Said Ahmad. Kiprikda qolgan tong. Qissadan parchalar.

011
Ўлмас бирон асар ёзадиган бўлса «одамови» бўлиб қоларди. Бошқа ишларни унутар, фақат ёзаётган асарини ўйларди. Шу пайтларда у меҳмонга ҳам бормас, меҳмон ҳам чақирмасди. Унинг бу одатини билмай тасодифан келиб қолган танишларини қачон кетаркин, деб безовта бўлаверарди.

02
Саид Аҳмад
КИПРИКДА ҚОЛГАН ТОНГ
Қиссадан парчалар

«Инсонни бадном қиладиган ҳар қандай ҳаром-хариш ишлардан ўзини тия олган, бу дунёга пок келиб, пок кетган, нурдек тиниқ ҳаёт кечирган, Аллоҳ даргоҳига фаришта бўлиб йўл олган дўстим, укам, жигарим, қадрдоним, хотираси ҳеч қачон ёдимдан чиқмайдиган севикли ёзувчим Ўлмас Умарбековга бағишладим ушбу қиссани.
Муаллиф
»

Биринчи бўлимдан

Машинада водий томонга кетяпмиз. Ёш ёзувчи укаларим билан баъзан шунақа саёҳатга чиқадиган одатимиз бор.

Ўзим руль бошқариб келяпман. Ёнимда ниҳоятда чаққон, зийрак, ҳеч нарсани назаридан қочирмайдиган, гоҳо кулдираман деб гапнинг орқа-ўнгига қарамай айтворадиган Анвар Эшонов. Орқа ўриндиқда шу водийда туғилган, биринчи ҳикояларини шу ерда ёзиб эълон қилган Худойберди Тўхтабоев билан икки ҳикоялар китобини, «Севгим — севгилим» қиссасини нашр қилган, ғоятда одобли, ёш бўлишига қарамай кўпчиликнинг таважжуҳини ўзига қаратган Ўлмас Умарбеков ўтирипти.

Боя йўлга чиқаётганимизда у, тоғдан кетмаймизми, деб сўраган эди. Унга ҳозирча тоғда водийга хос ҳеч нарса йўқ, ҳаммаёқ темир-терсак, техника, экскаватору булдозерлар тош суриб йўл очяпти. Мен сизларни ота-боболаримиз қатнаган йўлдан олиб келяпман, деган эдим.
— Отабек юрган йўлданми? — деб такрор сўради Ўлмас.

Кўпчиликни Отабек юрган йўл қизиқтиради. Ўша йўлни кўргилари келади.
— Отабек юрган йўл манави тоғлар орасида, — дейман уларга. — У йўлдан ё отда, ё эшак миниб ўтиш мумкин. Биз Кумушбиби ота-оналари билан аравада Тошкентга борган йўлни ёқалаб келяпмиз.

Кайроққум «денгизи» бўйлаб бориб, «Қиста кўз» бекатида тўхтадик. Чой ичиб, пича дам олмоқчи эдик. Самоварчи бола қорачой йўқ, деб баҳона қилди. Ўзимизда бор, десак ҳам кўнмади. Қорачой дамласам дадам уради, деб ичкарига кириб кетди-ю, қайтиб чиқмади.

Кула-кула яна йўлга тушдик.

Ҳаво тоза, осмон тиниқ. Денгизни мавжлантириб биз томон эсаётган ажиб бир намхуш эпкин кўнгилларимизни яйратади. Сомоншувоқ томларда лолақизғалдоқ гулхани лов-лов ёнади. Йигитлар чаккасида чучмўма, қизлар сочида толбаргакдан сочпопук…

Узун новдалари ерга тегай-тегай деб аста елпинаётган мажнунтол тагидаги сўрида етмишларнинг нари-берисидаги, чап қулоғига ўн беш тийинлик танга қистирган бир қария тиззасини қучоқлаб, ўй ўйлаб ўтирипти. У бизни кўриб, келинглар, меҳмонлар, деб илкис ўрнидан турди. Шоша-пиша палосларни қоқиб, бошқатдан тўшади. Тол кучаласи тушган жойларни бир сидра супуриб чикди.
— Озроқ ҳордиқ олиб туринглар, мен ҳозир…

У шундай деди-ю, шошиб ичкарига кириб кетди. Ичкарида андак ҳаяллаб қолди.

Елкасида дастурхон, билагида сочиқ. Бир қўлида қорачой дамланган «Кузнецов» чойнаги, яна бир қўлида шундақа тўртта пиёла билан чиқди. Анвар чаққонлик билан елкасидан дастурхонни олиб ўртага ёзди. Самоварчи чойнак-пиёлаларни дастурхон четига қўйиб Анварга, укагинам, чойни уч марта қайтариб манави сочиққа ўраб қўйинг, деб илтимос қилди. Чойхона ичидан исириқнинг хушбўй ҳиди димоқларимизга урилди.

У исириқ тутуни буралиб-буралиб чиқаётган хокандозни кўтарганча машина томон кетди. Машина эшигини очиб исириқ тутата бошлади. Ишқилиб ўриндиққа чўғ тушмасин-да, деб жоним ҳалак. Хокандозни ерга қўйиб, қоғозга ўроғли исириқ уруғларини машина ишкопчасига сочиб юборди. Кейин ҳаммамизга бир-бир исириқ тутатиб чиқди. Кўз тегмасин, хушрўй йигит экансиз, деб Ўлмаснинг бошидан хокандозни уч айлантирди.
— Ёмон кўздан асрасин, бунақа ҳуснни худойим ҳар кимга ҳам беравермайди, суйган бандасига беради. Бу заифона чирой эмас, мардона чирой. Уламоларнинг гапларига қараганда, Хизир бувам ҳам худди шунақа чиройли одам бўлган эканлар. Хўжандда дарёдан ўтишингиз билан «Чорух даррон» деган тошлоқ адирга рўбарў келасиз. Чўпонларнинг чориғи тошлокда йиртилаверганидан ўз исми ўзи билан бўлсин, деб тошлоқни «Чорух даррон», яъни «Чориқ йиртар» деб аташган. Шу адирнинг исириғи минг дардга даво. Тошкент томонларда тумов хуруж қилганда машиналарини тўлдириб испанд-исириқ олиб кетишади. Ўша ердан мен ҳам анчагина испанд опкелтирганман.

Самоварчи ичкарига кириб, марғилоннусха дўппи, оппоқ яктак кийиб, иккита патнис кўтариб чиқди. Биттасида қанд-қурс, седонали олтита нон. Нонни ушатиб чойнак устидаги сочиқни олди, пиёлага бир ҳўпламгина чой қуйди-да, лабларини чўччайтириб ичди. Пиёланинг лаб теккан жойини оппоқ яктагининг кўксига енгилгина суртиб, бошқатдан чой қуйди. Уни менга узатар экан, «индийский», деб қўйди.

Унинг ҳамма ҳаракатларини диққат билан кузатиб турган Ўлмас қойил қолганини яширолмай, қалин қошларини кериб жилмайиб турарди.

Ўлмаснинг нимадир дегиси келди.
— Эски замоннинг буюмларидан ҳали ҳам бор экан-да?

Самоварчи жавобни нимадан бошлашини билмай, андак ўйланиб турди.
— Э, укам-е, бу ҳаммаси ўзидан кетиш, ҳаддан ошиш, сендан қолсам қулоғимни кесганим бўлсин, деган нодонликдан чиққан нарса. Бундан ўттиз йил олдин десам тўғри бўлармикан, бир эси йўқ самоварчи ўртоғимиз чойхўрларни ўзига оғдириш учун фақат шунақа чойнак-пиёла ишлатадиган бўлди. Сопол пиёлада чой ичиб юрган чойхўрлар ўрис пошшонинг пиёласида чой ичайлик, деб самоварга аридек ёпирилди. Агар шу чўтирдан қолсам калламни олиб ташлайман, деб яна биттаси кунига уч марта соғиладиган сигирини бузоғи билан сотиб, худди ўшанақа чойнак-пиёла олдириб келди. Яна битта самоварчи, очиғини айтсам, ўзимнинг тоғам, ўғил уйлайман, деб қачонлардан бери тишида тишлаб йиққан пулига «Кузнецов» харид қилиб келди. Қўқонлик арман савдогарлар қарасаки, «Кузнецов»нинг харидори кундан-кун кўпайяпти. Мана бўлмасам, деди-ю нархни қопда пул олиб келадиган бойваччаларнинг ҳам бўйи етмайдиган баландга кўтариб қўйди. Отам раҳматли энди «Кузнецов» олиш менинг навбатим, деб турганда савдогар унинг қўлини калта қилиб қўйди. Отам раҳматлининг кўпкарида улоқни бировга олдирмайдиган, думига дўла-на тақилган эпчил оти бўларди. Чиннипурушлар шу отни берсанг «Кузнецов» сеники, деб оёғини тираб олди. Отам раҳматли, болам ўксимасин, деб шу отни бағридан юлиб олгандек икки яшик чойнак-пиёлага айирбош қилди. Ундан эсдалик бўлсин, деб думига бойланган дўланани олиб қолди. Шу дўланани ҳалигача асрайман. Ўша чойнак-пиёлалардан биттаси чегаланган, учта чойнак билан тўққизта пиёла бор. Нозик-нозик меҳмонларга ишлатаман. Қопқоғини чойнакка уриб шиқирлатиб, чой чақирадиганларни жинимдан ҳам ёмон кўрааан. Шиқирлатавериб қопқоғини арра қилиб юборишади. Кар бўлмасам, кўр бўлмасам, овоз чиқазиб, битта чой, десанг бўлди-да, офтобни сояга етказмай олдингга обориб қўяман. Биз тарафларда эркак меҳмонларни уйда кутмайдилар. Айниқса хотин-халаж кўп хонадонларга бегона эркакнинг қадам изи тушмайди. Ҳар қанча меҳмон бўлса самоварда кутиб юборади. Мен ўзи андархонликман. Онам тожик, отам ўзбек, Рўзғорда тожикча, ўзбекча аралаш қилиб гаплашаверамиз. Самоварчилик отамга отасидан қолган. Беш яшарлигимда отам мени ёнига олган. Мана, бир кам етмиш йилдан бери самовар қўяман. Кўп ажойиб инсонларнинг хизматини қилдим. Суҳбатини, дуосини олдим. Кам бўлмадим.

Иккита қовун қовғасининг бандини бир-бирига боғлаб, елкасига хуржундек ташлаб олган саккиз-тўққиз ёшлардаги бола қўлида портфел билан бизга салом бериб, чойхона ичига кириб кетди.
— Неварам бу. Дарсдан чиқиб олдимга келади. Бугун мактабда қандайдир тадбир бўлар экан. Директор ошнинг масаллиғини ташлаб кетган эди. Ошни дамлаб қўйганимда келиб қозони билан замбарда олиб кетишди.

Эрталаб соат саккиздан бери гаичилар камқатнов асфалт йўлимизда шофёрлардан имтиҳон олишди. Шунинг учун ҳам чойхўр кўп бўлди. Чарчаб қолдим. Сизлар келганингизда тизза қучоқлаб ухлаб қопман, ёмонам хижолат бўлдим.

Қовунларимизни адирдаги қумга кўмиб қўямиз. Адир томондан қовун иси келдими, билингки, адирда қум кўчиб қовунлар очилиб қолган. Офтоб тегиб ҳид чиқазяпти.

Тонгга яқин қаттиқ шамол бўлганди. Адирга қовун олиб келиш учун бричка арава кетган эди. Бола бобомга қовун обораман деб кутиб қолган экан.

Шу неварамни Ғафур Ғуломнинг хизматига бермоқчиман. Эти сизники, суваги меники, деб уйига ташлаб келаман. У киши анчадан бери бу томонлардан ўтмай қўйдилар. Тинчмикинлар? У киши ҳали ҳам министерстводамилар?

Анварнинг шайтони ғалаба қилиб, уни калака қиладиган бирон гапга оғиз жуфтлаб турганини сезиб қолиб жаҳл билан унга ёмон қараб қўйдим. Унинг оғзидаги гапи бўғзида қолди.

Хайр-хўшлашиб энди машинага чиқамиз, деб турганимизда чойхоначи пешонасига шапиллатиб бир урди. Ҳаҳ каллам қурсин, қовун қолиб кетибди-ку, деди-да, шошиб чойхона томон пилдираб кетди. Бир зумдан кейин патнисда чиройли қилиб каржланган қовун, бир қўлида обдастада илиқ сув олиб чиқди.
— Қовунни ким сўйди? — деб сўрадим ундан.
— Неварам. Қовунни жуда чиройлик сўяди. Қаранг, гул қиворипти, боласи тушмагур. Андархонимизга келиб бир ёшга кирган қовун емай кетиш яхши эмас. Ўзи ҳам асал бўлиб кетгандир. Бирон ўн беш кунлардан кейин бунақа қовунни тополмайсиз. Ҳаммасининг уруғини олиб экиб қўямиз. Андархоннинг қовунини қовун деса бўлади.

Самоварчи Андархон қовунининг таърифини сал ошириб юборяпти, деб ўйлаган эдим, йўқ, мақтаганича бор экан. Ғафур Ғулом айтгандек, тилими тилни ёраман дейди.

У қўлимизга сув қуйиб, энгашиб елкасидаги сочиқни тутди. Худойберди унинг яктак чўнтагига эллик сўмлик пулни солиб қўйди. Бу ишимиздан у астойдил ранжиди.

Қозоқларга пичоқ совға қилсангиз албатта тиғ ҳақи, деб танга-чақа аралаш пул берадилар. Бизларда ҳам исириқ тутатган кишига пул бериш бир удум бўлиб қолган.
— Оқсоқол, — дедим, — исириқ ҳақи бермасдан кетиш шаънимизга тўғри келмайди. Олинг, олмасангиз хафа бўламиз.
Бу гапимдан кейин қўлини кўксига қўйиб, давлатинглар зиёда бўлсин, укаларим, деди мамнун.

* * *

Ўлмас бирон асар ёзадиган бўлса «одамови» бўлиб қоларди. Бошқа ишларни унутар, фақат ёзаётган асарини ўйларди. Шу пайтларда у меҳмонга ҳам бормас, меҳмон ҳам чақирмасди. Унинг бу одатини билмай тасодифан келиб қолган танишларини қачон кетаркин, деб безовта бўлаверарди.

Унинг феълини билганимиз учун безовта қилмасдик. Иши битгандан кейин ўзи телефон қилиб, келаверинглар, «туғиб» бўлдим, деб куларди.

«Севгим-севгилим» қиссасини бошлаганига ҳали йигирма кун ҳам бўлмаганди. Ўзи телефон қилиб қолди.
— Бизникига келсангиз. Ош дамлаяпман. Нозик меҳмон келган. Сигаретни кўпроқ ола келинг. Меҳмонимиз кашанда чиқиб колди.

Айтган вақтида бир блок «Родопи» сигарети билан етиб бордим. Дастурхон атрофида номдор ҳайкалтарош Яков Шапиро, «Ўзбекфильм» режиссори Мухтор Оғамирзаев билан… айтсам ишонмайсиз, росмона космонавт ўтирипти. Унча-мунча космонавт эмас, беш марта фазо кемасида учган, икки марта «Олтин юлдуз» олган Жонибеков ўтирипти. У аввал қўлимдаги сигаретга, кейин ўзимга қаради. Битта чектиринг, биродар, деди ялингандек.

Бир блок «Родопи»ни қўлига бердим. Шошиб блокнинг зар қоғозларини бирпасда шилиб олди. Битта пачкани очиб, ичидан сигарет чиқазди-ю, зажигалкада ўт олдирди. Ҳузур қилиб сўрди. Оғзидан паға-паға тутун чиқарар экан, менга миннатдор бир қараш қилди.

Шу билан танишлигимиз бошланди. Суҳбат орасида, фазо кемасида чекиш мумкин бўлмаса керак, унда қандоқ қилиб чидайсиз, деб сўрадим.
— Биласизми, чекиш мутлақо эсимга ҳам келмайди. Фазога учадиган куним ҳам эрталаб босиб-босиб чекканман, Космодромга келишим билан умрида чекмаган, ҳатто сигаретни ушлаб кўрмаган одамга айланаман. Ҳар гал шунақа бўлади. Мураккаб аппаратлар, вазнсизлик ҳолати, бажарилиши лозим ғоятда аниқ бўлган юмушлар, мисқол-мисқолигача ўлчанган буюмлар, иллюминатор орқали фазо кенглигини синчковлик билан кузатишлар,
ерга аниқ маълумот юборишлар бутун вужудимни эгаллаб олади.

Ерга қўнишим, оёғим ерга тегиши билан ҳушим ўзимга келади. Биринчи учраган одамдан сигарет сўрайман.

Ўлмас ҳам шунақа. Асар ёзишга ўтирдими, тамом. Бошқа нарсаларни унутади, ёзаётган асари тугагандан кейингина ҳуши ўзига келади…

* * *

Хорунбой Эрматов район котиби. Ўтган йили Қаҳрамонлик унвонига сазовор бўлиб, «Олтин юлдуз» таққан фарғоналикларнинг бири. Ўзи жуда шинаванда одам. Санъат-адабиёт аҳлларини бошига кўтаради. Келганимизни эшитиб Адҳамга, меҳнаткашларимиз билан бир учрашув қилсак, қандоқ бўларкин, деган экан. Эртага ўша ёққа борадиган бўлдик.

Ўлмас билан икковимиз Анваржон етовида катта йўл ёқасидаги ҳовлилардан бир-иккитасини кўргани йўлга чиқдик. Ўлмас ёзмоқчи бўлган қисса иштирокчиларидан иккитасига ҳовли кўришимиз керак. Биз танлайдиган ҳовлилар ўта замонавий ҳам, жуда эскича ҳам бўлмаслиги керак. Худди шу кунларнинг одамлари яшайдиган оддий, лекин бир қараганда ҳовли эгасининг кимлигини «айтиб» турадиган покиза, файзли, рўзғор буюмлари ҳам ортиқча зийнатли бўлмасин. Тўғри, бунақасини дарров тополмайсан. Кам-кўстлари ҳам бўлади. Халқда «Қозончида ихтиёр — қайдин қулоқ чиқарса» деган нақл бор, қолган-қутганини ёзувчининг ўзи қўшиб-чатиб олади.

Биринчи кирган ҳовлимиз жуда ивирсиқ, ҳар ер-ҳар ерда гўнг уюлиб ётибди. Ўн бештача товуқ уларни тинмай титкилаб, ҳаммаёққа сочиб ташлаган.

Иккинчи ҳовли аввалгисидан ҳам баттар. Икки азамат йигит ҳамма нарсани унутиб шахмат суришяпти. Шундоқ ёнгиналарида кир юваётган хотин ариққа мағзава тўкар экан:
— Камиссиямисизлар? — деб сўради. — Газ йўқ, раисларникида бор, бизникида йўқ.

У липпа урилган этагини ҳам туширмай, «Шуни дафтарга ёзиб қўйинглар», деди.

Чиқиб кетдик. Хотин орқамиздан жавраганча қолди.
— Бошқалари ҳам шунақамикан? — деди Ўлмас Анваржонга қараб.
— Йўғ-е, — деди у, — жуда покиза, файзли ҳовлилар ҳам кўп. Қани, кўраверайлик-чи.

Кетма-кет саккизта ҳовли кўрдик, газчилар план қилгани келишган деб ўйлаб, хотин-халаж орқамиздан эргашиб юрибди.

Кўрганларимиздан иккитаси худди биз қидирган ҳовли эди. У саранжом-саришта, файзлигина, озода эди. Узум новдалари баланд валишга чиройли қилиб таралган. Ғўра тугиб қолган «пошшойи» ўриги шохида иккита бедана қовоқ илиб қўйилган. Устига тўқ яшил мато ёпилган қафас титраётгандек қимирлаб турипти. Ундан ҳар замонда бедана чўқиб ташлаган тариқ тўкилади. Шифер томда қўлбола антенна. Шифтига ҳафсала билан нақш чекилган айвонда, устига бахмал ёпиб қўйилган, қўлда ҳам, оёқда ҳам, электр қувватида ҳам ишлатса бўладиган тикув машинаси. Ҳовли ўртасидаги сўрида офтобда кўпчисин, деб оҳорли атлас кўрпанинг астар томони ёйиб қўйилган.
— Гулчеҳранинг ҳовлиси, — деди Ўлмас ўзидан-ўзи.

Гулчеҳра ким, деб ҳеч ким сўрамади. Шу топда Ўлмас ўзи хаёлан яратаётган қисса иштирокчисини тасаввур қилаётганини сезиб турардик.

Ўлмаснинг чеҳраси ёришди. «Пошшойи» шохига илиб қўйилган тўрқовоқ тагига қўлини тутди. Кафтига бир-икки томчи сув тушди.

Иккита ҳовлидан кейин яна битта шунақа файзли, озода, саранжом-саришта ҳовлига кирдик. Ошхона деворида қуённи қувлаб кетаётган бўри сувратига кўзимиз тушди. Суврат тагига «Ну, погоди!» деб ёзиб қўйилган, ҳовли этагида пуштасига саримсоқ пиёз қадалган кулупнай ариғига галифе шим кийган ўрта яшар бир киши сув очяпти.

Чилонжийда тагида дўнг пешонасидан осилиб тушган қуюқ, узун толалар кўзларини бутунлай тўсиб қўйган оппоқ бир кучук бола ёнига яқин келган мусичага ғашлик қилиб акиллаяпти. Кичикроқ олхўри крқисидек қоп-қора тумшуғи бўлмаса уни бир ҳовуч пахта деб ўйлаш мумкин эди.

У олд оёқлари билан каттакон елим халтани босиб қўриқлаяпти. Халтада қўл насоси, тўрт бешта ёнғоқ, юрмай қолган эски ёнсоат, велосипед қўнғироғи, милтиқдан чиқазиб ташланган гилзалар, шоколад зар қоғозлари, ичига нўхат солинган тунука ҳуштак ҳамда бир синиқ кўзойнак бор.

У ёнидан ким ўтса қўриқлаётган «хазина»сини қизға-ниб ириллайди. Бизни кўриб жон-жаҳди билан акиллади. Ўз овозидан ўзи чўчиб елим халтани тишлаб судраганча уй орқасига ўтиб кетди. Гўё бир ҳовуч оппоқ жунни шамол учириб кетгандек бўлди.

Қулупнайга сув очган киши лой бўлиб кетган калишини ечиб ариқда оёғини ювар экан, ҳовли ўртасида тўнтарилиб ётган бир пой шиппагига қаради.
— Ҳа, ярамас, — деди у ҳадиксираб турган кучукчага. — Шундан бошқа эрмагинг йўқми? Ҳали караб тур…
— Бу Абдулланинг тоғаси, — деди Ўлмас пичирлаб. Офтобрў томондаги кенг айвон шифтида худди бояги айвон шифтига чекилган нақш. Икковини ҳам битта наққош чеккан бўлса керак, деб ўйладик. Айвон ўртасидаги каттакон стол устида орқа қопқоғи очилган «Рекорд» телевизори. Афтидан, уста керакли лампочка топиб келиш учун ҳозиргина чиқиб кетганга ўхшарди.

Абдулланинг «тоға»си ювилган оёғининг биттасида шиппак билан сакраб-сакраб, тўнтарилиб ётган бир пой шиппак тепасига келди. Энгашиб, қийналиб оёғига илар экан, муюлишда унга гуноҳкорона қараб турган кучукчага «сен» ярамасни лўлининг лайчасига уйлаб қўйганим бўлсин, ана ўшанда «келин»нинг орқасида хуржунини тишингда кўтариб, лўкиллаб юрганингни томоша қиламан дея кулди.

Кучукча асабий бир алпозда югуриб бориб бир оёғини кўтарганча тизиллатиб девор тагини ҳўллаб, хотиржам қайтиб келди.

Ҳовлидан чиқиб кетарканмиз, кучукча орқамиздан остонагача акиллаб келди. Анваржон унга таҳдид қилиб, икки марта депсиниб ер тепинган эди, вангиллаб қочиб қолди.
— Бўлди, — деди Ўлмас, — менинг ишим битди. Қолгани «қозончининг қўлида».

Эрталабдан бери ўзимни лоҳас сезяпман. Бутун вужудим қақшаб оғрияпти.
— Ўлмас, — дедим зорланиб. — Машинани минолмайдиганга ўхшайман. Энди то Тошкентга етгунимизча машина сеники.

Ётоқ жойимизга келганимизда Анваржон медпункт навбатчиси, фельдшер чолни бошлаб келди. У ёқ-бу ёғимни текшириб, юрагим уришини эшитиб, ҳароратимни ўлчаб кўрди.
— Иситмангиз анча баланд, тинчроқ жойда ётиб, укол олиб, бир кунгина даволансангиз отдек бўлиб кетасиз, —деди кекса фельдшер, у айтган «тинчроқ жой» атлас комбинатининг сиҳатгоҳи эди.

Ўша ерда ётибман. Иситмам тушган. Лекин кўзимни уйқу босиб, ўрнимдан турсам гандираклаб кетяпман.
— Чарчабсиз, қаттиқ чарчабсиз, оқсоқол. Тўйиб бир ухласангиз, дард кўрмагандек бўлиб кетасиз, — деди даволовчи шифокор…

Эрталаб соат ўн бирларда бош шифокорнинг ўзи мени «тез ёрдам» машинасида учрашув бўлаётган жойга олиб борди. Машинага жавоб бериб юборди-да, ўзи қолди.
— Мана, эрка касалларингни олиб келдим. Отнинг белига мушт урса умуртқасини синдирадиган одам ўзини касалга солиб ўтирипти-я?

Учрашув энди бошланаман деб турган экан.
Ажаб, учрашув қатнашчилари асосан хотин-қизлар эди. Онда-сонда ўғил болалар ҳам кўриниб қоларди. Учрашувда негадир эркак муаллимлар кам эди. Адабиёт муаллималарининг ҳаммаси шу ерда.

Умарали меҳмон ёзувчиларни бир-бир таништириб, учрашувни бошлади. Маслаҳат билан учрашув савол-жавоб йўсинида ўтадиган бўлди.

Кўринишидан шаддодлиги билиниб турган бир қиз ўрнидан турди. У оғзидаги қоплама тилла тишни яқинда қўйдирган бўлса керак, бўлар-бўлмасга оғзини катта очиб куларди. Кулиб бўлгандан кейин ҳам оғзи очиқлигича қоларди. Унинг офтоб уриб қорайган юзи, шамолда ёрилиб, қалинлашиб кетган лаблари орасида тилла тиши чақнаётганга ўхшарди.
— Ҳурматли Ўлмас акамиз битта саволимга жавоб берсалар… — У қўлидаги «Севгим — севгилим» китобини баланд кўтариб кўрсатди. — Бу китобни эшикдаги аячамиз ўқиганларми?

Ўлмас, ҳа, ўқиган, деб жавоб қилди.
— Ҳеч нарса демадиларми?
— Китоб менга ёкди, табриклайман, деди. Савол берган қиз ёқасини ушлади.
— Ё тавба! Индамадиларми, а?
— Бир нима дейиши керакмиди? — деди ҳайрон бўлиб Ўлмас.
— Тошкент аёлларининг ҳаммаси шунақами ё битта сизники шунақа чиқиб қолганми?
— Гапларингизга тушунмаяпман, синглим. Тушунадиган қилиб гапиринг.
— «Яккачинор»га келиб Ойпопук деган қизга ошиқи-беқарор бўлганини, шу қизни деб «Яккачинор»да бир умр қолиб кетишга ахд қилганини китоб қилиб ёзиб, ўз хотинига ўқиб берса, янгачамиз уни ўпиб табрикласа, ия, бу қанақаси бўлди. Ё тошкентлик аёлларда рашк йўқми? Тушунмадим, сира тушунмадим.

Бу шаддод қизнинг исми Ғапура, дугоналари Ғупра деб аташар экан…

Ўлмас нима деб жавоб қилишни ўйлаб анча жим туриб қолди. Бу ҳолатни қизлар ўзларича тушуниб ёзувчини жавоб тополмаганга йўйдилар.

Шундоқ катта, шундоқ машҳур ёзувчини «мот» қилган Ғупра тантана қиларди.

Қизлар елпиниб ўтирган «Севгим — севгилим» китобини қўлтиққа қисиб қарсак чала бошладилар. Ўлмас уларга қараб бир чиройли жилмайиб турибди. Қизлар қўлтиққа қисилган китобни олиб яна елпина бошладилар. Ҳаммаёқни иссиққина «қиз ҳиди» тутиб кетди. Китоб сахифаларидан эсаётган Ойпопукнинг иси шу хидларга омухта бўлгандек эди.

«Оқсоқол» қўлини кўтариб ғовурни босди. У колхоз раисининг маданий ишлар бўйича биринчи ўринбосари, шаддодлиги учун уни «оқсоқол» дердилар. Ҳамон оғзини очиб турган қизга қаради.
— Китобни дурустроқ ўқимабсан, каллаварам. Бошланишидаёқ кўрга ҳасса қилиб ёзиб қўйган-ку! Қариб қолган отаси болалигидаёқ онадан етим қолган ёлғиз ўғлини қийинчилик кўрсин, мустақил яшашга ўргансин, ўзига фойда бўлади, деб институтни битириши биланоқ «Яккачинор»га жўнатиб юборган. Билдингми? Шундан маълумки, у ҳали уйланмаган, рўзғор қилмаган. Сен бўлсанг хотинингга ўқиб бердингми, у нима деди, тошкентликлар рашк қилишни биладиларми, деб валдираяпсан. Билиб қўйларинг, Умарбеков ака биравга ем бўладиган ёзувчилардан эмас, Абдулла Қаҳҳор ака айтганларидек, Умарбеков эртага қичишадиган жойини бугун қаш-лаб қўядиганлардан. Мамаданалик қилиб ҳар балони гапираверасанми? Эси йўқ.
— «Оқсоқол» мен сизга нима ёмонлик қилдим? Нега мунча ғазаблайверасиз?
— Бўлди, ўтир жойингга! — деди «оқсоқол» буйруқ оҳангида.
— Ҳали айтадиган гапларим кўп, — қизнинг оғзи яна очиқ қолди.
— Оббо, ҳеч гапинг тамом бўлмас экан-да. Ичинг саволга тўлиб кетган экан. Қани, вақтни олмай, тез-тез гапир.
— Ёзувчилар нима учун шафқатсиз, раҳмсиз, қаҳри қаттиқ бўладилар? — деди жиддий туриб…

Бу гапдан кейин ўтирганлар бирдан унга қизиқиб қарадилар.
— Китобларни охиригача ўқимай қўя қолсам, дейман. Агар ўқисам, азага боргандек эзилиб кетаман. Қайси китобни ўқисам меҳрим тушган, қадрдон бўлиб қолган «қаҳрамон» ўлиб қолади. «Ўткан кунлар»даги Кумушбиби нима бўлди? Уни ким ўлдирди? Албатта, ёзувчи ўлдирган. Кечаси «Ўткан кунлар»ни ўқиб ётиб охирига келиб қолган эдим. Ўлган жойига келганда чидамай дод деб ҳовлига чиқиб кетибман. Уйғониб кетган бувим, болам китоб ўқийверса телба бўлиб қолади, деб уни топиб бўлмайдиган жойга беркитиб ташлади. Барибир китоб ёд бўлиб кетган… «Бой ила хизматчи»даги Жамилани, «Қутлуғ қон»даги Йўлчини роҳат кўрмай ўлиб кетганига сира чидамайман. Ииғлайвериб, қовоқларим ёнғоқ пўчоғидек бўлиб шишиб кетди. Мана шу «Севгим — севгилим»даги Ойпопукни ҳам ёзувчи ўлдирди. «Уфқ»даги Жаннат хола ёлғиз ўғлининг ғамида тўқайда, қамишлар орасида, ботқоқда фарёд уриб оламдан кўз юмади. «Кеча ва кундуз»да ўрисча билмайдиган Зебихон суд қилиниб Сибирга ҳайдаб кетилади. Телба бўлиб қолган онасини занжирга солиб Эшоннинг уйида калтаклайдилар. Унинг шеър тўқиб айтган фарёдига одам боласи чидаёлмайди.

Зеби, Зеби Зебона,
Мен кўйингда девона,
Заҳар қилиб ошингни,
Пирим еди бошингни.
Зеби, Зеби Зебарим,
Қайда қолдинг, дилбарим…

— «Кеча ва кундуз»ни қаердан топиб ўқидинг? — деди оқсоқол.
— Топтим-да, Ёзёвонимизда тўққизта одамда бу китобнинг қўлда кўчирилган нусхаси бор. Шулардан биттасини ўқидим-да!
— Ёзувчи китобни бошламасдан олдиноқ ким ўлади, ким қолади, белгилаб олади. «Олтин девор» билан «Келинлар қўзғолони»ни ўқинг. Уларда битта ҳам одам ўлмайди. Уларда ҳамма «Аршин мол олон»дагиларга ўхшаб мурод-мақсадларига етадилар. Шундай қилса бўлар экан-ку!

Умарали унинг бу гапларига қулоқ солиб ўтирар экан, китоблар тўғрисида болаларча чиқазган хулосаларини ўйларди. Қизгина ишлаб туриб кечки мактабни «олтин медал» билан тугатибди. Адабиётнинг қонун-қоидаларини мутлақо билмайди. Буни унга тушунтирадиган одамнинг ўзи йўқ. Ўзича тўғри-нотўғри хулосалар чиқариб юрипти. У жон-жахди билан китобга ёпишиб олган. Қува тарафларда унчалик кўп ўқийдиган китоб «жинниси» йўқ, деса бўлади. Қани энди унга бир раҳнамо топилса, Тошкентга ўқишга юборса. У дорилфунунда устозлардан сабоқ олса, яхшигина ўз сўзли адабиётшунос чиқармиди.

Ҳозиргина «Оқсоқол»дан эшитадиганини эшитиб дили вайрон бўлган Ғупра қовоқ-думоғини осилтириб ўтирарди. Умарали ёнида ўтирган Қуванинг котиби Эрматовга шу фикрини айтган эди, у ўйланиб қолди. Юзларини офтоб қорайтириб сополга ўхшатиб қўйган, қир шамоли лабларини пўрсилдоқ қилиб ташлаган бу қишлоқ қизининг бир кун келиб катта олим бўлиб кетишини сира кўз олдига келтиролмасди.
— Аввал менга айтинг, шу қишлоқ қизидан олим чиқадими?
— Чиққанда қандоқ. Катта олимларнинг кўпчилиги қишлоқдан чиққан. Бу қиз «Ўн йилликда» олган сабоғи билан ўзини билағон санаб, хар балоларни валдираб юрипти. Тошкентга борса эси кириб қолади.
— Агар шундоқ бўлса ҳар қанча харажат бўлса Қуванинг бўйнида.
— Ҳеч қанақа харажат бўлмайди. Дорилфунунга кирувчи қишлоқ болаларига имтиёз берилади. Ундан ташқари бу қиз кечки ўн йилликни «Олтин медал» билан битирган. Битта имтиҳон билан ўтиб кетади. Қолаверса Ўлмасбек билан иккавимиз қараб турмасмиз.

Ғупра «Оқсокол»га нима, арпангизни хом ўриб қўйиппанми! деб хурпайиб ўтирарди. Эрматов уни имлаб ёнига чақирди. «Оббо, энди райком бовадан ҳам гап эшитаман шекилли», деб ҳадиксираб олдига борди.
— Ўтир, — деди Эрматов худди ўз қизига айтаётгандек. — Тошкентга ўқишга юборсак борасанми?
— Бораман, — деди Ғупра ҳеч иккиланмай. Ғупралар оиласи Қашқадарёнинг Нишон районидан кўчиб келган. Отаси трактор кетида пахтага дори сепиб юриб ўпкасини хаста қилиб қўйган экан. Бу оила водийга тоза ҳаво истаб келиб қолган эди. Ўша кезларда Марказий Фарғона чўлларини ўзлаштириш жадал кетаётган эди. Шу баҳона бўлиб улар Ёзёвон фуқароси бўлиб қолган эдилар. Ота болаларини етим қолдириб оламдан ўтиб кетди.
— Рўзғорга қарашадиган сендан бошқа яна ким бор?
— Иккита акам бор. Биртаси Қўқонга қатнайдиган автобусда ҳайдовчи. Биртаси маиший хизмат комбинатида райкомларга, исполкомларга зўр костюмлар тикади…
— Ия, Алиқул «портной»нинг синглисимисан? У жуда кўп пул топадиган бойвочча йигит. Сенга ёрдам қилиб кундузги мактабга ўтқизмаган экан-да.
— Кўйинг, миннатли иш қурсин. Дадам ўлгандан кейин бундан буёқ ўз кунимни ўзим кўраман, деб аҳд қилиб қўйганман.
— Ундай дема, жигар ахир, мен айтаман, сенга Тошкентда кийиб юришинг учун бош-оёқ кийим тикиб беради.
— Бу гапни унга айтишнинг фойдаси йўқ. Медалимни бувим дадам раҳматлининг орден-медаллари билан сандикда сақларди. Ноинсоф акам бувимни алдаб, медалимни олиб, хотинига тиш ясатиб берипти. Қилдим тўполонни, қилдим тўполонни. Бу медал қийналиб ишлаб, қийналиб ўқиган пайтларимдан хотира бўлиб турсин, дегандим. Сиз, аканг сенга Тошкентда кийишингга бош-оёқ кийим тикиб беради, деяпсиз. Агар акам бировга текинга бирта тугма қадаб берса, ўша куни жони чиқиб кетади. Бувим келин бўлиб тушганда, катта ачам «юз очди» куни «кўрмана»га тилла тўғноғич берган экан. Шуни сандикдан олиб менга берди.
— Хафа бўлма, болам, бу сапсем тилла. Янгачангнинг қопламасига жез аралашган, — деб мени юпатмоқ-чи бўлди.

Тўғноғични бир пас томоша қилиб, кейин уни бувимга қайтиб бердим. Бу тўғноғич бувимга қайнонасидан эсдалик. Қандоқ қилиб уни сира унутилмас бахтиёр кунини эслатадиган, эллик беш йиллик хотирасидан маҳрум қиламан.

Бу ишимдан бувим бечора андак кўз ёши қилиб олди. Марғилонда зўр тиш техниги бор, деб эшитган эдим. Ўшанга уч кун қатнаб росмона тиллодан қоплама қўйдириб келдим.

Унинг ҳикоясини берилиб эшитган «Райком бова»:
— Медали бўлмаса ҳамма имтиҳонлардан ўтиши керак бўлади-ку, — деди афсусланиб.
— Медални обориш шарт эмас. Ҳужжати бўлса бас. Медал эсдалик учун уйда сақлашга берилган, — деб тушунтирди Умарали.
— Беш йилдан бери топган пулларимнинг ярмидан кўпини кассага қўярдим. Пул устига пул туғиб ётибди. Бирта апачам сартарошга шогирд тушиб юрган тожик бала билан Душанбега қочиб кеткан. Бирта янгачам болалар боқчасида мураббий. Яна бирта янгачам яқинда «Жижилаган». Яъний бўшанган. Ҳозир эшикда жижи боқиб ўтирипти. Бувим парранда фермасида ишлаб ойлик ўрнига тухум билан пати юлинган товуқ олади. Лозимадаларини шунақа қилиб эплаб юрипти. Райком бова, агар бувим ўқиш қочиб кетмайди, аввал уни эрга бераман, деса, айтиб қўйинг, апамга ўхшаб қочаман-кетаман.

Эрматов: «Бу қиз «6ало»га ўхшайди. Тегирмонга тушса бутун чиқадиганлардан экан. Болалигиданоқ мустақил яшашга, биравга қарам бўлмасликка ўрганган. Бунақалар интилган ниятига етмагунча тинчимайди, деб», қатъий ишонди.

Ғупра бир дунё кувонч билан жойига бориб ўтирди. Аммо «Оқсоқол» яна эски гапни бошлади.
— Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб шуни айтадилар-да. Ойбегу Ғафур Ғуломларнинг биттаси Аб-дулла Қаҳҳор ака ўзимизга ҳамқишлоқ. У кишининг ҳамма китобларини мазза қилиб ўқиганман. Ғупра қизнинг гапида пича жон бор. Ҳамқишлоғимизнинг китобларини ўқиган одамнинг яшагиси келаверади. Бир куни келиб мен ҳам ўламан-ку, деган ўй калласига келмайди. «Мингбиржон» деган асарини ўқиганмисиз? Ўқимаган бўлсанглар албатта топиб ўқинглар.

Ана ўлади, мана ўлади деб кутишаётган бемор эшикдан олиб кирилган ўз тобутини деразадан кўрган, айвонда унинг жони узилишини кутаётган ғассолнинг овозини ҳам эшитган. У ўлимга тик боқиб у билан олишиб ётибди. Ёзувчи уни тирилтириб юборади. Ҳикоя охирида ўлимни енгган Мастура Алиевани от устида қарсиллатиб олма тишлаётган пайтини тасвирлайди.

«Севгим севгилим»нинг ҳам ҳар бир сўзини синчиклаб ўқиш керак. Ёзувчи сўз тагига сўз яширади. Ўша сўзни топиб ўқиш керак. Ойпопук нега ўзини нобуд қилди? У бошига қора кун тушиб, ўзини қўярга жой тополмай, энг яқинларининг мададга муҳтож бўлган бир пайтда, ягона яқин кишисидан эшитган бир оғиз ҳиссиз, бепарво сўз уни ўлдирди. Эй оғзи очиқ тилла тишли Ғупра қиз, китоб бошидаги сўзларни ўқимасанг, юрагим дош беролмайди деб охирини ўқимасанг. Шунинг учун ҳам ҳеч балога тушунмаган экансан-да. Ўтир, ўтире!

Ғупра паст келмаса бўлмайдиган. «Оқсоқол» уни буйдалаб ташлайдиган. Олишсам шармандамни чиказади, деб жойига ўтирди. Оғзи хам юмилди. Тилла тиши ҳам кўринмай кетди.

Аёл киши билан олишиб ҳам бўлмайди, бас келиб ҳам бўлмайди. Ҳатто паррандаларнинг ҳам урғочиси жонини тикиб «крнли жангга» киради.

«Оқсоқол» ҳам ана шунақа шаддод, гапни билиб-билиб айтадиган, ғурурини ерга урмайдиганлардан эди.

Ўлмасдан кўз узолмай унинг қошларига маҳлиё бўлиб ўтирган қиз ўрнидан турди.
«Гапга суқулмаган битта сен қолувдинг, сузилмай ўлгир» деган овоз чикди.

Қизлар карсиллаб кулиб юборишди.
— Бу китобни кечалари болишимнинг тагига қўйиб ётаман. Ҳар уйғонганимда олиб силаб-силаб жойига қўяман. Шуни ёзган йигитни бир кўрармиканман, деб нолалар қилганман. Мана, нолишим худога етиб, у билан рўбарў қилиб қўйди.

Бир бақалоқ қиз ўрнидан турди.
— Энди уни қўлдан чиқазма. Маҳкам ушла! Тўянанинг каттаси мендан. Битта қўй сендан айлансин.

Сузук кўз қиз нозланиб Ўлмасни «эритмоқчи» бўлди. Ўлмас Тошкентда не-не там-там қизларнинг «тузоғи»дан омон чиққан, бу масалада катта малака орттирган йигитлардан эди. Бу қизнинг ноз-карашмаларидан ичида кулибгина ўтирарди. Қиз унинг олдига китоб билан ручка қўйди.
— Шунга дастхат ёзиб беринг. Илтимос, синглим деманг…

Қўй тўяна қилмоқчи бўлган қиз гап қотди: «Севгим-севгилим, кўзларимнинг оқу қораси» деб ёзсинми?

Яна кулги, яна чапак бўлди.
— Кўп ёзинг, — деди у, — яхшилаб ёзинг, менга қараб туриб ёзинг.
— Отингиз нима эди, синглим? — деди қўлига ручка олиб дастхат ёзишга чоғланар экан Ўлмас.
— Отимми? Отим Рўнў (Раъно демоқчи). Ҳайрон бўлманг, ҳали тилла тишимни қўйдирганим йўқ. Шунинг учун оғзимди катта очмаяппан.
— Оилада битта қизмисиз, эркагина экансиз.
— Йў-йў, учта апачам бор. Ҳаммаси тилла тиш қўйди-риб олган. Энди очирт менга келган. Худо хоҳласа тилла тиш қўйдирганимдан кейин Тошкентга бораман, кўришиб қолармиз.
— Тошкентлик бечоралар умрида тилла тиш кўрмаган. Қўлингдан судраб телестудияга опкириб кетади. Ўшакда диктор бўлиб қолиб кетишинг ҳам мумкин, — қизларнинг калака қилиб айтган сўзларини ҳам «Рўнў» яхшиликка йўйди.
— Бўлиши мумкин. Ҳаётда нималар бўлмайди. —деб жавоб қилди уларга.

Дастхат ёзилган китобни оларкан биров эшитмайдиган қилиб секингина:
— Иккаламиз бирга сувратга тушайлик, — деди ҳар қандай эркакни эритиб, «уйғотиб» юборадиган ғалати ғамза билан.
— Кўпчилик — групповой бўлиб сувратга тушамиз,— деди Ўлмас.
— «Групповойда» ёнингизда ўтирсам майлими?

Ўлмас энсаси қотганидан индамади.

«Рўнў» бир қўли билан икки ёқасининг учини бирлаштириб, номаҳрам кўзи тушмасин, дегандек «ибо» 6илан келинчакларнинг саломига ўхшатиб энгашди, сузилиб дастхат ёзилган китобни олди.

У жойига кетаркан дастхатга нималар деб ёзилганини билишга қизиққан бесабр қизлар унинг қўлидан китобни юлқиб олиб қўйдилар.
— Вуй қизлар. Яқиндан кўрмадинглар-да. Қоши қуууп-қуюқ. Қоооп-қора экан. Соқол олганда бетига зўр одеколон сепаркан. Шундоқ гупиллаб ҳиди келиб турипти…

* * *

Умарали «бедана ови»га бормайди. Уни ёлғиз қолдириб кетолмай ўтирибман. Шунча одамни ўзим бошлаб келиб, ўзим бормасам қандоқ бўларкин. Умаралини ҳам боришга кўндиришим керак.
— Менга қаранг, беданага ўқ узганда тескари қараб ўтирақоларсиз, хўп, денг, домла.

У биз ўйлаганча таъсирчан эмаслигини билдириш учун, хўп, майли, борсам борақолай, деди ноилож.

Эрталаб Йўлдошали Анварга газетадан «қалам ҳақи» олиб келганда Тошкентдан Эркин редакцияга телефон қилиб, кечга яқин Яйпанга бораман, шерикларимизни хабардор қилиб қўйинглар деб тайинлаганини айтган эди. Демак кечқурун Эркин Воҳидов ҳам етиб келади.

Районга азиз меҳмонлар келадиган бўлса Хорунбой Эрматов албатта овга олиб чиқади. Бир кун олдин бедана кўп бўладиган жойга тариқ септиради. Улар тайёр донни ташлаб бошқаёққа учиб кетмайдилар. Ризқларини шу ердан териб юраверадилар.

Райпо битта чоғроқ бино қуриб қўйган. Унда тахтадан ясалган «қўлбола» йиғма столлар, скамейкалар, идиш-товоқлар, катта-кичик бир нечта қозон, темир ўчоқлар сақланади. Келгинди овчилар оёқости қилмасин, деб қўриқлашга милтиқли махсус қоровул қўйилган.

Ноябр бошланиши билан бу жой ҳувиллаб қолади.

Беданалар қаёққадир қишловга учиб кетадилар. Фақат кўкси қизил саъвалар қор титиб, қолган-қутган хўракларни териб, сайраб юрадилар.

Бадиий ҳаваскорлар кўригида магнитофон соврин олган болани одам юбориб олдириб келадилар. У ҳайвонлар, паррандалар овозига тақлид қилади. Булбул бўлиб, бедана бўлиб сайрайди. Хўроз бўлиб, ўрдак бўлиб қич-киради.

Жамоат жам бўлди. Энди овни бошласа ҳам бўлади. Тақлидчи «бедана бола» чап тарафдаги буталар орасига яшириниб «сайраш»га шай бўлиб турипти.

Ов бошланди. «Бедана бола» пит-пилиқ, пит-пилиқ, деб «сайрай» бошлади. Унинг орқа томонидан бир гала бедана патирлаб ҳавога кўтарилиб у томон учиб кела-бошлади. Чап томон мергани қўшоғиз милтиқнинг битта тепкисини босди. Олтита бедана ўқ еб, тап-тап қилиб ерга тушди. «Бедана бола» энди ўнг томонга эмаклаб ўтиб хашаклар орасига яширинди. Хашак орасидан яна «пит-пилиқ» товуши келди. Содда, лақма, бўш-баёв 6еданалар ўша томонга гурра кўтарилдилар. Ўқ узилганда уларнинг бештаси ҳавода питирлаб жон бериб, ерга тўкилди. Бу бегуноҳ, ювош жонворларнинг осмонда жон таслим қилиши ҳар қандай бағритош одамнинг ҳам юрагини эзарди. Тескари қараб ўтирган Умарали варанглаб ўқ узилганда «Одам боласи нақадар шафқатсиз» деб қўйди.

Энди бир томондаги мерган ўрнини Ўлмас эгаллади. Бола «сайраши» билан хавога кўтарилган беданалар Ўлмаснинг тепасидан париллаб ўта бошладилар. Ўлмас шошиб қолиб қўндоқни елкасига тирамай иккала тепкини баробар босиб юборди. Икки ўқнинг ниҳоятда кучли зарбаси қўндоқни фавқулодда бир куч билан силтаб юборди. Улмас орқасига ағдарилди. Ҳаммамиз баробар ўша томонга югурдик. Хайрият, уни шунчаки қўндоқ тепкан экан. Икки ўқи баробар отилган милтиқ қўндоғининг зарбига унча-мунча полвон мерган ҳам дош беролмайди.

Ўлмас ўнг елкасини силаб инграр эди.

Адҳам бир шиша арақ олиб келди. Унинг галстугини, ёқаларини ечиб елкасидаги тепки урган жойни очиб кафтига қуйган арақ билан бор кучини ишга солиб эзиб-эзиб, босиб-босиб ишқалай бошлади. У шишадаги арақ яримлагунча кафтига қуйиб уқалайверди. Адҳам қўли толгунча ишқалади. Уқалайверди. Бу хил уқалаш тўрт-беш марта қайтарилгандан кейин Ўлмас инграмай қўйди.

Ундан овоз чиқмагач, кимдир Адҳамга «Юрагига қулоқ тутинг» деб юборди ҳаяжон билан. Адҳам Ўлмаснинг очиб қўйилган чап кўксига қулоғини қўйди. У қулоғини кўкракдан узмай ўнг қўлининг бош бармоғини кўрсатди. Ҳаммамиз енгил нафас олдик. Икки-уч дақиқадан кейин Ўлмас кўзини очди.

Унинг ранги пахтадек оқариб кетган, «Ҳеч нарса бўлгани йўқ, ўтиб кетади» дегандек хижолатлик билан қийналиб жилмаймоқчи бўларди.

Адҳам шу пайтда ҳам ҳазилини қўймасди.
— Мени кўп ичасан, деб кўз очирмасдинглар. Мана, арақнинг ҳам фойдаси бор экан-ку! Сизлар ҳам тез-тез ичиб туринглар, — деярди.

Ўлмасни кўтариб келиб тўшакка ётқиздик. Унинг аҳволини кўрган Умаралига беданаларнинг питирлаб жон бериши ҳеч гап бўлмай қолди.
— Гап шу ерда қолсин, — дедим. — Гапни чувалатиб юрманглар. Ҳеч гап бўлмади деб ўйланглар. Хорунбой аканинг бу ишдан ҳали хабари йўқ. Қишлоқ хўжалиги вазири Уркинбоев келган экан, Қувадан одам келиб Эрматовни машинада олиб кетди. Бу воқеани у кишига ҳам билдирмай қўя қолайлик. Хижолат бўлиб юрмасин. Агар Ўлмаснинг хотини эшитса борми, қоқ ярим кечаси бўлса ҳам етиб келади. Уни зинғиллатиб Тошкентга олиб кетади.
— «ТИР»да ўқ ўрнига пистон солинган «Воздушка»ни отиб, мерганман, деб юрган экансиз-да, Бек ака, — дедим ҳазил қилиб. — Илгари шунақа катта милтикдан сира отмаган эдингми?
— «Воздушка»да кўп отканман. Уларни елкага тирамасдан отса бўлаверарди. Елкага қаттиқ тираб туриш кераклигини мен қаёқдан билай, — деди Ўлмас қилиб қўйган ишидан ҳали ҳам ўзига келолмай.
— Сенинг дадил бориб милтиқни олишинг, худди мерганлардек милтиқнинг уёқ-буёқларини кўришингдан, тажрибали овчига ўхшайди, деб ўйлашган бўлсалар керак.
— Милтиқни олдиму кўзимни чирт юмиб бошим устидан ўтаётган беданаларга қарата қўш тепкини босиб юбордим. Қўндоқ елкамдан бир қаричми, ярим қаричми узоқлиқда эди, ҳозир эсимда йўқ, билмайман. Иккала тепкини баробар босганимни биламан.
— Сени худо асради, — дедим. — Қўндоқ иягингга тегса нима қилардинг. Жағингни дабдала қилиб оғзингдан учириб чиқариб юборарди. Умр бўйи ямалган жағ билан яшардинг.

Ўлмас қилмишининг оқибати бу даражага етишини ўйламаётган эди. У радиода тўрт йил бирга ишлаган, фронтда жағини осколка майдалаб ташлаган дўстини эслади. У ниҳоятда хунук бўлиб кетган, оғзидан ҳамма вақт бадбўй ҳид келиб турарди. Ўлмас уни эслаб сесканиб кетди.

Ов тўхтади. Ўлжа беданаларни йиғиб келиб пақирда вақирлаб қайнаб турган сувга ботириб патларини юла бошладилар.

Водий йигитлари диди баланд пазанда бўладилар. Улар яланғоч беданаларни бир пасда тозалаб, пешноб билан иликдек пўст думба қиймасига кўк кашнич, ариқ бўйларидан териб келинган ялпиз, зира, зирк, жамбил қўша бошладилар. Улар бу масаллиқларни эрталабоқ уйда тайёрлаб тоғорада олиб келган эдилар. Шуларни беданалар ичига жойлаб, қоринларини ип билан чатиб доғланган ёғда қизартириб олдилар. Кейин бошқа қозонга босиб устига кўпгина серсув помидорни катта-катта бўлак қилиб тервб чикдилар. Қизил сабзи, саримсоқ пиёз, қизил лавлаги, жуда ҳам юпқа парракланган анча-гина оқ пиёзни чиройли қилиб териб қўйдилар.

Ана шундан кейин дамтовоқ зичлаб ёпиб қўйилди.

Фалокати ариган Ўлмас тамоман ўзига келди. Айниқса Адҳам «бир пиёлагина» ичириб қўйгандан кейин чордона қуриб, гапга тушиб кетди.
— Орият қилиб чидаб турдим. Елкада жон қолмаган. Қўл тегизсам ўлиқнинг баданига ўхшаб муздек-карахт. Хаёлимга нималар келмади, дейсиз. Гангренага — қора-сонга айланиб кетса нима бўлади? Албатта қўлимни ел-кам аралаш кесадилар. Энди қўлсиз юришимни ўйлаб хафа бўлиб кетдим. Адҳам ака арақ билан ишқаб, кучларининг борича қаттиқ-қаттиқ уқалаганларидан кейин қони қочган пучак томирларимга жимир-жимир қилиб яна қон қайтиб келаётганийи, ўлай агар, аниқ сезиб турдим. Сизга минг раҳмат, Адҳам ака! Энди сиздан умрбод миннатдор бўлиб яшайман.
— Бу гапни қўй, — деди Адҳам. — Арағимни тўлайсан. Тишимнинг кавагида асраб юрган арағим эди. Тўлайсан-а?
— Бўпти, беш баробар қилиб тўлаганим бўлсин, — деди кулиб Ўлмас.

Унинг кулгиси энди ўзига ярашди.
Бу кулги тани дарддан фориғ бўлган одамнинг кулгиси эди.

Пазанда йигит йиғма столга дастурхон ёзиб бир ликопчада анчагина «кўксомса» кўяр экан, бедана дўлма пишгунча эрмак қилиб туринглар, «кўк сомса» иштаҳани очади, — деди.
— Кўп еб қўйманглар, беданага ҳам жой қолсин —деб огоҳлантирди.

Аввалги куни Бешариққа кираверишдаги чойхонада самоварчи Ўлмасга исириқ тутатганида:
— Кўз тегмасин, хушрўй йигит экансиз, — деб хокандозни бошидан уч марта айлантирган, «Ёмон кўздан асрасин, бунақа ҳуснни худойим ҳар кимга ҳам беравермайди, суйган бандасига беради. Бу заифона чирой эмас, мардона чирой», деган эди.

Бугун «ҳасадгўй» такдир шу мардона чиройни кемтик қилмоқчи бўлди. Аммо эплолмади.

* * *

Эртага Тошкентга қайтмоқчимиз. Раис Файзиматов Олтиариқда бир пиёла чой ичмасдан кетсанглар яхши бўлмас, шунчаки ҳазил-ҳузил қилиб гаплашиб ўтирамиз, деб қолди. Эркинжон бирон йиғинда кўнглини очиб гапирмади. Ҳаммамиз у тўғрида нимаики билсак гапириб бўлдик. Бугун норасмий ўтириш бўлса ҳам, барибир гапирмаганига қўймаймиз.

Нўъмонжон аканикига жой қилдиришган экан. Бутун ҳовлига осмонни кўрсатмай қўядиган баланд ток сўри тагида ўтирибмиз.

Бу ҳовлига кўп келганман. Баргидан ҳосили кўп сап-сариқ пилладек «ингичка 6еллар»га қараган одамнинг кўзи қамашади. Еб тугатиб бўлмайдиган, сотиб адо қилиб бўлмайдиган 6у узумлар Нўъмонжонга жуда катта даромад келтирарди. Бирон ойларга қолмай Термиз тарафлардан қора чиллаки Тошкент бозорларига келади. Нўъмонжоннинг ўткан йилги узуми билан бу йилнинг узуми Тошкентда юз кўришади.

Бу йилнинг ҳусайнилари чиққанда ҳам барибир Нўъмонжоннинг ўткан йилги «Ингичка бели» бозорнинг олди бўлиб қолаверади.

Дастурхонга катта саватда «Ингичка бел» уйиб қўйилган. Мен бошламасам бошқалар қўл уришга ботинмай туришипти.
— Бу ўтиришга Эркинжон ҳам мезбон, ҳам жўрабоши. Қани, ярми тошкентли, ярми олтиариқли Эркин Воҳидов, бошланг.
— Майли. Аввало бир нарсани айтиб қўяй. Тошкентдан келган олти кишининг ҳаммаси Олтиариққа боғланиб қолган одамлар. Гапни Оқсоқолимиздан бошлай. Бу одам ўн беш йилдан бери Олтиариқ атрофида капалакдек айланади. Мен туғилган юртни ўраб турган Ёзёвон чўллари тўғрисида бир эмас учта роман ёзган. Шу чўл одамлари тўғрисида еттита китоб бостирган. Оқсоқолимизни ҳам олтиариқлик дейишга ҳаққимиз бор. Ҳозирги маъдан суви чиққан жойдаги санаторийдан ўн минутгина пиёда юрсангиз марказий Фарғона чегараси бошланадиган жойга «Оёқларингизни артиб, тозалаб киринг, қоидани бузганларга бир қоп бодринг, бир қоп туруп жарима солинади, ва бурунларига уч марта зарб билан чертилади», деб ёзиб қўйишгани ҳали ҳам ёдимда.
— Бурни ҳам ўзимизнинг Олтиариқ қолипидан чиқ-қан, — дея қитмирлик қилиб гап ташлади Қодиржон.
— Энди Ўлмас ака тўғрисида гапирмоқчиман. Лекин гапларим беҳазил, жиддий бўлади. Менинг юртга тани-лишимда Ўлмас аканинг хизматлари беқиёс бўлган. Бу одам мен ҳеч ким танимайдиган ёш шоирни радиога чақириб шеърларимни бастакорларга бериб қўшиқ ёздирган. Зўр, зўр хофизларга айтдириб лентага туширган. Мен буни асло унутмайман. Ўша қўшиқлар то ҳануз радиода тинимсиз эшиттирилади. «Буюк ҳаёт тонги» достонимни ўз овозимда ёзиб олиб, биринчи марта радиода эшиттирган. «Ёз ёмғири» қиссасини ўқигансизлар. Асар қаҳрамони Раҳим Саидов Файзимат раис билан кўп учрашади. Шу колхозда илмий текшириш институтининг базасида жуда кўп тажрибалар ўтказади. Вильтга қарши ноёб препарат яратади. Агар Улмасжон Олтиариққа келмаса бу гапларни қаёқдан биларди. Демак Улмас ака ҳам Олтиариққа боғланиб қолган одам.

Хизмат қилиб юрганлардан биттаси конверт қўйиб кетди.

Ичини очиб қарадим. Хат. «Ўлмас ака, мени кечиринг, аввал ёзиб берган «Дастхат»ингизни қизлар олиб қўйишди. Илтимос, бошқа ёзиб берсангиз. Синглим, деб ёзманг, сал бошқачароқ қилиб, сал анақароқ қилиб ёзиб беринг. Сизга хамиша содиқ РЎНЎ».

Хатни Раисимиз Эркинга бердим. Эркин Ўлмаснинг олдига қўйди. Ўқиб, Ўлмас дод деб юборай деди. Бир пасда хат қўлма-қўл бўлиб кетди.

Иккинчи бўлимдан

Ўлмас яхши-яхши ҳикоялари, ихчам, ўқишли қиссалари билан танилиб колган эди. Абдулла ака кўпинча, шу болани союз аъзолигига расмийлаштириб қўйиш керак, деб юрарди.

Эртага союзда секретариат бўлади. Бир нечта ёш ёзувчилар аъзоликка олинади, деб бизга хабар қилган эдилар.

Ўлмасни 1962 йилнинг август ойи ўрталарида «Москвич» машинада Абдулла Қаҳҳорнинг боғига олиб бордим.
— Домла, Ўлмасни эртага бўладиган секретариатда союзга қабул қилинадиганлар рўйхатига киритиб қўйсангиз, деб келгандик, — дедим.
— Шунақа дардларинг бор экан икки кунгина олдин келмайсизларми. Союзга кабул қилинадиганларнинг ҳужжати тайёр қилиниб, раисга топширилган.

Ҳар хил қаланғи-қасанғилар аъзоликка қабул қилинаверганидан қаттиққўл, талабчан, ҳеч бир томонга оғмайдиган Абдулла Қаҳҳорни шу комиссияга раис қилган эдилар. Абдулла ака аъзоликка қабул қилинадиганлар билан эринмай гаплашар, билимини, дунёқарашини, нималар ўқиётганини ўбдон суриштирарди. Хуллас, уларни «майда тароқ»дан ўтқазарди.
— Бўлмайди, — деди Абдулла ака. — Эртага союз аъзолигига мутлақо талантсиз, адабиётда бир ой ҳам умр кўролмайдиган ўткинчи одамлар қабул қилинади. Биттасини айтиб қўяқолай. Нажибулла Хабибуллаев деган бир лўттибоз! Билмадим уни ким оёғидан ўликдек судраб олиб келди экан? Агар Ўлмас шунақа одамлар билан аъзоликка ўтишдан ор қилмаса, майли, қабул қиламиз. Менимча, Ўлмаснинг орияти бунга йўл бермас. Бир ойдан кейин яна секретариат бўлади. Ўшанда уни чиройлик қилиб аъзоликка ўтказамиз, — деди.

Тарвузимиз қўлтиғимиздан тушиб қайтиб келяпмиз. Йўлда унга, хафа бўлдингми, дедим раҳмим келиб.

Ўлмас мулоҳазали, фикри тоза, сабр-қаноатли йигит эди. Сира хафа бўлмаганини айтди.

Эртасига навбатдаги секретариат бўлди.

Ҳайъат аъзолари жой-жойларида ўтиришибди. Эшик олдида Москвалик «ёзувчилар» Борис Привалов, Юрий Карасевлар ичкарига чақиришларини кутиб туришипти.

Раисимиз Яшин ака бугун аъзоликка қабул қилинадиганларнинг номларини ўқиди. Абдулла ака тажанг бир алпозда эди:
— Шуларни союзга олишимиз шартми? — деди у худди нимадандир ирганаётган кайфиятда. Булар адабиётга иш бермайдиган тўрт кунлик «меҳмонлар-ку».

Яшин ака Абдулла Қаҳҳорнинг қулоғига жуда паст овозда рўйхат юқорида тасдиқланганини айтди.
— Бўлмасам бундай қилайлик, — деди Абдулла ака баланд, хамма эшитадиган қилиб. — Сиз ўша юқори идорага беш-ўнта союз аъзоси деган ҳужжатдан бериб қўйинг. Бизни овора қилмай ўзлари аъзо қилиб олаверишсин.

Марказқўм котиби Абдулла акага нимадир демоқчи бўлди. Афтидан аччиқроқ гап айтмоқчилиги билиниб турарди. Аммо Абдулла Қаҳҳор билан олишиб бўлмаслигини билиб юмшади.

«Ёш ёзувчи»лардан иккитасини, шулар орасида Нажибулла Хабибуллаевни ҳам боре, нима бўлса бўлди, деб аъзоликка қабул қилдилар. Уларнинг «ижоди» тўғрисида Назир Сафаров, Раҳмат Файзийлар оғиз кўпиртириб роса гапирдилар.

Котиба эшик орқасида навбат кутиб турган Юрий Карасевни чақирди.

Унинг «ижоди» тўғрисида Шевердин билан Владимировлар гапиришди. Бу ажойиб, талантли таржимон ўзбек романларини маҳорат билан таржима қилаётганини, рус китобхонлари унинг таржимасида ўзбек романларини ўқиётганларини гапиришди. Энди ўз навбатини кутаётган Борис Приваловни чақиришди.

Унинг «ижоди» тўғрисида Александр Удалов билан Дмитрий Ковалев деган бугунги номзодларнинг оёғини «ялаб» юрадиган союз дастёри гапирди.

Абдулла Қаҳҳор билиб туриб, каерда яшайсизлар, деб сўради. Улар Яшин акадан мадад кутгандек илтижо билан қарашди.
— Нима учун Москвада союзга ўтмай биздан ўтмоқчисизлар? Москвада сизларни ёзувчи сифатида танимайдилар. «Контрабанда» усули билан биздан союзга ўтмоқчисизлар, — деди ачитиб. Сўнг Абдулла ака яна фаоллашди: — Союзимиз низомида ўзи яшаб турган ҳудудда аъзоликка қабул қилинади деб аниқ ёзиб қўйилган. Уларни биз союзга ўтқизолмаймиз…

Марказқўм вакили, хўп деворинг, оқсоқол, юқорининг розилигини олганмиз, деди юмшоққина қилиб.
— Мумкин эмас. Низомни бузишга ҳақкимиз йўқ. Агар бошқа масалалар бўлмаса мажлисни ёпиб кўяқолайлик, — деди Абдулла ака ўрнидан туриб.

Шундай деб ўзи чикиб кетди.

Союз аъзолигига номзод икки «Ёзувчи» серрайганча қолди. Уларнинг ҳомийлари Абдулла ака оркасидан ўқрайганча қараб қолдилар.

Келгуси секретариатга Абдулла ака қатнашолмайдиган бўлди. Зудлик билан чет эл сафарига жўнаб кетди.

Ўлмас Умарбеков йигирма биринчи сентябр куни Абдулла ака айтгандек бир чиройли бўлиб союз аъзолигига биронта қарши овозсиз қабул қилинди.

Марказқўм вакили уни табриклар экан секингина, шу жой сизники бўлади, деб кўйди.

* * *

«Абдулла ака кўргани келганлар билан хайрлашиб, менинг қолишимни сўрадилар. Ёнларига стул қўйиб ўтирдим.
— Сизга иккита маслаҳатим бор, — дедилар ҳар доимгидек жиддий оҳангда, кандайдир шу пайтгача мен сезмаган илиқлик, юмшоқлик билан.
— Эшитаман, — дедим у кишининг юзларига тикилиб.
— Сизни союзга ишга чақиришлари мумкин. Союздаги йиғилишларга қатнашиб юраверинг. Аммо ишламанг. Иккинчи гапим. Хотинингиз сизга жуда меҳрибон. Шуни қадрланг.

Абдулла ака шундай деб енгил жилмайдилар. Марказқўм вакили мени Ш. Р. Рашидов хузурига олиб бораётиб:
— …«Ўзбекфильм»ни таклиф қилсалар, рози бўлма. Сени ёзувчилар союзига юборамиз — деди.

Ш. Р. Рашидов ҳузурида чиндан хам шу хақда гап бўлди. Абдулла аканинг маслаҳати дилимда бўлгани сабабли Шароф ака киностудия ҳақида гап очганида дарҳол розилик бердим. Тўғри қилдим. «Ўзбекфилъм» студиясида мен катта бир тегирмонга тушиб чиққандек бўлдим. Саккиз йил директорлик қилдим. Студия тарихида бунчалик узоқ ишлаган директор бўлмаган».

«Қизимга мактублар»дан.

…Ўлмас шу ерда кино сирларини, сценарий устида ишлаш, режиссёрлар билан ҳамкорлик килиш сирларини билди. Қанчадан қанча бадиий фильмлар яратди. Ҳатто чет эл режиссёрлари билан ҳамкорлик қилди. «Ўзбекфильм» унга катта ижод мактаби бўлди.

* * *

Кеча Ўлмасни уйига ташлаб ўтганимда бир зарур гапни айтиш эсимдан чиққан экан. Қувадаги бедана овида бир ўлимдан қолганингни Зуҳрога айтмай қўяқол демоқчи эдим. Уйига қўнғироқ қилдим. Трубкани Зухро кўтариб, «Лаббай, эшитаман» деди.

Трубкани шошиб жойига қўйдим.

Ўлмаснинг бу дунёдан кетганига беш йил бўлай деяпти-ку!

Ёш ёзувчи укаларим билан водийга қилган сафаримизни сўзма-сўз, қадам-бақадам, соатма-соат хотирлаб чиққанман. Уни уйига ташлаб ўтганим ҳам хотира эди.

Бу воқеа хотирага айланмасдан олдин уйига олиб келганимда Зуҳро буни нима қилдинглар, сочларидан, кийимларидан бурқсиб исириқ ҳиди келяпти. Кўйлаклари тутундан сарғайиб кетибди, деган эди.

Шунда ҳазил қилиб, эрингизни қаерга борсак исириқ тутатиб, ёмон кўздан асрадик, дегандим.

Кўз тегиш, кўзикиш деган гапларга ишонмасдим. Унга тез-тез «кўз тегиб» турарди. У Тошкентда аварияга учраб, бир ўлимдан қолди. Миниб кетаётган машинаси трамвай йўлига чиқиб кетиб, симёғочга урилиб тўнтарилиб қолди. Яхшиям трамвай сал узоқрокда келаётган экан. Хайдовчи тўхтатиб қолди.

Сирдарёда ҳам худди шунақа фалокат юз берган. Довондан ўтиб Қўқон томон кетаётганда хаёли қочиб машинани бошқоролмай қолган, машина бир неча марта думалаб кетган. Уни бошқа машинага судратиб, устахонага олиб боришган.

Машина минишнинг гашти бошқача бўлади. Табиат қўйнига сингиб кетаётганга ўхшайсан. Хаёлингга кўп чиройли гаплар келади.

Ўлмас ана шундай пайтларда ёзаётган ёки ёзмоқчи бўлган қисса ё романини ўйлаб кетади. Йўлда учраши мумкин бўлган хавф-хатарларни унутади.

Фалокат оёғинг остида, деб бежиз айтилмаган. Ана шу оёқ остидаги фалокат тўрт марта унга панд берди.

Кувадаги бедана ови пайтида содир бўлган фалокат Ўлмаснинг овга қизиқиб кетиб, ўзини унутгани туфайли юз берган эди.

Ўлмас кўзга яқин йигит эди. Уни кўрганлар орқасидан суқланиб қараб қолардилар.

Ана шундай пайтларда биз исириққа зўр берардик. Кўйинглар, керакмас, дейишига қарамай орқасидан қувиб, исириқ тутатардик. Уни ниҳоятда эҳтиёт қилардик. Кўнглига қарардик. Сафарга бирга чиққан ёзувчи укаларимиз уни «Қоғозга ўралган қантдек» авайлардилар.

Ўша сафаримиз хотирамга шу қадар ўрнашиб қолган эдики, бир нимани унутсам, ҳозир Ўлмаснинг ўзидан сўрайман, деб юборадиган бўлиб қолган эдим.

Аяган кўзга чўп тушар, деган гап бор. Ўлмас бизнинг аяган кўзимиз эди.

У оғир дардга чалинди. Ҳали Ҳиндистон, ҳали Москва касалхоналарида қилмаган муолажалари қолмади. Кундан-кунга ўлим хавфи бостириб келаверди.

Қодир худо эллик олтинчи йилда уни Зуҳро деб аталган «фаришта»га рўбарў қилган эди. «Мен уни чинакам бахт, чинакам вафо, умрингнинг охиригача ажралмас ҳамроҳ қилиб яратдим», деди Аллоҳ.

Зуҳрони Ўлмас билан ажал ўртасидаги ўқ ўтмас қалқон қилиб яратган экан Худойим.

Ўлмас ҳолдан кетиб, умр чироғи сўна бошлаган дамларда Зухродан қувват оларди. Шунда умр чироғи яна парпираб кетарди. Зуҳро Ўлмас учун махсус қувват манбаи эди.

Бу сатрларни ўқиётган кишилар Зухрохон Ўлмас 6илан бирга яшаб, бирон кун роҳат кўрмаган экан-да, деб ўйлашлари мумкин. Йўқ, ундай эмас. Эр-хотин иккови ёнма-ён туришининг ўзи Зуҳро учун туганмас роҳат, қувонч эди. У Ўлмаснинг дардига эм бўлаётганидан чексиз бахтиёр эди. Уларнинг жуфтлиги Тангри назари тушган жуфтлик эди.

Ўлмас ёзиши керак. Кўп нарсаларни ёзиши керак. Тўхтамай ёзиши керак.

Қани эди шифохонада бунга имкон бўлса?

Зуҳро шу тўғрида ўйларди. Кичкинагина тиқилинч палатада стол-стулга жой йўқ. Фақат тиззага бирон нима қўйиб ёзиш мумкин. Магазиндан патнис олиб келсинми, йўқ, бўлмайди. Патнис муздек, совуқ, унга тўғри кел-майди.

Шифохона подвалида синиб, яроқсиз бўлиб қолган стол-стуллар қалашиб ётарди. Зуҳро зора бирон нимага ярайдиган нарса топилиб қолса деб шу кераксиз бўлиб қолган буюмлар орасидан ёзув столининг эшигини топди. Чироққа солиб буни нима қилса бўлади, деб орқа-ўнгига яхшилаб қаради. Оғир эмас, енгилгина, тиззага қўйиб хат ёзса бўлади.

Зуҳро эшикни юқорига олиб чпқди, артиб тозалади. Ҳар хил дори ҳиди ўрнашиб қолмаганми, деб ҳидлаб ҳам кўрди.

Зуҳро шу ҳалоскор эшикни Ўлмасга кўрсатганда унинг кўзлари яшнаб кетди. Дарров тиззасига қўйиб, худди хат ёзаётгандек қилиб, бармоқларини юргизди.

Ўлмасга ёзиш имкони пайдо бўлганидан Зуҳро яйраб кетди. Ўлмас эса бу ноёб туҳфа учун миннатдор жилмаярди.

Ўлмаснинг жилмайиши Зуҳрога, Зухронинг меҳр билан боқиб туриши Ўлмасга мукофот эди.

Улар бир-бирларини самимий табассум билан мукофотлаган эдилар.

Бугун бизга етиб келган «Қизимга мактублар» шу эшикчага қоғоз қўйиб ёзилганини кўпчилик билмаса керак. Сарлавҳа тагидаги ёзувга кўзингиз тушгандир. Унга «Мангу дунё бўсағасида» деб ёзиб қўйипти. Бу унинг фоний дунёдан боқий дунёга кўчаяпман, дегани…

У шундай берилиб ёзардики, эртага жарроҳ бўғзига наштар уришини ҳам унутиб қўйган эди.

Ўлмаснинг ёзишга берилиб кетганидан Зуҳро хурсанд эди. У ўлимни унутиб, энди нималар ёзишини, қанақа китоблар чиқаришини Зухрога тўлиб-тошиб гапириб берарди.

«Учта китобни тайёрлаб қўйганман. Иккитаси келишиб ҳам қўйилган. Танланган қиссаларим Ғафур Ғулом номидаги нашриётда чиқиши керак. Янги романим «Фотима ва Зуҳра» «Шарқ Юлдузи»да босилади. Уни «Ёзувчи» нашриёти ҳам чоп этиши керак. Уйда ўн бешта янги ҳикоям турибди. Яхши битта тўплам бўлиши мумкин.

Зуҳро диққат билан қулоқ солиб жилмайди.
— Худо хоҳласа шу ишларнинг ҳаммасини ўзингиз уйга қайтиб бориб бажарасиз. Мен ёрдам бераман.

Мен ҳам жилмайдим. Қўлини олиб кўзларимга суртдим… Ёзишга тайёр турган режаларим бор… Ҳикоялар, пьесалар, яна битта роман ёки пьеса, ёмон бўлмайди, шулар қоғоз юзини кўрса. «Оқсоқол» деган пьесам машинкада. Ҳамза театрига бериш керак…»

Ўлмас бош вазирнинг маданий ишлар бўйича ўринбосари эди. Наманганда ўтадиган ҳосил байрамига унинг рахбарлигида бир неча фан ва маданият арбоблари мах-сус «Тойото» микроавтобусида ҳангомалашиб йўлга чиқдик. Сафимизда машхур раққоса Малика Аҳмедова, академик Турсун Рашидов, шоир Ҳамид Ғулом, адабиётшунос олим Умарали Норматов, рассом Бахтиёр Бобоев ва бир неча санъаткорлар бор эди. Тошкентдан йўлга чиққанимизда офтоб чарақлаб турган эди. Ҳаммамиз енгил кийинганмиз. То етиб боргунимизча Наманганда хаво айниб, аччиқ шамол эсаётган экан. Совуқ шу даражада эдики, бирон пана жойга яширинмаса чидаб бўлмас эди. Беш-олтита бризент палатка ичига гулхан ёқиб меҳмонларга жой қилинган эди. Кирдигу гулханга қўл-оёқларимизни тутиб, исина бошладик.

Ўлмаснинг бунақа совуқда ўранмай ташқарида туриши қийин эди. Дадажонова бошидан жун рўмолини ечиб Ўлмасни оғиз-бурун аралаш томоғига ўраб қўйди.

Кенг саҳннинг хар ер, ҳар ерида иссиқ кийиниб олган кишилар гулхан ёнида мазза қилиб қийқиришиб ўтиришарди.

Юк машинасининг кузовига «Минбар» қилинган. Ўлмас республика хукуматининг «Ҳосил байрами» қатнашчиларига йўллаган табрик хатини ўқиб бериши керак. У минбарга рўмолга ўраниб чиқолмасди, албатта, микрофонни қўлига олиб ўқий бошлади. Совуқ хаво бирдан бўғзига урилиб энтиктирди, табрик охирига етгунча овози хириллаб қолди. Бора-бора нималар деятганини билиб бўлмайдиган ҳолга келди.

Минбардан тушиши билан печкаси аввалроқ ёқиб қўйилган енгил машинага ўтқазиб ҳукумат дачасига олиб кетишди.

Иссиқ, ҳамма қулайликлари бор дачага махсус малакали врач чақирилган.

Ўйин-кулги давом этарди. Камолиддин Раҳимов шўх бир қўшиқни бошлаб, Маликани рақсга тортди. Бу нозик раққоса совукда шамоллаб қолмасин деб иссиқ тўн кийдириб, белига қийиқ боғлаб қўйишган. Бошидаги телпак унга ниҳоятда ярашган эди. Камолиддин ашулани ашулага улаб, уни даврадан чиқиб кетишига имкон бермасди.

* * *

Эрталаб Дадажонова Ҳамид ака билан икковимизни Ўлмасни кўргани дачага олиб кетди.

Дачанинг хоналари хам, кенг-узун йўлаклари хам бирдек иссик. Аллақачон соқолини олиб галстук тақиб олган Ўлмас ниманидир ўйлаб айланиб юрипти. Врач ёнига келиб томоғини ушлаб кўради, кўйлаги устидан кўкраги-га қулоқ тутиб хириллаш томоғининг қаеридан чиқаётганини билмоқчи бўлади.

Назаримда томоғининг хириллаши бир қадар камайгандек эди.
— Тошкентга кетмасам бўлмайди. Зуҳро хавотир олаётган бўлса керак.
— Водийга самолёт учмаяпти. Махсус самолётимизга хам рухсат йўқ. Жўрабеков Ўшга учиб келган. Андижонга келолмай ўтирипти.

Агар Ўлмас бир амаллаб Ўшга бориб олса Тошкентга учиб кетиши мумкин эди. Лекин бунинг асло иложи йўқ. Ҳар қандай уста, тажрибали, таваккалчи шофер ҳам Ўшга боришга журъат килолмасди. Ўлмасни бир нарса ташвишга соларди. Ўшга йўл очиқ экан деб Зуҳро самолётда йўлга чиқиб қолса нима бўлади? У телефон қилмасдан олдин ўзим қўнғироқ қилиб тинчитиб қўйишим керак. Биламан, у хозир дачага қўнғироқ қилади, деб ишонарди.

Шифокор унга қайноқ сут ичирди. Туршакдек сарёғ солинган қайноқ сутни дарров ютмасдан томоғида узоқроқ ушлаб туришини тайинлади. Шу пайт телефон зарб билан жаранглади. Навбатчи қиз трубкани олди, ким биландир гаплашиб, трубка микрофонини кафти билан босиб, Ўлмасга деди:
— Келин аям сизни сўраяптилар.

Ўлмас трубкани олар экан, врач унга қўл ҳаракатлари билан хаяжонланманг, ўзингизни босиб гаплашинг, ишорасини қиларди.
— Зуҳро, сизмисиз? Мен Ўлмасман, тинчмисизлар? Умида нима қиляпти…

Сарёғли қайноқ сутнинг таъсирими, Ўлмаснинг овози ниҳоятда тиниқ чиқарди. Зухро нималардир деяпти. Ўлмас бошини қимирлатиб қулоқ соляпти.
— Ўзим телефон қилмоқчи эдим. Ўшга уча кўрманг. Андижон — Ўш йўлини қуюқ туман босган. Аҳволим ёмон эмас. Ёнимда шифокор, хамшира бор. Ташқарига деярли чикмайман. Дилшода опа иуховой рўмолларини берганлар. Ҳозир ёнимдалар. Сизга салом айтяптилар. Мана, ўзларига бераман.

Ўлмас трубкани Дадажоновага берди. Икки хотин бири Тошкентда, бири Наманганда роса ўрисча-ўзбекча аралаштириб гаплашишарди.
— Не надо, не надо блогодарить. Қўйсанг-чи, это просто человеческие отношения и всё! Ўзинг қалайсан? Как Умида? Передай ей привет от меня, деяпман. Наверно тм соскучилась по мужу. Яхши, жуда яхши аҳволи. Здоров как бмк. Мана гаплаш. Ҳозир трубкани ўзига бераман.Телефон қилиб тур, хўпми?

Зуҳро Ўлмасни кўп гапга тутмади. Томоғи хириллаб қийналмасин, деб аяди.
— Бўпти, Зуҳро, ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Ана шу гапдан кейин Тошкентда Зуҳронинг, Наманганда Ўлмаснинг кўнгли таскин топгандек бўлди.

Деразани очиб ташқарига қарайман. Бино шаҳарнинг энг баланд жойига қурилганидан туман унинг сатҳигача чиққану буёғига қурби етмай ҳолдан тойган эди.

Дача худди туман денгизи устида қалқиб турган кемага ўхшарди.

Ҳабиб Саъдуллонинг ниҳоятда вафодор дўстлари кўп эди. Меҳмон келадиган бўлса, албатта, уларнинг ҳаммасини чақирарди. Ҳавонинг бунақа кескин айнигани, меҳмонларнинг келиш-келмасликлари аниқ бўлмагани, келса ҳам узоқ ўтирмасликлари сабабли уларни чақирмаганди.

Даволаётган врач Ўлмаснинг шу совуқ туманда боришига рухсат бермади.

Бошқа меҳмонлар яйраб ўтиришибди.

Академик Турсунбой Рашидов суҳбати ширин, айниқ-са жиндек «отиб» олгандан кейин ўзини қўйиб юборади.
Ҳамид Ғулом бунақа жойларда ниҳоятда улфатнинг гули бўлади. Олимнинг интиҳосиз гаплари унинг оғиз очишига имкон бермасди.
Барибир Ҳамид Ғуломга сўз навбати келмади. Дастурхонга ош тортилди. Ўлмас келмагани учун томоғимдан овқат ўтмади.

Бахтиёр Бобоев жуда талантли рассом. Ўзбек урф-одатларини билиб-билиб, тасвирга туширади. У шеърият нонини еб ўсган бола. Отаси дўстимиз Мамарасул Бобоев ўзбек шеърияти ривожига катта ҳисса қўшган шоир эди.
Кўпчилик рассомлар каби Бахтиёр ҳам ичкиликка ружу қўйган. Бу ҳол рассомлар оламида у қадар нуқсон саналмайди. Ҳозир у то ўртага ош келгунча битта шишани бўшатиб, ошга фотиҳа ўқилгунча иккинчи шишани яримлатиб бўлганди. У ичса ҳам гапидан адашмасди. Ҳатто ичгани сезилмасди ҳам. Ғайратий домла айтганларидек, ювошгина, ширингина беозор маст бўларди.

Дачага келганимизда Ўлмас:
— Мени деб сиз ҳам ош емабсиз. Зуҳрога телефон қилиб олай, кейин енгилроқ бир овқат ташкил қиламиз — деди.

Туман шу қадар қуюқлашган эдики, дачани оппоқ пахтага ўраб қўйганга ўхшарди.

* * *

Шаҳар ички ишлар бўлимининг бошлиғи полковник Абдуқаҳҳор Ғаппорий кўп дилбар, кўнгли очиқ йигит. У
республикада таниқли қўшиқчи шоирларнинг бири. Тошкентда ишлаган пайтларида Ўлмас билан борди-келди қилиб турган.
Маслаҳат билан Ўлмасни поездда жўнатадиган бўлдик. Шаҳар оппоқ туманга бурканган, дачадан икки қадамгина наридаги вокзалга етиб бориш бир муаммо бўлиб турарди.

Дадажонова Ғаппорийга телефон қилди. Хайрият, ишхонасида экан.
— Хизматингиз керак бўлиб қолди, шоир. Шефни Тошкентга жўнатишим керак. Туманда вокзалга қандай борамиз, деб бошимиз қотиб турипти.
— Бу ишни менга қўйиб беринглар. Ҳозир дачага етиб бораман.

У ўн беш минутларга қолмай етиб келди. Қанча одам кетади, кимлар билан кетади, суриштириб, кейин вокзал бошлиғига қўнғироқ қилди:
— Оқсоқол, иккита купени яхшилаб тозалатинг. Дизенфекция қилдиринг. Янги, ҳали печати бузилмаган кўрпа-тўшакларни тайёрлаб, иккита электр печи топиб қўйинг. «Ёз ёмғири»ни ўқигансиз. Ҳа, балли. Сиз билан мен тўғримизда ёзилган. «Севгим — севгилим»ничи? Аттанг, ўқимабсиз-да. Депутатлар хонасидаги қизлар йиғлаб-йиғлаб ўқишяпти, дейсизми? Сиз ҳам ўқинг. Мана шу китобларни ёзган акахонимизни кузатамиз. У кишининг тоблари йўқ.

Биласиз, милиция ўқи ўзган халқ. Бу ҳам камлик килгандек, у милиция полковниги бўлса. Боз устига шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлигининг бошлиғи бўлса, темир йўл станциясининг тинчлиги унга боғлиқ бўлса ва яна каттакон шоир бўлса. Унинг ўқи ўзмай, кимнинг ўқи ўзсин?!
— То Тошкентга етгунча купедан қайноқ чой узилмасин. Яхши, покиза, хушмуомала проводниклардан қўйинг. Беморни Тошкентда катта профессорлар кутишяпти. Ўлмас ҳадди сиғиб, яна бир илтимос қилди:
— Ортиқча эркалик қилаётганим учун узр сўрайман. Бизни Андижонда кутишяпти. Шерикларимизнинг Андижонга етиб олишларига хам ёрдам қилсангиз.

Ғаппорий папағини бир томонга суриб, чаккасини қашиди:
— Бир уриниб кўрамиз. «Балиқчи»дан ўтиш оғир. У ердан иккита дарё ўтади. Бири Қорадарё, бири Норин. Водийда туман энг қуюқ бўладиган жой. «Чинобод»га ўтиб олгандан кейин то «Олтинкўл»гача туман сийраклашади. Ўн беш-йигирма қадам йўл бемалол кўриниб туради. У ёғига туман яна қуюқлашади. «Мингбулоқ»газ фонтанини тўхтатган, уни муттасил кузатиб турадиган мутахассиснинг юраги хуруж қилиб қолди. Жуда опитний шоферларимиз уни шу туманда зудлик билан Андижон клиникасига обориб қўйишди. Бу ишни хам шуларга топширамиз.

Ўлмас менга қаради. Унинг айтмоқчи бўлган гапидан хижолат бўлаётгани билиниб турарди.
— Сиздек ёши улуғ одамга иш буюраётганимдан хижолатман. Уйга телефон қилсам трубкани хеч ким олмади. Зуҳро Наманганга йўлга чиқмадимикин, деб хавотирдаман. Илтимос, хафа бўлманг, сиз шу ерда қолинг. Зуҳро телефон қилса, Наманган —Тошкент поездида кетди, денг. Эрталаб депутатлар хонасида кутсин. Агар у телефон қилолмаса, ўзингиз қўнғироқ қилиб, шу гапларни айтиб қўйинг.

Йўлга чиққанимиздан бери уйимга бирон марта қўнғироқ қилмаган эдим, энди телефон қиляпман. Нодира трубкани олди.
— Нега телефон қилмайсиз? Енгил кийиниб кетган эдингиз. У томонларда совуқ қаттиқ, деб эшитдим. Андижон поездининг бошлиғи Солиев деган ўртоғингиз телефон қилиб, иссиқ кийимларини опчиқинглар, олиб кетаман, деди. Нашида опам хам шу поездда кетадиган бўлди. Акром тоғам ўртоқлари билан чиқиб, кутиб олади. Иссиқ кийимларингизни опамга тугиб бердим. Тошкентдами? Ҳар куни чарақлаб офтоб чиқяпти.
— Ҳозир биз Намангандамиз. Эртага Андижонга ўтамиз. Ҳаммаёқ туман, ҳеч нарса кўринмайди. Ҳаво совуқ. Шерикларимиз куёвларга ўхшаб тўн кийиб юришипти. Айтганча, Дилшода опа сени, Камолани кўп сўради. Андижонга борганимиздан кейин албатта яна телефон қиламан. Ҳаммани сўраб қўй. Айниқса Камолани. Хайр.

Телефон жахл қилгандек, зарб билан жиринглади.

Трубкани олиб, — лаббай, эшитаман, — дедим.
— Илтимос, Умарбековни чақириб берсангиз.

Бу Зухронинг овози эди. Мен телефонни сал кўпроқ банд қилдим шекилли, ўшанда бир-икки марта чақирган булса керак. Овозимдан таниб қолди. «Мени кечиринг. Ўлмас акамнинг аҳволи қалай? Ўзлари билан бир гаплашай», — деди.
— Зуҳрохон, ташвишланманг, аҳволи яхши. Уни хозир Наманган —Тошкент поездига опчиқиб кетишди. Кўпчилик бўлиб Тошкентгача кузатиб боришади. Докгор, хамшира, яна тўрт одам алоҳида иккита иссиқ, покиза купеда эҳтиётлаб кузатиб боришади. Эрталаб Зухро депутатлар хонасида мени кутсин, деб менга тайинлаб кетди. Ўлмас бир кун профессорларга кўриниб, эртасигаёқ Андижонга келмоқчи. Илтимос, юборманг. Ҳосил байрамини ўзимиз ўтказаверамиз. Келса, совукда касали авж олиб кетиши аниқ. Соғ одамни ҳам касал қиладиган хаво бўляпти. Тушундингизми? Ўтиниб сўрайман, юборманг. Хайр.

Дачада олти киши қолдик. Бемор одамнинг кўнгли нозик бўлади, деб ҳаммамиз Ўлмасни эҳтиёт қилиш билан овора эдик. У шу топда поездга чиқяпти. Ҳозир Тошкентга жўнаб кетади. Ўзи билан ташвишларимизни ҳам олиб кетяпти.

Энди ҳеч қандай тагавишим қолмади. Фикр-ўйларимдан ва яна нималардандир ажралиб қолганга ўхшайман. Кўнглим бўм-бўш.

Шунда хаёлимга ғалати бир фикр келди.

«Агар ҳамма ишинг битиб ташвишинг қолмаган бўлса, энди ўзингга бошқа бир ташвиш ўйлаб топ. Ёхуд кимнингдир ташвишига шерик бўл. Инсон ташвишсиз яшаёлмайди. Уни оёққа турғизадиган ҳам, ҳаракатга соладиган ҳам шу ташвишдир».

Шерикларим жимгина ўтиришипти. Улар ҳам менга ўхшаб ташвишини йўқотган. Бу дунёга ғанимат, уч-тўрт кунлик «меҳмон» Ўлмаснинг кўнглини олиш билан яшадилар. Энди У Тошкентга ҳаммамизнинг ташвишларимизни олиб кетяпти…

Эрталаб Ўлмас Тошкент вокзалининг депутатлар хонасидан телефон қилди.
— Домла, кеча бир ишни хом қилибмиз-да! Поезд Андижонда ярим соатдан ортиқ тўхтаб ўтишини айтиш ҳеч кимнинг эсига кемапти. Сизлар ҳам мен билан поездга чиқаверсанглар бўлар экан. Ғаппорий қайси поезд, кайси стансияда қанча туришини яхши биларди. Минг хил ташвиш билан бўлиб, шу гапни айтиш эсидан чиқиб қолган бўлса керак.

Лекин менинг эсимда бор эди. Умарбеков хотиним туманда йўлга чиқиб, сарсон бўлиб қолмасин, сиз шу ерда қолиб унга поездда кетаётганимни албатта хабар қилиб қўйинг, деб қайта-қайта илтимос қилганидан, демак, бирга кетмас эканмиз-да, деб тушуниб бу гапни айтмаган эдим.
— Бугунги поездда Андижонга келиб олинглар. Телефон қилиб айтаман. Кутиб олишади, — деди.

Унга бугун поездда боришнинг иложи йўқлигини, Чуст орқали келадиган поезд Наманганга кирмай Чортокдан Учқўрғонга бурилиб, кейин Андижонга етмай туриб «Харкўп» қишлоғидаги «Иккинчи Андижон» станциясига келишини, қаршисидан келадиган ҳар бир «қаланғи-қасанғи» составга қўл қовуштириб, йўл берадиган, жуда ношуд, жуда эпсиз поезд эканини тушунтирдим.
— Бир кун минг кун бўлмас. Эртага сен кетган поездга чиқамиз, — дедим.

* * *

Уйғун оламдан ўтгандан кейин у яшаган дачани Ўлмасга беришган эди. У билан ҳар куни кўришиб турамиз. Бугун Ўлмас, бир ош қилмаймизми, деб қолди.
— Янги сўйилган қўй гўшти соламиз.
— Бўпти. Қибрайга чиқиб, қўчқор гўшти топиб келамиз, — дедим. — Совлиқнинг ёғи ошни бузади.

Икковимиз Қибрайга бозор қилгани чиқиб кетдик. Қибрайдан то Қизил кўприккача бешта гўшт дўконида фақат совлиқ гўшти бор экан. Қизил кўприк самоварчиси жуда шинаванда одам. Уйида доим қўчқор сўйиб чойхонага олиб чиқади. У бизни кўрибоқ, битта чойни эрмак қилиб туринглар, ҳозир болалар олиб чиқишади, деб олдимизга чой билан патнисда у-бу келтириб қўйди.

Каттакон дастурхонда икки киши ҳали суягига болта тегмаган яланғоч қўчқорни кўтариб келишди.
— Ёғидан беш кило, гўштидан икки кило, тўшининг ҳаммасини шилиб берасиз, агар тозаланган пўстдумба топилса, ундан ҳам бирон икки кило…

У чаккасини қашлаб бир оз туриб қолди.
— Тозаланган пўстдумба 6ор-у, аммо бировнинг буюртмаси эди-да. Майли, сизларга буюрган экан. Бозордан тўғралган сабзи олманглар. Ичи пўк бўлиб қолган сабзиларни тўғрашади. Абдужаббор оғайнингизни олдига киринг. Тоғдан зўр сабзилар олдириб келган. Сувнинг нариги бети — сабзавот базаси. Бошлиғи Абдужаббор оғайнингиз-ку. Сўрасангиз йўқ демайди.

Базага кирдик. Абдужаббор Абдулла акани хотирлаш куни Ўлмас билан танишиб қолган эди. Бизни кўриб севиниб кетди. Унга мақсадимизни айтдик.
— Бизда килолаб мол сотилмайди, неча қоп сабзи керак? — деди кулиб. — Ризқи улуғ одамсизлар-да, қор тагига бостирилган сабзилардан ўтган куни беш-олти қоп олдириб келган эдим. Бир қоп етадими? Э, унақа майдакаш бўлманг-да, хеч бўлмаса ярим қоп олиб кетинглар. Ўратепаликлар қорга аралаштириб кўмиб қўйган сабзиларни божхонадан ўтказолмай, ўтган куздан то шу кунгача сақлаб ўтиришипти.

Абдужаббор машина юкхонасини ўзи очиб, ярим қоп сабзини қўйди. Картон қутида яна нималарнидир жойлади.
— Ўлмасжон селитрли нарса емасин. Алоҳида буюртма қилиб эктирган бодринг, помидорлардан қўйдим. Сижжак ариқларининг бўйида ҳали ҳам ялпизлар кўкариб турипти. Айтинглар, нима овқат қилишсин?.. Қозоғистондан вагон кутяпман-да, бўлмасам ўзим бориб ош қилиб берардим.

Бир бола икки бойлам жамбил олиб келди.
Абдужабборга раҳматлар айтиб, орқага қайтдик.

Ишимиз ўнг келганидан суюниб, қайтиб келдик. Липа тагида ижод уйининг директори Сергей бизни кутиб ўтирган экан.
— Кибриё опа боққа кириб кетганига бир соатдан ошди. Ҳалигача чиқмади. Хавотир оляпман. Орқасидан киргани хижолат бўлиб ўтирибман.

Кибриё опа арча тагида ўтирарди. Икки кўзи жиққа ёш. Бизни кўриб, кўзларини артиб ўрнидан турди.
— Шу арчаларнинг уруғини Қримдан опкелиб эккандим. Олтита уруғдан тўрттаси униб чиқди. Қаранг, қандоқ катта дарахт бўлиб кетган.

Кибриё опа сабзи тўғраб берди. У бунақа серсув саб-зини қайдан топганимизга ҳайрон. Унга бир ишқибоз ошпазнинг паловга берган таърифини айтиб бердим. «Девзиранинг гуручи, қора қўчқорнинг гўшт-ёғи, қурбақа минмаган сабзи, чумчуқ сиймаган ўтин топсанг, ош ошдек бўлади». Бугун шу одам айтган ош бўлади-ёв!

Ўлмас билан икковимиз тунука ўчоққа қозон қўйиб, ошга уриниб кетдик. Бундан бирон ой олдин ёғли қўчқор гўштини зиралаб, музлатгичда сақлаб юрардим. Ўшандан тўрт бўлагини олиб чиқдим. Доғланган ёғда қизартириб олиб қўйдим. Вақирлаб қайнаётган зирвақда то шўри чиқиб кетгунча қайнатиб, яна олиб қўйдик.
— Ошни ўзим дамлай, майлими, — деди Ўлмас. —Анчадан бери капгир ушламагандим.

Дамлашга етилган гуруч устига сур гўштларни қўйиб, ноёб қашқар зирасидан бир чимдим сепди. Ҳаммаёқни хушбўй зира ҳиди тутиб кетди.

Ана шундан кейин дам товоқни ош устига бостирди.

Ўлмас кўк қалампирни яхши кўрарди. Лекин унинг қалампир ейиши мутлақо мумкин эмасди. Зуҳро ҳеч бўлмаса мазаси ўхшайди-ку, деб битта кўк булғор қалампирини аввал бир тишлаб кўриб, кейин майда қилиб тўғраб шакаробга солди.

Энди ярим соатлардан кейин ошни сузамиз…

Телефон жиринглади. Трубкани олдим. Тилидан кавказлик экани билиниб турган бир киши, илтимос, Зуҳро Умарбековани чақириб берсангиз, деди.

Зуҳро у билан узоқ гаплашмади. Трубкани қўйди.
— Ўлмас ака, эртага Москвада сизни даволаётган мутахассисларнинг охирги маслаҳат йиғини бўлар экан. Левон Рубенович Погосов билан етиб боришимиз керак эмиш. Соат тўққиз яримдаги самолётга жой олишибди.

Ўлмас ўрнидан турди.
— Қани, кетдик, Зуҳро, — деди.
— Э, шошма, ошни еб кейин кетасан. Атиги ярим соат кутгин.
— Ўлмас, бир чўқим ош еб кетинг, — деб ялинди Зуҳро. — Шошилманг, ҳамма ишларингизни ўзим тахт қиламан.
— Дачага кириб китобларимни, қўлёзмаларимни олишим керак. Уйга қараб турадиган одам топишимиз зарур. Иш кўп. Улгурмаймиз.
— Боғда укангиз Акмалжон қоляпти-ку. Уйда синглингиз Мавжудахон қолади.

Барибир Ўлмасни гапимизга кўндиролмадик.
Ўлмасга ош ейиш насиб қилмади.
«Насиб қилса келар Шому Ирокдин, насиб қилмас кетар қошу қобоқдин» деган ҳикматни эсладим.

* * *

Ўлмасни Ёзувчилар боғидаги липа тагида Кибриё опа билан икковимиз кузатиб қолган ўша кун тўқсон учинчи йилнинг иккинчи сентябри эди.

Ана шундан кейин уни бир марта кўрдим холос. Унинг жуда ҳам оз қолган умри ҳали Москва, ҳали Тошкент касалхоналарида чидаб бўлмас уқубатларда ўтаётган эди.

Ўша куни Ўлмас менинг ёрдамимсиз ўзи ош дамлаётганди. Унинг энг қадрдон дўстларидан бири Турғун Азизов «Жигули»сини чўғи тортиб ерга туширилган ўчоқ олдигача ҳайдаб келди. У ўриндиқдан катталиги патнисдек қўшқават фанера олиб Ўлмасга узатди. Ўлмас капгирни менга бериб фанерани олди. Бу Ўлмаснинг тиззага қўйиб хат ёзиши учун, қаёққа борса чемоданда олиб юрса бўладиган қилиб тайёрланган махсус «ёзув столи» эди.

Ўлмас Москва касалхонасида қолган, унга қанчадан қанча қувонч берган, қўлингиздаги «Қизимга мактубларни» ҳадя қилган ёзув столининг эшигини хизматчилар энди ахлатга қўшиб қайгадир обориб ташлаган бўлсалар керак деган гумонда эди.
Турғуннинг 6у совғаси Ўлмасга нажот «эшиги» бўлиб туюлган эди.

Зуҳро шамолни раво кўрмай, совқотганда нафаси билан иситиб Умидани ялаб-юлқаб ўн саккиз ёшга еткизиб келди. Умида орзу-армонлардан бино бўлган бир сабий. Ўлмаснинг руҳи уни ҳамон ғойибдан туриб парвариш қилади.

Бугун у тенгдошлари қатори буюк даргоҳ — Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети остонасига қадам босади. Бу Ўлмаснинг орзуси эди. Ота орзуси, ота нияти, ота тилаги албатта ижобат бўлади. Ҳозир уни дадасининг руҳи кузатиб келяпти.
Умида энди катта қиз бўлиб қолгани учун Зуҳро унинг университетга қандоқ кийиниб боришини ўзига қўйиб берди. Зуҳро унга қараб ишқилиб боламга кўз тегмасин-да, деб бирдан улғайиб қолган қизига меҳр билан қараб турарди. Университет ҳовлиси узоқ-яқиндан келган йигит-қизлар билан гавжум. Зуҳрони ҳам, Умидани ҳам ҳеч ким танимайди. Лекин негадир ҳамманинг кўзи уларда эди.

Шивир-шивир бошланди.
— Ўлмас Умарбековнинг қизи.
— Худди дадасининг ўзи-я!
— Дадасига жудаям ўхшар экан.

Умидага, дадасига ўхшар экан, деган сўз ёқарди. Шу гапни айтган қизга қараб жилмайиб қўйди.
Бир қиз улар олдига келди. Бу бизга таниш Ғупра. Ҳозир эса «Севгим-севгилим» тўғрисида диплом иши ёзаётган Ғапура Санақулова эди.

Энди уни таниб бўлмасди. Шаҳар ҳаёти бошқача қилиб юборган. Қирда буғдой ўриб юрганда қорайиб, сополга ўхшаб қалинлашиб кетган юзи, пиёздек қават-қават лаблари асли ҳолига қайтган. Бўғилиб чиқадиган овози ҳам майинлашган. Бунақа бачканалик намунали студентга ярашмайди деб тилла тишини олдириб қўйган. Оғир меҳнат ҳамда шафқатсиз муносабатлар қолдирган изларни пойтахт ҳаёти ювиб ташлаган эди.
Қаранг-а, у жуда чиройли қиз экан. Ўтдек чақнаб турган кўзлари, қорамағиз юзлари йигитларнинг эсини оғдирарди.

Онаси хотинларнинг чирманда чалиб «Ёр-ёр, ёрона»лар айтиб, йигитлар карнай-сурнайлар, қийқириқлар остида Санақул полвонга узатилган эди. Улар қовушган куннинг эртаси «юз очди»да қайнотаси «бахтли бўлинг, ували-жували бўлинг» деб совға қилган тилла тўғноғични онаси энг ноёб эсдалик деб сақларди. Ҳар гал қўлига олиб қараганда ўша унутилмас тонг худди кўзни қамаш-тирадиган нур орасида кўрингандек бўларди.

Ғупра онаси ўлганда Ёзёвонга елдек учиб борди. Барча маросимларни тоғаси билан кам-кўстсиз ўтқазди. Акаси Алиқул портной сарф-харажатларга аралашмай «без» бўлиб тураверди.

Онаси ер-кўкка ишонмайдиган ўша тўғноғични жаноза куни келин аясининг ёқасида кўриб Ғупра ич-ичидан йиғлаган эди.

Акаси Алиқул портной, онасининг хай-хайлашига қарамай унинг қийналиб ишлаб, қийналиб ўқиган пайтларининг ёдгори «Олтин медалини» сандиқдан опчиқиб кетиб хотинига қоплама тиш қўйдириб берганда Ғупра вужуд-вужудини муз қоплаб, телбага ўхшаб қолганди.

Энди уни Ёзёвонга боғлаб турган ҳамма иплар узилиб бўлган эди.

У Ёзёвонга ким учун боради? Хасис акасини, онасидан қолган ягона ёдгор тўғноғични аза куни тақиб юрган юзсиз Ялпиза янгасини соғиниб борадими?

Акасининг «Ўзимнинг ялпиздеккинам», деб эркалашларини қўмсаб борадими?

Тоғаси Тошкентга келганда «опагинамдан ёдгорим» деб, ўзи ўстирган ниҳоятда ҳиди ўткир хандалаклар, «шакарпалак» қовунлар, қоғоз қутида «ингичка бел» узумлар, ёғли патирлар олиб келади.

Мусофир юртда пулсиз юрма жиян, деб сумкасига сиққанча пул тиқиштиради.

Ғапура Санақулова қўли очиқ қиз эди. У тоғаси келиб кетган куни диплом ёзаётган қизларга, ўғил болаларга дастурхон тузаб «базми жамшид» қилиб берарди. Унинг дугоналари, ўртоқлари хам «Тоғамиз қачон келаркинлар» деб йўл пойлайдиган бўлиб қолгандилар.

Дипломант Ғапура Санақулова университет газетасида ўқишга халақит бермайдиган кечки пайтларда муҳаррир ёрдамчиси бўлиб ишларди. Стипендия ҳамда газетадан оладиган тузуккина маоши ичмайдиган, чекмайдиган 6у қизга бемалол етиб ортарди. Кўпинча у дугоналарини кафега опкириб яйратарди.

Тоға Сурхондарёнинг қайсидир қишлоғида томорқасига бозоргир хандалаклар, чилги қовун-тарвузлар экиб яхшигина даромад олади. «Далнобойшик» шоферларга, самолёти кўпинча юксиз қайтадиган учувчиларга кўтарасига сотади.

У янтоққа тарвуз пайванд қилиш сирини мукаммал эгаллаган миришкор деҳқон. Ҳеч қандай сарф-харажатсиз, ўзидан-ўзи хосил туғадиган бу беминнат янтоқ-тарвуздан мўмайгина даромад олади. Сибир томонларда ичи анор донасидек қип-қизил, пирожнийнинг кремига ўхшаш ажаб ғалати таъмли 6у тарвузларга «Райский арбуз» деб ном қўйиб олганлар.

* * *

Ичкаридан билагига «навбатчи» деб ёзилган боғич таққан киши чиқиб, соат ўн иккида университетга кирувчи абитуриентларни тест синовига чақирамиз. Биринчи, иккинчи ҳамда учинчи группалар ичкарига бир вақтда киритилади. Қўлларингизда битта гунафшаранг ручкадан бошқа ҳеч нарса бўлмаслиги керак, — деб огоҳлантириб кириб кетди.

Кўпчилик йигит-қизлар шошиб кафе томон кетдилар. Овқатни ўзлари билан олиб келганлар скамейкаларга ўтириб, баъзилари тик турганча овқатлана бошладилар.

Зуҳро сумкасида олиб келган котлетларни қизи олди-га қўйди. Умида семириб кетишдан қўрқиб овқатни кам ерди, онаси зўрлаб учта котлетни зўрға едирди.
— Биламан, тест имтиҳони жуда узоқ давом этиши мумкин. Яхшилаб қорнингни тўйғизиб ол.

Зухро жимжилоғи билан енг учини кўтариб соатига қаради. Уч минути кам ўн икки.
— Энди сиз кетаверинг, опа, — деди Ғапура, —синов тугаши билан Умидани ўзим уйга обориб қўяман…
— Ичкарига кирсин, кейин кетаман, — деди Зуҳро.

Умида кириб кетаётганда Зуҳро уни бағрига босиб: «Дадангни арвоҳи қўлласин, болам, деб кўзида ёш билан орқасидан қараб қолди.
Ғапура Зуҳрони таксига ўтқазиб жўнатиб юборгандан кейин ётоққа қайтиб келди.

Ётоқни ҳандалак ҳиди тутиб кетган эди. У ётоқдаги қизлар ҳандалак ҳидига чидаб туролмай сб қўйишлари мумкин, деб хавотир оларди. Ҳатто қизларга, агар ҳандалакни еб қўйсанглар ҳаммангларни ёппасига мункиллаган чолга эрга бериб юбораман, деб хазил қилган эди.
У қоғоз қопга иккита қовун, иккита «Райский арбуз» ҳамда шу охирги бир дона қолган ҳандалакни жойлаб қоп оғзини яхшилаб бойлаб қўйди.
Бу нарсаларни Ғапура Зуҳро опамнинг ҳам оғзи тегсин деб асраб қўйган эди.

Тест имтиҳони бошланганига ҳам икки соатдан ошай деяпти. Иккита қиз йиғлаб чиқиб кетди. Шпаргалка билан ушланиб қолган бўлса керак. Бир абитуриент бола ҳам қовоқ-димоғи осилиб чиқаркан, орқасига қараб, шу университетда ўқимасам куним ўтмайдими, бошқа институтга ҳужжат топширганим бўлсин-е, деб тўнғиллаб троллейбус бекати томон кетди.

Тест имтиҳонлари соат тўртгача давом этди. Абитуриентлар толиқиб, сувсаб, тинкалари қуриб қайтиб чиқишди. Умида ҳам ҳеч қачон бу даражада чарчамаган,қийналмаган эди. У тест саволларига шошилмай, пухта ўйлаб, фикрини бир ерга жамлаб, бланкаларига билиб-билиб белги қўйди. Тахминан икки жойда хато қилган бўлишим мумкин, деган гумондан кўнгли ғашланди…

Ғапура автоматдан Зуҳрога қўнғироқ қилди.
— Кетяпмиз. Ҳозир чиқди, — деди.

У томондан, тез келинглар, ошга гурунч солавераман, деган овоз келди.
Коғоз қопдаги қовун-тарвузларни кўтариб, такси тўхтайдиган жойга келишди.

Такси шофери ҳар нарсага қизиқадиган йигит экан. Машина салонини тутиб кетган ҳандалак ҳидини искаб.
— Нимани ҳиди келяпти, жуда ёқимли ҳид… — деб сўради.
— Мени ҳидим, — деди Ғапура кулиб.

Шофер, ҳидингиз ўзингизга, ўзингиз ҳидингизга ўхшар экансизлар, деди.
Шу пайтгача чеҳраси очилмай келаётган Умида ҳахолаб кулиб юборди.

* * *

Бугун Муқимий номидаги театрда «Фотима ва Зуҳролар» томошасининг такдимот маросими бўлади. Унга барча театршунослар, ёзувчилар, деярли ҳамма театрларнинг режиссёрлари, атоқли артистлар ҳамда Ўлмаснинг қариндош-уруғлари, ёр-биродарлари таклиф қилинган.

«Шарқ Юлдузи» журналида яқингинада эълон қилинган Ўлмас Умарбековнинг «Қизимга мактублар»и режиссёр Рустам Маъдиевга ёқиб қолди. Бу «Хат» унинг юрагига ўт ташлади. Уни саҳна асари яратишга ундади ва ниҳоят пьесани ёзиб театр жамоасига ўқиб берди. Жамоа иштиёқ билан репетицияга киришиб кетди.

Тақдимотга келган Ўлмаснинг рафиқаси Зуҳро, сингиллари Мавжуда билан Ҳамида, укаси Акмалжон ҳамда қизи Умидахонлар «Фотима ва Зуҳролар»ни ниҳоятда қизиқиб томоша қилдилар.

Умида саҳнада юз бераётган воқеаларга қизиқиб кетиб, қимирламай ўтирарди.

У дадам ўзи ёзган асарини ўзи кўрмади, деб ўкиниб ўтирарди. Дадажонимни хурсанд қилолмай қолдим, деган бир армон юрагини тимдаларди.

Ёнида жимгина томоша кўраётган онасига бурилиб секингина деди:
— Дадам тирик бўлганларида чет эл машинаси олиб берардим…

Бу Умиданинг дадасига юрак-юракдан чиққан сиз менинг жонимдан азиз дадамсиз, сизга пероси тилладан ручкалар, зўр галстуклар, яхши сигареталар олиб бераман, сизни ҳеч кимга бермайман, деган маънодаги эътирофи эди.

Ҳаяжондан Зуҳронинг мижжаларига ёш тўпланди. Бир киприк қоқса юзларини ювиб кетади. Зуҳро эса бу ёшларни киприкда куч билан ушлаб турипти.

Саҳнада кечаётган оғир, юракларни ларзага соладиган воқеалардан ҳаяжонланиб йиғлаб юбормасин, деб Мавжуда аммаси уни бағрига босиб ўтирарди. Умида ўзини тутди. У эси кириб қолган, ўзини босиб олган, балоғат ёшидаги қиз эди.

Спектакль тугагандан кейин муҳокама бошланди. Ҳамманинг, ёзувчиларнинг ҳам, театршунослару режиссёрлар ҳамда артистларнинг, ҳатто оддий томошабинларнинг ҳам фикри деярли бир хил. Бири-бирини тўлдирадиган самимий, ҳалол гаплар бўлди. Модомики такдимотга келдингми, «билағонлигинг»ни кўрсатиб қол, деб гапни чўзадиганлар хам бўлди.

Машинада уйга қайтишар экан, Умида Ўлмаснинг укаси Акмалжоннинг қулларидан махкам ушлаб олди. Қўлларининг томир уришиданми, нимасидандир дадасининг қўлига ўхшатди. Бу қўл, бу томир уришлар унга дунё-дунё қувонч бағишлаган беозор кунларни қайтариб келгандек эди.

Унинг нафаси, сигарет тутунининг иси, хатто Ўлмас баъзи-баъзида сувга томизиб ичадиган аллақандай дори ҳиди димоғига урилаётганга ўхшарди.

Умида опасининг бўйнидан маҳкам қучоқлади.
— Опажон, энди сизни ҳеч хафа қилмайман. Жудаям яхши нарсалар олиб бераман. Мунданам чиройли бўлиб кетасиз.

Бу гапларга Зуҳро чидаб туролмади, йиғлаб юборди.
— Йиғламанг, сиз менинг биттайи-битта опажонимсиз, ойижонимсиз. Дадамнинг ўрнига қолган дадажонимсиз. Кўрасиз, сизни кўғирчокдек кийинтириб қўяман. Айтинг, Акмал амаким кетмасинлар. Бизникида қолсинлар…

Эрталаб нонушта олдидан бир вақтлар Зухро туғилган кунда Ўлмас совға қилган бриллиант кўзли зиракни Умиданинг қулоғига тақиб қўйди.

Умида икки қулоғини ушлаганча трюмо ойнасига ўзини солиб кўра бошлади. Наҳорлик ширгуручдан бир қошиқ оғзига солиб яна югуриб бориб ўзини ойнага солади. Ҳамиданинг олдига келиб, аммажон, ярашибдими, деб сўрайди. Ҳамида жудаям, деб унинг елкаларини си-лаб қўяди.
— Ҳаммангларни яхши кўраман, — деди Умида.

У ширгуручни еб бўлгач, қулоғидан зиракларни чиқазиб Зухронинг қўлига берди.
— Опажон, мени кечиринг. Мен бунақа нарсаларни унчалик яхши кўрмайман. Ҳозир сиз хурсанд бўлинг, деб тақиб кўрдим. Киностудиянинг фотографи кичкинагина қилиб ишлаб берган дадамнинг сурати бор. Шуни медальонга ўрнатиб бўйнимга осиб юрмоқчиман. Хафа бўлмаяпсизми, опажон.

Умида Лондон университети қошидаги лицейнинг энг қобилиятли талабаларидан бири. Ахлоқи, ўзини тутиши, дарсларни ўзлаштириши университет раҳбариятига маъқул эди. Бутун диққат-эътиборини ўқишга бағишлаган Умида тўрт йиллик ўқишни уч йилда тугатиб бакалавр унвони олиш хукуқини қўлга киритди.

* * *

Телефон жиринглади. Трубкани олиб, лаббай, дедим. Зуҳронинг таниш овозини эшитдим.
— Стационарга келсангиз. Ўлмас акам сизни сўраяптилар. Айтадиган гаплари бор экан.
Бирон ойлардан бери Зуҳронинг овозини энди эшитяпман.
Ўлмас билан иккови тайёр ошни ташлаб кетганларидан буён қаердаликларини билолмай диққат бўлиб юрган эдим. Шошиб кийиндиму машина билан йўлга чиқдим.
Касалхона олдида Зуҳро мени кутиб турарди. У анча озиб крлган, ҳорғин. Сочларида бир-иккита оқ тола кўриниб қопти.

Ўлмасни Москвадан оғир аҳволда олиб келган бўлсалар керак деб ўйладим.
Зуҳро мени кўп қаватли корпус орқасидаги зинадан палаталар томон бошлади.
Томоғи бойланган Ўлмас Турғун Азизов олиб келган фанерини тиззасига қўйиб, нималарнидир ёзяпти.
Маълум бўлишича Москвада ўтган сўнгги маслаҳат йиғилиши Ўлмаснинг томоғидаги овоз ўтказадиган жойини бошқа органларига ўтиб кетмаслиги учун қатрон қилиб олиб ташлашга қарор қилганлар. Бунга Ўлмаснинг розилигини олганлар.
Операциядан ўн беш кунлар ўтиб Тошкент медицина институтининг жарроҳлик клиникасига олиб келганлар, бир ҳафта кузатувдан кейин стационарга келган. Бу орада онкология институтида кўрикдан ўтиб турган.

Мана, бир ҳафтадирки стационарда оғир аҳволда ётибди. У ҳамон тиззасига фанера қўйиб, ҳамма нарсани, бугун-эрта бостириб келаётган ўлим шарпасини ҳам унутиб ёзяпти.

У деразадан ташқарига қаради. Эрталабдан бери осмонда булут айланиб қолганди. Энди шаррос қуйяпти.
Ўлмас орқа-ўнгига хат битилган крғозни менга узатар экан жилмайди.
Ё қудратингдан ўргилай худо, бу болага дунёни тарк этар чоғи жилмайишига қайдан куч ато этдинг!
То келгунимча у менга хат ёзиб қўйган экан. Ўқияпман:

«Домла, Сиздек бир кекса, отамдек меҳрибон одамни ўз дардим, бошимга тушган азобли кунларим билан ташвишга солишни истамагандим. Бўлган мураккаб операцияларни билдиргим келмаганди. Энди тонг отиши билан ҳаммасини, азобларни, чидаб бўлмас оғриқларни ташлаб ҳеч ким тўймаган бу дунёдан кўз юмиб кетаман.
Мен тортган азоблар бошқа ҳеч кимнинг бошига тушмасин.

Сизга яна бир, охирги илтимосим бор. Собир Мирвалиев ўз ташаббуси билан томликларимни чиқазяпти. Мен тўғримда илмий иш ҳам бошлаганга ўхшайди. Нашриётларда сизни ҳурмат қилишади. Собиржонга далда бўлиб турсангиз яхши бўларди. Ўзи йўқнинг кўзи йўқ, деб баъзи нарсаларимни муҳаррирлар чиқазиб ташлашлари мумкин. Илтимос, Умарбеков энди ҳеч нарса ёзолмайдиган жойга кетган, касалхоналарнинг тиқилинч палатасида қийналиб ёзган нарсалари қолиб кетмасин, деб уларни инсофга чақиринг.
Собиржонни ўзингиздан узоқлаштирманг. У яхши йигит экан. Афсус, бунақа содиқ дўстни умримнинг охирида топган эканман. Унга биронта яхшилик қилолмай кетяпман.
Илгаригидек уйимга келиб туринг, кўзи тўла ёш 6илан қолган Зуҳро ҳамда жовдираб колган жондан азиз, дунёда топган ягона бахтим Умидага мадад бўлинг.
Хайр. Дийдор кўришмоқ энди қиёматга қолди».

Ўлмас ўша, ичидаги дарди-аламини сездирмайдиган жилмайиш билан орқамдан қараб қолди. Ҳовлига чиқаётганимда Зуҳро шу хат менда турсин, кейин қайтиб бераман, деб олиб қолди.
Ёмғир кўз очиргани қўймайди. Зуҳронинг ёмғирда дарвоза олдигача кузатиб чиқишига кўнмадим. Ўзим то машинага етиб боргунимча шалаббо бўлиб кетдим.
Боққа келиб ётиб ётолмадим, ўтириб ўтиролмадим. Кўзимга умрининг энг сўнгги дамларини кечираётган Ўлмас кўринаверди. Наҳотки у йўқликка кетади? У эски «қадрдони»ни кутаётгандек ўз ўлимига наҳотки сесканмасдан пешвоз чиқади? Бу кичкинагина, нозиккина вужудда наҳотки шунчалар жасорат, шунчалар қудрат бўлса!

Томоғига тиғ қадалиб турган, умри соатма-соат қисқариб бораётганини сезган бу одамда бунчалар ирода, бунчалар бардош қайдан пайдо бўлди деб ўзимдан ўзим сўрайман. «Қизимга мактублар»ни аста варақлайман.

Ундаги «Мангу дунё бўсағасида» деган ёзувни ўқиб сссканиб кетдим. Бу гапни мен ўқиб шунчалик изтиробга тушяпман, билмадим бу гапни айтишга қандай тили борди? Наҳотки шуларни ёзаётган қўли титрамади, наҳотки фарёд уриб йиғлаб юбормади…

Ўлмас шу тобда ўша айтган «Мангу дунё бўсағаси»да турипти. Бир неча дақиқадан кейин бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилади.

Кўзим илинган экан, телефон жиринглашидан уйғониб кетдим. Гўшакни олиб, лаббай дедим. Бундай бемаҳалда ҳеч ким хушхабар етказмайди. Соатимга қарадим. Иккидан йигирма минут ўтибди. Акмалнинг таниш овози эшитилди. У «акам оламдан ўтди», деди-ю йиғлаб юборди.

Шошиб кийиндиму машина билап йўлга чиқдим.
Ёмғир худди тепангдан пакирлаб қуяётгандек. Машинанинг олд ойнасини ёмғир сувларидан тозалаётган дворник-чўтка ҳам ожизлик қилиб қолди. Дўрмон чинорларининг қуриган шоҳчалари, барглари ёпишиб қолган ойнадан ҳеч нарса кўринмайди. Уни тозалаш учун ташқарига чиқиш керак. Чиқишнинг эса иложи йўқ. Ноилож чиқиб баргларни, шохчаларни сидириб ташладим. Ивиб шалаббо бўлиб кетдим. Мендан икки қатор орқадаги акация асфалтга ағдарилиб, йўлни тўсиб кўйди.

Қалпоқли бризент плашч кийган гаичилар машина ҳайдовчиларни секин юришга даъват қилардилар. Қишлоқ йўлларида ўзи хоҳлаганча тезликни оширадиган учар шофёрлар шаҳарга тушганда ювош тортиб қоладилар.

Ҳар қалай шаҳарда интизом қаттиқ эди. Шунинг учун ҳам йўлнинг буёғида қийналмай Ўлмаснинг уйига омон-эсон етиб келдим.

Жанозага келганлар кўп эди. Бировнинг қўлида соябон, биров бошига плёнка ёпиб олган, бировлар эса ёмғирда дўппи билан турардилар.

Ўлмаснинг ҳовлисида деярли пана жой йўқ. Одамлар машина опчиқиб қўйилган гараж ичида, шу гараж олдидаги айвончада ёмғирдан қочиб туришарди.

Тобутни опчиқиб шу айвонга қўйишди. Ёмғирдан қочиб кирганлар яна ёмғирга чиқиб қолишди. Вазирлар маҳкамасининг диний ишларни тартибга солиш бўлимининг раиси йиғилганларга мурожаат қилди.
— Жамоат, биз марҳумни олиб борадиган «Минор» қабристонида ёмғирдан пана бўладиган жой йўқ. Ҳамма расм-русумларни шу ерда адо этиб, кейин олиб борамиз, жаноза ўқиш олдидан марҳумнинг энг яқин кишиси ёнимга келишини сўрайман.

Ўлмаснинг укаси Акмал муфтий ҳазратлари олдига келиб бош эгиб турди.
— Марҳум ҳаётлигида кимдандир қарздор бўлиб, вақтида тўлаёлмаган бўлса, ўша одам даъво қилиб келса шу қарзни тўлашни гарданингизга оласизми, — деб сўради.
— Гарданимга оламан, — деди Акмал.
— Қабристонда ҳеч қандай митинг, ҳеч қандай нутқ бўлмайди. Ким гап айтмоқчи бўлса илтимос, шу ерда айтсин. Мен марҳум Умарбековнинг устози, муҳтарам акамизга сўз бераман.
Менга сўз бериб қолишларини тахминан билардим. Шунинг учун айтадиган гапларимни унча-мунча ўйлаб қўйгандим. Ёмғирда туриб қолганларни қийнамаслик учун мумкин қадар қисқа гапиришга ҳаракат қилдим.

— Азиз биродарлар, биз бугун мукаммал бир инсонни энг охирги йўлга, Аллоҳ ҳузурига кузатаяпмиз. Марҳум бу дунёга фақат меҳнат қилиш учун, одамларга яхшилик қилиш учун келган, одам боласини йўлдан урадиган ҳар қандай нопок, ношаръий ишлардан ҳазар қилган, ўзини тия олган, бировнинг луқмаи ҳалолига ёмон назар солмаган, юзидан Нури Муҳаммад Ҳувайдо ёғилган бир покиза инсон эди. Марҳум билан ота-боладек эдик. Кўп йиллардан бери бир-биримизни авайлаб, бир-биримизга дилни оғритадиган бирон сўз айтмай, бир-биримизни соғиниб, бир-биримизни эҳтиёт қилиб яшадик. Марҳум ҳеч кимнинг дилини оғритмаган, ҳеч кимга маломат қилмаган, бу дунёга пок келиб, пок кетган нурдек тоза, чеҳрасидан жаннат нури ёғилиб турган фариштадек инсон эди.

Уни бутун Ўзбекистон аҳли яхши кўрарди. Болам шунга ўхшасин деб, укам шунга ўхшасин деб, куёвим шунга ўхшасин деб болаларига Ўлмасбек деб ном қўярдилар. Мана бугун бағрим ҳувиллаб қолди. Ҳазрат, сиз амри маъруфларда ибратли умр кечирган, ўзидан яхши ном қолдирган инсонлар тўғрисида ҳаяжон билан, буюк муҳаббат билан гапириб берасиз. Шу ажойиб инсонлар қаторига Ўлмасбекнинг номини ҳам қўшиб айтишингизни истардим…

Машинани ўша ерда қолдириб «Минор»га кўпчилик билан автобусда кетдим.
Ёмғир ҳали ҳам савалаб турипти.

Қабр бошига бориш қийин эди. Ёмғир мағз-мағзига сингиб кетган ердан тўпиққача лой кечиб қабр олдига боришяпти. Мен ҳам шимимнинг почасини тиззамгача ҳимариб қабр бошига бордим.
Гўрков бунақа фавқулодда воқеаларни кўп кўрган одам. Гўр тепасига тахта териб устидан плёнка бостириб қўйипти.

Йигитлар гўр устида катта бир чодирни тутиб турардилар.
Акмал билан гўрков икковлари Ўлмаснинг жасадини лаҳадга қўйдилар. Ҳаммамиз қабрга бир-икки кетмондан лой аралаш тупроқ ташладик.

Қори одамларни ёмғирда қийнамаслик учун қисқароқ сурани тиловот қиларди. Тўпиқ бўйи лой илашиб оғирлашган оёғимизни аранг кўтариб асфальт йўлкага чиқиб олдик.

«Минор»дан қайтишда яна автобусга чикдим. Ҳайдовчи, одамлар исиниб олсин, деб автобус печкасини ёқиб қўйган экан. Салонни тўлдириб бир-бирига қапишиб ўтирган одамларнинг оғзидан чиқаётган, кийимларидан кўтарилаётган ҳовурдан автобус ойналари терлаб, салон туман ичида қолгандек бўлди.

Жуда хумор тутди. Чўнтагимдан сигарет олиб чекмоқчи бўлдим. Уст кийимимдан ўтган ёмғир қўйин чўнтагимдаги сигаретларни ҳам ивитиб юборган экан.

Ёмғирда ивиб, тўпиғигача лойга ботганлар, эртага фотиҳа ўқигани борамиз, деб йўл-йўлакай тушиб қолишди.

Гараж айвонида ёшгина қори келди-кетдига Қуръон тиловат қилиб ўтирарди.

Боя жаноза пайтида бошига плёнка ёпиб, резина этикда юрган Ғапурага кўзим тушганди. У менга яқин келиб туфлимни ечиб беришимни сўради. Гаражда қолган машинамга кириб туфлимни ечиб бердим. Уни шариллаб ёмғир суви тушаётган тарновга тутиб ювиб, тозалаб олиб келди-да, Зуҳро опамнинг олдига кирар эмишсиз, деди.
Девордаги соатга қарадим. Зуҳро уни 2 дан 20 минут ўтганда тўхтатиб қўйган. Бу 1994-йилнинг 10-ноябри эди.

Бир уй бўлиб ўтирган аёлларнинг хаммаси ёш, айтиб йиғлашни билмас эдилар. Зуҳро ҳамма қийинчиликларни Ўлмас билан бирга тортиб бардошли, чидамли бўлиб қолганди. Аммо Умида ўзини қўярга жой тополмай гоҳ Акмалнинг, гоҳ аммаларининг бўйнига осилиб дод соларди.
— Бир пас исиниб қайноқ чой ичиб олинг, деб чақирдим. Кийимларингиз ҳам ивиб кетибди, шамоллаб қолманг, — деди Зуҳро.
— Зуҳрохон, энди менга жавоб беринглар, уйга бориб кийиниб олай. Эртага азонда етиб келаман, — дедим.
Тик турганимча икки пиёла қайноқ чой ичиб, улар билан хайрлашдим.

Ўлмас Умарбековга Боқий Дунё Сафари Олдидан Дуо

Осмон юзини тўсган булутлар оро қўл чўзиб, тортиб олган ўз улушинг — кичкинагина биллурий тонг нарчасини кўтариб, қайтмас бўлиб зимистон томонларга кетяпсан.

Илоё, саҳар пайти узиб олинган шу бир парча нур то охиратгача йўлингни ёритиб борсин! Омин!
Шу қисқагина яшаб ўтказган умрингда сен кўрмаган жабру жафолар қолмади. Барига чидаб бердинг. Бўғзингни пора-пора қилиб, жонгинангни оғритиб кесаётган тиғга қандоқ туриб берганинг биргина яратган Эгамга аён.

Эй, Тангрим! Шу умри азобларда ўтган, барига «Сенинг менга атаган буюк неъматинг» деб чидаган бандангни ўз ҳимоянгга ол.
Беҳишт дарвозасини унга очиб кўй. Энди даргоҳингда абад ором топсин!
Эй Аллоҳим, унга ўзинг паноҳгоҳ бўл.
Омин!

… Ёмғир шовуллайди. Ёмғир гувиллайди. Ёмғир сен учун кўзёшларини селоба қилиб фарёд уради. Ёмғир шовуллайди…

2003 йил, 24 апрел.

022

ЎЛМАС УМАРБЕКОВНИНГ «ФОТИМА ВА ЗУҲРА» АСАРИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ.

(Tashriflar: umumiy 1 564, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring