Jahongir Ismoilov. Jo’shqin ijodkor, dilkash inson edi

025

Омон Мухтор ўтаётган ҳар бир кунидан қандайдир ёрқин из қолдиришга интилиб, ижод машаққати, заҳматидан завқ туйиб яшади. Бунга унинг баракали ижоди, бугунги катта авлод вакиллари орасида алоҳида ажралиб турадиган жиҳат: ҳам насрда, ҳам назмда бирдай қалам тебратганлиги гувоҳ. Шу ақидага собитлиги боис республика адабий жараёнида умрининг охиригача фаол иштирок этди, қатор шеърий тўпламлар, ўндан ортиқ қисса ва романлар яратди.

065

Жаҳонгир Исмоилов
ЖЎШҚИН ИЖОДКОР,ДИЛКАШ ИНСОН ЭДИ

Ўтган ҳафта жума куни эрталаб одатдагидай эрта ишга келгандим. Телефон жиринглади. Гўшакни кўтарсам, Тошкентда нуфузли идоралардан бирида матбуот, адабиётга дахлдор масъул вазифада ишлайдиган дўстим экан.

—»Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг бугунги сонида туркум шеърларингиз чиқибди. «Бухоронинг тоғлари»ни жуда топиб айтибсиз. Ҳаммасида ҳам ўзига хос фалсафий фикр айтилган. Менга жуда маъқул бўлди, табриклайман,—деди у салом-аликдан сўнг. Мен миннатдорчилик билдирдим.—Бир ёмон хабар ҳам бор,—деди у сўнгра мунгли овозда.

—Тинчликми?—сўрадим кутилмаган бу гапдан таажжубланиб.

—Ҳозиргина менга хабар қилишди. Омон ака оламдан ўтибдилар,—деди у бир зум сукутдан сўнг чуқур тин олиб.—Омон ака ҳам адабиётимизнинг, Бухоронинг бугунги тоғларидан бири эди.

Танимга муз теккандай совуқлик югурди. Менга гап таниқли шоир ва адиб, дилкаш инсон Омон Мухтор ҳақида бораётганлиги маълум эди. Негаки, Омон аканинг оғир бетоблигидан хабардор эдим. Беихтиёр яқинда «Асрлар садоси» фестивалига таклиф этилган пойтахтлик меҳмонлар таркибида Бухорога ташриф буюрган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бадиий публицистика кенгаши раиси, ҳассос ижодкор Аҳмаджон Мелибоевнинг таҳририятимизда бўлиб, ўзаро суҳбат асносида Омон аканинг саломатлиги яхши эмаслигини айтгани, «Асрлар садоси» тадбирларининг эртасига устоз журналист Абдужалил Халилов билан авлиё аёл Биби Орифа мақбарасида амалга оширилган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечиргач, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратига келаётиб йўлакда учратганимиз—Омон Мухторнинг синглиси Муҳаррам опа маъюс тортиб акасининг касали оғирлигини айтиб, дардлашгани хаёлимдан кечди. Кўз ўнгимда Омон аканинг куюнчак қиёфаси намоён бўлди. Ўй-фикримни у кишига боғлиқ хотиралар чул¬ғади.

…Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олиб, шеъру мақолалар қоралаганимиздан ғурурланиб, адабий давралар, таҳририятларга қатнаб юрган пайтларимиз эди. Мен ўқувчилигимдаёқ республика радиосига мактаб ҳаётидан хат-хабарлар йўллаб турганлигим боис талаба бўлгач, болалар эшиттиришлари таҳририятига тез-тез бориб турардим ва у ердагилар билан анча¬йин таниш эдим. Бундан хабардор курсдошларимдан бири ўзаро суҳбат орасида:

—Омон Мухтор ҳам республика радиосининг адабий-драматик эшиттиришлар бош редакциясида ишлайди,—деб қолди ва алоҳида урғу бериб қўшиб қўйди.—Бухоролик.

Биз, талабалар наздида Омон Мухтор адабиёт майдонига жўшқин, ўз овози билан кириб келган, навқирон авлод пешқадамларидан бири эди. Омон аканинг «Шаҳарлик келинчак» номли ҳикоялар китоби эндигина нашр¬дан чиққан, қўлма-қўл ўқиб юрардик. Машқ шеърларимни у кишининг назаридан ўтказиш фикри туғилди.

Республика радиосига чет кишиларни рухсатсиз киритмасди. Тартибга биноан ташқарида ички телефон орқали тегишли таҳририят ходимига қўнғироқ қилиш керак эди. У рухсатномалар бюросига буюртма берганидан сўнггина ёзма рухсатнома олиб, ичкари кириш мумкин эди. Мен навбатдаги боришимда телефонда адабий-драматик эшиттиришлар бош таҳририяти рақамини териб, Омон акани сўрадим. «Ҳозир», деди гўшакни кўтарган аёл ва зум ўтмай ундан Омон аканинг бурро овози эшитилди. Ўзимни таништириб, учрашмоқчи эканимни айтганимдан сўнг, бир оз ҳаяллаб Омон аканинг ўзи чиқиб келди ва таҳририятга бошлаб кирди. Биз илк марта шу тариқа учрашдик.

Йиллар ўтгани сайин ўртамиздаги ижодий ҳамкорлик мустаҳкамланиб, ака-ука қадар яқинликка айланиб кетди. Омон аканинг баъзи китобларига ёзган тақризларим устоз адиб Тошпўлат Ҳамид билан ҳаммуаллифликда матбуотда эълон қилинган. Устоз адиб кўпгина китобларини дастхати билан менга илинган.

Ўтган йили Бухорода Ғиждувон фарзанди, Республика Ички ишлар вазирлиги бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, таниқли шоир Зикрилло Неъматнинг ижодий кечалари ўтказилганди. Омон ака устоз сифатида мазкур тадбирларда қатнашиб, дил сўзларини изҳор этган ва шеърларидан намуналар ўқиб берганди. Энди билсам, бу ҳассос ижодкорнинг она-юрти Бухорога сўнгги ташрифи, биз—шогирдлар, мухлислар билан сўнгги дийдорлашуви экан. Мана, ўшанда адиб ўз қўли билан туҳфа этган сўнгги китоби—икки жилдлик «Сайланма»сининг иккинчи жилди. Унга «Суюкли ўз укам Жаҳонгир Исмоиловга самимият билан Омон Мухтор. 6 сент. 2012 й.» деб ёзилган.

Омон ака чиндан ҳам мени ўз укасидай яқин тутарди. Бухорога келган кезлари кўпинча укалари Саид ҳожи ёки Неъматжон Мухторовлар орқали йўқлатарди. Шундай кезларда меҳри тортиб, «Бухоронома» таҳририятига кириб келган, баъзан менинг таклифим билан жамоамиз билан суҳбатлашган, адабий жараён, ижодий режалари, тажрибалари борасида ўртоқлашган пайтлари ҳам бор. Омон ака тинимсиз ижод қилар, ишлаш ва изланишни, янгиликка интилишни ўзига қисмат деб биларди. Кўп жиҳатдан бошқалардан устунлиги, тафаккури кенглиги, маънавий олами, қарашларининг теранлиги суҳбатларидан маълум эди. Омон ака ўтирган даврада мавзу албатта адабиёт, ижодий жараён, миллий-маънавий қадриятларимиз, истиқлол туфайли ҳаётимизнинг турли соҳаларида юз бераётган туб ўзгаришлар хусусида бўларди. Унинг бировлар устидан ғийбат қилгани, бошқа бир ижодкорни камситганини эшитмаганман. Дилкаш, катта-кичикка бирдай инсон эди. Қолаверса, Омон Мухтор бухоролик барча қалам аҳлига айрича меҳр билан қарар, имкон қадар ижодини кузатиб борар ва матбуот орқали ёки ўзаро учрашганда холисона фикр-мулоҳазларини билдириб турар, ҳеч қачон ўзини бошқалардан устун қўймасди.

Қуйидаги «Одатдаги кун» шеърини Омон ака ижодининг дастлабки йилларида ёзган:

Мактабни битиргач кўп замондошлар
Меҳнатга чоғланар. Яхши гап. Лекин—
Гоҳ турмуш уларни чеккага бошлар
Ўқиш-ўрганишдан аста ва секин.

Илдам босишолмас даврга уйғун,
Тезда бор билимдан бўлишар жудо.
Сўнгра, давом этар одатдаги кун…
Одатдаги кундан асрагин, Худо.

Мен кўрдим: йигит-қиз бир-бирин севди,
Қалблар бир-бирига боғланди маҳкам.
Аммо тўйдан кейин, мангудай севги
Тарк этди уларнинг иккисин ҳам.

Энди улар яшар асабий, дилхун;
Гоҳ шундай—саодат тўй ўтгунча то,
Сўнгра давом этар одатдаги кун…
Одатдаги кундан асрагин, Худо.

Баъзилар санъатга мендек ҳавасманд,
Илк қадамни босар бу йўлда дадил.
Исми она-юртда янграгач баланд,
Меҳнатни унутар ва у йилма-йил—

Орқага суринар, юракда тугун.
Оқибат бу ҳолга кўникар, ҳатто.
Сўнгра давом этар одатдаги кун…
Одатдаги кундан асрагин, Худо.

Бағримни ёндирган аламни, дўстлар,
Сизга рўй-рост айтдим, ёнгандан бағир.
Бугун мен сўзлаган аламли сўзлар,
Эртага ярайди, балки, кимгадир.

Кунлар тўғрисида ҳаммадан бурун,
Кимки бош қотирса қилмайди хато.
Ҳаётга кирмайди одатдаги кун…
Одатдаги кундан асрагин, Худо.

Ёниқ, жўшқин мисраларда янграган бу даъват, ўтинч адибнинг ўзи учун ҳаёт фалсафаси, умр мазмунига, эътиқодга айланган эди. Омон Мухтор ўтаётган ҳар бир кунидан қандайдир ёрқин из қолдиришга интилиб, ижод машаққати, заҳматидан завқ туйиб яшади. Бунга унинг баракали ижоди, бугунги катта авлод вакиллари орасида алоҳида ажралиб турадиган жиҳат: ҳам насрда, ҳам назмда бирдай қалам тебратганлиги гувоҳ. Шу ақидага собитлиги боис республика адабий жараёнида умрининг охиригача фаол иштирок этди, қатор шеърий тўпламлар, ўндан ортиқ қисса ва романлар яратди. Алоҳида таъкидлаш керакки, миллий адабиётимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшган сермаҳсул адиб ижодида Бухоро мавзуи салмоқли ўринни тутади. Ҳассос адиб меҳнати юксак даражада эътироф этилиб, Давлат мукофоти, Ўзбекистон санъат арбоби фахрий унвони билан тақдирланган эди.

Ўлим ҳақ. Ҳарчанд мусибатли, ҳарчанд оғир бўлмасин, юз берган жудоликни тан олмай илож йўқ. Омон Мухтор жисман орамиздан кетган бўлса-да яратган асарлари орқали иккинчи, боқий умрини яшайверади..
Устоз адибнинг охирати обод бўлсин!

Манба: buxoronoma.uz/

052

ОМОН МУХТОР ШЕЪРЛАРИНИ САLAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА ЎҚИШИНГИЗ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИШИНГИЗ ВА ЮКЛАБ ОЛИШИНГИЗ МУМКИН.

(Tashriflar: umumiy 192, bugungi 1)

Izoh qoldiring