Sulaymon Rahmon. Cho’lponchi Cho’lpon yoxud pardalangan haqiqat.

012    Ай, нимасини айтай, жуда хоксор, жуда одми, жуда камсуқум эди-да ўзиям…Юз-кўзи кулиб турса-да, ич-ичида бир ўкинч, бир ҳасрат яшайди, сезаман. Лекин у юрагидаги ўксукликни ҳар хил майнавозчиликлар билан хаспўшлашга уринади. Артист-да, тўғри маънодаям артист. Театр ва рассомлик олийгоҳида ўқиган, кейин билдим, Машраб Бобоев билан сабоқдош. У билан жуда эски оғайни эдик («Оғайни» – Чўлпон Эргашнинг гапи). Янглишмасам, 1966 йили танишганмиз.

099
Сулаймон РАҲМОН
ЧЎЛПОНЧИ ЧЎЛПОН
ЁХУД ПАРДАЛАНГАН ҲАҚИҚАТ

08

    Доим хайрли ишлар қилиб юрадиган, куйди-пишди, жонкуяр, ҳожатбарор укам Набижон Боқий ҳовлиқиб қўнғироқ қилиб қолди.
– Ака, сизда Чўлпон Эргаш китоблари борми?
Сездимки, яна бир хайрли ишни бошлаган.
– Бор. Бўлиши керак, – дедим. «Ахир менда бўлмай, кимда бўлсин? деб кўнглимдан ўтказдим. Деярли ҳар бир китобига ўз қўли билан дастхат ёзиб берган ягона шоир оғам эди-ку Чўлпон Эргаш».
– Яхши, ака. Ҳозир бораман, – деди Набижон.
Санасак, Чўлпон Эргашнинг бешта китоби бор экан менда. Набижон ҳаммасини олди. Ошиғич кетиш тараддудига тушди.
– Қайга шошасиз бунча, ўтиринг, – деб гапга солмоқчи бўлдим. – Чўлпон Эргаш зўр миллиятчи шоир эди. Тириклигида қадр топмаган. Сиз нега эслаб қолдингиз унинг китобларини? Лекин ҳаммасида дастхати бор, йўқолиб кетмасин-а. Ёдгорлик.
– Э, ака, билмайсизми? Биродаримиз Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон зўр бир савобли ишга қўл урган. «Тирик сатрлар» туркумини очган. Ўтган ҳамма яхши шоирларнинг сайланмаларини чиқаряпти. Чўлпон аканинг сайланмасини чоп этиш фикриям ундан чиқди, – деди Набижон. – Ҳозир ташқарида мошинасида кутиб ўтирибди. Шошиб турибмиз. Зарур ишимиз бор. Хавотирланманг, уч-тўрт кунда қайтариб бераман ҳаммасини…
Набижон оёғи куйган товуқдай питиллаганча чиқиб кетди. Ҳаял ўтмай яна қўнғироқ қилди.
– Ака, шу китобга ўзингиз сўзбоши-хотирага ўхшаган бир нарса ёзиб бермайсизми? – деди. – Лекин тез керак. Бир ҳафта муддат етадими?
– Набижон, биласиз-ку, мен жуда секин ишлайман, – дедим. – Ваъда беролмайман-у, лекин ҳаракат қиламан.
– Таклиф Нуруллохондан чиқди, тезроқ керак деяпти-да, – деди. – Хўш, ака, нима дейсиз?
– Яхши. Ўйлаб кўраман, – деб ноилож кўндим.

Ваъдани-ку бериб қўйдим. Лекин нимани ёзаман? Дарвоқе, хайрли ишни бошлаб, Нуруллохон савобнинг тагида қолибди. Қўлдан келганча ҳиссамни қўшсам, зора савобнинг бир учи менга ҳам тегса…
Набижон кетгандан кейин жавонни титкиласам, Чўлпон Эргашнинг яна битта китоби – «Тонготар садолари» чиқиб қолди. Қадрдон дастхатга кўзим тушди: «Менинг биринчи тадқиқотчим, ҳақиқий шоир, яхши укам Сулаймон Раҳмонга чуқур таъзим билан, Чўлпон. 11.01.83».

098Хаёлим ўша замонларга оғди. Дарвоқе, унинг «Тонг юлдузи» деган китобчасига 1971 йили «Тошкент ҳақиқати»да менинг тақризим чиққан эди. Тақризнинг савияси «ўзимиз қатари» (Чўлпон Эргаш ибораси) бўлсаям, негадир боши осмонга етган. «Менинг биринчи тадқиқотчим» деганига сабаб шу. Кейин бирин-кетин кўп китоблари чиқди. Лекин бирор танқидчи бирортасига алоҳида тақриз ёзганини, ҳатто умумий мақолаларда ҳам номини тилга олганини эслай олмайман. Балки биров ёзгандир. Аммо кўзим тушмаган. Назаримда, адабий танқид деган гуруҳбоз нонхўр (тўғрироғи, нонкўр) негадир уни кўрмади ёки кўришни истамади, ёки кўриб туриб, ўзини атай кўрмасликка олди. Чамамда, бунинг ўзига яраша сабаби бор эди: Чўлпон Эргаш шеърлари ўта рамзий, мажозий бўлиб, бошдан-оёқ миллиятчилик ғояларини тарғиб қилади. Бунақа шеърларни тушуниб, маъносига етиб, авра-астарини ағдариб таҳлил қилиш учун, аввало фаҳм-фаросат, кейин миллий ғурур, қолаверса, отнинг калласидай юрак керак эди. Қисқаси, Чўлпон Эргаш шеърларининг мағзини чақиб, уларни халққа тарғиб қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермасди.

Уни қаранг, менда атиги олтита китоби бор экан. Бордию яна уч-тўрттасидан мен бехабар бўлсам, демак, Чўлпон Эргаш шунча йил яшаб, бор-йўғи беш-ўнта пиёз пўстидай китобча чиқарган экан-да? Воажаб деб ёқа ушламай иложим йўқ. Негаки, ҳозирги кунда баъзи ўқувчи қизлар беш-олтитадан китоб чиқариб қўйди. Улар олаётган орден, медалларни, давлат мукофотларини айтмай қўя қолай. Кўтар-кўтар бўлаётганларини-чи? Ана, сизга мустақиллик меваси! Ҳолбуки, Чўлпон Эргаш шунча китоб ёзиб, элим деб, юртим деб ёниб-куйиб яшаб, бировдан бир оғиз раҳмат эшитмай ўтиб кетди.

Ай, нимасини айтай, жуда хоксор, жуда одми, жуда камсуқум эди-да ўзиям. У билан жуда эски оғайни эдик («Оғайни» – Чўлпон Эргашнинг гапи). Янглишмасам, 1966 йили танишганмиз. У «Ленин учқуни»нинг (ўша газета ҳозир “Тонг юлдузи” бўлиб қолган)хатлар бўлимида ишларди. Аввалига шунчаки кўз таниш, юз таниш эдик. Мен «Гулхан»да техник муҳаррирман. Ойда бир марта «Гулхан»нинг қуйма қўрғошин устунларини саҳифаловчи ўрис опахон то саҳифалаб бўлгунча бир-икки кун вақтимни босмахонада ўтказаман, опахон ўзбекчани тушунмайди, шунинг учун матнларнинг макет бўйича тўғри жойлашган-жойлашмаганини назорат қилиб тураман. Ора-сирада Бирлашган нашриёт (ҳозирги «Шарқ») босмахонасининг истаган цехига кириб-чиқиб юраман. Бир куни чоп цехига кирсам, «Шарқ юлдузи»нинг янги сони босилаётган экан. Табоқ-табоқ босилиб, буклаб қўйилган, лекин ҳали кесилмаган, муқоваланмаган варақларда иттифоқо Чўлпон Эргаш номини кўриб қоламан. Бир туркум шеърлари устоз адибимиз Шуҳратнинг «Оқ йўл»и билан чиқаётган экан. «Ўзининг хабари бормикан? – деб ўйлайман. – Бир хурсанд қилсаммикан?»
Борсам, узун даҳлизнинг бир чеккасида тамаки тутатиб, у ёқдан бу ёққа юриб турган экан.
– Суюнчини чўзинг, – дейман дабдурустдан.
Кулиб, кўзларини пирпиратиб, ҳайрон бўлиб, сал нозланиб, қия қарайди менга. Қўйнимдан қоғозларни чиқариб узатаман. Бир менга, бир қоғозларга қараб:
– Бу нима? – дейди ҳайрат тўла катта-катта кўзлари билан кулиб.
– Шеърларингиз.
– «Шарқ юлдузи»ми? – дейди оғзи қулоғида бўлиб. – Қайдан олдингиз? Вой, уни қаранг! Раҳмат, оғайни!

Шу-шу у билан қалинлашиб кетамиз. Баъзан узун даҳлизда чекишадиган, суҳбатлашадиган, баъзан тушликка Маҳмуд мўйловнинг чойхонасига бирга тушадиган бўламиз. Сал кейинроқ мен ҳам «Ленин учқуни»га ишга ўтаман. Хуллас, гапимиз гапимизга қовушиб, фикримиз фикримизга тўғри келиб қолади.
Чўлпон Эргаш мендан ўн ёш катта. Феъл-атворидаги одмилик, самимийлик туфайли ёшимиздаги фарқ ҳам билинмай кетади.
– Мен асли Эркин Воҳидовга тенгқурман. Кеч бошлаганман-да. Бўлмаса, ҳозир ундан ҳам машҳур бўлиб кетар эдим, – деб ярим ҳазил, ярим чин қилиб мақтаниб қўяди гоҳо. – Сиз ҳали жуда ёшсиз. Менинг ёшимга етганингизда катта шоир бўп кетасиз. Ишанаверинг. Мен бўлсам, ўттиз ёшимда энди биринчи шеърим чиқиб, ёш шоир бўлиб ўтирибман.

Юз-кўзи кулиб турса-да, ич-ичида бир ўкинч, бир ҳасрат яшайди, сезаман. Лекин у юрагидаги ўксукликни ҳар хил майнавозчиликлар билан хаспўшлашга уринади. Артист-да, тўғри маънодаям артист. Театр ва рассомлик олийгоҳида ўқиган, кейин билдим, Машраб Бобоев билан сабоқдош. Ўша олийгоҳ яқинидаги Шпилковский кўчасида, бир ўрис кампирнинг кафтдай ҳовлисида, кичкинагина хароб ҳужрада ижара туради.
– Шуям инсофданми? – деб хафа бўлиб кетади баъзан. – Мен, ўзбек, Ўзбекистонда, ўз ватанимда ўрисга сиғинди бўлиб ўтирсам. Ўз уйимда-я!..

Кейинроқ, анча яқинлашиб, бир-биримизнинг сиру асроримизни, феълу атворимизни, маслагу мақсадимизни билиб, синашта бўлиб кетганимиздан сўнг гоҳ-гоҳ ўтмиш дафтарини варақлаб қолади. Бир қарасанг, жиддий, бир қарасанг, болафеъл, унча-мунча майнавозчиликка мойиллиги ҳам бор.
– Мен жинниман, жинниман, – деб майнавозчилик қилади кўпинча. – Жиннихонадаям ётганман. Ишанмайсизми?
– Йўқ, – дейман кулиб.
– Қулоғимдан шамол чиқарсам, ишанасизми?
– Қулоқдан ҳам шамол чиқадими? – дейман ҳайрон бўлиб.
– Кўзимдан шамол чиқарсам, ишанасизми? – дейди у яна.
– Э, қўйсангиз-чи шу жиннича гапларингизни, – дейман.
– Мана, қаранг, – дейди у. – Кафтингизни кўзимга яқин обкелинг. – Кейин ўпкасини тўлдириб нафас олади-да, кўзлари косасидан чиққундай бўлиб кучанади, кўзи ёшланиб, юзи қизариб кетади.
Кафтим сезади, ҳақиқатан ҳам кўзларидан шамол чиқади. Худди булбул нафасидай сезилар-сезилмас бир эпкин урилади кафтимга. Ҳатто кўзёшлари ҳам учиб тушгандай бўлади. Аниғини билмайман: ё жоду, ё сеҳр, ё чин.
– Жиннихонада ростдан ҳам ётганмисиз? – деб ижикилайман ишонқирамай. – Нега ётгансиз?
– Жинни бўлганман-да. Жинни бўлмасам, варақа ёзиб деворларга, симёғочларга, дарахтларга ёпиштириб юрармидим?!
– Нега варақа ёзасиз? Нима деб ёзгансиз?
– «Ҳой, оғалар! Бўшатиб қўйинглар Ўзбекистонни! Пишириб қўйибдими сизларга бу ерда?!» деб ёзардик. Кўпчилик эдик, бир гуруҳ эдик. Ўшандаям омадсиз эдим. Қўлга тушгани мен бўлдим. Миллатчисан дейишди. Артистлигим иш берди, ўзимни жинниликка солдим. Шерикларимни сотмадим. Мени жиннихонага тиқишди. Кунига бир ҳовуч-бир ҳовуч ҳабдори беради. Берган дориларини амал-тақал билан кўзини шамғалат қилиб, ичмайман. Йиғиб-йиғиб, ҳожатхонага ташлавораман. Лекин шарбатини ичаман. Маза қилиб ичаман.
– Қанақа шарбат? Жинниларга шарбат ҳам берарканми? – дейман ҳайрон бўлиб.
– Ҳа, бир коса-бир коса шакарни эритиб шарбат қилиб беради. Биласизми, нега? Қонни қуюлтириш учун. Қони қуюқ одам оғир-босиқ бўлади, жинниланмайди…

Чўлпон Эргаш кейинроқ жиннилар ҳаётидан бир достон қоралади. Тўққизинчи январ (ҳозирги Туроб Тўла) кўчаси билан Бешёғоч майдони туташган жойда, бурчакда йўғон-йўғон тўрт устунли эски ғиштин иморат бор. Оилали бўлгандан сўнг шу бинодан, тўртинчи қаватдан уй олди. Уйга ҳовлидан – Бешёғоч бозоридан кирилади. Деразаси худди ўша устунлар орасида бўлиб, ундан майдоннинг каттагина қисми, сал наридаги кўл, Алишер Навоий номидаги кинотеатр бемалол кўриниб туради. «Бизнинг уйимиз» шеъри ана шу уйда ёзилган:

Тўрт қаватли,
олди айвон
ғиштин бинода
тўртинчи қаватда турамиз.
Бирам ҳайбатли…
Деразамиз шундоққина
айвон остида,
кўча қошида…
Қучоқ етмас тўрт устун,
зил юк бошида
турар туну кун…
Биз ҳам тўрттамиз,
иккитамиз катта,
иккитамиз кичкина.
Баъзан катта кичикни – мен,
Баъзан кичик кичикни – у кўтариб,
Деразадан қараймиз,
уни-буни кўрсатиб, жавраймиз:
– Қара, би-биб, ана…
– Қара! Қара! Баҳ-баҳ!

Шу уйда менга ўша достони қораламасидан баъзи парчалар ўқиб бергани эсимда.
– Жиннилар ичида менга ўхшаган соппа-соғлари ҳам кўп эди, – деб эслайди баъзан ўқишдан тўхтаб. – Билсам, ҳукумат менга ўхшаб, «сиёсий-миллий касалга» чалинганларни кўпинча ўша ерда «даволар» экан. Агар қамаса, бу «касалнинг» қамоқхонадагиларга ҳам юқиб кетишидан қўрқади шекилли-да…

Чўлпон Эргаш ўттиз ёшида Насиба исмли бир қизни Мажнунчасига яхши кўриб қолади…
Ўша пайтлари «Ленин учқуни»да Мурод Хидир бошқарган адабий тўгаракка қатнашувчиларнинг тўқсон фоизи қизлар эди. Ҳозирда таниқли Эркин Усмон, Умида Абдуазимова, Рустам Обид ҳам шу тўгаракдан чиққан. Унга узоқ Қўйлиқдан Насиба ҳам қатнайди. Чўлпон Эргаш шу қизга ошиқ. Қиз қорамағиз бўлгани учун унга «Қора қиз» деб от қўйиб олган, деярли ҳар куни шу қизга бағишлаб шеърлар битади. Мендан сир яширмайди. Қизни ижара хонасига ялиниб-ёлвориб олиб борганию… ва ҳоказоларни оқизмай-томизмай гапириб беради. Хуллас, узоқ ошиқ-маъшуқликдан кейин иш жиддий тус олиб, унга уйланади. Тўй Қўйлиқда, қизнинг ҳовлисида бўлади. Лекин ичкуёвлик кўп чўзилмайди. Келин-куёв чилласи чиқмаёқ Қоратош маҳалласидан ижара уй олиб, кўчиб ўтади.

Гўзал кунларнинг бирида Чўлпон Эргашни оғзи қулоғида кўраман.
– Ўғил кўрдим, – дейди у қувончини ичига сиғдиролмай. – Отини Абдулҳамид қўйдим. Абдулҳамид Чўлпон ўғли бўлади… Менинг давомчим…
– Умри билан берган бўлсин, – дейман. Қанақа давомчи деб сўрамайман. Тушунарли. Демоқчики, ўғлим ҳам менга ўхшаб миллатим, халқим дегувчи бўлади. Иншаоллоҳ!..
Шундан кейин унга мен ўзимча “Чўлпончи Чўлпон” деб тахаллус қўяман. Буни фақат иккимиз биламиз: у ва мен.
Баъзан у болаларча хаёлпарстликка берилиб кетади. Ўйлаб туриб гапиряптими, гапириб туриб ўйлаяптими, билиб бўлмайди:
– Сиз уйланиб, ўғил кўрсангиз-да, отини Чўлпон қўйсангиз, зўр бўлади-да! – дейди ҳаяжонланиб. – Чўлпон Сулаймон ўғли! Кейин менинг ўғлим билан сизнинг ўғлингиз оғайни бўлади!.. Сиз билан мен соқоли кўкрагига тушган чол бўламиз. Миллий инқилоб бошланади… Унинг бошида сиз билан менинг ўғлим туради… Йигитларидан бир-иккитаси қувиб келаётган ўрис миршаблардан қочиб, менинг ҳовлимга кириб қолади… Мен уларни яшираман…
Киноларнинг таъсиримиди бу ё ўзи ўйлаб топганмиди, бир нарса дейишим қийин. Ҳар ҳолда, у миллий истиқлолни кўришни жуда-жуда орзу қиларди.

Уни қарангки, фаришта омин деган экан, кўрди. Шундай кунларга етди… Жангсиз, қонсиз… Соқоли кўкрагига тушмай… Аллоҳнинг ўзи инъом этди бу истиқлолни унга ва… ҳаммамизга!..
Ўша кунлари унинг қувонганини кўрсангиз! Худди лотереясига мошина ютган одамдай, ўзини қўярга жой тополмайди. Ундан бахтли киши йўқ бу оламда! Чиндан-да, у энг муқаддас орзусига етгандай, юрагини умр бўйи кемириб келган буюк армони ушалгандай бахтиёр эди.

Шу қувончли кунлар арафасида мен «Сирли олам» жаридасида ишлардим. Ҳар хил космогоник, илоҳий, мистик, фантастик шеърлар, ҳикоялар, қиссалар босардик. Бир куни Чўлпон Эргашни кўчада учратиб қоламан.
– Ҳув ўша жиннилар ҳақидаги достонингиз битганми? Бирор жойда чиққанми? – деб сўрайман.
– Битганига йигирма йилдан ошди, оғайни, лекин уни ким чиқаради? – дейди. – Яхши кунларнинг келишини кутиб ётибди.
– Келди-ку ўша яхши кунлар, – дейман. – Беринг менга. Мен чиқараман «Сирли олам»да.
Кулиб, киприкларини пирпиратиб, нозланиб, ғалати қия қарайди менга. Кўзларига ғилтиллаб ёш қалқади:
– Ростанми? – дейди ишонқирамай. – Чиқарасизми? Сиз барибир энг яхши оғайнимсиз-да. Мени доим қўллаб келгансиз. Яхши кўраман сизни.
– Обу ҳавони кўрмаяпсизми? – дейман ҳам табиатга, ҳам ижтимоий ҳаётга ишора қилиб. Ўша кунлари айни баҳор эди. – Дов-дарахтларнинг тили чиқиб қолди. Баҳорни соғинган қушлар чуғур-чуғурини бошлаб юборди. Тилимиз давлат тили мақомини олди. Мустақиллик декларацияси эълон қилинди. Сиз бир пайтлари ёзиб симёғочларга ёпиштириб юрган гаплар бугун матбуотда очиқ-ошкор баралла айтиляпти. Яқинда, Худо хоҳласа, чириб қолган мустамлака занжирлари бутунлай узилиб тушади…
– Илойим, айтганингиз келсин, иншаоллоҳ, – дейди юзига фотиҳа тортиб. – Шу кунларни кўрсатганига шукр.
Ўша достон – «Осмондан тушган одам» «Сирли олам»нинг 1991 йил, 5-6-сонларида чоп этилди…
Олтмишинчи йилларнинг охирларида Абдулла Орипов таъсирига тушмаган шоир кам эди. Чўлпон Эргашнинг ҳам илк китоби «Тонг юлдузи»даги «Ёруғ юлдуз», «Ёлғизман, ёлғизим», «Куз кечаси», «Марсия» каби шеърларида тақлид ҳиди сезилади.

Бир гал Ҳанифага эндигина уйланиб, келинни Чилонзордаги бир хонали уйига тушириб келган Абдулла Ориповникида Чўлпон Эргаш иккаламиз меҳмон бўламиз. Гурунглашиб, чақчақлашиб, улфатчилик қилиб ўтиравериб, ёшлик экан-да, вақт алламаҳал бўлиб қолса-да, кетишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз, ахир булар ёш келин-куёв-ку, деган андишага бормаймиз. Ҳангома қизиқ. Шеърхонлик қизиқ. Бир-биримиздан ажралгимиз келмайди. То тонготар ўтирамиз. Абдулла Орипов янги шеърларидан ўқийди. Шеърларидан бири фарғоналик машҳур қўрбоши Мадаминбекка бағишланган эди. Хотирам алдамаса, унда мана бундай сатрлар бор эди:

Қурама тоғида беш йил басма-бас
Қуроқ қўшин билан чопдингиз шитоб.
Ҳамон қисматингиз ўзгарган эмас,
Адашиб юрибсиз китобма-китоб.

Лекин бу шеър унинг бирор тўпламида чоп этилмади. У даврда босмачи тўғрисидаги шеърнинг чоп этилиши мумкин ҳам эмас эди. Хуллас, шу шеър баҳона, босмачилик, жадидчилик ва ўша замоннинг энг нозик масаласи – миллий масала тўғрисида гап очилиб кетади. Ўшанда билганман Чўлпон Эргашнинг кимлигини. Унинг юрагида қандай дардлар, қандай аламлар, қандай оташлар ётганини. Миллатимизга оид дадил фикрлари билан машҳур ўтмишдош адашига ихлоси астойдил баландлигини, унга ҳақиқий издош эканини кўрсатган. Шу жиҳатдан унинг юраги билан менинг юрагим эш эди, ҳамдард эди. Биз бир-биримизни жуда яхши тушунар эдик.

Хизматимизни қилиб чарчаган ёш келинчак ошхонада ухлаб қолади. Ниҳоят, биз ҳам уйқуга ётамиз. Учаламиз каттакон бир кўрпа остига кирамиз. Лекин ухламаймиз. Чўлпон Эргаш ўртада. Суҳбатни қолган жойидан давом эттирамиз. Навбат яна шеърхонликка келади. Энди шеърни Чўлпон Эргаш ўқийди:

Куйлайман, қўлимда созим йўқ,
Қошимда сен қалам қошим йўқ,
Йўқдайман ўйласам ўзим ҳам,
Дунёда сен борсан яхшиям…
Қоронғу осмон бағрида
Ой сузар кўнглимдай яримта…

Шеър тугар-тугамас Абдулла Орипов ётган жойидан азза-базза туриб, кутилмаганда Чўлпон Эргашни кўрпага ўраб, кайф баҳона, ҳазил-ҳазил билан дўппослай кетади.
– Мана бу, – деб мушт туширади у кўрпа устидан, – мен ғажиб ташлаган суякни чайнаганинг учун! Мана бу мендан қолган нишхўрдни еганинг учун!..
Мушт гурс-гурс тушади. Чўлпон Эргаш кўрпа тагидан ҳингир-ҳингир кулади:
– Бўлди-бўлди, шоир, хўп, тавба қилдим, шунга шунчами-э? – дейди кўрпа остидан зўрға қутулиб чиқиб. – Ахир ўзингиз ҳам Пушкин билан Лермонтовдан қолган арақни ичиб, устидан Ғафур Ғуломнинг носвойини закуска қиласиз-ку, – деб яна тилини бермайди.
Абдулла Орипов уни кўрпа остига қайтариб босади, бошқатдан дўппослашга тушади…

Кейин билсам, Абдулла Ориповнинг «чайнаган суяги» билан «нишхўрди» Чўлпон Эргашнинг «Ой сузар кўнглимдай яримта»си экан. Яъни, Чўлпон Эргаш Ориповнинг «Баҳор»идаги «Қайдадир шоира куйлайди беҳол, бу кеча кўнглим ҳам ойдай яримта» сатрини деярли айнан қайтарган экан.
Кейинги китобларида у бундай «чайналган суяклардан», «нишхўрдлардан» батамом қутулди, ўзининг ҳеч кимникига ўхшамаган сўқмоғига тушиб олди.

Чўлпон Эргашнинг сўқмоғи гарчи мутлақо ўзига хос бўлса-да, у бир пайтлар Тавалло, Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон бошлаган йўлнинг давоми эди. Унинг бош дарди – миллат дарди эди. Миллат дарди қон-қонига сингиб кетганини, у ичимизда энг ашаддий ва собит миллиятчи эканини, ўз салафларини – йигирманчи йилларнинг миллиятчи шоир ва ёзувчиларини бениҳоя эъзозлашини билганим сари кундан-кун унга ихлосим ортади. Узуқ-юлуқ суҳбатларда, гап орасида Юсуф Сарёмий, Тавалло, Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Чўлпон, Фитрат, Мунавварқори номини тез-тез тилга олади. Айниқса, Чўлпонга меҳри бўлакча. У ўзини ана шу миллат жонкуярларининг садоқатли вориси деб билади.
Чиндан-да шундай эди.

Биламизки, жадидлар миллиятчиликни миллий мафкура даражасига кўтарган эдилар. Аммо шўролар тузуми, коммунистик сиёсат бундан ўтдан қўрққандай қўрқади. Миллиятчиларни, мухториятчиларни аёвсиз таъқиб ва тазйиқ остига олади. Сасини чиқармай тезда бўғиб қўяқолади. Миллиятчилик тўғрисида гап кетса, ҳозир ҳам лабига учуқ тошадиган кимсалар бор.

Дарвоқе, миллиятчилик ўзи нима? Унинг нимаси ёмон ва кимга ёмон?
Бу дунёда нафақат инсон, балки бутун тирик жон Аллоҳ таоло ирода қилган тўрт эҳтиёж – овқатланиш, ухлаш, насл қолдириш ва ўзини ҳимоя қилишга маҳкумдир. Бу илоҳий қонунга бўйсунмай илож йўқ. Буни онгсиз онг деймиз, инстинкт деймиз, савқи табиий деймиз. Шундай экан, миллатнинг ўзлигини ҳимоя қилиши ҳам ана шу тўрт илоҳий эҳтиёжнинг бири эмасми? Бу ҳам бир инстинкт, бу ҳам бир савқи табиий эмасми?
Ўзликни ҳимоя қилиш инстинкти бўлган миллиятчилик босқинчилар, мустамлакачилар учунгина ёмон.
Ўзлигини, миллиятини сақлаб қолишга интилган миллат учун табиий ва қонунийдир.
Токи миллат деган тушунча бор экан, унинг манфаати ҳам бўлмай иложи йўқ. Миллат манфаатини эса миллатнинг ўзи ва унинг асл фарзандлари ҳимоя қилади. Шу маънода Чўлпон Эргашни ўзбекнинг асл фарзандларидан бири дейишга тўла ҳақлимиз.

Аср бошларида фикр тарзида пайдо бўлган миллиятчилик ғояси Октябр тўнтариши арафаларида ва ундан сўнг амалий ҳаракатга кўчди. Мустамлакачилар «босмачилик» деб номлаган ҳаракатга, моҳиятан эса миллий озодлик ҳаракатига айланди. Бу ҳаракат қақшатқич зарбага учратилгач, у яна фикр шаклини олди. Тўғрироғи, ўзини адабиёт ҳижоби остига яширди.
Гарчи шундан сўнг бу ғоя тарғиботи ҳуқуқдан маҳрум этилган бўлса-да, батамом йўқолиб кетмади. Зиёли аҳлининг виждонли қатлами ундан воз кечмади.

Қирқинчи, қирғинли йилларда, гарчи халқ нафратини гитлерчи фашистларга қарши қаратиш учун ёзилган бўлса-да, Ойбекнинг «Маҳмуд Торобий», Ҳамид Олимжоннинг «Муқанна», Мақсуд Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» каби тарихий асарлари афкор оммани миллиятчилик ғоясининг ўлмаганлигидан воқиф этди. Бу асарларда босқинчиларнинг, мустамлакачиларнинг мақсади, – у мўғулми, немисми, ўрисми, – ким бўлишидан қатъий назар, моҳиятан миллий бойликни талон-торож қилишдан, халқнинг маънавий-ахлоқий қадриятларини поймол этишдан, тилини, тарихини, динини, урф-одатларини йўқотишдан, ғурурини, ор-номусини ерга уришдан ва ўзини қул қилишдан иборат эканлиги, демакки, бунга қарши албатта курашиш лозимлиги ғояси илгари сурилди, тарихий миллий қаҳрамонларимиз ҳаракати намуна қилиб кўрсатилди. Миллиятчилик мафкураси яширинган бу ўртикнинг номи «Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит» бўлди. Худди шу ўртик остида ўта хокисор ва заҳматкаш адиб Миркарим Осим Широқ, Тўмарис, Спитамен, Темур Малик сингари олис аждодларимизнинг келгинди-босқинчиларга қарши жасоратли курашлари тимсолида ибрат олишга ундовчи асарлар ёзди.

Биз, ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларидаги ёшлар ғалати эдик. Бутунлай бошқа мақсадда айтилган гапларни ҳам миллиятчиликка йўйиб тушунишга, ёпишса-ёпишмаса, «ўзбек» сўзи тилга олинган сатрларни, мисраларни, шеърларни Тавалло, Чўлпон, Фитрат руҳидаги шеърлар деб қабул қилишга мойил эдик. Ҳатто Ғафур Ғуломнинг «Кремль минбарида мағрур турган ўзбекман», «Менинг оғам рус бўлур, виждоним буюрганин шу шеърда ёза олсам, виждондай дуруст бўлур» каби сатрларидан ҳам ўзимизча аллақандай ишоралар топиб, буни «Шоир виждони буюрганини ёзолмаётганидан нолияпти» деб билар ёки Миртемирнинг «Қора теват ҳам, малла кўппак ҳам бари бир ит…. баралла дейманки қон қус, елкадошим рус!» каби сатрларини шоир ўзининг асл мақсадини стилистик маҳорат остига қойилмақом қилиб яшира олган деб тушунар эдик.

Ўша йиллари олдинма-кейин пайдо бўлган Абдулла Ориповнинг «Ўзбекистон», Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» шеърлари моҳиятан «улуғ Совет оиласида»ги ўзбекка ва Ўзбекистонга қасида бўлса-да, миллий туйғуларимизни янада жўштириб юборгани рост. Негаки, интернационализм байроғи остида ҳукмронлик қилган великорус шовинизми нафақат миллатни, миллий ватанни, ҳаттоки унинг тарихини улуғлашга ҳам изн бермаётган бир пайтда дунёга келган бу шеърлар руҳиятимизга ёқимли ёмғир олдидан чақнаган чақмоқдай таъсир қилган эди. Зеро, шундай вазиятда миллат номини радиф қилиб ёки миллий мустамлака ўлка номини сарлавҳа қилиб шеър ёзишнинг ўзи ҳам бир жасорат эди. Шунга қарамасдан, очиқ айтиш мумкинки, ўша кезларда халқни уйғотиш, тўғрироғи, унда миллий ғурур ва миллий мустақиллик туйғуларини пайдо қилиш истаги ёш ўзбек шеъриятининг яширин мақсадига айланиб улгурган эди.

Чўлпон Эргаш биринчилардан бўлиб «Уйғон, ўғлон» деб шеър ёзди. Шеър гарчи «Тур, чойингни ичвол, ўғлим, ичиб қўймай мушугинг. Оқ пайпоқли каптарингни қувлаб юрар кучугинг… Ўғлим, ўзинг қарамасанг, каптарингга ким қарар? То тушгача ухлаб ётсанг, гулларни ким қўриқлар?.. Ҳовлимизга ким тош отса, қулоғини чўзиб қўй!..» каби оталарча жўн насиҳат тарзида бўлса-да, бу гаплар замирида «ўз мулкингга ўзинг эгалик қил» деган ғоя ётади. Оддий, турмушдаги гапларга ўхшаш «Оппоқ ойинг қизалоғи (мустамлакачилар деб ўқинг) гулларингни юлмоқда… Уйғон, сен ҳам, қора кўзим (ўзбегим деб ўқинг), Эркин (эркинг деб ўқинг) кутиб турмоқда… Бўронларнинг эркатойи – еллар (курашлар деб ўқинг) сени кутмоқда» каби сатрлардан ғафлат уйқусидан уйғонишга даъват иси уфуриб турганини сезиш қийин эмас.

Бошлаб Абдулла Орипов шеъриятида ниш кўрсатган миллий кайфият, миллий тушунчалар («Сен баҳорни соғинмадингми?», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни?», «Она тилимга» каби шеърларида) ёш адабий авлод ижодида заиф бўлса-да (заифлик, юқоридаги мисолда кўринганидек, бу кайфиятнинг рамзларда, тимсолларда, мажозларда инъикос этишида эди) янгича миллий-ҳиссий дунёқарашнинг юзага келишига туртки берди. Миллатни озод кўриш орзуси, миллат тақдирига қайғуриш ҳисси билан боғлиқ изтиробли ўйлар тамсилий пардаларга ўраб ифода этила бошланди. Шу тариқа саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида анча ошкора (хусусан, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон шеърларида) тус олган, бевосита келиннинг ўзига қарата ёзилган миллий-руҳий, миллий-ҳиссий шеъриятга илк тамалтоши қўйилди.

Эсимда, 1967 йили Озод Шарафиддинов ташаббуси билан «Тирик сатрлар” номли бир китоб чоп этилади, лекин у дўконларга чиқмаёқ зудлик билан йиғиштириб олинади. Китобда аср бошида яшаб ижод этган Юсуф Сарёмий, Тавалло, Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, таниқлию таниқсиз бошқа жадид адиблар ижодидан намуналар берилган эди. Китоб босмахонадаёқ йўқ қилиб юборилганига қарамай, анча-мунчаси одамлар қўлига ўтиб улгурган экан. Мен ҳам шу китобни бир дўстимдан олиб, мутолаа қилиш бахтига муяссар бўлганман. Кейинчалик бу китобдаги кўп шеърлар қўлда кўчирилиб қўлма-қўл бўлиб кетди. Шу кичик воқеа ҳам ёш шоирлар ўртасида миллиятчилик руҳига янги қанот берди.

Чўлпон Эргаш, Рауф Парфи, Омон Матжон, Маъруф Жалил, Асқар Қосим, Тилак Жўра ва бошқа уйғоқ шоирлар ижодида гарчи шўровий замон нафаси билан қоришиқ ҳолда бўлса-да, миллиятчилик ғояси анча дадил бош кўтарди.
Чўлпон Эргаш Таваллодан, Чўлпондан байтлар, мисралар ўқиб юрадиган бўлди. У айниқса Таваллонинг манави сатрларини кўп эсларди:

Дейдилар, бас қил, Тавалло, шеърлар манзур эмас,
Миллатинг маҳв ўлса, парво қилмаюрлар, ғам емас,
Бунларинг шўрбо-палов, норин ебон, чой ичса, бас,
Сўнгра икки елкасига тепсалар ҳам индамас,
Чиқ ичимдан, жоним, эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.

Ишонч билан айтаманки, Чўлпон Эргаш миллиятчилик руҳида собит шеър битувчиларнинг сардорига айланди. Унинг деярли ҳар бир шеъри, у қандай мавзуда бўлишидан қатъи назар, шу ғоядан сув ичди, шу руҳдан нафас олди.

Чўлпон Эргаш шеърлари соддалиги, жайдарилиги, ортиқча замзамалардан, ортиқча ҳашамлардан, чучмал ташбеҳлару мураккаб истиоралардан холилиги билан ажралиб туради. Аксарияти сюжетли, воқеабанд, шеърий ҳикоялардан иборат. Уларда турли воқеалар, турли ҳолатлар акс этса-да, ҳаммасининг мақсади битта: инсон эрки, миллат озодлиги, ватан мустақиллиги, истиқлол. Унинг барча шеърлари мана шу ўқ фикр атрофида айланади. Аммо бу ўқ фикрни ҳамма ҳам илғайвермайди. Бунинг учун умуман ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йиллари шеърияти, хусусан Чўлпон Эргаш шеърларининг тилини билиш керак. Бу тилни яхши тушунмаган киши унинг шеърларини «Ҳа, энди шунчаки шеърлар экан-да» деб билади ва катта хато қилади. Ўша давр шеърияти, жумладан, Чўлпон Эргаш шеърияти пардалаш усулига кўра тасаввуф адабиётига яқин эди.
Биламизки, тасаввуф – тилсим. Масалан, «Овқат ва пат» ривоятидаги бир парчанинг ички ва ташқи маъноларини олиб кўрайлик.

«Қачонлардир, қайдадир бухоролик Абу Кулол деган бир толиб бор экан. У ҳар куни муаллим ҳузурига қатнаб, унинг пойида тиз чўкиб ўтирар ва у нима деса, ҳаммасини патқалам билан дафтарига ёзиб олар экан. Ҳар куни шундай қилар экан.
Бир куни хотини унинг олдига оғзига рўмолча ёпилган хурмача қўйибди. У хурмачада ўзи ишлатган патларни, ўзи тўлдирган дафтарларни кўрибди ва рўмолчани олиб бўйнига ўрабди.
– Ҳар куни то кечгача қиладиган ишингиз шу экан-да, – дебди хотини. – Энди марҳамат қилиб, овқат ўрнига ҳам шуларни енг…»

Бу – ривоятнинг энг юза, авомга мўлжалланган маъноси. Унинг бошқа маъносига, асл мағзига етиш учун ундаги пардаларни бир-бир кўтариш керак бўлади. Пардалар эса, афсуски, битта-иккита эмас, қирқта. Карам худди қат-қат баргдан иборат бўлганидай бу ривоятнинг ҳам қават-қават маънолари бор. Инсонда илоҳий ҳақиқат сезимларини уйғотгувчи бундай ривоятларни, афсуски, одамлар одатда болаларини ухлатиш учунгина айтадилар, фақат юза маъносини биладилар холос. У ёғига тишлари ўтмайди ёки «тишлаб-чайнаб» кўришга ҳафсала қилмайдилар. Умар Хайём бекорга: «Мен ўз ҳақиқатимни етти муҳр ва қирқ қулф ортига яширдим», демаган. Ҳақиқатга етиш учун риёзат чекиш, ўша етти муҳрни ва қирқ қулфни очиш керак, яъни, тасаввуф тилини – луғатини билиш талаб этилади. Тасаввуф эса ҳаммага ҳам ўзининг чин маъноларини очавермайди. Бу фақат хос билимга эга бўлган кишиларгагина насиб этади.

Мазкур ривоятга келсак, ундаги «толиб» ақл ва руҳ ёрдамида ҳақиқат изловчи киши маъносини билдиради.
Демак, ривоятнинг парда ортидаги маъноси тахминан шундай: «Ҳақиқат изловчининг ақли ( яъни, «у» – «ақл») ҳар куни дунёни билиш учун ҳақиқат ҳузурига боради. Олий Ҳақиқатни ва Қудрати Олийни билиш учун Парвардигор («муаллим») пойида ўтиради. Ақл ҳамма билганларини хотирасида сақлаб қолишга («дафтарига ёзиб олади») ҳаракат қилади. Умри охирида эса руҳ («хотин») ақл билиб олган барча нарсани унга кўрсатади («хурмача»), ақл у ерда хотирадан («дафтарлар») ва ўлик фикрлардан («патлар») бошқа ҳеч нарса тополмайди. Шунда руҳий изтиробда қолиб, ўзини ўзи осмоқчи («рўмолчани бўйинга ўраш») бўлади. Парчада илгари сурилган фикрлардан яна бири кейинги парда кўтарилгач, аён бўлади: бу, Ҳақиқатни, яъни Аллоҳни ақл ёрдамида билишга уриниш бефойда, деган фикрдир.

Тасаввуф адабиётида шу тариқа пардалар кўтарилгани сари янги-янги маънолар чиқаверади. Хўш, фикрни пардалаш нега керак? Умар Хайёмнинг айтишича, у ўз ҳақиқатини шунинг учун пардалайдики, «токи бу ҳақиқат бир тўда ёвуз одамлар қўлида Ёвузликка хизмат қилмасин», деб пардалайди.
Чўлпон Эргаш шеърлари ҳам шундай. Бордию унинг ҳақиқатлари ҳам ёвузлар қўлига тушса, унинг ўзига қарши, унинг зарарига ишлаши тайин эди. Умар Хайём рубоийларининг ўз луғати бўлгани каби Чўлпон Эргаш шеърларининг ҳам ўз луғати бор. Ер, қуёш, булут, юлдуз, тун, нур, зулмат, ел, шамол, бўрон, осмон, момақалдироқ, тонг каби табиий ҳодисалар ва жисмларнинг ҳар бири ўрни билан ўз рамзий, мажозий маъносига эга. Масалан, унинг «Еллар» шеъридаги: «Ҳей, шамолларнинг неваралари, қўлингизни беринг, қўлингизни! Ҳей, сиз – бўронларнинг чеваралари, этагимдан тутинг, бўлинг тездан, манзил яқин, порлоқ… Дадил кўкрак керинг, чақмоқли йўллар, лов-лов ёниб қуёш кутади бизни… қора булутларни сурайлик кўкдан, қуёш даргоҳига манзил қурайлик» сатрларини мана бундай «таржима» қилиш мумкин: «Эй ота-бобоси марди майдон бўлган ёш-яланглар! Курашга шайланинг, менга эргашинг, сизни озодлик, мустақиллик кутяпти, қарамликдан қутулишимиз, мустақил ҳаётни қўлга киритишимиз керак!»

Чўлпон Эргаш дунёвий муносабатларда илоҳий, табиий мувозанатнинг бузилишини истамайди. Бировнинг ерига бошқанинг хўжайинлик қилиши, бировнинг ризқига ўзганинг шерик бўлиши, бировнинг мамлакатида бегонанинг ҳукмрон бўлиши, бировнинг устидан бошқа бировнинг зўравонлик қилиши, бир тилнинг иккинчи бир тил томонидан сиқиб қўйилиши, бир ахлоқ-одоб ёки маданият ўрнига бошқа бир маданият ёки ахлоқ-одобнинг кириб келиши, бир эътиқод ўрнига бошқа бир эътиқоднинг ўрнатилиши ва ҳоказоларни ақлига сиғдиролмайди, буларни илоҳий-табиий мувозанатнинг бузилиши деб билади.

«Ҳайвонот боғида» шеърида қафасдаги шернинг ўтмиши эсланади: «Шоҳ кўтарар ҳайвонлар ўзига бу золимни, асрагай деб бизларни ёвлардан у бегумон».
Лекин шер «шоҳ»ликка эришгач, уларнинг бу хоҳишига қарши боради. Истак ва унинг рўёби ўртасидаги мувозанат бузилади. Ҳайвонларнинг ишончи оқланмайди. «Шоҳ» фақат ўзини ўйлайди ва атрофига ҳам нуқул ўзига ўхшаганларни тўплайди:

Қанотига олар «шоҳ» йиртқичларни энг бурун,
Бўз қушлар тақдирини қузғунларга топширар.
Хавф-хатардан хабардор этгай мени деб, бутун
Ўрмонзорда тулкининг обрўсини оширар.
Хизматида бўлдилар қанча ҳайвонлар яна,
Бўйин товлаганларни қонига ботиради,

ва натижада илоҳий-табиий адолат қарор топади, «шоҳ» қафасга тушади. Мана энди «болалар чўп суқишиб қафасига» уни эрмак қилади, ўтган-кетганга текин томоша бўлиб ўтирибди. Шоир демоқчики, золимликнинг, зулмнинг охири бир кунмас-бир кун албатта вой бўлади.
Бошқа бир қафасдаги қарчиғайлар аҳволи мана бундай тасвирланади:

Пода-пода чумчуқлар ёпирилиб пайдар-пай,
уларнинг донларини бемалол еб тўйишар.

Қарчиғайлар табиати мулойим, беозор, инсофли ва ювош бўлгани учун чумчуқлар ёпирилиб келиб, уларнинг насибасини туя қиладилар. Кўринадики, бу ерда ҳам адолат лат еган: бир миллат бошқа бир миллатнинг ризқига шерик.

1970 йили ёзилган, ўғли Абдулҳамидга бағишланган «Даъват» шеъри: «Халқинг улуғдир! Билки, ундан бошқа, топинишга лойиқ ҳеч нарса йўқдир», деб бошланади (Бугун Аллоҳдан бошқага топиниш ширклигини биламиз. Лекин инсон туғилганидан бошлаб, то қабрга киргунига қадар қонига даҳрийликни сингдириш билан машғул бўлган қизил мафкура замонида яшаган шоир бунинг ширклигини билмаган, билиши мумкин ҳам эмасди, чунки у замонда Қуръони каримни хатм қилиш, уни қўлга ушлаб кўриш у ёқда турсин, умуман кўрмаганмиз. Нафақат Чўлпон Эргаш, ҳаммамиз ҳам. Буни ширк деб эмас, балки Холиқ халқ қилган халққа топиниш ҳам Холиққа топинишдир деб тушунсак тўғрироқ бўлар). Шоир шўро ҳокимиятини аввал қўл-оёғи боғлиқ ҳолда ётган, кейин бешикдан озод қилинган болага ўхшатади. Ва: «Бугун жаҳон-олам оёққа қалқар унинг номи билан, бугун номсиз дайдир бешафқат таҳқир унинг номи билан!» дейди. Қаранг, ўша замонда очиқдан-очиқ шўро номи билан ҳамма ёқда бешафқат таҳқир дайдиб юрибди дейиш учун қандай катта юрак керак эди. Бу ҳам етмагандай худди шу шеърда «Дод! Керак эмас бизга бундай тузум – сиғиб-сиғдирмаган истибдод. Тўйиб-тўйдирмаган зуғум!» дейди асир авлод тилидан баралла. Сўнг ўғлига: «Болажон! Қўл чўзмоқда бизга, қўлимизни сўрамоқда замон! Ўт қўйиб саботга, шошмоқда нажотга – сенга, бу жаҳонда асирлик йўлида эрк дея қоқилган, сўйилган халойиқ. Қўлларингни узат, қўл-оёғи боғлиқ ўша қулларга! Токи еримизни тўпга солиб отмай истибдод!» деб буюради.
Нақадар аниқ, нақадар равшан мақсад. Ортиқча изоҳга ҳожат йўқ.

«Хонадон» шеърида эса гап сиртдан қараганда оддий тоға-жиянлар оиласи ҳақида боради. Жиян Ғуломжон, тоға Эгамжон бир ҳовлида яшайди. Ҳаммасининг қорни тўқ, усти бут. Юрт тинч. Баъзан тоға ичиб олса, «Менсиз қаёқдайди бу турмуш, маданий юриш, олий маълумот, илмий тадқиқот. Юрар эдинг ота-бобонгга ўхшаб» дея маломат қилиб қолади. Ғуломжон ишлаб топганини хонадон эгаси – тоғанинг қўлига тутқазади. Тоғанинг бола-чақалари қўғирчоқдай кийиниб, хотинию қизлари зарга беланиб, бўяниб-тараниб юради. Ғуломжоннинг хотини ҳам уларга таасуб қилади: қош-кўзларини кўкка бўяшса – кўкка бўяйди, қорага бўяшса – қорага (хотин-қизларимизнинг кийинишда, пардоз-андозда овруполикларга тақлид қилишини, масалан, бугунги кунда шим кийиб, сочини сариққа бўяб юришларини эсланг). Лекин ора-сирада минғирлаб ҳам қўяди:

Ўз билгич бир иш қилолмасанг,
Бир ёққа эркин жилолмасанг,
Топганинг ўзинг ейолмасанг,
Улардай ҳашам кийолмасанг,
Билганинг дадил деёлмасанг,
Ё обло,
Одамнинг кичиги бўлгандан
Кучуги бўлган авло!
Бўлак қилиб қўйсин!.. –
дея эрига зарда қилади.
Ғуломжон хотинини:

Чертиб-чертиб кийганлари,
катта-катта еганлари,
полвон-полвон деганлари,
уларнинг обрўси – сеники,
сен эса – меники…
Бўлиб катта хонадон
туғишгандай жонажон
яшаш ўзи – каттакон давлат! –

деб юпатмоқчи бўлади. Хотин эса:

– Ёв билан ўз туққанингиздай,
Туққанингиз билан эса – ёт…
Кимдан кам ўз ака-укангиз?
Биз кимдан каммиз?
Туғишганлар яна топишиб,
бир тан бўлиб беш қўл сингари,
бириксайди бошингиз,
бундан катта давлат йўқ эди!.. –

дея ёзғиришда давом этади.
Юзаки қараганда, оддий оилавий машмашага ўхшайди. Аммо теранроқ назар ташланса-чи?..
Келинг, яхшиси, коса тагидаги ним косани очайлик. Чўлпон Эргаш шеъриятининг тилини тушунишга уриниб кўрайлик.

Аввало, исмлардаги пардани кўтариб, Эгамжонни хўжайин, Ғуломжонни қул, тобе одам, тоғани «оға» деб тушунайлик. Энди оғанинг «Менсиз қаёқдайди бу турмуш, маданий юриш, олий маълумот, илмий тадқиқот. Юрар эдинг ота-бобонгга ўхшаб» деган миннатли гапларига диққат қилайлик. Бу тарих китобларида, ўша давр матбуотида жуда кўп учратганимиз «Россияга қўшиб (босиб эмас!) олингунга қадар Ўзбекистон аҳолисининг тўқсон тўққиз фоизи саводсиз, турмуши қашшоқ, жоҳил, маданиятсиз эди», деган гапларнинг ўзи эмасми?
Хотиннинг шикоятини эса «Ҳамма ерости, ерусти бойлигимиз оғаларимиз тасарруфида. Улардан рухсатсиз бирор иш қилолмаймиз, бирор жойга боролмаймиз. Ўз бойлигимиз бўлган олтин, пахта, пилла, қоракўл тери, газ ва ҳоказолардан ўзимиз истаганча фойдалана олмаймиз, сўз эркинлиги йўқ, дардимизни, гапимизни очиқ, дадил айтолмаймиз, бундай яшаш жонга тегди. Айтинг, ўз эркимизни ўзимизга қўйиб берсин. Мустақил бўлайлик. Улар бизга дўст эмас, лекин биз уларга туғишганимиздай муомала қиламиз. Ҳолбуки, ўз туғишганларимизни – Туркистон халқларини бегона деймиз. Ахир биз улар билан қон-қардошмиз, ака-укамиз, агар Марказий Осиёдаги беш халқ – беш туркий миллат тил топишиб, бирлашиб, бир давлат бўлиб яшаса, бундан зўр давлат бўлмайди!» деб «таржима» қилсак, Чўлпон Эргашнинг шеърга кўчган орзу-умидлари, ўқ фикри аён бўлади-қолади: у мустамлакачилар панжасидан қутулайлик, мустақил яшайлик, барча туркийлар бирлашайлик, ягона ва қудратли Туркистон давлатини барпо этайлик, демоқда. Бу шу қадар гўзал, буюк ва қалтис истак эмасмиди 1977 йилда, коммунистик хуруж айни авжида, қилич ўйнатиб турган паллада?!

Қанчалар зўр жасорат, қанчалар қўрқмас юрак керак қудратли тегирмон тоши остида бу гапни айтиш учун. Чўлпон Эргаш чин маънода жасоратли шоир эди, унинг ҳар бир шеърини жасорат намунаси десак арзийди, чунки мустабид замонда унинг ҳар бир шеърида эрк, озодлик, ҳуррият истаги, мустақиллик орзуси ифода топар ва у бу билан буюк Чўлпоннинг содиқ издоши ва маслакдоши эканини исботлар эди. Гарчи у истиқлол орзусини, мустақиллик мақсадини гоҳ қалин, гоҳ юпқа пардалар ортига яширса-да, кўнглида ватан муҳаббати, миллат севгиси яшаган, эрк ва озодликка ташна, адабиёт тилини яхши билган, демакки, шоир муддаосини англаб етиш даржасида закий бўлган ўқувчилар бу эзгу даъватдан бебаҳра қолмас эди. Унинг тагдор шеърларидан ҳадиксираган ноширлар китобларини жуда кам нусхада ва жуда узоқ танаффуслар билан чоп этарди. Танқидчилар эса унинг номини деярли тилга олмас эдилар. Бордию тилга оладиган бўлсалар, унинг жорий тузумга зид фикрларини, миллиятчилик кайфиятини фош этишларига тўғри келарди.

Ҳуррият ҳамиша Чўлпон Эргаш учун энг севимли мавзу бўлиб келди. У инсон эркини, айниқса миллат эркини ҳамма нарсадан устун қўйди. Унинг учун фикр эркинлиги – миллат эркинлиги, миллат ҳуррияти – фикр ҳуррияти эди. Эркинлик тушунчасини у ижодида жуда кенг маънода қўллади ва талқин этди. Миллий мустақиллик деганда у нафақат ҳудудий, сиёсий, иқтисодий мустақилликни, балки нафсга қулликдан, шахсий манфаатга қарамликдан, ҳузур-ҳаловатга мутеликдан қутулишни ҳам тушунди.
Чўлпон Эргаш учун Ватан ва Миллат тушунчаси эгизак эди. У миллий ор-номусни ғоят баланд тутгувчи шоир бўлиб туғилди ва умрининг охиригача ўз эътиқодида собит қолди. Унинг шеърларида миллатни уйғотиш, уни мустақиллик учун курашга даъват этиш билан бирга бир вақтлар дунё илм-фани, риёзиёти, фалакиёти, адабиёти, тиббиёти, меъморлик санъати тараққиётига беқиёс улуш қўшган, бироқ сўнгги асрларда залолатга ботган, миллий тутқунликка гирифтор этилган миллатнинг фожиали аҳволи ҳақидаги мажозий ўйлар, изтироблар ҳам ўз ифодасини топди.

Чўлпон Эргаш одам сифатида ўта хоксор, камтар, ҳатто бироз тортинчоқ эди. Ўзини бўлар-бўлмас давраларга уравермасди. Фақир киши панада қабилида бир чеккада шеърини ёзиб юришни афзал биларди. Минбарларга чиқиб ваъзхонлик қилмасди, обрў, шон-шуҳрат, мукофот таъмасидан йироқ эди. Назаримда, назарга тушишни унинг ўзи ҳам истамасди. У ўзини ҳаёт долғаларидан четга тортгандай кўринса-да, қалбан лоқайд эмас эди, ўзи курашчанга ўхшамаса-да, шеърияти курашчан эди. Афсуски, ана шу курашчан шеъриятни адабий танқид пайқамади, буюк ва эзгу ғоялар билан суғорилган бу халқпарвар ва ҳақпарвар ижод халқ эътиборидан четда қолди. Шўро даврида-ку тушунарли эди, унинг шеърларини таҳлилдан ўтказиш, пардаланган миллий ғояни фош этиш шоир бўйнига жазо сиртмоғини солиш билан баробар бўлар эди. Аммо, истиқлолдан кейин ҳам адабиётшунослик бу ажойиб миллиятчи, миллатпарвар, ватанпарвар шоир тўғрисида лом-мим деганини эслай олмайман. Шуни таассуф билан айтаманки, Чўлпон Эргаш шоир сифатида адабиётда ҳалигача ўз ўрнини ва қадрини топган эмас. Чўлпон Эргаш гарчи бир қарашда ялтираб кўзга ташланувчи шоирлар сирасидан бўлмаса-да, истиқлол учун, мустақиллик учун игна билан қудуқ қазган заҳматкаш ижодкор сифатида номи абадийлаштирилишга лойиқдир. Назаримда, унинг ижодини чуқур ўрганиш ва унга адабиётдаги ўз ўрнини бериш ҳам қарз, ҳам фарздир.

Мен уни охирги марта, агар янглишмасам, 2000 йили, дала ҳовли учун берилган бир парча ерини сотиш тараддудида юрганида кўрган эдим. Қисқагина суҳбатимиздан шу нарса аён бўлдики, ўн йилдан буён битта ҳам китоби чиқмабди, ҳозир шоирликдан тирикчилиги ўтмай қолгани учун Чилонзордаги Фарҳод бозорида майда-чуйда олди-сотди билан машғул экан.
– Шу бир парча ердан умидим катта эди, – деди у ўксиниб. – Нима қилай, сотишга мажбурман. Мана, сиз шу ерда экансиз. Жондай ён қўшним экансиз. Ён-атрофдагилар ҳам ҳаммаси ўзимизнинг оғайнилар. Қани эди каталакдай бўлса-да, бир уйча қуриб, шу ерда сизлар билан яшасам…
Овози ички бир армондан титраб чиқди. Мен қаршимда ўша ўзим билган некбин, ҳазилкаш Чўлпон Эргашни эмас, руҳи синиқ, ҳафсаласи пир, ҳорғин бир одамни кўриб турган эдим.
– Худо хоҳласа, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади, сиқилманг, – деб юпатган бўлдим. – Ўғил-қизларингиз бойиб кетишади… Ахир сиз билан бизнинг бойлигимиз ўшалар-да…
– Ўғилларим менга тортмади шекилли. Яна билмадим, – деди у мунғайиб. – Бир чеккаси, айб ўзимда. Биласиз-ку, бошқа оила қурдим. Оталик қилолмадим. Бегона қўлда ўсгандан кейин шу-да…
Шундан кейин Чўлпон Эргашни бошқа кўрмадим.

Мен кейинги йигирма йилда адабиёт оламидан бехабар, узлатдаги одам унинг вафот этганини яқиндагина бутун оламдан доим бохабар укам Набижон Боқийдан эшитдим. Ёруғ дунёнинг инсон боласига бевафо эканига яна бир бор иймон келтириб, юзимга фотиҳа тортдим:
– Ётган жойингиз шоистаи жаннат бўлсин, эй ўзбекпараст оғам!.. Омийн.

13.20.12

09

(Tashriflar: umumiy 99, bugungi 1)

Izoh qoldiring