Murod Muhammad Do’st.Toshkentdan maktublar: Said Ahmad (02). Klara Setkinning tug’ilgan yili.

099
Оқсоқолнинг энг машҳур саволи Олтариққами, Яйпангами, ишқилиб, водийнинг гўзал гўшаларидан бирига меҳмон тушган чоғларида, узоқ суҳбатлардан ҳориб уйқуга кетган Эркин Воҳидовни туртиб сўрагани: “Анув…Клара Цеткин дегани… нечанчи йилда туғилган эди, Эркин?..”

0776

Мурод Муҳаммад Дўст
ИККИНЧИ МАКТУБ: САИД АҲМАД
(Давоми)

01

САИД АҲМАД ҲАҚИДА КИЧИК РИВОЯТЛАР

Устозимизнинг об-ҳаво ўнгланадими, далада бошоқ тўқроқ униб, боғдаги дарахт мўлроқ мева берадими, озгина неклик бўлса бас, давр эгаларини бирров дуо қилиб қўядиган одати бор эди. Биз ёшлар саркашроқ эдик, лекин оқсоқолнинг ёшини ўйлаб эътироз қилишга ийманардик. Кейинроқ, анча синашта бўлиб қолгандан сўнг, домламиз салтанат сажжодасини ёзган пайтларда, Калвак Махзумнинг машҳур сўроқларидан бирини иқтибос келтиришни ўргандик: ”Аз тахи дил чўқиндингму, ёки мазмуни замонасозлиғму?”
Ёлғиз неварасининг оти Саидшароф эди. Бу исмда Шароф Рашидов давридан очиқ тама кўринади десак инсофдан бўлмас, лекин бари бир, недир илинж белгиси бордай. Кези келганда айтиш жоизки, Рашидов отда эканида каттароқ амалдор, машҳурроқ олим ёки шоирнинг хотини, қизи ёки келини ўғил туғса бас, бечора гўдак муқаррар тарзда Илҳом деб аталишга маҳкум, сабабки, Шароф аканинг ўғлининг оти шундай эди. Ҳатто қардош Озарбайжон раҳбари Ҳайдар Алиев ҳам ўғлини Илҳом атаган. Фарқ шуки, Ҳайдар Алиевнинг ўғлига айни исмни қўйганида қардошлик лутфи бор, бизники эса – қип–қизил хушомад. Умуман, ўша замонда туғилган илҳомларнинг сони беҳисоб эди. Бугунги озод замонда униб–ўсаётган исломлардан кўп бўлса кўпки, асло кам эмас.

Шароф Рашидов кетиб, унинг ўрнига Иномжон Усмонхўжаев халққа инъом этилганида устозимиз бирдан яқин ўтмиш “зулми”дан нолийдиган бўлиб қолди. Шошилинч тарзда “Жимжитлик” деган роман ёзиб, турғунлик даврини қаттиқ танқид қилди. Раҳбарият назарига тушди – недир катта мажлисда мақталди.

Ул замонларда саркотиб номи улуғ эрса–да, бугунги дабдабалар расм эмасди. Катталар ўтганда йўл четида шамдай тек қотиб турадиган миршаблар ҳам, улус орасидан бадният унсурларни зимдан ахтариб изғийдиган хуфялар ҳам йўқ эди. Усмонхўжаев Дўрмонда, ёзувчилар боғига девор–дармиён ва кейинчалик шифохонага қўшиб берилган сердарахт катта ҳовлида яшар, ёнида – биргина қўриқчи, эрталаб бадастир ишга кетиб, кечқурун ишдан қайтар эди. Айрим ёзувчию шоирларимиз саркотибнинг ишга жўнаш вақтини аниқ билар ва таъзим бажо этиб қолиш илинжида атай қароргоҳ атрофида айланиб юрар эди. Тили заҳарроқ бир адибимиз (кимлиги аниқ ёдимда йўқ, ўзимча Носир Фозилов деб гумон қиламан) айни қўшнилик баҳонасида лутф қилганидай, раҳбарият билан адабиёт аҳли бир-бирига ҳеч қачон Усмонхўжаев давридагидай яқин бўлган эмас, деб айтган эди.

Кимсан саркотиб Усмонхўжаевни ошкора танқид қилган бир шоир борки, шу жойда уни эсламасак гуноҳ бўлиши тайин. Гап Восит Саъдулла деган бугун сал унутилган шоир ҳақида. Восит ака раҳматли ҳар йили Дўрмондаги ёзувчилар боғида тўрт-беш ҳафта яшаб, керакли миқдорда ғазал битиб кетарди. Ўта чимхўр, мева, кўкат, қотган нон ва ёғсиз қатиққа ружу қўйган, феъли торроқ киши эдиким, эрта тонгда нишабдаги Арғин қишлоғига, қатиқфуруш қозоқ таниши хонадонига тушиб-чиқишни канда қилмасди. Ўша куни Усмонхўжаев ишга барвақт отланган эканми, йўлда уч литрлик шиша идишда қатиқ кўтариб келаётган Восит акани кўриб қолибди. Шоирни таниркан, мошинани секинлатиб, ярим очиқ ойнадан бош чиқариб, қуюқ сўрашибди…

Восит ака раҳматлининг ўрнида бошқа шоир бўлса, айни воқеани дунёга достон қилиб юборарди. Восит Саъдулла эса ҳеч кимга гапиргани ҳам йўқ. Саркотиб билан ғазалнависнинг “оламшумул” учрашуви ниҳонлигича қолиб кетиши ҳам мумкин эди, аммо бир куни устозимиз Саид Аҳмаднинг “Иномжон ака”лаб оғзидан бол тома бошлаган чоқда Восит ака бирдан портлаб кетди: “Ўн ёш кичкина одам бирдан “ака” бўп қолдими ҳали? Амали бўлса – ўзига! Қайси куни йўлда кўрдим, дарров таниди, лекин менсимади, мошинасининг ойнасини сал тушириб, тил учида сўрашди. Эшон ўғлига мутлақо тарбия бермаган экан. Таниганинг тузук, тўхтаганинг ҳам тузук, лекин шунга яраша бирров мошинадан тушиб, қўл бериб саломлашсанг ўласанми, номард?!..”

Саид Аҳмад бу қадар осийликни кутмаган экан, бирдан мум тишлаб қолди. Биз, беадаб шогирдлар, овозсиз, лекин силкиниб–силкиниб кула бошладик. Восит ака эса балони ҳам тушунмади, асабий қўл силтаб, нари кетди.

Усмонхўжаев Дўрмондан турмага кўчиб, Рафиқ Нишонов амалга минди. Лекин у мансабида узоқ ўтирмади, Фарғона можароси ва “қулупнай” воқеасидан кейин, Масковга кўтарилиб кетди. Умуман олганда, Рафиқ Нишонов омади чопган одам экан. У кетиб, жилов Ислом Каримов қўлига ўтганида, қалам аҳли собиқ раҳбарни тўйиброқ сўкишга ҳам улгурмай армонда қолдик – Шўролар Иттифоқи қулаб тушди. Лекин қадим анъанага путур етмади: кўнгил косасини лиммо–лим тўлдириб турган салламнолар янги раҳбар пойига сочилди. Янги мафкура оловида тобланиб улгурган ғазаб ва нафратимизга Нишоновдан каттароқ нишон топилдики, манфур шўролар тузумига лаънат ёғдиришдан бу кун қадар тўхтаганимиз йўқ.

Сал муддат ўтиб, Рашидов номи недир шошилинч эҳтиёж сабабли сиёсий савдо муомаласига қайтарилган қисқа муддатда, устозимиз “Жимжитлик” романини замонага мослаб қайта ишлади ва қайта нашр қилди.

Албатта, бу хил эврилишларини домланинг юзига солган пайтларимиз бўлган. Қарангки, у ҳам айбини очиқ тан оларди, сўнг айтардики, санлар кўрмагансанлар, илоё, кўрманглар ҳам, манинг юрагим олиниб қолган, қўрқаман… биргина ман эмас, Миркарим акаям қўрқарди, Миртемир домлаям қўрқарди… ана, Шукруллоям ҳалигача қўрқади…

Шу ҳадик сабабли, Саид Аҳмад домла, худо сийлов этиб берган чўнг истеъдоди кўламини аниқ сезгани ҳолда, сўз ва хаёл жиловини буткул қўйиб юборишга ҳар доим ҳам журъат этолмас эди.

Феъл экан-да, таъқибдан қўрқишини тан олиб ўтирган одам, қамоқда ўтган умрини кулиб ҳикоя қиларди:

–Билсанг, болам, асли ҳунарим – расм чизиш. Турмадаям шу ҳунарим жонимга оро кирган. Қаҳратон совуқда бўёқ солинган кансервний бонкани икки–уч парча кўмир чўғи устига қўйиб, зекларнинг кийимига нўмир ёзардим. Айрим маҳбусларнинг турмада берадиган жулдур робани ҳам роса авайлаб кийгани, баъзида манга бир парча нондан пора бериб, нўмиримни чиройлироқ ёз, деб илтимос қилганлари эсимда қолган. Турмада кўп расм чизганман. Заказ кўп эди-да. Ҳатто началник лагерлар ҳам эски чойшабларга хотини ёки қизининг партретини чизишимни сўрашарди. Мандан нима кетди, чизганларимда аёлларнинг хунуги чиройли, ўзи шундоғам гўзали… нақ ҳурилиқога айланарди-қоларди. Қилтириқ озғин бўлса, сал-пал эт қўшардим, хўппасемиз бўлса, ҳеч тортинмасдан белини бир тутамгина қилиб чизардим. Эркагу аёл, одамзод деганинг бирдай ожиз-да, болам, бирортаси, бу манга ўхшамабди, деб норози бўлмаган. Умуман, турмада маишатим ёмон эмасди. Яна бир эсда қолгани: баракдаги энг оҳорли кўрпа маники эди. Битта зек, ўлсанг ёки озод бўлсанг, кўрпангни манга қолдирасан, деб юрарди. Худога шукр, ўлмадим, бир кун йўқлама пайтида фамиламни айтиб, “…с вещами!” деб қолишди. Қамоқдан қутулганимга ўзимдан кўра ҳалиги зек кўпроқ хурсанд бўлди, десам ишонинглар. Бечора турган жойида ирғишлаб, “кўрпа манга қолди!” деб бақиради…

Истиқлол арафасида қатағон кезлари кўп жабр чеккан Миркарим Осим, Миртемир домла, Мирзакалон Исмоилий, Шуҳрат ва бошқа талай ардоқли инсонлар дунёдан ўтган эди. Янги даврга етганлардан Шукрулло домла биринчи бўлиб тилга кирди. “Кафансиз кўмилганлар” деган китоб ёзиб, 1991 йилда нашр эттирди. Ундан улги олиб, Саид Аҳмад ҳам оғир кечмишларини битишга жазм қилди…

Устозимиз кам ухлаб, кўп ёзар эди. Ёзмаган кезлари ҳам тунни бедор ўтказиб, бекорчиликдан ўзини ёки бирор жиғига теккан ҳамкасбини ажива қилиб латифа тўқирди… Эртаси куни, бизга ўхшаб йўли тушиб қолган бекорчи кимсаларга ҳикоя қилиб берарди.

Унинг ёнига кўп борардик. Ҳафтада бир-икки кўрмасак кўнгил жойига тушмасди. Суҳбатлар – домланинг табиатига мос – енгил ва қувноқ кечарди.
Ўша замонда Саид Аҳмаддан бойроқ ёзувчи топилмасди. Китоблари қайта–қайта чоп этилгани ҳисобидан олган қалам ҳақи бир ҳисса, “Келинлар қўзғолони”дан тушган маблағ ўн ва балки юз ҳисса эди. Ўзбекистоннинг ўзида “Келинлар қўзғолони” қўйилмаган театр қолмаган, у ёғи – Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, бошқа қатор ўлкаларда ҳам бу асарнинг харидори кўп эди. Лекин, кези келганда айтиш жоизки, ҳеч ким бу асарни режиссёр Баҳодир Йўлдошевдан ўтказиб саҳналаштирган ва актриса Зайнаб Садриевадан ўтказиб ўйнаган эмас.

Асарни элга достон қилган яна бир нарса – Қозоғистондаги томошалардан бирида иккиқат аёл қаттиқроқ кулавериб муҳлатидан олдин туғиб қўйгани ва чақасини Саид Аҳмад оти билан атагани бўлди…

Шундай машҳур, шундай бадавлат ёзувчининг, балки бунга кўп умри зорликда, юпунликда ўтгани сабабдир, яхшигина хасис экани ҳам элга маълум эди. Баъзида: “Шукрулло домла сиздақа зиқна–мумсик эмас, қўли ҳам, кўнгли ҳам очиқ, унга шогирдликка сотилиб кетамиз”, деб қўрқитмоқчи бўлардик. Лекин у –бизга қаттиқ ишонганидан бўлса керак, – гапимизга парво ҳам қилмасди.

Ниҳоят, минг бир ташвиқотдан сўнг ичкари хонадан (тарки одат – амри маҳол) мазмуни яримлаб қолган шиша кўтариб чиқарди:

–Аяброқ қуйсанг, ҳаммангларга етади.

Аччиқ тажриба мулло қилиб қўйган эмасми, қолган шаробнинг ярмидан кўпи устознинг ўзига қуйиб бериларди. Аввалига ичмай таранг қиларди, лекин шарафига айтилмиш мақтовлардан мумдай эриб, қадаҳни қандай бўшатганини ўзи ҳам билмай қоларди. Бир-икки қўл олганидан кейин кўнгли иярди, хотамтойлиги тутиб, яна ичкари хонага равона бўларди. Муҳри бузилмаган арману фаранг конякларидан (катталар нуқул коняк ичади, деган афсонага ишонарди чамаси, устозимиз уйида ичкиликнинг шу хилидан кўпроқ сақларди) кўтариб чиқарди…

Мол аччиғи – жон аччиғи. Эртаси куни соғ каллага чекиладиган афсус–надоматлар таърифига қоғоз чидолмайди. Гўё биз баттол Чингиз лашкари каби Саид Аҳмаднинг ўн саккиз минг олам ганжинаси йиғилган обод шаҳрини тамом ғорат этиб, ўзини дарбоза олдида яланғоч қолдириб кетганмиз. Нолани ҳам ўхшатарди устозимиз. Шундай пайтларда, агар хотин бўп туғилсам, албатта гўянда бўлардим, униям даромади ёмонмас, деган ҳазили эсга тушарди.

Саид Аҳмад билан Носир Фозилов муносабатлари – алоҳида мавзу. Садоқатли шогирди Неъмат Аминов беозор ҳазил қилса бирдан чивинлаб кетадиган одам, Носир аканинг ўта қалтис гапларига ҳам чидарди. Носир Фозиловнинг феъли эса ҳаммага маълум – тўғрисўз, гап келса отасини ҳам аямайди. Рости, кулги-мутойиба бобида Саид Аҳмад домланинг ягона кушандаси ҳам Носир ака эди. Шу боис, Носир Фозилов ака суҳбатга аралашса, Саид Аҳмад домла бирдан ҳушёр тортар, Чимкент, Туркистон тарафларни, хусусан, Қорачиқни (Носир ака туғилган ва сал бебошвоқ бўлиб ўсган масканнинг номи шундай эди) бирров суриштириб, Яссавий авлодлари, хусусан, Носир Фозиловга ҳам муҳаббати баланд эканини йўл–йўлакай қистириб ўтарди.

Тан олишим керак, мен жойда мемуар жанри қонун-қоидаларига қўпол бузиб, суҳбат бежоғига андак ўзимдан ҳам қўшиб-чатдим, лекин сўз оҳанги билан мазмуни айни шундай кечгани аниқ.

Носир акани мақтаганида муқаррар тарзда “залатой” сўзини қўлларди. Бугун қадар эсласам маза қиламан: ичида Носир аканинг заҳарли тилидан чўчиб турарди-ю, лекин суҳбатдошининг “золотой” (тилло) одамлигини эслатиш баробарида соч ранги баҳонасида чандиб қолишдан ўзини тиёлмасди.

Носир аканинг оқ-қизил юзи ва унниққан мис тусидаги сочи ҳақида тўқилган яна бир маҳобат шуки, гўё Саид Аҳмад домла йўлда кетаётиб мошина тезлигини меъёрдан оширган чоғида мелиса ҳуштак чалиб тўхтатибди. Шошяпмиз, дебди Саид Аҳмад, қара, укамиз сариққа чалиниб қопти… Мелиса мошина ичига тикилиброқ қараса, орқа ўриндиқда Носир Фозилов ўтирганмиш. Э, тезроқ ҳайданг, ока, дебди у қўлини шапкасининг кезагига қўйиб, касални сал ўтказиб юборган экансизлар…

Бу – эски, энг кўп ёзилган латифа. Менга ёқадиган бошқа бир латифа бор. Аслида латифа ҳам эмас, бўлиб ўтган воқеа.

Айни пахта мавсуми. Боз устига, ёзувчиларнинг эски ва ёмон раиси кетиб, ўрнига янги ва яхши раис келган қизғин пайтлар.

Ёдингизда бўлса, ўша замон газетларида деярли ҳар куни “Ёзувчилар пахта далаларида”, “Рассомлар пахтакорлар ҳузурида” деган қулоч-қулоч мақолалар чиқарди. Пахта даласига қатнашда Назир Сафаров, Йўлдош Шамшаров, Иброҳим Раҳимнинг олдига тушадигани йўқ эди. Янги раис уларни батамом мот қилмоқчи бўлдими, ишқилиб, ёзувчиларни ёппасига пахта даласига олиб чиқадиган бўлди. Ичига ёзувчию шоир солинган икки баҳайбат автобус, иккита – тепасига чироқ ва радиокарнай таққан – гаичиларнинг мошинаси, бири – олдинда, униси – ортда, асосий тўп изидан тушган турли газетчилар, киночилар, радио ва телевизион мухбирлари минган яна бир карвон…

Хуллас, мезбонлардан бошқа ҳаммага байрам. Лекин мезбон дегани ҳам унчалик сир бой бермайди. Райком ҳам, райисполком ҳам шу ерда – доно сиёсат ва тўкин турмушга баралла ҳамд айтиб туришибди. Фақат хўжалик раиси ташвишли кўринади. Лекин уни ҳам тушуниш мумкин, далада айни иш қизиган пайтда икки–уч сўқим сўйиб, катта дастурхон тузаш, тергани ярим арава пахта-ю, нақ бир маҳалла бўлиб келган бекорчиларга росмана тўй қилиб бериш осонмас…

Манзаранинг давоми шуки, ёзувчию шоирлар этак тутиб, номига бўлса ҳам пахтазор оралади. Озгина пахта терилгач, ҳамма қад ростлади. Сал олдинроқда пахта тераётган раисга қаради. Етар, қўшга қайтайлик, деган ишораи имдод кутди. Лекин раиснинг ғирромга тоби йўқ, эгатдан бош кўтармай, пахтасини тераверди… Қолаверса, бош теримчининг ёнида – кимсан Саид Аҳмад. У ҳам этак тутган. Гоҳ раиснинг сўлидаги эгатда, гоҳ ростидаги эгатда… қизиқ–қизиқ ҳангомалар аралаш, унга ошкора хушомад қилиб кетяпти. Раисга ҳам ёқади шекилли, аҳён–аҳёнда завқ билан “…э, аннасини!..” дея хитоб қилиб қўяди…

Тушлик олдидан ҳамма даладан чиқиб, тарози бошига келди. Кимдир уч, кимдир беш, яна биров ўн кило пахта топширди. Раиснинг этагидан тўкилган пахта вазни ҳаммага ўрнак бўладиган – ўн килодан ошиқ. Биргина ардоқли ёзувчимиз Саид Аҳмад, ёнида – пучак этак, четроқда одоб сақлаб ўтирди. Тарозибон ёнида турган Носир Фозилов бутун жамоага эшиттириб, Саид Аҳмадга дашном берди:

–Уят эмасми, оқсоқол!? Терган пахтангиз раиснинг кетига қўйишга ҳам етмайди–ку?!

Саид Аҳмад бундай беадабликни кутмаган экан, ночор аҳволда қолди. Индамай қўя қолса, улус орасида Носир Фозилов Саид Аҳмадни мот қилибди, деган мутлақо кераксиз гаплар урчиб кетади. Жавоб қилай деса, неча соатдирки янги раисга ёқиш учун ўлиб-тирилди, энди орани қалин қилиб олганида… Йўқ, бари бир, Саид Аҳмад чидолмади. Енгилибди, деган иснодга қолишни истамади. Бир марта гапдан қолса хонумони куядигандай, гўё шай турган милтиқни олдию нобакор Носир Фозиловни, унга қўшиб янги раисни, аниқроғи – ўзининг жамики тамаю илинжларини ҳам шартта отиб ташлади:

–Бекорларингни айтибсан, Носир, биззи раисимиз… мутлақо артмайдилар!..

Саид Аҳмад билан суҳбати соз тушган бошқа ёзувчилар ҳам кўп эди. Адҳам Ҳамдам, Худойберди Тўхтабоев, Эркин Воҳидов, Ўлмас Умарбеков, Фарҳод Мусажонов, Ўткир Ҳошимов, Учқун Назаров, Йўлдош Сулаймон… Кўпроқ шулар билан сайру саёҳат қиларди.

Юртнинг Саид Аҳмад бормаган бурчаги қолмаган ҳисоб. У айниқса Фарғона водийсини кўп кезган. Бу тарафи Қайроққум соҳилларию Конибодом музофотидан бошлаб, у ёғи – Ўш вилояти қадар… ўнлаб шаҳару шаҳарчалар, юзлаб қишлоқларни ном–баном санаб бериши мумкин эди. Атай ўрганмагани тайин, лекин водийдаги барча шева ва лаҳжалардан яхши хабардор эди, қайда не урфу одат бор, қайда не анъана бор – ҳамма-ҳаммасини биларди.

Ўта кузатувчан эди, кўрган ёки эшитган тафсилотини ёдда қаттиқ тутар ва кейин ўз жойида, ўз вақтида ёзганларига сингдириб юборар эди. Саид Аҳмад билган, сўзда ёки ёзувда ишлатган мақоллар, иборалар, турли киноя, истеҳзо, кесатиқларнинг ўзи бир дунё.

Энг муҳими – ёзувчи Саид Аҳмаднинг ўзи ҳам, қаҳрамонлари ҳам – жонли халқ тилида гапиради. Тасвиру тавсиф асносида ҳар бир қаҳрамонига унинг ва фақат унинг ўзига мос сўз ва оҳангларни улашиб боради, натижа ўлароқ – бири иккинчисига ўхшамайдиган характерлар юзага келади ва улар айни ўхшамаслиги билан китобхон кўнглида муқим яшаб қолади.

Саид Аҳмаднинг саёҳат чоғидаги бедорликлари ҳам чўпчакка айланиб кетган. Бир ўзи киприк қоқмай ўтиришдан зериккан пайтида ширин туш кўраётган шерикларидан бирини секин туртиб сўраркан: “Яхши ухлаяпсанми, болам?”

Оқсоқолнинг энг машҳур саволи Олтариққами, Яйпангами, ишқилиб, водийнинг гўзал гўшаларидан бирига меҳмон тушган чоғларида, узоқ суҳбатлардан ҳориб уйқуга кетган Эркин Воҳидовни туртиб сўрагани: “Анув…Клара Цеткин дегани… нечанчи йилда туғилган эди, Эркин?..”

Табиийки, ақли соғ одамнинг бирортаси ҳам Клара Цеткин (нем. Clara Zetkin) туғилган йилни билмайди. Лекин унинг ёнида яна бир Роза Люксембург деган дугонаси бўлганини эслашинг тайин. Кейин хаёл жинслар тенглиги, хотин–қиз озодлиги масаласига қараб оғади… ундан кейин лоп этиб 8 март мавзуси ўртага тушади… Хуллас, уйқу ҳаром бўлиб, Цеткин билан Люксембургнинг, уларга қўшиб Инесса Арманднинг ҳам гўрига ғишт қалаб, хона четида “беозор” илжайиб ўтирган Саид Аҳмад домланинг ёнига бориб, бирга бедорлик қилишга мажбурсан…

Биз Саид Аҳмадни яхши кўрардик. Сал кўрмасак соғиниб қолардик. Айни чоқда, биз унинг ўта ихлосманд шогирдлари эдик, деб айтсам ёлғон бўлади. Домла ҳам бизнинг том маънода эргашувчи эмаслигимизни яхши биларди, лекин бирор замонда, кўрган мактабларинг бошқа, деб кўксимиздан итарган эмас, аксинча – мудом ўзига яқин олиб гаплашарди, жўяли маслаҳат ва ёрдамини аямасди.

Тенгқурларимиздан Тоғай Муродни кўпроқ ёқтирарди, итфеъл бўлсаям шу бола ҳаммангдан яхши ёзади, деб мақтаб юрарди. Назаримда, у сўз ва оҳангдаги ўзи орзу қилган ва балки етолмаган недир сарбаст ва баланд пардаларни Тоғай Мурод асарларидан топгандай эди. Дарҳақиқат, Тоғай Мурод дўстимиз шамолдай эркин эди – кўнглида борини ёзарди, ёзганда ҳам яйраб ёзарди.

Биз Тоғай Мурод яхши ёзишини тан олардик. Ҳаммамиздан яхши ёзиши масаласига келсак, ошнамиз қўллаган услублар бизга ёт бўлиб, унинг “адабий мактаби” доирасида бошқалардан илғор эканига мутлақо эътирозимиз йўқ эди…

Домланинг ҳақиқий шогирдлари деб Анвар Муқимов билан Неъмат Аминовни билиш керак. Ҳар ҳолда шу икковига алоҳида меҳр қўйиб, қаттиқ ишониб, бирини Фарғонадан, иккинчисини Бухородан Тошкентга кўчиб келишга ташвиқот қилгани рост. Афсуски, Анвар ака пойтахт ҳавосига чидолмади – яна қишлоғига қайтиб кетди, ўқитувчилар газетига мухбир тушди ва қолган умри шу кераксиз ишга исроф бўлди. Неъмат ака эса Тошкентда муқим бўлиб қолди.

Саид Аҳмад синчи эди. Атрофида юрган ёзувчиларнинг имкон даражасини, ўз тили билан айтганда, кимнинг неча пуллик тош эканини, яхши биларди. Завқсиз қора меҳнат қилиб, тинимсиз сўз тизишу жумла тузиш эвазига ёзувчи номини орттирган одамларни менсимасди.

Сўзга меҳр қўйиб, адабиёт остонасида тентираб юрганимизда бошимизни силаб, йўл кўрсатган, озу кўп далда берган инсонлардан бири Саид Аҳмад домла эди.

Қўлимиздан бирор иш келдими-келмадими – буниси ёлғиз худога аён. Лекин ҳаракат қилганимиз, недир янги оҳанглар, янгироқ йўллар ахтарганимиз рост.

Олти йилдирки, Саид Аҳмад орамизда йўқ. Айниқса қизғин адабий давраларда домламизнинг ўрни жуда-жуда билинади. Кўнгилнинг, наинки кўнгил, шаҳарнинг, юртнинг ҳам бир буржи бўшаб қолгандай…

Манба: Би-би-си Ўзбек хизмати

(Tashriflar: umumiy 397, bugungi 1)

Izoh qoldiring