Miraziz A’zam. Xurram ila Arjumand (Shoh Jahon bilan Mumtoz Mahal). «Buyuklar muhabbati» kitobidan

0112
Шоҳ Жаҳон (1592.5 январ,Лоҳур—1666.22.январ, Агра) — Бобурийлар салтанати ҳукмдори (1627—58), Жаҳонгиршоҳнинг учинчи ўғли. Асл исми Хуррам. 1616 йил Декан (тўғрироғи — Дакан)даги ғалабасидан сўнг Шоҳ Жаҳон номини олган. 1622—25 йиллар отаси Жаҳонгиршоҳга қарши урушиб, енгилган. 1627 йилда тахт учун курашларда ғолиб бўлиб, «Абул Музаффар Шаҳобиддин Муҳаммад Соҳибқирони Соний» тахаллусини олган. Тахтга ўтирган заҳоти бир қанча исёнларни бостиришга мажбур бўлган. Шоҳ Жаҳон пойтахтни Аградан Деҳлига кўчирган. Бу даврда адабиёт, санъат, мусиқа ва бошқалар фанлар ривож топган. Шоҳ Жаҳон бир қанча муҳташам обидаларни бунёд эттирган — Аграда Тожмаҳал, Қизил қалъа, Деҳлида Жоме масжид, Лоҳурда Шалимар боғи ва бошқалар Шоҳ Жаҳон даврида Бобурийлар салтанати таназзулга юз тута бошлаган.
1630—33 йилларда Гужарат ва Деканда қаттиқ қурғоқчилик туфайли очарчилик бўлган, халқнинг аҳволи оғирлашган, шунинг учун Шоҳ Жаҳон мазкур ўлкалардаги ер солиғини камайтирган. Шоҳ Жаҳон даврида Европа савдо компанияларининг Бобурийлар давлатига суқилиб кириши кучайган. Шу кезларда унинг ўтиллари ўртасида тахт учун кураш авж олган. Бу курашда катта ўғли Аврангзеб ғолиб келиб, тахтни эгаллаган. Шоҳ Жаҳон Тожмаҳал мақбарасида хотини Мумтоз Маҳал ёнига дафн этилган.

0900

Миразиз Аъзам
ХУРРАМ ИЛА АРЖУМАНД
(Шоҳ Жаҳон билан Мумтоз Маҳал)
«Буюклар муҳаббати» китобидан

   Шоҳ Акбар 13 ёшида ҳукмдор бўлиб, 50 йил давлатни идора қилгач, 1605 йилда вафот этаркан, тахтни тўнғич ўғли Жаҳонгир (1569-1627)га топширган эди. Жаҳонгир 22 йил ҳукмдорлик қилди, унинг беш ўғли ва икки қизи бор эди. Ҳамма ўғилларига машҳур подшоҳларнинг исмларини қўйган, чунончи, тўнғич ўғлининг оти Хусрав, кейингиси Парвиз ва учинчиси Хуррам ва ҳоказо эди. Ўзи тозакўнгил, табиатни ва овни яхши кўрар, адолатни ва сабр-қаноатни ўзига яшаш йўриғи деб биларди. Аммо бора-бора ичкилик ва қорадорига ружу қўйгани боис ундан кўпчиликнинг кўнгли совуди. Энди унинг ҳолини кўриб, тўнғич ўғли Хусрав тахтни эгаллаш пайига тушиб қолди ва отасига қарши исён кўтарди. Жаҳонгир уни енгиб, ҳибсга ташлади. Аслида Жаҳонгирнинг ҳар бий салоҳияти у қадар кучли эмасди, унинг бу тарафини яхши билган амалдорлар вилоятларда тез-тез қўзғолон қилиб туришарди. Жаҳонгиршоҳнниг учинчи ўғли шаҳзода Хуррам Ражпут шоҳинаси Манмати исмли хотинидан 1592 йилда Лаҳорда туғилган эди. У 20 ёшдан ўтганда (1612 йилда) 19 ёшли Аржумандга уйланди. Чунки шаҳзода икки марта уйланган ва хотинларига кўнгил қўймаган, уларга лоқайд муносабатда эди. Бу галги уйланиши жуда муваффақиятли бўлди.
Гап шундаки, Жаҳонгиршоҳ 1611 йилда Акбаршоҳнниг бош вазири Эътимод Давлатнинг набираси Меҳринисо исмли қизга уйланганди. Аржуманд эса, Меҳринисонинг акаси, сарой бошқарувчиси Осафхоннинг қизи эди. Бу эса, валиаҳдлик учун ака-укалар ўртасидаги курашда унинг имкониятларини оширар эди. Яна устига устак Аржуманд ўткир ақл-идрок, дид-фаросати, тадбиркорлиги, нозик табиати, иффати ва тенгсиз гўзаллиги билан сарой аёнлари ўртасида назарга тушган ва ҳурмат қозонган эди. Жаҳонгиршоҳ уни чин кўнгилдан ардоқлар эди.
Ўғли Хуррамни унга уйлантиришганда, тўй куни келиннинг кўп тарафлама қобилияти ва билимларини санаб ўтаркан, уни Мумтоз Маҳал (Саройнинг Кўрки) деган унвонга лойиқ кўришини айтади, шу-шу ҳамма уни Аржуманд эмас, Мумтоз Маҳал деб атай бошлайди. Шаҳзода мумтоз Маҳални қаттиқ севди, қиз ҳам уни… Доим меҳру муҳаббатда, ҳамфикрликда яшадилар. Агар ота-бола (Жаҳонгиршоҳ ва Хуррам) ўртасида келишмовчилик ё низолар чиқиб қолса, ҳушёр ва оқила келин масалани ҳал қилишга киришар ва бу ишнинг уддасидан чиқарди.
Хуррам ва Аржуманд тўрт йилда тўрт фарзандли бўлдилар. Ҳуриалнисо ва Жаҳоноро исмли қизлари, Дара (Дурё бўлса керак) ва Муҳаммад Султон исмли ўғиллари барча қон-қариндошларининг севимли болалари эди. Аммо тўнғич қизлари Ҳуриалнисо 1616 йили, энг ширин ва жовиллаган бир пайтида, уч ёшида вафот этди. Бу мусибат ёш она ва отанинг қалбларини ҳеч юпатиб бўлмайдиган фарзанд доғида куйдирди.
Айнан шу йили Ҳиндистоннинг Даҳқон минтақасида кўп можаролар кўтарилиб, ҳеч тинчимаётгани ҳақида хабарлар келаверди.

044

Даҳқон санскритча «дақшина», пракритча «даққхино» сўзидан олинган бўлиб, «жануб мамлакат» деган маънони билдиради ва у Ҳиндистоннинг жануб қисмида жойлашган эди. Шимолдан Винтхйа тоғлари билан, шимоли жануб орасидаги табиий чегаралар билан, шарқу ғарбдан денгиз билан, жанубдан Кришна дарёси билан ўранганди. Кришнанинг жанубида қолган мамлакатлар Ҳиндистон яримороли дейиларди. Бу ерлар ҳали ражлар қўлида, Бобурийлар салтанатидан айро яшарди. Қадимий Дақхонда Қўнқон, Махараштра, Бенгола, Телингона, Гўндвана деган кичик-кичик давлатлар бўлиб, улар бир-бири билан чиқишмасдилар ва бунинг оқибатида халқларнинг яшаш даражаси оғирлашарди. Бу ерларга илк мусулмонлар 1294 йилдан оқиб кела бошлагандилар. Улар 1525 йилга келиб олдин беш давлатга, кейин уч давлатга айланган эди. Жаҳонгиршоҳ Дақхокдаги нотинчликларни ҳисобга олиб, у ерни ҳам Ҳиндистон салтанатига қўшиб, ягона марказлашган давлатга айлантиришга киришди ва хаёлини давлат ишларига жалб қилиш, айни чоғда жанг қобилиятини чиниқтириш мақсадида Даҳхок урушига бош қилиб юборди. Хуррам Дақхокдаги ражлар билан жангда жуда буюк муваффақият қозонди, бу ерларни тўла-тўкис эгаллаб, Бобурийлар ҳокимиятини ўрнатиб қайтди. Шу муносабат билан Хуррамга Шоҳ Жаҳон унвони берилди. 1622-25 йилларда Хуррам (Шоҳ Жаҳон) отасига қарши қўзғолон кўтарди, аммо Жаҳонгиршоҳ уни енгди, Аржуманднинг оқилона тадбирлари туфайли отаси уни кечирди.
Бундан кейин Шоҳ Жаҳон ва Мумтоз Маҳал гўзал ва муҳаббатли ҳаётларини давом эттирдилар ва ота вафотигача яна олти фарзанд кўрдилар. Мумтоз Маҳал яхши-ёмон кунларда ҳам, оғир дамлар ва ҳарбий сафарларда ҳам, ҳар доим эри билан бирга бўлар, садоқатли ҳамроҳ, жафокаш дўст бўлиб ўзини кўрсатарди…
Жаҳонгиршоҳ 1627 йилнинг октябрида Кашмир-Лаҳор йўлида вафот этди ва Шоҳ Жаҳон исёнкор акаси Хусравни қатл эттириб, 1628 йил февралида Аграда тахтга ўтирди. Кўп ўтмай Бундалос ва Хон Жаҳон Лўди исёнлари бошланди. Мумтоз Маҳал бу исёнларни бостиришда ва бошқа салтанат ишларида ҳам Шоҳ Жаҳонга ёрдамлашиб, ўринли ва режали маслаҳатлари билан ҳукмдорни тўғри йўлда тутиб боришда давом этди… Саройда у маслаҳатчи ва муҳрдорлик лавозимида эди. Бир-биридан ҳеч ажралишмайдиган эр ва хотин ота вафотидан кейин ҳам яна тўрт бола кўрдилар. Аммо ўн тўртинчи фарзанднинг туғими фожиали келди. Сўнгги қизи дунёга келаркан, ўзининг ҳаёти таҳликада қолди. Мумтоз Маҳал Шоҳ Жаҳон ҳукмронлигининг тўртинчи йили, 1631 сананинг 17 июнь чоршанба куни, Бурҳонпурда кўзи ёриш жараёнида, 38 ёшида вафот этди.

033

Ривоятларга қараганда, Мумтоз Маҳал ҳаётдан кўз юмиш олдида, эридан фарзандларига меҳрибон бўлишни, бошқа уйланмасликни ва ўзига бетакрор бир мақбара қурдиришни сўради. Болаларига, хусусан, қизи Жаҳон Орога отасини ҳеч қачон қаровсиз қолдирмаслик вазифасини юклади.
Шоҳ Жаҳон учун севикли хотинидан бу васиятни эшитиш ўринсиздай кўринар, у бу гапларсиз ҳам бошқа уйланишни ўзига эп кўрмас, болаларини кўзининг учида тарбиялашни, хотинига жаҳонда ягона бир обида қуришни ўйлаётган эди. Ҳатто шу ишларнинг ҳаммасини адо этса ҳам, яна кўнгли ҳувиллаб ётишини биларди. Зотан, у хотинидан кейинги 36 йиллик умри давомида уйланмай ўтди. Болаларига қўлидан келганини қилди. Қизи Жаҳон Оро Шоҳ Жаҳон тахтга ўтирганда эндигина ўн тўрттга кирган эди. Онаси вафот этган пайтда ўн еттидан ошган эди. Отаси унга қирқ минг дона ёқут жавоҳир инъом этиб, яна йилига олти юз минг рупий миқдорида нафақа белгилади. Ва қизи отасига то вафот этган 1666 йилгача хизмат қилиб умр кечирди.
Шоҳ Жаҳон хотинининг вафотидан кейин бутун фаолиятини давлат ишларига, шу жумладан Мумтоз Маҳалнинг қабри устида жаҳоншумул гўзал бир мақбара – Тож маҳални қурдиришга бағишлади. 1636 йилда Аҳмаднигорни қўлга киритди. Гўлканд ва бижапурни сотиб олди, шимоли-ғарбдаги чегараларини кенгайтирди, 1638 йилда Қандаҳорни, 1646 йилда Бадахшон ва Балхни эгаллади. 1648 йилда бошкентни ўзгартирди: Аградан Деҳли кўчирди. Яна Шоҳжаҳонобод номли янги бир шаҳарни барпо эттирди. Хотининг Аградаги қабри устида 22 йил давомида муҳташам тош Маҳал мақбарасини қурдирди. Ҳозир бу обида буюк муҳаббат рамзи ва Ҳиндистонинг эн асосий архитектура ёдгорликларидан бири ҳисобланади.
Тож Маҳал учун ажратилган ер билан бирга мавзолей қурилиши учун 22 йил ичида йигирма минг ишчи ишлатилди. Салтанатнинг энг яхши меъморлари ишга жалб қилиниб, лойиҳалар танлови ўтказилди. Шерозлик Устоз Исонинг плани аъло деб топилди. Бу ерга келган юбарча саёҳатчилар, шу жумладан, ғарблик сайёҳлар ҳам уни шарқнинг чинакам шоҳасари деб баҳо бердилар.

Image

Оқ мармарлар кесимидан бўлган мақбара – бутун майдон ҳам оқ мармар 313 қадам (бир қадам метрнинг учдан бирига тенг келади) мураббасида (тўртбурчак шаклли мармар кесимли зинапояси) 18 қадам юксакликда бир фундамент устида қурилган. Фундаментнинг тўрттала бурчагида бир-бирига мутаносиб тўртта қуббали минора қад кўтариб турадики, улар чодирни эслатади… Бу минораларнинг баландлиги 133 қдаам бўлиб, уч шарафали (балконли)дир. Фундаментнинг қоқ ўртасида – мақбаранинг ўзи. Бурчаклари 33 қадам 9 пус (1 пус 25,5 мм га тенг) узунликда кесилган ва диоганали 186 қадам мураббали узун фундамент устидан, олд тарафнинг тамалидан 92 қадаму уч пус тепададир. Мақбаранинг ўртасини 58 қадаму бир диаметрлик ва синчдан 74, фундаментдан 191 қдаам юксакликка етган асос қубба тож бўлиб туради. Мақбарага тўрттала омондан кириш мумкин. Тўрттала томоннинг ҳар бирида баланд камарли бир равоқ бор. Уларнинг ҳар бирида икки қаватни ичига олган, қуббали бир ҳужра бор. Бу хоналарнинг ҳар бирининг устида қуббали бир чодири бор ва ҳар бирининг уч ташқи деворида икки қават ҳолида тартиб берилган ва гулдор панжараларга ёруғлик берадиган камарли олти ниш бор. Бу нишлар худди катта равоқлардай арклидирлар. Катта қуббанинг тагида, ўртада ҳар иккаласи ҳам китоблалар билан нақшланган Мумтоз Маҳалнинг бўш тобути билан ёнида эрининг бўш тобути қўйилган. Ҳақиқий тобутлар бўш тобутларнинг остида замин қаватидаги тупроқ устида бўлиб, бўш тобутлардан оз нақшлидир. Равоқларнинг камарлари арабча китобалар билан қопланган ва жозибалидир. Бениҳоя талабчан санъат танқидчилари, жумладан Фергюссон ҳам Тож Маҳал ҳақида сўйлаб, «у гўзалликларнинг бу даражадаги гармонияси, ҳар бирининг бошқаси билан уйғунлигининг мукаммаллиги, бутун дунёда тенги бўлмаган бир санъат шоҳ асарини вужудга келтирган» деб ёзган эди.
Шарқда муҳаббат йўлида қўйилган бу қадар буюк обида намунаси бошқа ўарбда ҳеч қаерда йўқлиги айни ҳақиқатдирки, бу борада Фергюсоннинг фикрига қўшилмасликнинг ҳеч иложи йўқ.

033

БЕБАХО ДЕРЛАР УНИ
Маҳлиё СОБИРОВА, санъатшунос

Улуғ ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан барпо этилган буюк бобурийлар давлати Ҳиндистон халқлари ҳаётининг барча жабҳаларида ўчмас из қолдирган. Темурийларга хос яратувчанлик ва ободончилик ишларининг натижаси бугунги кунда ҳам сақланиб қолган. Ҳозирги Ҳиндистоннинг турли бурчакларидаги гўзал самарқандча чорбоғлар, Покистоннинг Лоҳур шаҳридаги Шалимар боғи ва Жаҳонгир мақбараси, Бангладешдаги Лаъл боғ ва шубҳасиз Аградаги Тож Маҳал мақбараси неча асрлардан буён маҳаллий халқларнинг маданий ёдгорлиги сифатида алоҳида муҳим ўрин тутиб келмоқда. Ўз вақтида уларнинг бунёд этилишида жуда улкан маблағ ва ишчи кучи ажратилган.
Айниқса, Аградаги афсонавий Тож Маҳал мақбарасига сарфланган харажатлар тўғрисида жаҳон адабиётларида турли хил маълумотлар келтирилади. Бобурийзода Шоҳ Жаҳон (Султон Ҳуррам) томонидан севикли ёри Аржумандбону (Мумтоз Маҳал) шарафига атаб 1631-1653 йилларда қуриб битказилган бу иншоат учун ўша даврда давлат хазинасидан берилган пуллардан ташқари қимматбаҳо тошлар ҳам ишлатилган. Ушбу муҳташам обиданинг умумий қийматини ўша давр пул қиймати ҳисоби бўйича 30 миллиондан 60 миллион рупиягача баҳолашади. Шунинг учун ҳам обиданинг асл баҳосини фақатгина тахминлар орқали билишимиз мумкин. Араб ва форс тилидаги қўлёзма манбаларида ёзилишича, Шоҳ Жаҳон мақбара қурилиши учун давлат хазинасидан 9 755 926 рупий, Агра вилояти хазинасидан эса 5 316 116 рупия жами бўлиб 15 072 042 рупий маблағ ажратилган. Бундан ташқари, Аграга яқинидаги ўттизта қишлоқнинг йиллик даромадини ҳам бунга қўшиш лозим. Абдулла Ҳамид Лоҳурийнинг “Подшоҳнома” асарида ёзилишича, ушбу миқдор бир лак (100 000 рупий) ни ташкил қилиб, яна икки лак (200 000 рупий) савдо ташкилотлари даромадидан ажратилган. Агар буни ўртача ҳисобда олиб қаралса бутун мажмуанинг яратилишига йигирма йил ичида давлат ва Агра хазинасидан ҳам кўпроқ пулни яъни, 21 миллион рупийни ташкил қилган. Қурилишда ишлатилган материалларнинг ҳаммаси ҳам пулга сотиб олинмаган. Қурилиш материаллари сотиб олиш учун қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар, олтин ва кумушлар, давлат хазинасидан ҳамда маҳаллий ҳокимлардан олинган. Ҳиндистонлик тарихчи Кали Хоннинг ёзишича, мақбара қурилишида иштирок этган йигирма минг ишчи орасида ўттиз олтита етакчи уста бўлиб, улар ойига 200 рупийдан 1000 рупийгача улуфа олишган. Шуниси қувонарлики бу усталар орасида Самарқандлик Муҳаммад Шариф минг рупий маош оладиган беш устанинг бири саналса, Бухоролик Ато Муҳаммад юқори маош оладиган усталар сафида 21 ўринни банд қилган ва унинг хизмати ойига 500 рупийга тенг бўлган. Умуман олганда ўттиз олти устанинг бир йиллик маоши 268 476 рупий, йигирма йилда эса 5 369 520 рупийни ташкил этган. Биз ҳаттоки, тахминан ҳам оддий ишчининг ойлик маоши миқдорини билмаймиз. Aгар биз жами оддий ишчиларни йилига 1миллион рупий миқдорида маош олган деб тахмин қилсак, йигирма йилда эса 20 миллион рупийни ташкил этади. Натижада меҳнат ҳаққининг ўзи 25 миллион рупийни ташкил этмоқда. Ушбу миқдорга қурилишда сарфланган қимматбаҳо қурилиш материаллари миқдорини ва қурилишга жалб этилган 1000 фил ва икки минг туяга берилган озиқа ва емишни ҳам киритиш зарур. Тож Маҳалга кириш дарвозалари кумушдан ишланган бўлиб, уларга 127 000 рупий сарфланган. Қабр атрофини эса 420 кг соф олтин ва бошқа қимматбаҳо тошлар билан безакли панжара 600 000 рупий пулга баҳоланган. Кейинчалик бу панжара ўрнига мармар тўсинлар жойлаштирилган. Бу мармар панжаралар ясаш учун ўн йил вақт кетган ва унинг баҳоси 50 000 рупийга тенг бўлган. Ана шу ҳисобларнинг ўзи Тож Маҳалга кетган харажатлар 30 млн рупийдан кам эмаслигини кўрсатмоқда. Мақбара қуриб битказилганидан сўнг уни сақлаш учун неча минг рупий сарфланган. Марҳума маликанинг руҳига бағишлаб 500 ҳофиз Қурон ўқиб турган. Бугунги кунда дунёнинг етти мўъжизасидан бири саналган Тож Маҳалга қилинган сарф харажатларнинг тахминий баҳоси 60 млн. рупий деб эътироф этилсада, унинг аниқ қиймати барибир исботини топгани йўқ. Аёл, рафиқа ва ўн тўрт фарзанднинг онаси, бобурий маликага бўлган ишқ ва муҳаббат туфайли пайдо бўлган мақбара чинданда бебаҳо ва унинг ҳақиқий баҳосини пул билан ўлчаб бўлмайди.

0456

Тож Маҳал ҳақида 6 факт

1. Обиданинг умумий баландлиги 74 метрни ташкил этади.
2. Мақбара лаҳорлик Усто Аҳмад ҳамда турк меъмори Муҳаммад Исохон афанди бошчилигида қурилган.
3. Ёдгорликнинг тўрт томонижда жойлашган тўртта минорадан ҳар бирининг баландлиги 45 метрни ташкил этади.
4. Маликанинг қабри устидаги қора мамрмар Шри-Ланкадан келтириб ўрнатилган.
5. Мақбаранинг олд томонида икки қатор даорахт экилган ва фавворали хҳовуз барпо этилган.
6. Тожмаҳал қурилган Агра шаҳри Деҳлидан 200 километр узоқликда жойлашган.
7. Мақбарага учта – шарқий, жанубий ва ғарбий дарвозалар орқали кирилади.

ЯНА БИР МУҲАББАТ ҚАСРИ

0922Бобурийлар даврида барпо этилган вафо ва садоқат тимсоллари ягона эмас. Деҳлида 16 асрнинг иккинчи ярмижда бунёд этилган Ҳумоюн мақбараси Тожмаҳал қасри учун ҳам намуна бўлиб хизмат қилган. Маълумки, Бобур Мирзонинг ўғли Ҳумоюн (1508-1556) ҳам ўз ҳукмронлиги даврида Ҳиндистоннинг ҳар томонлама юксалишига ўзинингг катта ҳиссасини қўшган. Асосан қизил мармардан барпо этилган бу обида Ҳумоюн Мирзонинг рафиқаси Ҳамидабегимнинг ўз ёрига бўлган чексиз муҳаббати ва садоқати тимсоли бўлиб келаётир. Мақбара 1565 йилда эронлик меъмор Мирзо Ғиёс бошчилигида қурилган. Шу боис иншоотда эрон меъморчилик анъаналари яққол ўз аксини топган. Мақбаранингш умумий баландлиги 43 метрни ташкил этади.
Бу мақбарада Ҳумоюндан ташқари кўплаб бобурий ҳукмдорлар ва уларнинг оила аъзолари хоки қўним топган.
Ушбу мақбара буюк сулола тақдирининг энг қора кунларига ҳам гувоҳ бўлган.
1858 йилда сулоланинг сўнгги вакили Баҳодир Шоҳ Зафар айнан шу ерда асирга олинган ва бобурийлар салтанати батамом мағлуб этилган эди.

Image

Image

Image

Image

Image

Image

(Tashriflar: umumiy 321, bugungi 1)

Izoh qoldiring