Shukur Qurbon. Ustoz Erkin Vohidov yodi

01     Во дариғ! Эркин Воҳидовни ҳам бериб қўйдик… Лекин тақдирга тадбир йўқ, деган гап кимларга таскин бермаган. Яратган Эгамизнинг ҳукмига бўйинсунмасликнинг иложи йўқ. Фақат яна ҳам кўпроқ яшасалар эди, яхшиликлари, эзгу амалларидан элу юрт янада кўпроқ баҳраманд бўларди, ҳаётимизнинг баъзи ўринларида маънавият тақчил бўлиб турган ҳозирги пайтда бу жуда асқотарди, деб ўйлаймиз.

Шукур ҚУРБОН
УСТОЗ ЭРКИН ВОҲИДОВ ЁДИ
04

    Во дариғ! Эркин Воҳидовни ҳам бериб қўйдик… Лекин тақдирга тадбир йўқ, деган гап кимларга таскин бермаган. Яратган Эгамизнинг ҳукмига бўйинсунмасликнинг иложи йўқ. Фақат яна ҳам кўпроқ яшасалар эди, яхшиликлари, эзгу амалларидан элу юрт янада кўпроқ баҳраманд бўларди, ҳаётимизнинг баъзи ўринларида маънавият тақчил бўлиб турган ҳозирги пайтда бу жуда асқотарди, деб ўйлаймиз.

Ойнаи жаҳонда қандайдир бир элатнинг урф-одатлари, удумлари тўғрисида ҳикоя қилишганди. Улар расм-русумига кўра, умр бўйи халққа хизмат қилиб, маънили ҳаёт кечирган одамлар оламдан ўтганларида мотам эмас, байрам қилинар экан, ҳатто тобут олдида ёқимли мусиқа чалишиб, рақсга тушишиб, қабристонга маййитни хушнуд кузатиб боришаркан. Бизда – Фарғона водийсида ҳам кекса ёшлилар оламдан ўтишса, мотами эмас, тўйи экан дейишади. Бунга ўхшаган гапларни, назаримда, киши хаёлини чалғитиш учун ишлатади. Лекин…

Қани энди чалғиб бўлса… Устоз оламдан ўтганларидан бери Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўғри” ҳикоясидаги оғилхонанинг қулаган деворига ўхшаб ўпирилиб юрибман…

Кейинги йилларда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ишлаганим-у, Устознинг бу даргоҳга тез-тез иши тушиб тургани сабаб бўлиб, самимиятидан, меҳридан яхшигина баҳраманд бўлдим. Кутубхона нашриётида 2010 йили чоп этилган “Табассум” китобига муҳаррирлик қилиш менинг чекимга тушди. Муҳаррирлигим Миртемир домла тили билан айтганда, унинг Ойбек китобига қилган қоровуллигидай бўлди. Бироқ китоб тақдимотига бағишланган тадбирда Эркин ака буни анча юқори баҳоладилар.

Тадбирдан кейин мухлислар Устоздан эсдалик учун «Табассум» китобига дастхат ёздириб ола бошлади. Кўпчилик мухлислар қатори мен ҳам навбатга турдим. Навбат менга келганида Эркин ака «Муҳарриримга ҳам ёзиб берай энди, бошқалар шошмай туришсин» деб жилмайиб қўйдилар: «Азиз муҳарририм Шукуржонга алоҳида миннатдорлик ила…» ва… кейинроқ, 2014 йилда «SHARQ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти томонидан чоп этилган «Янги шеърлар» китобидан жой олган тўртлигини ёза бошладилар:

Шукур ҚУРБОНга

Шукур Қурбон бўлиш осонмас,
Яшамасанг шеър ғамини еб.
Ёш шоирлар куйлар басма-бас
«Қурбон ўлам» деб.

Машҳур имзолари «Э воҳ» ва сана қўйилди. Миннатдорчилик билдирдим. «Дастхатингиз билан еттинчи китобингизни олаяпман, Эркин ака» дедим. Устоз бир муддатдан сўнг иккинчи марта жилмайдилар-да, лутф қилдилар:

– Мендан бир йиғинда адабиёт мухлислари сўраб қолишди: «Эркин ака, бир яхши шогирдингиз бор экан, «Шукур Қурбон»ми, «Шукур Бурҳон»ми деган. Баъзилар уни катта санъаткор дейди, баъзилар Эркин Воҳидовнинг шогирди, дейишади. Қайси бири тўғри?» – деб. Мен жавоб қиламан: «Тўғри, Шукур Бурҳон деган жуда катта актёр ўтган, Мирзо Улуғбекларни, Шоҳ Эдип, Юсуф Ялангтўшларни ўйнаган. У чин маънода санъатимиз дарғаси. Лекин Шукур Қурбон ҳам бор, менинг шогирдим ва у адабиётдаги Шукур Бурҳондир» – дедим.

Устознинг ёзган-чизганларим тўғрисида илиқ гапларини кўп эшитганман, лекин бу даражадаги мақтовни, Худо ҳақи, кутмаган эдим. Бошим айланиб кетди «Эркин ака, менга бу қарз, мен узаман насиб этса бу қарзни, шеърларим ҳақида чет элларда ҳам маъруза ўқиганингизни айтгандингиз, мақолаларингизда номимни тилга олгансиз, раҳмат, лекин ёзганларимни бу даражада баланд баҳолайсиз, деб ўйламагандим.

– Ҳа, Шукуржон, – деди кимдир минғирлаб, – «қарз» деяпсиз, қарзларингиз жуда кўпайиб кетди. Биз ҳам кўп яхши гапларни айтганмиз ижодингиз ҳақида, ҳали узганингиз йўқ бирортасини.

Ногаҳонда бошимдан сув қуйгандек ҳолатга тушдим. Овоз эгаси менга яхши таниш ва инжиқ адабиётшунос олим бўлиб, кўп совуқ гаплар билан кўп йиллардан бери кўнглимни оғритиб келарди. Ижодим ҳақида ҳам бор-йўғи алоҳида хат бошидан бир ярим қатор гап ёзиб қўйган эди бир мақоласида: «Шукур Қурбон шеър ўқиганда худди ярадор шер наъра тортаётганга ўхшайди, лекин у шернинг қаеридан яраланганини билиб бўлмайди». Бошқа бирор оғиз гап йўқ. Шоир қайси шеърини ўқиганда? Нега ўқиганда? Ўзи ўқиб кўрмаганмикан? Шунақа фикр билдириш ҳам бўларкан-да – на бир мисол, на бошқа. Дилим хуфтон бўлиб, бир тўртлик ҳам қоралагандим:

– Шоирларнинг кучлиси нима бўлади?
– Талантли, иқтидорли, туғма бўлади.
– Танқидчининг кучлиси-чи, танқидчининг?
– Танланти кўпайса, бўғма бўлади.

Бу ҳақда Эркин акага айтмадим, лекин гап айланиб раҳматли устозим Озод Шарафиддиновга боғланди. Устоз у кишининг ҳаётда кўрсатган матонатлари ҳақида гапирдилар. Ўз навбатида, мен ҳам Озод ака хонадонида гувоҳи бўлганим бир воқеани ёдга олдим:

50 ёшга киришим муносабати билан нашриётлардан бири ниҳоят менинг ҳам сайланмамни чоп этишни режалаштирди. Китобим муҳаррири «унга бирорта адабиётшунос олим сўзбоши ёзиб берса, яхши бўларди», деган гапни айтишди. Озод Шарафиддиновдан ёздириб олишни ният қилдим. Лекин ниятим амалга ошмади. Гап шундаки, бу пайтда устоз катта уйларининг бир четига икки кишилик диван-каравот устига сандалга ўхшатиб хонтахта қўйиб ижод қилардилар. Стол чироғи, телефон, турли китоблар, қўлёзмалар тахлами – ҳаммаси шу хонтахтага жойлаштирилган бўлиб, нарироқда, дераза томонда телевизор ёқилган эди.

Устоз Ўзбекистон радиоси учун менга интервью бераётган эдилар. Кутилмаганда кўзларини чирт юмиб, оғриқнинг зўридан иҳраб юбордилар.

Нима дейишимни, домлага қандай ёрдам қилишимни билмай атрофга алангладим. Сал нарида келинойим Шарофат опа тургандилар. Яқин келиб домланинг елкаларини ушлаб меҳр билан уқаладилар. Менга паст овозда изоҳ берган бўлдилар:
– Индаманг, ҳозир ўтиб кетади. Тез-тез шунақа бўлиб турадилар.

Домла кўзларини очганларида, анча ҳолдан тойган, худди хасталик билан жанг қилгандек эдилар. Овоз ёзгичларимни аста-секин йиғиштира бошлаган эдим, домла рухсат бермадилар. Суҳбатни келган жойидан давом эттирдилар. Устознинг кейинги ёзган асарлари қанчалик машаққатлар эвазига дунёга келаётганини ана шундан кейин тасаввур қилдим. Ва сўзбоши ёздириш ниятидан қайтдим. Дарвоқе, бунинг устига, сайланмани нашр эттиришга ҳомий топилмади.

Атрофимдагиларни ҳайратга солиб, Эркин ака дедилар:
– Шукурбек, сайланмангиз тайёрми?
– Тайёр. Ҳатто нашриётимиз чиқарамиз, дегандай қилаяпти.
– Менга беринг, сўзбошини мен ёзиб бераман.

Хурсандлигимдан нима деганим, эсимда йўқ. Фақат бошқа бир устозимнинг «Шукурвой, ўзингиз ёзиб келинг, менинг номимдан. Мен қўл қўйиб бераман» дегани, бундан ҳафа бўлганим эсимга тушди. Негадир … йиғлагим келди.

Устоз сайланмамга ваъда қилган сўзбошини ёзиб бердилар. Мана ўша мен учун ардоқли битик:

«Биз, олтмишинчи йилларда адабиётга кириб келган авлод, ёшимиз қирққа етганда ҳам «ёш ёзувчи», «ёш шоир» деб аталганмиз. Сабаби ҳали биздан кейинги ижодкорлар авлоди ростмона бўй кўрсатмаган, адабиёт майдонини эгаллаб улгурмаган эди. Етмишинчи йилларга келиб янги бир тўлқин, янги бир истеъдодли авлод сафимизга қўшилди. Ўзбек назми ва насрига янги руҳ кириб келди. Бу авлод сафида пешқадамлардан бири Шукур Қурбон эди. Унинг ҳаяжон тўла юраги, айтган сўзи, ёзган шеъри, ҳар бир хатти-ҳаракатида аён бўлиб турарди. Шукурнинг илк шеърларини ўқиб кўнглимда туғилган яхши сўзларни ўша вақт матбуотда, анжуманларда айтганман. Қарангки, у замонлар ҳам қирқ йилча ортда қолибди.

Бугун энди Шукур Қурбон элга таниқли шоир, ўзи устоз бўлиб, ёш ижодкорларни тарбияламоқда, ижод майдонига йўллаб, илк китобларига «Оқ йўл»лар ёзмоқда.

Бугун мен Шукур Қурбоннинг сайланма шеърларини ўқиб, у босиб ўтган ижодий йўлни кўз олдимга келтириб турибман. Бу йўл ҳеч бир шоирда текис ва равон бўлмайди. Шукур каби ҳиссиёт шоирида ижодий изланиш йўллари машаққатли кечади. Ҳаёт бир ерда турмаганидек, ижодий услуб ҳам ўзгариб, янгиланиб боради. Мана, олтмиш ёш арафасида у анча тиниқлик касб этган:

Шоирлар каломи отилган ўқдир,
Нишонга тегарки, кўнгиллар тўқдир.
Ҳақиқатни айтиш нодонлик бўлса,
Нодонликдан айро шеърият йўқдир.

Шоир дўстимга ижодий умрузоқлик тилайман. Қалб ҳарорати кам бўлмасин.

Эркин Воҳидов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

Ёзувчиларниннг Дўрмондаги ижод уйи 2011 йилнинг баҳори”.

Устозлар сабоқлари ҳақидаги туркумдан Эркин Воҳидовга бағишланган китоб кутилмаган даражада осонлик билан қоғозга тушди. Уни устоз назардан ўтказиб бердилар ҳам. Маъқул жойларини ҳам айтиб хушнуд этдилар. Табиийки, китобнинг нишонасини кўтариб, ёш ёзувчи укам Жавлон Жовлиев билан бирга шу йил баҳорда Эркин ака хонадони қўнғироғи тугмасини босдик… Устоз хонадонига охирги маротаба суҳбатга бораётганимни туш билибманми, яна кўплаб марта ташриф буюрадигандай хотиржам қайтиб кетибман.

Эътиборингизгав ҳавола қилаётган бағишлов-шеър эса, ака оламдан ўтгандан бошлаб мени эзғилайди. Ниҳоят, уни ёзиб тугатгандай бўлдим. Эшитиб кўринг-чи, унда Эркин Воҳидов шахсияти ва ижодиётига алоқадор фазилатлардан нимадир бормикан?

 

САЛОМЛАШИШ АБАДИЯТ-ЛА

Устоз Эркин Воҳидов хотирасига

Қуллик замонининг эркин шоири
Нечта эди бизнинг Ватанда, айтинг.
Қамалмай, отилмай қолган қай бири?
Ҳисоб-китобини кўплар билмайди.

Эркин Воҳидов-чи, қайси саноқда?
Номин қандоқ эслар келажак замон.
Дарвоқе, мошинда бораркан, тоғда
Унга ҳам суиқасд қилинган пинҳон

Ва Худо ярлақаб ўқ хато кетган,
Мустабид замонга, демак у қарши
Ҳамда умрбоқий асарлар битган,
Пок, демак, қалб, иймон, дунёқараши.

Мумтоз шеъриятни давр бизлардан
Тортиб олиб, этмоқ бўлганида хор,
Тозалаб арузни ўгай сўзлардан,
Яшаттирди қадим санъатни такрор.

Ширин ёлғон туриб, қанчалаб аччиқ
Ҳақиқатни куйлаб яйради устоз.
“Ўзбегим” деб юксак нола чеккан чоқ
Улуғ бир мамлакат бўлди сарафроз.

Аллоҳ куч бермаса агар дастига,
Руҳлар имдодидан келмаса туйғу,
Манфур бир жамият башарасига
Фирқа дафтарини отармиди у?

Бу туғён эди бир, йўқ, исён эмас,
Исён ожизларнинг юмуши, ахир.
Шоир ва ожизлик бетма-бет келмас,
Истиқлол гадоси эди бу шоир.

Сўнгги нафасгача қолди у содиқ
Она халқи, она шеъриятига.
Жўш урди, айниқса, илҳомнинг оти,
Китоб бағишлагач тил қудратига.

Лекин нега Данте, Навоий мисол
Сўнгги юмушидай бажарди уни.
Она тилга “раҳмат” эдими бу ҳол,
Айтдими Аллоҳга шоир шукрини!

Бундай хайрлашиш адабиёт-ла
Ҳар кимга ҳам насиб этиши гумон!
Саломлашиш каби абадият-ла,
Бу “хайр” хотирдан ўчмас ҳеч қачон!

Юрагига келиб тегди барибир
Тоғда отилган ул – хато кетган ўқ.
Бўй-басти тоғ каби Қаҳрамон шоир,
Буюк инсон энди орамизда йўқ.

“Э воҳ” дея имзо чекарди, ҳайҳот!
Юрт ҳолин нақш этган асарларига.
Ётган жойи бўлсин энди тинч, обод,
Етсин асарлари кўп асрларга.

30.05 – 9.06. 16 йил

02

Shukur QURBON
USTOZ ERKIN VOHIDOV YODI
04

Vo darig’! Erkin Vohidovni ham berib qo’ydik… Lekin taqdirga tadbir yo’q, degan gap kimlarga taskin bermagan. Yaratgan Egamizning hukmiga bo’yinsunmaslikning iloji yo’q. Faqat yana ham ko’proq yashasalar edi, yaxshiliklari, ezgu amallaridan elu yurt yanada ko’proq bahramand bo’lardi, hayotimizning ba’zi o’rinlarida ma’naviyat taqchil bo’lib turgan hozirgi paytda bu juda asqotardi, deb o’ylaymiz.

Oynai jahonda qandaydir bir elatning urf-odatlari, udumlari to’g’risida hikoya qilishgandi. Ular rasm-rusumiga ko’ra, umr bo’yi xalqqa xizmat qilib, ma’nili hayot kechirgan odamlar olamdan o’tganlarida motam emas, bayram qilinar ekan, hatto tobut oldida yoqimli musiqa chalishib, raqsga tushishib, qabristonga mayyitni xushnud kuzatib borisharkan. Bizda – Farg’ona vodiysida ham keksa yoshlilar olamdan o’tishsa, motami emas, to’yi ekan deyishadi. Bunga o’xshagan gaplarni, nazarimda, kishi xayolini chalg’itish uchun ishlatadi. Lekin…

Qani endi chalg’ib bo’lsa… Ustoz olamdan o’tganlaridan beri Abdulla Qahhorning “O’g’ri” hikoyasidagi og’ilxonaning qulagan devoriga o’xshab o’pirilib yuribman…

Keyingi yillarda Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasida ishlaganim-u, Ustozning bu dargohga tez-tez ishi tushib turgani sabab bo’lib, samimiyatidan, mehridan yaxshigina bahramand bo’ldim. Kutubxona nashriyotida 2010 yili chop etilgan “Tabassum” kitobiga muharrirlik qilish mening chekimga tushdi. Muharrirligim Mirtemir domla tili bilan aytganda, uning Oybek kitobiga qilgan qorovulligiday bo’ldi. Biroq kitob taqdimotiga bag’ishlangan tadbirda Erkin aka buni ancha yuqori baholadilar.

Tadbirdan keyin muxlislar Ustozdan esdalik uchun «Tabassum» kitobiga dastxat yozdirib ola boshladi. Ko’pchilik muxlislar qatori men ham navbatga turdim. Navbat menga kelganida Erkin aka «Muharririmga ham yozib beray endi, boshqalar shoshmay turishsin» deb jilmayib qo’ydilar: «Aziz muharririm Shukurjonga alohida minnatdorlik ila…» va… keyinroq, 2014 yilda «SHARQ» nashriyot-matbaa aktsiyadorlik kompaniyasi Bosh tahririyati tomonidan chop etilgan «Yangi she’rlar» kitobidan joy olgan to’rtligini yoza boshladilar:

Shukur QURBONga

Shukur Qurbon bo’lish osonmas,
Yashamasang she’r g’amini yeb.
Yosh shoirlar kuylar basma-bas
«Qurbon o’lam» deb.

Mashhur imzolari «E voh» va sana qo’yildi. Minnatdorchilik bildirdim. «Dastxatingiz bilan yettinchi kitobingizni olayapman, Erkin aka» dedim. Ustoz bir muddatdan so’ng ikkinchi marta jilmaydilar-da, lutf qildilar:

– Mendan bir yig’inda adabiyot muxlislari so’rab qolishdi: «Erkin aka, bir yaxshi shogirdingiz bor ekan, «Shukur Qurbon»mi, «Shukur Burhon»mi degan. Ba’zilar uni katta san’atkor deydi, ba’zilar Erkin Vohidovning shogirdi, deyishadi. Qaysi biri to’g’ri?» – deb. Men javob qilaman: «To’g’ri, Shukur Burhon degan juda katta aktyor o’tgan, Mirzo Ulug’beklarni, Shoh Edip, Yusuf Yalangto’shlarni o’ynagan. U chin ma’noda san’atimiz darg’asi. Lekin Shukur Qurbon ham bor, mening shogirdim va u adabiyotdagi Shukur Burhondir» – dedim.

Ustozning yozgan-chizganlarim to’g’risida iliq gaplarini ko’p eshitganman, lekin bu darajadagi maqtovni, Xudo haqi, kutmagan edim. Boshim aylanib ketdi «Erkin aka, menga bu qarz, men uzaman nasib etsa bu qarzni, she’rlarim haqida chet ellarda ham ma’ruza o’qiganingizni aytgandingiz, maqolalaringizda nomimni tilga olgansiz, rahmat, lekin yozganlarimni bu darajada baland baholaysiz, deb o’ylamagandim.

– Ha, Shukurjon, – dedi kimdir ming’irlab, – «qarz» deyapsiz, qarzlaringiz juda ko’payib ketdi. Biz ham ko’p yaxshi gaplarni aytganmiz ijodingiz haqida, hali uzganingiz yo’q birortasini.

Nogahonda boshimdan suv quygandek holatga tushdim. Ovoz egasi menga yaxshi tanish va injiq adabiyotshunos olim bo’lib, ko’p sovuq gaplar bilan ko’p yillardan beri ko’nglimni og’ritib kelardi. Ijodim haqida ham bor-yo’g’i alohida xat boshidan bir yarim qator gap yozib qo’ygan edi bir maqolasida: «Shukur Qurbon she’r o’qiganda xuddi yarador sher na’ra tortayotganga o’xshaydi, lekin u sherning qaeridan yaralanganini bilib bo’lmaydi». Boshqa biror og’iz gap yo’q. Shoir qaysi she’rini o’qiganda? Nega o’qiganda? O’zi o’qib ko’rmaganmikan? Shunaqa fikr bildirish ham bo’larkan-da – na bir misol, na boshqa. Dilim xufton bo’lib, bir to’rtlik ham qoralagandim:

– Shoirlarning kuchlisi nima bo’ladi?
– Talantli, iqtidorli, tug’ma bo’ladi.
– Tanqidchining kuchlisi-chi, tanqidchining?
– Tanlanti ko’paysa, bo’g’ma bo’ladi.

Bu haqda Erkin akaga aytmadim, lekin gap aylanib rahmatli ustozim Ozod Sharafiddinovga bog’landi. Ustoz u kishining hayotda ko’rsatgan matonatlari haqida gapirdilar. O’z navbatida, men ham Ozod aka xonadonida guvohi bo’lganim bir voqeani yodga oldim:

50 yoshga kirishim munosabati bilan nashriyotlardan biri nihoyat mening ham saylanmamni chop etishni rejalashtirdi. Kitobim muharriri «unga birorta adabiyotshunos olim so’zboshi yozib bersa, yaxshi bo’lardi», degan gapni aytishdi. Ozod Sharafiddinovdan yozdirib olishni niyat qildim. Lekin niyatim amalga oshmadi. Gap shundaki, bu paytda ustoz katta uylarining bir chetiga ikki kishilik divan-karavot ustiga sandalga o’xshatib xontaxta qo’yib ijod qilardilar. Stol chirog’i, telefon, turli kitoblar, qo’lyozmalar taxlami – hammasi shu xontaxtaga joylashtirilgan bo’lib, nariroqda, deraza tomonda televizor yoqilgan edi.

Ustoz O’zbekiston radiosi uchun menga interv`yu berayotgan edilar. Kutilmaganda ko’zlarini chirt yumib, og’riqning zo’ridan ihrab yubordilar.

Nima deyishimni, domlaga qanday yordam qilishimni bilmay atrofga alangladim. Sal narida kelinoyim Sharofat opa turgandilar. Yaqin kelib domlaning yelkalarini ushlab mehr bilan uqaladilar. Menga past ovozda izoh bergan bo’ldilar:
– Indamang, hozir o’tib ketadi. Tez-tez shunaqa bo’lib turadilar.

Domla ko’zlarini ochganlarida, ancha holdan toygan, xuddi xastalik bilan jang qilgandek edilar. Ovoz yozgichlarimni asta-sekin yig’ishtira boshlagan edim, domla ruxsat bermadilar. Suhbatni kelgan joyidan davom ettirdilar. Ustozning keyingi yozgan asarlari qanchalik mashaqqatlar evaziga dunyoga kelayotganini ana shundan keyin tasavvur qildim. Va so’zboshi yozdirish niyatidan qaytdim. Darvoqe, buning ustiga, saylanmani nashr ettirishga homiy topilmadi.

Atrofimdagilarni hayratga solib, Erkin aka dedilar:
– Shukurbek, saylanmangiz tayyormi?
– Tayyor. Hatto nashriyotimiz chiqaramiz, deganday qilayapti.
– Menga bering, so’zboshini men yozib beraman.

Xursandligimdan nima deganim, esimda yo’q. Faqat boshqa bir ustozimning «Shukurvoy, o’zingiz yozib keling, mening nomimdan. Men qo’l qo’yib beraman» degani, bundan hafa bo’lganim esimga tushdi. Negadir … yig’lagim keldi.

Ustoz saylanmamga va’da qilgan so’zboshini yozib berdilar. Mana o’sha men uchun ardoqli bitik:

«Biz, oltmishinchi yillarda adabiyotga kirib kelgan avlod, yoshimiz qirqqa yetganda ham «yosh yozuvchi», «yosh shoir» deb atalganmiz. Sababi hali bizdan keyingi ijodkorlar avlodi rostmona bo’y ko’rsatmagan, adabiyot maydonini egallab ulgurmagan edi. Yetmishinchi yillarga kelib yangi bir to’lqin, yangi bir iste’dodli avlod safimizga qo’shildi. O’zbek nazmi va nasriga yangi ruh kirib keldi. Bu avlod safida peshqadamlardan biri Shukur Qurbon edi. Uning hayajon to’la yuragi, aytgan so’zi, yozgan she’ri, har bir xatti-harakatida ayon bo’lib turardi. Shukurning ilk she’rlarini o’qib ko’nglimda tug’ilgan yaxshi so’zlarni o’sha vaqt matbuotda, anjumanlarda aytganman. Qarangki, u zamonlar ham qirq yilcha ortda qolibdi.

Bugun endi Shukur Qurbon elga taniqli shoir, o’zi ustoz bo’lib, yosh ijodkorlarni tarbiyalamoqda, ijod maydoniga yo’llab, ilk kitoblariga «Oq yo’l»lar yozmoqda.

Bugun men Shukur Qurbonning saylanma she’rlarini o’qib, u bosib o’tgan ijodiy yo’lni ko’z oldimga keltirib turibman. Bu yo’l hech bir shoirda tekis va ravon bo’lmaydi. Shukur kabi hissiyot shoirida ijodiy izlanish yo’llari mashaqqatli kechadi. Hayot bir yerda turmaganidek, ijodiy uslub ham o’zgarib, yangilanib boradi. Mana, oltmish yosh arafasida u ancha tiniqlik kasb etgan:

Shoirlar kalomi otilgan o’qdir,
Nishonga tegarki, ko’ngillar to’qdir.
Haqiqatni aytish nodonlik bo’lsa,
Nodonlikdan ayro she’riyat yo’qdir.

Shoir do’stimga ijodiy umruzoqlik tilayman. Qalb harorati kam bo’lmasin.

Erkin Vohidov,
O’zbekiston Qahramoni, Xalq shoiri

Yozuvchilarninng Do’rmondagi ijod uyi 2011 yilning bahori”.

Ustozlar saboqlari haqidagi turkumdan Erkin Vohidovga bag’ishlangan kitob kutilmagan darajada osonlik bilan qog’ozga tushdi. Uni ustoz nazardan o’tkazib berdilar ham. Ma’qul joylarini ham aytib xushnud etdilar. Tabiiyki, kitobning nishonasini ko’tarib, yosh yozuvchi ukam Javlon Jovliev bilan birga shu yil bahorda Erkin aka xonadoni qo’ng’irog’i tugmasini bosdik… Ustoz xonadoniga oxirgi marotaba suhbatga borayotganimni tush bilibmanmi, yana ko’plab marta tashrif buyuradiganday xotirjam qaytib ketibman.

E’tiboringizgav havola qilayotgan bag’ishlov-she’r esa, aka olamdan o’tgandan boshlab meni ezg’ilaydi. Nihoyat, uni yozib tugatganday bo’ldim. Eshitib ko’ring-chi, unda Erkin Vohidov shaxsiyati va ijodiyotiga aloqador fazilatlardan nimadir bormikan?

SALOMLASHISH ABADIYAT-LA

Ustoz Erkin Vohidov xotirasiga

Qullik zamonining erkin shoiri
Nechta edi bizning Vatanda, ayting.
Qamalmay, otilmay qolgan qay biri?
Hisob-kitobini ko’plar bilmaydi.

Erkin Vohidov-chi, qaysi sanoqda?
Nomin qandoq eslar kelajak zamon.
Darvoqe, moshinda borarkan, tog’da
Unga ham suiqasd qilingan pinhon

Va Xudo yarlaqab o’q xato ketgan,
Mustabid zamonga, demak u qarshi
Hamda umrboqiy asarlar bitgan,
Pok, demak, qalb, iymon, dunyoqarashi.

Mumtoz she’riyatni davr bizlardan
Tortib olib, etmoq bo’lganida xor,
Tozalab aruzni o’gay so’zlardan,
Yashattirdi qadim san’atni takror.

Shirin yolg’on turib, qanchalab achchiq
Haqiqatni kuylab yayradi ustoz.
“O’zbegim” deb yuksak nola chekkan choq
Ulug’ bir mamlakat bo’ldi sarafroz.

Alloh kuch bermasa agar dastiga,
Ruhlar imdodidan kelmasa tuyg’u,
Manfur bir jamiyat basharasiga
Firqa daftarini otarmidi u?

Bu tug’yon edi bir, yo’q, isyon emas,
Isyon ojizlarning yumushi, axir.
Shoir va ojizlik betma-bet kelmas,
Istiqlol gadosi edi bu shoir.

So’nggi nafasgacha qoldi u sodiq
Ona xalqi, ona she’riyatiga.
Jo’sh urdi, ayniqsa, ilhomning oti,
Kitob bag’ishlagach til qudratiga.

Lekin nega Dante, Navoiy misol
So’nggi yumushiday bajardi uni.
Ona tilga “rahmat” edimi bu hol,
Aytdimi Allohga shoir shukrini!

Bunday xayrlashish adabiyot-la
Har kimga ham nasib etishi gumon!
Salomlashish kabi abadiyat-la,
Bu “xayr” xotirdan o’chmas hech qachon!

Yuragiga kelib tegdi baribir
Tog’da otilgan ul – xato ketgan o’q.
Bo’y-basti tog’ kabi Qahramon shoir,
Buyuk inson endi oramizda yo’q.

“E voh” deya imzo chekardi, hayhot!
Yurt holin naqsh etgan asarlariga.
Yotgan joyi bo’lsin endi tinch, obod,
Yetsin asarlari ko’p asrlarga.

30.05 – 9.06. 16 yil

02

(Tashriflar: umumiy 1 305, bugungi 1)

Izoh qoldiring