Umarali Normatov. Qodiriyning so’nggi iltijosi.

qodiriy

     Кейинчалик, архив ҳужжатларидан маълум бўлдики, ўша машъум 4 октябр туни Қодирий қатори Чўлпон, Фитрат каби жами ўн саккизта зиёлилар қатл этилган. Эҳтимол, уларнинг барчаси, айни шу Қодирий жисми поки қулаган чоҳга дафн қилингандир, ўша машъум туннинг сўнгги қурбони балки Қодирий бўлгандир, Қодирийга ўқилган жаноза уларга ҳам бахшидадир…

090

Умарали Норматов
ҚОДИРИЙНИНГ СЎНГГИ ИЛТИЖОСИ
Адиб ҳаётининг ўқилмаган саҳифалари

Улкан сўз санъаткори Қодирий 1937 йил 31 декабрда ҳибсга олинганидан сўнг, то 1956 йилга қадар, салкам йигирма йил давомида, унинг табаррук номини тилга олиш имкони бўлмади, фақат адибнинг ўзи эмас, асарлари ғам қатағон қаҳрига учраб, бу буюк зот ижодий мероси, қисмати ҳақидаги бор ҳақиқат сир сақланди. Мустабид ҳукмдор вафотидан сўнг, айниқса, эллик олтинчи йили, унинг мудҳиш кирдикорлари ошкор этилгач, кўплаб қатағон қурбонлари қатори Қодирий шаънини қайта тиклаш, ижодий меросини халққа қайтариш, адиб фожиавий қисматига оид бор ҳақиқатни юзага чиқариш ҳаракати бошланди. Бу қутлуғ ишда ҳақиқатпарвар, қалби пок, фидойи давлат арбоблари, адиблар, журналист, адабиётшунос олимлар қатори ёзувчининг садоқатли фарзандлари – Ҳабибулла Қодирий билан Масъуд Абдуллаевнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳар иккалови ҳам сўнгги нафасига қадар, ота шаънини ўрнига қўйиш фикри-ёди билан яшаб ўтдилар. Ҳабибулла Қодирийнинг ҳаётлигида икки бор чоп этилган “Отам ҳақида” деб номланган хотиралар китоби, умри сўнггида ёзилиб, вафотидан сўнг “Ёшлик” журналида эълон этилган “Қодирийнинг сўнгги кунлари” ҳужжатли хотира қиссаси, Масъуд Абдуллаевнинг бир қатор хотиралари қодирийшуносликнинг бебаҳо ҳужжатлари бўлиб қолди. Улар ёнига адабиётшунос олимлар, фидойи публицистлар, ёзувчиларимизнинг улуғ адиб қисматига оида мақола, эссе, тадқиқот, рисолаларини ҳам қўшадиган бўлсак, бу борада, кўп хайрли ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўламиз. Истиқлол йилларига келиб, қодирийшунослик кўлами янада кенгайди, теранлашди, адиб ҳақидаги бор ҳақиқатни айтиш учун кенг йўл очилди.
Шунга қарамай, афсус, ҳанузга қадар Қодирий ҳаёти, фаолияти, унинг фожиавий қисмати, хусусан, Москвада Валерий Брюсов номли Адабиёт институтида ўқиган даври, шоҳ асарлари – “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларининг дунёга келиш тарихи, адибнинг уларга материал йиғиш учун Қўқон ва Марғилонга қилган сафарлари, шунингдек, 1936 йилги Қозон сафари тафсилотлари етарлича ёритилган эмас. Айниқса, адиб умрининг поёни – унинг қаерда, қай тарзда қатл этилгани, табаррук жисми – хоки-поки қаерда экани ҳанузгача аниқлангани йўқ. Тўғри, Давлат Хавфсизлик қўмитаси архивида сақланаётган “Абдулла Қодирий иши”да ўлимга маҳкум қилинганлиги тўғрисидаги суд ҳукми 1938 йил 4 октябрда ижро этилгани ҳақида аниқ ҳужжат-маълумот мавжуд. Аммо у қаерда, қай тарзда амалга оширилгани хусусида ишончли ҳужжат йўқ. Куюнчак адабиётшунос олимлар, жумладан, Собир Мирвалиев бу жумбоқни аниқлаш йўлида кўп саъйи ҳаракатлар қилди, олимнинг 2004 йили “Фан” нашриётида чоп этилган “Абдулла Қодирий” китобининг “Қатағон фожиалари” бобида ана шу саъйи ҳаракатлар жараёни батафсил ёритилган. Аммо уларни узил-кесил ҳақиқат деб қабул қилиш қийин. Камина ҳам бу борада, баъзи уриниш-суриштиришлар қилганман, Ҳабибулла ака, Масъуд акалар йиққан маълумотлар билан танишганман. Қайта-қайта ўйлаб, сарҳисоб қилиб қарасам, айни шу жумбоққа оид Масъуд ака сўзлаб берган воқеа, гарчи узил-кесил ҳукм дейиш учун асос бўла олмаса-да, мавжуд маълумотларга, муҳими, Собир Мирвалиев суриштирувлари натижаларига яқинлиги, уларни бир қатор янги тафсилотлар билан тўлдириши жиҳатидан қимматлидир. Хотирамда сақланиб келаётган бу нодир тафсилотларни Масъуд ака Абдулла Қодирий таваллудининг 95 йиллигига бағишланган анжумандаги чиқишида, жамоатчилик олдида мухтасар тарзда баён қилиб, шу соҳага дахлдор масъул ходимлардан ҳануз мавҳумлигича қолаётган жумбоқни ҳал этиб беришларини илтимос қилган эди… Эртаси куни Масъуд ака билан учрашувда, мазкур масалага оид ўзига маълум тафсилотларни қоғозга тушириб, матбуот орқали эълон этишни маслаҳат берган эдим. У бунга рози бўлган эди. Аммо натижасини кўрмадим. Улар қоғозга тушганми-йўқми номаълум. Эҳтимол, бу машъум ҳодисани қоғозга тушириш учун юраги дов бермагандир. Бу борада, Масъуд ака ҳам оламдан ўтди, ўша анжумандаги Масъуд ака нутқини тинглаганлар сафи ҳам тобора камайиб боряпти. Айни ўша нутқ, аниқроғи, Масъуд ака суриштириб билган 1938 йил 4 октябр тунидаги воқеага шоҳид бўлган Миролим Миркомилов хотира-ҳикоясини сиз, азиз ўқувчиларга ҳавола қилишни лозим кўрдим.
Ўша ҳодиса шоҳиди Миролим Миркомилов – бешикчи уста ҳамда миришкор боғбон Қодирийнинг ашаддий мухлисларидан саналган, бир неча бор адибнинг Самарқанд дарвозада жойлашган боғ ҳовлисидаги гурунгларда иштирок этиб, унинг суҳбатларини тинглаган. Ўз навбатида, Қодирий ҳам бу одамнинг Бўзсув бўйидаги боғида меҳмон бўлган. Ёзувчи бошига тушган кўргиликларни эшитиб, ич-ичидан ўртаниб юрган кезлари, қарангки, бу садоқатли зот адибнинг умри поёни воқеаларининг шоҳиди бўлган.
Миролим Миркомилов, одатдагидек, ёз ойларини оиласи билан Бўзсув бўйидаги боғида, қиш кунларини эса шаҳар ҳовлисида ўтказарди. 1938 йилнинг эрта кузида оила аъзолари шаҳар ҳовлисига кўчиб ўтган, ҳали мева-чевалар охиригача йиғиб олинмаганлиги учун боғ ҳовлида танҳо ўзи қолган эди. Тунлар аёз. Бунинг устига бир ҳафтадирки, боғ ортидаги жарликда содир бўлаётган тунги нотинчликлар унга уйқу бермайди. Ярим тундан бошлаб, дам-бадам янграган ўқ овозлари, ўлимга маҳкум этилган шўрликларнинг оҳ-фиғонлари, ингроқлари, гоҳо калимаи шаҳодат садолари қулоғига чалинади, боғбонни безовта қилади. Энг сўнгги тун даҳшати ҳаммасидан ошиб тушади. Бора-бора боғ деворига яқинлашиб, ўн беш-йигирма одим нарида қоронғи тунда содир бўлаётган қотиллик жазаваси поёнида кутилмаган ҳодиса рўй беради. Бирин-кетин қисқа танаффуслар оша янграган ўқ овозлари, инграшлардан сўнг, девор ортидан боғбон қулоғига таниш овоз эшитилади: “Татармисан? Мусулмонмисан?” Боғбон бирдан ҳушёр тортади. “Бу ўзимизнинг Қодирий-ку!” дея, ичдан овозсиз ҳайқиради. (Эҳтимол, Қодирий командирнинг рус тилидаги татарчага хос оҳангдаги буйруқларидан унинг татар миллатига мансублигини сезиб, шундай савол бергандир?) Шу заҳоти, боғбон орани тўсиб турган пахса деворга яқинлашиб, девор тирқишидан мўралайди. Тунги ғира-ширада, бир-бирига рўпара турган командир билан маҳбусга кўзи тушади. Бояги саволга жавоб бўлмайди. “Сукут аломати ризо” нақлига амал қилиб маҳбус сўзида давом этади: “Командир ўғлон! Фляганг борми?” Яна жимлик. Маҳбус энди ундан илтижо қилади: “Худо ҳаққи, умрим сўнггида, сендан биргина илтимосим – флягангни бериб тур. Таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқий. Бор-йўғи беш минут муддат бер…” Сўнгги илтижо ҳар қандай тош юракни ҳам эритиб юборадиган оҳангда айтилганидан боғбон ўзини қўярга жой тополмай қолади. Қолаверса, маҳбуснинг татарча лафзи, айтган сўзлари командирнинг тош юрагини юмшатди, шекилли, маҳбус ўтинчини индамайгина баҳо келтиради. Асрга тенг ўша фиғону-изтиробларга тўла дақиқалар қандай ўтганини боғбон умрининг охирига қадар эслаб, эзилиб юради. Сўнг яна ўша таниш, аммо бу гал мардона овоз эшитилади: “Отангга раҳмат, командир ўғлон! Мен тайёрман! Буйруғингни беравер!” У ёғи нима бўлганини боғбон билмайди. Бирдан янграган ўқ овози қулоғини кар қилади, ўша сўнгги ўқ ўзига теккандай, эсидан оғиб, девор ёнига қулаб тушади. Бир пайт ўзига келиб, кўз очиб қараса, тонг ёришиб қолибди. Ҳам тонгги аёздан, ҳам бояги кўргиликлар изтиробидан вужуди титраб, аранг ўрнидан туради. Таҳорат олиб, бомдод намози поёнида Қуръон тиловат қилиб, одатдагидек, бу кеча шаҳид кетганлар ҳақига бахшида этади.
Шундан сўнг Миролим Миркомилов девор ошиб, тунги ўзи шоҳид бўлган ҳодиса жойига боради. Боягина тупроқ тортилган чоҳ чеккасида шаҳидлардан бирининг оёқ учи очиқ қолганига кўзи тушади. Бу эса, сўнгги шаҳид – Қодирийнинг оёғи экани аён. Қотиллар тонг ёришиб қолгани учун, охирги буйруқ ижросидан сўнг, ажал чоҳига апил-тапил тупроқ тортиб жуфтакни ростлаганлар. Уста – боғбон дарҳол ортга қайтиб, боғ ҳовлисидан кетмон олиб чиқади, ялпи мозор – чоғга тупроқ тортиб, уни шиббалайди. Сўнг якка ўзи жаноза ўқиб, шаҳид кетганлар, жумладан, қадрдони – буюк адиб Қодирий руҳи поки олдидаги бурчини адо этади.
Кейинчалик, архив ҳужжатларидан маълум бўлдики, ўша машъум 4 октябр туни Қодирий қатори Чўлпон, Фитрат каби жами ўн саккизта зиёлилар қатл этилган. Эҳтимол, уларнинг барчаси, айни шу Қодирий жисми поки қулаган чоҳга дафн қилингандир, ўша машъум туннинг сўнгги қурбони балки Қодирий бўлгандир, Қодирийга ўқилган жаноза уларга ҳам бахшидадир…
Масъуд ака буларни ўша мудҳиш воқеа шоҳиди саксон ёшни қоралаб турган Миролим Миркомиловнинг оғзидан ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари охирида эшитган, камина эса, Масъуд акадан эшитганларимни орадан йигирма уч йил ўтиб, айни шу ҳодиса содир бўлган 4 октябр куни изтироблар оловида ёниб қоғозга туширдим. Ҳодиса тафсилотлари оғиздан-оғизга ўтиш асносида, муайян таҳрир-ўзгаришларга учраши, табиий. Масъуд аканинг оламдан ўтганига ҳам ўн беш йилдан ошаяпти. Каминани ҳам боғлаб қўйгани йўқ. Кўзимнинг тиригида қадрдоним – Масъуд аканинг армон тўла арзи-ҳолини қоғозга тушириб, Қодирий мухлислари ҳукмига ҳавола қилишни бурчим, деб билдим. Мабодо, Масъуд ака Миролим Миркомиловдан эшитган ўша машъум кеча ҳақидаги хотираларини вақтида ёзиб қолдирган бўлса-ю, у топилиб, эълон этилса, менинг ёзганларим, эҳтимол, ўз кучини йўқотар. Менинг битикларимда муайян сакталикларга йўл қўйилган бўлса, олдиндан узримни ҳам айтиб қўйишни лозим кўрдим.
Пировардида, ўқувчи эътиборини яна бир муҳим жиҳатга тортиб ўтсам: Миролим Миркомилов гувоҳлигида содир бўлган – ҳам унинг қалбини ўртаган, ҳам уни лол қолдирган Қодирийнинг бақо бўсағасида ўзини тутиши, имон-эътиқод бобидаги қатъияти, лўнда, мардона сўзлаш тарзи, 1926 йилги унинг устидан уюштирилган жиноий иш жараёни, хусусан, “Суддаги нутқ” номи билан аталган машҳур ҳужжат руҳига тўла мос келади. Ўша нутқда шундай жумлалар бор: “Мен тўғрилик орқасида бош кетса “иҳ” дейдиган йигит эмасман… Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмоғон содда, гўл, виждонлик йигитга бу қадар хўрликдан ўлим танқисроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди, жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир”.
Бу беқиёс жасур сиймонинг орадан ўн икки йил ўтиб, рақиблари қаршисида: “Мен – тайёрман. Буйруғингни беравер!” дея кўксини ўққа тутиб бериши, кишида заррача шубҳа туғдирмайди, аксинча, адиб табиатига хос айни ҳақиқатни яна бир карра тасдиқлайди.

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали,2013 йил,1-сон

090

Umarali Normatov
QODIRIYNING SO’NGGI ILTIJOSI
Adib hayotining o’qilmagan sahifalari

Ulkan so’z san’atkori Qodiriy 1937 yil 31 dekabrda hibsga olinganidan so’ng, to 1956 yilga qadar, salkam yigirma yil davomida, uning tabarruk nomini tilga olish imkoni bo’lmadi, faqat adibning o’zi emas, asarlari g’am qatag’on qahriga uchrab, bu buyuk zot ijodiy merosi, qismati haqidagi bor haqiqat sir saqlandi. Mustabid hukmdor vafotidan so’ng, ayniqsa, ellik oltinchi yili, uning mudhish kirdikorlari oshkor etilgach, ko’plab qatag’on qurbonlari qatori Qodiriy sha’nini qayta tiklash, ijodiy merosini xalqqa qaytarish, adib fojiaviy qismatiga oid bor haqiqatni yuzaga chiqarish harakati boshlandi. Bu qutlug’ ishda haqiqatparvar, qalbi pok, fidoyi davlat arboblari, adiblar, jurnalist, adabiyotshunos olimlar qatori yozuvchining sadoqatli farzandlari – Habibulla Qodiriy bilan Mas’ud Abdullaevning xizmatlari beqiyosdir. Har ikkalovi ham so’nggi nafasiga qadar, ota sha’nini o’rniga qo’yish fikri-yodi bilan yashab o’tdilar.
Habibulla Qodiriyning hayotligida ikki bor chop etilgan “Otam haqida” deb nomlangan xotiralar kitobi, umri so’nggida yozilib, vafotidan so’ng “Yoshlik” jurnalida e’lon etilgan “Qodiriyning so’nggi kunlari” hujjatli xotira qissasi, Mas’ud Abdullaevning bir qator xotiralari qodiriyshunoslikning bebaho  hujjatlari bo’lib qoldi. Ular yoniga adabiyotshunos olimlar, fidoyi publitsistlar, yozuvchilarimizning ulug’ adib qismatiga oida maqola, esse, tadqiqot, risolalarini ham qo’shadigan bo’lsak, bu borada, ko’p xayrli ishlar amalga oshirilganligiga guvoh bo’lamiz. Istiqlol yillariga kelib, qodiriyshunoslik ko’lami yanada kengaydi, teranlashdi, adib haqidagi bor haqiqatni aytish uchun keng yo’l ochildi.
Shunga qaramay, afsus, hanuzga qadar Qodiriy hayoti, faoliyati, uning fojiaviy qismati, xususan, Moskvada Valeriy Bryusov nomli Adabiyot institutida o’qigan davri, shoh asarlari – “O’tkan kunlar” va “Mehrobdan chayon” romanlarining dunyoga kelish tarixi, adibning ularga material yig’ish uchun Qo’qon va Marg’ilonga qilgan safarlari, shuningdek, 1936 yilgi Qozon safari tafsilotlari yetarlicha yoritilgan emas. Ayniqsa, adib umrining poyoni – uning qaerda, qay tarzda qatl etilgani, tabarruk jismi – xoki-poki qaerda ekani hanuzgacha aniqlangani yo’q. To’g’ri, Davlat Xavfsizlik qo’mitasi arxivida saqlanayotgan “Abdulla Qodiriy ishi”da o’limga mahkum qilinganligi to’g’risidagi sud hukmi 1938 yil 4 oktyabrda ijro etilgani haqida aniq hujjat-ma’lumot mavjud. Ammo u qaerda, qay tarzda amalga oshirilgani xususida ishonchli hujjat yo’q. Kuyunchak adabiyotshunos olimlar, jumladan, Sobir Mirvaliev bu jumboqni aniqlash yo’lida ko’p sa’yi harakatlar qildi, olimning 2004 yili “Fan” nashriyotida chop etilgan “Abdulla Qodiriy” kitobining “Qatag’on fojialari” bobida ana shu sa’yi harakatlar jarayoni batafsil yoritilgan. Ammo ularni uzil-kesil haqiqat deb qabul qilish qiyin. Kamina ham bu borada, ba’zi urinish-surishtirishlar qilganman, Habibulla aka, Mas’ud akalar yiqqan ma’lumotlar bilan tanishganman. Qayta-qayta o’ylab, sarhisob qilib qarasam, ayni shu jumboqqa oid Mas’ud aka so’zlab bergan voqea, garchi uzil-kesil hukm deyish uchun asos bo’la olmasa-da, mavjud ma’lumotlarga, muhimi, Sobir Mirvaliev surishtiruvlari natijalariga yaqinligi, ularni bir qator yangi tafsilotlar bilan to’ldirishi jihatidan qimmatlidir. Xotiramda saqlanib kelayotgan bu nodir tafsilotlarni Mas’ud aka Abdulla Qodiriy tavalludining 95 yilligiga bag’ishlangan anjumandagi chiqishida, jamoatchilik oldida muxtasar tarzda bayon qilib, shu sohaga daxldor mas’ul xodimlardan hanuz mavhumligicha qolayotgan jumboqni hal etib berishlarini iltimos qilgan edi… Ertasi kuni Mas’ud akabilan uchrashuvda, mazkur masalaga oid o’ziga ma’lum tafsilotlarni qog’ozga tushirib, matbuot orqali e’lon etishni maslahat bergan edim. U bunga rozi bo’lgan edi. Ammo natijasini ko’rmadim. Ular qog’ozga  tushganmi-yo’qmi noma’lum. Ehtimol, bu mash’um hodisani qog’ozga tushirish uchun yuragi dov bermagandir. Bu borada, Mas’ud aka ham olamdan o’tdi, o’sha anjumandagi Mas’ud aka nutqini tinglaganlar safi ham tobora kamayib boryapti. Ayni o’sha nutq, aniqrog’i, Mas’ud aka surishtirib bilgan 1938 yil 4 oktyabr tunidagi voqeaga shohid bo’lgan Mirolim Mirkomilov xotira-hikoyasini siz, aziz o’quvchilarga havola qilishni lozim ko’rdim.
O’sha hodisa shohidi Mirolim Mirkomilov – beshikchi usta hamda mirishkor bog’bon Qodiriyning ashaddiy muxlislaridan sanalgan, bir necha bor adibning Samarqand darvozada joylashgan bog’ hovlisidagi gurunglarda ishtirok etib, uning suhbatlarini tinglagan. O’z navbatida, Qodiriy ham bu odamning Bo’zsuv  bo’yidagi bog’ida mehmon bo’lgan. Yozuvchi boshiga tushgan ko’rgiliklarni eshitib, ich-ichidan o’rtanib yurgan kezlari, qarangki, bu sadoqatli zot adibning umri poyoni voqealarining shohidi bo’lgan.
Mirolim Mirkomilov, odatdagidek, yoz oylarini oilasi bilan Bo’zsuv bo’yidagi bog’ida, qish kunlarini esa shahar hovlisida o’tkazardi. 1938 yilning erta kuzida oila a’zolari shahar hovlisiga ko’chib o’tgan, hali meva-chevalar oxirigacha yig’ib olinmaganligi uchun bog’ hovlida tanho o’zi qolgan edi. Tunlar ayoz. Buning ustiga bir haftadirki, bog’ ortidagi jarlikda sodir bo’layotgan tungi notinchliklar unga uyqu bermaydi. Yarim tundan boshlab, dam-badam yangragan o’q ovozlari, o’limga mahkum etilgan sho’rliklarning oh-fig’onlari, ingroqlari, goho kalimai shahodat sadolari qulog’iga chalinadi, bog’bonni bezovta qiladi. Eng so’nggi tun dahshati hammasidan oshib tushadi. Bora-bora bog’ devoriga yaqinlashib, o’n besh-yigirma odim narida qorong’i tunda sodir bo’layotgan qotillik jazavasi poyonida  kutilmagan hodisa ro’y beradi. Birin-ketin qisqa tanaffuslar osha yangragan o’q ovozlari, ingrashlardan so’ng, devor ortidan bog’bon qulog’iga tanish ovoz eshitiladi: “Tatarmisan? Musulmonmisan?” Bog’bon birdan hushyor tortadi. “Bu o’zimizning Qodiriy-ku!” deya, ichdan ovozsiz hayqiradi. (Ehtimol, Qodiriy  komandirning rus tilidagi tatarchaga xos ohangdagi buyruqlaridan uning tatar millatiga mansubligini sezib, shunday savol bergandir?) Shu zahoti, bog’bon orani to’sib turgan paxsa devorga yaqinlashib, devor tirqishidan mo’ralaydi. Tungi g’ira-shirada, bir-biriga ro’para turgan komandir bilan mahbusga ko’zi tushadi. Boyagi savolga javob bo’lmaydi. “Sukut alomati rizo” naqliga amal qilib mahbus so’zida davom etadi: “Komandir o’g’lon! Flyagang bormi?” Yana jimlik. Mahbus endi undan iltijo qiladi: “Xudo haqqi, umrim so’nggida, sendan birgina iltimosim – flyagangni berib tur. Tahorat olib, ikki rakat namoz o’qiy. Bor-yo’g’i besh minut muddat ber…” So’nggi iltijo har qanday tosh yurakni ham eritib yuboradigan ohangda aytilganidan bog’bon o’zini qo’yarga joy topolmay qoladi. Qolaversa, mahbusning tatarcha lafzi, aytgan so’zlari komandirning tosh yuragini yumshatdi, shekilli, mahbus o’tinchini indamaygina baho keltiradi. Asrga teng o’sha fig’onu-iztiroblarga to’la daqiqalar qanday o’tganini bog’bon umrining oxiriga qadar eslab, ezilib yuradi. So’ng yana o’sha tanish, ammo bu gal mardona ovoz eshitiladi: “Otangga rahmat, komandir o’g’lon! Men tayyorman! Buyrug’ingni beraver!” U yog’i nima bo’lganini bog’bon bilmaydi. Birdan yangragan o’q ovozi qulog’ini kar qiladi, o’sha so’nggi o’q o’ziga  tekkanday, esidan og’ib, devor yoniga qulab tushadi. Bir payt o’ziga kelib, ko’z ochib qarasa, tong yorishib qolibdi. Ham tonggi ayozdan, ham boyagi ko’rgiliklar iztirobidan vujudi titrab, arang o’rnidan turadi. Tahorat olib, bomdod namozi poyonida Qur’on tilovat qilib, odatdagidek, bu kecha shahid ketganlar haqiga baxshida etadi.
Shundan so’ng Mirolim Mirkomilov devor oshib, tungi o’zi shohid bo’lgan hodisa joyiga boradi. Boyagina tuproq tortilgan choh chekkasida shahidlardan birining oyoq uchi ochiq qolganiga ko’zi tushadi. Bu esa, so’nggi shahid – Qodiriyning oyog’i ekani ayon. Qotillar tong yorishib qolgani uchun, oxirgi buyruq ijrosidan so’ng, ajal chohiga apil-tapil tuproq tortib juftakni rostlaganlar. Usta – bog’bon darhol ortga qaytib, bog’ hovlisidan ketmon olib chiqadi, yalpi mozor – chog’ga tuproq tortib, uni shibbalaydi. So’ng yakka o’zi janoza o’qib, shahid ketganlar, jumladan, qadrdoni – buyuk adib Qodiriy ruhi poki oldidagi burchini ado etadi.
Keyinchalik, arxiv hujjatlaridan ma’lum bo’ldiki, o’sha mash’um 4 oktyabr tuni Qodiriy qatori Cho’lpon, Fitrat kabi jami o’n sakkizta ziyolilar qatl etilgan. Ehtimol, ularning barchasi, ayni shu Qodiriy jismi poki qulagan chohga dafn qilingandir, o’sha mash’um tunning so’nggi qurboni balki Qodiriy
bo’lgandir, Qodiriyga o’qilgan janoza ularga ham baxshidadir…
Mas’ud aka bularni o’sha mudhish voqea shohidi sakson yoshni qoralab turgan MirolimMirkomilovning og’zidan o’tgan asrning oltmishinchi yillari oxirida eshitgan, kamina esa, Mas’ud akadan eshitganlarimni oradan yigirma uch yil o’tib, ayni shu hodisa sodir bo’lgan 4 oktyabr kuni iztiroblar olovida yonib  qog’ozga tushirdim. Hodisa tafsilotlari og’izdan-og’izga o’tish asnosida, muayyan tahrir-o’zgarishlarga uchrashi, tabiiy. Mas’ud akaning olamdan o’tganiga ham o’n besh yildan oshayapti. Kaminani ham bog’lab qo’ygani yo’q. Ko’zimning tirigida qadrdonim – Mas’ud akaning armon to’la arzi-holini qog’ozga tushirib, Qodiriy muxlislari hukmiga havola qilishni burchim, deb bildim. Mabodo, Mas’ud aka Mirolim Mirkomilovdan eshitgan o’sha mash’um kecha haqidagi xotiralarini vaqtida yozib qoldirgan bo’lsa-yu, u topilib, e’lon etilsa, mening yozganlarim, ehtimol, o’z kuchini yo’qotar. Mening bitiklarimda muayyan saktaliklarga yo’l qo’yilgan bo’lsa, oldindan uzrimni ham aytib qo’yishni lozim ko’rdim.
Pirovardida, o’quvchi e’tiborini yana bir muhim jihatga tortib o’tsam: Mirolim Mirkomilov guvohligida sodir bo’lgan – ham uning qalbini o’rtagan, ham uni lol qoldirgan Qodiriyning baqo bo’sag’asida o’zini tutishi, imon-e’tiqod bobidagi qat’iyati, lo’nda, mardona so’zlash tarzi, 1926 yilgi uning ustidan uyushtirilgan jinoiy ish jarayoni, xususan, “Suddagi nutq” nomi bilan atalgan mashhur hujjat ruhiga to’la mos keladi. O’sha nutqda shunday jumlalar bor: “Men to’g’rilik orqasida bosh ketsa “ih” deydigan yigit emasman… Ko’nglida shamsi g’uboroti, teskarichilik maqsadi bo’lmog’on sodda, go’l, vijdonlik yigitga bu qadar xo’rlikdan o’lim tanqisroqdir. Bir necha shaxslarning orzusicha ma’naviy o’lim bilan o’ldirildim. Endi, jismoniy o’lim menga qo’rqinch emasdir”.
Bu beqiyos jasur siymoning oradan o’n ikki yil o’tib, raqiblari qarshisida: “Men – tayyorman. Buyrug’ingni beraver!” deya ko’ksini o’qqa tutib berishi, kishida zarracha shubha tug’dirmaydi, aksincha, adib tabiatiga xos ayni haqiqatni yana bir karra tasdiqlaydi.

Manba: «Sharq yulduzi» jurnali,2013 yil,1-son

(Tashriflar: umumiy 170, bugungi 1)

2 izoh

  1. Xurshid Davron
    ҚОДИРИЙНИ ЎҚИБ

    Йиллар ўтиб борса-да, ҳамон
    Қумсаб-қумсаб ўқиймиз сизни.
    Сиз бамисли зангори осмон,
    Биз қумсаймиз осмонимизни.
    Олис, чаъир тошли йўллардан
    Отда елиб ўтамиз бирга,
    Айлантириб Кумушнинг оддий
    Сўзларини бокира шеърга.

    Яна ортга қайтамиз кейин,
    Келажакка боқамиз мафтун.
    Нимадандир ичикиб, қийин
    Ўйлар ичра қоламиз беун.

    Кейин яна уў деразасин
    Очган каби соф ҳаволарга,
    Бо«риққан, дим уй деразасин
    Очган каби шўх наволарга-

    Туйиб дилда масъум унларни,
    Титраб-титраб дил ларзасидан,
    Биз очамиз «Ўтган кунлар»ни
    Юрагимиз деразасидай.

  2. Juda achchiq bo’lsa ham shuni aytish kerakki bizning millat ziyoga erishmaguncha bunday kunlar boshimizdan uzoqqa ketmaydiganday va yana juda achchig’i shuki millatimizda bag’rikenglik bn bag’ritoshlik tarozosz tengday, demoqchi bo’lganim shunday buyuklarni o’z millatimizdagilar «orqasidan otishgan» harholda. Aynan o’sha davrdagi bu buyuklarning orzulari amalga oshmay qolgani ayanchliidir chunki ularda millatni xalq darajasiga ko’tara oladigan potensial bor bo’lgan shuning uchun kurashishgan.Achinib ketasan odam juda juda ayanchli taqdirlar O’zbekning zulmat ichida qolgan tarixiy kunlari yoritilishi ham dargumon tarihi.

Izoh qoldiring