Zulfiya Qurolboy qizi. Muhabbat va nafrat

zulfiya

Январнинг охирларида бирдан ҳаво айниб, кун совиб кетди. Бу йил қиш бўлмайди-ёв, деб бемалол юрган одамлар шошиб қолишди. Икки кун гупиллатиб қор ёғди. Куни билан ҳовлини тўлдириб, қий-чув қилиб ўйнайдиган болалар ҳам уй-уйларига кириб кетишди. Катталар иш юзасидангина кўчага отланишган, совуқдан ҳамманинг туси ўзгарган: юз-кўзларида ҳорғин ифода акс этиб турарди. Шаҳар одамлари шунақа, совуққа чидамсиз бўлишади; иш бўлмаса, бўйнимга олган мажбурият бўлмаганида эди, иссиққина уйда, юмшоқ диванга ястанганча қаҳва ичиб ўтирардим, деб ўйлашади улар. Дарвоқе, уйга нима етсин. Каталакдек бўлсаям ўз уйинг бўлса, ғам-андуҳга не ҳожат…

07
Зулфия Қуролбой қизи
МУҲАББАТ ВА НАФРАТ
01

Январнинг охирларида бирдан ҳаво айниб, кун совиб кетди. Бу йил қиш бўлмайди-ёв, деб бемалол юрган одамлар шошиб қолишди. Икки кун гупиллатиб қор ёғди. Куни билан ҳовлини тўлдириб, қий-чув қилиб ўйнайдиган болалар ҳам уй-уйларига кириб кетишди. Катталар иш юзасидангина кўчага отланишган, совуқдан ҳамманинг туси ўзгарган: юз-кўзларида ҳорғин ифода акс этиб турарди. Шаҳар одамлари шунақа, совуққа чидамсиз бўлишади; иш бўлмаса, бўйнимга олган мажбурият бўлмаганида эди, иссиққина уйда, юмшоқ диванга ястанганча қаҳва ичиб ўтирардим, деб ўйлашади улар. Дарвоқе, уйга нима етсин. Каталакдек бўлсаям ўз уйинг бўлса, ғам-андуҳга не ҳожат…

Беш қаватли уйнинг бешинчи қаватидаги хонадонларнинг бирида муздай дераза ойнасига бошини тираб хомуш ўтирган қиз шуларни хаёлидан ўтказди. Бундан ўн йил муқаддам у «ўқийман» деб шаҳарга келиб қолганди. Тақдир кулиб боқиб, институтга қабул қилинган, тиришиб-тирмашиб беш йилни бирамаллаб ўтказган қиз қишлоққа қайтиб боришдан бош тортган, ақлини танигандан буён у шаҳарда яшашни орзу қиларди. Шу боис кетгиси келмади. «Бу ерда яшаш осон, — деб ўйлаганди у ўшанда. — Бир амаллаб уй олсам, гап меники. Эр топиш қийинмас».

Йўлланма бўйича ишга жойлашиб олиб, «прописка» деган балодан ўтиб олганида ўзининг омадли эканига яна бир карра ишонди. Жон-жаҳди билан ишлашга, пул топишга ҳаракат қилди. Бироқ олган маоши у ойдан бу ойгача озиқ-овқатига базўр етарди. Кийим-кечакка йўл бўлсин. Яхшиям ота-онаси ҳар замонда бўлсаям пул бериб туради. Ҳар доим улардан ёрдам сўрашга қизнинг юзи чидамайди. Ахир ундан ташқари яна саккизта жон ота-онанинг қарамоғида. Ёғингарчилик кунлари лой бўлиб кетган туфлини иссиқ сувда ювмайди, елими кўчиб кетиши мумкин. Шунчалик авайласа ҳам бир марта ишдан шошиб келаётганда бир пой туфлисининг пошнаси тушиб кетиб, ўтган-кетгандан жуда уялиб қолганди…

Ҳамон ойнага тиралиб турган пешонасидан совуқ ўтган қиз бирдан ўзини тортди. Пешонасини ушлаганча дераза олдидан узоқлашди. Ошхонага ўтар-ўтмас эшик қўнғироғи устма-уст қаттиқ жиринглаб, чўчитиб юборди. Эҳтиёт юзасидан «глазок»дан қаради. Эшик ортида пешонасини пушти шарфл билан танғиб олган аёлни кўриб юраги шув этди. Уй эгаси! Ижара ҳақини сўраб келган. Эшикни очмасликка қарор қилиб, нафас чиқармай тураверди. Ташқа-ридан аёлнинг шанғиллаган овози эшитилди:
— Эшикни очинг, Дилдора! Очинг деяпман. Биламан, уйдасиз. Ҳалигина балконда турганингизни кўргандим.

«Оббо, куйдирги-эй, — деб ўйлади қиз. — Каламушга ўхшаб, ҳамма ёқдан ҳид олиб юради-я». Ноилож эшикни очди.
— Вой, Мавжуда опа, сизмидингиз? Китоб ўқиб ётиб кўзим илинибди.
— Ижара пулини сўраб келди, деб атайин очмадингиз-ку. Нима қиласиз яшириб? — деди Мавжуда опа шартакилик қилиб. Овозидан унинг ҳазиллашаётганини ҳам, жаҳли чиққанини ҳам билиб бўлмасди.
— Чиндан, ухлаб…

Дилдоранинг гапи чала қолди. Мавжуда опа унинг таклифини ҳам кутмасдан остона ҳатлаб, ичкарига кирди. Кира солиб уй ичини бирма-бир кўздан кечира бошлади. Энгашиб кўрсатгич бармоғи билан плинтусининг чангини артиб кўрди.
— Бир пайтлар мен бу уйни тилим билан ялардим, — дея ҳар доим айтавериб ёд бўлиб кетган гапларини такрорлади у. – Уйимни озода тутишингизга ишониб, сизни ижарага қўйганман.

Мавжуда опанинг қизиқ одати бор эди. Гапираётганда ёнидаги кишини юзига қарамас, ундан гапига яраша жавоб ҳам кутмас, шанғиллаганча хаёлига келган нарсалар ҳақида тинмай сўзлар, фақат навбат ижара ҳақига келганидагина кўзларини лўқ қилганча тикилиб тураверарди.
— Эртага берсам майлими? ллтимос, яна бир кунгина…
— Инсоф сайин барака, деганлар, Дилдора. Ахир уч ойдан бери тўламаяпсиз-ку.
— Биламан, ҳисоблаб юрибман, — деди Дилдора, ўқитувчиси олдида имтиҳон топшираётган талабадек юрак ҳовучлаб. — Пулим тугаб қолди. Бугун, мана, ишга ҳам боролмадим. Этигимнинг пошнаси тушиб қолиб… — Дилдора шоша-пиша эшик ортида турган этигининг бир пойини кўрсатди. — Кечга яқин бир танишимдан сўраб кўрмоқчиман.
— Ҳа, сўранг танишингиздан. Сўппайиб, қуруқ қўл билан келиб-кетиб юраверадими?

Дилдоранинг юзидан иссиғи чиқиб кетди. «Вой, каламуш-эй, ундан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди-я?»

Мавжуда опа ошхонага ўтиб, дераза тагидаги стулга ўтираркан, газ устида турган қозонга ишора қилиб деди:
— Ёнингизда бир мири йўғ-у, нима қилардингиз унинг учун овқат қилиб.
— Ҳа, энди… — дея чайналди Дилдора. — Йўқдан кўра…
— Ошми?
— Ҳа, сабзи ўрнига карам, гўшт ўрнига бир дона тухум солиб қилдим.

Мавжуда опа илкис-илкис гоҳ ундан, гоҳ бундан савол бериб, қизни гапга тутаркан, зимдан унга синовчан тикиларди. Кўзларида тушуниксиз бир маъно бор эди -ҳайратми, ҳайронликми?
— Ҳа, майли, шунчаси ўтган яна бир кун ўтар, — деди у охирида ўрнидан тураркан. — Билиб қўйинг, бир кундан ортиқ кутолмайман.

Eшик салгина зарда билан тарақлаб ёпилди. Дилдора эркин нафас олди. Бир неча сония йўлак деворига суянганча хаёлга толиб турди-да, сўнг ўзидан икки қадам нарида турган телефон олдига борди. Гўшакни ушлаганча, бирпас иккиланди, кейин таниш номераи тера бошлади.
— Абдуллани чақирворинг, — деди у гўшакни олган кишига. Анчадан кейин у томондан «Абдулла йўқ?» деган жавобни олиб, тепа сочи тикка бўлди. «Аблаҳ. Яна эски ҳунарини бошлади». У ошиғич тарзда эшик ортида турган эски туфлисини қўлига олиб, у ёқ-бу ёғини кўздан кечирди. «Кийса бўлади, — деган қарорга келди. — Қорлар эрий бошлагандир». Йўлак деворига осилган узунчоқ кўзгу олдида туриб, нақ ярим соат пардоз-андоз қилди. Гоҳ узоқдан, гоҳ яқиндан кўзгу олдига келиб, ўзига тикиларкан, шу туришида ҳар қандай эркакни лол қилиб қўйишига ўзида ишонч ҳосил қилди.

* * *

«Қочиб, қаерга бораркан, — деди қиз ичида кимнидир яниб. — Ерни тагидан бўлсаям суғуриб оламан». У эшик олдида бир нафас тўхтаб, плаши чўнтагидаги чақаларни ҳисоблаб кўрди. Трамвайда бориб келишига бемалол етади. Қиз зиналардан эҳтиёткорлик билан тушди. Биринчи қаватда Мавжуда опа яшайди. Унинг кўзига кўринишдан, саволларига жавоб беришдан юраги безиллайди. Уч ойдан буён ижара пулини тўламагани учун еб юборгудек бўлиб юрибди. Уззукун Дилдорани кузатади. Худди у бир кечада кўч-кўронини ортиб, кўчиб кетадигандек, ортидан пойлагани-пойлаган. Уч йилдан буён уйимда турибди. Нега унга ишонмайман, деб ўйлаш хаёлига ҳам келмаса керак. Ҳозир ҳам аллақайси тирқишдан мўралаб, уни кўриб тургандир.

Дилдора бир амаллаб зиналардан тушиб, ҳовлига чиқиб олди-ю, елкасидан тоғ қулагандек енгил тортди. Аммо Мавжуда опанинг чигиртканикидек бир бурда юзи кўз олдидан нари кетмасди. «Бойлик, бахт ҳусн танламас экан, — дея ўйлади у трамвайда кетаётиб. — Омади бор аёлнинг бошига қўнавераркан». У навбатдаги бекатлардан бирида тушиб, югурганча йўлнинг нариги бетига ўтиб олди. Иккала тарафдан ғизиллаб келаётган машиналарнинг «бибиллаб» берган сигналларига парво ҳам қилмади. Шундоққина йўл ёқасидаги тепасига «Сартарошхона» деб ёзилган ойнабанд бинонинг эшигини очиб, ичкарига қадам босиши билан анвойи ҳидлар қўшилмасидан ҳосил бўлган бўғиқ ҳаво димоғига урилиб, нафасини қайтарди. У ҳеч иккиланмай эркаклар бўлмаси томон юрди. Ичкарида калта оқ халат кийиб олган икки йигит икки кишининг сочини тўғрилашаётганди. Учинчи кресло бўш. Демак, у йўқ.
— Абдулла ака бугун ишга келмади, дедим-ку сизга, — деди йигитлардан бири унга қараб.
— Нега келмайди? Ахир бугун иш куни-ю…
— Қизчаси касал экан. Дўхтирга олиб бораман деганди.

Дилдоранинг энсаси қотди. Йигитнинг гапига ишонмаганлигини билдириш учун қошларини чимирди.
— Ҳа, майли, кеч бўлсаям келиб қолар. Кутиб тураман, -деди у ва йўлакка чиқиб, шу ерга қўйилган ўриндиқлардан бирига ўтирди.
— У бугун умуман келмаса керак, — деди ҳалиги йигит овозини сал баландлатиб. Қизиқсиниб Дилдора томон қараётган мижозни бошини тўғирлаб, рўпарасидаги кўзгуга қаратиб қўйди.

Дилдора унинг сўзларини эшитмагандек, бепарво ўтган-кетганни кузатиб ўтирди. «Ҳаммасининг тили бир, — дея ўйлади қиз. — Ҳали трамвайдан тушган заҳотим у ойнадан кўрган-у, жуфтакни ростлаган». У йўлакдаги ўриндиқда уч соатдан кўпроқ ўтирди. Бироқ Абдулладан ҳамон дарак йўқ. Биринчи смена тугаб, иккинчи смена бошланди. Ҳалиги сартарош йигит ҳам халатини ечиб, кийимларини алмаштира бошлади. Дилдора унинг кетиш тараддудини кўрайОтганини сезиб, ўрнидан турди.
— Илтимос, унга айтиб қўйинг. Бугун кечқурун уйимга ўтсин. Агар яна қочиб юрадиган бўлса, уйига бориб, шармандасини чиқараман, — деди у қатъий қилиб.

Йигит индамади. На «хўп» деди, на «йўқ». «Хўп», деса Абдулла билан тили бирлигини сездириб қўяди. «Йўқ», дейишга Дилдорадан ҳайиқди. Икки йилдан буён Абдулла билан жиқиллашиб юрганидан хабардор. Бир неча марта Дилдоранинг шаллақилик қилиб, Абдуллани юмма талаганини ҳам кўриб қолганди. Шу боис миқ этмади.

Дилдора ташқарига чиқиб, трамвай бекати томон йўл олди. Унинг ранг-қути ўчган, ич-ичидан ғалати бир титроқ турганди. «Аблаҳ, -деди у ҳар галгидек бутун ғазабию нафратини шу сўзга жамлаб. -Eнди бунақасини ўйлаб топибди-да. Агар озгинагина, жуда кам бўлсаям маблағим боиганида ҳеч қачон унинг ортидан қидириб юрмасдим». Бешинчи курсда ўқиб юрганида сочини кестириш учун шу сартарошхонага келиб, аёллар бўлмаси томондаги ёиакда навбат кутиб турганида Абдулла билан танишиб қолганди. Ўшанда у қизни навбатсиз ичкарига олиб кириб, таниш сартарош аёлдан қизнинг сочини чиройли қилиб, энг сўнгги модада кесиб қўйишини илтимос қилганди. Кейинги сафар, орадан икки ой ўтиб, у яна шу сартарошхонага келганида тағин шу йигитга йўлиқди. Кейинги учрашув институтда юз берди. Бу гал Абдулла уни йўқлаб борганди. Кейин эса… улар жуда қалинлашиб кетди. Абдулла чиройли йигит эди. Қадди-қомати келишган, қош-кўзлари қоп-қора, юзи худди тарашланган тошдек силлиқ. Дилдора бу кўркам йигитга қандай қилиб ихтиёрини бериб қўйганини сезмай қолди. У икки йил ҳеч нарсани ўйламай Абдулла билан учрашиб юраверди. Биринчи бўлиб Абдулла «ўйин»ни бузмаганида ҳаёти ҳалига довур илгаридек давом этаверган бўлармиди. Афсуски, Абдулла бирдан ўзгариб қолди. Уни-буни баҳона қилиб учрашувлардан бош торта бошлади. Ҳар замонда бир кўришган вақтларида ҳам ўй суришдан нарига ўтмасди. Кейинчалик умуман йўқламай қўйди. У йигитнинг хотини, биттами-иккитами (аниғини билмасди) боласи борлигини биларди. Азбаройи уни яхши кўргани учун бу масала қизни кўп ҳам қийнамасди. Тўғри, Абдулла уйига кетган вақтлари рашк ўти юрагини куйдирган онлар ҳам бўлганди. Бироқ у кўнглини кенг қилишга ҳаракат қилар, мени деб болаларидан воз кечишини истамайман, дея ўзини ўзи ишонтирмоқчи бўларди. Бунга эришарди ҳам. Эр-хотинлик муносабатлари янги бошланган пайтларда Абдулла: «Уёлиббераман, никоҳимгаоламан», деб кўп ваъдаларберганди. Муносабатлари қалинлашиб боргани сайин у йигитнинг чўнтагида ортиқча ҳемириси йўқлигини билиб олганди. Аммо негадир ғаши келмаганди. Аксинча, беш-ўн сўм орттирган вақтлари билдирмай АбдуУанинг чўнтагига солиб қўярди. Нарх-наво кўтарилиб, унинг аҳволи танг бўлавергани сайин, Абдулла ҳам оиганни устига тепган қилиб, алоқасини узишга ҳаракат қилиб қолди. Устма-уст телефон қилавериб, безорини чиқазган чоғлардагина истар-истамай қизникига келар, юз-кўзидан, гап-сўзларидан уни кўришга зор эмаслиги шундоққина сезилиб турарди. Ана шундан кейингина Дилдоранинг бурнига сув кирди.
— ле, бу қанақаси бўлди? — дея қичқирди у кутилмаганда. — Ҳаётимни барбод қилиб, қочиб қолмоқчимисиз? Уй олиб бераман, дегандингиз? Никоҳимга оламан, дегандингиз? Қани ўша ваъдалар? Қани?

Унинг жазаваси тутган, кўзларидан ўт чақнар, бутун вужуди иситма тутгандек титрарди. Абдулла миқ этмасди. Ерга қараган кўйи, оғир-оғир хўрсиниб ўтираверарди. Кейинчалик, муносабатлари сал илиқлашган пайтлари у гап орасида болалари кўпайганини, хотини пул топмаяпсан деб жанжал қилаётганини қистириб ўтарди. Дилдоранинг унга раҳми келди. Ўзича АбдуУанинг ғарибгина уйини, юпунгина кийинган хотини-ю, болаларини кўз олдига келтириб кўнгли бўшади, йиғлагиси келарди.
— Ҳаммасига чидайман, — дея у пичирлаганди ўшанда Абдуллани қучоқлаб. — Ҳаммасига чидайман. Фақат мени ташлаб кетмасликка сўз беринг.

Абдулла овоз чиқариб бир нарса демади. Кўзларини юмган кўйи, бош ирғади, холос. Ҳақиқатан ҳам Дилдорага ҳеч нарса керак эмасди. Абдулла ёнида бўлса бас! Аммо йигит шуни ҳам эпламади. Борган сайин узоқлашиб кетаверди. Охирида қочиб қолиш пайига тушди. Дилдора уч ойдан буён уни тутолмай гаранг.

Трамвай келиб қолиб, қизнинг хаёли бўлинди. У туртиниб-суртиниб трамвайга чиқиб олди. Бўш ўриндиқлардан бирига ўтирди. Унинг рўпарасидаги ўриндиқда қорачадан келган йигит ўтирарди. Дилдорага кўзи тушган ҳамон эски танишлардек бош ирғаб салом берди. Дилдора юзини ўгириб, ойна томонга қараб олди. Кета-кетгунча йигит ундан кўз узмади. Дилдора трамвайдан тушганида йигит ҳам тушиб, изма-из келаверди. Қрз уни ўғри гумон қилиб, юрагини ваҳм босди. Қадамини тезлатди. Таниш уй олдига келиб, ортига ўгирилганда беш-олти қадам нарида турган йигитни кўриб дод деворишига сал қолди. Сумкасини бағрига босганча, югуриб зиналардан тепага кўтарилди. Қўрққанидан аъзойи-бадани қалтирарди. Титроқ қўУари билан эшикни очаркан, пастдан эркак кишининг оғир-оғир қадам товушини эшитиб, баттар юраги ёрилди. Уйга кириб, титроғи босилгач, секин «глазок»дан қаради. Ҳеч кирн йўқ. «Ўғри изимга тушди, уйимни кўриб олди. Энди мени тинч қўймайди», — деган хаёл миясини бурғулай бошлади. У ошхонага ўтиб стол устидаги чойнакдан чой қуйиб ичди. Юраги ҳамон кузги япроқдай титраб турарди. «Шуниси етмай турувди, — дея ўйлай бошлади у. — Ҳали уй эгасига нима дейман?» Ҳалиги қўрқув устига ижара пули ваҳимаси қўшилиб қизнинг юрагини эзди. У ўзининг ночор аҳволда қолганидан хўрлиги келиб, йиғлаб юборди. Ўксиб-ўксиб узоқ йиғлади. «Eнди мен керак бўлмай қолдимми? Жанжал қилавериб, сени уйдан бездирган ёмон хотининг энди яхши бўлиб қолдими? -Дилдора қаршисида Абдулла тургандай йиғи аралаш кўнглидагини тўкиб сола бошлади. — Энди нима қиламан? Қандай яшайман? Ота-онамга нима дейман? Мавжуда опани қандай қилиб тинчитаман?»

* * *

Шу оқшони у юрак ҳовучлаб тонг оттирди. Мавжуда опа кечқурун негадир чиқмади. Уйига меҳмон келиб қолганми? Эри аллақайси идоранинг бошлиғи деб эшитганди. Тез-тез уйларига меҳмон келиб туради. Дилдора уч йил бадалида Мавжуда опанинг эрини уч ёки тўрт марта кўрдиёв. Қачон қарамасин, ишда бўлади. Аммо-лекин хотинини, болаларини таъминлаб қўйган. Қўша-қўша уйлари, машиналари бор. У курсдош дугонаси орқали шу уйни ижарага олганди. Дугонаси Мавжуда опанинг жияни бўлади. У аллақачон эрга тегиб, бола-чақали бўлиб кетди. Ижара ҳақини тўлаш ва муддати ўтиб кетган вақтларда Мавжуда опа йўлини пойлайвериб безор қилар, бўлар-бўлмас, заҳар-заққум гапларни гапириб таъбини тирриқ қилар, аммо бирон марта уйдан чиқиб кет, деб дўқ урмасди. Балки ўша жиянининг юзини қилар, балки шу йўсин одамгарчилик қилаяпман деб ўйлар, бу ёғи Дилдорага номаълум.

Eрталаб музлатгични (унинг бирдан-бирбойлиги) очиб кўриб, нонуштага арзигулик ҳеч вақо йўқлигини кўриб, таъби хира бўлди. Бир муддат музлатгичга тикилиб хаёл суриб турди. Сўнг бир қарорга келди шекилли, апил-тапил кийина бошлади. «Бугун дам олиш куни, — деб ўйлади қиз. — Уйига бостириб бораман…» У ҳам меҳмонхона, ҳам ётоқхона вазифасини ўтовчи (бир хонали уй бўлса!) каттагина хонага кириб, каравоти тагидан оғиргина чамадонини тортиб чиқарди. Кийилавериб анча униққан кийимлари орасидан салафанга ўралган бир жуфт сочиқни олди. Ўтган йили онаси берган эди. Ишлатишга кўзи қиймай, чамадонига солиб қўйганди. Ўша сочиқларни Мавжуда опага кўрсатиш учун қоитиғига қисиб, уйдан чиқди.
— Мана буларни сотмоқчи эдим. Балки оларсиз… — деди у минг истиҳола билан.

Мавжуда опа салафанни очиб, сочиқларни ёйиб кўрди.
— Алмисоқдан қолганми, нима бало?
— Йўғ-э, ўтган йили онам берганди. Асраб юрувдим…
— Қанча берай?
— Билмадим… ўзингиз биласиз…

Мавжуда опа ичкарига кириб кетди. Бир оздан сўнг қоиида пул билан қайтиб чиқди.
— Рози бўлинг, — деди у хушламайгина.

Дилдора пулни санаб ҳам кўрмади. Чопқиллаб ҳовлига чиқиб кетди. Мавжуда опа унинг ортидан узоқ тикилиб қолди. Ҳар доим қаҳр билан беписанд боқувчи кўзларида шафқат туйғуси уйғонгандекеди…

Eшикни ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги аёл очди. У оқ-сариқдан келган, истараси иссиқ эди. Кийиниши ҳам ёмонмас, ҳар қалай Дилдора ўйлаганчалик юпун эмасди. Аёл Абдулланинг хотини эканлигини у дарров фаҳмлади.
— Келинг, — деди аёл ҳайрон бўлиб, унга бошдан-оёқ тикилганча.
— Абдулла… ака… уйдами? — дея олди Дилдора базўр. Негадир саросималанаётганди. Бояги ботирлиги қаёққа йўқолди?
— Ҳа, уйда, келинг. Ичкарига киринг, — аёл уни эрининг мижозларидан деб ўйлади шекилли, мулозамат қила бошлади. — Остонада турмай, уйга киринг. Ҳозир чиқиб қоладилар?

Дилдора таваккал қилиб, ичкарига қадам босди. Шу пайт ванна томондан «Ким келди, Мавлуда?» деган таниш овоз эшитилди. Зум ўтмай елкасига сочиқ ташлаб олган майкачан Абдулла пайдо бўлди. Остонада турган Дилдорага кўзи тушган заҳоти тошдек қотиб қолди.
— Дадаси, сизни сўраб келдилар, — деди Мавлуда гоҳ эрига, гоҳ Дилдорага қараб қўяркан.
— Мен уйда соч олмайман, — деди Абдулла дарҳол ўзини ўнглаб. Дилдора тушунсин деб овозига сирли тус берди. Аммо Дилдора унга парво қилмади. Қариндошининг уйига келгандек бафуржа оёқ кийимини ечиб, йўлакнинг чап тарафида эшиги ланг очиқ меҳмонхонага кириб, уй ичини кузата бошлади.
— Кимсиз ўзи? Уйимизга нега келдингиз? — деди Мавлуда унинг ортидан изма-из юраркан. Кутилмаган ташриф уни довдиратиб қўйганди.
— Ўҳ-ҳў, — Дилдора аёлнинг саволларини эшитмагандек унга қиё ҳам боқмади. — Хотиним уйимда қоига илингулик нарса йўқ деб жанжал қилади, дегандингиз. Мана булар нима? Рангли телевизор, диван-кресло, немис гиламлари…
— Бас қилинг, — дея қичқирди Абдулла. — Эшик очиқ, чиқиб кетинг?
— Нега чиқиб кетарканман? — деди Дилдора бамайлихотир. -Бу уй менинг ҳам уйим.
— Абдулла ака, у нима деяпти? — Кўзлари ёшга тўлган Мавлуда эри томон юзланди. Абдулла унга жавоб бермади, бироқ кўзларини олиб қочди. Дилдора тўла ғалабага эришгандек эр-хотинга ғолибона қараб турарди.
— Мен уни танимайман, — деди ўзига келган Абдулла. У энди ўзини тутиб олган, юз-кўзларида кинояли табассум ўйнарди. -Ҳозир шунақа аёллар чиққан деб эшитгандим. Тинч ўтирган оилаларга бориб, мен эрингни ўйнашиман деб туриб олишаркан. Балога қолган эр ҳалигини тинчитиш учун пул билан оғзига ураркан.

Дилдоранинг устидан бир челак совуқ сув қуйиб юборишгандек, бутун вужуди музлаб кетди. Томиииарида қон юриш-маётгандек, оёқ-қўллари жимирлаб, увишаётгандек туюлиб, ўзини ташлаб юборишига сал қолди.
— Вой ярамас, ҳали шундай қилиб нон топиб еб юрибман, де. Ота-онанг биладими? — дея бобиллай кетди Мавлуда эшимчага қўшимча бўлиб. — Уйингда… жимгина ўтирганингда тенгингни топиб кетардинг-ку …

Дилдора чидаб туролмади. Ҳамон қўлтиғида қисиб турган сумкасини Мавлуда томон улоқтирди.
— Ифлос, аблаҳ, бунчаликка борасан деб ўйламагандим, — дея изиллаб йиғлади Дилдора ва эшик томон йўналаётган эди, юзи шилинган Мавлуда ёиини тўсди.
— Жавобини олиб кетмайсанми? — деди-ю, Дилдорага ташланди.

Қий-чув, тўполон бошланди. Бири бирини юлган, бири бирининг сочига чанг солган. Бақиришган, дод-вой қилишган… Абдулла базўр уларни ажратди.
— Мавлуда, йўқол, кўзимга кўринма, — дея аввал у хотинига бақирди. Сўнг Дилдорага юзланиб деди: — Мана, ўйлаган ниятингизга етдингиз. Энди жавоб!
— Бу уй, бу эр меники, иккинчи қадамингни босма, — деб бақирди Мавлуда унинг ортидан.

Дилдора ит қувган гадойдек абгор ҳолда уйдан чиқаркан, бор кучини, бор нафратини тўплаб, шундай деди:
— Ҳали кўрамиз, кимники бўлишини…

Бир оздан сўнг эшик қарсиллаб ёпилди.

Сочлари тўзғиган, юзлари тилинган, ёқавайрон қиз кимсасиз кўчада қаёққа юришини, нима қилишини билмай анча вақт туриб қолди. Қалби ҳувиллаб, ўзини ёлғиз ҳис этди. Шу пайтгача у Абдулла мени севади деб ўйларди. Шу умид, шу ишонч унинг дардига малҳам, кўнглига қувонч бағишларди. Тақдир уни шугина бахтдан ҳам бенасиб этди. Ёлғиз қандай яшайди?

Қиз оғир хўрсиниб, ҳалигина келган йўли бўйлаб, бекат томон бир-бир босиб юриб кетди. Кун кеч бўлиб қолган, йўллар музлаб, изғиринли шамол эсарди. Автобуслар тирбанд. Бир бекатда тўхташса, наригисидан ғизиллаб ўтиб кетарди. Бекатда туравериб, совуқжонидан ўтиб кетди. Плаш чўнтакларига қўлини солаётиб бирдан ёнида сумкаси йўқлигини билиб қолди. Юраги шув этди. Сочиқнинг пули сумкада эди…

* * *

Кеча кечқурун базўр етиб келган қиз эртасига тонг азонда бардам уйғонди. Балконга чиқиб, ойнадан ёришиб келаётган тонгни кузатди. Кечаги воқеалар эсидан чиқмай, кўнглига соя ташлаб турган бўлса-да, тиниқиб ухлаганиданми, руҳи анча тетик эди.

Кейин музлатгичда борини дастурхонга қўйиб, нонушта қилди. У ўзини ўзи қувноқ кўрсатишга, кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилди. Ахир, яна ярим соатдан кейин ишга бориш керак. Кечаги кайфияти билан ишлаб бўлмайди. «Сумкани қолиб кетгани ёмон бўлди-да, — дея ўйлади у. — Шуни баҳона қилиб ортимдан чиқса бўларди. Яхшиям майда пулларни чўнтагимга солиб қўйган эканман. Бўлмаса ҳолимга маймунлар йиғларди».

Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглаб, унинг хаёли бўлинди. Ким экан? Қизнинг юраги тез-тез уриб кетди. Абдулламикин? Сумкани баҳона қилиб… Ё Мавлуда опами?.. Эшик олдига боргунча минг хил хаёл бошидан ўтди. Одатдагидек «глазок»дан қаради. Қандайдир эркак киши орқа ўгириб турарди. Дилдора иккилана-иккилана охири эшикни очди.
— Салом, — деди эшик олдида турган йигит ва остонада ҳуши бошидан учиб, қотиб қолган қизга кулимсираб қаради. – Мени танимадингиз-а?

Қиз зўрға бош ирғади.
— Трамвайда учрашгандик, эсингиздами?

Дилдора яна бош ирғади. Унинг тили танглайига ёпишиб қолгандек, ҳеч айланмасди. Йигитнинг юзидаги табассум бирдан йўқолиб, ўрнини жиддийлик эгаллади.
— Бостириб келганим учун… узр. Бошқа… ҳеч иложини қилолмадим, — деди у тутилиб-тутилиб. Бояги ўктамлиги йўқолиб, ўзини ноқулай сезаётганди.
— Мен ишга боришим керак, кечирасиз, — деди ниҳоят ўзига келган Дилдора ва эшикни ёпиб олди. Ҳаяжонланганиданми ё қўрққаниданми, бутун вужуди дир-дир титрарди. У деворга беҳол суянди. Бу қанақаси бўлди? Ким ўзи у? Нега келади? Боши қотган қиз икки ўт орасида қолганди. У секин бориб, яна «глазок»дан қаради. Ҳалиги йигит ҳамон эшик ортида турар, «глазок»дан кўз узмасди. У ўттиз беш-ўттиз олтиларга борган, баланд бўйли, кенг елкали, сочлари қалин ва маллага мойил эди. Ёноқ суяклари туртиб чиқиб, юзини кенг, бесўнақай кўрсатар, аммо қош-кўзининг қоралиги, бурнининг бежиримлиги унинг бу қусурини ёпиб кетарди. Лаблари устидаги кичкина мўйлови ҳам ўзига ярашган эди. Аммо кўзлари аллақандай эҳтиросли изтироб билан боқарди. Юзидаги жиддийлик уни хотиржамдек кўрсатса-да, кўзларидаги дардли ифода сирини фош қилиб қўйган эди. Қалин лабларида акс этган нимтабассум унинг ҳолатига, турқи тароватига ҳеч ҳам мос тушмаган эди.

Дилдора йўлакдаги кўзгу олдига келиб, бесаранжом, нигоҳи сал хотиржам ҳолатга келгунча тикилиб турди. «Eшикни очишга мажбурман, -дея пичирлади лаблари. — Ишга бориш керак…» Бир оздан сўнг у ўктам аёл қиёфасига кирди. Ва шаҳд билан эшикни очиб, шитоб билан йигитнинг ёнидан ўтиб кетди. Довдираб қолган йигит шошиб қизнинг ортидан эргашди.
— Сизга икки оғиз… гап… гапим бор эди, — деди у қизга етиб олиб, ёнма-ён шитоб билан кетаркан.
— Сиз билан ҳам, бошқалар билан ҳам гаплашишни истамайман, — деди қиз, унинг юзига қайрилиб ҳам қарамасдан.
— Бир киши ишончингизни оқламаса, бошқалар ҳам айбдор бўладими?

Йигит билиб айтдими, билмай айтдими, қизнинг жон еридан тутган эди. Дилдора таққа юришдан тўхтаб, йигитга синчковлик билан тикилди. Унинг кўзларидаги изтироб юзига кўчган, лаблари, бутун вужуди титраётгандек, бироқ йигит зўр бериб бу титроқни сездирмасликка тиришаётгандек туюлди Дилдорага.
— Ваҳоланки, сиз кўп нарсадан хабардор экансиз, шуни ҳам алоҳида билиб қўйишингизни истардимки… — Йигит унинг узундан-узун жумлаларини эътибор билан тинглаётганини кўриб, қиз шарақлаб кулиб юборди. Кула-кула, охири гапининг давомини айтди: — Мен жуда қиммат тураман.

Қиз шарақлаб кулганида йигит унга ҳайрат билан тикилиб қолганди. У гапини тугатганда ва шарақлаб кулиб юборганида чўчиб тушди. Қиз жиддий айтяптими ё ҳазиллашдими, фарқига бориб ўтирмади. Бурилиб, кетишга чоғланаётган қизнинг йўлини тўсди.
— Тиллами, жавоҳирми, нимани хоҳлайсан? Тилагингни айт, — деди у овози титраб. Ва бирдан сенсирашга ўтганини ўзи ҳам сезмай қолди. — Фақат мени ҳайдаб солма!

Дилдора нима дейишини билмай, гарангсиб қолди. Сўнг ўта жиддий оҳангда деди:
— Мен ишга боришим керак. Кечикяпман…
— Шест секунд, — деди йигит кулимсираб, кўрсатгич бармоғини лабига босди. Ва тез-тез юриб катта йўлга чиқди. У ёқ-бу ёққа ғизиллаб ўтаётган таксилардан бирини тўхтатиб, қизнинг ёнига келди.
— Кетдик!

Дилдора бир зум иккиланди. Вақт зиқ эди. Кўп ўйлаб ўтирмади. Таваккал қилиб, йигитга эргашди…

Ўшандан буён йигит келиб, эшик олдида уни кутиб турар, ишга кузатиб қўяр, кечки соат 5—6 ларда уйга олиб келиб қўяр, эшик олдида хайрлашиб кетарди. Дилдора унинг исми Пўлат эканлигини биларди, холос. «Қанақа одам у?» — деган савол қизни ўйлантирар, юрак ютиб сўрашга эса ботинолмасди. Бир неча куннинг ўзидаёқ у йигитга анча ўрганиб қолганди. Бироқ аччиқ тажриба кўнглини қаттиқ қилиб қўйган, йигит олдида сира сир берай демасди.

Бир куни эрталаб Мавжуда опа шанғиллаганча ижара ҳақини сўраб чиқди.
— Яна озгина сабр қилинг, илтимос, — деди Дилдора астагина. Чунки Пўлат келиб уни олиб кетадиган вақт бўлиб қолганди. Мавжуда опа атай қилгандек сира паст тушай демасди.
— Ёмонга салом бериб, товонга қоласан деганлари шу-да, — дея дийдиё қилди у. — Тўрт ойдан буён сабр қилиб юрган мен аҳмоқман ўзи. Ҳе, яхшиликни билмаган…

Мавжуда опа қарғай-қарғай зиналардан тушиб кетаётиб, бирдан Пўлат билан тўқнаш келди. Ҳали келаётиб, унинг овозини эшитган Пўлат тўртинчи қаватдан туриб, бор гапни билиб олганди. Опа учинчи қаватга тушгунча кутиб турди-да, сўнг ҳамон остонада тошдек қотиб қолган Дилдорага «ҳозир келаман» дегандек ишора қилиб, пастга тушиб кетди.
— Бўлди, у энди сизни безовта қилмайди, — деди бир оздан сўнг қайтиб чиқиб.

Дилдора унинг кўнгли учун жилмайди. Қалбини аввалгидан ҳам оғирроқ, залварли бир юк эзаётган, юрагини ғижимлаётган эди. Унинг мижжаларига ёш қалқиди. Бирдақиқагина йигит олдида ўктамлиги, совуққонлиги йўқолиб, асл қиёфасига қайтгандек бўлди. Бир лаҳзагина, холос… Кейин яна аввалги ҳолатига қайтди. У ҳеч нарсани ўйламасликка, эсламасликка қарор қилди. Туну кун қайғу-ҳасратда яшагандан кўра шўр қисматни афзал билди. У Полат билан ёнма-ён кетаркан, алланималар ҳақида тинмай гапирар, кулар, баъзида арзимас майда-чуйдалар ҳақида ғам-ғуссага ботиб сўзларкан, ич-ичидан ҳақиқий андуҳи, қалб тўрида унсиз фарёд чекаётганини ҳис этиб турарди. Аёл кишининг ўз софлигини сақлаб қолиши энг мураккаб иш эканлигини қайта-қайта эътироф этарди… Одатдагидек кечки маҳал Пўлат билан ишдан қайтаркан, уй эшиги олдида Абдулла кутиб турганини кўриб, юраги орқасига тортиб кетди. Абдулланинг қўлидаги селофан сеткада нимадир бор эди. Дилдора унинг тунов куни уйида қолиб кетган сумкасини олиб келганини ички бир туйғу билан сезди. Плаш этакларини шилдиратганча унинг ёнидан бееътибор ўтиб кетди. Бамайлихотир чўнтагидан уй калитини олиб, қулфни бурай бошлади. Пўлат билан Абдулла еб юборгудек бўлиб бир-бирига сўзсиз тикилиб қолишганди. Вазиятдан чиқиш учун қиз овозига қувноқ тус бериб, деди:
— Пўлат ака, уйга… Вой худойим-эй, бўла қолинг…

Бунақа таклифни кутмаган Пўлатнинг юраги ширин орзиқди.

Бир зум иккиланса Дилдора эшикни ёпиб қўядигандек шошилиб ичкарига қадам қўйди. Абдулла ундан кўз узмасди. Пўлат ечиниб, меҳмонхонага ўтгунча қиз кутиб турди. Сўнг эшикни ёпиш баҳонасида ташқарига чиқди. Ҳамон бир қарорга келолмай, эшик ортида турган йигитнинг қўлидан сеткани юлиб олиб, илондай вишиллади:
— Бу ерда энди қорангизни кўрмай!
— Ўйлаб иш қил, Дилдора, — деяжонҳолатда эшик тутқичига ёпишди Абдулла. — Менга ҳам осон тутма. Бир қарорга келолмаяпман.
— Мен бир қарорга келиб бўлдим, — деди Дилдора қатъий қилиб… Ва куч билан эшикни тортиб, ёпиб олди. Бир оздан сўнг қаҳва дамлаб, меҳмонхонага олиб кирди. Пўлат эшикка термилиб ўтирган эди. Қизни кўриши билан нигоҳини олиб қочди. Дилдора қаҳва қуйиб узатганида ҳам юзига қарамади. Ўртага ноқулайжимлик тушди. Йигитнинг юраги ўртанди. Негадир ўз-ўзидан жаҳли чиқиб кетаётганди. Қаҳвани отиб юборгиси келди унинг. Аммо истиҳола зўр келиб ўзини босди. Бироқ юзи гезариб кетаётганди. Дилдорага қараб, кулмоқчи бўлди, лекин қаттиқ қимтилган лаблари тушуниксиз ва ўринсиз табассумдан қийшайиб қолди. Қиз ҳеч нарсадан бехабардек, бафуржа ўтирарди. Қаҳва ҳўплаётиб, йигит уни зимдан кузатаётганини сезиб қолди. Ўзича кулимсиради. Ниманидир яширмоқчи бўлгандай кулимсиради, бироқ уддасидан чиқолмади.
— Истасангиз кетишингиз мумкин, — деди у бирдан йигитга тик қараб. Унинг юзида мамнунлик, кўзларида кибр акс этарди. – Ҳозир нимани ўйлаётган бўлсангиз, ҳаммаси тўғри. Айтмасангиз ҳам юз-кўзларингиздан билиниб турибди ва… ва мен бунга чидаб туролмайман. Кетинг!..

Қиз иситма тутгандай титрарди, қаттиқ ҳаяжонга тушганлигини билдирмаслик ва йиқилиб тушмаслик учун стол қиррасига маҳкам ёпишиб олди. Бутун кучини, имкониятини тўплаб, йигитдан жавоб кутарди, баайни ўлимга маҳкум этилган одам ҳукм ўқилишини кутгандай…

Пўлат индамай ўрнидан турди. Унинг чеҳрасига ифода қилиб бўлмас бир изтироб соя солган, кўзлари маъюс ва ғамгин боқарди. У эс-ҳушини йўқотгандай гандираклаганича столни айланиб ўтиб, Дилдоранинг қаршисига келди. Келаётиб бўш турган стулга қоқилиб кетди. Юраги қинидан чиққудек потирлаб урарди…
— Сизда гуноҳ йўқ, — деди у аллақандай ҳазин товушда. — Ҳаммасига мен айбдорман. Мен…

Қизнинг юзидан қон қочиб, ҳаддан ташқари оқариб кетди. Пўлатнинг сўзлари олисдан, жуда-жуда олисдан эшитилаётгандек эди…

* * *

— Менинг тақдирим сеникидан ҳам чигал ва маънисиз, — дея гап бошлади Пўлат. Тун ярмидан оққан, улар ҳамон ўша стол атрофида ўтиришарди. — Йигирма ёшимда отам аммамнинг қизига уйлантириб қўйди. Ҳамма кўргулик шундан кейин бошланди. Хотинимга кўнглим йўқ эди. У меҳнаткаш, камсуқум, тортинчоқ қиз эди. Худди ота-онамнинг кўнглидагидек! Эртадан-кечгача ҳовлида ивирсиб юрарди. Онам унга кўп иш буюрарди. «Келинлигимдан то ҳозиргача «қўлим косов, сочим супурги» бўлиб келдим. Келин олдимми, энди қўлимни совуқ сувга ҳам урмайман», деб кўп такрорларди. Пайт пойлаб туриб, хотинимни уйга имласам, у уялиб кетарди. Ўзини олиб қочарди. Кечаси ҳаммаёқни саранжомлаб уйга кирарди ва ўша ернинг ўзида халатини ечиб, шартиллатиб чангини бир-икки қоқарди-да, яна эгнига илиб оларди… Хуллас, уйдан қочиб кетдим. Отам излаб келиб, топиб олди. Уйга қайт, деди. Урди. Сўкди. «Оқ қиламан», деди. Кўнмадим. Ҳаёт ҳақида менинг ҳам ўз ўйим, ўз фикрим бор эди. Бироқ ҳеч кирн мен билан ҳисобp style=»text-align: justify;»лашмасди… Яхши кўрган қизим бор эди. Лекин у онамга ёқмади. «У бизга ҳақ бермайди, — дерди онам ҳар доим. — Бизга оёқ-қўли чаққон, меҳнатдан тап тортмайдиган келин керак».

Отам учинчи марта келганида умидини узиб қайтди. Бу ерда озми-кўпми танишлар орттирдим. Икки марта қамалиб чиқдим. Қисқа муддатга…

Шу ерга келганда қизнинг кўзлари чақчайиб кетди. Ўзини босиб туролмади.
— Нега? Нега қамашди? — деди у ранг-қути ўчиб.
— Сўрама ҳеч нарсани, сўрайверсанг алдай бошлайман. Одатим шунақа, — деди йигит. У оғир юкдан халос бўлгандек енгил тортиб қолганди. Кайфияти кўтарилиб, қизга тегишди: —Манави каравотга иккимиз сиғамизми?

Дилдора қип-қизариб кетди…

Улар бирга яшай бошладилар. Поиат рўзғоминг кундалик ташвишларини ўз бўйнига олди, бутлади. Мавжуда опага ҳам олдиндан бир неча ойлик ижара ҳақини бериб қўйди. Йигит бу каби муаммоларни ўз ихтиёри билан ҳал этар, Дилдорани аралаштирмасди. У жуда бахтли эди. Ўзини чексиз бахтиёр деб ҳис қиларди. Бўш қолди дегунча, бутун вужуди нигоҳга айланиб, Дилдорага тикилар, ундан кўзларини узолмасди. «Гўзал, у жудаям гўзал», — деб тинмай ичида такрорларди. Сиртдан қараганда, Дилдора ҳам бахтиёр эди. Аммо кўнглидаги бир тугун ёнига иккинчиси қўшилганди. «Нега у қамалган? Бунча пулни қаердан оляпти?» деган саволлар хаёлида тинимсиз чарх уриб, тинчлик бермасди.

Бир куни у ишдан келаётиб, йўл устида Абдуллани учратди.
— Сизникига келаётгандим, — деди у. Силлиқ юзида аллақандай безовталик сезилар, нимадандир саросималаниб турарди. Қўлида қоғозга ўроғлиқ шиша бор эди.

Дилдора уни кўрмасликка олиб, ўтиб кетмоқчи эди. Аммо йигит илдамлик билан йўлини тўсиб, ялинчоқ товушда деди:
— Дилдора, гаплашиб олайлик, азизим…

Дилдора унинг бесаранжом юзига тикилиб туриб, киноя билан деди:
— «Азизим», десам эриб кетади, деяпсизми? Бир вақтлар, эсим оғиб юрганда «Белий аист»ни яхши кўраман, деганим эсингизга тушиб қолдими? Яна аввалгидек апоқ-чапоқ боиамиз деган ниятда келдингизми?

Абдулланинг ҳуши бошидан учиб, довдираб қолди. Қўлидаги шишани қаёққа қўйишини, нима қилишини билмай, гарангсиб турди-да, беихтиёрён тарафдаги ариқчага улоқтирди. Дилдора уни беписанд нигоҳ билан бошдан-оёқ кузатаркан, яна оғиз жуфтлаган эди, Абдулла чидаб туролмади.
— Ҳа, мен аблаҳман, — деди у қичқириб. Унинг юзи қумдек ўчган, лаблари лабларига қўшилиб, бутун вужуди титрар эди. — Аблаҳлик қилдим. Лекин ҳали бир қарорга келганим йўқ-ку.
— Сиз бир қарорга келгунингизча, хотинингиз қаҳрамон она бўлади, шекилли, — дея узиб олди Дилдора. У жиддийлашган, хомуш ва паришон бўлиб қолганди.

Абдулланинг юзига қизиллик югуриб, кўзларини олиб қочди.
— Уни тинч қўйинг, аралаштирманг, — деди у ўзини тутиб олиб. — Мен сиз билан гаплашмоқчи эдим.
— Нимани гаплашмоқчи эдингиз, гапиринг, — Дилдоранинг юзига кинояли табассум ёйилди. У шу туришида Абдуллани эрмак қилиб чарчамайдиганга ўхшарди.
— Жуда ўзгариб кетибсиз, афсус, — деди Абдулла ҳафсаласи пир бўлиб.

Дилдора шу гапни кутиб тургандай, бирдан портлади:
— Сиз ҳеч қачон мендан кечолмайди, деб ўйлагансиз. Шундайми? Унга ҳеч нарса керак эмас, у ҳеч нарсани ўйламайди, деган хаёлда юргансиз. Шундайми, жавоб беринг, — деди жазавага тушиб Дилдора. — Фаришта деб ўйлагансиз. Аслида кимлигимни билмагансиз. Сиз ҳеч нарсасиз яшай олишингиз мумкин. Аммо аёлсиз яшай олмайсиз. Мен эрсиз яшашим мумкин, лекин ҳеч нарсасиз яшай олмайман. Кейин… яна мен жуда ҳам қасдкаш ва кекчиман. Шуни ҳам билиб қўйинг. Бировнинг ёмонлигини бир умр эслаб юраман. Яхшиси, мендан нарироқ юринг. Хотинингизни олдида айтган гапларингиз ҳали қулоғимдан кетгани йўқ.

Абдулла шамдек қотиб қолди. У адойи тамом бўлганди.
— Яна шуни ҳам билиб қўйингки, сиз мен учун ягона эркак эмассиз! Дарахтни силкитсам, эркак ёғилади, — деди Дилдора ва йигитга кибр ва мазах билан бир неча сония тикилиб турди-да, уйи томон тез-тез юриб кетди.

Абдулла унинг ортидан тикилиб қолди ва алам билан тишини ғижирлатди…
— Дилдора, сен билан бир нарсани маслаҳатлашмоқчи эдим, — деди Пўлат бир куни. У одатдагидан кўра безовтароқ кўринди Дилдорага. — Менинг уйимга кўчиб ўтсанг…

Дилдора ялт этиб, йигитга қаради. Унинг нигоҳида биролам ҳайрат, бир олам қувонч бор эди.
— Наҳотки… уйингиз борми? Нега аввалроқ айтмадингиз?
— Кўчиб ўт, дебми?
— Йўқ. Уйингиз борлиги ҳақида нега аввалроқ гапирмагандингиз? Ахир, бу…
— Бахт, демоқчимисан? — Пўлат кулимсиради. У ўйчан боқарди. — Бошида, шу уйни олмасимдан бурун, эҳ-ҳе, нималарни ўйламаганман? Нималарни орзу қилмаганман? Уй олсам унақа, уй олсам бунақа деган ўй хаёлимдан нари кетмасди. Охири шу даражага бориб етдики, уй олган куним ўлиб қолсам керак деб ўйлагандим.

Поиат жимиб қолди.
— Кейин-чи, кейин нима бўлди? — деди интиқлик билан Дилдора.
— Кейинми, … кейин… ҳеч нарса! Худди аввалдан шу уйда яшаб юргандек, оддийгина қабул қилдим.
— Қўйинг-э, — Дилдоранинг ҳафсаласи пир бўлиб, нари кетди.
— Кўчасанми? — Пўлат унинг ортидан борди. — Хўп десанг, эртагаёқ…
— Кейин мени ҳеч қачон ҳайдаб юбормайсизми? Тўғри хотин бўлишимга ишонасизми?
— Ўзимга ишонгандай…

Дилдоранинг қалбидаги хавотир тугуни ечилиб, майин жилмайди. Эртаси куни у ишга бормади. Пўлат аллақаёқдан юк машинасини олиб келди. Улар кула-кула Дилдоранинг «кўч-кўрони»ни ортишди. Кейин Мавжуда опаникига кириб, уй калитини топширди, хайрлашди. Чинданми ё кўнгил учунми, Мавжуда опа кўзига ёш олди.
— Йиғламанг, — деди Дилдора ҳазин товушда. — Мен йиғлаб хайрлашишга арзимайман. Адресни ёзиб қўйдим. Бориб туринг.

Тўққиз қаватли уйнинг учинчи қаватидаги янги уй Дилдорага жуда ёқди. Уч-тўрт кун ичида у ёқ-бу ёғини таъмирлаб ҳам олишди. (Албатта, Дилдоранинг таклифи билан.) «Тўрт йилдан буён ремонт қилиш хаёлимга ҳам келмабди, — деб ўйлади Пўлат ичида. — Аёл барибир аёл-да…»
— Уй сеники, — деди бир куни Пўлат дабдурустдан, — ҳар қандай шароитда ҳам… сеники!

У негадир шошиб гапирди. Юзида оғир изтиробли бир ифода пайдо бўлганди. Афтидан, ҳали танишганимга уч ой бўлар-бўлмас, бу аёлга ишонишим шартмикин, деган хаёл кўнглининг кўчасига ҳам келмаётганди. У яна нимадир демоқчи, ниманидир тайинламоқчи эди. Аммо айтолмади, Дилдорани чўчитиб вуборишдан қўрқди. Кейинги куни у азонда чиқиб кетган кўйи кечқурун қайтиб келмади. Кутиш азобини обдан татиган аёл биринчи оқшомни тишини тишига қўйиб ўтказди. Иккинчи куни ҳам ундан дарак бўлмади. Дилдоранинг кўнглига шайтон ғулғула сола бошлади. «Наҳотки, у мени ташлаб кетган бўлса, — деган ўй келди хаёлига. — Шунинг учун «уй сеники» деган экан-да… Йўғ-э…» Ўз ўйидан ўзи қўрқиб кетди. Ишхонада ҳам, уйда ҳам кунни тиқ этса эшикка қараб ўтказди. Учинчи куни эрталаб эшик қўнғироғи жиринглади. Дилдора ўринда хаёл суриб ётганди, апил-тапил кийина солиб, эшик томон отилди.

Остонада Абдулла турарди!
— Кутмаганмидингиз? — деди у заҳархандали жилмайиб. -Тополмайди деб ўйлагансиз…
— Нега энди? Сиздан буни кутса бўлади, — деди Дилдора ҳам киноя билан.
— Кирсам бўладими? Ахир ташқарида туриш ноқулай…
— Йўқ, — деди Дилдора ва шартта эшикни ёпиб, унга суянди. — Эрим уйда йўқ. Бор пайтида кирарсиз.
— Ўҳ-ҳў, эрим… — Абдулла ўзини хотиржам тутса-да, ранги докадек оқариб кетганди. — Эрингизнинг кимлигини биласизми ўзи? — У муҳим янгиликни айтиши билан Дилдорани янчиб ташлайдигандек бирдан кайфияти кўтарилди. Юз-кўзлари ғалаба нашидасидан ял-ял ёнарди. — Мен суриштириб билдим. Эрингиз ўғрибоши экан. Уч-тўртта йигит билан қароқчилик қилишаркан.

Дилдоранинг оёқ-қўлидан жон кетиб, ўзини беҳол сезаётган бўлса-да, сир бой бермади.
— Бу ёғи мени қизиқтирмайди.
— Унақаларни умри қисқа бўлади.
— Бу ҳақда тул бўлиб қолганимдан кейин гаплашармиз.
— Демоқчиманки, ҳозир ортга қайтишнинг иложи бор. Ҳали ҳам кеч эмас…
— Ортга қайтиш… — Дилдора қаҳ-қаҳ уриб кввтиб юборди. — Кеч эмас эмиш… Ҳа-ҳа-ҳа… Кўнгиллари яна рнирна тусайди? Сен аблаҳ эдинг, аблаҳлигингча қопсан, — деди у бирдан 5Cнсира&. Абдулланинг саросималаниб қолганини кўриб, яна шарақлаб кулиб юборди. — Яна ўйнашинг бўлишимни хоҳлаяпсанми? Овора бўласан. Ҳеч қачон сен мени ўйламагансан. Хотинингдан безган пайтингда менинг олдимга келардинг. Чарчаган вақтингда мен керак эдим. Хотининг чўнтагингни қоқиб олиб, йўлкирага ҳам пулинг қолмаганида мени эслардинг. Кейин… кейин қумга сингган томчидек йўқ бўлиб кетардинг. Мен шўрлик юрак-бағрим қон бўлиб сени кутиб яшадим. Эшик қўнғироғи жиринг этса юрагим қинидан чиқиб кетай дерди. Балки кута-кута ухлаб қолганимда келиб, қўнғироқни жиринглатса эшитмагандирман деб ўзимни ёмон кўриб кетардим. Уй эгасидан яширинча калит ясатмоқчи бўлиб юргандим. Мени яна шу кўйга солмоқчимисан? Овора бўласан!

Темир эшик шарақлаб ёпилди. Абдулла чўчиб тушди. Ғазабдан дир-дир титрарди. У бундай муомалани кутмаганди. Айниқса, Пўлат ҳақидаги «янгилик» аёлни довдиратиб қўйса керак, деб ўйлаганди. Шунда у темирни қизиғида босмоқчи, яъни ўйлаган режасини амалга оширмоқчи эди. Бу режа анчадан буён унинг хаёлини банд этганди. Пайт пойлаб юрганди. «Лоп» этиб орадан Пўлат чиқиб қолди-ю, иши ортга сурилди. «Аблаҳ, бандит, қизнинг кўнглини олишга улгурибди, -дея ўйлади Абдулла зиналардан бир-бир босиб пастга тушиб кетаркан. Кўз олдида Пўлатнинг асабий тарзда, сурбетларча тиржайиб туриши гавдаланди. Жунжикиб кетди. — Соғ одамга ўхшамайди у». Ўйлаган режаси амалга ошмаганидан кўнгли ғаш тортди. Кўчага чиқиб, қаёққа юришини билмай, ўйланиб қолди. Бу ердан кетгиси келмаётганини ич-ичидан ҳис этди. Чуқурхўрсинди. Дилдора уйига бориб, жанжал қилиб кетгандан кейин хотини унга гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай юрарди. Ишга вақтлироқ кетса ҳам, ё аксинча, кечроқ уйга келса ҳам пичинг қилавериб жонига тегиб кетди. Шу пичинг сўзлар сабаб бўлдими, яқинда эр-хотин қаттиқ уришиб қолишди. «Мен сизга ишонмайман, ўша хотин уйга бекорга келмади», — дерди Мавлуда ҳадеб. Охири Абдулла деворда осигииқ турган «Қуръон»ни қўлига олди. Уч-тўрт йил бурун бир таниши: «Қуръон»ни қўлингга олиб, қасам ичсанг, аёллар лаққа ишонишади», — деган эди. Шу усулни қўллашга мажбурбўлди. Мавлуда найдан таралаётган куйга сеҳрланган илондай қотди-қолди. Ҳар қалай битта ташвишдан қутулдим, деди ўзига-ўзи Абдулла, фавқулодда енгил тортиб. Энди аввалгисидан ҳам мушкулроқ ташвиш ҳали олдинда эканлигини ўйлаб, анча вақт юраги зириллаб юрди. Бу ҳақда Дилдорага айтишга қўрқди. У кўнмайди, деган андиша юрагини ғаш қилиб турарди. Ўртадан Пўлат чиқиб қолмаганида ҳали ҳам бир қарорга келолмай юрармиди. Дастлаб, уни Пўлат билан кўрганида «мени куйдирмоқчи» деган хаёлга бориб, сирбермасликка ҳаракат қилганди. Ҳали яхши танимаган одамга ўзини топшириб, унинг этагидан тутиши, бир кунда ҳе йўқ, бе йўқ кўчиб кетиши йигитнинг хаёлига ҳам келмаганди. Ўйлайвериб, жинни бўлиб қолаёзди. Ўзича бир неча кун аразлаб ҳам юрди. Ҳар қалай, шунча йил эр-хотиндек бўлиб… Оқибат шу бўлдими? Қизнинг бу қилиғи иззат-нафсига тегди. Йўқолган пичоқнинг сопи олтин қабилида иш тутди. Орқаворатдан аввал Пўлатни сўраб-суриштирди. Сўнг Дилдоранинг изига тушди. Яқингинада ундан қочиб юрган, тасодифан кўришиб қолишганда юраги зириллаб, унинг тезроқ кетишини сабрсизлик билан истаган одам энди аёлни топиш илинжида оромини йўқотган эди. «Майли, мен сенга уйланаман, — демоқчи эди у аёлга бениҳоя карам кўрсатаётгандек виқор билан. — Фақат бир шарт билан. Бу ҳақда ҳеч кимга, ҳатто ота-онангга ҳам айтмайсан. Фарзанд, деб ҳам сўз очмайсан!» Бола туғилиши аёлнинг ҳуқуқларини бир неча поғонага кўтариб юборишини у жуда яхши фаҳмларди. Ошдан чиққан тошдек бирдан Пўлат пайдо бўлиб қолмаганида Дилдоранинг рози бўлиши турган гап эди. Хурсандлигидан йиғлаб ҳам юборармиди. Бугун келиб кўрдики, у хато ўйлабди. Ҳалигина унга заҳрини сочган, мазах қилган аламзада, кибрли аёл кечагина бўйнига осилиб: «Ҳаммасига чидайман, фақат мени ташлаб кетманг», деб ялинган қизга сира-сира ўхшамасди.

* * *

Тун ярмидан оғиб, одамлар ширин уйқуда ётган маҳал темир эшикни кимдир секин тақиллатди. Увқуси ўчиб, алам устида ўтирган Дилдора эшик олдига учиб борди. «Ким?» — деди астагина. Қаттиқроқ нафас олишга-да қўрқди.
— Мен, Дилдора, мен, — деди кимдир паст овозда. Дилдора овоз эгаси Пўлат эканлигини дарҳол англади. Бироқ эшикни очишга шошилмади. Тутқични ушлаган қўллари титраб турарди.
— Биламан, мендан хафасан, — деди Пўлат яна паст овозда. — Сенга айтишим керак эди. Кечир мени.
— Очмайман, — деди Дилдора йиғламсираб. — Тўрт кундан буён ўлиб қолай дедим-ку. Қаерда юрган бўлсангиз, ўша ерга боринг.
— Дилдор, мени кечир. Эшикни очмасанг шу ерда ўтиравераман.
— Ўтираверинг… Мени ким деб ўйлаяпсиз? Бир оғиз айтиб қўйсангиз, ҳаққингиз кетармиди. Нега мен бошқалардан эшитишим керак? Уйимни бериб қўйиб, катта мурувват қилдим, деяпсизми? Ҳозироқ чиқиб кетишим мумкин. Тўрт томоним қибла менинг. Этагимни бошимга ёпаман-у…
— Дилдора, бўлди…
— Очмайман барибир эшикни…
— Шу ерда ўтиравераман эшикни очмагунингча. Ҳеч қаёққа кетмайман.
— Ўтираверинг!..

Орадан чамаси икки соатча вақт ўтди. Иккаласи ҳам ҳамон эшик олдида туришарди. Бутун вужудлари қулоққа айланиб, бир-бирларининг хатти-ҳаракатини эшитишга уринишарди. «Йиғлаяпти шекилли, — дея ўйларди Пўлат. — Ҳақиқатан ҳам ноинсофлик қилдим». «Ана, эшикка суяниб ўтириб олди, — деб ўйларди Дилдора. — Совуқ ўтиб кетмасайди. Чекяпти… «Уҳ» тортди»…

Бироздан сўнг «ширқ» этиб эшик калити буралгани эшитилди. Пўлат ирғиб ўрнидан турди. Ярми чекилган сигаретни шоша-пиша улоқ-тирди.
— Сенга ким хабар берганини биламан, — деди у ичкарига кирган заҳоти. — Сен… боя… айтганингда… Бирдан хаёлимга келди. Ўша! Аниқ, ўша!

Дилдоранинг қовоқлари қизариб, шишиб кетгани боис кўзлари қисилиб қолганди. Йигитнинг юзига қараёлмади. Ваннага кириб, совуқ сувга юзини чайди, қовоқлари устига юмшоқ сочиқни ҳўллаб босиб, бир неча сония турди. Сал ўзини босиб, аввалги ҳолига келгандан кейингина Пўлатнинг ёнига ўтди…
— Тунов куни айтгандим уйдан қочиб кетганимни, — дея гап бошлади Пўлат. У жуда асабий эди. Ҳали уйга кириб келганидан буён тинимсиз, устма-уст сигарет тутатар, бирини чекиб бўлар-бўлмас иккинчисини бошлар, кичкинагина шиша кулдон бирпасда сигарет қолдиғи билан тўлган эди. — Иш йўқ, турар-жой йўқ. Бир қанча вақт вокзалда ётиб юрдим. Қаерга иш сўраб борсам, прописка сўрашади. Оддий таксичиликка ҳам олишмади. Правамборбўлмаса. Пропискани тўғрилаб келинг, кейин гаплашамиз, дейишди. Уйдан бир оз пул билан чиққандим. Тўрт ойга базўр етказдим. Костюмимни сотишга мажбур бўлдим. Кейин соатимни… Охирида сотишга арзигулик ҳеч вақом қолмади. Қорни оч одамни ҳар мақомга йўрғалатиш мумкинлигига ўша пайтларда амин бўлдим. Шу… шу… йўлга кирганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Аввалига вақтинчалик, деб ўйладим. Ҳадисини олгач, ташлагим келмади. Аммо биринчи марта қоига тушганимда жуда қўрқиб кетганман ва йиғлаганман. Ҳа, ҳа, йиғлаганман. Қамоқхона деганда кўз олдимда даҳшатли манзараларгавдаланарди, — Пўлат бирдан гапиришдан тўхтаб, ўрнидан турди. Унинг юзи шу қадар ўзгариб кетгандики, Дилдора қўрқиб кетди. Устма-уст чекиб, сал ўзини босиб олгунча бир оз вақт ўтди. У жойига қайтиб ўтирганда юзидаги қўрқинчли ифода батамом йўқолган, ўмини сурбетлик эгаллаган, кўзлари такаббурлик билан боқарди. Аммо сўзлар бўғзидан базўр отилиб чиқарди. — Қамоқхонага тиқиб қўйиб, ўзларича тарбияладик деб ўйлашади-да. — У бировни мазах қилаётгандек, совуқ тиржайиб қўйди. Ҳалигина босиқлик билан равон сўзлаётган одам бирдан алаҳсираётгандек узуқ-юлуқ гапира бошлади. -Ақлини киритиб қўйдик… хуллас… нима десам экан… энди бу ишни қилмайди, деб ўйлашади. Аммо… Лекин адашишади. Жуда қаттиқ адашишади. Мен қамоқхонада… 10 тийин урибқолгани учунқамалиб кетиб, у ердан қилни қирқ ёрадиган ўғри бўлиб чиққан одамни биламан. Лекин яхши томони ҳам борки, буни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Ҳа… ҳа… бор… Яхши томони шундаки… қандай тушунтирсам экан?.. Қўйиб берсанг бир-бирини ғажиб ташлашга тайёр, асабий, жулдурвоқи маҳбуслар ичида тепадаги ис босган туйнукдан тушаётган бир тутам нурга тикилиб ўтириб озодликни соғинасан. Юрагинг эзилади. Эркинликнинг қадрига етасан. Қанча муддат олганингни эслайсан… ва қанча қолганини ҳисоблашга ҳаракат қиласан. Бошида бир оз қийин бўлади, худди вақт ўтмаётгандек туюлади. Кейин… кунларўтавергани сайин… ҳисоблаш ҳам осонлашади. Ўзингга ўхшаган маҳбуслар ёқалашиб, бошингни ёриб қўйишса ҳам унчалик алам қилмайди. Бироқ… сени одам ўрнида кўрмай, бирорта ҳайвон… ёки… жирканч махлуққа қарагандай муомала қиладиган, сал саркашлик қилсанг аямасдан дўппослайдиган қоровулларни бир умрга ёмон кўриб қоласан… Нега рангинг оқариб кетди? Қўрқяпсанми? Шунинг учун сенга гапиргим келмаганди-да. Ҳозир… оз қолди, тугатаман. Биттаси бор эди. Юзидан заҳар томиб турарди. Жуда бераҳм ва бешафқат эди. Қамоқхона унинг маҳрига тушгандай тутарди ўзини. Кўп эмас-у… шу… бир-икки марта менинг ҳам ёмон таъзиримни берган. Ўзим ўлар ҳолатда ётибман-у, ҳадеб: «Шу ердан эсон-омон чиқиб кетсам бир кунмас бир кун бўғизлаб кетаман?» дея қасам ичганим ҳеч ёдимдан чиқмайди. Уч-тўрт ой бурун шу ишни ташлайман деб, ўзимга-ўзим сўз бергандим. Аммо ўзимни тутолмадим. Тўрт кун аввал яна бир ишга қўл урдим, азбаройи… сени деб. Сени хурсанд қилмоқчийдим. Афсуски, бир шеригим чув тушириб қўйди. Яқинда бизга қўшилганди. Бугун биринчи марта чиқиши эди… Унинг касри уриб, иккита шеригим қўлга тушиб қолишди. Қаёққа гумдон бўлди у? Билмайман… Уч кун ўшани изладим. Осмонга чиқдими, ерга кириб кетдими… Билмайман… билмадим… — Пўлат бошини чангаллаган кўйи хаёлга толди. Дилдора адойи тамом бўлган, стулга михланиб қолгандек қимир этмасди.
— Энди мендан воз кечасан, шундайми? — деди Пўлат титроқ овозда.
— Нега энди? — саволга савол билан жавоб берди Дилдора. -Ўғрини севиб бўлмайдими? Ўғрида юрак йўқми?
— Бор, жонидан, бор… — дея қичқириб юборди бирдан руҳи кўтарилган Пўлат. У Дилдорани даст кўтариб, чир айлантира бошлади.
— Мендан ор қилмайсанми? — дея қичқирди Пўлат чир айланаркан.
— Йўқ. Ҳеч қачон… Ҳеч қачон… Энди ҳеч нарсани ўйламайман… Ҳеч нарсага куймайман.. Фақат яшайман… яшайман!

Улар қий-чув қилишганча гир-гир айланишар, бақиришар, кулишар, ўзларидан бўлак ҳаммани, ҳамма нарсани унутишганди. Ташқарида эса минг азоб билан осмон ёришиб, жимгина тонг ота бошлаганди…

Орадан бир ҳафта ўтди. Бу вақт ичида Абдулла яна икки марта келди. Дилдора билан гаплашишга ҳаракат қилди. Охирги келганида Дилдора уни қувиб солди. Шундан кейин у анча вақтгача кўринмай қолди. Дилдора унинг феълини яхши билгани учун негадир кўнгли ғаш бўлиб юрди. «Писмиқ… Пайт пойлаб юргандир-да», — деяўйларди у ҳадиксираб. Нимадан ҳадиксираяпти? Ўзи ҳам буни аниқ билмасди.
— Бугун изимга тушишди, — деди бир куни Пўлат дабдурустдан. Унинг юзи ҳорғин ва ташвишли эди. — Тасодифан сезиб қолдим.

Тунов кунги суҳбатдан кейин Дилдора шундай бўлишини фаҳмлаган, қачондир, бир йилдан кейинми, ёинки бир ойдан кейин, шундай бўлишини сезган ва бунга ўзини тайёрлаб ҳам келаётганди. Шундай бўлса-да юраги орқасига тортиб кетди.
— Кўзингизга шундай кўрингандир-да, — дея олди зўрға.
— Кўзимга кўрингани йўқ. Аниқ биламан… Яхшиси, бу ерга вақтинча келмай тураман. Сен хавотирланма, вақт топиб хабар оламан. Айтгандай, мен унинг олдига бордим…
— Кимнинг? — деб юборди Дилдора ва бирдан гап кирн ҳақида кетаётганини англаб, қизариб кетди.
— У энди сени безовта қилмайди. Эркакчасига гаплашиб олдик, — деди Пўлат. Чўнтагидан қоғозга ўроғлик алланима чиқариб, стол устига қўйди. — Кийимларимни алмаштириб олмоқчиман. Дазмол босганмисан?
— Ҳа, — деди Дилдора ва қоғозга ўроғлик нарсага ишора қилди. — Бу нима?
— Унинг қайчиси… Соч кесадиган… Ойнасини олдида турган экан. Билдирмасдан олиб қўйдим. Керак бўлиб қолар…

Пўлат маъноли қараб қўйди. Дилдора унинг қарашини тушунди. Бироқ индамади. Пўлатнинг ҳозиргина ечган кийимларини йиғиштириб олиб, ювиш учун ваннахонага кириб кетди. Пўлат унинг кўнгли оғриди, деган хаёлга борди. Рашки қўзиб, жаҳли чиқди. Аммо ўзини босди. Дилдора нотўғри хаёлга бориб, мендан нафратланиб юрмасин, деган ўйда у аёлнинг онидан борди ва оғринган алфозда деди:
— Мени шумликқиляпти дебюрма тағин. Шунчаки… олгандим. Аммо шуни яхши билиб қўй, мен унга ишонмайман.

Дилдора миқ этмади. Ваннага энгашган кўйи кир ювишда давом этди. У ўйларди. Бошидан ўтган воқеаларни ўйлар, ўзича мулоҳаза қилар, ҳаммаси айқаш-уйқаш бўлиб кетган пароканда хаёлларини тартибга келтиролмай хуноби ошарди. Ўйлаб ўйининг тагига етолмасди. «Шундай бир иш қилиш керакки…» — дерди у ҳадеб ўзига-ўзи. Аёл бир қарорга келганда тонг бўзариб қолганди.

Қўни-қўшниларга кўринмаслик учун тезроқ чиқиб кетишга чоғланаётган Пўлатни саволга тутди:
— Анови шеригингиз топилмадими? Қочиб кетгани бор-у…
— А, ҳа, йўқ, — дея шошиб жавоб берди Пўлат.
— Мабодо… жуда зарур бўлиб қолганида… бошқа бировнинг номини айтиб юборсангиз бўладими? Далил-исбот қўлингизда…

Поиат ялт этиб Дилдорага қаради. Аёл ундан кўз узмай, тик қараб турарди. Пўлат унинг кўзларида куйган, ўртанган, топталган, аламзада юрак аксини кўргандек бўлди. Шу билан бирга чек-чегараси йўқ, бепоён бир нафратланиш ҳам мужассам эдики, Пўлат дош беролмади. Индамай чиқиб кетди…

У шу кетганича қайтиб келмади. Анча вақтдан кейин ёшгина бир йигитча келиб, унинг қўлга тушиб қолганини айтди. Яна бир неча кун ўтгач, ўша йигитча Дилдорага яқинда Пўлатнинг устидан олиб борилган тергов ишлари тугаб, иши судга оширилганини, у билан Абдулла деган шериги ҳам бирга эканлигини айтди. Кетар чоғида яна келиб хабар олишини, мабодо жуда зарур бўлиб қолганда, ҳа, у айнан шундай деди, жуда зарур бўлиб қолганда уни қаердан қидириб топиш мумкинлигини айтиб, хайрлашди. Дилдора меҳмон кетгач, у ўтирган стул устида бели боғланган бир даста пул ва бир парча қоғоз турганини кўриб қолди. Юраги ҳаприқиб қоғозни қўлига олди. Хат Пўлатдан эди. Унда шундай сўзлар ёзилганди: «Мени кут, азизим…»

011

(Tashriflar: umumiy 1 063, bugungi 1)

Izoh qoldiring