XX asr o’zbek she’riyati antologiyasi. Mirtemir.

010

   Миртемир (Турсунов Миртемир) 1910 йил 30 майда Туркистон шаҳрининг Иқон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1971). Эски мактабда таълим олгач (1919—20), Тошкентга келиб, Алмаий номидаги намуна иш мактаби (1920—23) ва Ўзбек эрлар билим юртида тахсил кўрган (1925— 29). Илк шеърлар тўплами — «Шуълалар қўйнида» (1928) миллий ўзбек шеърияти учун янги жанр — сочма (насрий шеър) жанрида ёзилган. «Зафар» (1929), «Қайнашларим» ва «Бонг» (1932) шеърий тўпламлари муаллифи. «Барот» (1930), «Хидир» (1932), «Дилкушо», «Сув қизи» (1937), «Ойсанамнинг тўйида» (1938), «Кўзи» (1939) каби достонлар ёзган. «Қорақалпок, дафтари» (1957) туркумидан ўрин олган «Сурат» лирик қиссаси эса 60—70-йилларда ўзбек шеъриятида достон жанрига эътиборнинг кучайиши ва лирик достон жанрининг камол топишига катта таъсир кўрсатган. А. С. Пушкиннинг шеърларини, Н. А. Некрасовнинг «Русияда ким яхши яшайди», Ш. Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон», Абай, Махтумқули ва Бердақ асарларини ҳамда кирғиз халқ, эпоси «Манас»ни ўзбек тилига таржима қилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1979), Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти (1977) лауреати. 1978 йил 25 январда Тошкентда вафот этган. «Буюк хизматлари учун» ордени сохиби (2002).

033
Миртемир
ШЕЪРЛАР
09

* * *

Каъбамсан, шеърият, эзгу эҳромим,
Оғу ҳам бол тўлиқ бебаҳо жомим.
Амалим ва ишқим, умиду армон,
Уйқусиз тунларим — жиндак илҳомим…

Керакмас инжу ҳам сенсиз, ҳақиқ ҳам,
Керакмас шаддод ҳам сенсиз, дақиқ ҳам,
Ҳаёт ҳам мен учун сенсиз бемаъни,
Сенсиз ўтмасин-да ҳатто дақиқам.

* * *

Қоронғулик тушар,
Бағрим увишар,
Танҳоликда қайта туғиламан мен.
Ёрилиб кетгудай
Тамом йитгудай,
Токи тонг отгунча бўғиламан мен.
Кўзимга ёруғлик,
Сўзимга ёруғлик,
Соғ жонга ёруғлик сўрайман тонгдан.
Армонли йўлчиман,
Армонли куйчиман,
Жаҳонга ёруғлик сўрайман тонгдан.

БЕТОБЛИГИМДА

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Қоврилмай ғашлик алангасида,
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Нафасимни ростлай кўланкасида.

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Қушлар овозига қулоқ солайин.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Хаёл оғушида ором олайин.

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Шу кунгача ўзни мен чеклаб бўлдим.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.

* * *

Кўзингни ўйнатма, кулма, қарама,
Нозли нигоҳларинг керакмас сенинг.

Боғлаб оларман, деб энди ўйлама…
Тортган у «оҳ»ларинг чин эмас сенинг.

Кўп кунлар судрадинг тусмол йўлларда,
Мен-да тилсизларча эргашдим-кетдим.

Адашган эканман, билсам, чўлларда,
Мана эндиликда тушуниб етдим…

Тушундим: у тотли хаёллар — хаёл,
Алданмас бу юрак ширин сўзингта.

Йўқол, эй алдамчи, ёндашма, йўқол,
Термулиш йўқ энди орсиз юзингга!

Жилмайма, қарама, сўзлама менга,
Эски афсонани куйлама менга…

ХЎРСИНИҚ…

Қўлимдан ҳар нима келади, юртдош,
Ғариблик, юпунлик — барин кўрганман.
Қўш ҳам ҳайдаганман, ўроқ ўрганман,
Айриликда кўздан тўкканман не ёш…
Ғўза ҳам экканман, жувари, кунжут,
Қўлимда рақс этур тешаю ранда,
Йўл ҳам, қўналға ҳам мўл бу Ватанда,
Камчил ҳам бўлганман, тўқ, қувноқ ва бут…
Чувак ҳам тикканман, мол ҳам боққанман,
Кудуқ ҳам қазганман нақ ўн бир қулоч,
Зилол сувларида ювишарди соч,
Не-не қиз сочига лола таққанман.
Тақдиримга ҳеч ҳам ўпка қилмайман,
Қўлимдан келмайди деган пеша кам.
Баъзан кўзларимда томчи-томчи нам…
Ҳануз шеър ёзишни билмайман.

ЎЛАН АВЖЛАРИДА…

Ўлан авжларида гул очади дашт,
Ўлан авжларида замон уйғонур.
Ўлан авжларида дунё-дунё гашт,
Ўлан авжларида олам тўлғонур.

Ўлан авжларида туғилур суйгу,
Ўлан авжларида туғилур жужуқ.
Ўлансиз на ранг бор, на ёруғ туйғу,
Ҳаёт лабларига тошади учуқ…

ЎЗИМ БИЛАМАН…
Тагорга эргашиб…

Қулоғимда янграр доим бир нидо,
Хўрсинаман, кўз ёшимни силаман.
Шу нидога не сабабдан жон фидо —
Битта ўзим биламан.

Юрагимда ёнар бир ўт бетутун,
Гўёки дер: қовураман, тиламан.
Дош бераман нечун ҳануз мен беун —
Битта ўзим биламан.

Ойлар ботар,тонглар отар,умр ўтар,
Олисларни кўзлаб-кўзлаб жиламан.
Менинг қалбим кимни кутар, қон ютар —
Битта ўзим биламан.

Келурмикан кўклам янглиғ кутганим,
Умидворман, ишонмай не қиламан?
Қачон келур, қандоқ у кўз тутганим —
Битта ўзим биламан.

САРАТОНДА

Саратонда соябонинг бўлайин,
Тоққа ошсанг, кўк довонинг бўлайин,
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Ярим кеча каҳкашонинг бўлайин.

Кетар бўлсанг, хазон ёғар боғимга,
Санчиқ ботар дилимдаги доғимга,
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Оғу сочма менинг хушвақт чоғимга.

Керак эмас сенсиз гул ҳам, чаман ҳам,
Керак эмас Қандаҳор ҳам, Яман ҳам.
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Керак эмас бўз тарлон ҳам, саман ҳам.

Пок оламим булғанмасдан жилмайгин,
Олам ғамга чулғанмасдан жилмайгин,
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Юрак дир-дир тўлғанмасдан жилмайгин.

То тирикман, ўша қайсар боламан,
На тиним бор, на излашдан толаман,
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Бари бир мен сени топиб оламан.

«ҚОРАҚАЛПОҚ ДАФТАРИ» ТУРКУМИДАН

ЕНГАЖОН

Ҳазил

Янгажон! — дедим.
Қайним-ов ! — деди.
Берроқ кел! — дедим.
Айнима! — деди.

Давра қувноқ эди, суҳбат шўх эди,
Кўнгилда зарра ҳам ғубор йўқ эди.
Ёшлик эсга тушди, авжида ҳазил,
Ҳазилга кўп қулай эди бу манзил.

Кўз тикиб, оҳ чекиб: — Янгажон, — дедим, —
Берроқ кел, садаға сенга жон, — дедим…
Қайнижон, инимсан, қайним-ов, — деди, —
Эси паст боладай айнима, — деди.

 

ТОНГ ҚУШЛАРИ

Тонг қушлари куйлашур, боғларда шовқун…
Бувижон, имтиҳонга бораман бугун.
Такрорлайман қолдирмай ёруғ дилимда
Бирон чигал масала, савол ё тугун…

Муаллимлар ўтирар, зал тўлган бўлур,
Қанча кўзлар мен сари термулган бўлур.
Бувижон, аъло ўтсам бу синовдан ҳам —
Отам дилида ғурур заб улкан бўлур!
Ватаним дурдонамдир — азиз онамдир!
Оқ йўлга бошлагувчи мактабхонамдир!
Ёшлигим кўп бахтиёр, биламан буни,
Юксаламан, заб замон — ўз замонамдир!
Ҳа, имтиҳон дамлари — заб талабгор дам,
Бурро жавоб бераман, ҳеч бўлмайман кам…
Маърифат тарихида қолур умрбод,
Дафтарга нақши тушган ном қандай кўркам!
Тонг қушлари куйлашур, боғларда шовқун…
Бувижон, имтиҳонга бораман бугун.
Такрорлайман, қолдирмай юраккинамда
Бирон чигал масала, савол ё тугун…

ҲАНДАЛАК

Полиздан ҳандалак ҳиди анқийди,
Ўқариқ бўйида саҳар уйғонсам.
Атир оғушида одам балқийди,
Ҳаво эликсирдай, қанийди қонсам…

Кўкракка уради ёқимтой салқин,
Чечаклар товланур — чечакларда ноз.
Ҳаммаси, ҳаммаси кўнгилга яқин,
Ҳаммаси дилрабо, суюк, сўлим, соз…

Ҳандалак узаман муздек ва ёрқин,
Беқасам ҳандалак — чипор ҳандалак.
Қўлимда ловуллар гўёки ёлқин,
Қуймадек бежирим, ифор ҳандалак.

Ҳа, аслида қуёш зарраси бу ҳам,
Она тупроқ тоти, тупроқ шираси.
Емишларнинг тенгсиз барраси бу ҳам,
Жаннатда йўқ ўзи, гапнинг сираси!..

ЖАЛА

Қўққис жала қуйиб ўтди қишлоқдан,
Тўлқин ургай яшил кўкат денгизи,
Тўлқин ургай чечаклар оқ, қирмизи,
Бу даракчи сут, қаймоқдан, пишлоқдан..

Қўққис жала қуйиб ўтди қишлоқдан,
Чучмома-ю ровоч есак арзийди,
Қўзиқорин, лола терсак арзийди,
Тепалардан, сойдан, ҳатто тошлоқдан…

ҲАЛИ ҲАМ

… Онам нон ёпади бўғриқиб-бўртиб,
Дам-бадам куяди қўли енгсакда.
Чивиқ тойчам гижинг, йўрғалаб-йўртиб,
Ҳадеб айланаман шу теваракда.

Нари кетолмайман ўчоқ бошидан,
Югурук бўлса ҳам тойчам нечоғлик.
Мазалироқ баъзан қийма ошидан,
Ҳар гал битта патир менга атоғлиқ…

Ялпизлик, райҳонлик ё жиндак жизза,
Сўлқилдоқ, юмалоқ, чўғдай ва қумоқ.
Гоҳи бўлсам ҳамки кимдандир изза,
Синиб ётса ҳатто кичик арғумоқ.

Менга ўша патир тегса бўлди, бас
Отланиб, овлоққа жўнайман дарров.
Айиқми ё қоплон — менга писандмас,
Патир тўқлигида ўлжалик-да, ов.

…Дилда армон қолди, умрга татир,
Не кунлар бор экан манглайгинамда.
Қишлоқда ёдимга тушди шу патир,
Ҳануз таъми бордай танглайгинамда.

БУВИМ ЧЎПЧАКЛАРИДАН

Ола қарға

Ола қарға яшар эмиш уч юз йил,
Қарғачалик яшолмасмиш ҳатто фил,

Боболар дер: чўқда эмиш бир кўзи,
Қув ва сергак. ўқда эмиш бир кўзи.

Ошёни ҳам тик чўққида — тоғдамиш,
Не олғир қуш ололмайин доғдамиш,

Ола қарға ташламасмиш қўшоғин,
Ардоқлармиш ошёнида ушоғин.

Қўшоғига ҳеч олалик билмасмиш,
Ушоғига ҳеч дағаллик қилмасмиш,

Агар нохос қўшоғига тегса ўқ,
Бу ҳам дарҳол қилар эмиш ўзин йўқ.

Вафодормиш, кўнгилчакмиш, куйинчоқ,
Шу важдан ҳам қанотида йўл-йўл оқ.

Арзир эмиш оқ қанотлик бўлса ҳам,
ТЎкис-тугал яхши отлик бўлса ҳам…

Қора қарға

Қора қарға оласидан кам емас,
«Мен сал камроқ яшайман» деб ғам эмас.

Тик тоғларда қоранинг ҳам уяси,
Элга аён қанотининг куяси.

У ҳам қишда тушиб келар довондан,
Қолиб кетмас қарға зотлик карвондан,

У ҳам сергак, чўқда доим бир кўзи,
Олазарак, ўқда доим бир кўзи…

У ҳам ғоят сабрлик қуш, чапдаст қуш,
Ўргатолсанг — эл бўлғулик бор эс-ҳуш.

Қадрламас эмиш бироқ қўшоғин,
Ташлаб кетар эмиш ҳатто ушоғин,

Агар нохос қўшоғига тегса ўқ,
Ўзгасини излар эмиш — кўнгли тўқ.

Шу сабабдан қора эмиш юзи ҳам,
Юз ҳам гапми — қора эмиш ўзи ҳам…

1975 йил.

ҚУНДУЗ

Сочма

Эсингдами, Қундуз! Салқин еллар сочларингни тўлқинлатиб эсган, қалбимизда суюнч ўсган бир кун?
Кўклам.
Қуёш табассумкор, то узоқларда яшариб кўринган қирлар жилодор, сен эсанг, маъсум қиз! — нималарнидир тўпловдинг, гуноҳлардан пок, ишсевар дўстим! — Эсингдами, ўрим-ўрим сочларинг-ла шафақдай юзингни қопловдинг…

* * *

Болалик..
Юракда қайғу кезса-да, юракни ўраган муҳитда бахтсизлик кезса-да, — ўйин севган болалик!
Туш пайти — барча кўланкага ошиқади, тол остларига оқади. Болалик мавж урган соф қалбимиз буйруғида биз сой бўйлаб кетдик. Узоқлашиб, ўйноқлашиб кетдик…

Сув бўйи…
Кўклам безаклари тўла сочилган сув бўйи…
— Қўчқор, ҳув… Қўчқ-оо-р!
Ёнингта бордим, сенинг билан кўклам чечаклари тердим, сенга бердим ва тарқоқ сочларингга чечаклар такдим, чечаклардек очилган юзингга суқ билан боқдим…
Эсингдами шу?

Эрта кўкламнинг шундай ёқимли кезларида армон ўрайди мени…
Омочлар судраган қирлар усти, бахтсизлик кезган далалар сийнаси кулиб турган пайтларда орзулар ўрайди мени!

Қетсаммикин?
Балки, Қундуз — маъсум Қундуз, тағин, барно бўлгандир… Кулар юз қиз бўлиб, тўлгандир…
Кетсамми?

* * *

— Қундуз!
Эсингдами, қирларда уйқули омочлар тентирарди — болаликда — биз ўйнаб юрган кунларда…
Бу кунларда ўт омочлар куйлайдиргандир-а?
Сочларинг елларда тарқалиб, кўзларинг ўйнайдиргандир-а?
Эсингдами, тўлқин сочган, бола қалбимизга сўнгсиз суюнч бағишлаган бир кун…

* * *

Эсингдами, Қундуз!

Mirtemir ijrosidagi she’rlarni yuklab oling (Audio/ mp3)
09

(Tashriflar: umumiy 133, bugungi 1)

Izoh qoldiring