чиқаверади. Шиддатли ҳамла русларни эсанкиратиб қўяди: олдинги сафдаги рус аскарлари қаршилик кўрсатишни бас қилади ва қўлларини кўтариб таслим бўладилар. Пошо ўз йигитлари билан сафни ёриб чиқиб кетадию адир тепасига ўрнатилган душман пулемётининг ўқ ёмғирига дуч келади ва: “Оллоҳ!” деганча отдан учиб тушади. Тинимсиз ўқ ёғилаётгани сабабли мужоҳидлар пошонинг жасадига яқин боролмайди. Пошонинг ўлими тўғрисидаги шумхабар бирпасда мужоҳидлар орасига ёйилиб кетади. Ўнг қанотда русларга зарба бераётган Давлатмандбий бу хабарни эшитиб: “Нима? Анвар пошо? Наҳот? Ўлдими?” деб қайта-қайта сўрайди қулоқларига ишонмасдан. Сўнг: “Анвар пошо учун қасос оламиз! Олға, йигитлар!” деганча ҳайқириб руслар устига ҳамла қилади. Афсуски, ўн дақиқадан кейин Давлатмандбий ҳам шаҳид бўлади.

Шу кунларда Обидара депарасида яшайдиган тожик чоллар ўша жанг тафсилотларини ҳали унутишгани йўқ. Уларнинг ҳикоясига қараганда, 5 август оқшомида руслар маҳаллий аҳолини қишлоқлардан жанг майдонига ҳайдаб тушади ва уларга жасадларни дафн қилдиришади. Чунки, агар жасадлар эртага ҳам очиқ майдонда қолса, бузилиб кетиши — юқумли касаллик тарқалиши мумкин эди.

Бир неча кундан сўнг пошонинг жасади топилади: аллақачон этиклари, устки кийимлари ечиб олинган, фақат ички кийимда қолган эди, унинг қонли ички кўйлакларини оиласига топшириш учун Муҳиддинбек билан Халилбек Истанбулга йўл олади. Пошонинг “Султон” исмли суюмли оти, шаҳиди шарифнинг васиятига кўра, Али Ризобекка (у русларга қарши жангда оғир ярадор бўлиб, ўша пайтларда Афғонистонда даволанаётган эди) ҳадя этилади .

Маҳаллий тожиклар орасида юрган ривоятларга қараганда, Давлатмандбий ўзининг ҳам, пошонинг ҳам шаҳид бўлишини бир кун олдин билган экан: тушида бирин-кетин иккита юлдуз учади. Юлдузларнинг биттаси катта — порлоқ бўлади, иккинчиси кичикроқ — хирароқ бўлади. Шунинг учун ўғли Усмонқулга: “Мени Анвар пошонинг ёнига дафн этасан!” деб васият қилади. Усмонқул отасининг васияти бўйича, Давлатмандбийни Анвар пошонинг ёнига дафн этади. Ҳозирги кунларда Анвар пошо билан Давлатмандбийнинг қабрлари битта адирнинг тепасида ёнма-ён турибди. Анвар пошонинг ёнида Фарруҳбекнинг ҳам қабри бор. Давлатмандбийнинг ёнида ўша жангда шаҳид бўлган шахсий қўриқчиси ётибди.

Абдуқаюм парвоначининг 1931 йил 7 июл кунги кўргазмаси:
“Анвар пошо билан Давлатмандбий шаҳид бўлишгач, уларга тегишли бойликни Усмон афанди, Фарруҳ афанди (исм нотўғри келтирилган: изоҳ меники — Н.Б.), Бўри батош Қоратегинга — Фузайил Махсум ҳузурига олиб кетади. Бу пайтда Иброҳимбек Қоратегинда русларга қарши жанг қиларди (нотўғри маълумот: — изоҳ меники Н.Б.). Анвар пошо шаҳид бўлгач, орадан қирқ кун ўтиб Сами пошо турк мулозимлари билан Тожикистонга келди. У Анвар пошонинг ўрнига келган эди. У Кўлоб яқинидаги Дарё деган жойда тўхтаб, Иброҳимбекни чақиртирди, аммо Иброҳимбек унинг қошига бормади. Иброҳимбек 25—30 нафар йигитини Сами пошо ҳузурига жўнатди. Иброҳимбекнинг йигитлари Сами пошо билан учрашди. Сўнгра Сами пошо Мўминободга борди. У ерда Иброҳимбек, лақайлар, қўнғиротлар Сами пошо билан учрашдилар. Сами пошо ҳамма билан бир-бир кўришиб чиққач, тўпланган халққа ташаккур изҳор қилди ва кексалардан изн сўраб, Анвар пошо билан Давлатмандбий жасадларини қайта дафн этиш учун Об қишлоғига йўл олди. У Анвар пошо билан Давлатмандбий жасадларини Чегим қишлоғига элтиб дафн этди. Дафн маросимидан сўнг Анвар пошонинг йўлдошлари қўноқ бўлиб турган Тобилдара тарафга жўнади. Сўнг Тобилдарадан Қоратегинга — Фузайил Махсум ҳузурига борди: у ерда турган Анвар пошонинг одамларини ўз сафига қўшиб, яна Тобилдарага қайтди. Тобилдарада эшитдики, Анвар пошога тегишли бойликни сақлаб юрган бир кишини Эшон Султон укаси билан биргалашиб ўлдирибди. Сами пошо дарҳол Эшон Султон билан унинг укасини дорга осиб ўлдириш тўғрисида буйруқ берди. Сами пошонинг йигитлари фармонни ижро этдилар. Сами пошо Тобилдарадан Кўлобга кетди. Кўлобда рус қувватлари бор эди. Жанг бошланди. Лекин, Сами пошо Кўлобдан русларни ҳайдаб чиқара олмади ”.

Шарқий Бухорога Сами пошо келиши билан миллий мужодаланинг иккинчи босқичи, аниқроғи, инқироз даври бошланади.

Афандим, 1922 йилнинг август ойидан кейинги воқеалар бошқа мавзу. Биз ҳозирча у мавзу хусусида фикр юритмай турамиз.

Сами пошо, Абдуқаюм парвоначи ўз кўргазмасида таъкидлаганидек, Анвар пошо билан Давлатмандбий қабрларини руслар назаридан холироқ жойга — Чегим қишлоғига кўчиргани тўғри бўлса керак. Эҳтимол, илгари Обидарадаги қишлоқ мозорига дафн этилгандир. Анвар пошо билан Давлатмандбийнинг ҳозирги хилхонаси, юқорида ҳам айтиб ўтганим каби, укпар булут соя солиб турадиган адир устида. Улар алоҳида дафн этилган. Қизилсув соҳилида яшайдиган чолларнинг гапларига қараганда, ўлжа олинган ҳужжатларни текшириб кўрган рус қувватларининг қўмондони Анвар пошога тегишли ҳужжатни учратади ва бир ҳафта-ўн кун ўтгач, Обидарага бир гуруҳ рус “сапёр”ларини жўнатади. Улар қишлоқ мозорини бир четдан кавлай бошлайди: жасадларни қайта текширадилар. Русларниниг нияти — Анвар пошо билан Давлатмандбий жасадидан бошларини кесиб Душанбега элтиб бериш эди. Халқ бундай ваҳшийликка бефарқ қараб туролмайди. Давлатмандбийнинг уруғ-аймоқлари маслаҳатлашиб, Анвар пошо ва Давлатмандбий жасадларини бир кечада бошқа жойга яширинча кўчириб дафн этадилар. “Сапёр”лар Душанбега қуруқ қайтишади.

Сами пошо янги мозоротда Анвар пошо ва барча шаҳидлар учун қасам ичади: “Турк ватани ва ислом юртларининг озод бўлишига шаҳиди аъло Анвар пошонинг қабри шоҳиддир! “ дейди.

Иброҳимбекнинг 1931 йил 29 июн кунги кўргазмаси:
“Биз Рангонтовда турганимизда хабар келдики, Қурбон ҳайити куни рус қувватлари Ҳовалингга ҳужум қилибди ва русларга қарши жанг пайти Анвар пошо билан Давлатмандбий шаҳид бўлибди. Анвар пошо шаҳид бўлгач, бир неча кун ўтиб, рус қувватлари Рангонтовда бизга ҳамла қилди. Мен Рангонтов депарасида русларга қарши уч ой чамаси жанг қилдим. Ҳайит парвоначи ҳам менинг қаватимда ўз аскарлари билан бирга эди. Сўнг Кўкайдига кетди. Ҳайит парвоначи Кўкайдига кетгач, мен Сами пошодан хат олдим. Хатда ёзилишича, у Анвар пошо учун қасос олгани келибди. Сами пошонинг илтимосига кўра, мен унинг қошига Зиё домуллани юбордим. Сўнг Мўминободда ўзим ҳам Сами пошо билан учрашдим ”.

Иброҳимбек ўз кўргазмасида Абдуқаюм парвоначи каби “Анвар пошо Қурбон ҳайити куни шаҳид бўлди” дейди. Лақайлар учун ҳозирги кунларда ҳам ҳайитлар уч кун байрам қилинишини ҳисобга олсак, Иброҳимбек Қурбон ҳайитининг иккинчи кунини назарда тутган бўлиши мумкин деб тахмин қиламиз. Қолаверса, Иброҳимбек ҳам бу хабарни бошқалардан эшитган.

Хўш, Анвар пошо, Совет тарихчилари 70 йил давомида таъкидлаганларидек, ростдан ҳам Афғонистонга ўтиб кетмоқчи бўлганми?

Партия архивидаги битта ҳужжатда: “Анвар пошо, лақайлар Қоратегинни бўшатиб қўйсинлар, деб бир неча марта фармон берди. Лекин олий қўмондон фармони бажарилмади. Энди Анвар пошонинг ўзи Қоратегинни тасарруфига олиш ниятида ”, дейилади. Бу Эшон Султоннинг Болжувон қўрбошиларига йўллаган мактубидир. Эшон Султон яна бир мактубида: “Анвар пошо жамики ислом лашкарининг олий қўмондони этиб тайинлансин. Давлатмандбий у зоти олийларининг муовинидир. Улар дастлаб Болжувонга, сўнг Қоратегинга ўтмоқчилар. Шу муносабат билан сизлар ҳам тайёрланиб туринглар. Худо хоҳласа, вилоят лақайлардан тозаланса, бутун ҳокимият ўзларингга қолади ”, дейди. Бу мактублар Анвар пошо “Афғонистонга ўтиб кетиш” ниятида эмаслигини кўрсатади.

Анвар пошонинг Болжувонга чекинишдан кўзлаган мақсади нима эди?

У Бойсундаёқ Москва ҳукумати Шарқий Бухорога жуда катта миқдорда ишғол қувватларини юборганини яққол сезади ва Фузайил Махсумга Қоратегинга қайтишга рухсат беради. Ўзи эса энг охиригача рус қувватларига қаршилик кўрсатиб, аста-секин чекинаверади. Шу тарзда русларнинг тинкасини қуритмоқчи бўлади. Душанбеда ҳам бир неча қўрбошиларга ўз юртларига жўнаб кетишга ижозат беради. Рус қувватларининг асосий қисмини ичкарига — жанубий ҳудудларга олиб кириб кетишни ўйлаб, то душман яқинлашгунча кутиб туради ва деярли ҳеч қандай қаршилик кўрсатмасдан чекина бошлайди. Эшон Султоннинг мактубларидан аниқ кўриниб турибдики, Анвар пошо Қоратегинда мустаҳкам таянчгоҳ барпо этмоқни мўлжаллайди ва ўша жойда кучларни қайта бирлаштириб, Шарқий Бухоро дохилинда тарқоқлашган рус қувватларини бирин-кетин янчиб ташлашни режалаштиради. Айни пайтда рус қувватларининг асосий зарбасини ўз бошига олади.

Анвар пошо онгли равишда ўз орқасидан фалокатни озиқтириб кетади. Албатта, ажалга панд бериб бўлмаслигини биларди… Билгани ҳолда ажал билан ёнма-ён от суриб бораверади. Бу жиҳатдан ҳам Бобур мирзога ўхшарди. Агар “Бобурнома”ни ўқиган бўлсангиз, ҳойнаҳой, эсингиздадир, афандим, Бобур мирзо “чўбир от”га ўз ихтиёри билан минмоқчи бўлади:

“Оламда жон ваҳмидин ёмонроқ нима бўлмас эмиш… Ўзимда бетоқатлик фаҳм қилдим. Қўптум, боғ гўшасига бордим. Ўзум била андиша қилдим. Дедимки, киши агар юз, агар минг яшаса охир ўлмак керак.
Агар сад сол мони вар яке рўз,
Бибояд рафт аз ин коҳи дилафрўз.
Ўзумни ўлумга қарор бердим. Ўшал боғда бир сув оқиб келадур эди, вузу қилдим, икки ракат намоз ўқудим. Бошимни муножатқа қўюб, тилак тилайдур эдимким, кўзум уйқуга борибтур ”.

Киши юз йил яшаса ҳам, бир кун яшаса ҳам бари бир бу кўнгил очувчи қасрдан кетиш кераклигига иқрор бўлган чоғ Бобуржон ҳали юзига устара урмаган йигирма яшар бўз йигит эди.

Анвар пошо 1922 милодий йилнинг Қурбон ҳайитининг қутлуғ оқшомида васиятнома ёзмоққа аҳд қилган кезлари қирқ бир ёшга тўлган қирчиллама йигит эди… Боғда жилдираб сув оқарди. Тоғдан майин эпкин эсарди. Осмонда юлдузлар чарақлаб турарди.

Дунёнинг ҳузур-ҳаловатидан баҳраманд бўла туриб Анвар пошо васиятнома ёзарди. Чунки, у дунёнинг ҳузур-ҳаловатидан ҳам, ўзининг ҳаётидан ҳам улуғ неъмат борлигини биларди…

Ватан.
Озодлик.
“Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингиз”.

“Чарчаш нелигин билмас бир зотдир”.
“Туркистон халқи жуда меҳмондўст ва мунис кимсалардир”.
“Мен фақат мазлумлар мужодаласи нуқтаи назаридан мағлуб бўлганимизни қабул этмайман”.

Наҳот, турук будун мазлум бўлса?

Анвар пошо вазият нақадар жиддий эканини жуда яхши биларди. Лекин ҳали миллий мужодала музаффарият билан якунланишидан умидини узмаган эди. Балки, шунинг учун ҳам Қурбон ҳайитининг биринчи оқшомида ҳар эҳтимолга қарши ёзиб қўйган (ҳатто “сўзбоши”сини-да ўзи ёзган) васиятнома остига сана қўймаган, муҳр босмаган эдими? Ким билади дейсиз. У тенгсиз жангда шаҳид бўлиши мумкинлигини ҳам билган. Бироқ, умидсизланмаган.

Афсуски, Москва ҳукумати Шарқий Бухорога Анвар пошо ўйлаганидан ёки мўлжаллаганидан кўра ҳам буюкроқ қувватлар жўнатган эди. Демак, қўғирчоқ ҳокимият мазасини тотиб, мазахўрак бўлиб қолган Файзулла Хўжа “Улуғ оғалари”ни Анвар пошо нақадар хавфли эканлигига ишонтиради.
Аввал ҳам таъкидлаганим каби болшевиклар Шарқий Бухорога йўллаган ҳарбий қувватларнинг аниқ миқдори ҳеч бир Партия архивида ҳам, Совет тарихчиларининг асарларида ҳам аниқ кўрсатилмайди. Шунга қарамай, турли муносабатлар билан эслатиб ўтилган рус қувватларининг номларини, рақамларини 1920 йил декабр ойида амир Олимни Шарқий Бухоро дохилиндан ҳайдаб чиқариш учун юборилган “Ҳисор экспедицияси” қувватларига таққослаб кўриб, қуйидаги манзарани кўрдим:

1920 йили Шарқий Бухорога алоқа эскадрони,
Тиббий хизмат бўлинмаси,
Ҳайвонлар учун тиббий хизмат бўлинмаси,
1-суворийлар бригадаси,
1-суворийлар полки,
2-суворийлар полки,
2-суворийлар бригадаси,
4-суворийлар полки,
3-суворийлар бригадаси,
5-суворийлар полки,
6-суворийлар полки,
1-тоғли тўпчиларнинг отлиқ батареяси,
2-батарея,
13-Туркистон ўқчилар полки,
8-Туркистон ўқчилар полки,
3-енгил тўпчилар бўлинмасининг 2-батареяси,
Термиздаги оғир тўпчиларнинг 1-, 2-батареялари,
Махсус бўлим отряди жўнатилган эди.
1922 йилга доир Партия архиви ҳужжатларида эса Шарқий Бухорода
15-суворийлар полки,
16-суворийлар полки,
7-ўқчилар полки,
47-суворийлар полки,
76-суворийлар полки,
1-Туркистон полки,
8-суворийлар бригадаси,
Пулимётчилар эскадрони,
13-ўқчилар корпуси ҳаракатда бўлгани кўрсатилади.

Бироқ, бу ҳарбий бўлинмаларнинг миқдори тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Болшевиклар Шарқий Бухорода мисли кўрилмаган хунрезлик қилгани учун ҳам барча маълумотларни аллақачон куйдириб юборишган. 15-, 16-полклар Обидарада қатли ом ёпгани ҳақида хабар қолган, холос.

Афандим, ижозатингиз билан, Анвар пошонинг васиятномасини эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман. Ёдингизда бўлса, сўзбоши ва изоҳ юқорида келтирилган эди.
“Ўша Анвар пошо васият қилади:

Бизнинг намоз ўқийдиган мачитларимиз отхоналарга айлантирилди. Бизнинг мадрасаларимиз фоҳишахона бўлиб қолди, айш-ишрат маконига айланди.
Қадрли биродарлар, ҳаммасини ўзингиз кўриб турибсиз. Қандай замон келганини кўриб туриб, бемалол ухлаб ётибсиз! Сизлар уйғонишларинг керак. Эсларингдан чиқдими, ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳадиси шарифларида: “Қиёмат куни ҳамма Оллоҳ олдида жавоб беради”, деганлар. Зеро, рўзи маҳшарга қадар ҳар бир муслим ислом душманига қарши жиҳод қилмоғи фарздир.

Болшевиклар ҳақиқий кофирлардир. Улар шариатни оёқости қиляпти, ватанимизни топтаяпти. Улар сизларга зулм ўтказяпти. Сизларни хўрлаяптилар, зўрлаяптилар. Сиз бўлса, миқ этмаяпсиз!

Болшевиклар мачитларимизни отхона қилиб олишди. Маърифат ўчоғи бўлган мадрасаларимизни кўнгилочар масканга айлантиришди.

Биродарлар, мана шундай қабоҳатга чидаб юриб, қайси юз билан Оллоҳ ҳузурига борасиз?! Қайси ишларинг учун қиёмат куни Муҳаммадур расулиллоҳ сизларни умматим дейди?
Болшевиклар сизларни хонавайрон қилди, мол-мулкингизни талади. Болаларинг оч-яланғоч. Улар ҳатто Оллоҳ каломидан — Қуръони Карим мутолаасидан бенасиб қилинди.
Ай, диндош биродарларим, сизлар ҳамон ухлаяпсизлар! Болшевикларнинг ҳийлакор тузоғига илинганингизни билмаяпсиз? Ахир, улар худога ишонмайди, ҳеч қандай динга эътиқод қилмайди. Шунингдек, улар хусусий мулкни ҳам, оила муқаддаслигини ҳам, зурриёдни ҳам тан олмайди. Уларда ҳамма нарса умумийдир. Масалан, бирорта хотин туғса, гўдакни дарҳол болалар боғчасига топширадилар. Шу йўсинда диний эътиқодини маҳв этадилар.

Биродарлар, энди мен сизлардан сўрамоқчиман, хўш, ким ўзининг туғишган синглисига уйланишни истайди? Бухоро мусулмонлари, ана шундай хўрликдан кейин ҳам кўзингиз очилмайдими?

Аҳли муслим ўз эътиқодини ҳимоя қилиш учун, фарзандларини болшевиклар зулми остида қолдирмаслик учун қўзғолиши шартдир.

Ай, мусулмонлар! Муқаддас ватан озодлиги йўлида матонатли бўлингиз. Шундагина Оллоҳ таоло марҳаматига ва ҳазрат пайғамбаримизнинг мурувватига сазовор бўласиз. Оллоҳга таваккул қилиб, қўлга милтиқ ва қилични олиб жиҳодга кирингиз! Зеро, “Ал жаннату фи зилли суюрфи”. Яъни, Қуръони Каримда айтиладиким, “Жаннат шамширлар соясидадир”.

Қўлда қурол билан кофирларга қарши жангда шаҳид бўлган зотни қиёматда Оллоҳнинг ўзи дўзах азобидан асрагай! Шунинг учун ёлғончи дунёнинг ҳузур-ҳаловатига маҳлиё бўлманг! Сиз ўлган пайтингизда бу дунёнинг неъматларидан фақат кафанлик олиб кетасиз, холос. Яъни, муслим учун эътиқод йўлида шаҳид бўлишдан ҳам ортиқ мукофот йўқдир.

Биродарлар, маълумингизким, мен Оллоҳнинг улуғ рутбаи шаҳодатига ноил бўлиш ниятида Туркия ва Арабистон дохилинда бир неча йил мобайнида кофирларга қарши жанг қилдим. Аммо у ерларда олий рутбаи шаҳодатга ноил бўлолмадим. Йиртқич болшевикларнинг чангалида азоб тортаётган биродарларимни озод қилиш ниятида ўз давлатимни, оиламни ташлаб, мислсиз мушкулотларни бошимдан кечириб Бухорога келдим. Озодлик кураши йўлида ўн мингдан зиёд биродарларим менинг сафимга қўшилди.
Ай, мусулмон биродарларим! Бир неча йил муқаддам Туркия ва Арабистонда жиҳодга кирган эдим. Лекин у ерларда шаҳид бўлиш бахтига муяссар бўлмадим. Бугун шарқда — Болжувонда Оллоҳнинг энг улуғ рутбаи шаҳодатига ноил бўлажакман. Ҳаётимнинг сўнгги дамларида биродарларимга васият қиламанки, ислом учун курашаётган мужоҳидлар сафига қўшилингиз. Шундай қилсангиз, пайғамбаримиз руҳини шод этган бўласиз. Халқингизни, ватанингизни кофирлардан озод қилсангиз, менинг руҳимни ҳам шод этган бўласиз.
Ўлимдан қўрқманг! Ҳар бир тирик жон ўлимга маҳкумдир! ”

Васиятнома мазмунидан Анвар пошо нима учун айнан Болжувонга қадар чекиниб тўхтагани маълум бўляпти: у Шарқий Бухоро халқининг кўзи очилиб қолармикан деб умид қилади. Афсуски, уйқуга кетган кўзлар 70 йилдан кейин ҳам очилмайди ҳисоб.
Халқ жуда қаттиқ уйқуга кетади.

ЎН САККИЗИНЧИ МАКТУБ

Анвар пошо Бухоро дохилинда нима қилди? У қандай муҳим вазифани бажарди?

Биринчидан. Амир Олим ва унинг ҳукумати халқни Ўрта асрчилик ботқоғидан қутқариши керак эди. Бунинг учун халқнинг кўзини очиш, унга маърифат бериш лозим бўларди. Бироқ, амир ва унинг ҳукумати бу қутлуғ вазифа тўғрисида умуман бош қотирмайди. Улар фақат ўз маишатларини ўйлайдилар, холос. Шунинг учун ёш бухороликлар амирни тахтдан ағдариб ташлайди.

Иккинчидан. Амир тахтдан ағдарилгач, ёш бухороликлар икки фирқага бўлиниб кетди. Файзулла Хўжа бошчилигидаги ёш бухороликлар қандай қилиб бўлса-да, ҳокимият тепасида ўтиришни ягона мақсад қилиб олди ва Туркистондаги энг охирги турк давлатининг маҳв бўлишига имкон яратди. Усмонхўжа бошчилигидаги ёш бухороликлар амир тахтдан ағдарилгач, рус ишғол қувватлари сафида “уйқудаги” Шарқий Бухоро дохилинга ноўрин “салб юриши” қилдилар ва ерли халқ қалбида жадидларга нисбатан сўнмас нафрат уйғотдилар.

Учинчидан. Ёш бухороликлар ўртасида пайдо бўлган нифоқ натижасида ҳамда ёш бухороликлар билан ерли халқ ўртасида пайдо бўлган нифоқ натижасида Бухоро давлатининг мустақиллиги хавф остида қолди. Фақат қатъий ҳаракат туфайли мустақилликни асраб қолиш мумкин эди. Аммо, ёш бухороликлар 1921 йилнинг октябр ойига қадар қатъий ҳаракат қилишга ўзида куч тополмади: улар халқ қудратига суяна олмасди. Чунки, халқ аллақачон улардан юз ўгирган эди.

Тўртинчидан. Бухорода шундай бир вазият вужудга келдики, халқ билан ёш бухороликларнинг миллатпарвар қисмини ягона жабҳага бирлаштира оладиган Раҳнамо керак бўлиб қолди. Бу раҳнамо халқ учун ҳам, ёш бухороликлар учун ҳам бирдек суюкли ва холис бўлиши лозим эди. Тарихий шароит Анвар пошони Бухорога даъват этди. Агар турк оламида Анвар пошо бўлмаса эди, бошқа бир Анвар пошони турк олами дарҳол “туғиши” даркор бўлиб қолди. Шукурки, Анвар пошо туғилган эди. У Туркистондаги халқларнинг ягона нажоткори шаклинда эди.

Анвар пошо ўз зиммасига юкланган тарихий вазифани тўғри англади ва охирги нафасигача фидокорлик билан елкасидаги тарихий юкни кўтариб юрди.

Анвар пошо бутун бошли Бухоро миллий ҳукумати қилолмаган ишни амалга оширди. У халқни рус ишғол қувватларига қарши ягона жабҳага бирлаштирди. Анвар пошо сафида жон олиб-жон берган юзлаб Усмонли зобитлар турк олами ягона вужуд эканини ўз ҳаётлари ва ўз ўлимлари билан исботлаб бердилар.

artlib_gallery-377553-ф.jpg

Анвар пошо — турк оламининг йўлчи юлдузига айланди. Турк дунёси XXI асрда ўша йўлчи юлдузга қараб ўз йўлини тўғри танлаши мумкин.

Туркистон ўзи истамаган ҳолда Анвар пошони унутди ва унутгани учун салкам бир аср давом этган қулликка, истибдодга маҳкум бўлди.

Анвар пошо, эҳтимол, ҳозирги Туркияга керак эмасдир. Бироқ, Анвар пошо Туркистон туркларига керакдир. У ҳар доим фидокорлик намунаси бўлиб қолади. Анвар пошони билган турклар бир-бирлари учун жонларини қурбон қилишга тайёр турадилар. Анвар пошони билмаган турклар эса бир-бирларини алдаб чайқовчилик қилади; Ватан ва миллат манфаатини бир четга суриб қўйиб, худди очкўз урғочи қуён каби ўзининг “ақидапараст” болаларини тириклайин хомталаш қилади.

Анвар пошо — бизникидир, афандим! Туркистоннинг ХХ асрдаги энг буюк ва энг суюкли фарзанди Анвар пошодир, афандим!
Шаҳиди шариф Беҳбудий ҳазрат бундай васият қиладилар:
“Ўртадан нифоқни кўтарингиз!
Туркистон болаларини илмсиз қўймангиз!
Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингиз!”

Хўш, ўртадан нифоқни кўтардикми? Туркистон болаларини илмли қилдикми? Ҳаммани ва ҳар бир инсонни озод қилдикми? Ҳар бир инсон озод бўлмаса, Ватан озод бўладими?

Мустафо Чўқой афанди бундай нола қиладилар:
“Дўст этиб хизмат этарга тутинган халқимдан душманлик кўрганим кўнглимга хафалик солди. Шундай бўлса-да, Қумбосдидан бошқа ерни, бошқа элни кўрмаган авомнинг ёмонликларини сарт халқининг устига юклашни тиламайман”.

Мустафо Чўқой афандининг ноласини эшитдикми? Унинг кўнглини кўтарадиган нима иш қилдик? Қозоққа бағримизни очдикми, меҳримизни сочдикми?

Шаҳиди шариф Анвар пошо бизни бундай деб огоҳлантирадилар:
“Сиз ўлган пайтингизда бу дунёнинг неъматларидан фақат кафанлик олиб кетасиз, холос. Ёлғончи дунёнинг ҳузур-ҳаловатига маҳлиё бўлманг! Ўлимдан қўрқмангиз! Ҳар бир тирик жон ўлимга маҳкумдир!”

Хўш, биз жонимизни фидо қилса арзийдиган қай бир ишга бош қўшдик? Бепоён Туркистонда қон ютиб яшаётган биродарларимизнинг ҳолидан хабар оляпмизми? Уларга мададкор бўляпмизми? Ҳеч бўлмаса, гуманитар — инсонпарварлик ёрдами беряпмизми?

Афандим, мен бу саволларни сизга эмас, балки ўзимга йўналтиришим керак эди. Бироқ, сиз ҳозир тингловчи мақомидасиз. Тингловчи эса фақат тинглайди. Сўнг, мунозара бошланади… Биламан, менинг мактубларимни ўқиб кўнглингизда қават-қават саволлар пайдо бўлади. Насиб этса, барча саволларингизга имкон қадар жавоб берарман. Жавоб беролмасам, биргаликда жавоб топармиз. Бундан ташқари, мен ўз мактубларимда баён этган фикр-мулоҳазаларимни юз фоиз ҳақ деб билмайман. Кўп ўринларда хато қилган бўлишим мумкин. Лекин ишончингиз комил бўлсинки, менинг хатоларим ҳам самимийдир. Кўнглимдаги гапларни ёздим. Тўғрисини ёздим. Билганимни ёздим.
Афандим, мана, ғойибона учрашувимиз ҳам поёнига етиб боряпти. Охирида мен яна Иброҳимбек тақдирига қайтмоқчиман. Эсингиздами, у Душанбеда Анвар пошога яхши кўриниш учун Фузайил Махсумни “тутиб” берган эди?

Иброҳимбек ва унинг издошлари тақдиридан уч-тўрт оғиз сўзлайман.

Партия архивида сақланаётган Иброҳимбекка алоқадор ҳужжатнинг энг эскиси 1335 ҳижрий (1915 милодий) йилга дахлдор бўлиб, у қозихонанинг ажримидир.
“1335-ҳижрийда Кўктош қишлоғининг Эсонхўжа уруғидан бўлган қора соқолли, келишган, ўрта бўйли Иброҳим қоровулбеги қозихонада Жамол Махсум ўғлидан 2300 танга қарздор эканини бўйнига олди. У икки ойлик муддат ичида қарзини тўлаши шарт.
Қози мулло Мирзо (муҳри босилган) ”.

Демак, 26 яшар Иброҳимбек “қоровулбеги” (5-даражали) амалдор бўлишига қарамасдан, амир замонида қарзга ботиб, елкасига офтоб тегмай юрарди. Ўша пайтдаёқ қора соқол қўйган экан, келишган, ўрта бўйли…

Шунга ўхшаган бошқа бир ҳужжатда Иброҳим қоровулбегининг Абдулҳамид эшикоғабошидан 6400 танга қарздор экани қайд этилган .

Иброҳимбекнинг таржимаи ҳолига алоқадор маълумотларни 1925 йили Фақиробод инқилобий қўмитасининг раиси (номи ёзилмаган) русларга тўплаб беради. Тўплама маълумот бундай:
“Иброҳимбекнинг отаси Чақабой туғсабо 1912 йили вафот этган. Кўктошда унга қарашли боғли ҳовли бор эди.

Иброҳимбек маҳаллий мадрасада таълим олган. Лекин ўқишни тугатмаган. Отаси ўлгандан сўнг орқа-олдини ўйламай ҳаёт кечиради. Отасидан фақат қарз-қавола мерос қолгани туфайли тез орада бор будидан ажрайди. Тегирмони ва обжувозидан келадиган даромад эвазига кун кўра бошлайди.

Отасининг хотираси ҳақи-ҳурмати Ҳисор беги Иброҳимбекка “қоровулбеги” унвонини беради.

1920 йилда амир Душанбедан қочиб кетаётган пайт Ҳисорнинг беги Иброҳимбекни Олимхонга таништиради. Қобилиятли, жасур йигит деб таърифлайди. Душанбеда қолган учта байроқни олиб келиш тўғрисида амир Иброҳимга топшириқ беради. Қизил аскарлар яқинлашиб қолгани сабабли бундай топшириқни бажариш хавфли эди. Лекин, Иброҳим ўз жўраси Асадулло билан биргаликда амирнинг топшириғини бажариб қайтади.

Душанбе шаҳри қизиллар томонидан ишғол этилгач, Иброҳим билан Асадулло Болжувонга жўнаб кетадилар. У ерда Давлатмандбий ва Абдуқаюм парвоначи қувват тўплаб, йигитларни қуроллантирган эди. Бироқ, йигитлар милтиқ отишни билмасди. Уларга отишни ўргатадиган инструктор йўқ эди. Иброҳимбекка йигитларни милтиқ отишга ўргатиш вазифаси топширилади. Давлатмандбийнинг қувватларига Иброҳимбек инструктор бўлади.

Бу орада босмачи қувватларига қўмондонлик масаласида жанжал чиқиб қолади. Иброҳимбек қаватига беш нафар йигитни олиб Лақайга қайтади. Ўзи алоҳида бўлтак тузади. Ўша пайтлари Шарқий Бухорога келган Анвар пошога қарши кайфиятда бўлади. Фақирободдан икки чақирим нарида Анвар пошони қуролсизлантириб, унинг қувватларидан ўлжа олинган 50 дона милтиқ билан ўз бўлтагидаги йигитларни қуроллантиради.
Ушбу маълумотлар Фақиробод Ревкомининг раисидан 1925 йил 21 октябр куни олинди.
Разведка отрядининг бошлиғи Гавровский (имзо) ”.

Назаримда, бу маълумотлар умуман тўғри. Лекин амир Олимхоннинг топшириғи тўғрисидаги гап уйдирма бўлса керак. Чунки, биламизки, Олимхон учун нафақат салтанат рамзи бўлган байроқнинг, ҳатто салтанатнинг ўзини-да бир пуллик қиммати йўқ эди. У “беш кунлик ўлар жон учун” ҳамма нарсадан кечиб юборган бўлиб, сабил қолган жонини хавф остида қолдириб Душанбедан байроқ келишини кутиб ўтирмасди. Эҳтимол, байроқ тўғрисидаги афсонани авом халқ тўқиб чиқаргандир? Ахир, авом халқ салтанат рамзи бўлган амир Олимга кўр-кўрона сиғинарди: демак, салтанат рамзини — байроқни асраб қолган Иброҳимбекка ҳам сиғинишни истарди ва уни илоҳийлаштиришга мойил эди.

Иброҳимбекнинг 1931 йил 28 июл кунги кўргазмаси:
“Мен қирқ икки ёшдаман. Миллатим лақай-ўзбек. Кофарниҳон дарёсининг соҳилида жойлашган Кўктош қишлоғида туғилганман. Ҳозирги Сталинобод шаҳридан ўн икки чақирим нарида. Эсонхўжа уруғиданман. Отам қишлоқ оқсоқоли ва Кўктош лақайларининг элбеги эди. У пайтлари Кўктошда ҳаммаси бўлиб саксонта оила бор эди. Бухоро амири отамга кўп унвонлар инъом этган. Отамнинг охирги унвони туғсабо бўлса-да, лекин бу унвонга алоқадор бирорта вазифани бажармасди. У умрининг охиригача Кўктошда яшади. Отам бундан йигирма йилча муқаддам вафот этган. У ўзига тўқ киши эди. Отамнинг қўлида икки-учта мавсумий хизматчи ишларди. Отамнинг тўртта хотини бор эди. Хотинларидан олти ўғил ва олти қиз кўрган. Аммо, фарзандларининг ҳаммаси ёшлигида ўлиб кетган. Битта мен тирик қолганман. Мен фарзандларнинг кенжаси эдим. Отам ҳаётлик пайтида бир ярим йилча мадрасада ўқиганман. Араб имлосидаги хатни туртиниброқ ўқий оламан, лекин ёзишни билмайман. Фақат имзо чекишни биламан, холос. Отам бор пайтлари тўкин-сочин ҳаёт кечирардим. Иккита хотиним бор эди. Тез-тез бўлиб турадиган лақайларнинг улоқ-кўпкариларида доим қатнашардим. Отам вафот этгач, ниҳоятда қийин аҳволга тушиб қолдим. Отамдан менга ҳеч қандай мол-дунё қолгани йўқ. Аксинча, унинг зиммасидаги қарзлар менга мерос бўлди. Бир вақтлар отамга қарз-қавола берган кишилар мени сира ҳоли-жонимга қўйишмасди. Мен ўн йил мобайнида ярим яширин ҳаёт кечирдим. Доим қарзини қистаб келадиган одамлардан қочиб юрардим. Уйга кам келардим… Иккала хотиним ҳам туғмас эди. Ҳозир Абдуқаюм парвоначининг қизига уйланганман ”.

Иброҳимбек оддийгина лақай йигити эди. Унинг бошқалардан фарқи шундаки, ёлғончи дунёнинг ҳузур-ҳаловатига маҳлиё бўлмаганди. У баъзи “мусулмонлар” каби шаҳвоний нафс қутқусига учиб хотинларни қаторлаштириб қўймайди. Балки, тирноққа зор бўлгани учун учта хотин олади. Ҳаёт уни аччиқ-чучукка ўргатади. Гўё Шарқий Бухоро дохилинда рўй беражак бўҳронга Иброҳимбекни ҳаётнинг ўзи тайёрлаб, чиниқтириб боради. Амир Олим эмас, ҳаётнинг ўзи Иброҳимбекни мужоҳидларнинг илғор сафига сура-сура чиқариб қўяди.

Иброҳимбек нотўғри бўлса-да мустақил фикрлайди, нотўғри бўлса-да, ўз фикрида қатъий турарди. Субутсизлик унинг табиатига етти ёт бегона эди. Ўзи билган нарсага умр бўйи ёпишиб олиб, бошқа нарсани кўр-кўрона инкор этадиган жоҳил ёки мутаассиб кимса эмасди. Унинг дунёқараши ижтимоий жараёнда ривожланиб боради. Агар 1922 йили Иброҳимбек билан тўқнаш келган жадидлар 1931 йили ҳам унга дуч келганларида борми, ашаддий мухолифни эмас, балки онгли тарафдорларини учратган бўларди. Демак, Иброҳимбекнинг ижтимоий қарашларида туб ўзгариш рўй бериши учун ўн йиллик ҳаётий таълим ва тарбия зарур эди. Жадидлар Иброҳимбекка ижтимоий ҳодисаларнинг, ҳеч бўлмаса, “алифбо”сини ўргатишдими? Афсус, Иброҳимбек ҳамма нарсани ўзи ўрганди: оқ-қоранинг фарқига боргунча азиз умрининг фожиали бекатига етиб қолди.
Иброҳимбекнинг 1931 йил 29 август кунги терговномасидан:

“Афғонистонда муҳожирликда яшаган Фузайил Махсум Олимхон билан ҳеч қандай алоқа қилмасди. У Олимхон билан борди-келди қилишни ўзи учун ор деб биларди. Олимхон ҳам Фузайил Махсум билан алоқа қилишни ўзига муносиб кўрмасди. Бир пайтлар Фузайил Махсум Қоратегиннинг салкам подшоҳи эди: муллолар унинг номини хутбага қўшиб ўқир эдилар… Фузайил Махсум Кобулда Кўршермат билан жуда иноқ эди. Бухоролик нуфузли зот Ҳошим шайх ҳам Кўршермат билан қадрдон эди. Лекин, иккови ҳам амир Олимхон билан умуман гаплашмасди. Бунинг сабаби шундаки, келажакда Туркистоннинг давлат тузуми қандай бўлиши кераклиги масаласида улар бир-бирига зид дунёқарашга эга эдилар. Хусусан, Кўршермат билан Ҳошим шайх болшевиклар тор-мор этилгач, Туркистонда республика ўрнатиш тарафдори эдилар. Бу борада Ҳошим шайх ўзининг муайян дунёқарашига эга бўлса-да, аммо Кўршермат ҳақида бундай деб бўлмасди. Унга Туркистонда қандай тузум барпо этилишининг аҳамияти йўқ эди: кўпинча “мен Худоёрхоннинг авлодиданман” деб мақтаниб юрарди. Яъни, маълум маънода хонлик тикланишига ҳам тарафдор эди. Бироқ, Кобулдаги жадид муҳожирларга ўзини яхши кўрсатиш илинжида доим республика тарафдори сифатида ўзини кўз-кўзларди ”.

Афсуски, ижтимоий дунёқараши шаклланган пайтда Иброҳимбек ОГПУ қамоқхонасида тутқун эди. Ўзаро тож-тахт талашаётган афғон мухолифат кучларининг қуроли остида қирилиб битажак муҳожир лақайларни Совет Туркистони дохилинга олиб ўтиб, ўзи соддадиллик билан қизил аскарларга таслим бўлади.

Иброҳимбекнинг 1931 йил 19 ноябр кунги терговномасидан аслият:
“…Андин қочиб Кўҳитан бордим. Ортимдан қизил аскарлар ҳужум қилиб бордилар. Яна қайтиб Кўккамарга келиб эшитдимким, Қаюм парвоначи деган Иброҳимбекка йигирма киши билан элчи бўлиб келиб, тополмай қайтиб, Деҳнов тарафға кетдилар деб. У ерда мени ҳам билмас эдилар. Қизил аскарлар билмасин деб отимни Вазир қўйиб эрдим. Шул сабабдин мени ҳеч ким билмас эрди. Элчиларнинг хабарини эшитиб, кўб хурсанд бўлиб, эмди қайтиб Боботоғга борайин, элчилар ҳар қаерда бўлса-да шуларнинг маслаҳати илан ҳукуматға таслим бўлайин деб Миршодиға келганимда орқамиздан, ҳар тарафдан қизил аскар етиб, уруш бўлиб, аскарларим ҳар ёққа ёйилиб кетди. Яна ўзим, Эшони Исохон, Алимардон, йигирма-ўттиз одам илан Сурхондарёдан ўтиб Боботоғга келдим. Қизил аскарлар бор экан. Яна Эшони Исохон, Алимардон ва бошқа йўлдошларим оти чарчаб, адашиб ҳар ерда қолди. Ўзим Кофарниҳон дарёсиға бориб, бир фуқародин сўрадим: Иброҳимбекка келган элчи қайда? Фуқаро айтдики, Қаюм парвоначи, элчилар Хўжабулбулон идорасидадур деб. Эмди мен анинг қўлиға Қаюм парвоначи, Муқим командирнинг отиға хат ёзиб бердимким, мен ҳукуматға таслим қилғали келдим, келиб мени олиб боринглар, деб. Хатни фуқародин юбориб, ўзим ҳам дарёдин ўтиб эрдим, Қаюм парвоначи, Муқим командир ва бошқа элчилар келиб, мени бирга Хўжабулбулон идорасига олиб бордилар. Ҳукуматға таслим қилғалим ҳам шул, кўрганим ҳам шулдир. Лекин, дарёнинг нарёғи Афғонистонда, буёғи ҳукумат тупроғида Қаюм парвоначини, элчиларни эшитганимдан илгари ҳеч ерда ҳукуматға таслим қиламиз деган гапни айтқоним йўқ ва ҳеч бир аскар ҳам айтқони йўқ. Ва ҳукумат тарафидин хат ёки бир одам келиб айтқони йўқким, ҳукуматға таслим қил, деб. Лекин-да ҳукуматнинг катталиғи ва менинг ва бошқанинг кучи етмаслиги ўзимга хўб маълум эрди. Асл ҳақиқат, ҳукуматға таслим қилайин, ҳукуматға хизмат қилайин деган ният кўнглумда бор эрди. Ҳеч кимға изҳор қилмас эрдим. Сабаб шулким, Афғонистонда иш қиладурғон аскарларим ҳукуматдан қочиб борган эрди. Бир куни сидқим билан хаёл қилдимким, афғонлар илан урушда афғонлар зўрлик қиладир, бир одамни ҳукуматға юборайин, ҳукумат ҳар нима буюрса, ўшал қарорда иш қилайин деб, Жўрақулни махфий Саройкамарнинг каттасиға юбордим. Жўрақул бориб келиб айтди: мени Масков олиб кетмоқчи бўлди, мен қочиб келдим, деб. Шундай ҳам бўлса, аскарлар Жўрақулнинг Саройкамар борганини билиб, манға айдиларким, Жўрақул Саройкамар борибди, Жўрақулни ўлдирмак керак, деб. Мен, ёлғон деб, ўлдирмакни ман қилдим. Яна бир хаёл қилдимким, одам юбормоқ илан бўлмади, хат қилиб юборайин, деб. Дўстмуҳаммад афғонни олдириб, махфий хат қилиб, Дўстмуҳаммадни Саройкамар юбордим. Ҳеч бир нишон маълум бўлмади. Саройкамар атаб хат қилдим, маълум бўлмади. Буёқға ўтгандан кейин кўпнинг кўнглиға қараб, ўзим хат-эълонлар қилдим. Асл ўзим, кўнглим урушмакда эмас эрди. Шул сабабдан аскарларга хат бериб, ўзим чўлларға қочиб юрдим. Кўп бўлмасин деб, охири бир кун ҳукумат тарафдан хат-элчи келар деб ўзимнинг нодонлиғимдин ва ҳукумат тарафдин хабар бўлғунча шунча сарагардонлик кўрдим. Нодонлиғимдан ва ҳукумат кўрмасдан афғонлар илан урушиб, инқилоб қилиб, саккиз минг муҳожирни сабаб бўлиб, ҳукумат тупроғига ўткардим. Эмди ҳукуматни билдим, мундин буён Афғонистонда қолғон эл ва босмачиларни бермак меним таним ва бошқа ҳар нима ишни ҳукумат буюрса, ростлик илан қилурман. Асл чин гапим, чин арзим юқорида ёзилган гаплар. Кейинда, Амударёдин ўтгандан кейинги воқеаларнинг баъзисини чин гап, ўтрук айтдимким, сабаб шулким, бир қўлим майиб бўлиб кезмаклигимдан ва бири шулким, мундай катта, яхши ҳукуматға урушмоқға аскарларға буйруқ бердим, эълон қилдим дегани тилим бормай, ўтрук-чин гапларни жавоб қилдим.
Умид этаманки, маоф қилсалар деб.

Мен бир ҳукуматнинг ёмон, қочиб кетган фарзанди эрдим. Фарзанд ҳарчанд ёмон бўлса-да ота-она анга меҳрибонроқ бўлур. Эмди мундин буён нима савол қилса, ростлик илан жавоб бераман ва нима иш буюрса, ростлик илан қилурман.
Муҳаммад Иброҳимбек (араб имлосида ёзилган) ”.

Афандим, бу Иброҳимбек терговномасининг асл нусхасидир. Аввалги келтирилган барча кўчирмаларим рус тилидан таржима эди.

Иброҳимбекнинг ўлими олдидан айтган сўзларини шарҳлашга ожизман, афандим. Фақат Бобур мирзонинг: “Оламда жон ваҳмидин ёмонроқ нима бўлмас эмиш”, деган сўзлари хаёлимда айланяпти, холос. Афсус, мен жон ваҳмини тасвирлаб билмасман. Билганим шулки, Иброҳимбекни биз маоф этгаймиз, аҳволини тушунишга ҳаракат қилгаймиз.
Иброҳимбек ОГПУнинг Тошкент марказидаги қамоқхонасида жон ваҳмига тушиб, кўзларидан дув-дув ёшлар оқаётган, кўзларидан қонлар оқаётган пайтда Файзулла Хўжа хомталаш қилинган Туркистоннинг бир нимтаси бўлмиш Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Советининг раиси сифатида болшевикларнинг ноғорасига ўйнаб ўтирар, “таҳсил ва тажрибасидаги нуқсонлар” (Анвар пошо ибораси) туфайли аллақачон “ўзини некномлар чаргасидан чиқариб” ташлаган эди. Эҳтимол, у Иброҳимбекнинг кўргазмаси билан кунма-кун танишиб, айланма ўриндиқда мийиғида кулиб ўтирган бўлса-да ажаб эмас. Чунки, унинг учун қўғирчоқ шаклинда бўлсин, мансабдан бошқа матлаб йўқ эди. У мансаб олар ҳавоси билан Туркистоннинг хонумонин барбод берди, болшевиклар қўлида садоқатли оқчуринчи бўлди ва охир-оқибат овга ярамай қолган, овга яраса ҳам товга ярамай қолган кўппак мақомида отиб ташланди.

Иброҳимбек эса ўз сафдошлари билан салкам бир ярим йил давомида Тошкентнинг киндигидаги ОГПУ қамоқхонасида тергов қилинади: хўрланади, хор бўлади, зор бўлади.

Иброҳимбек билан ёнма-ён турган ва бирин-кетин отилган мужоҳидлар кимлар эди?

Улар Иброҳимбекдан ташқари яна ўн беш нафар эди.
1. Сулаймон Салоҳиддин ўғли (Эшони судур). Эски Бухорода туғилган. Отаси амир Абдулаҳад замонида “Шайх ул ислом” бўлган. Эшонзода. Отасининг ҳақи-ҳурмати амир Олим унга “судур” унвони берган. Амирнинг мулозимларига қўшилиб 1921 йили муҳожирликка кетади. 1931 йилга қадар Афғонистонда яшайди. Иброҳимбек сафида ўз ватанига қайтиб келган. Айби: “инглизлардан топшириқ олган”, Иброҳимбекнинг “маслаҳатчиси”, “қизил аскарларга қарши жанг қилган”. Лекин, умрида қўлига милтиқ ушлаб кўрмаган. Ёлғиз қизи Афғонистонда эри билан қолади .
2. Абдуқаюм парвоначи. 75 яшар. Иброҳимбекнинг қайнотаси. 1931 йилда ўз хоҳиши билан ҳукуматга таслим бўлган .
3. Эшони Исохон. 46 яшар. Лақайларнинг бодроҳли уруғидан. Ҳисор вилоятининг Чиптўра туманидаги Қайрағоч қишлоғида туғилган. Саводли. Эшонзода. Иккита хотини бор. Фарзандлари: Тош (ўғли) 12 яшар, Ҳошим (ўғли) 6 яшар, Ҳайитгул (қизи) 4 яшар. 1923 йили Шўро ҳукумати қамоқхонасида 8 ой ётиб чиқади. Иброҳимбекнинг аскарбошиларидан эди .
4. Алимардон додхоҳ. 44 яшар. Лақайларнинг бодроҳли уруғидан. Бошбулоқ қишлоғида туғилган. Иккита хотини бор: Тошгул 39 яшар, Қундуз 37 яшар. Ўғли Ҳаётуллоҳ 2 яшар. Иброҳимбекнинг аскарбошиларидан эди .
5. Ортиқ додхоҳ Ашур ўғли. 40 яшар. Лақайларнинг байрам уруғидан. Кўлоб вилояти, Қизилмозор тумани, Сассиқбулоқ қишлоғида туғилган. Тўртта хотини бор. Тўғайсарининг аскарбошиларидан эди .
6. Кўган туғсабо Кенжа ўғли. 27 яшар. Кангурт туманидаги Қизилқия қишлоғида туғилган. 1922 йилда отаси Кенжабойнинг мужоҳидлари сафига қўшилган. Лақайларнинг курдек уруғининг жақа шохидан. Отаси Кенжабойни 1922 йилда руслар отиб ташлайди. Отасининг қувватларига акаси Абдуллабий аскарбоши бўлган. Кўган акасининг ўринбосари бўлади. 1931 йили Афғонистонда Иброҳимбек сафига қўшилиб, Нодирхон ҳукуматининг мунтазам лашкарига қарши жангларда қатнашади. Шўро ҳукуматига ўз ихтиёри билан таслим бўлади .
7. Тошмат Хўжамберди ўғли. 47 яшар. Ҳисор вилоятининг Қораманқул қишлоғида туғилган. Саводсиз. Уйланган. Хотинининг исми Анор, 25 яшар. Фарзандлари: ўғли Тошмирзо 10 яшар, ўғли Эшмирзо 6 яшар, қизи Хумор 5 яшар. Дўрмон уруғидан. Афғонистонда Иброҳимбек сафида туриб Нодирхон ҳукуматига қарши жангларда қатнашади .
8. Мулло Ниёз парвоначи. 53 яшар. Миллати тожик. Шаҳринав туманидаги Искич қишлоғида яшаган. Асли бухоролик. Уйланган. Хотинининг исми Калон, 40 яшар. Фарзандлари: қизи Шамсия 26 яшар, ўғли Нусрат 22 яшар, ўғли Ҳаким 19 яшар, ўғли Иззат 18 яшар, ўғли Муртазо 14 яшар, ўғли Ғозий 10 яшар. Битта уйи, бир бош сигири, 3 таноб ери бор эди. “Парвоначи” унвонини унга Анвар пошо берган .
9. Олот полвон Элмирза ўғли. 42 яшар. Лақай, довуд шохидан. Уйланган. Хотини ва қизи Қизилмозорда яшайди. Акаси Исматбек қўрбошини қизиллар 1924 йили ўлдиришиб, бошини кесиб кетишгач мужоҳидлар сафига қўшилган. Акасининг ўрнига аскарбоши бўлган. Иброҳимбекка бўйсунарди .
10. Шоҳасан Имонқул ўғли. 38 яшар. Лақай туманидаги Тоушар қишлоғида яшаган. Уйланган. Хотини Зубайда 31 яшар. Қизи Ҳакима 8 яшар, қизи Қумри 3 яшар, ўғли Субхонқул 5 яшар, ўғли Соҳиб 3 яшар. 1929 йили Шўро ҳукуматининг рухсатномаси билан Афғонистонда яшайдиган қариндошларини кўргани боради ва қайтишда Иброҳимбек сафида қайтади. Айби — шу .
11. Кўганбек Шерали ўғли. 34 яшар. Норин депарасидаги Шўрчи қишлоғида туғилган. Саводсиз. Уйланган. Хотини Зулфия 23 яшар. Ўғли Амирқул 11 яшар. Тергов пайтида: “Агар Иброҳимбекни озод қилиб юборсаларинг, у муҳожирларни қайтариш борасида сизларга катта фойда келтиради. Иброҳимбек Шўро ҳукумати дохилинга урушиш учун келмаган, балки чин дилдан таслим бўлишни истарди ва ўз ниятига етди”, деб кўргазма беради. Тергов жараёнида Иброҳимбекни бевосита ёқлаб гапирган ягона қўрбоши — шу .
12. Мулло Аҳмадбек Саид ўғли. 53 яшар. Лақайларнинг бодроҳли уруғидан. Кангурт туманидаги Мундук қишлоғида туғилган. Саводли. Хотини Бибинор 40 яшар. Ўғли Хушбоқ 10 яшар. Муҳожирликка кетгунча бир бош ҳўкизи, икки бош эшаги, бир бош оти бор эди. Жиҳод даврида Иброҳимбекнинг шахсий қўриқчиси бўлган .
13. Мирза Қаюм Шер ўғли. 34 яшар. Эсонхўжа уруғининг кунту шохидан. Саводли. Кангурт депарасининг Сарёб қишлоғида туғилган. Акаси Маматумар 40 яшар. Укаси Каврак 25 яшар (бу чол-отамиз 1990 йили Душанбе вилояти, Ленин туманидаги Ҳасанобод қишлоғида 85 ёшида қазо қилдилар, илойим, жойлари жаннатда бўлсин! — изоҳ меники Н.Б.). 1926 йилгача деҳқончилик билан машғул бўлган. Бир бош оти, икки бош ҳўкизи, икки бош сигири бор эди. Саводли бўлгани учун 1926 йилда Иброҳимбек уни ўзига мирза қилиб олади ва мужоҳидлар оқимига қўшилиб муҳожирликка кетиб қолади. Уйланган. Иккита хотини бор: Улуғой 22 яшар, Ойтуфа 16 яшар (биз Дўстмурод ака Қурбонов билан 1991 йилнинг баҳор ойларида Данғара туманида яшайдиган Ойтуфа момонинг дарагини топиб бордик: 80 ёшлар атрофидаги кампир экан, том сояси тушиб турган ўчоқ бўйида пўстакка ўтирган кўйи қўзичоққа эмизикли шишада сут ичираётган эканлар. Салом-аликдан сўнг мақсадга кўчдик, Мирзақаюм деган одамни танийсизми, деб сўрадик. “Дийдори қурсин, ўзи яхши кўриб опқочиб олган эди, лекин ташлаб кетди! Эшитишимча, Афғонистонда яшаётган эмиш. Яна хотин олибди, хотинбоз!” деди момо норози бўлиб. Мирзақаюмнинг суратини кўрсатдик. Момо суратга қарар-қарамас: “У оппоққина киши эди, бу қора-ку”, деди. Мирзақаюм айнамиз 1931 йили Тожикистонга қайтиб келиб, ҳукумат томонидан отилиб кетганини момо билмас экан. Айтсак, ишонмади. “Ўзи шунақа деб гап тарқатган бўлса керак, алдоқчи!” деди ўпкалаб. 1926 йили эри уни Афғонистонга олиб кетмагани учун қаттиқ аразлаган экан: ҳамон дока рўмол қуримабди. Ойтуфа бошқа рўзғор қилган, бола-чақали, неварали-чеварали. Илойим, умрлари узоқ бўлсин! — изоҳ меники: Н.Б.). Мирза Қаюмнинг айби — Иброҳимбекнинг сафида муҳожирликдан ватанига қайтиб келганидир .
14. Азим марқа Остонақул ўғли. 51 яшар. Марқа уруғидан. Саводсиз. Иброҳимбек оиласига васийлик қилган. Батрак. Муҳожирликка кетган: “Иброҳимбекнинг иккита хотини ва иккита синглисини Афғонистонга кузатиб бордим”, деб кўргазма беради. Ўзининг айтишича, Айлободда битта сағира бевага “вақтинча” уйланади. Кейин яна Иброҳимбекнинг оиласи билан Ҳисорга қайтади. Айби — Иброҳимбекка хизматкор бўлгани .
15. Эшон полвон Баҳодирзода. 44 яшар. Ўзбекларнинг қўнғирот уруғидан. Қободиёнда туғилган. Саводли. Эшонзода. Иккита хотини бор: Азизапошшо ҳозир Чапара қишлоғида яшайди, 36 яùар. Иккинчи хотини Байрам эса Афғонистонда қолган. Фарзандлари: ўғли Муҳаммад 14 яшар, ўғли Ҳамидуллоҳ 4 яшар, қизлари Ҳожар 9 яшар, Шаҳзода 7 яшар, Малика 6 яшар, Кимё 6 яшар. Учта катта қизи Афғонистонда қолган. Ўзи 1921 йилда Бойсун туманига Анвар пошо келган пайтда Афғонистонга қочиб кетади .
Хуллас, 1932 йилнинг 13 апрел куни Москва шаҳрида ОГПУ ҳайъатининг ёпиқ мажлисида Иброҳимбек ва бошқаларнинг (жами 16 киши) жиноий иши муҳокама қилинади. Юқорида номлари зикр этилган зотлар ёппасига олий жазога — отувга ҳукм қилинадилар . 1932 йилнинг 10 август куни Тошкент шаҳрининг марказидаги ОГПУ қамоқхонасида Сулаймон Салоҳиддин ўғли (Эшони судур), Абдуқаюм парвоначи, Эшони Исохон Мансурхон ўғли, Алимардон додхоҳ Муҳаммади ўғли, Ортиқ додхоҳ Ашур ўғли, Кўган туғсабо Кенжабой ўғли, Тошмат Хўжамберди ўғли, Олот полвон Элмирза ўғли, Шоҳасан Имонқул ўғли, Кўганбек Шерали ўғли, Мулло Аҳмадбек Саид ўғли, Мирза Қаюм Шер ўғли, Азим марқа Остонақул ўғли, Эшон полвон Баҳодирзодалар отиб ташланади. Мулло Ниёз парвоначи Ҳаким ўғлига нисбатан чиқарилган олий жазо ижро этилишидан аввал ОГПУ қамоқхонасининг касалхонасида ўз ажали билан вафот этади. Иброҳимбек Чақабой ўғлига нисбатан чиқарилган олий жазо эса 1932 йилнинг 31 август куни ижро этилади .
Афандим, Иброҳимбек ўз ватандошларидан 21 кун кейин қатл қилинади. Нега?
“Оламда жон ваҳмидин ёмонроқ нима бўлмас эмиш…”

Файзулла Хўжа эса икки чақиримча наридаги шинам хонасида мийиғида кулиб ўтирарди.
“Агар кўзунгиз қўрқса, кўзунгизни боғлаб юруб рўбарў бўлалинг”, деб мадад беради Бобур мирзо.

Иброҳимбек 21 кун мобайнида 500 марта — ҳар соатда бир бора ўладими? Битта жон 500 марта ўлиши мумкинми? 500 ваҳмни енгиб яшаган мужоҳид наинки маоф этарга лойиқ бўлмаса? Майли, уни болшевиклар, оқчуринчилар, файзуллалар маоф этмади, лекин биз маоф этмоғимиз ва унинг руҳига-да Қуръон тиловат қилмоғимиз жоиздир.

“Улуғ-улуғ беклар ва яхши-яхши йигитлар, қалин киши бу урушта талаф бўлди. Иброҳим тархон ва Иброҳим сору ва Иброҳим жоний, бу ғарибтурким, бир урушта уч Иброҳим отлиқ улуғ беклар талаф бўлди ”, деб афсусланган эди Бобур мирзо 494 йил муқаддам.

Биз ҳам ўзимизнинг ҳеч ўчмас хотирамизга “ва Иброҳим лақай талаф бўлди” деб ёзиб қўямиз. Унутмайлик, Иброҳимбек бир урушда 500 марта талаф бўлди. У кофирларнинг қўлида қурбон бўлди. Шаҳид бўлди. Иншооллоҳ, энг олий рутбаи шаҳодатга — шаҳидликка ноил бўлди!

“Улуғ-улуғ беклар ва яхши-яхши йигитлар, қалин киши бу урушта талаф бўлди. Иброҳим тархон ва Иброҳим сору ва Иброҳим жоний, Иброҳим лақай, бу ғарибтурким, бир урушта тўрт Иброҳим отлиқ улуғ беклар талаф бўлди”.

Иброҳимбекдан фарзанд қолмади. Эҳтимол, сўнгги дамларда ўзидан тирноқ қолмаётгани учун ўкингандир, афандим. Энди биз унинг руҳини ўкинтирмайлик, тўрт калима дуои фотиҳамизни дариғ тутмайлик: илойим, жойи жаннатда бўлсин!

Рус босқинчиларига қарши жангларда шаҳид бўлган жамики мужоҳидларга Оллоҳнинг раҳматлари ёғилсин!

22 noyabr — Usmoniy turklar harbiy va siyosiy arbobi Anvar posho (Ismoil Anvar, boshqa manbalarda Anvarbey) tavallud topgan kun

Anvar poshoning nomi turk xalqlari tarixida alohida urg’u bilan yoziladigan muborak ismlar qatoridan o’rin olgan. Uning hayot yo’li bilan bog’liq bahsu munozaralar hamon davom etmoqda. Sho’ro tarixi maktabi tuzini yegan va aksilturk kuchlar tarafdorlari bo’lmish olimlaru siyosatdonlar Anvar Poshoni «sarguzasht izlagan» va «Turkiston zaminiga adashib borib qolgan odam» sifatida ko’rsatishga urinadilar. Darhaqiqat, bu taraf dalil uchun keltirgan hujjatlarga ko’z tashlasangiz, ularning shunday deyishga asosi bordek tuyuladi. Ammo, salkam yuz yildan buyon faqat qora ranglarda tasvir etilgan Anvar posho hayoti va faoliyatini har tomonlama o’rganish boshlangan XX asr oxiri-XXI asr boshlaridagina tarixning qorong’i sahifalari yorisha boshladi. Ana shu haqiqat nuri bilan yorishgan sahifalarda Anvar poshoning asl qiyofasi, uning harakatlarining asl mohiyati ravshan ko’rina boshladi.

Nabijon Boqiyning «Anvar posho vasiyati» nomli hujjatli romani ayni shu tarixiy haqiqatni oydinlashtirish yo’lidagi jiddiy urinishlardan biridir. Nabijon Boqiy asari Anvar posho shaxsiyatiga bir nigohdir. Bu nigoh hali o’z qahramoni bilan bog’liq ulkan hayotni har tomonlama qamrab ololgani yo’q. Qolaversa, bir asar yoki bir adib o’zi ega bo’lgan imkoniyat doirasida buni amallash behad murakkabdir. Shuning uchun biz «urinish» so’ziga urg’u berib o’tdik. Illo, bu urinish katta mehnat va ulkan muhabbat mevasidir.

Asar Turkiyada qayta-qayta nashr etildi va katta qiziqish uyg’otdi. Kitobning o’zbek tilidagi nashri ham yaqin kelajakda amalga oshadi,deb umid qilamiz (O’zbek nashri 1920 yilda chop etildi).

Anvar posho shaxsiyati va faoliyati uning kindik qoni tomgan Turkiyada va shahidiy qoni oqqan Turkistonda hali sanoqsiz badiiy asarlar va ilmiy tadqiqotlarga o’lmas mavzu bo’lajagiga ishonib, sizga Nabijon Boqiy asaridan ayrim boblarni taqdim etamiz. Zero, bugun, 22 noyabr kuni — turkiylar tarixida buyuk mujohid Anvar posho shahid bo’lgan kun sifatida abadiy muhrlangandir.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri
2017

“TARIXNING MOHIYATI VATAN
VA OZODLIKDIR…”
Ozod Sharafiddinov
076

Qo‘lingizdagi kitob na roman, na qissa, na hikoya, na rivoyat. U tarixiy asar, ilmiy asar, ammo hikoyaday zavq-shavq bilan o‘qiladi. Uning birinchi sahifalarini o‘qib chiqishingiz bilan juda ajoyib bir romanga duch kelgandek oxirigacha qo‘ldan qo‘ymaysiz. Negaki, bu kitob chinakam iste’dod bilan, chinakam dard bilan yozilgan. Unda fikr ko‘p, ehtiros ko‘p, samimiyat ko‘p. Shuning uchun kitobdagi mazmun darhol yuragingizga borib yetadi, vujudingizni qamrab oladi, siz uning eng teran, eng nozik puchmoqlarigacha yetib bormoq uchun va shu tufayli bizga ma’lum deb hisoblangan tariximizni yangidan kashf qilmoq uchun talpinasiz. Va kitob so‘ngida muallif bilan birga “tarixning mohiyati Vatan va Ozodlikdir” degan dono xulosaga kelasiz.

Kitob muallifi Nabijon Boqiyning adabiyotga kirib kelganiga hali ko‘p bo‘lgani yo‘q, ammo u birinchi maqolalari va ilk kitoblari bilanoq hammaning e’tiborini o‘ziga qaratdi. Negaki, u mustaqillik adabiyotining elchilaridan biri sifatida adabiyotga kirib kelgandi. U hozirga qadar shu maromini qo‘ldan bermay mahkam ushlab kelmoqda.

Qo‘lingizdagi kitob “Chingiz afandiga maktublar” deb ataladi. Chingiz afandi turkiyalik, Anvar poshoning o‘g‘li. U hayot bo‘lsa, hozir kamida saksonga kirgan bo‘lmog‘i kerak. Muallif uni tanimaydi, lekin atoqli milliy-ozodlik kurashchisining o‘g‘li sifatida unga maktublar bilan murojaat qiladi. Demak, bu bir adabiy usul, xolos. Kitob o‘n sakkiz maktubdan iborat. Bu maktublar bizni yigirmanchi yillarning boshiga, inqilob davriga, fuqarolar urushi davriga qaytaradi, ko‘z o‘ngimizdan bizning ongimizga “bosmachilik harakati” degan tavqi la’nat bilan muhrlanib qolgan milliy-ozodlik harakatining jonli manzaralari birin-birin o‘ta boshlaydi. Ha, Sho‘rolar zamonida sho‘ro tarixchilari bu davr haqida ko‘p yozishgan edi. O‘nlab katta-katta kitoblar, minglab maqola va risolalar e’lon qilingandi. Ularning hammasi hayron qoladigan yakdillik bilan “bolsheviklar bizga baxt olib keldi, kimda kim ularga qarshi bo‘lgan bo‘lsa, ular bosqinchi, millatchi, xalq dushmani” degan soxta haqiqatni miyamizga mixday qoqib qo‘ygandi. Juda ko‘pchilik o‘sha kommunistik safsataga chippa-chin ishongan va o‘zining fikrlash tarzini shunga qarab bichgan edi. O‘zbekni mensimaslik, unga past nazar bilan qarash, uning tarixini yoritishda har qanday haqiqatdan chekinish shu darajaga yetdiki, xalqning ko‘p asrlik tarixida yilt etgan biron sahifa qolmadi. Xullas, Allohning inoyati bilan O‘zbekiston mustaqillikka erishgach, uning tarixini butunlay yangidan yozib chiqish zaruriyati ko‘ndalang bo‘ldi. Ko‘p yillar mobaynida poymol qilingan milliy g‘ururimizni tiklash uchun, ongimizni kommunistik xurofotlar asoratidan xoli qilmoq uchun tariximizni haqiqat ko‘zi bilan qaytadan ko‘rib, adolat nuqtai nazaridan qayta baholab chiqmoq talab qilinar edi. Nabijon Boqiy ana shu ulug‘vor va qiyin vazifaning o‘z mahriga tushgan qismini bajarishga jazm qilipti va bu ishni havas qilsa arziydigan katta bir jasorat bilan amalga oshiripti.

6bc1f802e9b3eb02cd3e32b915faf2e7--ottoman-empire-sultan.jpgKitobning bosh qahramoni — Anvar posho. Biz avvallari ham bu turk zobitining nomini ko‘p eshitgan edik. Ammo uni sarguzashttalab bir odam deb, ingliz razvedkasining josusi deb, shaxsiy manfaatlari yo‘lida katta jonbozlik ko‘rsatgan odam deb eshitgan edik. Nabijon Boqiy bu “an’anaviy” qarashlarni butunlay rad etadi va Anvar poshoni iste’dodli sarkarda sifatida ko‘rsatadi. Nabijonning ko‘rsatishicha, Anvar posho Turkistonga “Ittihod va taraqqiy” partiyasining topshirig‘i bilan kelgan va bolsheviklarga qarshi kurash olib borayotgan milliy kuchlarni birlashtirish maqsadini ko‘zlagan. Shu niyatda u Buxoroga kelgan, Sharqiy Buxoroda harakat qilgan, Ibrohimbek bilan muzokaralar olib borgan, dastlab o‘z maqsadi yo‘lida ancha muvaffaqiyatlarga ham erishgan. Biroq Turkistondagi kurashchilarning milliy ong darajasi hali pishib yetilmagani tufayli ularni yagona G‘oya atrofiga birlashtirish juda qiyin kechadi: tarqoqlik esa o‘z navbatida mag‘lubiyatga zamin bo‘ladi. Oxir-pirovardida Anvar posho sobit safdoshlari bilan birga Boljuvon deparasidagi tengsiz jangda shahid bo‘ladi va qutlug‘ qoni to‘kilgan joyga, yaqin qirga dafn etiladi (darvoqe, oradan yetmish to‘rt yil o‘tgach — 1996 yilning 4 avgust kuni Turkiya hukumatining tashabbusi bilan Anvar poshoning xoki Boljuvondan Istanbulga eltib qayta dafn qilindi).

Xullas, shu tarzda Nabijon Boqiy Anvar poshoni Turkiston ozodligi uchun kurashgan, bu yerdagi milliy-ozodlik harakatiga rahnamolik qilgan xalq qahramoni sifatida ko‘rsatadi. Bizning ongimiz kommunistik og‘ular asoratidan butunlay xoli bo‘lib ulgurmagani uchunmikan, bunday xulosani dabdurustdan qabul qilishga qiynalamiz. Men o‘ylaymanki, Anvar posho haqidagi haqiqat, ehtimol, yuqorida zikr etilgan bir-biriga zid ikki fikr oralig‘idadir. Har holda, haqiqat fikrlar to‘qnashuvida tug‘ilsa, taqqoslar va qiyoslarda maydonga kelsa, faqat bir qutbdagi fikrni takrorlayvermasdan, kimdir ikkinchi qutbdagi fikrni ham aytishi kerak. Demoqchimanki, menga yoxud boshqa birovga manzur bo‘lishi yoki bo‘lmasligidan qat’i nazar, Nabijon Boqiy o‘z qahramonlariga baho berishda o‘z konsepsiyasiga, o‘z nuqtai nazariga ega bo‘lishga butunlay haqli! Buning ustiga, kitobni o‘qish jarayonida siz beixtiyor muallif tomonga o‘tib borayotganingizni sezmay qolasiz — uning fikrlari, baholari, qarashlari sizni o‘z jozibasiga chulg‘ab oladi. Bu bejiz emas, albatta. Bu o‘rinda kitobga joziba baxsh etgan narsa faqat uning zamiridagi ehtiros va samimiyatgina emas. Kitob juda baquvvat faktik material asosiga qurilgan. Nabijon bir necha yillar mobaynida O‘zbekiston Davlat arxivida, Tojikiston davlat arxivida, Tojikiston Kompartiyasi arxivida, O‘zbekiston KGB arxivida, bir qator shaxsiy arxivlarda ish olib bordi: bizdagi milliy-ozodlik harakatiga bag‘ishlangan Abdulla Rajab Boysuniy — Turkistoniyning “Turkistonda milliy mujodala” degan g‘oyat noyob kitobi materiallaridan, Anvar poshoning Tokioda nashr etilgan maktublaridan foydalangan. Bularning bari kitobga baquvvat ishontirish kuchini baxsh etgan. Har holda, muallif aytgan mulohazalar yoxud keltirilgan dilillar goho ma’qul kelmasa, ularni rad etish uncha oson emas.

Faktik materialning serobligi muallifga voqealarni keng ko‘lamda ko‘rsatish, tarixiy ranglarni ancha haqqoniy tasvirlash imkonini bergan. Biz kitobda Qo‘qon muxtoriyati atrofidagi voqealar bilan ham, Hisordagi odamlarning turmush sharoitlari bilan ham, laqaylarning etnik tarkibi bilan ham batafsil tanishamiz. Ayni choqda, kitobda Ibrohimbekning siyosiy portretini chizishgagina emas, xarakter belgilarini ko‘rsatishga ham katta ahamiyat berilgan. Uning o‘ziga xos mag‘rur siymosi, tog‘liklarga xos bukilmas qaddi-qomati, o‘tkir nigohi ko‘z o‘ngimizda yaqqol ko‘rinadi.

Shunday qilib, Nabijonning kitobida bizga yaqin tariximizning muayyan manzaralari — fuqarolar urushining qonli sahifalari namoyon bo‘ladi. Ha, o‘sha voqealar, o‘sha tanish fojialar. Faqat talqin boshqa, baho boshqa, ulardan chiqariladigan xulosalar boshqa. Ko‘ramizki, o‘zbeklar Oktyabr inqilobini quchoq ochib, gulduros qarsaklar bilan kutib olgan emas ekan. Ko‘ramizki, o‘zbeklar ham ba’zilar aytganchalik, u qadar anoyi bo‘lmagan ekanlar — ular bolsheviklar saltanatiga podaga haydalgan molday kirib ketavermagan ekanlar. O‘zbeklar bolsheviklarga qo‘l qovushtirib, qulluq qilib, “osadigan bo‘lsalaring, arqonni biz olib kelaylikmi yo o‘zlaringdan bo‘ladimi?” deb muteliklarini namoyon qilishmagan ekan. Aksincha, ularning insoniy g‘ururi yuksak bo‘lgan, yuraklarida mardlik jo‘sh urgan. Ular uchun e’tiqodu iymonni, nomusu vijdonni, erku ixtiyorni sotib tirik yurgandan ko‘ra, qo‘lda qurol bilan kurashib, tik turib o‘lgan yaxshiroq edi.

Ha, Nabijonning kitobi bizga bobolarimizning mardligini, shijoatini ibrat qilib ko‘rsatadigan kitobdir. Ayni shu sifati uning eng qimmatli tomonidir.

“Chingiz afandiga maktublar” kechagi kun manzaralarini haqqoniy tarzda qayta tiklagan. Lekin, uning qimmati faqat shunda emas. Tarix Nabijon uchun bir bo‘lib o‘tib ketgan olis o‘tmish emas, balki bugun ham davom etayotgan, yuraklarga o‘t solib, harakatga undayotgan jonli jarayondir. Tarixni anglash, idrok etish kerak. Bugungi kunlarimiz uchun jonlarini fido qilgan bobolarimizning pokiza ruhi hozir ham odamlarning vijdoniga to‘g‘ridan-to‘g‘ri murojaat qiladi:

“Biz o‘z Vatanimizni bilamizmi?
Biz Ozodlikni bilamizmi?
Biz ota-bobolarimizni bilamizmi?

Tarixni bilmak — ana shu savollarga javob topmoq, nainki javob topmoq, balki javob topib, xulosalar chiqarib, faqat so‘zlarimizda emas, amaliy ishlarimizda, kundalik faoliyatimizda muqaddas mustaqilligimizni baqadri imkon mustahkamlamoqdir.

1997

Nabijon BOQIY
ANVAR POSHO VASIYATI
Chingiz afandiga maktublar
076

Nabijon Boqiy 1956 yil 7 noyabrda Farg’ona viloyati Bag’dod tumanidagi Chuvalanchi qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tamomlagan (1984). «Bir muhabbat qissasi» (1990), «Qatlnoma» (1992), «Gulzamira» (1994), «Chingiz afandiga maktublar» (2004), «Anvar poshoning vasiyati» (Istanbul, 2006) kabi qissalari chop etilgan.
R. L. Stivensonning «Merosxo’r», «Katriona» romanlarini (1990) hamda Chingiz Aytmatov va Muxtor Shoxonov yozgan «Cho’qqida qolgan ovchining ohi zori» (1998, YO. Xo’jamberdiev bilan hamkorlikda) kitobini, shuningdek, jahon adabiyotining eng sara namunalarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. «Shuhrat» medali bilan taqdirlangan (1995).

076

KITOB HAQIDA

Mamlakatimizda yaqin tariximiz haqidagi qotma tasavvurlarning uzoq yillar hukm surishi yangi va yaxshi mavzularning yuzaga chiqishiga to‘sqinlik qilib keldi. Bu holat, ayniqsa, yaqin o‘tmishdagi turk siyosiy hayotida o‘zining munosib o‘rnini qoldirgan Anvar poshoday ulug‘ siymo haqida chalkash tushunchalarning paydo bo‘lishiga sabab bo‘ldi. Shu tufayli bo‘lsa kerak, eng haqoratomuz qarashlarni ilgari suruvchi kitob va jurnallar chop etilib, jamoatchilik fikri shakllantirildi(!).Tariximiz va taqdirimiz to‘g‘risida so‘z borganda maydon bo‘sh qoldirildi, xulosa navbati nimagadir doim begonalarga berildi.

Javobi topilmayotgan mavzularda bir gapdan boshqasini bilmaydigan to‘ti kabi siyqa xorijiy manbalardan yordam so‘radik, hatto ularning nomini keltirish bilan ma’naviy qoniqish hosil qilishdan ham uyalmadik(!). Yaqin tariximiz haqida so‘z yurituvchi “tadqiqotchilar” esa Anvar poshoday millatparvarlarimizga “imperatorlikni qulatgan odam, jangari, turonparast, panturkist” kabi sifatlarni chapladilar, o‘tmishimizga ovro‘palik imperialistlarning ko‘zoynagi ostidan qaradilar. Eng achinarlisi, g‘arbliklarning qulog‘imizga quygan bu tahlil va tahqirlarini mutlaq haqiqat deb qabul qilganimiz bo‘ldi. Bu holatning eng asosiy sabablaridan biri – sharoitni ichdan bilgan mahalliy ijodkorlarning bu mavzuda izlanish olib bormagani, yozmaganidir. Yozmoqqa uringanlar ham yo g‘aflat yoki xoinlik sabab maslakdan yanglishdilar. Shu sababdan Anvar posho mavzusi Sovetlar ittifoqi Kommunistik partiyasining sovuq arxivlari singari mamlakatimizda ham qorong‘u va chang bosgan javonlarda unutilishga mahkum etildi.

Mana shunday vaziyatga nashrga tayyorlaganimiz bu asar bir necha jihatlari bilan ahamiyatlidir. Dahshatli Birinchi jahon urushi va Turon o‘lkalarini ostin-ustin qilgan Oktyabr inqilobidan yuz yilga yaqin vaqt o‘tgach ilk bor Nabijon Boqiy – Turkiston zaminining farzandi va ijodkori sifatida Anvar posho to‘g‘risida asar yaratdi. Bu mavzuda Abdulla Rajab Boysuniy, Okay Kurt va Ali Bodomchi kabi bir qancha kishilar ham qalam tebratganlar. Demak, yolg‘iz Nabijon Boqiygina bu ishga qo‘l urmagan. Biroq, 70 yillik temirpanja Sovet rejimidan keyin bunday kitobning yozilishi muallifni boshqalardan ajratib ko‘rsatish uchun yetarli.

Ikkinchi sabab. Yozuvchi Nabijon Boqiy o‘z asarini “hujjatli roman” deb ataganiga qaramay, unda romandan ko‘ra hujjatlilik belgilari ko‘proq. Adib arxiv hujjatlari, voqealarni o‘z ko‘zi bilan ko‘rgan kishilarning guvohliklariga suyangan holda romantizmdan chetlashib, o‘sha davrdagi Turkiston o‘lkasi, uning bir bo‘lagi bo‘lgan Anvar poshoning sovuq temir qutilarga qamalgan ruhini yorug‘likka olib chiqadi.

Yozuvchi “hujjatli roman”ida ko‘p qo‘llanilmaydigan uslub – “Maktub”larni turkiy adabiyotda birinchi bo‘lib sinovdan o‘tkazadi. Ilk bor rus yozuvchisi Dostoyevskiy tomonidan qo‘llangan bu uslub doimiy romandan farq qiladi, biroz qiyinroq. Chunki klassik uslubda bor bo‘lgan dialoglar, monologlar, voqealarning uchinchi shaxs tilidan hikoya qilinishi “maktub” yo‘nalishida yo‘q. “Maktub” turida maktubni yozgan kishi (yozuvchi) bilan olgan kishi (o‘quvchi) voqealar bilan bog‘liq bir qancha ma’lumotlarga ega bo‘lishi lozim. Yo‘qsa, fikr nima to‘g‘rida borayotgani mavhum bo‘lib qolishi hech gap emas. Oddiy bir misol. Kimlar uchundir to‘la-to‘kis tushunarli bo‘lgan xatni uchinchi begona shaxs, ya’ni biz umuman tushunmasligimiz mumkin. Nabijon Boqiy tarixiy davr bo‘lgan Sovet inqilobi va tarixiy shaxs bo‘lgan Anvar poshoni syujetning markaziga qo‘yadi. Adib o‘z tajribasi bilan turkiy adabiyot olamiga yangi bir uslub olib kirdi.

Uchinchisi. Asarda tasvirlangan voqea-hodisalar va kishilar 70 yillik Sovet rejimidan keyin o‘sha tarixiy o‘lkada tug‘ilib-o‘sgan ziyoli tilidan bayon qilinadi. Muallif bugun o‘zaro rishtalar uzilib, kechmish va kelajakning aloqasi kesilgani haqida yozadi. Aytmoqchi bo‘lganimiz, balki oddiy bir ramziy ifodadir. Nabijon Boqiy biz bilan bog‘lanish uchun “Buyuk Turon” ko‘chasining manzilini beradi. Bu so‘zda qadimiy maslagimizning mohiyati namoyon bo‘lganday go‘yo.

To‘rtinchisi. Kitob nomi Anvar poshoning “Vasiyatlari”dan olindi. Bugunga qadar boshqa ko‘pgina mualliflar Anvar poshoning bir qancha maktublarini to‘plab nashr qilgan. Biroq Moskvadagi KGB arxivlarida bo‘lgan bu “Vasiyat” ilk bor dunyo yuzini ko‘ryapti. Shahidi muhtaram Anvar poshoning bugun yuzaga chiqqan va shahid bo‘lishidan bir kun oldin Qurbon hayiti kechasi yozilgan vasiyati ikki jihatdan diqqatga sazovordir. Birinchisi, ilohiy bir hikmatning zuhuri ekanidir, shahid bo‘lishini sezganday o‘zining o‘limidan so‘z ochadi; ikkinchisi esa, odatdan tashqari tarzda vasiyatnomada birorta moddiy narsaning tilga olinmaganidir. Bugungi kun kishisi va o‘quvchisi uchun bu g‘ayritabiiy holat bo‘lishi mumkin. Lekin Anvar poshoni biroz bo‘lsa-da tanigan odam bundan ajablanmaydi. U vidolashuv maktubida bu dunyoning o‘tkinchiligini, odamning olib ketadigan bor-yo‘q narsasi bir quloch kafanligini aytib, Vatanning baxti — hur va ozodligi yo‘lida shahidlik va kurashni vasiyat qiladi. Anvar posho bu yerda armiyaga rahbarlik qilib, minglarcha askarga hujum amrini bergan kapitan yoki o‘ziga sodiq kishilarga buyruq berib turishdan boshqani bilmaydigan jahongir emas, balki oxir zamon darveshi singari o‘z naslining so‘nggi timsoli sifatida namoyon bo‘ladi.

Yozuvchi Nabijon Boqiy shu kungacha biz to‘play olmagan eski Sovet arxivi hujjatlari yordamida o‘tmishning zulmat qa’rida yotgan Anvar poshoning muhojirlik va mujodala yillarini oydinlashtirib berishga harakat qiladi.

Adibning yana bir xizmati – shu kungacha ma’lum bo‘lmagan faktlarni qalamga olganidir. Anvar poshoning mujodaladagi maslakdoshlari, ayniqsa, Ibrohimbek va uning atrofidagi kishilar o‘rtasidagi munosabatlar haqida obyektiv fikr yuritadi. Ayni zamonda “Nima sababdan?” degan savolni o‘z-o‘ziga berarkan, achchiq xulosalar chiqaradi, o‘sha davrdagi Turkiston va turkiy xalqlarning ijtimoiy va siyosiy hayoti haqida boy ma’lumotlar beradi.

Nazarimizda, bu faktlar Sovetlar ittifoqi yuzaga kelmasidan oldingi Turk dunyosini tasavvurimizda jonlantirish asnosida, 90-yillardan keyin bir-biriga ters bo‘lib qolgan “mustaqil(!) turkiy jumhuriyatlar” orasidagi ziddiyat va kelishmovchiliklarning tag-tomiri qayerdaligini, birlashmaslikning badali nima bo‘lajagini ko‘rsatib, ogohlantirish berayotganday go‘yo.

Turon timsoli jannatmakon Anvar posho hazratlari Turkistondagi shahodati bilan oradagi ko‘priklar tamom qulaganidan 70 yil o‘tgach ham birlikka chorlab turibdi. Turkiyaliklar uchun u yakdillik jabhasidagi yagona tayanch nuqtadir. Turkiston turkiylari yillar davomida Turkiya turkiylarini uning timsolida eslaganlar, 90-yillarda temir parda qulagach esa Turkiyadan borgan har kishi uning hurmati bilan quchoq ochib kutib olingan. Albatta, quchoq ochib kutib olingan kishilar va o‘zaro munosabatlarning so‘nggi nima bilan tugaganini tortishmoq bu asarning ham, bu satrlarning ham mavzusi emas. Ammo…

Sharqdagi turkiylar va G‘arbdagi turkiylarga mardona va munosib hayoti bilan dunyo turguncha turadigan “Turon ideali”ni meros qoldirgan Anvar posho hazratlari haqqiga yana bir da’fa duo qilarkan, bu asarni bizga armug‘on etgan muhtaram Nabijon Boqiyga qalb to‘la tashakkur va salomlarimizni yo‘llaymiz.

HUJJATLI ROMANDAN BOBLAR
To’liq holda sahifa pastida o’qishingiz mumkin

BESHINCHI MAKTUB

artlib_user-27022-photo_ima.jpgAgar mening qo’limdagi ma’lumotlar to’g’ri bo’lsa, 1918 yil 8 oktyabr kuni Tal’at posho rahbarligidagi yosh turklar hukumati iste’fo beradi. O’ylaymanki, ularning yagona maqsadi hokimiyatni egallab o’tirishdangina iborat bo’lganida, albatta, referendum o’tkazibmi yoki boshqa bir hiyla-nayrang (aytaylik, harbiy to’ntarish) yo’li bilanmi vakolatlarini saqlab qolishi mumkin edi. Chunki harbiy quvvatlar bevosita Anvar poshoga bo’ysunardi. Boz ustiga, Anvar posho “musulmon olami halifasining kuyovi” edi va u Usmonli turklarning eng suyumli milliy qahramoni hisoblanardi. Zamonaviy ibora bilan aytganda, o’sha paytda Turkiyada mavjud bo’lgan siyosiy va davlat
arboblari o’rtasida Anvar posho eng yuqori “reyting”ga ega edi. Biroq, Triumvirat (Tal’at posho, Jamol posho, Anvar posho) o’zining shaxsiy manfaatidan voz kechib, Turkiyada endi kurtak chiqarayotgan haqiqiy demokratiya uchun namuna maktabini yaratadi. Iste’fodan so’ng bir oy o’tar-o’tmas Antanta ittifoqchilarining harbiy kemalari Bosfor bo’g’ozida paydo bo’ladi: “Ittihod va taraqqiy” firqasining Markaziy qo’mitasi Turkiya uchun yengilroq bo’lgan shartlar asosida sulh tuzish maqsadida yosh turklarning rahnamolariga mamlakat doxilindan chiqib ketishni taklif etadi. Rahnamolar azbaroyi mamlakat foydasini ko’zlab Olmoniyaning harbiy kemasida Turkiya sohillarini tark etadi. Antantaning tazyiqi ostida Istanbulda Triumvirat ustidan sud boshlanadi…

Yanglishmasam, o’sha paytlari Turkiyada Anvar posho nomini badnom qilish kampaniyasi boshlab yuboriladi. O’z xohishi bilan hokimiyatni topshirgan va muhojirlik azob-uqubatlarini bo’yniga olgan kechagi muxolifat kuchlarga nisbatan “yov qochsa, botir ko’payar” tarzida boshlangan kampaniya, albatta, Kamol posho hukumati uchun uyatli bir holdir. Aslida, iste’fo va muhojirlik davri Anvar posho hayotining eng yorqin sahifalarini tashkil etadi.

Anvar posho Berlinga yetib kelgan paytda Olmoniyada inqilob avj olgan, imperator taxtdan ag’darilib, Veymar respublikasi e’lon qilingan edi. Anvar posho Berlinda qo’l qovushtirib o’tirmaydi. U Turkistonda vujudga kelgan ahvolni sinchiklab kuzatadi va tegishli xulosalar chiqaradi. O’tgan galgi maktubimda qayd etganimdek, “rus hukumati markaziyasi bu inqilobga (Buxoro inqilobi nazarda tutilyapti: izoh meniki — N.B.) butun quvvati ila tarafdor bo’lgani holda ishning tashqarisida qolmaslik uchun nihoyatda ayyorona harakat qilayotir”, degan to’xtamga keladi. Haqiqatan ham, bolsheviklar Osiyoda “ayyorona” harakat qiladi. Lekin, asta-sekinlik bilan, pinhoniy tarzda kurash jabhasini Osiyoga — musulmon olamiga ko’chiradilar. O’sha yillari bolsheviklar hukumatining Harbiya noziri bo’lgan L. D. Trotskiyning Markazqo’mga ketma-ket tavsiya etgan maxfiy maktublari mana shu jihatdan diqqatga sazovordir:

“Shak-shubha yo’qki, Qizil O’rdu endi Ovrupo doxilindan ko’ra, Osiyo doxilinda siyosatga ko’proq samarali ta’sir ko’rsatadi. Agar Osiyoga o’rnashib olsak, to qulay imkoniyat paydo bo’lgunga qadar Ovrupoda ro’y berayotgan voqealarni bemalol kuzatib turishimiz mumkin. Ayni zamonda Osiyoda faolroq harakat qilishimiz ham mumkin. Chunonchi, Mojoristonda Sho’ro hokimiyati o’rnatishdan ko’ra, Hindistonda shunday hukumat o’rnatishimiz osonroq… Afsuski, shu paytgacha biz Osiyo masalasiga yetarli ahamiyat bermadik. Vaholanki, Parij va Londonga olib boradigan yo’l Afg’oniston, Panjob, Bengaliya orqali o’tajak… Biz yaqin-yaqingacha asosiy diqqat e’tiborimizni G’arbga qaratdik va to’g’ri qildik. Hozir esa vaziyat keskin o’zgardi. Bu holni aniq-ravshan idrok etmoq lozim. Boltiqbo’yi qo’ldan ketdi… Bizning galdagi vazifamiz — xalqaro harakatlar markazini Osiyo yo’nalishiga ko’chirishdan iboratdir… Afg’oniston bilan Angliya o’rtasida tuzilgan sulh bizning manfaatimizga zarar keltiradi. Turkistondan kelayotgan xabarlarda aytishilicha, Angliya zo’r berib Eron, Buxoro, Xeva, Afg’onistonni Sho’ro Turkistoniga qarshi bo’lgan blokka birlashtiryapti… Sharqda qat’iy va shiddatli harakat qiladigan fursat keldi.

1919 yil 5 avgust, Lubna ”.

Albatta, fursatni boy bermasdan harakat qilish taqozo etilardi. Ammo, harbiy umumiyada bir-biriga raqib bo’lgan jabhada qo’mondonlik qilgan sarkarda Moskvada kutilayotgan mehmon sanalmasdi. Boz ustiga, Rusiya fuqarolar urushi iskanjasida qovurilib, bolsheviklarning hokimiyat tepasida qolish-qolmaslik masalasi hal bo’layotgan qaltis bir davr boshlangan edi. Hatto bolsheviklar mamlakatdan juftakni rostlash uchun hozirlik ko’rishar, davlat xazinasidan va nasroniy ibodatxonalardan o’margan oltinlarini Sverdlovning uyida saqlab turishar, ayni paytda, chiqmagan jondan — umid deyishib, “Ishchi-dehqon-askar hukumati”ni asrab qolish niyatida xalqaro III Internatsional tashkilotini tuzishga kirishgan edi. Shu maqsadda bolsheviklarning gumashtalari dunyoning turli mamlakatlarida izg’ib yurishardi. Xususan, Olmoniyada gapga chechan Karl Radek ismli zot (uni Stalin 1937 yilgacha eshakday ishlatib, oxiri ottirib tashlaydi) III Internatsionalga tarafdorlar qidirib yurardi. Tabiiyki, u Turkiyaning sobiq Harbiya noziri Berlinda muhojirlikda yashayotganini eshitadi va to’xtovsiz ravishda Moskvadan suyunchi oladi. “Safimizga jalb etilsin!” mazmunida Radekka ko’rsatma beriladi. Birinchidan, bolsheviklar Anvar poshoning obro’-e’tiboridan foydalanib, mazlum musulmonlarni III Internatsional qavatiga tortmoqchi bo’ladi. Ikkinchidan, har tomonlama mustahkamlanayotgan Turkiyadagi Kamol posho hukumati bolsheviklar bilan hamkorlik qilishga ko’ndiriladi. Aks holda, potentsial muxolif — Anvar posho biz tarafda: uni senga qarshi gij-gijlab yuboramiz, deyishadi bolsheviklar. Xullas, Karl Radek ajoyib kunlarning birida Anvar posho bilan Berlinda aloqa o’rnatadi. 1919 yil 2—6 mart kunlari Moskvada III Internatsionalning ta’sis qurultoyi bo’lib o’tadi. Bu anjumanda Anvar poshoning ishtirok etgani noma’lum. Lekin, 1919—20 yillari u go’yo Lenin bilan uchrashadi va Rusiya Xorijiya vaziri Checherinning istagi bilan “Islom inqilobchilari jamiyati”ni tuzadi . Dastlabki paytlari Anvar posho bolsheviklarning mazlum millatlar to’g’risidagi gaplariga ishongan bo’lishi mumkin. Ehtimol, shu bois 1920 yil Avgust-sentyabr oylarida Boku shahrida III Internatsional shiori ostida o’tgan Sharq xalqlarining qurultoyida ishtirok etgandir? Har holda, Anvar poshoning Boku anjumanida ishtirok etishi Turkistondan borgan vakillar uchun ham foydali bo’ladi: ular anjuman majlislaridan bo’sh paytlarida bolsheviklarning ko’zidan xufya go’shalarda uchrashadi, fikr almashadi. Anvar posho qurultoy minbarida so’zlagan nutqining matnini shunday boshlaydi:

“Bugun bizni asrlardan beri ezgan va chirqiratib so’yish bilan cheklanmasdan, qonimizni ichgan, o’ldirgan dunyo imperialist va kapitalistlariga qarshi mujodalamizda qo’lini tutajak va Ovrupo politikachilarining yolg’onchiligi nisbatida to’g’ri va so’ziga ishonsa bo’ladigan, millatlarning huquq va hurriyatini tanimli programmasiga yozmish Uchinchi Internatsional kabi bir uyushmaning yonida mavqega ega bo’lganimiz bilan bir-birimizni tabriklaymiz! ”.

Afandim, yodingizda bo’lsa, men ilgari ham Anvar poshoning Uchinchi Internatsional anjumanida so’zlash uchun yozgan nutq matnidan ba’zi o’rinlariga e’tiboringizni qaratgan edim. Quyida Anvar posho bolsheviklar bilan hamkorlikka rozi bo’lgan paytlari ham mazlum Turkiston xalqi to’g’risida mudom qayg’urganini ko’rsatadigan ayrim o’rinlarni, takror bo’lsa-da, keltirib o’tmoqchiman:

“Biz xalqning orzu-istaklarini bilamiz. U o’z xohishini erkin amalga oshirishiga tarafdormiz. Bizni sevadiganlar bilan birgamiz va ular bilan birga o’lamiz! Bizni sevmaydigan xalqning ham o’z ishini o’zi hal qilishiga tarafdormiz!

Biz insonlar bir-birini ayovsiz bo’g’izlashiga qarshimiz va shuning uchun abadiy bir sulh tuzish niyatida Uchinchi Internatsional bilan birgamiz. Biz mehnatkash xalqning osoyishtaligi tarafdorimiz. Ovrupolik bo’lsin, mahalliy bo’lsin, chayqovchiyu sudxo’rlarga qarshimiz. Biz mamlakatimizning ziroat va sanoat jihatidan rivojlanishini istaymiz! Soliqlar fuqaro manfaatini muhofaza qilishi kerak.

Xalq qachonki o’zligini anglasagina hurriyat va osoyishtalikka erishadi. Xalqning milliy qadriyatlarini hurmat qilgan holda mamlakatni chinakam ma’rifatli etish tarafdorimiz. Bu yo’lda biz uchun erkak va xotinning farqi yo’qdir ”.

Keltirilgan ko’chirmadagi so’nggi jumlaga izoh berib o’tish joiz, shekilli. Anvar posho “erkak va xotinning farqi yo’qdir” deganda, albatta, bolsheviklarning “axloq kodeksi”da bayon qilingan “tenglik”ni nazarda tutmaydi. Ma’lumki, bolsheviklar “ishchi kuchi” sifatida (ijtimoiy turmushning eng og’ir jabhasida) xotin-qizlarning erkaklar bilan “tengligi”ni ta’minlaydi. Anvar posho esa o’z nutqida bandma-band sanab ko’rsatgan ijtimoiy turmushning faqat maorif sohasida “erkak va xotinning farqi yo’qdir” deb ta’kidlaydi. Ya’ni, Qur’oni karimda, Hadisi sharifda buyurilmish “hatto Chinga borib bo’lsa ham ilm o’rganingiz!” degan islomiy dastrulamal erkak va xotinga (muslim va muslimaga) barobar taalluqli ekanini aytadi.

Anvar posho otashin nutq so’zlagan o’sha qurultoyda Turkiston vakillari qatorida mashhur millatparvar shoir Abdulhamid Cho’lpon ham qatnashadi. Shoir qurultoy taassurotlari to’g’risida ikkita she’r yozib qoldirgan. Bittasi “Bokuga, Sharq qurultoyiga ketganda” deb nomlanadi, ikkinchisi “Yorug’ yulduzga (Hazor esdaligi)” deb nomlangan. Chamamda, shoir “yorug’ yulduz” deb aynan Anvar poshoni nazarda tutadi. Mana bu she’riy parchani o’qib ko’ring:

Mayli, mayli qandoq achchiq bo’lsa ham
To’g’ri so’zni yashirmasdan so’ylayver.
Har qanchalar yurak yorg’ich kuy bo’lsa,
Botir bo’lib sekingina kuylayver.
O’tganlarning zahari ham bu kunda
Ko’ngillarga tegmay o’tgan kabidir.
Kechmishlarning yig’isi ham shu kunda
Yo’qsul dilni suyuntirar kabidir.
Falokatlar ko’rgan ota-bobolar
Istiqbolning qimmatini bilmagan.
El va yurtni saqlar uchun so’ng xonlar
Tuzukkina chora-tadbir qilmagan.
Biz yo’qsullar boshqalarga qo’l berib,
Chet oyoqlar tomonidan ezildik.
Har yaramas, har buzuqning tagida
Alam tortgan, jabr ko’rgan biz edik.
Yetar, bo’ldi! ”

Cho’lpon shoir qalbi bilan Anvar posho nutqidan ilhomlanib, she’rlarini qoralama qilib o’tirgan damlarda qurultoy rayosatining raisi Zinovev qo’liga shoshilinch telegramma keltirib beradilar. U rayosatda yonma-yon o’tirgan K. Radek bilan bir oz engashib, pichir-pichir gaplashdi. So’ng Anvar posho ma’ruzasi bo’yicha munozaraga chiqqan notiqning so’zini kesib:
— O’rtoqlar! Buxoroda inqilob g’alaba qildi! Barchangizni shu qutlug’ zafar bilan tabriklashga ijozat bergaysiz! — deydi ko’zlari chaqnab. So’ng, qo’lidagi telegrammaga ko’z yugurtirib: — Ushbu tabrik telegrammasiga Turkiston jabhasining qo’mondoni o’rtoq Frunze, III Internatsional Ijroqo’mining a’zosi o’rt. Safarov, Turkjabha inqilobqo’mining a’zosi o’rt. Ibrohimov, Buxoro Kompartiyasining raisi o’rt. Husainov, Buxoro Nozirlar Sho’rosining raisi o’rt. Fayzulla Xo’ja, Buxoro Inqilobqo’mining kotibi o’rt. Oripovlar imzo chekkanlar. Demak, 1920 yil 5 sentyabr kuni Buxoroda inqilobiy to’ntarish ro’y berdi. Ura, o’rtoqlar! — deb baqiradi.
Cho’lpon ne ahvolga tushganini tasavvur qilish mumkin: u Turkistondan jo’natilgan barcha vakillar kabi aldanganini, biroq teran zakovat sohibi Anvar poshoni aldab bo’lmasligini biladi. Buxoroi sharifni qonga botirishga hozirlik ko’rayotgan bolsheviklar Rusiya doxilindagi musulmon xalqlarining obro’-e’tiborli zotlarini ataylab Bokuga — Buxorodan yiroq maskanga to’plab, go’yo ularning ixtiyoriga “sharq xalqlarining taqdirini hal qilish huquqini” topshirib qo’yadi. O’zlari bo’lsa, “yosh buxoroliklarning iltimosiga binoan” mustaqil musulmon mamlakatini ishg’ol qiladi.

Uchinchi Internatsionalning Bokudagi anjumani xuddi Leonid Brejnev davridagi KPSSning qurultoylari kabi bir haftadan ortiq davom etadi. 5 sentyabr kuni Buxoro inqilobchilaridan tabrik telegrammasi borgan bo’lsa, 1920 yil 12 sentyabr kuni Turkiston jabhasining qo’mondoni Sokolov imzosi bilan Zinovev va K. Radek nomiga shifrali maxfiy telegramma jo’natiladi. Unda: “Sizlarga ma’lum qilamizki qurultoyda qatnashayotgan turkistonlik vakillar tasodifan saylangan. Saylov bolsheviklarning nazoratida o’tkazilmagan. Vakillar safiga Turkistonda ishlashga yaroqsiz bo’lgan ko’pchilik kirib oldi. Ularning aksariyati ichki firqaviy bo’linish paytida o’zlarini fosh etib qo’ygan. Turkistondagi jamoat tashkilotlari, musulmon mehnatkashlarning quyi tabaqasi T. Risqulovning siyosiy yo’lini qo’llab-quvvatlamaydi ”, deyiladi… Turor Risqulov 1920 yilda Turkiston ASSR Markaziy ijroqo’mining raisi edi. 1921—22 yillarda uni Moskvaga ishga olib ketadilar, 1922—24 yillarda Turkiston ASSR Xalq Komissarlar sho’rosiga raislik qiladi. 1924 yil 27 oktyabr kuni (O’zbekiston SSR tashkil etilgach) T. Risqulovning o’rnini Fayzulla Xo’ja egallaydi. T. Risqulov Fayzulla Xo’ja bilan tengdosh (1896 yili tug’ilgan) bo’lsa-da, ammo “izdoshidan” bir yil uzoq yashaydi — uni Sho’ro hukumati 1938 yilda otib tashlaydi.
Demak, Bokudagi anjumanda Turkistondan borgan vakillar safida T. Risqulov (Turkiston Sho’ro muxtoriyatining oqsoqoli) ham qatnashadi.

Toshkentdan borgan telegrammalar ostidagi imzolardan ham ko’rinib turibdiki, 5 sentyabr kuni Turkiston jabhasining qo’mondoni bo’lib turgan Frunze 12 sentyabr kuni o’z o’rnini Sokolov ismli kimsaga bo’shatib berishga ulguradi. Chunki vazifasini “sharaf” bilan ado etgan Frunzeni Rusiya Markaziyasi Moskvaga chaqirib oladi. Buxoroda endigina “taxt”ga o’tirgan — nozirlar Sho’rosining raisi lavozimiga tayinlangan Fayzulla Xo’ja va boshqalar o’rt. Lenin va o’rt. Trotskiy nomiga 1920 yil 11 sentyabr kuni shoshilinch telegramma yo’llab, “harbiy-siyosiy ishlarni oxiriga yetkazguncha o’rtoq Frunzeni o’z vazifasida qoldirib turilishini iltimos” qiladi. Biroq, negadir “buxorolik bolsheviklar”ning iltimosi qondirilmaydi.

Bokuda Sharq xalqlarining qurultoyi nima sababdan o’n kundan ortiq davom etgani tushunarli bo’lsa kerak. Bu qurultoy go’yo III Internatsional shiori ostida o’tayotgan bo’lsa-da, Kompartiya arxivida saqlanib qolgan hujjatlarda “III Internatsional kongressi” deb nomlansa-da, ammo 70 yil davomida SSSRda chop etilgan adabiyotlarda biror marta ham Boku qurultoyi “III Internatsional kongressi” sifatida qayd etilmaydi. Hatto “qayta qurish” davrida Toshkentda o’zbek turkchasida nashr etilgan “Entsiklopedik lug’at”da (Toshkent — 1988 yil): “2-kongress (1920 yil 19 iyul — 17 avgust, Petrogradda ochilgan) K. I. ustavini va “Kominternga a’zo bo’lishning 21 shartini”, shuningdek, agrar va milliy mustamlaka masalalari bo’yicha programmaviy qarorlar qabul qildi… 3-kongress (Moskva, 1921 yil 22 iyun — 12 iyul) yagona front taktikasi asosida ishchilar sinfining ko’pchiligini o’ziga qaratish masalasini qo’ydi ”, deb izoh beriladi. Demak, bolsheviklar “Sharq xalqlarining rahnamolarini” chalg’itish uchun Bokuda “III Internatsional” teatru tomoshasini tashkil etadi. Ular hatto Sho’ro idoralarida xizmat qilayotgan mahalliy xalq vakillariga ham ishonmaydi, xususan, T. Risqulovni “teatru”ga jo’natib, ortidan chaquvnoma yo’llaydilar.

Xo’sh, yosh buxoroliklar tomoshaning zo’ri Buxoroda bo’lajagini bilarmidi? Albatta, bilardi. Lekin, yosh buxoroliklar inqilob masalasida ikki firqaga bo’linib ketadi. Fayzulla Xo’ja rahbarligidagi yosh buxoroliklar uzil-kesil bolsheviklar mafkurasini qabul qiladi. Usmonxo’ja tarafdorlari esa bolsheviklar quvvatidan foydalanishga rozi bo’ladilar-u, ammo ularning mafkurasini qabul qilmaydi. Lekin buxorolik mahalliy bolsheviklar bilan hamkorlik qilishga Voytkevich ismli bolshevik “qozilik” qilgandan so’ng rozilik bildiradi.

Buxoro inqilobining tomoshasi quyidagi tartibda rivojlanib boradi.

1920 yil 23 fevral kuni Rusiya hukumatidan vakolat berilgan Turkiston komissiyasida Buxoro masalasi ko’riladi. Komissiya qarori:
a) “Buxoro hukumati bilan qilinadigan rasmiy munosabatlar Buxoroning ichidan buzilishiga xizmat qilsin.
b) Turkistonda ayrim muxtoriyatlar e’lon qilinsin. Turkmanlar yashaydigan o’lkada ham muxtoriyat tuzilsin va bu muxtoriyatdan Buxoroni ichidan buzish uchun foydalanilsin. Turkmanlar o’lkasini Buxorodan ajratib olish yo’llari topilsin ”.

Keyinchalik 1924—1929 yillar mobaynida bolsheviklarning mana shu dastrulamali rivojlantiriladi va Turkistonda beshta “ittifoqdosh respublika” barpo etiladi.
Afandim, beshinchi maktubimni o’qiy boshlaganingizdan beri asabingiz nihoyatda tarang tortilib ketgan bo’lsa kerak. Keling, birpas o’zimizni chalg’itaylik: men sizga bir-ikkita bo’lgan voqeani so’ylab beraman.

Toshkent viloyatining Bekobod tumanidan bo’lmish Qahramon ismli ukamiz 1994 yili (hozir u O’zbekiston radiosining Turk bo’limida ishlaydi) Istanbulda ikki yil tahsil ko’rib qaytdi. Qahramonning ajabtovur hikoyasi bunday:
— Bir kuni muallim O’zbekistondan o’qishga borgan talabaga murojaat qildi: “Qani, turk o’g’loni, savollarga javob berasizmi?” “Afandim, axir, men turk emasman-ku, o’zbekman”, dedi o’g’lon hayron bo’lib. “Nahotki?” dedi muallim ham hayratlanib. “Ha, shunaqa, ishonmasangiz, mayli, pasportimni ko’rsataman”, dedi o’g’lon xijolat tortib. “Turk emasmisiz?” deb qayta so’radi muallim. “O’lay agar, o’zbekman!” dedi o’g’lon qasam ichib. “O’zbeklar ham turk emasmi?” deb kulimsiradi muallim. “Yo’q, turk emas. To’g’ri, Farg’onada oz-moz turklar bor edi, lekin ularni allaqachon haydab yuborganmiz…” Shundan keyin mavzu yarim hazil, yarim chin tarzida davom etdi. Lekin, o’sha o’g’lon o’zini turk ekaniga aslo ko’nmadi.

Boshqa bir hikoyani Toshkent me’morchilik va qurilish institutida xizmat qiladigan olim do’stim Qobiljon To’laganov aytib bergan edi.

Qobiljonning ajabtovur hikoyasi bunday:
— Olmoniyaning Veymar shahrida kasbdoshlarim bilan tajriba almashib yurgan kezlarim olmon do’stlar bilan sayrga chiqdik. Shahar aylanib yursak, muhtasham ibodatxona yonida turgan olomonga duch keldik. Qiziqsinib, olomonga yaqinlashdik. Chunki Olmoniyada olomon to’dalashib turgan holat kamyob hodisa hisoblanadi. Xullas, ma’lum bo’ldiki, bu olomon hozirgina mashhur yozuvchimiz Chingiz Aytmatov bilan uchrashuvdan chiqib, taassurotlarini bir-birlari bilan o’rtoqlashayotgan ekan: hademay binodan yozuvchining o’zi chiqib keldi. Men yurtdoshim bilan salom-alik qildim. Chingiz og’a hol-ahvolimni, bu yerlarda nima qilib yurganimni so’radilar. “Praktikaga kelganman”, dedim. “Ko’ryapsizlarmi, bu yigit Toshkentdan, o’zbek bo’ladi. Men esam Bishkekdanman, qirg’izman. Lekin ikkovimiz bir-birimizning tilimizga bemalol tushunamiz. Chunki ikkovimiz ham turkmiz!” dedi Chingiz og’a tarjimonga yuzlanib. Men davradagilarga Chingiz og’aning so’zlarini olmonchalab tarjima qilib berdim. Ertasi kuni esa Chingiz Aytmatov kun bo’yi meni yonida olib yurdi: uchrashuvlar chog’i men Chingiz og’aga tarjimonlik qildim. Har galgi uchrashuv boshlanishidan oldin: “Janoblar, ma’zur ko’rasizlar, men millatdoshimni topib oldim. Bu yigit suhbatimiz chog’ida bizga tarjimonlik qiladi”, der edi to’lqinlanib.
Afandim, inshoolloh, bolsheviklar 1920 yil 23 yanvar kuni qabul qilgan qaror turklikka va turk birligiga aslo raxna solmagay!

Yana Buxoro inqilobi davriga qaytamiz.
1920 yil 14 fevral kuni Turkiston komissiyasida endi yosh buxoroliklar firqasi masalasi ko’riladi va “Shimoliy Turkistonda yosh buxoroliklar firqasi faoliyat ko’rsatishiga ruxsat etilib, unga moddiy yordam berish ga qaror qilinadi”.

1920 yil 7 iyun kuni boya eslatib o’tilgan Voytkevich raisligi ostida majlis bo’ladi. Voytkevich bolsheviklar tomonidan tayinlangan vakil bo’lib, u Buxoro bolsheviklari (Fayzulla Xo’ja, Qurbonov, Saidjonov kabilar) bilan Buxoro inqilobchilarini (Usmonxo’ja Po’latxo’jaev, Muzaffar kabilar) birlashtirishga harakat qiladi hamda har ikki guruhni Rusiya vakillari bilan maslahatlashgan holda ishlashga da’vat etadi. Majlisda Usmonxo’ja bunday deydi:
“Xalqimizga kommunizm qurish programmasini tushuntirib bo’lmaydi. Shuning uchun bu borada asta-sekin harakat qilish kerak. Agar bundan keyin Voytkevich bilan birga ishlasak, albatta, buxorolik kommunistlarga qo’limizni cho’zamiz — ular bilan yarashamiz ”.

Biroq, Usmonxo’janing tarafdorlari bo’lgan yosh buxoroliklarga bari bir bolsheviklar ishonmaydi. 1920 yil 30 iyun kuni Kuybishev raisligi ostida bo’lib o’tgan Turkiston komissiyasining majlisida bu haqda ochiq-oydin qaror qabul qilinadi:

“Buxorolik kommunistlarga moddiy yordam ajratilsin.
Yosh buxorolik inqilobchilar bilan aloqa qilinmasin, ularga hech qanday moddiy yordam berilmasin ”.
Buxorolik kommunistlar bilan inqilobchilar guruhi o’rtasidagi ziddiyat 1920 yil 3 avgust kuni bo’lib o’tgan Turkiston komissiyasining majlisida ham yaqqol ko’rinadi. Majlisga yana Kuybishev raislik qiladi. Unda buxorolik kommunistlar guruhidan ham, buxorolik inqilobchilar guruhidan ham vakillar qatnashadi. Majlis protokolida buxorolik kommunistlar guruhi vakilining: “Inqilobgacha ham, inqilobdan keyin ham yosh buxoroliklar (inqilobchilar) bilan qo’shilib bo’lmaydi. Chunki biz ularga ishonmaymiz. Ular til uchida kommunizm g’oyalariga sodiqmiz deydilar-u, aslida, kommunizm programmasiga qarshi siyosat yuritadilar , degan so’zlari qayd etilgan. Shunga qaramasdan, Turkiston komissiyasi inqilob arafasida noo’rin munozaraga chek qo’yish maqsadida Usmonxo’ja tarafdorlariga ham yordam berishga qaror qiladi. Albatta, bu “lo’lining eshagini sug’orib, pulini olgin” degandek bir taktika edi.

Nihoyat, 1920 yil 24 avgust kuni Birlashgan Qizil O’rdu qo’mondoni Konovalov shifrali buyrug’ini harakatdagi quvvatlarning qarorgohlariga yo’llaydi. Jumladan, Turkiston jabhasining qo’mondoni Frunzega o’z quvvatlari bilan “ko’rsatilgan joyda shay bo’lib turish” topshiriladi. Kogondagi rus quvvatlarining qo’mondoni Belov esa 29 avgust kuni Eski Buxoroga yurish boshlashi lozim edi .

Buxoro inqilobining qahramonlari madh etiladigan Sho’ro adabiyotlarida negadir Konovalov, Belov sha’niga emas, faqat Frunze nomiga hamd-sanolar o’qiladi. Bu hol ham bolsheviklarning soxta qahramon yasashga o’ch ekanini ko’rsatadi.

Anvar posho Bokuda qurultoy tufayli Sho’ro tuzumining muxolifati (T. Risqulov, Abdulhamid Cho’lpon xolosmi?) bilan bevosita tanishadi va ulardan haqqoniy ma’lumotlar oladi. Shuning uchun ham Anvar posho Buxoroning istiqboli to’g’risida asosli fikr-mulohazalar bildiradi:
“Aholisi, taxminan, ikki million bo’lgan Buxoro hukumatining sakkiz mingga yaqin suvoriy quvvati bor. Piyoda quvvati esa yanichar usulida qo’shinga olingan to’rt ming nafarga qadar bo’linmadan iborat. Bularning harbiy tarbiyasi bo’lmagani kabi qurol-aslahalari ham Temurdan meros qolgan pilta miltiqlardan iboratdir. Ikkita mitrolyuzi (pulemyoti) va bitta 7,5 sm.lik oddiy zambaragi bor. Buxoro inqilobi musulmon quvvati bilan amalga oshirilishi kerak. Bu inqilobga ruslarning qorishtirilishi salbiy natija berishi mumkin.

Oxir oqibat islom olami Buxorodan juda katta madad olajak. Ko’pchilik shunday fikrda. Bu inqilobda juda ehtiyot bo’lib harakat qilmoq lozim.

Sakkiz-o’n ming kishilik muntazam bir quvvat bilan Buxoroda har qanday inqilobni amalga oshirish mumkin. Bu quvvat Marvga kelgan afg’on yoki Turkistonda qo’noqlangan Boshqird hukumati jumhuriyasining quvvatlaridan olinishi mumkin. Zotan, Boshqird hukumatining raisi Zaki Validiy afandi bu islohotga tarafdordir ”.

Agar Behbudiy hazratlari 1919 yili: “O’rtadan nifoqni ko’taringiz!” deb vasiyat qilgan bo’lsa, Anvar posho 1920 yili Bokudagi qurultoy minbaridan: “Biz xalqning orzu-istaklarini bilamiz. U o’z xohishini erkin amalga oshirishiga tarafdormiz. Biz bizni sevadiganlar bilan birgamiz va ular bilan birga o’lamiz! Bizni sevmaydigan xalqning ham o’z ishini o’zi hal qilishiga tarafdormiz!” deb iqror bo’ladi. Anvar posho qurultoydan keyin o’z fikr-mulohazalarini raqamlar, hujjatlar bilan asoslab beradi. Minbarda o’qib eshittirilgan nutq matnida “bizni sevmaydigan xalqning ham o’z ishini o’zi hal qilishiga tarafdormiz” deganda esa, albatta, bolsheviklarga ishora qiladi. Ya’ni, “Qizim, senga aytaman, kelinim, sen eshit” qabilida III Internatsional tomoshasini sahnalashtirgan bolsheviklarni ogohlantirib qo’yadi. Turk tilining ma’no qatlamlarini tushunmaydigan, faqat tashqi ma’nosini anglab, “nim kosa”ni bilmaydigan pandavaqi bolsheviklar ham va afsuski, eng zamonaviy rus yozuvchilari ham: “Shunday qilib, Anvar kommunistik aravaga qo’shilgan ot kabi bo’lishga tayyorman, men sizlarga tarafdorman deb qasam ichadi ”, deya eski ashulani takrorlaydi, xolos.
Afandim, ushbu maktublarni yozishimga sabab bo’lgan narsa ham, aslida, “yangi chiqqan hofizdan eshitganim eski ashula”dir. U haqda keyingi maktubimda so’ylab beraman. Bilib turibman, bugun sizni ham, o’zimni ham nihoyatda charchatdim.

YETTINCHI MAKTUB

Boku qurultoyidan so’ng Anvar posho Berlinga qaytadimi yoki Rusiya doxilinda qolib, Buxoroda ro’y berayotgan voqealarni ishonchli ma’lumotlar asosida tahlil qiladimi — noma’lum. Har holda, Berlinga borib u yerda istiqomat qilayotgan oila a’zolaridan, xususan, rafiqasi Najiya xonimdan, farzandlaridan xabar olib, “Ittihod va taraqqiy” firqasining muhojiriyatdagi Markazqo’mida Buxoroda vujudga kelgan vaziyatni muhokama etgan bo’lishi ham mumkin.

Afandim, ehtimol, siz otangizni eng oxirgi marta ko’rganingizni eslarsiz? U paytlari, chamamda, besh-olti yashar edingiz…

Agar Buxoro vakillari Anvar posho bilan aloqa bog’lashga muvofiq bo’lgan esalar-chi? Tasavvur qiling: u paytlari, ayniqsa, 1920 yil sentyabr oyida amir Olimxon taxtdan ag’darib tashlangach, Buxoro doxilindagi milliy quvvatlar bir necha guruhga bo’linib ketgan edi. Ya’ni, Anvar posho Buxoro ahvoli to’g’risida, nuqsonsiz aloqa o’rnatilgan taqdirda, bir-birini inkor etadigan ma’lumot oladi: Usmonxo’ja rahnamoligidagi millatparvar kuchlar Rusiya askarlarining qonxo’rligi va amir tarafdorlarining johilligidan shikoyat qiladi. Fayzulla Xo’ja rahbarligidagi buxorolik kommunistlar Usmonxo’ja tarafdorlarini “og’machilik”da ayblaydi — ular mujohidlar bilan hamkorlik qilyapti deb noliydilar. O’z qishloqlarini rus askarlari tajovuzidan himoya qilayotgan va shuning uchun amirparast johillar sifatida badnom qilinayotgan mahalliy mujohidlar esa buxorolik jadidlarni sotqinlikda ayblaydi. Rusiya quvvatlarining qo’mondonlari bo’lsa, Buxoro xalqidan tortib olayotgan g’alla hisobidan “oziq-ovqat programmasi bajarilyapti” deb rapo’rt beradi… Agar bitta hodisaga olti nuqtadan (to’rt tarafdan — to’rt xil, ustidan va ostidan) bir-biriga qarama-qarshi bo’lgan olti xil baho berish va shu bahoga betaraf tinglovchini ishontirish, hech bo’lmasa, nazariy jihatdan mumkinligi e’tiborga olinsa, Anvar posho naqadar mushkul masalani hal qilayotgani ma’lum bo’ladi. Avval-boshdanoq, ruslarning pozitsiyasi rad etiladi. Shunday bo’lsa-da, Anvar posho oldida uchta buyuk masala ko’ndalang bo’ladi:
1. Buxoroda “kommunistik jamiyat” qurish kerakmi?
2. Buxoroda xalq boshqaruviga asoslangan dunyoviy davlat qurish kerakmi?
3. Buxoroda amirlikni tiklash kerakmi?

Albatta, birinchi galda Buxoroning mustaqilligini tiklash lozim edi. Boshqa ijtimoiy masalalarni faqat mustaqil mamlakat doirasida hal etish mumkin. Mustaqillik qo’lga kiritilmasa, fuqaroning huquq va erki to’g’risida safsata sotib o’tirishdan hech qanday naf yo’q.

Aslida, yosh buxoroliklar fuqaro ozodligi uchun kurash boshlaydi: ular shaxs ozod bo’lmasa, Vatan ozod bo’lmasligini bilardi. Biroq, ozodlik yo’lidagi kurash, oxir-oqibat, mustaqillik boy berilishiga olib boradi, xolos. Endi loaqal yarim mustaqillikni qo’lga kiritish, amir davridagi holatga qaytish zarur edi. Afsuski, amir davrida qalam (ma’rifat timsoli) bilan ro’yobga chiqarilishi mumkin bo’lgan ozodlik endi qilich (jismoniy qudrat timsoli) bilan qaytarib olinishi shart. Qilich tutishga emas, qalam ushlashga o’rgangan jadidlarning qo’llari milliy mujodala jabhasida ojizlik qilardi.

Bunday sharoitda, dastlab, o’rtadan nifoqni ko’tarish shart edi. Yo’qsa, hech narsaga erishib bo’lmasdi.

Rusiya askarlari poshnasi ostida ingrayotgan Buxoroi sharif barcha milliy mujodala kuchlarini birlashtira oladigan bitta Rahnamoga muhtoj bo’lib qoladi. Guruhlarga bo’linib, tarqoqlashgan milliy mujodala quvvatlari Buxoro doxilindan chiqadigan Rahnamoga bo’ysunmaydi. Chunki o’rtaga nifoq tushgan edi. Guruhlar milliy manfaatni o’zlari bilganicha, o’zlari tushunganicha va o’zlari mansub guruhning manfaatiga mos ravishda himoya qiladi. Zinhor-bazinhor, milliy manfaat uchun guruh manfaatidan voz kechmaydilar. Voz kechishi ham mumkin emasdi. Chunki o’rtaga qonli intiqom raxna solgan edi: yosh buxoroliklar F. Kolesov qavatiga kirib Buxoro amiriga qarshi tig’ ko’taradi; amir esa Buxoro doxilindagi ikki ming nafarga qadar taraqqiyparvar jadidlarni (Behbudiy hazrat ham o’shalardan bittasi) qatl ettiradi. Eng dahshatlisi — amir hukumati va muxolifat (yosh buxoroliklar) o’rtasidagi nifoq nayzasi 1918 yildan e’tiboran, ikki yil davomida avom xalq yuragiga sanchiladi hamda amir 1920 yilning sentyabr oyida Arkdan haydab chiqarilgach, to 1921 yilning mart oyida Buxoro amirligi doxilini tark etgunga qadar Sharqiy Buxorodagi qavmlarni bolsheviklar bilan jadidlarga qarshi oyoqqa turg’azishga ulguradi. Boz ustiga, yosh buxoroliklar o’rtasida ham ittifoq yo’q edi.

1d8e275fd390ff6538c2b8275160354d.jpgBuxoroda kechayotgan murakkab jarayonni Anvar posho teran idroki bilan tahlil qiladi va bu jarayonga g’ayrat bilan aralashmasa, Buxoro xalqi bir-birini qirib bitirishi mumkinligini aniq-ravshan his etadi. Agar milliy quvvatlar o’rtasidagi mujodalaga chek qo’yilmasa, ularga haqiqiy dushman — bolsheviklar o’rdusi ekanligi anglatilmasa va bolsheviklarga qarshi barcha milliy quvvatlar bir yoqadan bosh chiqarib harakat etmasa millat yo’q bo’lib ketadi, qirilib bitadi. Faqat to’da-to’da olomon qoladi, xolos. Qanday qilib bo’lsa-da, milliy fojianing oldini olish va turklarning bobomeros yurtini asrab qolish farz edi. Tomirida turk qoni oqayotgan, yuragida islomiy e’tiqodi bo’lgan o’g’lon Buxoro fojiasiga befarq qarashi mumkin emasdi.

“Buxoro inqilobi boshlanar-boshlanmas ma’naviy va moddiy jihatdan bu yerga bog’liq bo’lgan ulamo Turkistonni tark etib, tinch mamlakatlarga qochib ketdi. Shu tarzda Turkistondagi mavjud nizo o’rtadan ko’tarildi.
Bugun Turkiston xalqi mamlakatni mustaqil idora etishga qodir emas.
Turkiston xalqi juda mehmondo’st va munis kimsalardir ”.

Anvar posho hali Buxoroga tashrif buyurmasdan ilgari mana shunday xulosaga keladi. Shubhasizki, bolsheviklarning so’zi bilan amali boshqa-boshqa ekanini ham anglab yetadi, bolsheviklarning “dohiylari” o’z hokimiyatini mustahkamlash uchun va hokimiyatga xizmat qilayotgan ichki Rusiyadagi harbiy quvvatlarni oziq-ovqat bilan ta’minlash uchun Buxoroni aslo mustamlaka iskanjasidan qutqarmaydi. “Mazlumlar ozodligi”, “millatlarning o’z taqdirini o’zlari hal etishlari” to’g’risidagi safsatalar avom askarlarini va bolsheviklar tarafdori bo’lgan mahalliy millat quvvatlarini laqillatish niyatida o’ylab topilgan soxta shiorlar edi, xolos. Bolsheviklar qutqusiga uchib Sharqiy Buxoroni ishg’ol qilayotgan rus askarlari, aslida, nima uchun jang qilayotganini ham, nima uchun qurbon bo’layotganini ham bilmasdi. Rus xalqi bolsheviklarning g’arazli manfaati yo’lida qurbon qilinadi va ular Turkiston xalqining tavqi la’natiga uchraydi. Bolsheviklar va rus-slavyan-nasroniy va turk-tojik-islomiy xalqlar o’rtasiga qonli nifoq soladi: endi bitayotgan eski yaralarni yangilaydi.

Enver-Paşa-Napolyon-Kapak-Fotoğrafı.jpg</a

Ana shunday chigal bir vaziyatda Anvar posho to’g’ridan-to’g’ri kelib Buxorodagi milliy quvvatlar safiga qo’shilsa, albatta, kalta o’ylagan bo’lardi. Chunki Rusiya doxilinda fuqarolar muhorabasini o’z foydasiga hal etgan bolsheviklar harbiy quvvatlarini Buxoro jabhasiga yo’naltirib tarqoq milliy mujodala quvvatlarini osonlikcha mahv etib yuborardi. Shu bois, birinchi navbatda, Buxoro doxilindagi milliy kuchlarni yagona qo’mondonlik ostida birlashtirish kerak edi. Hech bo’lmasa, milliy kuchlar yagona qo’mondonlik ostida birlashguncha bolsheviklarga Anvar posho asl niyatini bildirmasligi lozim edi. Shuning uchun Anvar posho bolsheviklarga o’zlarining tezagini o’zlariga yediradi. Boku qurultoyidan to Buxoro zaminiga qadam qo’yguncha o’tgan davrdagi Anvar poshoning xatti-harakatlari, siyosiy taktikasi bolsheviklarga pand berishga qaratilgan edi: u Buxorodagi vaziyatni sarkarda va siyosiy arbob sifatida sinchikab kuzatib, tegishli xulosalar chiqarib boradi. Ayni paytda bolsheviklarning “buyurtmasi”ni bajarishdan ham namoyishkorona bo’yin tovlay olmasdi.

Anvar posho baland dorga langarcho’psiz chiqqan dorbozga o’xshardi. Vaziyat benihoya qaltis edi.

1864 yilda batamom chor Rusiyasi tarkibiga qo’shib olingan Gurjiston Petrogradda ro’y bergan davlat to’ntarishidan foydalanib, 1917 yilning noyabr oyida mustaqillikka erishadi: hokimiyatni gurji mensheviklari egallab oladi. 1918 yilning 3 mart kuni Rusiya hukumati tomonidan Brest-Litovskda imzolangan shartnomaga ko’ra, Gurjistonning janubiy-g’arbiy hududlarida joylashgan Kars, Botumi, O’rdaxon o’lkalari Turkiya ixtiyoriga beriladi. Biroq, 1918 yilning 13 noyabr kuni Rusiya hukumati Brest sulhini bekor qiladi. 1920 yilgacha bolsheviklar hukumati Gurjistonga qarshi tajovuzkorlik yurishini boshlay olmaydi: markaziy hokimiyatni “oq gvardiyachilar” hujumidan saqlash bilan band bo’ladi. Rusiyada fuqarolar urushi bolsheviklar foydasiga hal bo’lgach, Gurjistondagi mensheviklar hukumati ichida nizo boshlanadi: ko’pchilik Rusiyaga qo’shilish, bolsheviklar hukumatini tan olish tarafdori bo’ladi. Bunday sharoitda Antanta quvvatlariga tayangan Turkiya o’rdusi Gurjistonning janubiy-g’arbiy hududlarini ishg’ol qiladi. “Antanta bizga chuqur qazib, o’sha chuqurga o’zi tushdi. Chunki biz Sovet Armanistoniga ega bo’ldik ”, deydi V. I. Lenin o’sha hodisa to’g’risida. Ustiga ustak, 1921 yilning fevral oyida Gurjistonda hokimiyat bolsheviklar qo’liga o’tadi. Botumida esa gurji mensheviklaridan iborat millatchi guruh Muvaqqat hukumat tuzadi. Aftidan, ularni Turkiya o’rdusi quvvatlaydi. Chunki bolsheviklar Rusiyasining qo’qqis hujumlarini birinchi bo’lib qaytaradigan “bufer” davlat tashkil etilishidan, shubhasiz, Turkiya manfaatdor edi.

1921 yilning yoz faslida Rusiya bilan Turkiya chegarasidagi vaziyat mana shunday edi: og’irroq tosh qo’yilsa — bas, tarozi pallasi bir tomonga og’ib ketishi hech gap emasdi.
1921 yilning 22 iyunidan 12 iyuliga qadar Moskvada Internatsionalning 3-kongressi bo’ladi. Unda Lenin bolsheviklarning taktikasi to’g’risida nutq so’zlaydi. Anvar posho ham bu anjumanda ishtirok etgan bo’lishi mumkin. Ammo, faollik ko’rsatmaydi — o’zining “taktikasi”ni o’ylab o’tiradi, xolos.

1921 yilning yoz faslida Anvar posho Rusiya hukumatiga “jahon inqilobiy tashkiloti” to’g’risidagi bayonotini topshiradi. 30 iyul kuni esa bolsheviklar Anvar poshoni Botumiga jo’natadi. Nima uchun? Chamasi, Rusiya hukumati Kamol poshoni qo’rqitmoqchi bo’ladi: Turkiyaning bo’lajak Prezidenti biz tarafda; xohlasak, uning ixtiyoriga harbiy quvvatlarni berib, Anqara hukumatini ag’darib tashlaymiz, demoqchi bo’ladilar. Har holda, Anvar posho Botumiga “sovet hokimiyatini o’rnatish” uchun yuborilmagani aniq. Chunki 16 iyul kuni Ajariston sotsialistik Sho’ro hukumati muxtoriyat sifatida Gurjiston tarkibiga kirib ulgurgan edi.

O’sha yillari Ovrupodagi ommaviy axborot vositalarida Anvar poshoning Botumiga tashrifi munosabati bilan shov-shuv ko’tariladi. Jumladan, Istanbulda nashr etiladigan armanlarning Oog xovupti Tsain” ro’znomasi bunday deb yozadi (gazeta nomi noto’g’ri bo’lishi mumkin):
“Botumida davlat to’ntarishi ro’y berdi. Anvar posho va uning tarafdorlari Muvaqqat hukumatni ag’darib tashlab hokimiyatni qo’lga oldi. Anvar posho hukumat boshlig’i deb e’lon qilindi. Anvar poshoning izdoshi Bahodir Shokir esa Xorijiya noziri vazifasiga tayinlandi. Tiflis shahridagi Qizil O’rduning 64-diviziyasi yordamga yuborildi. Botumida harbiy holat joriy etildi.

Anqara hukumati uch kunlik muhlat ichida Anvar poshoning Botumidan chiqib ketishini talab qildi. Aks holda, Kamol posho ixtiyoridagi quvvatlar Botumini ishg’ol etadi ”.
Sho’raviy ma’lumotlarda aytilishicha, go’yo Kamol posho hukumati Moskvadan Anvar poshoning haydab chiqarilishini 1921 yilning noyabr oyida talab qiladi: agar bu talab bajarilmasa, diplomatik munosabatlar uziladi . Vaholanki, 1921 yilning noyabr oyida Anvar posho Sharqiy Buxoroning Boysun deparasida milliy mujodala kuchlarini yagona qo’mondonlik ostida birlashtirish to’g’risida qizg’in muzokara yuritish bilan mashg’ul edi. Demak, bolsheviklar Botumida Anvar poshoga chuqur qazib, o’sha chuqurga o’zlari tushadi.

Ma’lumki, bolsheviklar “nafasni rostlab olish uchun” 1918 yili mart oyida “Brest sulhi”ni imzolaydi. Anvar posho esa “nafasini rostlab olish uchun” bolsheviklar istagi bo’yicha Botumiga borishga rozi bo’ladi. Ya’ni, Anvar posho bolsheviklarning… sopini o’zlaridan chiqaradi.

Anvar poshoning Buxoroga kelishi tasodifiy hodisa bo’lmasdan, puxta o’ylangan qonuniy hol edi. Aslida, Anvar posho hazratlari Buxoro doxilinga 1910 yildayoq “Ittihod va taraqqiy” firqasining o’lmas g’oyasi shaklinda kirib keladi. Endi esa turklik va turk birligi g’oyasini moddiylashtirish imkoni tug’iladi. Biroq, sharoit nihoyatda murakkablashib, chigallashib ketgan edi.

Hoji Sami va Bartinli Muhiddinbeklar hamrohligida Anvar posho 1921 yilning oktyabr oyida Botumi — Boku — Krasnovodsk — Ashxobod — Marv — Bayramli — Chorjo’y yo’nalishi bo’yicha Buxoroga keladi. Uni xalq ko’tarinki kayfiyatda kutib oladi. Buxorodagi rus quvvatlari xalqning ko’tarinki kayfiyatini ko’rib sarosimaga tushib qoladi. Anvar posho Buxoro Xorijiya nozirligi binosida yigirma uch kun qo’noq bo’lsa, har kuni xalq vakillari uni ziyorat qilgani kelaveradi. Anvar posho esa milliy hukumat a’zolari va jadidlarning inqilobiy qo’mitasi bilan muzokaralar olib boradi.

Bir kuni Rusiya hukumatining Buxorodagi elchisi Yurneev Anvar poshoni qabuliga chorlaydi. Suhbat payti elchi: “Buxoroda ko’p turasizmi?” deb so’raydi. Anvar posho bu savoldan Rusiya hukumati asabiylasha boshlaganini sezadi va tezroq Buxoro shahrini tark etish harakatiga tushadi.

Buxoro respublikasi Nozirlar Kengashining raisi Fayzulla Xo’ja o’sha kunlari joylarda tekshirish o’tkazish bahonasida Karkiga boradi va u yerdan Boysunda turgan Usmonxo’jaga telegraf orqali Buxoroga Anvar posho kelganini ma’lum qiladi.

Usmonxo’ja bilan Harbiya nozirining muovini Ali Rizobek Termizdagi harbiy quvvatlar qo’mondoni Hasanbekni: “Biz Anvar posho bilan uchrashmoqchimiz”, deb ogohlantiradi va undan shoshilinch ravishda Buxoroga borib kelishni iltimos qiladi. Bu ishga Hasanbekni jalb etishayotganiga sabab shuki, u bir paytlar Anvar posho bilan Monastrdagi harbiy bilim yurtida birga tahsil ko’rgan edi. Anvar posho Hasan afandidan bir bosqich quyida o’qiydi; keyin Makedoniyada Turkiyaning 3-armiyasi safida xizmat qiladilar. Anvar posho Hasan afandini o’z og’asi kabi yaxshi ko’rardi. U Botumida yurgan kezlaridayoq Hasan afandi Buxoroda milliy quvvatlar qismiga qo’mondonlik qilayotgani to’g’risida xabar topadi. Xullas, Hasanbek Buxoroga borib Anvar poshoga Buxoro respublikasi rahbari Usmonxo’janing maktubini va shaxsiy salomini topshiradi.
1921 yil 16 oktyabr kuni Anvar posho Buxorodan Berlinga — qardoshiga maktub yo’llaydi.

Afandim, siz bu maktubni takror-takror o’qigan bo’lsangiz-da, lekin men yana bir bora birgalikda o’qib ko’rishni taklif qilaman.

“Komiljon! Nihoyat, Buxoroga keldim. Albatta, Sami bilan birgalikda. Mamlakatdagi vaziyatni barqaror qilish uchun bizning harakatimiz foydali bo’lishi mumkin. Hozircha shu yerda bo’laman. Berlinga borsam, yana bir marta bu yerlarga qaytib kelish imkoni bo’lmaydi. Insholloh, yaqin orada bu yerdagi vaziyatni barqarorlashtiramiz. Jijimni senga topshiraman. Dunyodagi hayotim, har nimam o’zlariga xizmat qilishini ular bilishadi.

Menga yozadigan maktublaringizni Berlindagi Afg’oniston vakili vositasi bilan va Moskvadagi Afg’oniston elchixonasi yo’li bilan Buxorodagi Afg’oniston elchixonasi nomiga yuborishingizni iltimos qilaman. Sen muntazam yozib tur va Sulton afandi hazratlarining (Najiyaxonimni nazarda tutyapti: izoh meniki — N. B.) ham yozishini ta’min et. O’n ikkinchi iyuldan (o’sha kuni Moskvada III Internatsionalning 3-kongressi o’z ishini tamomlagan edi: izoh meniki — N. B.) buyon hech bir maktub olganim yo’q.
Ehtimol, bu oydan keyin Buxorodan chegaraga yetib borib inqilobchilarning ahvoli bilan tanishaman.

Mening jamg’armam bo’lgan yigirma oltinning sizga berilishini Nozimbekka ham yozdim. Uni olib xarjlaysiz.
Hozircha ko’zlaringdan o’pib, Ollohga omonat etaman.
Otamning Botumiga kelishi endi muvofiq bo’lmaydi. Menimcha, u taraflarda qolishi endi majburiydir.
Har bir maktubingda farzandlarimning va Sulton afandi hazratlarining va o’zingning fotograflaringni yubor”.

29 oktyabr kuni Anvar posho Komilbeyga yana bir maktub yo’llaydi.
“Endi hech kim Rusiyaga kelmasin. Hatto otam ham kelmasin. Inshoolloh, bu yerdagi hayotim yaxshilikka bo’lar… Inshoolloh, quchoqlashib ko’rishamiz.
Hozircha oilaning butun yuki senga hadyadir.
Ko’zlaringdan o’pib, hammangizni Ollohga omonat etaman ”.

“Endi hech kim Rusiyaga kelmasin. Hatto otam ham kelmasin”, deb ta’kidlaydi Anvar posho. Bundan ko’rinadiki, demak u Buxoroga borib milliy mujodala quvvatlari safiga qo’shilmoqchi ekanini hatto eng yaqin kishilaridan ham pinhon tutadi. Chunki bu ishdan Rusiya hukumatining Ovrupoda izg’ib yurgan “iskovuch itlari” xabar topsa, sa’y-harakatlar zoe ketishini Anvar posho juda yaxshi bilardi.

Lekin, Berlinda muhojirlikda bo’lgan “Ittihod va taraqqiy” firqasining Markaziy umumiya hay’ati Anvar posho rejalaridan xabardor va unga tarafdor edi. Anvar poshoning 1921 yil 30 oktyabr kuni Buxorodan ular nomiga yo’llagan hisobot maktubi shundan dalolat beradi.
“Berlindagi Markaziy Umumiya hay’ati muhtaramasiga!
1. Botumidan va Moskvadan kutilayotgan do’stlarimiz kelgunicha bu yerda bo’lamiz… Vaziyat to’g’risida ma’lumot olib, natijasini sizlarga xabar qilamiz.
2. Bundan keyin Jamol posho qardoshimiz Buxoro va Turkiston hududida faoliyat ko’rsatadi.
3. Buxoro yangi hukumati bir yoshga to’ldi. Juda ko’p mushkulotlarga qaramasdan, to’g’ri ishlayapti. Qardoshimiz Nozimbek bu haqda sizlarga batafsil ma’lumot beradi. Moskva hukumati bu yerning ham Xevaning ishlariga yakka o’zi aralashyapti. Bu yerda to’plangan quvvatlar ila mashg’ul bo’lishyapti. Rus ishg’ol quvvatlari ko’plab yo’qotishlarga duchor bo’lyapti. Dushanbe atrofidagi rus quvvatlari 800 nafardir.
4. Moskva siyosati hozirgi holda xalqning orzusiga mos ravishda harakat qilish tarafdori.
5. Gazeta va xabarlarni Alibey nomiga Berlindagi Afg’oniston elchixonasi vositasi bilan, mumkin bo’lsa, haftasiga bir marta pochta yuborilishini iltimos qilamiz ”.
Albatta, “Ittihod va taraqqiy” firqasining Markaziy Umumiya hay’ati Anvar poshoning Sharqiy Buxorodagi faoliyatidan norozi ekanini bildirib bayonot e’lon qilishni ham unutmaydi. Shu yo’sinda Rusiya hukumati Anvar posho go’yo o’zboshimchalik bilan harakat qilyapti degan noto’g’ri xulosaga kelishi lozim edi. Haqiqiy ahvol ma’lum bo’lguncha Anvar posho Sharqiy Buxoroda milliy mujodala quvvatlarini birlashtirishga ulgursa bas.
1921 yilning 4 noyabr kuni Anvar posho Buxorodan Berlinga eng oxirgi maktubini yo’llaydi.
“Komil!

Hozirgacha sizdan hech qanday xabar yo’q. Juda tashvishlanyapman. Vaqt ziq. Bu yerda ortiq kutolmayman. Erta yo indin Moskvadan telegraf keladi. Binobarin, hamma narsani hozirlab qo’ydim. Ollohning izni bilan yakshanba kuni tongda yo’lga tushaman.
Jijimga hamma narsani mufassal yozyapman.

Sultonim va farzandlarim senga omonatdir. Ular dunyoda men uchun eng aziz ekanini, vazifam naqadar muhimligini ularga tushuntirib bergin. Sening mardligingga ishonaman va Haq taoloning yordami siz bilan bo’lajagiga aminman. Hammangizga Ollohdan tinchlik tilayman!
Sultonimning iffat va nomusini har qanday sharoitda ham himoya qilinishini ta’minlagin! Bo’lmasa, men uchun hamma narsa hatto o’lganimdan keyin ham mahv bo’lgan kundir ”*.
1921 yil 8 noyabr, juma kuni Buxoroi sharifning Namozgoh darvozasida Anvar posho yuz nafar qadar suvorilar kuzatuvida Sharqiy Buxoro tomon yo’l oladi. Hoji Sami, Hasan afandi, Bartinli Muhiddinbek va Nafibeklar poshoga hamroh bo’ladi.

Ertasi kuni Qarshida bir eshon xonadonida mehmon bo’ladilar.

Uchinchi kuni Sherobod bilan Sayrob o’rtasida joylashgan bir qishloqda qo’noq bo’ladilar. So’ng, tog’dan oshib o’tib, Qobodiyon deparasiga tushadilar.

Jumabozor qishlog’ida Anvar posho Buxoro respublikasining rahbari Usmonxo’ja va Ali Rizobek nomiga maktub yozib beradi. Chopar maktubni olib yo’lga tushadi va Boysundan

Dushanbe tomon ketayotgan sohiblarni Denovda quvib yetib maktubni topshiradi.

Anvar posho yon-atrofidagi zobitlarga ham, Buxoro milliy hukumati tasarrufidagi quvvatlarning qo’mondonlariga ham bosmachilar bilan qurolli to’qnashuvga yo’l qo’ymaslik to’g’risida farmon beradi.

Shunday qilib, Anvar posho Sharqiy Buxoro doxilinda faoliyat boshlaydi. Xo’sh, bu paytlari Sharqiy Buxoro qay ahvolda edi?

Afandim, keyingi maktubimda ayni shu mavzuda fikr yuritiladi.

O’N YETTINCHI MAKTUB

1922 yilning iyul oyi oxirlarida Anvar posho Obidara qishlog’iga qarorgoh tikadi. Obidara — Qizilsuv sohiliga, o’rkach-o’rkach adir bag’riga joylashgan tog’li qishloq. Nomidan ham ko’rinib turibdiki, “suvli dara” yoki “daradagi suv”. Obidara deparasi Boljuvondan janubi sharq tarafda bo’lib, Hovaling tumani chegarasiga tutash. Tog’li o’lka. Dengiz sathidan, taxminan, 1500 metr balandlikda. Atrof ko’m-ko’k. Lalmikor yerlar. Unumdor. Bog’-rog’lari serhosil. Chorvasi semiz. Obi havosi toza. Yozi unchalik issiq bo’lmaydi. Tepada ukpar bulutlar suzib yuradi. Tez-tez yomg’ir yog’ib o’tadi. Iyul oyida tog’ bag’rida o’sib yotgan har xil o’tlar otni ko’madi: o’tlar orasida ot borligini faqat kishnagan payti, boshini ko’tarib atrofga hurkib qaragan chog’idagina payqash mumkin.

Hozirda Obidara qishlog’i o’rnida serdaraxt, changalzordan iborat eski mozor qolgan, xolos. Mozordan qushlar chug’urlashi eshitilib turadi. Mozor sukut saqlamaydi. Bedor.
Olisda ulkan tepalik bor. Tepalik ustida oq bulut osilib turadi. O’sha oq bulut soyasida to’rtta shahidning qabri bor. U tomonga yayov borish kerak. Mashina jarlikdan o’tolmaydi. Lekin, otda borish mumkin. Odam yurolmaydigan joylarda ham ot bemalol yuradi. Chunki, otning to’rtta oyog’i — to’rtta tayanch nuqtasi bor.

Iyul oyining oxirlarida Anvar poshoning qarorgohi Obidara qishlog’ining so’lim bog’ida joylashgan edi. Deyarli bir oy davom etgan og’ir janglardan so’ng mujohidlar chekinib-chekinib shu joyga yetib kelishadi. Rus quvvatlari hamon ularni ta’qib etardi. To’p o’qlarining gumburlashi qarorgohdan ham eshitiladi. Ruslar Boljuvonni ishg’ol qilmoqda.

Uchinchi avgust kuni Anvar posho Berlinda muhojir bo’lgan oilasidan maktub oladi. Bag’oyat xursand bo’ladi. So’ng ma’yus tortadi. U sevikli rafiqasini, shirintoy farzandlarini, ayniqsa, kenjatoy o’g’li Chingizbeyni (aslida, kenja o’g’ilning ismi Alibey ekan; bu haqda turkona so’zboshida izoh berilgan) juda-juda sog’ingan edi.
Afandim, siz o’shanda nechchi yashar edingiz? 1922 yilning Qurbon hayiti kunlarini eslaysizmi?

Men Abdulla Rajab afandining kitobida yozilgan tarix bo’yicha Qurbon hayiti Obidarada qanday kutib olinganini xayolan jonlantirishga harakat qilaman .

Davlatmandbiyning qarorgohi Hovalingda edi. Anvar poshoni Hayit namozini birga o’qishga taklif qiladi. Posho hamrohlari bilan 1922 yilning 4 avgust, payshanba kuni tong otmasdan Obidaradan Hovaling tomon otlanadi. Anvar posho bilan hayit namozini birga o’qish baxtiga muyassar bo’lajak xalq, Davlatmandbiyning mujohidlari Obidara yo’liga intiq bo’lib tikilib turishardi. Nihoyat, poshoning qorasi ko’rinadi. Uni shod-hurramlik bilan kutib oladilar. Sohildagi asriy daraxtlar soyasida hozirlangan joyga o’tiradilar. Taomilga ko’ra, bir-ikki piyoladan choy ichiladi. Hayit bilan bir-birlarini qutlaydilar. Davlatmandbiy Anvar poshoga zarbof chopon sovg’a qiladi. Posho nihoyatda sevinadi. So’ng xaloyiq hayit namoziga saf tortadi. Hayit namozi o’qiladi. So’ng, yana qutlovlar boshlanadi. Soya-salqin joyda o’tirishib ovqatlanadilar. So’ng Obidaraga qaytiladi. Poshoning e’tiroz bildirishiga qaramasdan, xalq uni yarim yo’lgacha kuzatib boradi. Yarim yo’lda samimiy xayrlashadilar. Xalq xursand bo’lib iziga qaytadi.

Kechki soat o’n bir. Obidara qarorgohida safdoshlari poshoni qurshab o’tirishadi. Shirin suhbat yarim kechaga qadar davom etadi. “Xudo xohlasa, keyingi hayit namozini Buxoroi sharifda o’qiymiz”, deb niyat qiladilar. Posho Vatan to’g’risida so’ylaydi, el-yurt to’g’risida so’ylaydi. “Vazifamiz naqadar muhim ekanini bilingiz”, deydi. Vaqt yarim kechadan og’ganda davra ahli qo’zg’oladi. Posho do’stlarini to’xtatib: “Men sizlarga hayitlik berolmadim, — deydi xijolatomuz. — Kelinglar, o’zimizga-o’zimiz ajoyib sovg’a beraylik: sizlar do’stligimiz to’g’risida bir necha jumlani qog’ozga tushiringlar, men varaq ostiga o’z muhrimni bosib beraman, — deb taklif qiladi. — Shu yozuv keyinchalik ham do’stligimizni bir-birimizga eslatib turadi”. Poshoning taklifi bajonidil qabul etiladi.

Afsuski, Abdulla Rajab afandining Toshkentdagi KGB arxivida saqlanayotgan kitobining ruscha tarjima nusxasida o’sha matn tushirib qoldirilgan. Ehtimol, asl nusxada Anvar posho hazratlari o’z muhrini bosgan noyob yodgorlik bordir?

Anvar posho do’stlarining dil so’zlari yozilgan qog’oz ostiga o’z muhrini bosib beradi. Hamma yotog’iga tarqaladi. Posho esa…

Afandim, Qurbon hayitining birinchi kechasi posho o’z hayotining so’nggi damlari yaqin qolganini ilohiy sezim bilan his etadi.
“Uning avzoyida qandaydir g’alati o’zgarishlar zohir bo’ldi. Ko’zlariga, yuzlariga motam nuqsi urgandek edi ”, deb e’tirof etadi Abdulla Rajab afandi.

Poshoning ilohiy sezimi to’g’risida boshqa bir ashyoviy dalil ham bor. Bu dalil Abdulla Rajab afandining “Turkistonda milliy mujodala” kitobida ham, 1991 yili Tokioda nashr etilgan (1919—1922 yillarga doir) poshoning yozishmalari orasida ham uchramaydi. Demak, undan hech kim xabardor bo’lmagan. Faqat poshoning bitta o’zi bilardi. Bu dalil shundan iboratki, Tojikiston Kompartiyasi arxividagi (31-no’merli fond, 1-no’merli ro’yxat) 67-jildtaxlamda saqlanayotgan hujjatdir. Partiya arxivi mutaxassislari hujjat ostiga quyidagi izohni yozib qo’ygan: “1. Bu hujjat Anvarning o’limidan so’ng topilgan. Shubhasiz, izdoshlari tarafidan Anvarning o’limi yaqin qolgani to’g’risidagi gaplar bilan to’ldirilgan va bezatilgan. 2. Xat Boljuvon ostonasida Anvar bizning suvoriylarimiz tomonidan o’ldirilgan 1922 yilning iyul oyiga aloqador ”.

Demak, bu ashyoviy dalil Anvar poshoning vasiyatnomasi bo’lib, o’limidan so’ng topilgan. Rus askarlari jang maydonida qolgan mujohidlarning jasadlarini tintuv qilganini, jasadlarning qimmatbaho buyumlarini talon-taroj qilinganini, albatta, Partiya arxivi xodimi to’g’ridan-to’g’ri tasdiqlamaydi, ammo inkor ham etmaydi (ya’ni, bevosita tasdiqlamasa-da, bavosita tasdiqlaydi). Vasiyatnomaning asl nusxasiga e’tiroz bildirilmagani holda unga yozilgan “so’zboshi” Anvar poshoning izdoshlari tomonidan yozilgani taxmin qilinadi. Partiya arxivi xodimining “izohi” xato ekanini Anvar poshoning o’limi sanasi noto’g’ri ko’rsatilganidan (“iyul oyi”) ham yaqqol bilinadi. Agar bu xat, rostdan ham, Partiya xodimi ta’kidlaganidek, “Anvar poshoning o’limidan so’ng topilgan”, bo’lsa, xo’sh, uni Anvar poshoning izdoshlari qanday qilib “to’ldirishi” yoki “bezatishi” mumkin? Axir, ular Anvar posho shahid bo’lgandan keyin yonidan topilgan shaxsiy buyumlarini ko’rmaganlar-ku? Poshoning cho’ntaklaridagi hamma narsani ruslar talab ketishadi. Posho faqat qonli kiyimida qoladi, xolos.

Bo’pti, vasiyatnomaga Anvar poshoning izdoshlari “so’zboshi” yozgan bo’lsin. Aslida, vasiyatnomani posho hech kimga ko’rsatmaydi: agar 4 avgust oqshomida vasiyatnoma to’g’risida gap bo’lganda
edi, Abdulla Rajab afandi bu haqda o’z kitobida to’xtalgan bo’lardi. Xo’sh, so’zboshini kim yozgan? So’zboshi quyidagicha: “Turkiston va Kavkazdagi birodarlarimizni kofirlardan va zolim bolsheviklardan ozod qilish uchun va bu muqaddas o’lkalarda Shariat va islom qudratini tiklash uchun Anvar posho keldi va yaramas kofirning o’qidan halok bo’ldi. O’sha Anvar posho vasiyat qiladi ”. Xullas, mana shu so’zboshini Partiya arxivi xodimi “to’ldirilgan”, “bezatilgan” deb o’ylaydi. Menimcha, so’zboshini ham Anvar poshoning o’zi yozgan. Chunki, vasiyatnomani safdoshlariga ko’rsatishga ulgurmasligini sezadi. Balki, ularning ruhini tushirmaslik uchun vasiyatnoma yozganini yoki endi yozayotganini umuman aytmaydi. Qolaversa, vasiyatnoma hali tamomlanmagan edi. Tamomlanmagani uchun ham ostiga sana ham, imzo ham qo’ymaydi. Ertalab vasiyatnomani yana bir bora ko’zdan kechirib, ba’zi o’zgarishlar kiritishni mo’ljallab qo’ygan bo’lsa-da, ajab emas. Partiya arxivi xodimi nazarida “bezak” bo’lib ko’ringan so’zboshi, aslida, hech qanday bezakka o’xshamaydi. Unda bor haqiqat e’tirof etiladi, xolos. Partiya arxivi sharhlovchisi nega xato qilgan? Buning birtalay sabablari bor. Shundan ba’zilarini keltiraman.

Birinchidan. “Juda katta talofat ko’rgan bosmachilarning Doniyolbek boshchiligidagi kichik guruhi qurshovni yorib chiqib ketadi ”. Doniyolbek — turk zobiti: uning qiyofasi, shiddati Anvar poshoni eslatishi mumkin. Ruslar, dastlab, Anvar posho qurshovni yorib chiqib ketdi deb o’ylaydi.

Ikkinchidan. “Tayms” gazetasining raddiyasi: “O’tgan 175-no’merimizda Amerikaning “Assoshieyted press” agetligi 19 avgust kuni Moskvadan yuborgan xabarini e’lon qilgan edik. Unda Buxoro doxilinda bolsheviklarga qarshi jangda Anvar posho halok bo’lgani aytilgan edi. Yaqinda ma’lum bo’ldiki, bu xabar haqiqatga to’g’ri kelmadi ”. Moskva hukumati Anvar poshoning halok bo’lganini 19 oktyabr kuni rasmiy ravishda tasdiqlaydi . Ammo, noyabr oyining o’rtalariga qadar xalqaro ommaviy axborot vositalarida Anvar posho tirik ekani to’g’risida xabarlar tarqatilaveradi. Hatto Afg’oniston hukumati ham faqat 2 oktyabr kuni Anvar poshoning o’limi munosabati bilan mamlakatda bir kunlik motam e’lon qiladi va motam marosimida shaxsan Omonulloxon ishtirok etadi . To avgust oyining oxirlariga qadar Anvar posho shahid bo’lgani ruslarga noma’lum edi. Rusiya hukumati 19 avgust kuni: “Anvar posho o’ldi”, deb bayonot beradi-yu, keyin bu xabarni na tasdiqlaydi, na inkor etadi. Faqt oktyabr oyida, Afg’oniston hukumati rasmona motam marosimi o’tkazgandan keyingina Moskvada Anvar poshoning o’limi to’g’risida baralla aytiladigan bo’ladi.

Demak, rus askarlari mujohidlarning jasadlaridan talab olgan buyumlarni o’z komandirlariga bermaydi. Faqat bitta rus askari lotin alifbosida yozilgan varaqni ko’rsatadi: komandir esa komissarga ko’rsatadi, komissar bitta oqchurinchini topib, qog’ozga yozilgan vasiyatnomani o’qitib ko’radi va: “Nichego sebe!” deb arxivga topshiradi. Afuski, arxivda vasiyatnomaning asl nusxasi yo’q. Ehtimol, Moskvaga “o’lja” sifatida olib ketilgandir. Lekin, asl nusxa bilan tarjima nusxasi o’rtasida hech qanday farq bo’lmasa kerak. Bu masalada bolsheviklar ishbuzuqilik qilmaydi. Hujjatlarni soxtalashtirish, teskari talqin qilish — Sovet olimlariyu yozuvchilarining vazifasi hisoblanadi. Zinhor asl nusxa buzib yoki noto’g’ri tarjima qilinganini men uchratmadim.

Menimcha, yuqorida sanab ko’rsatilgan dalil-dastaklarga asosan Anvar posho o’z qo’li bilan vasiyatnoma yozganiga ishonch hosil qilish mumkin.

Endi Anvar posho shahid bo’lgan kun masalasida munozarali fikrlarga to’xtalaman. Partiya arxivi hujjatlarida, sovet tarixchilarining kitoblarida “Anvar posho Qurbon hayiti kuni — 4 avgustda o’ldirildi” deyiladi bir ovozdan. Axir, hatto Moskva hukumati Anvar posho halok bo’lganini 19 avgust kuni rasman (gumonsirab) e’lon qiladi-yu, to’qima tarixchilar aniq sanani qaydan bilsin! Ular Qurbon hayiti aynan 4 avgust kuni bo’lganini kalendardan keyinchalik bilib olishadi, shekilli. Ammo, daxriy olimlar Qurbon hayiti musulmon olamida uch kun bayram qilinishini bilmaydi. Shuning uchun 4 avgust sanasiga mahkam yopishib oladilar.

Anvar poshoning shahid bo’lgan sanasi masalasida men Abdulla Rajab afandining so’zlariga ishonaman. Boz ustiga, Abdulla Rajab afandining so’zlarini Partiya arxivida saqlanayotgan Anvar poshoning vasiyatnomasi ham tasdiqlaydi: bu vasiyatnoma aynan Qurbon hayitining birinchi oqshomida yozilgan.

1922 yil 5 avgust. Juma. Erta tong. Anvar posho odati bo’yicha erta uyg’onib, askarlarni maydonga to’plash to’g’risida buyruq beradi. U hammani qutlab, hayitlik sovg’a bermoqchi edi. Askarlarga bir tangadan poshshoyi tillo ulashadi. Soat olti bo’ladi. Ilg’or postxonadan o’q tovushi eshitilib qoladi. O’q tovushi Sitilmish qishlog’i tarafdan keladi. Askarlarga sovg’a ulashayotgan posho ot jilovini tortib, askarlarga jangovar topshiriq berdiyu o’zi yigirma nafarga yaqin qo’riqchisi bilan o’q tovushi tinmayotgan tarafga yo’l oldi. Postxona tarafda jang tobora kuchayib borardi. Tevarakdagi adirlar rus askarlariga to’lib ketdi. Vaziyat jiddiy ekanini anglagan Anvar posho Farruhbekka, Doniyolbekka, Bo’ri batoshga (batosh — turk urug’ining nomi) o’z quvvatlari bilan darhol jangga kirish to’g’risida buyruq beradi. Poshoning o’zi esa Nafibekni, Musulmonqulni (posho safiga qo’shilgan rus komandiri Raevga “Musulmonqul” ismi berilgan edi), Husaynbekni, Eshmurodbekni qavatiga qo’shib, yashin tezligida ruslar ustiga tashlanadi: adir etaklariga yetib borgach, qilichini qinidan sug’urib, o’ng va so’l tarafidagi rus askarlarini qilichdan o’tkazib, birinchi bo’lib qurshovni yorib chiqaveradi. Shiddatli hamla ruslarni esankiratib qo’yadi: oldingi safdagi rus askarlari qarshilik ko’rsatishni bas qiladi va qo’llarini ko’tarib taslim bo’ladilar. Posho o’z yigitlari bilan safni yorib chiqib ketadiyu adir tepasiga o’rnatilgan dushman pulemyotining o’q yomg’iriga duch keladi va: “Olloh!” degancha otdan uchib tushadi. Tinimsiz o’q yog’ilayotgani sababli mujohidlar poshoning jasadiga yaqin borolmaydi. Poshoning o’limi to’g’risidagi shumxabar birpasda mujohidlar orasiga yoyilib ketadi. O’ng qanotda ruslarga zarba berayotgan Davlatmandbiy bu xabarni eshitib: “Nima? Anvar posho? Nahot? O’ldimi?” deb qayta-qayta so’raydi quloqlariga ishonmasdan. So’ng: “Anvar posho uchun qasos olamiz! Olg’a, yigitlar!” degancha hayqirib ruslar ustiga hamla qiladi. Afsuski, o’n daqiqadan keyin Davlatmandbiy ham shahid bo’ladi.

Shu kunlarda Obidara deparasida yashaydigan tojik chollar o’sha jang tafsilotlarini hali unutishgani yo’q. Ularning hikoyasiga qaraganda, 5 avgust oqshomida ruslar mahalliy aholini qishloqlardan jang maydoniga haydab tushadi va ularga jasadlarni dafn qildirishadi. Chunki, agar jasadlar ertaga ham ochiq maydonda qolsa, buzilib ketishi — yuqumli kasallik tarqalishi mumkin edi.

Bir necha kundan so’ng poshoning jasadi topiladi: allaqachon etiklari, ustki kiyimlari yechib olingan, faqat ichki kiyimda qolgan edi, uning qonli ichki ko’ylaklarini oilasiga topshirish uchun Muhiddinbek bilan Xalilbek Istanbulga yo’l oladi. Poshoning “Sulton” ismli suyumli oti, shahidi sharifning vasiyatiga ko’ra, Ali Rizobekka (u ruslarga qarshi jangda og’ir yarador bo’lib, o’sha paytlarda Afg’onistonda davolanayotgan edi) hadya etiladi .

Mahalliy tojiklar orasida yurgan rivoyatlarga qaraganda, Davlatmandbiy o’zining ham, poshoning ham shahid bo’lishini bir kun oldin bilgan ekan: tushida birin-ketin ikkita yulduz uchadi. Yulduzlarning bittasi katta — porloq bo’ladi, ikkinchisi kichikroq — xiraroq bo’ladi. Shuning uchun o’g’li Usmonqulga: “Meni Anvar poshoning yoniga dafn etasan!” deb vasiyat qiladi. Usmonqul otasining vasiyati bo’yicha, Davlatmandbiyni Anvar poshoning yoniga dafn etadi. Hozirgi kunlarda Anvar posho bilan Davlatmandbiyning qabrlari bitta adirning tepasida yonma-yon turibdi. Anvar poshoning yonida Farruhbekning ham qabri bor. Davlatmandbiyning yonida o’sha jangda shahid bo’lgan shaxsiy qo’riqchisi yotibdi.

Abduqayum parvonachining 1931 yil 7 iyul kungi ko’rgazmasi:
“Anvar posho bilan Davlatmandbiy shahid bo’lishgach, ularga tegishli boylikni Usmon afandi, Farruh afandi (ism noto’g’ri keltirilgan: izoh meniki — N.B.), Bo’ri batosh Qorateginga — Fuzayil Maxsum huzuriga olib ketadi. Bu paytda Ibrohimbek Qorateginda ruslarga qarshi jang qilardi (noto’g’ri ma’lumot: — izoh meniki N.B.). Anvar posho shahid bo’lgach, oradan qirq kun o’tib Sami posho turk mulozimlari bilan Tojikistonga keldi. U Anvar poshoning o’rniga kelgan edi. U Ko’lob yaqinidagi Daryo degan joyda to’xtab, Ibrohimbekni chaqirtirdi, ammo Ibrohimbek uning qoshiga bormadi. Ibrohimbek 25—30 nafar yigitini Sami posho huzuriga jo’natdi. Ibrohimbekning yigitlari Sami posho bilan uchrashdi. So’ngra Sami posho Mo’minobodga bordi. U yerda Ibrohimbek, laqaylar, qo’ng’irotlar Sami posho bilan uchrashdilar. Sami posho hamma bilan bir-bir ko’rishib chiqqach, to’plangan xalqqa tashakkur izhor qildi va keksalardan izn so’rab, Anvar posho bilan Davlatmandbiy jasadlarini qayta dafn etish uchun Ob qishlog’iga yo’l oldi. U Anvar posho bilan Davlatmandbiy jasadlarini Chegim qishlog’iga eltib dafn etdi. Dafn marosimidan so’ng Anvar poshoning yo’ldoshlari qo’noq bo’lib turgan Tobildara tarafga jo’nadi. So’ng Tobildaradan Qorateginga — Fuzayil Maxsum huzuriga bordi: u yerda turgan Anvar poshoning odamlarini o’z safiga qo’shib, yana Tobildaraga qaytdi. Tobildarada eshitdiki, Anvar poshoga tegishli boylikni saqlab yurgan bir kishini Eshon Sulton ukasi bilan birgalashib o’ldiribdi. Sami posho darhol Eshon Sulton bilan uning ukasini dorga osib o’ldirish to’g’risida buyruq berdi. Sami poshoning yigitlari farmonni ijro etdilar. Sami posho Tobildaradan Ko’lobga ketdi. Ko’lobda rus quvvatlari bor edi. Jang boshlandi. Lekin, Sami posho Ko’lobdan ruslarni haydab chiqara olmadi ”.

Sharqiy Buxoroga Sami posho kelishi bilan milliy mujodalaning ikkinchi bosqichi, aniqrog’i, inqiroz davri boshlanadi.

Afandim, 1922 yilning avgust oyidan keyingi voqealar boshqa mavzu. Biz hozircha u mavzu xususida fikr yuritmay turamiz.

Sami posho, Abduqayum parvonachi o’z ko’rgazmasida ta’kidlaganidek, Anvar posho bilan Davlatmandbiy qabrlarini ruslar nazaridan xoliroq joyga — Chegim qishlog’iga ko’chirgani to’g’ri bo’lsa kerak. Ehtimol, ilgari Obidaradagi qishloq mozoriga dafn etilgandir. Anvar posho bilan Davlatmandbiyning hozirgi xilxonasi, yuqorida ham aytib o’tganim kabi, ukpar bulut soya solib turadigan adir ustida. Ular alohida dafn etilgan. Qizilsuv sohilida yashaydigan chollarning gaplariga qaraganda, o’lja olingan hujjatlarni tekshirib ko’rgan rus quvvatlarining qo’mondoni Anvar poshoga tegishli hujjatni uchratadi va bir hafta-o’n kun o’tgach, Obidaraga bir guruh rus “sapyor”larini jo’natadi. Ular qishloq mozorini bir chetdan kavlay boshlaydi: jasadlarni qayta tekshiradilar. Ruslarninig niyati — Anvar posho bilan Davlatmandbiy jasadidan boshlarini kesib Dushanbega eltib berish edi. Xalq bunday vahshiylikka befarq qarab turolmaydi. Davlatmandbiyning urug’-aymoqlari maslahatlashib, Anvar posho va Davlatmandbiy jasadlarini bir kechada boshqa joyga yashirincha ko’chirib dafn etadilar. “Sapyor”lar Dushanbega quruq qaytishadi.

Sami posho yangi mozorotda Anvar posho va barcha shahidlar uchun qasam ichadi: “Turk vatani va islom yurtlarining ozod bo’lishiga shahidi a’lo Anvar poshoning qabri shohiddir! “ deydi.

Ibrohimbekning 1931 yil 29 iyun kungi ko’rgazmasi:
“Biz Rangontovda turganimizda xabar keldiki, Qurbon hayiti kuni rus quvvatlari Hovalingga hujum qilibdi va ruslarga qarshi jang payti Anvar posho bilan Davlatmandbiy shahid bo’libdi. Anvar posho shahid bo’lgach, bir necha kun o’tib, rus quvvatlari Rangontovda bizga hamla qildi. Men Rangontov deparasida ruslarga qarshi uch oy chamasi jang qildim. Hayit parvonachi ham mening qavatimda o’z askarlari bilan birga edi. So’ng Ko’kaydiga ketdi. Hayit parvonachi Ko’kaydiga ketgach, men Sami poshodan xat oldim. Xatda yozilishicha, u Anvar posho uchun qasos olgani kelibdi. Sami poshoning iltimosiga ko’ra, men uning qoshiga Ziyo domullani yubordim. So’ng Mo’minobodda o’zim ham Sami posho bilan uchrashdim ”.

Ibrohimbek o’z ko’rgazmasida Abduqayum parvonachi kabi “Anvar posho Qurbon hayiti kuni shahid bo’ldi” deydi. Laqaylar uchun hozirgi kunlarda ham hayitlar uch kun bayram qilinishini hisobga olsak, Ibrohimbek Qurbon hayitining ikkinchi kunini nazarda tutgan bo’lishi mumkin deb taxmin qilamiz. Qolaversa, Ibrohimbek ham bu xabarni boshqalardan eshitgan.

Xo’sh, Anvar posho, Sovet tarixchilari 70 yil davomida ta’kidlaganlaridek, rostdan ham Afg’onistonga o’tib ketmoqchi bo’lganmi?

Partiya arxividagi bitta hujjatda: “Anvar posho, laqaylar Qorateginni bo’shatib qo’ysinlar, deb bir necha marta farmon berdi. Lekin oliy qo’mondon farmoni bajarilmadi. Endi Anvar poshoning o’zi Qorateginni tasarrufiga olish niyatida ”, deyiladi. Bu Eshon Sultonning Boljuvon qo’rboshilariga yo’llagan maktubidir. Eshon Sulton yana bir maktubida: “Anvar posho jamiki islom lashkarining oliy qo’mondoni etib tayinlansin. Davlatmandbiy u zoti oliylarining muovinidir. Ular dastlab Boljuvonga, so’ng Qorateginga o’tmoqchilar. Shu munosabat bilan sizlar ham tayyorlanib turinglar. Xudo xohlasa, viloyat laqaylardan tozalansa, butun hokimiyat o’zlaringga qoladi ”, deydi. Bu maktublar Anvar posho “Afg’onistonga o’tib ketish” niyatida emasligini ko’rsatadi.

Anvar poshoning Boljuvonga chekinishdan ko’zlagan maqsadi nima edi?

U Boysundayoq Moskva hukumati Sharqiy Buxoroga juda katta miqdorda ishg’ol quvvatlarini yuborganini yaqqol sezadi va Fuzayil Maxsumga Qorateginga qaytishga ruxsat beradi. O’zi esa eng oxirigacha rus quvvatlariga qarshilik ko’rsatib, asta-sekin chekinaveradi. Shu tarzda ruslarning tinkasini quritmoqchi bo’ladi. Dushanbeda ham bir necha qo’rboshilarga o’z yurtlariga jo’nab ketishga ijozat beradi. Rus quvvatlarining asosiy qismini ichkariga — janubiy hududlarga olib kirib ketishni o’ylab, to dushman yaqinlashguncha kutib turadi va deyarli hech qanday qarshilik ko’rsatmasdan chekina boshlaydi. Eshon Sultonning maktublaridan aniq ko’rinib turibdiki, Anvar posho Qorateginda mustahkam tayanchgoh barpo etmoqni mo’ljallaydi va o’sha joyda kuchlarni qayta birlashtirib, Sharqiy Buxoro doxilinda tarqoqlashgan rus quvvatlarini birin-ketin yanchib tashlashni rejalashtiradi. Ayni paytda rus quvvatlarining asosiy zarbasini o’z boshiga oladi.

Anvar posho ongli ravishda o’z orqasidan falokatni oziqtirib ketadi. Albatta, ajalga pand berib bo’lmasligini bilardi… Bilgani holda ajal bilan yonma-yon ot surib boraveradi. Bu jihatdan ham Bobur mirzoga o’xshardi. Agar “Boburnoma”ni o’qigan bo’lsangiz, hoynahoy, esingizdadir, afandim, Bobur mirzo “cho’bir ot”ga o’z ixtiyori bilan minmoqchi bo’ladi:

“Olamda jon vahmidin yomonroq nima bo’lmas emish… O’zimda betoqatlik fahm qildim. Qo’ptum, bog’ go’shasiga bordim. O’zum bila andisha qildim. Dedimki, kishi agar yuz, agar ming yashasa oxir o’lmak kerak.
Agar sad sol moni var yake ro’z,
Biboyad raft az in kohi dilafro’z.
O’zumni o’lumga qaror berdim. O’shal bog’da bir suv oqib keladur edi, vuzu qildim, ikki rakat namoz o’qudim. Boshimni munojatqa qo’yub, tilak tilaydur edimkim, ko’zum uyquga boribtur ”.

Kishi yuz yil yashasa ham, bir kun yashasa ham bari bir bu ko’ngil ochuvchi qasrdan ketish kerakligiga iqror bo’lgan chog’ Boburjon hali yuziga ustara urmagan yigirma yashar bo’z yigit edi.

Anvar posho 1922 milodiy yilning Qurbon hayitining qutlug’ oqshomida vasiyatnoma yozmoqqa ahd qilgan kezlari qirq bir yoshga to’lgan qirchillama yigit edi… Bog’da jildirab suv oqardi. Tog’dan mayin epkin esardi. Osmonda yulduzlar charaqlab turardi.

Dunyoning huzur-halovatidan bahramand bo’la turib Anvar posho vasiyatnoma yozardi. Chunki, u dunyoning huzur-halovatidan ham, o’zining hayotidan ham ulug’ ne’mat borligini bilardi…

Vatan.
Ozodlik.
“Hammaga ozodlik yo’lini ko’rsatingiz”.

“Charchash neligin bilmas bir zotdir”.
“Turkiston xalqi juda mehmondo’st va munis kimsalardir”.
“Men faqat mazlumlar mujodalasi nuqtai nazaridan mag’lub bo’lganimizni qabul etmayman”.

Nahot, turuk budun mazlum bo’lsa?

Anvar posho vaziyat naqadar jiddiy ekanini juda yaxshi bilardi. Lekin hali milliy mujodala muzaffariyat bilan yakunlanishidan umidini uzmagan edi. Balki, shuning uchun ham Qurbon hayitining birinchi oqshomida har ehtimolga qarshi yozib qo’ygan (hatto “so’zboshi”sini-da o’zi yozgan) vasiyatnoma ostiga sana qo’ymagan, muhr bosmagan edimi? Kim biladi deysiz. U tengsiz jangda shahid bo’lishi mumkinligini ham bilgan. Biroq, umidsizlanmagan.

Afsuski, Moskva hukumati Sharqiy Buxoroga Anvar posho o’ylaganidan yoki mo’ljallaganidan ko’ra ham buyukroq quvvatlar jo’natgan edi. Demak, qo’g’irchoq hokimiyat mazasini totib, mazaxo’rak bo’lib qolgan Fayzulla Xo’ja “Ulug’ og’alari”ni Anvar posho naqadar xavfli ekanligiga ishontiradi.
Avval ham ta’kidlaganim kabi bolsheviklar Sharqiy Buxoroga yo’llagan harbiy quvvatlarning aniq miqdori hech bir Partiya arxivida ham, Sovet tarixchilarining asarlarida ham aniq ko’rsatilmaydi. Shunga qaramay, turli munosabatlar bilan eslatib o’tilgan rus quvvatlarining nomlarini, raqamlarini 1920 yil dekabr oyida amir Olimni Sharqiy Buxoro doxilindan haydab chiqarish uchun yuborilgan “Hisor ekspeditsiyasi” quvvatlariga taqqoslab ko’rib, quyidagi manzarani ko’rdim:

1920 yili Sharqiy Buxoroga aloqa eskadroni,
Tibbiy xizmat bo’linmasi,
Hayvonlar uchun tibbiy xizmat bo’linmasi,
1-suvoriylar brigadasi,
1-suvoriylar polki,
2-suvoriylar polki,
2-suvoriylar brigadasi,
4-suvoriylar polki,
3-suvoriylar brigadasi,
5-suvoriylar polki,
6-suvoriylar polki,
1-tog’li to’pchilarning otliq batareyasi,
2-batareya,
13-Turkiston o’qchilar polki,
8-Turkiston o’qchilar polki,
3-yengil to’pchilar bo’linmasining 2-batareyasi,
Termizdagi og’ir to’pchilarning 1-, 2-batareyalari,
Maxsus bo’lim otryadi jo’natilgan edi.
1922 yilga doir Partiya arxivi hujjatlarida esa Sharqiy Buxoroda
15-suvoriylar polki,
16-suvoriylar polki,
7-o’qchilar polki,
47-suvoriylar polki,
76-suvoriylar polki,
1-Turkiston polki,
8-suvoriylar brigadasi,
Pulimyotchilar eskadroni,
13-o’qchilar korpusi harakatda bo’lgani ko’rsatiladi.

Biroq, bu harbiy bo’linmalarning miqdori to’g’risida hech qanday ma’lumot yo’q. Bolsheviklar Sharqiy Buxoroda misli ko’rilmagan xunrezlik qilgani uchun ham barcha ma’lumotlarni allaqachon kuydirib yuborishgan. 15-, 16-polklar Obidarada qatli om yopgani haqida xabar qolgan, xolos.

Afandim, ijozatingiz bilan, Anvar poshoning vasiyatnomasini e’tiboringizga havola qilmoqchiman. Yodingizda bo’lsa, so’zboshi va izoh yuqorida keltirilgan edi.
“O’sha Anvar posho vasiyat qiladi:

Bizning namoz o’qiydigan machitlarimiz otxonalarga aylantirildi. Bizning madrasalarimiz fohishaxona bo’lib qoldi, aysh-ishrat makoniga aylandi.
Qadrli birodarlar, hammasini o’zingiz ko’rib turibsiz. Qanday zamon kelganini ko’rib turib, bemalol uxlab yotibsiz! Sizlar uyg’onishlaring kerak. Eslaringdan chiqdimi, hazrat payg’ambarimiz Muhammad sollallohu alayhi vassallam hadisi shariflarida: “Qiyomat kuni hamma Olloh oldida javob beradi”, deganlar. Zero, ro’zi mahsharga qadar har bir muslim islom dushmaniga qarshi jihod qilmog’i farzdir.

Bolsheviklar haqiqiy kofirlardir. Ular shariatni oyoqosti qilyapti, vatanimizni toptayapti. Ular sizlarga zulm o’tkazyapti. Sizlarni xo’rlayaptilar, zo’rlayaptilar. Siz bo’lsa, miq etmayapsiz!

Bolsheviklar machitlarimizni otxona qilib olishdi. Ma’rifat o’chog’i bo’lgan madrasalarimizni ko’ngilochar maskanga aylantirishdi.

Birodarlar, mana shunday qabohatga chidab yurib, qaysi yuz bilan Olloh huzuriga borasiz?! Qaysi ishlaring uchun qiyomat kuni Muhammadur rasulilloh sizlarni ummatim deydi?
Bolsheviklar sizlarni xonavayron qildi, mol-mulkingizni taladi. Bolalaring och-yalang’och. Ular hatto Olloh kalomidan — Qur’oni Karim mutolaasidan benasib qilindi.
Ay, dindosh birodarlarim, sizlar hamon uxlayapsizlar! Bolsheviklarning hiylakor tuzog’iga ilinganingizni bilmayapsiz? Axir, ular xudoga ishonmaydi, hech qanday dinga e’tiqod qilmaydi. Shuningdek, ular xususiy mulkni ham, oila muqaddasligini ham, zurriyodni ham tan olmaydi. Ularda hamma narsa umumiydir. Masalan, birorta xotin tug’sa, go’dakni darhol bolalar bog’chasiga topshiradilar. Shu yo’sinda diniy e’tiqodini mahv etadilar.

Birodarlar, endi men sizlardan so’ramoqchiman, xo’sh, kim o’zining tug’ishgan singlisiga uylanishni istaydi? Buxoro musulmonlari, ana shunday xo’rlikdan keyin ham ko’zingiz ochilmaydimi?

Ahli muslim o’z e’tiqodini himoya qilish uchun, farzandlarini bolsheviklar zulmi ostida qoldirmaslik uchun qo’zg’olishi shartdir.

Ay, musulmonlar! Muqaddas vatan ozodligi yo’lida matonatli bo’lingiz. Shundagina Olloh taolo marhamatiga va hazrat payg’ambarimizning muruvvatiga sazovor bo’lasiz. Ollohga tavakkul qilib, qo’lga miltiq va qilichni olib jihodga kiringiz! Zero, “Al jannatu fi zilli suyurfi”. Ya’ni, Qur’oni Karimda aytiladikim, “Jannat shamshirlar soyasidadir”.

Qo’lda qurol bilan kofirlarga qarshi jangda shahid bo’lgan zotni qiyomatda Ollohning o’zi do’zax azobidan asragay! Shuning uchun yolg’onchi dunyoning huzur-halovatiga mahliyo bo’lmang! Siz o’lgan paytingizda bu dunyoning ne’matlaridan faqat kafanlik olib ketasiz, xolos. Ya’ni, muslim uchun e’tiqod yo’lida shahid bo’lishdan ham ortiq mukofot yo’qdir.

Birodarlar, ma’lumingizkim, men Ollohning ulug’ rutbai shahodatiga noil bo’lish niyatida Turkiya va Arabiston doxilinda bir necha yil mobaynida kofirlarga qarshi jang qildim. Ammo u yerlarda oliy rutbai shahodatga noil bo’lolmadim. Yirtqich bolsheviklarning changalida azob tortayotgan birodarlarimni ozod qilish niyatida o’z davlatimni, oilamni tashlab, mislsiz mushkulotlarni boshimdan kechirib Buxoroga keldim. Ozodlik kurashi yo’lida o’n mingdan ziyod birodarlarim mening safimga qo’shildi.
Ay, musulmon birodarlarim! Bir necha yil muqaddam Turkiya va Arabistonda jihodga kirgan edim. Lekin u yerlarda shahid bo’lish baxtiga muyassar bo’lmadim. Bugun sharqda — Boljuvonda Ollohning eng ulug’ rutbai shahodatiga noil bo’lajakman. Hayotimning so’nggi damlarida birodarlarimga vasiyat qilamanki, islom uchun kurashayotgan mujohidlar safiga qo’shilingiz. Shunday qilsangiz, payg’ambarimiz ruhini shod etgan bo’lasiz. Xalqingizni, vataningizni kofirlardan ozod qilsangiz, mening ruhimni ham shod etgan bo’lasiz.
O’limdan qo’rqmang! Har bir tirik jon o’limga mahkumdir! ”

Vasiyatnoma mazmunidan Anvar posho nima uchun aynan Boljuvonga qadar chekinib to’xtagani ma’lum bo’lyapti: u Sharqiy Buxoro xalqining ko’zi ochilib qolarmikan deb umid qiladi. Afsuski, uyquga ketgan ko’zlar 70 yildan keyin ham ochilmaydi hisob.
Xalq juda qattiq uyquga ketadi.

O’N SAKKIZINCHI MAKTUB

Anvar posho Buxoro doxilinda nima qildi? U qanday muhim vazifani bajardi?

Birinchidan. Amir Olim va uning hukumati xalqni O’rta asrchilik botqog’idan qutqarishi kerak edi. Buning uchun xalqning ko’zini ochish, unga ma’rifat berish lozim bo’lardi. Biroq, amir va uning hukumati bu qutlug’ vazifa to’g’risida umuman bosh qotirmaydi. Ular faqat o’z maishatlarini o’ylaydilar, xolos. Shuning uchun yosh buxoroliklar amirni taxtdan ag’darib tashlaydi.

Ikkinchidan. Amir taxtdan ag’darilgach, yosh buxoroliklar ikki firqaga bo’linib ketdi. Fayzulla Xo’ja boshchiligidagi yosh buxoroliklar qanday qilib bo’lsa-da, hokimiyat tepasida o’tirishni yagona maqsad qilib oldi va Turkistondagi eng oxirgi turk davlatining mahv bo’lishiga imkon yaratdi. Usmonxo’ja boshchiligidagi yosh buxoroliklar amir taxtdan ag’darilgach, rus ishg’ol quvvatlari safida “uyqudagi” Sharqiy Buxoro doxilinga noo’rin “salb yurishi” qildilar va yerli xalq qalbida jadidlarga nisbatan so’nmas nafrat uyg’otdilar.

Uchinchidan. Yosh buxoroliklar o’rtasida paydo bo’lgan nifoq natijasida hamda yosh buxoroliklar bilan yerli xalq o’rtasida paydo bo’lgan nifoq natijasida Buxoro davlatining mustaqilligi xavf ostida qoldi. Faqat qat’iy harakat tufayli mustaqillikni asrab qolish mumkin edi. Ammo, yosh buxoroliklar 1921 yilning oktyabr oyiga qadar qat’iy harakat qilishga o’zida kuch topolmadi: ular xalq qudratiga suyana olmasdi. Chunki, xalq allaqachon ulardan yuz o’girgan edi.

To’rtinchidan. Buxoroda shunday bir vaziyat vujudga keldiki, xalq bilan yosh buxoroliklarning millatparvar qismini yagona jabhaga birlashtira oladigan Rahnamo kerak bo’lib qoldi. Bu rahnamo xalq uchun ham, yosh buxoroliklar uchun ham birdek suyukli va xolis bo’lishi lozim edi. Tarixiy sharoit Anvar poshoni Buxoroga da’vat etdi. Agar turk olamida Anvar posho bo’lmasa edi, boshqa bir Anvar poshoni turk olami darhol “tug’ishi” darkor bo’lib qoldi. Shukurki, Anvar posho tug’ilgan edi. U Turkistondagi xalqlarning yagona najotkori shaklinda edi.

Anvar posho o’z zimmasiga yuklangan tarixiy vazifani to’g’ri angladi va oxirgi nafasigacha fidokorlik bilan yelkasidagi tarixiy yukni ko’tarib yurdi.

Anvar posho butun boshli Buxoro milliy hukumati qilolmagan ishni amalga oshirdi. U xalqni rus ishg’ol quvvatlariga qarshi yagona jabhaga birlashtirdi. Anvar posho safida jon olib-jon bergan yuzlab Usmonli zobitlar turk olami yagona vujud ekanini o’z hayotlari va o’z o’limlari bilan isbotlab berdilar.

Anvar posho — turk olamining yo’lchi yulduziga aylandi. Turk dunyosi XXI asrda o’sha yo’lchi yulduzga qarab o’z yo’lini to’g’ri tanlashi mumkin.

Turkiston o’zi istamagan holda Anvar poshoni unutdi va unutgani uchun salkam bir asr davom etgan qullikka, istibdodga mahkum bo’ldi.

Anvar posho, ehtimol, hozirgi Turkiyaga kerak emasdir. Biroq, Anvar posho Turkiston turklariga kerakdir. U har doim fidokorlik namunasi bo’lib qoladi. Anvar poshoni bilgan turklar bir-birlari uchun jonlarini qurbon qilishga tayyor turadilar. Anvar poshoni bilmagan turklar esa bir-birlarini aldab chayqovchilik qiladi; Vatan va millat manfaatini bir chetga surib qo’yib, xuddi ochko’z urg’ochi quyon kabi o’zining “aqidaparast” bolalarini tiriklayin xomtalash qiladi.

Anvar posho — biznikidir, afandim! Turkistonning XX asrdagi eng buyuk va eng suyukli farzandi Anvar poshodir, afandim!
Shahidi sharif Behbudiy hazrat bunday vasiyat qiladilar:
“O’rtadan nifoqni ko’taringiz!
Turkiston bolalarini ilmsiz qo’ymangiz!
Hammaga ozodlik yo’lini ko’rsatingiz!”

Xo’sh, o’rtadan nifoqni ko’tardikmi? Turkiston bolalarini ilmli qildikmi? Hammani va har bir insonni ozod qildikmi? Har bir inson ozod bo’lmasa, Vatan ozod bo’ladimi?

Mustafo Cho’qoy afandi bunday nola qiladilar:
“Do’st etib xizmat etarga tutingan xalqimdan dushmanlik ko’rganim ko’nglimga xafalik soldi. Shunday bo’lsa-da, Qumbosdidan boshqa yerni, boshqa elni ko’rmagan avomning yomonliklarini sart xalqining ustiga yuklashni tilamayman”.

Mustafo Cho’qoy afandining nolasini eshitdikmi? Uning ko’nglini ko’taradigan nima ish qildik? Qozoqqa bag’rimizni ochdikmi, mehrimizni sochdikmi?

Shahidi sharif Anvar posho bizni bunday deb ogohlantiradilar:
“Siz o’lgan paytingizda bu dunyoning ne’matlaridan faqat kafanlik olib ketasiz, xolos. Yolg’onchi dunyoning huzur-halovatiga mahliyo bo’lmang! O’limdan qo’rqmangiz! Har bir tirik jon o’limga mahkumdir!”

Xo’sh, biz jonimizni fido qilsa arziydigan qay bir ishga bosh qo’shdik? Bepoyon Turkistonda qon yutib yashayotgan birodarlarimizning holidan xabar olyapmizmi? Ularga madadkor
bo’lyapmizmi? Hech bo’lmasa, gumanitar — insonparvarlik yordami beryapmizmi?

Afandim, men bu savollarni sizga emas, balki o’zimga yo’naltirishim kerak edi. Biroq, siz hozir tinglovchi maqomidasiz. Tinglovchi esa faqat tinglaydi. So’ng, munozara boshlanadi… Bilaman, mening maktublarimni o’qib ko’nglingizda qavat-qavat savollar paydo bo’ladi. Nasib etsa, barcha savollaringizga imkon qadar javob berarman. Javob berolmasam, birgalikda javob toparmiz. Bundan tashqari, men o’z maktublarimda bayon etgan fikr-mulohazalarimni yuz foiz haq deb bilmayman. Ko’p o’rinlarda xato qilgan bo’lishim mumkin. Lekin ishonchingiz komil bo’lsinki, mening xatolarim ham samimiydir. Ko’nglimdagi gaplarni yozdim. To’g’risini yozdim. Bilganimni yozdim.
Afandim, mana, g’oyibona uchrashuvimiz ham poyoniga yetib boryapti. Oxirida men yana Ibrohimbek taqdiriga qaytmoqchiman. Esingizdami, u Dushanbeda Anvar poshoga yaxshi ko’rinish uchun Fuzayil Maxsumni “tutib” bergan edi?

Ibrohimbek va uning izdoshlari taqdiridan uch-to’rt og’iz so’zlayman.

Partiya arxivida saqlanayotgan Ibrohimbekka aloqador hujjatning eng eskisi 1335 hijriy (1915 milodiy) yilga daxldor bo’lib, u qozixonaning ajrimidir.
“1335-hijriyda Ko’ktosh qishlog’ining Esonxo’ja urug’idan bo’lgan qora soqolli, kelishgan, o’rta bo’yli Ibrohim qorovulbegi qozixonada Jamol Maxsum o’g’lidan 2300 tanga qarzdor ekanini bo’yniga oldi. U ikki oylik muddat ichida qarzini to’lashi shart.
Qozi mullo Mirzo (muhri bosilgan) ”.

Demak, 26 yashar Ibrohimbek “qorovulbegi” (5-darajali) amaldor bo’lishiga qaramasdan, amir zamonida qarzga botib, yelkasiga oftob tegmay yurardi. O’sha paytdayoq qora soqol qo’ygan ekan, kelishgan, o’rta bo’yli…

Shunga o’xshagan boshqa bir hujjatda Ibrohim qorovulbegining Abdulhamid eshikog’aboshidan 6400 tanga qarzdor ekani qayd etilgan .

Ibrohimbekning tarjimai holiga aloqador ma’lumotlarni 1925 yili Faqirobod inqilobiy qo’mitasining raisi (nomi yozilmagan) ruslarga to’plab beradi. To’plama ma’lumot bunday:
“Ibrohimbekning otasi Chaqaboy tug’sabo 1912 yili vafot etgan. Ko’ktoshda unga qarashli bog’li hovli bor edi.

Ibrohimbek mahalliy madrasada ta’lim olgan. Lekin o’qishni tugatmagan. Otasi o’lgandan so’ng orqa-oldini o’ylamay hayot kechiradi. Otasidan faqat qarz-qavola meros qolgani tufayli tez orada bor budidan ajraydi. Tegirmoni va objuvozidan keladigan daromad evaziga kun ko’ra boshlaydi.

Otasining xotirasi haqi-hurmati Hisor begi Ibrohimbekka “qorovulbegi” unvonini beradi.

1920 yilda amir Dushanbedan qochib ketayotgan payt Hisorning begi Ibrohimbekni Olimxonga tanishtiradi. Qobiliyatli, jasur yigit deb ta’riflaydi. Dushanbeda qolgan uchta bayroqni olib kelish to’g’risida amir Ibrohimga topshiriq beradi. Qizil askarlar yaqinlashib qolgani sababli bunday topshiriqni bajarish xavfli edi. Lekin, Ibrohim o’z jo’rasi Asadullo bilan birgalikda amirning topshirig’ini bajarib qaytadi.

Dushanbe shahri qizillar tomonidan ishg’ol etilgach, Ibrohim bilan Asadullo Boljuvonga jo’nab ketadilar. U yerda Davlatmandbiy va Abduqayum parvonachi quvvat to’plab, yigitlarni qurollantirgan edi. Biroq, yigitlar miltiq otishni bilmasdi. Ularga otishni o’rgatadigan instruktor yo’q edi. Ibrohimbekka yigitlarni miltiq otishga o’rgatish vazifasi topshiriladi. Davlatmandbiyning quvvatlariga Ibrohimbek instruktor bo’ladi.

Bu orada bosmachi quvvatlariga qo’mondonlik masalasida janjal chiqib qoladi. Ibrohimbek qavatiga besh nafar yigitni olib Laqayga qaytadi. O’zi alohida bo’ltak tuzadi. O’sha paytlari Sharqiy Buxoroga kelgan Anvar poshoga qarshi kayfiyatda bo’ladi. Faqiroboddan ikki chaqirim narida Anvar poshoni qurolsizlantirib, uning quvvatlaridan o’lja olingan 50 dona miltiq bilan o’z bo’ltagidagi yigitlarni qurollantiradi.
Ushbu ma’lumotlar Faqirobod Revkomining raisidan 1925 yil 21 oktyabr kuni olindi.
Razvedka otryadining boshlig’i Gavrovskiy (imzo) ”.

Nazarimda, bu ma’lumotlar umuman to’g’ri. Lekin amir Olimxonning topshirig’i to’g’risidagi gap uydirma bo’lsa kerak. Chunki, bilamizki, Olimxon uchun nafaqat saltanat ramzi bo’lgan bayroqning, hatto saltanatning o’zini-da bir pullik qimmati yo’q edi. U “besh kunlik o’lar jon uchun” hamma narsadan kechib yuborgan bo’lib, sabil qolgan jonini xavf ostida qoldirib Dushanbedan bayroq kelishini kutib o’tirmasdi. Ehtimol, bayroq to’g’risidagi afsonani avom xalq to’qib chiqargandir? Axir, avom xalq saltanat ramzi bo’lgan amir Olimga ko’r-ko’rona sig’inardi: demak, saltanat ramzini — bayroqni asrab qolgan Ibrohimbekka ham sig’inishni istardi va uni ilohiylashtirishga moyil edi.

Ibrohimbekning 1931 yil 28 iyul kungi ko’rgazmasi:
“Men qirq ikki yoshdaman. Millatim laqay-o’zbek. Kofarnihon daryosining sohilida joylashgan Ko’ktosh qishlog’ida tug’ilganman. Hozirgi Stalinobod shahridan o’n ikki chaqirim narida. Esonxo’ja urug’idanman. Otam qishloq oqsoqoli va Ko’ktosh laqaylarining elbegi edi. U paytlari Ko’ktoshda hammasi bo’lib saksonta oila bor edi. Buxoro amiri otamga ko’p unvonlar in’om etgan. Otamning oxirgi unvoni tug’sabo bo’lsa-da, lekin bu unvonga aloqador birorta vazifani bajarmasdi. U umrining oxirigacha Ko’ktoshda yashadi. Otam bundan yigirma yilcha muqaddam vafot etgan. U o’ziga to’q kishi edi. Otamning qo’lida ikki-uchta mavsumiy xizmatchi ishlardi. Otamning to’rtta xotini bor edi. Xotinlaridan olti o’g’il va olti qiz ko’rgan. Ammo, farzandlarining hammasi yoshligida o’lib ketgan. Bitta men tirik qolganman. Men farzandlarning kenjasi edim. Otam hayotlik paytida bir yarim yilcha madrasada o’qiganman. Arab imlosidagi xatni turtinibroq o’qiy olaman, lekin yozishni bilmayman. Faqat imzo chekishni bilaman,xolos. Otam bor paytlari to’kin-sochin hayot kechirardim. Ikkita xotinim bor edi. Tez-tez bo’lib turadigan laqaylarning uloq-ko’pkarilarida doim qatnashardim. Otam vafot etgach, nihoyatda qiyin ahvolga tushib qoldim. Otamdan menga hech qanday mol-dunyo qolgani yo’q. Aksincha, uning zimmasidagi qarzlar menga meros bo’ldi. Bir vaqtlar otamga qarz-qavola bergan kishilar meni sira holi-jonimga qo’yishmasdi. Men o’n yil mobaynida yarim yashirin hayot kechirdim. Doim qarzini qistab keladigan odamlardan qochib yurardim. Uyga kam kelardim… Ikkala xotinim ham tug’mas edi. Hozir Abduqayum parvonachining qiziga uylanganman ”.

Ibrohimbek oddiygina laqay yigiti edi. Uning boshqalardan farqi shundaki, yolg’onchi dunyoning huzur-halovatiga mahliyo bo’lmagandi. U ba’zi “musulmonlar” kabi shahvoniy nafs qutqusiga uchib xotinlarni qatorlashtirib qo’ymaydi. Balki, tirnoqqa zor bo’lgani uchun uchta xotin oladi. Hayot uni achchiq-chuchukka o’rgatadi. Go’yo Sharqiy Buxoro doxilinda ro’y berajak bo’hronga Ibrohimbekni hayotning o’zi tayyorlab, chiniqtirib boradi. Amir Olim emas, hayotning o’zi Ibrohimbekni mujohidlarning ilg’or safiga sura-sura chiqarib qo’yadi.

Ibrohimbek noto’g’ri bo’lsa-da mustaqil fikrlaydi, noto’g’ri bo’lsa-da, o’z fikrida qat’iy turardi. Subutsizlik uning tabiatiga yetti yot begona edi. O’zi bilgan narsaga umr bo’yi yopishib olib, boshqa narsani ko’r-ko’rona inkor etadigan johil yoki mutaassib kimsa emasdi. Uning dunyoqarashi ijtimoiy jarayonda rivojlanib boradi. Agar 1922 yili Ibrohimbek bilan to’qnash kelgan jadidlar 1931 yili ham unga duch kelganlarida bormi, ashaddiy muxolifni emas, balki ongli tarafdorlarini uchratgan bo’lardi. Demak, Ibrohimbekning ijtimoiy qarashlarida tub o’zgarish ro’y berishi uchun o’n yillik hayotiy ta’lim va tarbiya zarur edi. Jadidlar Ibrohimbekka ijtimoiy hodisalarning, hech bo’lmasa, “alifbo”sini o’rgatishdimi? Afsus, Ibrohimbek hamma narsani o’zi o’rgandi: oq-qoraning farqiga borguncha aziz umrining fojiali bekatiga yetib qoldi.
Ibrohimbekning 1931 yil 29 avgust kungi tergovnomasidan:

“Afg’onistonda muhojirlikda yashagan Fuzayil Maxsum Olimxon bilan hech qanday aloqa qilmasdi. U Olimxon bilan bordi-keldi qilishni o’zi uchun or deb bilardi. Olimxon ham Fuzayil Maxsum bilan aloqa qilishni o’ziga munosib ko’rmasdi. Bir paytlar Fuzayil Maxsum Qorateginning salkam podshohi edi: mullolar uning nomini xutbaga qo’shib o’qir edilar… Fuzayil Maxsum Kobulda Ko’rshermat bilan juda inoq edi. Buxorolik nufuzli zot Hoshim shayx ham Ko’rshermat bilan qadrdon edi. Lekin, ikkovi ham amir Olimxon bilan umuman gaplashmasdi. Buning sababi shundaki, kelajakda Turkistonning davlat tuzumi qanday bo’lishi kerakligi masalasida ular bir-biriga zid dunyoqarashga ega edilar. Xususan, Ko’rshermat bilan Hoshim shayx bolsheviklar tor-mor etilgach, Turkistonda respublika o’rnatish tarafdori edilar. Bu borada Hoshim shayx o’zining muayyan dunyoqarashiga ega bo’lsa-da, ammo Ko’rshermat haqida bunday deb bo’lmasdi. Unga Turkistonda qanday tuzum barpo etilishining ahamiyati yo’q edi: ko’pincha “men Xudoyorxonning avlodidanman” deb maqtanib yurardi. Ya’ni, ma’lum ma’noda xonlik tiklanishiga ham tarafdor edi. Biroq, Kobuldagi jadid muhojirlarga o’zini yaxshi ko’rsatish ilinjida doim respublika tarafdori sifatida o’zini ko’z-ko’zlardi ”.

Afsuski, ijtimoiy dunyoqarashi shakllangan paytda Ibrohimbek OGPU qamoqxonasida tutqun edi. O’zaro toj-taxt talashayotgan afg’on muxolifat kuchlarining quroli ostida qirilib bitajak muhojir laqaylarni Sovet Turkistoni doxilinga olib o’tib, o’zi soddadillik bilan qizil askarlarga taslim bo’ladi.

Ibrohimbekning 1931 yil 19 noyabr kungi tergovnomasidan asliyat:
“…Andin qochib Ko’hitan bordim. Ortimdan qizil askarlar hujum qilib bordilar. Yana qaytib Ko’kkamarga kelib eshitdimkim, Qayum parvonachi degan Ibrohimbekka yigirma kishi bilan elchi bo’lib kelib, topolmay qaytib, Dehnov tarafg’a ketdilar deb. U yerda meni ham bilmas edilar. Qizil askarlar bilmasin deb otimni Vazir qo’yib erdim. Shul sababdin meni hech kim bilmas erdi. Elchilarning xabarini eshitib, ko’b xursand bo’lib, emdi qaytib Bobotog’ga borayin, elchilar har qaerda bo’lsa-da shularning maslahati ilan hukumatg’a taslim bo’layin deb Mirshodig’a kelganimda orqamizdan, har tarafdan qizil askar yetib, urush bo’lib, askarlarim har yoqqa yoyilib ketdi. Yana o’zim, Eshoni Isoxon, Alimardon, yigirma-o’ttiz odam ilan Surxondaryodan o’tib Bobotog’ga keldim. Qizil askarlar bor ekan. Yana Eshoni Isoxon, Alimardon va boshqa yo’ldoshlarim oti charchab, adashib har yerda qoldi. O’zim Kofarnihon daryosig’a borib, bir fuqarodin so’radim: Ibrohimbekka kelgan elchi qayda? Fuqaro aytdiki, Qayum parvonachi, elchilar Xo’jabulbulon idorasidadur deb. Emdi men aning qo’lig’a Qayum parvonachi, Muqim komandirning otig’a xat yozib berdimkim, men hukumatg’a taslim qilg’ali keldim, kelib meni olib boringlar, deb. Xatni fuqarodin yuborib, o’zim ham daryodin o’tib erdim, Qayum parvonachi, Muqim komandir va boshqa elchilar kelib, meni birga Xo’jabulbulon idorasiga olib bordilar. Hukumatg’a taslim qilg’alim ham shul, ko’rganim ham shuldir. Lekin, daryoning naryog’i Afg’onistonda, buyog’i hukumat tuprog’ida Qayum parvonachini, elchilarni eshitganimdan ilgari hech yerda hukumatg’a taslim qilamiz degan gapni aytqonim yo’q va hech bir askar ham aytqoni yo’q. Va hukumat tarafidin xat yoki bir odam kelib aytqoni yo’qkim, hukumatg’a taslim qil, deb. Lekin-da hukumatning kattalig’i va mening va boshqaning kuchi yetmasligi o’zimga xo’b ma’lum erdi. Asl haqiqat, hukumatg’a taslim qilayin, hukumatg’a xizmat qilayin degan niyat ko’nglumda bor erdi. Hech kimg’a izhor qilmas erdim. Sabab shulkim, Afg’onistonda ish qiladurg’on askarlarim hukumatdan qochib borgan erdi. Bir kuni sidqim bilan xayol qildimkim, afg’onlar ilan urushda afg’onlar zo’rlik qiladir, bir odamni hukumatg’a yuborayin, hukumat har nima buyursa, o’shal qarorda ish qilayin deb, Jo’raqulni maxfiy Saroykamarning kattasig’a yubordim. Jo’raqul borib kelib aytdi: meni Maskov olib ketmoqchi bo’ldi, men qochib keldim, deb. Shunday ham bo’lsa, askarlar Jo’raqulning Saroykamar borganini bilib, mang’a aydilarkim, Jo’raqul Saroykamar boribdi, Jo’raqulni o’ldirmak kerak, deb. Men, yolg’on deb, o’ldirmakni man qildim. Yana bir xayol qildimkim, odam yubormoq ilan bo’lmadi, xat qilib yuborayin, deb. Do’stmuhammad afg’onni oldirib, maxfiy xat qilib, Do’stmuhammadni Saroykamar yubordim. Hech bir nishon ma’lum bo’lmadi. Saroykamar atab xat qildim, ma’lum bo’lmadi. Buyoqg’a o’tgandan keyin ko’pning ko’nglig’a qarab, o’zim xat-e’lonlar qildim. Asl o’zim, ko’nglim urushmakda emas erdi. Shul sababdan askarlarga xat berib, o’zim cho’llarg’a qochib yurdim. Ko’p bo’lmasin deb, oxiri bir kun hukumat tarafdan xat-elchi kelar deb o’zimning nodonlig’imdin va hukumat tarafdin xabar bo’lg’uncha shuncha saragardonlik ko’rdim. Nodonlig’imdan va hukumat ko’rmasdan afg’onlar ilan urushib, inqilob qilib, sakkiz ming muhojirni sabab bo’lib, hukumat tuprog’iga o’tkardim. Emdi hukumatni bildim, mundin buyon Afg’onistonda qolg’on el va bosmachilarni bermak menim tanim va boshqa har nima ishni hukumat buyursa, rostlik ilan qilurman. Asl chin gapim, chin arzim yuqorida yozilgan gaplar. Keyinda, Amudaryodin o’tgandan keyingi voqealarning ba’zisini chin gap, o’truk aytdimkim, sabab shulkim, bir qo’lim mayib bo’lib kezmakligimdan va biri shulkim, munday katta, yaxshi hukumatg’a urushmoqg’a askarlarg’a buyruq berdim, e’lon qildim degani tilim bormay, o’truk-chin gaplarni javob qildim.
Umid etamanki, maof qilsalar deb.

Men bir hukumatning yomon, qochib ketgan farzandi erdim. Farzand harchand yomon bo’lsa-da ota-ona anga mehribonroq bo’lur. Emdi mundin buyon nima savol qilsa, rostlik ilan javob beraman va nima ish buyursa, rostlik ilan qilurman.
Muhammad Ibrohimbek (arab imlosida yozilgan) ”.

Afandim, bu Ibrohimbek tergovnomasining asl nusxasidir. Avvalgi keltirilgan barcha ko’chirmalarim rus tilidan tarjima edi.

Ibrohimbekning o’limi oldidan aytgan so’zlarini sharhlashga ojizman, afandim. Faqat Bobur mirzoning: “Olamda jon vahmidin yomonroq nima bo’lmas emish”, degan so’zlari xayolimda aylanyapti, xolos. Afsus, men jon vahmini tasvirlab bilmasman. Bilganim shulki, Ibrohimbekni biz maof etgaymiz, ahvolini tushunishga harakat qilgaymiz.
Ibrohimbek OGPUning Toshkent markazidagi qamoqxonasida jon vahmiga tushib, ko’zlaridan duv-duv yoshlar oqayotgan, ko’zlaridan qonlar oqayotgan paytda Fayzulla Xo’ja xomtalash qilingan Turkistonning bir nimtasi bo’lmish O’zbekiston Xalq Komissarlari Sovetining raisi sifatida bolsheviklarning nog’orasiga o’ynab o’tirar, “tahsil va tajribasidagi nuqsonlar” (Anvar posho iborasi) tufayli allaqachon “o’zini neknomlar chargasidan chiqarib” tashlagan edi. Ehtimol, u Ibrohimbekning ko’rgazmasi bilan kunma-kun tanishib, aylanma o’rindiqda miyig’ida kulib o’tirgan bo’lsa-da ajab emas. Chunki, uning uchun qo’g’irchoq shaklinda bo’lsin, mansabdan boshqa matlab yo’q edi. U mansab olar havosi bilan Turkistonning xonumonin barbod berdi, bolsheviklar qo’lida sadoqatli oqchurinchi bo’ldi va oxir-oqibat ovga yaramay qolgan, ovga yarasa ham tovga yaramay qolgan ko’ppak maqomida otib tashlandi.

Ibrohimbek esa o’z safdoshlari bilan salkam bir yarim yil davomida Toshkentning kindigidagi OGPU qamoqxonasida tergov qilinadi: xo’rlanadi, xor bo’ladi, zor bo’ladi.

Ibrohimbek bilan yonma-yon turgan va birin-ketin otilgan mujohidlar kimlar edi?

Ular Ibrohimbekdan tashqari yana o’n besh nafar edi.
1. Sulaymon Salohiddin o’g’li (Eshoni sudur). Eski Buxoroda tug’ilgan. Otasi amir Abdulahad zamonida “Shayx ul islom” bo’lgan. Eshonzoda. Otasining haqi-hurmati amir Olim unga “sudur” unvoni bergan. Amirning mulozimlariga qo’shilib 1921 yili muhojirlikka ketadi. 1931 yilga qadar Afg’onistonda yashaydi. Ibrohimbek safida o’z vataniga qaytib kelgan. Aybi: “inglizlardan topshiriq olgan”, Ibrohimbekning “maslahatchisi”, “qizil askarlarga qarshi jang qilgan”. Lekin, umrida qo’liga miltiq ushlab ko’rmagan. Yolg’iz qizi Afg’onistonda eri bilan qoladi .
2. Abduqayum parvonachi. 75 yashar. Ibrohimbekning qaynotasi. 1931 yilda o’z xohishi bilan hukumatga taslim bo’lgan .
3. Eshoni Isoxon. 46 yashar. Laqaylarning bodrohli urug’idan. Hisor viloyatining Chipto’ra tumanidagi Qayrag’och qishlog’ida tug’ilgan. Savodli. Eshonzoda. Ikkita xotini bor. Farzandlari: Tosh (o’g’li) 12 yashar, Hoshim (o’g’li) 6 yashar, Hayitgul (qizi) 4 yashar. 1923 yili Sho’ro hukumati qamoqxonasida 8 oy yotib chiqadi. Ibrohimbekning askarboshilaridan edi .
4. Alimardon dodxoh. 44 yashar. Laqaylarning bodrohli urug’idan. Boshbuloq qishlog’ida tug’ilgan. Ikkita xotini bor: Toshgul 39 yashar, Qunduz 37 yashar. O’g’li Hayotulloh 2 yashar. Ibrohimbekning askarboshilaridan edi .
5. Ortiq dodxoh Ashur o’g’li. 40 yashar. Laqaylarning bayram urug’idan. Ko’lob viloyati, Qizilmozor tumani, Sassiqbuloq qishlog’ida tug’ilgan. To’rtta xotini bor. To’g’aysarining askarboshilaridan edi .
6. Ko’gan tug’sabo Kenja o’g’li. 27 yashar. Kangurt tumanidagi Qizilqiya qishlog’ida tug’ilgan. 1922 yilda otasi Kenjaboyning mujohidlari safiga qo’shilgan. Laqaylarning kurdek urug’ining jaqa shoxidan. Otasi Kenjaboyni 1922 yilda ruslar otib tashlaydi. Otasining quvvatlariga akasi Abdullabiy askarboshi bo’lgan. Ko’gan akasining o’rinbosari bo’ladi. 1931 yili Afg’onistonda Ibrohimbek safiga qo’shilib, Nodirxon hukumatining muntazam lashkariga qarshi janglarda qatnashadi. Sho’ro hukumatiga o’z ixtiyori bilan taslim bo’ladi .
7. Toshmat Xo’jamberdi o’g’li. 47 yashar. Hisor viloyatining Qoramanqul qishlog’ida tug’ilgan. Savodsiz. Uylangan. Xotinining ismi Anor, 25 yashar. Farzandlari: o’g’li Toshmirzo 10 yashar, o’g’li Eshmirzo 6 yashar, qizi Xumor 5 yashar. Do’rmon urug’idan. Afg’onistonda Ibrohimbek safida turib Nodirxon hukumatiga qarshi janglarda qatnashadi .
8. Mullo Niyoz parvonachi. 53 yashar. Millati tojik. Shahrinav tumanidagi Iskich qishlog’ida yashagan. Asli buxorolik. Uylangan. Xotinining ismi Kalon, 40 yashar. Farzandlari: qizi Shamsiya 26 yashar, o’g’li Nusrat 22 yashar, o’g’li Hakim 19 yashar, o’g’li Izzat 18 yashar, o’g’li Murtazo 14 yashar, o’g’li G’oziy 10 yashar. Bitta uyi, bir bosh sigiri, 3 tanob yeri bor edi. “Parvonachi” unvonini unga Anvar posho bergan .
9. Olot polvon Elmirza o’g’li. 42 yashar. Laqay, dovud shoxidan. Uylangan. Xotini va qizi Qizilmozorda yashaydi. Akasi Ismatbek qo’rboshini qizillar 1924 yili o’ldirishib, boshini kesib ketishgach mujohidlar safiga qo’shilgan. Akasining o’rniga askarboshi bo’lgan. Ibrohimbekka bo’ysunardi .
10. Shohasan Imonqul o’g’li. 38 yashar. Laqay tumanidagi Toushar qishlog’ida yashagan. Uylangan. Xotini Zubayda 31 yashar. Qizi Hakima 8 yashar, qizi Qumri 3 yashar, o’g’li Subxonqul 5 yashar, o’g’li Sohib 3 yashar. 1929 yili
Sho’ro hukumatining ruxsatnomasi bilan Afg’onistonda yashaydigan qarindoshlarini ko’rgani boradi va qaytishda Ibrohimbek safida qaytadi. Aybi — shu .

11. Ko’ganbek Sherali o’g’li. 34 yashar. Norin deparasidagi Sho’rchi qishlog’ida tug’ilgan. Savodsiz. Uylangan. Xotini Zulfiya 23 yashar. O’g’li Amirqul 11 yashar. Tergov paytida: “Agar Ibrohimbekni ozod qilib yuborsalaring, u muhojirlarni qaytarish borasida sizlarga katta foyda keltiradi. Ibrohimbek Sho’ro hukumati doxilinga urushish uchun kelmagan, balki chin dildan taslim bo’lishni istardi va o’z niyatiga yetdi”, deb ko’rgazma beradi. Tergov jarayonida Ibrohimbekni bevosita yoqlab gapirgan yagona qo’rboshi — shu .
12. Mullo Ahmadbek Said o’g’li. 53 yashar. Laqaylarning bodrohli urug’idan. Kangurt tumanidagi Munduk qishlog’ida tug’ilgan. Savodli. Xotini Bibinor 40 yashar. O’g’li Xushboq 10 yashar. Muhojirlikka ketguncha bir bosh ho’kizi, ikki bosh eshagi, bir bosh oti bor edi. Jihod davrida Ibrohimbekning shaxsiy qo’riqchisi bo’lgan .
13. Mirza Qayum Sher o’g’li. 34 yashar. Esonxo’ja urug’ining kuntu shoxidan. Savodli. Kangurt deparasining Saryob qishlog’ida tug’ilgan. Akasi Mamatumar 40 yashar. Ukasi Kavrak 25 yashar (bu chol-otamiz 1990 yili Dushanbe
viloyati, Lenin tumanidagi Hasanobod qishlog’ida 85 yoshida qazo qildilar, iloyim, joylari jannatda bo’lsin! — izoh meniki N.B.). 1926 yilgacha dehqonchilik bilan mashg’ul bo’lgan. Bir bosh oti, ikki bosh ho’kizi, ikki bosh sigiri bor edi. Savodli bo’lgani uchun 1926 yilda Ibrohimbek uni o’ziga mirza qilib oladi va mujohidlar oqimiga qo’shilib muhojirlikka ketib qoladi. Uylangan. Ikkita xotini bor: Ulug’oy 22 yashar, Oytufa 16 yashar (biz Do’stmurod aka Qurbonov bilan 1991 yilning bahor oylarida Dang’ara tumanida yashaydigan Oytufa momoning daragini topib bordik: 80 yoshlar atrofidagi kampir ekan, tom soyasi tushib turgan o’choq bo’yida po’stakka o’tirgan ko’yi qo’zichoqqa emizikli shishada sut ichirayotgan ekanlar. Salom-alikdan so’ng maqsadga ko’chdik, Mirzaqayum degan odamni taniysizmi, deb so’radik. “Diydori qursin, o’zi yaxshi ko’rib opqochib olgan edi, lekin tashlab ketdi! Eshitishimcha, Afg’onistonda yashayotgan emish. Yana xotin olibdi, xotinboz!” dedi momo norozi bo’lib. Mirzaqayumning suratini ko’rsatdik. Momo suratga qarar-qaramas: “U oppoqqina kishi edi, bu qora-ku”, dedi. Mirzaqayum aynamiz 1931 yili Tojikistonga qaytib kelib, hukumat tomonidan otilib ketganini momo bilmas ekan. Aytsak, ishonmadi. “O’zi shunaqa deb gap tarqatgan bo’lsa kerak, aldoqchi!” dedi o’pkalab. 1926 yili eri uni Afg’onistonga olib ketmagani uchun qattiq arazlagan ekan: hamon doka ro’mol qurimabdi. Oytufa boshqa ro’zg’or qilgan, bola-chaqali, nevarali-chevarali. Iloyim, umrlari uzoq bo’lsin! — izoh meniki: N.B.). Mirza Qayumning aybi — Ibrohimbekning safida muhojirlikdan vataniga qaytib kelganidir .

14. Azim marqa Ostonaqul o’g’li. 51 yashar. Marqa urug’idan. Savodsiz. Ibrohimbek oilasiga vasiylik qilgan. Batrak. Muhojirlikka ketgan: “Ibrohimbekning ikkita xotini va ikkita singlisini Afg’onistonga kuzatib bordim”, deb ko’rgazma beradi. O’zining aytishicha, Aylobodda bitta sag’ira bevaga “vaqtincha” uylanadi. Keyin yana Ibrohimbekning oilasi bilan Hisorga qaytadi. Aybi — Ibrohimbekka xizmatkor bo’lgani .
15. Eshon polvon Bahodirzoda. 44 yashar. O’zbeklarning qo’ng’irot urug’idan. Qobodiyonda tug’ilgan. Savodli. Eshonzoda. Ikkita xotini bor: Azizaposhsho hozir Chapara qishlog’ida yashaydi, 36 yauar. Ikkinchi xotini Bayram esa Afg’onistonda qolgan. Farzandlari: o’g’li Muhammad 14 yashar, o’g’li Hamidulloh 4 yashar, qizlari Hojar 9 yashar, Shahzoda 7 yashar, Malika 6 yashar, Kimyo 6 yashar. Uchta katta qizi Afg’onistonda qolgan. O’zi 1921 yilda Boysun tumaniga Anvar posho kelgan paytda Afg’onistonga qochib ketadi .
Xullas, 1932 yilning 13 aprel kuni Moskva shahrida OGPU hay’atining yopiq majlisida Ibrohimbek va boshqalarning (jami 16 kishi) jinoiy ishi muhokama qilinadi. Yuqorida nomlari zikr etilgan zotlar yoppasiga oliy jazoga — otuvga hukm qilinadilar . 1932 yilning 10 avgust kuni Toshkent shahrining markazidagi OGPU qamoqxonasida Sulaymon Salohiddin o’g’li (Eshoni sudur), Abduqayum parvonachi, Eshoni Isoxon Mansurxon o’g’li, Alimardon dodxoh Muhammadi o’g’li, Ortiq dodxoh Ashur o’g’li, Ko’gan tug’sabo Kenjaboy o’g’li, Toshmat Xo’jamberdi o’g’li, Olot polvon Elmirza o’g’li, Shohasan Imonqul o’g’li, Ko’ganbek Sherali o’g’li, Mullo Ahmadbek Said o’g’li, Mirza Qayum Sher o’g’li, Azim marqa Ostonaqul o’g’li, Eshon polvon Bahodirzodalar otib tashlanadi. Mullo Niyoz parvonachi Hakim o’g’liga nisbatan chiqarilgan oliy jazo ijro etilishidan avval OGPU qamoqxonasining kasalxonasida o’z ajali bilan vafot etadi. Ibrohimbek Chaqaboy o’g’liga nisbatan chiqarilgan oliy jazo esa 1932 yilning 31 avgust kuni ijro etiladi .
Afandim, Ibrohimbek o’z vatandoshlaridan 21 kun keyin qatl qilinadi. Nega?
“Olamda jon vahmidin yomonroq nima bo’lmas emish…”

Fayzulla Xo’ja esa ikki chaqirimcha naridagi shinam xonasida miyig’ida kulib o’tirardi.
“Agar ko’zungiz qo’rqsa, ko’zungizni bog’lab yurub ro’baro’ bo’laling”, deb madad beradi Bobur mirzo.

Ibrohimbek 21 kun mobaynida 500 marta — har soatda bir bora o’ladimi? Bitta jon 500 marta o’lishi mumkinmi? 500 vahmni yengib yashagan mujohid nainki maof etarga loyiq bo’lmasa? Mayli, uni bolsheviklar, oqchurinchilar, fayzullalar maof etmadi, lekin biz maof etmog’imiz va uning ruhiga-da Qur’on tilovat qilmog’imiz joizdir.

“Ulug’-ulug’ beklar va yaxshi-yaxshi yigitlar, qalin kishi bu urushta talaf bo’ldi. Ibrohim tarxon va Ibrohim soru va Ibrohim joniy, bu g’aribturkim, bir urushta uch Ibrohim otliq ulug’ beklar talaf bo’ldi ”, deb afsuslangan edi Bobur mirzo 494 yil muqaddam.

Biz ham o’zimizning hech o’chmas xotiramizga “va Ibrohim laqay talaf bo’ldi” deb yozib qo’yamiz. Unutmaylik, Ibrohimbek bir urushda 500 marta talaf bo’ldi. U kofirlarning qo’lida qurbon bo’ldi. Shahid bo’ldi. Inshoolloh, eng oliy rutbai shahodatga — shahidlikka noil bo’ldi!

“Ulug’-ulug’ beklar va yaxshi-yaxshi yigitlar, qalin kishi bu urushta talaf bo’ldi. Ibrohim tarxon va Ibrohim soru va Ibrohim joniy, Ibrohim laqay, bu g’aribturkim, bir urushta to’rt Ibrohim otliq ulug’ beklar talaf bo’ldi”.

Ibrohimbekdan farzand qolmadi. Ehtimol, so’nggi damlarda o’zidan tirnoq qolmayotgani uchun o’kingandir, afandim. Endi biz uning ruhini o’kintirmaylik, to’rt kalima duoi fotihamizni darig’ tutmaylik: iloyim, joyi jannatda bo’lsin!

Rus bosqinchilariga qarshi janglarda shahid bo’lgan jamiki mujohidlarga Ollohning rahmatlari yog’ilsin!

044

(Tashriflar: umumiy 2 667, bugungi 1)

Izoh qoldiring