ShukurXolmirzayev haqida uch xotira.

091

Ишонсангиз, эрталабгача мижжа қоққанимиз йўқ. Ўшанда мен ёзувчи асарларининг пойдевори катта ҳаёт эканлигини ҳис қилдим. У киши бир воқеани гапираркан, замирида бошқа гап мавжудлигини айтмай-айтарди. Ёки бирор кишининг ҳаёт тарзини биргина жумла билан ифодалаб ўтарди. Муносабатида, шу гапни мен айтаяпман, деган урғу йўқ эди.

055
ШУКУР  ХОЛМИРЗАЕВ  ҲАҚИДА  УЧ  ХОТИРА

08

Холмуҳаммад Карим
ШУКУР  АКАНИНГ  ТЎНИ  ЁХУД  МЕҲРНИНГ ТАФТИ
020

Баҳор. Кунлар исиб кетган. Дўрмондаги дала-ҳовлилардан бирида Шавкат Алланазаров билан бирга турардик. У «Туркистон» газетасида, мен эса «Ёзувчи»да ишлаймиз. Эрталаб ёмғир ёғиб ўтган эмасми, боғнинг ҳавоси янада сўлим. Шовқин-сурондан ҳоли жойда фикр тиниқлашади, ижодкорнинг ёзганлари ҳам баракали бўлади. Бу гўша бежиз ёзувчилар боғи учун танланмаган-да.
Дам олиш куни чошгоҳда ўзаро суҳбатлашиб ўтиргандик, барқ уриб ўсиб ётган майсаларни оралаб, Шукур ака келиб қолди.
— Ҳа, қўнғиримнинг (қўнғирот демоқчи) болалари. Қани, эрталабдан қандай машварат?
Дарҳол устозга пешвоз чиқдик. Қисқагина салом-аликдан кейин:
— Хўш, қўнғирларим, тезда кийиниб мен билан юринглар, — деди. — Сизларга ўзим бир сурхонча палов қилиб берай. Ҳавонинг зўрлигини қаранглар…
Биз дарҳол устозга ҳамроҳ бўлдик.
— Э, қўнғирларим, бу ҳаракатларинг менинг завқимни оширди. Эркак дегани шундай бўпти-да. Ҳа деганда, шартта отланса. Шаштинг қайтмайди.
Шукур аканинг боғини ҳақиқий ижодкор гўшаси десанг арзийди: турли-туман гуллар ёмғирдан сўнг янада тароватли бўлган. Гўё шиғил мевали дарахтлар эндигина чўмилгану танасидан мисоли дурлар томчилаяпти. Бир қарич очиқ ер кўрмайсиз. Ҳамма томонда батартиб экилган дарахтлар, ҳафсала билан парваришланган гуллардан дил яйрайди. Беғубор табиат қўйнида ўчоққа ўтин қалаб таом пишириш янада завқли. Қоғоз халтадаги ошбоп масаллиқлар Шукур аканинг эндигина бозордан келганини айтиб турибди. Демак, устоз саҳар мардонлаб бозорга тушган, ёмғирга ҳам парво қилмаган. Тонгда ёзиб битказган асари ўзига жуда маъқул бўлган кўринади.

Бундай дейишимнинг боиси, адибимизнинг шундай одатлари бор: бирор асарни ёзиб тугатгандан кейин, бир муддат ўтиб, қайта ўқиб чиқаркан. Ўша пайтдаги кайфиятига ёқмаса — тамом, дарҳол йиртиб ташлайди. Бундай ҳолатлар кўп бор такрорланган. «Айримларини Сайёра қизим асраб қолган», дея кулиб қўярди устоз. Афсуски, бу жараёнга аралашишга ҳаддимиз сиғмасди. Устознинг ўткир нигоҳлари бизнинг журъатимиздан кучлироқ эди. Бироқ не-не қораламалар нобуд бўлганлига табиий. Начора…
Негадир устоз ҳовлисига газ ўтказилмаганди. Бир гал, шу тўрт қулоч қувур баҳона биз газсиз қолдик, деганди. Дарвозадан киришда икки хонали уй. Ҳовлининг адоғида эса қамишдан қурилган уйча. Унга туташ яна чоғроқ қамиш чайла бўлиб, ёнида ўчоқлар… Ўчоқ билан чайланинг ўртасидан ариқ ўтган. Унинг бўйида махсус қаров талаб қиладиган тропик гуллар яшнаб турибди. Йўлак бўйлаб райҳон экилган. Бир-бирига аралашган гуллар ҳиди тоғ ҳавосини эслатарди. Тоғ ҳавосининг баҳор ёмғиридан кейинги ҳолатини бир тасаввур қилиб кўринг-а…
Зўр кайфиятда ўчоққа ўт қалаб, ошга уннадик. Бизларга ўтин келтиришдан бошқа ишга рухсат бўлмади. Ўзи меъёрига етказиб ўтин қалаб, олов ёқди. Чайланинг тагидаги тахта танчада биз жой созлаб, дастурхон тузатдик. Ҳар гал меҳмонга борсак, овқатни Шукур аканинг ўзи пиширарди.
Устоз ҳамма қатори тирикчилик қилса-да, бироқ бойлардан сахийроқ эди. Кўнгил одами эди-да. Тафаккури, қалби бой, назари тўқ эди. Борига қаноат қиларди. Худди қуш янглиғ кун кечирарди. Бугунга борми, етади, эртанинг ташвишини қилмасди. Аммо ёзиш учун вақтини жуда қизғанарди. Вақт учун хасис эди. Биз билан ҳам машинкани тиқирлатишдан бўшаган пайтлари суҳбатлашарди. Ишга шўнғиган дамларда бориб қолсак, папиросини тутатиб, сукут сакларди. Ғайритабиий нигохларида: «Эҳ, укаларим, менга озор беряпсизлар. Ахир, мен кўнгил билан сирлашаяпман-ку. Холи қўйинглар», деган маъно акс этарди. Фаросатимиз етиб устознинг ҳолатини англаб қолсак, бирор баҳона билан ортга қайтардик…
Бошқа пайтлари гурунг асносида дарҳол таомга уннаб кетарди. Бироқ жуда кам таомланарди. Кў-ўп, деярли узлуксиз чекаверарди. Фақат боғдаги ишларга машғул бўлса, чекишни унутарди. «Эй, қўнғирларим, боғни бир саришта қилайлик», деб ишга тушиб кетарди. Биз ҳам ёрдамга киришардик. Ана шундай пайтлари адабиёту абадиятдан, жаҳон адабиётидаги машҳур асарлардан очилиб гурунглашарди. Бошқа кезларда жуда камгап эди.
Гоҳо, кўнгли тусаб қолса, келиб бироз гурунглашиб ҳам кетардилар. Табиийки, биз устоз ҳузурида кам гапирардик. Ўзи гап сўраган дамларда ийманиброқ қисқа жавоб қайтарардик. Устоз улуғ киши эди, сўзларини тинглаб завқланардик. Ўйлаб қарасам, ўша дамлар ҳаётимнинг энг мазмунли онлари экан. Ахир, замонавий ўзбек адабиётининг машҳур намояндаларидан бири билан ҳамсуҳбат бўлардик-да…
«Ўн саккизга кирмаган ким бор» китобини қўлида тутиб узоқ қишлоқда қўй боқиб юрган, ҳали мўйлаби сабза урмаган ўспирин, бир кун келиб унинг муаллифи билан ҳамсуҳбат бўлиши кимнинг хаёлига келибди. Ўша китобни ёзган адиб Бойсунда туғилганини билганимдан кейин оромим йўқолганичи?! Бизнинг уй Элбаёндан Бойсунга бориладиган катта йўл четида бўлгани боис, Шукур Холмирзаев ўтиб қолармикин, деган ўйда ғизиллаб ўтиб турган катта-катта машиналарни кузатардим. Назаримда шундай китобларни ёзган одамлар бизнинг қишлоқ одамларидан катта ва чиройли бўлиши керакдай эди. Машиналари ҳам улкан бўлса керак, деган болаларча тасаввуримиз бўлган. Тақдирнинг марҳаматини қарангки, ўша эртаксифат ўйларим ҳақиқатга айланди. Мен севимли, улуғ адибимиз билан ҳамсуҳбат бўлдим…
Шукур ака ўзини бизга бир тенгдошдай тутиб гурунглашарди. Суҳбатларимизнинг кўпида Шавкат учовимиз бўлардик. Шавкат киришимли йигит. Унинг гапларидан устознинг завқи келарди. Шукур акага қўшни қишлоқда туғилиб ўсган эмасми, устознинг танишларидан кўпини яхши билар, шахсан танир ҳам эди. Шавкат ёш бўлса-да, кўп ўқиган, мулоҳазали йигит. Ўзи зиёли одамнинг фарзанди. Шукур ака ҳам уни жуда яхши кўрарди. «Бу йигит бироз маҳмадона-ю, бироқ арбоблик хусусияти зўр», дерди.
Бир куни устознинг ёнларига борсак, қизи Сайёра фарзандлари билан келган экан. Коса-товоқ, чойнак-пиёла ярақлаб кетган, ҳовли супуриб-сидирилган, ҳаммаёқ саришта. Шукур ака боғда неваралари билан машғул, кайфияти чоғ эди. Неваралари келса, жуда яйраб кетар, «Шукур бобосини кўргани келган ширинтойларим», деб улар билан ёш боладай ўйноқлар, боғ айланарди. Бир-икки бор ўғиллари келганда ҳам бирга ўтирганмиз. Нимагадир, фарзандларидан Сайёрага Шукур аканинг меҳри ўзгача эди. Сайёра ҳақида гапираётиб, яйраб кетарди. Ростакамига Сайёра бу ҳовлига қувонч олиб келарди. Албатта, ҳар келганида ҳовли ҳам ораста бўлиб қоларди.
Қиз фарзанднинг меҳри бўлакча бўладими? Ҳар қалай, шу болам мени эъзозлайди, — дерди кулиб.
Бир куни эшикка ўрнатилган жимжимадор сариқ ушлагични кўрсатиб: «Дадамнинг эшигини ушлагичи йўқ, деб бир қимматбаҳо тутқич олиб келибди. Қўявер дея, боғда неваралар билан юрсам, ўзи ўрнатиб қўйибди. Буни қара-я. Гўёки қизим бу дунёнинг тутқичини менинг эшигамга ўрнатгандай қувониб кетдим…»
Устоз, бирор марта бўлса-да, изтироблари ҳақида гапирмаган. Аммо армонлари, бутун борлиғини эгаллаган азоблари юзида яққол намоён эди. Гурунглашиб ўтирган пайтларимизда «нозик ва буюк» туйғулар ҳақида гапирар экан, хаёлга берилиб жим қоларди. Шундай лаҳзаларда улуғ адибнинг армонлари янада юзида равшанроқ акс этарди. Гўё борлиғини унутган Мажнун кўз олдимда намоён бўларди. Гоҳо, бармоқларини сигарет куйдираётганини сезмай қолар, адоқсиз хаёлга чўмарди. Шундай пайтларда устозга ҳадик беришдан ўзимни тиярдим. Ўз ҳолига келгач, менга жилмайиб қарарди-да, сен яхши йигитсан, деб қўярди…
Баъзан биз ёш авлодга ҳавас қилишини айтиб қоларди. Шундай дамлардан бирида: «Нақадар бахтли авлодсизлар. Шарқни, ўзимизнинг мумтоз адабиётни пухта ўрганинг-лар, — дерди. — Улар жуда буюк асарлар, фақат ўқиб олиш керак. Динимизни ўрган, бу буюклик дини, унга амал қил. Ҳа, амал, бунда катта бир ҳикмат бор. Амалсиз — бу буюк маънавий чўққиларни забт этиб, завқланолмайсан. Афсуски, биз улкан маънавий меросимиздан айро тушдик. Ўз маънавий мулкимизнинг салобатини кўриб, англаб… Фурсат бой берилган. Бу жуда оғир…»
Ҳа, устознинг ўйчан қиёфасида ўзидек салобатли — улкан ўкинч намоён эди…
Куз кунларининг бирида устознинг уйида суҳбатга берилиб кетиб, вақт ярим тундан ошибди. Қунишибгина ташқарига чиқдим.
— Тўхта қўнғирим, мана бу тўнни кийиб ол. Бу сенга. Шукур акангдан совға, олавер, — деди.
Самимий нигохларига тикилиб туриб бутун вужудим титраб кетди. Ҳали тўннинг оҳори тўкилмаганди. Мен ичимда жуда хурсанд бўлиб кетган бўлсам-да, тўнни олишим жоизми, ножоизми, деган ўйда саросимада қолдим. Бу ҳолатимни кўрган устоз дарров танбеҳ берди. Тўнни кияр эканман, такрорланмас бир ҳароратни ҳис этдим. Гўё устоз менга адабиёт тўнини кийгизганди. Ўзи айтганидек, буюк меҳрни ҳис қилиб, совуқдан эмас, меҳр тафтидан титрардим. Ахир, кимсан, Шукур Холмирзаев ўзининг янги тўнини ҳадя қилиб турган бўлса-я?! Боғ-ҳовлидан чиққанимда, гарчи атроф зим-зиё тун бўлса-да, мен учун у чароғон эди. Янаям яшнаб, гўзаллашиб кетганди. Аммо буни сезмасдим. Мен устоз меҳри оғушида эдим…

2006

 

Илҳом Аҳрор
ДИЙДОР МАКТАБИ
020

Гоҳ иш юзасидан, баъзида суҳбатига интилганим туфайли халқимизнинг улуғ ёзувчиси Шукур Холмирзаев билан бир неча бор учрашганман. Ҳар сафар кўзлари, сўзларида виждони уйғоқ бўлган инсон дийдорига эришганимда нима учун туғилганим, она қишлоғимни ташлаб нега шаҳарда юрганлигим ҳақида ўйлаб қолардим. Ижоддан завқланиш истаги Шукур ака ва Шукур ака сингари устозларга бўлган ҳавасдан туғилмаганмиди? Асарларини ўқиб уларга нисбатан уйғонган меҳрим яқиндан танишиш бахтига муяссар бўлганимдан кейин янада чуқурлашди. Эътиқодли ёзувчиларнинг асарларини бир ўқиб завқлансангиз, суҳбатлашиб ўн бор ҳайратланасиз. Уларнинг гурунги ёзганларидан кўра янада чуқур. Илҳом, қоғоз ва қалам тиллашиши учун қулай имкон туғилиши керак. Асарлар ҳар хил шароитда ёзилади ва турли қисматда нашр этилади. Гурунгда эса суҳбатдошдан бошқа муҳаррир йўқ. Айниқса, у маслакдош бўлса кўнглингни бемалол бўшата оласан. Фикрлари таҳрирсиз кўнгилларга етиб боради.
Мен Шукур Холмирзаев билан у кишининг таъбири билан айтганда «мусиқа билан туғилган» режиссёр Раҳмат Жумаев орқали танишганман. Радиопастановка устаси Раҳмат Жумаев ҳақида «Дунёни англамоқ истайман» номли икки қисмли радиофильм тайёрлашим муносабати билан Шукур акага учрашдим. Режиссёр билан кўп ҳамкорлик қилганлиги учун ўз муносабатини билдиришини сўрадим. Ёзувчи, жон деб рози бўлди. Аммо бир оз вақт сўради. Иш деярли якунланган, фақат Шукур аканинг вақт ажратишини кутиб юрдим. Орада икки-уч бор қўнғироқ қилдим.
–– Илҳомжон, бу одам ҳақида қулфи-дилимни очганлигингиз учун раҳмат, — деди бир сафар ёзувчи. — Гапларим шу қадар кўп зканки, Раҳматжон ҳақида яхшигина эссе ёздим. Ҳатто «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига бердим. Чақирсангиз, уни радиода ҳам ўқиб бераман. Ўша куниёқ Шукур акани чақириб, асарни бошдан-охир ўқитиб олдим. Олдин радиода фойдаланишимиз учун қанча ҳаракат қилмай, эссе газетада босилиб чиқди. Чунки, ёзувчининг бирор асари чоп этилишини кутиб узоқ ётмасди. Бу жараёндан хабари бўлмаган баъзи ҳамкасбларим, Шукур аканинг Раҳмат ака ҳақида зўр эссеси чиқибди, эшиттиришингизда у кишини ҳам чақиринг, дея масҳалат беришарди. Газетада чоп этилган, чексиз ҳиссиёт билан ёзилган эссе эшиттиришда асос вазифасини ўтади. Адибнинг ўзига хос, мунг тўла овози барчани мафтун этди. Радиофильм Ўзбекистон радиоси хазинасидан ўрин олган. Бугунгача эшиттирилади. Ҳар сафар тинглаганимда эссе фақат Раҳмат ака ҳақида эмаслигига, турли юртдошларимизнинг аҳволи, характерини очиб берганлигига амин бўламан.
Шу-шу Шукур ака билан Раҳмат ака қаерда суҳбатлашишса, мени ҳам чақирадиган бўлишди. Бир гал суҳбатнинг давоми сифатида уларни уйга таклиф қилдим. Ўғлимнинг туғилган куни эканлигини, уйда бир қадар тайёргарлик борлигини айтганимда, Шукур ака эътироз билдирмадилар. Эшикдан кириб келар эканмиз, фарзандларим меҳмонларга пешвоз чиқиб, бирма-бир кўришишаркан, Шукур ака яйраб кетди. Шу лаҳзада у ўз акамдай бўлиб қолди. Кўзлари болаларча жавдираб, икки қўли билан савол аломати ҳосил қилганча менга юзланди:
— Бешта фарзандингиз борми? Сиз ўзи неча ёшдасиз?
Ие, буларни қандай боқаяпсиз?
Ёзувчининг ўшандаги ҳаяжонини сўз билан ифодалаб бўлмайди.
Ишонсангиз, эрталабгача мижжа қоққанимиз йўқ. Ўшанда мен ёзувчи асарларининг пойдевори катта ҳаёт эканлигини ҳис қилдим. У киши бир воқеани гапираркан, замирида бошқа гап мавжудлигини айтмай-айтарди. Ёки бирор кишининг ҳаёт тарзини биргина жумла билан ифодалаб ўтарди. Муносабатида, шу гапни мен айтаяпман, деган урғу йўқ эди. Ўша суҳбатда атоқли шоир Абдулла Ориповнинг юксак ижодий салоҳияти ҳақида ҳам гап бўлди:
— Мен ҳам бир вақтлар шеърлар ёзардим, — деди Шукур ака бир ўринда, — лекин Абдуллажоннинг шеърларини ўқиганимдан кейин мендан шоир чиқмаслигинп англаганман. Ишонинглар, бунақа шоирлар дунёда кам. Шукур ака ҳақиқат йўлида ўзини ҳам аямаслигини кўп устозлар ва дўстларимиз эътироф этишган. Шу маънода бирор ижодкордан зарра арази бўлса ошкор қилмай қолмасди.
Улуғларнинг бир-бирларини маънан боғлаб турадиган ришта бор. Улар ҳар қандай шароитда ҳам тиллаша оладилар. Ҳаётда турли йўллардан юришса-да, аслида бир-бирларидан хабардор.
Лозим ўринларда ҳимояга ҳам тайёр туришади.
Зинҳор улуғ бир ёзувчи билан уйимда суҳбатлашганим учун ўзимни кўрсатмоқчи эмасман. Эрталаб уйдан чиқарканмиз, адибнинг бошка бир ҳолатидан таъсирландим. У киши катта ўғлимни чақириб, ёнига ўтқазди… Баланд овозда бир гапни такрорлашини сўради: «Мен туркийларнинг ворисиман, деб айт!». Ўғлим ҳаяжон билан айтди. «Энг тўғри йўл ота йўли, деб айт». Ўғлим такрорлади. Бу гаплар ўн икки ёшли бола учун бир умрлик сабоқ эканлигини тасаввур қиласиз-ку! Умидвор ота учун, улғая бошлаган фарзандлар учун бундан ортиқ яхшилик борми? Эсласам, кўзларимга ёш келади.
Ўзбекистон телевидениесида «Мухлис ёхуд қўшиқ изидан» номли кўрсатувда таниқли ижодкорларни жалб этардик. Навбатдаги сонларнинг бирида Шукур акани таклиф этдим. Келишувимиз бўйича Дўрмондаги боғларида учрашдик. Саволларни бериб, кўрсатув талабларини айтдим.
– Кўрсатувингизга кўзим тушганди, — кўнглим учун айтди шекилли, — тасвирга олиш кунини айтсангиз бўлди. Ҳозир эса бир иш қилинг. Ана у бухоролик акангизни чақириб келинг, Иброҳимни… Уйини биласизми? Шу йигит жуда бамаъни-да! Бир суҳбатлашайлик…
Ҳали айтдим. Шукур ака учун бировни таърифлаш ёки ёмонлашга кўп гапнинг кераги йўқ. Иброҳим акага ихлосим баландлигидан икки сўз санъаткорининг суҳбатига гувоҳ бўлишимдан қувондим…
Тасвирга олиш куни ниҳоятда ибратли бўлди. Суҳбатимиз шундай бошланди:
— Шукур ака, таниқли инсонларнинг мусиқа санъатига муносабати томошабинларни ҳамиша қизиқтиради. Мен ҳам ёқимли хиргойи қилишингизга гувоҳ бўлганман.
— Саволларингизга ўтишдан олдин, болалигида мумтоз мусикани севган, улғайгач эса ундан тамомила безган, болалар уйида тарбияланган бир дўстим ҳақидаги ҳикояни гапириб берсам…
Адиб ҳикоясини тугатаркан, «ана энди, марҳамат, саволларингизни беринг», дедилар.
— Бўлди, — дедим ҳаяжонланиб.
— Тушунмадим?! — ажабланди ёзувчи.
— Мен барча саволларимга жавоб олиб бўлдим!
Шукур ака болаларча севиниб кетди.
— Суҳбатга чиройли якун бўлди.
Дарҳақиқат, ёзувчига бошқа савол беришнинг ҳожати қолмаганди. У ҳаётий мисоллар орқали мумтоз мусиқага ҳам, бугунги эстрада санъатининг ютуқ ва камчиликларига ҳам ўз муносабатини билдириб ўтган эди. Шунинг учун ҳам кутилмаган хулосадан завқланиб кетди. Кўрсатув бир неча бор намойиш этилди. Адиб ҳаётлигида суҳбат матни «Халқ сўзи» газетасида ҳам чоп этилди.
Шукур аканинг вафотларидан кейин Олим Тошбоев адиб асарларининг учинчи жилди нашр этилаётганлиги, бу ишга қизлари бош бўлаётганлигини айтди. Шундай иқтидор эгасининг асарлари жуда кўплигидан, у киши билан суҳбатим борлигини айтишга журъат топмадим. Эртасига Олимжон ёзувчининг турли мулоқотлари жамланган папкани кўтариб хонага кираркан, жилмайиб қўйди. «Халқ сўзи» газетасидан қирқиб олинган, оққоғозга эҳтиёткорлик билан елимланган «Мусиқангдан айрилма экан…» номли мақолани кўрсатди.
Ўз ҳаётини олий мақсади йўлида тўғри режалаштирган, ҳар нарсадан моҳият ахтаришга одатланган, таъмасиз камтарликда ўзига хос ғурур мужассам, йўлчи юлдузи эътиқод бўлган Шукур Холмирзаев — босиб ўтган йўлига ҳам, келажакка ҳам ёруғ юз билан қарай олди. Унинг учун эътиборсиз қарашга маҳкум ҳеч нарса йўқ эди!

2008

Хидир Чоршанбиев
ТУҒДОНАГА АЙЛАНГАН УМР
020

    Устоз Шукур Холмирзаевнинг таваллуд куни арафаси. Унинг устозу шогирдлари, мухлислари тўпландик. Мақсад — устозни хотирлаш, руҳини шод қилиш. Қаерда ўтказамиз? Биримиз туғилган хонадонида десак, бошқамиз ўқиган мактабида дедик. Бойсун Чорчинори тагида дегувчилар ҳам бўлди. Ахири Шукур аканинг табиат қўйнида бўлишни яхши кўриши асос бўлиб, тадбирни устоз ҳар сафар келганида суҳбат қургич арча тагидаги Кийиккўз булоғида ўтказдик…

Зовбошидаги Қоплондара. Тоғ кийиги кўзларини эслатувчи Кийиккўз булоғи. Булоқ суви тиниқ ва ширин. Суви нишабликка оқса-да, ерни ювиб кетмаган. Булоқ бошида катта арча. Арча тагида устоз Шукур ака бошчилигида қурилган супа…
Хотира суҳбатида ҳамма устознинг ибратли хислатлари ҳақида гапирди. Устоз ҳеч қачон бировнинг ишига, лавозим — мартаба эгаллашига аралашмаган. Ўзи-да каттароқ мансабни кўзламаган. Дилида бор гапни мартаба, бойлигидан қатъи назар юзига айтган. Суҳбат давомида устознинг хушомадни билмаган инсонлиги такрор-такрор эсланди. У киши, доно, билимли, яхши ҳунари бор одам хушомадни билмайди, лавозимга қизиқмайди, дегич эди.

* * *

Бойсун тоғлари орасида янги ташкил бўлган давлат хўжалигида ишлар эдим. Устоз шу хўжаликда меҳмон бўлганларида яқиндан танишганман. Мен ўйлагандек башанг кийинмаган, лекин кийимлари қоматига жуда ярашган, димоғдор шаҳарлик эмас, Бойсун қўнғиротчасида сўзлашадиган одлий инсон… Олдинроқ яқиндан танишмаганимдан суҳбат давомида афсусланганман.
Шукур ака ўша пайтлари хўжаликда бўлиб «Йўловчи» романини оққа кўчира бошлаган эди. Гумматак сой бўйидаги дала ҳовлида танҳо туриб ёзардилар. Ҳатто яқинлари билан ҳам бир кунда бир марта, фақат кечқурун суҳбатлашишга рухсат бериларди. Таомларни ҳам ўзлари тайёрлагич эди.
Бир куни суҳбат орасида «Хидир, ёзганларингни кўрсатмайсанми?» деб қолдилар. Ўша кезлари «Отлар», «Қушлар», «Кийиклар» лавҳаларини ёзиб юрган эдим. Эртаси куни қўлда ёзган қораламаларимни кўрсатдим. «Қушлар» туркум лавҳалардаги «Она меҳри» лавҳасини ўқиб чиқиб, «Хидиржон, тўғри йўл топибсан, лавозиминг вақтинча, кўпроқ ёзавер, аммо партияни қўшма. Партия вақтинча, ўтиб кетади, ишонма», дедилар. Мени мисоли электр токи урди. Наҳотки, шундай катта ёзувчи партияга ишонмайди, деб ўйладим. Лекин шундан сўнг устозни кўпроқ эшитадиган бўлдим. Қадриятлар, ўтмиш, тил ҳақида жуда кўп нарса билмаслигимни англадим.
Бир куни «Хидирбой, ойнанайин, кийиклар, бургутлар, тоғ мўмиёси ҳақида ёзибсан. Жойлашган жойларини аниқ ёзмагин», дедилар. Мен ҳайрон бўлдим. Бу ўгитлар мағзини кейинроқ тушундим.
Устознинг «Хидирбой, ойнанайин сендан. Ёзаётганда ўзимизнинг қадимий атамаларимизни ўзгартирмай ёз», деган гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди. Мана, ёввойи чўчқа дейишарди. Боболар суҳбатида у қора кийик, эркагини — тўнғиз қобони, урғочиси — тўнғиз мегажини, янги туғилган боласини — чурпа дейилса, қўйлар ҳақида «қўй, совлиқ, тусоқ, шишак, чори, панжи, монғи», дейишарди. Эчкилар ҳақида бўлса, эчки, така, сарка, чибич, кўсам сарка, монғи сарка, шанғи сарка ва ҳоказо шунга ўхшаш қадимий атамаларни мисол келтирган эди.
Адиб «Тоғларга қор тушди» эссесини ёзиб, собиқ «Қўрғонча» давлат хўжалиги ҳақидаги тарихий воқеани абадийлаштирди. Эсседа менинг ёзган лавҳаларим ва ўзим ҳақимда фикрлар айтган бўлсалар, «Қуёш-ку, фалакда кезиб юрибди» эссесида Мисир образида ҳам каминанинг фаолияти ҳақида ёзади.

* * *

Устознинг олтмиш йиллик юбилейи шодиёнасига туман номидан катнашиш менга насиб қилганди. Шунда мен Шукур Холмирзаев ҳақида бир ўхшатиш айтган эдим. Бойсунда Омонхона деган жой бор. Унинг мўъжизакор хусусиятларини қаламда элимизнинг ардоқли шоири Абдулла Орипов, мўйқаламда эса Рўзи Чориев тасвирламаса, бу менинг қўлимдан келадиган иш эмас. Шу муқаддас булоқ бошида катта тошкамар бор. Тошкамар усти қора яхлит тошдан иборат. Уни замонавий пармалагич теша оладими — йўқ, билмадим. Лекин шу қора тошни тешиб бир туп мўъжизали туғдона дарахти ўсади. Туғдона дарахти ёз иссиқ келадими, қиш жуда совуқ келадими, ҳар баҳорда гуллайди, мева беради. Мен Шукур ака ҳаёти ва ижодини шу мўъжизали туғдона дарахтига ўхшатаман.
Ҳозиргидек эсимда. Устоз охирги сафар Бойсунга келганларида мени излаган экан. Қариндошлари ҳам йиғилишган эди. Қучоқ очиб саломлашдик.
— Ойнанайин, Хидирбой. Энамнинг қабрини атайлаб зиёрат қилгани келдим. Яна келоламанми — келолмайманми билмайман, — деб қолдилар.
— Э, қўйинг, бунақа гапларни, ҳали жуда кўп келасиз. Тоққа чиқамиз. Қоплондарадаги гулхан ёққан камарингизни кўрамиз. Бугунги келишингизга бошқа сабаблари борга ўхшайди-ку, — дедим.
— Ҳа. Бошқа сабаб ҳам бор! Менинг ижодий фаолиятимни кино қилишга ҳукумат пул ажратибди. Хурсанд бўлганимдан киночиларни ҳам олиб келавердим. Ёзган эсселаримни жамлаб китоб қилиш ниятим ҳам бор. Буни биласиз, — деди.
Устоз расмга тушишни кўп ҳам хуш кўрмасди. Шу куни қариндошлар даврасида, устозлару шогирдлари, мухлислари билан кўп-кўп расмга тушди. Ҳазрат Султон Валий мақбарасини зиёрат қилди. Муқаддас Омонхона булоғи, катта қоратошли камар ва устида ўсган мўъжизали туғдона дарахти ҳақида қизғин, ҳайратланарли суҳбат бўлди.
Бизнинг устоз билан сўнгги учрашувимиз кинотасмага муҳрланаётганлигини ўшанда билмаган эканман. Ҳар гал устознинг таваллуд куни арафасида шогирдлари йиғилишиб, Устоз билан кўпроқ суҳбат қилмаганимиздан, бу дунёнинг ғанимат эканлигидан қалбимда аллақандай оғриқли туйғулар кечади.
Устознинг фоний дунёни ташлаб кетганига мана бир неча йиллар бўлаяпти. Лекин ёзган асарлари билан бирга халқимиз хотирасида мангу яшайди.

2008

Мақолалар Сайёра Холмирзаева масъул муҳаррирлигида чоп этилган “Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида” (Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2010) тўпламида эълон қилинган.

(Tashriflar: umumiy 48, bugungi 1)

Izoh qoldiring