G‘aybulla as-Salom. Men suv ichgan daryolar & Xurshid Davron. Domlani eslab & Orziqul Ergash. Yozilmagan doston.

Ashampoo_Snap_2017.10.26_23h22m57s_001_.png 11 декабр — Атоқли олим Ғайбулла ас-Салом таваллуд топган куннинг 91 йиллиги

Устоз Ғайбулла Саломовнинг таваллуд куни унинг шогирдлари, шу жумладан, камина учун ҳам  қутлуғ маросимдир. Университетда ўқигани йилларим домладан,сафдошлари ва шогирдлари бўлмиш Нажмиддин Комилов,Тилак Жўрадан таржима санъати сирларидан таълим олганимни ҳамиша катта ҳурмат ва соғинч билан эслайман.

ДОМЛАНИ ЭСЛАБ…
Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири
05

     Устоз Ғайбулла Саломовнинг таваллуд куни унинг шогирдлари, шу жумладан, камина учун ҳам  қутлуғ маросимдир. Университетда ўқигани йилларим домладан,сафдошлари ва шогирдлари бўлмиш Нажмиддин Комилов,Тилак Жўрадан таржима санъати сирларидан таълим олганимни ҳамиша катта ҳурмат ва соғинч билан эслайман.Ўқиш якунида  диплом ишимни ҳам  айнан таржима санъати йўналишида ёқлаганман. Домла менинг хотирамда,энг аввало, самимий инсон ва улкан салоҳиятли адабиётшунос олим сифатида сақланиб қолган. Муҳтарам муаллим Нажмиддин Комилов ёзганидек,»Устоз олимнинг маданиятимиз ва фанимиз тараққиётига қўшган катта улуши, биринчи навбатда, унинг ўзбек таржимашунослиги мактабини асослаб, бу илм соҳасини ҳам назарий жиҳатдан пухта ишлаб чиққани, ҳам уни таҳсил-таълим жараёнига амалий татбиқ этганидир».

 9_large.jpg  Ғайбулла домланинг  “Мақол, матал ва идиомлар таржимаси”, “Бадиий таржиманинг лексик-фразеологик масалалари”, “Рус тилидан ўзбек тилига мақол-маталлар таржимаси” рисолалари, “Тил ва таржима”,“Таржимон маҳорати”, “Дўстлик кўприклари”(ҳаммуаллифликда), “Бадиий таржима ва адабий таҳрир проблемалари”, “Таржима ташвишлари”, “Адабий анъана ва бадиий таржима проблемалари”, “Таржима назариясига кириш”, “Таржима назарияси асослари” номли монография ва дарсликлари адабиётшунослигимизнинг  катта маънавий-маданий бойлиги бўлиб қолди.

Университетда  ўқиган йилларим,қолаверса, ундан олдину кейин ҳам таржима кафедраси талабаларнинг энг қадрли ва суюкли маскани бўлган десам адашмайман. Бунга кафедрада фаолият юритган домлаларнинг,аввалан, Ғайбулла Ас-Салом, Нажмиддин Комил ва Тилак Жўранинг инсоний фазилатлари сабаб эди. Бу ҳақда ёзарканман, ака шоир Маъруф Жалилнинг мана бу шеърини хаёлан эсладим:

УЧ ОҒАЙНИ БОТИРЛАР
(Ғайбулла Ас-Салом, Нажмиддин Комил ва Тилак Жўрага)

Уч оғайни ботир фақат эртакдамас,
Ҳаётда ҳам бўлар экан, ҳаётда ҳам.
Кўрган одам қилар эди дилдан ҳавас,
Устоз-шогирд қандай иноқ, ҳамкор, ҳамдам.

Фикр отин миниб чопган чавандозлар,
Фан чўққисин маҳв айлаган тирандозлар,
Илм боғин обод қилган бу шоввозлар
Кам бўлмагай икки дунё, бўлмагай кам.

Учта ниҳол эдилар ҳар ерда ўсган,
Тошкент келиб, чинор бўлиб фикри ўзган,
Тангрим, асра деяр эдим ёмон кўздан,
Ғов бўлмасин йўлларига қайғу, алам.

Аммо кулфат панд бермаган кимса борми?
Ким қолдирар аро йўлда содиқ ёрни?
Ғам ўлдирар ҳамкори йўқ, кўнгли торни,
Устоз, сизнинг бардошингиз тоғдай маҳкам.

Бошингизга ёққан кулфат зарбасидан,
Ёки қисмат юборган дард ҳамласидан,
Кўзи тиниб мавҳум кураш ғамзасидан,
Кенжа ботир тополмасдан кетди малҳам.

Малҳам истаб ишонч отин олға сурди,
Маккор умид кўчалари адаштирди,
Тоғдай оғир фалокатни енгил кўрди,
Руҳи кучли эди унинг, руҳи бардам.

«Кенжа ботир эртакларда ўлган эмас,
Ё чорасиз қолиб, мағлуб бўлган эмас,
Дўсти йиғлаб, душманлари кулган эмас,
Охиратинг обод бўлсин жоним, укам».

Катта ака йиғлар юрак, бағри куйиб,
Кичик ака ўксинади қовоқ уйиб,
«Ижод қилсанг бўлмасмиди тўйиб-тўйиб,
Бор эди-ку қўлгинангда ўткир қалам».

Аммо тақдир ҳикматига ҳеч чора йўқ,
Бу жумбоқни ҳал қилган бир овора йўқ,
Умид шами ёниб турган кўнгиллар тўқ,
У бўлмаса босар эди оламни ғам.

Ўзбек илми байроғини баланд тутиб,
Таржима ва тасаввуф шаробин ютиб,
Қанча юксак довонлардан дадил ўтиб,
Ёруғ юз-ла қўймоқдасиз олға қадам.

Эранларга ҳамроҳ бўлган ит сингари,
Мен эргашиб кетмоқдаман манзил сари,
Авлодларга ошкор бўлар бир кун бари,
Нима учун қўшилганим билар олам.

Бугун бу сатрларни ёзган ака шоир ҳам, уч оғайни ботирлар ҳам орамизда йўқ. Аммо, уларнинг хотиралари юракларимизда сақланиб турибди. Яратгандан бу муҳтарам зотларни раҳматига олиб,мағфират айлашини, Ўзининг Улуғ Юзига боқиш неъмати ила мушарраф айлашини сўраб қоламан.

Орзиқул Эргаш
ЁЗИЛМАГАН ДОСТОН
05

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор, филология фанлари доктори Ғайбулла Саломов (тахаллуси: Ғайбулла ас-Салом) 1932 йил 11 декабрда Самарқанд вилоятининг Хатирчи туманида туғилган. 1956 йилда Самарқанд Давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. 1956-2003 йилларда “Фан ва турмуш” журнали, Ўзбекистон Энциклопедияси нашриёти, Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти, Тошкент Давлат университети, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида турли лавозимларда фаолият юритган ҳамда ёшларга сабоқ берган. 2003 йил 31 январда Тошкент шаҳрида вафот этган.

Ғайбулла ас-Салом «Мақол ва идиомалар таржимаси» (1961), «Тил ва таржима» (1966), «Таржима назариясига кириш» (1978), «Дўстлик кўприклари» (1970, Н.Комилов билан ҳамкорликда), «Адабий анъана ва бадиий таржима» (1980), «Таржима назарияси асослари» (1983) каби илмий-назарий асарлар ёзган. Мустақиллик йилларида алломанинг “Эй, умри азиз”, “Армон”, “Ваҳийдан келар бир садо”, “Толибнома”, “Эзгуликка чоғлан, одамзод”, “¥алоллик бозорда сотилмайди”, шунингдек, “Жаҳонгашта “Бобурнома” (Н.Отажонов билан ҳаммуаллифликда) сингари маънавият ва маърифат, тарих ва маданият масалаларига оид китоблари нашр этилган.

05

«Азиз қўлларингиз билан битган мактубингизни олдим. Ишонсангиз, неча қайта ўқиб чиққанимнинг ҳисобига етолмайман. Ҳар ўқиганимда янги-янги маънолар, жилолар, ифорлар кашф этдим ўзимча… Ҳозирги мусофирчиликдаги, ҳижрондаги кунларимда Сизнинг мактубларингиздан-да азизроқ нарса йўқ мен учун! Агар билсангиз, мен учун энг завқли машғулот Сизга мактуб ёзиш, энг бахтли дақиқалар эса Сиздан келган мактубларни ўқиётган онларимдур…»

Ушбу мактуб битилганига қанча муддат бўлган деб ўйлайсиз?

Андак сарғайган тўрт катакли ўқувчилар дафтари варағи, бинафшаранг сиёҳ, ўхшаши кам ҳуснихат… Мактуб санасига кўз ташлаймиз: 2 сентябр, 1952 йил… Демак?

Биз улуғларимиз ҳаётидан биламизки, улар илмда, санъатда ёхуд жамият ҳаётида қанчалик мавқе — мартабага эришган бўлишса, ишқу муҳаббатда ҳам, ёру дўстларига меҳру оқибат кўрсатишда ҳам шунчалик мардона бўлишган.

Мактубларнинг яна бирини ўқиймиз:
«Шаҳрижон, бугун кетаман. Лекин ҳеч кетгим йўқ. Кетгим йўғу, кетишга мажбурман… Қизиқ бир ҳолатдаман: дадамга «Келинингизни тезроқ тушириб берсангиз, беринг» деёлмайман. Мана бунақа айрилиқларда юришга эса тоқатим қолмади. Инсоф билан айтинг, мен нима қилай?! Қачонгача «сен унда зор, мен бунда зор» қўшиғини айтиб юрамиз?! Айтар гапингизни биламан, сабр қилинг, оз қолди, ўн бир ойгина қолди дейсиз! Ўн бир ой озми, Шаҳрижон?! Бир кунни айтмайсизми, бир кунни. Биламан, маз-за қилиб куляпсиз. Ҳозирча кулиб туринг-чи, бизгаям навбат кеп қолар, ўшанда!.. Хуллас, бу ҳаммаси ҳазил, Шаҳрижоним. Ҳамма нарсанинг вақт-соати бор, тушунаман. Сабр қилсак, бир кун етамиз ва ўшанда… Мана шу хатларимизни олдимизга уюб қўямиз-да, бир чеккадан ўқиб, маза қилиб кулишамиз… Ўша кунларни янада бесабрлик билан кутиб қолгувчи: Ғайбулла Саломов…»

Ҳа шундай, ушбу мактублар эгаси — ўша ўзимиз билган аллома Ғайбулла ас-Салом домламиздир. Эътибор қилинг, устоз асарларидаги бизга жуда яхши таниш жайдари оҳанг, самимият, бепардоз ростгўйлик неча ўн йиллар муқаддам битилган севги мактубларида ҳам ўзини кўрсатиб турибди, шундай эмасми?!.

Домламизни илмдаги хизматларини яхши биламиз: у кишининг саъй-ҳаракатлари билан Таржима назарияси фани дунёга келди. Бу соҳада ўнлаб таржимашунослар вояга етди. ТошДУ (ҳозирги Миллий университетимиз)да собиқ Иттифоқда биринчи бўлиб Таржима назарияси кафедраси ташкил этилди. Ғайбулла Саломов домла Иброҳим Мўминовдек забардаст аллома билан елкама-елка туриб, курашиб, дастлабки қомусимиз тамал тошини қўйганлардан бири бўлди. Унинг партиясизлиги, партияга киришни истамагани туфайли бошига тушган савдоларнинг ўзиёқ катта бир драматик достонга мавзу бўла олади. Аммо, биз шу тобда бутунлай бошқа бир достон, ёзилмаган, ёзилиши лозим бўлган достон хусусида сўз юритишни истаб турибмиз…

«Шаҳрижон, муҳаббат кишига бир мартагина берилади. Шунинг учун уни бир умрга ушлаб қола олиш керак. Шундай қилиш керакки, ҳатто юз ёшимиздаям ҳозиргидаги каби севишиб юрайлик. Дунёнинг лаззати ана шунда!..»

Ер устида орзу кўп, ер остида армон, дейишади. Армон …

«Мактубларни йиғиб боринг, кейин бир кун ҳаммасини бир чеккадан ўқиб мазза қилиб кулишамиз», деб ёзган эди. Ғайбулла ака бир хатида. Аммо, Шаҳрихон аянинг айтишича, устознинг мана шу оддийгина орзуси ҳам амалга ошмабди. Ва яна бир истаклари бор экан: қачон бўлмасин, мана шу мактублар асосида бир достон ёзаман, аввал бошқа ишларимни бир ёқлик қилиб олай, деб юрарканлар ҳазил аралаш. Аммо, бу ҳам кўплаб армонлари ёнидан жой олади устознинг.

— Раҳматли отам Қурбонжон Ҳотамов савдо ходими эдилар, — дея ҳикоя қилади Шаҳрихон ая. — Негадир эллигинчи йилда Хатирчидан Шаҳрисабзга кўчиб кетганмиз. Саккизинчи синфни Оқсарой ёнидаги 20-мактабда ўқиганман. Тобим қочавергани учун, ҳавоси тўғри келмаяпти, деб мени Хатирчига, Латофат холамнинг олдига қайтариб юборишган. Бу — янги ўқув йили арафаси, эллик биринчи йил августининг охирги кунлари экан ўйлаб қарасам…

Ўшанда икки юк машинаси Хатирчига кираверишдаги йўл бошида учрашади. Кўча торлигидан «полуторка»лар секинлаб, кузовлари бир-бирига тегар-тегмас бўлиб ўтади-да, бири туман марказига, бошқаси Зирабулоқ вокзали томон кетади. Хатирчига кириб келган машина кузовидаги қиз нариги кузовдаги қуюқ сочлари чиройли тўзғиган, новдадеккина йигитни танийди. Аммо, фикри-зикри олис-олис манзиллар хаёли билан банд бўлган йигитча каттагина рўмолга ўраниб олган қизалоқни пайқамай ўтиб кетади…

«Эҳ, аттанг-а, ҳозиргина Ғайбуллажонларингиз жўнаб кетди-я! — дейди афсусланиб Мулла Тожининг аёли меҳмонларни қарши оларкан. — Йўлда кўргандирсизлар?..»

— Кўрмадик-ку ёки эътибор бермабмиз шекилли-да!..
— Мен кўрдим, — дейди қизалоқ қизариниб. — Бир ўзлари машина устида кетдилар…

Катталар негадир сирли кулимсираб қўядилар…

— Ота-онам уч кун туриб, Қашқадарёга қайтиб кетдилар, — дея давом этади ая. — Мени Латофат холамнинг ёнида қолдиришди. Латофат холам илгари Чечакота қишлоғидаги уйимизда биз билан бирга турардилар. Биз у ёққа (Шаҳрисабзга) кетгач, ёлғиз қолмаслик учун туман марказига — Мулла Тожи тоғаларининг хонадонига кўчиб келгандилар. Холамнинг Турсунтош деган мендан ёшроқ қизлари бор эди. Шунақаям бижилдоқ, пишиқ-пухта қизча эдики, қўяверасиз!..

… Ва кейинги воқеалар ривожида ана шу «пишиқ-пухта» қизалоқнинг хизматлари катта бўладики, бу ҳақда мамнуният билан кейинроқ тўхталамиз.

Хуллас, Шаҳрихон холасининг қарамоғида қолди. Эртага мактаб деган кунда у сочини ювиб, холасига ўрдирмоқчи бўлиб турганида Мулла Тожининг аёли кириб келди. Қирқ ёшларга етиб-етмаган хушрўйгина бу аёл Шаҳрихонни ёнига ўтқазиб олди-да, камоли ҳафсала билан қизнинг сочини тепакокил қилиб ўриб қўйди. Ўзиям чилвир сочлар қирқ ўрим бўлиб кетди-ёв!.. Кейин аёл қўлтиғидан қизил дуррача чиқариб, қизнинг бошига боғлаб қўйди. Мактабингга мана шуни ўраб боргин, қизим, энди буни қўй, деди Шаҳрисабздан ўраб келган катта рўмолни кўрсатиб. Уларни ҳавасланиб кузатиб ўтирган Турсунтош қувониб кетди: — Рост айтасиз, янгажон. Ҳозир, бир пас қараб туринглар… — қизалоқ чопқиллаб ичкарига кириб кетди-да, кўзгуча чиқариб, Шаҳрихоннинг юзига тутди. — Опажон, битта қаранг-чи, танийсизми!..

Шаҳрихон кўзгучага тикилишга уялдию, кейин фурсат топиб ўзини ойнага соларкан, вужуди ёқимли ҳиссиётдан яйраб кетди.

Орадан икки ойлар ўтиб, Қурбонжон Ҳотамов оиласини бутунлай кўчириб келиб, азалий ҳовли-жойларида яшай бошлаши билан совчи ёғилиб кетди. Отанинг боши қотди: ҳой, мусулмонлар, қизим ҳали гўдак-ку, десаям тушунишни исташмади. Охири, қизимнинг ихтиёри ўзида, қизим нима деса, шу бўлади, деб қутилди. Совчилар ҳақидаги тўла-тўкис ахборотлар Шаҳрихонга Турсунтош орқали етиб турарди. Бир кун Турсунтош опасининг олдига бир варақ қоғоз қўйди.

— Нима бу?

— Рўйхат. Сизга совчи қўйиб юрган йигитларнинг исми-шарифлари. Ўн битта.

— Даф қил!

— Опажон, унақа деманг! Биламан, барибир биттасига тегасиз.

— Ҳечам. Мен ўқийман!

— Барибирам-да. Сиз аввал қараб чиқинг. Ўнтасини ўчириб, биттасини қолдиринг. Ўша биттаси…

— Ҳой бижилдоқ, ҳозир кўрсатиб қўяман!..

— Ўқимайсизми?..
— Йўқ!

— Тўғри қиласиз! — қоғозни буйдалайди қиз. — Буларингизди бирортаси  Ғайбулла тоғомни тирноғига арзимайди.

— Топган гапинг шу! — Шаҳрихон кўзини олиб қочади.

— Тўғрисиям шу! Э, сиз бошқа мактабда ўқигансиз-да, билмайсиз. Суратларини кўрдингизми, ҳалиям девордан олишмайди. Ғайбулла тоғом ўн йилда биттамас, иккита мактабни битириб кетдилар… Тушунмадингиз-а, биринчи сменада ўзбекча синфда ўқисалар, пешиндан кейин ўрисча синфга кирардилар. Ҳеч ким мажбур қилмаган, ўзлари қизиқардилар. Бошқа шунақа болани биласизми, йўқ! Ўзларини синфдошларига, ўзларидан катталаргаям дарс берганларини биласизми, билмайсиз! Олимпиадами, спартакиадами, нима бўлмасин, биринчи ўринни олиб турардилар. Скрипка чалганларини кўрганмисиз ҳеч?! Содиқов малимни биласиз-а, алгебрадан кирадилар, ана ўша одамни шахматда ютиб қўйиб, кейин ўзлари уялиб юрганларини эшитганмисиз?! Яна айтаверайми?.. Олтинчи синфдан бу ёғига кечаси босмахонадаям ишлардилар, газета чиқарардилар. Яна айтайми?

— Айтиб нима қиласан, ўзимам биламан, — дейди Шаҳрихон деразадан кўз узмасдан, негадир ўйчан тортиб.

— Биласизу, ҳаммасини эмас-да, — дейди Турсунтош ҳам вазмингина бўлиб. — Масалан, сизда кўнгиллари борлигини билмайсиз!

Шаҳрихон дув қизаради.

— Аҳмоқ қиз бўпсан лекин, — дейди секингина.

— Нима десангизам майли, фақат, — Турсунтош қувончдан чақнаб опасининг кифтидан қучади. — Фақат!..

— Ҳой бижилдоқ, индамасам ҳаддингдан ошиб кетяпсан-а, ҳозир мен сени!.. — холаваччасининг қулоғидан буйдалаб олади Шаҳрихон.

— Вой, вой, бўпти, бўпти, товба қилдим, қўйворинг, опажон… — қиз қулоғини қутқаради-да, нари қочиб, илжаяди. — Сиз нима десангиз денгу, лекин барибир айтиб кетишим керак… Хуллас, ҳозир, — эшикни очиб, остонадан ўтади. — Хуллас, сиздан бошқаси керак эмас эмиш! Агар йўқ десангиз, ўзларини ҳукман битта нарса қип қўярмишлар!..

Шундай деганча, Турсунтош ғойиб бўлди. Унга ёстиқча отган Шаҳрихон эса бутун вужудини олов-оташ ўраб бораётганини сезди…

Орадан ҳафта оралатиб совчи кела бошлайди. Совчи келган кун илжайган Турсунтош ҳам пайдо бўлади.

— Опажон, нима дейсиз? Бир йигитти уволига қолманг!..

— Ҳой бижилдоқ,Ғайбулла тоғонг биринчи курсда ўқияпти. Менам ўқишим керак.

— У ёғига иш тутманг. Ўқийсиз!..

У деди, бу деди, енгимдан кириб, ёқамдан чиқди. Хуллас, кичкина Турсунтош катта бир иш бошланиб кетишига сабаб бўлди. Нон синдирилди, фотиҳа тўйи берилди. Энди гапни қарангки, буларнинг ҳеч биридан куёв бўлмишнинг хабари йўқ экан. Қизиқ устида тўйни бошлаб қўйган бечора қайнана-қайнатам хавотирда… Қишки таътилда ўғиллари келади. Сен айт, сен айт қилишиб, охири қайнатам гап очадилар. Ҳали Юсуфбек ҳожига ўхшатиб, ҳазилга олиб: — Ўғлим, онангиз иккимиз сизнинг устингизда бир иш қилиб қўйдик, дейдилар. Бу ёқда ўғиллари ҳам Отабекка ўхшатиб жавоб қиладилар. Биласиз, жуда ҳозиржавоб эдилар.

— Ақлли кишиларни ўз ўғиллари устидан қилган ишлари номаъқул бўлмайди, дейдилар.

— Биз Ҳотамов амакингни қизини сенга фотиҳа қилиб қўйдик. Қарасак, қиз кетиб қоладиган.

Шунга, айниқса аянг қаттиқ шоширди бизни.

Қайнатамнинг чўчиганлари сабаби, Ғайбулла ака ўқишга кетаётиб беш йилсиз менга келин ҳақида оғиз очмайсизлар, деб тайинлаган экан. Беш йилсиз оғиз очмайсиз, деган ўғиллари бундай қарасалар, индамайгина бош эгиб ўтирган эмиш. Шундан кейин оталариям розимисан, нима дейсан, деб уялтириб ўтирмабдилар.

Шаҳрихоннинг юраги ҳаяжон ва қўрқувдан уюшди. Чунки, дастурхонда Самарқанд нони ва ҳолваси пайдо бўлибди. Демак…

«Кечқурун меҳмон келади, уйни йиғиштириб, дастурхон тузаб қўй. Ўзингам у ёқ, бу ёққа кетиб қолма», дея уни огоҳлантиришди.

Меҳмондан ҳадеганда дарак бўлавермади. У эса, ким келади, қачон келади, деб сўрашга ботинолмади.. Тун алламаҳалда дарс қилиб ўтирса, дераза ортидан икки паранжили ўтди. Салдан кейин дарча очилиб, Фотима аммаси кўринди.

— Бону қизим, бу ёққа кел-чи…

Қизнинг кўнгли бир шумликни сезди.

— Бормайман, — деди ўрнидан сапчиб туриб.
— Э, нега бормас экансан?..

Шаддод амма шаппа қўлидан тутиб, судраб кетди. Шаҳрихон ўзини ҳовли этагидаги хилват хоначада кўрди. Хона кунжагида гўшанга, берироқда хонтахта ёнида Ғайбулла акаси… Бошини нимчаси билан буркаб ғужанак бўлиб олди. Куёви у десаям ғиқ этмади, бу десаям… Гаплашгиси келдию, лекин нимадир сира йўл бермади-да… Охири Ғайбулла акаси бир уф тортди-да, ўрнидан турди.

— Бўпти, мен кетдим бўлмаса. Тўйни қолдирамиз!..— ўқ ниҳоят мўлжалга тегди.

— Вой, нега? — деб юборди Шаҳрихон тилга кириб.

— Нега бўларди, кўнглингиз йўқ экан-ку, — деди Ғайбулла акаси қовоғини очмасдан.

Шундан сўнг озроқ гаплашган бўлишди.

Нима ҳақда, дейсизми?

Куёв бўлмиш ўн йил ўқиб кетган, аммо ҳали узилолмаган, келин бўлмиш энди ўқиётган, лекин ҳали боғланиб улгурмаган мактаб ҳақида-да!

Чинданам шундай бўлди. Суҳбат асосан қай бир муаллимнинг дарси мароқли, қай бириники зерикарли, ўқувчилар ҳозир ҳам адабиёт дарсида ўз малимлари қолиб, Ўрин Камолнинг дарсини ҳавас қилиб юрадими, шунингдек, ким-кимни яхши кўрадию, ким-ким билан аразлашиб юрибди, хуллас, тахминан шу атрофда борди. Асосан талаба йигит гапирди, ўқувчи қиз эса бош ирғаб, тасдиқлаб, маъқуллаб турди. Кейин эса талаба — Ғайбулла Саломов ўқишини давом эттиргани Самарқандга жўнаб кетди, ўқувчи Шаҳрихон Ҳотамова эса ўқишини «тезроқ битказгани» Хатирчида қолди… Ўртада эса роса икки йил давомида ишқий мактублар бориб-келиб турди.

Ана ўша ҳароратли мактублар андак сарғайган, бир оз уринган ҳолда бўлса-да, бу хонадонда — устознинг эълон қилинган, қилинмаган дастхатлари қаторида асраб-авайлаб келинади…

«Шаҳрихон, Сизни Янги йил билан, Худо хоҳласа, бизни бир-биримизга етказадиган, айрилиқларга барҳам берадиган Эллик учинчи йил билан қутлайман. Азизам, Эллик учинчи йилнинг июл ойига етиб олсак бас. У ёғида, Худо хоҳласа, бир умрга бирга бўламиз, бир умрга…»

   Орадан ой-кунлар ўтиб, интизор кутилган вақт-соат етиб келади: 1953 йил, 14 июл!.. Бу кун уларни бир умрга боғлади, ҳижронга барҳам берди… Бир умрга боғлагани рост, аммо, ҳижронлар, изтироблар, синовлар — ҳаммаси ҳали олдинда экан.

Тўйдан икки ҳафталар ўтмасдан ёш куёвни бир ойлик ҳарбий тайёргарлик машғулотига олиб кетишади. Келин эса бу орада уч дугонаси — Бўритош, Маҳмуда, Турсунтош (ҳа, ўзимиз билган бижилдоқ Турсунтош) билан Самарқандга келиб, университетнинг филология факультетига ҳужжат топширади. Куёви бир ойлик сафардан қайтгунича, мандатлардан ўтиб, суюнчли янгиликлар ҳозирлаб туради…

Кейин ёш келин-куёвлар университет яқинидан каталакдек бир уйни ижарага олишади. Бу хона ростдан ҳам каталакдек экани, яшашга бундан-да муносиброқ жой топишлари мумкинлиги хаёлларигаям келмайди. Орада учинчи инсон — ўғиллари Ҳабибулло (1954 йил 30 апрелда) дунёга келгачгина канаю бургалар урчиб ётган бу захкаш кулбадан чиқиб кетишни ўйлаб қоладилар. Гўри Амир мақбараси атрофидаги маҳалладан бир қадар тузукроқ ҳужра топадилар…

— Учинчи йилга келибгина қайнотам бизга бир минг уч юз сўмга ҳовли сотиб олиб бердилар, — дея эслайдилар Шаҳрихон ая. — Қарангки, домлангиз оталарига ёлғиз фарзандлар. Бир оғиз айтганларида шу уйни аввал бошдаёқ олиб беришлари мумкин эди. Лекин, феъллари шунақа эдики, бировдан ёрдам сўрашни эп кўрмасдилар. Оталаридан ҳам ҳатто. Ҳамма нарсага ўзлари эришмоқчи бўлардилар, қийналиб бўлсаям эришардилар.

Университетни қизил диплом билан битирдилар. Тошкентдан Давлат имтиҳон комиссияси раиси бўлиб келган Олим Усмон деган профессор Ғайбулла акани яхши кўриб қолади-да, Тошкентга бирга олиб кетишга кўндиради. Ўшанда Назира қизимиз (Назира Саломова — шоира, марҳум шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг аёли) янги дунёга келган. Мен учинчи курсни битказганман. Ўйлашиб, маслаҳатлашиб  Олим Усмон домланинг таклифига розилик беришга қарор қилдим.
Тошкентга келдик. Домлангиз нашриётда ишлайдилар. Мен ўқишимни сиртқига кўчирганман, ҳар олти ойда Самарқандга бориб, сессияни ўтказиб келаман.

Биласиз, бир юртдан бир юртга бориб, яшаб, ўнгланиб кетишнинг ўзи бўлмайди. Эсласам, эзилиб кетаман. Янги рўзғор, мусофирчилик. Мен болалар билан бандман. Домла соат еттида ишдан келадилар. Нари бери овқат еган бўладилар-да, ишга ўтирадилар. Мақола ёзадиларми, бирор нарсани таржима қиладиларми, ишқилиб, бекор ўтирмайдилар. Ўшанда биринчи бўлиб «Тупроқ» деган («Почва») романми, қиссаними таржима қилган эдилар. Ўша китобнинг пулига ўзларига арзон гаровгина костюм-шим билан, оддийгина соат олиб, менга тилла соат, қимматбаҳо кофта-юбка, бомбархт кўйлак олиб берганлари эсимда…

 Шундай қилиб, еттида ишдан келиб, саккиз бўлмай яна ишга ўтириб, кечаси ухламай, эрталаб бешгача ўтирардилар. Бешда ухлагани ётиб, икки соатгина мизғиб оладилар-да, апил-тапил ишга жўнайдилар. Чарчадим деганларини бир умр бирга яшаб эшитганим йўқ… Эллик саккизинчи йил бўлса керак, «Фан ва турмуш» журнали ташкил этилиб, энди ундаям ишлай бошладилар. Аҳмаджон Ёқубов деган бош муҳаррири бўларди журнални, 25 йил Магаданда ўтириб келган деб эшитардим, шу киши Ғайбулла қанча қалам ҳақи ишласа йўл беринглар. Ижара уйда учта боласи билан қийналиб қопти, деган эканлар раҳматли… Ҳозир ўйлаб қарасам, яшашимиз осон бўлмаган, лекин буни пайқамаганмиз. Бир-биримизга далда бўлганмиз, кичкинтойлар билан овунганмиз…

«Меҳрибоним, ўзингизни олдирманг. Ҳеч нарсанинг ташвишини чекмай, думоғингизни чоғ қилиб юринг. Ҳар доим «ёнимда суянган тоғим — эрим, ёрим, жоним бор-ку», деб тасаввур қилинг. Мен доим сиз билан биргаман, сизнинг соянгизман… Сиз ўзингизни мен учун, ўғлингиз, қизчаларингиз учун ва яна бўйингиздаги ўғилми, қизми фарзандимиз учун эҳтиёт қилинг. Сиз ҳаммамиз учун сув билан ҳаводай кераксиз. Шунинг учун ҳам сизни «жоним» дейман-да!»

Эътибор қилинг: мактуб эллик иккинчи-эллик учинчи йиллар, яъни тўйдан олдинги даврдамас, 1959 йилнинг 12 майида ёзилмоқда. Ҳамон ўша-ўша ҳароратли, ўтли сўзлар… Маълум бўладики, ушбу хат Тошкентдан Самарқандга, бўлажак олим Ғайбулла Саломовдан университетни битириш имтиҳонларини топшириш учун кетган Шаҳрихон янгага йўлланган…

«Зинҳор оч юрманг. Иштаҳани яхшилаш учун кўп-кўп қулупнай енг. Пулини ўйламанг. Ўзини академикдан кам кўрмайдиган аспирант эрингизни топгани сизники, сизларники, жоним.
10 июнларгача минимумни топшираман-да, ёнингизга учаман.

Мендан сира хавотир олманг. Қорним тўқ. Ки¬йимларим тоза. Сизнинг ишқу фироқингизда ва сояйи давлатингизда ўйнаб-кулиб, ўқиб юрибман…»

Ошиқлар феъли шундай: ҳеч қачон ўзларини ўйламайдилар, «мен» демайдилар. Уларнинг «мен»лари «у»дир. Ошиқ учун фақат «у» бор, маъшуқа бор. «Мен»лари «у»нда фанодир, «у»нга сингиб кетгандир. Бир тану бир жон деб аташ тўғрироқ бўлар бу ҳолни?

Устоз бир мактубида: «Шаҳрихон, Худо хоҳласа, сиз ҳали қаҳрамон она бўласиз», деб ёзади. Ўзи оилада ёлғиз бўлгани учун «бир ҳовли» фарзанд кўришни истарди. Аммо, тўртинчи фарзанди ўлик туғилди. Нафақат ўлик туғилди, ҳатто онасини ҳам олиб кетишига бир баҳя қолди… Шаҳрихони ўлим билан олишаётган шифохона деразаси ортида устознинг сочлари бир кечада оқариб чиқди…

Манглайида бор экан, уй-жойлик бўлишди. Олтмиш тўртинчи йилда номзодлик иши ёқланди. Ўзбек қомусида иш бошлади. Мартаба мавқеи орта борди. Аммо, яна синовлар кўндаланг бўлди: партияга кириши керак эмиш. Акс ҳолда вазифасида ушлаб турилмайди. Нима қилсин? Муроса йўлини тутса, эътиқодига қарши борган бўлади. Бир пайтлар отаси Мулла Тожидан қизил фирқанинг биргина кирдикорини эшитган ва шунинг ўзидаёқ «ҳеч қачон унинг сафида бўлмайман», дея онт ичган…

Ниҳоят, у сўнгги сўзини айтади ва кўч-кўронини ортиб, Самарқандга кетади. Аммо Самарқанд ҳам негадир унга ўгай кўз билан қарайди. Ўгайликка кўникмаган йигит яна этак силтаб, Тошкентга қайтади. Миллий университет (собиқ ТошДУ)да иш бошлайди. Шаҳрихон эса уч бола билан роса етти ой Самарқандда қолиб кетади. Ниҳоят, устозга қайтадан бошпана насиб этиб, оиласини кўчириб олиб келади.

Ўша кунни Шаҳрихон ая аниқ-таниқ эслайдилар: 1970 йилнинг 13 марти (ая туғилган кун) эди. Ўша кундан эсда қолган яна бир нарса: улар тунда юк машинасида келишган ва кузовда бўлган йигирмата тувакдаги сабур (алоэ)ни совуқ уриб кетган, Шаҳрихон эса гулларига ачиниб роса йиғлаган эди. Аслида йиғламаса бўлар экан, ҳали олдинда йиғи кўп экан…

1972 йил 30 апрел. Тўнғичлари Ҳабибулланинг 18 ёшга тўлган куни. Уйда тараддуд кўрилиб, дастурхон тузалган. Лекин, отадан дарак йўқ.

Кечаси соат учда телефон жиринглайди:
— Шифохонадан қўнғироқ қиляпмиз…

— Ўзлари соғми, аҳволлари?..
— Ўртача…
— Хайрият-е, тирик эканлар!..

… Домла ишдан қайтишда маслаҳатли бир юмуш билан Асил ака (Асил Рашидов)нинг уйига кирадилар-да, шахматга қизиқиб кетиб, анча ўтириб қоладилар, — дея ҳикоя қиладилар Шаҳрихон ая, — кейин кўчага чиқиб, дуч келган биринчи енгил машинага ўтирадилар. Ҳайдовчи маст экан. (Ўша куни насронийлар байрами эди.) Мастлик билан ҳалиги ҳайдовчи машинани Олой бозори олдидаги бекатнинг темир тўсинига келтириб уради… Ўшанда домлани пачоқ машина ичидан суғуриб олишаётганда, ҳуш-беҳуш «папкани йўқотманглар» дермишлар. Чунки, папкаларида Раъно Файзуллаева деган шогирдларининг номзодлик иши бор экан. Ва яна «хотинимга хабар берманглар, хотиним билмасин» дерканлар алаҳлаб…

Қаранг: ўлим билан ҳаёт чизиғи оралиғида туриб ҳам устоз ўз бурчини унутмаган, шогирдининг ишини ўйлаган. Ўлим билан олиша туриб ҳам хотинини аяган, унга етадиган озорни мумкин қадар кейинга суришни истаган.

— Ҳаммаси бир тараф бўлдию, фарзанд доғи бир тараф бўлди, — дея маҳзун ҳикояларини давом эттирадилар Шаҳрихон ая, — Ҳабибуллонинг дарди домлани адо қилди. Ҳарчанд чалғитишга уриндим, асраб-авайладим, бўлмади, охири олиб кетди… Аввал бошида бирор ҳафтача сездирмай юрдик. Мен ётоғимни бошқа қилиб олдим. Кечаси билан йиғлаб чиқаман-да, эрталаб домлага аранг кўриниш бераман. «Онаси, сизга нима бўлди, бу нима қилиқ?» дейдилар ажабланиб. «Мазам йўқ, сизни безовта қилгим келмаяпти», дейман ўзимни куч билан босиб. Ишга кетадилар, келгунларича юрак ҳовучлаб тураман: кўчадан бирор шовур пайқаб қолмаса эдилар!.. Кутганимдай бир кун ранглари ўчиб келдилар.

— Нима гап?! Ҳабибжонга нима бўпти?!
— Ҳеч гап йўқ! Ҳабибжон командировкада. Топшириқ билан…
— Қўйинг!..

Забт билан чиқиб кетдилар-да, ярим кечада қайтдилар. Бир оғиз чурқ этмадилар. Уйга қамалиб олдилар. Ҳеч қилмаган одатлари ичкиликка ружу қўйдилар… Ишонсангиз, ўғлимга қўшиб, домладан ҳам умид уза бошладим. Икки марта инфаркт ўтказган юраклари энди бардош беролмайди, дердим… Лекин, бир кун хоналаридан чиқиб келиб, ёнимга ўтирдилар. Анча тинчланган кўриндилар. Бирга чой ичдик. Гап орасида, ҳов ўша бизга никоҳ кесган домлани эслайсизми, дедилар. Эслолмадим. Ўшанинг бир гапини айтиб бердилар. Домла, биринчи фарзандингиз ўғил бўлади, отини Ҳабибулло қўясизлар, деган экан ўшанда. Катта одам бўлади. Лекин, қирқ ёшларида… — деб ўйланиб қопти-да, кейин, йўқ, йўқ, ҳаммаси яхши бўп кетади, деган экан.

«Ўша одамда бир хислат бор эди, қаранг, ҳамма гапи ўнг келяпти, — дедилар домла охири. — Ўша, ҳаммаси яхши бўп кетади, деганини қаттиқ тутишимиз керак. Кўрасиз, Ҳабибжон соғ-саломат қайтиб келади!»

Домлангиз ана ўша ишонч билан саккиз йил яшадилар. Мени ҳам ишонишимни истадилар. Бу орада шогирдлари Тилак Жўра кетди. Тилакжонни ҳам ўғилларидан кам кўрмасдилар. Хайриятки, домланинг атрофида яхшилар кўп экан, домланинг шогирдлари, ўғлимнинг ёр-дўстлари кўп экан. Уларнинг ҳар бири бир фарзанддай бўлиб, бизнинг катта-катта йўқотишларимиз ўрнини озми-кўпми тўлдиришга ҳаракат қилишарди. Домлани Ҳаж зиёратига юборишлари ҳам шу мақсадда эди аслида.

Домла билан Ҳажда бирга бўлганман ва унинг Каъбатулло рўпарасида, Иброҳим мақоми ёнида из-из йиғлаб ўтирганлари, узоқ-узоқ дуою илтижолар қилганлари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди… Одатда Ҳаж зиёратига борган киши оила, бола-чақа хаёлидан тамом узилиши керак дейилади. Лекин, домла узилолмади. Муштипар, жафокаш аёли, муниса қизлари, қисмати мавҳум Ҳабибуллоси хаёли, уларга бўлган меҳр-муҳаббати уни бир зум ҳам тарк этгани йўқ. Ва ана шу муҳаббат туфайлидир балки (аввало Худо) домла икки инфарктни кўрган юраги, ҳолдан тойган жуссаси билан ҳам эллик даражали ҳарорат остида ўтадиган Ҳаж арконларини тўла-тўкис ўтаб, соғ-саломат ва ҳатто тетикланиб қайтди… Назаримда домла бир нарсага қаттиқ ишонди: Ҳаждан қайтишида мўъжиза рўй беради, Тошкент аэропортида уни Ҳабибуллоси кутиб олади. Ҳеч бўлмаганда у ҳақда бирор хушхабар эшитади… Самолёт трапидан тушиб келарканмиз, беихтиёр домланинг интиқ нигоҳларига кўзим тушди. Бу нигоҳлар кутиб олгувчилар орасидан кимни кўришни истаётгани, кимни излаётганини ботиний бир оғриқ билан ҳис этдим…

«Шаҳрижон, шу кеча тушимга кирибсиз. Тушимда бизларникига келаётганмишсиз. Э, нега Шаҳрибону дадамдан қочмаяпти, деб ҳайрон бўлармишман. Қаршимда тўхтабсиз. Бағримга босибман. Ва шу чоқ уйғониб кетсам, тушим!.. Шу қадар алам қилдики, қўяверасиз. Кўзимни юмиб, тушимни давом эттиришга ҳарчанд уринмай, иложи бўлмади…»
Бу эллик йил муқаддам кўрилган туш эди.

Яқинда Шаҳрихон ая хайрли бир туш кўрди. Тушида эшик очилиб, аввал домланинг ҳассаси кўринибди. Кейин ўзи кириб келибди. Узун йўлак бўйлаб илжайганча юриб келаётганини аниқ-таниқ кўриб турса-да, ая кўзларига ишонмасмиш. Ҳойнаҳой туш кўряпман, домла ўлганлар-ку, дермиш. Домла, унинг хаёлидан ўтган гапларни билиб тургандай, йўқ, онаси, мен ўлмаганман. Ҳар куни келиб турибман. Сиздан, болаларингиздан ҳар доим хабардорман, дермиш.

Устоз асарларини бошдан-оёқ ўқиб чиқиб ҳам негадир Шаҳрихон ая ҳақларида бирор жумла учратмадим. Буни ўзи ҳам билар экан, шекилли, алоҳида бир китоб, ишқий бир достон ёзиб, Шаҳрижонини мамнун қилмоқни дилида тугиб қўйган экан кейинги пайтлар. Аммо, умр вафо қилмади…

gaybulla_salom-640x400.jpg11 dekabr — Atoqli olim G’aybulla as-Salom tavallud topgan kunning 91 yilligi

Ustoz G‘aybulla Salomovning tavallud kuni uning shogirdlari, shu jumladan, kamina uchun ham qutlug‘ marosimdir. Universitetda o‘qigani yillarim domladan,safdoshlari va shogirdlari bo‘lmish Najmiddin Komilov,Tilak Jo‘radan tarjima san’ati sirlaridan ta’lim olganimni hamisha katta hurmat va sog‘inch bilan eslayman.

DOMLANI ESLAB…
Xurshid Davron
O‘zbekiston xalq shoiri
05

Ustoz G‘aybulla Salomovning tavallud kuni uning shogirdlari, shu jumladan, kamina uchun ham qutlug‘ marosimdir. Universitetda o‘qigani yillarim domladan,safdoshlari va shogirdlari bo‘lmish Najmiddin Komilov,Tilak Jo‘radan tarjima san’ati sirlaridan ta’lim olganimni hamisha katta hurmat va sog‘inch bilan eslayman.O‘qish yakunida diplom ishimni ham aynan tarjima san’ati yo‘nalishida yoqlaganman. Domla mening xotiramda,eng avvalo, samimiy inson va ulkan salohiyatli adabiyotshunos olim sifatida saqlanib qolgan. Muhtaram muallim Najmiddin Komilov yozganidek,“Ustoz olimning madaniyatimiz va fanimiz taraqqiyotiga qo‘shgan katta ulushi, birinchi navbatda, uning o‘zbek tarjimashunosligi maktabini asoslab, bu ilm sohasini ham nazariy jihatdan puxta ishlab chiqqani, ham uni tahsil-ta’lim jarayoniga amaliy tatbiq etganidir”.

G‘aybulla domlaning “Maqol, matal va idiomlar tarjimasi”, “Badiiy tarjimaning leksik-frazeologik masalalari”, “Rus tilidan o‘zbek tiliga maqol-matallar tarjimasi” risolalari, “Til va tarjima”,“Tarjimon mahorati”, “Do‘stlik ko‘priklari”(hammualliflikda), “Badiiy tarjima va adabiy tahrir problemalari”, “Tarjima tashvishlari”, “Adabiy an’ana va badiiy tarjima problemalari”, “Tarjima nazariyasiga kirish”, “Tarjima nazariyasi asoslari” nomli monografiya va darsliklari adabiyotshunosligimizning katta ma’naviy-madaniy boyligi bo‘lib qoldi.
Universitetda o‘qigan yillarim,qolaversa, undan oldinu keyin ham tarjima kafedrasi talabalarning eng qadrli va suyukli maskani bo‘lgan desam adashmayman. Bunga kafedrada faoliyat yuritgan domlalarning,avvalan, G‘aybulla As-Salom, Najmiddin Komil va Tilak Jo‘raning insoniy fazilatlari sabab edi. Bu haqda yozarkanman, aka shoir Ma’ruf Jalilning mana bu she’rini xayolan esladim:

UCH OG‘AYNI BOTIRLAR
(G‘aybulla As-Salom, Najmiddin Komil va Tilak Jo‘raga)

Uch og‘ayni botir faqat ertakdamas,
Hayotda ham bo‘lar ekan, hayotda ham.
Ko‘rgan odam qilar edi dildan havas,
Ustoz-shogird qanday inoq, hamkor, hamdam.

Fikr otin minib chopgan chavandozlar,
Fan cho‘qqisin mahv aylagan tirandozlar,
Ilm bog‘in obod qilgan bu shovvozlar
Kam bo‘lmagay ikki dunyo, bo‘lmagay kam.

Uchta nihol edilar har yerda o‘sgan,
Toshkent kelib, chinor bo‘lib fikri o‘zgan,
Tangrim, asra deyar edim yomon ko‘zdan,
G‘ov bo‘lmasin yo‘llariga qayg‘u, alam.

Ammo kulfat pand bermagan kimsa bormi?
Kim qoldirar aro yo‘lda sodiq yorni?
G‘am o‘ldirar hamkori yo‘q, ko‘ngli torni,
Ustoz, sizning bardoshingiz tog‘day mahkam.

Boshingizga yoqqan kulfat zarbasidan,
Yoki qismat yuborgan dard hamlasidan,
Ko‘zi tinib mavhum kurash g‘amzasidan,
Kenja botir topolmasdan ketdi malham.

Malham istab ishonch otin olg‘a surdi,
Makkor umid ko‘chalari adashtirdi,
Tog‘day og‘ir falokatni yengil ko‘rdi,
Ruhi kuchli edi uning, ruhi bardam.

«Kenja botir ertaklarda o‘lgan emas,
Yo chorasiz qolib, mag‘lub bo‘lgan emas,
Do‘sti yig‘lab, dushmanlari kulgan emas,
Oxirating obod bo‘lsin jonim, ukam».

Katta aka yig‘lar yurak, bag‘ri kuyib,
Kichik aka o‘ksinadi qovoq uyib,
«Ijod qilsang bo‘lmasmidi to‘yib-to‘yib,
Bor edi-ku qo‘lginangda o‘tkir qalam».

Ammo taqdir hikmatiga hech chora yo‘q,
Bu jumboqni hal qilgan bir ovora yo‘q,
Umid shami yonib turgan ko‘ngillar to‘q,
U bo‘lmasa bosar edi olamni g‘am.

O‘zbek ilmi bayrog‘ini baland tutib,
Tarjima va tasavvuf sharobin yutib,
Qancha yuksak dovonlardan dadil o‘tib,
Yorug‘ yuz-la qo‘ymoqdasiz olg‘a qadam.

Eranlarga hamroh bo‘lgan it singari,
Men ergashib ketmoqdaman manzil sari,
Avlodlarga oshkor bo‘lar bir kun bari,
Nima uchun qo‘shilganim bilar olam.

Bugun bu satrlarni yozgan aka shoir ham, uch og‘ayni botirlar ham oramizda yo‘q. Ammo,ularning xotiralari yuraklarimizda saqlanib turibdi. Yaratgandan bu muhtaram zotlarni rahmatiga olib, mag‘firat aylashini, O‘zining Ulug‘ Yuziga boqish ne’mati ila musharraf aylashini so‘rab qolaman.

Orziqul Ergash
YOZILMAGAN DOSTON
05

O‘zbekiston Respublikasida xizmat ko‘rsatgan fan arbobi, professor, filologiya fanlari doktori G‘aybulla Salomov (taxallusi: G‘aybulla as-Salom) 1932 yil 11 dekabrda Samarqand viloyatining Xatirchi tumanida tug‘ilgan. 1956 yilda Samarqand Davlat universitetining filologiya fakultetini tamomlagan. 1956-2003 yillarda “Fan va turmush” jurnali, O‘zbekiston Ensiklopediyasi nashriyoti, Fanlar akademiyasining Til va adabiyot instituti, Toshkent Davlat universiteti, O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat va jamiyat qurilishi akademiyasida turli lavozimlarda faoliyat yuritgan hamda yoshlarga saboq bergan. 2003 yil 31 yanvarda Toshkent shahrida vafot etgan.

G‘aybulla as-Salom «Maqol va idiomalar tarjimasi» (1961), «Til va tarjima» (1966), «Tarjima nazariyasiga kirish» (1978), «Do‘stlik ko‘priklari» (1970, N.Komilov bilan hamkorlikda), «Adabiy an’ana va badiiy tarjima» (1980), «Tarjima nazariyasi asoslari» (1983) kabi ilmiy-nazariy asarlar yozgan. Mustaqillik yillarida allomaning “Ey, umri aziz”, “Armon”, “Vahiydan kelar bir sado”, “Tolibnoma”, “Ezgulikka chog‘lan, odamzod”, “¥alollik bozorda sotilmaydi”, shuningdek, “Jahongashta “Boburnoma” (N.Otajonov bilan hammualliflikda) singari ma’naviyat va ma’rifat, tarix va madaniyat masalalariga oid kitoblari nashr etilgan.

05

«Aziz qo‘llaringiz bilan bitgan maktubingizni oldim. Ishonsangiz, necha qayta o‘qib chiqqanimning hisobiga yetolmayman. Har o‘qiganimda yangi-yangi ma’nolar, jilolar, iforlar kashf etdim o‘zimcha… Hozirgi musofirchilikdagi, hijrondagi kunlarimda Sizning maktublaringizdan-da azizroq narsa yo‘q men uchun! Agar bilsangiz, men uchun eng zavqli mashg‘ulot Sizga maktub yozish, eng baxtli daqiqalar esa Sizdan kelgan maktublarni o‘qiyotgan onlarimdur…»

Ushbu maktub bitilganiga qancha muddat bo‘lgan deb o‘ylaysiz?

Andak sarg‘aygan to‘rt katakli o‘quvchilar daftari varag‘i, binafsharang siyoh, o‘xshashi kam husnixat… Maktub sanasiga ko‘z tashlaymiz: 2 sentyabr, 1952 yil… Demak?

Biz ulug‘larimiz hayotidan bilamizki, ular ilmda, san’atda yoxud jamiyat hayotida qanchalik mavqe — martabaga erishgan bo‘lishsa, ishqu muhabbatda ham, yoru do‘stlariga mehru oqibat ko‘rsatishda ham shunchalik mardona bo‘lishgan.

Maktublarning yana birini o‘qiymiz:
«Shahrijon, bugun ketaman. Lekin hech ketgim yo‘q. Ketgim yo‘g‘u, ketishga majburman… Qiziq bir holatdaman: dadamga «Keliningizni tezroq tushirib bersangiz, bering» deyolmayman. Mana bunaqa ayriliqlarda yurishga esa toqatim qolmadi. Insof bilan ayting, men nima qilay?! Qachongacha «sen unda zor, men bunda zor» qo‘shig‘ini aytib yuramiz?! Aytar gapingizni bilaman, sabr qiling, oz qoldi, o‘n bir oygina qoldi deysiz! O‘n bir oy ozmi, Shahrijon?! Bir kunni aytmaysizmi, bir kunni. Bilaman, maz-za qilib kulyapsiz. Hozircha kulib turing-chi, bizgayam navbat kep qolar, o‘shanda!.. Xullas, bu hammasi hazil, Shahrijonim. Hamma narsaning vaqt-soati bor, tushunaman. Sabr qilsak, bir kun yetamiz va o‘shanda… Mana shu xatlarimizni oldimizga uyub qo‘yamiz-da, bir chekkadan o‘qib, maza qilib kulishamiz… O‘sha kunlarni yanada besabrlik bilan kutib qolguvchi: G‘aybulla Salomov…»

Ha shunday, ushbu maktublar egasi — o‘sha o‘zimiz bilgan alloma G‘aybulla as-Salom domlamizdir. E’tibor qiling, ustoz asarlaridagi bizga juda yaxshi tanish jaydari ohang, samimiyat, bepardoz rostgo‘ylik necha o‘n yillar muqaddam bitilgan sevgi maktublarida ham o‘zini ko‘rsatib turibdi, shunday emasmi?!.

Domlamizni ilmdagi xizmatlarini yaxshi bilamiz: u kishining sa’y-harakatlari bilan Tarjima nazariyasi fani dunyoga keldi. Bu sohada o‘nlab tarjimashunoslar voyaga yetdi. ToshDU (hozirgi Milliy universitetimiz)da sobiq Ittifoqda birinchi bo‘lib Tarjima nazariyasi kafedrasi tashkil etildi. G‘aybulla Salomov domla Ibrohim Mo‘minovdek zabardast alloma bilan yelkama-yelka turib, kurashib, dastlabki qomusimiz tamal toshini qo‘yganlardan biri bo‘ldi. Uning partiyasizligi, partiyaga kirishni istamagani tufayli boshiga tushgan savdolarning o‘ziyoq katta bir dramatik dostonga mavzu bo‘la oladi. Ammo, biz shu tobda butunlay boshqa bir doston, yozilmagan, yozilishi lozim bo‘lgan doston xususida so‘z yuritishni istab turibmiz…

«Shahrijon, muhabbat kishiga bir martagina beriladi. Shuning uchun uni bir umrga ushlab qola olish kerak. Shunday qilish kerakki, hatto yuz yoshimizdayam hozirgidagi kabi sevishib yuraylik. Dunyoning lazzati ana shunda!..»

Yer ustida orzu ko‘p, yer ostida armon, deyishadi. Armon …

«Maktublarni yig‘ib boring, keyin bir kun hammasini bir chekkadan o‘qib mazza qilib kulishamiz», deb yozgan edi. G‘aybulla aka bir xatida. Ammo, Shahrixon ayaning aytishicha, ustozning mana shu oddiygina orzusi ham amalga oshmabdi. Va yana bir istaklari bor ekan: qachon bo‘lmasin, mana shu maktublar asosida bir doston yozaman, avval boshqa ishlarimni bir yoqlik qilib olay, deb yurarkanlar hazil aralash. Ammo, bu ham ko‘plab armonlari yonidan joy oladi ustozning.

— Rahmatli otam Qurbonjon Hotamov savdo xodimi edilar, — deya hikoya qiladi Shahrixon aya. — Negadir elliginchi yilda Xatirchidan Shahrisabzga ko‘chib ketganmiz. Sakkizinchi sinfni Oqsaroy yonidagi 20-maktabda o‘qiganman. Tobim qochavergani uchun, havosi to‘g‘ri kelmayapti, deb meni Xatirchiga, Latofat xolamning oldiga qaytarib yuborishgan. Bu — yangi o‘quv yili arafasi, ellik birinchi yil avgustining oxirgi kunlari ekan o‘ylab qarasam…

O‘shanda ikki yuk mashinasi Xatirchiga kiraverishdagi yo‘l boshida uchrashadi. Ko‘cha torligidan «polutorka»lar sekinlab, kuzovlari bir-biriga tegar-tegmas bo‘lib o‘tadi-da, biri tuman markaziga, boshqasi Zirabuloq vokzali tomon ketadi. Xatirchiga kirib kelgan mashina kuzovidagi qiz narigi kuzovdagi quyuq sochlari chiroyli to‘zg‘igan, novdadekkina yigitni taniydi. Ammo, fikri-zikri olis-olis manzillar xayoli bilan band bo‘lgan yigitcha kattagina ro‘molga o‘ranib olgan qizaloqni payqamay o‘tib ketadi…

«Eh, attang-a, hozirgina G‘aybullajonlaringiz jo‘nab ketdi-ya! — deydi afsuslanib Mulla Tojining ayoli mehmonlarni qarshi olarkan. — Yo‘lda ko‘rgandirsizlar?..»

— Ko‘rmadik-ku yoki e’tibor bermabmiz shekilli-da!..
— Men ko‘rdim, — deydi qizaloq qizarinib. — Bir o‘zlari mashina ustida ketdilar…

Kattalar negadir sirli kulimsirab qo‘yadilar…

— Ota-onam uch kun turib, Qashqadaryoga qaytib ketdilar, — deya davom etadi aya. — Meni Latofat xolamning yonida qoldirishdi. Latofat xolam ilgari Chechakota qishlog‘idagi uyimizda biz bilan birga turardilar. Biz u yoqqa (Shahrisabzga) ketgach, yolg‘iz qolmaslik uchun tuman markaziga — Mulla Toji tog‘alarining xonadoniga ko‘chib kelgandilar. Xolamning Tursuntosh degan mendan yoshroq qizlari bor edi. Shunaqayam bijildoq, pishiq-puxta qizcha ediki, qo‘yaverasiz!..

… Va keyingi voqealar rivojida ana shu «pishiq-puxta» qizaloqning xizmatlari katta bo‘ladiki, bu haqda mamnuniyat bilan keyinroq to‘xtalamiz.

Xullas, Shahrixon xolasining qaramog‘ida qoldi. Ertaga maktab degan kunda u sochini yuvib, xolasiga o‘rdirmoqchi bo‘lib turganida Mulla Tojining ayoli kirib keldi. Qirq yoshlarga yetib-yetmagan xushro‘ygina bu ayol Shahrixonni yoniga o‘tqazib oldi-da, kamoli hafsala bilan qizning sochini tepakokil qilib o‘rib qo‘ydi. O‘ziyam chilvir sochlar qirq o‘rim bo‘lib ketdi-yov!.. Keyin ayol qo‘ltig‘idan qizil durracha chiqarib, qizning boshiga bog‘lab qo‘ydi. Maktabingga mana shuni o‘rab borgin, qizim, endi buni qo‘y, dedi Shahrisabzdan o‘rab kelgan katta ro‘molni ko‘rsatib. Ularni havaslanib kuzatib o‘tirgan Tursuntosh quvonib ketdi: — Rost aytasiz, yangajon. Hozir, bir pas qarab turinglar… — qizaloq chopqillab ichkariga kirib ketdi-da, ko‘zgucha chiqarib, Shahrixonning yuziga tutdi. — Opajon, bitta qarang-chi, taniysizmi!..

Shahrixon ko‘zguchaga tikilishga uyaldiyu, keyin fursat topib o‘zini oynaga solarkan, vujudi yoqimli hissiyotdan yayrab ketdi.

Oradan ikki oylar o‘tib, Qurbonjon Hotamov oilasini butunlay ko‘chirib kelib, azaliy hovli-joylarida yashay boshlashi bilan sovchi yog‘ilib ketdi. Otaning boshi qotdi: hoy, musulmonlar, qizim hali go‘dak-ku, desayam tushunishni istashmadi. Oxiri, qizimning ixtiyori o‘zida, qizim nima desa, shu bo‘ladi, deb qutildi. Sovchilar haqidagi to‘la-to‘kis axborotlar Shahrixonga Tursuntosh orqali yetib turardi. Bir kun Tursuntosh opasining oldiga bir varaq qog‘oz qo‘ydi.

— Nima bu?

— Ro‘yxat. Sizga sovchi qo‘yib yurgan yigitlarning ismi-shariflari. O‘n bitta.

— Daf qil!

— Opajon, unaqa demang! Bilaman, baribir bittasiga tegasiz.

— Hecham. Men o‘qiyman!

— Baribiram-da. Siz avval qarab chiqing. O‘ntasini o‘chirib, bittasini qoldiring. O‘sha bittasi…

— Hoy bijildoq, hozir ko‘rsatib qo‘yaman!..

— O‘qimaysizmi?..
— Yo‘q!

— To‘g‘ri qilasiz! — qog‘ozni buydalaydi qiz. — Bularingizdi birortasi G‘aybulla tog‘omni tirnog‘iga arzimaydi.

— Topgan gaping shu! — Shahrixon ko‘zini olib qochadi.

— To‘g‘risiyam shu! E, siz boshqa maktabda o‘qigansiz-da, bilmaysiz. Suratlarini ko‘rdingizmi, haliyam devordan olishmaydi. G‘aybulla tog‘om o‘n yilda bittamas, ikkita maktabni bitirib ketdilar… Tushunmadingiz-a, birinchi smenada o‘zbekcha sinfda o‘qisalar, peshindan keyin o‘rischa sinfga kirardilar. Hech kim majbur qilmagan, o‘zlari qiziqardilar. Boshqa shunaqa bolani bilasizmi, yo‘q! O‘zlarini sinfdoshlariga, o‘zlaridan kattalargayam dars berganlarini bilasizmi, bilmaysiz! Olimpiadami, spartakiadami, nima bo‘lmasin, birinchi o‘rinni olib turardilar. Skripka chalganlarini ko‘rganmisiz hech?! Sodiqov malimni bilasiz-a, algebradan kiradilar, ana o‘sha odamni shaxmatda yutib qo‘yib, keyin o‘zlari uyalib yurganlarini eshitganmisiz?! Yana aytaveraymi?.. Oltinchi sinfdan bu yog‘iga kechasi bosmaxonadayam ishlardilar, gazeta chiqarardilar. Yana aytaymi?

— Aytib nima qilasan, o‘zimam bilaman, — deydi Shahrixon derazadan ko‘z uzmasdan, negadir o‘ychan tortib.

— Bilasizu, hammasini emas-da, — deydi Tursuntosh ham vazmingina bo‘lib. — Masalan, sizda ko‘ngillari borligini bilmaysiz!

Shahrixon duv qizaradi.

— Ahmoq qiz bo‘psan lekin, — deydi sekingina.

— Nima desangizam mayli, faqat, — Tursuntosh quvonchdan chaqnab opasining kiftidan quchadi. — Faqat!..

— Hoy bijildoq, indamasam haddingdan oshib ketyapsan-a, hozir men seni!.. — xolavachchasining qulog‘idan buydalab oladi Shahrixon.

— Voy, voy, bo‘pti, bo‘pti, tovba qildim, qo‘yvoring, opajon… — qiz qulog‘ini qutqaradi-da, nari qochib, iljayadi. — Siz nima desangiz dengu, lekin baribir aytib ketishim kerak… Xullas, hozir, — eshikni ochib, ostonadan o‘tadi. — Xullas, sizdan boshqasi kerak emas emish! Agar yo‘q desangiz, o‘zlarini hukman bitta narsa qip qo‘yarmishlar!..

Shunday degancha, Tursuntosh g‘oyib bo‘ldi. Unga yostiqcha otgan Shahrixon esa butun vujudini olov-otash o‘rab borayotganini sezdi…

Oradan hafta oralatib sovchi kela boshlaydi. Sovchi kelgan kun iljaygan Tursuntosh ham paydo bo‘ladi.

— Opajon, nima deysiz? Bir yigitti uvoliga qolmang!..

— Hoy bijildoq,G‘aybulla tog‘ong birinchi kursda o‘qiyapti. Menam o‘qishim kerak.

— U yog‘iga ish tutmang. O‘qiysiz!..

U dedi, bu dedi, yengimdan kirib, yoqamdan chiqdi. Xullas, kichkina Tursuntosh katta bir ish boshlanib ketishiga sabab bo‘ldi. Non sindirildi, fotiha to‘yi berildi. Endi gapni qarangki, bularning hech biridan kuyov bo‘lmishning xabari yo‘q ekan. Qiziq ustida to‘yni boshlab qo‘ygan bechora qaynana-qaynatam xavotirda… Qishki ta’tilda o‘g‘illari keladi. Sen ayt, sen ayt qilishib, oxiri qaynatam gap ochadilar. Hali Yusufbek hojiga o‘xshatib, hazilga olib: — O‘g‘lim, onangiz ikkimiz sizning ustingizda bir ish qilib qo‘ydik, deydilar. Bu yoqda o‘g‘illari ham Otabekka o‘xshatib javob qiladilar. Bilasiz, juda hozirjavob edilar.

— Aqlli kishilarni o‘z o‘g‘illari ustidan qilgan ishlari noma’qul bo‘lmaydi, deydilar.

— Biz Hotamov amakingni qizini senga fotiha qilib qo‘ydik. Qarasak, qiz ketib qoladigan.

Shunga, ayniqsa ayang qattiq shoshirdi bizni.

Qaynatamning cho‘chiganlari sababi, G‘aybulla aka o‘qishga ketayotib besh yilsiz menga kelin haqida og‘iz ochmaysizlar, deb tayinlagan ekan. Besh yilsiz og‘iz ochmaysiz, degan o‘g‘illari bunday qarasalar, indamaygina bosh egib o‘tirgan emish. Shundan keyin otalariyam rozimisan, nima deysan, deb uyaltirib o‘tirmabdilar.

Shahrixonning yuragi hayajon va qo‘rquvdan uyushdi. Chunki, dasturxonda Samarqand noni va holvasi paydo bo‘libdi. Demak…

«Kechqurun mehmon keladi, uyni yig‘ishtirib, dasturxon tuzab qo‘y. O‘zingam u yoq, bu yoqqa ketib qolma», deya uni ogohlantirishdi.

Mehmondan hadeganda darak bo‘lavermadi. U esa, kim keladi, qachon keladi, deb so‘rashga botinolmadi.. Tun allamahalda dars qilib o‘tirsa, deraza ortidan ikki paranjili o‘tdi. Saldan keyin darcha ochilib, Fotima ammasi ko‘rindi.

— Bonu qizim, bu yoqqa kel-chi…

Qizning ko‘ngli bir shumlikni sezdi.

— Bormayman, — dedi o‘rnidan sapchib turib.
— E, nega bormas ekansan?..

Shaddod amma shappa qo‘lidan tutib, sudrab ketdi. Shahrixon o‘zini hovli etagidagi xilvat xonachada ko‘rdi. Xona kunjagida go‘shanga, beriroqda xontaxta yonida G‘aybulla akasi… Boshini nimchasi bilan burkab g‘ujanak bo‘lib oldi. Kuyovi u desayam g‘iq etmadi, bu desayam… Gaplashgisi keldiyu, lekin nimadir sira yo‘l bermadi-da… Oxiri G‘aybulla akasi bir uf tortdi-da, o‘rnidan turdi.

— Bo‘pti, men ketdim bo‘lmasa. To‘yni qoldiramiz!..— o‘q nihoyat mo‘ljalga tegdi.

— Voy, nega? — deb yubordi Shahrixon tilga kirib.

— Nega bo‘lardi, ko‘nglingiz yo‘q ekan-ku, — dedi G‘aybulla akasi qovog‘ini ochmasdan.

Shundan so‘ng ozroq gaplashgan bo‘lishdi.

Nima haqda, deysizmi?

Kuyov bo‘lmish o‘n yil o‘qib ketgan, ammo hali uzilolmagan, kelin bo‘lmish endi o‘qiyotgan, lekin hali bog‘lanib ulgurmagan maktab haqida-da!

Chindanam shunday bo‘ldi. Suhbat asosan qay bir muallimning darsi maroqli, qay biriniki zerikarli, o‘quvchilar hozir ham adabiyot darsida o‘z malimlari qolib, O‘rin Kamolning darsini havas qilib yuradimi, shuningdek, kim-kimni yaxshi ko‘radiyu, kim-kim bilan arazlashib yuribdi, xullas, taxminan shu atrofda bordi. Asosan talaba yigit gapirdi, o‘quvchi qiz esa bosh irg‘ab, tasdiqlab, ma’qullab turdi. Keyin esa talaba — G‘aybulla Salomov o‘qishini davom ettirgani Samarqandga jo‘nab ketdi, o‘quvchi Shahrixon Hotamova esa o‘qishini «tezroq bitkazgani» Xatirchida qoldi… O‘rtada esa rosa ikki yil davomida ishqiy maktublar borib-kelib turdi.

Ana o‘sha haroratli maktublar andak sarg‘aygan, bir oz uringan holda bo‘lsa-da, bu xonadonda — ustozning e’lon qilingan, qilinmagan dastxatlari qatorida asrab-avaylab kelinadi…

«Shahrixon, Sizni Yangi yil bilan, Xudo xohlasa, bizni bir-birimizga yetkazadigan, ayriliqlarga barham beradigan Ellik uchinchi yil bilan qutlayman. Azizam, Ellik uchinchi yilning iyul oyiga yetib olsak bas. U yog‘ida, Xudo xohlasa, bir umrga birga bo‘lamiz, bir umrga…»

Oradan oy-kunlar o‘tib, intizor kutilgan vaqt-soat yetib keladi: 1953 yil, 14 iyul!.. Bu kun ularni bir umrga bog‘ladi, hijronga barham berdi… Bir umrga bog‘lagani rost, ammo, hijronlar, iztiroblar, sinovlar — hammasi hali oldinda ekan.

To‘ydan ikki haftalar o‘tmasdan yosh kuyovni bir oylik harbiy tayyorgarlik mashg‘ulotiga olib ketishadi. Kelin esa bu orada uch dugonasi — Bo‘ritosh, Mahmuda, Tursuntosh (ha, o‘zimiz bilgan bijildoq Tursuntosh) bilan Samarqandga kelib, universitetning filologiya fakultetiga hujjat topshiradi. Kuyovi bir oylik safardan qaytgunicha, mandatlardan o‘tib, suyunchli yangiliklar hozirlab turadi…

Keyin yosh kelin-kuyovlar universitet yaqinidan katalakdek bir uyni ijaraga olishadi. Bu xona rostdan ham katalakdek ekani, yashashga bundan-da munosibroq joy topishlari mumkinligi xayollarigayam kelmaydi. Orada uchinchi inson — o‘g‘illari Habibullo (1954 yil 30 aprelda) dunyoga kelgachgina kanayu burgalar urchib yotgan bu zaxkash kulbadan chiqib ketishni o‘ylab qoladilar. Go‘ri Amir maqbarasi atrofidagi mahalladan bir qadar tuzukroq hujra topadilar…

— Uchinchi yilga kelibgina qaynotam bizga bir ming uch yuz so‘mga hovli sotib olib berdilar, — deya eslaydilar Shahrixon aya. — Qarangki, domlangiz otalariga yolg‘iz farzandlar. Bir og‘iz aytganlarida shu uyni avval boshdayoq olib berishlari mumkin edi. Lekin, fe’llari shunaqa ediki, birovdan yordam so‘rashni ep ko‘rmasdilar. Otalaridan ham hatto. Hamma narsaga o‘zlari erishmoqchi bo‘lardilar, qiynalib bo‘lsayam erishardilar.

Universitetni qizil diplom bilan bitirdilar. Toshkentdan Davlat imtihon komissiyasi raisi bo‘lib kelgan Olim Usmon degan professor G‘aybulla akani yaxshi ko‘rib qoladi-da, Toshkentga birga olib ketishga ko‘ndiradi. O‘shanda Nazira qizimiz (Nazira Salomova — shoira, marhum shoirimiz Muhammad Yusufning ayoli) yangi dunyoga kelgan. Men uchinchi kursni bitkazganman. O‘ylashib, maslahatlashib Olim Usmon domlaning taklifiga rozilik berishga qaror qildim.
Toshkentga keldik. Domlangiz nashriyotda ishlaydilar. Men o‘qishimni sirtqiga ko‘chirganman, har olti oyda Samarqandga borib, sessiyani o‘tkazib kelaman.

Bilasiz, bir yurtdan bir yurtga borib, yashab, o‘nglanib ketishning o‘zi bo‘lmaydi. Eslasam, ezilib ketaman. Yangi ro‘zg‘or, musofirchilik. Men bolalar bilan bandman. Domla soat yettida ishdan keladilar. Nari beri ovqat yegan bo‘ladilar-da, ishga o‘tiradilar. Maqola yozadilarmi, biror narsani tarjima qiladilarmi, ishqilib, bekor o‘tirmaydilar. O‘shanda birinchi bo‘lib «Tuproq» degan («Pochva») romanmi, qissanimi tarjima qilgan edilar. O‘sha kitobning puliga o‘zlariga arzon garovgina kostyum-shim bilan, oddiygina soat olib, menga tilla soat, qimmatbaho kofta-yubka, bombarxt ko‘ylak olib berganlari esimda…

Shunday qilib, yettida ishdan kelib, sakkiz bo‘lmay yana ishga o‘tirib, kechasi uxlamay, ertalab beshgacha o‘tirardilar. Beshda uxlagani yotib, ikki soatgina mizg‘ib oladilar-da, apil-tapil ishga jo‘naydilar. Charchadim deganlarini bir umr birga yashab eshitganim yo‘q… Ellik sakkizinchi yil bo‘lsa kerak, «Fan va turmush» jurnali tashkil etilib, endi undayam ishlay boshladilar. Ahmadjon Yoqubov degan bosh muharriri bo‘lardi jurnalni, 25 yil Magadanda o‘tirib kelgan deb eshitardim, shu kishi G‘aybulla qancha qalam haqi ishlasa yo‘l beringlar. Ijara uyda uchta bolasi bilan qiynalib qopti, degan ekanlar rahmatli… Hozir o‘ylab qarasam, yashashimiz oson bo‘lmagan, lekin buni payqamaganmiz. Bir-birimizga dalda bo‘lganmiz, kichkintoylar bilan ovunganmiz…

«Mehribonim, o‘zingizni oldirmang. Hech narsaning tashvishini chekmay, dumog‘ingizni chog‘ qilib yuring. Har doim «yonimda suyangan tog‘im — erim, yorim, jonim bor-ku», deb tasavvur qiling. Men doim siz bilan birgaman, sizning soyangizman… Siz o‘zingizni men uchun, o‘g‘lingiz, qizchalaringiz uchun va yana bo‘yingizdagi o‘g‘ilmi, qizmi farzandimiz uchun ehtiyot qiling. Siz hammamiz uchun suv bilan havoday keraksiz. Shuning uchun ham sizni «jonim» deyman-da!»

E’tibor qiling: maktub ellik ikkinchi-ellik uchinchi yillar, ya’ni to‘ydan oldingi davrdamas, 1959 yilning 12 mayida yozilmoqda. Hamon o‘sha-o‘sha haroratli, o‘tli so‘zlar… Ma’lum bo‘ladiki, ushbu xat Toshkentdan Samarqandga, bo‘lajak olim G‘aybulla Salomovdan universitetni bitirish imtihonlarini topshirish uchun ketgan Shahrixon yangaga yo‘llangan…

«Zinhor och yurmang. Ishtahani yaxshilash uchun ko‘p-ko‘p qulupnay yeng. Pulini o‘ylamang. O‘zini akademikdan kam ko‘rmaydigan aspirant eringizni topgani sizniki, sizlarniki, jonim.
10 iyunlargacha minimumni topshiraman-da, yoningizga uchaman.

Mendan sira xavotir olmang. Qornim to‘q. Ki¬yimlarim toza. Sizning ishqu firoqingizda va soyayi davlatingizda o‘ynab-kulib, o‘qib yuribman…»

Oshiqlar fe’li shunday: hech qachon o‘zlarini o‘ylamaydilar, «men» demaydilar. Ularning «men»lari «u»dir. Oshiq uchun faqat «u» bor, ma’shuqa bor. «Men»lari «u»nda fanodir, «u»nga singib ketgandir. Bir tanu bir jon deb atash to‘g‘riroq bo‘lar bu holni?

Ustoz bir maktubida: «Shahrixon, Xudo xohlasa, siz hali qahramon ona bo‘lasiz», deb yozadi. O‘zi oilada yolg‘iz bo‘lgani uchun «bir hovli» farzand ko‘rishni istardi. Ammo, to‘rtinchi farzandi o‘lik tug‘ildi. Nafaqat o‘lik tug‘ildi, hatto onasini ham olib ketishiga bir bahya qoldi… Shahrixoni o‘lim bilan olishayotgan shifoxona derazasi ortida ustozning sochlari bir kechada oqarib chiqdi…

Manglayida bor ekan, uy-joylik bo‘lishdi. Oltmish to‘rtinchi yilda nomzodlik ishi yoqlandi. O‘zbek qomusida ish boshladi. Martaba mavqei orta bordi. Ammo, yana sinovlar ko‘ndalang bo‘ldi: partiyaga kirishi kerak emish. Aks holda vazifasida ushlab turilmaydi. Nima qilsin? Murosa yo‘lini tutsa, e’tiqodiga qarshi borgan bo‘ladi. Bir paytlar otasi Mulla Tojidan qizil firqaning birgina kirdikorini eshitgan va shuning o‘zidayoq «hech qachon uning safida bo‘lmayman», deya ont ichgan…

Nihoyat, u so‘nggi so‘zini aytadi va ko‘ch-ko‘ronini ortib, Samarqandga ketadi. Ammo Samarqand ham negadir unga o‘gay ko‘z bilan qaraydi. O‘gaylikka ko‘nikmagan yigit yana etak siltab, Toshkentga qaytadi. Milliy universitet (sobiq ToshDU)da ish boshlaydi. Shahrixon esa uch bola bilan rosa yetti oy Samarqandda qolib ketadi. Nihoyat, ustozga qaytadan boshpana nasib etib, oilasini ko‘chirib olib keladi.

O‘sha kunni Shahrixon aya aniq-taniq eslaydilar: 1970 yilning 13 marti (aya tug‘ilgan kun) edi. O‘sha kundan esda qolgan yana bir narsa: ular tunda yuk mashinasida kelishgan va kuzovda bo‘lgan yigirmata tuvakdagi sabur (aloe)ni sovuq urib ketgan, Shahrixon esa gullariga achinib rosa yig‘lagan edi. Aslida yig‘lamasa bo‘lar ekan, hali oldinda yig‘i ko‘p ekan…

1972 yil 30 aprel. To‘ng‘ichlari Habibullaning 18 yoshga to‘lgan kuni. Uyda taraddud ko‘rilib, dasturxon tuzalgan. Lekin, otadan darak yo‘q.

Kechasi soat uchda telefon jiringlaydi:
— Shifoxonadan qo‘ng‘iroq qilyapmiz…

— O‘zlari sog‘mi, ahvollari?..
— O‘rtacha…
— Xayriyat-ye, tirik ekanlar!..

… Domla ishdan qaytishda maslahatli bir yumush bilan Asil aka (Asil Rashidov)ning uyiga kiradilar-da, shaxmatga qiziqib ketib, ancha o‘tirib qoladilar, — deya hikoya qiladilar Shahrixon aya, — keyin ko‘chaga chiqib, duch kelgan birinchi yengil mashinaga o‘tiradilar. Haydovchi mast ekan. (O‘sha kuni nasroniylar bayrami edi.) Mastlik bilan haligi haydovchi mashinani Oloy bozori oldidagi bekatning temir to‘siniga keltirib uradi… O‘shanda domlani pachoq mashina ichidan sug‘urib olishayotganda, hush-behush «papkani yo‘qotmanglar» dermishlar. Chunki, papkalarida Ra’no Fayzullayeva degan shogirdlarining nomzodlik ishi bor ekan. Va yana «xotinimga xabar bermanglar, xotinim bilmasin» derkanlar alahlab…

Qarang: o‘lim bilan hayot chizig‘i oralig‘ida turib ham ustoz o‘z burchini unutmagan, shogirdining ishini o‘ylagan. O‘lim bilan olisha turib ham xotinini ayagan, unga yetadigan ozorni mumkin qadar keyinga surishni istagan.

— Hammasi bir taraf bo‘ldiyu, farzand dog‘i bir taraf bo‘ldi, — deya mahzun hikoyalarini davom ettiradilar Shahrixon aya, — Habibulloning dardi domlani ado qildi. Harchand chalg‘itishga urindim, asrab-avayladim, bo‘lmadi, oxiri olib ketdi… Avval boshida biror haftacha sezdirmay yurdik. Men yotog‘imni boshqa qilib oldim. Kechasi bilan yig‘lab chiqaman-da, ertalab domlaga arang ko‘rinish beraman. «Onasi, sizga nima bo‘ldi, bu nima qiliq?» deydilar ajablanib. «Mazam yo‘q, sizni bezovta qilgim kelmayapti», deyman o‘zimni kuch bilan bosib. Ishga ketadilar, kelgunlaricha yurak hovuchlab turaman: ko‘chadan biror shovur payqab qolmasa edilar!.. Kutganimday bir kun ranglari o‘chib keldilar.

— Nima gap?! Habibjonga nima bo‘pti?!
— Hech gap yo‘q! Habibjon komandirovkada. Topshiriq bilan…
— Qo‘ying!..

Zabt bilan chiqib ketdilar-da, yarim kechada qaytdilar. Bir og‘iz churq etmadilar. Uyga qamalib oldilar. Hech qilmagan odatlari ichkilikka ruju qo‘ydilar… Ishonsangiz, o‘g‘limga qo‘shib, domladan ham umid uza boshladim. Ikki marta infarkt o‘tkazgan yuraklari endi bardosh berolmaydi, derdim… Lekin, bir kun xonalaridan chiqib kelib, yonimga o‘tirdilar. Ancha tinchlangan ko‘rindilar. Birga choy ichdik. Gap orasida, hov o‘sha bizga nikoh kesgan domlani eslaysizmi, dedilar. Eslolmadim. O‘shaning bir gapini aytib berdilar. Domla, birinchi farzandingiz o‘g‘il bo‘ladi, otini Habibullo qo‘yasizlar, degan ekan o‘shanda. Katta odam bo‘ladi. Lekin, qirq yoshlarida… — deb o‘ylanib qopti-da, keyin, yo‘q, yo‘q, hammasi yaxshi bo‘p ketadi, degan ekan.

«O‘sha odamda bir xislat bor edi, qarang, hamma gapi o‘ng kelyapti, — dedilar domla oxiri. — O‘sha, hammasi yaxshi bo‘p ketadi, deganini qattiq tutishimiz kerak. Ko‘rasiz, Habibjon sog‘-salomat qaytib keladi!»

Domlangiz ana o‘sha ishonch bilan sakkiz yil yashadilar. Meni ham ishonishimni istadilar. Bu orada shogirdlari Tilak Jo‘ra ketdi. Tilakjonni ham o‘g‘illaridan kam ko‘rmasdilar. Xayriyatki, domlaning atrofida yaxshilar ko‘p ekan, domlaning shogirdlari, o‘g‘limning yor-do‘stlari ko‘p ekan. Ularning har biri bir farzandday bo‘lib, bizning katta-katta yo‘qotishlarimiz o‘rnini ozmi-ko‘pmi to‘ldirishga harakat qilishardi. Domlani Haj ziyoratiga yuborishlari ham shu maqsadda edi aslida.

Domla bilan Hajda birga bo‘lganman va uning Ka’batullo ro‘parasida, Ibrohim maqomi yonida iz-iz yig‘lab o‘tirganlari, uzoq-uzoq duoyu iltijolar qilganlari hech qachon yodimdan chiqmaydi… Odatda Haj ziyoratiga borgan kishi oila, bola-chaqa xayolidan tamom uzilishi kerak deyiladi. Lekin, domla uzilolmadi. Mushtipar, jafokash ayoli, munisa qizlari, qismati mavhum Habibullosi xayoli, ularga bo‘lgan mehr-muhabbati uni bir zum ham tark etgani yo‘q. Va ana shu muhabbat tufaylidir balki (avvalo Xudo) domla ikki infarktni ko‘rgan yuragi, holdan toygan jussasi bilan ham ellik darajali harorat ostida o‘tadigan Haj arkonlarini to‘la-to‘kis o‘tab, sog‘-salomat va hatto tetiklanib qaytdi… Nazarimda domla bir narsaga qattiq ishondi: Hajdan qaytishida mo‘jiza ro‘y beradi, Toshkent aeroportida uni Habibullosi kutib oladi. Hech bo‘lmaganda u haqda biror xushxabar eshitadi… Samolyot trapidan tushib kelarkanmiz, beixtiyor domlaning intiq nigohlariga ko‘zim tushdi. Bu nigohlar kutib olguvchilar orasidan kimni ko‘rishni istayotgani, kimni izlayotganini botiniy bir og‘riq bilan his etdim…

«Shahrijon, shu kecha tushimga kiribsiz. Tushimda bizlarnikiga kelayotganmishsiz. E, nega Shahribonu dadamdan qochmayapti, deb hayron bo‘larmishman. Qarshimda to‘xtabsiz. Bag‘rimga bosibman. Va shu choq uyg‘onib ketsam, tushim!.. Shu qadar alam qildiki, qo‘yaverasiz. Ko‘zimni yumib, tushimni davom ettirishga harchand urinmay, iloji bo‘lmadi…»
Bu ellik yil muqaddam ko‘rilgan tush edi.

Yaqinda Shahrixon aya xayrli bir tush ko‘rdi. Tushida eshik ochilib, avval domlaning hassasi ko‘rinibdi. Keyin o‘zi kirib kelibdi. Uzun yo‘lak bo‘ylab iljaygancha yurib kelayotganini aniq-taniq ko‘rib tursa-da, aya ko‘zlariga ishonmasmish. Hoynahoy tush ko‘ryapman, domla o‘lganlar-ku, dermish. Domla, uning xayolidan o‘tgan gaplarni bilib turganday, yo‘q, onasi, men o‘lmaganman. Har kuni kelib turibman. Sizdan, bolalaringizdan har doim xabardorman, dermish.

Ustoz asarlarini boshdan-oyoq o‘qib chiqib ham negadir Shahrixon aya haqlarida biror jumla uchratmadim. Buni o‘zi ham bilar ekan, shekilli, alohida bir kitob, ishqiy bir doston yozib, Shahrijonini mamnun qilmoqni dilida tugib qo‘ygan ekan keyingi paytlar. Ammo, umr vafo qilmadi…

03

(Tashriflar: umumiy 7 265, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring