Shoir Tesha Saydaliyevga bag’ishlov (1)

012   Теша Сайдалиев кимга нафас қилган бўлса, у кам бўлган эмас. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим Теша Сайдалиевга бағишланган бир шеърида устознинг «ҳали катта шоир бўласиз», деб нафас қилганини ёзганди… Нафас кетди, Усмон Азим катта шоир бўлди, Бугун ўзбек адабиётида у ёки бу даражада ўринга эга бўлган, эътибор топган Эркин Аъзам, Муҳаммад Раҳмон, Нодир Норматовлар ҳақида ҳам шу каби фикрларни айтиш мумкин.

Усмон АЗИМ
ТЕША АКА САЙДАЛИЕВ ХОТИРАСИГА
08

Гўё ҳануз тирикдай
Сиз, яна болалигим…
Тўртта ҳаваскор бола
Термуламиз сизга жим.

Кўзойнакдан боқади
Кўзларингиз меҳрибон:
«Сизлар қанот ёзсангиз —
Қўшиқ бўлади Сурхон!

Ҳали мўртсиз. Пайт келар
Тўлин ойдай тўласиз.
Ишонинглар, ҳаммангиз
Катта шоир бўласиз».

Кунлар… Йиллар ўтдилар,
Шеърият — дилда байроқ,
Севги… севги ҳам келди,
Қалбга кирди бир титроқ.

Кеча тўпни шеър қилган
Мактаб талабалари
Куйлаб кетишди бирдан
Севги ғалабаларин.

Ранги бўздай муаллимлар
Ёқасини ушлашар.
Ошиқ шоирлар бўлса,
Муҳаббат деб муштлашар.

Директор хонасида
Тик тургач икки-уч бор,
Сизга хатлар ёзамиз,
Тўлиб-тошиб исёнкор:

«Нега? Айтинг-чи, нега?
Севишимиз чиндан, рост!
Ўқинг шеърларимизни,
Унда ҳақиқат, холос».

Бизнинг содда гапларга
Ичингиздан куласиз:
«Ёзаверинг… Ёзинглар,
Катта шоир бўласиз!»

Кейин шаҳар… Дабдаба…
Юрак ҳам лол, тил ҳам лол.
Биз барибир ёзамиз
Ғижинишиб телбаҳол.

Тунов тоғларга боқиб,
Қалбда уйғонган ҳайрат,
Қўшқават биноларнинг
Қаршисида лол, карахт.

«Катта шоир бўласиз!»—
Бу далда, азиз калом,
Таянч бўлди дилимизга,
Баъзан ягона илҳом.

…Кейин… кейин йиғладик
Йиғилишиб тўртовлон,
Сизни ташлаб кетганди
Ҳаёт отлиғ бу карвон.

Дарёларда қайиқдай,
Оқиб кетди бир шоир,
Оламга тўймай, тўймай,
Боқиб кетди бир шоир.

…Кўчаларда кезаман
Дилда туйғулар майда,
Аввалгидай шеърни деб,
Жангга кирмоқлик қайда?

Тортинаман баҳслардан,
Ҳайқириш бўлган абас.
Чунки яхши биламан,
Ҳамма ҳам сиздек эмас…

…Агар шоир бўлмасам,
(Бу балки бир баҳона)
Барига ёлғиз сабаб,
Йўқлигингиз дунёда.

Меҳрибон боқишингиз,
Бўлганимда бағри хун…
«Катта шоир бўласан!..»
Етишмайди мен учун.

Маҳмуд АБУЛФАЙЗ
АЙРИЛИҚДАН ЙИҒЛАГАН ГУЛЛАР
ёхуд тафтида тухум пишадиган юртнинг шоири
Теша Сайдалиев ҳақида хотиралар

08

Мен термизлик шоир Теша Сайдалиевни кўрмаганман. Довруғини эшитганман, холос. Ғафур Ғуломнинг нафаси текканлигини биламан. Ватан адабиётининг билимдонларидан бири, Ўзбекистан Қахрамони Озод Шарафуддиновнинг назарига тушганлигидан хабарим бор.

Мен… Теша Сайдалиевни кўрган одамларни, уни яхши билган, у билан бақамти туриб ишлаган одамларни, шогирдларини биламан. Шоирнинг мушфиқ аёли Рўзиой янгамизни, ўғли Зиёдуллани, қизи Гулюзни, шоирнинг жиянларини, қариндош-уруғларини биламан. Уларни ҳам шоир туфайли танидим, суҳбатлашдим.

Бу ёзаётганларим эса парча-қуроқ хотиралар, эсдаликларнинг ҳосиласидир.

Айтадиларки, Теша Сайдалиев бир ўғил, бир қизи билан кутилмаганда фожеали вафот этганида, Сурхондарё бир қалқиб тушди. Адабиёт аҳлининг, мухлисларнинг дили кўп ачишди. Бунинг, фикри ожизимизча, уч сабаби бор эди. Биринчиси шуки, шоир ҳали навқирон ёшда ва юрагига ўт тушиб, лопиллаб келаётган эди. Шеъриятда катта ва баланд парвозлар кутилаётганди. Иккинчиси шуки, Сурхондарёда ҳали шеър ёзиб, китоб чоп эттириб, эл ичида шоир номини олганлар балки йўқ эди, бўлса ҳам бармоқ билан санарли даражада оз эди. Учинчиси шуки, Теша ака инсон сифатида кўпчиликка мақбул феъл-атвор соҳиби эди. Қирққа кирмай вазмин тортган, шавқ-эҳтиросларини жиловлаб, шеърият томон бура олган ва кўнгли тоза, етимпарвар, болапарвар бир одам эди.

Теша Сайдалиев тириклик чоғида ўзининг иккита шеърий тўпламини кўришга муваффақ бўлди. Булар «Туҳфа» (1961), «Сурхон садолари» (1966) эди. Ўлимидан сўнг эса «Кўнгил гавҳари» (1974), «Ҳаёт ишқи» (1993) шеърий тўпламлари чоп қилинди.

Теша акани бағри дарё инсон, самимий шоир, устоз эди дейишади. Бугун Ватан адабиётининг тўрт шохига айланиб улгурган Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмон, Эркин Аъзам, Нодир Норматлар ана шу валломат одамнинг муруввати, устозлиги ва одамгарчилигидан баҳраманд бўлишган. Агар Теша акадан гап сўрасангиз, бу одамларнинг ҳали-ҳали юраклари сув бўлади. Шогирдлар камолини кўролмай, барвақт дунёдан кетган устозни эсга олиб, маъюс тортадилар.

…Сурхон адабий муҳитининг икки шоирини сув олиб кетди. Биринчиси олис тарих қатида рўй берган. Адиб Собир Термизийни бир фитна, туҳмат сабабидан Хоразмшоҳ Отсиз Амударёга чўктирди. Иккинчи воқеа эса Теша Сайдалиев билан рўй берди. Буниси энди… қисматнинг иши бўлди. Тақдирда шу нарса битилган экан.

* * *

Рахматли Теша Сайдалиев қандай одам эди? Шоир билан бир неча йил ёнма-ён ишлаган, яхши билган инсон, «Ленин байроғи» (ҳозирги «Сурхон тонги») вилоят газетасида кўп йиллар муҳаррирлик қилган Соатмурод Жўрақулов шундай ҳикоя қилади:
—Тешабойни ҳеч ким билан таққослаб бўлмасди. Биринчиси, беғараз, ғоятда тўғрисўз, кўнгли беғубор одам эди. Эгриликни билмасди. Ўша пайтларда билдирмай шеър машқ қилиб юриш одатим ҳам бор эди. Мен газетада бош муҳаррир, Тешабой эса менга ўринбосар. Бир шеър машқ қилдим, ўзимга маъқул тушгандай бўлди. Тешабойга бердим. Ўқиб кўрди-да, шундай деди: «Соатмурод ака, овора бўлманг, Сиздан умуман шоир чиқмайди!» Хушомад учун ёлғондакам бировни мақташ унга ёт эди. Кўнглига келган тўғри гапни юзинг-кўзинг демасдан айтарди-қўярди.

1973 йилнинг 21 июли, шанба куни эди, газетанинг муҳаррири ва ўринбосари бир тўйда оқшом палласи сўнгги марта бирга ўтиришади. Соатмурод ака яна ҳикоя қилишда давом этади:
— Термиздаги темирйўл вокзали тарафда бир тўйга айтилгандик. Бу тўйга Самарқанд вилоят газетаси муҳаррири Ҳамроев ҳам келган экан. Тешабойни ҳеч маҳал шу оқшомдагидек бир бошқача ҳолатда кўрмаган эдим. Тўйда у жўшиб шеър ўқиди, қўшиқ айтди, сўнгра рақсга ҳам тушди. Кечанинг алламаҳалида тўй тамом бўлди. Қайтдик. Ҳозирги ”Ўзбекистон” кинотеатрининг олдида хайрлашдик. «Тешабой, эртага якшанба, ҳеч ёққа чиқманг, уйда болаларнинг олдида дам олинг, душанба эрталаб ишга келасиз», дедим хайрлашаётиб. -Бу менинг Теша Сайдалиев билан сўнгги дийдорлашувим ва сўнгги хайрлашувим эканлигини ҳали билмасдим. Эртасига эса кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фожиа юз берди…

Шоирнинг жияни, катта опасининг катта ўғли Шокир Хўжаев шундай ҳикоя қилади: —  Теша тоғамни биз улуғ ва буюк бир инсон деб билардик, ҳурмат қилардик. Ҳар бир ишда у киши билан маслаҳатлашардик. У киши фаҳм-фаросатли, илмли, зукко, зийрак одам эди. Қандай чигал масала турилса, дарров Теша тоғамга юзланардик ва жўяли жавоб-ечим ҳам топардик. Тоғам синчков одам эди. Мабодо уйларига эътиборли, билимли меҳмон келса, мени чақиртирарди. Менга чой-нон ташитмасди. Балки шундай дерди: «Шокир, келиб ўтир, мана бу одамларнинг гурунгини эшитгин!» Тоғамнинг уйи эса турли томонлардан келадиган ижодкор-меҳмонлардан бўшамасди. Энди-энди ўйласам, тоғам раҳматли ўттиз тўққиз ёшидаёқ 60-70 ёшли одамнинг тажрибаси, донишмандлигини ўзида мужассам этиб улгурган экан. Фикрлаши бошқача одам эди. Кимки у одамнинг ҳузурига келса, гурунгида бўлса, енгил тортиб, чиройи очилиб кетарди. Енгил табиатлик, учиб-қўнавериш у кишининг табиатида йўқ эди. Ёшим олтмишдан ошаяпти. Лекин то шунгача излайман, қарайман, умид билан суҳбатлашаман, лекин Теша тоғамдек феъли кенг, донишманд, ёpyғ чеҳрали одамни учрата олмайман…

Шоирни яхши билган, кўп йиллар бирга ишлаган шоир Хуррам Мақсадқулов шундай эслайди:
— Теша яхши шоир ва яхши таҳрирчи эди. У сизу бизга ўхшаб мақолалар ёзмасди. Кўнгли тоза одам эди, кечиримли эди. Қанча оғирлик бўлса кўтарарди.

Термизлик ўқитувчи, бир неча шеърий тўпламлар муаллифи Манзура Тўраева ҳам Теша акани ўзига устоз деб билган, у кишининг мурувватидан баҳраманд бўлганлардан бири. Манзура опанинг ҳикоясини ҳам эшитайлик:
— Мактабда ўқирдим. Бир куни машқларимни газетага олиб бордим. Мени маданият бўлимига олиб киришди. Тўрда бир одам ўтирган экан. Кейин билсам, Теша Сайдалиев деганлари шу одам экан. Мени худди ўзининг қизини кўргандек илиқ ва меҳрибонлик билан қарши олди. Машқларимни ўқиб роса мақтади. Неча кунлар бу мақтовдан ёрилар даражада учиб-қўниб юрганларим ҳамон эсимда турибди. Кейинчалик билсам, ўша машқларим шеър сифатида ҳеч нарсага арзимас экан. Лекин Теша аканинг далдаси, мақтовлари менга қанот бўлди. Гарчанд катта шоир бўлмасам ҳамки, шу одам сабабли адабиётга кучли муҳаббат уйғонди, адабиёт, шеърият умрим бўйи менга суянчиқ бўлиб қолди. Айтингчи, мен қандай қилиб ҳам Теша акадек беғараз, меҳрибон бир инсонни унутай?..

* * *

Шоирнинг ўғли, Термиз озиқ-овқат саноати коллежи директори Зиёдулла Сайдалиев болалигини, отасини шундай эслайди:
— Дадам ёлғон гапирмасдилар ва ўзлари ҳам ёлғон гапирганни ёмон кўрардилар. Ҳеч қачон ёлғон гапирманглар, деб доимо эслатардилар. Яхши одатлари бор эди: кечалари ётиш олдидан тўртовимизни йиғиб эртак айтиб берардилар. Байрамларда шеър ёдлатардилар.

Шоир Муҳаммад Раҳмон бир неча йил бизникида яшади. Меҳр-оқибат шунчалик бўлган эканки, мен унинг ота-онаси бошқа эканлигини кейинчалик билганман. Токи вояга етгунимга қадар Муҳаммад акани ўз туришган акам деб ҳисоблаганман. Чунки дадамнинг Муҳаммад акамга ва бизга қиладиган муомалаларида ҳеч бир тафовут йўқ эди. Уни худди ўз фарзандларидек кўрардилар. Эсимда: Муҳаммад ака мени елкасида кўтариб боғчага олиб жўнарди. Мен эса шўхлик қилиб, унинг қулоқларидан тортқилардим, ҳоли-жонига қўймасдим, Муҳаммад акам менинг тентакликларимга парво ҳам қилмасдан юраверарди. Жуда ғаройиб пайтлар эди… Эсиз…

* * *

Шоирнинг аёли Рўзиой янга Теша ака билан кечган йилларини шундай хотирлайди:
— Мен у киши билан ўн тўрт йил бирга яшадим. У киши табиатан мулойим, беозор эдилар. Уйда қаттиқ-қурум гаплар бўлмасди. Ўшанда болаларим сут устига туғилаверди. Шунда хаёлимга қаердан келди: у кишига мен ҳам бирон ерда ишласаммикин, деган фикрни айтдим. Шунда у киши шунақа чиройли тушунтирдиларки, жуда катта жойда ишлаётган эканман-да, деган хаёлга бордим. Негаки, мени мақташга келганда гапни жуда топиб, маромига етказиб айтардилар, раҳматли. Шундай пайтларда шошиб қолганимдан нима дейишни билмай қолардим. У киши билан яшаган йилларим худди бир ширин эртак каби ўтди-кетди…

— Теша ака иш билан банд одам бўлган. Ҳам газетада муҳаррир ўринбосари ҳам эса Ўзбекистан Ёзувчилар уюшмасининг Сурхондарё вилояти бўйича масъул котиби сифатида ишлаб, ижодга қандай вақт топарди?

— Тўғри, у киши анча банд одам эдилар. Уйимиз меҳмондан бўшамасди. Чор тарафдан шоирлар, ёзувчилар келишарди. Тонготар гурунглар қилишарди, шеър ўқишарди, адабиёт ҳақида баҳслашишарди. У кишининг шарофати билан уйимизда Эркин Воҳидов, Шукур Холмирзаев, Нормурод Нарзуллаев, Музайяна Алавия, Зиновий Рибак ва яна бошқа мен номини билган-билмаган кўплаб ижодкорлар бўлишган. У киши асосан кечалари ижод қилардилар. Тонг оқариб келаверарди — у киши уйқуга ётардилар. Сўнг эса қийналиб ўринларидан турардилар. Чунки ишга вақтида боришлари керак эди.

— Янга, Теша ака Сизга бағишлаб ҳам шеър ёзганми?
— Бор, кўп эди. Биласизми нима, шоир акангиз сўнгги пайтларда мана бу шеърни ўзларича хиргойи қилиб юрардилар:

Куним тундир, дилим хундир,
Дарак бўлмай жавобингдан,
Ё ўрташ завқи авломи,
Бу шайдои кавобингдан?

Ҳолимдан гулларим йиғлар,
Куйиб, булбулларим йиғлар.
Бу-ку мен, Tоғ чўкиб кетгай,
Раво кўрган азобингдан…

Рўзиой янга шоир билан фарзандларининг сўнгги кунини шундай эслайди:
— Якшанба куни эди. Ўғлим Бунёд, қизим Юлдуз чўмилишга борамиз деб туриб олишди. Ҳаво иссиқ, дим эди. Бунёдим уч ярим ёшда, Юлдуз қизим ўн икки ярим ёшда эди. Қизиқ ҳол: дадасининг пешоналари реза-реза терлаган эди. Аввал ҳеч қачон бундай ҳолда кўрмаганман… Шунда Зиёдулла «бормайман, телеминиатюра кўраман», деб уйга кириб кетди. Худонинг қудрати билан Гулюзнинг кўзларидан дувиллаб ёш келаверди. Қайнонам учинтириб келай деб уни учоқ томонга олиб кетди. Шу икки сабаб билан иккови чўмилишдан қолди… Юлдуз қизим шеърлар ёзарди. Кимдир газетада чиқараман деб олиб кетган, кимлиги эсимда йўқ.

…Мен шоирнинг аёлидан бошқа гап сўрамадим. Қолган гаплар эса… бошдан оёқ ғам-қайғу эди, ҳасрат ва фироқ эди… Рўзиой опа ўттиз уч ёшида бева қолди. Бугун янга олтмиш олти ёшга киради. Ортда эса… ўттиз уч йиллик ҳижрон, айрилиқ, андуҳ ва ғам йўли тўшалиб ётибди.

Рўзиой опа шоирдан атиги олти ёш кичик эди. Агар шоир тирик бўлганида бу йил етмиш икки ёшга кирарди. Агар тирик бўлганида… Эсингизда бўлса, шоирнинг «Барҳаётлик» деган шеъри бор эди. Унда тасвирланишича, Тўполон сой бўйида ўсган улкан арчани бир куни катта сел — тўфон олиб кетади. Ҳаёт шу билан тугайдими? Йўқ. Шу арчадан бир новда қолган эди. Ана шу новда бир куни қояни ёриб чиқади. Шоирдан бир неча китоблар қолди. Назаримизда, ана шу шеърлар «қояни ёриб чиққан» новдалар бўлади. Бу шеърлар барчамизга бир таскин-тасалли бўлади.

* * *

Теша Сайдалиев иссиқ юртнинг шоири эди. Унинг «Термизданман» сарлавҳали шеъри ёдингиздами? Унда шундай сатрлар бор:

 — Термизданман, дўстим… О, эшитганман,
Тухум пишар эмиш ёз иссиғида.
Темирчилар баъзан кечиб оловдан,
Ишлашармиш қуёш тиғида…

Одамнинг дилига яқкин сатрлар. Ҳa-да, Теша Сайдалиев шу иссиқ юртнинг, қалби тафтли одамлар яшайдиган ўлканинг, кўҳна Термизнинг алп юракли шоири эди. Бир хокисор, оқибатли фарзанд шу қадар бу юртни, унинг одамларини севарди. Ана шу севгиси авж нуқтага кўтарилган бир паллада уни тўфон олиб кетди… Ажал тўфони… Мухлислар, шогирдлар, юртдошлар йиғлаб қолдилар. Чунки, олдинда бир самимий дўстсиз, меҳри дарё, зукко шоирсиз кечадиган йиллар, оғир айрилиқ ястаниб ётарди…

Теша Сайдалиев кимга нафас қилган бўлса, у кам бўлган эмас. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим Теша Сайдалиевга бағишланган бир шеърида устознинг «ҳали катта шоир бўласиз», деб нафас қилганини ёзганди… Нафас кетди, Усмон Азим катта шоир бўлди, Бугун ўзбек адабиётида у ёки бу даражада ўринга эга бўлган, эътибор топган Эркин Аъзам, Муҳаммад Раҳмон, Нодир Норматовлар ҳақида ҳам шу каби фикрларни айтиш мумкин. Улар ҳам устознинг яхши тилакларидан, ўгитларидан баҳраманд бўлган эдилар.

* * *

…1973 йилнинг 24 июлида собиқ «Ленин байроғи» (ҳозирги «Сурхон тонги») газетасида шоир Теша Сайдалиевнинг фожеали вафоти муносабати билан некролог-таъзия берилади. 1973 йилнинг июли, якшанба кунида шоирнинг фоний дунёдаги ҳаётига якун бўлди. Сурхондарё бир қалқиб тушди. Бир самимий шоир унинг пешонасига сиғмади…

…Адиб Собир Термизийни бир туҳмат, маломат сабабидан, Хоразмшоҳ Отсиз Амударёга чўктирган эди. Орадан қанча замонлар ўтиб, қисматнинг бир аччиқ ҳазили сабабидан Теша Сайдалиев бир ўғил, бир қизи билан сувга чўкди. Жануб ўлкасининг икки шоирини сув олиб кетди. Лекин икки шоирнинг ёзганларини-да, мухлислар ўқишмоқда. Битилган нарса сувга чўкмас экан…

Бу дунёда шоирдан нима қолади? Қолса сўз қолади, бошқа ҳеч нарса. Раҳматли Теша Сайдалиевдан ҳам сўз қолди. Ва бир неча қоракўз қолди. Ва яна иссиқ юртнинг оташнафас шоиридан эл ичида бир ҳовуч хотира қолди…

012Шоир Теша Сайдалиев ёш қаламкашлар даврасида

Usmon AZIM
TESHA AKA SAYDALIEV XOTIRASIGA
08

Go’yo hanuz tirikday
Siz, yana bolaligim…
To’rtta havaskor bola
Termulamiz sizga jim.

Ko’zoynakdan boqadi
Ko’zlaringiz mehribon:
«Sizlar qanot yozsangiz —
Qo’shiq bo’ladi Surxon!

Hali mo’rtsiz. Payt kelar
To’lin oyday to’lasiz.
Ishoninglar, hammangiz
Katta shoir bo’lasiz».

Kunlar… Yillar o’tdilar,
She’riyat — dilda bayroq,
Sevgi… sevgi ham keldi,
Qalbga kirdi bir titroq.

Kecha to’pni she’r qilgan
Maktab talabalari
Kuylab ketishdi birdan
Sevgi g’alabalarin.

Rangi bo’zday muallimlar
Yoqasini ushlashar.
Oshiq shoirlar bo’lsa,
Muhabbat deb mushtlashar.

Direktor xonasida
Tik turgach ikki-uch bor,
Sizga xatlar yozamiz,
To’lib-toshib isyonkor:

«Nega? Ayting-chi, nega?
Sevishimiz chindan, rost!
O’qing she’rlarimizni,
Unda haqiqat, xolos».

Bizning sodda gaplarga
Ichingizdan kulasiz:
«Yozavering… Yozinglar,
Katta shoir bo’lasiz!»

Keyin shahar… Dabdaba…
Yurak ham lol, til ham lol.
Biz baribir yozamiz
G’ijinishib telbahol.

Tunov tog’larga boqib,
Qalbda uyg’ongan hayrat,
Qo’shqavat binolarning
Qarshisida lol, karaxt.

«Katta shoir bo’lasiz!»—
Bu dalda, aziz kalom,
Tayanch bo’ldi dilimizga,
Ba’zan yagona ilhom.

…Keyin… keyin yig’ladik
Yig’ilishib to’rtovlon,
Sizni tashlab ketgandi
Hayot otlig’ bu karvon.

Daryolarda qayiqday,
Oqib ketdi bir shoir,
Olamga to’ymay, to’ymay,
Boqib ketdi bir shoir.

…Ko’chalarda kezaman
Dilda tuyg’ular mayda,
Avvalgiday she’rni deb,
Jangga kirmoqlik qayda?

Tortinaman bahslardan,
Hayqirish bo’lgan abas.
Chunki yaxshi bilaman,
Hamma ham sizdek emas…

…Agar shoir bo’lmasam,
(Bu balki bir bahona)
Bariga yolg’iz sabab,
Yo’qligingiz dunyoda.

Mehribon boqishingiz,
Bo’lganimda bag’ri xun…
«Katta shoir bo’lasan!..»
Yetishmaydi men uchun.

Mahmud ABULFAYZ
AYRILIQDAN YIG’LAGAN GULLAR
yoxud taftida tuxum pishadigan yurtning shoiri
Tesha Saydaliev haqida xotiralar

08

Men termizlik shoir Tesha Saydalievni ko’rmaganman. Dovrug’ini eshitganman, xolos. G’afur G’ulomning nafasi tekkanligini bilaman. Vatan adabiyotining bilimdonlaridan biri, O’zbekistan Qaxramoni Ozod Sharafuddinovning nazariga tushganligidan xabarim bor.

Men… Tesha Saydalievni ko’rgan odamlarni, uni yaxshi bilgan, u bilan baqamti turib ishlagan odamlarni, shogirdlarini bilaman. Shoirning mushfiq ayoli Ro’zioy yangamizni, o’g’li Ziyodullani, qizi Gulyuzni, shoirning jiyanlarini, qarindosh-urug’larini bilaman. Ularni ham shoir tufayli tanidim, suhbatlashdim.

Bu yozayotganlarim esa parcha-quroq xotiralar, esdaliklarning hosilasidir.

Aytadilarki, Tesha Saydaliev bir o’g’il, bir qizi bilan kutilmaganda fojeali vafot etganida, Surxondaryo bir qalqib tushdi. Adabiyot ahlining, muxlislarning dili ko’p achishdi. Buning, fikri ojizimizcha, uch sababi bor edi. Birinchisi shuki, shoir hali navqiron yoshda va yuragiga o’t tushib, lopillab kelayotgan edi. She’riyatda katta va baland parvozlar kutilayotgandi. Ikkinchisi shuki, Surxondaryoda hali she’r yozib, kitob chop ettirib, el ichida shoir nomini olganlar balki yo’q edi, bo’lsa ham barmoq bilan sanarli darajada oz edi. Uchinchisi shuki, Tesha aka inson sifatida ko’pchilikka maqbul fe’l-atvor sohibi edi. Qirqqa kirmay vazmin tortgan, shavq-ehtiroslarini jilovlab, she’riyat tomon bura olgan va ko’ngli toza, yetimparvar, bolaparvar bir odam edi.

Tesha Saydaliev tiriklik chog’ida o’zining ikkita she’riy to’plamini ko’rishga muvaffaq bo’ldi. Bular «Tuhfa» (1961), «Surxon sadolari» (1966) edi. O’limidan so’ng esa «Ko’ngil gavhari» (1974), «Hayot ishqi» (1993) she’riy to’plamlari chop qilindi.

Tesha akani bag’ri daryo inson, samimiy shoir, ustoz edi deyishadi. Bugun Vatan adabiyotining to’rt shoxiga aylanib ulgurgan Usmon Azim, Muhammad Rahmon, Erkin A’zam, Nodir Normatlar ana shu vallomat odamning muruvvati, ustozligi va odamgarchiligidan bahramand bo’lishgan. Agar Tesha akadan gap so’rasangiz, bu odamlarning hali-hali yuraklari suv bo’ladi. Shogirdlar kamolini ko’rolmay, barvaqt dunyodan ketgan ustozni esga olib, ma’yus tortadilar.

…Surxon adabiy muhitining ikki shoirini suv olib ketdi. Birinchisi olis tarix qatida ro’y bergan. Adib Sobir Termiziyni bir fitna, tuhmat sababidan Xorazmshoh Otsiz Amudaryoga cho’ktirdi. Ikkinchi voqea esa Tesha Saydaliev bilan ro’y berdi. Bunisi endi… qismatning ishi bo’ldi. Taqdirda shu narsa bitilgan ekan.

* * *

Raxmatli Tesha Saydaliev qanday odam edi? Shoir bilan bir necha yil yonma-yon ishlagan, yaxshi bilgan inson, «Lenin bayrog’i» (hozirgi «Surxon tongi») viloyat gazetasida ko’p yillar muharrirlik qilgan Soatmurod Jo’raqulov shunday hikoya qiladi:
—Teshaboyni hech kim bilan taqqoslab bo’lmasdi. Birinchisi, beg’araz, g’oyatda to’g’riso’z, ko’ngli beg’ubor odam edi. Egrilikni bilmasdi. O’sha paytlarda bildirmay she’r mashq qilib yurish odatim ham bor edi. Men gazetada bosh muharrir, Teshaboy esa menga o’rinbosar. Bir she’r mashq qildim, o’zimga ma’qul tushganday bo’ldi. Teshaboyga berdim. O’qib ko’rdi-da, shunday dedi: «Soatmurod aka, ovora bo’lmang, Sizdan umuman shoir chiqmaydi!» Xushomad uchun yolg’ondakam birovni maqtash unga yot edi. Ko’ngliga kelgan to’g’ri gapni yuzing-ko’zing demasdan aytardi-qo’yardi.

1973 yilning 21 iyuli, shanba kuni edi, gazetaning muharriri va o’rinbosari bir to’yda oqshom pallasi so’nggi marta birga o’tirishadi. Soatmurod aka yana hikoya qilishda davom etadi:
— Termizdagi temiryo’l vokzali tarafda bir to’yga aytilgandik. Bu to’yga Samarqand viloyat gazetasi muharriri Hamroev ham kelgan ekan. Teshaboyni hech mahal shu oqshomdagidek bir boshqacha holatda ko’rmagan edim. To’yda u jo’shib she’r o’qidi, qo’shiq aytdi, so’ngra raqsga ham tushdi. Kechaning allamahalida to’y tamom bo’ldi. Qaytdik. Hozirgi ”O’zbekiston” kinoteatrining oldida xayrlashdik. «Teshaboy, ertaga yakshanba, hech yoqqa chiqmang, uyda bolalarning oldida dam oling, dushanba ertalab ishga kelasiz», dedim xayrlashayotib. -Bu mening Tesha Saydaliev bilan so’nggi diydorlashuvim va so’nggi xayrlashuvim ekanligini hali bilmasdim. Ertasiga esa ko’z ko’rib, quloq eshitmagan fojia yuz berdi…

Shoirning jiyani, katta opasining katta o’g’li Shokir Xo’jaev shunday hikoya qiladi: — Tesha tog’amni biz ulug’ va buyuk bir inson deb bilardik, hurmat qilardik. Har bir ishda u kishi bilan maslahatlashardik. U kishi fahm-farosatli, ilmli, zukko, ziyrak odam edi. Qanday chigal masala turilsa, darrov Tesha tog’amga yuzlanardik va jo’yali javob-yechim ham topardik. Tog’am sinchkov odam edi. Mabodo uylariga e’tiborli, bilimli mehmon kelsa, meni chaqirtirardi. Menga choy-non tashitmasdi. Balki shunday derdi: «Shokir, kelib o’tir, mana bu odamlarning gurungini eshitgin!» Tog’amning uyi esa turli tomonlardan keladigan ijodkor-mehmonlardan bo’shamasdi. Endi-endi o’ylasam, tog’am rahmatli o’ttiz to’qqiz yoshidayoq 60-70 yoshli odamning tajribasi, donishmandligini o’zida mujassam etib ulgurgan ekan. Fikrlashi boshqacha odam edi. Kimki u odamning huzuriga kelsa, gurungida bo’lsa, yengil tortib, chiroyi ochilib ketardi. Yengil tabiatlik, uchib-qo’naverish u kishining tabiatida yo’q edi. Yoshim oltmishdan oshayapti. Lekin to shungacha izlayman, qarayman, umid bilan suhbatlashaman, lekin Tesha tog’amdek fe’li keng, donishmand, yopyg’ chehrali odamni uchrata olmayman…

Shoirni yaxshi bilgan, ko’p yillar birga ishlagan shoir Xurram Maqsadqulov shunday eslaydi:
— Tesha yaxshi shoir va yaxshi tahrirchi edi. U sizu bizga o’xshab maqolalar yozmasdi. Ko’ngli toza odam edi, kechirimli edi. Qancha  og’irlik bo’lsa ko’tarardi.

Termizlik o’qituvchi, bir necha she’riy to’plamlar muallifi Manzura To’raeva ham Tesha akani o’ziga ustoz deb bilgan, u kishining muruvvatidan bahramand bo’lganlardan biri. Manzura opaning hikoyasini ham eshitaylik:
— Maktabda o’qirdim. Bir kuni mashqlarimni gazetaga olib bordim. Meni madaniyat bo’limiga olib kirishdi. To’rda bir odam o’tirgan ekan. Keyin bilsam, Tesha Saydaliev deganlari shu odam ekan. Meni xuddi o’zining qizini ko’rgandek iliq va mehribonlik bilan qarshi oldi. Mashqlarimni o’qib rosa maqtadi. Necha kunlar bu maqtovdan yorilar darajada uchib-qo’nib yurganlarim hamon esimda turibdi. Keyinchalik bilsam, o’sha mashqlarim she’r sifatida hech narsaga arzimas ekan. Lekin Tesha akaning daldasi, maqtovlari menga qanot bo’ldi. Garchand katta shoir bo’lmasam hamki, shu odam sababli adabiyotga kuchli muhabbat uyg’ondi, adabiyot, she’riyat umrim bo’yi menga suyanchiq bo’lib qoldi. Aytingchi, men qanday qilib ham Tesha akadek beg’araz, mehribon bir insonni unutay?..

* * *

Shoirning o’g’li, Termiz oziq-ovqat sanoati kolleji direktori Ziyodulla Saydaliev bolaligini, otasini shunday eslaydi:
— Dadam yolg’on gapirmasdilar va o’zlari ham yolg’on gapirganni yomon ko’rardilar. Hech qachon yolg’on gapirmanglar, deb doimo  eslatardilar. Yaxshi odatlari bor edi: kechalari yotish oldidan to’rtovimizni yig’ib ertak aytib berardilar. Bayramlarda she’r yodlatardilar.

Shoir Muhammad Rahmon bir necha yil biznikida yashadi. Mehr-oqibat shunchalik bo’lgan ekanki, men uning ota-onasi boshqa ekanligini keyinchalik bilganman. Toki voyaga yetgunimga qadar Muhammad akani o’z turishgan akam deb hisoblaganman. Chunki dadamning Muhammad akamga va bizga qiladigan muomalalarida hech bir tafovut yo’q edi. Uni xuddi o’z farzandlaridek ko’rardilar. Esimda: Muhammad aka meni yelkasida ko’tarib bog’chaga olib jo’nardi. Men esa sho’xlik qilib, uning quloqlaridan tortqilardim, holi-joniga qo’ymasdim, Muhammad akam mening tentakliklarimga parvo ham qilmasdan yuraverardi. Juda g’aroyib paytlar edi… Esiz…

* * *

Shoirning ayoli Ro’zioy yanga Tesha aka bilan kechgan yillarini shunday xotirlaydi:
— Men u kishi bilan o’n to’rt yil birga yashadim. U kishi tabiatan muloyim, beozor edilar. Uyda qattiq-qurum gaplar bo’lmasdi. O’shanda bolalarim sut ustiga tug’ilaverdi. Shunda xayolimga qaerdan keldi: u kishiga men ham biron yerda ishlasammikin, degan fikrni aytdim. Shunda u kishi shunaqa chiroyli tushuntirdilarki, juda katta joyda ishlayotgan ekanman-da, degan xayolga bordim. Negaki, meni maqtashga kelganda gapni juda topib, maromiga yetkazib aytardilar, rahmatli. Shunday paytlarda shoshib qolganimdan nima deyishni bilmay qolardim. U kishi bilan yashagan yillarim xuddi bir shirin ertak kabi o’tdi-ketdi…

— Tesha aka ish bilan band odam bo’lgan. Ham gazetada muharrir o’rinbosari ham esa O’zbekistan Yozuvchilar uyushmasining Surxondaryo viloyati bo’yicha mas’ul kotibi sifatida ishlab, ijodga qanday vaqt topardi?

— To’g’ri, u kishi ancha band odam edilar. Uyimiz mehmondan bo’shamasdi. Chor tarafdan shoirlar, yozuvchilar kelishardi. Tongotar gurunglar qilishardi, she’r o’qishardi, adabiyot haqida bahslashishardi. U kishining sharofati bilan uyimizda Erkin Vohidov, Shukur Xolmirzaev, Normurod Narzullaev, Muzayyana Alaviya, Zinoviy Ribak va yana boshqa men nomini bilgan-bilmagan ko’plab ijodkorlar bo’lishgan. U kishi asosan kechalari ijod qilardilar. Tong oqarib kelaverardi — u kishi uyquga yotardilar. So’ng esa qiynalib o’rinlaridan turardilar. Chunki ishga vaqtida borishlari kerak edi.

— Yanga, Tesha aka Sizga bag’ishlab ham she’r yozganmi?
— Bor, ko’p edi. Bilasizmi nima, shoir akangiz so’nggi paytlarda mana bu she’rni o’zlaricha xirgoyi qilib yurardilar:

Kunim tundir, dilim xundir,
Darak bo’lmay javobingdan,
YO o’rtash zavqi avlomi,
Bu shaydoi kavobingdan?

Holimdan gullarim yig’lar,
Kuyib, bulbullarim yig’lar.
Bu-ku men, Tog’ cho’kib ketgay,
Ravo ko’rgan azobingdan…

Ro’zioy yanga shoir bilan farzandlarining so’nggi kunini shunday eslaydi:
— Yakshanba kuni edi. O’g’lim Bunyod, qizim Yulduz cho’milishga boramiz deb turib olishdi. Havo issiq, dim edi. Bunyodim uch yarim yoshda, Yulduz qizim o’n ikki yarim yoshda edi. Qiziq hol: dadasining peshonalari reza-reza terlagan edi. Avval hech qachon bunday holda ko’rmaganman… Shunda Ziyodulla «bormayman, teleminiatyura ko’raman», deb uyga kirib ketdi. Xudoning qudrati bilan Gulyuzning ko’zlaridan duvillab yosh kelaverdi. Qaynonam uchintirib kelay deb uni uchoq tomonga olib ketdi. Shu ikki sabab bilan ikkovi cho’milishdan qoldi… Yulduz qizim she’rlar yozardi. Kimdir gazetada chiqaraman deb olib ketgan, kimligi esimda yo’q.

…Men shoirning ayolidan boshqa gap so’ramadim. Qolgan gaplar esa… boshdan oyoq g’am-qayg’u edi, hasrat va firoq edi… Ro’zioy opa o’ttiz uch yoshida beva qoldi. Bugun yanga oltmish olti yoshga kiradi. Ortda esa… o’ttiz uch yillik hijron, ayriliq, anduh va g’am yo’li to’shalib yotibdi.

Ro’zioy opa shoirdan atigi olti yosh kichik edi. Agar shoir tirik bo’lganida bu yil yetmish ikki yoshga kirardi. Agar tirik bo’lganida… Esingizda bo’lsa, shoirning «Barhayotlik» degan she’ri bor edi. Unda tasvirlanishicha, To’polon soy bo’yida o’sgan ulkan archani bir kuni katta sel — to’fon olib ketadi. Hayot shu bilan tugaydimi? Yo’q. Shu archadan bir novda qolgan edi. Ana shu novda bir kuni qoyani yorib chiqadi. Shoirdan bir necha kitoblar qoldi. Nazarimizda, ana shu she’rlar «qoyani yorib chiqqan» novdalar bo’ladi. Bu she’rlar barchamizga bir taskin-tasalli bo’ladi.

* * *

Tesha Saydaliev issiq yurtning shoiri edi. Uning «Termizdanman» sarlavhali she’ri yodingizdami?  Unda shunday satrlar bor:

Termizdanman, do’stim… O, eshitganman,
Tuxum pishar emish yoz issig’ida.
Temirchilar ba’zan kechib olovdan,
Ishlasharmish quyosh tig’ida…

Odamning diliga yaqkin satrlar. Ha-da, Tesha Saydaliev shu issiq yurtning, qalbi taftli odamlar  yashaydigan o’lkaning, ko’hna Termizning alp yurakli shoiri edi. Bir xokisor, oqibatli farzand shu qadar bu yurtni, uning odamlarini sevardi. Ana shu sevgisi avj nuqtaga ko’tarilgan bir pallada uni to’fon olib ketdi… Ajal to’foni… Muxlislar, shogirdlar, yurtdoshlar yig’lab qoldilar. Chunki, oldinda bir samimiy do’stsiz, mehri daryo, zukko shoirsiz kechadigan yillar, og’ir ayriliq yastanib yotardi…

Tesha Saydaliev kimga nafas qilgan bo’lsa, u kam bo’lgan emas. O’zbekiston xalq shoiri Usmon Azim Tesha Saydalievga bag’ishlangan bir she’rida ustozning «hali katta shoir bo’lasiz», deb nafas qilganini yozgandi… Nafas ketdi, Usmon Azim katta shoir bo’ldi, Bugun o’zbek adabiyotida u yoki bu darajada o’ringa ega bo’lgan, e’tibor topgan Erkin A’zam, Muhammad Rahmon, Nodir Normatovlar haqida ham shu kabi fikrlarni aytish mumkin. Ular ham ustozning yaxshi tilaklaridan, o’gitlaridan bahramand bo’lgan edilar.

* * *

…1973 yilning 24 iyulida sobiq «Lenin bayrog’i» (hozirgi «Surxon tongi») gazetasida shoir Tesha Saydalievning fojeali vafoti munosabati bilan nekrolog-ta’ziya beriladi. 1973 yilning iyuli, yakshanba kunida shoirning foniy dunyodagi hayotiga yakun bo’ldi. Surxondaryo bir qalqib tushdi. Bir samimiy shoir uning peshonasiga sig’madi…

…Adib Sobir Termiziyni bir tuhmat, malomat sababidan, Xorazmshoh Otsiz Amudaryoga cho’ktirgan edi. Oradan qancha zamonlar o’tib, qismatning bir achchiq hazili sababidan Tesha Saydaliev bir o’g’il, bir qizi bilan suvga cho’kdi. Janub o’lkasining ikki shoirini suv olib ketdi. Lekin ikki shoirning yozganlarini-da, muxlislar o’qishmoqda. Bitilgan narsa suvga cho’kmas ekan…

Bu dunyoda shoirdan nima qoladi? Qolsa so’z qoladi, boshqa hech narsa. Rahmatli Tesha Saydalievdan ham so’z qoldi. Va bir necha qorako’z qoldi. Va yana issiq yurtning otashnafas shoiridan el ichida bir hovuch xotira qoldi…

012

(Tashriflar: umumiy 161, bugungi 1)

Izoh qoldiring