Nabijon Boqiy. Bolalikdan bolalikka qaytgan shoir

034    Атоқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул: “Аслини олганда, шоирнинг ҳақиқий умри ўлганидан кейин бошланади, агар ундан одамларга наф келтирадиган, “ишлайдиган” мерос қолган бўлса, шоир ҳеч қачон ўлмайди, минг-минглаб китобхонлар қалбида яшайверади. Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Тўра Сулаймон, Аъзам Ўктам каби ижодкорлар, илло, ўлмайдиган шоирлар сирасига киради”, деган эди.

Набижон БОҚИЙ
БОЛАЛИКДАН БОЛАЛИККА ҚАЙТГАН ШОИР

Тўра Сулаймон ҳақида сўз
076

045Алдагани бола яхши, дейдилар. Айрим муртад кимсалар умр бўйи кимларнидир алдаб яшайди; алдаб тирикчилик қилади, алдаб болаларини боқади, ёру биродарларни алдайди, охир-оқибат ёлғончи дунёдан чин дунёга рихлат қилади ва бирдан Ҳақ билан, ҳақиқат билан юзма-юз келадию пешонасига шап этказиб уриб аттанг қилади, пушаймонлар қилади, юм-юм йиғлайди, кечирган ҳаёти илк савол-жавоб пайтидаёқ бурнидан булоқ бўлиб чиқади.

– Додхоҳ, Абдурауф Олимовнинг раққосасига ўхшаб ҳадеб қийпанглайвермасдан тўғри туринг! – деб огоҳлантиради фаришта Мункар. – Ростини айтинг, Ҳасан Кайфийни нега алдагансиз? Уни эшшакдек ишлатиб ҳаққини берганмисиз-йўқми?
– Худди шундай, ўртоқ генерал! – деб жавоб қайтаради додхоҳ товонларини бир-бирига уриштириб. – Ана, тепамда Худо турибди, ҳаммасини устав бўйича қилганман.
– Мен сизга ўртоқ ҳам, генерал ҳам эмасман… Қасамхўр экансиз! Энди сиз билан бошқача гаплашамиз… – деб зил-замбил гурзисини кўтариб турган Накирга кўз қирини ташлаб қўяди.

Накир додхоҳнинг бошига гурзи билан чунонам соладики, шайтон малайи тиззасигача ерга ботиб кетади.
– Ахир, тергов пайтида гумондорни қийноққа солиш, унга нисбатан куч ишлатиш мумкин эмас, бу Жиноят-процессуал кодексига зид келадиган жиноят сифатида классификация қилинади. Ҳали устингиздан прокурорга шикоят қиламан! – дейди додхоҳ войвойлаб.
– Сизни ҳеч ким қийноққа солаётгани йўқ, додхоҳ. Қийноқ Қиёматда бошланади, – дейди Мункар пинагини бузмасдан. – Қандай қилиб сержант Сулаймоновнинг ишончини қозониб, лақиллатиб юргансиз?

– Ўлай агар! – деб додхоҳ дийдиёсини бошлаган заҳоти бошига яна бир марта гурзи тушадию елкасигача ерга ботиб кетади. – Вой-дод! Гражданлар, ёрдам беринг, ёрдам беринг! – деб айюҳаннос солади “Ширк” ширкатининг собиқ раиси.
– Худонинг қудратига мункирмисан? – деб дангал савол беради Накир.
– Тушунмадим, – дейди додхоҳ кўзларини пирпиратиб.
– Фоний дунёда Худонинг қудратини инкор этдинг, тан олмадинг. Ҳозир ҳам мункирмисан, деяпман, ошқовоқ!
– Сержант Сулаймонов билан ҳам, Ҳасан Кайфий билан ҳам юзлаштиришингизни талаб қиламан! – деб бўкириб юборади додхоҳ. – Адвокатим қани?

Накир кафтларига туфлаб, гурзисини боши узра азот кўтарадию:
– Пошёл тий, сувка! – деб яна тағин уришга чоғланади.

Додхоҳ дод солиб устига ёпилган кўрпани тепиб-тепиб юмшоқ оромгоҳдан йиқилиб тушади; у қора терга ботиб уйғонади. Бурчакда дир-дир титраб шам кўтариб турган кампиридан муздек сув келтиришини сўрайди…

– Қалай, Тўра ака, зўрми? – дейман хаёлий ҳикоядан завқланиб. – Камина ёзда колумбиялик машҳур ёзувчи, Нобел мукофоти совриндори Гарсиа Маркеснинг “Полковникка хат борми?” номли қиссасини ўзбек тилига таржима қилдим. Нашриётга топширдим. Унда ширин-ширин ёлғонларга алданиб яшаётган Полковник образи ниҳоятда ишонарли тасвирланган. Бундан ташқари, катталарнинг соясига салом берадиган Ширинтой лақабли ҳезалак, орқаваротдан ҳам мансабу мансабдорларни ҳимоя қилиб, олдига ташланган суякни ялаб-юлқаб майин кекириб юради. Муҳораба чоғида жонини жабборга берган фидокор зот эса хор-зорликда ҳаёт кечиради: у алдов нималигини билмайди, одамларни алдаш мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Додхоҳ ёш боладек соддадил, ёш боладек ишонувчан.

Албатта, қисса қаҳрамони бошқа одам, қўрқинчли туш кўриб уйғониб кетадиган додхоҳ эса мутлақо бошқа бир тоифага мансуб. У алдамчи дунёнинг вакили ҳисобланади.

Ёз ойлари Тўра акани йўқлаб Гулистонга борган пайтимда, одатдагидек:
– Нима иш қиляпсиз? – деб сўради хастакор товушда.
– Гарсиа Маркеснинг куни менга қопти, битта қиссасини таржима қилиб, рандалаб ётибман, – деб асар мазмунини ўзимча “бойитиб” гапириб бердим.

Тўра ака мийиғида кулиб ётиб, антак-тентак гапларимни мароқ билан эшитди.
– Маркеснинг ҳамма асарларини рус тилида ўқиганман, — деди охири. – Бало, бало…
– Э, мен сизни ўқимаган деб аравани қуруқ опқочдим-ку, – дедим кулиб. – Тўра ака, сизни ҳар қандай бекорчихўжа лақиллатиши мумкин. Тўғрими? Маркеснинг қаҳрамонига ўхшайсиз.
– Нега ундай деяпсиз?
– Ўзим шунчаки… Бекорчиликдан сиз билан ҳангама қилай дедим-да.

Ўшанда Тўра ака жиддий бетоб эди: ўғил-қизларидан рози-ризочилик сўраган, васият қилган, энди Тошкентдаги ёр-биродарларини соғиниб, бир-бир эслар эди.
– Ёқубжон яхшими, соғлиги жойидами, тушимга кирибди… Асқарди ишлари қалай? Иқбол юрибдими? Нурали нима қиляпти? Яқин орада Турсунбойди кўрмадингизми?.. Фалончи билан муносабатингиз қандай?..

Янгиерга кетаверишда ўнг тарафда дала-туз қўйнида жойлашган сўлимгина сиҳатгоҳда бамайлихотир суҳбатлашиб ўтирардик. Ёзнинг чилласи забтига олган, дов-дарахтларга қўниб ўтирган қушлар ҳансираб нафас оларди. Деразадан олисларга тикилсангиз, сароб живир-живир қиларди…

Тўра ака барча саволларига жавоб олгач ўйга толади, мен халақит бермайман, газета варақлаб ўтираман. Назаримда, қават-қават ёстиқларга суяниб ўтирган Тўра ака пинакка кетгандек туюлади. Кеча-кундуз тепасида парвона бўлиб, беморга қараб ётган Алижондан:
– Ҳамиджон қачон келади? – деб сўрайман паст товушда.

Алижон жавоб қайтаришга улгурмасдан:
– Ҳа, Равшан яқинда элликка кирди, мен бордим, шафтолихўрлик қилдик. Лекин, Равшан гўзал йигит-да, кўз тегмасин! Гулдай оиласи бор, фарзандлари бирам одоблики, ҳавасинг келади! Энди унинг қилаётган ишларини асти сўраманг! Файласуф-деҳқон университетнинг биринчи проректори, лекин фарзандлари контракт асосида ўқийди! Шу замонда тўғри туриб, тўғри яшаётган иккита одам бўлса, биттаси – Равшан, битта бўлса – ўша ҳам Равшан! Ҳадемай Ҳамид кепқолади, кечга томон Равшанди уйига бориб келинглар, хурсанд бўлади.
– Бўпти, – дедим. – Лекин элликка кирганини эшитмаган эканман.
– Ўзиям кўпчиликка билдиргани йўқ, – деди Тўра ака. – Агар унинг ўрнида бошқа одам бўлганида борми, карнай чалиб бутун Ўзбекистонга овоза қилиб юборарди.

Тўра ака яна пинакка кетди. Беш-ўн дақиқалик қуш уқуси – дунёдаги энг ширин уйқу ҳисобланади. Академик Ғафур Ғулом: “Чоллар уйқусида роҳат-фароғат”, деб бекорга ёзмаган. У том маънодаги халқ академиги эди, халқнинг етмиш икки томири қандай ураётганини яхши биларди. Афсуски… Майли, ҳозир “афсус” қилмайман – бу бошқа мавзу.
Тўра ака кўзларини очиб, рўпарасидаги бир нуқтага тикилади, хаёллари узоқ-узоқларга олиб кетганини сезиб ўтираман.

– Худойим, яратганингга шукр, – дейди астагина. Алижон ёрдамида ўнг томонга ёнбошлаб олгач, гап бошлайди: – Худойим: “Кимки қазойимга рози бўлмаса, юборган балоларимга сабр қилмаса, неъматларимга шукр қилиб имон келтирмаса, ундай нобакор кимса мен яратган осмонимдан чиқиб, мендан ўзга худосини топсин!” деган. Шундан кейин ҳам Оллоҳи Каримнинг қудратига ширк келтириб бўладими? У зотнинг меҳрибонлигига ишонмай бўладими?

Хонага сукунат чўкади, сукунат узоқ давом этади. Сукут – ризо аломати. Ризо аломати қандай шаклда бўлади? Билмайман. У сўроқ ёки ундов белгисига ўхшайдими, балки нуқтага ўхшар? Буниям билмайман, лекин бир нарсани аниқ ҳис этаманки, шу тобда Тўра аканинг бутун борлиғи айнан РИЗО АЛОМАТИни ифодалар эди: покиза дин-диёнати, кумушдек сочлари, суякка қадалиб қолган қаҳрабо терилари, ҳамон асл қиёфасини йўқотмаган забардаст кафти, бармоқлари, синчков боқадиган кўзлари, ўткир зеҳн-заковати… Қўллари кўпроқ диққатимни тортади. Билаклари қоқсуяк бўлиб қолган, лекин панжа бошланадиган бўғинидан кейинги қўл ҳолати худди соғлом пайтидаги каби забардаст. Тўра акани бир умр мана шу қўллари боқди, нималарга эришган бўлса, мана шу қўллари туфайли эришди. Бу қўллар чарчоқ нималигини билмади, ҳордиқ чиқариш нималигини билмади, ҳатто Тошкентдаги сиҳатгоҳларда муолажа олиб ётган пайтларида ҳам қўлларига дам бермасдан эски сумкасини тўлдириб ўзи билан олиб юрадиган қўлёзмаларини тугатиш, қайта ёзиш, кўчириш билан, тун бўйи янги ва янги асарлар қораламаси билан машғул бўларди. Хонасида қоралаб қўйилган қоғозлар доим сочилиб ётарди. Бир куни таниқли санъаткор Ҳожибой Тожибоев Тўра акани йўқлаб борибди ва сочилиб ётган қоғозларни кўриб: “Отахон, тинмасдан ишлар экансиз, биз бемаврид келиб халақит бермадикми, ишқилиб”, деган экан узр-маъзур сўраб. Ҳожибой дўстимизнинг ўша гапини эслаб кейинчалик Тўра ака: “Ҳожибой зиёли йигит экан, у ёзув-чизувнинг қадрини билар экан. Агар унинг ўрнида бошқа бир тўқимтабиат одам бўлганида, бу чол ивирсиб яшар экан, ҳатто ўзи ётиб-турадиган хонасини ҳам тартибга келтириб қўймас экан, деб маломат қилган бўларди”, дейди ёр-дўстларига. Яна: “Менинг бир жойга боришим жуда қийин, қайга борсам, лўлига ўхшаб кўч-кўронимни кўтариб юришим керак”, дерди такрор-такрор. Дарҳақиқат, бултур “Қоратой” лақабли Шамсиддин укахонимизга “оқ тулпор”нинг (ГАЗ-31) жиловини тутқазиб, уч-тўрт кун Фарғонани зиёрат қилгани борганимизда ҳам юкхонаю машинанинг орқа ўриндиқларини қўлёзма солинган сумкалар билан тўлдириб олган эди. “Тўра ака, нима бало, Қўқон хонлигидан сиёсий бошпана сўрагани кетяпсизми?” деб аския қилган эдим. “Э, Набижон, шунақа ярамас одатим бор, агар кўчимни ўзим билан олиб юрмасам, сафар ҳам, саёҳат ҳам татимайди. Бир жойга бориб бошим энди ёстиққа теккан пайтда тўсатдан хаёлимга бир гап келиб қолади ёки чала қолган шеърларимними, мақоламними бир жойини тузатишим, тўғрилашим кераклигини туйқус англаб қоламан… Ана, ундан кейин кетига тухуми қисилган товуққа ўхшаб зир-зир югуришимни томоша қилаверинг!” деб ўзининг “товуқ”қа ўхшаган ҳолатини кўз олдига келтириб, мароқ билан кулади. Тўра ака кам куларди, лекин кулиб қолса мароқ билан куларди. “Вой, иплос-эй, вой иплос-эй!” деб силкиниб-силкиниб куларди. Энди билсам, Тўра ака ўшанда водий билан видолашиб қайтган экан.

Ҳа, Тўра ака қўлларига бир умр тинчлик бермади, қўллари фақат меҳнат учун яратилган эди. Янглишмасам, машҳур рус ёзувчиси Максим Горкий ҳам бутун дунёнинг БУТУН ёзувчиси Лев Толстойга бағишланган мақоласида “бўйи баробар китоб ёзган” алломанинг сертомир қўлларига алоҳида эътибор берган эди. Адиб бу билан ҚЎЛ меҳнатини назарда тутган бўлса ажаб эмас. Боя Тўра акани мана шу қўллари бир умр боқди, нималарга эришган бўлса, мана шу қўллари туфайли эришди, деганимда ҳалол меҳнатни, пешона тери билан топилган ноз-неъматларни назарда тутган эдим. Кўпни кўрган, аллақачон ўзини босиб олган, умр бўйи ер-сув билан тиллашган Абдураҳим ака жаноза куни Тўра Сулаймоннинг фарзандларига: “Бошларингни баланд кўтариб туринглар, бошларингни баланд кўтариб юринглар, чунки оталаринг сизларнинг бошларингни эгадиган ҳеч қандай ножўя иш қилгани йўқ, у ҳалол яшади, ҳалол меҳнат қилди, илойим, жойи жаннатда бўлсин!” деган эди. Бу Тўра акани яқиндан билган кўпчиликнинг кўнглидаги гап эди. Агар Тўра Сулаймонга ҳайкал қўйиладиган бўлса, унинг ҚЎЛЛАРИГА ҳайкал қўйиш керак. Бу қўллар ҳалоллик тимсоли бўлади, ҳалол меҳнат тимсоли бўлади. “Мен ҳалол яшашга ҳаракат қилдим, аммо ҳалол яшаш жуда қийин, ҳалол яшаш нечоғлик мушкул иш эканини фақат узоқ умр кўрган инсонларгина жуда яхши билади”, деган эди Нобел мукофотига сазовор бўлиб, 63 йил умр кўрган Эрнест Хемингуэй. Энди-энди англаяпманки, 40-50 йил яшаган кишилар ҳам ҳалол яшаш қанчалик қийин эканини тўлиқ билмайди, буни билиш учун камида 60 йил умр кўриш керак.

Тўра ака вафот этган кунларда ўзи ҳам оғир бетоб бўлган ва орадан кўп ўтмасдан бандаликни бажо келтирган устоз Озод Шарафиддинов бундай деган эди: “Тўра Сулаймон ҳақида фақат яхши гапларни айтиш мумкин. У ҳеч қачон катта мансабларга, юқори мавқеларга интилган эмас. Гарчи ўзининг ижоди билан марказда туриб ижод қилаётган кўп шоирлар билан тенг турса ҳам, марказга бораман деган эмас, бутун умри вилоятда ўтди. Бутун умри шу вилоятда, одамлар ичида, далаларда, пахта майдонларида, пахта хирмонларида ўтди. У одамларнинг қалбини жуда яхши биларди. Ўзи гарчи ёзма адабиётнинг вакили бўлса ҳам, ижодининг мазмунига кўра халқ ижодига, халқ бахшиларига яқин турарди. Шунинг учун унинг ижодида халқчиллик кучли эди. Тўра ака бизга жуда керак одам эди. Бизнинг ҳаётимиз учун зарур бўлган одам эди, мафкурамиз учун зарур бўлган одам эди. Афсус! Тўра Сулаймон ҳам жуда бевақт кетди. Унинг хотираси қалбимизда узоқ яшайди”.

Надомат билан эътироф этмоқ лозимки, устоз Озод Шарафиддинов ҳам бизнинг ҳаётимиз учун зарур бўлган одам эди, мафкурамиз учун зарур бўлган одам эди, афсуски, бевақт оламдан ўтди. Начора, Худо раҳмат қилсин, яратган эгам юборган қазои муҳаққаққа кўникмасдан иложимиз йўқ.

Атоқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул: “Аслини олганда, шоирнинг ҳақиқий умри ўлганидан кейин бошланади, агар ундан одамларга наф келтирадиган, “ишлайдиган” мерос қолган бўлса, шоир ҳеч қачон ўлмайди, минг-минглаб китобхонлар қалбида яшайверади. Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Тўра Сулаймон, Аъзам Ўктам каби ижодкорлар, илло, ўлмайдиган шоирлар сирасига киради”, деган эди.

Мана, қаранг-а, Тўра Сулаймон нима дейди:

Меҳру шафоат бор, шафқат бор ерда,
Ҳалоллик бор ерда, ҳаром хор ерда,
Барча бирдай ерда, баробар ерда
Бадномларга ардоқ – омон қайдадир!

Наҳотки, мана шундай ёниқ сатрлар, олов сатрлар инсон хотирасидан ўчиб, ўлиб кетса! Асло ундай бўлмайди, демакки, Ҳақ деб яшаб ўтган шоирнинг умри ҳам Ҳақ ва ҳақиқат каби узун бўлгай.

Алдагани бола яхши, дейдилар. Ёш боладек беғубор шоирни ҳаёти давомида кимдир билиб-билмасдан, кимдир сурункали алдаган бўлиши мумкин. Хўш, нима бўпти? Бундоқ ўйлаб кўрилса, алдовни касб қилиб олган муртаднинг ўзи алал-оқибат алданиб қолмадими? Уйқусида қўрқинчли туш кўриб, сапчиб туриб кетадиган кимсанинг алдов билан орттирилган бойликлари жонига ора кирадими? У кексайган чоғида беш-ўн дақиқа пинакка кетиб, роҳатлана оладими?..

Майли, уёғининг ажрини охиратда биламиз. Яратган эгамга беадад шукрлар бўлсинки, айрим кимсаларнинг хунук башарасига, ялтоқи башарасига охиратда ҳам дучор бўлишдан бизни Ўзи асрагай.

Тўра Сулаймоннинг сўнгги шеърларидан биттаси мана бу экан, уни ҳаёт чоғида ҳеч кимга кўрсатмаган, ота вафот этгач, ёстиғининг остидан фарзандлари топиб олади:

Охиратга қолди дийдорлашувлар,
Энди Сизлар билан видолашурман.
Кунба-кун довондан довон ошурман,
Бу ёруғ оламдан узоқлашурман,
Ҳақнинг диёдорига яқинлашурман,
Ўзим билан ўзим жон талашурман.
Кун сайин кексалик эзиб боради,
Кўнгил неларнидир сезиб боради,
Жон қуши қафасдан безиб боради…

Тўра ака ўлимни муносиб кутиб олади, ўлимга хотиржам тайёргарлик кўради, фарзандларидан рози-ризочилик сўрайди, васиятларини айтади. 1949 йили отаси дафн этилган Сайҳунободдаги эски қабристонга ўғилларини олиб боради. “Отам ёлғиз ётибди, мени ҳам ёнига қўясизлар”, деб васият қилади. Ота васияти адо этилди.

Чин мусулмон Оллоҳи Каримнинг ҳузурига қайтишдан, ўлимдан қўрқмайди. Чунки у боқий ҳаёт энди бошланажагини билади, охиратга имон келтириб яшайди. Тириклик – синов, синовдан мардонавор ўтган зотлар ёруғ юз билан мангу даргоҳга боргай.

Мангу сафарингиз бехатар бўлсин, охиратингиз обод бўлсин, Тўра ака!

Манба: “Адолат кўзгуси” газетаси 2005 йил 2-8 декабрь сонлари

 

021

Nabijon BOQIY
BOLALIKDAN BOLALIKKA QAYTGAN SHOIR
To’ra Sulaymon haqida so’z
076

045Aldagani bola yaxshi, deydilar. Ayrim murtad kimsalar umr bo’yi kimlarnidir aldab yashaydi; aldab tirikchilik qiladi, aldab bolalarini boqadi, yoru birodarlarni aldaydi, oxir-oqibat yolg’onchi dunyodan chin dunyoga rixlat qiladi va birdan Haq bilan, haqiqat bilan yuzma-yuz keladiyu peshonasiga shap etkazib urib attang qiladi, pushaymonlar qiladi, yum-yum yig’laydi, kechirgan hayoti ilk savol-javob paytidayoq burnidan buloq bo’lib chiqadi.

– Dodxoh, Abdurauf Olimovning raqqosasiga o’xshab hadeb qiypanglayvermasdan to’g’ri turing! – deb ogohlantiradi farishta Munkar. – Rostini ayting, Hasan Kayfiyni nega aldagansiz? Uni eshshakdek ishlatib haqqini berganmisiz-yo’qmi?
– Xuddi shunday, o’rtoq general! – deb javob qaytaradi dodxoh tovonlarini bir-biriga urishtirib. – Ana, tepamda Xudo turibdi, hammasini ustav bo’yicha qilganman.
– Men sizga o’rtoq ham, general ham emasman… Qasamxo’r ekansiz! Endi siz bilan boshqacha gaplashamiz… – deb zil-zambil gurzisini ko’tarib turgan Nakirga ko’z qirini tashlab qo’yadi.

Nakir dodxohning boshiga gurzi bilan chunonam soladiki, shayton malayi tizzasigacha yerga botib ketadi.
– Axir, tergov paytida gumondorni qiynoqqa solish, unga nisbatan kuch ishlatish mumkin emas, bu Jinoyat-protsessual kodeksiga zid keladigan jinoyat sifatida klassifikatsiya qilinadi. Hali ustingizdan prokurorga shikoyat qilaman! – deydi dodxoh voyvoylab.
– Sizni hech kim qiynoqqa solayotgani yo’q, dodxoh. Qiynoq Qiyomatda boshlanadi, – deydi Munkar pinagini buzmasdan. – Qanday qilib serjant Sulaymonovning ishonchini qozonib, laqillatib yurgansiz?

– O’lay agar! – deb dodxoh diydiyosini boshlagan zahoti boshiga yana bir marta gurzi tushadiyu yelkasigacha yerga botib ketadi. – Voy-dod! Grajdanlar, yordam bering, yordam bering! – deb ayyuhannos soladi “Shirk” shirkatining sobiq raisi.
– Xudoning qudratiga munkirmisan? – deb dangal savol beradi Nakir.
– Tushunmadim, – deydi dodxoh ko’zlarini pirpiratib.
– Foniy dunyoda Xudoning qudratini inkor etding, tan olmading. Hozir ham munkirmisan, deyapman, oshqovoq!
– Serjant Sulaymonov bilan ham, Hasan Kayfiy bilan ham yuzlashtirishingizni talab qilaman! – deb bo’kirib yuboradi dodxoh. – Advokatim qani?

Nakir kaftlariga tuflab, gurzisini boshi uzra azot ko’taradiyu:
– Poshyol tiy, suvka! – deb yana tag’in urishga chog’lanadi.

Dodxoh dod solib ustiga yopilgan ko’rpani tepib-tepib yumshoq oromgohdan yiqilib tushadi; u qora terga botib uyg’onadi. Burchakda dir-dir titrab sham ko’tarib turgan kampiridan muzdek suv keltirishini so’raydi…

– Qalay, To’ra aka, zo’rmi? – deyman xayoliy hikoyadan zavqlanib. – Kamina yozda kolumbiyalik mashhur yozuvchi, Nobel mukofoti sovrindori Garsia Markesning “Polkovnikka xat bormi?” nomli qissasini o’zbek tiliga tarjima qildim. Nashriyotga topshirdim. Unda shirin-shirin yolg’onlarga aldanib yashayotgan Polkovnik obrazi nihoyatda ishonarli tasvirlangan. Bundan tashqari, kattalarning soyasiga salom beradigan Shirintoy laqabli hezalak, orqavarotdan ham mansabu mansabdorlarni himoya qilib, oldiga tashlangan suyakni yalab-yulqab mayin kekirib yuradi. Muhoraba chog’ida jonini jabborga bergan fidokor zot esa xor-zorlikda hayot kechiradi: u aldov nimaligini bilmaydi, odamlarni aldash mumkinligini xayoliga ham keltirmaydi. Dodxoh yosh boladek soddadil, yosh boladek ishonuvchan.

Albatta, qissa qahramoni boshqa odam, qo’rqinchli tush ko’rib uyg’onib ketadigan dodxoh esa mutlaqo boshqa bir toifaga mansub. U aldamchi dunyoning vakili hisoblanadi.

Yoz oylari To’ra akani yo’qlab Gulistonga borgan paytimda, odatdagidek:
– Nima ish qilyapsiz? – deb so’radi xastakor tovushda.
– Garsia Markesning kuni menga qopti, bitta qissasini tarjima qilib, randalab yotibman, – deb asar mazmunini o’zimcha “boyitib” gapirib berdim.

To’ra aka miyig’ida kulib yotib, antak-tentak gaplarimni maroq bilan eshitdi.
– Markesning hamma asarlarini rus tilida o’qiganman, — dedi oxiri. – Balo, balo…
– E, men sizni o’qimagan deb aravani quruq opqochdim-ku, – dedim kulib. – To’ra aka, sizni har qanday bekorchixo’ja laqillatishi mumkin. To’g’rimi? Markesning qahramoniga o’xshaysiz.
– Nega unday deyapsiz?
– O’zim shunchaki… Bekorchilikdan siz bilan hangama qilay dedim-da.

O’shanda To’ra aka jiddiy betob edi: o’g’il-qizlaridan rozi-rizochilik so’ragan, vasiyat qilgan, endi Toshkentdagi yor-birodarlarini sog’inib, bir-bir eslar edi.
– Yoqubjon yaxshimi, sog’ligi joyidami, tushimga kiribdi… Asqardi ishlari qalay? Iqbol yuribdimi? Nurali nima qilyapti? Yaqin orada Tursunboydi ko’rmadingizmi?.. Falonchi bilan munosabatingiz qanday?..

Yangierga ketaverishda o’ng tarafda dala-tuz qo’ynida joylashgan so’limgina sihatgohda bamaylixotir suhbatlashib o’tirardik. Yozning chillasi zabtiga olgan, dov-daraxtlarga qo’nib o’tirgan qushlar hansirab nafas olardi. Derazadan olislarga tikilsangiz, sarob jivir-jivir qilardi…

To’ra aka barcha savollariga javob olgach o’yga toladi, men xalaqit bermayman, gazeta varaqlab o’tiraman. Nazarimda, qavat-qavat yostiqlarga suyanib o’tirgan To’ra aka pinakka ketgandek tuyuladi. Kecha-kunduz tepasida parvona bo’lib, bemorga qarab yotgan Alijondan:
– Hamidjon qachon keladi? – deb so’rayman past tovushda.

Alijon javob qaytarishga ulgurmasdan:
– Ha, Ravshan yaqinda ellikka kirdi, men bordim, shaftolixo’rlik qildik. Lekin, Ravshan go’zal yigit-da, ko’z tegmasin! Gulday oilasi bor, farzandlari biram odobliki, havasing keladi! Endi uning qilayotgan ishlarini asti so’ramang! Faylasuf-dehqon universitetning birinchi prorektori, lekin farzandlari kontrakt asosida o’qiydi! Shu zamonda to’g’ri turib, to’g’ri yashayotgan ikkita odam bo’lsa, bittasi – Ravshan, bitta bo’lsa – o’sha ham Ravshan! Hademay Hamid kepqoladi, kechga tomon Ravshandi uyiga borib kelinglar, xursand bo’ladi.
– Bo’pti, – dedim. – Lekin ellikka kirganini eshitmagan ekanman.
– O’ziyam ko’pchilikka bildirgani yo’q, – dedi To’ra aka. – Agar uning o’rnida boshqa odam bo’lganida bormi, karnay chalib butun O’zbekistonga ovoza qilib yuborardi.

To’ra aka yana pinakka ketdi. Besh-o’n daqiqalik qush uqusi – dunyodagi eng shirin uyqu hisoblanadi. Akademik G’afur G’ulom: “Chollar uyqusida rohat-farog’at”, deb bekorga yozmagan. U tom ma’nodagi xalq akademigi edi, xalqning yetmish ikki tomiri qanday urayotganini yaxshi bilardi. Afsuski… Mayli, hozir “afsus” qilmayman – bu boshqa mavzu.
To’ra aka ko’zlarini ochib, ro’parasidagi bir nuqtaga tikiladi, xayollari uzoq-uzoqlarga olib ketganini sezib o’tiraman.

– Xudoyim, yaratganingga shukr, – deydi astagina. Alijon yordamida o’ng tomonga yonboshlab olgach, gap boshlaydi: – Xudoyim: “Kimki qazoyimga rozi bo’lmasa, yuborgan balolarimga sabr qilmasa, ne’matlarimga shukr qilib imon keltirmasa, unday nobakor kimsa men yaratgan osmonimdan chiqib, mendan o’zga xudosini topsin!” degan. Shundan keyin ham Ollohi Karimning qudratiga shirk keltirib bo’ladimi? U zotning mehribonligiga ishonmay bo’ladimi?

Xonaga sukunat cho’kadi, sukunat uzoq davom etadi. Sukut – rizo alomati. Rizo alomati qanday shaklda bo’ladi? Bilmayman. U so’roq yoki undov belgisiga o’xshaydimi, balki nuqtaga o’xshar? Buniyam bilmayman, lekin bir narsani aniq his etamanki, shu tobda To’ra akaning butun borlig’i aynan RIZO ALOMATIni ifodalar edi: pokiza din-diyonati, kumushdek sochlari, suyakka qadalib qolgan qahrabo terilari, hamon asl qiyofasini yo’qotmagan zabardast kafti, barmoqlari, sinchkov boqadigan ko’zlari, o’tkir zehn-zakovati… Qo’llari ko’proq diqqatimni tortadi. Bilaklari qoqsuyak bo’lib qolgan, lekin panja boshlanadigan bo’g’inidan keyingi qo’l holati xuddi sog’lom paytidagi kabi zabardast. To’ra akani bir umr mana shu qo’llari boqdi, nimalarga erishgan bo’lsa, mana shu qo’llari tufayli erishdi. Bu qo’llar charchoq nimaligini bilmadi, hordiq chiqarish nimaligini bilmadi, hatto Toshkentdagi sihatgohlarda muolaja olib yotgan paytlarida ham qo’llariga dam bermasdan eski sumkasini to’ldirib o’zi bilan olib yuradigan qo’lyozmalarini tugatish, qayta yozish, ko’chirish bilan, tun bo’yi yangi va yangi asarlar qoralamasi bilan mashg’ul bo’lardi. Xonasida qoralab qo’yilgan qog’ozlar doim sochilib yotardi. Bir kuni taniqli san’atkor Hojiboy Tojiboev To’ra akani yo’qlab boribdi va sochilib yotgan qog’ozlarni ko’rib: “Otaxon, tinmasdan ishlar ekansiz, biz bemavrid kelib xalaqit bermadikmi, ishqilib”, degan ekan uzr-ma’zur so’rab. Hojiboy do’stimizning o’sha gapini eslab keyinchalik To’ra aka: “Hojiboy ziyoli yigit ekan, u yozuv-chizuvning qadrini bilar ekan. Agar uning o’rnida boshqa bir to’qimtabiat odam bo’lganida, bu chol ivirsib yashar ekan, hatto o’zi yotib-turadigan xonasini ham tartibga keltirib qo’ymas ekan, deb malomat qilgan bo’lardi”, deydi yor-do’stlariga. Yana: “Mening bir joyga borishim juda qiyin, qayga borsam, lo’liga o’xshab ko’ch-ko’ronimni ko’tarib yurishim kerak”, derdi takror-takror. Darhaqiqat, bultur “Qoratoy” laqabli Shamsiddin ukaxonimizga “oq tulpor”ning (GAZ-31) jilovini tutqazib, uch-to’rt kun Farg’onani ziyorat qilgani borganimizda ham yukxonayu mashinaning orqa o’rindiqlarini qo’lyozma solingan sumkalar bilan to’ldirib olgan edi. “To’ra aka, nima balo, Qo’qon xonligidan siyosiy boshpana so’ragani ketyapsizmi?” deb askiya qilgan edim. “E, Nabijon, shunaqa yaramas odatim bor, agar ko’chimni o’zim bilan olib yurmasam, safar ham, sayohat ham tatimaydi. Bir joyga borib boshim endi yostiqqa tekkan paytda to’satdan xayolimga bir gap kelib qoladi yoki chala qolgan she’rlarimnimi, maqolamnimi bir joyini tuzatishim, to’g’rilashim kerakligini tuyqus anglab qolaman… Ana, undan keyin ketiga tuxumi qisilgan tovuqqa o’xshab zir-zir yugurishimni tomosha qilavering!” deb o’zining “tovuq”qa o’xshagan holatini ko’z oldiga keltirib, maroq bilan kuladi. To’ra aka kam kulardi, lekin kulib qolsa maroq bilan kulardi. “Voy, iplos-ey, voy iplos-ey!” deb silkinib-silkinib kulardi. Endi bilsam, To’ra aka o’shanda vodiy bilan vidolashib qaytgan ekan.

Ha, To’ra aka qo’llariga bir umr tinchlik bermadi, qo’llari faqat mehnat uchun yaratilgan edi. Yanglishmasam, mashhur rus yozuvchisi Maksim Gorkiy ham butun dunyoning BUTUN yozuvchisi Lev Tolstoyga bag’ishlangan maqolasida “bo’yi barobar kitob yozgan” allomaning sertomir qo’llariga alohida e’tibor bergan edi. Adib bu bilan QO’L mehnatini nazarda tutgan bo’lsa ajab emas. Boya To’ra akani mana shu qo’llari bir umr boqdi, nimalarga erishgan bo’lsa, mana shu qo’llari tufayli erishdi, deganimda halol mehnatni, peshona teri bilan topilgan noz-ne’matlarni nazarda tutgan edim. Ko’pni ko’rgan, allaqachon o’zini bosib olgan, umr bo’yi yer-suv bilan tillashgan Abdurahim aka janoza kuni To’ra Sulaymonning farzandlariga: “Boshlaringni baland ko’tarib turinglar, boshlaringni baland ko’tarib yuringlar, chunki otalaring sizlarning boshlaringni egadigan hech qanday nojo’ya ish qilgani yo’q, u halol yashadi, halol mehnat qildi, iloyim, joyi jannatda bo’lsin!” degan edi. Bu To’ra akani yaqindan bilgan ko’pchilikning ko’nglidagi gap edi. Agar To’ra Sulaymonga haykal qo’yiladigan bo’lsa, uning QO’LLARIGA haykal qo’yish kerak. Bu qo’llar halollik timsoli bo’ladi, halol mehnat timsoli bo’ladi. “Men halol yashashga harakat qildim, ammo halol yashash juda qiyin, halol yashash nechog’lik mushkul ish ekanini faqat uzoq umr ko’rgan insonlargina juda yaxshi biladi”, degan edi Nobel mukofotiga sazovor bo’lib, 63 yil umr ko’rgan Ernest Heminguey. Endi-endi anglayapmanki, 40-50 yil yashagan kishilar ham halol yashash qanchalik qiyin ekanini to’liq bilmaydi, buni bilish uchun kamida 60 yil umr ko’rish kerak.

To’ra aka vafot etgan kunlarda o’zi ham og’ir betob bo’lgan va oradan ko’p o’tmasdan bandalikni bajo keltirgan ustoz Ozod Sharafiddinov bunday degan edi: “To’ra Sulaymon haqida faqat yaxshi gaplarni aytish mumkin. U hech qachon katta mansablarga, yuqori mavqelarga intilgan emas. Garchi o’zining ijodi bilan markazda turib ijod qilayotgan ko’p shoirlar bilan teng tursa ham, markazga boraman degan emas, butun umri viloyatda o’tdi. Butun umri shu viloyatda, odamlar ichida, dalalarda, paxta maydonlarida, paxta xirmonlarida o’tdi. U odamlarning qalbini juda yaxshi bilardi. O’zi garchi yozma adabiyotning vakili bo’lsa ham, ijodining mazmuniga ko’ra xalq ijodiga, xalq baxshilariga yaqin turardi. Shuning uchun uning ijodida xalqchillik kuchli edi. To’ra aka bizga juda kerak odam edi. Bizning hayotimiz uchun zarur bo’lgan odam edi, mafkuramiz uchun zarur bo’lgan odam edi. Afsus! To’ra Sulaymon ham juda bevaqt ketdi. Uning xotirasi qalbimizda uzoq yashaydi”.

Nadomat bilan e’tirof etmoq lozimki, ustoz Ozod Sharafiddinov ham bizning hayotimiz uchun zarur bo’lgan odam edi, mafkuramiz uchun zarur bo’lgan odam edi, afsuski, bevaqt olamdan o’tdi. Nachora, Xudo rahmat qilsin, yaratgan egam yuborgan qazoi muhaqqaqqa ko’nikmasdan ilojimiz yo’q.

Atoqli adabiyotshunos olim Ibrohim Haqqul: “Aslini olganda, shoirning haqiqiy umri o’lganidan keyin boshlanadi, agar undan odamlarga naf keltiradigan, “ishlaydigan” meros qolgan bo’lsa, shoir hech qachon o’lmaydi, ming-minglab kitobxonlar qalbida yashayveradi. Rauf Parfi, Shavkat Rahmon, To’ra Sulaymon, A’zam O’ktam kabi ijodkorlar, illo, o’lmaydigan shoirlar sirasiga kiradi”, degan edi.

Mana, qarang-a, To’ra Sulaymon nima deydi:

Mehru shafoat bor, shafqat bor yerda,
Halollik bor yerda, harom xor yerda,
Barcha birday yerda, barobar yerda
Badnomlarga ardoq – omon qaydadir!

Nahotki, mana shunday yoniq satrlar, olov satrlar inson xotirasidan o’chib, o’lib ketsa! Aslo unday bo’lmaydi, demakki, Haq deb yashab o’tgan shoirning umri ham Haq va haqiqat kabi uzun bo’lgay.

Aldagani bola yaxshi, deydilar. Yosh boladek beg’ubor shoirni hayoti davomida kimdir bilib-bilmasdan, kimdir surunkali aldagan bo’lishi mumkin. Xo’sh, nima bo’pti? Bundoq o’ylab ko’rilsa, aldovni kasb qilib olgan murtadning o’zi alal-oqibat aldanib qolmadimi? Uyqusida qo’rqinchli tush ko’rib, sapchib turib ketadigan kimsaning aldov bilan orttirilgan boyliklari joniga ora kiradimi? U keksaygan chog’ida besh-o’n daqiqa pinakka ketib, rohatlana oladimi?..

Mayli, uyog’ining ajrini oxiratda bilamiz. Yaratgan egamga beadad shukrlar bo’lsinki, ayrim kimsalarning xunuk basharasiga, yaltoqi basharasiga oxiratda ham duchor bo’lishdan bizni O’zi asragay.

To’ra Sulaymonning so’nggi she’rlaridan bittasi mana bu ekan, uni hayot chog’ida hech kimga ko’rsatmagan, ota vafot etgach, yostig’ining ostidan farzandlari topib oladi:

Oxiratga qoldi diydorlashuvlar,
Endi Sizlar bilan vidolashurman.
Kunba-kun dovondan dovon oshurman,
Bu yorug’ olamdan uzoqlashurman,
Haqning diyodoriga yaqinlashurman,
O’zim bilan o’zim jon talashurman.
Kun sayin keksalik ezib boradi,
Ko’ngil nelarnidir sezib boradi,
Jon qushi qafasdan bezib boradi…

To’ra aka o’limni munosib kutib oladi, o’limga xotirjam tayyorgarlik ko’radi, farzandlaridan rozi-rizochilik so’raydi, vasiyatlarini aytadi. 1949 yili otasi dafn etilgan Sayhunoboddagi eski qabristonga o’g’illarini olib boradi. “Otam yolg’iz yotibdi, meni ham yoniga qo’yasizlar”, deb vasiyat qiladi. Ota vasiyati ado etildi.

Chin musulmon Ollohi Karimning huzuriga qaytishdan, o’limdan qo’rqmaydi. Chunki u boqiy hayot endi boshlanajagini biladi, oxiratga imon keltirib yashaydi. Tiriklik – sinov, sinovdan mardonavor o’tgan zotlar yorug’ yuz bilan mangu dargohga borgay.

Mangu safaringiz bexatar bo’lsin, oxiratingiz obod bo’lsin, To’ra aka!

Manba: “Adolat ko’zgusi” gazetasi 2005 yil 2-8 dekabr` sonlari

021

(Tashriflar: umumiy 299, bugungi 1)

Izoh qoldiring