Zamira Egamberdiyeva. She’rlar & Shoira haqida ikki xotira

Ashampoo_Snap_2017.01.05_01h16m28s_001_.png       Мен бахтли аёлман — қирқта жоним бор… Бу ўтли сўзларни шеър қилиб ёзганида, Замира Эгамбердиева неларни назарда тутгани ёлғиз ўзига аён. Лекин мен бир ҳақиқатни биламан: Замира ўзининг муштдеккина юрагини қирқ бўлакка бўлиб, ёниб ёзган шоиралардан бири эди. Афсуски, умри қисқа экан. Шафқатсиз ўлим уни орамиздан олиб кетди. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Норқобил ЖАЛИЛ
ҚИРҚ БИРИНЧИ ЖОН
008

Мен бахтли аёлман — қирқта жоним бор…

Замира-Эгамбердиева.jpgБу ўтли сўзларни шеър қилиб ёзганида, Замира Эгамбердиева неларни назарда тутгани ёлғиз ўзига аён. Лекин мен бир ҳақиқатни биламан: Замира ўзининг муштдеккина юрагини қирқ бўлакка бўлиб, ёниб ёзган шоиралардан бири эди. Афсуски, умри қисқа экан. Шафқатсиз ўлим уни орамиздан олиб кетди. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

“МЕН ЯХШИ КЎРАМАН ЎЗИМНИ…”

У шу сўзларни кўп такрорлагани учунми, бу менга унчалик эриш туюлмасди. Балки бошқа бировдан эшитганимда, ким билади, бошқачароқ тушунармидим.

Хуллас, ўн беш йилча аввал Замира билан танишганмиз. У пайтлари собиқ “Ёш ленинчи” — ҳозирги “Туркистон”чилар бир оила фарзандларидай эдик. Шу “оила”да ҳамманинг ўзига хос ўрни бўларди ва табиийки, орамизда кўнгилчан “эркатой”ларимиз ҳам бўлгувчи эди. Шундайларнинг биттаси Замира Эгамбердиева саналарди.

Уни ҳаммамиз қадрлардик. Ниҳоятда самимий ва хокисорлиги учунми, исталган мавзу унинг чекига тушарди. Лекин бирор марта “мен ёзолмайман” деган гапни айтмасди. Эртаси куни қалин бир мақола сода ва қаттиққўл муҳаррир Жаббор Раззоқ столида турарди. Яна бир одати, ҳамма иши қолиб, бизга кўмак беришни ўйларди.

Барибир иқрор бўламан, “Мен ўзимни яхши кўраман” деб юрган Замира, аксинча, бошқаларни кўпроқ яхши кўрганини энди-энди англаяпман.

“КУН ВА ТУННИНГ ЎРТАСИДИР ШЕЪР”

Замира билан ўн йилча бирга ишлаган бўлсак, у деярли ҳар куни шеър ёзиб келарди. “Нима сизнинг бошқа ишингиз йўқми, дўстим?” дея ҳазиллашсам, кулимсираб: “Нима қилай, умрнинг ҳар лаҳзаси мен учун шеър бўлиб туғилаётган бўлса, айб мендами?” деб жавоб берарди.

“Ўзбекистон овози”да бир хонада ўтирардик. Бир сафар жиддийроқ топшириқ бўлиб, ўша мавзуни Замирага юкладик. Негадир рўйхушлик бермади. “Кўрарман, ёзгим келмаяпти-да”, деб қўйди ва қайтаётганида ёрилди: “Сиз ўзгаряпсиз, дўстим, шеър ёзмай қўйганингиз етмагандай, яна шеър эшитишгаям тоқат қилолмаяпсиз. Феълим ўзгариб тургани — кеча, ҳеч нарса ёзолмадим, шунга…”

Эртаси куни эса қўлимга долзарб мавзудаги мақола ва тонг саҳарда ёзиб тугатган ўтли шеърини тутқазди.

Кўп кузатганман. Замира қайси бир ижодкор билан кўришиб қолса, сўрашишдан аввал “Нима ёзаяпсиз? Китоб чиқармаяпсизми?” деб сўроққа тутарди. Ва ўзининг қайсидир нашриётга топшириб келган китоблари ҳақида сўзлаб кетарди.

У ҳаммани кўнгилчан бўлишга чорларди. Ўз навбатида тўрт қатор шеър ёзган ўқувчи бўладими ёки сал танилиб, иззатталаб бўлиб қолган қаламкашми, эринмай фикрлашар, соатлаб шеърият ҳақида суҳбатлашишдан зерикмасди. Айниқса, катта авлод вакиллари ижоди ва ҳаётини ибрат сифатида кўрсатиб, уларнинг янги чиққан асарларини ўқишни тавсия қиларди.

УКАМ ДЕР ЭДИ, ЎҒЛИМ ДЕР ЭДИ…

Вақти келиб собиқ “Туркистон” чилар ҳар ерга сочилиб кетдик. Биримиз газетага, бошқамиз радио-телевидениега, яна кимдир бутунлай бошқа бир соҳаларга ўтиб кетди. Лекин ора-орада кўришиб қолсак, бир-биримиз ҳақимизда сўраб қўярдик ва гап айланиб-айланиб яна ўзимизнинг қадрдон, соддадил Замирамизга тўхтар, унинг не ишлар билан бандлигини билгимиз келарди. Биров “Сериаллар таржимаси билан банд эмиш” деса, бошқаси “Тирикчилик-да, ўқувчиларни олий ўқув юртларига тайёрлаётган экан” дерди. Мени эса бошқа бир савол қизиқтирарди: “Шеър-чи? Шеърияти нима бўлаётган экан?!”

Бир куни телевидениеда кўришиб қолдик. Сумкасида бир талай китоблар бор эди. “Сиз китоб бермасангиз ҳам, мана мен сизга кечагина чоп этилган китобимдан совға қиламан дўстим” дея дастхат ёзиб, “Қизларимнинг сарпоси”, “Дадамнинг дуоси” деб номланган шеърий тўпламларини тақдим этди. Сўнг суҳбат орасида шогирдлари ҳақидаям суюниб гапирди. “Ҳар куни қўнғироқ қилиб туришади. Бири “опажон” дея суяди, яна бири, “онажон” деб эркалайди. Улар ҳам менинг фарзандларим-да, уч қизим ёнида суянган тоғларим-да” деб фахрга тўлиб сўзлади.

ЙИГИРМА БЕШ КУН АВВАЛ…

Куюнчак шоиралардан бири Муҳтарама Улуғ кутилмаганда: “Эшитдингизми, Мукаррама Муродова қазо қилибди…” деди. Сўнг “Замираниям мазаси йўқ экан, кўриб келдим кеча” деб қўшиб қўйди.

Шу куни кечқурун ҳамкасбим, шоир Ислом Ҳамро билан тўғри Замираникига ўтдик. Саратоннинг айни чилласи эмасми, ичкарида нафас олиш оғирлиги учун уйдагилари ташқарида Замирага сўри қўйиб беришган экан. Бизни кўрди-ю, ҳўнграб йиғлаб юборди. “Нега йиғлайсиз? Ҳаммамизни кулишга ўргатган одам ҳам кўз ёши қиладими-я?” дея ҳазиллашдик.

Шу йилнинг баҳоридан бери дард азоб бераётганини сўзлар экан, шеър билан, ижод билан бу азобларни енгаётганини айтди. ва «Шундай сатрлар шеър бўлиб қуйилиб келаяптики, ёзишга қўлим бормаяпти. Нима қилай, раҳматли Равшан Файз, Чори Авазлар кўзимга кўриняпти. Ёзай дейман, қўрқиб кетяпман. Ундан кўра кино таржима қилганим яхши, деб диктофонга гапириб, Забаржадга ёздираяпман. Кечалари оғриқнинг зўрини енгиш учун машинка чиқиллатиб чиқаяпман” деб ёзғириб қолди.

Гап орасида яна ўша ўзимизнинг Жаббор Раззоқ асос солган чинакам ижод мактаби бўлган қадрдон даврамизни соғиниб эсладик. Замира ҳаммани бирма-бир сўраб чиқди. “Қулмон ака ҳалиям ЎзАдами, Қурбон Эшмат ҳуқуқий мавзуни ёзиб чарчамадими, Зиёвуддин ака сигаретни ташлагани ростми, Муқаддас опа мукофот олибди, Амирқул раҳбар бўлиб, шеър ёзмай қўйганмиш, Меҳрибон Қўйлиққа кўчибди, икковларинг-чи, шеър ёзяпсизларми, ишқилиб?” деб сўради.

Шу куни Замира билан чин дилдан дардлашдик. Хайрлашаётганида отаси раҳматлини эслаб яна бир йиғлаб олди. Сўнг сал тузалиб қолса, албатта, ишга қайтишини ва шу орада Андижонга — онасини кўргани ўтганида бирга ҳамроҳ бўлишимизни тайинлади. Кузда эса Германияга, шогирди Улуғбекнинг олдига даволаниш учун жўнашини ҳам қўшиб қўйди…

Қайтаётганимизда ўзи ёзган “Ёлғизлатиб қўйсангиз мени мабодо, Учиб кетажакман турналар билан” деган сатрларни айтиб, кулиб хайрлашди. Бизларни катта кўчагача кузатиб чиққан турмуш ўртоғиТурсунбой ака бўлса маҳзун оҳангда: “Э, оғайнилар, нимасини айтайин, Замира ҳозир эслаётган муштипар онаси — қайнонам қазо қилди, Мукаррама опа бўлса кеча дунёдан ўтибди, қандай айтаман, бечоранинг ўзи оғир дард билан ўзи олишиб ётган бўлса!” деди йиғламсираб.

СЎНГГИ МАНЗИЛ

Замира Эгамбердиева ҳақида сўз кетса, чин маънода “меҳнаткаш ижодкор” деган иборани айтишдан чўчимайман. Биз кўпам кўниколмайдиган қолипларни айнан шеърият майдонида Замира бетакрор ижод намуналари билан ўзгартирди. “Икки умрим биттасидир шеър. Олов билан сувнинг ўртаси — кун ва туннинг ўртасидир шеър” ёки бўлмаса “Бу кўнгил кўксимга сиғмайди, йиғласам еру кўк йиғлайди” ва ҳоказо. Бундай мисраларни юзлаб, минглаб келтиришим мумкин. Лекин шоира кўнглини, ижодкор юрагини, дарду аламини англаш, тушуниш учун лаҳзалар, йиллар, ҳатто асрлар ҳам етмаслигини яна бир бор Замира ўзининг дилбар, хокисор шеърияти билан исботлаб берди.
Мен бежиз қайта-қайта бу ҳассос шоиранинг кўнгил дунёси ҳақида тўхталмаяпман. Негаки, у бутун ҳаёти ва ижоди билан шу Ватаннинг, шу юртимизнинг юраги бўлмиш Тошкентдай катта шаҳри азимда ўзлигини, ўз кўнгил дунёсини кашф эта олди. Унга мана шу тош шаҳар, бош шаҳар паноҳ бўлди ва водариғ, шу ерда… сўнгги манзилини топди!..

Ана шу сўнгги сўзларни ёзиш… мен учун ва бу машъум хабарни эшитиш Сиз учун ҳам қанчалар қайғули эканлигини тушунаман. На чора? На илож? Тақдир экан, ёзмиши шу экан Замиранинг. Айни қирчиллама ёшида “қилдай қирқта жони”ни тупроққа топширди. Энди…

Энди унинг ҚИРҚ БИРИНЧИ ЖОНИ — энг самимий ва ёниқ шеърлари, залворли “Кўнгил кўчирмалари” — китоблари мерос бўлиб қолди. Ҳеч бир муболағасиз айтсак бўлади, шеъриятимизнинг ўзига хос юлдузларидан бўлган Замира Эгамбердиеванинг шеърлари ҳар биримизнинг кўнгил мулкимизга айланади. Зеро, ўзи ёзиб кетгани каби:

Мен ўзимни Қуёш демайман,
Лек бағрини иситгум Ернинг.
Бу дунёга бошқа келмайман —
Умри узун бўлади Шеърнинг!

2005 йил, 19 август,

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси.

007_a.pngЗамира ЭГАМБЕРДИЕВА
ШЕЪРЛАР
008

АТИРГУЛ

Бир дилгир ҳис билан ёғади
Баҳорнинг энг сўнгги ёмғири.
Атиргул юраги ёнади —
Шуми деб умримнинг охири.

Ёмғирмас кўз ёшлар тахирдир,
Қўрқаман саратон қаҳридан.
Мендан хам шу гулга оғирдир:
Тиконлар ўсади бағридан…

***

Ёлғизлатиб қўйсангиз мени мабодо
Учиб кетажакман турналар билан.
Узатган қўлингиз қолар ҳавода-
Сўнг сизни кўраман жуда баланддан.

Ўзингиз йўлимга бўлганда маҳтал —
Кўнглингизга уруғ ташлаб ўтаман.
Шу уруғ мевага киргани маҳал —
Сизнинг кўзингизни ёшлаб кетаман.

ЗАБАРЖАД ҚИЗИМГА

Эплолмадим алла айтишни,
Ухлай қолгин сен, ёруғ юзим.
Сенга кўпроқ термулгим келар,
Андижонга ўхшайсан, қизим.

Кўзинг қаро бўлмаса майли,
Тўкилмасин олтин ёшларинг.
Ўн саккизга тўлган маҳали
Узун бўлсин фақат сочларинг.

Қучоғингда эриб кетаман,
Айланаман кичик одамга.
Сенингсиз мен кўп ўртанганман,
Сиғмаганман катта оламга.

Ёноғингда ёнган кулгучинг
Менинг учун жаннатга тенгдир.
Чучук тил-ла айтган илк сўзинг
Мен ёзолган энг гўзал шеърдир.

Севинаман тиниқ юзингда
Кўриб турсам ўзимнинг аксим.
Гул унмоқда демак изимда,
Сени бахт деб биламан, қизим.

Қуёш порлар шудринг бағрида,
Бахтсиз бўлмас сира аёллар.
Оналарни ҳар куни тунда
Эркалайди ёруғ хаёллар…

***

Юлдузларни, ойни, қуёшни
Паноҳида асрайди осмон.
Кўксидаги кафтдек бардошни
Нечун қийнар жамики инсон?

Тош отсалар бебош болалар
Чўкиб кетар сойнинг тубига.
Тоғда унган чўғдек лолалар
Зеб беради менинг умримга.

Потирлаган юрак ҳам гўё
Қафасдаги қушмикан, дейман?
Биз талпиниб яшаган дунё
Бир лаҳзалик тушмикин, дейман?

Эркалатгим, ўпгим келади,
Юрагимни кафтимга қўйиб.
Кўзларимга суртгим келади,
У ҳам менга тикилса тўйиб.

Бош кўтарса йилларнинг гарди,
Изларидан янглишар мезон.
Осмон ойни асраган каби
Юрагини асрасин инсон.

***

Қараб туриб кўзимга
Бор сиримни ўқийсиз,
Мен ҳақимда ўзимга
Афсоналар тўқийсиз.

Гулнинг иси келармиш
Ёзган ҳар бир хатимдан,
Ҳатто ҳарфлар кулармиш
Фол очишиб бахтимдан.

Бу дунёнинг яроқсиз
Ёлғонини суйдик биз,
Муҳаббатнинг адоқсиз
Оловида куйдик биз.

Йилнинг тўртта фаслида
Гул ундирдик қуёшдан,
Суйган кўнгил, аслида,
Яралгандир бардошдан.

Йўлингизга энтикиб
Қараб турган кўздирман,
Тилингиздан тўкилиб
Қолган ширин сўздирман.

Ой оҳиста боқади
Юлдузларга мастона,
Менга жуда ёқади
Сиз тўқиган афсона.

***

Кўнглимда кезар қуюн,
Ўнгимми ё тушимми?
Сиз – тангрининг мен учун
Учирган бахт қушими?

Қилолмай кўздан қувғин
Телбага ўхшаб қолдим.
Не қилай, куйса бағрим,
Ишқ ўтин ушлаб олдим?

Юрак сезар, барибир,
Кўз илғамас шарпани.
Билолмадим, қайдадир,
Муҳаббатнинг Ватани?

Пойингизга бош эгай
Банди бўлди эс-ҳушим.
Елкамни тутиб берай
Зора, қўнса бахт қушим.

***

Юлдузларни, ойни, қуёшни
Паноҳида асрайди осмон.
Кўксидаги кафтдек бардошни
Нечун қийнар жамики инсон?

Тош отсалар бебош болалар
Чўкиб кетар сойнинг тубига.
Тоғда унган чўғдек лолалар
Зеб беради менинг умримга.

Потирлаган юрак ҳам гўё
Қафасдаги қушмикан, дейман?
Биз талпиниб яшаган дунё
Бир лаҳзалик тушмикин, дейман?

Эркалатгим, ўпгим келади,
Юрагимни кафтимга қўйиб.
Кўзларимга суртгим келади,
У ҳам менга тикилса тўйиб.

Бош кўтарса йилларнинг гарди,
Изларидан янглишар мезон.
Осмон ойни асраган каби
Юрагини асрасин инсон.

***

Сиз тўқиган ёлғоннинг
Озори йўқ негадир.
Кўнгил деган қўрғонни
Очгим келди кимгадир.

Мен қўрқмайман йўллардан,
Қушлар бизга ҳамроҳдир.
Гул тутгувчи қўллардан
Юз ўгирмоқ гуноҳдир.

Кўнгил деган қўрғоннинг
Эшигига енг бўлай.
Сиз тўқиган ёлғоннинг
Поёнига тенг бўлай.

Кўзёш бўлиб юракнинг
Тўкилиши ёмондир.
Мендек жони ҳалакнинг
Кўрган куни гумондир.

Йўллар қурғур адоқсиз,
Бизлар билан иши йўқ.
Бу дунёда гуноҳсиз
Яшагувчи киши йўқ.

Сиғмай қолиб кўксимга
Оққан ёшлар, ёш эмас.
Отилмайди ҳеч кимга
Тоғнинг тоши тош эмас.

Кўнгил деган қўрғонни
Очгим келди кимгадир.
Сўз тўқиган ёлғоннинг
Озори йўқ негадир.

***

Мен бахтли аёлман, қирқта жоним бор,
Ҳаммаси умримга, сизга бахшида.
Она деб аталмиш улуғ номим бор,
Болангни эркалаб, суйиш яхши-да.

Қирқ жоннинг ҳеч бири меники эмас,
Аслида, ҳаммаси бировнинг мулки.
Уларни аямоқ қўлимдан келмас,
Илҳомнинг оғуши – шоирнинг эрки.

Ишониб, алданманг табассумимга,
Қилдай қирқта жоним руҳимда меҳмон.
Шеър ишқи ёнадир бор вужудимга –
Мени асраб турган қирқ биринчи жон.

Раҳмон ҚЎЧҚОР
“УМРИ УЗУН БЎЛАР КЎНГИЛ ГУЛИНИНГ…”
Забаржадга мактуб
008

Синглим Забаржад! Телефонда айтган: “Аям яқинда эллик ёшга тўладилар, у киши ҳақида бирор нарса ёзиб берасизми?” мазмунидаги гапингиз мени қанчалик хижолатга солганини билсангиз эди. Нега бу гапни минг бир истиҳола билан ийманиб айтасиз? Ахир, шунга ҳам ярамасак, шугина ишни ҳам қилмасак, дунёда не деб бош кўтариб юрамиз? Ҳаёт, Адабиёт бизни нимага ўргатдию, бу сабоқ ҳақига биз недир бир нарса қайтармасак?..

Ashampoo_Snap_2017.01.05_01h16m28s_001_a.pngУмри ижод ва турмуш заҳматларида кечган Сизнинг аянгиз – менинг Замира опам учун адабиёт на обрў-иззат ёхуд амал-эътибор пилапояси, на машҳурлик васвасасию на ўзгаларга ўзини тақдим этиш воситаси эди. У киши бундайларнинг кўпини кўрар, кузатар ва… биз — “шижоатли танқидчилар”дан фарқ қилароқ, ўзига ниҳоятда ярашадиган, у кишидан кейин бошқа ҳеч кимда кўрмаганимиз завқ билан маза қилиб кулар эди. Биз жиғибийрон бўлганимизга қасдма-қасд кулар эди. Бугун – орадан шунча йиллар ўтиб маълум бўлаяптики, Замира опа ҳақ экан, минг марта ҳақ экан.

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари андижонлик ижодкорлар бошини қовуштириб, ҳафтада бир марта адабий суҳбатларга чорлаб турадиган даргоҳга ўз вазифасига ихлос билан ёндашадиган бағрикенг ижодкор Олимжон Холдор бошчилик қиларди. Вилоятнинг энг чекка туманларидан тортиб, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими биносининг шундоқ биқинида жойлашган Андижон педагогика инстутидан чиқиб келган ўттиз-қирқ нафар, аксарияти ёш қаламкашлар давраси тўрт-беш соатлик қизғин суҳбатсиз тарқамасди. Мана шу даврада тенгдошларидан, ҳатто ўзидан каттароқ қиз-йигитлардан кўра кўпроқ нарса ўқиган, билган, энг муҳими — ёзган нарсалари билан шахси ўртасида қилча фарқ сезилмайдиган, демакки, кўнглини алдашга, аврашга ўрганмаган Замира Эгамбердиеванинг ҳозир бўлиши кўпчиликни тараддудга солиб қўярди. Ҳолбуки, бу қиз ҳеч қачон бошқаларни туртиб-суртиб олдинга интилмас, дўстлари ўқиётган ҳар бир нарсани ерга қараб жон қулоғи билан тинглар, оҳорли мисра учраб қолса бир қалқиниб қўяр, ўзига навбат берилишини эса, жимгина кутарди. Навбати етгач, ўша замоннинг ўйноқи, башанг оҳангларига ёт, аксарият маҳзун туйғулар ифодаси бўлмиш шеърларини сокин овозда ўқиб берарди. Шоира тилсиз-забонсиз мавжудотларга тил бўлишга, уларнинг ўзиникига ўхшаш тақдирларидан арзи ҳол қилишга уринарди. Шеърларнинг биридан туш кўришга умрбод маҳтал, ҳеч қачон ухламайдиган, кўз ёшлари денгиз сувини шўр қилган балиқлар йиғисини эшитсангиз, бошқа бирида кўпчиликнинг ҳавасини қўзғотадиган тувакдаги гуллар абадий тутқунликнинг, эрксиз қисматнинг унсиз рамзи бўлиб Сизга арз қиларди:

Уларнинг юзига тушмайди шабнам,
Уйқусиз ўтказар бутун ҳаётин.
Очилиб турарлар ҳатто қишда ҳам,
Ҳеч кимса тинглолмас унсиз фарёдин.

Эркин ўсаётган боғ гулларидан
Бирор фарқи борми ёки гуноҳи?
Нега ичолмайди тоғ сувларидан
Кимларга тушаркан буларнинг оҳи?

Ўқишни битирган Замира опанинг кейинги ҳаёти пойтахтда давом этди. Ёш ижодкорларга ўзига хос дорилфунун вазифасини ўтаган “Шуъла” ижодий уюшмасини иқтидорли шоира Мукаррама Муродова ҳамда қалами ўткир журналист Мирзакарим Пирматов бошқарар, бу тўгарак республиканинг турли бурчакларидан келган ёшларнинг интиқиб кутадиган ижодий мулоқот манзилига айланиб улгурган эди.

Ёдимда, қиш кунларининг бирида машғулотдан чиқсак, қоронғи осмонни парқуга буркаб лайлак қор ёғаётган экан. Мен Талабалар шаҳарчасидаги ётоқхонага, Замира опа бўлса, ўша атрофдаги маҳаллалардан бирида жойлашган, дугоналари билан турадиган ижара уйга кетишимиз керак. Ҳозирги Алишер Навоий номидаги кино саройи олдида машина тўхтатмоқчи эдим, Замира опа: “Қаранг, қанақа тоза, ёруғ тун бўлаяпти, ердаги манави оппоқ қор эртага бўлмаслиги мумкин, келинг, уйларимизгача пиёда кетамиз”, деб қолди. Шу тариқа, биз яёв йўлга тушдик. Билмадим, неча соат юрдик. Зеро, биз шошилмас, кета-кетгунча нафис адабиёт, санъат намуналари, ҳозиргина машғулотда эшитганимиз шеъру достонлар тўғрисида сўзлашиб борар, бу суҳбатга на бир оғиз инсоний ғийбат, на бир бачкана ташвиш аралашарди. Замира опа ҳаётдан эмас, адабиётдан топгани мард ва танти инсонлар, гардсиз-ғуборсиз ҳис-туйғулар, реал дунёда кун кўриши мумкин бўлмаган покиза қалбларнинг ишқ-муҳаббат қиссалари ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қилар, юпунгина уст-бошимиздан аллақачон ўтиб улгурган тунги изғиринни мутлақо сезмасди ҳам.

Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида кечган, миллатимиз бошида сўнгги қатлиом қиличини ўйнатган сиёсат ўзбекнинг виждони уйғоқ бирор қаламкашини бефарқ қолдирмади. Замира Эгамбердиева ҳам, жумладан, 1987 йили ёзган шеърларидан бирида

Бу қандай синоат, қандай кўргулик:
Ўзингнинг соянгдан ҳуркиб яшасанг.
Хавотир уйғотса барча янгилик,
Орзулар шол бўлса, умидлар гаранг.

Ҳавас-ла энтикиб кўкка қарадим,
Ҳар кеча байрамдир, ахир, осмонда.
Юлдузлардан йиғлаб туриб сўрадим:
Қачон тўй бўлади бизлар томонда?! —

дея шоир акалари – Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Мирзо Кенжабеклар сафига дадил қўшилган эди…

Забаржад, аянгиз ёки дадангиз, албатта, айтишган бўлса керак: Сиз чақалоқлигингиздан фақат алла эшитиб катта бўлмагансиз. Замира опа Сиз ва сингилларингиз – йиғлоқи қизалоқларини ўзбекнинг мумтоз куйлари оҳангида ором олдирарди. Уйларингизда меҳмон бўлганимизда бунга неча бор гувоҳ бўлганмиз. “Шашмақом” ёзилган пластинкадан “Чўли Ироқ” янграр, дадангиз билан меҳмонларга дастурхон тузаб бўлган Замира опа бешикни оҳиста тебратиб, бундай усул боланинг руҳияти тўқ, нафис оҳангни илғайдиган, шуурларига гўзаллик сингган инсон бўлиб вояга етишига ёрдам беришини астойдил ҳикоя қиларди. Бу гапларни бежиз эслаётганим йўқ. Сизга чин маънодаги зиёлилар — ижодкорлар оиласида туғилиб, вояга етиш насиб этганининг ўзи катта бахтингиз. Дадангиз Турсунбой акани истеъдодли рассом сифатида биламан. У киши аянгизнинг ижодий ютуқларидан чин дилдан қувонар, унга ҳар ишда далда бериб, қўлидан келган ёрдамини аямас, иккалалари адабиёт, муайян асар тўғрисида соатлаб суҳбатлашишдан чарчамасдилар. Бундай покиза, руҳоний муҳит фарзандлар тарбиясига қанчалар ижобий таъсир қилганини биргина Сизнинг ёзаётган мақолаларингиз, уюштираётган ижодий суҳбатларингиздан ҳам сезиш қийин эмас.

Мендан яхшироқ биласиз — Замира опанинг кўплаб шеърлари Андижонда қолган яқинлари — туну кун соғинадигани ота-онаси, қўли енгил шифокор опаси, елкаларида кўтариб катта қилган акаси ва сизлар — бу дунёга келиб топган энг азиз бойлиги — уч нафар қизига бағишланган эди. Бу кўнгил қўшиқларидаги самимият, ростлик, тўғрилик олдидан бефарқ ўтиб бўлмайди. Уларнинг ҳар бирида Замира опанинг, бошқа бирорта шоирникига ўхшамайдиган сокин овози, жимгина термулиб туриши, маъюс табассуми нақшланиб қолган. Шоиранинг кундалигидан топилган мана бу гап нақадар ҳақ: “Кўнгилнинг ичида ҳеч нарса йўқолмайди”.

Замира Эгамбердиева кўнглидан жой олмаган туйғуларга шеъридан ҳам жой бермас эди. Шундай экан, шоира кўнглининг гўзал акси бўлмиш унинг шеърлари ҳам ҳеч қачон йўқолмаяжак.

Забаржад, аянгиз қизларининг кутилмаган, бир-биридан топқир гапларини ҳам энг севимли шеъридек ардоқлаб ёзиб борган экан. Мана ўшалардан биттаси – Сиз ва синглингизнинг аянгиз эшитиб қолган суҳбати:

— Моҳинур, қара, аямнинг расми!
— Йўқ, бу аяммас!

— Вой, нега ундай дейсан. Қара, аям-ку!
— Йўқ, аяммас. Аямга кулинг деса, кулардилар. Бу кулмаяпти-ку!..

Биламан, тушунаман, Забаржад, Сиз, дадангиз ва сингилларингиз Замира опамнинг ҳеч ким қайтара олмайдиган ғуборсиз кулгусини, табассумини, ўзини соғингансизлар. Мен-чи, мен соғинмабманми? Энди бу армонни селгитмоқнинг биргина йўли бор — у киши битган шеърларни, кундаликларни, мақолаларни қайта-қайта ўқимоқ. Ахир, ўшалар ичида Замира Эгамбердиева деган дилбар қалбнинг бутун ҳарорати тафт бериб турибди-ку…

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 24-сони

Norqobil JALIL
QIRQ BIRINCHI JON
008

Men baxtli ayolman — qirqta jonim bor…

02_f.pngBu o‘tli so‘zlarni she’r qilib yozganida, Zamira Egamberdiyeva nelarni nazarda tutgani yolg‘iz o‘ziga ayon. Lekin men bir haqiqatni bilaman: Zamira o‘zining mushtdekkina yuragini qirq bo‘lakka bo‘lib, yonib yozgan shoiralardan biri edi. Afsuski, umri qisqa ekan. Shafqatsiz o‘lim uni oramizdan olib ketdi. Alloh rahmatiga olgan bo‘lsin.

“MЕN YAXSHI KO‘RAMAN O‘ZIMNI…”

U shu so‘zlarni ko‘p takrorlagani uchunmi, bu menga unchalik erish tuyulmasdi. Balki boshqa birovdan eshitganimda, kim biladi, boshqacharoq tushunarmidim.

Xullas, o‘n besh yilcha avval Zamira bilan tanishganmiz. U paytlari sobiq “Yosh leninchi” — hozirgi “Turkiston”chilar bir oila farzandlariday edik. Shu “oila”da hammaning o‘ziga xos o‘rni bo‘lardi va tabiiyki, oramizda ko‘ngilchan “erkatoy”larimiz ham bo‘lguvchi edi. Shundaylarning bittasi Zamira Egamberdiyeva sanalardi.

Uni hammamiz qadrlardik. Nihoyatda samimiy va xokisorligi uchunmi, istalgan mavzu uning chekiga tushardi. Lekin biror marta “men yozolmayman” degan gapni aytmasdi. Ertasi kuni qalin bir maqola soda va qattiqqo‘l muharrir Jabbor Razzoq stolida turardi. Yana bir odati, hamma ishi qolib, bizga ko‘mak berishni o‘ylardi.

Baribir iqror bo‘laman, “Men o‘zimni yaxshi ko‘raman” deb yurgan Zamira, aksincha, boshqalarni ko‘proq yaxshi ko‘rganini endi-endi anglayapman.

“KUN VA TUNNING O‘RTASIDIR SHE’R”

Zamira bilan o‘n yilcha birga ishlagan bo‘lsak, u deyarli har kuni she’r yozib kelardi. “Nima sizning boshqa ishingiz yo‘qmi, do‘stim?” deya hazillashsam, kulimsirab: “Nima qilay, umrning har lahzasi men uchun she’r bo‘lib tug‘ilayotgan bo‘lsa, ayb mendami?” deb javob berardi.

“O‘zbekiston ovozi”da bir xonada o‘tirardik. Bir safar jiddiyroq topshiriq bo‘lib, o‘sha mavzuni Zamiraga yukladik. Negadir ro‘yxushlik bermadi. “Ko‘rarman, yozgim kelmayapti-da”, deb qo‘ydi va qaytayotganida yorildi: “Siz o‘zgaryapsiz, do‘stim, she’r yozmay qo‘yganingiz yetmaganday, yana she’r eshitishgayam toqat qilolmayapsiz. Fe’lim o‘zgarib turgani — kecha, hech narsa yozolmadim, shunga…”

Ertasi kuni esa qo‘limga dolzarb mavzudagi maqola va tong saharda yozib tugatgan o‘tli she’rini tutqazdi.

Ko‘p kuzatganman. Zamira qaysi bir ijodkor bilan ko‘rishib qolsa, so‘rashishdan avval “Nima yozayapsiz? Kitob chiqarmayapsizmi?” deb so‘roqqa tutardi. Va o‘zining qaysidir nashriyotga topshirib kelgan kitoblari haqida so‘zlab ketardi.

U hammani ko‘ngilchan bo‘lishga chorlardi. O‘z navbatida to‘rt qator she’r yozgan o‘quvchi bo‘ladimi yoki sal tanilib, izzattalab bo‘lib qolgan qalamkashmi, erinmay fikrlashar, soatlab she’riyat haqida suhbatlashishdan zerikmasdi. Ayniqsa, katta avlod vakillari ijodi va hayotini ibrat sifatida ko‘rsatib, ularning yangi chiqqan asarlarini o‘qishni tavsiya qilardi.

UKAM DЕR EDI, O‘G‘LIM DЕR EDI…

Vaqti kelib sobiq “Turkiston” chilar har yerga sochilib ketdik. Birimiz gazetaga, boshqamiz radio-televideniyega, yana kimdir butunlay boshqa bir sohalarga o‘tib ketdi. Lekin ora-orada ko‘rishib qolsak, bir-birimiz haqimizda so‘rab qo‘yardik va gap aylanib-aylanib yana o‘zimizning qadrdon, soddadil Zamiramizga to‘xtar, uning ne ishlar bilan bandligini bilgimiz kelardi. Birov “Seriallar tarjimasi bilan band emish” desa, boshqasi “Tirikchilik-da, o‘quvchilarni oliy o‘quv yurtlariga tayyorlayotgan ekan” derdi. Meni esa boshqa bir savol qiziqtirardi: “She’r-chi? She’riyati nima bo‘layotgan ekan?!”

Bir kuni televideniyeda ko‘rishib qoldik. Sumkasida bir talay kitoblar bor edi. “Siz kitob bermasangiz ham, mana men sizga kechagina chop etilgan kitobimdan sovg‘a qilaman do‘stim” deya dastxat yozib, “Qizlarimning sarposi”, “Dadamning duosi” deb nomlangan she’riy to‘plamlarini taqdim etdi. So‘ng suhbat orasida shogirdlari haqidayam suyunib gapirdi. “Har kuni qo‘ng‘iroq qilib turishadi. Biri “opajon” deya suyadi, yana biri, “onajon” deb erkalaydi. Ular ham mening farzandlarim-da, uch qizim yonida suyangan tog‘larim-da” deb faxrga to‘lib so‘zladi.

YIGIRMA BЕSh KUN AVVAL…

Kuyunchak shoiralardan biri Muhtarama Ulug‘ kutilmaganda: “Eshitdingizmi, Mukarrama Murodova qazo qilibdi…” dedi. So‘ng “Zamiraniyam mazasi yo‘q ekan, ko‘rib keldim kecha” deb qo‘shib qo‘ydi.

Shu kuni kechqurun hamkasbim, shoir Islom Hamro bilan to‘g‘ri Zamiranikiga o‘tdik. Saratonning ayni chillasi emasmi, ichkarida nafas olish og‘irligi uchun uydagilari tashqarida Zamiraga so‘ri qo‘yib berishgan ekan. Bizni ko‘rdi-yu, ho‘ngrab yig‘lab yubordi. “Nega yig‘laysiz? Hammamizni kulishga o‘rgatgan odam ham ko‘z yoshi qiladimi-ya?” deya hazillashdik.

Shu yilning bahoridan beri dard azob berayotganini so‘zlar ekan, she’r bilan, ijod bilan bu azoblarni yengayotganini aytdi. va «Shunday satrlar she’r bo‘lib quyilib kelayaptiki, yozishga qo‘lim bormayapti. Nima qilay, rahmatli Ravshan Fayz, Chori Avazlar ko‘zimga ko‘rinyapti. Yozay deyman, qo‘rqib ketyapman. Undan ko‘ra kino tarjima qilganim yaxshi, deb diktofonga gapirib, Zabarjadga yozdirayapman. Kechalari og‘riqning zo‘rini yengish uchun mashinka chiqillatib chiqayapman” deb yozg‘irib qoldi.

Gap orasida yana o‘sha o‘zimizning Jabbor Razzoq asos solgan chinakam ijod maktabi bo‘lgan qadrdon davramizni sog‘inib esladik. Zamira hammani birma-bir so‘rab chiqdi. “Qulmon aka haliyam O‘zAdami, Qurbon Eshmat huquqiy mavzuni yozib charchamadimi, Ziyovuddin aka sigaretni tashlagani rostmi, Muqaddas opa mukofot olibdi, Amirqul rahbar bo‘lib, she’r yozmay qo‘yganmish, Mehribon Qo‘yliqqa ko‘chibdi, ikkovlaring-chi, she’r yozyapsizlarmi, ishqilib?” deb so‘radi.

Shu kuni Zamira bilan chin dildan dardlashdik. Xayrlashayotganida otasi rahmatlini eslab yana bir yig‘lab oldi. So‘ng sal tuzalib qolsa, albatta, ishga qaytishini va shu orada Andijonga — onasini ko‘rgani o‘tganida birga hamroh bo‘lishimizni tayinladi. Kuzda esa Germaniyaga, shogirdi Ulug‘bekning oldiga davolanish uchun jo‘nashini ham qo‘shib qo‘ydi…

Qaytayotganimizda o‘zi yozgan “Yolg‘izlatib qo‘ysangiz meni mabodo, Uchib ketajakman turnalar bilan” degan satrlarni aytib, kulib xayrlashdi. Bizlarni katta ko‘chagacha kuzatib chiqqan turmush o‘rtog‘iTursunboy aka bo‘lsa mahzun ohangda: “E, og‘aynilar, nimasini aytayin, Zamira hozir eslayotgan mushtipar onasi — qaynonam qazo qildi, Mukarrama opa bo‘lsa kecha dunyodan o‘tibdi, qanday aytaman, bechoraning o‘zi og‘ir dard bilan o‘zi olishib yotgan bo‘lsa!” dedi yig‘lamsirab.

SO‘NGGI MANZIL

Zamira Egamberdiyeva haqida so‘z ketsa, chin ma’noda “mehnatkash ijodkor” degan iborani aytishdan cho‘chimayman. Biz ko‘pam ko‘nikolmaydigan qoliplarni aynan she’riyat maydonida Zamira betakror ijod namunalari bilan o‘zgartirdi. “Ikki umrim bittasidir she’r. Olov bilan suvning o‘rtasi — kun va tunning o‘rtasidir she’r” yoki bo‘lmasa “Bu ko‘ngil ko‘ksimga sig‘maydi, yig‘lasam yeru ko‘k yig‘laydi” va hokazo. Bunday misralarni yuzlab, minglab keltirishim mumkin. Lekin shoira ko‘nglini, ijodkor yuragini, dardu alamini anglash, tushunish uchun lahzalar, yillar, hatto asrlar ham yetmasligini yana bir bor Zamira o‘zining dilbar, xokisor she’riyati bilan isbotlab berdi.
Men bejiz qayta-qayta bu hassos shoiraning ko‘ngil dunyosi haqida to‘xtalmayapman. Negaki, u butun hayoti va ijodi bilan shu Vatanning, shu yurtimizning yuragi bo‘lmish Toshkentday katta shahri azimda o‘zligini, o‘z ko‘ngil dunyosini kashf eta oldi. Unga mana shu tosh shahar, bosh shahar panoh bo‘ldi va vodarig‘, shu yerda… so‘nggi manzilini topdi!..

Ana shu so‘nggi so‘zlarni yozish… men uchun va bu mash’um xabarni eshitish Siz uchun ham qanchalar qayg‘uli ekanligini tushunaman. Na chora? Na iloj? Taqdir ekan, yozmishi shu ekan Zamiraning. Ayni qirchillama yoshida “qilday qirqta joni”ni tuproqqa topshirdi. Endi…

Endi uning QIRQ BIRINCHI JONI — eng samimiy va yoniq she’rlari, zalvorli “Ko‘ngil ko‘chirmalari” — kitoblari meros bo‘lib qoldi. Hech bir mubolag‘asiz aytsak bo‘ladi, she’riyatimizning o‘ziga xos yulduzlaridan bo‘lgan Zamira Egamberdiyevaning she’rlari har birimizning ko‘ngil mulkimizga aylanadi. Zero, o‘zi yozib ketgani kabi:

Men o‘zimni Quyosh demayman,
Lek bag‘rini isitgum Yerning.
Bu dunyoga boshqa kelmayman —
Umri uzun bo‘ladi She’rning!

2005 yil, 19 avgust,

Manba: “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi.

Аджиметов-К.-Про-музыку-осени.-1990.jpgZamira EGAMBЕRDIYEVA
SHE’RLAR
008

ATIRGUL

Bir dilgir his bilan yog‘adi
Bahorning eng so‘nggi yomg‘iri.
Atirgul yuragi yonadi —
Shumi deb umrimning oxiri.

Yomg‘irmas ko‘z yoshlar taxirdir,
Qo‘rqaman saraton qahridan.
Mendan xam shu gulga og‘irdir:
Tikonlar o‘sadi bag‘ridan…

***

Yolg‘izlatib qo‘ysangiz meni mabodo
Uchib ketajakman turnalar bilan.
Uzatgan qo‘lingiz qolar havoda-
So‘ng sizni ko‘raman juda balanddan.

O‘zingiz yo‘limga bo‘lganda mahtal —
Ko‘nglingizga urug‘ tashlab o‘taman.
Shu urug‘ mevaga kirgani mahal —
Sizning ko‘zingizni yoshlab ketaman.

ZABARJAD QIZIMGA

Eplolmadim alla aytishni,
Uxlay qolgin sen, yorug‘ yuzim.
Senga ko‘proq termulgim kelar,
Andijonga o‘xshaysan, qizim.

Ko‘zing qaro bo‘lmasa mayli,
To‘kilmasin oltin yoshlaring.
O‘n sakkizga to‘lgan mahali
Uzun bo‘lsin faqat sochlaring.

Quchog‘ingda erib ketaman,
Aylanaman kichik odamga.
Seningsiz men ko‘p o‘rtanganman,
Sig‘maganman katta olamga.

Yonog‘ingda yongan kulguching
Mening uchun jannatga tengdir.
Chuchuk til-la aytgan ilk so‘zing
Men yozolgan eng go‘zal she’rdir.

Sevinaman tiniq yuzingda
Ko‘rib tursam o‘zimning aksim.
Gul unmoqda demak izimda,
Seni baxt deb bilaman, qizim.

Quyosh porlar shudring bag‘rida,
Baxtsiz bo‘lmas sira ayollar.
Onalarni har kuni tunda
Erkalaydi yorug‘ xayollar…

***

Yulduzlarni, oyni, quyoshni
Panohida asraydi osmon.
Ko‘ksidagi kaftdek bardoshni
Nechun qiynar jamiki inson?

Tosh otsalar bebosh bolalar
Cho‘kib ketar soyning tubiga.
Tog‘da ungan cho‘g‘dek lolalar
Zeb beradi mening umrimga.

Potirlagan yurak ham go‘yo
Qafasdagi qushmikan, deyman?
Biz talpinib yashagan dunyo
Bir lahzalik tushmikin, deyman?

Erkalatgim, o‘pgim keladi,
Yuragimni kaftimga qo‘yib.
Ko‘zlarimga surtgim keladi,
U ham menga tikilsa to‘yib.

Bosh ko‘tarsa yillarning gardi,
Izlaridan yanglishar mezon.
Osmon oyni asragan kabi
Yuragini asrasin inson.

***

Qarab turib ko‘zimga
Bor sirimni o‘qiysiz,
Men haqimda o‘zimga
Afsonalar to‘qiysiz.

Gulning isi kelarmish
Yozgan har bir xatimdan,
Hatto harflar kularmish
Fol ochishib baxtimdan.

Bu dunyoning yaroqsiz
Yolg‘onini suydik biz,
Muhabbatning adoqsiz
Olovida kuydik biz.

Yilning to‘rtta faslida
Gul undirdik quyoshdan,
Suygan ko‘ngil, aslida,
Yaralgandir bardoshdan.

Yo‘lingizga entikib
Qarab turgan ko‘zdirman,
Tilingizdan to‘kilib
Qolgan shirin so‘zdirman.

Oy ohista boqadi
Yulduzlarga mastona,
Menga juda yoqadi
Siz to‘qigan afsona.

***

Ko‘nglimda kezar quyun,
O‘ngimmi yo tushimmi?
Siz – tangrining men uchun
Uchirgan baxt qushimi?

Qilolmay ko‘zdan quvg‘in
Telbaga o‘xshab qoldim.
Ne qilay, kuysa bag‘rim,
Ishq o‘tin ushlab oldim?

Yurak sezar, baribir,
Ko‘z ilg‘amas sharpani.
Bilolmadim, qaydadir,
Muhabbatning Vatani?

Poyingizga bosh egay
Bandi bo‘ldi es-hushim.
Yelkamni tutib beray
Zora, qo‘nsa baxt qushim.

***

Yulduzlarni, oyni, quyoshni
Panohida asraydi osmon.
Ko‘ksidagi kaftdek bardoshni
Nechun qiynar jamiki inson?

Tosh otsalar bebosh bolalar
Cho‘kib ketar soyning tubiga.
Tog‘da ungan cho‘g‘dek lolalar
Zeb beradi mening umrimga.

Potirlagan yurak ham go‘yo
Qafasdagi qushmikan, deyman?
Biz talpinib yashagan dunyo
Bir lahzalik tushmikin, deyman?

Erkalatgim, o‘pgim keladi,
Yuragimni kaftimga qo‘yib.
Ko‘zlarimga surtgim keladi,
U ham menga tikilsa to‘yib.

Bosh ko‘tarsa yillarning gardi,
Izlaridan yanglishar mezon.
Osmon oyni asragan kabi
Yuragini asrasin inson.

***

Siz to‘qigan yolg‘onning
Ozori yo‘q negadir.
Ko‘ngil degan qo‘rg‘onni
Ochgim keldi kimgadir.

Men qo‘rqmayman yo‘llardan,
Qushlar bizga hamrohdir.
Gul tutguvchi qo‘llardan
Yuz o‘girmoq gunohdir.

Ko‘ngil degan qo‘rg‘onning
Eshigiga yeng bo‘lay.
Siz to‘qigan yolg‘onning
Poyoniga teng bo‘lay.

Ko‘zyosh bo‘lib yurakning
To‘kilishi yomondir.
Mendek joni halakning
Ko‘rgan kuni gumondir.

Yo‘llar qurg‘ur adoqsiz,
Bizlar bilan ishi yo‘q.
Bu dunyoda gunohsiz
Yashaguvchi kishi yo‘q.

Sig‘may qolib ko‘ksimga
Oqqan yoshlar, yosh emas.
Otilmaydi hech kimga
Tog‘ning toshi tosh emas.

Ko‘ngil degan qo‘rg‘onni
Ochgim keldi kimgadir.
So‘z to‘qigan yolg‘onning
Ozori yo‘q negadir.

***

Men baxtli ayolman, qirqta jonim bor,
Hammasi umrimga, sizga baxshida.
Ona deb atalmish ulug‘ nomim bor,
Bolangni erkalab, suyish yaxshi-da.

Qirq jonning hech biri meniki emas,
Aslida, hammasi birovning mulki.
Ularni ayamoq qo‘limdan kelmas,
Ilhomning og‘ushi – shoirning erki.

Ishonib, aldanmang tabassumimga,
Qilday qirqta jonim ruhimda mehmon.
She’r ishqi yonadir bor vujudimga –
Meni asrab turgan qirq birinchi jon.

Rahmon QO‘CHQOR
“UMRI UZUN BO‘LAR KO‘NGIL GULINING…”
Zabarjadga maktub
008

Singlim Zabarjad! Telefonda aytgan: “Ayam yaqinda ellik yoshga to‘ladilar, u kishi haqida biror narsa yozib berasizmi?” mazmunidagi gapingiz meni qanchalik xijolatga solganini bilsangiz edi. Nega bu gapni ming bir istihola bilan iymanib aytasiz? Axir, shunga ham yaramasak, shugina ishni ham qilmasak, dunyoda ne deb bosh ko‘tarib yuramiz? Hayot, Adabiyot bizni nimaga o‘rgatdiyu, bu saboq haqiga biz nedir bir narsa qaytarmasak?..

Замира-Эгамбердиева.jpgUmri ijod va turmush zahmatlarida kechgan Sizning ayangiz – mening Zamira opam uchun adabiyot na obro‘-izzat yoxud amal-e’tibor pilapoyasi, na mashhurlik vasvasasiyu na o‘zgalarga o‘zini taqdim etish vositasi edi. U kishi bundaylarning ko‘pini ko‘rar, kuzatar va… biz — “shijoatli tanqidchilar”dan farq qilaroq, o‘ziga nihoyatda yarashadigan, u kishidan keyin boshqa hech kimda ko‘rmaganimiz zavq bilan maza qilib kular edi. Biz jig‘ibiyron bo‘lganimizga qasdma-qasd kular edi. Bugun – oradan shuncha yillar o‘tib ma’lum bo‘layaptiki, Zamira opa haq ekan, ming marta haq ekan.

O‘tgan asrning yetmishinchi yillari andijonlik ijodkorlar boshini qovushtirib, haftada bir marta adabiy suhbatlarga chorlab turadigan dargohga o‘z vazifasiga ixlos bilan yondashadigan bag‘rikeng ijodkor Olimjon Xoldor boshchilik qilardi. Viloyatning eng chekka tumanlaridan tortib, Yozuvchilar uyushmasi viloyat bo‘limi binosining shundoq biqinida joylashgan Andijon pedagogika instutidan chiqib kelgan o‘ttiz-qirq nafar, aksariyati yosh qalamkashlar davrasi to‘rt-besh soatlik qizg‘in suhbatsiz tarqamasdi. Mana shu davrada tengdoshlaridan, hatto o‘zidan kattaroq qiz-yigitlardan ko‘ra ko‘proq narsa o‘qigan, bilgan, eng muhimi — yozgan narsalari bilan shaxsi o‘rtasida qilcha farq sezilmaydigan, demakki, ko‘nglini aldashga, avrashga o‘rganmagan Zamira Egamberdiyevaning hozir bo‘lishi ko‘pchilikni taraddudga solib qo‘yardi. Holbuki, bu qiz hech qachon boshqalarni turtib-surtib oldinga intilmas, do‘stlari o‘qiyotgan har bir narsani yerga qarab jon qulog‘i bilan tinglar, ohorli misra uchrab qolsa bir qalqinib qo‘yar, o‘ziga navbat berilishini esa, jimgina kutardi. Navbati yetgach, o‘sha zamonning o‘ynoqi, bashang ohanglariga yot, aksariyat mahzun tuyg‘ular ifodasi bo‘lmish she’rlarini sokin ovozda o‘qib berardi. Shoira tilsiz-zabonsiz mavjudotlarga til bo‘lishga, ularning o‘zinikiga o‘xshash taqdirlaridan arzi hol qilishga urinardi. She’rlarning biridan tush ko‘rishga umrbod mahtal, hech qachon uxlamaydigan, ko‘z yoshlari dengiz suvini sho‘r qilgan baliqlar yig‘isini eshitsangiz, boshqa birida ko‘pchilikning havasini qo‘zg‘otadigan tuvakdagi gullar abadiy tutqunlikning, erksiz qismatning unsiz ramzi bo‘lib Sizga arz qilardi:

Ularning yuziga tushmaydi shabnam,
Uyqusiz o‘tkazar butun hayotin.
Ochilib turarlar hatto qishda ham,
Hech kimsa tinglolmas unsiz faryodin.

Erkin o‘sayotgan bog‘ gullaridan
Biror farqi bormi yoki gunohi?
Nega icholmaydi tog‘ suvlaridan
Kimlarga tusharkan bularning ohi?

O‘qishni bitirgan Zamira opaning keyingi hayoti poytaxtda davom etdi. Yosh ijodkorlarga o‘ziga xos dorilfunun vazifasini o‘tagan “Shu’la” ijodiy uyushmasini iqtidorli shoira Mukarrama Murodova hamda qalami o‘tkir jurnalist Mirzakarim Pirmatov boshqarar, bu to‘garak respublikaning turli burchaklaridan kelgan yoshlarning intiqib kutadigan ijodiy muloqot manziliga aylanib ulgurgan edi.

Yodimda, qish kunlarining birida mashg‘ulotdan chiqsak, qorong‘i osmonni parquga burkab laylak qor yog‘ayotgan ekan. Men Talabalar shaharchasidagi yotoqxonaga, Zamira opa bo‘lsa, o‘sha atrofdagi mahallalardan birida joylashgan, dugonalari bilan turadigan ijara uyga ketishimiz kerak. Hozirgi Alisher Navoiy nomidagi kino saroyi oldida mashina to‘xtatmoqchi edim, Zamira opa: “Qarang, qanaqa toza, yorug‘ tun bo‘layapti, yerdagi manavi oppoq qor ertaga bo‘lmasligi mumkin, keling, uylarimizgacha piyoda ketamiz”, deb qoldi. Shu tariqa, biz yayov yo‘lga tushdik. Bilmadim, necha soat yurdik. Zero, biz shoshilmas, keta-ketguncha nafis adabiyot, san’at namunalari, hozirgina mashg‘ulotda eshitganimiz she’ru dostonlar to‘g‘risida so‘zlashib borar, bu suhbatga na bir og‘iz insoniy g‘iybat, na bir bachkana tashvish aralashardi. Zamira opa hayotdan emas, adabiyotdan topgani mard va tanti insonlar, gardsiz-g‘uborsiz his-tuyg‘ular, real dunyoda kun ko‘rishi mumkin bo‘lmagan pokiza qalblarning ishq-muhabbat qissalari haqida to‘lqinlanib hikoya qilar, yupungina ust-boshimizdan allaqachon o‘tib ulgurgan tungi izg‘irinni mutlaqo sezmasdi ham.

O‘tgan asrning 80-yillari o‘rtalarida kechgan, millatimiz boshida so‘nggi qatliom qilichini o‘ynatgan siyosat o‘zbekning vijdoni uyg‘oq biror qalamkashini befarq qoldirmadi. Zamira Egamberdiyeva ham, jumladan, 1987 yili yozgan she’rlaridan birida

Bu qanday sinoat, qanday ko‘rgulik:
O‘zingning soyangdan hurkib yashasang.
Xavotir uyg‘otsa barcha yangilik,
Orzular shol bo‘lsa, umidlar garang.

Havas-la entikib ko‘kka qaradim,
Har kecha bayramdir, axir, osmonda.
Yulduzlardan yig‘lab turib so‘radim:
Qachon to‘y bo‘ladi bizlar tomonda?! —

deya shoir akalari – Shavkat Rahmon, Muhammad Yusuf, Mirzo Kenjabeklar safiga dadil qo‘shilgan edi…

Zabarjad, ayangiz yoki dadangiz, albatta, aytishgan bo‘lsa kerak: Siz chaqaloqligingizdan faqat alla eshitib katta bo‘lmagansiz. Zamira opa Siz va singillaringiz – yig‘loqi qizaloqlarini o‘zbekning mumtoz kuylari ohangida orom oldirardi. Uylaringizda mehmon bo‘lganimizda bunga necha bor guvoh bo‘lganmiz. “Shashmaqom” yozilgan plastinkadan “Cho‘li Iroq” yangrar, dadangiz bilan mehmonlarga dasturxon tuzab bo‘lgan Zamira opa beshikni ohista tebratib, bunday usul bolaning ruhiyati to‘q, nafis ohangni ilg‘aydigan, shuurlariga go‘zallik singgan inson bo‘lib voyaga yetishiga yordam berishini astoydil hikoya qilardi. Bu gaplarni bejiz eslayotganim yo‘q. Sizga chin ma’nodagi ziyolilar — ijodkorlar oilasida tug‘ilib, voyaga yetish nasib etganining o‘zi katta baxtingiz. Dadangiz Tursunboy akani iste’dodli rassom sifatida bilaman. U kishi ayangizning ijodiy yutuqlaridan chin dildan quvonar, unga har ishda dalda berib, qo‘lidan kelgan yordamini ayamas, ikkalalari adabiyot, muayyan asar to‘g‘risida soatlab suhbatlashishdan charchamasdilar. Bunday pokiza, ruhoniy muhit farzandlar tarbiyasiga qanchalar ijobiy ta’sir qilganini birgina Sizning yozayotgan maqolalaringiz, uyushtirayotgan ijodiy suhbatlaringizdan ham sezish qiyin emas.

Mendan yaxshiroq bilasiz — Zamira opaning ko‘plab she’rlari Andijonda qolgan yaqinlari — tunu kun sog‘inadigani ota-onasi, qo‘li yengil shifokor opasi, yelkalarida ko‘tarib katta qilgan akasi va sizlar — bu dunyoga kelib topgan eng aziz boyligi — uch nafar qiziga bag‘ishlangan edi. Bu ko‘ngil qo‘shiqlaridagi samimiyat, rostlik, to‘g‘rilik oldidan befarq o‘tib bo‘lmaydi. Ularning har birida Zamira opaning, boshqa birorta shoirnikiga o‘xshamaydigan sokin ovozi, jimgina termulib turishi, ma’yus tabassumi naqshlanib qolgan. Shoiraning kundaligidan topilgan mana bu gap naqadar haq: “Ko‘ngilning ichida hech narsa yo‘qolmaydi”.

Zamira Egamberdiyeva ko‘nglidan joy olmagan tuyg‘ularga she’ridan ham joy bermas edi. Shunday ekan, shoira ko‘nglining go‘zal aksi bo‘lmish uning she’rlari ham hech qachon yo‘qolmayajak.

Zabarjad, ayangiz qizlarining kutilmagan, bir-biridan topqir gaplarini ham eng sevimli she’ridek ardoqlab yozib borgan ekan. Mana o‘shalardan bittasi – Siz va singlingizning ayangiz eshitib qolgan suhbati:

— Mohinur, qara, ayamning rasmi!
— Yo‘q, bu ayammas!

— Voy, nega unday deysan. Qara, ayam-ku!
— Yo‘q, ayammas. Ayamga kuling desa, kulardilar. Bu kulmayapti-ku!..

Bilaman, tushunaman, Zabarjad, Siz, dadangiz va singillaringiz Zamira opamning hech kim qaytara olmaydigan g‘uborsiz kulgusini, tabassumini, o‘zini sog‘ingansizlar. Men-chi, men sog‘inmabmanmi? Endi bu armonni selgitmoqning birgina yo‘li bor — u kishi bitgan she’rlarni, kundaliklarni, maqolalarni qayta-qayta o‘qimoq. Axir, o‘shalar ichida Zamira Egamberdiyeva degan dilbar qalbning butun harorati taft berib turibdi-ku…

Manba: “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasining 2010 yil 24-soni

09

(Tashriflar: umumiy 1 938, bugungi 1)

3 izoh

  1. Жуда таъсирли, маъюс ва самимий хотиралар экан. Сизга ҳам, муаллифларга ҳам раҳмат. Замира Эгамбердиева чиндан ажойиб шоира эди. Шеърлари содда ва дилбар.

  2. Ростини айтсам устозимни куп эслаб тураман, аммо бу маколани энди укидим. Замира опа менинг иккинчи онам, хаетдаги барча ютукларимни сабабчиси. Рухлари шод булсин.Устозим доим калбимда, юрагимдалар.

  3. Men zamira egamberdievaning oila azolarimiz. Bugun dadam bilan adabiyotshunoslarning biografiyasi yani hayoti va ijodi haqida so’zlashib turgan edik. O’z o’zidan bir shoirning hayoti haqida baxs boylashdik va ishtimoiy tarmoqdan izlashga kirishdik. So’ng yana maqolalar va intervyularni izlashni boshladim. Dadam birdan zamira egamberdiyevani izlab ko’richi, dedi. Xattoki o’z onasinig vafoti haqida bilmay ketgan ammam Zamira egamberdiyeva aynan men tug’ilgan yil vafot etganlar. Bugun bu maqolani o’qib hech ko’z yosh chiqmagan ko’zlarda yosh ko’rdim. Ming rahmat. Maqola ajoyib chiqibdi..

Izoh qoldiring