Kecha — 26 aprel kuni buyuk o’zbek olimi Najmiddin Komilov vafot etdi.

domla

    Ўзбек тафаккури, илму фани, хусусан фақат мустақилликдан кейингина шакллана бошлаган замонавий тасаввуфшунослик илмининг асосчиларидан бири Нажмиддин Комилов кеча — 26 апрель куни оламдан кўз юмди.

Нажмиддин Комилов энг аввало,исми руҳияти, дунёқарашига мос комил инсон эди.Унинг инсон камолати ҳақидаги тушунчалари фақат қоғозда эмас, қаламининг ҳар қораламасида, даврада ёки кафедра айтилган ҳар бир сўзида ҳаёт ва тафаккур ҳикматлари намоён бўлар,  Азизиддин Насафий комил инсонга таъриф бериб ёзган тўрт нарса: яхши феъл, яхши ахлоқ ва маориф Нажмиддин аканинг суратида ҳам,сийратида ҳам мужассам эди.
Ҳазрат  Алишер Навоий тили билан айтганда:

Фонийвашеки, ҳам сўзидур пок, ҳам ўзи.
Хуш давлат ул кишигаки, тушгай анинг кўзи.

Мўътабар китобларнинг бирида битилганидек, ”Мавтул олими мавтул олами”,яъни олимнинг ўлими оламнинг ўлимидир. Бу ҳикматдан кўзланган маъно Нажмиддин аканинг инсоний ҳаёти ва олимлик  фаолияти ўзига хос такрорланмас ва бебаҳо олам эди, айни шу сабабдан унинг ўлими нафақат ўзбек, балки Шарқ тафаккур тараққиёти учун оғир йўқотиш бўлди.

Бундан чорак аср аввал Шайх Нажмиддин Куброга бағишланган “Шаҳидлар шоҳи ёхуд Шайх Кубро тушлари” китобимни ёза бошлаганимда Нажмиддин ака  маслаҳатлари ва йўл-йўриқларини аямади.

Нажмиддин ака университетда менга сабоқ берган домуллам эди.Нажмиддин ака бу ҳаётда камдан-кам одамни устоз деб тан оладиган ўжар табиатли шоирларнинг, шу жумладан менинг маънавий устозим эди. Гарчи мен шу пайтгача бирон марта Нажмиддин акага қарата “Устоз” деб мурожаат қилмаган бўлсам-да,юрагимнинг туб-тубида бу инсонга нисбатан асл устоз ва муаллимларгагина дохил эҳтиром яширин эди.

Устозимизни Оллоҳ раҳмат қилсин!

077

094Комилов Нажмиддин (1937.5.10, Панжикент тумани, Тожикистон — 2012.26.04. Тошкент) — адабиётшунос олим, филология фанлари доктори (1975), профессор. (1991). Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат Университетининг филология факултетини тугатган (1965). Ўзбек совет энциклопедияси Бош таҳририятида катта муҳаррир (1970—71). Тошкент Давлат Университетида катта ўқитувчи (1971—75). Тошкент шарқшунослик институти кафедра мудири (1991—94; 2001 й.дан). Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида консултант (1994—95). Давлат ва жамият қурилиши академияси проректори (1995—99). Ўзбекистон Республикаси марказий сайлов комиссияси раиси (1999-2001).
Нажмиддин Комилов дастлаб таржима ва қиёсий адабиётшунослик, таржима тарихининг назарий масалалари бўйича тадқиқотлар олиб борди. Матншунослик ва адабий жанрлар тараққиёти билан боғлиқ масалаларни ўрганди. Кейинги йилларда унинг илмий фаолияти тасаввуф тарихи, асосий йўналишлари, тариқат, шариат, ҳақиқат тушунчаларига қаратилди. Шу йўналишда у Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Ибн Арабий, Насафий, Баҳоуддин Нақшбанд таълимотлари моҳиятини очиб берди. Фаридиддин Атторнинг «Илоҳийнома», Султон Валаднинг «Маориф», Насафийнинг «Зубайдат ул-ҳақойиқ» ва Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Футувватномаи султоний» асарларини таржима қилди.Олимнинг «Дўстлик кўприклари» ( Т., 1979;ҳамкорликда); «Ибн Сино ва Данте» (Т., 1983); «Бу қадимий санъат» (Т., 1988); «Нажмиддин Кубро» (Т., 1995); «Тафаккур карвонлари»(Т., 1999); «Тасаввуф ёки комил инсон ахлоқи» (Т., 1999); «Тасаввуф. Тавҳид асрори» (Т., 1999); «Фақр нури порлаган қалб» (Т., 2001) ва бошқа китоблари нашр этиган.

Нажмиддин Комилов монография ва рисолаларидан намуналар:

1. Дўстлик кўприклари (ҳаммуаллиф). Тошкент, Ғ. Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. 1979.
2. Ибн Сино ва Данте. Тошкент, Ғ. Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. 1983.
3. Бу қадимий санъат. Тошкент, Ғ. Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. 1987.
4. Нажмиддин Кубро. Тошкент, А. Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти. 1995.
5. Комил инсон ҳақида тўрт рисола. Тошкент, “Маънавият” нашриёти. 1997.
6. Тасаввуф. Биринчи китоб. Тошкент, “Ёзувчи” нашриёти. 1996.
7. Тасаввуф. Иккинчи китоб. Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти. 1999.
8. Тафаккур карвонлари. Тошкент, “Маънавият” нашриёти. 1999.
9. Фақр нури порлаган қалб. Тошкент, “Маънавият” нашриёти. 2001.
10. Комил инсон – миллат келажаги. Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти. 2001.

087

(Tashriflar: umumiy 62, bugungi 1)

3 izoh

Izoh qoldiring