Ibrohim G’afurov. Sayyor haqida xotiralar

005
Сайёр ўз умрининг мазмунини ёзишда деб биларди. Тинмай ёзарди, ёзишдан мислсиз завқ оларди. Унинг жонона тиниқ дастхати билан тўлдирилган оппоқ шеър варақлари кўп редакцияларнинг ғаладонларида шошилмай, шошилтирмай ўз навбатини кутаётган бўларди. Сайёр даста-даста шеърларини газета-журналларга тақдим этардию сўнг ҳеч қистаб сўрамасди: «чиқариб беринг!» — демасди. Чунки унинг хаёлини энди янги ёзилажак шеърлар шукуҳи банд этарди. Шу бандлик лаззати, фароғати олдида у бошқа нарсаларни унутарди.

Иброҳим Ғафуров
САЙЁР ҲАҚИДА ХОТИРАЛАР
022

САЙЁР

e76a53087ebbdb8a9efbd6528ae686d5.jpgШоир Сайёр ўта дилбар ва назокатли, шарқона лутф ва маданиятли инсон эди. Ҳаммадан ҳам, у адабиётни худди маҳбубадек севарди. Унга худди маҳбубага хизмат қилгандек хизмат қилар ва хаётининг бир зумини ҳам шу адабиётсиз, унинг ранг-баранг вакилларисиз, дўстларисиз тасаввур қилолмасди. Ҳаётда бир эр йигитнинг юки ва карвони қанчалик оғир, залворли бўлмасин, уни зарра шикоят ва шиква қилмасдан ўзи тортарди ва юк тортаётганлигини ҳеч кимсага писанда қилмасди. Мард, танти, садоқатли, мурувватли инсон эди Сайёр ака!

Куни кеча баҳорнинг сарсар эсган ўзгарувчан шамоллари қанотида қазонинг хабари келди: Сайёрнинг умр карвони охирги бекатга етибдир.

Умримизнинг Сайёр дўст, биродар, ака бўлиб тўлдириб турадиган катта бир қисми бўшаб, ҳувиллаб қолди. Водариғ! Умр нақадар ўткинчи! Мангу масканлари нурхона бўлсин, абадий сакинат ато этсин ва ягона Оллоҳ мағфират этсин!

Сайёр ўз умрининг мазмунини ёзишда деб биларди. Тинмай ёзарди, ёзишдан мислсиз завқ оларди. Унинг жонона тиниқ дастхати билан тўлдирилган оппоқ шеър варақлари кўп редакцияларнинг ғаладонларида шошилмай, шошилтирмай ўз навбатини кутаётган бўларди. Сайёр даста-даста шеърларини газета-журналларга тақдим этардию сўнг ҳеч қистаб сўрамасди: «чиқариб беринг!» — демасди. Чунки унинг хаёлини энди янги ёзилажак шеърлар шукуҳи банд этарди. Шу бандлик лаззати, фароғати олдида у бошқа нарсаларни унутарди.

Бир куни у тиғиз икки жилд қўлёзмаларини кўтариб келди.
— Ҳа, Сайёр ака?
— Кўринг. Ўқиб чиқсангиз, миннатдор бўламан. Кейинги вақтларда ёзган хотираларим… «Шарқ»да бир китоб қилиб чиқаришмоқчи. Балки сизга маъқул бўлса, бир оғиз сўз ёзарсиз… — деб қолдириб кетди. Унга «Мулоқот сабоқлари (ўқиш китоби)» деб ном қўйилганди. Унда Сайёр дунё кезиб адабиётнинг турфа оламларида орттирган дўст-биродарлари, улкан устозлар, гўзал тийнатли инсонлар ҳақида сайёрона маърифат ва самимиятга тўла ҳаяжонли сўзларини айтган эди. Улар Сайёр бунчалар улуғ адабий мактабларни кўрганлиги, билганлиги, уларда сабоқ олганлиги ва бой тажрибалар орттирганлигидан дарак берар, ҳикоя қиларди. Уларни ўқисангиз, фақат Сайёр Симонов, Севак, Нозим Ҳикмат, Смеляков, Миртемир, Зулфия ва бошқа ўнлаб буюк адибу удаболар тўғрисида шундай ёзиши, ҳикоя қилиши мумкин деган фикр хаёлингиздан ўтади.

Шоир Сайёрнинг ўз севган дунёлари бор эди. У Эркин Воҳидов ҳакда сўзласа ҳам, Мискин ҳақида ёзса ҳам, шу севган дунёсига ихлос ва эътиқодини тўла намойиш этарди. Сайёр мансуб адабий авлод аста ўтиб бораётир. Бу авлоднинг Ўлмас Умарбеков, Хайриддин Салоҳ, Юсуф Шомансур каби пешқадамлари ва бошқа дилраболар хотирамизда мангу из қолдирдилар. Мана, Сайёр ҳам… ўтди деёлмайман. Тилим бормайди бунга. Чунки қўлимда унинг менга қолдириб кетган хотиралар китоби турибди. Маҳбуб, дўст каби ўзи учун беҳад суюкли воқеаларни сўйлаяпти.

САЙЁР — ЙЎЛ ЮРУВЧИ ДЕГАНИ

Куйларимнинг энг сози қани?!
Кўнглимнинг энг дилбар овози қани?
Эркин Вохидов

Ҳар бир умр ўз-ўзича ва ўз ҳолича қимматли. Давр ҳар бир одамнинг ўзи билан келади ва ўзи билан кетади. Ўлчовсиз, ўлчамсиз ҳунар йўқ. Ўлчов, ўлчам, ҳунар мавжуд ерда баҳо ҳам мавжуд. Умрга, ҳунарга, босиб ўтилган йўлга одамлар албатта баҳо берадилар. Баҳолардан тарих ҳосил бўлади.

Ўтган асрнинг эллигинчи, олтмишинчи, етмишинчи йиллари биздан тобора узоқлашиб боряпти. Ўшал умрлар худди бу умрлар сингари тирик, оғриқли, аламли, кези келса, ўта қувончли изланишлар, инсоний курашлардан ҳосил ва бунёд бўлган эди.

Катта ўзбек адабиётимизда айни урушдан кейинги йилларда ўз майдонига кириб келган, эллигинчи йилларнинг дастлабки кўп эйфорияли йилларида илк шеърлари, ҳикоялари, мақолалари, қиссалари, достонлари чиққан бир ажойиб авлод бор. Сайёр, Хайриддин Салоҳ, Юсуф Шомансур, Ҳусниддин Шарипов, Худойберди Тўхтабоев, Йўлдош Сулаймон, Олимжон Ҳолдор, Охунжон Ҳаким, Жуманиёз Жабборов, Умарали Норматов, Эътибор Охунова, Эркин Самандар, Жонрид Абдуллахонов, Азиз Абдураззоқ, Латиф Махмудов, Фарҳод Мусажонов, Учқун Назаров, Муҳаммад Хайруллаев, Тўлқин ва бошқа булардан сал илгарироқ ва пича кейинроқ сўзнинг дорул-салтанасига кириб келган қаламкашларни қандай қилиб авлод деб атамаслик мумкин. Уларнинг ҳаммаларининг ўз ижод ва ҳаёт салтанатлари мавжуд. Улар ҳақида танқидчилик кўп ва бот-бот ёзмагандир, тумтароқ таҳлиллар қилмагандир. Уларнинг ўзлари ҳам қаламкаш сифатида кўп кўзга ташланаверишга интилмагандирлар. Улар камтарлик юлдузи остида туғилганлар. Камтарлик юлдузи уларга ҳомийлик қилди. Бу авлод ўта камтаринлиги билан таниқлидир. Лекин уларнинг овози доим майдонларда эшитилиб турган ва доим жонли адабиёт бўстонининг катта бир чаманзори улар томонидан яратилган ва улар томонидан мустаҳкам ишғол қилиб келинган. Фитрат, Қодирий, Чўлпонлар авлоди; Ғафур Ғулом, Ойбек, Қаҳҳор, Шайхзодалар авлоди; Саид Аҳмад, Ҳамид Ғулом, Шуҳрат, Шукрулло, Рамз Бобожон авлоди; ва ўттизинчи йилларнинг биринчи ярмида туғилганлар авлоди… Уларнинг ўз ёрқин қиёфалари, хусусиятлари, белгилари, ижодий йўналишлари бор… Эҳтимол, бу каби авлодлар бир-биридан келиб чиққандир, лекин бир-бирига асло қоришиб ва бири иккинчисининг ичида йўқ бўлиб кетмаган.

Умри ганжинаси вафо қилганда Сайёр бу йил етмишинчи ёз пишиқчилигини қаршилаган бўларди. 2001 йилнинг кўкламида у ҳаёт ва адабиёт видосини қилди. Лекин адабиёт у билан хайрлашгани йўқ. Адабиёт шундайин бир саховатли онаки, у барча фарзандларини агарчандики, улар бир оғиз сўз айтган бўлсалар ҳам, ўз бағридан чиқармайди, асрайди ва замонлар оша яна замонларга етказади. Ким нима деб баҳо берса, бераверади.

Сайёр (у баъзан ёзган асарларига Сайёр, Сайёр Пўлат, Сайёр Пўлат Файзуллаев деб ҳам ном қўярди) илк шеърларини 53-йили чиқарган бўлса, қирқ саккиз йилдан ортиқ фаол қалам тебратди. Бу орада йигирмадан ортиқроқ китоблари нашрдан чиқди. Китоблари кўпгина қардош ўлкаларда қардош тилларда дунё юзини кўрди. Унинг биринчи китоби «Авторнинг биринчи китоби» туркумида Давлат бадиий адабиёт нашриётида 1960 йилда шоир ва адиб Шуҳрат таҳририда босилиб чикди. Бундан сал илгарироқ 1958 йилда шеъриятга жуда катта умидлар билан кириб келган Хайриддин Салоҳнинг «Чашма» деган китоби шоир Мамарасул Бобоев таҳририда шеърхонлар кўлига теккан эди. Булардан пича кейинроқ — олтмишинчи йилларнинг бошида Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповнинг шеъриятда бурилиш ясаган, янги адабий даврни бошлаб берган илк тўпламлари дунёга келади. Сайёр 1957-1962 йилларда Москвада М. Горький номидаги Адабиёт институтида таҳсил олди. Унгача ҳарбий хизматни ўтади. Ярослав Смеляков мактабини кўрди. Ўз даврининг жуда кўп машҳур адиблари, шоирлари билан яқин дўстлашди. Назари ва феъли кенг шоир бўлиб етишди. Албатта бу авлоднинг идеаллари бошқа эди. Улар Данко жасоратини куйлар ва шундай жасоратни орзу қилардилар. Сайёр учун ҳарбий хизмат ва олий таҳсил йиллари битмас-туганмас илҳом манбайи бўлди. Унинг барча насрий ва шеърий китоблари, адабиёт ва адабиётчилар ҳақидаги кўплаб мақолалари шу йилларнинг таассуротлари билан тўлиб тошгандир. Бу йиллар тўғрисида у бир шеърида «қаддимга қад қўшдим, туйғумга туйғу» деб ёзган, ҳақикатан бу йиллар унга ажиб бир инсоний чиниқиш мактаби, кучли синов майдони бўлган эди. У «Уйқу» деган шеърида бежиз ёзмаган:

Юрак билмас уйқу, вужуд тинч қолмас,
Нега юмилмоғи керакдир кўзим,
Қошим кескир ҳилич, қорачиғ — олмос,
Ватан вужудида юракман ўзим!

Сайёр эллик бешинчи йилда ҳарбий хизматда юраркан, мактабдош дўсти Эркин Воҳидовдан бир мактуб олади. Эркин Воҳидов унга шоирона хат билан бирга бир китоб совға қилиб жўнатади. Унинг мактубида чунончи шу сўзлар дўстнинг Пўлат номига лутф қилиниб, шеърга солинган эди:

Қувноқ сафимиздан шарафли мактаб —
Ҳарбий ҳаёт сари юрдинг мардона.
Ватан олдидаги бурчингни ўтаб
Пўлатдек тобланиб қайтарсан яна.
Яна завқ бергувчи кўчалар бўйлаб
Кезарсан, қўлингда мен берган китоб.
Шунда  «Пўлат қандай тобланди?», дейман,
Ўйла, ўшангача топиб қўй жавоб…

Ўшанда бу шеърий гўзал самимий мактуб Сайёр қалбида кўп ҳаяжонлар уйғотган, унинг ўзини ўзи англашига ажойиб бир туртки бўлган эди.

Қаддим тоғ, кўзларим чақнаган чақмоқ!
Жангда ғолиб чиқмоқ осонмас ахир.
Ўзни тайёрламоқ зарур чўнг, қобил
Сўзларинг юракда гулханлар ёқур,
Сўзларим юракдан чиқар, эт қабул!

деб шеърий жавоб ёзган эди Сайёр дўст мактубига. Мана шу чорланиш, чоғланиш, аҳдланиш сўзлари ёзилганига ҳам қарийб ярим аср бўлиб қолибди.

Булар ёшликнинг чорлови, декларацияларигина эмасди. Сайёр агар адашмасам, туғма чорланган инсон эди. Биз урушдан кейинги йилларда Тахтапулдаги 22-мактабда бешинчи-олтинчи синфларда ўқиб юрганимизда Сайёр акамиз юқори синфларда ўқир эди. Мактабда жуда кўп маданий, маърифий, сиёсий тадбирлар ўтказилар, Сайёр акамиз уларга бош-қош бўларди. Саҳнадан жарангдор овоз билан сиёсий мавзуларда шеърлар ўқир, декламациялар қилар, мактаб драмтўгарагининг ишларида ғайрат билан ёниб-куйиб қатнашарди. Кейин сайёрлар гуруҳи мактабни битиришиб кетишдими, уларни анчагача йўқотиб қўйдим. Сўнг 61-йил университетни битириб, Тўлқин билан бадиий адабиёт нашриётида ишлай бошлагач, ҳаёт йўлларимиз яна Сайёр акамиз билан туташди. Сайёр олий адабиёт таҳсили олиб қайтгач, бизнинг нашриётимизда, радиода, журналлар ва газеталарда, ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб хизмат қилди. У бизни кўплаб учрашувларга бошлаб борар, уларни ўзи бош бўлиб завқ-шавқ, ҳаяжон, кўтаринкилик билан ўтказарди. Учрашувларда у беҳад очилиб кетар, бутун вужудидан шеър, файз, фазл ёғиларди. Лекин қаерда учрашувга бормасин, гапнинг аввалини Эркин Воҳидовдан бошлар ва Эркин Воҳидов билан тугатарди. Унинг барча шеърларини худди ўз шеърлари каби бошдан охир ёддан билар, ёд ўқир ва чиройли таҳлил қиларди. Тингловчилар беҳад мутаассир бўлиб ўтиришарди. Бу мактабдошлик, ижодий ҳамкорлик туйғуси уни ҳеч қачон тарк этмади. У ўз атрофидаги барча тенгдошларини жуда юқори баҳолар, ёшларга йўл кўрсатар, улар билан ҳамиша маҳрамона, дўстона муносабатларда бўларди.

Сайёрнинг дунёга келиши ҳам қизиқ бўлган. Унинг отаси ҳурматли Иноятилло Файзуллоҳ Самарқандда СамДУни битириб, оғироёқ хотини Манзурахон Ғулом қизи билан поездда Тошкентга қайтишаётганда Чинозга кириб келаётганда туғилган эди. Шунинг учун унга Сайёр деб ном қўйишган эди. Сайёр ҳассос шоира Гулчеҳра Жўраева билан чиройли оила қурди. Уларнинг биргаликда яратган нафосат гулшанида вужудга келган фарзандлар ота-она шаънини эъзозлаб, уларга муносиб, элга муносиб хизмат қилмоқдалар.

111.jpgЗеро, буюк рассом Фирдавс Файзуллоҳнинг ўта нозик қилқалами ҳам икки шоир — Сайёр ва Гулчеҳра Жўраеванинг рутбасидан куч олди (Фирдавс Файзуллоҳ асарлари билан танишинг).

Бир замонлар Сайёр «Бир шоир умри» деган шеърини ёзиб, унда чунончи шундай сатрлар битганди:

Инсонни-ку ўзи яратган фалак,
Ери қаттиқ жуда, узоқдир осмон!
Инсоннинг кўнглини юмшатар қўшиқ,
Ер кўксини эрита олур одамлар!

Сайёр ўз юрти, одамларга беҳад ишонарди. Уларга муҳаббатли эди. Дардларга малҳам бўлишни истарди. Йўлчи дўстимиз ҳамон йўлда бардавом. Унинг йўли тугамас.

21 июнь, 2004 йил.

022

Ibrohim G’afurov
SAYYOR HAQIDA XOTIRALAR
022

SAYYOR

Shoir Sayyor o’ta dilbar va nazokatli, sharqona lutf va madaniyatli inson edi. Hammadan ham, u adabiyotni xuddi mahbubadek sevardi. Unga xuddi mahbubaga xizmat qilgandek xizmat qilar va xayotining bir zumini ham shu adabiyotsiz, uning rang-barang vakillarisiz, do’stlarisiz tasavvur qilolmasdi. Hayotda bir er yigitning yuki va karvoni qanchalik og’ir, zalvorli bo’lmasin, uni zarra shikoyat va shikva qilmasdan o’zi tortardi va yuk tortayotganligini hech kimsaga pisanda qilmasdi. Mard, tanti, sadoqatli, muruvvatli inson edi Sayyor aka!

Kuni kecha bahorning sarsar esgan o’zgaruvchan shamollari qanotida qazoning xabari keldi: Sayyorning umr karvoni oxirgi bekatga yetibdir.

Umrimizning Sayyor do’st, birodar, aka bo’lib to’ldirib turadigan katta bir qismi bo’shab, huvillab qoldi. Vodarig’! Umr naqadar o’tkinchi! Mangu maskanlari nurxona bo’lsin, abadiy sakinat ato etsin va yagona Olloh mag’firat etsin!

Sayyor o’z umrining mazmunini yozishda deb bilardi. Tinmay yozardi, yozishdan mislsiz zavq olardi. Uning jonona tiniq dastxati bilan to’ldirilgan oppoq she’r varaqlari ko’p redaktsiyalarning g’aladonlarida shoshilmay, shoshiltirmay o’z navbatini kutayotgan bo’lardi. Sayyor dasta-dasta she’rlarini gazeta-jurnallarga taqdim etardiyu so’ng hech qistab so’ramasdi: «chiqarib bering!» — demasdi. Chunki uning xayolini endi yangi yozilajak she’rlar shukuhi band etardi. Shu bandlik lazzati, farog’ati oldida u boshqa narsalarni unutardi.

Bir kuni u tig’iz ikki jild qo’lyozmalarini ko’tarib keldi.
— Ha, Sayyor aka?
— Ko’ring. O’qib chiqsangiz, minnatdor bo’laman. Keyingi vaqtlarda yozgan xotiralarim… «Sharq»da bir kitob qilib chiqarishmoqchi. Balki sizga ma’qul bo’lsa, bir og’iz so’z yozarsiz… — deb qoldirib ketdi. Unga «Muloqot saboqlari (o’qish kitobi)» deb nom qo’yilgandi. Unda Sayyor dunyo kezib adabiyotning turfa olamlarida orttirgan do’st-birodarlari, ulkan ustozlar, go’zal tiynatli insonlar haqida sayyorona ma’rifat va samimiyatga to’la hayajonli so’zlarini aytgan edi. Ular Sayyor bunchalar ulug’ adabiy maktablarni ko’rganligi, bilganligi, ularda saboq olganligi va boy tajribalar orttirganligidan darak berar, hikoya qilardi. Ularni o’qisangiz, faqat Sayyor Simonov, Sevak, Nozim Hikmat, Smelyakov, Mirtemir, Zulfiya va boshqa o’nlab buyuk adibu udabolar to’g’risida shunday yozishi, hikoya qilishi mumkin degan fikr xayolingizdan o’tadi.

Shoir Sayyorning o’z sevgan dunyolari bor edi. U Erkin Vohidov hakda so’zlasa ham, Miskin haqida yozsa ham, shu sevgan dunyosiga ixlos va e’tiqodini to’la namoyish etardi. Sayyor mansub adabiy avlod asta o’tib borayotir. Bu avlodning O’lmas Umarbekov, Xayriddin Saloh, Yusuf Shomansur kabi peshqadamlari va boshqa dilrabolar xotiramizda mangu iz qoldirdilar. Mana, Sayyor ham… o’tdi deyolmayman. Tilim bormaydi bunga. Chunki qo’limda uning menga qoldirib ketgan xotiralar kitobi turibdi. Mahbub, do’st kabi o’zi uchun behad suyukli voqealarni so’ylayapti.

SAYYOR — YO’L YURUVCHI DEGANI

Kuylarimning eng sozi qani?!
Ko’nglimning eng dilbar ovozi qani?
Erkin Voxidov

Har bir umr o’z-o’zicha va o’z holicha qimmatli. Davr har bir odamning o’zi bilan keladi va o’zi bilan ketadi. O’lchovsiz, o’lchamsiz hunar yo’q. O’lchov, o’lcham, hunar mavjud yerda baho ham mavjud. Umrga, hunarga, bosib o’tilgan yo’lga odamlar albatta baho beradilar. Baholardan tarix hosil bo’ladi.

O’tgan asrning elliginchi, oltmishinchi, yetmishinchi yillari bizdan tobora uzoqlashib boryapti. O’shal umrlar xuddi bu umrlar singari tirik, og’riqli, alamli, kezi kelsa, o’ta quvonchli izlanishlar, insoniy kurashlardan hosil va bunyod bo’lgan edi.

Katta o’zbek adabiyotimizda ayni urushdan keyingi yillarda o’z maydoniga kirib kelgan, elliginchi yillarning dastlabki ko’p eyforiyali yillarida ilk she’rlari, hikoyalari, maqolalari, qissalari, dostonlari chiqqan bir ajoyib avlod bor. Sayyor, Xayriddin Saloh, Yusuf Shomansur, Husniddin Sharipov, Xudoyberdi To’xtaboev, Yo’ldosh Sulaymon, Olimjon Holdor, Oxunjon Hakim, Jumaniyoz Jabborov, Umarali Normatov, E’tibor Oxunova, Erkin Samandar, Jonrid Abdullaxonov, Aziz Abdurazzoq, Latif Maxmudov, Farhod Musajonov, Uchqun Nazarov, Muhammad Xayrullaev, To’lqin va boshqa bulardan sal ilgariroq va picha keyinroq so’zning dorul-saltanasiga kirib kelgan qalamkashlarni qanday qilib avlod deb atamaslik mumkin. Ularning hammalarining o’z ijod va hayot saltanatlari mavjud. Ular haqida tanqidchilik ko’p va bot-bot yozmagandir, tumtaroq tahlillar qilmagandir. Ularning o’zlari ham qalamkash sifatida ko’p ko’zga tashlanaverishga intilmagandirlar. Ular kamtarlik yulduzi ostida tug’ilganlar. Kamtarlik yulduzi ularga homiylik qildi. Bu avlod o’ta kamtarinligi bilan taniqlidir. Lekin ularning ovozi doim maydonlarda eshitilib turgan va doim jonli adabiyot bo’stonining katta bir chamanzori ular tomonidan yaratilgan va ular tomonidan mustahkam ishg’ol qilib kelingan. Fitrat, Qodiriy, Cho’lponlar avlodi; G’afur G’ulom, Oybek, Qahhor, Shayxzodalar avlodi; Said Ahmad, Hamid G’ulom, Shuhrat, Shukrullo, Ramz Bobojon avlodi; va o’ttizinchi yillarning birinchi yarmida tug’ilganlar avlodi… Ularning o’z yorqin qiyofalari, xususiyatlari, belgilari, ijodiy yo’nalishlari bor… Ehtimol, bu kabi avlodlar bir-biridan kelib chiqqandir, lekin bir-biriga aslo qorishib va biri ikkinchisining ichida yo’q bo’lib ketmagan.

Umri ganjinasi vafo qilganda Sayyor bu yil yetmishinchi yoz pishiqchiligini qarshilagan bo’lardi. 2001 yilning ko’klamida u hayot va adabiyot vidosini qildi. Lekin adabiyot u bilan xayrlashgani yo’q. Adabiyot shundayin bir saxovatli onaki, u barcha farzandlarini agarchandiki, ular bir og’iz so’z aytgan bo’lsalar ham, o’z bag’ridan chiqarmaydi, asraydi va zamonlar osha yana zamonlarga yetkazadi. Kim nima deb baho bersa, beraveradi.

Sayyor (u ba’zan yozgan asarlariga Sayyor, Sayyor Po’lat, Sayyor Po’lat Fayzullaev deb ham nom qo’yardi) ilk she’rlarini 53-yili chiqargan bo’lsa, qirq sakkiz yildan ortiq faol qalam tebratdi. Bu orada yigirmadan ortiqroq kitoblari nashrdan chiqdi. Kitoblari  ko’pgina qardosh o’lkalarda qardosh tillarda dunyo yuzini ko’rdi. Uning birinchi kitobi «Avtorning birinchi kitobi» turkumida Davlat badiiy adabiyot nashriyotida 1960 yilda shoir va adib Shuhrat tahririda bosilib chikdi. Bundan sal ilgariroq 1958 yilda she’riyatga juda katta umidlar bilan kirib kelgan Xayriddin Salohning «Chashma» degan kitobi shoir Mamarasul Boboev tahririda she’rxonlar ko’liga tekkan edi. Bulardan picha keyinroq — oltmishinchi yillarning boshida Erkin Vohidov va Abdulla Oripovning she’riyatda burilish yasagan, yangi adabiy davrni boshlab bergan ilk to’plamlari dunyoga keladi. Sayyor 1957-1962 yillarda Moskvada M. Gor`kiy nomidagi Adabiyot institutida tahsil oldi. Ungacha harbiy xizmatni o’tadi. Yaroslav Smelyakov maktabini ko’rdi. O’z davrining juda ko’p mashhur adiblari, shoirlari bilan yaqin do’stlashdi. Nazari va fe’li keng shoir bo’lib yetishdi. Albatta bu avlodning ideallari boshqa edi. Ular Danko jasoratini kuylar va shunday jasoratni orzu qilardilar. Sayyor uchun harbiy xizmat va oliy tahsil yillari bitmas-tuganmas ilhom manbayi bo’ldi. Uning barcha nasriy va she’riy kitoblari, adabiyot va adabiyotchilar haqidagi ko’plab maqolalari shu yillarning taassurotlari bilan to’lib toshgandir. Bu yillar to’g’risida u bir she’rida «qaddimga qad qo’shdim, tuyg’umga tuyg’u» deb yozgan, haqikatan bu yillar unga ajib bir insoniy chiniqish maktabi, kuchli sinov maydoni bo’lgan edi. U «Uyqu» degan she’rida bejiz yozmagan:

Yurak bilmas uyqu, vujud tinch qolmas,
Nega yumilmog’i kerakdir ko’zim,
Qoshim keskir hilich, qorachig’ — olmos,
Vatan vujudida yurakman o’zim!

Sayyor ellik beshinchi yilda harbiy xizmatda yurarkan, maktabdosh do’sti Erkin Vohidovdan bir maktub oladi. Erkin Vohidov unga shoirona xat bilan birga bir kitob sovg’a qilib jo’natadi. Uning maktubida chunonchi shu so’zlar do’stning Po’lat nomiga lutf qilinib, she’rga solingan edi:

Quvnoq safimizdan sharafli maktab —
Harbiy hayot sari yurding mardona.
Vatan oldidagi burchingni o’tab
Po’latdek toblanib qaytarsan yana.
Yana zavq berguvchi ko’chalar bo’ylab
Kezarsan, qo’lingda men bergan kitob.
Shunda «Po’lat qanday toblandi?», deyman,
O’yla, o’shangacha topib qo’y javob…

O’shanda bu she’riy go’zal samimiy maktub Sayyor qalbida ko’p hayajonlar uyg’otgan, uning o’zini o’zi anglashiga ajoyib bir turtki bo’lgan edi.

Qaddim tog’, ko’zlarim chaqnagan chaqmoq!
Jangda g’olib chiqmoq osonmas axir.
O’zni tayyorlamoq zarur cho’ng, qobil
So’zlaring yurakda gulxanlar yoqur,
So’zlarim yurakdan chiqar, et qabul!

deb she’riy javob yozgan edi Sayyor do’st maktubiga. Mana shu chorlanish, chog’lanish, ahdlanish so’zlari yozilganiga ham qariyb yarim asr bo’lib qolibdi.

Bular yoshlikning chorlovi, deklaratsiyalarigina emasdi. Sayyor agar adashmasam, tug’ma chorlangan inson edi. Biz urushdan keyingi yillarda Taxtapuldagi 22-maktabda beshinchi-oltinchi sinflarda o’qib yurganimizda Sayyor akamiz yuqori sinflarda o’qir edi. Maktabda juda ko’p madaniy, ma’rifiy, siyosiy tadbirlar o’tkazilar, Sayyor akamiz ularga bosh-qosh bo’lardi. Sahnadan jarangdor ovoz bilan siyosiy mavzularda she’rlar o’qir, deklamatsiyalar qilar, maktab dramto’garagining ishlarida g’ayrat bilan yonib-kuyib qatnashardi. Keyin sayyorlar guruhi maktabni bitirishib ketishdimi, ularni anchagacha yo’qotib qo’ydim. So’ng 61-yil universitetni bitirib, To’lqin bilan badiiy adabiyot nashriyotida ishlay boshlagach, hayot yo’llarimiz yana Sayyor akamiz bilan tutashdi. Sayyor oliy adabiyot tahsili olib qaytgach, bizning nashriyotimizda, radioda, jurnallar va gazetalarda, yozuvchilar uyushmasida adabiy maslahatchi bo’lib xizmat qildi. U bizni ko’plab uchrashuvlarga boshlab borar, ularni o’zi bosh bo’lib zavq-shavq, hayajon, ko’tarinkilik bilan o’tkazardi. Uchrashuvlarda u behad ochilib ketar, butun vujudidan she’r, fayz, fazl yog’ilardi. Lekin qaerda uchrashuvga bormasin, gapning avvalini Erkin Vohidovdan boshlar va Erkin Vohidov bilan tugatardi. Uning barcha she’rlarini xuddi o’z she’rlari kabi boshdan oxir yoddan bilar, yod o’qir va chiroyli tahlil qilardi. Tinglovchilar behad mutaassir bo’lib o’tirishardi. Bu maktabdoshlik, ijodiy hamkorlik tuyg’usi uni hech qachon tark etmadi. U o’z atrofidagi barcha tengdoshlarini juda yuqori baholar, yoshlarga yo’l ko’rsatar, ular bilan hamisha mahramona, do’stona munosabatlarda bo’lardi.

Sayyorning dunyoga kelishi ham qiziq bo’lgan. Uning otasi hurmatli Inoyatillo Fayzulloh Samarqandda SamDUni bitirib, og’iroyoq xotini Manzuraxon G’ulom qizi bilan poezdda Toshkentga qaytishayotganda Chinozga kirib kelayotganda tug’ilgan edi. Shuning uchun unga Sayyor deb nom qo’yishgan edi. Sayyor hassos shoira Gulchehra Jo’raeva bilan chiroyli oila qurdi. Ularning birgalikda yaratgan nafosat gulshanida vujudga kelgan farzandlar ota-ona sha’nini e’zozlab, ularga munosib, elga munosib xizmat qilmoqdalar.

Zero, buyuk rassom Firdavs Fayzullohning o’ta nozik qilqalami ham ikki shoir — Sayyor va Gulchehra Jo’raevaning rutbasidan kuch oldi.

Bir zamonlar Sayyor «Bir shoir umri» degan she’rini yozib, unda chunonchi shunday satrlar bitgandi:

Insonni-ku o’zi yaratgan falak,
Yeri qattiq juda, uzoqdir osmon!
Insonning ko’nglini yumshatar qo’shiq,
Yer ko’ksini erita olur odamlar!

Sayyor o’z yurti, odamlarga behad ishonardi. Ularga muhabbatli edi. Dardlarga malham bo’lishni istardi. Yo’lchi do’stimiz hamon yo’lda bardavom. Uning yo’li tugamas.

21 iyun, 2004 yil.

022

(Tashriflar: umumiy 217, bugungi 1)

Izoh qoldiring