Zikir Muhammadjonov. Olim Xo’jaev va uning Shohidasi.

021
Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллиги олдидан

   Бутун ҳаёти Миллий театрда кечган йирик санъаткор, Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджоновнинг фарзанди, юридик фанлари доктори, профессор Омонилла Муҳаммаджонов хайрли ишга қўл уриб, падари бузруквори жамоадошлари — устоз санъаткорлар тўғрисида даврий нашрларда чоп эттирган мақолалардан туркум тайёрлаб бизга йўллади. Таниқли олимга миннатдорчилик билдирган ҳолда мазкур туркумдаги ўзбек театр ва кино санъатининг ёрқин намояндаси Олим Хўжаевга бағишланган дастлабки мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

04

064   Олим Хўжаев (1910.24.9, Бухоро 1977.14.2, Москва, Тошкентга дафн қилинган) — актёр, режиссёр, жамоат арбоби. Ўзбекистон халқ артисти (1948). Бухоро маориф билим юртини тугатган (1929). 1929—77 й.лар Ҳамза театрида актёр (1975—77 й.лар директор). 30-йиллар Калаф (К. Гоцци, «Маликаи Турандот»), Яровой (К. Тренёв, «Любовь Яровая») каби образларни яратди. Юксак ижрочилик маҳорати, саҳнавий жозибаси, маъноли ва нафис ҳаракатлари, талаффузининг равон ва оҳангдорлиги — санъаткорнинг ўзига хос ижодий табиатини белгилади. Ижоди давомида 100 дан ортиқ образлар яратди. Уларнинг бадиий даражаси — актёрнинг характерли роллардан кўра, эътиқодли, фозил ва чуқур фалсафий фикрлайдиган, қатъиятли шахслар образини гавдалантиришга мойиллиги кўпроқ сезилди.

Ўзбек театри тарихидан олтин саҳифа бўлиб ўрин олган образларидан бири Ҳамлет (У. Шекспир,«Ҳамлет»)дир. У яратган Ҳамлет кучли эҳтироси ва улуғворлиги билан ажралиб туради (30-йиллар давомида узлуксиз ижро этган). Актёр Ҳамза (К. Яшин, А. Умарий, «Ҳамза») образини яратиш билан ҳам ўз ижодида алоҳида саҳифа очди. Қаҳрамонига хос серғайрат ҳаракатлар, шоирона табиати, ички ва ташқи қиёфасини очишда Ҳамза билан шахсан таниш бўлгани катта ёрдам берди. Актёр ўз қаҳрамонини ижтимоий-психологик образ даражасига кўтариб муваффақият қозонди («Ўзбекфильм»да яратилган «Ҳамза» бадиий фильм»да ҳам Ҳамза образи Олим Хўжаев томонидан яратилган). «Алишер Навоий» (Уйғун, И. Султон) драмасидаги Навоий образи нафақат театр тарихида, балки актёр ижодида ҳам алоҳида ўринга эга. Хаётга чинакам ижодкор кўзи билан қараган, ўзбек халқининг порлоқ келажагига ишончини ўз асарларида эҳтирос билан куйлаган, давлат ичидаги ижтимоий зиддиятлар, халқ ва сарой ўртасидаги қарама-қаршиликларни ақл-идрок кучи билан ҳал қилган довюрак шоир ва улуғ мутафаккир қиёфасини ёрқин гавдалантира олди. Навоий образини лирик-фалсафий йўсинда ҳал этиб, инсоний, ижтимоий ва ижодий фаолиятини унинг шоирлик табиати билан очиб берди. Олим Хўжаев бу ролни саҳнада 25 йил давомида ижро этди ва Давлат мукофотига сазовор бўлди (1949).

Карл Моор (Ф. Шиллер, «Қароқчилар»), Саттор (Б. Раҳмонов, «Юрак сирлари»), Чжин Гун (Ван Ши Фу, «Май тўкилди»), Астров (А. Чехов, «Ваня тоға»), Нолинакха (Р. Тагор, «Ганг дарёсининг қизи»), Полвонов (С. Азимов, «Юлдузлар жамоли»), Содиқ Собирович (Уйғун, «Қотил») каби образлари актёр ижодининг янги қирраларини очди. «Имон» (И. Султон) даги Комилов образи ўзининг бадиий яхлитлиги, ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Образ билан актёр ўртасидаги уйғунлик, тенгқурлик, уларнинг ахлоқий, маънавий ва инсоний қарашлар жиҳатидан бир-бирига яқинлиги, инсон психологиясини яхши билиши санъаткорга саҳнада зиёлининг бадиий умумлашма қиёфасини гавдалантиришга имкон берди. X. Паратов (А. Островский,«Сепсиз қиз»), Солиҳбой (Ҳамза, «Бой ила хизматчи»), айниқса, Яго, Юлий Цезарь (У. Шекспир, «Отелло», «Юлий Цезарь») каби салбий образларни моҳирона талқин этди. Актёр сахнада яратган йирик образларидан яна бири Қирол Лир (У. Шекспир, «Қирол Лир») бўлиб, бу образни актёр психологик ўткир, ижтимоий, фалсафий ва ғоявий мазмунга тўла тарзда гавдалантирди. Сальвадор Альенде (В. Чичков, «Чили, сенга ишонаман»), Креонт (Софокл, «Антигона»), Маттиас Клаузен (Н. Гауптман, «Қуёш ботиш арафасида») каби ғоявий-бадиий мукаммал образларни актёр умрининг сўнгги йилларида яратган.

Олим Хўжаев режиссёр сифатида «Май тўкилди» (Ван Ши Фу), «Абу Райҳон Беруний» (Уйғун), «Юрак сирлари» (Б. Раҳмонов),«Бой ила хизматчи» (Ҳамза, Болгариянинг Хасково театрида) сингари спектаклларни саҳналаштирган. Кинода Ҳакимбойвачча («Қутлуғ қон»), Давро бек («Фарзандлар»), Обилий («Умид») каби роллари билан танилди. Ўзбекистон театр арбоблари уюшмасининг раиси (1955—77). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1967). Вафoтидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2002).

04

08
Зикир МУҲАММАДЖОНОВ
ОЛИМ ХЎЖАЕВ ВА УНИНГ ШОҲИДАСИ
04

011 Саҳна мухлислари ўзларининг севимли актёрлари номини тилга олар экан, даставвал у ижро этган ролларни кўз олдиларига келтирадилар. Бунинг сабаби санъаткор яратган ролларнинг томошабинга таъсир этгани, қалбидан ўрин олгани, ҳаётида сабоқ бўлгани ва фикр доирасининг кен­гайи­шига имкон берганидадир, албатта. Ана шундай ажойиб образлари билан кенг томошабинлар қалбидан жой олган истеъдодли устозларимдан бири Олим Хўжаев эди.

Олим Хўжаев бирор ноҳақликни кўрсалар «Дил ба ёру, даст ба кор», деб қўяр эдилар. Кейин билсам, бу Баҳоуддин Нақшбанднинг сўзлари экан. Бир гал Бухорода гастролда бўлганимизда Олим ака мени Баҳоуддин Балогардон зиёратига олиб борганлар. Ўшанда зиёратгоҳга кириш ман этилиб, унинг эшикларига қулф солинган эди. Кейин мени Ал-Бухорий қабрига олиб бордилар. У ер ҳам хароба ҳолига келиб қолганини кўриб, «Бу нотўғри, булар буюк зотлар-ку», деганлари ҳамон эсимда.

Олим Хўжаев халқ талантлари орасидан профессионал театрга кириб келган актёрлардан эди. 1929 йилда Бухоро Маориф институтида ташкил этилган драма тўгарагида саҳналаштирилган «Яна уйланаман» асарида «ўзбек Гавроши» — Турғун образини ижро этганини кўр­ган Маннон Уйғур ва Аброр Ҳидоятов (театр ўша вақтда Бухорода гастролда бўлган) ёш Олимни театр труппасига таклиф этади. Албатта, ўша пайтда санъаткор бўлишни орзу қилиб юрган Олим Хўжаевга бу таклиф жуда маъқул тушади.

Катта ижодий даргоҳга кириб келганидан сўнг О. Хўжаев устозларидан тинмай маҳорат сирларини ўрганишга киришади. Ўша вақтда санъатга эндигина қадам қўяётган ёшларга Маннон Уйғур, Аброр Ҳидоятов, Ятим Бобожонов, Обид Жалилов, Лутфулла Назруллаев, Миршоҳид Мироқилов, Мария Кузнецовалар сабоқ беришарди. Бу актёримиз ҳам шундай табаррук санъаткорлар ўгитларидан баҳраманд бўлганлардан бири эди. Тириш­қоқ Олим Хўжаев бу билан қаноатланиб қолмасдан, ўша пайтда Москвада очилган турли курсларда билим олди.

Олим Хўжаев тинимсиз меҳнат қиладиган артист эди. «Алишер Навоий» спектаклида бош қаҳрамон ролини икки бор ижро этган Аброр Ҳидоятовдан кейин Олим Хўжаев бу ролни ўзи мустақил тайёрлаб, умрининг охиригача ижро этган. Бу асар 1973 йилда 700-бор кўрсатилганди, Душанбе шаҳридаги гастрол пайтида Тожикис­тон Фанлар академияси президенти Султон Умаров «Алишер Навоий ролини энг зўр ижро этувчи санъаткор шу киши», деб, Олим акани айтган эди.

Бу актёр шоҳона ролларидан бири бўлмиш Ҳамлет ролини ҳам умрининг охиригача ижро этган. Мен у киши шу ролларда чиққанида маҳоратига қойил қолардим. Бир гал Бухоро сафарида Олим Хўжаев бир кунда ҳам Ҳамлет, ҳам Навоий ролини ижро этганини биламан.

1949 йилда «Алишер Навоий» спектакли Давлат мукофотига сазовор бўлди. Мукофотланганлар орасида Аброр Ҳидоятов, Маннон Уйғур, Олим Хўжаев, Семён Миленин, Обид Жалилов, Саъдихон Табибуллаев, Лутфулла Назруллаевлар бор эди. Бу воқеа муносабати билан ижодий жамоа ­О.Хўжаев ташаббусига биноан Бухорога ижодий сафар қилди. Спектаклларни фақатгина шаҳар томошабинларига эмас, балки энг чекка туманларда ҳам кўрсатишни мўлжаллаган эдилар. Ўша вақтларда колхоз клублари у ёқда турсин, дала шийпонлари ҳам йўқ эди. Шунга қарамай, санъаткорлар юк машиналари кузовларидан саҳна ўрнида фойдаланиб, одамларга спектакллар кўрсатишган эди.

Олим ака театр томошабинларини кўпайтиришга алоҳида аҳамият берарди. Зеро, у киши санъат ихлосмандлари яхши асарга ташна эканлигини доимо эътиборга олиб иш тутардилар. Шу боисдан фақат юракни жизиллатадиган ролларни ижро этишга ҳаракат қилардилар. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, О.Хўжаев жуда кўп ўзбек драматургларининг баракали ижод қилишларига ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Ҳатто, Иззат Султоннинг «Имон» пьесасининг юзага келиши сабабчиларидан бири, десам хато қилмайман. Драматург Иззат Султоннинг «Имон» пьесаси китоб бўлиб чиққанида унинг бош варағи тепасига «Олим Хўжаевга бағишлайман», деб ёзиб қўйилган эди. Олим Хўжаев мазкур саҳна асарида талқин қилган профессор Йўлдош Комилов образи Ҳамза номли театр тарихида энг яхши ижро этилган образлар гале­рея­сидан муносиб ўрин олди.

Атоқли санъаткор режиссёрликда ҳам салмоқли изланишлар олиб борди. Хусусан, у режиссёр сифатида Самарқанддаги рус драма театрида Баҳром Раҳмоннинг «Юрак сирлари», Болгариядаги Хасково давлат театрида эса Ҳамзанинг «Бой ила хизматчи» асарларини саҳналаштирди. Бу билан устоз Ҳамза асарларидан яна бирининг чет эл саҳнасида қўйилиши ташаббускори бўлди.

Олим Хўжаев жаҳонгашта, дунё кезган актёрлардан эди. У қаерга бормасин, қаерда бўлмасин, ўз касби ва халқимиз маданияти ютуқларини кўз-кўз қила олишга қодир эди. Олим ака Шекспир таваллудининг 400 йиллиги муносабати билан Англияда ўтказилган тантаналарда иштирок этиб, «Ҳамлет»дан парча намойиш қилганди. Умуман олганда, Шекспир асарларида энг кўп ролларни ижро этган Олим Хўжаев эди. У «Отелло»да—Яго, «Юлий Цезар»да—Цезарь, «Қирол Лир»­да—Лир, «Ҳамлет»да—Ҳамлетни талқин этди. «Алишер Навоий» спектаклида—Навоий,»Имон»да—профессор Комилов, рус классик драматургияси асарларидан «Сепсиз қиз»­да—Паратов, «Ваня тоға»да—Астров ролларини ижро этиб, ўзининг етук санъаткор эканлигини намойиш қилди. Бу образлар шу қадар қиёмига етган эдики, ижрода актёр моҳир рассомнинг нозик мўйқаламидан жило олгандай туюларди. Чиндан ҳам устоз санъаткор саҳнамиз рассоми эди.

Олим Хўжаев деярли ҳамма қардош республикалар санъаткорларининг ижодий ютуқларидан баҳраманд бўлиш, улар билан мустаҳкам ҳамкорлик қилиш йўлларини ахтарар эди. Жумладан, театримизда Софоклнинг «Антигона»си қўйилиши учун грузия­лик режиссёр Д.А. Алексидзени таклиф этиб, ижодий юксалишга бош қўшганлиги бунинг ёрқин далилидир.

Хуллас, бу актёр талқин этган ҳамма ролларни санаб адо этиш қийин, албатта.

Олим Хўжаевнинг кино санъатида ҳам алоҳида ўрни борлигини эътироф этиш жоиздир. У «Қутлуғ қон» фильмида Ҳакимбойвачча, «Абу Али ибн Сино»да—Абдулло, «Фарзанд­лар»­да—Давронбек, «Иккинчи баҳор»да—Муродов, «Фидойи»да—Шайх Аббос, «Улуғбек юлдузлари»да—Хўжа Аҳрор, «Ҳамза»да—Ҳамза сингари эсда қоларли ролларни ижро этди.

Қатағон йиллари Олим Хўжаевни ҳам четлаб ўтмади. Ҳатто, уни барча роллардан четлаштиришгача бориб етдилар. Уни тинмай терговга чақирдилар. Кўпроқ Файзулла Хўжаев билан иноқликда, уларнинг оталари бир-бирлари билан яқин бўлганликларида айблашарди. Уйлари тинтув қилинганида, Файзулла Хўжаев билан тушган расмлари чиққанда бир неча кун қамоқда ҳам ётиб чиққанлар. У рафиқаси Шоҳида Маъзумова билан ҳам мана шу тергов идораларида яқиндан танишди.

…Кунлардан бир куни терговчи қабулхонасида ўтирар экан, ўша вақт­даги шу театрнинг актрисаси Шоҳида Маъзумова ҳам қўлидаги беш ­ёшлардаги боласи билан кириб келади. Болани қабулхонада қолдиришга мажбур этишди. Бола чинқираб йиғлайди. Шунда Олим Хўжаев болани қўлига олиб, уни овутишга ҳаракат қилади. Маълум бўлишича, ўшанда Шоҳида Маъзумованинг эри ҳибсга олинган экан. Шу сабабли Шоҳида Маъзумова тергов қилинаётган эди. Орадан кўп ўтмай унинг эри отувга ҳукм қилинади.

Шоҳидахоним табиат яратган энг соҳибжамол аёллардан бири эди. Айтишларича, унинг онаси жуда ҳурилиқо бўлгани боис, бойвачча йигитлар орасида унга хушторлар кўп бўлган. Кунлик жанжаллар жонига теккан отаси уни шайхга назр қилади. Олим Хўжаев ҳам ўз замонасининг маш­ҳурларидан бири, бухоролик савдогарнинг ўғли эди. Келишган, қадду қомати билан ҳар қандай одамни ўзига ром эта оларди. Унинг нафақат таш­қи дунёси, ички маданияти ҳам лол қоларли даражада гўзал эди.

Шундай қилиб, санъатнинг йўлини тутган Олим Хўжаев ва Шоҳида Маъзумовалар бир-бирларига кўнгил қўядилар. Аммо бунга хайрихоҳлардан кўра, қаршилар кўпроқ бўлиб, уларнинг турмуш қуришига розилик беришмайди, укаси уни Бухорога олиб кетади. «Макр ва муҳаббат»да Фердинанд ролини ижро этаётганда Луиза исми ўрнига Шоҳида дея нидо қилган йигитнинг ҳол-аҳволини тушунмаслик мумкин эмас эди.

Тақдир бу икки ёшни турли чиғириқлардан ўтказиб, яна дийдорлаштиради. Қанчалик қаршиликлар бўлмасин, уларнинг тўй кунлари белгиланади. Никоҳ оқшоми муносабати билан, атоқли режиссёрлардан Маннон Уйғур Олим Хўжаевни Ҳамлет, Шоҳида Маъзумовани эса Офелия ролига тайёрлайди. Бу бахтли келин-куёвларга нафақат ҳамкасблар, балки мухлислар ҳам ҳавас билан қарашарди. 40-50-йиллар ёшлари улардек кийинишни, улардек севиш ва ижод қилишни орзу қилишарди.

Шароф Рашидов артистимизнинг олижаноблигини яхши билар эди. Бир спектаклда Олим аканинг нафаси тиқилиб қолганида залда ўтирган Шароф Рашидов дарҳол ўз дўхтирини чақиртирган. Маълум бўлишича, артистимиз истиқомат қиладиган уй Бешёғочдаги кушхона рўпарасида бўлиб, кечалари ўша кушхонадан тар­қаладиган бадбўй ҳиддан астма деган дардни орттирган экан. Буни эшитган Шароф Рашидов Олим акани ҳукумат аъзолари учун анҳор яқинида қурилган уйга кўчиртирган.

Йиллар ўтган сари кундалик ташвишлар, театрдаги раҳбарлик, кино ва саҳнадаги ижод Олим Хўжаевнинг саломатлигига таъсир кўрсатади. Бир куни устозим, «Эртага эрта билан мени аэропортга олиб чиқ», дедилар. Бирга аэропортга чиқдик. У киши Москвага кетмоқчи эди. Бирдан «Зикиржон, шу Московга кетишдан олдин юрагимда бир ҳис пайдо бўлди. Шу боис олдин Бухорога бориб, сўнг Московга учсам», дедилар. Эътироз билдиролмай кузатиб қўйдим. У киши Бухорода қариндош-уруғлари, ёру дўстлари билан дийдорлашган, хайрлашган, охири Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг хок-пойини зиёрат қилиб, сўнг Москвага учган. Ўшанда Олим Хўжаев ўз ўринбосари—Ҳаким Одилов билан бирга Москвага боришган. «Москва» меҳмонхонасида икковлари бир хонага жойлашган. Олим ака эртасига маданият вазири қабулига йўл олган. Орадан икки соат ўтар-ўтмас хонада қолган Ҳаким Одиловга қўнғироқ қилган. Муовиннинг айтишича, Олим аканинг телефондаги гапларида хурсандлик ҳаяжони сезилиб турган. У киши «Ҳамма нарса ҳал бўлди, ҳозир бораман», деган ва кўп ўтмай, эшикдан кириб келган. Қундузли пальтосини илаётиб, «Мени ушланг», дея полга қулаган. Ҳ. Одилов қўрқиб қолганидан, ёрдам бериш ўрнига меҳмонхона нав­батчисига югурган. То доктор келганича у киши оламдан ўтган.

Шоҳида Маъзумова бу мудҳиш хабарни эшитиб, дарҳол Москвага отланади. Эрининг жасади билан уйга қайтади.

Бу воқеани эшитиб, мен беихтиёр Аброр Ҳидоятовнинг ўлимини эсладим. Буюк фожеий актёр Аброр Ҳидоятов деярли ҳар куни саҳарлаб ўз ҳовлисида сайр қилар эди. Шунда тўсатдан муккасидан кетиб йиқилганда, ўнглаб қўядиган одам бўлмаган. Шундай қилиб иккала буюк артистнинг сўнгги нафаси нажоткор одамсиз узилган, деб афсусланиб юраман.

Олим Хўжаев жисман орамиздан кетган бўлса-да, у яратган етук образлар, санъат равнақи йўлидаги хизматлари хотирамдан ўчмайди. Мухлислар, шогирдлар, саҳна дарғасини севган эл қалбида яшайди. Ана шу туйғу бизга тасалли беради.

04

043Зикир Муҳаммаджонов (Зокир) (1921.1.1, Тошкент) — Ўзбекистон халқ артисти (1962). Ўзбекистон Қаҳрамони (2003). Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тини тугатган (1949). 1938 й.дан Ҳамза театри (ҳоз. Ўзбек миллий академик драма театри)да актёр. 1977—82 й.лар Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмасининг раиси. Зикир Муҳаммаджонов кенг қамровли актёр бўлиб, спектаклда, кино ва телевидениеда жаҳон драматургиясининг мумтоз намуналарида, ўзбек адибларининг умуминсоний мавзуларидаги асарларида образларни махррат б-н яратган. Фердинанд («Макр ва муҳаббат»), Жалолиддин («Жалолиддин Мангуберди»), Абдуллатиф («Мирзо Улуғбек»), Навоий («Алишер Навоий»), Горацио («Ҳамлет»), Кассио («Отелло»), Фурқат («Фурқат»), Едигей («Асрга татигулик кун»), Самандар («Самандар»), Синтаро («Ўғирланган умр»), Октавия Цезарь («Юлий Цезарь»), Деҳқонбой (Шоҳи сўзана»), Жабборов («Парвоз»), Юсуфбек ҳожи («Ўтган кунлар»), Беруний («Абу Райхрн Беруний») каби ролларида санъаткорнинг ўзига хос ижод нафаси овоздаги жўшқин эҳтирос, фикран теранлик ва вазминлик б-н тўлдирилиб, имконият кучи намоён бўлган. Зикир Муҳаммаджонов бир қанча фильмларда (Мақсуд, «Фидойи»; проф. Каримов,«Кониют ғорининг сири»; Шоҳ Бахром,«Дилором»; Жунаидхон, «Узоқ-яқин йиллар»; Юсуф, «Алибобо ва қирқ қароқчи» ва б.) ҳам суратга тушган. Айниқса, «Генерал Раҳимов» фильмидаги Собир Рахимов роли алохдда ўрин тутади. Генералга хос жўшқинлик, шижоат, жасурлик, бағри кенглик актёр ижросида ўз аксини тўла топа олган. Зикир Муҳаммаджонов видеофильм ва телеспектаклларда ҳам бир қанча обҳразлар яратган: Улуғбек («Улуғбек хазиҳнаси»), Ҳусайн Бойқаро («Алишер Наҳвоий»), Исомиддин ака («Ер фарзанди»), проф. Комилов («Имон») ва б. шулар жумласидан. Бир қанча чет эл фильмларида ҳам суратга тушган. Зикир Муҳаммаджонов яратган образлар кучли психологик драматизми, романтик кўтаринкилиги б-н ажралиб туради. «Шухрат» медали (1994), «Дўстлик» (1996), «Буюк хизматлари учун» (1998) орденлари б-н такдирланган.

04

хдк

(Tashriflar: umumiy 177, bugungi 1)

Izoh qoldiring