Шавкат Раҳмон. Гул қаҳри

shavkat_rahmon

Бир туркум шеър ёздим… Фақат қоғозга туширишга кучим етмаяпти… Баъзиларини аянгизга айтиб ёздириб қўйдим… Дармонга кириб олсам, бошқаларини ҳам қоғозга тушираман… Ҳаммаси эсимда турибди… Шеърларимни оппоқ тонгларга, деворларга, шифтларга ёзиб қўйганман… қизиқ, ҳавога ёзиб қўйилган шеър ҳам ўчиб кетмас экан…

shavkat_rahmon

Раҳмон Қўчқор, Набижон Боқий
ГУЛ ҚАҲРИ

1996 йилнинг март ойида Россия Давлат Думаси собиқ Иттифоқни амалда тиклаш тўғрисида бемаъни қарор қабул қилди. Республикамиз аҳолиси ўтиш даври қийинчиликларига қарамасдан Дума қарорига кескин норозилик билдирди. Асаблар таранг тортилиб, чатнаб турган ўша кунлари биз пойтахтимиздаги «Алпомиш» спорт саройи орқасида жойлашган касалхонага Шавкат Раҳмонни йўқлаб бордик. Шавкат ака анчадан бери бетоб эди; у ҳийла ўзини олдириб қўйган бўлса-да, лекин руҳан бардам эди. Хонада келинойимиз Манзура опа Шавкат ака билан бир нималар тўғрисида гаплашиб ўтирарди. Ҳол-аҳвол сўраганимиздан сўнг:
— Думанинг қарорини эшитдингларми? — деб сўради Шавкат ака.
— Эшитдик.
— Ҳозир Манзура опангиз билан шу ҳақда гаплашиб ўтиргандик… — Шавкат ака шифтга қараб бирпас жим қолди. Сўнг, фикрини жамлаб олди, шекилли, яна гап бошлади: — Агар мустақилликни қурол билан ҳимоя килиш зарур бўлса, мен кўнгилли бўлиб жангга жўнайман… Ўғлим ҳам боради… Сизлар ҳам борасизлар… Ҳамма бориши керак…
— Албатта, — дедик.
— Бир юзу ўттиз йилдан сўнг қўлга киритилган мустақиллигимизни осонликча бериб қўймаймиз, — деди Шавкат ака муштларини тугиб. — Майда-чуйда гапларни бир четга йиғиштириб қўйиш керак. Асосийси — мустақиллик… Уни қўлдан бермаймиз…
Анча пайтгача гаплашиб ўтирдик. Кейин хайр-хўшлашдик. Орадан ўн-ўн беш кун ўтиб, Шавкат акага касалхонадан вақтинча рухсат беришди. Ёзувчилар уюшмаси ва ёр-дўстларининг саъйи-ҳаракатлари билан адибларнинг Дўрмондаги боғидан Шавкат акага ҳовли берилди. Ёз ва куз фаслини Шавкат ака касалхона билан боғ-ҳовлида ўтказди. У киши оғир дардга чалинганди… Оила аъзолари ҳам, жўраларию оға-инилари ҳам Шавкат Раҳмон қандай дардга чалинганини билардилар. Аммо, ўзига билдирмасдилар. Чунки, ҳамма мўъжиза рўй беришига ишонарди: дард берган — давосини ҳам беради, ахир! Ишонч туфайли Шавкат ака таслим бўлмади, сўнгги дамларгача руҳан тетик бўлди…
Бу инсон нақадар иродали эканлигини, нақадар ботиний қудратга эга эканлигини бетоблик даврида гуё яна бир бора исботлаб берди.
Шоирнинг қалби… Шавкат Раҳмоннинг қалби… баркамол қалб, комил қалб… Ўзлигини англаган, ўзликни танитган қалб…
…1996 йилнинг куз ойларида Шавкат ака оғирлашиб қолди. Энди у ўрнидан туролмасди. Манзура опа туну кун беморнинг тепасидан жилмасди. Агар хонада бошқа одам бўлмаса, Шавкат ака ҳатто чой дамлаб келиш учун ҳам Манзура опани ташқарига чиқармасди. Кароватга ўтказиб олиб, унга орзуларини сўйларди, биргаликда кечирган ширин дамларини бир-бир эсларди. Зилол сувлар жилдираб оқаётган, мусаффо ҳавоси роҳат бағишлайдиган тоғларда ўтов тикиб яшашни орзу қиларди.
— Тоғда яшасак қийналиб қолмайсизми? — деб сўрарди.
— Сиз қаерга бошлаб кетсангиз боравераман, — дерди Манзура опа.
Биз йўқлаб борсак, одатда, Шавкат ака худди ёш боладай қувониб ётган бўларди.
— Аянгиз ҳам тоғларга кўчиб кетишга рози бўлди, — дерди Шавкат ака. Сўнг, тумбочка устида ётган «Ўзбекистоннинг шифобахш масканлари» номли рангли йуриқномани кўрсатарди. — Ҳозирча Зоминдаги санаторияга борамиз. Бир-икки ойдан кейин сал оёққа туриб олсам, чўпонлар яшайдиган тоққа жўнаймиз…
Сентябрь ойининг охирларида Шавкат ака анча ҳолсизланди. Ҳолсизланиб ётибди-ю, аммо руҳан тетик.
— Бир туркум шеър ёздим… Фақат қоғозга туширишга кучим етмаяпти… Баъзиларини аянгизга айтиб ёздириб қўйдим… Дармонга кириб олсам, бошқаларини ҳам қоғозга тушираман… Ҳаммаси эсимда турибди… Шеърларимни оппоқ тонгларга, деворларга, шифтларга ёзиб қўйганман… қизиқ, ҳавога ёзиб қўйилган шеър ҳам ўчиб кетмас экан…
Сўнгги кунлардан бири эди. Шавкат ака қошларини чимирганича:
— Илтимос, айтиб қўйинглар, ҳамма жўраларимдан, укаларимдан мингдан-минг розиман! Кам бўлишмасин… Илойим, бола-чақаларининг орзу-ҳавасларини кўришсин! — деди дона-дона қилиб. — Бу гапларимни аянгиз эшитмасин… Қўрқиб кетади… — деб илова қилди.
1996 йилнинг 2 октябрь куни Шавкат ака узилди. Айтиб туриб ёздирган сўнгги шеърларидан бирида: «Абадият оралаб, Ўшга қачон етамиз?»  мисраси бор. У Абадиятга юз тутаётганини биларди…

(Tashriflar: umumiy 45, bugungi 1)

Izoh qoldiring