Muhammad Salom. Amal havosi

033

Муҳаммад Салом. Амал ҳавоси. Роман.Тошкент: «Tafakkur» нашриёти, 2014, 272 бет. / Muhammad Salom. Amal havosi. Roman.Toshkent: «Tafakkur» nashriyoti, 2014, 272 bet.

Бир сабаб бўлди-ю, ўтган йили “Мувозанат”ни кўздан кечиришимга тўғри келди. Ўшанда асарнинг жуда керакли ўринлари қисқарганидан кўнглим ўксиди. Ўйга толдим ва қатъий қарорга келдим: ҳур мамлакатим аҳли бу китобни тўлалигича ўқишлари, ўша давр ва одамлар хусусида маълум бир тушунчага эга бўлишлари зарур. Шу маънода асарни тўлдириб, баъзи таҳрирлар асосида, “Амал ҳавоси” номида азиз китобхонга ҳавола этишни лозим топдим.

044
Муҳаммад Салом
АСАРНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ
009

Амалий илм уч турга бўлинади:
биринчиси — мамлакатни идора қилиш;
иккинчиси — уйни идора қилиш;
учинчиси — ўз — ўзини идора қилиш.
Абу Али ибн Сино.

Етмишинчи йилларнинг охирларида бир мавзу тинчимни йўқотди: туман етакчиси — шаклланиш; камол топиш ва таназзул. Ҳалокатнинг илдизлари…

Бу вақтларда палон жойдаги палон раис, палон райком секретари бунча бойлик йиғибди, халқ мулкини талон-тарож қилибди, одамларга зуғум ўтказибди, бунча муддатга қамалибди, деган гаплар қулоққа чалиниб қоларди. Бундан ташқари, босар-тусарини билмай, хурмача қилиқлар қилиб юрадиган баъзи амалдорларни ҳам кўриб турардим. Эҳтимол, мана шу эшитганлариму билганларим менга йирикроқ бадиий асар ёзишим учун туртки бергандир.

Кўп мушоҳадалардан кейин, ниҳоят, “Таназзул” деб номланган романни ёзишга киришдим. Бошда иш юришди: бир неча бобни эшитганим воқеалар асосида “қотириб” ташладим. Бироқ, навбатдаги бобда тақа-тақ тўхтаб қолдим. Негаки, бош қаҳрамон ҳаракатланадиган майдонни — райкомнинг ички ҳаётини, “ваҳимали” мажлисларини, ходимларнинг ўзаро муносабатларини деярли билмас эканман. Тахминан, хаёлот кучи билан давом эттиришни эса эп кўрмадим. Нима қилиш керак? Бошим қотди. Бирор туманда бу соҳани ўрганиш керакмикан?

Ўша дамларда ўзим туғилган туманнинг янги раҳбари хусусида ғаройиб гаплар эшитиб қолдим. У кишини яхши танирдим. Балки ёрдами тегар…

Мақсадимни Салим Раҳимов тўғри англади ва:
— Марҳамат, бемалол ўрганинг, — деди очиқ чеҳра билан. — Қандай саволлар бўлса, тортинмай сўрайверинг, — кейин кулганча қўшиб қўйди у: — Асосий жанг майдонимиз ҳисобланган бюроларимизда қатнашинг.

Ўрганиш анча давом этди. Ўзим кутмаган ҳолларга, ҳолатларга дуч келдим. Хилма-хил, турфа табиатли одамлар билан мулоқотда бўлдим. Мени лол этган асосий жиҳат… фавқулодда дадиллик, фавқулодда жасорат…

Тасаввур этинг: ўтган асрнинг етмишинчи йиляар охири. Қизил Империя тумшуғини тиқмаган бирор соҳа йўқ. Битта бинони бузиш ёки тиклаш учун ҳам Масковнинг рухсати керак.Ўзим гувоҳиман: ҳатто, режадаги бирор китоб номини ўзгартирмоқчи бўлсангиз, албатта марказга хат ёзиб, тушунтириш берасиз. Шундай вазиятда катта бир туман қиёфасини ўзгартириш, марказда жуда муҳим саноат корхоналари бунёд этиш, одамлар турмушида туб бурилишлар ясашга уриниш, ташландиқ ҳолга келган қабристонларимизни обод қилиш, буюк аждодларимиз руҳини эъзозлаш, эҳ-ҳе, булар жуда кўп, қизиғи, бу ишларни оддий муаллимдан чиққан етакчи амалга оширяпти.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. 1979 йилнинг август ойи охирлари. Туман маркази яқинидаги хўжалик шийпонида ётиб, кузатув ишлари олиб борардим. Тонг-саҳар чоғи қоровулнинг шарпасидан уйғониб кетдим.
— Ҳайитингиз муборак бўлсин! — деб мени табриклашга қўл чўзди у киши сал ўтгач, мен юз-бетимни ювгач.

Тушунмадим. Унга анқовсираб қарадим. Буни англаб:
— Бугун Рамазон ҳайити байрами, — деди қоровул табассум билан. -Ҳайит намозига борасизми?
Синиқ кулимсирадим, бош чайқадим. Сўнг:
— Қаерда ўқилади? — деб секин сўрадим ундан.
— Ҳу ана, Сўфи Чўян мачитида. Ман ҳайит намозига бориб келай…

Кеча қоровул уйидан косада ош-палов чиқартирган, ош устида ҳар хил пишириқлар бор эди. Ҳеч нима хаёлимга келмаган. Аммо унинг рўза тутишини яхши билардим. Кейинчалик бунинг фаҳмига етдим: Арафа куни ўтганлар руҳи-поклари учун ис чиқарилган, фотиҳа ўқилган…

Чорпояга қайта чўзилиб, хаёлга толдим. Бир оздан кейин майин азон товуши, кейин имомнинг “Қуръон” сураларини баланд овозда ўқиган ёқимли овози, «Оллоҳу Акбар» сўзлари таралди-ю, бутун вужудим жимирлаб кетди. Ўзимча “Бизларга ҳам насиб қилармикан шундай кунлар?” деб қўйдим.

Қоровул қайтганидан сўнг ундан сўрадим:
-Ҳар йили ҳайит намози шундай ўқиладими?
— Йўғ-а… Яқинда мачит сал эпақага келтирилиб, биринчи маротаба ҳайит намози ўқилди. Намозхонлар роса ёғилиб келибди. Ҳамма қувонган…
-Яхши! Охири хайрли бўлсин! — дедим ҳаяжонланиб. Бу ишда ҳам кимнинг рағбатию қўли борлигини теран ҳис этдим.

Шунга ўхшаш яна кўплаб ажойиб воқеаларга, ҳолатларга кейин ҳам шоҳид бўлдим. Истеъдоднинг қирралари ранго-ранглигига, бу қирраларни ишга сола билиш эса янада жозибали эканлигига иймон келтирдим. Фикрим ўзгарди. Кўрган ва эшитганларим бўйича аввал бирор нима ёзиш, ибратли фаолиятни одамларга етказиш, тарғиб қилиш фикри мени безовта қилишга тушди.

Шу тариқа бир неча йиллик меҳнатим маҳсули — “Мувозанат” романи юзага келди. Айтиш жоизки, асар айнан бўлиб ўтган воқеаларга асосланмаган: бадиий тўқимага кенг ўрин берилган, турли тоифадаги кишилар қиёфаю ҳаракатлари умумлаштириб олинган. Бош муддао — Одам; ҳаётга таъсир этиши мумкин бўлган етакчиларни ўз ўрнига қўя билиш, эл дарғаси ҳар жиҳатдан етук, маънан мукаммал бўлиши масаласидир. Шу маънода бош қаҳрамонга ўз қарашларимни, бойлик ва севги бобида ўзини тия билиш фазилатларини сингдиришга ҳаракат қилганман. Бинобарин, раҳбар бошқаларга намунадир.

Яқинда ўқиб қолдим. XI асрда яшаб ўтган буюк шоиримиз Юсуф Хос Ҳожиб ҳам “Қутадғу билиг” достонида: “Кўринг, агар итларга бош бўлса арслон, Итларнинг барчаси у каби бўлади арслон. Агар арслонларга бошчи бўлса ит, Арслонлар бўлади мисоли бир ит ”, деган эканлар. Бундай фикрлар ҳаётда ҳамиша исботини топган…

Кўнглим тўлгач, асарни чиқариш учун нашриётга топширдим. Нашриётда ўша даврнинг ва мустақиллик йилларининг ҳам тан олинган етук танқидчиси Озод Шарофиддиновга холис баҳолашини сўраб, қўлёзмани ички тақризга беришган. Танқидчининг фикрларига тўла қўшилганман. Яна, қоидага кўра, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг наср кенгашида, 1984 йилнинг 9 февралъ куни кенгаш раиси, улуғ адибимиз Одил Ёқубов раҳбарлигида роман қўлёзмаси муҳокама ҳам қилинди.

Ички тақриз ва муҳокамада айтилган фикрлар бўйича асарни қайта ишлаб, нашрга тайёрладим. Қисқа фурсатда романнинг иккала корректураси ўқилиб, босишга тахт этилди. Бироқ, бу вақтда Масковда ҳокимият ўзгарган, ўзимизнинг ғоявий раҳбарларимиз ҳам ўшаларнинг чилдирмасида ўйнашга уринар эдилар. Шу боис корректурада катта қисқартишлар қилиниб, учинчи корректура русчага ўгирилган ҳолда ғоявий раҳбар хонимга ўқитиб олинган. Мен бу қисқариш ва баъзи “таҳрир”лардан рози эмас, бу тарзда китоб чиқишини истамас эдим. Аммо йил охирлаб қолган эди. Режадаги тайёр китоб чиқмаслиги эса нашриётнинг молиявий аҳволига жиддий таъсир ўтказар, ходимлар жуда зарур мукофотдан маҳрум бўлардилар… Ночор аҳволга тушдим. Лекин китоб чиққанидан сўнг унга қарагим ҳам, саҳифаларини кўздан кечиргим ҳам келмади. Шундай эса-да, китоб тез тарқалганидан хабарим бор.

Бироқ, бу орада Ўзбекистонга яна “қузғун” оралади: “Пахта иши” деб ном олган мудҳиш воқеа туфайли халқимиз бошига кўп кулфатлар ёғилди, юзлаб эл фидойилари тутқинликда, оғир қийноқлар остида азоб чекдилар, мажруҳ ҳолга тушдилар, оламдан бевақт кетдилар.

Шундай кишилар орасида ўзи рақбарлик қилган туманни оёққа турғазган, ажиб иншоотлар бунёд этиб, эл эъзозига эришган Салим Раҳимов ҳам бор эди. Бу одам ҳақидаги хунук хабарни Марказий телевидениенинг 1989 йил ёзидаги кўрсатувларидан бирида, манфур Тельман Гдлян сўзларидан эшитдим. Юртига, халқига яхшилик қилган етакчи ўлимга ҳукм этилган, шикоятга ўрин йўқ, деб жар солинган эди.

Маҳкумнинг кекса отаси ҳамда бир гуруҳ халқ вакиллари ҳақиқат истаб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раиси, СССР Халқ депутати Одил Ёқубовга ёрдам сўраб, мурожаат қилганлар. Собиқ етакчини яхши билувчи киши сифатида бу ишни ўрганишни Одил ака (охиратлари обод бўлсин) менга топширди. Бу вақтда Салим Раҳимов, ажабки, ўз юртида эмас, сира дахли йўқ Тожикистоннинг пойтахти Душанбе шаҳрида, ўлим камерасида жуда оғир лаҳзаларни бошдан кечириб ётарди. Суд мажлислари ҳам ўша ерда, деярли яширин тарзда ўтказилган. Мен аввал туманга бориб, Марказком номидан зўравонларча иш кўрган терговчиларнинг қийноғи остида кўрсатма берган кўплаб одамлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг бир қисми собиқ раҳбарга туҳмат қилишга мажбур этилган, аксарияти калтаклар зарбидан мажрухланиб, соғлиғини батамом йўқотган эдилар.

Вазият ойдинлашгач, юртимиз бош прокурорининг ўша вақтдаги биринчи ўринбосари Бўритош Мустафоевнинг ёзма йўлланмаси билан “қуролланиб”, Душанбе шаҳрига йўл олдим. Анча қийинчиликлардан сўнг ўлим камерасида, миршаблар назоратида, икки соатча вақт ичида маҳбус билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим. Суҳбат ва кузатувларим бўйича “Зиндондан нидо ” деб аталган мақола ёздим. Мақола ўша йилнинг куз ойларида “Қишлоқ ҳақиқати” рўзномасининг еттита сонида чоп этилди, радио эфирларида таралди.

Орадан қанча вақт ўтди, эсимда йўқ, “Тошкент” меҳмонхонасида Салим Раҳимовни яқин одамлари орасида, озод ҳолда учратиб, мириқиб гурунглашдим. Мен бу ажойиб, нурли кунга ҳисса қўшдим, дейишга жуда тортинаман. Мен бор ҳақиқатни имкон қадар одамларга етказишга уриндим, холос.

Асосий хизматни эса муҳтарам Юртбошимиз муваффақиятли тарзда, ғоят жасорат ила адо этгани ҳаммамизга аён. Ўша жасорат туфайли юзлаб етакчилар, ажиб тадбиркорлар фалокатдан, ҳалокатдан омон қолдилар, халқ хўжалигининг турли соҳаларида яна ўзларини намоён этдилар. Қаҳрамонимиз Салим Раҳимов ҳам ўшалар сафида аввал ўз колхозини, сўнг фермер сифатида йирик фирмани қайта оёққа турғазишга, донг таратишга эришиб, ўз шаънию обрўсини янада юқори кўтарди…

Бир сабаб бўлди-ю, ўтган йили “Мувозанат”ни кўздан кечиришимга тўғри келди. Ўшанда асарнинг жуда керакли ўринлари қисқарганидан кўнглим ўксиди. Ўйга толдим ва қатъий қарорга келдим: ҳур мамлакатим аҳли бу китобни тўлалигича ўқишлари, ўша давр ва одамлар хусусида маълум бир тушунчага эга бўлишлари зарур. Бугина эмас, бош қаҳрамон Сўнмас Рустамов каби дадил, жасур, тадбиркор етакчилар ҳамиша кераклигини ҳам биламиз. Шу маънода асарни тўлдириб, баъзи таҳрирлар асосида, “Амал ҳавоси” номида азиз китобхонга ҳавола этишни лозим топдим. Зотан, ҳар қандай амалнинг ҳам ўзига хос, ёқимли ҳавоси билан бирга кучли шамолларию бўронлари ҳам бўлади. Романда буни ҳис этарсиз, деган умиддаман.

08

044
Muhammad Salom
ASARNING TARJIMAI HOLI
009

Amaliy ilm uch turga bo’linadi:
birinchisi — mamlakatni idora qilish;
ikkinchisi — uyni idora qilish;
uchinchisi — o’z — o’zini idora qilish.
Abu Ali ibn Sino.

Yetmishinchi yillarning oxirlarida bir mavzu tinchimni yo’qotdi: tuman yetakchisi — shakllanish; kamol topish va tanazzul. Halokatning ildizlari…

Bu vaqtlarda palon joydagi palon rais, palon raykom sekretari buncha boylik yig’ibdi, xalq mulkini talon-taroj qilibdi, odamlarga zug’um o’tkazibdi, buncha muddatga qamalibdi, degan gaplar quloqqa chalinib qolardi. Bundan tashqari, bosar-tusarini bilmay, xurmacha qiliqlar qilib yuradigan ba’zi amaldorlarni ham ko’rib turardim. Ehtimol, mana shu eshitganlarimu bilganlarim menga yirikroq badiiy asar yozishim uchun turtki bergandir.

Ko’p mushohadalardan keyin, nihoyat, “Tanazzul” deb nomlangan romanni yozishga kirishdim. Boshda ish yurishdi: bir necha bobni eshitganim voqealar asosida “qotirib” tashladim. Biroq, navbatdagi bobda taqa-taq to’xtab qoldim. Negaki, bosh qahramon harakatlanadigan maydonni — raykomning ichki hayotini, “vahimali” majlislarini, xodimlarning o’zaro munosabatlarini deyarli bilmas ekanman. Taxminan, xayolot kuchi bilan davom ettirishni esa ep ko’rmadim. Nima qilish kerak? Boshim qotdi. Biror tumanda bu sohani o’rganish kerakmikan?

O’sha damlarda o’zim tug’ilgan tumanning yangi rahbari xususida g’aroyib gaplar eshitib qoldim. U kishini yaxshi tanirdim. Balki yordami tegar…

Maqsadimni Salim Rahimov to’g’ri angladi va:
— Marhamat, bemalol o’rganing, — dedi ochiq chehra bilan. — Qanday savollar bo’lsa, tortinmay so’rayvering, — keyin kulgancha qo’shib qo’ydi u: — Asosiy jang maydonimiz hisoblangan byurolarimizda qatnashing.

O’rganish ancha davom etdi. O’zim kutmagan hollarga, holatlarga duch keldim. Xilma-xil, turfa tabiatli odamlar bilan muloqotda bo’ldim. Meni lol etgan asosiy jihat… favqulodda dadillik, favqulodda jasorat…

Tasavvur eting: o’tgan asrning yetmishinchi yilyaar oxiri. Qizil Imperiya tumshug’ini tiqmagan biror soha yo’q. Bitta binoni buzish yoki tiklash uchun ham Maskovning ruxsati kerak.O’zim guvohiman: hatto, rejadagi biror kitob nomini o’zgartirmoqchi bo’lsangiz, albatta markazga xat yozib, tushuntirish berasiz. Shunday vaziyatda katta bir tuman qiyofasini o’zgartirish, markazda juda muhim sanoat korxonalari bunyod etish, odamlar turmushida tub burilishlar yasashga urinish, tashlandiq holga kelgan qabristonlarimizni obod qilish, buyuk ajdodlarimiz ruhini e’zozlash, eh-he, bular juda ko’p, qizig’i, bu ishlarni oddiy muallimdan chiqqan yetakchi amalga oshiryapti.

Hech esimdan chiqmaydi. 1979 yilning avgust oyi oxirlari. Tuman markazi yaqinidagi xo’jalik shiyponida yotib, kuzatuv ishlari olib borardim. Tong-sahar chog’i qorovulning sharpasidan uyg’onib ketdim.
— Hayitingiz muborak bo’lsin! — deb meni tabriklashga qo’l cho’zdi u kishi sal o’tgach, men yuz-betimni yuvgach.

Tushunmadim. Unga anqovsirab qaradim. Buni anglab:
— Bugun Ramazon hayiti bayrami, — dedi qorovul tabassum bilan. -Hayit namoziga borasizmi?
Siniq kulimsiradim, bosh chayqadim. So’ng:
— Qaerda o’qiladi? — deb sekin so’radim undan.
— Hu ana, So’fi Cho’yan machitida. Man hayit namoziga borib kelay…

Kecha qorovul uyidan kosada osh-palov chiqartirgan, osh ustida har xil pishiriqlar bor edi. Hech nima xayolimga kelmagan. Ammo uning ro’za tutishini yaxshi bilardim. Keyinchalik buning fahmiga yetdim: Arafa kuni o’tganlar ruhi-poklari uchun is chiqarilgan, fotiha o’qilgan…

Chorpoyaga qayta cho’zilib, xayolga toldim. Bir ozdan keyin mayin azon tovushi, keyin imomning “Qur’on” suralarini baland ovozda o’qigan yoqimli ovozi, «Ollohu Akbar» so’zlari taraldi-yu, butun vujudim jimirlab ketdi. O’zimcha “Bizlarga ham nasib qilarmikan shunday kunlar?” deb qo’ydim.

Qorovul qaytganidan so’ng undan so’radim:
-Har yili hayit namozi shunday o’qiladimi?
— Yo’g’-a… Yaqinda machit sal epaqaga keltirilib, birinchi marotaba hayit namozi o’qildi. Namozxonlar rosa yog’ilib kelibdi. Hamma quvongan…
-Yaxshi! Oxiri xayrli bo’lsin! — dedim hayajonlanib. Bu ishda ham kimning rag’batiyu qo’li borligini teran his etdim.

Shunga o’xshash yana ko’plab ajoyib voqealarga, holatlarga keyin ham shohid bo’ldim. Iste’dodning qirralari rango-rangligiga, bu qirralarni ishga sola bilish esa yanada jozibali ekanligiga iymon keltirdim. Fikrim o’zgardi. Ko’rgan va eshitganlarim bo’yicha avval biror nima yozish, ibratli faoliyatni odamlarga yetkazish, targ’ib qilish fikri meni bezovta qilishga tushdi.

Shu tariqa bir necha yillik mehnatim mahsuli — “Muvozanat” romani yuzaga keldi. Aytish joizki, asar aynan bo’lib o’tgan voqealarga asoslanmagan: badiiy to’qimaga keng o’rin berilgan, turli toifadagi kishilar qiyofayu harakatlari umumlashtirib olingan. Bosh muddao — Odam; hayotga ta’sir etishi mumkin bo’lgan yetakchilarni o’z o’rniga qo’ya bilish, el darg’asi har jihatdan yetuk, ma’nan mukammal bo’lishi masalasidir. Shu ma’noda bosh qahramonga o’z qarashlarimni, boylik va sevgi bobida o’zini tiya bilish fazilatlarini singdirishga harakat qilganman. Binobarin, rahbar boshqalarga namunadir.

Yaqinda o’qib qoldim. XI asrda yashab o’tgan buyuk shoirimiz Yusuf Xos Hojib ham “Qutadg’u bilig” dostonida: “Ko’ring, agar itlarga bosh bo’lsa arslon, Itlarning barchasi u kabi bo’ladi arslon. Agar arslonlarga boshchi bo’lsa it, Arslonlar bo’ladi misoli bir it ”, degan ekanlar. Bunday fikrlar hayotda hamisha isbotini topgan…

Ko’nglim to’lgach, asarni chiqarish uchun nashriyotga topshirdim. Nashriyotda o’sha davrning va mustaqillik yillarining ham tan olingan yetuk tanqidchisi Ozod Sharofiddinovga xolis baholashini so’rab, qo’lyozmani ichki taqrizga berishgan. Tanqidchining fikrlariga to’la qo’shilganman. Yana, qoidaga ko’ra, O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining nasr kengashida, 1984 yilning 9 fevral’ kuni kengash raisi, ulug’ adibimiz Odil Yoqubov rahbarligida roman qo’lyozmasi muhokama ham qilindi.

Ichki taqriz va muhokamada aytilgan fikrlar bo’yicha asarni qayta ishlab, nashrga tayyorladim. Qisqa fursatda romanning ikkala korrekturasi o’qilib, bosishga taxt etildi. Biroq, bu vaqtda Maskovda hokimiyat o’zgargan, o’zimizning g’oyaviy rahbarlarimiz ham o’shalarning childirmasida o’ynashga urinar edilar. Shu bois korrekturada katta qisqartishlar qilinib, uchinchi korrektura ruschaga o’girilgan holda g’oyaviy rahbar xonimga o’qitib olingan. Men bu qisqarish va ba’zi “tahrir”lardan rozi emas, bu tarzda kitob chiqishini istamas edim. Ammo yil oxirlab qolgan edi. Rejadagi tayyor kitob chiqmasligi esa nashriyotning moliyaviy ahvoliga jiddiy ta’sir o’tkazar, xodimlar juda zarur mukofotdan mahrum bo’lardilar… Nochor ahvolga tushdim. Lekin kitob chiqqanidan so’ng unga qaragim ham, sahifalarini ko’zdan kechirgim ham kelmadi. Shunday esa-da, kitob tez tarqalganidan xabarim bor.

Biroq, bu orada O’zbekistonga yana “quzg’un” oraladi: “Paxta ishi” deb nom olgan mudhish voqea tufayli xalqimiz boshiga ko’p kulfatlar yog’ildi, yuzlab el fidoyilari tutqinlikda, og’ir qiynoqlar ostida azob chekdilar, majruh holga tushdilar, olamdan bevaqt ketdilar.

Shunday kishilar orasida o’zi raqbarlik qilgan tumanni oyoqqa turg’azgan, ajib inshootlar bunyod etib, el e’zoziga erishgan Salim Rahimov ham bor edi. Bu odam haqidagi xunuk xabarni Markaziy televideniening 1989 yil yozidagi ko’rsatuvlaridan birida, manfur Telman Gdlyan so’zlaridan eshitdim. Yurtiga, xalqiga yaxshilik qilgan yetakchi o’limga hukm etilgan, shikoyatga o’rin yo’q, deb jar solingan edi.

Mahkumning keksa otasi hamda bir guruh xalq vakillari haqiqat istab, O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining o’sha paytdagi raisi, SSSR Xalq deputati Odil Yoqubovga yordam so’rab, murojaat qilganlar. Sobiq yetakchini yaxshi biluvchi kishi sifatida bu ishni o’rganishni Odil aka (oxiratlari obod bo’lsin) menga topshirdi. Bu vaqtda Salim Rahimov, ajabki, o’z yurtida emas, sira daxli yo’q Tojikistonning poytaxti Dushanbe shahrida, o’lim kamerasida juda og’ir lahzalarni boshdan kechirib yotardi. Sud majlislari ham o’sha yerda, deyarli yashirin tarzda o’tkazilgan. Men avval tumanga borib, Markazkom nomidan zo’ravonlarcha ish ko’rgan tergovchilarning qiynog’i ostida ko’rsatma bergan ko’plab odamlar bilan suhbatlashdim. Ularning bir qismi sobiq rahbarga tuhmat qilishga majbur etilgan, aksariyati kaltaklar zarbidan majruxlanib, sog’lig’ini batamom yo’qotgan edilar.

Vaziyat oydinlashgach, yurtimiz bosh prokurorining o’sha vaqtdagi birinchi o’rinbosari Bo’ritosh Mustafoevning yozma yo’llanmasi bilan “qurollanib”, Dushanbe shahriga yo’l oldim. Ancha qiyinchiliklardan so’ng o’lim kamerasida, mirshablar nazoratida, ikki soatcha vaqt ichida mahbus bilan suhbatlashishga muvaffaq bo’ldim. Suhbat va kuzatuvlarim bo’yicha “Zindondan nido ” deb atalgan maqola yozdim. Maqola o’sha yilning kuz oylarida “Qishloq haqiqati” ro’znomasining yettita sonida chop etildi, radio efirlarida taraldi.

Oradan qancha vaqt o’tdi, esimda yo’q, “Toshkent” mehmonxonasida Salim Rahimovni yaqin odamlari orasida, ozod holda uchratib, miriqib gurunglashdim. Men bu ajoyib, nurli kunga hissa qo’shdim, deyishga juda tortinaman. Men bor haqiqatni imkon qadar odamlarga yetkazishga urindim, xolos.

Asosiy xizmatni esa muhtaram Yurtboshimiz muvaffaqiyatli tarzda, g’oyat jasorat ila ado etgani hammamizga ayon. O’sha jasorat tufayli yuzlab yetakchilar, ajib tadbirkorlar falokatdan, halokatdan omon qoldilar, xalq xo’jaligining turli sohalarida yana o’zlarini namoyon etdilar. Qahramonimiz Salim Rahimov ham o’shalar safida avval o’z kolxozini, so’ng fermer sifatida yirik firmani qayta oyoqqa turg’azishga, dong taratishga erishib, o’z sha’niyu obro’sini yanada yuqori ko’tardi…

Bir sabab bo’ldi-yu, o’tgan yili “Muvozanat”ni ko’zdan kechirishimga to’g’ri keldi. O’shanda asarning juda kerakli o’rinlari qisqarganidan ko’nglim o’ksidi. O’yga toldim va qat’iy qarorga keldim: hur mamlakatim ahli bu kitobni to’laligicha o’qishlari, o’sha davr va odamlar xususida ma’lum bir tushunchaga ega bo’lishlari zarur. Bugina emas, bosh qahramon So’nmas Rustamov kabi dadil, jasur, tadbirkor yetakchilar hamisha kerakligini ham bilamiz. Shu ma’noda asarni to’ldirib, ba’zi tahrirlar asosida, “Amal havosi” nomida aziz kitobxonga havola etishni lozim topdim. Zotan, har qanday amalning ham o’ziga xos, yoqimli havosi bilan birga kuchli shamollariyu bo’ronlari ham bo’ladi. Romanda buni his etarsiz, degan umiddaman.

08

(Tashriflar: umumiy 141, bugungi 1)

Izoh qoldiring