Muhabbatli dunyoning bir fidoyisi

Ashampoo_Snap_2017.12.10_22h22m30s_001_.pngИлк танишиб, учрашганимизда: “Мен — шоирман, Сиз-чи?”, деди у… Бу шоир дўстимиз Оқтошдан, Нарпайдан, Ислом шоир Назар ўғлининг ҳамюрти. Жанубида Қоратоғ, шимолида Оқтоғ қўр тўкиб турган Оқтош элимизга қанча-қанча достончилар, шоирлар, олимларни берган.

Муҳаммадали Қўшмоқов
МУҲАББАТЛИ ДУНЁНИНГ БИР ФИДОЙИСИ
03

Илк танишиб, учрашганимизда: “Мен — шоирман, Сиз-чи?”, деди у…

Бу шоир дўстимиз Оқтошдан, Нарпайдан, Ислом шоир Назар ўғлининг ҳамюрти. Жанубида Қоратоғ, шимолида Оқтоғ қўр тўкиб турган Оқтош элимизга қанча-қанча достончилар, шоирлар, олимларни берган.

Отаёр ўрта бўй бўлса ҳам, кучи қайнарди. 1968 йили қиш қаттиқ келган, ёғингарчилик, йўлларда қор уйилиб ётибди. Кечаси, алламаҳал бўлиб қолган. Пиёда, балчиқларни кечиб бораяпмиз. Бир “Волга” машинаси бизга лой сачратиб, шиддат билан ўтдию, орқа ғилдираклари чуқурга тушиб, жойидан жилолмай қолди. Ҳайдовчи газни босади,орқа ғилдираклар лой сачратиб, турган ерида айланади, бироқ чуқурдан чиқиб кетолмайди…

Отаёр чопиб бориб. Машинанинг орқасидан кўтариб сурди, “Волга” шиддаг билан юриб кетди…

Ҳиммат, куч шунчалик бўлар-да. Баъзиларни нуқиб турмаса, бир ишни қилмайди: шунда ҳам қўл учида қилади — ялчитмайди. Отаёр эса фаол, ғайратли, тинмағур: ишдан иш чиқарарди. “Тошкент оқшоми”, “Ўзбекистон маданияти” газеталарида, Ёзувчилар уюшмасида ишлаганида ҳам худди шундай эди. Ўшанда “Тошкент оқшоми” газетасида жаҳон адабиёти намуналаридан янги таржималар бериб бориладиган бўлди — “XX аср овози” саҳифаси ташкил этилди. Бу саҳифаларни тайёрлашда Отаёр сидқидилдан иштирок этди.

Отаёр устод Миртемирнинг оқ фотиҳасини олиб, илк шеърий китобини нашр этди. Устод Назир Сафаров маслаҳатлари ва ҳамкорлигидан ҳам баҳра топди. Шеърий китобларини, очерк ва публицистик, илмий мақолаларини, янги-янги кинофилмларга тақризларини, таржималарини изма-из эълон қилиб борди. Фин эпоси — машҳур “Калевала”нинг болаларга мўлжалланган насрий баёнини ўзбек тилида сўзлатди. Устод Миртемир тўғрисидаги роман- эссеси билан кўпчиликни қувонтирди.

Отаёр халқ достонларини жуда яхши кўриб, шоир-бахшиларни қадрлаб, кафтида кўтариб юришга тайёр — садоқати баланд эди. Бу шеърларидан ҳам маълум:

Босиб кела бошлар қуюндай оғиб,
Гумбурлатиб олис тоғлар дарасин —
Ошиқлик кўйида Кўҳиқоф тоғин
Бир оҳ билан йиққан
алплар наъраси…

Эл ичида кезиб, Ислом шоир ҳақидаги хотираларни ёзиб олди, китоб тузди. Раҳим Қодир ўғли, Шоберди Болтаев ҳақида сценарий ёзди, шу тариқа халқ шоирлари тўғрисида ҳужжатли фильм юзага келди. Ислом шоир ўғли Зиёдулланинг ҳам бахши — дўмбира эгаси бўлишини истаб, уни доимо ижодга ундади. У Зиёдулланинг Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси бўлганини кўрса эди — боши осмонга етарди.

Кўпинча Отаёрнинг шеърларини, “Мен қуёшни кўргали келдим” роман-эссесини, “Ой ҳақида баллада”сини қайта ўқиб ўтириб, унинг сиймосини кўз ўнгимга келтираман. Ҳаётни ва одамларни чин кўнгилдан севган бу дўстимнинг меҳр тўла овози қулоғимда жаранглайди.

Яхши одамнинг юзи жаннат; кўришиб, бир оғиз сўзлашсангиз, кўнглингизнинг чигали ёзилади. Давра кўрган, мард, одамдан жонини ҳам аямайдиган Отаёрни кўрган-билганлар бу гапни тасдиқлашса керак.

Ёруғ дунёни бир дам қизиқ бозор, деб таърифлашади. Тенгқурлари 70 ёшга тўлаётган дўстимиз шу, бир дам қизиқ бозорга жони ичига сиғмаганича шошилиб кирдию жони ичига сиғмаганича шошилиб чиқиб кетди. Муҳаббатли дунёнинг бир фидойиси — Отаёр шеърлари, насрий асарлари жаранглари аро юз кўрсатиб, бот-бот эслатиб турадики:

Шундоқ муҳаббатли
дунё бор бўлсин…
Бор бўлсин шу дунё
қорачиғларда,
Бор бўлсин очиқ қўл,
очиқ қалбларда,
Шундоқ муҳаббатли
дунё бор бўлсин…
Яхшига лолазор,
ёвга тор бўлсин.

Биз — дўстлари ва шогирдлари, фарзандлари бамаслаҳат иш тутиб, шоир Отаёрнинг асарларидан бир “Сайланма” дасталаб, адабиёт ихлосмандларига тортиқ этилишига ёрдамлашсак, айни муддао бўлар эди.

Отаёр
ШЕЪРЛАР
011

 

03Отаёр (Наҳанов Отаёр) 1947 йил, 19 январда Самарқанд вилоятининг Нарпай туманига карашли Қорахитой қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1993). ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1972). Биринчи шеърий тўплами — «Ишқим баёни» (1975). «Лоларанг эртак» (1978), «Ўша кўзлар» (1984), «Оқ фасл» (1989) каби шеърлар китоби нашр этилган. «Дўмбира» (1980) достони ҳам бор. «Қуёшни кўргани келдим» (1991), «Дунёга тенгдош хазина» (1994), «Одамлар учун яшайман» (1979) каби эссе ва очерклар тўплами муаллифи. А.Томмсааренинг «Дўзахдан чиққан янги шайтон» романи, фин эпоси «Калевала»нинг болалар учун мувофиқлаштирилган насрий вариантини ўзбек тилига таржима қилган. 2001 йил 7 январда Тошкент шаҳрида вафот этган.

03

МИРТЕМИР

Эзгулик дарчасин чертмади бекор,
Сокин кечиб ўтди ўту сувидан.
Умри ўтди оддий, бетинч, камсухан,
Аянч ҳар даҳмаза — ортиқча ва ор…

Шундай: оддий бўлди, миқти ва девтарз
Куйлади ёндириб ёниқ бир овоз —
Дунёни ғубордан бўлсин деб халос,
Жаҳонга ногаҳон тушмасин деб дарз…

Бу зилол уммондан қатра ичалмоқ
Беғараз кўнгиллар армони бўлди,
Чанқоқ йўлчиларнинг дармони бўлди,
Осонмас оддийлик зангини чалмоқ.

Олисларга етди овози, сози,
Халқининг кўнглидан айтди не деса,
Бир силтаб қайирди не довон келса,
Беминнат умридан эл-юрти рози.

Сокин ҳайқириқ у, сокин садо у,
Она тупроғини суйган энг суюк.
Поку нопок ичра юраги куюк,
Мангу Ватаним, деб куйган адо у.

ЮРТ

Кўксингга бош қўйиб, суюб
Айлай, Ватан, изҳори дил.
Рухсорингга тўйиб-тўйиб
Ризо кўнгил, ризо кўнгил!

Десам, сенга фидодир жон,
Кўнгил тўймас бу аҳдимдан.
Бошгинангда бўлиб осмон
Алқай Ватан, алқай Ватан!

Йўлим тушса йироқларга
Васлинг қўмсаб кезган кезим,
Барҳам берар фироқларга
Сенинг исминг, сенинг исминг!

Дунё бўлиб қучганда ишқ,
Қувонтирса кўзимни шан,
Мен сел бўлиб айтар қўшиқ —
Ўзингдирсан, ўзингдирсан!

Сени жондан ортиқ севсам
Ҳавойимас айтар сўзим;
Ватан, сенсан сиғинганим —
Қаро кўзим, қаро кўзим!

* * *

Бир кун кетгум мангу уйқуга,
Тупроғимга синггум бегумон.
Берилмасман ортиқ туйғуга,
Унут бўлар яхшию ёмон.

Тебрангумдир майсами бўлиб,
Ё ўлканинг алвон лоласи…
Ё қувлашиб, қийқириб-кулиб,
Топтаб ўтар бир тўп боласи.

Рашкингни қўй сен ҳам, малагим,
Кўз тутмасман илтифотишта…
Лаҳзанг бахтли кечган маҳали
Олиб қўйгил бирров ёдингга.

Қўйгил, сен ҳам мотамни, дўстим,
Руҳим озор чекмасин десанг.
Биз-ку, эзгу маслаклар кўксин
Безаб ўтдик, босмасин деб занг.

Ўғил-қизим, қароғим-кўзим,
Кипригимда ялтираган нам.
Неваралар — ўзим-юлдузим,
Чарақлангиз осмонимда шам.

Келтирганда руҳимга оят,
Эслаб қўйинг отам-онамни.
Улар ёдин севдим бағоят,
Ёритдилар улар хонамни.

Бир хонаки, ёвга тор бўлсин,
Ҳеч сўнмасин шодлик, қўшиқ, ўй.
Шу ўлканинг куни бор бўлсин,
Узилмасин мен бошлаган куй.

БАҲОР ШАМОЛИГА

Баҳорни елкамга ортқила шамол…

Измингда чайқалган лоларанг чаман
Тинчимни бермайин кўрсатсин жамол
Шудрингли чаманни қўмсаб қучаман,
Саҳарлар уйқумдан бедор эт, шамол!

Майлига, лолалар хаёлим олиб,
Ҳур қизлар базмини эсимга солсин:
Майлига, қоқинсам ҳовлиқиб, толиб…
Кўкатларнинг ранги тиззамда қолсин..

Шудринг жилосида нигоҳим қотиб,
Тонглар ҳикматидан англайин рўё.
Тонгларим шундайин беором отиб,
Майли, гўзалликка бўлай маҳлиё.

Чеҳрамга лолалар жилоси кўчиб,
Шундай карши олай қуёшни ҳар кун.
Янги кунни алқаб, баҳорни қучиб,
Шудринг-ла ювайин майсалар гардин.

Майли, сен ҳам — шамол, қаршимдан эсиб,
Лолалар атрини уфур, энтикма…
Мен чўққида ёнган лолаларни деб,
Янги сўқмоқ солиб интилай тикка…

Қизлар этагини тортқила, шамол,
Атлас жилосидан кўзим қувонсин.
Баҳорни елкамга ортқила, шамол,
Вужудим лолалар қўйнида қолсин!..

МУҲАББАТ МАНТИҒИ

Во ажаб, ихтиёрим олдингу бошдан ўзинг,
Не сабаб бўлдинг яна сийнаси тошдан ўзинг?

Айт, муҳаббат, даставвал ул сулувни суйдириб,
Сўнг нечун этдинг нари ул қаро қошдан ўзинг..?

Илтифот қилгил, санам, чертма ҳижрон торини,
Қалбима оташ қалаб, ташладинг дошдан ўзинг.

Бормиди ҳеч мантиғи бу муҳаббат зорининг,
Қалбга қўнган бахт қушин ҳайдама бошдан ўзинг.

Мисли гул шабнамдаги кулгичингда дона хол,
Асрагил кулгуларинг, ювмагил ёшдан ўзинг.

Отаёрга сен нечун ишқ бериб, оташ бериб,
Не сабаб бўлдинг яна сийнаси тошдан ўзинг?

ТЎРТЛИКЛАР

Яхшидир — гул атри, гул жилмайиши,
Гул билан файзлидир бу олам иши.
Аммо ёмонлардан ёмонлироқдур
Унинг тиконидан ҳадикли киши.

* * *

Ўғлим, ҳаётда ўс, ўсгининг бўлсин,
Тўкис-тугалингу рўй-ростинг бўлсин.
Борингда чопишган минг дўстдан кўра,
Йўғингда қайишган бир дўстинг бўлсин,

* **

Дилдираб саҳарга ёлборар шабнам:
«Қуёшга рўбарў келтирма, ошнам!,.»
Бу дам тонг этагин кўтарар қуёш,
Билмай қолар нурга айланганин ҳам.

Беҳзод Қобулов
“ФИДОЙИЛИК БЎЛДИ ҚИСМАТИМ…”
08

Йигирманчи аср ўзбек адабиёти фавқулодда мураккаб, сермаҳсул, серқирра бир ҳодиса ўлароқ тарихдан жой олди. Бу даврда жаҳон адабиёти билан бўйлаша оладиган етук асарлар – гўзал ижодий намуналар яралди. Бу ўринда алоҳида бир ижодкор ҳақида эмас, бус-бутун, яхлит ҳодиса ҳақида гап кетмоқда. Яъни шўро даврида яшаб, ижод этган носиру шоирларимизнинг не-не асарлари “шонли” коммунизм ғояларини тараннум этгани боис, унутилишга маҳкум. Афсуски, шундай. Ва лекин, асл инсоний туйғулар қаламга олинганда, ҳар қандай ғоя ҳам, мафкура ҳам ортга чекинади. Ана ўша ғалвирдан бут чиққан, замонларни ҳатлаб ўтишга қодир асарларни биз бадиий адабиёт деймиз…

Илмий ишим тақозосига кўра Миллий кутубхонада ўтириб, яқин ўтмиш даврий матбуоти билан бирма-бир танишар эканман, ғоявий яловбардор бўлишга интилмай, камсуқумгина бўлиб турган, ёзганларида, асосан лирик пафос устунлик қиладиган бир ном эътиборимни тортди: Отаёр!

Отаёрнинг ижодий оламига син солсангиз, устозига садоқатли шогирд, халқ оғзаки ижодининг толмас тарғиботчиси, куйчиси, ўткир публицист, моҳир эссенавис, заҳматкаш таржимон, адабий портретлар устаси билан юзлашиб турганингизга амин бўласиз.

Хусусан, унинг атоқли шоирамиз Зулфия, актриса Насиба Усмонова, раққоса Қизлархон Дўстмуҳамедова, хонанда Озода Назарова, ўқитувчи Сафар Хоназаров, ҳофиз Муҳаммаджон Каримов, қозоқ оқини Жамбул, ғазалнавис шоир Собир Абдулла, сухандон Галина Мельникова, адабиётшунос Санжар Сиддиқ, чанқовузнинг моҳир ижрочиси Жума Абрайқулов, оддий меҳнаткашлар – Буолма Жўраева, Фотима Мирзаева ҳақидаги бири-биридан гўзал эссе ва портретлари ижодкорнинг фуқаролик позициясини жуда аниқ ифода этади. Уларда қандайдир мафкура, зарбдор қурилишлар эмас, инсоннинг дарди, кўнгил қатидаги гаплари қаламга олинган. Бу асарларда кўнгилни залворли туйғуларга ошно этадиган кўтаринки руҳ, юракни тўлқинлантирадиган эҳтирос, ғоят латиф лирик ке­чинмалар мавжуд.

Масалан, “Чўпон дорилфунунидан сабоқлар” номли салмоқли очерк 1987 йили “Шарқ юлдузи” журналининг, 1-сонида эълон қилингач, ижтимоий ҳаётда катта акс-садо берган эди. Муаллиф бу асарда дунёга донғи кетган қоракўл териси, унинг заҳматкашлари ҳақида сўз юритиб, шўро даврининг катта иллатларидан бири бўлмиш сон кетидан қувиш, рақамларни ишғол қиламан дея сифатнинг йўқолиб боришини куюнчаклик билан ёзган эди. Умуман, Отаёр, публицист сифатида, ҳамиша тузумнинг эмас, замоннинг асл қаҳрамонларини топишга интилади.

Айтайлик, муаллима Маъсума Тўлаганова ҳақидаги “Хазина топган аёл” номли салмоқли очерк бугун ғоят камёб бўлиб қолган мазкур жанрнинг энг сара намуналаридандир. Шунингдек, Отаёр оддий одамлар орасидан қаҳрамон ахтариб, фольклоршунос Малик Муродов ҳамроҳлигида Ўзбекистоннинг барча вилоятларини кезиб чиқди: гўзал Фарғона водийсида қавариқ қўллари билан гул ўстираётган азамат деҳқоннинг бир пиёла чойини ичиб, ардоқли меҳмони бўлди, воҳанинг кўм-кўм яйловларида дўмбира садоларини тинглаб, бахшилар билан тонгни қаршилади, қадим Хоразм тупроқларида алпкелбат полвонларга дўст тутинди. Кейинчалик, ана ўша сафарлар таассуроти сўзга айланиб, қанот ёзди. Меҳнаткаш, танти инсонлар ва халқ бахшилари ҳақидаги туркум мақолалар дунёга келди. Ислом шоир, Бола бахши, Ёдгор бахши, Умарқул Пўлкан, Чори бахши Хўжамберди ўғли ва Қодир бахши Раҳим ўғли тўғрисидаги гўзал ёзувлар айни сафарнинг ҳосиласи эди. Дарвоқе, Отаёр кейинчалик “Ислом шоир замондошлари хотирасида” номли тўпламни ҳам катта машаққатлар билан чоп эттирди.

Шу ўринда яна бир маълумотни қайд этиш ўрин­лики, Отаёр Наҳанов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фаол аъзоларидан бўлган. У аъзолик гувоҳномасини чўнтакка солганича, ёзувчилигини пеш қилиб умр ўткарган мардумлардан фарқли ўлароқ, дарвешона феъл-атвори кўтарган қадар яшади, ижод қилди. Уюшманинг қарийб барча йиғилишларида фаол иштирок этди, айниқса, фольклор кенгаши йиғинларида, раис ўринбосари сифатида жонбозлик кўрсатди. Бундан ташқари, Отаёр мунтазам равишда ёшлар, ҳаваскор шоирлар ижодига бағишланган таҳлилий мақолалар ёзар, бадиий таржима билан астойдил шуғулланар эди. Хусусан, карелофин халқлари эпоси бўлмиш “Калевала”, эстон мумтоз адабиёти намунаси бўлмиш “Дўзахдан чиққан шайтон” романи, шунингдек, Борис Тихомолов, Кенгусбой Алламбергенов, Тайфур Сагитов сингари рус ҳамда туркийзабон адибларнинг ҳикоялари унинг таржимасида ўқувчилар қўлига етиб борди. Яна бир диққатга молик жиҳати шундаки, Отаёр Наҳанов таржимонлик фаолияти билан шуғулланар экан, масаланинг назарий жиҳатларига ҳам эътибор қаратди ва бу борадаги фикрларини жамлаб, Ғайбулла Саломов масъул муҳаррирлигида нашрга тайёрланган “Таржима санъати” номли тўпламда чоп эттирди.
Бу борадаги фикрлар якунида шуни қўшимча қилмоқ жоиз: Отаёр қайси соҳага қўл урмасин, ёзганларида халқ оғзаки ижоди, фольклор етакчи ўринни эгалларди. Бу хусусият унинг шеърий меросида, айниқса, янада яққолроқ кўзга ташланади…
Отаёр Наҳанов ўтган асрнинг 80-90-йилларида сўздан мўъжиза яратмоқ аҳдида ўзбек адабиётининг кенг, ёруғ майдонида жавлон уриб меҳнат қилган сара ижодкорлардан бири эди. “Ўша кўзлар”, “Лоларанг эртак”, “Оқ фасл” каби китоблари бугун халқимизнинг маънавий мулки бўлиб, шеъриятга ошно кўнгилларда қўним топди. Унинг халқона оҳангларга эш бир шаклда, тоза ўзбекий мазмунда битилган шеърлари ҳануз кўнгилларга завқ-шавқ улашиб келаётир. Хўш, шоирнинг иқтидори даражасини ўлчамоқ мезони борми? Аёнки, оммавийлик адабиётнинг бош ўлчови эмас. Бугун ҳамма ютоқиб ўқиган шеър ёки шоир эртага умуман ёдга олинмаслиги мумкин. Отаёрнинг камтарона шеърий гулдастаси ўша саксонинчи йилларда, бир давра забардаст шоирлар ижоди аро шуъла янглиғ порлаб турган бўлса, бугуннинг энг ўктам ашъорлари орасида ҳам худди ўшандай нур сочиб, ярақлаб турибди. Ҳолбуки, ўтган йиллар-у йўлларда адабиётни ишлаб чиқариш механизмига айлантираёзган не-не “даҳо”лар халқнинг ёдидан ўчиб кетди… Шундай экан, шоир ижодининг меҳвари, оҳанрабоси нимада?
Шеър – тоза, ғаразсиз юракдан отилиб чиққан туйғулар тафти, муҳри, иншосидир. Шу маънода, Отаёр ижодини бошқа шоирлар ижодига менгзаш, солиштирув асноси баҳо бериш мутлақо нотўғри. У ўзбекнинг қалби олийжаноб, эзгу ҳисларга лиммо-лим бахши-шоири эди. Шўх-шаън кунларида ҳам, дард чекиб ётган афтода ҳолида ҳам адабиёт учун хизмат қилишни шараф деб билган дўлвор йигит эди. Дўст-ёрлари, қариндош-уруғлари хизматига шай, танти бир инсон эди. Унинг дўсти, таниқли шоир Абдулла Шернинг хотирлашича, Отаёр ғоят дилбар, бағрикенг, суҳбати жонон чинакам Шахс бўлган.
Худди ана шу ҳолат, чапани бир руҳ унинг шеърларига кўчган. Халқ достонларига хос бўлган қочиримлар, маъно товланишлари, бахшиларнинг жўшқин, пурмаъно сўз ўйинлари бу санъатга ошуфта шоирнинг битикларида ҳам мана ман дея бўй кўрсатиб туради. У яратган лирик қаҳрамон дилгир, кўнглида борини тўкиб соладиган, гўзалликдан завқ олишни севгувчи, ижтимоий фаол, юртсевар шахсдир. Бинобарин, Ота­ёр ижодининг асоси, ўзагини юқоридаги манзара ташкил этади.
Отаёр инсон қалбида кечаётган ҳис-туйғуларни, нозик ҳолатларни табиат ҳодисалари билан уйғун бир шаклда ифода этишга уста. Унинг “Дилбар дамлар” номли шеъри фикримизни тасдиқлайди.

Чақмоқ кесиб ўтди тўнг булутларни,
Гўё тарс ёрилиб кетди-ёв осмон.
Момақалдироқнинг гулдираклари
Қишлоққа тўкилди учқунларсимон.

Сиртдан қараганда табиат тасвири бўлиб туюладиган бу тўртликнинг асл маъноси, шоир назарда тутган гўзал манзара кейинги бандда: “Учрашувга шошган қизнинг изидан, Шаррос қуйиб берди ёмғирли баҳор” мисраларидан сўнг кўнгилга маҳкам ўрнашади. Биринчи ҳолатдаги чақмоқ, тўнг булут, тарс ёрилиб кетган осмон каби деталлар, суюкли ёр дийдорига муштоқ бўйсара қизнинг қалбида кечаётган қарама-қарши ўй-хаёллар эканлиги англашилади. Турфа андиша-ю гумонларни доғда қолдириб, кўнглида жўш урган момақалдироқ амрига қулоқ тутган севги асираси йўлга отланди. Мана бу тасвир, юқорида қайд этганимиздек, иккинчи банддаги кучайтириш, калит сўзлар туфайли янада жонланади, шеърхон завқини келтиради. Шеърдаги нозик нуқта эса ҳали олдинда: қиз маҳбуби қошига етган дамлар тасвири, ажабки, келтирилмайди. У йўлга отланди, аммо шоир эринмай “Баҳор атирига ювинган қишлоқ”ни, намхуш тупроқни қадоқли кафтида сиққанча, ҳалитданоқ фикру зикри кузги ҳосилда бўлган деҳқонни тасвирлайди. Ва ниҳоят, сўнгги банд умумлашма хулоса, ечим тарзида жаранглайди:

Шундай муҳаббатли дамларким азиз,
Хаёлни қитиқлар дилбар бир фасл.
Учрашувдан қайтар ҳу бояги қиз,
Баҳорий муччидан ёноғи қизил…
Отаёр ижодида “Бу дам тонг этагин кўтарар қуёш”, “Асрлардан ошиб келдинг, дўмбирам”, “Шамоллар сасида хазонлар зори”, “Лолаларсиз мизғир жунжикиб тоғлар”, “Яйдоқ далаларда дайдир изғирин”, “Безовта бевадай тўлғонади ой”, “Тонгдан бурун тонгдай кулар тунларим” каби ажойиб, дилбар мисралар борки, ўша бир сатр худди яхлит шеър каби кўнгилга тегади, бетакрор ташбеҳлар сеҳрлаб қўяди.
Афсуски, маҳорати, сўз қўллаш санъати тобора камолга етиб бораётган, истиқлолдан илҳом олиб, завқ билан ижод қилишга чоғланган шоир бевақт оламдан ўтади. У ҳали катта, ўлмас асарлар яратиши мумкин эди. Айни кучга тўлган, ақли қаймоқлаган паллада ўзбекнинг камтар, камсуқум ва дарёдил бир шоири, давралар тўрини талашмаган, кўнгил амрига итоат этиб яшаган эрка, саркаш бир дилбанди ҳаётдан кўз юмди. Аммо ундан авлодларга салмоқли адабий мерос қолди. Шубҳасиз, бу мероснинг энг қимматбаҳо жавоҳири, адиб ижодининг чўққиси – атоқли шоир Миртемир ҳақидаги “Қуёшни кўргали келдим” номли библиографик эссесидир.
Бу асарда қуёш сўзи турли ўринларда, турли маъноларда келади. Муаллиф устоз Миртемирнинг ҳаёт йўлини тасвирлар, ўзаро суҳбатлар шарҳини ўқувчига етказар экан, истеъдоднинг йўлига ғов бўлганларни қора булутларга ўхшатади. Аммо олмос истеъдод қуёш каби уларни енгиб ўтади, энг тубан, чиркин муҳитда ҳам сўз айтарга имкон топади, виждонини сотмайди, демоқчи бўлади муаллиф.
Таниқли публицист, адабиётшунос олим Очил Тоғаев мазкур эссега шундай баҳо берган: “Шахс маънавиятида ҳаётий қарама-қаршиликлар, турмуш ва ижод машаққатлари вужудга келтирган янгиликни очиш асарнинг бош муддаосидир.”

Юқоридаги фикрни инкор этмаган ҳолда, қўшимча қилмоқ жоиз: бу асар, аввало, шогирднинг ўз устозига бўлган улкан эҳтиром ва садоқати маҳсулидир. Эсседа Миртемирнинг ғоят олийжаноб феъл-атвори, гулларга ошуфта қалби, илҳомга тўлиқ, жўшқин дамлари, оддий инсоний кечинмалари аниқ далиллар, воқеалар воситасида очиб берилган.

“Қуёшни кўргали келдим”нинг шу жанрдаги бошқа жуда кўплаб намуналардан ажралиб турадиган жиҳати, ундаги қуюқ лиризм, ҳар бир саҳифада, фикрда, сўзда сезилиб турадиган самимиятдир.
Миртемир ҳақида жуда кўп илмий-адабий мақолалар ёзилган, ёзилмоқда. Зеро, шоир ўзбекнинг чўнг шоири, қалбидарё инсон сифатида шунга арзийди. Бироқ, Миртемир дунёсига, ижодий лабораториясига бошловчи йўл мана шу асар орқали ўтади.

Ҳа, Миртемир адабиётимиз тарихидаги мумтоз сиймолардан бири, катта таржимон, намунали инсон, ва лекин бандаи ожиз сифатида оддий инсоний нуқсонлари, ожиз томонлари ҳам бўлган. Муаллиф масаланинг ана шу жиҳатларини ҳам назардан соқит қилмай, ўқувчи кўз ўнгида турли мураккаб вазиятлардан қалб амрига қулоқ тутиб, мағрур ўтган инсон сиймосини гавдалантиради.

Эссенинг туб моҳиятида Ватанга бўлган улкан муҳаббат ҳисси барқ уриб туради. Бинобарин, она тупроққа, Ватанга, элу юртга бўлган муҳаббат бобида Миртемир жуда кўп ёзган. Машҳур бахшилар этагини тутиб, халқ ижодиёти уммонига шўнғиган. Натижада, халқона, тоза ўзбекий оҳанг касб этган ўз сўзини топа олган. Бировга ўхшамайдиган, ҳатто атайлаб ўхшатиб бўлмайдиган назмий услубини кашф этган. Ана шу жиҳатларга мафтун садоқатли шогирд – Отаёр эса устоз йўли ва тилини жозибали, фараҳли қилган омилларни, йиллару йўлларни, даврдошу даврадошларни, ҳамкасбу ҳамфикрларнинг эзгу сўзларини моҳирлик билан ўз эссесига жамлай олди. Шу боис, бу асарни оддийгина эссе эмас, илмий-адабий тадқиқот дейиш мумкин.

Отаёр ўзининг бир гўзал мақоласи якунида “Орзу чорлаганда…” дея хитоб қилади. Қайдам, балки бу ибора катта топилма эмасдир, тилимизда мавжуд кўпдан-кўп сертаъсир сўзлардан биридир. Аммо омадсизлик чангалидан қутулишни ўйлаб, изтироб исканжасига тушган кезларимиз, орзу чорлаган дамларда инсонда ҳеч қачон енгиб бўлмайдиган ғайритабиий бир куч, истак уйғонишини, йўлида учраган барча тўсиқларни мардона енгиб ўтишга қодир руҳият пайдо бўлишини тушундим. Адабиётнинг энг муқаддас, мангу, ўлмас фалсафаси – инсонларни гўзал орзу қилишга чоғлаш, руҳлантириш эканлигини теран англадим. Бу оламда ҳеч бир манзара ўзининг буюк орзулари сари одимлаётган инсон қиёфасига тенг келмас экан. Ана шу оддий, аммо ҳикмати улуғ фалсафани кўнглимизга халқимизнинг самимий, камтаргина шоири Отаёр чуқур жойлаб кетди.

001
Отаёрнинг «Оқ фасл» шеърий тўпламини мутолаа қилинг
03

044

(Tashriflar: umumiy 123, bugungi 1)

Izoh qoldiring