Said Ahmad & Anvar Obidjon. Ustoz va shogird hangomasi.

097
Устоз, кейинги йилларда уйда муқим эдингиз. Сизни осонгина топардик. Бирдан йўқотиб қўйдик…
Бир даврада Сиз ҳақингизда гап қўзғалди-ю, Эркин Воҳидов: “Қаранглар-а, ҳатто Саид Аҳмад аканинг йўқлигигаям кўникса бўларкан”, дея ҳар қачонгидек тагли сўз қотди. Ҳамма тезда тушунди — аслида бу кўникиш мумкин эмасдек бир ҳол.
Мана, суратингиз билан отамлашиб ўтирибман. Биламан, барини эшитиб турибсиз, шунчаки эшитмаганга оляпсиз, холос.

093

Саид  Аҳмад
ФАРҒОНАДА  БИТТАГИНА
Кулиб-кулиб, жилмайиб ёзилган мақола

Қовун танлашни билмасанг, хунугини ол, чиройли қовун кўпинча бемаза чиқади, дейишади.
Мен ҳам шогирд танлашда шу усулни қўлладим. Фарғона томонлардан келган ёзувчи Анвар Обиджон жуда менбоп шогирд чиқиб қолди. Ўхшатмасдан учратмас, деганларидек, ҳуснда ойни уялтирадиган бир чиройли устоз-шогирд бўлдик.

006 Анваржон Олтиариқнинг боласи. Бу юрт тўғрисида қанчадан-қанча ичакузди латифалар тўқиган. Футбол ўйинида тўп бегоналар дарвозасида қолиб кетмасин, деб фақат ўз дарвозасига гол урадиган, қопимни ўғри олиб кетмасин, деб елкасида бир қоп бодринг билан дарёда чўмиладиган, эшагимни чўмилтираман, деб ҳаммомга олиб кириб, ходимгардан калтак еган, товуқлари тухум туғмай қўйганда хўрозни ҳезалак, деб сўккан йигит Олтиариқнинг Полосонидан эди. Ана шу хўрозни, қирқта хотинни олиб қўйиб, Худоёрхонга ўхшаб ётаверасанми, жувонмарг, дон топиб келмаганингга яраша анаву очофат товуқларингнинг кўнглини олсанг-чи, қирилгур, деб қарғаган шу полосонликнинг заифаси эди.
Мен шогирд танлашда худди идораларнинг кадрлар бўлимига ўхшаб иш тутаман. Бўлғуси шогирд қаерда туғилган, қандай муҳитда ўсган, дўстлари ким, қариндош-уруғлари қандоқ одамлар, ҳамма-ҳаммасини билиб олишим шарт.
Шогирдимнинг таржимаи ҳоли билан танишганимда, қуйидагиларни аниқладим: Анваржон туғилган Полосон қишлоғида сурункасига ҳамма доно одамлар бўлган экан. Шунча дононинг бир жойга тўпланиши кўп безовталикларга сабаб бўларкан. Насиҳат қиладиган кўп-у, бошини эгиб қулоқ соладиган кам. Ана шундан жанжал чиқиб, қишлоқ иккига бўлиниб кетди.
Наманганнинг Ғирвон деган қишлоғидан бир доно вакил келди. Бу одамни бутун Ғирвон аҳли астойдил ҳурмат қиларди. Худди мана шу доно кимса ажралишиб кетган хотинини танимай, унга ошиқи беқарор бўлиб, яна икки марта уйланган, ҳар гал уйланганда, энди хотинга ёлчидим, деб қувонган пишиқ-пухта одам эди.

Шундай одамнинг вакил бўлиб келишидан полосонликларнинг бошлари осмонга етди. Шу доно вакилнинг маслаҳати билан ҳар ўттизта донога биттадан нодон қўшиб рўйхат тузилди. Рўйхат ёзилган қоғоз қоқ ўртасидан қайчи билан қийилиб, буниси Шакарқишлоқ бўлсин, мана буниси Ширинқишлоқ бўлсин, деди. Қўйилган шартга ҳамма жон-дили билан рози бўлди.

Кечқурун ғирвонлик доно эшагини қўйган жойидан тополмайди. У эшагини Олтиариқ – Қўқон йўналишида қатнайдиган автобуснинг орқасидаги илгагига боғлаб қўйган экан. Шундай қилиб, ғирвонлик доно эшагидан айрилиб, қишлоғига пиёда қайтиб кетади.

Анваржон тўғрисида жиддийроқ бир гап айтишим мумкин эди. Бироқ олтиариқликларнинг жиддий гапга унча ҳуши йўқ. Ушбу мақолани уларнинг илтимослари билан ҳажвийроқ қилиб ёзяпман.

Олтиариқда ким кўп, шоир кўп. Улар Тошкент бозорига бодринг олиб борганларида, нашриётларга, редакцияларга шеърий тўпламларини ташлаб кетадилар. Кузда турп сотгани борганларида, қўлёзмаларини қайтариб олиб келадилар.

Фақат қўлёзмалардан иборат бўлган Полосон кутубхонаси жавонларига ана шундай “босиб бўлмайди” деб нашриёт печати урилган қўлёзмалар сиғмай кетди. Шакарқишлоқ доноларининг маслаҳати билан кутубхона иккига бўлинмади. “Халқ бойлиги” талон-тарож бўлмасин деб, “Қўшма кутубхона” номи билан сақлаб қолинди. Кутубхона фонди йилдан-йилга бойиб боряпти. Афсуски, Олтиариқнинг фахри бўлган Анвар Обиджоннинг бирорта қўлёзмаси фондда йўқ. Фондга олиш учун устида “босилмайди” деган печат бўлиши керак…

Шакарқишлоқ ҳам, ширинқишлоқ ҳам жуда обод жойга айланди. Агар бу гапларга ишонмасангиз, бориб кўришингиз мумкин.

Кирза этикнинг тагчармини ҳам тешворадиган қиррали шағал тошлар тўкилган йўл бошига “СТОП! ОЁҚ КИЙИМИНГИЗНИ ЕЧИБ КИРИНГ!” деган огоҳлантирувчи белги қўйилган бўлса, албатта, Шакарқишлоқ шу жойдан бошланади деб билинг.

Агар тупроғи тўпиққа урадиган, мусича қўнса қанотининг шамолидан тўзон кўтариладиган йўл бошига “СТОП! ОЁҚ КИЙИМЛАРИНГИЗНИ АРТИБ, ТОЗАЛАБ КИРИНГ ВА ЯНА ЭШАГИНГИЗНИНГ ОРҚАСИГА ТЎРВА ОСИБ ҚЎЙИНГ!” деган огоҳлантириш белгиси қўйилган ёзувга кўзингиз тушса, бу, албатта, Ширинқишлоқ бошланиши деган гап.

Ҳар иккала қишлоқнинг байрамларда кўтариб чиқадиган ўз байроғи бор. Шакарқишлоқнинг байроғи оқ, Ширинқишлоқники оппоқ…

Анвар Обиджон ўзи туғилиб ўсган Олтиариққа шу қадар муҳаббат қўйганки, бутун ижоди давомида ўз юртини эҳтирос билан, буюк ҳурмат билан куйлаб келади. Айниқса туғилиб ўсган Полосон қишлоғи дунёдаги энг гўзал, энг бебаҳо юрт бўлиб туюлади унга. Бу жойнинг хилма-хил қиёфадаги дўлвор, шу билан бирга, танти, ҳар бир гапининг тагига яна бир маъно жойлайдиган кишилари, ниҳоятда ширали, ҳазилга мойил, эшитган одамнинг юзига табассум пуркайдиган образли сўзлари…

Анваржон шу она қишлоғи, қувноқ ва жиндек қув ҳамқишлоқлари тўғрисида қанчалаб ҳикоялар, латифалар,ўқиганнинг юзидаги ажинларни дазмоллаб қўядиган серханда ҳажвлар яратди. Очиғини айтганда, Полосон қишлоғи, унинг хилма-хил табиатли одамлари Анваржонни ёзувчи қилган.

Халқда, аравасига тушсанг, ашуласини ҳам айтасан, деган гап бор. Олтиариқ ҳақфида ёзаётганимда, ашуласини ҳам айтганимни сезмай қолибман. Теша тегмаган латифалар, турли қиёфадаги қувноқ кишилар, бошқа бирор жойда учрамайдиган воқеалар жилмайиб, шоҳо хандон ташлаб кулишимга сабаб бўлди. Шу хандалардан бир миқдори мақолага сачраган бўлса, ажабланманг.

Мана, ниҳоят, Анваржон Тошкент қайдасан, деб йўлга отланди. Повулғону Файзиобод, Эскиарабу Қапчуғай, Хонқизу Янгиқўрғон унинг орқасидан мунғайиб қараб қолгандек бўлди.

Назаримда, унинг ижоди буёғига тошкентчасига жиддий бўлди-ёв, деб ўйлайман. Унинг кейинчалик жуда машҳур бўлиб кетган ушбу ғазалидан бир нечта байтни эътиборингизга ҳавола қиламан:

Шоирингни йўлга бошла ямоқ тушган чориққинам,
Вале сарой шоиридин пешонаси ёруққинам.

Ўтиб Риштону Бағдоддин Қўқонга шом кириб борсак,
Кутиб олгай Собир малла – соч-соқоли сариққинам.

Жангга телба яғоч отда кирғонидек, далли Гулмат –
Кутар яғоч қаламдин ризқ… Хайр, Олтиариққинам.

Юртидан чиқиб кетган шоирнинг тақдирини жуда яхши биладиган олтиариқликлар:

— Бобур Андижондан чиқиб кетди, қайтмади. Машраб Намангандан чиқиб кетди, қайтмади. Фурқат Қўқондан чиқиб кетди, қайтмади. Ана энди Анваржон ҳам шундай жаннатосо Олтиариқдан чиқиб кетди. Қайтиб келадими, йўқми, бир худонинг ўзига аён. Қозондек қайнаб турган серташвиш Тошкентда бу лаллайган, бўшашган шоир адашиб-улоқиб қолиб кетмаса гўрга эди, деб кўп афсус-надоматлар чекдилар. Шунда олтиариқлик машҳур тадбиркор Маматожи ота Иброҳимов (худо раҳмат қилсин у кишини), хотиржам бўлинглар, ҳақиқий олтиариқлик бўлса, ўтда ҳам куймайди, сувда ҳам чўкмайди, деб ғамбода бўлган юртдошларини юпатган эди.

Аммо Анваржон пойтахтда довдираб қолмади. Асли киришимли бўлганидан, ижод аҳлига маъқул келди. Битта кичкинагина хонани ижарага олиб, ишдан қайтгач, Олтиариқни, полосонлик қадрдонлар соғинчини шеърга солиб, тунни оппоқ тонгларга улади.

Кетганига бирон йил бўлиб-бўлмай, Анваржон телевизорда лоп этиб кўриниб қолди. Сочлари “попиратка” қилинган… бўйнида галстук, кўзида ойнак, завқ-шавқ билан ғазал ўқиди. Телевизорни кўриб ўтирган полосонликлар, ёпирай, ўзимизнинг Анваржонга ўхшайдими, деб бир-бирларига қарашди. У бошқача бўлиб кетибди. Яхшилаб тикилиб қарамасанг, танимайсан. Аммо олтиариқликлигини тасдиқлайдиган испарапкаси, яъни бурни Полосоннинг бодрингидек мағрур кўринарди.

Орадан тўрт йил ўтиб, Полосоннинг қўшма кутубхонасига Анваржондан ўзи ёзган “Безгакшамол” деган китоби келди. Ҳамқишлоқлар бу китобдан ҳайрон бўлишди. Китоб муқовасига Анвар Обиджон деб ёзилган. Ичидаги шеърлари Уста Гулматники. Олтиариқда Гулмат деган одам ўтмаган. Анваржон ўзига Уста Гулмат деб тахаллус қўйганмикин, деб ўйлашди.

Тошкент Анваржоннинг ижод булоғини қайнатди. Саксон учинчи йилдан то тўқсон тўққизинчи йилгача ўн еттита китоби босилиб чиқди. Бу анча-мунча шоирга насиб қилмайдиган бахт эди. Асли таги олтиариқлик бўлган Эркин Воҳидов нашриётда бош муҳаррир бўлиб ишларди. Полосонлик қитмирлар, бу китобларни Эркин Воҳидов ёзиб берган, деб гап қилишди. Қитмирларнинг гапи гаплигича қолиб кетди. Бу орада Анваржон қаторасига учта пьеса ёзиб, республика Ёш томошабинлар театрида қўйдирди. Албатта, телевизорда кўрган одамлар бўлса керак.

Олтиариқликлардан биттаси Анваржонни қидириб Тошкентга борди.

— Укажон, темир йўл бошлиғи билан гаплашиб, битта вагон олиб берсанг. Америкага турп обормоқчиман. Шу бечораларнинг ҳам турпга оғзи тегсин.

— Юкни вагонга ортиб, кейин пароходга юклаб, шунча овора бўлиб борсангиз-у, у олифталар турп емаса, нима бўлади?

— Емаса нима бўлади дейсанми? – деди у белбоғидаги қинли пичоғини суғуриб. Шаҳрихон усталари ясаган пичоқ электр нурида ярқираб кетди. – Емай кўрсин-чи, жон керак бўлса, ейди. Емай қаёққа борарди!

Анваржоннинг ҳикоялари, ҳажвлари, кўпроқ полосонликлар тўғрисида. Битта кичкина қишлоқ одамларининг қанчалаб адабий асарга мавзу бўлиши, шунчалик хилма-хил, бири бирига ўхшамайдиган характерлар бўлиши мени ҳайрон қолдирди. Балки водийнинг бошқа туман ва қишлоқларида ҳам буларга ўхшаган одамлар бордир? Албатта, бор. Лекин уларнинг Анвар Обиджони йўқ-да!

Бу одамларнинг қиёфасини яратиш учун алоҳида кўз, алоҳида қулоқ, алоҳида фаросат керак. Айниқса, Анваржонникидек олисдан ҳид билувчи алоҳида бурун керак. Мана шу шартларга жавоб Анвар Обиджоннинг ўзидан топилади. Назаримда, Олтиариқда қанча одам яшаса, Анваржон ҳаммасини танийдигандек, уларнинг сувратларини дилига чизиб олгандек.

Унинг “Олтиариқ ҳангомалари”ни ўқимаган бўлсангиз, албатта ўқинг. Ҳузур қиласиз. Китобни ўқиб бўлгандан кейин бирдан ўша томонларга боргингиз келиб қолади. Ўша дўлвор, содда, қувноқ одамлар билан бир пиёла чой устида суҳбатлашгингиз, ердан йилига уч марта ҳосил оладиган – кўкламда бодринг, ёзда макка, кузда турп экиб, киссасини пулга тўлдирадиган асл деҳқонларнинг қувноқ давраларида бўлгингиз келади.

Олтиариқнинг ҳар битта донаси курка товуқнинг тухумидек келадиган ҳусайни узумини емабсиз, дунёга келмабсиз. Пайкалларда ястаниб ётган, совлиқ қўйдек келадиган, якка ўғри эплаб олиб кетолмайдиган оқ қовунларини, лабидан шарбат томиб турган, гижда нондек қаҳрабо анжирларини, ҳар бири чойнакдек келадиган, ёқут доналари ичидан туртиб пўстини ёрворадиган анорларидан татиб кўрмаган одам, шиша банкага қамалган компотни ичиб, оҳ, оҳ, деб юраверсин.

Анваржон торгина ижара хонада мевалари ғарқ пишган юртини соғиниб, аламини қоғоз билан қаламдан олади. Ғазаллар битади. Уй эгасининг чуғирлашиб, бир-бирини қувлаб ўйнаётган болаларига қараб, ўз болалигини эслаб кетади. Уларга атаб қизиқ-қизиқ шеърлар тўқийди. Қиссалар ёзади.

Соғинч онлари битилган шеърлар нақадар таъсирли. Унинг болаларга атаб ёзган баъзи шеърлари нақадар маъсум. Худди капалакка ўхшайди. Қўл теккизсанг, бирон ерига шикаст етадигандек. “Жуда қизиқ воқеа” деб аталган бениҳоя гўзал, қувноқ, ўйноқи шеърлар китоби болалар адабиётининг энг нодир асарлари қаторидан жой олиб турибди. Беш юздан ортиқ шеър жамланган бу тўплам болаларнинг энг севимли китоби, десам, асло адашмайман.

Олтиариқлик юртдошларининг ҳаётини акс эттирган 300 дан ортиқ катта-кичик ҳажвий ҳикоялари бугунги ҳажвиётимизнинг сара асарлари қаторида ялтираб турибди. Булардан ташқари, Мешполвон, Аламазон ҳақидаги қиссалари, “Қоринботир” достони ва қатор пьесалари Анвар Обиджоннинг ҳам катталар, ҳам болалар адабиётига меҳр билан хизмат қилаётганига кафилдир.

Анвар Обиджон қўшиқчилигимизга ҳам баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. Тошкентдаги бир маросимда ҳофиз “Фарғонада биттагина” деган қўшиқни ижро этаётганда, бир шинаванда шеърни оҳангга, оҳангни ҳофиз овозига ниҳоятда мос келганини қаранг, шеърни қайси барака топкур ёзган экан, деб қолди. Ҳамроҳи имлаб, даврада ўтирган Анваржонни кўрсатди.

— Бай, бай, бай, ўзиям биттагина экан-да, — деди шинаванда маъноли илжайиб.

Ўзбек адабиётининг ривожига қўшган катта ҳиссаси учун Анвар Обиджонга “Ўзбекистон халқ шоири” деган фахрли унвон берилди. Ўша куни Олтиариқ бозорларида турп текин бўлди. Қопи билан тўкиб, ким қанча хоҳласа олиб кетаверсин, биз чойхонада ош дамлаб, Анваржоннинг унвонини ювамиз, деб “бит тўкилди” қилиб бир яйрашди олтиариқликлар.

Бир ошпаз ниҳоятда ҳафсала билан дамланган ошни ўртага қўйганда, ошхўрлардан бири, бу ош маза қилиб ейишдан бошқа нарсага ярамайди, деганини эшитган эдим. Энди шу гапни Анваржонга қаратмоқчиман. Анваржон ёзган асарлар маза қилиб ўқишдан бошқа нарсага ярамайди.

Ҳазилкаш ёзувчилар биз тўғримизда, шогирди чиройли, устози чип-чиройли, деган гап тарқатишибди. Хайрият, шуни биладиганлар бор экан, деб хурсанд бўлдик.

2000 йил, 10 апрел.

093

Анвар Обиджон
БИР КИШИЛИК ГУРУНГ
Устоз Саид Аҳмадни эслаб…

   Устоз, кейинги йилларда уйда муқим эдингиз. Сизни осонгина топардик. Бирдан йўқотиб қўйдик…
Бир даврада Сиз ҳақингизда гап қўзғалди-ю, Эркин Воҳидов: “Қаранглар-а, ҳатто Саид Аҳмад аканинг йўқлигигаям кўникса бўларкан”, дея ҳар қачонгидек тагли сўз қотди. Ҳамма тезда тушунди — аслида бу кўникиш мумкин эмасдек бир ҳол.
062Барибир тирикдайсиз. Мана, суратингиз билан отамлашиб ўтирибман. Биламан, барини эшитиб турибсиз, шунчаки эшитмаганга оляпсиз, холос. Чекишни кейинги ўн беш йилда иккинчи марта ташлаганингиздан сўнг (биринчисида ортган сигареталарингизни менга илингандингиз), устидаги қозиқчаси босилса, сигарет қолдиғини ўз тубига ютиб юборадиган мис кулдонингизни ўзлаштиргани борганимда ҳам худди шунақа манзарани кузатгандим. Яъни сўзимни эшитмаганга олиб: “Эсингдами, ҳў кўчатни сен эккан эдинг. Тагига яшик-яшиклаб минерал сув қуйиб юриб, зўрға катта қиволдим”, дея айвондаги очиқ деразадан боғ томонга бармоқ бигизлагандингиз. “Ўзимга ўхшатиб, кўчатимниям астойдил парваришлашингизни билардим. Шунақалигингизни билмасам, ортиқча эркаланиб, сиздан кулдон сўраб келармидим”, деб далаҳовлингизга не илинжда бош суққанимни қайта шаъмаладим.
— Қўрқма, кулдонни еб қўйганим йўқ, — дедингиз.
Ўтириш яна измига тушди. Янги ёзаётган ҳикоянгизни қисқача баёнлаб ўтиб: “Бошимда гап қайнайди-ю, ёзишга куч қани. Ё менга бирорта секретарка керакмикин?”, дея маънодор қияладингиз. Кейин бир жойлари қирқиб-ямалган, бир жойлари хира сиёҳда таҳрир қилинган икки-учта эски ҳикояларингизни узатиб, умумий мазмунга путур етган-етмаганига бир қараб қўйишимни буюрдингиз. Биттасини ўқиб чиқиб:
— Ҳаммаси жойида, — дедим. — Қолганларини кўришдан илгари битта чекволсам майлими, домла? Айтгандай, кулдон қани?
Иякни юқорилатган кўйи хомуза тортиб: “Деразанинг ёнида чекиб тур, мен кулдонни ахтариб кўраман”, дея каттакон шиппагингизни чанғидек “шув-шув”латиб, ичкари хонага йўл олдингиз. Сал ўтгач, ичида шишалар жиринглаётган халтани кўтариб чиқиб: “Манави винолар бўтта ачиб кетмасин, зоти мундайроқларга ичкизворарсан”, деб олдимга қўйдингиз. Биласиз, ичмайман. Шу боис юзимда ўзгариш сезилмаган бўлса керак, кўнглимни кўтариш учун халтада “молдавский” коняк билан “наманганский” арақ ҳам борлигини илова қилдингиз.
Шунда ҳам муросага боргим келмай: “Кулдон-чи?”, деб сўрадим. Яна хомуза тортдингиз. Чекмай қўйганингиздан куюниб юрган неварангиз Саидшароф кулдонни омборчага қулфлаб ташлаган бўлиши мумкинлигини айтиб, гапни тезда бошқа ёққа бурдингиз:
— Шу Саидшарофга қараб туриб, Худонинг қудратига тан бераман. Туси Маҳмуджон куёвимга ўхшасаям, феъл-атвори қуйиб қўйган ўзимники. Ё тавба!
Қолган ҳикояларни ўқишга тушдим. Охирги ҳикоянинг уч-тўрт ерига ширингина жумлалар қўшган экансиз, “қариган сайин очиляпсиз-да, домла”, деб хушомад қилдим.
— Ўша-ўша қишлоқисан-да, — дедингиз. — “Қари”ни ўрнига “ёш ўтган сайин” десанг, Полосонинг кетадими? Эндигина саксондан ошяпман.
Суҳбатимизга мослашолмай, боғда айланиб юрган Ботир ўғлимга овоз қилиб, соат неча бўлганини сўрасам, “Қаёққа шошасан, ўтирибсан-да”, деб мезбонжеркиш қилдингиз. Соатни бошқа мақсадда, кулдон қаердалигини биладиган Саидшарофнинг қайтишига қанча вақт қолганини чамалаш учун суриштирганимни айтдим. Бу гал хомуза тортмай, кўзимга синовчан тикилдингиз. Андак ўйланиб тургач: “Ошхонадаги жавонниям бир ағдар-тўнтар қиларканман-да”, дея тағин ичкарига “чанғи сурдингиз”. Зарурат туғилса, кўмак бервориш ниятида ортингиздан юрдим. Хайрият, тахмин қилганингиздек, мис кулдон идиш-товоқлар жавонининг бир четида ётган экан.
Шу кунлар, шу қисқа дийдорлашувлар ҳам ғанимат эканини ўшанда қаёқдан билибман дейсиз…
Яқинда уйингизда бўлдим, домла. Кириб бориб, пойабзалимни хонангизнинг тўғрисига ечаётсам, уйингиздагилар: “Буёққа жой қилган эдик”, деб меҳмонхонани кўрсатишди. Сиз билан йигирма саккиз йил бирга яшаб, ўғлингизга айланиб қолган куёвингиз Маҳмуджон асаб-руҳ бўйича мутахассис врач бўлгани боисми, ҳолатимни дарҳол сезиб: “Ҳали-ҳали бизгаям адамиз хоналарида ўтиргандек туюлади. Ишга кетаётиб ҳам, ишдан қайтиб ҳам, ўзим билмаган тарзда эшикларини очаман”, дея маъюсланди. Қизингиз Нодирахон эса: “Гоҳ хоналаридаги стул ғижирлагандек бўлади, гоҳ ўриндиқларидаги чойшаб ғижимланиб қолгандек кўринади”, деб кўзини намлади.
Меҳмонхона сари юряпман-у, деразадан киприк қоқмай термулаётгандексиз. Юрагим гупиллаб, қадам босишимни бошқаролмай қолдим.
Маҳмуджон ўзини қаерга қўйишни билмасди. Дам чой узатади, дам ноз-неъматли товоқчаларни олдимга суриб, “олинг-олинг” қилади. Орада Нодирахон кириб келиб, “Шарбатдан ичмабсизлар-ку”, деб идишнинг бурама қопқоғини ўзи оча бошлайди. Ниҳоят палов ҳам тортилгач, тамаддиланаётиб, қизингиз ҳақида айтган бир гапингиз хаёлимда садоланди:
— Нодира мактабда ўрисча дарс берсаям, пиширган оши ғирт ўзбекча. Бунақа мўъжиза кам бўлади!
Бу сўзни тўрт йиллар бурун худди шу хонада овқатланиб ўтирганимизда айтган эдингиз. Овқатланаяпсиз-у, тўрроққа териб қўйилган, юбилейларингизда совға қилинган турли вазаларга, катта-кичик портретларингизга зимдан қараб қўясиз. Уларнинг ичида Саида опа билан тушган суратингиз ҳам бор эди.
Ўша сурат ҳозир ҳам турибди. Унга боқиб, бирдан неварангиз кичкина Саида эсимга тушади. Уни бошқача яхши кўрардингиз. Одатингизга кўра, гапни ҳазилга қориштириб: “Бу қизни “чимчим” тайёрлайдиган курсга қатнаяпти деб юрсам, корейс тилини ўрганаётган экан”, дердингиз. Вақтнинг ўтишини қаранг, кичкина Саида энди инглиз, рус, араб, немис тилларини ҳам ўрганиб, ҳозир “Ўзбекистон ҳаво йўллари” тизимида ишлаётган акасидек иқтисодчи бўлиш мақсадида Германия иқтисодиёт университетида ўқиётган экан. Кенжатой Камола эса, Шарқ тиллари лицейида ҳалиям хитойчани ўрганяпти. У лицейга янги кирганида: “Бу қақажоним қизалоқлигидаёқ хитой файласуфи Конфуцийнинг китобларини гиламда судраб ўйнарди”, деб шунгаям гап топган эдингиз. Наздимда, айнан шу неварангизда Саида опанинг қони кўпроқдек.
Саида опа ҳақида кўп ёзгансиз, лекин кам гапирардингиз. Гапириш оғир кечарди, чамаси.
Бир воқеа ёдимда. Телевидениедагилар ҳаётингиз ва ижодингиз тўғрисида “Умр дафтари” туркумида беш қисмли кўрсатув тайёрлайдиган бўлишди. Сизни гапга солиб беришни мендан илтимос қилишди. Уч кун суратга олдик. Охирги куни “Чиғатой”га борганимизда, Саида опанинг қабри устида узо-о-оқ сукут сақлаб қолдингиз. Сизни бу туришда гапга солишга ботинмадим. Охири ўзингиз гапирдингиз. Айтган сўзларингиз шу бўлди:
— Шўрлик… роса-а кутди-да…
Аввалига, сургунда юрган чоғларингиздаги айрилиқни эсладингиз, деб ўйладим. Зум ўтмай, бошимда бошқа бир ўй чақнади. Бу дунёдагиси етмагандек, Саида опани у дунёда ҳам узоқ куттириб қўйганингиздан изтироб чекаётгандек кўриниб кетдингиз.
…Хонадонингизда анча ўтирдим. Сизни кўп эслашдик. Шунча гаплашиб юриб, Маҳмуджон шоир Элбекнинг уруғидан эканлигини энди билдим. Адабиётга, адибларга эҳтироми юксаклиги қонида зиёси борлигидан экан. Нодирахонни биринчи бўлиб топган акаси, бу ишга қувониб бош қўшган ота-онаси, ўртада туриб гапни пишитиб берган шоир Шуҳрат оға ҳақида тўлқинланиб-тўлқинланиб сўзлади. Сиздек зотга куёвлигидан беҳад фахрланиши шундоқ кўриниб турарди.
Куёвингизнинг бир гапи менга ўзгача таъсир қилди. Бир куни у харажат кўтариб далаҳовлига борса, қотган нон қаламчаларини совуқ чойга ботириб еган асно, соқолингиз ўсган, рангингиз оқарган тарзда машинкангизни “чиқира-чиқ”латиб ўтирганмишсиз. Унинг раҳми қўзиб: “Ада, ора-сира ювиниб-тараниб олсангиз бўлмайдими”, деса, Сиз: “Ҳозир қамоқдаги даврим тўғрисида ёзяпман. Лагерда юрган одам ювиниб-таранишни ўйлайдими”, деб жавоб қилибсиз.
Шунақа адиб эдингиз. Ёзаётган асарларингизнинг ичида яшардингиз.
Сизни жуда-жуда қўмсаётганини Нодирахоннинг сўзларидан ҳам, кўзларидан ҳам англаб олиш унча мушкул эмасди.
— Илгарилари “ҳувиллаган уй” деганда, кўз олдимда эгалари ташлаб кетган бўм-бўш ҳовли пайдо бўларди, — дейди у маҳзунланиб. — Энди билсам, уйнинг ҳувиллаши учун оиланинг улуғидан ажраб қолишнинг ўзи кифоя экан.
Ҳа, домла, ўрнингизни ҳеч ерда ҳеч ким босолмайди. Юпанчлиси шуки, хонадонда йўқлигингизни билдирмасликка уринувчилар ортингизда қолишди.
Сиз билан сўзлашяпман-у, жиддий бўлишга қанчалик уринмай, қувноқ давралардаги мутойибаларингиз, доимо мийиғингизда турадиган табассумингиз хаёлимда жонланиб, улар мени нуқул хушчақчақ суҳбатга тортқилайди. Аммо кўнглимда аллақандай мунг тинимсиз гиз-гизлаб юрибди.
Раҳматли устозимиз Неъмат Аминов мени Сиз билан илк бор таништиришга чоғланаётиб: “Олдиндан огоҳлантириб қўяй, бу кишига бир яқинлашдингизми, кейин кўнгил узиб кетиш қийин бўлади”, деганида ҳақ экан. Энди орамизда йўқсиз-у, кўнглимиз ҳануз Сизни қидиради…
Хона тутунга тўлиб, кўзимни ачиштиряпти, домла. Охирги сигаретани кулдонга эзиб, рухсатингиз билан, ташқарида бир ҳаво янгилаб келсам.
Бу мис кулдон ҳали Сизни кў-ў-ўп эслатади менга…

Манба: Анвар Обиджон веб-саҳифаси

(Tashriflar: umumiy 650, bugungi 1)

Izoh qoldiring