Mirkarim Osim. Temurmalik & Ibrohim G’afurov. O’tror bog’larida

Ashampoo_Snap_2017.02.02_23h02m00s_006_.pngУстоз  адиб Миркарим Осим таваллудининг 110 йиллиги олдидан

     «Бу йил куз чинакам олтин куз бўлди. Кеч куз тушди. Лекин офтобнинг илиғи пасаймади. Ноябр­нинг оёқларигача кўкда булут кўринмади. Офтобнинг нафаси шу қадар ёқимли эдики, одам уйга киргиси келмасди. Миркарим Осим билан сайр қилиб юрардим.

— Ана, осмонни қаранг, — деди Миркарим ака қўлларини осмон саҳфаси томон ёзиб. — Нақадар кўк. Айниқса, дарахтларнинг шохлари орасидан қарасангиз, жудаям кўм-кўк бўлиб кўринади. Бир хил рассомлар шуни топиб ишлайди. Қаранг, қаранг, тўғрими?
— Рост, жуда ҳам кўк, — дедим.
— Сизга мендан кўра ҳам кўкроқ кўринса керак. Мен ўн икки яшарлигимда бундан ҳам кўк кўринган эди, эсимда, биламан… Мана бу томон эса унчалик кўк эмас, қизиқ…
— У томонга ҳозир кўпроқ офтоб туш­япти, шунинг учун оқариброқ кўринади.
— Эҳтимол, эҳтимол…
— Қаранг… — деди яна Миркарим ака синиқроқ оҳангда. — Табиатнинг товушлари… қанчалар ёқимли… Қулоғингиз эшитиб тўймайди уларни…

Мен кекса адибнинг йиллар тўзғитолмаган завқига ҳайрон қолдим. Чинакам адиб ҳам жисман қарийди, лекин унинг юраги қаримас экан. Юраги ҳам қариган адиблар бўлиши мумкин. Лекин халқ уларни адиб деб атармикин?” ( Иброҳим Ғафуровнинг “Ям-яшил дарахт” китобидан )

Иброҳим Ғафуров
ЎТРОР БОҒЛАРИДА
003

Миркарим Осим асарларида шекспирона ёки бальзакона эҳтирослар йўқ, чигал, чалкаш, бениҳоя зиддиятли тақдирлар йўқ. Гаргантюа-Пантагрюел ёки князь Мишкин сингари фавқулодда образлар, қаҳрамонлар ҳам йўқ. Кўп нарсалар йўқдир эҳтимол содда шарқона, ўзбеҳкона майллар билан тўла Миркарим Осим асарларида. Ҳолбуки, уларда тарих бор! Ясалмаган, бежалмаган, бузилмаган, замоналаштирилмаган, фантазиялар билан бўяб ташланмаган бадиий тарих бор!

Биз «Ўтрор»ни ўқиб тарих нима эканлигини билганмиз. Қандай боболаримиз борлигидан эрта хабар топганмиз. Жалолиддин билан, Темур Малик билан бирга шиддатли Сайҳунда ва унинг бўйларида Чингиз босқинчилари билан жангларга кирганмиз. Ёввойи ўрду устига камонлардан — Шош камонларидан омонсиз ўқлар ёғдирганмиз. Баттол ёв дарёда кемамиз йўлини занжир ташлаб тўсганда, Темур Малик ойболтаси билан шу занжирни узиб ваҳший ғанимларни танг қолдирганмиз. Ўтрор боғларида енгилиш азобларини тортганмиз. Лекин таслим бўлиб кетавермаганмиз. Бўйнимизни хам қилиб ўтавермаганмиз. Йўлларда, чўлларда, вайрон бўлган уваларда топталиб ётавермаганмиз.

Мард ўғлонлар кўп эди. Лекин ожиз ҳукмдорлар мард ўғлонларнинг оловли бошларини ёвга қарши қовуштирмаганди. Ҳар ким ўз қалъасида жанг қилган ва ҳар ким ўз қалъасида қирилиб кетганди.

Миркарим Осим ўз асарларида улуғ боболаримиз қалбларига назарбин солади ва у қалбларда битмас-туганмас дов, адолат ва инсонпарварлик кўради. Биз унинг асарлари орқали Синони бобомиз деб севганмиз. Абу Райҳон заковатига таъзим қилганмиз. Алишер зеҳни даҳосидан ҳайратга тушганмиз. Кичкина Алишер билан Язд чўлларида от устида ухлаб қолиб йўлдан адашганмиз ва адашганда ўзимизни йўқотиб қўймаганмиз. Миркарим Осим тасвирида Алишер қанчалар содда ва қанчалар одамга яқин ва маҳрам туюлади. Эҳтимол тасвирда бунчалар соддаликка эришиш жуда қийиндир. Эҳтимол бу эртакка ўхшар. Лекин энг қудратли ва энг яшовчан ҳақиқатлар — содда ҳақиқатлар эмасми? Эртакларнинг ҳақиқатлари эмасми?

Миркарим Осим тарих ҳақида ёзди. Лекин бу тарих ичига одам худди эртак ичига кириб борган каби кириб боради. Миркарим Осим тарих ҳақида Жўржи Зайдон, Василий Янга ўхшаб ёзарди. Сўнг Жавдот Илёсов Миркарим Осимга ўхшаб ёза бошлади. Миркарим Осим асарлари халқнинг ўтмишига нафрат билан эмас, муҳаббат билан қарашга ўргатди. Ўтмишдан келаётган зиёни ўз замондошлари тасаввурига қарата йўналтирди. Ўтмишни инсонпарварлик, юртпарварлик, қаҳрамонлик фани деб билди.

Мен Миркарим Осимнинг «Синган сетор», «Тилсиз гувоҳ» каби асарларини ўлмас, гўзал асарлар деб биламан. Бу асарларда соддалик бадиий ҳодиса сифатида сирли гўзаллик касб этган деб тушунаман. Бу гўзалликлар сирларини — адиб тирик экан, таҳлил қилиб беролмадик. Ҳали-ҳануз таҳлил қилиб улгурганимиз йўқ. Адиб тирик экан, ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамаган эди. Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамагани боисидан унга ҳеч нарса керак бўлмаса керак деб ўйладик. Хоксор Миркарим Осим байроқдор адиблар байроғининг соясида қолиб кетди. Халқ унинг китобларини севиб ўқиб юрди. Лекин унинг ўзини кўрмади. У сув бўйларида жимгина хаёл суриб ўтиришни севарди. У доим тарихга ғарқ эди. Камдан-кам одамлар даврасида баъзан Толстой, баъзан Шолохов асарларидан ёд ўқирдИ. Йигирма беш йил Миркарим Осим атрофида юрдим. Лекин у бирон маротаба исмимни айтиб чақирганини эслолмайман. У ҳеч кимнинг исмини айтиб чақирмасди чамамда. Шунчалар иболи эди Миркарим Осим!

Миркарим Осим
ТЕМУР  МАЛИК
001

05 Миркарим Осим 1907 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи (1944), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1977). Москвадаги Бубнов номидаги педагогика институтини тутатган (1926—30).
«Янги ариқ» илк қиссаси (1925) Қўқон хонлигини идеаллаштирган асар сифатида босилмай қолган. Дастлабки йирик асари — «Астробод» тарихий қиссаси Алишер Навоий ҳаётига бағишланган. Шундан кейин у Навоий ҳақида туркум қисса ва ҳикоялар ёзган (1937—40). «Тўмарис», «Широқ», «Искандар ва Спитамен», «Темур Малик», «Маҳмуд Торобий», «Ўтрор» каби қиссалар муаллифи. Унинг «Зулмат ичра нур», «Аждодлар қиссаси», «Жайҳун устида булутлар», «Алжабрнинг туғилиши», «Ибн Сино қиссаси», «Синган сетор» сингари асарлари ўзбек тарихий қиссачилигининг юксак намуналаридандир.
М. Шолоховнинг «Тинч оқар Дон» (2-китоб), С. Бородиннинг «Елдирим Боязид» романлари ва Л. Г. Батнинг «Ҳаёт бўстони» қиссаси на бошқа асарларни ўзбек тилига таржима қилган.
Миркарим Осим 1984 йил Тошкент шаҳрида вафот этган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2002).

009

   Хўжандни икки бўлиб оққан Сирдарёнинг ўртасида, шаҳардан бир чақирим қуйироқдаги оролда қадимдан қолган бир истеҳком бор эди. Чет эл истилочилари ва кўчманчиларга қарши курашда халқнинг жонига оро кирган бу кўҳна қалъанинг буржлари ўпирилиб кетган, дарвозаларининг баъзи ерлари бузилиб, омонат бўлиб қолганди. Бошига оғир кунлар келганда Хўжанд аҳли яна шу эски қалъага паноҳ излаб келди.

Чингизхон беҳисоб лашкарлари билан Ўтрорга етиб келгач, бу шаҳарни қамал қилиб олишни ўз ўғиллари Ўқтой билан Чиғатойга топшириб, Хўжанд шаҳри устига саркардалари Сўкту билан Улоқ нўённи юборган, ўзи эса катта қўшин билан Қизилқум орқали Бухоро томон йўл олган эди.

Хўжанд вилоятининг ҳокими Темур Малик дарё ўртасидаги қалъани мустаҳкамлаб, мўғуллар билан жанг қилишга жазм этди.

Сир бўйи ажойиб бир манзара касб этган: қирғоққа тўплан-ган кишиларни сон-саноқсиз қайиқлар ва кемалар оролга ташимоқда, кетмон, бел, арра, андава, теша, болта ушлаган кишилар сабрсизлик билан ўз навбатларини кутмоқда эдилар. Қалъа тепасидан юзларча одамлар чумолидек уймалашиб, девор ва бурчларнинг шикастрехтини тузатмоқдалар.

Ҳамма хашарчилар оролга ўтиб олганларидан кейин иш жадаллашиб кетди. Ҳавога тутун каби кўтарилган чанг-тўзон, ғала-ғовур овозлар ишнинг юришиб кетганидан далолат берарди. Куч-қувватни аямай, иштиёқ билан ишлаётган ҳашарчилар орасида ўқтин-ўқтин баланд бўйли бир киши пайдо бўлар, ўзини ҳурмат билан қаршилаган ҳашарчиларнинг ишларига кушойиш тилаб, ишда маҳорат кўрсатган усталарга ташаккур билдирар, суст ишлаётганларга пичинг отиб қўярди. Бу киши Темур Малик эди. У баъзан орқасидан эргашиб юрган мулозимининг елкасидаги хуржундан бир қисм танга олиб, яхши ишлаётган кишиларга улашиб берарди.

Икки ҳафта ичида қафанинг шикастрехти тузатилди. Қалъага ҳимоячилар учун бир йиллик озуқа, қурол-яроғ ташиб келтирилди. Мингдан ошиқ баҳодир ва мерганлар, юзга яқин кемасоз усталар истеҳкомга жойлаштирилди. Хотин, бола-чақалар, чоллар тоғли қишлоқларга жўнатилди.

Темур Малик бола-чақаси билан хайрлашиш учун ҳовлисига кирди. Хизматкори Одина аравакаш билан сандиқларни соябон араваларга ортаётган эди. Ичкарида эса хотини бир яшар ўғлини кўтариб, эрининг келишини сабрсизлик билан кутиб турарди. Хотини уни кўриб йиғлаб юборди, ўғли эса ялтироқ дубулға кийган отасини танимай, қўрқиб кетди, юзини тескари қилиб, онасининг елкасини маликам чангаллаб олди. Темур Маликнинг ҳам кўнгли бузилиб, бўғзига нимадир қадалгандек бўлди, томоғини қириб, хотинига:
— Мен ўлмай туриб аза очаётирсанми? Кўз ёшларингни аяб қўй, кейин керак бўлиб қолар, — дея ўғлини қўлига олиб ўпмоқчи бўлган эди, бола чинқириб йиғлаб юборди.

— Ҳой, аҳмоқ бола, ўз отангни танимадингми, а? Мен сенга ўйинчоқ олиб келдим, — деб бошидаги ялтироқ дубулғасини олиб қўйди-да, сополдан қилинган қўчқорни қўйнидан чиқариб берди. Бола ўйинчоқни олиб, овунгач, хотинига уқтирди: — Ўғлимни сен билан Одинага топшириб кетаётирман. У соғлом, мард ва ростгўй йигит бўлиб ўссин. Юртимизга ботир аскар ва аскарбошилар керак. Хайр, ўзингни эҳтиёт қил!

Сўнг ўғлини бетидан ўпиб, онасига қайтариб берди-да, тезгина ташқарига чиқиб, содиқ мулозими билан қучоқлашиб хайрлашди-да, оташин хўрсиниқ аралаш чуқур-чуқур нафас олган кўйи вазмин одимлаб кетди.

Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас йигирма минглик мўғул қўшини Хўжандга етиб келди. Шаҳар бўсағасида Хўжанд мерганлари ва аскарлар мўғуллар билан жанг қилдилар, сўнг шаҳарга чекиниб, томлардан, даричалардан душман устига ўқ ёғдириб турдилар ва шу билан Темур Малик аскарларининг оролга батамом ўтиб олишига ёрдам бердилар. Темур Маликнинг мақсади — оролда туриб, ўқтин-ўқтин душманга ҳужум қилиш ва йигирма минглик мўғул қўшинини узоқ вақтгача шу ерда тутиб туриб, Хоразмшоҳдан мадад келганидан кейин уларни тор-мор қилиш эди.

Мўғуллар қаттиқ жангдан сўнг шаҳарни ишғол қилдилар, бироқ дарё ўртасидаги истеҳком кўкрак кериб, уларни жангга чорлаб турарди. Манжанақлардан отилган тош ҳам, ўқ ҳам қирғоқдан узоқда бўлган қўрғонга шикаст етказолмасди. Аммо баланд қўрғон тепасидан туриб, қазонлардан шиғаб отилган юмалоқ тошлар мўғулларга кўп талафот етказарди. Қўрғон ҳимоячилари душманнинг дарё лабига келиб қазон қуришига ва катта ўқ-ёйлардан ўқ отишига имкон бермадилар.

Қўрғон бурчидан, шинак орқасидан узун бўйли, қора соқолли бир киши узоқларга тикилганча қараб турарди. Унинг қалин қошлари чимирилиб, пешонасида чуқур бир чизиқ пайдо бўлди. Баногоҳ тоғ томондан келаётган, устига тош ортилган қатор-қатор араваларга унинг кўзи тушиб қолган эди. Аравалар ёнида қуролли мўғул соқчилар оғир харсангларни кўтариб олган кишиларни таёқ билан уриб ҳайдаб келмоқда эдииар. Кўп ўтмай, бу одамлар дарё бўйига келиб, қўлларидаги тошларни бир ерга уюб қўйдилар, сўнг калтак остида аравадаги тошларни тушира бошладилар.

— Лаънати мўғуллар бу тошлами дарёга ташлатиб, кўтарма ясамоқ ва оролга келиб, қалъани олмоқ ниятида бўлсалар керак, — деди Темур Малик ёнида турган гирдиғумдан келган бир юзбошига. — Буюринг, қазонлардан тош отсинлар!

— Бегим, нечук аларга тош оттирай, мўғул орасида бизникилар бор. Тошнинг кўзи йўқ, ўзиникини ўзгадин ажрата билмас.

— Тошларга буюринг, ўзиникиларга тегмасун! — деб заҳарханда қилди Темур Малик. — Жуда содда одамсиз-да. ўзимизникиларга мени ачинмайдур, деб ўйлайсизми? Ўзимизникиларга тош тегмасун, деб ўлтурсак, мўғул орол остига келиб, оёғимизга болта урадур.

Қалъа бурчидан отилган тошлар дарёга тош ташиётган кишилардан бир нечасини ерпарчин қилди. Мўғуллар ишларини тўхтатиб, уни кечаси давом эттирдилар. Тун қоронғисида отилган ўқ ва тошлар «кўтарма» қураётган мўғулларга ва асирларга кўп шикаст етказолмас эди. Бир неча кун ичида «кўтарма» қўрғонга анча яқинлашиб қолди.

«Агар иш шу зайлда давом этса, икки ҳафта ичида дарёни тош билан тўлдириб, қўрғон тагига етиб келадилар, — деб ўйлади қалъа бурчида турган Темур Малик. — Тезда душманнинг бу ишини барбод қилмоқ керак. — У ўтириб, бошини икки қўли орасига олганича чуқур ўйга толди. — Тезда кемалар ясамоқ лозим. Бизни фақат кемалар қутқаза билади!»

Тонг отиши биланоқ дурадгорлар, кемасозлар ишга тушиб кетдилар. Темур Маликнинг ўзи ҳам қўлига болта олиб, уларга кўмаклаша бошлади. Тайёр боиган кемаларга устунлар ўрнатиб, устини намат билан ёпдилар, атрофини ҳам намат билан ўрадилар. Наматларнинг ичи-ташини сиркага қорилган ганч билан сувадилар, ўқ отиш учун туйнукчалар қолдирдилар.

Тонг қоронғисида Темур Малик бошлиқ уч юз баҳодир йигит кемаларга ўтириб, қирғоққа яқинлашди. Ўқ-ёйлардан мўғул соқчилари устига ўқ ёғдириб, соҳилга чиқиб олишди. Уйқуда ётган мўғул лашкаргоҳига туйқусдан босқин қилиб, наридан-бери кийиниб чиққан черикларни қиличдан ўтказа бошладилар. Мўғуллар эс-ҳушларини йиғиб олгунларича бир талай аскарларидан ажралдилар.

Темур Малик узун қиличини яланғочлаб, лашкаргоҳ ўртасидаги ипак чодир томон йўл олди. Ўз бошлиқлари учун жон фидо қилишга тайёр бўлган бир тўда азамат йигит Темур Маликни ўраб, атрофдан тушган қилич зарбларини даф қилиб борардилар. Темур Малик ён томондаги чодирдан югуриб чиқиб, унинг йўлини тўсмоқчи бўлган барзангидек бир мўғулнинг елкасига қилич солиб, икки нимта қилиб ташлади, сўнг баланд овозда:

— Ҳай, Сўкту нўён, мард бўлсанг, майдонга чиқ! — дея қичқириб, мўғул саркардасини яккама-якка жангга чорлади. Бироқ мўғул лашкарбошилари яккама-якка жанг қилиб, ўз мардликларини кўрсатишдан кўра кўпчилик бўлиб, уюшқоқлик билан душманни бартараф қилишни афзал кўрардилар. Шунинг учун Сўкту нўёндан садо чиқмади. Ён томондан бостириб келган бир тўда мўғул аскарлари Темур Маликка уларнинг саркардаси билан қиличбозлик қилишга ҳалал берди. У жанг қила туриб соҳил томон чекинди, мўғулларнинг асосий кучлари етиб келмасданоқ, йигитлари билан кемаларга ўтириб, шинаклардан ўқ ёғдирганча орол томон йўл олди.

Темур Малик мўлжалланган ишини бажарган эди. Унинг асосий мақсади — мўғулларни чалғитиб, дарёга ташланган тошларни у ёқдан-бу ёққа отиб ташлаш, кўтармани бузиш билан машғул бўлган йигитларига ишлаш учун имконият туғдириб бериш эди. Соҳилдаги қисқа муддатли жанг вақтида кўтарма бузиб ташланди.

Беш-олти ойгача кураш шу зайлда давом этди. Мўғуллар атрофдан ҳайдаб келтирилган асирларни уриб, дарёга тош ташлаттирар, мудофаачилар эса ўқ ўтмас кемаларида келиб, уларнинг ишларини бузиб кетар эдилар. Лекин бу ҳол узоқ давом этмади. Сафлари сийраклашиб бораётган мудофаачилар озиқ-овқатдан қисилмаганларида узоқ вақт қаршилик кўрсатишлари мумкин эди, бироқ дарёга ташланган қармоқларга тасодифан илинадиган балиқлардан бўлак ейдиган нарса қолмади. Очлик, узоқ вақт бир ерда туриб қолиш — жангчиларнинг руҳини тушириб юборди.

Темур Малик қалъани ташлаб, чекинишдан бўлак чора қолмаганини англади. ўз сафдошларини атрофига тўплаб, маъюс, лекин эътирозга йўл қўймайдиган оҳангда гап бошлади:

— Биродарлар, аҳли дунё Рустами достон замонидан бери сизлардек паҳлавонларни кўрмаган эди. Шул дамгача қулоқ эшитмаган ва кўз кўрмаган баҳодирлигингиз соясида ғаним бир неча минг аскаридин жудо бўлди. Эмди чекинмоқ вақти етди. Мен бошда Хоразмдин мадад келур, деб ўйлаган эрдим, янглишибмен. Хоразмшоҳ бутун лашкарини бир ерга тўплаб, мўғул аблаҳни мажақлаб ташлаш ўрнига, аскарларини тарқатиб юборди. У дўстлар сўзига эмас, пинжига кириб олган душманлар сўзига кириб, шул ишни раво кўрди. Аммо биз қурол-яроғни ташламаймиз, сафар кемасига ўлтириб, ёғий бирла жанг қила-қила, нажот соҳилига эришурмиз…

Ранглари сарғайиб кетган йигитлар бошларини қуйи солиб, индамай унинг гапига қулоқ солдилар. «Ажабо, шу гўзал шаҳримизни душман қўлига топшириб кетаверамизми?» деган фикр уларнинг юрак-бағирларини эзар эди.

— Она шаҳримизни унутмаймиз, куч йиғиб келиб душманга яна уруш солурмиз, ғанимга ҳамла қилиш учун орқага қайтмоқ айб эмас. Бардам бўлинг, йигитлар!

Қора тун қанотларини кенг ёйиб, шаҳарни босиб ётарди. Ҳаммаёқ сув сепгандек жимжит. Аҳён-аҳёнда наҳанг балиқ сувни шалоплатиб юборади. Хўжанд яқинидаги тоғ шаҳар уйқусини қўриқлаб турган соқчидек қотиб турибди. Мўғулларнинг лашкаргоҳи ҳам сукунат ичида. Чекка-чеккага қўйилган қоровуллар ҳам найзаларига суяниб мудрамоқдалар.

Тун оғиб, кунчиқиш томон ёриша бошлаганда, бу жимжитлик тўсатдан бузилди. Мўғуллар қароргоҳида шовқин-сурон кўтарилди. Дарё устидаги ажойиб бир манзарани кўриб, Чингиз аскарлари бу ўнгларими ё тушларими эканлигини билмай қолгандилар. Узоқдан юлдузларга ўхшаб кўринган машъаллар Сирдарёнинг оқар томонига қараб тез суръатлар билан сузиб кетмоқда эди. Соқчилар рўй берган аҳволни англагач, шовқин кўтариб, бошлиқларини бундан хабардор қилдилар. Мўғуллар лашкаргоҳи чўп тиқиб кавланган қовоғари ини каби гувиллай бошлади. Наридан-бери кийинган аскар бошлиқлари у ёқдан-бу ёққа югурар, дағал овозлар билан буйруқ бериб, ширин уйқуда ётган шерикларини оёққа турғизишга уринар, сўкинар, дағдаға қилар эдилар.

Мингларча ўқ-ёйдан отилган ўқлар усти намат билан қопланган кемаларга таъсир этмасди. Ҳар икки соҳилдаги мўғул аскарлари кемаларни таъқиб эта бошлашдж. Кемадагилар эса юлдузлар ва машъаллар ёруғида жангни давом эттириб бордилар. Шинаклардан отилган ўқлардан душман тутдек тўкилар эди. Бинокент шаҳригача кемалар жиддий қаршиликка учрамади.

Хўжанддаги мўғул бошлиқларидан Сўкту Бинокентдаги мўғул саркардаларига чопарлар юбориб, кемаларни тўхтатиш учун чора кўришни сўраган эди. Бу ерда мўғуллар дарёнинг у юзидан-бу юзига занжир ташлаб тўсиқ ясадилар. Кемалар занжирга урилиб тўхтаб қолганида мўғуллар хурсанд бўлганларидан қийқиришиб юборишди. Темур Малик икки қават совут ва дубулға кийиб кема тумшуғига чиқди. Унинг қўлида оғир пўлат болта ярқирарди. Икки азамат йигит темир илмоқлар билан занжирни кўтариб, кема бурнига қўйди. Темур Малик икки қўли билан ушлаган болтани баланд кўтариб, бор кучи билан занжир устига урди. Ўз бошлиқларига умид кўзи билан қараб турган хўжандликлар йўғон занжирнинг чўрт узилиб, шувуллаганча дарёга чўка бошлаганини хурсандлик билан томоша қилдилар. Кемалар яна авалги суръат билан сузиб кетди.

Сўкту Сирдарёнинг қуйи томонидаги қалъаларни ишғол қилиш билан овора бўлган Жўжига чопарлар юбориб, Темур Маликнинг олдини тўсишни илтимос қилди. Жўжи Бургаликкент деган қишлоқ ёнида Сирдарёга кўприк солдириб, унинг устига қазон қурдирди, мерганларини тизиб қўйди. Йўлни кўздан кечириб бораётган Темур Малик душманнинг кўприк қурганини кўриб, кемаларни тўхтатди, қирғоқда турган мўғулларни ўққа тутиб, соҳилга яқинлашишни буюрди. Мўғуллар шиғаб отилган ўқларга бардош беролмай орқага чекиндилар. Темур Маликнинг йигитлари фурсатдан фойдаланиб, отларни етаклаб туширишди ва зарур қурол-яроғ ва озиқ-овқатларни қирғоққа ташиб олишди-да, сўнг Хоразм томон йўл олишди. Бўри галалари каби кеча-ю кундуз ўзларини таъқиб этган йиртқич душман билан жанг қила-қила, йўлда қонли излар қолдириб кетаверишди. Кун сайин қаҳрамонларнинг сафи камайиб борарди. Темур Малик ярадорлар миниб олган отларни олдинга ўтказиб, ўзи мерган йигитлар билан энг кейинда борар, таъқиб этиб келаётган душманни ўққа тутиб, уларни яқинлаштирмасди.

Қизилқум ичига кирган сари таъқиб этиб келаётган душманнинг сони камайиб борарди. Фақат Темур Маликнинг бошини олиб, бошлиқларидан мукофот олиш ниятида бўлган энг ашаддий каллакесарларгина изма-из келмоқда эдилар. Учқур отларга миниб олган Темур Малик ва унинг дўстлари ўқтин-ўқтин орқаларига қайрилиб ўқ узар, юз-кўзлари чангдан қорайиб кетган, оппоқ тишларини ғижирлатиб келаётган қотилларни кетма-кет қулатар эдилар.

Ниҳоят, Темур Маликнинг садоғида уч ўқ қолди. Бир ўқининг учи синиқ эди. Унинг орқасидан қувиб келаётган уч мўғулнинг бири:
— Отим Улоқ нўён, мени улуғ қооннинг ўзи танийдур. Барча улуснинг ҳукмдори Чингизхон номидан сени таслим бўлмоққа даъват этурман! — деб қичқирди.

Темур Малик жавоб ўрнига садоғидан учи синиқ ўқини олиб ёй устига қўйди-да, Улоқ нўённи мўлжалга олиб отди. Ўқ нўённинг ўнг кўзига санчилди. Ёнидаги икки мўғул унинг кўзидан ўқни тортиб олиш билан овора бўлиб турганларида Темур Малик отини тўхтатиб, орқасига қайрилди.
— Ҳой, мўғуллар! — деб заҳарханда кулди у. — Иккингиз учун садоғимда икки ўқ қолди, иккингизни ҳам сўқир қилиб қўяйми?

Мўғуллар уни таъқиб этишга юраклари бетламай, ортларига қараб қочишди. Темур Малик ўзининг бир неча йигити билан Хоразмга етиб келгач, жангни давом эттириш учун у ерда аскар тўплаб, яна Сирдарё томон юриш қилди. Душманга босқин қилиб, Янгикент шаҳрини озод қилди ва мўғуллар томонига ўтган шаҳар ҳокимини дорга остириб, ўрнига бошқа бир садоқатли кишини белгилади-да, ўзга шаҳарларни душмандан озод этишга ошиқди. Бироқ Қизилқумда ўзларига нисбатан бир неча ҳисса кўп бўлган душман билан жанг қилиб, енгилганларидан сўнг, ботирлар яна чекиндилар. Темур Малик машаққатли йўл босиб, Эрон тупроғида мўғуллар билан жанг қилаётган Жалолиддинга қўшилди…

Йиллар ўтди, ўз саркардаларига ва вилоят ҳокимларига ишонмаган Хоразмшоҳнинг хоҳишига кўра ўзларини якка-якка ҳимоя қилишга мажбур бўлган ўрта Осиё шаҳарлари бирин-кетин Чингизхон томонидан ишғол қилинди.

* * *

Орадан ўн беш йил ўтди. Дамашқ шаҳридаги бир карвонсаройнинг дарвозахонасида сочлари оқарган, баланд бўйли бир дарвиш ўтирарди. У карвонсарой ичида бўкириб турган туяларни йўлга ҳозирлаётган кишиларнинг овози-ю, бўталоқларнинг бўзлашига қулоқ солиб, аллакимни кутарди. Диққат билан қараган киши унинг устидаги жандаси, бошидаги кулоҳи гавдасига мос тушмаганлигини пайқаши мумкин эди. Қадди-қоматини тик тутган ўткир кўзҳ бу баланд бўйли одам дарвишдан кўра кўпроқ аскарбошига ўхшаб кетарди.

Орадан бир соат вақт ўтгач, у ўрта ёшли қора соқол бир кишининг сарой томон келаётганини кўриб:
— Марҳабо! — деди ўрнидан туриб. — Янглишмасам, сиз Мовароуннаҳрга кетаётган карвон бошлиғи бинни Муслимдурсиз?
— Орий, мен ўшал айтган кишингиз бўлурман. Хўш, хизмат?
— Фақир Сайхун бўйина саёҳат этмоқ ниятидадурмен. Имкони бўлса, мени ҳам ҳамроҳ қилиб олсангиз, хизматингизни қилиб кетсам… Сафарда фойдам тегса тегадурки, зиёним тегмайдур. Йўл харжим…

— Сизни бул ерда ким танийдур? Ким сизга кафил бўла олур?
— Мени саройбон Мустафо, бозор оқсоқоли Умарали танийдурлар.
— Яхши, суриштириб кўрурмен, — деди бинни Муслим дарвишни синчиклаб кўздан кечираркан. — Ёшингиз қайтган бўлса-да, бақуват кўринурсиз. От минмоқ, қилич урмоқни билурмисиз?

Дарвиш билинар-билинмас мийиғида кулиб қўйди.
— Бу бобда соқчиларингизга сабоқ бера билурмен.

Ибн Муслимга унинг жавоби ёқиб тушди. Йўллар хавф-хатарли бўлгани учун карвонга қурол ишлата биладиган ишончли кишилар керак эди.
— Қани юринг, саройбон олдина кириб сўзлашайик…

* * *

Саҳар пайтида устига юк ортилган туялар саройдан бўкиришиб чиқишди, энг орқадаги туянинг бўйнига осилган оғир мис қўнғироқ жаранглаб ер-у кўкни бошига кўтарди. Бу туя устида жандасининг ичидан қилич тақиб олган кечаги дарвиш ўтирарди. Бироқ бу сафар унга қиличини қиндан суғуришга тўғри келмади. Карвон йўли тинч бўлгани учун ҳеч қандай ҳодиса юз бермади. Қароқчилар гўё карвон соқчилари бошида тажрибали бир саркарда кетаётганини билгандек эдилар. Савдогарлар карвони сувсиз чўллар, яшнаган воҳалар, бозорлари обод, серғалва шаҳарларин босиб ўтиб, уч ой деганда Самарқандга етиб келдилар.

Баланд бўйли дарвиш бу ерда карвонбоши ва йўловчилар билан хайрлашиб Фарғонага кетаётган савдогарларга қўшилиб олди.

Кечки пайт. Хўжанд муаззинлари бирин-кетин тақводорларни камоли асрга чорламоқдалар. Белига качкул осган жандали дарвиш ирғай таёғига суяниб, қинғир-қийшиқ кўчалардан аста бормоқда. У аҳён-аҳёнда тўхтаб, эгалари ташлаб кетгач, хароб ҳолга келган ҳовлилар рўпарасида тўхтар, сўнг яна индамай ўтиб кетарди. Ниҳоят, у катта дарвозали ҳовли олдида тўхтаб, бир лаҳза иккиланиб тургандан кейин ҳалқани тақиллатди. ўн беш-ўн олти ёшлар чамасидаги бир йигитча дарвозани очиб, дарвишнинг кимлигини суриштирди. Дарвиш жавоб ўрнига:
— Кимнинг ўғлидурсен? — деб сўради.

— Мен улуғ Темур Маликнинг ўғлидурмен. Кўзидан дув этиб ёш оқиб кетган дарвиш йигитчани  қучоқлаб, пешонасидан ўпди, кейин кўз ёшларини артиб:

— Агар отангни кўрсанг, танирми эдинг? — деб сўради.

— Отам мўғул билан жанг қилиб чекинганида мен гўдак эканмен. Анинг ўлик-тиригидин хабаримиз йўқ. Мушфиқ онамнинг вафот этганларига тўрт-беш йил бўлди. — Дарвиш бу гапини эшитиб хўрсинди-да, «омин» дегандек юзини сийпаб қўйди. — Бул ҳовлида илгариги хизматкоримиз Одина, анинг хотуни ва мен турамиз.

— Одина тирикми?
— Ҳа, менга ота ўрнида қолган. Мана, ўзлари ҳам чиқиб келяптилар.

Ичкаридан соч-соқоли оқарган бир мўйсафид чиқиб келди.

— Нега ҳаялладинг десам, бул киши билан сўзиашиб турган экансан-да, — деди йигитчага қараб. Сўнгра дарвишга юзланди:
— Ассалому алайкум, хўш, хизмат?

— Наҳотки мени танимасанг? Шул қадар қариб-қартайиб қолдимми? — дарвиш кўзида ёш билан Одинани қучоқлади, сўнг сўл қўлининг бир бўғини кесилган жимжилоғини кўрсатиб:
— Энди танидингми? — деб сўради.

Одина йиғлаб у билан қайта кўришди, сўнг ҳанг-манг бўлган йигитчага деди:
— Бул киши сенинг отанг… Улуғ Темур Малик. Нега ағрайиб турибсен, қўлидин ўпиб, тавоф қил, ҳой, нодон…

Бир неча йил қаровсиз қолиб, кейин шикаст-рехти тузатилган эски ҳовлида Темур Малик бир неча кун ётиб дам олди. Эски ошна-оғайнилар бундан хабар топиб уни кўргани кела бошладилар. Темур Маликнинг қайтиб келгани бутун шаҳарга овоза бўлиб кетди. Лекин мўғуллар даврида авалгидан ҳам бойиб кетган савдогарлар бу хабарни эшитиб қўрқдилар. Улар, бу Темур Малик эмас, у аллақачон ўлиб кетган, бу одам эса улуғ саркарданинг номини ўзиники қилиб олган бир фирибгар, деб гап тарқата бошладилар. Табиий, бу шов-шувлар мўғул бошлиқларининг қулоғига етмай қолмас эди.

Бир куни қуролли соқчилар Темур Маликнинг ҳовлисини ўраб олиб, уни саройга олиб кетдилар.

Чингизхоннинг сон-саноқсиз авлодларидан бири — Қадон ўғлон тахт устида ўтириб, қўлига кишан солинган Темур Маликка қийиқ кўзларини сузиб, ишончсизлик билан:
— Ростдан Темур Маликмисен ёки бошқа одаммисен?— деб сўради. Соч-соқоли оқарган бу дарвишнамо киши Темур Малик эканлигига унинг ишонгиси келмасди.

Қадон ўғлоннинг ёнида турган бир кўзли Улоқ нўён тутақиб:
— Худди ўзи… — деб юборди. Темур Малик ҳам ўз душманини кўриб, ғазаб билан:

— Ҳой, Улоқ, мен ҳам сени бир кўришда танидим. Қизилқумда орқамдан қувиб келаётганингда учи cинган бир ўқ билан ўнг кўзингни кўр қилган мен эдим-а? — деди.

Улоқ нўённинг соғ кўзи йўлбарс кўзидек чақнаб кетди. У хонвачча олдида тиз чўкиб:
— Темур Малик менинг яқин дўстларим, тувғонларимнинг қонини тўккан, менга шикаст етказган. Улуғ Чингизхон ҳаққи, уни менга бер, хунимни олай, — деб ялинди.

— Майли, олсанг ол. Бир эмас, ўн Темур Малик бўлса ҳам сенга берардим! — Хонваччанинг кўзларида истеҳзоли кулги кўринди.

— Ҳай, эссиз, сўл кўзингни ҳам кўр қилиб қўйганимда бўлур эркан, — дея пичинг қилди Темур Малик душманига қараб. Сўнг унинг олдига тушиб, бошини тик кўтарганча ташқарига чиқиб кетди.

хдк«Bu yil kuz chinakam oltin kuz bo’ldi. Kech kuz tushdi. Lekin oftobning ilig’i pasaymadi. Noyabr­ning oyoqlarigacha ko’kda bulut ko’rinmadi. Oftobning nafasi shu qadar yoqimli ediki, odam uyga kirgisi kelmasdi. Mirkarim Osim bilan sayr qilib yurardim.

— Ana, osmonni qarang, — dedi Mirkarim aka qo’llarini osmon sahfasi tomon yozib. — Naqadar ko’k. Ayniqsa, daraxtlarning shoxlari orasidan qarasangiz, judayam ko’m-ko’k bo’lib ko’rinadi. Bir xil rassomlar shuni topib ishlaydi. Qarang, qarang, to’g’rimi?
— Rost, juda ham ko’k, — dedim.
— Sizga mendan ko’ra ham ko’kroq ko’rinsa kerak. Men o’n ikki yasharligimda bundan ham ko’k ko’ringan edi, esimda, bilaman… Mana bu tomon esa unchalik ko’k emas, qiziq…
— U tomonga hozir ko’proq oftob tush­yapti, shuning uchun oqaribroq ko’rinadi.
— Ehtimol, ehtimol…
— Qarang… — dedi yana Mirkarim aka siniqroq ohangda. — Tabiatning tovushlari… qanchalar yoqimli… Qulog’ingiz eshitib to’ymaydi ularni…

Men keksa adibning yillar to’zg’itolmagan zavqiga hayron qoldim. Chinakam adib ham jisman qariydi, lekin uning yuragi qarimas ekan. Yuragi ham qarigan adiblar bo’lishi mumkin. Lekin xalq ularni adib deb atarmikin?” ( Ibrohim G’afurovning “Yam-yashil daraxt” kitobidan )

Ibrohim G’afurov
O’TROR BOG’LARIDA
003

Mirkarim Osim asarlarida shekspirona yoki bal`zakona ehtiroslar yo’q, chigal, chalkash, benihoya ziddiyatli taqdirlar yo’q. Gargantyua-Pantagryuel yoki knyaz` Mishkin singari favqulodda obrazlar, qahramonlar ham yo’q. Ko’p narsalar yo’qdir ehtimol sodda sharqona, o’zbehkona mayllar bilan to’la Mirkarim Osim asarlarida. Holbuki, ularda tarix bor! Yasalmagan, bejalmagan, buzilmagan, zamonalashtirilmagan, fantaziyalar bilan bo’yab tashlanmagan badiiy tarix bor!

Biz «O’tror»ni o’qib tarix nima ekanligini bilganmiz. Qanday bobolarimiz borligidan erta xabar topganmiz. Jaloliddin bilan, Temur Malik bilan birga shiddatli Sayhunda va uning bo’ylarida Chingiz bosqinchilari bilan janglarga kirganmiz. Yovvoyi o’rdu ustiga kamonlardan — Shosh kamonlaridan omonsiz o’qlar yog’dirganmiz. Battol yov daryoda kemamiz yo’lini zanjir tashlab to’sganda, Temur Malik oyboltasi bilan shu zanjirni uzib vahshiy g’animlarni tang qoldirganmiz. O’tror bog’larida yengilish azoblarini tortganmiz. Lekin taslim bo’lib ketavermaganmiz. Bo’ynimizni xam qilib o’tavermaganmiz. Yo’llarda, cho’llarda, vayron bo’lgan uvalarda toptalib yotavermaganmiz.

Mard o’g’lonlar ko’p edi. Lekin ojiz hukmdorlar mard o’g’lonlarning olovli boshlarini yovga qarshi qovushtirmagandi. Har kim o’z qal’asida jang qilgan va har kim o’z qal’asida qirilib ketgandi.

Mirkarim Osim o’z asarlarida ulug’ bobolarimiz qalblariga nazarbin soladi va u qalblarda bitmas-tuganmas dov, adolat va insonparvarlik ko’radi. Biz uning asarlari orqali Sinoni bobomiz deb sevganmiz. Abu Rayhon zakovatiga ta’zim qilganmiz. Alisher zehni dahosidan hayratga tushganmiz. Kichkina Alisher bilan Yazd cho’llarida ot ustida uxlab qolib yo’ldan adashganmiz va adashganda o’zimizni yo’qotib qo’ymaganmiz. Mirkarim Osim tasvirida Alisher qanchalar sodda va qanchalar odamga yaqin va mahram tuyuladi. Ehtimol tasvirda bunchalar soddalikka erishish juda qiyindir. Ehtimol bu ertakka o’xshar. Lekin eng qudratli va eng yashovchan haqiqatlar — sodda haqiqatlar emasmi? Ertaklarning haqiqatlari emasmi?

Mirkarim Osim tarix haqida yozdi. Lekin bu tarix ichiga odam xuddi ertak ichiga kirib borgan kabi kirib boradi. Mirkarim Osim tarix haqida Jo’rji Zaydon, Vasiliy Yanga o’xshab yozardi. So’ng Javdot Ilyosov Mirkarim Osimga o’xshab yoza boshladi. Mirkarim Osim asarlari xalqning o’tmishiga nafrat bilan emas, muhabbat bilan qarashga o’rgatdi. O’tmishdan kelayotgan ziyoni o’z zamondoshlari tasavvuriga qarata yo’naltirdi. O’tmishni insonparvarlik, yurtparvarlik, qahramonlik fani deb bildi.

Men Mirkarim Osimning «Singan setor», «Tilsiz guvoh» kabi asarlarini o’lmas, go’zal asarlar deb bilaman. Bu asarlarda soddalik badiiy hodisa sifatida sirli go’zallik kasb etgan deb tushunaman. Bu go’zalliklar sirlarini — adib tirik ekan, tahlil qilib berolmadik. Hali-hanuz tahlil qilib ulgurganimiz yo’q. Adib tirik ekan, hech kimdan hech narsa so’ramagan edi. Hech kimdan hech narsa so’ramagani boisidan unga hech narsa kerak bo’lmasa kerak deb o’yladik. Xoksor Mirkarim Osim bayroqdor adiblar bayrog’ining soyasida qolib ketdi. Xalq uning kitoblarini sevib o’qib yurdi. Lekin uning o’zini ko’rmadi. U suv bo’ylarida jimgina xayol surib o’tirishni sevardi. U doim tarixga g’arq edi. Kamdan-kam odamlar davrasida ba’zan Tolstoy, ba’zan Sholoxov asarlaridan yod o’qirdI. Yigirma besh yil Mirkarim Osim atrofida yurdim. Lekin u biron marotaba ismimni aytib chaqirganini eslolmayman. U hech kimning ismini aytib chaqirmasdi chamamda. Shunchalar iboli edi Mirkarim Osim!

Mirkarim Osim
TEMUR MALIK
001

05 Mirkarim Osim 1907 yilda Toshkent shahrida tug’ilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan o’qituvchi (1944), O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi (1977). Moskvadagi Bubnov nomidagi pedagogika institutini tutatgan (1926—30).  «Yangi ariq» ilk qissasi (1925) Qo’qon xonligini ideallashtirgan asar sifatida bosilmay qolgan. Dastlabki yirik asari — «Astrobod» tarixiy qissasi Alisher Navoiy hayotiga bag’ishlangan. Shundan keyin u Navoiy haqida turkum qissa va hikoyalar yozgan (1937—40). «To’maris», «Shiroq», «Iskandar va Spitamen», «Temur Malik», «Mahmud Torobiy», «O’tror» kabi qissalar muallifi. Uning «Zulmat ichra nur», «Ajdodlar qissasi», «Jayhun ustida bulutlar», «Aljabrning tug’ilishi», «Ibn Sino qissasi», «Singan setor» singari asarlari o’zbek tarixiy qissachiligining yuksak namunalaridandir.
M. Sholoxovning «Tinch oqar Don» (2-kitob), S. Borodinning «Yeldirim Boyazid» romanlari va L. G. Batning «Hayot bo’stoni» qissasi na boshqa asarlarni o’zbek tiliga tarjima qilgan.
Mirkarim Osim 1984 yil Toshkent shahrida vafot etgan. Vafotidan so’ng «Buyuk xizmatlari uchun» ordeni bilan mukofotlangan (2002).

001

Xo’jandni ikki bo’lib oqqan Sirdaryoning o’rtasida, shahardan bir chaqirim quyiroqdagi orolda qadimdan qolgan bir istehkom bor edi. Chet el istilochilari va ko’chmanchilarga qarshi kurashda xalqning joniga oro kirgan bu ko’hna qal’aning burjlari o’pirilib ketgan, darvozalarining ba’zi yerlari buzilib, omonat bo’lib qolgandi. Boshiga og’ir kunlar kelgan-da Xo’jand ahli yana shu eski qal’aga panoh izlab keldi.

Chingizxon behisob lashkarlari bilan o’trorga yetib kelgach, bu shaharni qamal qilib olishni o’z o’g’illari o’ktoy bilan Chig’atoyga topshirib, Xo’jand shahri ustiga sarkardalari So’ktu bilan Uloq no’yonni yuborgan, o’zi esa katta qo’shin bilan Qizilqum orqali Buxoro tomon yo’l olgan edi.

Xo’jand viloyatining hokimi Temur Malik daryo o’rtasida-gi qal’ani mustahkamlab, mo’g’ullar bilan jang qilishga jazm etdi.

Sir bo’yi ajoyib bir manzara kasb etgan: qirg’oqqa to’plan-gan kishilarni son-sanoqsiz qayiqlar va kemalar orolga tashimoqda, ketmon, bel, arra, andava, tesha, bolta ushlagan kishilar sabrsizlik bilan o’z navbatlarini kutmoqda edilar. Qal’a tepasidan yuzlarcha odamlar chumolidek uymalashib, devor va burchlarning shikastrextini tuzatmoqdalar.

Hamma xasharchilar orolga o’tib olganlaridan keyin ish jadallashib ketdi. Havoga tutun kabi ko’tarilgan chang-to’zon, g’ala-g’ovur ovozlar ishning yurishib ketganidan dalolat berardi. Kuch-quvvatni ayamay, ishtiyoq bilan ishlayotgan hasharchilar orasida o’qtin-o’qtin baland bo’yli bir kishi paydo bo’lar, o’zini hurmat bilan qarshilagan hasharchilarning ishlariga kushoyish tilab, ishda mahorat ko’rsatgan ustalarga tashakkur bildirar, sust ishlayotganlarga piching otib qo’yardi. Bu kishi Temur Malik edi. U ba’zan orqasidan ergashib yurgan mulozimining yelkasidagi xurjundan bir qism tanga olib, yaxshi ishlayotgan kishilarga ulashib berardi.

Ikki hafta ichida qafaning shikastrexti tuzatildi. Qal’aga himoyachilar uchun bir yillik ozuqa, qurol-yarog’ tashib keltirildi. Mingdan oshiq bahodir va merganlar, yuzga yaqin kema-soz ustalar istehkomga joylashtirildi. Xotin, bola-chaqalar, chollar tog’li qishloqlarga jo’natildi.

Temur Malik bola-chaqasi bilan xayrlashish uchun hovlisiga kirdi. Xizmatkori Odina aravakash bilan sandiqlarni soyabon aravalarga ortayotgan edi. Ichkarida esa xotini bir yashar o’g’lini ko’tarib, erining kelishini sabrsizlik bilan kutib turardi. Xotini uni ko’rib yig’lab yubordi, o’g’li esa yaltiroq dubulg’a kiygan otasini tanimay, qo’rqib ketdi, yuzini teskari qilib, onasining yelkasini malikam changallab oldi. Temur Malikning ham ko’ngli buzilib, bo’g’ziga nimadir qadalgandek bo’ldi, tomog’ini qirib, xotiniga:
— Men o’lmay turib aza ochayotirsanmi? Ko’z yoshlaringni ayab qo’y, keyin kerak bo’lib qolar, — deya o’g’lini qo’liga olib o’pmoqchi bo’lgan edi, bola chinqirib yig’lab yubordi.

— Hoy, ahmoq bola, o’z otangni tanimadingmi, a? Men senga o’yinchoq olib keldim, — deb boshidagi yaltiroq dubulg’asini olib qo’ydi-da, sopoldan qilingan qo’chqorni qo’ynidan chiqarib berdi. Bola o’yinchoqni olib, ovungach, xotiniga uqtirdi: — o’g’limni sen bilan Odinaga topshirib ketayotirman. U sog’lom, mard va rostgo’y yigit bo’lib o’ssin. Yurtimizga botir askar va askarboshilar kerak. Xayr, o’zingni ehtiyot qil!

O’g’lini betidan o’pib, onasiga qaytarib berdi-da, tezgina tashqariga chiqib, sodiq mulozimi bilan quchoqlashib xayrlashdi-da, otashin xo’rsiniq aralash chuqur-chuqur nafas olgan ko’yi vazmin odimlab ketdi.

Oradan bir hafta o’tar-o’tmas yigirma minglik mo’g’ul qo’shini Xo’jandga yetib keldi. Shahar bo’sag’asida Xo’jand merganlari va askarlar mo’g’ullar bilan jang qildilar, so’ng shaharga chekinib, tomlardan, darichalardan dushman ustiga o’q yog’dirib turdilar va shu bilan Temur Malik askarlarining orolga batamom o’tib olishiga yordam berdilar. Temur Malikning maqsadi — orolda turib, o’qtin-o’qtin dushmanga hujum qilish va yigirma minglik mo’g’ul qo’shinini uzoq vaqtgacha shu yerda tutib turib, Xorazmshohdan madad kelganidan keyin ularni tor-mor qilish edi.

Mo’g’ullar qattiq jangdan so’ng shaharni ishg’ol qildilar, biroq daryo o’rtasidagi istehkom ko’krak kerib, ularni jangga chorlab turardi. Manjanaqlardan otilgan tosh ham, o’q ham qirg’oqdan uzoqda bo’lgan qo’rg’onga shikast yetkazolmasdi. Ammo baland qo’rg’on tepasidan turib, qazonlardan shig’ab otilgan yumaloq toshlar mo’g’ullarga ko’p talafot yetkazardi. Qo’rg’on himoyachilari dushmanning daryo labiga kelib qazon qurishiga va katta o’q-yoylardan o’q otishiga imkon bermadilar.
Qo’rg’on burchidan, shinak orqasidan uzun bo’yli, qora soqolli bir kishi uzoqlarga tikilgancha qarab turardi. Uning qalin qoshlari chimirilib, peshonasida chuqur bir chiziq paydo bo’ldi. Banogoh tog’ tomondan kelayotgan, ustiga tosh ortilgan qator-qator aravalarga uning ko’zi tushib qolgan edi. Aravalar yonida qurolli mo’g’ul soqchilar og’ir xarsanglarni ko’tarib olgan kishilarni tayoq bilan urib haydab kelmoqda ediiar. Ko’p o’tmay, bu odamlar daryo bo’yiga kelib, qo’llaridagi toshlarni bir yerga uyub qo’ydilar, so’ng kaltak ostida aravadagi toshlarni tushira boshladilar.

— La’nati mo’g’ullar bu toshlami daryoga tashlatib, ko’tarma yasamoq va orolga kelib, qal’ani olmoq niyatida bo’lsalar kerak, — dedi Temur Malik yonida turgan girdig’umdan kelgan bir yuzboshiga. — Buyuring, qazonlardan tosh otsinlar!

— Begim, nechuk alarga tosh ottiray, mo’g’ul orasida biznikilar bor. Toshning ko’zi yo’q, o’zinikini o’zgadin ajrata bilmas.
— Toshlarga buyuring, o’zinikilarga tegmasun! — deb zaharxanda qildi Temur Malik. — Juda sodda odamsiz-da. o’zimiznikilarga meni achinmaydur, deb o’ylaysizmi? o’zimiznikilarga tosh tegmasun, deb o’ltursak, mo’g’ul orol ostiga kelib, oyog’imizga bolta uradur.

Qal’a burchidan otilgan toshlar daryoga tosh tashiyotgan kishilardan bir nechasini yerparchin qildi. Mo’g’ullar ishlarini to’xtatib, uni kechasi davom ettirdilar. Tun qorong’isida otilgan o’q va toshlar «ko’tarma» qurayotgan mo’g’ullarga va asirlarga ko’p shikast yetkazolmas edi. Bir necha kun ichida «ko’tarma» qo’rg’onga ancha yaqinlashib qoldi.

«Agar ish shu zaylda davom etsa, ikki hafta ichida daryoni tosh bilan to’ldirib, qo’rg’on tagiga yetib keladilar, — deb o’yladi qal’a burchida turgan Temur Malik. — Tezda dushmanning bu ishini barbod qilmoq kerak. — U o’tirib, boshini ikki qo’li orasiga olganicha chuqur o’yga toldi. — Tezda kemalar yasamoq lozim. Bizni faqat kemalar qutqaza biladi!»

Tong otishi bilanoq duradgorlar, kemasozlar ishga tushib ketdilar. Temur Malikning o’zi ham qo’liga bolta olib, ularga ko’maklasha boshladi. Tayyor boigan kemalarga ustunlar o’rnatib, ustini namat bilan yopdilar, atrofini ham namat bilan o’radilar. Namatlarning ichi-tashini sirkaga qorilgan ganch bilan suvadilar, o’q otish uchun tuynukchalar qoldirdilar.

Tong qorong’isida Temur Malik boshliq uch yuz bahodir yigit kemalarga o’tirib, qirg’oqqa yaqinlashdi. o’q-yoylardan mo’g’ul soqchilari ustiga o’q yog’dirib, sohilga chiqib olishdi. Uyquda yotgan mo’g’ul lashkargohiga tuyqusdan bosqin qilib, naridan-beri kiyinib chiqqan cheriklarni qilichdan o’tkaza boshladilar. Mo’g’ullar es-hushlarini yig’ib olgunlaricha bir talay askarlaridan ajraldilar.

Temur Malik uzun qilichini yalang’ochlab, lashkargoh o’rtasidagi ipak chodir tomon yo’l oldi. o’z boshliqlari uchun jon fido qilishga tayyor bo’lgan bir to’da azamat yigit Temur Malikni o’rab, atrofdan tushgan qilich zarblarini daf qilib borardilar. Temur Malik yon tomondagi chodirdan yugurib chiqib, uning yo’lini to’smoqchi bo’lgan barzangidek bir mo’g’ulning yelkasiga qilich solib, ikki nimta qilib tashladi, so’ng baland ovozda:

— Hay, So’ktu no’yon, mard bo’lsang, maydonga chiq! — deya qichqirib, mo’g’ul sarkardasini yakkama-yakka jangga chorladi. Biroq mo’g’ul lashkarboshilari yakkama-yakka jang qilib, o’z mardliklarini ko’rsatishdan ko’ra ko’pchilik bo’lib, uyushqoqlik bilan dushmanni bartaraf qilishni afzal ko’rardilar. Shuning uchun So’ktu no’yondan sado chiqmadi. Yon tomondan bostirib kelgan bir to’da mo’g’ul askarlari Temur Malikka ularning sarkardasi bilan qilichbozlik qilishga halal berdi. U jang qila turib sohil tomon chekindi, mo’g’ullarning asosiy kuchlari yetib kelmasdanoq, yigitlari bilan kemalarga o’tirib, shinaklardan o’q yog’dirgancha orol tomon yo’l oldi.
Temur Malik mo’ljallangan ishini bajargan edi. Uning asosiy maqsadi — mo’g’ullarni chalg’itib, daryoga tashlangan toshlarni u yoqdan-bu yoqqa otib tashlash, ko’tarmani buzish bilan mashg’ul bo’lgan yigitlariga ishlash uchun imkoniyat tug’dirib berish edi. Sohildagi qisqa muddatli jang vaqtida ko’tarma buzib tashlandi.

Besh-olti oygacha kurash shu zaylda davom etdi. Mo’g’ullar atrofdan haydab keltirilgan asirlarni urib, daryoga tosh tashlattirar, mudofaachilar esa o’q o’tmas kemalarida kelib, ularning ishlarini buzib ketar edilar. Lekin bu hol uzoq davom etmadi. Saflari siyraklashib borayotgan mudofaachilar oziq-ovqatdan qisilmaganlarida uzoq vaqt qarshilik ko’rsatishlari mumkin edi, biroq daryoga tashlangan qarmoqlarga tasodifan ilinadigan baliqlardan bo’lak yeydigan narsa qolmadi. Ochlik, uzoq vaqt bir yerda turib qolish — jangchilarning ruhini tushirib yubordi.

Temur Malik qal’ani tashlab, chekinishdan bo’lak chora Vlmaganini angladi. o’z safdoshlarini atrofiga to’plab, riia’yus, lekin e’tirozga yo’l qo’ymaydigan ohangda gap boshlaicli:
— Birodarlar, ahli dunyo Rustami doston zamonidan beri sizldek pahlavonlarni ko’rmagan edi. Shul damgacha quloq eshitmagan va ko’z ko’rmagan bahodirligingiz soyasida g’anim bir necha ming askaridin judo bo’ldi. Emdi chekinmoq vaqti yetdi. Men boshda Xorazmdin madad kelur, deb o’ylagan erdim, yanglishibmen. Xorazmshoh butun lashkarini bir yerga to’plab, mo’g’ul ablahni majaqlab tashlash o’rniga, askarlarini tarqatib yubordi. U do’stlar so’ziga emas, pinjiga kirib olgan dushmanlar so’ziga kirib, shul ishni ravo ko’rdi. Ammo biz qurol-yarog’ni tashlamaymiz, safar kemasiga o’ltirib, yog’iy birlajang qila-qila, najot sohiliga erishurmiz…

Ranglari sarg’ayib ketgan yigitlar boshlarini quyi solib, indamay uning gapiga quloq soldilar. «Ajabo, shu go’zal shahrimizni dushman qo’liga topshirib ketaveramizmi?» degan fikr ularning yurak-bag’irlarini ezar edi.

— Ona snahrimizni unutmaymiz, kuch yig’ib kelib dush manga yana urush solurmiz, g’animga hamla qilish uchun orqaga qaytmoq ayb emas. Bardam bo’ling, yigitlar!

Qora tun qanotlarini keng yoyib, shaharni bosib yotardi. Hammayoq suv sepgandek jimjit. Ahyon-ahyonda nahang baliq suvni shaloplatib yuboradi. Xo’jand yaqinidagi tog’ shahar uyqusini qo’riqlab turgan soqchidek qotib turibdi. Mo’g’ullarning lashkargohi ham sukunat ichida. Chekka-chekkaga qo’yilgan qorovullar ham nayzalariga suyanib mudramoqdalar.

Tun og’ib, kunchiqish tomon yorisha boshlaganda, bu jimjitlik to’satdan buzildi. Mo’g’ullar qarorgohida shovqin-suron ko’tarildi. Daryo ustidagi ajoyib bir manzarani ko’rib, Chingiz askarlari bu o’nglarimi yo tushlarimi ekanligini bilmay qolgandilar. Uzoqdan yulduzlarga o’xshab ko’ringan mash’allar Sirdaryoning oqar tomoniga qarab tez sur’atlar bilan suzib ketmoqda edi. Soqchilar ro’y bergan ahvolni anglagach, shovqin ko’tarib, boshliqlarini bundan xabardor qildilar. Mo’g’ullar lashkargohi cho’p tiqib kavlangan qovog’ari ini kabi guvillay boshladi. Naridan-beri kiyingan askar boshliqlari u yoqdan-bu yoqqa yugurar, dag’al ovozlar bilan buyruq berib, shirin uyquda yotgan sheriklarini oyoqqa turg’izishga urinar, so’kinar, dag’dag’a qilar edilar.

Minglarcha o’q-yoydan otilgan o’qlar usti namat bilan qoplangan kemalarga ta’sir etmasdi. Har ikki sohildagi mo’g’ul askarlari kemalarni ta’qib eta boshlashdj. Kemadagilar esa yulduzlar va mash’allar yorug’ida jangni davom ettirib bordilar. Shinaklardan otilgan o’qlardan dushman tutdek to’kilar edi. Binokent shahrigacha kemalar jiddiy qarshilikka uchramadi.

Xo’janddagi mo’g’ul boshliqlaridan So’ktu Binokentdagi mo’g’ul sarkardalariga choparlar yuborib, kemalarni to’xtatish uchun chora ko’rishni so’ragan edi. Bu yerda mo’g’ullar daryoning u yuzidan-bu yuziga zanjir tashlab to’siq yasadilar. Kemalar zanjirga urilib to’xtab qolganida mo’g’ullar xursand bo’lganlaridan qiyqirishib yuborishdi. Temur Malik ikki qavat sovut va dubulg’a kiyib kema tumshug’iga chiqdi. Uning qo’lida og’ir po’lat bolta yarqirardi. Ikki azamat yigit temir ilmoqlar bilan zanjirni ko’tarib, kema burniga qo’ydi. Temur Malik ikki qo’li bilan ushlagan boltani baland ko’tarib, bor kuchi bilan zanjir ustiga urdi. o’z boshliqlariga umid ko’zi bilan qarab turgan xo’jandliklar yo’g’on zanjirning cho’rt uzilib, shuvullagancha daryoga cho’ka boshlaganini xursandlik bilan tomosha qildilar. Kemalar yana awalgi sur’at bilan suzib ketdi. So’ktu Sirdaryoning quyi tomonidagi qal’alarni ishg’ol qilish bilan ovora bo’lgan Jo’jiga choparlar yuborib, Temur Malikning oldini to’sishni iltimos qildi. Jo’ji Burgalikkent degan qishloq yonida Sirdaryoga ko’prik soldirib, uning ustiga qazon qurdirdi, merganlarini tizib qo’ydi. Yo’lni ko’zdan kechirib borayotgan Temur Malik dushmanning ko’prik qurganini ko’rib, kemalarni to’xtatdi, qirg’oqda turgan mo’g’ullarni o’qqa tutib, sohilga yaqinlashishni buyurdi. Mo’g’ullar shig’ab otilgan o’qlarga bardosh berolmay orqaga chekindilar. Temur Malikning yigitlari fursatdan foydalanib, otlarni yetaklab tushirishdi va zarur qurol-yarog’ va oziq-ovqatlarni qirg’oqqa tashib olishdi-da, so’ng Xorazm tomon yo’l olishdi. Bo’ri galalari kabi kecha-yu kunduz o’zlarini ta’qib etgan yirtqich dushman bilan jang qila-qila, yo’lda qonli izlar qoldirib ketaverishdi. Kun sayin qahramonlarning safi kamayib borardi. Temur Malik yaradorlar minib olgan otlarni oldinga o’tkazib, o’zi mergan yigitlar bilan eng keyinda borar, ta’qib etib kelayotgan dushmarmi o’qqa tutib, ularni yaqinlashtirmasdi.

Qizilqum ichiga kirgan sari ta’qib etib kelayotgan dush manning soni kamayib borardi. Faqat Temur Malikning boshini olib, boshliqlaridan mukofot olish niyatida bo’lgan eng ashaddiy kallakesarlargina izma-iz kelmoqda edilar. Uchqur otlarga minib olgan Temur Malik va uning do’stlari o’qtin-o’qtin orqalariga qayrilib o’q uzar, yuz-ko’zlari changdan qorayib ketgan, oppoq tishlarini g’ijirlatib kelayotgan qotillami ketma-ket qulatar edilar.

Nihoyat, Temur Malikning sadog’ida uch o’q qoldi. Bir o’qining uchi siniq edi. Uning orqasidan quvib kelayotgan uch mo’g’ulning biri:
— Otim Uloq no’yon, meni ulug’ qonning o’zi taniydur. Barcha ulusning hukmdori Chingizxon nomidan seni taslim bo’lmoqqa da’vat eturman! — deb qichqirdi.

Temur Malik javob o’rniga sadog’idan uchi siniq o’qini olib yoy ustiga qo’ydi-da, Uloq no’yonni mo’ljalga olib otdi. o’q no’yonning o’ng ko’ziga sanchildi. Yonidagi ikki mo’g’ul uning ko’zidan o’qni tortib olish bilan ovora bo’lib turganlarida Temur Malik otini to’xtatib, orqasiga qayrildi.

— Hoy, mo’g’ullar! — deb zaharxanda kuldi u. — Ikkingiz uchun sadog’imda ikki o’q qoldi, ikkingizni ham so’qir qilib qo’yaymi?

Mo’g’ullar uni ta’qib etishga yuraklari betlamay, ortlariga qarab qochishdi. Temur Malik o’zining bir necha yigiti bilan Xorazmga yetib kelgach, jangni davom ettirish uchun u yerda askar to’plab, yana Sirdaryo tomon yurish qildi. Dushmanga bosqin qilib, Yangikent shahrini ozod qildi va mo’g’ullar tomoniga o’tgan shahar hokimini dorga ostirib, o’rniga boshqa bir sadoqatli kishini belgiladi-da, o’zga shaharlarni dushmandan ozod etishga oshiqdi. Biroq Qizilqumda o’zlariga nisbatan bir necha hissa ko’p bo’lgan dushman bilan jang qilib, yengilganlaridan so’ng, botirlar yana chekindilar. Temur Malik mashaqqatli yo’l bosib, Eron tuprog’ida mo’g’ullar bilan jang qilayotgan Jaloliddinga qo’shildi…

Yillar o’tdi, o’z sarkardalariga va viloyat hokimlariga ishonmagan Xorazmshohning xohishiga ko’ra o’zlarini yakka-yakka himoya qilishga majbur bo’lgan o’rta Osiyo shaharlari birin-ketin Chingizxon tomonidan ishg’ol qilindi.

* * *

Oradan o’n besh yil o’tdi. Damashq shahridagi bir karvonsaroyning darvozaxonasida sochlari oqargan, baland bo’yli bir darvish o’tirardi. U karvonsaroy ichida bo’kirib turgan tuyalarni yo’lga hozirlayotgan kishilarning ovozi-yu, bo’taloqlarning bo’zlashiga quloq solib, allakimni kutardi. Diqqat bilan qaragan kishi uning ustidagi jandasi, boshidagi kulohi gavdasiga mos tushmaganligini payqashi mumkin edi. Qaddi-qomatini tik tutgan o’tkir ko’zh bu baland bo’yli odam darvishdan ko’ra ko’proq askarboshiga o’xshab ketardi.

Oradan bir soat vaqt o’tgach, u o’rta yoshli qora soqol bir kishining saroy tomon kelayotganini ko’rib:
— Marhabo! — dedi o’rnidan turib. — Yanglishmasam, siz Movarounnahrga ketayotgan karvon boshlig’i binni Muslimdursiz?

— Oriy, men o’shal aytgan kishingiz bo’lurman. Xo’sh, xizmat?
— Faqir Sayhun bo’yina sayohat etmoq niyatidadurmen. Imkoni bo’lsa, meni ham hamroh qilib olsangiz, xizmatingizni qilib ketsam… Safarda foydam tegsa tegadurki, ziyonim tegmaydur. Yo’l xarjim…

— Sizni bul yerda kim taniydur? Kim sizga kafil bo’la olur?
— Meni saroybon Mustafo, bozor oqsoqoli Umarali taniydurlar.

— Yaxshi, surishtirib ko’rurmen, — dedi binni Muslim darvishni sinchiklab ko’zdan kechirarkan. — Yoshingiz qaytgan bo’lsa-da, baquwat ko’rinursiz. Ot minmoq, qilich urmoqni bilurmisiz?

Darvish bilinar-bilinmas miyig’ida kulib qo’ydi.
— Bu bobda soqchilaringizga saboq bera bilurmen.

Ibn Muslimga uning javobi yoqib tushdi. Yo’llar xavf-xatarli bo’lgani uchun karvonga qurol ishlata biladigan ishonchli kishilar kerak edi.
— Qani yuring, saroybon oldina kirib so’zlashayik…

* * *

Sahar paytida ustiga yuk ortilgan tuyalar saroydan bo’kirishib chiqishdi, eng orqadagi tuyaning bo’yniga osilgan og’ir mis qo’ng’iroq jaranglab yer-u ko’kni boshiga ko’tardi. Bu tuya ustida jandasining ichidan qilich taqib olgan kechagi darvish o’tirardi. Biroq bu safar unga qilichini qindan sug’urishga to’g’ri kelmadi. Karvon yo’li tinch bo’lgani uchun hech qanday hodisa yuz bermadi. Qaroqchilar go’yo karvon soqchilari boshida tajribali bir sarkarda ketayotganini bilgandek edilar. Savdogarlar karvoni suvsiz cho’llar, yashnagan vohalar, bozorlari obod, serg’alva shaharlarin bosib o’tib, uch oy deganda Samarqandga yetib keldilar.

Baland bo’yli darvish bu yerda karvonboshi va yo’lovchilar bilan xayrlashib Farg’onaga ketayotgan savdogarlarga qo’shilib oldi.

Kechki payt. Xo’jand muazzinlari birin-ketin taqvodorlarni kamoli asrga chorlamoqdalar. Beliga kachkul osgan jandali darvish irg’ay tayog’iga suyanib, qing’ir-qiyshiq ko’chalardan asta bormoqda. U ahyon-ahyonda to’xtab, egalari tashlab ketgach, xarob holga kelgan hovlilar ro’parasida to’xtar, so’ng yana indamay o’tib ketardi. Nihoyat, u katta darvozali hovli oldida to’xtab, bir lahza ikkilanib turgandan keyin halqani taqillatdi. o’n besh-o’n olti yoshlar chamasidagi bir yigitcha darvozani ochib, darvishning kimligini surishtirdi. Darvish javob o’rniga:
— Kimning o’g’lidursen? — deb so’radi.

— Men ulug’ Temur Malikning o’g’lidurmen. Ko’zidan duv etib yosh oqib ketgan darvish yigitchani
quchoqlab, peshonasidan o’pdi, keyin ko’z yoshlarini artib:

— Agar otangni ko’rsang, tanirmi eding? — deb so’radi.
— Otam mo’g’ul bilan jang qilib chekinganida men go’dak ekanmen. Aning o’liktirigidin xabarimiz yo’q. Mushfiq onamning vafot etganlariga to’rt-besh yil bo’ldi. —

Darvish bu gapini eshitib xo’rsindi-da, «omin» degandek yuzini siypab qo’ydi. — Bul hovlida ilgarigi xizmatkorimiz Odina, aning xotuni va men turamiz.
— Odina tirikmi?
— Ha, menga ota o’rnida qolgan. Mana, o’zlari ham chiqib kelyaptilar.

Ichkaridan soch-soqoli oqargan bir mo’ysafid chiqib keldi.

— Nega hayallading desam, bul kishi bilan so’ziashib turgan ekansan-da, — dedi yigitchaga qarab. So’ngra darvishga yuzlandi:
— Assalomu alaykum, xo’sh, xizmat?

— Nahotki meni tanimasang? Shul qadar qarib-qartayib qoldimmi? — darvish ko’zida yosh bilan Odinani quchoqladi, so’ng so’l qo’lining bir bo’g’ini kesilgan jimjilog’ini ko’rsatib:
— Endi tanidingmi? — deb so’radi.

Odina yig’Iab u bilan qayta ko’rishdi, so’ng hang-mang bo’lgan yigitchaga dedi:
— Bul kishi sening otang… Ulug’ Temur Malik. Nega ag’rayib turibsen, qo’lidin o’pib, tavof qil, hoy, nodon…

Bir necha yil qarovsiz qolib, keyin shikastrexti tuzatilgan eski hovlida Temur Malik bir necha kun yotib dam oldi. Eski oshna-og’aynilar bundan xabar topib uni ko’rgani kela boshladilar. Temur Malikning qaytib kelgani butun shaharga ovoza bo’lib ketdi. Lekin mo’g’ullar davrida awalgidan ham boyib ketgan savdogarlar bu xabarni eshitib qo’rqdilar. Ular, bu Temur Malik emas, u allaqachon o’lib ketgan, bu odam esa ulug’ sarkardaning nomini o’ziniki qilib olgan bir firibgar, deb gap tarqata boshladilar. Tabiiy, bu shov-shuvlar mo’g’ul bosWiqlarining qulog’iga yetmay qolmas edi.

Bir kuni qurolli soqchilar Temur Malikning hovlisini o’rab olib, uni saroyga olib ketdilar.

Chingizxonning son-sanoqsiz avlodlaridan biri — Qadon o’g’lon taxt ustida o’tirib, qo’liga kishan solingan Temur Malikka qiyiq ko’zlarini suzib, ishonchsizlik bilan:
— Rostdan Temur Malikmisen yoki boshqa odammisen?— deb so’radi. Soch-soqoli oqargan bu darvishnamo kishi Temur Malik ekanligiga uning ishongisi kelmasdi.

Qadon o’g’lonning yonida turgan bir ko’zli Uloq no’yon tutaqib:
— Xuddi o’zi… — deb yubordi. Temur Malik ham o’z dushmanini ko’rib, g’azab bilan:
— Hoy, Uloq, men ham seni bir ko’rishda tanidim. Qizilqumda orqamdan quvib kelayotganingda uchi singan bir o’q bilan o’ng ko’zingni ko’r qilgan men edim-a? — dedi.

Uloq no’yonning sog’ ko’zi yo’lbars ko’zidek chaqnab ketdi. U xonvachcha oldida tiz cho’kib:

— Temur Malik mening yaqin do’stlarim, tuvg’onlarimning qonini to’kkan, menga shikast yetkazgan. Ulug’ Chingizxon haqqi, uni menga ber, xunimni olay, — deb yalindi.

— Mayli, olsang ol. Bir emas, o’n Temur Malik bo’lsa ham senga berardim! — Xonvachchaning ko’zlarida istehzoli kulgi ko’rindi.

— Hay, essiz, so’l ko’zingni ham ko’r qilib qo’yganimda bo’lur erkan, — deya piching qildi Temur Malik dushmaniga qarab. So’ng uning oldiga tushib, boshini tik ko’targancha tashqariga chiqib ketdi.

Mirkarim Osim. Saylanma by Khurshid Davron on Scribd

004

(Tashriflar: umumiy 165, bugungi 1)

Izoh qoldiring