Muammoning ko’zi ochilsa. Ibrohim Haqqul bilan suhbat.

267

Иброҳим Ҳаққул Бухоро вилояти, Шофиркон туманида туғилган. Мумтоз ва замонавий адабият тадқиқига бағишланган «Бадиий сўз шукуҳи», «Занжирбанд шер қошида», «Шеърият – руҳий муносабат», «Абадият фарзандлари», «Тасаввуф ва шеърият», «Тақдир ва тафаккур», «Навоийга қайтиш», «Мерос ва моҳият» каби китоблари чоп этилган. Олимнинг айрим мақола ва китоблари турк, уйғур, озарбайжон, тожик ва рус тилларига таржима қилинган. Кўп йиллардан буён Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида фаолият юритади.

122

МУАММОНИНГ КЎЗИ ОЧИЛСА
Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул билан суҳбат.
 Суҳбатдош —  Беҳзод Фазлиддин

— Иброҳим ака, суҳбатларингиздан бирида: «Буюк аждодларга муносиб ворис бўлишнинг бош шарти – худди ўшаларга ўхшаб доимий ва қатъият ила олдинга ҳаракат қилиш», – деган эдингиз. Айтинг-чи, бугунги авлоднинг аждодлар олдидаги қарзи нимада?

— Ўшаларга ўхшаб табиий, тўғри ва эркин умр кечиришни эплай олишида. Қачонки тил ва дил, сўз билан амал орасида узилиш бўлса, аждодлар билан авлодлар ўртасидаги узилиш ҳам шу бўлади. Бундай пайтда тарихий сиймоларни мақташ ўз ожизликларини яшириш ниқобига айланади.

— Авлодлар алмашинуви ҳар қайси жамиятга хос хусусият. Табиийки, ҳар қандай авлод вакиллари маълум жиҳатлари билан фарқ қилади, ўз навбатида, бир-бирини тўлдиради. Сиз авлод тушунчасига қандай қарайсиз?

— Авлод тушунчаси бўлган. Бор. Кейин ҳам бўлади. Бир авлод иккинчисидан фикр-қарашлари, маслаги, журъат-жасорати, қай мақсадлар учун курашганлиги билан ажралиб турмаса, авлод дегани маънавий-ахлоқий, ижтимоий-сиёсий қиёфадан маҳрум тўдадан ҳеч фарқланмайди. Шўро давлати ҳукм юритган даврларда бир неча авлод зулм ва қарамлик қурбони бўлишган. Бу фожиани унутмаслик керак.

— Сизнинг авлодингиз (бу иборани алоҳида таъкидлагим келади) фақат адабиётдагина эмас, ижтимоий ҳаётда ҳам фаол, кези келганда, муросасиз эди. Сизлар ўшанда «Дунёни адабиёт қутқаради» деган ақида билан яшаганга ўхшайсиз. Бу уринишларингиз бесамар кетмагани аниқ. Нима дейсиз, бугунги авлод давр эҳтиёжларига муносиб жавоб бера ол(а)дими?

— Биз учун адабиёт чиндан ҳам муқаддас бир мавжудлик эди. «Дунёни адабиёт қутқаради» деган ақида билан яшамаган бўлсак-да, адабиёт ҳаётни, инсонни ўзгартиришига ишонардик. Тенгдошларимдан кўпчилиги шахсий ҳаёт ташвишларини назарга илмай адабиёт, ҳақиқат, ҳуррият дарди билан кун кечиришган. Бугун бундай ҳолатни кузатиш қийин. Ёш ижодкорларда давр, замон, келажакка муносабатда қандайдир торлик, маҳдудлик борга ўхшайди.

— Бутун илмий фаолиятингиз Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти билан боғлиқ ҳолда кечаётир. Ўтган йиллар давомида неча-неча ёш тадқиқотчиларнинг илмий ишлари муҳокамасида қатнашгансиз. Бугунги навқирон илм, бўлғуси олимлар ҳақида фикрларингиз қандай? Улар фаолияти сизни қониқтирадими?

— Илмга янги кириб келганлар олдинги авлод вакилларидан албатта ўзиб кетишади, деган фикр яқин-яқингача менда барқарор эди. Ҳозир ундай эмас. Чунки дид, савия, дунёқараш ва шахсият хусусида жиддий ўйлаб, қаттиқ заҳмат чекилмаса, олимлик ҳам ўзига яраша бўлади. Ёшларимиз фаолиятини имкон даражасида кузатаман. Аммо улар сафида ҳис қилиш, англаш, ҳаракат борасида салоҳияти юксаклари анча сийрак. Ваҳоланки, мустақиллик шарт-шароитида ўзига ишончи баланд, кўнгли ҳам, фикри ҳам эркин истеъдод соҳибларининг сони йилдан-йилга ортиб бормоғи керак. Бу ҳақда ёшларнинг ўзи кўпроқ фикрлаши лозим, деб ўйлайман.

— Мақола ва суҳбатларингизда ижод ва эътиқод вобасталиги ҳақида кўп таъкидлайсиз. Биз ёшлар эътиқодни жуда тор маънода, асосан, диний истилоҳ сифатида тушунадиганга ўхшаймиз. Айтинг-чи, ёш авлоднинг ҳаётий эътиқоди учун нималар муҳим? Умуман, эътиқод тарбияланадими?

— Эътиқоднинг пойдевори, албатта, дин. Диний ишонч ва тушунчалардан ажралиш – ўзни руҳониятсизлик офатию даҳрийлик кулфатларига маҳкум айлаш демак. Айни пайтда эътиқодни диний ва илоҳий мазмун-моҳият билан чеклаб ҳам бўлмайди. Ишқ, Маърифат, Ҳақиқат… – буларни эътиқоддан айри ҳолда тасаввур этиш мумкинми? Ор-номус, ҳаё, ғурур сингари безавол туйғуларнинг муҳофизи ҳам, аввало, эътиқоддир. Инсон иродаси қанча бақувват бўлса, эътиқод ҳам ўшанча кучга тўлади. Одамнинг энг катта душмани – қўрқув ва таҳлика. Эътиқод ана шу ғанимни таниш ҳамда унга қарши туришга рағбатлантиради. Умуман, эътиқодсизликдан халос бўлишнинг ягона чораси ҳаёт синовларидан ўтган эътиқодга суяниш ҳисобланади.

— Шу пайтгача ижодингиз асосини мумтоз адабиёт, хусусан, Навоий ижодини ўрганиш, тадқиқ этиш учун бағишлагансиз. Назаримда, биз Навоийни ўрганиш учун ўша давр – XV асрга бормоқчи бўламиз ва бу мумкин эмас. Ваҳоланки, мутафаккир бобомиз вақт масаласида ҳам шунчалар илгарилаб кетганки, чексиз имкониятлар асри авлоди ҳали-бери унинг этагини тута олмаса керак. Гарчи бу борада кўп фикрлар билдирган бўлсангиз-да, сўрамоқчиман: Навоийни қандай қилиб XXI асрга қайтариш мумкин? Бунинг учун энг самарали йўлларни санаб ўтсангиз.

— Навоийни ҳеч бир маънода ўз асри ва замонидан ажратиб бўлмайди. XXI аср ўқувчиси Навоийни билишга кучли эҳтиёж сезса, мақсадга етишмоқ учун тил, тарих, анъана ёки дин ва фалсафадан бир йўл излашга киришади. Буни биров санъат ва маҳорат жозибасидан, кимдир ҳаётий таассуротлар тасвиридан, бошқа бири тасаввуфий тушунча ва тимсоллар ифодасидан топиши мумкин. Муҳими, у ёки бу асосга таяниш.

Навоийни Навоийнинг ҳиммати ва ёрдамисиз ўқиб-ўрганиш анча қийин. Бу нима дегани? Аввало, дунёга, ҳаёт ва инсонга мутафаккир шоир нигоҳи билан қарашга уринш дегани. Навоий ёқлаган ва улуғлаган ҳақиқатларни юракдан ўтказиб, қоралаган нарсаларни дил-дилдан инкор айлашга бел боғланг, кутилмаганда кўнгилда ўзингиздан норозилик ҳисси бош кўтаради. Ана шунда Навоий сўзларини англаш ва ҳазм қилишда тафаккур кучи билан бирга маънавий-руҳий қувват зарурлигига тўла иқрор бўласиз. Улуғ шоир қитъаларидан бирида, мана, нима дейди:

Кимки махлуқ хизматиға камар,
Чуст этар – яхшироқ ушолса бели.
Қўл қовуштурғуча бу авлодур,
Ки анинг чиқса эгни, синса или.
Чун хушомад демакни бошласа кош,
Ким тутулса дами, кесилса тили.

Яъни: кимки манфаат туфайли ўзига ўхшаш бир банда – махлуқнинг хизматига қаттиқ бел боғласа, бундан кўра унинг бели шикастлангани яхшироқ. Қўл қовуштириб қуллуқбозликни қойиллатишдан кўра эса одамнинг елкаси чиқиб, қўли сингани авло. Агар тил хушомад айтишга бошласа-чи? Унда нафас тутилиб (ёки чиқмай), тилнинг кесилгани мақбулдир.

Гуё қарғиш «тили» билан битилган бу қитъа шеърхонни ҳам ўзига, ҳам ўзгаларга нисбатан муросасиз бўлишга чорлайди. Лекин амалий уриниш ва қиёсий фикрлаш сўнгида ўқувчи ички азобдан бошқа бир нима топмайди. Тирикчилик ташвишу армонлари билан қуршалган халойиқ асрлар мобайнида ҳурликдан мутеълик ва тобеликни, ғурурдан ғурурсизликни, ростгўйликдан хушомад ва тилёғламаликни афзал кўрган. Зеро, нима яшашга енгиллик бериб, қулайлик туғдирса, инсон ундан ажралишни хоҳламайди. Демоқчимизки, Навоий талқин қилган ҳақиқатларнинг моҳиятига етиш, замон талабларига мувофиқ равишда уларни ривожлантириш учун ўқувчида наинки ақлий, балки маънавий-руҳий имконият ҳам баланд бўлмоғи шарт.

— Очиғи, бир жиҳатдан бугунги ёш авлод Навоийни тушунмаётганидан (ўқимаётганидан дея олмадим) хурсанд бўламан ҳам. Негаки, орада беш ярим асрдан зиёд вақт (аммо улуғ шоир ҳамон асримиздан олдинда эканини айтиб ўтдик) ёки мураккаб тил, ажнабий сўзлар эмас, бутун башариятга маънавий раҳнамо бўлгулик улуғ даҳо «тўсиқ» бўлиб турибди. Бошқачароқ айтсак, биз ёшлар Навоийни тушунмаётган эканмиз, бунга буюк мутафаккирнинг ўзи «айбдор», гўё. Замонавий тил билан айтганда, «суперинсон» – Навоий оламига бўйлашга ҳар кимнинг, айниқса, ҳали деярли ҳеч нарса қўлидан келмайдиган беқарор туйғулар эгасининг юраги бетлармиди? Шунинг учун ҳам мен ўз-ўзидан «Навоийни ўқияпман» дея кўкрак керган тенгдошимнинг гапларидан шубҳаланаман. Албатта, бу ерда гап уқиб ўқиш ҳақида кетмоқда. Табиийки, Навоийни ўқиётган ёшлар ўзи сезган-сезмаган ҳолда бошқалардан ўзини устунроқ қўя бошламаслигига кафолат йўқ. Улуғ даҳо дунёсига ҳануз ошно бўлиб келаётган инсон сифатида фикрларимни малол олмайсиз, деган умиддаман. Ўзингиз: «Навоийни маълум манфаатлар, ақлий муддаолар нуқтаи назаридан турибигина ўқимаслик керак», дейсиз. Айтмоқчи бўлганим, Навоийни ўқиш учун, аввало, ички эҳтиёж ва руҳий яқинлик бўлиши керак эмасми? Бугуннинг ёшлари орасида Навоийга ботинан боғланганлари бормикан? Ёш навоийшунослар орасида-чи?

— Биласизми, Алишер Навоий ижодиётига теранроқ кириб бориш кишини «майдагина ғолиб, майдагина мағлуб»лик қисматидан бир қадар қутқазади. Навоийшунос бўлишнинг асосий шартларидан бири «ўзлик иморати»ни бузиш, яъни, сифат эътибори билан ўзини ўзи ислоҳ айлашдир. Бу ишнинг ўзига яраша қийинчилик ва азоблари борки, буларни ҳеч кимга суянмасдан, ҳар кимнинг ўзи ҳал қилади. Навоийни пухта ўқиб, яхши тушунган ёшлар «ўзи сезган-сезмаган ҳолда бошқалардан ўзини устунроқ қўйса», бунинг ҳеч ёмон жойи йўқ. Навоийни билиш, истанг-истаманг, одамни маънан ва руҳан баландга кўтаради. Ана шунда руҳда чексизлик, самовийлик иштиёқи қанот ёзадики, ботиний ҳаётда ажаб ҳолат ва манзараларни кўриб, ҳайронлар қоласиз. Ҳамма даҳо санъаткорлар сингари Навоий ижодиёти ҳам қалбни сўнгсизлик завқ-шавқи билан орзиқтиради. Руҳан Навоийга яқинлашишни кўзлаган киши буни албатта эътиборга олмоғи лозим…

— Мақола ва суҳбатларингизда Навоийни Навоийга яқинлаштириш ва Навоийни Навоийдан йироқлаштириш борасида гапириб, бугунги маънавий муаммоларимизнинг аксарияти классик меросдан узоқлашиш туфайли келиб чиққанини куйиниб таъкидлайсиз. Шахсан менга мумтоз ва завмонавий адабиётни бир-биридан айирмаслигингиз, аксинча, бирини иккинчисига узвий боғлиқ ҳолда ўрганишга даъват этишингиз жуда маъқул тушади. Яна, улкан ижодкорлар фикрига таяниб, замон адабиёти намуналари ўқувчи диққат-эътиборини ўзига чуқур жалб эта билмаса, мумтоз адабиёт билан алоқа ҳам сусайиб боради, дейсиз. Демак, классик меросдан узоқ эканимиз замонавий адабиёт билан боғлиқ экан-да?
— Ҳеч бир давр, ҳеч қайси замонда адабиёт ҳаёт ҳақиқати ва инсон тақдирини ўзи истаган даражада эркин ҳамда ҳаққоний тарзда тасвирлаб бера олгани йўқ. Бунга қарши кучларнинг қўли эса доим баланд бўлган.

Бадиий асар қачон қизиқиб ўқилади? Қачонки халқ унда ўз турмуши, ижтимоий аҳволи ва ғам-ғуссаларининг рост, табиий тасвирини кўрса. Бир давр адабиёти билан иккиничи бир давр адабиётини мустаҳкам боғлайдиган «олтин занжир» ана шу тажрибадир. Шу маънода шижоатсизлик, қарамлик хасталигига йўлиқмаган замонавий адабиёт намуналари мумтоз адабиётни билиш истагини жонлантириб юборади. Одам қайси давр адабиётини ўқимасин, унда ич-ичдан ўзини кўргиси, ҳис-туйғуларига муқобил ҳол ва ҳолатларни кечингиси келади. Демак, замонавий ва мумтоз адабиётни бирлаштирувчи «кўприк» шахсиятини бутунлаштира олган китобхондир.

— Замон ўзгарди. Идеаллар ўзгариб кетди. Шу ўринда идеал тушунчасига ойдинлик киритиб ўтишингизни хоҳлардим. Эҳтимол, бизнинг бу борадаги тасаввур ва тушунчаларимиз ўта юзакидир. Ёшлигингизда кимни ёки нимани идеал деб билгансиз? Идеал(лар)ингиз бугун ўзгармадими?

— Менинг қўлим етмаган юлдуз,
Тушларимда сени кўргаймен, – дейди шоир.

Менимча, идеал дегани ана шу: қўлинг етмайди, лекин орзу ва интилишдан ҳам тўхтамайсан. Ёшлигимдан то бугунгача менинг идеалим Ҳуррият – Шахс эркинлиги. Одамларга тегишли идеалга келсак, аллақачон у парчаланиб кетган. Ахир, тоғ деб юрганларинг тепа, дарё деб билганинг ирмоқ ҳам эмаслигини англагач, не аҳволга тушишни тасаввур қилаверинг.

Аммо идеал ўлароқ Яссавий, Румий, Навоий, Бобурга муносабатим зарра қадар ҳам ўзгарган эмас…

— Кузатсангиз, ахборот ва илғор технологиялар асри ёшлари бир ғаройиб. Атрофга ақлнинг совуқ нигоҳлари билан боқаётган «темир одамча»ларни кўриб қўрқиб кетасан киши. Бир томондан, ҳамма нарса борган сари арифметик аниқликка бўйсунаётган – ҳисоб-китобли, моддиятпарастлик урчиган давр ўзгаришларига реал қараётган «ақлли»ларни тушунгинг келади: ахир, ҳаёт ўзи шунақа! Аммо кўнгил, орифлар Аллоҳнинг назаргоҳига менгзаган ўша Кўнгил-чи? Кўнгил водийсига деярли бўйламай қўйган, туйғулари қуруқшаб бораётган «роботсифат»лар ҳақида нима дейсиз? Кўнгилшунос олим сифатида туйғулар тарбияси қандай бўлиши керак, деб ўйлайсиз?

— «Темир одамча»ларга доир гапларингизга қўшиламан. Уларни кўриб, кузатиб мен ҳам аҳволларига ачинаман. Ишқилиб, уларга шундоқ толеъни раво кўрганларга Аллоҳ инсоф берсин.

Кўнгил тарбияси барча тарбиянинг тамали бўлиб, унда ҳаётий, ахлоқий, диний, ирфоний туйғулар бир-биридан ажралиб қолмаслиги лозим. Ва кўнгил номидан гапириб, кўнгил дарди, кўнгил ҳукми нималигини билмайдиган кимсалар сони кескин камайиши керак. Акс ҳолда, кўнгил деган сўзни тилга олишга нолойиқ махлуқлар қуршовида қолиш ҳам ҳеч гапмас.

— «Ватан авомлик балосидан фориғ бўлганда қудратли юртга айланади. Ватанда ҳеч ким оломоннинг номидан иш юритмаса ва ҳеч ким оломондан таянч ахтармаса, бу ўлканинг ҳар гўшаси маърифат ва маънавият, тафаккур ва ҳақиқат пойтахтига тенг бўлади». Бу – сизнинг фикрларингиздан иқтибос. Ҳозир бутун дунёни хавотирга солаётган «оммавий маданият» («оломон маданияти») моҳиятан ушбу сўзларингизга қарши иш кўради. Жонкуяр зиёли сифатида бу «маданият»га қарши кураш «усул»ингиз борми?

— Қадимги Рим файласуфи Сенека: «Оломонга қизиқ бўлган ҳамма нарсадан қоч!», – дейди. Ўзимча мен шу гапга амал қилишга интиламан ва оломоннинг қонини қиздирадиган ҳирс ҳамда майлларни ҳозир осон пайқайман. Энг ёмони, бугун зиёли деган сўз ҳам нисбий тушунча бўлиб қолди. Чунки уларнинг аксарияти айнан оломон вакилларидир. Адабиёт, санъат, телевидение, радио – ҳамма-ҳаммасида оломон нигоҳи, оломон ҳиссиёти, оломон овози ва маслаги устунликка талпинаётир. Бунга қарши дадил курашилмаса, маънавият, маданият, комиллик тўғрисидаги фикрларнинг бора-бора бир чақалик ҳам аҳамияти қолмайди…

— Сўз, сўзсиз мўъжиза. Айниқса, ижодкор халқи бунга шак келтирмайди. «Сўз руҳнинг қанотидир» деб ёзасиз. Бу улуғларнинг улуғ сўзлари таъсиридан бўлса, ажаб эмас. Бугун эса Сўз ҳам бозорга чиқди. Йўқ, уни судраб, оёқ-қўлларини кишанлаб, олиб боришди савдо расталарига. Ачинарлиси, устоз даражасидаги баъзи адиблар ҳам сўзбозорда сарсон. Биз аслида Сўзни нажот фариштаси деб билгувчи эдик. Фаҳмимча, ҳозир унинг ўзи ёрдамга муҳтождек, бир замонлар осмонларда озод руҳга эврилиб парвоз қилган Сўз бугун пойгакларда лойга қоришган ҳолда инсониятдан нажот кутаётгандек…

— Миллионлаб одамлар тинглайдиган замонавий қўшиқ ва ашулаларни айтмай қўя қолайлик. Газета, журналларда ва китоб шаклида босилаётган «шеър»ларни ўқиш, менимча, сўзнинг қандоқ қийноқларга солиниб, қандай таҳқирларга гирифтор этилганини билиш учун етарлидир. Сўзни хору зор айлаш ва қулоғидан чўзиб исталган жойга олиб чиқиш ҳадди аълосига етди. Аммо сўз аҳволидан очиқ баҳс юритувчи киши йўқ, ҳисоби. Сўзга бундай муносабат кечирилмас гуноҳ эканлигини илм ва адабиёт аҳли англатмоғи ҳам қарз, ҳам фарз.

— Аксарият ёшларнинг шеър, умуман, адабиёт ва санъат борасидаги тушунчалари ҳам ўзгача, аниқроғи жуда саёз, мавҳум. Ахир шеър «омон»га «ёмон»ни қофия қилиш эмас-ку! Аммо ёшлар шу қабилидаги гапларни шеър деб қабул қиляпти, ўқияпти, ёд оляпти… Қисқаси, бу масалада хос доира бир томон, омма яна бир томон. Энг яхши шеърлар эса «нафис мажлислар»дагина қолиб кетаётганга ўхшайди…

— Бир ҳинд донишманди: «Инсоният саратон (рак) касаллигига даво топиши мумкин, аммо саёзликка даво топиши душвор», – дейди. Чиндан ҳам, саёзлик давосиз бир хасталикдир. Сиз таърифлаган ёшларнинг кўпчилиги саёзликнинг «жужуқ»ларидир. Шеър нималигини ўзи англамаса, нимани ёзиб, нимани ёзмасликни ўзи ҳал этолмаса, ёзиб эълон қилган нарсасидан уялиш ҳисси пайдо бўлмаса – уларга ҳеч нимани тушунтиролмайсиз. Шу боис ҳам халтура ва қофиябозлик мусобақаси кейинги йилларда жуда авж олиб кетди.

— Шу ўринда ўқув юртлари учун чиқарилган адабиёт дарсликлари, ҳозирги тил ва адабиёт таълими тўғрисидаги фикрларингиз, таклиф-мулоҳазаларингизни айтиб ўтсангиз.

— Бир адабиёт дарслиги ҳақида гапириб, балоларга қолай дедим… Шунга қарамасдан айтай: дарслик ёзишдан олдин кўзланган талаб ва натижалар аниқ белгиланиши керак. Адабиёт дарслиги ўқувчининг ақл-идроки баробарида руҳи, кўнгли, тасаввур ва хаёлотига ҳам таъсир ўтказиши зарур. Ундаги тил ва ифода тиниқлиги, таҳлил ва талқин аниқлигини ўқувчи узоқ пайт эслаши лозим. Миллий туйғу, ҳақиқат ва ҳуррият ҳисси, гўзаллик ва нафосат завқини навқирон авлод қалбида, аввало, дарслик куртаклантиради. Бунақа дарслик борлигини шахсан мен ҳали билмайман.

— Адашаётган бўлсам узр-ку-я, менимча, китобхонлик ҳам туғма фазилат бўлса керак. Эҳтимол, кун сайин камёб бўлиб бораётган бу хислат ҳам суяк сурар, қондан ўтар. Ўзимизни алдаб нима қиламиз, ёшларда борган сари китобнинг қудратига ишонч йўқолиб кетяпти. Сабаби аён: ҳеч ким китоб ўқиб «шаҳар олиб» бермаяпти. Йиллаб, балки, умр бўйи қўлига олмайдиганлар ҳам бинойидай яшаяпти. Бундан ташқари, мутолаа ҳам меҳнат. Ундан кўра яшашнинг осонроқ йўлларини қидирган маъқул. Кўплаб ёшларда ана шундай кайфият ҳукмронга ўхшайди. Шунданми, улар моддий-маиший орзулар ортидан эргашиб бораётганини англаб-англолмай қолишаяпти, шекилли. Ўлгудай китобхўрларни кўриб, уларнинг ҳаёти ҳаминқадар экани ёш қалбларни қониқтирмаётгани бўлиши ҳам мумкин. Баъзан ҳақиқий китобхонларнинг ўзи ҳам бошқаларни китобдан «совитаётган» кўринади. Уларнинг «ғалати» қилиқлари, ўта одамовилиги салбий таассурот уйғотади… Бундан ташқари, «Ёшлар китоб ўқимаяпти» деган таъна-дашномларда кўпроқ бадиий адабиёт назарда тутилаётганга ўхшайди. Ахир, китоб фақат бадиий бўлмайди-ку. Илмий, сиёсий, диний… адабиётлар дегандек… Умуман, китоб ўқиш бўйича нималарни тавсия этасиз? Қайси китобларни мутолаа қилган мақбул?

— Бир пайтлар мактаб дарслигида Абдураҳмон Жомийнинг: «Жаҳонда китобдан яхши ёр бўлмас», – сатри билан бошланадиган рубоийсини ўқиганмиз. Орадан қанча вақт, қанча замон ўтди, лекин мен юқоридаги мисрада айтилган фикрга бугун энди тўлиқ ишонаман. Ишонаман дейиш камлик қилар – китобдан беғараз, китобдан беминнат мусоҳиб топилмаслигига иқрорим ҳам бор. Шундай бўлса-да, китобни кўкларга кўтариб мақтаб, унга кўр-кўрона топиниш тарафдори эмасман. Одамлар ҳар хил бўлганидек, китоблар ҳам турлича: бири моҳиятан яроқсиз, иккинчиси ёлғон ва алдов тарғиботчиси, бошқа бирлари истеъдодсизлик ва ўртамиёналик намунаси… Шунинг учун ҳам ҳамма китоб онг ва идрокка яхши таъсир ўтказиб, фикрни бойитади, деган гапни эсдан чиқариш керак. Негаки, зеҳнни ўтмаслаштириб, дид ва савияни бузадиган китоблар ҳам дунёда кам эмас. Масалан, ёзувчи, шоир ва олимлардан кўпчилигининг шу кунларда нашр этилаётган китобларини ўқимаган киши ҳеч нима ҳеч нима ютқазмайди. Тўғри, китобдан йироқлашув оғриқли бир масалага айланиб қолди. Аммо буни фожиага қараб бурмаслик керак. Тасаввур этайликки, ҳамма бирданига китобхонликка шўнғиб кетди – нима ўзгаради? Илм-фан, бадиий адабиёт тармоқларига қараб одамлар онгида аввалига нисбатан факт ва маълумот кўпроқ йиғилади, фикр-тушунчаларда баъзи ўзгаришлар юзага чиқади. Бироқ одамнинг Ўзлиги, яъни башарий «мен»ида ҳеч қандай силжиш, янгиланиш рўй бермайди. Бунга сабаб нима? Сабаб – дин, фалсафа, адабиёт, санъат ва сиёсатга бағишланган кўпдан кўп асарларнинг инсон Руҳига теран таъсир ўтказолмаслиги ҳамда унинг ишонч «қалъа»сини ишғол эта олмаслигидадир.

Шундай кимсалар борки, хасталикни хасталиклари учун, риёни риёкорликлари учун севишади. Ва шу севги туғёни билан бошқаларга ташланишади. Ташланган сари гўё ботинлари ёришади. Бундай кин ва адоват қашқирларининг феъл-атворини ҳеч қанақа китоб билан ислоҳ қилиб бўлмайди. Бас, шундоқ экан, китобни китобдан фавқулодда жиддият ила фарқлаб, кейин унинг куч-қувватини баҳолаш жоиз.

Айрим китоблар ўқувчининг ҳаётга аралашиш эҳтиросини пасайтириб, унда китобийлик кўникмасини орттиради. Оқибат нима бўлади? Ҳаёт ҳис-туйғулардан китобий майллар ғолиб чиқиб, инсон воқеликка ҳуркиб, чўчиб-қўрқиб қарайдиган ва қуруқ мушоҳададан нари ўтолмайдиган бир жонзотга ўхшаб қолади. Одатда, мана шундай кимсаларнинг китобхўрлик «таланти» ёшлар онгига ёмон тасъир ўтказади.

Хуллас, ҳадеб китоб ўқимасликнинг зиёни ҳақида гапираверамасдан, китоб ўқишдан туғилажак зарарлардан ҳам сўзлаш керак. Ана шунда муаммонинг «кўзи» очилиб, танлаб ўқиш малакаси устида жиддий бош қотирилиши мумкин.

«Оммабоп китобларда бадбўйлик бор. Чунки уларга майда одамларнинг ҳиди сингмиш», – дейди  Нитше. Бу – тўғри фикр. Тўғрилиг учун ҳам бора-бора бунақа китобларни қўлга олиб варақлаш истагидан тамоман фориғ бўламиз.

Манба: «Ёшлик» журнали, 2013 йил, 3-сон.

(Tashriflar: umumiy 45, bugungi 1)

Izoh qoldiring