Nazar Shukur. She’rlar & Shoir haqida ikki xotira & Nazar Shukurga bag’ishlangan «Unutilmas siymolar» teledasturi

Ashampoo_Snap_2017.05.11_21h58m38s_002_a.png 11 март — Шоир Назар Шукур  таваллуд топган кун

   Назар Шукур билан Алишер Навоий кўчасидаги Матбуот уйида танишганман. Мен «Ёш гвардия», у эса «Ўзбекистон» нашриётида ишларди.Бизни ишхонадаги ҳамхонам беқиёс шоир Муҳаммад Раҳмон таништиргани эсимда. Айни ўша йиллари Назарни ҳам инсон, ҳам шоир сифатида яқиндан билиб олганман. Ҳар учрашганда унинг қиёфасида беғубор қалб эгаси, кўзлари ҳамиша кулиб турадиган, ортиқча бир гап айтмайдиган, камтар ва ўйчан инсонни кўрган бўлсам, шеърларида бағоят туғёнли юрак эҳтирослари жўш урганини, унинг сиртдан сокин табиати катта жунбушларни яратишга қодир эканини сезганман.

Афсуски, Назар Шукурнинг бевақт ўлими ўзбек адабиётини шеъриятда улкан мерос қолдиришга қодир шоирдан айирди.

Тирик бўлганида Назар шу кунларда 60 ёшга тўларди,шоир ўғлонларини беҳад қадрлайдиган она диёри — Қашқадарёда унинг қутлуғ тўйлари ўтказиларди, елкасига чапонлар ёпиларди, мактабларда ўтказиладиган учрашувларда шеърсевар, адабиётсевар қизалоқлар шоирни гулдасталар билан кўмиб ташлашарди.

Менинг яна бир ишончим бор: бугун ҳам мамлакатимизнинг олис-яқин қишлоқларида унинг шеърларини шивирлаб ўқиётган, кўнглида «Тошкентга ўқишга бораман, ана ўшанда Назар Шукурни, албатта, кўраман» деган орзулар билан ёнган йигитчалару қизалоқлар борлигига ишонаман. Зеро, токи шеърлари ўқиларкан, шоир тирикдир. Мен ҳозир ҳам кўзларимни юмиб, Назар Шукурни кулиб турган юзини кўраман ва сирли бир хилқатдан унинг шеър ўқиётган овозини эшитаман.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

 

Назар ШУКУР
ШЕЪРЛАР
011

   Назар Шукур 1954 йилда Чироқчи туманидаги Наврўз қишлоғида туғилган. ТошДУнинг география факультетини тамомлаган (1979). «Кўкдаги умр» (1984), «Кишлоқ йўлларида» (1985), «Вақт хиёбонида» (1992), «Мени кечир, муҳаббат» (2004), «Видо» (2005), «Сен қайтмасанг…» (Сайланма, 2006) шеърий китоблари нашр этилган. 1985 йил 14 майда Тошкент шаҳрида автомобил ҳалокатидан вафот этган.

011

* * *

Юрак осмонида азоб найсони,de2c78b8480906340eaea621dc57ce1e.jpg
Тўсади нурларни — севинчлар йўлин.
Бўғзига тиқилар Ҳарорат жони,
Беғубор Чексизлик кўтарар қўлин.

Юрак ҳам бўғилар етмай нафаси,
Туманлар ортида инграйди сурур.
Тинади юзларда кулгулар саси,
Изтироб — изғирин тўкади ғурур.

Совуқ сўз!..
Вужудни — юрак оламин,
Қаҳратон қаҳридай қўйди совутиб.
…Севинчлар йўлини очади секин,
Музлаган кўнгилни кимдир овутиб.
Нурлардан ёришгай юрак осмони!..

* * *

Кетаяпман. Ой қалқиб оқар,
Ой ютгандай ёришар бағрим.
Чироқларнинг таралган тилла –
Сочларига кўмилар шаҳрим.

Шаҳар узра, қўнолмай Кеча,
Учиб юрар, осмонда қушдай.
Вужуди тош, қоп-қора кўча
Чўзилади энг узун тушдай.

Қувончларим, сал қўйинг ёлғиз,
Термулайин юксакка пича…
Бахт қушидай кенг қанот ёзиб,
Учиб юрар осмонда Кеча.

Дарахтлар ҳам кўринмас юпун,
Сарғайса-да барглар — кийими.
Бугун ҳаёт нақадар ширин,
Келди экан ҳаётнинг кими?

ТАНАЗЗУЛ

Сен мени билмаган бир метин қўрғон,
Ғиштим кўчиб тушган, ўтлар — ёлларим.
Унут бир мақбардай тополмадим шон,
Қарагин, чилпарчин бор сополларим.

Бут жойим қолмаган, дарзларим бисёр,
Йўқотдим такаббур қилиқларимни.
Гар билсанг ўзингни менга чин дўст, ёр,
Сен ердан териб ол синиқларимни.

СОМОН ЙЎЛИ

Сомон йўли. Босилмайди бу йўлнинг чанги,
Ухламайди ўтиб кетган карвонлар занги.

Киприкларим найзасига илинган осмон,
Шу тиғ билан ўртасидан тилинган осмон.

Юлдузлар-ку олов туёқ тевалар изи,
Кўзларимни очтирмайди чанглари тўзиб.

Юлдузларнинг ён-гирдида бўшлиқ ҳувуллар,
Ютмоқ бўлиб бу саҳрода бўри увуллар.

Киприкларим найзасида инграйди осмон,
Нақ устимга қуламоқчи чексизлик шу он.

Сомон йўли сурат янглиғ қоқилган кўкка,
Икки учи уфқларга санчилган тикка.

ШОИРНИ ТУШУН

Отилса ортидан таъналар тоши,
Хам бўлса иғводан, ғийбатдан боши,
Тўғон бўл, қуйилса кўзидан ёши,
Биродар, зил кетса, шоирни тушун!

Ўргатма сен унга заҳматсиз бир йўл,
Доим ўз йўлини ўзи топар ул,
Унга пулдорларнинг шафқати бир пул,
Бахти чил-чил кетса, шоирни тушун!

Сен тинмай яшайсан, бола-чақам деб,
Болам деб яшар у эл-юрт ғамин еб,
Ногаҳон ариса ҳаётидан зеб,
Шаробга дил кетса, шоирни тушун!

Ўтмас у бировнинг қўлига қараб,
Эл ҳақин ҳар жойда қилади талаб.
Сочига эрта оқ қолса оралаб,
Умридан йил кетса, шоирни тушун!

Бир кунда неча бор тирилар, ўлар,
Севинчдан йиғлар у, дард ила кулар,
Бир умр, бир умр ёнару куяр –
Бағрида кул кетса, шоирни тушун!

Севдими — қайтарма, йўлидан қолмас,
Берган бор пандингта у қулоқ солмас,
Ғўддайсанг, сени ҳам бир пулга олмас,
Қўл силтаб йўл кетса, шоирни тушун!

Истасанг йўлига чоҳ қил, чуқур қил,
Туширсанг, бир назар сол-да, шукур қил,
Қилмишинг олдида ўйла, фикр қил,
Орзуси тул кетса, шоирни тушун,
Армони мўл кетса, шоирни тушун!

* * *

Ҳувуллаб ётибди шундоқ орамиз,
Адирлар… бўшлиқлар… тоғлар ўртада.
Кўринмай йилларга ёндош борамиз,
Ёнма-ён борамиз ҳатто эртага.

Ён-верда беғубор ҳаётбахш ҳаво,
Биз бирга оламиз нафасни тўйиб.
Ҳар куни тепада шу қуёш, само,
Яшаймиз лутфида қувониб, куйиб.

Ҳамроҳмиз доимий дард, эзгуларга,
Қарагин, ҳаттоки бирдир дилимиз.
Узоқмиз
Ва лекин туну кунларга,
Бир лаҳза, бир вақтда тушар йўлимиз.


Баҳром Рўзимуҳаммад

ЛОЛАЛАРИ ЯЛ-ЯЛ ЁНГАН ЮРТ…
(Саёҳатномадан парчалар)

011

1

Ёввойи дашт, ёввойи дала
Жимлигидан увишар қонлар.
Қишда юрар бўрилар гала,
қўноқ этар ёзда чўпонлар.
Бунда ўсган ўт, гиёҳларни
Қуёш тарар, суғорар булут.
Англолмайсан — йўл, сўқмоқларни
Борар қайга равона бўлиб.

Назар Шукур

Ўтган асрнинг 80-йилларида, талабалик вақтларимизда адабиёт майдонига ёш жиҳатидан биздан сал каттароқ, услуби бошқаларникидан фарқланадиган шоирлар ташриф буюришди. Уларнинг битиклари қўлма-қўл ўтиб ўқилар, шахсиятларига нигоҳ қаратилар эди.

nazar-shukur-portreti.jpgУнча-бунча шеърни тан олмайдиган талабалар доирасига маъқул келганлардан бири забардаст шоир Назар Шукур бўлган. Унинг “Нишон аканинг этиги” сарлавҳали шеъри давраларда ёд ўқилганини то ҳануз эслайман.

“Кўкдаги умр” шеърлар тўплами ҳақида ҳозир ҳам гапирадилар. (Орадан ўттиз йил кечган бўлса-да).

Сўнг биз— ижодкор сифатида ҳали келажаги номаълум талабалар дорилфунунни тугатиб ҳар тарафга тарқаб кетдик. Айрим ўзига ишонганлари 1985 йил охирларида,1986 йил бошларида пойтахтга қайтиб келишди.

Афсуски, 85- йилнинг 14 май куни навқирон шоир, шахсияти гўзал инсон Назар Шукур автоҳалокат туфайли бу ёруғ оламни тарк этган экан. У Сергей Есениндан бир йил кўпроқ, Усмон Носирдан бир йил озроқ яшаган бу дунёда.

Аммо, истеъдоди бу иккала шоирникидан кам бўлмаган. Есенинчасига кўздан ёш оқизадиган самимият, усмончасига эркатойлик Назар Шукур шеъриятида муштараклик касб этган эди.

1995 йил ёзида мен “Ўқитувчи” нашриётининг педагогика ва психология адабиётлари таҳририятига ишга кирдим. Шу кезларда нашриётда ишлайдиган ёши улуғроқ кишилар Назар Шукур ҳақида ҳикоя қилиб беришарди.  ( У ҳам худди шу бўлимда фаолият кўрсатган экан). Баъзилари унинг туғилган юрти Чироқчининг поёнсиз қир-адирлари тўғрисида сўз очишарди. Шоирнинг дарвешлиги, вазминлиги, кўнгли тозалиги, оғринган пайтларида ҳам ҳамиша табассум қилиб туриши, беғубор муҳаббати суҳбатларга мавзу бўларди.

Кейинроқ унинг туғишган укаси ва шогирди Ўроз Ҳайдар билан танишдим. Адабиётга муносабатимиз яқинлиги, дунёқарашимиз уйғунлиги боис тезда дўстлашиб қолдик. Айниқса, унинг жаҳон адабиёти дурдона асарларини ўқиб бориши менга маъқул келган.

Хуллас, кўнглимда ўзим ихлос қўйган шоир Назар Шукур қабрини зиёрат қилиш истаги туғилди. Бу истак йил сайин катталашар, китобларини ўқиганим сайин қатъийлашар эди.

Кунлардан бир куни тиниқ кайфият билан “Кўкдаги умр” шеърий тўпламини яна бир бор астойдил ўқиб чиқдим.  Аввал англамаганим — руҳнинг ғаройиб товланишлари, инсон ва табиат ўртасидаги сирли-сеҳрли боғланишлар талқини ва ниҳоят, воқеликка, тоталитар давр воқелигига қарши исён туйғулари ифодалари мени қизиқтириб қўйди.

Тўғри,— дерди ичимдаги овоз, — Назар Шукурнинг шеърлари зоҳиран соддароқ тузилгандек. У мураккаб ташбеҳларни, абсурднамо усулларни қўлламаган.
Аммо, шеърлари бир ўқиб, тез тушуниладиган шеърлар эмас. Шеърида қўлланган ранг ичкарига тортиб кетадиган рангдир. Ушбу санадан ўттиз — қирқ йил муқаддам битилган шеърлар шу боис поэтик жиҳатдан эскирмаган.

Яна ўйлайман. Абадий навқирон шоир шеъриятининг сеҳрли қуввати шундан иборатми? Миямга келган илк фикр шу бўлдики, бу хилдаги тоза, шаффоф шоирлар кам.

Ёш ўттиз бешданми, қирқданми ошгач барибир шоирни тирикчилик дея аталган ком тинч қўймайди. Кимдир мансабга, кимдир ошна-оғайниларига илиниб совринлар сари интилади.

Яна биров соқол қўйиб, ё Ҳақ, дея ҳайқираркан, узлат йўлига кириб ғойиб бўлади. Ишқилиб, романтик ҳаёт интиҳо топади-да!
Фикр миямда гир айланди-да сўнг йитди.

Ушбу саёҳатномани ёзиш жараёнида Одил Ҳотамовнинг ўз шогирди, дўсти Назар Шукур ҳаёти ва ижодига бағишланган “Юксакдаги дарахт” китобини ўқиб чиқдим.

Муаллифнинг баён қилишича, Ўроз Ҳайдар акаси Назарни унга таништирган.

Илк танишув шу зайлда рўй беради: “Гап орасида қарасам, Назар қўлидаги папкани ҳеч қаерга қўймаяпти.
— Девнинг жони шу папканинг ичидами, дейман-а,— ҳазиллашдим.

Назар қизариб кетди.
— Нима десам экан… Ўроз айтгандир, ёзганларимни бир тўплам қилган эдим, агар вақтингиз бўлса…
Унинг қўлидан папкани олиб шеърларга кўз югуртирдим. Шеър қонун-қоидалари, хусусан, вазни, туроғи, қофияси, хуллас, ҳаммаси жойида.

Лекин… Ҳақиқий бадиий кашфиёт, шоирона дард йўқ… Яхши фикрлар, учқунлар ҳам йўқ эмасу, жуда кам.
— Назаржон!

У “Ҳа!” дегандек менга кулимсираб қаради. Нигоҳи шундай самимий, тиниқ, худди атак-чечак бўлаётган, эндигина атрофни таниётган гўдакнинг нигоҳидай…

У менга саволомуз тикилиб турарди. Мен эса худди адабиёт тақдирини ҳал қиладигандай ўйланаман, хаёлан чайналаман: “Гапни нимадан бошласам?…
Қалами ёмон эмас. Энг муҳими, унинг қизиқишини сўндирмаслик керак. Бошқа соҳалардан келаётган айрим истеъдодлардан катта ижодкорлар чиқади…”

Ушбу сатрларни ўқиб, миямга келган биринчи фикр тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилдим.

Айтишларича, ёмғир булутлардан пастга тушиб ерга “қўнганида” энг тоза сув ҳисобланаркан. Сўнг кўлмакка айланади ва сарғаяди. Шунга қиёсан мулоҳаза юритсак, ҳар бир одам болалигида беғубор бўлади.

Кўзлари тип-тиниқ, қарашлари мулойимлик касб этади. Сўнг ҳаёт деб аталмиш идиш гирдобида ўша мусаффолик хира тортади.

Воқеан, Назар Шукур болалигини сақлаб қолган ёхуд “бузилиш”га улгуролмаган.

Муаллиф: “Кўзлари кулиб турган бу йигит” иборасини эҳтимол шу мақсадда ишлатгандир?
Рўзғор туманлари исканжасида инсоннинг кўзлари кулмайди.
Одил Ҳотамов ҳаваскор шоирга Рауф Парфи шеърларини ёддан ўқиб беради:

…Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Охир мени асир этар ул.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ёға бошлар қоғозга кўнгил…

“Назаржонга қарайман. Негадир унинг нигоҳи бир нуқтага қадалган эди. Унинг бутун руҳиятини ёмғир нафаси чулғаганди, чамаси.

Назаржон менга қаради:
— Дарров тамом бўлдими?
— Яна бошқаси бор, – жавоб қилдим илҳомланиб. — Эшитаман десангиз, ўқишдан чарчамаймиз”.

Аммо, шарҳу тафсилотларга унчалик берилмайди. Ҳар битта жумла кўз ўнгимизда беғубор инсон қиёфасини жонлантиргандек бўлади: Китоб муаллифи ҳаётда юз берган воқеаларни эслайди.

“Ҳу!… Назаржон ўрнидан туриб кетди. Шунчалик зўр шеърларнинг ҳаммасини ёд биласизми, а?

— Йўқ… Ҳаммасиниям эмасу, айримларини…
— Ака, ким ёзган бу зўр шеърларни?
— Яхшиси, китобидан ўқинг.

Мамат Қурбон билан китобни излаб тополмадик. Кимдир олган, шекилли…

— Узр,— дедим мен,— ўша тўплам топилмади. Бу Рауф Парфининг шеърлари.
— Рауф Парфи… ,— секин шивирлади Назаржон. — Эшитмаган эканман.
— Вақти-соати билан танишиб, ака-укадай бўлиб кетасиз.

Назаржон бош ирғаб кулиб қўйди. Кейин мен Рауф аканинг шеърларида сўз қўлланишини, сўз ўйинлари, ўхшатишлар, ташбеҳлар ҳақида анча сўзладим.

— Суратимни чизиб берар йўл,— дейди Назаржон хурсанд бўлиб,— Қандай яхши,а?!
— Бўлмасам-чи!

— Яна бирорта ўқиб берасизми?…
— Бемалол.”

Ушбу китобда Назар Шукурнинг асл шоир сифатида “дунёга келиши” хусусидаги ишонарли маълумот акс эттирилганки, бу жуда ҳам аҳамиятлидир.

Демак, Рауф Парфи шеърлари ўз таъсири кўрсатган: “… У менга букланган бир варақ қоғоз узатди. Қарасам,шеърлар…
— Ўзингизданми?

Назар бошқа томонга қараб қизарганча жавоб қайтарди:
— Рауф аканинг янги шеъри экан, бировидан ёзиб олдим.

— Йўғ-эй… Сизни табриклаш керак.
— Фикрингизни айтарсиз, кейинроқ…

У кетди.
Мен хонамизга қайтиб кирдим.

Назаржон узатган варақдаги бир неча шеърларни ўқидим, яхши, лекин улар Рауф аканинг шеърлари эмас…

Абдуғани билан Йўлдошга Назар ҳақида гапирдим. Шеърларни улар ҳам ўқишди. Ҳаммамиз бир фикрга келдик: “Уларни Назар Шукурнинг ўзи ёзган”.
“— Дўстлар! ,— дедим мен тантанавор оҳангда. — Қаршингизда янги туғилган шоир Назар Шукур турибди. Табриклайман, Назаржон!
Унинг ўйчан, ўзига хос майин, нафис шеърлари ҳаммамизга бирдай маъқул бўлган эди.

Йўлдош Эшбек одати бўйича қўлини кўксига қўйиб: “Қулингизман!” деб қўяди…

Абду Ғани дарҳол фотоаппаратини ишга солади.

Меҳмонлар кетишди. Назаржон билан хонамизга келдик.
У ҳаяжондан баттар қизариб кетган эди”.
Мазкур “таваллуд” 1977 йилда юз берган экан.

Орадан уч йил вақт ўтгач, Назар Шукур Одил Ҳотамовга шу мазмунда хат битади:”… Туроб Тўла мени Рауф Парфига “қўш-қўллаб” топширди. Туроб Тўла “қўш-қўллаб” топширамиз!” деганда, Рауф Парфи “Назар Шукурга тишим ўтадимикин? “ деб ҳазиллашди. Ҳамма “Гурр!” кулди.

Шунақа… Аммо мен “Ҳали биттаям ҳақиқий шеър ёзолмадим” деган қатъий фикрда қоламан.
Одил ака! Бу сўзлар қандай даҳшатли-я!”

Бу сатрларни ўқисангиз ўзбек адабиёти тарихига муҳрланган ажиб бир мўъжиза тадрижини англаб етасиз. Назар Шукур кўнглида Ҳайиткўл дашти ва бундан-да поёнсизроқ рангларни олиб юрган. Ўша рангларни қай усулда қоғозга тўкишни билмаган.

Пировардида у Рауф Парфи таъсирида ранглар учун шакл топади. Қашқа воҳаси манзараларини юракка жо қилган, юрт чавандозлари “урҳо”сини онг қатламлари остига лола нафислиги кўмагида бекитган ажойиб шоир шу зайлда назм майдонига қадам ташлаган экан.

2

Қашқадарёга илк бора бундан ўн йил аввал йўлим тушган.

Ҳарбий мухбир сифатида фаолият кўрсатаётганимда. Топшириқ ҳарбийларнинг яшаш шароитлари тўғрисида мақола тайёрлашдан иборат эди.

Шаҳарни томоша қилишга вақтим етмади. Бир кун ҳарбийларнинг ётоқхонасида тунадиму вазиятни ўрганиб изимга қайтдим. Сув муаммоси кўндаланг турганди ўша пайтларда. Негадир сув тақчил эди. Ёдимда шундан бўлак ҳеч нарса қолмаган.

Мана энди мақсад ҳам ўзгача. Шоир хотираси сабаб у туғилиб ўсган қишлоқни кўрмоқчимиз. Воҳа манзараларини томоша қилмоқчимиз. Май ойининг бошларида қир-адирларда, тоғларда лола қийғос очилади, деб эшитганмиз…

Қаршига яқинлашаётганимизда манзара буткул ўзгарди. Ғиж-миж лолақизғалдоқлар. Мен бунчалик кўп лолақизғалдоқни умримда илк даъфа кўриб туришим эди. Худди буюк бир рассомнинг картинаси ичидан кетиб бораётган каби эдик.

Осмон гумбазининг остида, поезднинг ичида. Йўқ, поезд бир кема янглиғ эди. Икки тарафимизда лолақизғалдоқлар дарёси. Тўлқинланибгина турибди.

Қутидан сигарет оларкан йўлдошим М.Ч.: Нариги томонга қарамадингиз-да. Худди гилам тўшаб қўйилгандек. Қизғалдоқлар уфққагача чўзилган, — деди.

— Муродбой. Мен умримда ўсиб турган лолани кўрмаганман. Шу боришда кўрармиканмиз?
— Кўрамиз. Тоққа чиқсак. Ҳар хил лола бўлади. Қизилидан ташқари қора, оқ.

Қўл телефони жиринглайди. Шоир дўстимиз Ўроз Ҳайдар экан. Ҳали вокзалга кирмадик, дейди М.Ч. Қаршига яқин қолдикми ўзи? Билмайман. Қанақа одамсиз? Қашқадарёлик бўлсангиз? Тўғриси, Қаршига кам келганман.

Купедаги ҳамроҳлар билан хайр-хўш қилдик. Кайфиятим салгина хиралашди. Ёрқиной мендан хафа бўлмаганмикин? Тузукроқ гаплашиб билмадим? У бир жилмайди-да” Биза ёқлара боринг, Баҳром оға” деганича ғилдиракли чемадонини ғилдиратиб кетди.

Дунёнинг ишлари қизиқ-да, деб ўйлай бошлайман. Оллоҳ чиройли манзараларни яратган. Яна ўзи гўзалликни охиригача ҳис қилишимизга қўймайди.
Мана, лолақизғалдоқлар дарёси. Жаннатни эслатибгина турибди. Кўриб кўнглим ёришди. Шодландим. Камдан кам ҳоллардагина хурсанд бўламан. Аммо, бу онларда чинакамига қувондим. .

Гўзаллик бу! Оллоҳ бандаларидан қизғанади гўзалликни. Ақлу идрок бошқа нарсалар билан банд. Бола-чақа ташвиши, турли тушунтиришлар, ғийбатлар, миш-мишлар.

Шахсиятингдаги зиддият. Тўғрироғи, маломат дунёсида яшаб юрганингни сезишинг. Биз табиатдан баҳра олишга қийналмоқдамиз.
Биз табиат бағридаги гўзалликларни кўрмаяпмиз. Одамлар пул ҳақида кенгроқ ўйлашмоқда. Тирикчилик ташвиши кўзларга парда ташлади.

Атайин шундай. Оллоҳ биз бандаларидан жозибали ясатиқларини қизғанмоқда. Қашқадарё воҳаси билан танишувимиз шу зайлда бошланди.
Вокзалда бизни Ўроз ака кутиб турган экан. Таксига ўтирдингу жўнадик.

3

Ўроз Ҳайдар икки қаватлик қасрмонанд ҳовлида яшар экан. Қарасангиз эртаклардагидай…

Кираверишдаги тош йўлакнинг икки тарафи боғ. Бодом, шафтоли ва бошқа мевали дарахтлар гуркираб турибди. Қип-қизил гуллар шоирнинг дидидан дарак бермоқда. Ичкарида ҳам боғ бор экан.

— Ташқарида, дарахтлар орасида супа ясайман. Сўнг шеър ёзаман! ,— дейди у.
— Бадтар кўп ёзаркансиз! — дедим ҳазиллашиб. У эса одатдагидай қаҳ-қаҳ отиб кулди.

Ўйладим. Шунча ишга қандай улгураркан? Бир газетанинг бош муҳаррири. Тинмай шеър ёзяпти. Китоб чиқаряпти. Акаси Назар Шукурнинг китобларини ҳам чиқарган. “Сўз ташрифи” баёзи нашрига қанчалик ҳисса қўшганини биламан.

Яқинда чироқчилик ижодкорларнинг баёзи “Сурур” га тартиб беришда иштирок этибди. Яна фарзандларининг ўқиши. Келажаги ҳақида қайғуришлар.

— Отамиз бизни бирор маротаба чертмаган ҳам. Шунинг учун тарбияда қаттиққўллик қила олмайман. Бу иморатни эса фарзандларим учун қурдим. Кўп кучим шунга кетди, — дейди Ўроз ака.

Тўйга таклиф этишган экан. Қашқадарёликларнинг ҳам тўйини кўрдик. Машинада ҳуқуқшунос Ҳомид Бобоқул билан танишдик. Бу одамнинг фазилати шунда эканки, адабиётни чуқур тушунаркан.

Эртасига Ўроз ака, Ҳомид ака, М.Ч. тўртовимиз тадбиркор Иброҳимнинг “Нексия” сида Чироқчи тарафга қараб йўлга тушарканмиз мезбон ғурурланиб шундай деди:

— Қашқадарёнинг кўринишлари хилма хил. Бу ерда тоғ ҳам бор, дашту қирлар, чўл ҳам бор. Шунинг учун биздан буюклар чиқади-да! – қаҳ-қаҳ отиб кулди.

Сўнг жиддийлашди. Шаҳрисабзда Навоий ҳазратларининг аждодлари яшашган. Мирзо Бедилнинг ҳам боболари шу жойдан. Мирзо Улуғбек яшаган бу ерларда.

Ҳомид ака тарихдан гапирди. Гоҳ Хоразм тарафларга хаёлан бориб келардик. Сигарет сотиб олиш учун машинадан тушдик. Шунда чурқ этмай келаётган М.Ч.:

— Китоб — жуда қадимий шаҳар. У гуллаб-яшнаган пайтда Хоразм ҳам бўлмаган, — менга атай қалампирсимон деди.
— Йўқ,— дедим мутойиба йўсинида,— Хоразм гуллаб-яшнаганида ҳали Ер шари ҳам пайдо бўлмаган эди!

Биз ҳаммамиз ўзимиз туғилиб ўсган юртни севамиз. Кўкларга кўтаргимиз келади. Аммо, шу лаҳзаларда менда таққослаш имкониятлари пайдо бўлганидан ҳаяжонда эдим.

Болалик чоқларимда тоғ тугул, адирларни кўрмаганман. Лолақизғалдоқни ҳам…

“ЧИРОҚЧИ”, ёзувини ўқидим. Атрофда намликнинг ҳиди. Ўтган куни соат кечки еттиларда Қарши осмонида қора булутлар пайдо бўлган эди.

Чироқчида жала шаррос қуйиб берибди чоғи.

Икки қаватли бино кўриниши биланоқ Ўроз ака: Бу Назар Шукур номидаги мактаб. Бюсти ҳам бор, деди.

Сал юриб машинани тўхтатишди. Панжара ва лолақизғалдоқлар ёниб ётган тепаликни кўрдик.

— Қаёққа кетяпмиз ўзи? — сўради ҳайдовчимиз.
— Қабристон бу. Ўрознинг акаси шу ерга дафн этилган,— изоҳ берди Ҳомид ака.

Бир чопонли йигит пайдо бўлди. Лолақизғалдоқларга ёпинган тепаликка кўтарилдик. “Назар Шукур” исми ва шеър битилган мармартош ёнида тўхтадик. Дўмпайган тепаликка қараб ҳаяжонландим.

Назар Шукур шу ерда ётибди. Қуръон тиловат қилинди. Назар аканинг отаси, онаси, аждодлари ёдга олинди. Қизғалдоқлар сукут ичида туришарди. Виз етган сас-садо йўқ:

Кўзимга ташланар боқий уй — қабр,
( Эй Назар, яшаб қол, ўлиш қочмайди!)
Унда бир кас ётар хотиржам, собир,
Лекин у ҳеч кимга эшик очмайди!

Бу мисраларни Н.Шукур 1983 йилнинг 29 июнида ёзган.
Икки йилдан сўнг 14 майда эса…

Ё худо, шоирликда башоратгўйлик ҳам бормикан?
Шоир узоқ умр кўра олмаслигини қандай сезган ахир?
1984 йилнинг биринчи январида ёзган шеърини ўқинг:

Бир тош кўрсанг йўл ўртасида
Тепиб ўтма, ёр, қилиб ҳазар.
Сени кутиб оёқ остида
Ётар тошга айланиб Назар.

Аямасдан ардоқларингни
Зангор сойни кечасан кулиб.
Билмайсанки, оёқларингни
Ўпар шу чоқ Назар сув бўлиб.

Бевафолик қилса гар санам
Ҳайиқмасдан мард эр тиғ санчар.
Ҳушёр торгин, ичиб онт-қасам
Юргай Назар шаклида ханжар.

Топмас эди шеърларим сайқал
Ёр ,бермасанг ишқинг билан зеб.
Сенга тиклаб сўзлардан ҳайкал
Имзо чекдим Назар Шукур деб.

Соқчи каби турган ҳар дарахт
Манзилингга омон етказар.
Қўйганмисан уларга қараб?
Ахир, унинг ҳаммаси — Назар.

Сени кўздай асрамоқ учун
Жисми билан интилиб нурга,
Гирдингдаги нарсалар бугун
Айлангандир Назар Шукурга!

Ожиз банда бу тилсимотларнинг сир-асрорини еча билмайди. Тақдир деганлари ростмикан, деб ўйлайсан гоҳо. Шоир зоти ўзининг келажагини билармикан? Тушида зоҳир бўлармикан баъзи сабаблар?

Бу ерда – ёруғ оламда лаззатланиб яшай билмаган гулдек йигит ётибди. Ўзи айтганидай: у кетмаган. Балки ҳамма нарсага айланган.
Назар Шукур бюсти олдида шу фикрлар хаёлдан кечди.

Шоир болалик даврларда ўйнаб ўсганига, сайр қилганига, қўй боққанига гувоҳ бўлган Ҳайиткўл дашти сари йўл олдик. Кенгликларга термулиб маҳзун кайфиятимиз аслига қайтди.

Мана, Назар Шукур қаламига сиёҳ улашган манзаралар. Ҳамма ёқ кўм-кўк. Поёнсиз ҳудудлар. Шундай жойларда шоир дунёга келади-да ахир!

Тўлқинсимон яшиллик. Бу тепаликларга турна қўнади, дейдилар. Ер ва осмоннинг бирлашиб кетган бир жойи. Осмонга қараймиз.
Ерда, дастурхон атрофида табиатнинг беш ошуфтаси. Осмон эса…

Назар Шукур ёзгани каби:

Осмон булут.
Ер узра чўккан
Кўраётган зилдай тушлари.
Ёқилади кўлкалар кўкдан
Сукунатга лиммо-лим қаъри.

Боқиб булут тирқишларидан,
Унсиз қотиб қуёш кулади.
Ўуркитади чўккан тушларни,
Ерга тушган кундуз бўлаги.

Эшитишимизча, Ҳайиткўл кенгликларида сайллар, жумладан, Наврўз сайли ҳам ўтказиларкан.. . Кўпкари, кураш…

Хуллас, аждодлардан мерос удумлар айнан шу жойда воқеликка кўчаркан.

Ҳайиткўл даштини бир қарашда эслаб қолиш қийин. Айниқса, бу хилдаги манзараларни аввал кўрмаган бўлсангиз.

Онда-сонда уйчалар кўзга ташланади. Қўй-қўзилар ёйилиб ўтлаб юрибди.

Даштга яқин ерларга тарвуз экиларкан. Тарвузини жуда ширин бўлади дейишди.
Даштнинг бир четига палос, палоснинг устига кўрпачалар тўшалди. Дастурхон ёзилди. Лаганда пиёз аралаштирилган яхна гўшт.

Ҳаво тоза ва оғир. Гоҳида ғир-р этиб шабада эсади. Шу вақтгача қанча шоҳона дастурхонларни кўрганмиз. Аммо, бунақасини…

Бир шишани йиқитдик. Иккинчисига кўз йибориб турганимда, асли мелиса-да, Ўроз ака тўхтатди. “Унисини бошқа жойда ичасизлар”.

Қашқадарёликларнинг меҳмондўстлиги бизга маълум. Аммо, мени ҳайратлантирган хусусият шу бўлдики, қишлоқ кўринишлари бус-бутун сақланаркан. Эҳтимол бунинг боиси лалми ер билан изоҳланар?

… Шаҳрисабз сари юрдик. Китоб шаҳридан яшил шаҳаргача атиги тўққиз километрлик йўл экан.

Ҳалиям маҳобатини сақлаб турган Оқ Саройни бориб кўрдик. Амир Темур Соҳибқироннинг, пирларининг, яқин кишиларининг мақбараларини зиёрат этдик.

Гўё ўн тўртинчи — ўн бешинчи аср лавҳалари орасига тушиб қолгандай бўлдик.
Учта баҳайбат чинор. 1370 – йилларда экилган экан. Амир Темурни кўрган бу тутлар!

Қанчалик шон-шавкат. Оқ Саройда салобат билан ўтирган жаҳонгирнинг бир имоси ила жаҳон тарихи буткул ўзгариб кетиши ҳам мумкин эди.
Бу ердаги жимлик қандайдир бошқача. Сеҳрли. Жодули…

Шаҳрисабзда оғир таассуротларни руҳиятга жо айлаб, таксига ўтириб тўғри Қаршига йўл олдик.

Қадрдон мезбонимиз билан хайр-хўш қилиб поездга чиқдик.

Соат кечки ўн бирлардан ошган, ҳамма ёқ қоронғу, кундузи чироқдек ёнган лолақизғалдоқлар кўзга кўринмасди.

Барибир лолаларни, ўсиб турган лолаларни кўра олмадим. Аммо, лолалари ял-ял ёнган бу юртни чин юракдан ёқтирганим рост.

Абдулла Орипов, Муҳаммад Раҳмон, Назар Шукур, Икром Отамурод, Ўроз Ҳайдар, Хол Муҳаммад Ҳасан, Назар Эшонқул, Рустам Мусурмон, Алишер Назар, Зебо Мирзо, Нилуфар Умарова сингари ўнлаб сўз усталарига бешик бўлган шу юртни!

Йиллар, асрлар кечади. Сўз қолади:

Бут жойим қолмаган, дарзларим бисёр,
Йўқотдим такаббур қилиқларимни.
Гар билсанг ўзингни менга чин дўст, ёр,
Сен ердан териб ол синиқларимни…

045Назар Шукур (ўртада) талабалик йилларида дўстлари билан

Баҳром Акбаров
ШАМОЛЛАР ШИВИРЛАБ ДАРДИНИ АЙТАР…
(Хотирадан парча)

011

   1993  йилнинг ноябрь ойлари эди. «Ўқитувчи» нашриётида ишлаб бошлаганимга бир ҳафта бўлар-бўлмас бўлим бошлиғимиз  Азизxўжа ака “Ука, эртага паxтага кeтасиз. Тайёргарлик кўринг” – дeб қолдилар. Ишxонада қолган ёшлар билан бирга Пскeнт туманига жўнаб кeтдик. Ҳаво очиқ бўлсада, кузнинг иссиқ шамоли эсиб тургани боис иссиқроқ кийиниб олгандик. Шаҳардан кeлган ҳашарчилар xонадонларга тақсимланди.

– Назар, сизларда битта кроват бўш, шeкилли. Шу укамиз сизлар билан тура қолсин, — дeди ўзини паxта штабининг бошлиғи дeб таништирган киши.
– Майли. Гап жўқ, — дeди у.

Оқ-сариқдан кeлган, ўрта бўй, қалин сочларини бармоқлари билан тeз-тeз тарайвeрадиган, бу йигит ўзини Назар Шукур дeб таништирди. Тош кўча бўйлаб бироз юргач, пастқамгина уй олдига кeлиб тўxтадик ва чоғроққина ҳовлига кирдик. Чап томондан ҳужрага ўxшаган уй бўлиб, кароватда бир йигит чўзилиб ётарди.

– Маман, тур ўрнингдан. Мана сeнга жўра олиб кeлдим.
– Жўрани пишириб ейманми, овқатдан гапиринг. Ҳойнаҳой, яна шўрвадир-да. Тўғрисини айтавeринг.
–Йўқ, мошxўрда. Сeн яxши кўрадиган овқат.

– Э… Бу ошпазларни… – Маман шундай дeб биз томонга ўгирилди ва мeнга қараб ҳайрон бўлиб қолди.
– Ҳа, нeга бақраясан? Айтдим-ку сeнга жўра олиб кeлдим дeб.
– Буни қаранг-а. Мeн алдаяпсизми дeб ўйлабман. Олиб кeлган жўрангиз жуда пўрим-ку! Қалайсан, жўра!

У кулиб ўрнидан турдида xудди эски қариндошлардeк сўраша кeтди. Шундай қилиб Назар Шукур ва Мамаражаб (Муҳаммад Ражаб)  билан бир xонада тура бошладик. Мамаражаб билан тeзда чиқишиб кeтдик. Бунга сабаб у билан дeярли ёшимиз тeнг бўлиб, бир кунда туғилган эканмиз. Мeн ҳам уни Маман дeб атай бошладим. У бундан ҳафа бўлмасди. Гоҳида “Маманбийман” дeб қўярди. Мамаражаб бироз содда, лeкин анча сeржаҳл эди. Бир зумда Назар Шукур билан тортишиб қолар, фикри нотўғри бўлсада, ортга чeкинмасди. Назар ака табиатан анча босиқ бўлса-да, гоҳо у ҳам чeгарадан чиқиб кeтарди. Шунда мeн суҳбат мавзуини шаxматга тортардим.

Мамаражаб Назар Шукурнинг жиғига тeгиш мақсадида мeн томонга ўтиб оларди.

–Вой, бовирларим-eй, яна иккига бирми?–дeрди Назар ака кулиб.

Назар Шукур ярим кeчагача шeър ёзар, ёзганларини қайта- қайта тузатишдан eринмас ва бизларга ҳам ўқиб бeрарди.

Мамаражаб эса Назар аканинг шeърларини эшитиб фикрини айтар, мeн ҳам жим ўтирмасдим.
Назар Шукур бизнинг гапларимизни бўлмасди. Фикримизни инобатга олса, биз xурсанд бўлиб кeтардик.

Назар Шукур ўша вақтда ёзган кўпчилик шeърларини кeйинчалик ўзининг “Кўкдаги умр” номли китобига киритган бўлса, Мамаражабнинг шeърлари “Сeвгисиз фасл” номли китобидан ўрин олди.

Мамаражабнинг ҳар бир шeърида ички дард ҳамда туғён ҳукмрон эди.

Биз узоқ йиллар дўст бўлиб қолдик. Аммо тақдир экан 1990 йилга кeлиб иккаламиз нашриётни тарк этдик. У дастлаб ”Кино”журналида, кeйинчалик Самарқанддаги нашриётда ишлади. 1991 йил Самарқандга иш билан бориб, уни излаб тополмадим. Котиба қизга ”Тошкeнтдан дўстинг кeлибди, дeб айтиб қўйинг”, дeдим.” Отингиз нима?”–дeб сўради у. Мeн эса бир оз ўйланиб жавоб бeрдим: “Маманнинг аҳволлари қалай?. Мeн ”Интурист”даман…”

Кeчки соат 19.00 лар чамаси xона eшиги тақиллаб қолди. Эшик олдида жилмайганича Мамаражаб турар эди. Қучоқлашиб кўришиб кeтик. Аxир икки йилдан бeри кўришмаган эдик-да. Мамаражаб билан кўчага чиқдик. Мeҳмонxона қаршисидаги ошxонада суxбатни давом эттирдик. Назар Шукурни эсладик.

– Мана ўқиб кўр. Назар акага бағишлаб ёзган шeърим китобимда ҳам чиқди.

Осмон, осмон, кeнглигингдан бeр,
Юраккинам лаxта-лаxта қон.
Замин,сeндан сўрайман бардош,
Асабларим бўлмоқда одош.

Тоғлар, мeнга сабот, куч бeринг,
Зарбаларга собит турайин.
Булбул, сeндан сўрайман овоз,
Дардларимни тўкиб солайин.

Ўлим сeндан сўрайман имкон,
Шeърларимни ёзиб олайин…

Маман шeърни Назар ака фожиали равишда вафот этгандан сўнг ёзганди. Аммо ўшанда бу мисралар xудди Муҳаммад Ражабнинг ўзига атаб ёзилганини ким билибди дeйсиз…

Орадан икки-уч ой ўтиб май ойларида кўришдик. Бу бизнинг оxирги учрашувимиз эканлигини кeйин билдим. Ўшанда Маманнинг кўзлари тубида яширин дард бор эди. У ҳаётидан ва ҳаётдан ҳeч қачон нолимасди. Бировга ҳасад ҳам қилмасди. Чўнтагида пули бўлса саxийлиги тутиб, оxирги сўмигача дўстларига сарфлаб юборарди. Тоғликларга xос жўмардлик ҳамиша фeъл-атворида намоён бўлиб турарди. У жуда қисқа умр кўрди.Лeкин шу умри давомида қатор ҳаётий ҳажвий асарлар, равон шeърлар яратди, Шeърий китоблари нашр этилди..

Муҳаммад Ражаб бир шeърида шундай дeган эди:

Булутлар бошингда йиғлайди,
Шамоллар шивирлаб дардини айтар.
Мeн айтсам, дардимни ким ҳам тинглайди,
Дардларим кўксимда қалашиб ётар.

Ҳар бир инсоннинг қалбида ўз дарди бўлади. У буни гоҳо пинҳон сақлайди, гоҳо ошкор этади. Мамаражабнинг ҳам ўзига яраша дарди бор эди. Бу дард оддий дард эмас эди. У халқ дарди билан умр кeчирди.

11 mart —  Shoir Nazar Shukur tavallud topgan kun

Nazar Shukur bilan Alisher Navoiy ko‘chasidagi Matbuot uyida tanishganman. Men “Yosh gvardiya”, u esa “O‘zbekiston” nashriyotida ishlardi.Bizni ishxonadagi hamxonam beqiyos shoir Muhammad Rahmon tanishtirgani esimda. Ayni o‘sha yillari Nazarni ham inson, ham shoir sifatida yaqindan bilib olganman. Har uchrashganda uning qiyofasida beg‘ubor qalb egasi, ko‘zlari hamisha kulib turadigan, ortiqcha bir gap aytmaydigan, kamtar va o‘ychan insonni ko‘rgan bo‘lsam, she’rlarida bag‘oyat tug‘yonli yurak ehtiroslari jo‘sh urganini, uning sirtdan sokin tabiati katta junbushlarni yaratishga qodir ekanini sezganman.

Afsuski, Nazar Shukurning bevaqt o‘limi o‘zbek adabiyotini she’riyatda ulkan meros qoldirishga qodir shoirdan ayirdi.

Tirik bo‘lganida Nazar shu kunlarda 60 yoshga to‘lardi,shoir o‘g‘lonlarini behad qadrlaydigan ona diyori — Qashqadaryoda uning qutlug‘ to‘ylari o‘tkazilardi, yelkasiga chaponlar yopilardi, maktablarda o‘tkaziladigan uchrashuvlarda she’rsevar, adabiyotsevar qizaloqlar shoirni guldastalar bilan ko‘mib tashlashardi.

Mening yana bir ishonchim bor: bugun ham mamlakatimizning olis-yaqin qishloqlarida uning she’rlarini shivirlab o‘qiyotgan, ko‘nglida “Toshkentga o‘qishga boraman, ana o‘shanda Nazar Shukurni, albatta, ko‘raman” degan orzular bilan yongan yigitchalaru qizaloqlar borligiga ishonaman. Zero, toki she’rlari o‘qilarkan, shoir tirikdir. Men hozir ham ko‘zlarimni yumib, Nazar Shukurni kulib turgan yuzini ko‘raman va sirli bir xilqatdan uning she’r o‘qiyotgan ovozini eshitaman.

Xurshid Davron
O‘zbekiston xalq shoiri

Nazar SHUKUR
SHE’RLAR
011

Ashampoo_Snap_2017.05.11_21h55m06s_001_.png Nazar Shukur 1954 yilda Chiroqchi tumanidagi Navro‘z qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning geografiya fakultetini tamomlagan (1979). «Ko‘kdagi umr» (1984), «Kishloq yo‘llarida» (1985), «Vaqt xiyobonida» (1992), «Meni kechir, muhabbat» (2004), «Vido» (2005), «Sen qaytmasang…» (Saylanma, 2006) she’riy kitoblari nashr etilgan. 1985 yil 14 mayda Toshkent shahrida avtomobil halokatidan vafot etgan.

011

* * *

Yurak osmonida azob naysoni,
To‘sadi nurlarni — sevinchlar yo‘lin.
Bo‘g‘ziga tiqilar Harorat joni,
Beg‘ubor Cheksizlik ko‘tarar qo‘lin.

Yurak ham bo‘g‘ilar yetmay nafasi,
Tumanlar ortida ingraydi surur.
Tinadi yuzlarda kulgular sasi,
Iztirob — izg‘irin to‘kadi g‘urur.

Sovuq so‘z!..
Vujudni — yurak olamin,
Qahraton qahriday qo‘ydi sovutib.
…Sevinchlar yo‘lini ochadi sekin,
Muzlagan ko‘ngilni kimdir ovutib.
Nurlardan yorishgay yurak osmoni!..

* * *

Ketayapman. Oy qalqib oqar,
Oy yutganday yorishar bag‘rim.
Chiroqlarning taralgan tilla –
Sochlariga ko‘milar shahrim.

Shahar uzra, qo‘nolmay Kecha,
Uchib yurar, osmonda qushday.
Vujudi tosh, qop-qora ko‘cha
Cho‘ziladi eng uzun tushday.

Quvonchlarim, sal qo‘ying yolg‘iz,
Termulayin yuksakka picha…
Baxt qushiday keng qanot yozib,
Uchib yurar osmonda Kecha.

Daraxtlar ham ko‘rinmas yupun,
Sarg‘aysa-da barglar — kiyimi.
Bugun hayot naqadar shirin,
Keldi ekan hayotning kimi?

TANAZZUL

Sen meni bilmagan bir metin qo‘rg‘on,
G‘ishtim ko‘chib tushgan, o‘tlar — yollarim.
Unut bir maqbarday topolmadim shon,
Qaragin, chilparchin bor sopollarim.

But joyim qolmagan, darzlarim bisyor,
Yo‘qotdim takabbur qiliqlarimni.
Gar bilsang o‘zingni menga chin do‘st, yor,
Sen yerdan terib ol siniqlarimni.

SOMON YO‘LI

Somon yo‘li. Bosilmaydi bu yo‘lning changi,
Uxlamaydi o‘tib ketgan karvonlar zangi.

Kipriklarim nayzasiga ilingan osmon,
Shu tig‘ bilan o‘rtasidan tilingan osmon.

Yulduzlar-ku olov tuyoq tevalar izi,
Ko‘zlarimni ochtirmaydi changlari to‘zib.

Yulduzlarning yon-girdida bo‘shliq huvullar,
Yutmoq bo‘lib bu sahroda bo‘ri uvullar.

Kipriklarim nayzasida ingraydi osmon,
Naq ustimga qulamoqchi cheksizlik shu on.

Somon yo‘li surat yanglig‘ qoqilgan ko‘kka,
Ikki uchi ufqlarga sanchilgan tikka.

SHOIRNI TUSHUN

Otilsa ortidan ta’nalar toshi,
Xam bo‘lsa ig‘vodan, g‘iybatdan boshi,
To‘g‘on bo‘l, quyilsa ko‘zidan yoshi,
Birodar, zil ketsa, shoirni tushun!

O‘rgatma sen unga zahmatsiz bir yo‘l,
Doim o‘z yo‘lini o‘zi topar ul,
Unga puldorlarning shafqati bir pul,
Baxti chil-chil ketsa, shoirni tushun!

Sen tinmay yashaysan, bola-chaqam deb,
Bolam deb yashar u el-yurt g‘amin yeb,
Nogahon arisa hayotidan zeb,
Sharobga dil ketsa, shoirni tushun!

O‘tmas u birovning qo‘liga qarab,
El haqin har joyda qiladi talab.
Sochiga erta oq qolsa oralab,
Umridan yil ketsa, shoirni tushun!

Bir kunda necha bor tirilar, o‘lar,
Sevinchdan yig‘lar u, dard ila kular,
Bir umr, bir umr yonaru kuyar –
Bag‘rida kul ketsa, shoirni tushun!

Sevdimi — qaytarma, yo‘lidan qolmas,
Bergan bor pandingta u quloq solmas,
G‘o‘ddaysang, seni ham bir pulga olmas,
Qo‘l siltab yo‘l ketsa, shoirni tushun!

Istasang yo‘liga choh qil, chuqur qil,
Tushirsang, bir nazar sol-da, shukur qil,
Qilmishing oldida o‘yla, fikr qil,
Orzusi tul ketsa, shoirni tushun,
Armoni mo‘l ketsa, shoirni tushun!

* * *

Huvullab yotibdi shundoq oramiz,
Adirlar… bo‘shliqlar… tog‘lar o‘rtada.
Ko‘rinmay yillarga yondosh boramiz,
Yonma-yon boramiz hatto ertaga.

Yon-verda beg‘ubor hayotbaxsh havo,
Biz birga olamiz nafasni to‘yib.
Har kuni tepada shu quyosh, samo,
Yashaymiz lutfida quvonib, kuyib.

Hamrohmiz doimiy dard, ezgularga,
Qaragin, hattoki birdir dilimiz.
Uzoqmiz
Va lekin tunu kunlarga,
Bir lahza, bir vaqtda tushar yo‘limiz.

Bahrom Ro‘zimuhammad
LOLALARI YAL-YAL YONGAN YURT…
(Sayohatnomadan parchalar)

011

1

Yovvoyi dasht, yovvoyi dala
Jimligidan uvishar qonlar.
Qishda yurar bo‘rilar gala,
qo‘noq etar yozda cho‘ponlar.
Bunda o‘sgan o‘t, giyohlarni
Quyosh tarar, sug‘orar bulut.
Anglolmaysan — yo‘l, so‘qmoqlarni
Borar qayga ravona bo‘lib.

Nazar Shukur

O‘tgan asrning 80-yillarida, talabalik vaqtlarimizda adabiyot maydoniga yosh jihatidan bizdan sal kattaroq, uslubi boshqalarnikidan farqlanadigan shoirlar tashrif buyurishdi. Ularning bitiklari qo‘lma-qo‘l o‘tib o‘qilar, shaxsiyatlariga nigoh qaratilar edi.

Uncha-buncha she’rni tan olmaydigan talabalar doirasiga ma’qul kelganlardan biri zabardast shoir Nazar Shukur bo‘lgan. Uning “Nishon akaning etigi” sarlavhali she’ri davralarda yod o‘qilganini to hanuz eslayman.

“Ko‘kdagi umr” she’rlar to‘plami haqida hozir ham gapiradilar. (Oradan o‘ttiz yil kechgan bo‘lsa-da).

So‘ng biz— ijodkor sifatida hali kelajagi noma’lum talabalar dorilfununni tugatib har tarafga tarqab ketdik. Ayrim o‘ziga ishonganlari 1985 yil oxirlarida,1986 yil boshlarida poytaxtga qaytib kelishdi.

Afsuski, 85- yilning 14 may kuni navqiron shoir, shaxsiyati go‘zal inson Nazar Shukur avtohalokat tufayli bu yorug‘ olamni tark etgan ekan. U Sergey Yesenindan bir yil ko‘proq, Usmon Nosirdan bir yil ozroq yashagan bu dunyoda.

Ammo, iste’dodi bu ikkala shoirnikidan kam bo‘lmagan. Yeseninchasiga ko‘zdan yosh oqizadigan samimiyat, usmonchasiga erkatoylik Nazar Shukur she’riyatida mushtaraklik kasb etgan edi.

1995 yil yozida men “O‘qituvchi” nashriyotining pedagogika va psixologiya adabiyotlari tahririyatiga ishga kirdim. Shu kezlarda nashriyotda ishlaydigan yoshi ulug‘roq kishilar Nazar Shukur haqida hikoya qilib berishardi.  ( U ham xuddi shu bo‘limda faoliyat ko‘rsatgan ekan). Ba’zilari uning tug‘ilgan yurti Chiroqchining poyonsiz qir-adirlari to‘g‘risida so‘z ochishardi. Shoirning darveshligi, vazminligi, ko‘ngli tozaligi, og‘ringan paytlarida ham hamisha tabassum qilib turishi, beg‘ubor muhabbati suhbatlarga mavzu bo‘lardi.

Keyinroq uning tug‘ishgan ukasi va shogirdi O‘roz Haydar bilan tanishdim. Adabiyotga munosabatimiz yaqinligi, dunyoqarashimiz uyg‘unligi bois tezda do‘stlashib qoldik. Ayniqsa, uning jahon adabiyoti durdona asarlarini o‘qib borishi menga ma’qul kelgan.

Xullas, ko‘nglimda o‘zim ixlos qo‘ygan shoir Nazar Shukur qabrini ziyorat qilish istagi tug‘ildi. Bu istak yil sayin kattalashar, kitoblarini o‘qiganim sayin qat’iylashar edi.

Kunlardan bir kuni tiniq kayfiyat bilan “Ko‘kdagi umr” she’riy to‘plamini yana bir bor astoydil o‘qib chiqdim.
Avval anglamaganim — ruhning g‘aroyib tovlanishlari, inson va tabiat o‘rtasidagi sirli-sehrli bog‘lanishlar talqini va nihoyat, voqelikka, totalitar davr voqeligiga qarshi isyon tuyg‘ulari ifodalari meni qiziqtirib qo‘ydi.

To‘g‘ri,— derdi ichimdagi ovoz, — Nazar Shukurning she’rlari zohiran soddaroq tuzilgandek. U murakkab tashbehlarni, absurdnamo usullarni qo‘llamagan.
Ammo, she’rlari bir o‘qib, tez tushuniladigan she’rlar emas. She’rida qo‘llangan rang ichkariga tortib ketadigan rangdir. Ushbu sanadan o‘ttiz — qirq yil muqaddam bitilgan she’rlar shu bois poetik jihatdan eskirmagan.

Yana o‘ylayman. Abadiy navqiron shoir she’riyatining sehrli quvvati shundan iboratmi? Miyamga kelgan ilk fikr shu bo‘ldiki, bu xildagi toza, shaffof shoirlar kam.

Yosh o‘ttiz beshdanmi, qirqdanmi oshgach baribir shoirni tirikchilik deya atalgan kom tinch qo‘ymaydi. Kimdir mansabga, kimdir oshna-og‘aynilariga ilinib sovrinlar sari intiladi.  Yana birov soqol qo‘yib, yo Haq, deya hayqirarkan, uzlat yo‘liga kirib g‘oyib bo‘ladi. Ishqilib, romantik hayot intiho topadi-da!

Fikr miyamda gir aylandi-da so‘ng yitdi.

Ushbu sayohatnomani yozish jarayonida Odil Hotamovning o‘z shogirdi, do‘sti Nazar Shukur hayoti va ijodiga bag‘ishlangan “Yuksakdagi daraxt” kitobini o‘qib chiqdim.

Muallifning bayon qilishicha, O‘roz Haydar akasi Nazarni unga tanishtirgan.

Ilk tanishuv shu zaylda ro‘y beradi: “Gap orasida qarasam, Nazar qo‘lidagi papkani hech qayerga qo‘ymayapti.
— Devning joni shu papkaning ichidami, deyman-a,— hazillashdim.

Nazar qizarib ketdi.

— Nima desam ekan… O‘roz aytgandir, yozganlarimni bir to‘plam qilgan edim, agar vaqtingiz bo‘lsa…
Uning qo‘lidan papkani olib she’rlarga ko‘z yugurtirdim. She’r qonun-qoidalari, xususan, vazni, turog‘i, qofiyasi, xullas, hammasi joyida.

Lekin… Haqiqiy badiiy kashfiyot, shoirona dard yo‘q… Yaxshi fikrlar, uchqunlar ham yo‘q emasu, juda kam.
— Nazarjon!

U “Ha!” degandek menga kulimsirab qaradi. Nigohi shunday samimiy, tiniq, xuddi atak-chechak bo‘layotgan, endigina atrofni taniyotgan go‘dakning nigohiday…

U menga savolomuz tikilib turardi. Men esa xuddi adabiyot taqdirini hal qiladiganday o‘ylanaman, xayolan chaynalaman: “Gapni nimadan boshlasam?…

Qalami yomon emas. Eng muhimi, uning qiziqishini so‘ndirmaslik kerak. Boshqa sohalardan kelayotgan ayrim iste’dodlardan katta ijodkorlar chiqadi…”

Ushbu satrlarni o‘qib, miyamga kelgan birinchi fikr to‘g‘ri ekanligiga ishonch hosil qildim.

Aytishlaricha, yomg‘ir bulutlardan pastga tushib yerga “qo‘nganida” eng toza suv hisoblanarkan. So‘ng ko‘lmakka aylanadi va sarg‘ayadi. Shunga qiyosan mulohaza yuritsak, har bir odam bolaligida beg‘ubor bo‘ladi.

Ko‘zlari tip-tiniq, qarashlari muloyimlik kasb etadi. So‘ng hayot deb atalmish idish girdobida o‘sha musaffolik xira tortadi.

Voqean, Nazar Shukur bolaligini saqlab qolgan yoxud “buzilish”ga ulgurolmagan.

Muallif: “Ko‘zlari kulib turgan bu yigit” iborasini ehtimol shu maqsadda ishlatgandir?
Ro‘zg‘or tumanlari iskanjasida insonning ko‘zlari kulmaydi.
Odil Hotamov havaskor shoirga Rauf Parfi she’rlarini yoddan o‘qib beradi:

…Yomg‘ir yog‘ar, shig‘alab yog‘ar,
Oxir meni asir etar ul.
Yomg‘ir yog‘ar, shig‘alab yog‘ar,
Yog‘a boshlar qog‘ozga ko‘ngil…

“Nazarjonga qarayman. Negadir uning nigohi bir nuqtaga qadalgan edi. Uning butun ruhiyatini yomg‘ir nafasi chulg‘agandi, chamasi.
Nazarjon menga qaradi:
— Darrov tamom bo‘ldimi?
— Yana boshqasi bor, – javob qildim ilhomlanib. — Eshitaman desangiz, o‘qishdan charchamaymiz”.

Ammo, sharhu tafsilotlarga unchalik berilmaydi. Har bitta jumla ko‘z o‘ngimizda beg‘ubor inson qiyofasini jonlantirgandek bo‘ladi: Kitob muallifi hayotda yuz bergan voqealarni eslaydi.

“Hu!… Nazarjon o‘rnidan turib ketdi. Shunchalik zo‘r she’rlarning hammasini yod bilasizmi, a?
— Yo‘q… Hammasiniyam emasu, ayrimlarini…
— Aka, kim yozgan bu zo‘r she’rlarni?
— Yaxshisi, kitobidan o‘qing.

Mamat Qurbon bilan kitobni izlab topolmadik. Kimdir olgan, shekilli…

— Uzr,— dedim men,— o‘sha to‘plam topilmadi. Bu Rauf Parfining she’rlari.
— Rauf Parfi… ,— sekin shivirladi Nazarjon. — Eshitmagan ekanman.
— Vaqti-soati bilan tanishib, aka-ukaday bo‘lib ketasiz.

Nazarjon bosh irg‘ab kulib qo‘ydi. Keyin men Rauf akaning she’rlarida so‘z qo‘llanishini, so‘z o‘yinlari, o‘xshatishlar, tashbehlar haqida ancha so‘zladim.

— Suratimni chizib berar yo‘l,— deydi Nazarjon xursand bo‘lib,— Qanday yaxshi,a?!
— Bo‘lmasam-chi!
— Yana birorta o‘qib berasizmi?…
— Bemalol.”

Ushbu kitobda Nazar Shukurning asl shoir sifatida “dunyoga kelishi” xususidagi ishonarli ma’lumot aks ettirilganki, bu juda ham ahamiyatlidir.

Demak, Rauf Parfi she’rlari o‘z ta’siri ko‘rsatgan: “… U menga buklangan bir varaq qog‘oz uzatdi. Qarasam,she’rlar…
— O‘zingizdanmi?

Nazar boshqa tomonga qarab qizargancha javob qaytardi:
— Rauf akaning yangi she’ri ekan, birovidan yozib oldim.
— Yo‘g‘-ey… Sizni tabriklash kerak.
— Fikringizni aytarsiz, keyinroq…

U ketdi.

Men xonamizga qaytib kirdim.
Nazarjon uzatgan varaqdagi bir necha she’rlarni o‘qidim, yaxshi, lekin ular Rauf akaning she’rlari emas…

Abdug‘ani bilan Yo‘ldoshga Nazar haqida gapirdim. She’rlarni ular ham o‘qishdi. Hammamiz bir fikrga keldik: “Ularni Nazar Shukurning o‘zi yozgan”.
“— Do‘stlar! ,— dedim men tantanavor ohangda. — Qarshingizda yangi tug‘ilgan shoir Nazar Shukur turibdi. Tabriklayman, Nazarjon!
Uning o‘ychan, o‘ziga xos mayin, nafis she’rlari hammamizga birday ma’qul bo‘lgan edi.

Yo‘ldosh Eshbek odati bo‘yicha qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib: “Qulingizman!” deb qo‘yadi…

Abdu G‘ani darhol fotoapparatini ishga soladi.
Mehmonlar ketishdi. Nazarjon bilan xonamizga keldik.
U hayajondan battar qizarib ketgan edi”.
Mazkur “tavallud” 1977 yilda yuz bergan ekan.

Oradan uch yil vaqt o‘tgach, Nazar Shukur Odil Hotamovga shu mazmunda xat bitadi:”… Turob To‘la meni Rauf Parfiga “qo‘sh-qo‘llab” topshirdi. Turob To‘la “qo‘sh-qo‘llab” topshiramiz!” deganda, Rauf Parfi “Nazar Shukurga tishim o‘tadimikin? “ deb hazillashdi. Hamma “Gurr!” kuldi.

Shunaqa… Ammo men “Hali bittayam haqiqiy she’r yozolmadim” degan qat’iy fikrda qolaman.
Odil aka! Bu so‘zlar qanday dahshatli-ya!”

Bu satrlarni o‘qisangiz o‘zbek adabiyoti tarixiga muhrlangan ajib bir mo‘’jiza tadrijini anglab yetasiz. Nazar Shukur ko‘nglida Hayitko‘l dashti va bundan-da poyonsizroq ranglarni olib yurgan. O‘sha ranglarni qay usulda qog‘ozga to‘kishni bilmagan.

Pirovardida u Rauf Parfi ta’sirida ranglar uchun shakl topadi. Qashqa vohasi manzaralarini yurakka jo qilgan, yurt chavandozlari “urho”sini ong qatlamlari ostiga lola nafisligi ko‘magida bekitgan ajoyib shoir shu zaylda nazm maydoniga qadam tashlagan ekan.

2

Qashqadaryoga ilk bora bundan o‘n yil avval yo‘lim tushgan.

Harbiy muxbir sifatida faoliyat ko‘rsatayotganimda. Topshiriq harbiylarning yashash sharoitlari to‘g‘risida maqola tayyorlashdan iborat edi.
Shaharni tomosha qilishga vaqtim yetmadi. Bir kun harbiylarning yotoqxonasida tunadimu vaziyatni o‘rganib izimga qaytdim. Suv muammosi ko‘ndalang turgandi o‘sha paytlarda. Negadir suv taqchil edi. Yodimda shundan bo‘lak hech narsa qolmagan.

Mana endi maqsad ham o‘zgacha. Shoir xotirasi sabab u tug‘ilib o‘sgan qishloqni ko‘rmoqchimiz. Voha manzaralarini tomosha qilmoqchimiz. May oyining boshlarida qir-adirlarda, tog‘larda lola qiyg‘os ochiladi, deb eshitganmiz…

Qarshiga yaqinlashayotganimizda manzara butkul o‘zgardi. G‘ij-mij lolaqizg‘aldoqlar. Men bunchalik ko‘p lolaqizg‘aldoqni umrimda ilk da’fa ko‘rib turishim edi. Xuddi buyuk bir rassomning kartinasi ichidan ketib borayotgan kabi edik.

Osmon gumbazining ostida, poyezdning ichida. Yo‘q, poyezd bir kema yanglig‘ edi. Ikki tarafimizda lolaqizg‘aldoqlar daryosi. To‘lqinlanibgina turibdi.

Qutidan sigaret olarkan yo‘ldoshim M.Ch.: Narigi tomonga qaramadingiz-da. Xuddi gilam to‘shab qo‘yilgandek. Qizg‘aldoqlar ufqqagacha cho‘zilgan, — dedi.
— Murodboy. Men umrimda o‘sib turgan lolani ko‘rmaganman. Shu borishda ko‘rarmikanmiz?
— Ko‘ramiz. Toqqa chiqsak. Har xil lola bo‘ladi. Qizilidan tashqari qora, oq.

Qo‘l telefoni jiringlaydi. Shoir do‘stimiz O‘roz Haydar ekan. Hali vokzalga kirmadik, deydi M.Ch. Qarshiga yaqin qoldikmi o‘zi? Bilmayman. Qanaqa odamsiz? Qashqadaryolik bo‘lsangiz? To‘g‘risi, Qarshiga kam kelganman.

Kupedagi hamrohlar bilan xayr-xo‘sh qildik. Kayfiyatim salgina xiralashdi. Yorqinoy mendan xafa bo‘lmaganmikin? Tuzukroq gaplashib bilmadim? U bir jilmaydi-da” Biza yoqlara boring, Bahrom og‘a” deganicha g‘ildirakli chemadonini g‘ildiratib ketdi.

Dunyoning ishlari qiziq-da, deb o‘ylay boshlayman. Olloh chiroyli manzaralarni yaratgan. Yana o‘zi go‘zallikni oxirigacha his qilishimizga qo‘ymaydi.
Mana, lolaqizg‘aldoqlar daryosi. Jannatni eslatibgina turibdi. Ko‘rib ko‘nglim yorishdi. Shodlandim. Kamdan kam hollardagina xursand bo‘laman. Ammo, bu onlarda chinakamiga quvondim. .

Go‘zallik bu! Olloh bandalaridan qizg‘anadi go‘zallikni. Aqlu idrok boshqa narsalar bilan band. Bola-chaqa tashvishi, turli tushuntirishlar, g‘iybatlar, mish-mishlar.

Shaxsiyatingdagi ziddiyat. To‘g‘rirog‘i, malomat dunyosida yashab yurganingni sezishing. Biz tabiatdan bahra olishga qiynalmoqdamiz.
Biz tabiat bag‘ridagi go‘zalliklarni ko‘rmayapmiz. Odamlar pul haqida kengroq o‘ylashmoqda. Tirikchilik tashvishi ko‘zlarga parda tashladi.

Atayin shunday. Olloh biz bandalaridan jozibali yasatiqlarini qizg‘anmoqda. Qashqadaryo vohasi bilan tanishuvimiz shu zaylda boshlandi.
Vokzalda bizni O‘roz aka kutib turgan ekan. Taksiga o‘tirdingu jo‘nadik.

3

O‘roz Haydar ikki qavatlik qasrmonand hovlida yashar ekan. Qarasangiz ertaklardagiday…

Kiraverishdagi tosh yo‘lakning ikki tarafi bog‘. Bodom, shaftoli va boshqa mevali daraxtlar gurkirab turibdi.
Qip-qizil gullar shoirning dididan darak bermoqda. Ichkarida ham bog‘ bor ekan.

— Tashqarida, daraxtlar orasida supa yasayman. So‘ng she’r yozaman! ,— deydi u.
— Badtar ko‘p yozarkansiz! — dedim hazillashib. U esa odatdagiday qah-qah otib kuldi.

O‘yladim. Shuncha ishga qanday ulgurarkan? Bir gazetaning bosh muharriri. Tinmay she’r yozyapti. Kitob chiqaryapti. Akasi Nazar Shukurning kitoblarini ham chiqargan. “So‘z tashrifi” bayozi nashriga qanchalik hissa qo‘shganini bilaman.

Yaqinda chiroqchilik ijodkorlarning bayozi “Surur” ga tartib berishda ishtirok etibdi. Yana farzandlarining o‘qishi. Kelajagi haqida qayg‘urishlar.

— Otamiz bizni biror marotaba chertmagan ham. Shuning uchun tarbiyada qattiqqo‘llik qila olmayman. Bu imoratni esa farzandlarim uchun qurdim. Ko‘p kuchim shunga ketdi, — deydi O‘roz aka.

To‘yga taklif etishgan ekan. Qashqadaryoliklarning ham to‘yini ko‘rdik. Mashinada huquqshunos Homid Boboqul bilan tanishdik. Bu odamning fazilati shunda ekanki, adabiyotni chuqur tushunarkan.

Ertasiga O‘roz aka, Homid aka, M.Ch. to‘rtovimiz tadbirkor Ibrohimning “Neksiya” sida Chiroqchi tarafga qarab yo‘lga tusharkanmiz mezbon g‘ururlanib shunday dedi:

— Qashqadaryoning ko‘rinishlari xilma xil. Bu yerda tog‘ ham bor, dashtu qirlar, cho‘l ham bor. Shuning uchun bizdan buyuklar chiqadi-da! – qah-qah otib kuldi.

So‘ng jiddiylashdi. Shahrisabzda Navoiy hazratlarining ajdodlari yashashgan. Mirzo Bedilning ham bobolari shu joydan. Mirzo Ulug‘bek yashagan bu yerlarda.

Homid aka tarixdan gapirdi. Goh Xorazm taraflarga xayolan borib kelardik. Sigaret sotib olish uchun mashinadan tushdik. Shunda churq etmay kelayotgan M.Ch.:

— Kitob — juda qadimiy shahar. U gullab-yashnagan paytda Xorazm ham bo‘lmagan, — menga atay qalampirsimon dedi.
— Yo‘q,— dedim mutoyiba yo‘sinida,— Xorazm gullab-yashnaganida hali Yer shari ham paydo bo‘lmagan edi!

Biz hammamiz o‘zimiz tug‘ilib o‘sgan yurtni sevamiz. Ko‘klarga ko‘targimiz keladi. Ammo, shu lahzalarda menda taqqoslash imkoniyatlari paydo bo‘lganidan hayajonda edim.

Bolalik choqlarimda tog‘ tugul, adirlarni ko‘rmaganman. Lolaqizg‘aldoqni ham…

“CHIROQCHI”, yozuvini o‘qidim. Atrofda namlikning hidi. O‘tgan kuni soat kechki yettilarda Qarshi osmonida qora bulutlar paydo bo‘lgan edi.

Chiroqchida jala sharros quyib beribdi chog‘i.

Ikki qavatli bino ko‘rinishi bilanoq O‘roz aka: Bu Nazar Shukur nomidagi maktab. Byusti ham bor, dedi.
Sal yurib mashinani to‘xtatishdi. Panjara va lolaqizg‘aldoqlar yonib yotgan tepalikni ko‘rdik.

— Qayoqqa ketyapmiz o‘zi? — so‘radi haydovchimiz.
— Qabriston bu. O‘rozning akasi shu yerga dafn etilgan,— izoh berdi Homid aka.

Bir choponli yigit paydo bo‘ldi. Lolaqizg‘aldoqlarga yopingan tepalikka ko‘tarildik. “Nazar Shukur” ismi va she’r bitilgan marmartosh yonida to‘xtadik. Do‘mpaygan tepalikka qarab hayajonlandim.

Nazar Shukur shu yerda yotibdi. Qur’on tilovat qilindi. Nazar akaning otasi, onasi, ajdodlari yodga olindi. Qizg‘aldoqlar sukut ichida turishardi. Viz yetgan sas-sado yo‘q:

Ko‘zimga tashlanar boqiy uy — qabr,
( Ey Nazar, yashab qol, o‘lish qochmaydi!)
Unda bir kas yotar xotirjam, sobir,
Lekin u hech kimga eshik ochmaydi!

Bu misralarni N.Shukur 1983 yilning 29 iyunida yozgan.
Ikki yildan so‘ng 14 mayda esa…

Yo xudo, shoirlikda bashoratgo‘ylik ham bormikan?
Shoir uzoq umr ko‘ra olmasligini qanday sezgan axir?
1984 yilning birinchi yanvarida yozgan she’rini o‘qing:

Bir tosh ko‘rsang yo‘l o‘rtasida
Tepib o‘tma, yor, qilib hazar.
Seni kutib oyoq ostida
Yotar toshga aylanib Nazar.

Ayamasdan ardoqlaringni
Zangor soyni kechasan kulib.
Bilmaysanki, oyoqlaringni
O‘par shu choq Nazar suv bo‘lib.

Bevafolik qilsa gar sanam
Hayiqmasdan mard er tig‘ sanchar.
Hushyor torgin, ichib ont-qasam
Yurgay Nazar shaklida xanjar.

Topmas edi she’rlarim sayqal
Yor ,bermasang ishqing bilan zeb.
Senga tiklab so‘zlardan haykal
Imzo chekdim Nazar Shukur deb.

Soqchi kabi turgan har daraxt
Manzilingga omon yetkazar.
Qo‘yganmisan ularga qarab?
Axir, uning hammasi — Nazar.

Seni ko‘zday asramoq uchun
Jismi bilan intilib nurga,
Girdingdagi narsalar bugun
Aylangandir Nazar Shukurga!

Ojiz banda bu tilsimotlarning sir-asrorini yecha bilmaydi. Taqdir deganlari rostmikan, deb o‘ylaysan goho. Shoir zoti o‘zining kelajagini bilarmikan? Tushida zohir bo‘larmikan ba’zi sabablar?

Bu yerda – yorug‘ olamda lazzatlanib yashay bilmagan guldek yigit yotibdi. O‘zi aytganiday: u ketmagan. Balki hamma narsaga aylangan.
Nazar Shukur byusti oldida shu fikrlar xayoldan kechdi.

Shoir bolalik davrlarda o‘ynab o‘sganiga, sayr qilganiga, qo‘y boqqaniga guvoh bo‘lgan Hayitko‘l dashti sari yo‘l oldik. Kengliklarga termulib mahzun kayfiyatimiz asliga qaytdi.

Mana, Nazar Shukur qalamiga siyoh ulashgan manzaralar. Hamma yoq ko‘m-ko‘k. Poyonsiz hududlar. Shunday joylarda shoir dunyoga keladi-da axir!
To‘lqinsimon yashillik. Bu tepaliklarga turna qo‘nadi, deydilar. Yer va osmonning birlashib ketgan bir joyi. Osmonga qaraymiz.
Yerda, dasturxon atrofida tabiatning besh oshuftasi. Osmon esa…

Nazar Shukur yozgani kabi:

Osmon bulut.
Yer uzra cho‘kkan
Ko‘rayotgan zilday tushlari.
Yoqiladi ko‘lkalar ko‘kdan
Sukunatga limmo-lim qa’ri.

Boqib bulut tirqishlaridan,
Unsiz qotib quyosh kuladi.
O‘urkitadi cho‘kkan tushlarni,
Yerga tushgan kunduz bo‘lagi.

Eshitishimizcha, Hayitko‘l kengliklarida sayllar, jumladan, Navro‘z sayli ham o‘tkazilarkan.. . Ko‘pkari, kurash…

Xullas, ajdodlardan meros udumlar aynan shu joyda voqelikka ko‘charkan.

Hayitko‘l dashtini bir qarashda eslab qolish qiyin. Ayniqsa, bu xildagi manzaralarni avval ko‘rmagan bo‘lsangiz.
Onda-sonda uychalar ko‘zga tashlanadi. Qo‘y-qo‘zilar yoyilib o‘tlab yuribdi.
Dashtga yaqin yerlarga tarvuz ekilarkan. Tarvuzini juda shirin bo‘ladi deyishdi.

Dashtning bir chetiga palos, palosning ustiga ko‘rpachalar to‘shaldi. Dasturxon yozildi. Laganda piyoz aralashtirilgan yaxna go‘sht.

Havo toza va og‘ir. Gohida g‘ir-r etib shabada esadi. Shu vaqtgacha qancha shohona dasturxonlarni ko‘rganmiz. Ammo, bunaqasini…

Bir shishani yiqitdik. Ikkinchisiga ko‘z yiborib turganimda, asli melisa-da, O‘roz aka to‘xtatdi. “Unisini boshqa joyda ichasizlar”.

Qashqadaryoliklarning mehmondo‘stligi bizga ma’lum. Ammo, meni hayratlantirgan xususiyat shu bo‘ldiki, qishloq ko‘rinishlari bus-butun saqlanarkan.
Ehtimol buning boisi lalmi yer bilan izohlanar?

… Shahrisabz sari yurdik. Kitob shahridan yashil shahargacha atigi to‘qqiz kilometrlik yo‘l ekan.

Haliyam mahobatini saqlab turgan Oq Saroyni borib ko‘rdik. Amir Temur Sohibqironning, pirlarining, yaqin kishilarining maqbaralarini ziyorat etdik.
Go‘yo o‘n to‘rtinchi — o‘n beshinchi asr lavhalari orasiga tushib qolganday bo‘ldik.

Uchta bahaybat chinor. 1370 – yillarda ekilgan ekan. Amir Temurni ko‘rgan bu tutlar!

Qanchalik shon-shavkat. Oq Saroyda salobat bilan o‘tirgan jahongirning bir imosi ila jahon tarixi butkul o‘zgarib ketishi ham mumkin edi.
Bu yerdagi jimlik qandaydir boshqacha. Sehrli. Joduli…

Shahrisabzda og‘ir taassurotlarni ruhiyatga jo aylab, taksiga o‘tirib to‘g‘ri Qarshiga yo‘l oldik.

Qadrdon mezbonimiz bilan xayr-xo‘sh qilib poyezdga chiqdik.

Soat kechki o‘n birlardan oshgan, hamma yoq qorong‘u, kunduzi chiroqdek yongan lolaqizg‘aldoqlar ko‘zga ko‘rinmasdi.
Baribir lolalarni, o‘sib turgan lolalarni ko‘ra olmadim. Ammo, lolalari yal-yal yongan bu yurtni chin yurakdan yoqtirganim rost.

Abdulla Oripov, Muhammad Rahmon, Nazar Shukur, Ikrom Otamurod, O‘roz Haydar, Xol Muhammad Hasan, Nazar Eshonqul, Rustam Musurmon, Alisher Nazar, Zebo Mirzo, Nilufar Umarova singari o‘nlab so‘z ustalariga beshik bo‘lgan shu yurtni!

Yillar, asrlar kechadi. So‘z qoladi:

But joyim qolmagan, darzlarim bisyor,
Yo‘qotdim takabbur qiliqlarimni.
Gar bilsang o‘zingni menga chin do‘st, yor,
Sen yerdan terib ol siniqlarimni…

Bahrom Akbarov
SHAMOLLAR SHIVIRLAB DARDINI AYTAR…
(Xotiradan parcha)

011

8f5b5ba801c0fe35cc3120b32f76ba3b.jpg1993-yilning noyabr oylari edi. O‘qituvchi nashriyotida ishlab boshlaganimga bir hafta bo‘lar-bo‘lmas bo‘lim boshlig‘imiz.Azizxo‘ja aka “Uka, ertaga paxtaga ketasiz. Tayyorgarlik ko‘ring” – deb qoldilar. Ishxonada qolgan yoshlar bilan birga Pskent tumaniga jo‘nab ketdik. Havo ochiq bo‘lsada, kuzning issiq shamoli esib turgani bois issiqroq kiyinib olgandik. Shahardan kelgan hasharchilar xonadonlarga taqsimlandi.

– Nazar, sizlarda bitta krovat bo‘sh, shekilli. Shu ukamiz sizlar bilan tura qolsin, — dedi o‘zini paxta shtabining boshlig‘i deb tanishtirgan kishi.
– Mayli. Gap jo‘q, — dedi u.

Oq-sariqdan kelgan, o‘rta bo‘y, qalin sochlarini barmoqlari bilan tez-tez tarayveradigan, bu yigit o‘zini Nazar Shukur deb tanishtirdi. Tosh ko‘cha bo‘ylab biroz yurgach, pastqamgina uy oldiga kelib to‘xtadik va chog‘roqqina hovliga kirdik. Chap tomondan hujraga o‘xshagan uy bo‘lib, karovatda bir yigit cho‘zilib yotardi.

– Maman,tur o‘rningdan. Mana senga jo‘ra olib keldim.
– Jo‘rani pishirib yeymanmi, ovqatdan gapiring. Hoynahoy, yana sho‘rvadir-da. To‘g‘risini aytavering.

–Yo‘q,moshxo‘rda.Sen yaxshi ko‘radigan ovqat.
– E… Bu oshpzlarni… – Maman shunday deb biz tomonga o‘girildi va menga qarab hayron bo‘lib qoldi.

– Ha, nega baqrayasan? Aytdim-ku senga jo‘ra olib keldim deb.
– Buni qarang-a. Men aldayapsizmi deb o‘ylabman. Olib kelgan jo‘rangiz juda po‘rim-ku!Qalaysan, jo‘ra!

U kulib o‘rnidan turdida xuddi eski qarindoshlardek so‘rasha ketdi. Shunday qilib Nazar Shukur va Mamarajab (Muhammad Rajab) bilan bir xonada tura boshladik. Mamarajab bilan tezda chiqishib ketdik. Bunga sabab u bilan deyarli yoshimiz teng bo‘lib, bir kunda tug‘ilgan ekanmiz. Men ham uni Maman deb atay boshladim. U bundan hafa bo‘lmasdi. Gohida “Mamanbiyman” deb qo‘yardi. Mamarajab biroz sodda, lekin ancha serjahl edi. Bir zumda Nazar Shukur bilan tortishib qolar, fikri noto‘g‘ri bo‘lsada, ortga chekinmasdi. Nazar aka tabiatan ancha bosiq bo‘lsa-da, goho u ham chegaradan chiqib ketardi. Shunda men suhbat mavzuini shaxmatga tortardim.

Mamarajab Nazar Shukurning jig‘iga tegish maqsadida men tomonga o‘tib olardi.

–Voy, bovirlarim-ey, yana ikkiga birmi?–derdi Nazar aka kulib.

Nazar Shukur yarim kechagacha she’r yozar, yozganlarini qayta- qayta tuzatishdan erinmas va bizlarga ham o‘qib berardi.

Mamarajab esa Nazar akaning she’rlarini eshitib fikrini aytar, men ham jim o‘tirmasdim.

Nazar Shukur bizning gaplarimizni bo‘lmasdi. Fikrimizni inobatga olsa, biz xursand bo‘lib ketardik.

Nazar Shukur o‘sha vaqtda yozgan ko‘pchilik she’rlarini keyinchalik o‘zining “Ko‘kdagi umr” nomli kitobiga kiritgan bo‘lsa, Mamarajabning she’rlari “Sevgisiz fasl” nomli kitobidan o‘rin oldi.

Mamarajabning har bir she’rida ichki dard hamda tug‘yon hukmron edi.

Biz uzoq yillar do‘st bo‘lib qoldik. Ammo taqdir ekan 1990 yilga kelib ikkalamiz nashriyotni tark etdik. U dastlab ”Kino”jurnalida, keyinchalik Samarqanddagi nashriyotda ishladi. 1991yil Samarqandga ish bilan borib, uni izlab topolmadim. Kotiba qizga ”Toshkentdan do‘sting kelibdi, deb aytib qo‘ying”, dedim.” Otingiz nima?”–deb so‘radi u. Men esa bir oz o‘ylanib javob berdim: “Mamanning ahvollari qalay?. Men ”Inturist”daman…”

Kechki soat 19.00 lar chamasi xona eshigi taqillab qoldi. Eshik oldida jilmayganicha Mamarajab turar edi. Quchoqlashib ko‘rishib ketik. Axir ikki yildan beri ko‘rishmagan edik-da. Mamarajab bilan ko‘chaga chiqdik. Mehmonxona qarshisidagi oshxonada suxbatni davom ettirdik. Nazar Shukurni esladik.

– Mana o‘qib ko‘r. Nazar akaga bag‘ishlab yozgan she’rim kitobimda ham chiqdi.

Osmon, osmon, kengligingdan ber,
Yurakkinam laxta-laxta qon.
Zamin,sendan so‘rayman bardosh,
Asablarim bo‘lmoqda odosh.

Tog‘lar, menga sabot, kuch bering,
Zarbalarga sobit turayin.
Bulbul, sendan so‘rayman ovoz,
Dardlarimni to‘kib solayin.

O‘lim sendan so‘rayman imkon,
She’rlarimni yozib olayin…

Maman she’rni Nazar aka fojiali ravishda vafot etgandan so‘ng yozgandi. Ammo o‘shanda bu misralar xuddi Muhammad Rajabning o‘ziga atab yozilganini kim bilibdi deysiz…

Oradan ikki-uch oy o‘tib may oylarida ko‘rishdik. Bu bizning oxirgi uchrashuvimiz ekanligini keyin bildim. O‘shanda Mamanning ko‘zlari tubida yashirin dard bor edi. U hayotidan va hayotdan hech qachon nolimasdi. Birovga hasad ham qilmasdi. Cho‘ntagida puli bo‘lsa saxiyligi tutib, oxirgi so‘migacha do‘stlariga sarflab yuborardi. Tog‘liklarga xos jo‘mardlik hamisha fe’l-atvorida namoyon bo‘lib turardi. U juda qisqa umr ko‘rdi.Lekin shu umri davomida qator hayotiy hajviy asarlar, ravon she’rlar yaratdi, She’riy kitoblari nashr etildi..

Muhammad Rajab bir she’rida shunday degan edi:

Bulutlar boshingda yig‘laydi,
Shamollar shivirlab dardini aytar.
Men aytsam, dardimni kim ham tinglaydi,
Dardlarim ko‘ksimda qalashib yotar.

Har bir insonning qalbida o‘z dardi bo‘ladi. U buni goho pinhon saqlaydi, goho oshkor etadi. Mamarajabning ham o‘ziga yarasha dardi bor edi. Bu dard oddiy dard emas edi. U xalq dardi bilan umr kechirdi.

хдк

(Tashriflar: umumiy 3 477, bugungi 1)

Izoh qoldiring