Ashurali Jo’rayev. Sadriddin ham Buxoroga aylangandir…& Sadriddin Salim Buxoriy. Ikki kitob

Ashampoo_Snap_2016.12.16_01h45m54s_002_.png   Айни шу кунларда муқаддас Бухоро тупроғида таниқли шоир Садриддин Салим Бухорий таваллудининг 70 йиллигига бағишланган учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Ушбу саҳифамизни беназир шоир ва беғубор инсон бўлмиш ижодкор хотирасига бағишлаймиз.

«САДРИДДИН ҲАМ БУХОРОГА АЙЛАНГАНДИР…»
Ашурали ЖЎРАЕВ
005

 003.jpgСадриддин  Салим Бухорий (Садриддин Салимов) 1946 йил 16 сентябрда Бухоро шаҳридаги Чўпбоз гузарида туғилган. Бухоро педагогика институтининг немис тили факультетини тамомлаган (1972). «Оққушим», «Эрка қушим» (1979), «Ёруғлик одами» (1983), «Рўмолча» (1988), «Бухорога Бухоро келди» (1999), «Дурдоналар» (2005) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Бир нечта тарихий-маърифий китоблар ҳам ёзган («Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир», 1993; «Уч авлиё», 2000; «Ҳазрат Абу Кафс Кабир», 2006; «Икки юз етмиш етти пир», 2006; «Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд», 2006; «Ҳазрат Каъбул Ахбор Валий», 2007 ва бошқа). И. В. Гётенинг «Ғарбу Шарқ девони»ни ўзбек тилига таржима қилган. «Меҳнат шуҳрати» ордени (1999) ва «Фидокорона хизматлари учун» (2005) ордени билан мукофотланган. Садриддин Салим Бухорий 2010 йил 10 мартда оғир юрак хуружи туфайли оламдан кўз юмган.

005

У биринчи шеърини Минораи Калонга айтди. Бу шеърини бутун вужуди билан ҳайқириб, юрагини тўлдириб, ғурур ва меҳр билан айтди. Бу ўтли шеърнинг садолари Лабиҳовузга ҳам етиб келди. Қадим Бухоро кўчалари нурланиб кетди бу гўзал шеърдан:

Ҳар бир ғунча аввал менинг юрагимда гуллайди,
Кейин гулга бурканади баҳор келиб кенг жаҳон.
Тонгда олам аввал менинг юрагимда куйлайди,
Мен шоирман, онажон.

Шеърни эшитган онаси қайта-қайта дуолар қилиб, шеърни меҳр билан бағрига босиб, унга “оқ йўл” тилади. Лабиҳовузнинг кекса тутлари ҳам бу қутлуғ дуога қўшилдилар. У ҳайрат тўла кўзлари билан ҳовузга узоқ термулди. Хаёлига шундай мисралар қуюлди: “Ҳовуз бетидаги ажинлар аждодларим дардларимикин?!”

Айниқса онасининг “Ўзга ерларда осмондан нур ёғилса, осмон Бухоро еридан нур эмар экан”, деган ҳикматли сўзлари унинг қалбидан мустаҳкам ўрин олди. У ана шу муқаддас нурнинг абадий ошноси бўлиб қолди. Бу нур қалбига Бухоро меҳрини солди, Бухоронинг ўлмас мавзусини муҳрлади. У бутун вужуди билан ана шу муборак нурга интилди, талпинди. Бухоро нуридан ҳамиша ҳикмат излади. Оташин шоир Садриддин Салим ижодини ана шу бебаҳо нурдан бошлади, ана шу нурдан мудом илҳом олди, ўзи ҳам, қалами ҳам нурланиб борди. Нурга кўмилди унинг ҳаёти ва ижоди:

Бухоро тунлари сернур, пурзиё,
Заминдан осмонга гоҳо сузар нур…

Садриддин Салим ижодининг бош мавзуси қадим ва навқирон Бухоро. У шўролар давридаги Бухорони кўриб куюнди, ачинди, юраги йиғлади. Кундан-кун нураб, тарихий обидалари, маданий ёдгорликлари аста-секин тўкилиб бораётган ғариб Бухорони кўриб ҳаловати йўқолди. Улуғ устозимиз – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов билан матбуотда “Бухорони қутқаринг!” деб бонг уриб чиқишди. Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилган ушбу танқидий мақола собиқ шўро тузумининг ўша даврдаги айрим калтабин раҳбарларига ёқмади. Уларнинг ғазабини келтирди. Шўро чиновниклари муаллифларга очиқ-ойдин тазйиқ ўтказа бошладилар. Лекин Бухоронинг бу икки забардаст фарзанди бу дўқ-пўписалардан асло чўчимадилар. Аксинча нураб бораётган она шаҳарлари Бухорони зудлик билан қутқариш, тарихий-маданий обидаларни таъмирлашни жадаллаштириш масаласида қайта-қайта чиқишлар қилдилар. Ўша зулматли кунлар ҳақида шоир ҳасрат билан ёзади:

Ҳамма жой равшан эди-ю
Мен эдим зулмат аро
Нурга зор нурсиз чироқда
Ўтди умрим, во дариғ!
Иттифоқсиз иттифоқда
Ўтди умрим, во дариғ!…

Тарих саҳифаларидан маълумки, шўро тузумидан энг кўп азият чеккан шаҳарлардан бири қадим ва кўҳна Бухоро эди. Шўро даврида фақат одамлар эмас, балки шаҳарлар ҳам, юртлар ҳам қатағонга учради. Қадимдан юксак илм-фан маркази бўлган, улуғ алломалар юрти Бухоро ҳам қатағон шаҳарлар рўйхатида эди. Таъмирталаб тарихий ёдгорликлар анчагина ташландиқ аҳволга келиб қолганди. Бухородаги бундай оғир манзараларни кўриб, юраги йиғлаганлардан бири, бу, шубҳасиз фидойи ва ватанпарвар шоир Садриддин Салим эди.

“Сен бўлмасанг кемтикдир дунём, сен бўлмасанг дунёмдир сағир”, деб фарёд чекди у. “Юрагим мисоли Бухоро, унинг ҳам қалъаси вайрондир”, деб изтиробга тушди шоир. Лекин шоирнинг куюнишларига шўро амалдорларидан амалий жавоблар бўлмади. Оқибатда Бухородаги кўпгина маданий-тарихий ёдгорликларнинг айримлари ташландиқ аҳволга келиб қолган, айримлари вайроналикка юз тутгани — бизнинг кечаги кундаги оғриқларимиздир. Масалан, биргина Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳини олайлик. Бу улуғ зотга эътиқод қилганлар яширинча бориб, шўро айғоқчиларига сездирмасдан зиёрат қилиб келарди. Садриддин Салим ўша мураккаб даврларда ҳам бу улуғ зиёратгоҳдан асло қадамини узгани йўқ. Умрининг ярим асрдан зиёди ушбу мажмуа билан боғлиқдир.

Ўзбекистон мустақиллигини катта қувонч ва кўзда севинч ёшлари билан кутиб олганлардан бири оташин шоир Садриддин Салим эди. У мустақиллигимизнинг дастлабки кунларида қувонч билан ушбу ёниқ мисраларни ёзди:

Ватан фахрим, Ватан ғурурим,
Унинг шони — шонимдир, илло!
Она Ватан бахтим, сурурим,
Мустақилмиз, алҳамдулиллаҳ!

Мустақилликнинг дастлабки йилларида орзу-армонлари ушалганидан бениҳоя хурсанд бўлган Садриддин Салим “Бухорога Бухоро келди” шеърлар туркумини яратди. Унинг ёниб ёзганлари шеърхонлар қайта-қайта такрорлаб, давраларда айтиб юрадиган ўтли сатрларга айланди:

Бухорога нур-зиё келди,
Имон келди, шарм-ҳаё келди.
Бухорони зулмат этди тарк,
Бухорога Бухоро келди…

Ёки:

Ким сени ёр этди, ёр бўлди оқибат,
Ким сени зор этди, зор бўлди оқибат.
Eй Бухоро, бу не ҳикматдур, ажаб,
Ким сени хор этди, хор бўлди оқибат.

Мустақиллик шоирнинг илҳомига илҳом қўшди, журъатига журъат, ғайратига ғайрат бағишлади. Кўз ўнгимизда гўё Садриддин Салим қайта туғилиб, қайта ижод қилаётгандай бўлди. У бутун ижодий фаолиятини ва илмини қолаверса, умрини Бухорога бағишлади. Бухоро билан ҳамнафас яшади. Унинг сўнгги йигирма йиллик ижоди ва ҳаёти бевосита Бухоро билан, Бухорода рўй берган улкан ўзгаришлар, ободончилик ва улкан бунёдкорлик ишлари билан бевосита боғлиқдир. У мустақилликнинг чинакам фидойиси ва ҳақиқий қурувчисига айланди.

У энди оддий шоир Садриддин Салим эмас, балки исм-шарифига “Бухорий” тахаллусини ҳам қўшиб олган эди. Энди у ҳам буюк Бухорийлар каби Бухорони севиш, Бухорони озод ва обод қилишга умрини бағишлаган бунёдкорлар сафида эди. Бухорийлар каби маърифатпарварлик йўлини танлади.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан бошланган Бухородаги улкан ўзгаришлар, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини таъмирлаб, қайта қуриш ишларида бунёдкор фидойиларнинг олдинги қаторида бўлди. У унитилган тарихий жойлар, номларни тиклашда ҳақиқий жонбозлик кўрсатди. Унинг журъатли қадамлари тегмаган Бухоро маҳалласи, гузари ва кўчалари қолмаган. Айниқса, тарихий ёдгорликлар билан бирга бухоролик машҳур авлиёлар, пирлар ҳаётини ҳам изчил ва пухта ўрганди. Ўзи ташаббускор бўлган махсус илмий экспедитсия билан Бухоро атрофидаги ҳамда Навоий вилоятидаги тарихий-маданий ёдгорликларни, қадамжолар ва пиру-авлиёлар тарихини ҳам ўрганиб, улар ҳақида туркум мақолалар, махсус китоблар ёзди, шеърий ва публитсистик туркумлар яратди.

Унинг тасаввуфга, авлиёлар тарихига оид “Дилда ёр”, “Табаррук зиёратгоҳлар”, “Ҳазрати Азизон ар-Рометаний”, “Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир”, “Чор Бакр ёки Жўйбор авлиёлари”, “Ҳазрат Мавлоно Ориф Деггароний”, “Авлиё шоҳ Ахсавий Файзиободий ал-Бухорий”, “Хожаи Жаҳоним бор”, “Икки юз етмиш етти пир” номли китоблари Бухоронинг бебаҳо ва боқий тарихини ва бухоролик авлиёлар, пирлар ҳаётини, фаолиятини ўрганишда ўзига хос янгилик бўлди. Ва бу табаррук китоблар ҳамон қўлма-қўл бўлиб ўқилаётир. Шунингдек, Садриддин Салим Бухорий стсенарийси асосида беш қисмдан иборат “Имом ал Бухорий” видеофилми, “Абу Ҳафс Кабир”, “Хожаи Жаҳон” телефилмлари суратга олинган.

У кундан-кунга чирой очиб, янада гўзаллашиб ободонлашиб бораётган Бухорога келган меҳмонларга кундан-кунга обод бўлаётган шаҳар, унинг тарихи ҳақида, қадимий ёдгорликлар тўғрисида соатлаб мароқ билан гапиришдан асло чарчамасди. У Бухорони таърифлаб-тавсифлашдан бир лаҳза тўхтаган эмас.

У шоир бўлиб, Бухорони беармон куйлади, меҳр-муҳаббат билан ёзди.
У бахши бўлиб, Бухорони достон қилиб сўйлади, жўшиб-жўшиб айтди.
У ҳофиз бўлиб, Бухорони юракларга жойлади, авж пардаларга олиб чиқди.
У олим бўлиб Бухорони дилдан ёниб сўзлади, китобларга муҳрлади.

Садриддин Салим Бухорий мустақилликнинг асл моҳиятини, кун сайин обод бўлаётган озод “Бухоронинг обидалари ҳар кун янги ҳикмат айтади”, деб тушунтиришдан, одамлар қалбига муҳрлашдан асло чарчамасди. Ушбу мисраларни қайта-қайта ўқишни яхши кўрарди у:

Юрт Эгаси юртни обод этмоқда, шукр,
Нақшбанд бобомни шод этмоқда, шукр.
Хизмати билан элни дилшод этмоқда, шукр,
Садриддин ҳам нақшбандий бўлса, не ажаб!

Ҳақиқатдан ҳам у киши нақшбандия тариқат йўлини тутган тасаввуфшунос олимлардан эди. Уни нақшбандийшунос, десак ҳам муболаға бўлмайди.

— Бу тарихий воқеа умрбод қалбимда яшайди, — дейди шоирнинг жонажон дўсти таниқли олим Самад Азимов. — 2010 йил 30 августда Бухоро шаҳрида “Қадимий ва боқий Бухоро” мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда қатнашган муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ушбу улкан мажмуанинг бунёд этилишида сидқидилдан хизмат қилганларни эслаб, жумладан, юртнинг фидойи фарзанди Садриддин Салим Бухорийнинг ҳам номини тилга олиб, бу улкан ишларда у кишининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаганларида, биз, бухороликларнинг қалбимиз бу меҳрли сўзлардан янада нурланиб кетди. ўуруримиз тоғдай юксалди. Аслида бу Садриддин Салим ҳаёти ва фаолиятига берилган энг юксак баҳо бўлди. Яна бир нарсани мамнуният билан айтиш керакки, Садриддин Салим Бухорий Биринчи Президентимиз назарига тушиб, ҳаётлик вақтида “Фидокорона хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган эди.

Ҳа, ҳақиқатан ҳам уни чин маънода фидокорона меҳнат соҳиби дейиш мумкин. У 1972 йилда Бухоро Давлат Университетининг чет тиллар факултетини тугатиб, умрининг охиригача ушбу илм даргоҳида самарали ва ҳалол ишлади. Юзлаб шогирдлар етиштирди. Умрини эзгу, хайрли ва ибратли ишларга бағишлади. У киши 2010 йил 10 мартда 64 ёшида юрак хуружидан вафот этди.

Шоир бир умр Бухоронинг қадимги Чўпбоз гузарида яшаб ўтди. Садриддин Салим Бухорийни сўнгги йўлга кузатаётганимизда, унинг шогирдларидан бири Амрилло Бешимов кўзда ёш билан ушбу видо сатрларини пичирлади:

Чўпбоз гузарига чўбин от келди,
Бухоро бўғзига алам-дод келди…

Садриддин Салим Бухорийнинг ўлимидан сўнг ўафур ўулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан “Ҳикматдир дунё” сайланмаси чоп этилди.

Шоир, ҳаётлик пайтида ушбу сайланмани ўз қўли билан тайёрлаган эди. Афсус китобни кўриш унга насиб этмади. Ушбу китобни ўқиб чиққач, шоир ижодининг янги-янги саҳифаларини кашф этасиз. Ва ўз-ўзидан Садриддин Салим Бухорийнинг ҳақиқий мухлисига айланасиз. Китоб филология фанлари доктори, устоз Нажмиддин Комиловнинг “Бухоро куйчиси” деб номланган сўзбошиси билан очилади. Меҳр билан ёзилган ушбу сўзбошида шундай ибратли сўзларни ўқиймиз. “Садриддин Салим Бухорий ана шундай ҳаётсевар, некбин, яхшилик, ободонликдан қувонадиган, ёмонлик, хасталикни дилдан ёмон кўрадиган шоир эди. У шундайлигича бизнинг юрагимиздан абадий жой олгандир. Шубҳасиз бу ҳассос ижодкор ўзининг бетакрор шеърий олами, юксак инсоний фазилатлари, ватанпарварлиги, халқсеварлиги, илму маърифатга ихлоси жуда баландлиги билан яна неча-неча авлодларга ҳамкору ҳамдам бўлажакдир”

Бу сайланма шоирдан бебаҳо ёдгорлик бўлиб қолди. Китоб чоп этилиши билан қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Сайланманинг биринчи қисми — “Бухорога Бухоро келди” деб номланган. Ундан асосан шоирнинг ҳаётлик вақтида чоп этилган китоблари ва янги шеърларидан саралаб олинган. “Шариф манзаралар” бўлимида қадим Бухоро тарихи билан бирга мустақиллик йилларида Бухорода амалга оширилган ва оширилаётган улкан ўзгаришлар, бунёдкорликлар ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. “Таржималар” бўлимидан шоирнинг ўзига хос таржималари ўрин олган бўлиб, айниқса немис мутафаккири И.Гётенинг “ўарбу Шарқ девони”ни немис тилидан бевосита ўзбек тилига таржима қилганлиги катта аҳамият касб этади. “Етти авлиё” бўлимида Ўзбекистонда яшаб ўтган улуғ авлиёлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида ёзилган теран мақолалардан иборат. Китобнинг ҳар бир боби, бўлими завқ-шавқ билан ўқилади. Китобдан ўрин олган барча катта-кичик асарлар мазмун-моҳияти билан бугунги ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламига ва уларни келажакда баркамол инсон бўлиб вояга етишларида тарбиявий аҳамияти беқиёсдир. Энг муҳими, бу китоб ёшларга “Ҳар қаричи муқаддас, ҳар тоши зиёратгоҳ, Сени севмай бўлурми, эй авлиё Ватаним!”, деб Ватанни Садриддин Салим Бухорийдек юракдан севиш, ардоқлаш ва уни ҳамиша кўз қорачиғидек асраб-авайлашдан бебаҳо сабоқлар беради. У бизга Бухорони севиш билан бирга Ўзбекистонни севишни, қадрлашни, улуғлашни ўргатиб кетди.

Садриддин Салим Бухорий қаламига мансуб “Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари” тарихий-маърифий рисоласи 2015 йилда “Наврўз” нашриётида салмоқли нусхада чоп этилди. Бухоронинг муқаддас тарихий манзиллари ва авлиёлари ҳақида ҳикоя қилувчи бу китоб ҳам шоир мухлисларига катта совға бўлди. Бухоро тарихи билан қизиқувчи барча китобхонлар, мутахассислар учун ажойиб ва бебаҳо тўёна, десак арзийди.

Катта қалбли шоир, моҳир таржимон, фидойи олим ва оташин публитсист Садриддин Салим Бухорий ўз ҳаётини ва ижодини Бухорога, бухороликларга бағишлади. У чин маънода Бухоронинг дилбанди эди. Энди унинг жисми-жони ҳам Бухоро тупроғига пайванд бўлиб кетди. Ўзи ёзиб кетганидек:

Мени излаб мозорларга борманг зинҳор,
Қалб риштаси шу Ватанга бойлангандир.
Бухорога келиб қаранг такрор-такрор,
Садриддин ҳам Бухорога айлангандир.

Манба: «Ҳидоят» журнали, 2011/09

Buxorolik ustozlar.jpg“SADRIDDIN HAM BUXOROGA AYLANGANDIR…”
Ashurali JO‘RAYEV
005

0 62.jpgSadriddin Salim Buxoriy (Sadriddin Salimov) 1946 yil 16 sentyabrda Buxoro shahridagi Cho‘pboz guzarida tug‘ilgan. Buxoro pedagogika institutining nemis tili fakultetini tamomlagan (1972). «Oqqushim», «Erka qushim» (1979), «Yorug‘lik odami» (1983), «Ro‘molcha» (1988), «Buxoroga Buxoro keldi» (1999), «Durdonalar» (2005) kabi she’riy to‘plamlari nashr etilgan. Bir nechta tarixiy-ma’rifiy kitoblar ham yozgan («Bahouddin Naqshband yoki yetti pir», 1993; «Uch avliyo», 2000; «Hazrat Abu Kafs Kabir», 2006; «Ikki yuz yetmish yetti pir», 2006; «Hazrat Bahouddin Naqshband», 2006; «Hazrat Ka’bul Axbor Valiy», 2007 va boshqa). I. V. Gyotening «G‘arbu Sharq devoni»ni o‘zbek tiliga tarjima qilgan. «Mehnat shuhrati» ordeni (1999) va «Fidokorona xizmatlari uchun» (2005) ordeni bilan mukofotlangan. Sadriddin Salim Buxoriy 2010 yil 10 martda og‘ir yurak xuruji tufayli olamdan ko‘z yumgan.

005

U birinchi she’rini Minorai Kalonga aytdi. Bu she’rini butun vujudi bilan hayqirib, yuragini to‘ldirib, g‘urur va mehr bilan aytdi. Bu o‘tli she’rning sadolari Labihovuzga ham yetib keldi. Qadim Buxoro ko‘chalari nurlanib ketdi bu go‘zal she’rdan:

Har bir g‘uncha avval mening yuragimda gullaydi,
Keyin gulga burkanadi bahor kelib keng jahon.
Tongda olam avval mening yuragimda kuylaydi,
Men shoirman, onajon.

She’rni eshitgan onasi qayta-qayta duolar qilib, she’rni mehr bilan bag‘riga bosib, unga “oq yo‘l” tiladi. Labihovuzning keksa tutlari ham bu qutlug‘ duoga qo‘shildilar. U hayrat to‘la ko‘zlari bilan hovuzga uzoq termuldi. Xayoliga shunday misralar quyuldi: “Hovuz betidagi ajinlar ajdodlarim dardlarimikin?!”

Ayniqsa onasining “O‘zga yerlarda osmondan nur yog‘ilsa, osmon Buxoro yeridan nur emar ekan”, degan hikmatli so‘zlari uning qalbidan mustahkam o‘rin oldi. U ana shu muqaddas nurning abadiy oshnosi bo‘lib qoldi. Bu nur qalbiga Buxoro mehrini soldi, Buxoroning o‘lmas mavzusini muhrladi. U butun vujudi bilan ana shu muborak nurga intildi, talpindi. Buxoro nuridan hamisha hikmat izladi. Otashin shoir Sadriddin Salim ijodini ana shu bebaho nurdan boshladi, ana shu nurdan mudom ilhom oldi, o‘zi ham, qalami ham nurlanib bordi. Nurga ko‘mildi uning hayoti va ijodi:

Buxoro tunlari sernur, purziyo,
Zamindan osmonga goho suzar nur…

Sadriddin Salim ijodining bosh mavzusi qadim va navqiron Buxoro. U sho‘rolar davridagi Buxoroni ko‘rib kuyundi, achindi, yuragi yig‘ladi. Kundan-kun nurab, tarixiy obidalari, madaniy yodgorliklari asta-sekin to‘kilib borayotgan g‘arib Buxoroni ko‘rib halovati yo‘qoldi. Ulug‘ ustozimiz – O‘zbekiston xalq yozuvchisi Ne’mat Aminov bilan matbuotda “Buxoroni qutqaring!” deb bong urib chiqishdi. O‘tgan asrning 80-yillari o‘rtalarida “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida bosilgan ushbu tanqidiy maqola sobiq sho‘ro tuzumining o‘sha davrdagi ayrim kaltabin rahbarlariga yoqmadi. Ularning g‘azabini keltirdi. Sho‘ro chinovniklari mualliflarga ochiq-oydin tazyiq o‘tkaza boshladilar. Lekin Buxoroning bu ikki zabardast farzandi bu do‘q-po‘pisalardan aslo cho‘chimadilar. Aksincha nurab borayotgan ona shaharlari Buxoroni zudlik bilan qutqarish, tarixiy-madaniy obidalarni ta’mirlashni jadallashtirish masalasida qayta-qayta chiqishlar qildilar. O‘sha zulmatli kunlar haqida shoir hasrat bilan yozadi:

Hamma joy ravshan edi-yu
Men edim zulmat aro
Nurga zor nursiz chiroqda
O‘tdi umrim, vo darig‘!
Ittifoqsiz ittifoqda
O‘tdi umrim, vo darig‘!…

Tarix sahifalaridan ma’lumki, sho‘ro tuzumidan eng ko‘p aziyat chekkan shaharlardan biri qadim va ko‘hna Buxoro edi. Sho‘ro davrida faqat odamlar emas, balki shaharlar ham, yurtlar ham qatag‘onga uchradi. Qadimdan yuksak ilm-fan markazi bo‘lgan, ulug‘ allomalar yurti Buxoro ham qatag‘on shaharlar ro‘yxatida edi. Ta’mirtalab tarixiy yodgorliklar anchagina tashlandiq ahvolga kelib qolgandi. Buxorodagi bunday og‘ir manzaralarni ko‘rib, yuragi yig‘laganlardan biri, bu, shubhasiz fidoyi va vatanparvar shoir Sadriddin Salim edi.

“Sen bo‘lmasang kemtikdir dunyom, sen bo‘lmasang dunyomdir sag‘ir”, deb faryod chekdi u. “Yuragim misoli Buxoro, uning ham qal’asi vayrondir”, deb iztirobga tushdi shoir. Lekin shoirning kuyunishlariga sho‘ro amaldorlaridan amaliy javoblar bo‘lmadi. Oqibatda Buxorodagi ko‘pgina madaniy-tarixiy yodgorliklarning ayrimlari tashlandiq ahvolga kelib qolgan, ayrimlari vayronalikka yuz tutgani — bizning kechagi kundagi og‘riqlarimizdir. Masalan, birgina Bahouddin Naqshband ziyoratgohini olaylik. Bu ulug‘ zotga e’tiqod qilganlar yashirincha borib, sho‘ro ayg‘oqchilariga sezdirmasdan ziyorat qilib kelardi. Sadriddin Salim o‘sha murakkab davrlarda ham bu ulug‘ ziyoratgohdan aslo qadamini uzgani yo‘q. Umrining yarim asrdan ziyodi ushbu majmua bilan bog‘liqdir.

O‘zbekiston mustaqilligini katta quvonch va ko‘zda sevinch yoshlari bilan kutib olganlardan biri otashin shoir Sadriddin Salim edi. U mustaqilligimizning dastlabki kunlarida quvonch bilan ushbu yoniq misralarni yozdi:

Vatan faxrim, Vatan g‘ururim,
Uning shoni — shonimdir, illo!
Ona Vatan baxtim, sururim,
Mustaqilmiz, alhamdulillah!

Mustaqillikning dastlabki yillarida orzu-armonlari ushalganidan benihoya xursand bo‘lgan Sadriddin Salim “Buxoroga Buxoro keldi” she’rlar turkumini yaratdi. Uning yonib yozganlari she’rxonlar qayta-qayta takrorlab, davralarda aytib yuradigan o‘tli satrlarga aylandi:

Buxoroga nur-ziyo keldi,
Imon keldi, sharm-hayo keldi.
Buxoroni zulmat etdi tark,
Buxoroga Buxoro keldi…

Yoki:

Kim seni yor etdi, yor bo‘ldi oqibat,
Kim seni zor etdi, zor bo‘ldi oqibat.
Ey Buxoro, bu ne hikmatdur, ajab,
Kim seni xor etdi, xor bo‘ldi oqibat.

Mustaqillik shoirning ilhomiga ilhom qo‘shdi, jur’atiga jur’at, g‘ayratiga g‘ayrat bag‘ishladi. Ko‘z o‘ngimizda go‘yo Sadriddin Salim qayta tug‘ilib, qayta ijod qilayotganday bo‘ldi. U butun ijodiy faoliyatini va ilmini qolaversa, umrini Buxoroga bag‘ishladi. Buxoro bilan hamnafas yashadi. Uning so‘nggi yigirma yillik ijodi va hayoti bevosita Buxoro bilan, Buxoroda ro‘y bergan ulkan o‘zgarishlar, obodonchilik va ulkan bunyodkorlik ishlari bilan bevosita bog‘liqdir. U mustaqillikning chinakam fidoyisi va haqiqiy quruvchisiga aylandi.

U endi oddiy shoir Sadriddin Salim emas, balki ism-sharifiga “Buxoriy” taxallusini ham qo‘shib olgan edi. Endi u ham buyuk Buxoriylar kabi Buxoroni sevish, Buxoroni ozod va obod qilishga umrini bag‘ishlagan bunyodkorlar safida edi. Buxoriylar kabi ma’rifatparvarlik yo‘lini tanladi.

O‘zbekistonning Birinchi Prezidenti Islom Karimov tashabbusi bilan boshlangan Buxorodagi ulkan o‘zgarishlar, Bahouddin Naqshband majmuasini ta’mirlab, qayta qurish ishlarida bunyodkor fidoyilarning oldingi qatorida bo‘ldi. U unitilgan tarixiy joylar, nomlarni tiklashda haqiqiy jonbozlik ko‘rsatdi. Uning jur’atli qadamlari tegmagan Buxoro mahallasi, guzari va ko‘chalari qolmagan. Ayniqsa, tarixiy yodgorliklar bilan birga buxorolik mashhur avliyolar, pirlar hayotini ham izchil va puxta o‘rgandi. O‘zi tashabbuskor bo‘lgan maxsus ilmiy ekspeditsiya bilan Buxoro atrofidagi hamda Navoiy viloyatidagi tarixiy-madaniy yodgorliklarni, qadamjolar va piru-avliyolar tarixini ham o‘rganib, ular haqida turkum maqolalar, maxsus kitoblar yozdi, she’riy va publitsistik turkumlar yaratdi.

Uning tasavvufga, avliyolar tarixiga oid “Dilda yor”, “Tabarruk ziyoratgohlar”, “Hazrati Azizon ar Rometaniy”, “Bahouddin Naqshband yoki yetti pir”, “Chor Bakr yoki Jo‘ybor avliyolari”, “Hazrat Mavlono Orif Deggaroniy”, “Avliyo shoh Axsaviy Fayziobodiy al-Buxoriy”, “Xojai Jahonim bor”, “Ikki yuz yetmish yetti pir” nomli kitoblari Buxoroning bebaho va boqiy tarixini va buxorolik avliyolar, pirlar hayotini, faoliyatini o‘rganishda o‘ziga xos yangilik bo‘ldi. Va bu tabarruk kitoblar hamon qo‘lma-qo‘l bo‘lib o‘qilayotir. Shuningdek, Sadriddin Salim Buxoriy stsenariysi asosida besh qismdan iborat “Imom al Buxoriy” videofilmi, “Abu Hafs Kabir”, “Xojai Jahon” telefilmlari suratga olingan.

U kundan-kunga chiroy ochib, yanada go‘zallashib obodonlashib borayotgan Buxoroga kelgan mehmonlarga kundan-kunga obod bo‘layotgan shahar, uning tarixi haqida, qadimiy yodgorliklar to‘g‘risida soatlab maroq bilan gapirishdan aslo charchamasdi. U Buxoroni ta’riflab-tavsiflashdan bir lahza to‘xtagan emas.

U shoir bo‘lib, Buxoroni bearmon kuyladi, mehr-muhabbat bilan yozdi.
U baxshi bo‘lib, Buxoroni doston qilib so‘yladi, jo‘shib-jo‘shib aytdi.
U hofiz bo‘lib, Buxoroni yuraklarga joyladi, avj pardalarga olib chiqdi.
U olim bo‘lib Buxoroni dildan yonib so‘zladi, kitoblarga muhrladi.

Sadriddin Salim Buxoriy mustaqillikning asl mohiyatini, kun sayin obod bo‘layotgan ozod “Buxoroning obidalari har kun yangi hikmat aytadi”, deb tushuntirishdan, odamlar qalbiga muhrlashdan aslo charchamasdi. Ushbu misralarni qayta-qayta o‘qishni yaxshi ko‘rardi u:

Yurt Egasi yurtni obod etmoqda, shukr,
Naqshband bobomni shod etmoqda, shukr.
Xizmati bilan elni dilshod etmoqda, shukr,
Sadriddin ham naqshbandiy bo‘lsa, ne ajab!

Haqiqatdan ham u kishi naqshbandiya tariqat yo‘lini tutgan tasavvufshunos olimlardan edi. Uni naqshbandiyshunos, desak ham mubolag‘a bo‘lmaydi.

— Bu tarixiy voqea umrbod qalbimda yashaydi, — deydi shoirning jonajon do‘sti taniqli olim Samad Azimov. — 2010 yil 30 avgustda Buxoro shahrida “Qadimiy va boqiy Buxoro” majmuasining ochilish marosimi bo‘lib o‘tdi. Unda qatnashgan muhtaram Birinchi Prezidentimiz Islom Karimov ushbu ulkan majmuaning bunyod etilishida sidqidildan xizmat qilganlarni eslab, jumladan, yurtning fidoyi farzandi Sadriddin Salim Buxoriyning ham nomini tilga olib, bu ulkan ishlarda u kishining ham munosib hissasi borligini alohida ta’kidlaganlarida, biz, buxoroliklarning qalbimiz bu mehrli so‘zlardan yanada nurlanib ketdi. o‘ururimiz tog‘day yuksaldi. Aslida bu Sadriddin Salim hayoti va faoliyatiga berilgan eng yuksak baho bo‘ldi. Yana bir narsani mamnuniyat bilan aytish kerakki, Sadriddin Salim Buxoriy Birinchi Prezidentimiz nazariga tushib, hayotlik vaqtida “Fidokorona xizmatlari uchun” va “Mehnat shuhrati” ordenlari bilan taqdirlangan edi.

Ha, haqiqatan ham uni chin ma’noda fidokorona mehnat sohibi deyish mumkin. U 1972 yilda Buxoro Davlat Universitetining chet tillar fakultetini tugatib, umrining oxirigacha ushbu ilm dargohida samarali va halol ishladi. Yuzlab shogirdlar yetishtirdi. Umrini ezgu, xayrli va ibratli ishlarga bag‘ishladi. U kishi 2010 yil 10 martda 64 yoshida yurak xurujidan vafot etdi.

Shoir bir umr Buxoroning qadimgi Cho‘pboz guzarida yashab o‘tdi. Sadriddin Salim Buxoriyni so‘nggi yo‘lga kuzatayotganimizda, uning shogirdlaridan biri Amrillo Beshimov ko‘zda yosh bilan ushbu vido satrlarini pichirladi:

Cho‘pboz guzariga cho‘bin ot keldi,
Buxoro bo‘g‘ziga alam-dod keldi…

Sadriddin Salim Buxoriyning o‘limidan so‘ng o‘afur o‘ulom nomidagi nashriyot-matbaa ijodiy uyi tomonidan “Hikmatdir dunyo” saylanmasi chop etildi.

Shoir, hayotlik paytida ushbu saylanmani o‘z qo‘li bilan tayyorlagan edi. Afsus kitobni ko‘rish unga nasib etmadi. Ushbu kitobni o‘qib chiqqach, shoir ijodining yangi-yangi sahifalarini kashf etasiz. Va o‘z-o‘zidan Sadriddin Salim Buxoriyning haqiqiy muxlisiga aylanasiz. Kitob filologiya fanlari doktori, ustoz Najmiddin Komilovning “Buxoro kuychisi” deb nomlangan so‘zboshisi bilan ochiladi. Mehr bilan yozilgan ushbu so‘zboshida shunday ibratli so‘zlarni o‘qiymiz. “Sadriddin Salim Buxoriy ana shunday hayotsevar, nekbin, yaxshilik, obodonlikdan quvonadigan, yomonlik, xastalikni dildan yomon ko‘radigan shoir edi. U shundayligicha bizning yuragimizdan abadiy joy olgandir. Shubhasiz bu hassos ijodkor o‘zining betakror she’riy olami, yuksak insoniy fazilatlari, vatanparvarligi, xalqsevarligi, ilmu ma’rifatga ixlosi juda balandligi bilan yana necha-necha avlodlarga hamkoru hamdam bo‘lajakdir”

Bu saylanma shoirdan bebaho yodgorlik bo‘lib qoldi. Kitob chop etilishi bilan qo‘lma-qo‘l bo‘lib o‘qildi. Saylanmaning birinchi qismi — “Buxoroga Buxoro keldi” deb nomlangan. Undan asosan shoirning hayotlik vaqtida chop etilgan kitoblari va yangi she’rlaridan saralab olingan. “Sharif manzaralar” bo‘limida qadim Buxoro tarixi bilan birga mustaqillik yillarida Buxoroda amalga oshirilgan va oshirilayotgan ulkan o‘zgarishlar, bunyodkorliklar haqida batafsil hikoya qilinadi. “Tarjimalar” bo‘limidan shoirning o‘ziga xos tarjimalari o‘rin olgan bo‘lib, ayniqsa nemis mutafakkiri I.Gyotening “o‘arbu Sharq devoni”ni nemis tilidan bevosita o‘zbek tiliga tarjima qilganligi katta ahamiyat kasb etadi. “Yetti avliyo” bo‘limida O‘zbekistonda yashab o‘tgan ulug‘ avliyolar hayoti va faoliyati haqida yozilgan teran maqolalardan iborat. Kitobning har bir bobi, bo‘limi zavq-shavq bilan o‘qiladi. Kitobdan o‘rin olgan barcha katta-kichik asarlar mazmun-mohiyati bilan bugungi yosh avlodning ma’naviy-ruhiy olamiga va ularni kelajakda barkamol inson bo‘lib voyaga yetishlarida tarbiyaviy ahamiyati beqiyosdir. Eng muhimi, bu kitob yoshlarga “Har qarichi muqaddas, har toshi ziyoratgoh, Seni sevmay bo‘lurmi, ey avliyo Vatanim!”, deb Vatanni Sadriddin Salim Buxoriydek yurakdan sevish, ardoqlash va uni hamisha ko‘z qorachig‘idek asrab-avaylashdan bebaho saboqlar beradi. U bizga Buxoroni sevish bilan birga O‘zbekistonni sevishni, qadrlashni, ulug‘lashni o‘rgatib ketdi.

Sadriddin Salim Buxoriy qalamiga mansub “Buxoroning tabarruk ziyoratgohlari” tarixiy-ma’rifiy risolasi 2015 yilda “Navro‘z” nashriyotida salmoqli nusxada chop etildi. Buxoroning muqaddas tarixiy manzillari va avliyolari haqida hikoya qiluvchi bu kitob ham shoir muxlislariga katta sovg‘a bo‘ldi. Buxoro tarixi bilan qiziquvchi barcha kitobxonlar, mutaxassislar uchun ajoyib va bebaho to‘yona, desak arziydi.

Katta qalbli shoir, mohir tarjimon, fidoyi olim va otashin publitsist Sadriddin Salim Buxoriy o‘z hayotini va ijodini Buxoroga, buxoroliklarga bag‘ishladi. U chin ma’noda Buxoroning dilbandi edi. Endi uning jismi-joni ham Buxoro tuprog‘iga payvand bo‘lib ketdi. O‘zi yozib ketganidek:

Meni izlab mozorlarga bormang zinhor,
Qalb rishtasi shu Vatanga boylangandir.
Buxoroga kelib qarang takror-takror,
Sadriddin ham Buxoroga aylangandir.

Manba: «Hidoyat» jurnali, 2011/09

Sadriddin Salim Buxoriy. Tabarruk ziyoratgohlar by Khurshid Davron on Scribd

Sadriddin Salim Buxoriy. Hazrat Azizon Ar-Romitaniy by Khurshid Davron on Scribd

002

(Tashriflar: umumiy 406, bugungi 1)

Izoh qoldiring