Erkin Vohidov. Kuy avjida uzilmasin tor & Erkin A’zam. Otdosh og’am

Ashampoo_Snap_2016.11.26_22h20m39s_005_.pngУстоз Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги олдидан

    Эркин Аъзамнинг сизга тақдим этилаётган мақоласи устоз Эркин Воҳидовнинг 80 йиллиги арафасида нашр этилган тўплам учун ёзилган эди. Ўша тўпламга, шу жумладан, менинг ҳам «Устоз ибрати» мақолам кирган ва устозимга бўлган меҳримни қўлимдан келганича ифода этган эдим.  Хурсанд бўлганим, бу тўплам устознинг ҳаётлик кунларида нашр этилди. Аммо, барибир, кўнглимда «Мендан меҳрини аямаган бу Инсонга  нега ўтган йиллар  давомида бор ҳурматимни айтолмадим?!» деган армон бор. Бу гапга алоҳида урғу беришдан мақсад, кейинги пайтларда адабиётимизда, аниқроғи, қалам аҳлида бирон бир шахсга бўлган муносабатини фақат ўша одам дунёдан кўз юмганидан кейин ёзиш одатга кириб қолганини таъкидлаш, меҳру ҳурматимизни дўстларимиз, устозларимиз тириклигида айтишга улгурайлик, деб айтиш,холос.

Эркин АЪЗАМ
ОТДОШ ОҒАМ
002

24_n.jpg  Оти бир хил отдошлар ўртасида қандайдир руҳий уйғунликми, қадрдонликми бўладиганга ўхшайди, назаримда. Аслида ундай эмасдир-у, кимсан Эркин Воҳидовга ўзимни яқин тутганим учун менга – яна бир Эркинга шундай туюлар. Бу яқинлик, бу илиқлик мактабдан, илк бор дарсликда Эркин Воҳид (айнан шундай!) деган имзони учратганимда бошлангандир; қарангки, мен – Эркин, укамнинг исми эса Воҳид эди.

Ваҳоланки, исмлар уйқашлиги анчайин бир сиртқи аломат, кишининг тақдиру ҳаётида ҳеч нимани англатмас – отдошлик деганлари омад отига ўтқазиб қўймайди-ку сизни. Лекин улуғ бир инсонга лоақал ана шундай яқинлик ҳам яхши-да, тўғрими? Дейлик, менга ўхшаб, “Энг яхши Эркинга – энг ёмон Эркиндан” дея китобингизга эркалик билан дастхат ёзиб берсангиз ҳам бўлаверади.

Агар ўзаро ботиний бир ришта бўлмаса, Эркин Воҳидовдек довруқли инсон менга шунча яхшилик, адабий тақдиримга шунча ғамхўрлик қиларми эди денг! У кишининг таклифи, у кишининг шарофати ила бир эмас, икки жойда талай йил бирга ишламоқ насиб этибди: “Ёшлик” журнали ҳамда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда.

Қизиғи шундаки, ҳар иккала ҳолда ҳам мен ишдан бўшаб, бекор юрган эдим. Ёш ижодкорларнинг йигирма-ўттиз йиллик орзуси рўёбга чиқиб, “Ёшлик” журнали таъсис бўлди. Бу ёшлар учунгина эмас, бутун адабий Ўзбекистон миқёсида катта воқеа эди. Бугун энди уч-тўрт шоввоз гапни бир жойга қўйиб, бемалол журнал ёки газета очиши мумкин, нашриёт ташкил қилиши мумкин. Кейин, йил ўтиб-ўтмай уларнинг фаолияти тақа-тақ тўхташи ҳам ҳеч гап эмас. Бу каби янгиликларни биров билиб, биров билмай қолади. Бироқ у кезларда қирқ-эллик йиллик газета-журнал таҳририятларига ниҳояти бир кичик адабий ходим ўрни зарур бўлганда ҳам азза-базза Масковнинг рухсати даркор эди.

“Ёшлик” журналининг дунёга келиши нақадар шов-шув қўзғаганини шундан ҳам билса бўлар. Арзанда бу нашрга барча бирдай кутган одам, севимли шоиримиз Эркин Воҳидов бош муҳаррир этиб тайинлангани эса ёшларни шоён руҳлантириб юборди. Бизга ўхшаб “ижодий таътил”да юрганларнинг кўнглида орзу ғимирлаб қолди денг: “Мен ҳам шу журналда ишласам! Кимсан, Эркин Воҳидовга шогирд тушсам!” Бу каби ўй-хаёллар каминанинг ҳам кўнглидан ўтгани табиий. Лекин, бугунги таъбирни қўлласак, “кастинг” катта эди, “сен телбага сон қайда”! Шунданмикан, келиб Эркин Воҳидовга учрашаркансиз, деб телефон қилганларида ишониб-ишонмай уйдан чиққанман. Ўша вақтда иккитагина тўпламим нашр этилган, биров таниб, биров танимас эди. Эркин ака ҳам ғира-шира билардилар чоғи; отдошлигимиз туфайли ёдларида қолган бўлсам керак. (Кейин эшитишимча, ишга таклиф этилгунимга қадар унча-мунча маълумотномаю тавсияномалар олинган экан.)

Янги журнал Ёзувчилар уюшмасининг Пушкин кўчаси муюлишидаги биносида иш бошлаган эди. Эркин ака санжоброқ мажлисхонанинг тўридаги омонат столда қоғоз кўриб ўтирган эканлар. Барчага маълум хушсуханлик, ўзидан кичикка ҳам иззат-эътибор… Бош муҳаррир журналнинг бўлажак ижодий қиёфаси, бу борадаги режа-мўлжаллардан сўзлади, наср бўлимига қўйилажак талабларни айтди. “Мудир ким бўлади, бўлим мудири?” деб сўрадим ишга жойлашганимга ишонч ҳосил қилгач. “Сиз-да, сиз”, дедилар Эркин ака худди тушимга киргандек.

Иш юзасидан гоҳо ёшликка хос тезоблик, маҳмаданагарчиликлар қилиб бош муҳарриримизнинг ғашига текканим бор гап. Эсласам, ҳали-ҳамон юзларим ловуллаб, хижолатдан терга тушаман. Ўшандай пайтларда у киши балки бошдаги қарорларидан пушаймон ҳам бўлгандирлар, аммо қарийб беш йиллик ҳамкорлик мобайнида буни бирор марта сездирганлари йўқ.

Давлат бошига Черненко дегани келиб, даққи мафкурачилардан эмасми, компартиянинг навбатдаги пленумида адабиёт жабҳасидаги оғишлар, ҳаётнинг чигал томонларини акс эттиришга ружу қўйилаётгани қаттиқ танқид қилинди. Бу гаплар Масков нашрларига тегишли эди, албатта. Лекин, қоидага кўра, иттифоқчи республикалар ҳам унга лаббай деб жавоб бериши керак. Бизнинг одатдаги қолипларга мойилроқ адабиётимизда эса бунга мисол йўқ ҳисоби, аммо топиш шарт! Журналимизнинг галдаги сони режалари муҳокамасида асосий эътибор шунда бўлди. Аксига олгандек, ўжарроқ бир муаллифнинг режага кирган қўш ҳикоясидан бири “Алам”, иккинчиси “Ўлим” деб аталар экан, ўқиб ўтирилмай иккиси-да қурбон бўлди. Биз, сезгир муҳаррирларнинг таклифига кўнмагани учун жазо! Қарангки, каминанинг “Жавоб” деган нарсаси ҳам шу сонга мўлжалланган эди. “Ўзингизники нима ҳақда, Эркинжон?” деб сўради бош муҳарриримиз. “Ўзимники ҳам шундай…” дедим нафасим ичимга тушиб.

Алам қилди, албатта. Неча кунлар қўл ишга бормай юрди. Араз.

Орадан икки ойми-уч ой ўтиб, навбатдаги сонга йирикроқ нарса топилмай, “Бир ўқийлик-чи”, деб раҳбаримиз масъул котиб орқали ўша қиссани сўратдилар. Ишончсизлик билан элтиб бердим. Эртасигаёқ чақириб қўлёзмани қўлимга тутқаздилар. Бундай қарасам, қалам урилмаган. Демак, ё қайта ишлаш керак, ё бутунлай маъқул бўлмаган! “Нима қилай буни?” дебман беихтиёр. “Нима қилардингиз – босмага, наборга!” дедилар кишини ҳайратга солиб. “Ҳаётнинг чигал томонлари-чи?..” Эркин ака худди ўзларига ўзлари гапиргандек дедилар: “Чигаллик бўлмаса, дард бўлмаса, ундай асар кимга керак?!”

Қиссани мошинкада ўзим кўчирган эдим. Қайсидир саҳифасининг охиридаги абзацга кўндаланг чизиқ тортиб қўйилибди – ўчирилган. Кейинги саҳифа ҳам айнан шу абзац билан бошланарди. Такроран терилган экан-да. Бошқа бирорта эътироз йўқ…

Ўша кезларга оид тағин бир ҳангома ҳеч эсдан чиқмайди. Буниси энди ўзимизнинг марказқўм “маҳсулоти”. Туриб-туриб танқид ва ўз-ўзини танқидни янада кучайтиришга қарор қилинди. Катта-кичик ташкилоту корхоналарда ярим ҳазил, ярим чин “ур-йиқит” бошланиб кетган.

Таҳририятимизда ўтган ана шундай танқид мажлисига марказқўмдаги мафкурачи опахонлардан бири назоратчи вакил бўлиб келди. У киши ҳали бу жабҳада хийла ҳаваскор, айрим сафдошлари сингари эркакчасига қўл силкий-силкий гапни кесиб гапиролмас, айниқса, Эркин аканинг салобати босибми, кеча тушган келинчак мисол ийманиброқ ўтирар эди. Аммо барибир “юқорининг одами”! Ўйин қоидасини бузмай, ҳамма бир-бирини енгилгина чилпиб ўтган бўлди: келган одам бирпасдан кейин кетади, қолиб бирга ишлайдиган ўзимиз-да.

Сўз навбати менга етди, келиб-келиб чекимга раҳбаримизни – Эркин акани танқид қилиш мушкулоти тушган. Нима дейин, у кишидан бирон-бир ёмонлик кўрганим йўқ, неки бўлса иш юзасидан бўлган, ўзларига эса ҳурмат-эътиқодим баланд. Гапни айлантира бошлаганимни сезиб, ийманчоқ опадан принципиал садо чиқди: “Сиз қўрқманг, ука, Эркин Воҳидович акамиз танқидни тўғри тушунадилар”. Бу далдаси ҳам самара бермагач, у ўзига керакли жавобни энди суғуриб олмоққа ўтди: ишга кеч қолганингизда уришадиларми, ҳуда-беҳуда койийдиларми, баъзан қўполлик қилиб турадиларми?.. Йўқ, йўқ, йўқ. Вакил қаламини тишлаб ўйга толди: нима десак экан-а унда? Ниҳоят, зарур ифода топилиб, блокнотга бундай тушди: “Журнал жамоасига муносабатда ўта бағрикенг, ишга талабчанлик ўрнига гоҳо кўнгилчанликка боради…”

Мажлис якунидаги яна бир гап ёдда қолган. “Зўр журнал чиқаряпсизлар, Эркин Воҳидович, ўқиб турамиз, раҳмат сизларга! – деди масъул ходим танқид руҳини унутиб, хушҳоллик билан. – Лекин биттагина истак бор эди. Мана, дейлик, йигит билан қизни тасвирлаб келасизлар-келасизлар-да, охири ноаниқ бўлиб қолади: улар бирга кетадими, ёки… Бир жумлагина гап қўшиб, шуни аниқроқ ёзса бўлмасмикан-а? Илтимос-да бу”.

Мажлис аҳли “илтимос”дан лол қолган, кулиб юбормаслик учун ҳамма базўр тишини-тишига босиб ўтирар эди. Эркин акага қарадим, у киши асло сир бой бермай одатдагича жилмайиб турардилар. “Жуда яхши, – дедилар кейин мулойимлик билан, – жуда яхши. Биз буни албатта ҳисобга оламиз. А, йигитлар? Очерк-почерк ёзганда-да…”

Энди ўйласам, ўша давр ўйинларининг бегуноҳ бир ўлжаси, аслида соддагина, кўнгилчан аёл экан у…

Мурод Муҳаммад Дўст “Галатепага қайтиш”ини ёзган, лекин қайси журналда бостиришни билмай боши қотиб юрган эди. Ўқиган одам дафъатан нима демоққа ҳайрон – одатий асарлардан эмас эди. Ўйлай-ўйлай бош муҳарриримизга кўрсатадиган бўлдик. “Дўстингизнинг яхши қалами бор экан, шунинг ҳурмати чиқарайлик. Лекин озроқ иши бор”, дедилар Эркин ака ва асарни яхлитлаштиришга доир таклиф-мулоҳазаларини айтдилар. Суюнчи олиб муаллифга етказдик.

Аммо у кезлар журнал ёки нашриётда чоп этиладиган йирикроқ асар жамоат муҳокамасидан ўтмоғи шарт эди. Адабиётимизнинг ўша даврдаги айрим “қозикалон”лари асарга бутунлай қарши, ундан ғуррадек бўртиб турадиган бирор коммунистик ғоя қидиришар, муаллифнинг янгича услуби ҳам уларнинг ғашини қўзғамоқда эди.

Наср кенгаши аъзолари атай хуфяроқ йўсинда Ёзувчилар уюшмасининг номдор бир котиби хонасига тўпланди. Энг катта насрчи адибимиз ҳам, Ғафур Ғулом нашриётини ўтқазиб-турғизадиган опахону акахонлар ҳам шу ерда. Улар насрчилар йиғинида Эркин акани кўриб андак таажжубланганлари, айни чоқда алланечук сипо тортганлари кечагидек эсимда. Лекин барибир қўлёзмани аяб ўтиришмади, яроқсизга чиқаришди-қўйишди. Ҳаммаси ёш муаллифга гўёки ачиниш билан қарайди денг: Масковларда ўқиб келган одам ҳам шунақа нарса ёзадими!..

Муҳокама сўнгида Эркин акамиз сўз олиб, барчани лол қолдирдилар: “Асар бизга маъқул. “Ёшлик” журнали унга харидор. Баъзи мулоҳазаларимиз асосида Муроджон қўлёзмани қайта кўриб беришга рози. Асарга устоз Озод Шарафиддинов сўзбоши ёзяптилар!”

Бу қарор-хулосани у киши худди ҳозиргина асар юзасидан билдирилган нордон фикрларни эшитмагандек, ҳеч ким билан мунозарага киришмай, баайни даврани шунчаки бир хабардор қилиб қўяётган каби холис, беозор оҳангда айтдилар. Кенгаш аҳли баттар таажжубда қолиб, негадир бирор эътироз қилолмай, елка қиса-қиса тарқалди.

Бош муҳарриримизни ёлғончига чиқариб қўймаслик учун шу заҳоти қўлёзмани кўтариб Озод аканикага чопдик. Асар домлага маъқул бўлиб, сўзбоши ёзиб бердилар. Энди ўша ваҳимали муҳокамалар замони ҳам, бошқаси ҳам ўтди, “Галатепага қайтиш” “Ёшлик” журналида эълон қилиниб, адабиётимиз ўзига хос бир асар билан бойигани қолди.

Хуллас, ниятимиз йўлдош бўлиб, шу тариқа журнал тилга тушди, ўша йиллардаги нашрлар орасида байроқдорлик қила бошлади. Бугун энди сабабу сирини сўраганларга Эркин ака машҳур “Юность” журналига раҳбарлик қилган Валентин Катаев тажрибасини мисол келтириб, “Муҳими – ходимларга халақит бермаслик, яъни ҳадеб уларнинг ишига аралашавермаслик”, дейдилар. Журнал аҳли ҳам шу ишончнинг қадрига етарди, бош муҳаррир номига гард юқтирмасликка тиришиб ишларди.

Биласизки, бундай ҳолат одатда узоқ давом этмайди, албатта нимадир бўлади. Бўлди. Эркин акамиз кўтарилиб кетдилар – Ғафур Ғулом номидаги каттакон нашриётга бош бўлдилар. Биз ғўралар эса ўзимизча буни тушунолмай хуноб: “Ёшлик” зўр эди-ку, обрўли эди-ку, у серғалва жойда нима бор?!

Биров бир нима дегани йўқ, Эркин акага ўрганиб қолган эканмизми, қўл совиб, ишни йиғиштирдик. Бекор ўтирган кунларимизнинг бирида чошгоҳ маҳали уйга Хайриддин Султонов кириб келди. У ўша кезларда Ғафур Ғулом нашриётида бош муҳаррир ўринбосари эди. Иш вақти эканига қарамай бу ташрифдан ажабланмадим: бизникига келиб-кетиб юрарди. Бафуржа гурунгга чоғланаётганимни кўриб, “Бўлинг, сизни опкетгани келдим. Устоз сўраяптилар”, деди. “Эркин акамизми? Ҳа, нима гап?” “Борганда биласиз”. Баъзида унинг ҳазил билан чинини ажратиб бўлмасди. “Ана, деразадан қаранг, хизмат машиналарида келдим”, деганидан кейингина ишондим.

Нашриётга етиб келганимизда тушлик пайти бўлиб қолган, директор бошлиқ тўрт-беш киши – муовинлару таҳририят мудирлари икки-уч мошина бўлиб аллақайга лағмонхўрликка отланиб туришган экан. Биз ҳам қўшилдик. Ич қизийди денг: нега чақирибдилар-а? Аммо на йўлда, на овқат маҳали бу ҳақда сўз очилди. Тушликдан қайтгач, кабинетларида икков қолганимиздагина қарорлари маълум бўлди: “Ишга келасиз!” Важ-корсонларимни қалаштира бошлаган эдим, илгаригига ўхшамаган бир жиддияту қатъийлик билан такрорладилар: “Келасиз, тамом! Ҳаммаси яхши бўлади”.

Ўша куниёқ буйруқ чиқди: кўптомлик нашрлар таҳририятининг мудири этиб тайинландим. Кейин билсам, нашриётнинг ўзида ҳам, ташқарида ҳам бу лавозимни кўзлаб юрганлар кам эмас экан.

Устозимизнинг ишончини оқладикми-йўқми, ҳарқалай, у киши бошқа ишга ўтиб кетганларидан сўнгра ҳам яна уч-тўрт йил қолиб ноширлик қилдик.

Эркин ака бир куни қўнғироқ қилиб қолдилар: “Фарғонани бир айлантириб келсам нима дейсиз? Дўстларингиз ҳам боришади – Хуршиджонлар”.

Бу дунёнинг асти тугамайдиган ташвишлари, айниқса, ўша вақтдаги жамоат ишлари, бир ёқда журналга тегишли юмушлар, хуллас, одатдаги танглик-тиғизлик – бир ёқларга бориб ўйнаб келгани вақт қайда дейсиз! Лекин Эркин акага йўқ деб бўлармиди! Шундай таклифни рад этиб, кейин пушаймон қилмайсизми?

Алқисса, икки Хуршиду (Дўст ва Даврон) икки Эркин – тўртовлон “Қайдасан, гўзал Фарғонам” дея йўлга тушдик. Сафаримизга расмийроқ тус бермаса бўлмасди, Эркин Воҳидов катта одам, қолганлар ҳам чакана эмас, кимсан – депутат! Олий ўқув даргоҳларида, ишлаб чиқариш корхоналарида бўлган қизғиндан-қизғин учрашувлар. Айниқса, Марғилондаги дилкаш кунлар! Қариндошларининг тўйи устига бориб қолган эканмиз, ул ажиб издиҳом, ул иззат-икрому файзиёб машваратларни айтинг. Эркин акамизни Фарғона аҳли даврасида кўрмоқ бир бўлакча эди.

Бугун ўйлаб қарасангиз, устозимиз бизни Фарғона зиёратига бекор таклиф қилмаган экан. Дунё ташвишлари ҳамон битгани йўқ, битмаслиги ҳам маълум, ўшандаги Фарғона сафари эса бир умр ёддан чиқмас хотира бўлиб қолди.

Кейинчалик Эркин ака билан олий маҳкамаларда бирга ўтириш ҳам насиб этди. У кишининг ўзини тутиши, минбарга чиққанда лўнда-лўнда, барчанинг кўнглидагини кутилмаган бир йўсин, бир нозиклик билан ифода этиб беришлари бизга мактаб, бизга андоза эди. Яшириб нима қилдик, каттароқ амалдорни кўрганда унча-мунчамиз бирдан кичрайиб, овозимиз ингичкалашиб, икки букилай деб қоламиз, шундай эмасми? Энг олий мансабдорлар билан рўбарў келганда ҳам Эркин акамизнинг асло саросимага тушмай, теппа-тенг муомалада бўлганларига кўп бора гувоҳман. Ўша камтаринлик, ўша самимияту ўша хушсуханлик – заррача ортиқ эмас. Инсоний қадрини, шоирлик шаънини юксак тутган одамнинггина қўлидан келади бу иш!

Ҳали-ҳануз баъзи бир вазиятларга дуч келинганда, Эркин ака мана шунда нима деган бўлардилар, нима қилган бўлардилар, дегандек ўй-андишалар ўтади кўнгилдан. Йўқ, беҳуда, беҳуда. Ҳарчанд отдош бўлмайлик, ҳарчанд у кишига ҳавас қилиб, ўзимизни маслакдош санамайлик, барибир бошқа-бошқа одамлигимиз аён бўлиб қолади. Беихтиёр кўнгилни бир тасалли ва фахр туйғуси қамрайди: майли, Эркин акадек бўлолмасак-да, у кишига интилиб, у кишига ҳавас қилиб яшаш ҳам ғанимат-ку! Эркин ака мисоли одамлар билан замондошлик ҳам бир мартаба эмасми бизга? Шундай. Худди шундай!

Мен Эркин акамиздан кўрган марҳаматларни ўзимча отдошлик туфайлидир дегудек бўлсам, у кишининг менга ўхшаган миннатдор “отдош”лари бир талай: Анваржон, икки Хуршид, Хайриддин, Мурод, Нуруллоҳ, Сирожиддин, Иқбол, Муҳаммаджонлар…

Бор бўлинг, оға!

potret-800x600.jpgUstoz Erkin Vohidov tavalludining 80 yilligi oldidan

Erkin A’zamning sizga taqdim etilayotgan maqolasi ustoz Erkin Vohidovning 80 yilligi arafasida nashr etilgan to’plam uchun yozilgan edi. O’sha to’plamga, shu jumladan, mening ham «Ustoz ibrati» maqolam kirgan va ustozimga bo’lgan mehrimni qo’limdan kelganicha ifoda etgan edim. Xursand bo’lganim, bu to’plam ustozning hayotlik kunlarida nashr etildi. Ammo, baribir, ko’nglimda «Mendan mehrini ayamagan bu Insonga nega o’tgan yillar davomida bor hurmatimni aytolmadim?!» degan armon bor. Bu gapga alohida urg’u berishdan maqsad, keyingi paytlarda adabiyotimizda, aniqrog’i, qalam ahlida biron bir shaxsga bo’lgan munosabatini faqat o’sha odam dunyodan ko’z yumganidan keyin yozish odatga kirib qolganini ta’kidlash, mehru hurmatimizni do’stlarimiz, ustozlarimiz tirikligida aytishga ulguraylik, deb aytish,xolos.

Erkin A’ZAM
OTDOSH OG’AM
002

erkin_vohid1.jpgOti bir xil otdoshlar o’rtasida qandaydir ruhiy uyg’unlikmi, qadrdonlikmi bo’ladiganga o’xshaydi, nazarimda. Aslida unday emasdir-u, kimsan Erkin Vohidovga o’zimni yaqin tutganim uchun menga – yana bir Erkinga shunday tuyular. Bu yaqinlik, bu iliqlik maktabdan, ilk bor darslikda Erkin Vohid (aynan shunday!) degan imzoni uchratganimda boshlangandir; qarangki, men – Erkin, ukamning ismi esa Vohid edi.

Vaholanki, ismlar uyqashligi anchayin bir sirtqi alomat, kishining taqdiru hayotida hech nimani anglatmas – otdoshlik deganlari omad otiga o’tqazib qo’ymaydi-ku sizni. Lekin ulug’ bir insonga loaqal ana shunday yaqinlik ham yaxshi-da, to’g’rimi? Deylik, menga o’xshab, “Eng yaxshi Erkinga – eng yomon Erkindan” deya kitobingizga erkalik bilan dastxat yozib bersangiz ham bo’laveradi.

Agar o’zaro botiniy bir rishta bo’lmasa, Erkin Vohidovdek dovruqli inson menga shuncha yaxshilik, adabiy taqdirimga shuncha g’amxo’rlik qilarmi edi deng! U kishining taklifi, u kishining sharofati ila bir emas, ikki joyda talay yil birga ishlamoq nasib etibdi: “Yoshlik” jurnali hamda G’afur G’ulom nomidagi nashriyotda.

Qizig’i shundaki, har ikkala holda ham men ishdan bo’shab, bekor yurgan edim. Yosh ijodkorlarning yigirma-o’ttiz yillik orzusi ro’yobga chiqib, “Yoshlik” jurnali ta’sis bo’ldi. Bu yoshlar uchungina emas, butun adabiy O’zbekiston miqyosida katta voqea edi. Bugun endi uch-to’rt shovvoz gapni bir joyga qo’yib, bemalol jurnal yoki gazeta ochishi mumkin, nashriyot tashkil qilishi mumkin. Keyin, yil o’tib-o’tmay ularning faoliyati taqa-taq to’xtashi ham hech gap emas. Bu kabi yangiliklarni birov bilib, birov bilmay qoladi. Biroq u kezlarda qirq-ellik yillik gazeta-jurnal tahririyatlariga nihoyati bir kichik adabiy xodim o’rni zarur bo’lganda ham azza-bazza Maskovning ruxsati darkor edi.

“Yoshlik” jurnalining dunyoga kelishi naqadar shov-shuv qo’zg’aganini shundan ham bilsa bo’lar. Arzanda bu nashrga barcha birday kutgan odam, sevimli shoirimiz Erkin Vohidov bosh muharrir etib tayinlangani esa yoshlarni shoyon ruhlantirib yubordi. Bizga o’xshab “ijodiy ta’til”da yurganlarning ko’nglida orzu g’imirlab qoldi deng: “Men ham shu jurnalda ishlasam! Kimsan, Erkin Vohidovga shogird tushsam!” Bu kabi o’y-xayollar kaminaning ham ko’nglidan o’tgani tabiiy. Lekin, bugungi ta’birni qo’llasak, “kasting” katta edi, “sen telbaga son qayda”! Shundanmikan, kelib Erkin Vohidovga uchrasharkansiz, deb telefon qilganlarida ishonib-ishonmay uydan chiqqanman. O’sha vaqtda ikkitagina to’plamim nashr etilgan, birov tanib, birov tanimas edi. Erkin aka ham g’ira-shira bilardilar chog’i; otdoshligimiz tufayli yodlarida qolgan bo’lsam kerak. (Keyin eshitishimcha, ishga taklif etilgunimga qadar uncha-muncha ma’lumotnomayu tavsiyanomalar olingan ekan.)

Yangi jurnal Yozuvchilar uyushmasining Pushkin ko’chasi muyulishidagi binosida ish boshlagan edi. Erkin aka sanjobroq majlisxonaning to’ridagi omonat stolda qog’oz ko’rib o’tirgan ekanlar. Barchaga ma’lum xushsuxanlik, o’zidan kichikka ham izzat-e’tibor… Bosh muharrir jurnalning bo’lajak ijodiy qiyofasi, bu boradagi reja-mo’ljallardan so’zladi, nasr bo’limiga qo’yilajak talablarni aytdi. “Mudir kim bo’ladi, bo’lim mudiri?” deb so’radim ishga joylashganimga ishonch hosil qilgach. “Siz-da, siz”, dedilar Erkin aka xuddi tushimga kirgandek.

Ish yuzasidan goho yoshlikka xos tezoblik, mahmadanagarchiliklar qilib bosh muharririmizning g’ashiga tekkanim bor gap. Eslasam, hali-hamon yuzlarim lovullab, xijolatdan terga tushaman. O’shanday paytlarda u kishi balki boshdagi qarorlaridan pushaymon ham bo’lgandirlar, ammo qariyb besh yillik hamkorlik mobaynida buni biror marta sezdirganlari yo’q.

Davlat boshiga Chernenko degani kelib, daqqi mafkurachilardan emasmi, kompartiyaning navbatdagi plenumida adabiyot jabhasidagi og’ishlar, hayotning chigal tomonlarini aks ettirishga ruju qo’yilayotgani qattiq tanqid qilindi. Bu gaplar Maskov nashrlariga tegishli edi, albatta. Lekin, qoidaga ko’ra, ittifoqchi respublikalar ham unga labbay deb javob berishi kerak. Bizning odatdagi qoliplarga moyilroq adabiyotimizda esa bunga misol yo’q hisobi, ammo topish shart! Jurnalimizning galdagi soni rejalari muhokamasida asosiy e’tibor shunda bo’ldi. Aksiga olgandek, o’jarroq bir muallifning rejaga kirgan qo’sh hikoyasidan biri “Alam”, ikkinchisi “O’lim” deb atalar ekan, o’qib o’tirilmay ikkisi-da qurbon bo’ldi. Biz, sezgir muharrirlarning taklifiga ko’nmagani uchun jazo! Qarangki, kaminaning “Javob” degan narsasi ham shu songa mo’ljallangan edi. “O’zingizniki nima haqda, Erkinjon?” deb so’radi bosh muharririmiz. “O’zimniki ham shunday…” dedim nafasim ichimga tushib.

Alam qildi, albatta. Necha kunlar qo’l ishga bormay yurdi. Araz.

Oradan ikki oymi-uch oy o’tib, navbatdagi songa yirikroq narsa topilmay, “Bir o’qiylik-chi”, deb rahbarimiz mas’ul kotib orqali o’sha qissani so’ratdilar. Ishonchsizlik bilan eltib berdim. Ertasigayoq chaqirib qo’lyozmani qo’limga tutqazdilar. Bunday qarasam, qalam urilmagan. Demak, yo qayta ishlash kerak, yo butunlay ma’qul bo’lmagan! “Nima qilay buni?” debman beixtiyor. “Nima qilardingiz – bosmaga, naborga!” dedilar kishini hayratga solib. “Hayotning chigal tomonlari-chi?..” Erkin aka xuddi o’zlariga o’zlari gapirgandek dedilar: “Chigallik bo’lmasa, dard bo’lmasa, unday asar kimga kerak?!”

Qissani moshinkada o’zim ko’chirgan edim. Qaysidir sahifasining oxiridagi abzatsga ko’ndalang chiziq tortib qo’yilibdi – o’chirilgan. Keyingi sahifa ham aynan shu abzats bilan boshlanardi. Takroran terilgan ekan-da. Boshqa birorta e’tiroz yo’q…

O’sha kezlarga oid tag’in bir hangoma hech esdan chiqmaydi. Bunisi endi o’zimizning markazqo’m “mahsuloti”. Turib-turib tanqid va o’z-o’zini tanqidni yanada kuchaytirishga qaror qilindi. Katta-kichik tashkilotu korxonalarda yarim hazil, yarim chin “ur-yiqit” boshlanib ketgan.

Tahririyatimizda o’tgan ana shunday tanqid majlisiga markazqo’mdagi mafkurachi opaxonlardan biri nazoratchi vakil bo’lib keldi. U kishi hali bu jabhada xiyla havaskor, ayrim safdoshlari singari erkakchasiga qo’l silkiy-silkiy gapni kesib gapirolmas, ayniqsa, Erkin akaning salobati bosibmi, kecha tushgan kelinchak misol iymanibroq o’tirar edi. Ammo baribir “yuqorining odami”! O’yin qoidasini buzmay, hamma bir-birini yengilgina chilpib o’tgan bo’ldi: kelgan odam birpasdan keyin ketadi, qolib birga ishlaydigan o’zimiz-da.

So’z navbati menga yetdi, kelib-kelib chekimga rahbarimizni – Erkin akani tanqid qilish mushkuloti tushgan. Nima deyin, u kishidan biron-bir yomonlik ko’rganim yo’q, neki bo’lsa ish yuzasidan bo’lgan, o’zlariga esa hurmat-e’tiqodim baland. Gapni aylantira boshlaganimni sezib, iymanchoq opadan printsipial sado chiqdi: “Siz qo’rqmang, uka, Erkin Vohidovich akamiz tanqidni to’g’ri tushunadilar”. Bu daldasi ham samara bermagach, u o’ziga kerakli javobni endi sug’urib olmoqqa o’tdi: ishga kech qolganingizda urishadilarmi, huda-behuda koyiydilarmi, ba’zan qo’pollik qilib turadilarmi?.. Yo’q, yo’q, yo’q. Vakil qalamini tishlab o’yga toldi: nima desak ekan-a unda? Nihoyat, zarur ifoda topilib, bloknotga bunday tushdi: “Jurnal jamoasiga munosabatda o’ta bag’rikeng, ishga talabchanlik o’rniga goho ko’ngilchanlikka boradi…”

Majlis yakunidagi yana bir gap yodda qolgan. “Zo’r jurnal chiqaryapsizlar, Erkin Vohidovich, o’qib turamiz, rahmat sizlarga! – dedi mas’ul xodim tanqid ruhini unutib, xushhollik bilan. – Lekin bittagina istak bor edi. Mana, deylik, yigit bilan qizni tasvirlab kelasizlar-kelasizlar-da, oxiri noaniq bo’lib qoladi: ular birga ketadimi, yoki… Bir jumlagina gap qo’shib, shuni aniqroq yozsa bo’lmasmikan-a? Iltimos-da bu”.

Majlis ahli “iltimos”dan lol qolgan, kulib yubormaslik uchun hamma bazo’r tishini-tishiga bosib o’tirar edi. Erkin akaga qaradim, u kishi aslo sir boy bermay odatdagicha jilmayib turardilar. “Juda yaxshi, – dedilar keyin muloyimlik bilan, – juda yaxshi. Biz buni albatta hisobga olamiz. A, yigitlar? Ocherk-pocherk yozganda-da…”

Endi o’ylasam, o’sha davr o’yinlarining begunoh bir o’ljasi, aslida soddagina, ko’ngilchan ayol ekan u…

Murod Muhammad Do’st “Galatepaga qaytish”ini yozgan, lekin qaysi jurnalda bostirishni bilmay boshi qotib yurgan edi. O’qigan odam daf’atan nima demoqqa hayron – odatiy asarlardan emas edi. O’ylay-o’ylay bosh muharririmizga ko’rsatadigan bo’ldik. “Do’stingizning yaxshi qalami bor ekan, shuning hurmati chiqaraylik. Lekin ozroq ishi bor”, dedilar Erkin aka va asarni yaxlitlashtirishga doir taklif-mulohazalarini aytdilar. Suyunchi olib muallifga yetkazdik.

Ammo u kezlar jurnal yoki nashriyotda chop etiladigan yirikroq asar jamoat muhokamasidan o’tmog’i shart edi. Adabiyotimizning o’sha davrdagi ayrim “qozikalon”lari asarga butunlay qarshi, undan g’urradek bo’rtib turadigan biror kommunistik g’oya qidirishar, muallifning yangicha uslubi ham ularning g’ashini qo’zg’amoqda edi.

Nasr kengashi a’zolari atay xufyaroq yo’sinda Yozuvchilar uyushmasining nomdor bir kotibi xonasiga to’plandi. Eng katta nasrchi adibimiz ham, G’afur G’ulom nashriyotini o’tqazib-turg’izadigan opaxonu akaxonlar ham shu yerda. Ular nasrchilar yig’inida Erkin akani ko’rib andak taajjublanganlari, ayni choqda allanechuk sipo tortganlari kechagidek esimda. Lekin baribir qo’lyozmani ayab o’tirishmadi, yaroqsizga chiqarishdi-qo’yishdi. Hammasi yosh muallifga go’yoki achinish bilan qaraydi deng: Maskovlarda o’qib kelgan odam ham shunaqa narsa yozadimi!..

Muhokama so’ngida Erkin akamiz so’z olib, barchani lol qoldirdilar: “Asar bizga ma’qul. “Yoshlik” jurnali unga xaridor. Ba’zi mulohazalarimiz asosida Murodjon qo’lyozmani qayta ko’rib berishga rozi. Asarga ustoz Ozod Sharafiddinov so’zboshi yozyaptilar!”

Bu qaror-xulosani u kishi xuddi hozirgina asar yuzasidan bildirilgan nordon fikrlarni eshitmagandek, hech kim bilan munozaraga kirishmay, baayni davrani shunchaki bir xabardor qilib qo’yayotgan kabi xolis, beozor ohangda aytdilar. Kengash ahli battar taajjubda qolib, negadir biror e’tiroz qilolmay, yelka qisa-qisa tarqaldi.

Bosh muharririmizni yolg’onchiga chiqarib qo’ymaslik uchun shu zahoti qo’lyozmani ko’tarib Ozod akanikaga chopdik. Asar domlaga ma’qul bo’lib, so’zboshi yozib berdilar. Endi o’sha vahimali muhokamalar zamoni ham, boshqasi ham o’tdi, “Galatepaga qaytish” “Yoshlik” jurnalida e’lon qilinib, adabiyotimiz o’ziga xos bir asar bilan boyigani qoldi.

Xullas, niyatimiz yo’ldosh bo’lib, shu tariqa jurnal tilga tushdi, o’sha yillardagi nashrlar orasida bayroqdorlik qila boshladi. Bugun endi sababu sirini so’raganlarga Erkin aka mashhur “Yunost`” jurnaliga rahbarlik qilgan Valentin Kataev tajribasini misol keltirib, “Muhimi – xodimlarga xalaqit bermaslik, ya’ni hadeb ularning ishiga aralashavermaslik”, deydilar. Jurnal ahli ham shu ishonchning qadriga yetardi, bosh muharrir nomiga gard yuqtirmaslikka tirishib ishlardi.

Bilasizki, bunday holat odatda uzoq davom etmaydi, albatta nimadir bo’ladi. Bo’ldi. Erkin akamiz ko’tarilib ketdilar – G’afur G’ulom nomidagi kattakon nashriyotga bosh bo’ldilar. Biz g’o’ralar esa o’zimizcha buni tushunolmay xunob: “Yoshlik” zo’r edi-ku, obro’li edi-ku, u serg’alva joyda nima bor?!

Birov bir nima degani yo’q, Erkin akaga o’rganib qolgan ekanmizmi, qo’l sovib, ishni yig’ishtirdik. Bekor o’tirgan kunlarimizning birida choshgoh mahali uyga Xayriddin Sultonov kirib keldi. U o’sha kezlarda G’afur G’ulom nashriyotida bosh muharrir o’rinbosari edi. Ish vaqti ekaniga qaramay bu tashrifdan ajablanmadim: biznikiga kelib-ketib yurardi. Bafurja gurungga chog’lanayotganimni ko’rib, “Bo’ling, sizni opketgani keldim. Ustoz so’rayaptilar”, dedi. “Erkin akamizmi? Ha, nima gap?” “Borganda bilasiz”. Ba’zida uning hazil bilan chinini ajratib bo’lmasdi. “Ana, derazadan qarang, xizmat mashinalarida keldim”, deganidan keyingina ishondim.

Nashriyotga yetib kelganimizda tushlik payti bo’lib qolgan, direktor boshliq to’rt-besh kishi – muovinlaru tahririyat mudirlari ikki-uch moshina bo’lib allaqayga lag’monxo’rlikka otlanib turishgan ekan. Biz ham qo’shildik. Ich qiziydi deng: nega chaqiribdilar-a? Ammo na yo’lda, na ovqat mahali bu haqda so’z ochildi. Tushlikdan qaytgach, kabinetlarida ikkov qolganimizdagina qarorlari ma’lum bo’ldi: “Ishga kelasiz!” Vaj-korsonlarimni qalashtira boshlagan edim, ilgarigiga o’xshamagan bir jiddiyatu qat’iylik bilan takrorladilar: “Kelasiz, tamom! Hammasi yaxshi bo’ladi”.

O’sha kuniyoq buyruq chiqdi: ko’ptomlik nashrlar tahririyatining mudiri etib tayinlandim. Keyin bilsam, nashriyotning o’zida ham, tashqarida ham bu lavozimni ko’zlab yurganlar kam emas ekan.

Ustozimizning ishonchini oqladikmi-yo’qmi, harqalay, u kishi boshqa ishga o’tib ketganlaridan so’ngra ham yana uch-to’rt yil qolib noshirlik qildik.

Erkin aka bir kuni qo’ng’iroq qilib qoldilar: “Farg’onani bir aylantirib kelsam nima deysiz? Do’stlaringiz ham borishadi – Xurshidjonlar”.

Bu dunyoning asti tugamaydigan tashvishlari, ayniqsa, o’sha vaqtdagi jamoat ishlari, bir yoqda jurnalga tegishli yumushlar, xullas, odatdagi tanglik-tig’izlik – bir yoqlarga borib o’ynab kelgani vaqt qayda deysiz! Lekin Erkin akaga yo’q deb bo’larmidi! Shunday taklifni rad etib, keyin pushaymon qilmaysizmi?

Alqissa, ikki Xurshidu (Do’st va Davron) ikki Erkin – to’rtovlon “Qaydasan, go’zal Farg’onam” deya yo’lga tushdik. Safarimizga rasmiyroq tus bermasa bo’lmasdi, Erkin Vohidov katta odam, qolganlar ham chakana emas, kimsan – deputat! Oliy o’quv dargohlarida, ishlab chiqarish korxonalarida bo’lgan qizg’indan-qizg’in uchrashuvlar. Ayniqsa, Marg’ilondagi dilkash kunlar! Qarindoshlarining to’yi ustiga borib qolgan ekanmiz, ul ajib izdihom, ul izzat-ikromu fayziyob mashvaratlarni ayting. Erkin akamizni Farg’ona ahli davrasida ko’rmoq bir bo’lakcha edi.

Bugun o’ylab qarasangiz, ustozimiz bizni Farg’ona ziyoratiga bekor taklif qilmagan ekan. Dunyo tashvishlari hamon bitgani yo’q, bitmasligi ham ma’lum, o’shandagi Farg’ona safari esa bir umr yoddan chiqmas xotira bo’lib qoldi.

Keyinchalik Erkin aka bilan oliy mahkamalarda birga o’tirish ham nasib etdi. U kishining o’zini tutishi, minbarga chiqqanda lo’nda-lo’nda, barchaning ko’nglidagini kutilmagan bir yo’sin, bir noziklik bilan ifoda etib berishlari bizga maktab, bizga andoza edi. Yashirib nima qildik, kattaroq amaldorni ko’rganda uncha-munchamiz birdan kichrayib, ovozimiz ingichkalashib, ikki bukilay deb qolamiz, shunday emasmi? Eng oliy mansabdorlar bilan ro’baro’ kelganda ham Erkin akamizning aslo sarosimaga tushmay, teppa-teng muomalada bo’lganlariga ko’p bora guvohman. O’sha kamtarinlik, o’sha samimiyatu o’sha xushsuxanlik – zarracha ortiq emas. Insoniy qadrini, shoirlik sha’nini yuksak tutgan odamninggina qo’lidan keladi bu ish!

Hali-hanuz ba’zi bir vaziyatlarga duch kelinganda, Erkin aka mana shunda nima degan bo’lardilar, nima qilgan bo’lardilar, degandek o’y-andishalar o’tadi ko’ngildan. Yo’q, behuda, behuda. Harchand otdosh bo’lmaylik, harchand u kishiga havas qilib, o’zimizni maslakdosh sanamaylik, baribir boshqa-boshqa odamligimiz ayon bo’lib qoladi. Beixtiyor ko’ngilni bir tasalli va faxr tuyg’usi qamraydi: mayli, Erkin akadek bo’lolmasak-da, u kishiga intilib, u kishiga havas qilib yashash ham g’animat-ku! Erkin aka misoli odamlar bilan zamondoshlik ham bir martaba emasmi bizga? Shunday. Xuddi shunday!

Men Erkin akamizdan ko’rgan marhamatlarni o’zimcha otdoshlik tufaylidir degudek bo’lsam, u kishining menga o’xshagan minnatdor “otdosh”lari bir talay: Anvarjon, ikki Xurshid, Xayriddin, Murod, Nurulloh, Sirojiddin, Iqbol, Muhammadjonlar…

Bor bo’ling, og’a!

Erkin Vohidov. Kuy avjida uzilmasin tor by Khurshid Davron on Scribd

009

(Tashriflar: umumiy 820, bugungi 1)

Izoh qoldiring