Umid Bekmuhammad. Davr farzandi

02320 май — Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Сарвар Азимов таваллуд топган кун

   Сарвар Азимов эслашга арзигулик давлат арбобигина эмас, жуда кўп замондошлари, шу жумладан унинг меҳру муруватини кўрган 70-80 йилларда адабиётга кириб келган авлод ёзувчиларигача тан олган катта инсон эди.

Умид БЕКМУҲАММАД
ДАВР ФАРЗАНДИ
021

01Тарихимизга назар солсак ўтмишнинг турли даврларида, шунингдек яқин ўтмишимизда ҳам ўз истеъдоди, ташкилотчилиги билан халқаро майдонда катта обрў-эътибор қозонган ШАХСлар кўп бўлганига амин бўламиз. Ана шундай шахслардан бири таниқли давлат арбоби, моҳир дипломат, адиб,драматург, олим ва ҳаёти давомида кўпгина эзгу ишлари билан Ватанимиз тарихида муҳим ўрин тутган Сарвар Азимов эди.

Таниқли шоир Мирзо Кенжабек хотирлаганларидек “ Ўтмиш даври адиб ва арбобларини эслаганда уларнинг фаолиятини ўз замонаси нуқтаи назаридан баҳоласак, дуруст бўлади. Сарвар Азимов ХХ аср ўзбек халқи тарихида алоҳида мавқега эга бўлган йирик шахсдир”.

Сарвар Азимов атоқли шоир Ҳамид Олимжоннинг укаси бўлиб 1923 йил 20 майда Жиззахда туғилганди. Марҳум адабиётшунос , Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов ёзишича, “унинг Азим гувурга ўхшаган кўпни кўрган донишманд бобоси бўлган, онаси Комила ая эса ўзининг меҳрибонлиги ва ғамхўрлиги билан фарзандларининг улғайишида чуқур из қолдирган. Бу оила халқимизга Ҳамид Олимжондек сара ижодкорни берган. Сарвар ака Ҳамиднинг туғишган укаси эди, тўғри, она бир, ота бошқа эди. Ҳамиднинг отаси тасодифан дарахтдан йиқилиб ҳалок бўлади.Комила ая жўжабирдай фарзандлари билан бева қолади. Азим бобо бошлиқ оила катталари маслаҳатлашиб, Комила аянинг ҳам розилигини олиб, уни Олимжоннинг укаси, Азим бобонинг яна бир ўғли Аҳмаджонга беришади. Шундан кейин дунёга Роҳат, Сарвар, Сабоҳат ва Муҳаббатлар келишади” (“Ижодни англаш бахти” китоби, Т, 2004 йил 455 бет).

Жиззахликлар шунингдек Азим гувурнинг ижодга қизиқиб шеърлар ҳам ёзгани, машҳур Фозил бахши билан дўст тутинганини хотирлашади. Бундан ташқари Азим гувур 1916 йилда мардикорликка сафарбар қилиниб Россиянинг Пенза губерниясида хизмат қилгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Болалигидан оилада илмга, китобга ҳавас руҳида камол топган Сарвар ўз таржимаи ҳолида “ Мен ўқишдан, китоб кўришдан қайтган бола бўлмадим. Шўхлигим ўзимга яраша.Ўйнаб чарчамасдим.Тошкентдай катта шаҳарда ( Ҳамид Олимжон Тошкентда Зулфияхонимга уйлангач аяси ва укаларини ҳам пойтахтга кўчиртириб келган, Сарвар ҳам шу тарзда Жиззахдаги мактаб таҳсилини Тошкентга кўчириб, пойтахтда ўқиганди-У.Б.)эса қишлоқ боласини чалғитадиган нарсалар етиб ортарди. Лекин ўқиш меним тиниқ ҳавасим эди. Мураббийларимиздан бирининг “бу бола ўқишни, ўқиш бу болани яхши кўради” дегани ҳалиям эсимда.Балки ҳазил устида айтилган гапдир бу. Ёки? ..Ким билсин.Мен учун яна бир муҳим мактаб Ҳамид Олимжоннинг саралаб йиғилган, адабиёт ва санъат асарларига чунон бой кутубхонаси бўлди. Унинг ичидан чиқмасам дердим, ҳатто аямлар буюрган иш ҳам малол келарди”, дея ёзиб ўтганди. Ана шундай илмга ҳавас руҳида камол топганидан у Ўрта Осиё Давлат Университетида таҳсил олади. Маълумки унинг ўқиш даври 2 жаҳон уруши пайти ва ундан сўнгги оғир давр-1942-46 йилларга тўғри келди.

Маълумки, уруш даврида Москва ва Ленинграддан А.Якубовский, Е.Бертельс, В.Жирмунский,Д.Благой, Б.Мейлах, А.Боровков сингари кўплаб олимлар Тошкентга келиб университетда талабаларга маъруза ўқишар, ижодий-илмий жамоатчилик орасида турли тадбирлар ўтказиб туришарди. Озод Шарофиддиновнинг ёзганидек, “бундай сарбаланд олимлар ёнида юриб, улардан таҳсил олиб, “мулла” бўлмасликнинг иложи йўқ эди. Айни ўша кезларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб турадиган адабий кечалар, баҳс-мунозаралар, янги асарлар муҳокамалари, у ёки бу ёзувчининг ижодий кечалари ҳам Сарвар Азимов учун иккинчи дорилфунун бўлган эди. Уларнинг биронтасини канда қилмайдиган Сарвар Азимов шу тарзда адабиёт дошқозонида обдан қайнади”.

Афсуски 1944 йил 2 июлда Ҳамид Олимжон укасининг интилишларидан умидвор бўлиб, унинг келажагини кўролмай вафот этиб кетади..

Сарвар бу машъум воқеадан қанчалик ўкинмасин, олдга қўйган режаси томон интилиб аспирантурада таҳсил олади ва Ҳамид Олимжон ижоди бўйича тадқиқот ишлари олиб бориб номзодлик ишини муваффақиятли ёқлайди. Сўнгра 1948-55 йиллари ЎЗФА тил ва адабиёт институтида илмий ходим, бўлим бошлиғи, директор ўринбосари,1955-56 йилларда Марказқўмда фан ва маданият бўлим мудири, 1956-57 йиллари Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби, 1957-59 йиллари Ўзбекистон маданият министри, 1959-69 йиллари Ўзбекистон министрлар кенгаши раисининг ўринбосари, республика ташқи министри, 1969-74 йиллари собиқ иттифоқнинг Ливандаги, 1974-80 йилларда Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, 1980 -88 йиллари яна Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби, 1988-91 йиллари республика ташқи ишлар министри, 1990-91 йиллари республика Президенти Кенгашининг аъзоси сифатида фаолият кўрсатади.

Сарвар Азимов адабиёт институтидаги фаолияти даврида мактаблар учун Ўзбек адабиётидан дарсликлар яратишга бош бўлади. Озод Шарафиддиновнинг хотирлашича, “ ўша пайтда кўп йиллардан бери мактабларда ўзбек адабиёти тайинли дастурсиз ва ҳеч қандай дарсликсиз ўқитилар эди. Ўқитувчиларнинг умри материал қидириш билан ўтарди.Қаердаки адабиёт тўғрисида, ёзувчи ҳақида шапалоқдек материал чиққан бўлса, уни қидириб топиб, чатиб-ямаб, олақуроқ ҳолга келтиришар ва ҳар ким ўзбек адабиётини билганича ўқитарди.”. Ана шундай ҳолатда Сарвар ака ўзи ибрат бўлиб мактаблар учун дарслик яратади.

Маълумки урушдан кейинги йилларда адабиётдаги жараён, қолаверса бутун жамоатчилик ВКП(б) Марказий Комитетининг “Ленинград” ва “Звезда” журналлари ва бошқа мафкуравий қарорлари таъсирида эди. Ана шундай шароитда дарслик яратишнинг ўзи бўлмасди албатта. Бунақа вазиятда, хусусан адабиётшуносликнинг ўзи тетапоя даврини бошдан кечираётган, унинг метеологик асослари шаклланаётган босқичда дарслик яратиш нақадар заҳматли эди.Шу боис ҳозирги нигоҳ билан қараганда ўша давр дарсликларида камчиликлар яққол кўзга ташланиши мумкин. Бироқ улар кейинчалик баркамол дарсликлар юзага келишига асос, замин бўлиб хизмат қилгани аниқ.

1956-57 йиллардаги Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик даврида, шахсга сиғиниш йиллари қатағонга учраб қамоқдан келган кўплаб адибларнинг оқланиши, уларга шароит яратиб бериш, асарларини чоп этдиришгаям бош бўлади.

Мирзо Кенжабекнинг ёзишича, “ Сарвар Азимов мард ва халқпарвар одам эди. Камина Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳратнинг қамоқдаги ҳаётини ўз оғзидан ёзиб олганман ва беғараз котиб сифатида “Озод қалб” деган китоб тасниф этганман. Адибнинг қамоқдан қайтгандан кейинги даврда Сарвар Азимов раҳбарлиги (1957-1958) билан боғлиқ ажиб хотираси бор. Шуҳрат айтади: “(1958 йил) сентябр ўрталарида Ёзувчилар уюшмаси раиси Сарвар Азимов мени йўқлаб, одам жўнатди. Бордим. “Уюшмага ишга келинг”, – деди. “Кимнинг ўрнига?” – дедим. “Ҳеч кимнинг ўрнига эмас”, – деди. Дарров рози бўлдим. Бировнинг ўрнига бўлса, бормоқчи эмасдим (Чунки биров ноҳақ равишда ишга олинган бўлса, адиб унинг ўрнига ишга бориб қолишдан ҳазар қилган.) Шу пайт Анна Андреевна деган котиба аёл мени чақириб, ариза ёздириб олди. Раис: “16-сентябрдан ишга олинсин” деб имзо қўйди. Адабий маслаҳатчи бўлиб ишлай бошладим”.

Қамоқдан чиқиб келган бир кишини ишга олиш ҳар қайси даврда ҳам осон эмас. Сарвар Азимов бу борада бошқа мардликлар ҳам кўрсатганини адиблар билишади.

Истибдод қатағонига учраган бир қанча ўзбек адиблари қатори Абдулла Қодирийнинг ҳам номи оқланганидан кейин “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” асарлари Сарвар Азимов таҳрири остида нашр этилди. Ошкоралик ва истиқлол даврлари келгач, унинг таҳририни танқид қилувчилар топилиб қолди. Ҳолбуки, муҳаррир шу асарлар халққа етсин деб баъзи жойларини бир оз қисқартирган, кўҳна нутқини бир оз соддалаштирган, шу билан Абдулла Қодирийга тақалган сиёсий айблар ноўрин эканини исботламоқчи бўлган. Абдулла Қодирий асарларини ўз миллатига етказиш танқидга лойиқ иш эмас, балки ўз даврига нисбатан жасорат ва матонат намунаси эди деб баҳоланса, виждонга мувофиқ иш бўлади. Ўшанда Сарвар Азимов оғир масъулиятни ўз зиммасига олганини тушуниш керак”.

Шу билан бирга 1957 йилда илк бора халқаро тадбир-Осиё ва Африка ёзувчиларининг биринчи конференцияси очилишида ўзининг катта ташкилотчилик қобилиятини кўрсатади. Қисқа фурсат ичида Москвадаги ижодий ташкилотлар, ташқи ишлар вазирлиги орқали конференцияга қатнашувчиларни аниқлаш, шу давлатлар ижодкорлари асарларини ўзбекчага таржима қилдиришга бош бўлади. Энг асосийси 1957 йилда Чилонзор мавзесида қурилган уйлардан ёзувчилар учун 30га яқин квартира ажратиб олдиришга эришади.

1957-59 йиллардаги маданият министри сифатидаги фаолиятида олис туман, чекка қишлоқларда маданият уйлари, кутубхоналар, мусиқий ансамблларнинг ташкил этилиши, Москвада бўлиб ўтган Жаҳон ёшлар фестивали намунали бўлиб ўтишига ўз ҳиссасини қўшади.

1959-69 йиллардаги ўн йиллик ташқи ишлар министри даврида БМТ ва бошқа халқаро минбарлардан нутқ сўзлайди, халқаро ташкилотлар билан ишлаш тажрибасини бойитади ва сўнгра 11 йил Ливан,Покистон давлатларида элчи сифатида ишлаш даражасига эришади.

Россиядаги “Международная жизнь” интернет нашрида қаҳрамонимизнинг дипломатлик фаолиятидан яхшигина хабардор Михаил Цвигун Ливандаги, Игор Халевинский Сарвар Азимовнинг Покистондаги фаолияти, ушбу давлат раҳбарлари билан дўстона алоқалари ҳақида мисоллар билан сўз юритишганидан билса бўладики, у ўз даврининг нуфузли шахсларидан бири бўлган.

Михаил Цвигуннинг хотирлашича “Сарвар Азимов 1969-74 йилларда Ливанда элчи бўла туриб, моҳир дипломат эканлигини ўз фаолиятида яна бир маротаба исботлади. Ўша йиллари Ливан йирик диний молиявий савдо маркази ва кўп давлатларнинг разведка фаолияти маркази сифатида донг таратганди. Ушбу кичик араб мамлакатига Азимовнинг элчи сифатида тайинланиши яқин шарқдаги воқеаларнинг кескинлашуви ва СССРнинг араб дунёсида сиёсий фаоллашуви билан бир вақтда мос келдики, бу элчидан юксак даражада бор кучини сарф қилишни талаб қилди. Байрутга келганидан Бор йўғи икки ой ўтгач Азимов мушкул айёрона ички сиёсий вазиятларни ич-ичигача тушуна олди.

У дарҳол, зудлик билан Ливан президенти Ш.Хелу ,кейинчалик ундан кейинги президент С.Франже , бўлғуси бош вазир Р.Караме, кўплаб вазирлар ва парламент депутатлари, барча сиёсий партия ва жамоат, диний дунёвий ташкилот раҳбарлари билан ҳам билан яхши муносабатларни йўлга қўйди. Азимов қандайдир оҳанграболи қобилияти билан, ҳаттоки бир қутбли сиёсий ва мафкуравий дунёқарашли одамларни ҳам ўзига тортган. У ўзининг суҳбатдошини тоқат билан эшита олган, кейин қуйидаги сўз билан бошлаб ўзининг тутган йўлини тушунтиришга ўтган:” Сиз тўғри пайқаганингиздек…” Бундай суҳбатларнинг охири янги дўстнинг қозонилиши ва одамнинг мамлакатимизга бўлган муносабатини ўзгариши билан тугаган”.

Ҳа, Ливан ва Покистондаги элчилик фаолияти давомида Сарвар Азимов ўзининг моҳир дипломат эканлигини кўп маротаба исботлаб берган ва шу боис дунё даражасидаги машҳур арбоб-СССР ташқи ишлар министри А.А.Громико уни самимий ҳурмат қилган.

Айни пайтда табиатан босиқ, вазмин Сарвар Азимов илмий фаолиятини ҳам давом этдириб, филология фанлари доктори даражасига, профессор унвонига ҳам эга бўлади.Озод Шарафиддинов қаҳрамонимизнинг докторлик ишини ёқлаган ҳолатни шундай тасвирлаб ўтадики, бунда ҳам ибратли воқелик бор: “ Сарвар Азимовнинг бир ажойиб хислати бор эди-у албатта, эл қатори, ҳаммага ўхшаган, ҳаммага ўхшаб умргузаронлик қиладиган, оиласи, бола-чақа ташвиши билан яшайдиган одам эди. Айни чоғда у ҳаммага ўхшамасликка, ҳамма ишда ўз йўлидан боришга, ўзига хос қиёфасини йўқотиб қўймасликка ҳаракат қиларди. Ҳарҳолда, унинг эътиқодига мос келадиган, синалган яшаш принциплари бор эдики, баъзан одамларнинг таъна-дашномларига дуч келсада уларга оғишмай амал қиларди.

Сарвар аканинг докторлик ҳимояси Гоголь кўчасидаги 70-уйда-Фанлар академиясининг конференц залида бўлди. Ўша куни кенггина зал йиғилганларни сиғдира олмади. Одамлар ичида олимлар ҳам, шунчаки томошаталаблар ҳам кўп эди. Яширишга ҳожат йўқ-меҳмонлар ичида зиёфат иштиёқида келганлари ҳам етарли эди. Гап шундаки, ўша кезларда диссертация ҳимоясидан кейин дастурхон ёзиш, банкет қилиш, олим бўлганини “ювиш” борган сари чуқур томир ёймоқда эди. Ўзбекнинг табиатида борми-билмадим-ҳар ҳолда ,бу борада ҳам мусобақалашиш, ҳаммадан олдинда бўлиш авж олганди.Оқибатда, баъзи банкетларда 200-300 киши иштирок этадиган, карнай-сурнайларнинг ғат-ғути тинмайдиган росмана тўйдай ўтарди. Одамлар “фалончининг диссертациясида нима янгилик бор экан?” деб сўрашмас, “ҳимоядан кейин дастурхон қандоқ бўлди?” деб сўрашарди. Албатта олий рутбалик олимнинг дастурхонидан баҳраманд бўлиш ҳар куни ҳам насиб бўлаверадиган иш эмас. Ахир, бунақа дастурхоннинг тавсифи таърифга сиғмайди-унда қўзиқориндан тортиб, осетра балиғигача, Франциядан келтирилган винолардан тортиб, Америка вискиси ва арман коньякларигача ҳаммаси муҳайё…

Биз кекса адабиётшунос Порсохон ака Шамсиев билан ёнма-ён ўтириб, ҳимоядаги гапларни чала-чарим тинглаб, олимларнинг эзмалигидан ранжиб ўтирибмиз. Баъзан ҳадемай ёзилажак дастурхоннинг ноёб ва тасиқ таомларини шивирлашиб гаплашиб, бир-биримизнинг иштаҳамизни қитиқлаб қўямиз. Ниҳоят, ҳимоя тугади, ҳисоб комиссияси овоз бериш якунларини эълон қилди, кенгаш раиси диссертанни табриклади, диссертант миннатдорчилик билдирди. Мана, ҳозир у камтарлик билан ерга қараб туриб, “энди ҳамманглар, марҳамат, бир пиёла чойимизни баҳам кўрасиз” деб илтижо қилади. Лекин диссертант негадир одамларни таклиф қилишга ошиқмаяпти. У стол устидаги қоғозларини йиғиштириб, папкасига жойлади-да, аста ўрнидан туриб, бир-икки одам билан хайр-маъзур қилиб чиқди-кетди. Зиёфат дардида келганлар оғизлари очилганча қолишаверди. Порсохон ака билан икковимиз ҳам бир-биримизга тикилиб, сўлакларимизни ютганимизча қолавердик. Кейин Порсохон ака “Ҳе,ўша..” деган маълум сўзлар билан воқеага муносабатини билдирди. Сўнг икковимиз ҳам чўнтакларни қоқиштириб, бор пулимизни санаб кўрдик-да, яқин ўртадаги ресторанга йўл олдик…
Сарвар Азимов эса аллақачон эскириб, бачкана бўлиб қолган, ҳақиқий зиёлиларга сира ярашмайдиган ,мечкайлик байрамидан ўзга нарса бўлмаган одатдан устун туришини, бу масалада одамларнинг гап-сўзлари-ю, ғийбатларидан мутлақо чўчимаслигини намойиш қилиб чиқиб кетганича, гўё ҳеч нарса бўлмагандек ўз фаолиятини давом эттираверди”.

Адабий-илмий фаолияти давомида эса ҳикоя ва қиссалар, киносценарийлар, рисолалар ёзди.Шу билан бирга масъулиятли раҳбарлик ишларини ҳам уддалади.

Шоир Муҳтарама Улуғ Зулфияхоним ижодига бағишланган “Муҳаббат саройида мангу қолганлар” рисоласида “Сарвар Олимжонович уюшмага раис сифатида шоир ва адиблар ижодига, ҳаётига эътиборли ғамхўр бўлган. У киши ҳам худди акалари каби ўзига ва ўзгаларга ўта талабчан , кўриниши салобатли, камсуқум бўлиб, қисқа, мазмунли гапирган”, дея фикр юритгандилар.

Ана шу раҳбарлик йиллари давомида у ташкилотчилик қобилияти, қаътиятлилиги, ғоятда маданиятлилиги, вақтнинг қадрига етишдек ноёб фазилатлари билан ўзгаларга ибрат бўлади. Бу ҳолатни Озод Шарафиддинов шундай шарҳлаб ўтгандилар: “Сарвар Азимов умри давомида ҳар хил масъулиятли лавозимларда ишлади ва қаерда ишламасин, ўзининг раҳбарлик санъатида ноёб хислатларга эга эканини намойиш қилди. Унинг ташкилотчилик қобилияти ҳам зўр эди. Сарвар Азимов талабчан, бир сўзли, қаттиққўл одам бўлган.Теварагида ҳамиша қаътий тартиб бўлишини, ҳамма ишлар саришта бўлмоғини талаб қилган. Айни чоғда у одамларга яхшилик қилишни ҳаётининг асосий шиори қилиб олган эди. Ҳар ҳолда, мен уни таниган ва билган одамлардан Сарвар ака тўғрисида шикоятомуз гаплар эшитмаганман.Тўғри, баъзи бир ёзувчилар билан унинг ўртасида анча кескин баҳслар бўлганидан, унинг юзига қаттиқ-қаттиқ гаплар айтилганидан хабарим бор.Лекин булар ўткинчи гаплар эди. Яхлит олганда эса у ўз фаолияти билан янги ўзбек адабиёти тарихида чуқур из қолдирди. Ана шу ҳар томонлама, иқтидорли ва истеъдодли инсоннинг умр йўлини ўйласам, бир нарсага ҳайрон қоламан, ҳатто шундай одамнинг ҳаёти ҳам фақат ғалабалардан, кўтарилишлардан иборат бўлган эмас, муайян ишлари, муайян хизматлари учун у мукофотлар ҳам олган, албатта, лекин одамларнинг бир оғиз мададига муҳтож бўлган кезларда, уларнинг биронтасидан уни ёқловчи сўз эшита олмай, изтиробга ҳам тушган”.

Хўш, раҳматлик Озод акадек мунаққид тан берган Сарвар Азимовнинг умр йўлларидаги қайғули, “ баъзи бир ёзувчилар билан унинг ўртасида анча кескин баҳслар бўлганидан, унинг юзига қаттиқ-қаттиқ гаплар айтилган” ҳолат қандай бўлганди?

Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ Ёзувчиси Тоҳир Малик шундай фикрда: “Сарвар ака юқори мартабаларда ишлаганлари учунми, ички тартиб-қоидаларни ҳам шу даражада бўлишини талаб қилганлар.Шулардан бири-у кишининг қабулхоналарига етиб бориш қийинроқ эди.Бу ҳол халқ орасида “бюрократлик” деб аталиб қораланарди. Тўғри, раиснинг хонасига ҳамма ҳам киравермасди. Ўринбосарлар ҳал қиладиган масалалар бўлса, уларнинг қабулига юбориларди. Раис кўпчилик учун хизмат қилардилар, ишлари кўп эди. Москвага ва хорижга сафарлари ҳам кўп бўларди.Номи улуғ ёзувчилар зарур юмушлари бўлса-бўлмаса раис ҳузурига кириб, соатлаб гап сотардилар.Ёзувчилар уюшмасидаги мажлислар камлик қилгандай, Марказқўм ва бошқа расмий идоралардаги йиғилишларга боришлари шарт эди.Бундай ҳолат Комил Яшин даврида ҳам мавжуд эди. Лекин нима учундир баъзилар ўтган кунларни унутиб, янги раисдан норози бўлардилар.

Бир куни “Шарқ юлдузи”даги хонамда ўтирганимда Ҳабибулла Қодирий кириб келдилар. Машқлари сал пастроқлиги сезилиб турибди. Билсам, Сарвар Азимов банд эканлар, қабул қилмабдилар. Ўринбосарга учрашишлари лозимлигини айтибдилар. Бунақа ҳолат ҳамма идораларда учрайди. Агар мақсад бир маслани ҳал этиш бўлса, бошлиққа ёки ўринбосарга учрашиш аҳамиятсиз гап. Муҳими-маслани ҳал этиш.Бироқ, улуғ устознинг ҳурмати инобатга олинса, Ҳабибулла ака учун 2-3 дақиқа вақт ажратиб, гапларини эшитсалар ҳам бўларди.Сўнг: “бу ташвишларингизни муовиним ҳал қилиб беради, ишнинг боришини ўзим назорат қилиб тураман”, десалар янада олам гулистон эди. Лекин, айтганимдай, юқори идораларда ишлаганларининг ҳавоси сезилиб қоларди …” (“Ёзувчининг бахти ва бахтсизлиги” ( Т,”Шарқ-зиё-заковат” нашриёти, 2017 йил).

Озод Шарафиддинов ҳам Сарвар аканинг уюшмадаги раҳбарлик фаолиятини шундай ёритиб ўтгандилар: “ у уюшмага келгач, ишни қаътий тартиб интизом ўрнатишдан бошлади. Уюшмада ишлайдиган ҳар бир ходим, ҳар қайси маслаҳатчи ўз вазифасини сидқидилдан бажармоғи керак эди. Ёзувчилар уюшмаси бекорхўжалар саланглаб юрадиган, гап сотиб валақлашиб ўтирадиган кўнгилочар гузар эмас.Бошқалардан талаб қилмоқ учун раҳбар, аввало, ўзига талабчан бўлмоғи керак. У ишини шундай уюштирдики, келгандан кейин унинг бирор дақиқа ҳам бекорчи вақти бўлмас эди. У ҳатто ёзувчиларни қабул қиладиган вақтини ҳам аниқ режалаштириб қўйди ва бунга қаътий амал қилди. Котибият мажлислари, секцияларнинг ишлари ҳам қаътий режа асосида ўтказиладиган бўлди”.

Озод ака ва Тоҳир акаларнинг хотиралари Сарвар Азимовнинг уюшмага иккинчи раҳбарлик йиллари-1980-88 йиллардаги фаолияти ҳақида.Ҳа, ВАҚТнинг қадрига, қаътий тартиб интизомга ҳамма риоя қилиши керак…

Ҳурматли адибимиз Тоҳир Маликнинг “Ёзувчининг бахти ва бахтсизлиги” ( Т,”Шарқ-зиё-заковат” нашриёти, 2017 йил)китобида Сарвар Азимовнинг Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига тайинланиши, раҳбар сифатида қилган эзгу ишлари ҳақида тўхталиб ўтилган:

“Ўзбеклардан чиққан Фавқулодда ва мухтор элчилар орасида Нуриддин Муҳиддинов билан Сарвар Азимовнинг обрўйи зиёлилар орасида баланд эди. Сарвар Азимов Ўзбекистон ташқи ишлар министри лавозимида БМТ минбаридан нутқ сўзларида ҳамма фахрланганди. 1956 йили Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасини бошқарган кезларидаги фазилатларини катта авлод унутмаганди…” ( Ҳатто ҳозиржавоб шоирлардан Рамз Бобожон, Туроб Тўлалар Сарвар Азимовнинг БМТдан нутқ сўзлаганига бағишлаб шеърлар ёзишган-У.Б.).

“Сарвар ака иш бошлаган дастлабки кунлариданоқ Ёзувчилар уюшмаси мавқеини кўтариш ҳаракатини бошладилар. Қарангки, 2-3 миллион аҳолиси бор Гуржистон ёзувчилар уюшмасининг аъзолари мингдан ортиқ, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзолари эса 400га етмас экан. Албатта, бадиий адабиётнинг салмоғини уюшма аъзоларининг сони белгиламайди. Ҳазрат Навоий даврларида уюшма ҳам, аъзолари ҳам бўлмаган.Лекин Совет тузуми даврида ёзувчиларга яхши шароит яратиб берилиши учун аъзолар сонининг аҳамияти бор экан. Шуни эътиборга олиб, вилоятларда уюшманинг кўчма мажлислари ўтказилиб, унда кўплаб ёшлар аъзоликка қабул қилиндилар. Ҳатто, китоблари чиқмаган, аммо умидли ёшларни ҳам қабул қилишди.Бу ҳаракат эътиборли ёзувчилар томонидан танқид ҳам қилинди ва танқидда жон бор эди.Ёшлар умидли, аммо барчаларини қобилиятли деб бўлмасди. Чўғ бор эди, аммо бироқ ҳар қандай чўғ ҳам аланга олавермайди. Танқидларга қарамай, уюшма аъзолари сони кескин кўпайди..Шунга қараб Москвадан талаб қилиб олинадиган нарсалар ҳам ошди.Биринчи галда уюшмада ишловчи адабий маслаҳатчилар сони ошди, вилоятлардаги бўлимлар фаолияти яхшиланди.Ҳар йили декабр ойцида бериладиган 10 та “Москвич” автомашинаси ўрнига “Жигули” берила бошланди. Москвага бориб машина ҳайдаб келиш машаққати тугатилди. Йиллар давомида автомашина олиш учун навбатда туриш ҳам барҳам топди. Бошқа идораларда бу навбат рўйхатига ёзилган одам 4-5 йилда ниятига етарди.Ёзувчилар уюшмасида эса “кимга машина, кимга гилам керак?” деб сўрайдиган бўлишди. Тошкентнинг Дархон аталмиш жойида олимлар учун шинам уйлар қурилган эди, шунинг бир қаноти ёзувчиларга берилди. Хуллас, Ёзувчилар уюшмаси катта вазирлик имтиёзларига эга бўлди”.

Тоҳир Малик шу тариқа айнан Сарвар Азимов “Ўткан кунлар” романининг 1957 йилда қайтадан нашр этилишига,бу борада кўплаб қаршиликларни енгиб чиқишига тўғри келганини, “Ёшлик”журналини ташкил этишга бош-қош бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтадилар.

Шу билан бирга Тоҳир ака 1981 йил августида Латвияга боргани,ўша ерда Сарвар ака билан бемалол суҳбатлашишга имконият туғилгани ҳақида ҳам сўз юритадилар.Ригага қилинган биргаликдаги сайр давомида шоир Ян Райнис қабрини зиёрат қилишганини шундай хотирлайди: “қабристондаги энг катта ҳайкал Латвиянинг буюк шоири Ян Райнис қабрига қўйилган.Биздаги каби шоирнинг қиёфаси акс этмаган, балки денгиз тўлқинларидан кўтарилаётган, уйғонаётган йигит кўринади. Бу миллатнинг уйғонишига ишора эди. Шоирнинг қиёфасига эмас,юрак дардига, юрак орзусига қўйилган ҳайкал! Айтишларича, бу ва шаҳар марказидаги озодлик ҳайкалидан сўнг ҳайкалтарош бошқа ишга қўл урмаган экан.

Ян Райнисга қўйилган ҳайкал Сарвар акага ҳам таъсир қилган экан,кечки пайт шу ҳақда гаплашиб ўтириб, “Бизнинг ёзувчиларимизга нима бўлган, а?” деб қолдилар. Саволга тушунмадим, нима деб жавоб беришни билмай турганимда ўзлари мушкулимни осон қилдилар:

— Бир-бирларини тинмай ғийбат қиладилар. Ғийбат ҳамма ерда бор, бунга ажабланмайман.Лекин ёзувчиларникига чидаш қийин…Икки ёзувчи ёшликдан дўст.Мартабасида ҳам, унвону мукофотларида ҳам бир-биридан кам жойи йўқ. Дўстликларини мустаҳкамлаш учун ҳатто қуда бўлганлар. Биттаси кириб, “шу довдирни ишдан олиб яхши қилдингиз”, деса, иккинчиси “Бу аблаҳ нашриётдаги ўйнашларига тўймай,энди меним қизимга шилқимлик қилаяпти”, деса! Ўйнаш ҳақидаги гапларни эшитгандим, лекин ўз келинига шилқимлик қилиши, яна бу гапни қизнинг отасидан эшитиш мени ларзага солди.Шилқим қайнотани Худо урган бўлса, қизнинг отаси бу шармандали гапни бегона одамга қайси ҳаё билан айтаяпти? Шилқимлик чин бўлса ҳам ота дардини ичига ютиб юрмайдими?..”

Ҳа, Сарвар Азимов иккинчи бора уюшмага раҳбарлик қилган даврда ҳолат шундай нохуш вазиятга тушиб қолганди.

Сарвар Азимов иккинчи бор уюшмага раҳбарлик қилган даврида Мунис Хоразмийнинг 200 йиллик таваллуд айёмини нишонлаш, ушбу санага бағишлаб тўла асарларини нашр этиш ташаббусини ҳам кўтарадилао.Афсуски, республика Фанлар академиясининг баъзи олимлари “Мунис сарой шоири бўлган, Хива хонларининг тарихчиси бўлган “ деган иддаолар билан ташаббусни бўғишга интиладилар. Шунда Савар ака Шароф Рашидовга мурожаат қилгачгина муаммо ҳал бўлиб юбилей тантаналари ўтказилади.

Озод Шарафиддинов ҳам бу йиллардаги серғалва воқеликларни эслаб, машъум 16 пленумдаги Шароф Рашидовни қоралаш компаниясида фақат Сарвар Азимовгина жасорат билан ҳақиқатни баралла айтганини эслайди:

— …16 пленумда танқид ҳар қандай чегарадан чиқиб кетди, бунинг учун унинг ҳар қандай ижобий томонларини исботсиз-далилсиз рад қилиш йўлини тутдилар. Ўзбекнинг яқин ўтмишдаги атоқли арбобига нисбатан жуда катта адолатсизликка йўл қўйилди. Бундай муносабат ўзбек халқининг шаънига ҳам ярашмайдиган бир иш эди. Энг ёмони шу бўлдики, зални тўлдириб ўтирган одамларнинг ҳаммаси Шароф Рашидовни кўрган, шахсан танийдиган, унинг яхшиликларидан баҳраманд бўлган, ҳаётлигида унинг соясига кўрпача ёзиб юрган одамлар эди. Рашидов шаънига ёғдирилган бўҳтонларни кимдир ачиниш ва таассуф туйғуси билан, кимдир лоқайдлик билан, лекин ҳаммалари қўйдай юввошлик билан индамай ўтириб эшитишди ва қарсаклар билан қўллаб-қувватлашди ҳам. Фақат бир одамгина бу шармандалик тавқи ланъатини бошқалар билан баҳам кўришга ундади. У сўз олиб, минбардан туриб, Шароф Рашидовга бунақа бир ёқлама муносабатни кескин қоралади. Унинг нутқи Рашидовни фош қилишдек ношойиста ишга бош-қош бўлганларнинг юзига урилган қаҳрли тарсаки бўлди. Қизиқ, Сарвар Азимов ўша куни минбарда туриб сўзлаётганда яқин ўртада шунга ўхшаш бошқа бир пленумда ўзи ҳам Шароф Рашидовнинг аҳволига тушажагини ўйлаганмикан, унинг устидан куракда турмайдиган бўҳтонлар сели қуйилганда, унга нисбатан ҳам ўта адолатсизлик қилинганда ҳеч ким ўрнидан туриб, уни ёқлайдиган бирон оғиз ширин гап айтмаслигини хаёлига келтирганмикан? Билмадим… Ҳар ҳолда ,ўшанда Сарвар Азимовнинг минбардан туриб айтилган қиличдан ҳам ўткир рост гаплари бир қатор мутасаддиларни тўнини тескари кийиб олишга ундади ва улар Азимовга қарши ялпи ҳужум бошлаш учун баҳона излай бошладилар”.

Хуллас, мафкура бўйича номи чиққан котиба Сарвар акага қарши турли бўҳтонларни уюштиради.

Ўша вақтда ёзувчи Саъдулла Кароматовнинг “Олтин қум” романи босилиб чиққан бўлиб, бадиий асарда геологлар ҳаёти ёритилган, вилоят партия қўмитасининг котиби эса танқидий руҳда тасвирланганди. Табиийки, мафкуравий котиба романни ҳижжалаб ўқимаган, унга қайсидир ижодкор қилдан қийиқ ахтариб бевосита Азимовни “ нишонга уриш” учун асардан фойдаланмоқчи бўлганди. Шу боис котиба “ давримизнинг бош қаҳрамонига бу туҳмат!” дея туриб олади ва адибни бу ишни атайин қилганликда, мафкуравий хатога йўл қўйганликда айблаб чиқди. Кароматовни эса Сарвар Азимов ижодкор ва уюшма раҳбари сифатида ҳимоя қилиб чиқади.Котибага “ бадиий асарда кимни қандай тасвирлаш ёзувчининг ихтиёрида эканлигини, бу жараёнга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини тушунтиради.

Опа бу билангина чекланиб қолмай вилоятларда ўтадиган адабиёт кунларига ҳам тўсқинлик қилмоқчи бўлади.Бухорога бевосита Сарвар Азимов ўзи бошчилигида 40 та атоқли ижодкорлар билан борганида, Тошкентдан опа вилоят саркотибига қўнғироқ қилиб ёзувчиларни кутиб олмаслик, умуман ҳадеб уларни “бошга кўтаравермаслик”ни топширади. Пойтахтдан бўладиган буйруққа ўрганиб қолган саркотиб айтганидай қилиб аэропортда кутиб олиш ва уларни тузукроқ жойлаштиришга эътибор қаратмайди. Бундан хабар топган Сарвар Азимов вилоят раҳбариятига “ёзувчиларга бундай муомила қилиш мумкин эмаслигини, ҳар қандай таназзул ва фожиалар адабиёт ва санъатга беписанд қарашдан бошланишини, адабиёт мафкуравий котиба буйруғидан устун туришини” уқтиради. Натижада собиқ иттифоқ миқёсида обрўси катта бўлган Сарвар аканинг гапи таъсир қилиб вилоят раҳбарияти опанинг гапини “икки қилади” ва адабиёт кунлари чинакам байрам сифатида нишонланади.

Опа шундан сўнгра Москвага Сарвар ака устидан 60 дан ортиқ турли шикоятлар жўнатилишига, ўзи эса уларни текширилишига бошчилик қилади. Бироқ бу “айблар”, 60 дан ортиқ думалоқ хатлар ўз исботини топмайди.Собиқ иттифоқ бош прокуратурасидан келган махсус комиссия раҳбари ҳам Азимовнинг хатоларини топаолмайди. Шундай бўлсада мафкуравий хўжайин Азимовни уюшма раҳбарлигидан олишга эришади.Бу ҳақда раҳматлик Озод ака Шарофиддинов шундай хотирлаганди:

— Котиба кимларнингдир оқ фотиҳасини олган бўлса керакки, шошилинч равишда Ёзувчилар уюшмасининг пленумини чақирди ва унда Азимовнинг ишдан олинганини эълон қилди. Зални тўлдириб ўтирган ёзувчилар бу ахборотни миқ этмай эшитишди. 3-4 йил уюшмада ишлаган, ишлаганда ҳам чин юракдан, фидойилик билан ишлаган, уюшмага ҳам, ёзувчиларга ҳам анча-мунча хизматлари сингиб улгурган Сарвар Азимов учун ҳатто бир оғиз “раҳмат” деган сўз ҳам топилмади. Ҳолбуки, у айни шу куни-ўзига нисбатан мислсиз адолатсизлик содир бўлаётган анжуманда одамларнинг мададига муҳтож, бир оғиз ширин гапига зор эди. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Сарвар Азимов йирик-йирик, лекин анча маъюс тортиб қолган кўзларини залга тикди-да, маънодор қилиб деди:

— Ҳаммаларингга раҳмат!”

Бундай адолатсизликка ва опанинг мафкуравий зуғумларига қарши ёш ёзувчилардан 28 киши Горбачёвга хат йўллаб, уюшма раҳбарини ишдан олиш нотўғри бўлганини, Азимовни ишга қайтаришни талаб қилишади.

…Орадан бир оз вақт ўтиб котибанинг кимлиги аён бўлгач, қолаверса Сарвар аканинг ҳақиқий лаёқатини, ишчанлигини, қолаверса ШАХС сифатида адолатпарварлигини яхши билган, бирга ишлашган А.А.Громикодек собиқ иттифоқнинг раҳбарларидан бири қўллагач, у киши республика ташқи ишлар министри бўлиб ишлай бошлади.

Озод аканинг хотирлашича, “орадан кўп ўтмай, у бетобланиб қолди. Тақдирнинг адолатсизликларидан тўйган, одамларнинг хиёнатидан ва мунофиқлигидан ҳафсаласи пир бўлган Сарвар Азимов бетоблигида кўргани келганларнинг бирортасини қабул қилмай, оламдан кўз юмди. 20 аср ўзбек жамиятидаги энг ўзига хос, энг фаол, энг ишчан одамлардан бирининг ҳаёти ана шундай руҳсиз бир ҳолатда сўнди.”Бу вақтда Сарвар ака 71 ёшга кирганди.

Тоҳир Маликнинг ёзишича, Сарвар Азимов 1966 йилдаги Тошкент зилзиласига оид романни ёзиб бошлаган экан.Афсуски, ушбу роман ва таниқли олим, адиб ва драматургнинг яна кўплаб орзулари амалга ошмай қолди.

“Мулоқот” журналининг 1991 йил май сонида Сарвар Азимов Ҳамид Олимжон ҳақидаги “Халққа айтинг, мен асло ўлганим йўқ” номли мақоласида, “Агар келбати тарош йигитларни, қуралай кўзларида юлдузи бор қизларни учратмоқ мақсади бўлса, бирров,бош оққанича Жиззах томон сайр этишнинг ўзи кифоя. Ҳавоси иссиқ бу юртнинг ери ширин, суви ширин, одамлари ширин, меҳнаткаш. Ҳамид Олимжондай шоирни, тарих билган қатор арбобларни шу заминда дунёга келгани, шу руҳий муҳитда вояга етгани тасодифдан нари, албатта”.

Ҳа, Жиззах замини кўплаб фидойи арбобларни ўзбек халқига етиштириб берган. Хусусан, Сарвар Азимовдек 20 асрда етишиб чиққан таниқли давлат ва жамоат арбобини,етук ШАХСни ҳам.Озод Шарофиддинов ёзганидек, “Сарвар Азимов-катта инсон эди. Унинг яхши ишлари ҳам, катта ишлари ҳам бор эди.Айни чоғда, хатолари ҳам, қусурлари ҳам ўзига яраша эди. Лекин нима бўлганда ҳам у одамлар ҳаётида муаяйн из қолдирди ва буни унитиш мумкин эмас. Ҳаётлигида дурустроқ қадрига етмаганимиз инсонни лоақал вафотидан кейин руҳини шод қилайлик”. Раҳматлик Озод ака бу гапларни 2003 йилда-Сарвар Азимовнинг 80 йиллигига атаб ёзганди.Орадан 15 йил ўтди-90,95 йиллик таваллуд саналари ўтдики, бу ҳақда Тоҳир Маликнинг юқоридаги китобидан бошқа бирон жойда биронта зиёлимиз бу мавзуни кўтариб чиқмади.

Озод Шарофиддинов, Тоҳир Маликлар фикрларидан иқтибос келтирганимиздан кўринадики, Сарвар Азимов эъзозлашга, хотирлашга лойиқ, муносиб ШАХС. Хўш, унда сукунатнинг сабаби нимада?! Бефарқликми?! Наҳотки Сарвар Азимов даврида уй-жойли бўлган, имтиёзларидан фойдаланган ижодкорларимиз бугунги ислоҳотлар даврида ҳам жим ўтираверсалар?!Бу Сарвар ака хотирасига нисбатан беписандлик эмасми ахир?

Шулардан келиб чиқадики, Сарвар Азимов хотирлашга арзигулик ШАХС экан, чинакам маънода эъзозлайлик. Тошкентдаги адиблар хиёбонида,она юрти Жиззах шаҳрида ҳайкал ва бюестларини ўрнатайлик, асарларини қайтадан нашр этиб, саҳнага олиб чиқайлик.Номларини олий ўқув юртларига қўйаялик.Сарвар Азимовнинг серқирра фаолияти ҳақида илмий тадқиқот ишларини олиб боришни кун тартибига олиб чиқайлик.Анъана бўлиб қолган “Сарвар Азимов замондошлари хотирасида” китобини нашр этдирайлик. Шу асосда ҳужжатли фильм ишлашни,ТВ ,матбуот орқали Сарвар Азимов ҳаёти, ижоди ва фаолиятини ёритишни ҳам тезлаштириб, кенг оммага у ШАХСнинг кимлигини баралла айтайлик.

Буларнинг бари кечиктириб бўлмайдиган долзарб ишлар бўлмоғи.Шулардан келиб чиқиб эса 2023 йилда Сарвар Азимовнинг 100 йиллигини нишонлашга ҳам ҳозирдан тайёргарлик кўрайлик.

Шоир Мирзо Кенжабек ёзганидек, “ албатта, Сарвар Азимов ўз даврининг одами эди. У ўз истеъдоди ва ташкилотчилик қобилияти билан давр мафкурасидан чиқа олмаган беназир шахслардан биридир. Лекин у кишининг мафкураларга сиғмайдиган улкан ташкилотчилик истеъдоди бор эди. Бу адиб ва арбоб зотнинг ўзбек халқи ва ўзбек ватани, ўзбек адиблари учун қилган хизматларини эслаш инсофдандир”.

Зеро, Сарвар Азимов эслашга арзигулик давлат арбобигина эмас, жуда кўп замондошлари, шу жумладан унинг меҳру муруватини кўрган 7080 йилларда адабиётга кириб келган авлод ёзувчиларигача тан олган катта инсон эди.

02120 may — Atoqli davlat arbobi va yozuvchi Sarvar Azimov tavallud topgan kun

   Sarvar Azimov eslashga arzigulik davlat arbobigina emas, juda ko’p zamondoshlari, shu jumladan uning mehru muruvatini ko’rgan 70-80 yillarda adabiyotga kirib kelgan avlod yozuvchilarigacha tan olgan katta inson edi.

Umid BEKMUHAMMAD
DAVR FARZANDI

89Tariximizga nazar solsak o’tmishning turli davrlarida, shuningdek yaqin o’tmishimizda ham o’z iste’dodi, tashkilotchiligi bilan xalqaro maydonda katta obro’-e’tibor qozongan ShAXSlar ko’p bo’lganiga amin bo’lamiz. Ana shunday shaxslardan biri taniqli davlat arbobi, mohir diplomat, adib,dramaturg, olim va hayoti davomida ko’pgina ezgu ishlari bilan Vatanimiz tarixida muhim o’rin tutgan Sarvar Azimov edi.

Taniqli shoir Mirzo Kenjabek xotirlaganlaridek “ O’tmish davri adib va arboblarini eslaganda ularning faoliyatini o’z zamonasi nuqtai nazaridan baholasak, durust bo’ladi. Sarvar Azimov XX asr o’zbek xalqi tarixida alohida mavqega ega bo’lgan yirik shaxsdir”.

Sarvar Azimov atoqli shoir Hamid Olimjonning ukasi bo’lib 1923 yil 20 mayda Jizzaxda tug’ilgandi. Marhum adabiyotshunos , O’zbekiston Qahramoni Ozod Sharafiddinov yozishicha, “uning Azim guvurga o’xshagan ko’pni ko’rgan donishmand bobosi bo’lgan, onasi Komila aya esa o’zining mehribonligi va g’amxo’rligi bilan farzandlarining ulg’ayishida chuqur iz qoldirgan. Bu oila xalqimizga Hamid Olimjondek sara ijodkorni bergan. Sarvar aka Hamidning tug’ishgan ukasi edi, to’g’ri, ona bir, ota boshqa edi. Hamidning otasi tasodifan daraxtdan yiqilib halok bo’ladi.Komila aya jo’jabirday farzandlari bilan beva qoladi. Azim bobo boshliq oila kattalari maslahatlashib, Komila ayaning ham roziligini olib, uni Olimjonning ukasi, Azim boboning yana bir o’g’li Ahmadjonga berishadi. Shundan keyin dunyoga Rohat, Sarvar, Sabohat va Muhabbatlar kelishadi” (“Ijodni anglash baxti” kitobi, T, 2004 yil 455 bet).

Jizzaxliklar shuningdek Azim guvurning ijodga qiziqib she’rlar ham yozgani, mashhur Fozil baxshi bilan do’st tutinganini xotirlashadi. Bundan tashqari Azim guvur 1916 yilda mardikorlikka safarbar qilinib Rossiyaning Penza guberniyasida xizmat qilgani haqida ma’lumotlar mavjud.

Bolaligidan oilada ilmga, kitobga havas ruhida kamol topgan Sarvar o’z tarjimai holida “ Men o’qishdan, kitob ko’rishdan qaytgan bola bo’lmadim. Sho’xligim o’zimga yarasha.O’ynab charchamasdim.Toshkentday katta shaharda ( Hamid Olimjon Toshkentda Zulfiyaxonimga uylangach ayasi va ukalarini ham poytaxtga ko’chirtirib kelgan, Sarvar ham shu tarzda Jizzaxdagi maktab tahsilini Toshkentga ko’chirib, poytaxtda o’qigandi-U.B.)esa qishloq bolasini chalg’itadigan narsalar yetib ortardi. Lekin o’qish menim tiniq havasim edi. Murabbiylarimizdan birining “bu bola o’qishni, o’qish bu bolani yaxshi ko’radi” degani haliyam esimda.Balki hazil ustida aytilgan gapdir bu. Yoki? ..Kim bilsin.Men uchun yana bir muhim maktab Hamid Olimjonning saralab yig’ilgan, adabiyot va san’at asarlariga chunon boy kutubxonasi bo’ldi. Uning ichidan chiqmasam derdim, hatto ayamlar buyurgan ish ham malol kelardi”, deya yozib o’tgandi. Ana shunday ilmga havas ruhida kamol topganidan u O’rta Osiyo Davlat Universitetida tahsil oladi. Ma’lumki uning o’qish davri 2 jahon urushi payti va undan so’nggi og’ir davr-1942-46 yillarga to’g’ri keldi.

Ma’lumki, urush davrida Moskva va Leningraddan A.Yakubovskiy, Ye.Bertelьs, V.Jirmunskiy,D.Blagoy, B.Meylax, A.Borovkov singari ko’plab olimlar Toshkentga kelib universitetda talabalarga ma’ruza o’qishar, ijodiy-ilmiy jamoatchilik orasida turli tadbirlar o’tkazib turishardi. Ozod Sharofiddinovning yozganidek, “bunday sarbaland olimlar yonida yurib, ulardan tahsil olib, “mulla” bo’lmaslikning iloji yo’q edi. Ayni o’sha kezlarda O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasida bo’lib turadigan adabiy kechalar, bahs-munozaralar, yangi asarlar muhokamalari, u yoki bu yozuvchining ijodiy kechalari ham Sarvar Azimov uchun ikkinchi dorilfunun bo’lgan edi. Ularning birontasini kanda qilmaydigan Sarvar Azimov shu tarzda adabiyot doshqozonida obdan qaynadi”.

Afsuski 1944 yil 2 iyulda Hamid Olimjon ukasining intilishlaridan umidvor bo’lib, uning kelajagini ko’rolmay vafot etib ketadi..

Sarvar bu mash’um voqeadan qanchalik o’kinmasin, oldga qo’ygan rejasi tomon intilib aspiranturada tahsil oladi va Hamid Olimjon ijodi bo’yicha tadqiqot ishlari olib borib nomzodlik ishini muvaffaqiyatli yoqlaydi. So’ngra 1948-55 yillari O’ZFA til va adabiyot institutida ilmiy xodim, bo’lim boshlig’i, direktor o’rinbosari,1955-56 yillarda Markazqo’mda fan va madaniyat bo’lim mudiri, 1956-57 yillari O’zbekiston yozuvchilar uyushmasining birinchi kotibi, 1957-59 yillari O’zbekiston madaniyat ministri, 1959-69 yillari O’zbekiston ministrlar kengashi raisining o’rinbosari, respublika tashqi ministri, 1969-74 yillari sobiq ittifoqning Livandagi, 1974-80 yillarda Pokistondagi favqulodda va muxtor elchisi, 1980 -88 yillari yana O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining birinchi kotibi, 1988-91 yillari respublika tashqi ishlar ministri, 1990-91 yillari respublika Prezidenti Kengashining a’zosi sifatida faoliyat ko’rsatadi.

Sarvar Azimov adabiyot institutidagi faoliyati davrida maktablar uchun O’zbek adabiyotidan darsliklar yaratishga bosh bo’ladi. Ozod Sharafiddinovning xotirlashicha, “ o’sha paytda ko’p yillardan beri maktablarda o’zbek adabiyoti tayinli dastursiz va hech qanday darsliksiz o’qitilar edi. O’qituvchilarning umri material qidirish bilan o’tardi.Qayerdaki adabiyot to’g’risida, yozuvchi haqida shapaloqdek material chiqqan bo’lsa, uni qidirib topib, chatib-yamab, olaquroq holga keltirishar va har kim o’zbek adabiyotini bilganicha o’qitardi.”. Ana shunday holatda Sarvar aka o’zi ibrat bo’lib maktablar uchun darslik yaratadi.

Ma’lumki urushdan keyingi yillarda adabiyotdagi jarayon, qolaversa butun jamoatchilik VKP(b) Markaziy Komitetining “Leningrad” va “Zvezda” jurnallari va boshqa mafkuraviy qarorlari ta’sirida edi. Ana shunday sharoitda darslik yaratishning o’zi bo’lmasdi albatta. Bunaqa vaziyatda, xususan adabiyotshunoslikning o’zi tetapoya davrini boshdan kechirayotgan, uning meteologik asoslari shakllanayotgan bosqichda darslik yaratish naqadar zahmatli edi.Shu bois hozirgi nigoh bilan qaraganda o’sha davr darsliklarida kamchiliklar yaqqol ko’zga tashlanishi mumkin. Biroq ular keyinchalik barkamol darsliklar yuzaga kelishiga asos, zamin bo’lib xizmat qilgani aniq.

1956-57 yillardagi Yozuvchilar uyushmasiga rahbarlik davrida, shaxsga sig’inish yillari qatag’onga uchrab qamoqdan kelgan ko’plab adiblarning oqlanishi, ularga sharoit yaratib berish, asarlarini chop etdirishgayam bosh bo’ladi.

Mirzo Kenjabekning yozishicha, “ Sarvar Azimov mard va xalqparvar odam edi. Kamina O’zbekiston xalq yozuvchisi Shuhratning qamoqdagi hayotini o’z og’zidan yozib olganman va beg’araz kotib sifatida “Ozod qalb” degan kitob tasnif etganman. Adibning qamoqdan qaytgandan keyingi davrda Sarvar Azimov rahbarligi (1957-1958) bilan bog’liq ajib xotirasi bor. Shuhrat aytadi: “(1958 yil) sentyabr o’rtalarida Yozuvchilar uyushmasi raisi Sarvar Azimov meni yo’qlab, odam jo’natdi. Bordim. “Uyushmaga ishga keling”, – dedi. “Kimning o’rniga?” – dedim. “Hech kimning o’rniga emas”, – dedi. Darrov rozi bo’ldim. Birovning o’rniga bo’lsa, bormoqchi emasdim (Chunki birov nohaq ravishda ishga olingan bo’lsa, adib uning o’rniga ishga borib qolishdan hazar qilgan.) Shu payt Anna Andreyevna degan kotiba ayol meni chaqirib, ariza yozdirib oldi. Rais: “16-sentyabrdan ishga olinsin” deb imzo qo’ydi. Adabiy maslahatchi bo’lib ishlay boshladim”.

Qamoqdan chiqib kelgan bir kishini ishga olish har qaysi davrda ham oson emas. Sarvar Azimov bu borada boshqa mardliklar ham ko’rsatganini adiblar bilishadi.

Istibdod qatag’oniga uchragan bir qancha o’zbek adiblari qatori Abdulla Qodiriyning ham nomi oqlanganidan keyin “O’tgan kunlar”, “Mehrobdan chayon” asarlari Sarvar Azimov tahriri ostida nashr etildi. Oshkoralik va istiqlol davrlari kelgach, uning tahririni tanqid qiluvchilar topilib qoldi. Holbuki, muharrir shu asarlar xalqqa yetsin deb ba’zi joylarini bir oz qisqartirgan, ko’hna nutqini bir oz soddalashtirgan, shu bilan Abdulla Qodiriyga taqalgan siyosiy ayblar noo’rin ekanini isbotlamoqchi bo’lgan. Abdulla Qodiriy asarlarini o’z millatiga yetkazish tanqidga loyiq ish emas, balki o’z davriga nisbatan jasorat va matonat namunasi edi deb baholansa, vijdonga muvofiq ish bo’ladi. O’shanda Sarvar Azimov og’ir mas’uliyatni o’z zimmasiga olganini tushunish kerak”.

Shu bilan birga 1957 yilda ilk bora xalqaro tadbir-Osiyo va Afrika yozuvchilarining birinchi konferentsiyasi ochilishida o’zining katta tashkilotchilik qobiliyatini ko’rsatadi. Qisqa fursat ichida Moskvadagi ijodiy tashkilotlar, tashqi ishlar vazirligi orqali konferentsiyaga qatnashuvchilarni aniqlash, shu davlatlar ijodkorlari asarlarini o’zbekchaga tarjima qildirishga bosh bo’ladi. Eng asosiysi 1957 yilda Chilonzor mavzesida qurilgan uylardan yozuvchilar uchun 30ga yaqin kvartira ajratib oldirishga erishadi.

1957-59 yillardagi madaniyat ministri sifatidagi faoliyatida olis tuman, chekka qishloqlarda madaniyat uylari, kutubxonalar, musiqiy ansambllarning tashkil etilishi, Moskvada bo’lib o’tgan Jahon yoshlar festivali namunali bo’lib o’tishiga o’z hissasini qo’shadi.

1959-69 yillardagi o’n yillik tashqi ishlar ministri davrida BMT va boshqa xalqaro minbarlardan nutq so’zlaydi, xalqaro tashkilotlar bilan ishlash tajribasini boyitadi va so’ngra 11 yil Livan,Pokiston davlatlarida elchi sifatida ishlash darajasiga erishadi.

Rossiyadagi “Mejdunarodnaya jiznь” internet nashrida qahramonimizning diplomatlik faoliyatidan yaxshigina xabardor Mixail Svigun Livandagi, Igor Xalevinskiy Sarvar Azimovning Pokistondagi faoliyati, ushbu davlat rahbarlari bilan do’stona aloqalari haqida misollar bilan so’z yuritishganidan bilsa bo’ladiki, u o’z davrining nufuzli shaxslaridan biri bo’lgan.

Mixail Svigunning xotirlashicha “Sarvar Azimov 1969-74 yillarda Livanda elchi bo’la turib, mohir diplomat ekanligini o’z faoliyatida yana bir marotaba isbotladi. O’sha yillari Livan yirik diniy moliyaviy savdo markazi va ko’p davlatlarning razvedka faoliyati markazi sifatida dong taratgandi. Ushbu kichik arab mamlakatiga Azimovning elchi sifatida tayinlanishi yaqin sharqdagi voqealarning keskinlashuvi va SSSRning arab dunyosida siyosiy faollashuvi bilan bir vaqtda mos keldiki, bu elchidan yuksak darajada bor kuchini sarf qilishni talab qildi. Bayrutga kelganidan Bor yo’g’i ikki oy o’tgach Azimov mushkul ayyorona ichki siyosiy vaziyatlarni ich-ichigacha tushuna oldi.

U darhol, zudlik bilan Livan prezidenti Sh.Xelu ,keyinchalik undan keyingi prezident S.Franje , bo’lg’usi bosh vazir R.Karame, ko’plab vazirlar va parlament deputatlari, barcha siyosiy partiya va jamoat, diniy dunyoviy tashkilot rahbarlari bilan ham bilan yaxshi munosabatlarni yo’lga qo’ydi. Azimov qandaydir ohangraboli qobiliyati bilan, hattoki bir qutbli siyosiy va mafkuraviy dunyoqarashli odamlarni ham o’ziga tortgan. U o’zining suhbatdoshini toqat bilan eshita olgan, keyin quyidagi so’z bilan boshlab o’zining tutgan yo’lini tushuntirishga o’tgan:” Siz to’g’ri payqaganingizdek…” Bunday suhbatlarning oxiri yangi do’stning qozonilishi va odamning mamlakatimizga bo’lgan munosabatini o’zgarishi bilan tugagan”.

Ha, Livan va Pokistondagi elchilik faoliyati davomida Sarvar Azimov o’zining mohir diplomat ekanligini ko’p marotaba isbotlab bergan va shu bois dunyo darajasidagi mashhur arbob-SSSR tashqi ishlar ministri A.A.Gromiko uni samimiy hurmat qilgan.

Ayni paytda tabiatan bosiq, vazmin Sarvar Azimov ilmiy faoliyatini ham davom etdirib, filologiya fanlari doktori darajasiga, professor unvoniga ham ega bo’ladi.Ozod Sharafiddinov qahramonimizning doktorlik ishini yoqlagan holatni shunday tasvirlab o’tadiki, bunda ham ibratli voqelik bor: “ Sarvar Azimovning bir ajoyib xislati bor edi-u albatta, el qatori, hammaga o’xshagan, hammaga o’xshab umrguzaronlik qiladigan, oilasi, bola-chaqa tashvishi bilan yashaydigan odam edi. Ayni chog’da u hammaga o’xshamaslikka, hamma ishda o’z yo’lidan borishga, o’ziga xos qiyofasini yo’qotib qo’ymaslikka harakat qilardi. Harholda, uning e’tiqodiga mos keladigan, sinalgan yashash printsiplari bor ediki, ba’zan odamlarning ta’na-dashnomlariga duch kelsada ularga og’ishmay amal qilardi.

Sarvar akaning doktorlik himoyasi Gogolь ko’chasidagi 70-uyda-Fanlar akademiyasining konferents zalida bo’ldi. O’sha kuni kenggina zal yig’ilganlarni sig’dira olmadi. Odamlar ichida olimlar ham, shunchaki tomoshatalablar ham ko’p edi. Yashirishga hojat yo’q-mehmonlar ichida ziyofat ishtiyoqida kelganlari ham yetarli edi. Gap shundaki, o’sha kezlarda dissertatsiya himoyasidan keyin dasturxon yozish, banket qilish, olim bo’lganini “yuvish” borgan sari chuqur tomir yoymoqda edi. O’zbekning tabiatida bormi-bilmadim-har holda ,bu borada ham musobaqalashish, hammadan oldinda bo’lish avj olgandi.Oqibatda, ba’zi banketlarda 200-300 kishi ishtirok etadigan, karnay-surnaylarning g’at-g’uti tinmaydigan rosmana to’yday o’tardi. Odamlar “falonchining dissertatsiyasida nima yangilik bor ekan?” deb so’rashmas, “himoyadan keyin dasturxon qandoq bo’ldi?” deb so’rashardi. Albatta oliy rutbalik olimning dasturxonidan bahramand bo’lish har kuni ham nasib bo’laveradigan ish emas. Axir, bunaqa dasturxonning tavsifi ta’rifga sig’maydi-unda qo’ziqorindan tortib, osetra balig’igacha, Frantsiyadan keltirilgan vinolardan tortib, Amerika viskisi va arman konьyaklarigacha hammasi muhayyo…

Biz keksa adabiyotshunos Porsoxon aka Shamsiyev bilan yonma-yon o’tirib, himoyadagi gaplarni chala-charim tinglab, olimlarning ezmaligidan ranjib o’tiribmiz. Ba’zan hademay yozilajak dasturxonning noyob va tasiq taomlarini shivirlashib gaplashib, bir-birimizning ishtahamizni qitiqlab qo’yamiz. Nihoyat, himoya tugadi, hisob komissiyasi ovoz berish yakunlarini e’lon qildi, kengash raisi dissertanni tabrikladi, dissertant minnatdorchilik bildirdi. Mana, hozir u kamtarlik bilan yerga qarab turib, “endi hammanglar, marhamat, bir piyola choyimizni baham ko’rasiz” deb iltijo qiladi. Lekin dissertant negadir odamlarni taklif qilishga oshiqmayapti. U stol ustidagi qog’ozlarini yig’ishtirib, papkasiga joyladi-da, asta o’rnidan turib, bir-ikki odam bilan xayr-ma’zur qilib chiqdi-ketdi. Ziyofat dardida kelganlar og’izlari ochilgancha qolishaverdi. Porsoxon aka bilan ikkovimiz ham bir-birimizga tikilib, so’laklarimizni yutganimizcha qolaverdik. Keyin Porsoxon aka “He,o’sha..” degan ma’lum so’zlar bilan voqeaga munosabatini bildirdi. So’ng ikkovimiz ham cho’ntaklarni qoqishtirib, bor pulimizni sanab ko’rdik-da, yaqin o’rtadagi restoranga yo’l oldik…
Sarvar Azimov esa allaqachon eskirib, bachkana bo’lib qolgan, haqiqiy ziyolilarga sira yarashmaydigan ,mechkaylik bayramidan o’zga narsa bo’lmagan odatdan ustun turishini, bu masalada odamlarning gap-so’zlari-yu, g’iybatlaridan mutlaqo cho’chimasligini namoyish qilib chiqib ketganicha, go’yo hech narsa bo’lmagandek o’z faoliyatini davom ettiraverdi”.

Adabiy-ilmiy faoliyati davomida esa hikoya va qissalar, kinostsenariylar, risolalar yozdi.Shu bilan birga mas’uliyatli rahbarlik ishlarini ham uddaladi.

Shoir Muhtarama Ulug’ Zulfiyaxonim ijodiga bag’ishlangan “Muhabbat saroyida mangu qolganlar” risolasida “Sarvar Olimjonovich uyushmaga rais sifatida shoir va adiblar ijodiga, hayotiga e’tiborli g’amxo’r bo’lgan. U kishi ham xuddi akalari kabi o’ziga va o’zgalarga o’ta talabchan , ko’rinishi salobatli, kamsuqum bo’lib, qisqa, mazmunli gapirgan”, deya fikr yuritgandilar.

Ana shu rahbarlik yillari davomida u tashkilotchilik qobiliyati, qa’tiyatliligi, g’oyatda madaniyatliligi, vaqtning qadriga yetishdek noyob fazilatlari bilan o’zgalarga ibrat bo’ladi. Bu holatni Ozod Sharafiddinov shunday sharhlab o’tgandilar: “Sarvar Azimov umri davomida har xil mas’uliyatli lavozimlarda ishladi va qayerda ishlamasin, o’zining rahbarlik san’atida noyob xislatlarga ega ekanini namoyish qildi. Uning tashkilotchilik qobiliyati ham zo’r edi. Sarvar Azimov talabchan, bir so’zli, qattiqqo’l odam bo’lgan.Tevaragida hamisha qa’tiy tartib bo’lishini, hamma ishlar sarishta bo’lmog’ini talab qilgan. Ayni chog’da u odamlarga yaxshilik qilishni hayotining asosiy shiori qilib olgan edi. Har holda, men uni tanigan va bilgan odamlardan Sarvar aka to’g’risida shikoyatomuz gaplar eshitmaganman.To’g’ri, ba’zi bir yozuvchilar bilan uning o’rtasida ancha keskin bahslar bo’lganidan, uning yuziga qattiq-qattiq gaplar aytilganidan xabarim bor.Lekin bular o’tkinchi gaplar edi. Yaxlit olganda esa u o’z faoliyati bilan yangi o’zbek adabiyoti tarixida chuqur iz qoldirdi. Ana shu har tomonlama, iqtidorli va iste’dodli insonning umr yo’lini o’ylasam, bir narsaga hayron qolaman, hatto shunday odamning hayoti ham faqat g’alabalardan, ko’tarilishlardan iborat bo’lgan emas, muayyan ishlari, muayyan xizmatlari uchun u mukofotlar ham olgan, albatta, lekin odamlarning bir og’iz madadiga muhtoj bo’lgan kezlarda, ularning birontasidan uni yoqlovchi so’z eshita olmay, iztirobga ham tushgan”.

Xo’sh, rahmatlik Ozod akadek munaqqid tan bergan Sarvar Azimovning umr yo’llaridagi qayg’uli, “ ba’zi bir yozuvchilar bilan uning o’rtasida ancha keskin bahslar bo’lganidan, uning yuziga qattiq-qattiq gaplar aytilgan” holat qanday bo’lgandi?

Bu haqda O’zbekiston Xalq Yozuvchisi Tohir Malik shunday fikrda: “Sarvar aka yuqori martabalarda ishlaganlari uchunmi, ichki tartib-qoidalarni ham shu darajada bo’lishini talab qilganlar.Shulardan biri-u kishining qabulxonalariga yetib borish qiyinroq edi.Bu hol xalq orasida “byurokratlik” deb atalib qoralanardi. To’g’ri, raisning xonasiga hamma ham kiravermasdi. O’rinbosarlar hal qiladigan masalalar bo’lsa, ularning qabuliga yuborilardi. Rais ko’pchilik uchun xizmat qilardilar, ishlari ko’p edi. Moskvaga va xorijga safarlari ham ko’p bo’lardi.Nomi ulug’ yozuvchilar zarur yumushlari bo’lsa-bo’lmasa rais huzuriga kirib, soatlab gap sotardilar.Yozuvchilar uyushmasidagi majlislar kamlik qilganday, Markazqo’m va boshqa rasmiy idoralardagi yig’ilishlarga borishlari shart edi.Bunday holat Komil Yashin davrida ham mavjud edi. Lekin nima uchundir ba’zilar o’tgan kunlarni unutib, yangi raisdan norozi bo’lardilar.

Bir kuni “Sharq yulduzi”dagi xonamda o’tirganimda Habibulla Qodiriy kirib keldilar. Mashqlari sal pastroqligi sezilib turibdi. Bilsam, Sarvar Azimov band ekanlar, qabul qilmabdilar. O’rinbosarga uchrashishlari lozimligini aytibdilar. Bunaqa holat hamma idoralarda uchraydi. Agar maqsad bir maslani hal etish bo’lsa, boshliqqa yoki o’rinbosarga uchrashish ahamiyatsiz gap. Muhimi-maslani hal etish.Biroq, ulug’ ustozning hurmati inobatga olinsa, Habibulla aka uchun 2-3 daqiqa vaqt ajratib, gaplarini eshitsalar ham bo’lardi.So’ng: “bu tashvishlaringizni muovinim hal qilib beradi, ishning borishini o’zim nazorat qilib turaman”, desalar yanada olam guliston edi. Lekin, aytganimday, yuqori idoralarda ishlaganlarining havosi sezilib qolardi …” (“Yozuvchining baxti va baxtsizligi” ( T,”Sharq-ziyo-zakovat” nashriyoti, 2017 yil).

Ozod Sharafiddinov ham Sarvar akaning uyushmadagi rahbarlik faoliyatini shunday yoritib o’tgandilar: “ u uyushmaga kelgach, ishni qa’tiy tartib intizom o’rnatishdan boshladi. Uyushmada ishlaydigan har bir xodim, har qaysi maslahatchi o’z vazifasini sidqidildan bajarmog’i kerak edi. Yozuvchilar uyushmasi bekorxo’jalar salanglab yuradigan, gap sotib valaqlashib o’tiradigan ko’ngilochar guzar emas.Boshqalardan talab qilmoq uchun rahbar, avvalo, o’ziga talabchan bo’lmog’i kerak. U ishini shunday uyushtirdiki, kelgandan keyin uning biror daqiqa ham bekorchi vaqti bo’lmas edi. U hatto yozuvchilarni qabul qiladigan vaqtini ham aniq rejalashtirib qo’ydi va bunga qa’tiy amal qildi. Kotibiyat majlislari, sektsiyalarning ishlari ham qa’tiy reja asosida o’tkaziladigan bo’ldi”.

Ozod aka va Tohir akalarning xotiralari Sarvar Azimovning uyushmaga ikkinchi rahbarlik yillari-1980-88 yillardagi faoliyati haqida.Ha, VAQTning qadriga, qa’tiy tartib intizomga hamma rioya qilishi kerak…

Hurmatli adibimiz Tohir Malikning “Yozuvchining baxti va baxtsizligi” ( T,”Sharq-ziyo-zakovat” nashriyoti, 2017 yil)kitobida Sarvar Azimovning O’zbekiston yozuvchilar uyushmasiga tayinlanishi, rahbar sifatida qilgan ezgu ishlari haqida to’xtalib o’tilgan:

“O’zbeklardan chiqqan Favqulodda va muxtor elchilar orasida Nuriddin Muhiddinov bilan Sarvar Azimovning obro’yi ziyolilar orasida baland edi. Sarvar Azimov O’zbekiston tashqi ishlar ministri lavozimida BMT minbaridan nutq so’zlarida hamma faxrlangandi. 1956 yili O’zbekiston yozuvchilari uyushmasini boshqargan kezlaridagi fazilatlarini katta avlod unutmagandi…” ( Hatto hozirjavob shoirlardan Ramz Bobojon, Turob To’lalar Sarvar Azimovning BMTdan nutq so’zlaganiga bag’ishlab she’rlar yozishgan-U.B.).

“Sarvar aka ish boshlagan dastlabki kunlaridanoq Yozuvchilar uyushmasi mavqeini ko’tarish harakatini boshladilar. Qarangki, 2-3 million aholisi bor Gurjiston yozuvchilar uyushmasining a’zolari mingdan ortiq, O’zbekiston yozuvchilar uyushmasining a’zolari esa 400ga yetmas ekan. Albatta, badiiy adabiyotning salmog’ini uyushma a’zolarining soni belgilamaydi. Hazrat Navoiy davrlarida uyushma ham, a’zolari ham bo’lmagan.Lekin Sovet tuzumi davrida yozuvchilarga yaxshi sharoit yaratib berilishi uchun a’zolar sonining ahamiyati bor ekan. Shuni e’tiborga olib, viloyatlarda uyushmaning ko’chma majlislari o’tkazilib, unda ko’plab yoshlar a’zolikka qabul qilindilar. Hatto, kitoblari chiqmagan, ammo umidli yoshlarni ham qabul qilishdi.Bu harakat e’tiborli yozuvchilar tomonidan tanqid ham qilindi va tanqidda jon bor edi.Yoshlar umidli, ammo barchalarini qobiliyatli deb bo’lmasdi. Cho’g’ bor edi, ammo biroq har qanday cho’g’ ham alanga olavermaydi. Tanqidlarga qaramay, uyushma a’zolari soni keskin ko’paydi..Shunga qarab Moskvadan talab qilib olinadigan narsalar ham oshdi.Birinchi galda uyushmada ishlovchi adabiy maslahatchilar soni oshdi, viloyatlardagi bo’limlar faoliyati yaxshilandi.Har yili dekabr oytsida beriladigan 10 ta “Moskvich” avtomashinasi o’rniga “Jiguli” berila boshlandi. Moskvaga borib mashina haydab kelish mashaqqati tugatildi. Yillar davomida avtomashina olish uchun navbatda turish ham barham topdi. Boshqa idoralarda bu navbat ro’yxatiga yozilgan odam 4-5 yilda niyatiga yetardi.Yozuvchilar uyushmasida esa “kimga mashina, kimga gilam kerak?” deb so’raydigan bo’lishdi. Toshkentning Darxon atalmish joyida olimlar uchun shinam uylar qurilgan edi, shuning bir qanoti yozuvchilarga berildi. Xullas, Yozuvchilar uyushmasi katta vazirlik imtiyozlariga ega bo’ldi”.

Tohir Malik shu tariqa aynan Sarvar Azimov “O’tkan kunlar” romanining 1957 yilda qaytadan nashr etilishiga,bu borada ko’plab qarshiliklarni yengib chiqishiga to’g’ri kelganini, “Yoshlik”jurnalini tashkil etishga bosh-qosh bo’lganini alohida ta’kidlab o’tadilar.

Shu bilan birga Tohir aka 1981 yil avgustida Latviyaga borgani,o’sha yerda Sarvar aka bilan bemalol suhbatlashishga imkoniyat tug’ilgani haqida ham so’z yuritadilar.Rigaga qilingan birgalikdagi sayr davomida shoir Yan Raynis qabrini ziyorat qilishganini shunday xotirlaydi: “qabristondagi eng katta haykal Latviyaning buyuk shoiri Yan Raynis qabriga qo’yilgan.Bizdagi kabi shoirning qiyofasi aks etmagan, balki dengiz to’lqinlaridan ko’tarilayotgan, uyg’onayotgan yigit ko’rinadi. Bu millatning uyg’onishiga ishora edi. Shoirning qiyofasiga emas,yurak dardiga, yurak orzusiga qo’yilgan haykal! Aytishlaricha, bu va shahar markazidagi ozodlik haykalidan so’ng haykaltarosh boshqa ishga qo’l urmagan ekan.

Yan Raynisga qo’yilgan haykal Sarvar akaga ham ta’sir qilgan ekan,kechki payt shu haqda gaplashib o’tirib, “Bizning yozuvchilarimizga nima bo’lgan, a?” deb qoldilar. Savolga tushunmadim, nima deb javob berishni bilmay turganimda o’zlari mushkulimni oson qildilar:

— Bir-birlarini tinmay g’iybat qiladilar. G’iybat hamma yerda bor, bunga ajablanmayman.Lekin yozuvchilarnikiga chidash qiyin…Ikki yozuvchi yoshlikdan do’st.Martabasida ham, unvonu mukofotlarida ham bir-biridan kam joyi yo’q. Do’stliklarini mustahkamlash uchun hatto quda bo’lganlar. Bittasi kirib, “shu dovdirni ishdan olib yaxshi qildingiz”, desa, ikkinchisi “Bu ablah nashriyotdagi o’ynashlariga to’ymay,endi menim qizimga shilqimlik qilayapti”, desa! O’ynash haqidagi gaplarni eshitgandim, lekin o’z keliniga shilqimlik qilishi, yana bu gapni qizning otasidan eshitish meni larzaga soldi.Shilqim qaynotani Xudo urgan bo’lsa, qizning otasi bu sharmandali gapni begona odamga qaysi hayo bilan aytayapti? Shilqimlik chin bo’lsa ham ota dardini ichiga yutib yurmaydimi?..”

Ha, Sarvar Azimov ikkinchi bora uyushmaga rahbarlik qilgan davrda holat shunday noxush vaziyatga tushib qolgandi.

Sarvar Azimov ikkinchi bor uyushmaga rahbarlik qilgan davrida Munis Xorazmiyning 200 yillik tavallud ayyomini nishonlash, ushbu sanaga bag’ishlab to’la asarlarini nashr etish tashabbusini ham ko’taradilao.Afsuski, respublika Fanlar akademiyasining ba’zi olimlari “Munis saroy shoiri bo’lgan, Xiva xonlarining tarixchisi bo’lgan “ degan iddaolar bilan tashabbusni bo’g’ishga intiladilar. Shunda Savar aka Sharof Rashidovga murojaat qilgachgina muammo hal bo’lib yubiley tantanalari o’tkaziladi.

Ozod Sharafiddinov ham bu yillardagi serg’alva voqeliklarni eslab, mash’um 16 plenumdagi Sharof Rashidovni qoralash kompaniyasida faqat Sarvar Azimovgina jasorat bilan haqiqatni baralla aytganini eslaydi:

— …16 plenumda tanqid har qanday chegaradan chiqib ketdi, buning uchun uning har qanday ijobiy tomonlarini isbotsiz-dalilsiz rad qilish yo’lini tutdilar. O’zbekning yaqin o’tmishdagi atoqli arbobiga nisbatan juda katta adolatsizlikka yo’l qo’yildi. Bunday munosabat o’zbek xalqining sha’niga ham yarashmaydigan bir ish edi. Eng yomoni shu bo’ldiki, zalni to’ldirib o’tirgan odamlarning hammasi Sharof Rashidovni ko’rgan, shaxsan taniydigan, uning yaxshiliklaridan bahramand bo’lgan, hayotligida uning soyasiga ko’rpacha yozib yurgan odamlar edi. Rashidov sha’niga yog’dirilgan bo’htonlarni kimdir achinish va taassuf tuyg’usi bilan, kimdir loqaydlik bilan, lekin hammalari qo’yday yuvvoshlik bilan indamay o’tirib eshitishdi va qarsaklar bilan qo’llab-quvvatlashdi ham. Faqat bir odamgina bu sharmandalik tavqi lan’atini boshqalar bilan baham ko’rishga undadi. U so’z olib, minbardan turib, Sharof Rashidovga bunaqa bir yoqlama munosabatni keskin qoraladi. Uning nutqi Rashidovni fosh qilishdek noshoyista ishga bosh-qosh bo’lganlarning yuziga urilgan qahrli tarsaki bo’ldi. Qiziq, Sarvar Azimov o’sha kuni minbarda turib so’zlayotganda yaqin o’rtada shunga o’xshash boshqa bir plenumda o’zi ham Sharof Rashidovning ahvoliga tushajagini o’ylaganmikan, uning ustidan kurakda turmaydigan bo’htonlar seli quyilganda, unga nisbatan ham o’ta adolatsizlik qilinganda hech kim o’rnidan turib, uni yoqlaydigan biron og’iz shirin gap aytmasligini xayoliga keltirganmikan? Bilmadim… Har holda ,o’shanda Sarvar Azimovning minbardan turib aytilgan qilichdan ham o’tkir rost gaplari bir qator mutasaddilarni to’nini teskari kiyib olishga undadi va ular Azimovga qarshi yalpi hujum boshlash uchun bahona izlay boshladilar”.
Xullas, mafkura bo’yicha nomi chiqqan kotiba Sarvar akaga qarshi turli bo’htonlarni uyushtiradi.

O’sha vaqtda yozuvchi Sa’dulla Karomatovning “Oltin qum” romani bosilib chiqqan bo’lib, badiiy asarda geologlar hayoti yoritilgan, viloyat partiya qo’mitasining kotibi esa tanqidiy ruhda tasvirlangandi. Tabiiyki, mafkuraviy kotiba romanni hijjalab o’qimagan, unga qaysidir ijodkor qildan qiyiq axtarib bevosita Azimovni “ nishonga urish” uchun asardan foydalanmoqchi bo’lgandi. Shu bois kotiba “ davrimizning bosh qahramoniga bu tuhmat!” deya turib oladi va adibni bu ishni atayin qilganlikda, mafkuraviy xatoga yo’l qo’yganlikda ayblab chiqdi. Karomatovni esa Sarvar Azimov ijodkor va uyushma rahbari sifatida himoya qilib chiqadi.Kotibaga “ badiiy asarda kimni qanday tasvirlash yozuvchining ixtiyorida ekanligini, bu jarayonga aralashishga hech kimning haqqi yo’qligini tushuntiradi.

Opa bu bilangina cheklanib qolmay viloyatlarda o’tadigan adabiyot kunlariga ham to’sqinlik qilmoqchi bo’ladi.Buxoroga bevosita Sarvar Azimov o’zi boshchiligida 40 ta atoqli ijodkorlar bilan borganida, Toshkentdan opa viloyat sarkotibiga qo’ng’iroq qilib yozuvchilarni kutib olmaslik, umuman hadeb ularni “boshga ko’taravermaslik”ni topshiradi. Poytaxtdan bo’ladigan buyruqqa o’rganib qolgan sarkotib aytganiday qilib aeroportda kutib olish va ularni tuzukroq joylashtirishga e’tibor qaratmaydi. Bundan xabar topgan Sarvar Azimov viloyat rahbariyatiga “yozuvchilarga bunday muomila qilish mumkin emasligini, har qanday tanazzul va fojialar adabiyot va san’atga bepisand qarashdan boshlanishini, adabiyot mafkuraviy kotiba buyrug’idan ustun turishini” uqtiradi. Natijada sobiq ittifoq miqyosida obro’si katta bo’lgan Sarvar akaning gapi ta’sir qilib viloyat rahbariyati opaning gapini “ikki qiladi” va adabiyot kunlari chinakam bayram sifatida nishonlanadi.

Opa shundan so’ngra Moskvaga Sarvar aka ustidan 60 dan ortiq turli shikoyatlar jo’natilishiga, o’zi esa ularni tekshirilishiga boshchilik qiladi. Biroq bu “ayblar”, 60 dan ortiq dumaloq xatlar o’z isbotini topmaydi.Sobiq ittifoq bosh prokuraturasidan kelgan maxsus komissiya rahbari ham Azimovning xatolarini topaolmaydi. Shunday bo’lsada mafkuraviy xo’jayin Azimovni uyushma rahbarligidan olishga erishadi.Bu haqda rahmatlik Ozod aka Sharofiddinov shunday xotirlagandi:

— Kotiba kimlarningdir oq fotihasini olgan bo’lsa kerakki, shoshilinch ravishda Yozuvchilar uyushmasining plenumini chaqirdi va unda Azimovning ishdan olinganini e’lon qildi. Zalni to’ldirib o’tirgan yozuvchilar bu axborotni miq etmay eshitishdi. 3-4 yil uyushmada ishlagan, ishlaganda ham chin yurakdan, fidoyilik bilan ishlagan, uyushmaga ham, yozuvchilarga ham ancha-muncha xizmatlari singib ulgurgan Sarvar Azimov uchun hatto bir og’iz “rahmat” degan so’z ham topilmadi. Holbuki, u ayni shu kuni-o’ziga nisbatan mislsiz adolatsizlik sodir bo’layotgan anjumanda odamlarning madadiga muhtoj, bir og’iz shirin gapiga zor edi. Hech kimdan sado chiqmadi. Sarvar Azimov yirik-yirik, lekin ancha ma’yus tortib qolgan ko’zlarini zalga tikdi-da, ma’nodor qilib dedi:

— Hammalaringga rahmat!”

Bunday adolatsizlikka va opaning mafkuraviy zug’umlariga qarshi yosh yozuvchilardan 28 kishi Gorbachyovga xat yo’llab, uyushma rahbarini ishdan olish noto’g’ri bo’lganini, Azimovni ishga qaytarishni talab qilishadi.

…Oradan bir oz vaqt o’tib kotibaning kimligi ayon bo’lgach, qolaversa Sarvar akaning haqiqiy layoqatini, ishchanligini, qolaversa ShAXS sifatida adolatparvarligini yaxshi bilgan, birga ishlashgan A.A.Gromikodek sobiq ittifoqning rahbarlaridan biri qo’llagach, u kishi respublika tashqi ishlar ministri bo’lib ishlay boshladi.

Ozod akaning xotirlashicha, “oradan ko’p o’tmay, u betoblanib qoldi. Taqdirning adolatsizliklaridan to’ygan, odamlarning xiyonatidan va munofiqligidan hafsalasi pir bo’lgan Sarvar Azimov betobligida ko’rgani kelganlarning birortasini qabul qilmay, olamdan ko’z yumdi. 20 asr o’zbek jamiyatidagi eng o’ziga xos, eng faol, eng ishchan odamlardan birining hayoti ana shunday ruhsiz bir holatda so’ndi.”Bu vaqtda Sarvar aka 71 yoshga kirgandi.

Tohir Malikning yozishicha, Sarvar Azimov 1966 yildagi Toshkent zilzilasiga oid romanni yozib boshlagan ekan.Afsuski, ushbu roman va taniqli olim, adib va dramaturgning yana ko’plab orzulari amalga oshmay qoldi.

“Muloqot” jurnalining 1991 yil may sonida Sarvar Azimov Hamid Olimjon haqidagi “Xalqqa ayting, men aslo o’lganim yo’q” nomli maqolasida, “Agar kelbati tarosh yigitlarni, quralay ko’zlarida yulduzi bor qizlarni uchratmoq maqsadi bo’lsa, birrov,bosh oqqanicha Jizzax tomon sayr etishning o’zi kifoya. Havosi issiq bu yurtning yeri shirin, suvi shirin, odamlari shirin, mehnatkash. Hamid Olimjonday shoirni, tarix bilgan qator arboblarni shu zaminda dunyoga kelgani, shu ruhiy muhitda voyaga yetgani tasodifdan nari, albatta”.

Ha, Jizzax zamini ko’plab fidoyi arboblarni o’zbek xalqiga yetishtirib bergan. Xususan, Sarvar Azimovdek 20 asrda yetishib chiqqan taniqli davlat va jamoat arbobini,etuk ShAXSni ham.Ozod Sharofiddinov yozganidek, “Sarvar Azimov-katta inson edi. Uning yaxshi ishlari ham, katta ishlari ham bor edi.Ayni chog’da, xatolari ham, qusurlari ham o’ziga yarasha edi. Lekin nima bo’lganda ham u odamlar hayotida muayayn iz qoldirdi va buni unitish mumkin emas. Hayotligida durustroq qadriga yetmaganimiz insonni loaqal vafotidan keyin ruhini shod qilaylik”. Rahmatlik Ozod aka bu gaplarni 2003 yilda-Sarvar Azimovning 80 yilligiga atab yozgandi.Oradan 15 yil o’tdi-90,95 yillik tavallud sanalari o’tdiki, bu haqda Tohir Malikning yuqoridagi kitobidan boshqa biron joyda bironta ziyolimiz bu mavzuni ko’tarib chiqmadi.

Ozod Sharofiddinov, Tohir Maliklar fikrlaridan iqtibos keltirganimizdan ko’rinadiki, Sarvar Azimov e’zozlashga, xotirlashga loyiq, munosib ShAXS. Xo’sh, unda sukunatning sababi nimada?! Befarqlikmi?! Nahotki Sarvar Azimov davrida uy-joyli bo’lgan, imtiyozlaridan foydalangan ijodkorlarimiz bugungi islohotlar davrida ham jim o’tiraversalar?!Bu Sarvar aka xotirasiga nisbatan bepisandlik emasmi axir?

Shulardan kelib chiqadiki, Sarvar Azimov xotirlashga arzigulik ShAXS ekan, chinakam ma’noda e’zozlaylik. Toshkentdagi adiblar xiyobonida,ona yurti Jizzax shahrida haykal va byuestlarini o’rnataylik, asarlarini qaytadan nashr etib, sahnaga olib chiqaylik.Nomlarini oliy o’quv yurtlariga qo’yayalik.Sarvar Azimovning serqirra faoliyati haqida ilmiy tadqiqot ishlarini olib borishni kun tartibiga olib chiqaylik.An’ana bo’lib qolgan “Sarvar Azimov zamondoshlari xotirasida” kitobini nashr etdiraylik. Shu asosda hujjatli filьm ishlashni,TV ,matbuot orqali Sarvar Azimov hayoti, ijodi va faoliyatini yoritishni ham tezlashtirib, keng ommaga u ShAXSning kimligini baralla aytaylik.

Bularning bari kechiktirib bo’lmaydigan dolzarb ishlar bo’lmog’i.Shulardan kelib chiqib esa 2023 yilda Sarvar Azimovning 100 yilligini nishonlashga ham hozirdan tayyorgarlik ko’raylik.

Shoir Mirzo Kenjabek yozganidek, “ albatta, Sarvar Azimov o’z davrining odami edi. U o’z iste’dodi va tashkilotchilik qobiliyati bilan davr mafkurasidan chiqa olmagan benazir shaxslardan biridir. Lekin u kishining mafkuralarga sig’maydigan ulkan tashkilotchilik iste’dodi bor edi. Bu adib va arbob zotning o’zbek xalqi va o’zbek vatani, o’zbek adiblari uchun qilgan xizmatlarini eslash insofdandir”.

Zero, Sarvar Azimov eslashga arzigulik davlat arbobigina emas, juda ko’p zamondoshlari, shu jumladan uning mehru muruvatini ko’rgan 7080 yillarda adabiyotga kirib kelgan avlod yozuvchilarigacha tan olgan katta inson edi.

045

(Tashriflar: umumiy 3 011, bugungi 1)

Izoh qoldiring