Muhammad Sharif. Otamakon

033     Унинг кўз олдида ўша қишлоқ намоён бўлаверди. Қишлоқнинг мовий осмонида балиқлар тўдаси сокин сузишарди.У қишлоқнинг шовуллаб турган осмонўпар теракларини, пахса деворлару лойсувоқ томларини, кўча бошидаги кекса ёнғоқ, баққолнинг дўконини, ҳуштакчи чолнинг устахонасини, чақалоқлигида тарк этган ҳовлисини, лойсупа устига чодирдек шохларини ташлаган марвардак тутни, бари-барини кўрди, таниди….

Муҳаммад Шариф
ОТАМАКОН

02

Без названия.jpgАдиб ва журналист Муҳаммад Шариф 1968 йил Наманган вилояти, Косонсой туманининг Гўримирон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факултетида таҳсил олган (1988-1993).Турли йилларда «Ҳаёт ва иқтисод», «Ўзбекистон табиати», «Ватан» нашрларида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастурида фаолият юритган. 2004-йилдан Франциянинг «Франц-Пресс» ахборот агентлигида хизмат қилади.
Бир қанча мақола ва ҳикоялари миллий ва хориж матбуотида чоп этилган.

02

Ассалом алайкум, каттамнинг юрти,
Ассалом алайкум, кирпичли бешик.
Неча йил олисда бемакон юрдим –
Ва қайтдим бош букиб, очилмас эшик!

Иқбол

Унинг кўз олдида ўша қишлоқ намоён бўлаверди. Қишлоқнинг мовий осмонида балиқлар тўдаси сокин сузишарди.У қишлоқнинг шовуллаб турган осмонўпар теракларини, пахса деворлару лойсувоқ томларини, кўча бошидаги кекса ёнғоқ, баққолнинг дўконини, ҳуштакчи чолнинг устахонасини, чақалоқлигида тарк этган ҳовлисини, лойсупа устига чодирдек шохларини ташлаган марвардак тутни, бари-барини кўрди, таниди. Қишлоқ худди отаси таърифлаб берганидек бор бўйи билан шаффоф ойнада акс этганди. Отаси қишлоқ ҳақида оқ ҳарир парда ортида укпар болишни қучганича хаёл сураётган навниҳол келинчак тўғрисида сўзлаётгандек гапирарди. Ақлини таниганидан бери қайта-қайта эшитавергани боис, отасининг қишлоқ ҳақидаги ҳикояси унга ёд бўлиб кетганди.Иситмасини ўлчаш учун кириб келган мовий кўз ҳамшира унинг қувваи ҳофизида бир-бир тикланаётган гўзал манзарани шифохонанинг захдан сарғиш тусга кирган деворига қориштириб юборди.

Ҳамшира ҳаммаси жойида дегандек, маъноли бош ирғаб кетганидан сўнг у юз берган воқеани батафсилроқ эслаб кўришга уринди. У ҳамон тирик қолганига ўзини ишонтиролмай қийналарди.Кеманинг остҳужраси туйнукдан шиддат билан отилиб кираётган сувга тўлганида унинг онгу шуурини қуюқ қора туман қоплаб, бу сиқиқ зулумот жонини қисти-бастига олаётганди. Жудаям узоқ давом этган жон азобидаги тўлғонишдан сўнг у тарс-тарс ёрилишга ҳозирланган томирларига беҳол бир ҳаловат югуриб, бўғзига қўл суқиб юрагини чангаллаган кўйи суғуриб олмоқчи бўлган қора шарпа чекинганини ҳис қилди. Энди у ҳавосизликдан қийналмасди. Жоним чиқиб улгурди, шекилли, деб ўйлади у. Лекин руҳиятида тананинг залворини сезиб, бир ҳаракат илинжида тўлғонганида бармоқлари бемажол қимирлади. Шунда у бошини кўтариб жилоланаётган қизил ёғдуни кўрди ва бу қулоқларимдан отилиб чиққан қон бўлса керак, деб ўйлади. У ортига ўгирилиб, фалокатдан дарак берувчи қизил чироқ ёниб турганлигини кўрди ва шу аснода мудҳиш манзаранинг гувоҳи бўлди.Ҳужрада ҳалигина жон талвасасида туйнук томон талпинган денгизчи аскарларнинг ярим-яланғоч жасадлари чойшаб ва ёстиқлар орасида айқашиб ётар, тепаларида сиёҳи чапланиб улгурмаган мактуб парчалари, ёстиқ остида сақланиб келинган азиз кишиларининг сувратлари ва яна алламбалолар сузиб юрарди. У даҳшатдан донг қотиб турар экан илкис таниш нигоҳга дуч келди ва ўша томонга талпиниб, кимнидир чорламоқчи бўлганида оғзи сувга тўлиб, ўқчиб юборди. Сўнг охирги кучини жамлаб юқорига сузди, ўзининг ҳаракатидан тўлқинланган сувда тобора узоқлашиб бораётган сувратни зўрға тутди. Ивиган суврат унинг ҳаяжондан қалтираётган бармоқлари орасида беихтиёр ғижимланиб кетди, сувратни текисламоқчи бўлганида отасининг сиймоси кўз ўнгида парчаланиб, лахтак-лахтак қоғоз бўлакларига айланди.Унинг қалби бўлакланиб кетгандек эди. У узоқ, ўксиб-ўксиб йиғлади. Кўзларига тўлиб қолган денгиз суви ёш томчилари каби туюлди.Кема сув остига оғир қўнганида мовий денгиз қаърини бўғиқ қарсиллаш ларзага келтирди. Кеманинг мотор қисми гумбиллаб портлади. У аллақандай ашқол-дашқоллар билан бирга очиқ денгизга қаърига отилди…Уни ҳарбий кема ҳалокатга учрагач, ўн олти соатдан сўнг тўлқинлар оғушидан топиб олишганини ҳамшира қиздан эшитди.

“Тўрт кун тинимсиз алаҳсираб, мана бугун сал ўзингизга келиб қолдингиз,” деди у майин табассум қилиб.Бироқ у мен ҳозир ҳам алаҳсираяпман, деган фикрда эди. Чунки, ҳамшира қизнинг мовий кўзларида фируза кўл жилоланар, у кўлда сузаётган қайиқни ва ундаги ота-болани кўраётган эди. Қайиқдаги бола ўзи, эшкак эшаётган кимса эса отаси эди. Отаси уни илк марта кўлга қачон олиб келганини эслай олмайди, ақлини энди таниётган ёш бола эди ўша пайтлар. Бироқ осмон гумбазидек шаффоф ва улкан мовий кўлнинг жимирлаши, ёввойи ўрдакларнинг потирлаб учиши ва отасининг тўхтовсиз нималар ҳақидадир паришонхотир сўйлаши хотирида ўчмас муҳр бўлиб қолган.

Ўша кезлар у отасининг гапларига парво қилмас, эшкак эшаётганда бўртиб чиқаётган елкаларини, ажин босган пешонаси ва қуёшда қорайган ҳорғин чеҳрасини кузатишдан зерикса, қўлини сувга солиб, бармоқлари ясаётган изларни томоша қиларди. Орадан шамолдек шошқалоқ йилларнинг анча-мунчаси ўтиб кетгач, энди аҳвол ўзгарган, унинг кучга тўлиб бораётган билагидаги томирлари ўйноқлаб эшкак эшар, отаси нурсизланиб бораётган кўзларини олисдаги ўркач булутлардан узмай эски ҳикояни сўйларди.

Ўз наздида, ота бирор нарсани унутиб қолдирмас, ўғлига бир пайтлар мана шу кўлнинг остида учта қишлоқ бўлгани, уларни оралаб шошқин дарё оқиб ўтгани, сўлим ва фаровон боғчаларию ҳар қадамда учрайдиган зилол булоқларини, одамларнинг меҳр-оқибатини, бари-барини гапириб берганди. Фархунда ва осуда кунларнинг бирида қишлоқда шаҳардан келган одамлар пайдо бўлди. Елкаларига ажабтовур асбоб-анжомларни осган кўйи теваракдаги қир-адирларни кезиб, темир қозиқлар қоқиб чиқишди. Биров ҳа деб сўрагунча бўлмай, у одамлар қандай келган бўлса шундай тез ғойиб бўлди. Гўрга киргандек изсиз кетишди. Шундан сўнг уч йил ўтар-ўтмас қўққисдан водий аҳолисини шошилинч кўчира бошлашди. Одамлар кўч-кўронини зўрға йиғиштириб олди. Мол-қўйларини бошқа қишлоқдан келганлар арзон-гаровга сотиб олди. Улар борадиган жойда қўй тугул товуқ сақлашнинг ҳам имкони йўқ экан. Қишлоқ аҳлини йигирма чақирим наридаги саҳрога қурилган темир-метин уйларга жойлаштиришди. Чўнтаги кўтарганлари янги манзил қидириб ҳар томонга тарқаб кетди, ёшлар қопчиғини елкага ташлаб катта шаҳарларга қараб йўл олди. Қолганларга саҳрода қурилган заводдан иш беришди. Бутун бир эл ари уясидек тўзғиб, ном-нишонсиз кетди.

Сув омборининг чор-атрофига дам олиш уйлари қурилди, ёз бўлди дегунча ярим-яланғоч эркагу аёл мўру малахдек босиб кетади. Ота-боболарининг муқаддас хоклари устида лаблари кўкариб, кўзлари қизаргунча чўмилади, яна не ҳунарларни қилмайди дейсан, бу инсон зоти…Инсонга тук битгани сари у қайғуни теран англай боради ва бу мўйларнинг оқаруви билан якунланади. Энди у отасининг дили не ҳасратда доғланаётганини тушуниб қолган, зерикса илгаригидек инжиқлик қилмас, отаси “кетамиз” демагунча миқ этмасди. Гоҳо отасини овунтириш учун, мен қишлоққа тушиб чиқаман, деб сув остига шўнғир, узоқ муддат ғойиб бўларди. Ўғлининг ҳазилига тушуниб турса-да, ота бечоранинг юраги ҳаяжондан потирлаб кетар, худди ортидан ўзи ҳам сувга сакрамоқчидек бир тараддуд ичра қийналарди. Сув остидан отилиб чиқиб, ҳансираб нафас олаётган ўғлини кўргач, отанинг қалби ғурурга тўларди. Ўғли кўпқаватли умумётоқнинг тор ва бадбўй, нимқоронғу йўлакларида вояга етаётган қўшни болаларга ўхшамас, забардаст ва навқирон эди. “Худога беадад шукур”, ўйларди ота, “ўн саккиз йилдан буён ҳар якшанба уни бу кўлга олиб келганларим бесамар кетмабди.”Авваллари отаси соҳилга қараб қишлоқнинг қайси ўртада жойлашганини тусмолларди. Энди у ҳам отаси каби мўлжални бехато олади.

Кўча бошига келганда қайиқни секинлатади, отаси шошилмай, баққол борми, ҳуштакчи чолми борми, ҳаммасини уруғ-аймоғигача айтиб чиқар, иморатини солган устани-да унутмасди. Ўз уйлари устида сузаётганликларини у табиий савқ билан сезар ва эшкакларни сувдан кўтарарди, отаси эса иштиёқ билан сўйлашга тушарди:- Деворимиз уч пахса эди, раҳматли Нурдин пахсакаш урган, ўзим лой узатиб турганман. Ҳар қўллари бор эдики, бир лаган паловни бир ошамига сиғдирарди. Белкуракда узатган лойим кафтининг ярмини ҳам тўлғазмасди, унга лой етказиб бераман деб яқин беланги бўлганман. Дарвозамиз қоратолнинг ёғочидан қилинган, очилганда ғийқиллаб чўзиқ нола қиларди. Бўз йигитлигимда уйга кеч қайтардим, онам эшикнинг тунги хонишини эшитгандан кейин сўнг бехавотир уйқуга кетарди. Уйимиз даҳлиз-ичкарию олди айвонли бўларди, ёнидан чоғроққина меҳмонхона тушганди. Ёз кунлари шамол томга ғарқ пишган олмаларни дўпирлатиб тўкар, мен этагимни тўлатиб териб тушардим. Ҳовлимизнинг ўртасида қариб қолган марвардак тут, унинг остида эса уч-тўрт киши давра қуриб ўтирса бўладиган лойсупа бўларди. Супага тангадек офтоб тушмас, ёмғир ёғганида ҳам бамайлихотир ўтирса бўларди. Тутни катта отамиз ўтқазган экан. Уруш йилларидаги қаҳатчиликда тут қарийб қишлоқни боққан, онамнинг куни тутталқон қилиш билан ўтарди. Тутга отамнинг беланчаги осилган, мени ҳам шу тут тебратиб катта қилган. Сен янги туғилганингда кунлар совий бошлаган эди, лекин ирим қилиб беланчагингни тутга осганмиз. Ҳеч ёдимдан чиқмайди, қаттиқ шамол туриб заъфарон хазонларни шитирлатганча осмону фалакка кўтарган, тутнинг шохлари уввос солиб йиғлаётгандек роса чайқалган. Сен сарғиш тут япроқлари остида кўмилиб кетгандинг. Онанг шўрлик, бу яхшиликка эмас дея, дер зор-зор йиғлаган. Мен уни отам неварасини суйганидан шундай қиляпти, деб зўрға юпатганман. Биз тутда отамнинг руҳи бор дея ҳисоблардик, бунга ўз наздимизда асосимиз ҳам бор эди. Отамдан қорахат келганида мен беш-олти ёшлар чамасидаги бола эдим. Онам бу кўргуликдан ўзини олдириб қўйган, далага чиқиб ишлолмас, ошпазлик қилиб, тушлик пайти ёбондаги хотин-халажга ёвғон шўрвами ёхуд шунга ўхшаш, неки топилса ўшани олиб борарди. Бир куни онам далага тушлик олиб кетганидан сўнг мен тўкилиб ётган марвардак тутларга қаноат қилмай, чолдек мункайиб қолган тутнинг тепасига чиқдим.

Энг юқори каллагига чиққанимда юрагимда ваҳм қўпди, эҳтиётсизлик қилиб нобопроқ бутоққа оёқ қўйган эканман, пастга калла қилдим. Энди ўлдим деб ўйлаб жон ҳолатда қичқирдим, шу тушиб боришимда ерпарчин бўлишим тайин эди. Туйқус кимнингдир мулойим, лекин кучли қўллари мени тутиб қолиб, аста ерга қўйди. Қаттиқ қўрқиб кетганимдан кўзимни чирт юмиб олгандим, бир оздан сўнг ҳайрат ва ҳадик тўла кўзларимни очганимда ён-атрофимда бирор шарпа йўқ эди. Менга шундай туюлдими, десам ҳеч қаеримда оғриқ йўқ. Шу пайт қўшнимиз Шарофат эна келиб қолди, кампир қичқириғимни эшитибоқ бир палакат бўлди-ёв, деганича бизникига чопибди. Уни кўриб лабларимга табассум югурди, тутдан калла қилиб ҳам соғ қолганим ўзимга нашъа қилиб, юз берган ғалати воқеани унутгандим. Мени тиржайиб турганимни кўриб Шарофат эна ҳассасини ўқталганича саннаб кетди-ю…Онам келгач воқеани эшитиб, роса кўз ёши тўкди.
Сўнг мени отин кампирни чақириб келишга юбориб, ўзи отамнинг руҳи учун чироқ ёқишга тайёргарлик кўра бошлади.Яна бир сафар ғира-шира қоронғулик чўккан пайтда онам ташқарига чиқди-ю, дарров ранги бир аҳволда қайтиб кириб, эшик кесакасига суяниб қолди. Тўхтовсиз ёқасига туфларкан, “Вой, ўғлим тутнинг тагида кимдир турибди, худди отангга ўхшайди, нега келмаяпти экан-а?! Юрчи, чиқиб кўрайликчи”, деб мени етаклади. Дағ-дағ қалтираётган онамнинг қўллари муздек эди. Дарҳақиқат, тутнинг тагида қора шарпа турарди. Биз унинг юзини аниқ кўролмасак-да, қомати худди отамникига ўхшарди, урушга кетаётганда кийган кийими ҳам худди ўша-ўша. Биз отамни чақирмоқчи бўлганимизда у тутга имо қилгандек бўлди ва унинг ортига ўтиб ғойиб бўлди. Онам икковимиз бир-биримизнинг пинжимизга кириб, минг ҳаяжон билан тутнинг атрофини айланиб чиқдик, бироқ ҳеч кимни учратмадик. Отам гўё қоронғуликка сингиб кетган эди.

Ўша кеча Шарофат энани чақириб чиқиб, бирга ётганмиз. Тутнинг танасидаги катта ёриқ онам қазо қилганида пайдо бўлганди.Сенинг беланчагингни тутга осганимизда онангнинг юрагига ғулғула беҳуда тушмабди. Аёл кишининг қалби сезгир бўлар экан – тут безовта бўлиб чайқалганда отамнинг руҳи бизни фалокатдан огоҳ этмоқчи бўлгани кейин аён бўлди.Ўша йили қишда онангни буйраги шамоллаб вафот этди, баҳорда эса бизни қишлоғимиздан қувғин қилишди.Отаси гапини тугатгач, узоқ муддат сувга тикилганча тек қотарди. “Энди қабристонга ҳайда, онангни зиёрат қиламиз” дерди кўз ёшларини сездирмай артар экан. У падарининг хаёлини бузишни истамас, эшкакни шалоплатмай аста эшар, мозорга етиб келганларидан сўнг яна эшкакларни сувдан кўтарарди. Отаси бобокалонлари, энаси ва волидаси ҳақида узоқ сўзлар, сўнг суяклари сув остида чириётган барча ҳамқишлоқлари руҳига атаб дуо ўқигач, беҳиштдаги кавсар лабида тургандек ихлос билан ҳовучини сувга тўлдириб, юз-кўзларини юварди. У ҳам отасининг ҳаракатларини айнан такрорлагач, юзида илиқ ҳарорат, руҳида ёруғлик ҳис этарди. Улар ортига қайтишар экан, отаси ҳеч қачон ҳақиқатга айланмайдиган хаёлий орзусини, эҳтимол, мингинчи бор такрорларди. “Пулимиз кўпайса, ғаввослар кийимини сотиб оламиз, ўшанда кўлнинг остига тушиб, қишлоғимизни сайр қиламиз. Мен сенга айтганларимни ўз кўзинг билан кўрасан, қабристонни зиёрат қиламиз,” дерди. У отасининг рўзғордан бир тийин ҳам орттиролмаслигини, ғаввослар кийимини эса умрида кўрмаган, фақат у ҳақда бировлардан эшитганини биларди.Соҳилга чиқишгач қайиқларни ижарага берувчи чол уларга ўдағайлаб кетарди. “Яна тушгача деб шомгача юрдиларинг, энди мендан ўйлашиброқ қайиқ оласанлар” дея шовқин соларди. Шунда отаси ижара ҳақини икки баробар тўлашга мажбур бўларди. Чол пулни икки буклаб чўнтагига тиқар экан, ота-бола савдойиларнинг ортидан таажжуб ила боқарди.

У инсонни шу куйга туширадиган қандайдир дард борлигини билмас, эҳтимол унутиб юборганди.Остонада пайдо бўлган мовий кўз ҳамширанинг қўнғироқдек жарангдор овози уни хотиралар уммонидан қирғоққа итқитиб юборди. Ҳамшира узр сўрагандек гуноҳкорона жилмайди.У уф тортиб, юрагини чангаллади. Чунки энди ҳамшира қизнинг кўзларида нафақат мовий кўлни, балки унинг остидаги яшил қишлоқни ҳам кўраётганди. Қишлоқ кўлга тикка тушаётган қуёш нурларида товланиб, элас-элас кўзга ташланиб қоларди. У ҳозирги манзарани бундан қарийб уч йил муқаддам, ҳарбийга жўнашидан олдин отаси билан кўлга сўнгги марта борганида кўрган эди. Ўшанда у ҳар галгидек сув остига шўнғиган, бироқ бу сафар жуда узоқ кетган ва яшил сувўтлари қоплаган қишлоқни анча юқоридан кўришга восил бўлганди. Сўнгги ўша сайр ғайритабиий бўлганди, отаси қайиққа ўтирганларидан бошлаб, то қайтиб кетгунларига қадар бир оғиз гап айтмай оғир сукут сақлаган эди. Бироқ бутун сайр давомида унинг қулоқлари остида отасининг сўзлари жаранглаб турган ва у отам мендан яширинча гапираётибди шекилли, деган шубҳага борганди. Ўшанда илк бор юраги кўл остидаги қишлоққа талпинган, қайтаётганларида отасининг ғаввослар кийими ҳақидаги чўпчаги ҳақиқатдек туюлган эди… Унинг уч йиллик ҳарбий хизмат муддати деярли тугаб қолганини инобатга олиб, госпиталдан тўғри уйига кетишига рухсат беришди. Уни беш қаватли умумётоқнинг икки хонали, бўм-бўш, ҳувиллаган тор ҳужраси кутиб олди. Калитни қўлига тутқазаётган қўшни аёл “Отанг ўлимидан олдин сенга кўп илҳақ бўлди. Ўғлим келса, бир ҳовуч тупроғимни, аллақайси кўлниям айтди, номи эсимдан чиқибди, ўзинг билармишсан, ўша кўлнинг устидан сочиб юборсин, ўзи тез-тез зиёрат қилиб турсин, деб зорланди. Мановини ҳам сенга қолдирди, бир қисмини кўмиш маросимига ишлатдик” деди ва оқ қийиққа тугилган бир даста пул узатди. У қўшни аёлнинг гапини зўрға илғади, назарида ундан жудаям олислаб кетганди.

Зиндондек туюлган ҳужрадан кимнидир излар экан, деворда осиғлиқ отасининг сувратига кўзи тушди. Бир пайтлар ҳоли-жонига қўймай отасини сувратхонага етаклаб борганини эслади. У сувратни олиб қучмоқчи эди. Бироқ узатилган қўллари ҳавода муаллақ қолди. Кўз олдида парча-парча бўлиб кетаётган отасининг денгиз қаъридаги сиймоси намоён бўлди ва бир неча сония шу алпозда қотиб қолди. Қўшни аёлнинг ҳирқироқ йўтали уни ўзига келтирди. Аёл ундан кўзларини узмас, афтидан йигитнинг ёқавайрон бўлиб дод-фарёд солмаётганидан ажабланарди. У аёлдан отасининг қабрини кўрсатишни сўради. Улар қабрлар оралаб узоқ юришди. Ахийри аёл тўхтади, “анови қабр” деди қўли билан дўмпайиб турган тупроқ уюмига ишора қилиб. Қабр мозорнинг энг четида, шундоққина деворнинг тагида эди.У қабрни қучганича ётаверди, кўзларига сира ёш келмади. Субҳи содиққача шу алпозда ётди.

Тонг ёришганда қабрдан бир ҳовуч тупроқ олиб қийиққа тугди ва қабристондан чиқиб кетди. Денгизчи аскар кийимидаги йигитни қайиқларни ижрага берувчи чол таниди, ёлғиз келганидан ажабланди ҳам, бироқ сабабини суриштириб ўтирмади. У қайиққа ўтиргач, шаҳд билан эшкак эша бошлади. Энди соҳилга қараб тусмоллашнинг кераги йўқ эди, юрагининг ўзи йўл кўрсатиб борарди унга. Қишлоқ устида тўхтаб, шошилмай уст-бошини ечди, отасининг хокини кўксида тутганча сув остига шўнғиди. Мовий кўл уни ўз домига тортди.Эртаси куни ижарачи чол эгасиз қайиқни судраб келди. Чол йигитнинг чўкиб кетганига шубҳа қилмади ва қутқарувчилар бўлинмасига хабар қилди. Ўлик қидирувчилар уч кунгача мурда сув юзасига кўтарилади деб кўлни айланишди. Лекин жасад топилмади. Ижарачи чол эса барчани ҳайратга солиб тинимсиз йиғларди. Унинг йиғлаганини ҳеч ким кўрмаганди. Умуман, қартайиб қолган бир чолнинг йиғлаши мудҳиш бир ҳол эди. Чол чўкиб кетган йигитга ачиниб йиғламас, қазо вақти яқинлашган сайин у ёшлигини тиниқ хотирлай бошлаганди, эҳтимол.

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1992 йил 44-сони.

035

Muhammad Sharif
OTAMАKON

02

08Adib va jurnalist Muhammad Sharif 1968 yil Namangan viloyati, Kosonsoy tumanining Go’rimiron qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetida tahsil olgan (1988-1993).Turli yillarda «Hayot va iqtisod», «O’zbekiston tabiati», «Vatan» nashrlarida, O’zbekiston Milliy axborot agentligida, Birlashgan Millatlar Tashkilotining Atrof-muhit dasturida faoliyat yuritgan. 2004-yildan Frantsiyaning «Frants-Press» axborot agentligida xizmat qiladi. Bir qancha maqola va hikoyalari milliy va xorij matbuotida chop etilgan.

02

Assalom alaykum, kattamning yurti,
Assalom alaykum, kirpichli beshik.
Necha yil olisda bemakon yurdim –
Va qaytdim bosh bukib, ochilmas eshik!
Iqbol

Uning ko‘z oldida o‘sha qishloq namoyon bo‘laverdi. Qishloqning moviy osmonida baliqlar to‘dasi sokin suzishardi.  U qishloqning shovullab turgan osmono‘par teraklarini, paxsa devorlaru loysuvoq tomlarini, ko‘cha boshidagi keksa yong‘oq, baqqolning do‘konini, hushtakchi cholning ustaxonasini, chaqaloqligida tark etgan hovlisini, loysupa ustiga chodirdek shoxlarini tashlagan marvardak tutni, bari-barini ko‘rdi, tanidi. Qishloq xuddi otasi ta’riflab berganidek bor bo‘yi bilan shaffof oynada aks etgandi. Otasi qishloq haqida oq harir parda ortida ukpar bolishni quchganicha xayol surayotgan navnihol kelinchak to‘g‘risida so‘zlayotgandek gapirardi. Aqlini taniganidan beri qayta-qayta eshitavergani bois, otasining qishloq haqidagi hikoyasi unga yod bo‘lib ketgandi.
Isitmasini o‘lchash uchun kirib kelgan moviy ko‘z hamshira uning quvvai hofizida bir-bir tiklanayotgan go‘zal manzarani shifoxonaning zaxdan sarg‘ish tusga kirgan devoriga qorishtirib yubordi. Hamshira hammasi joyida degandek, ma’noli bosh irg‘ab ketganidan so‘ng u yuz bergan voqeani batafsilroq eslab ko‘rishga urindi. U hamon tirik qolganiga o‘zini ishontirolmay qiynalardi.
Kemaning osthujrasi tuynukdan shiddat bilan otilib kirayotgan suvga to‘lganida uning ongu shuurini quyuq qora tuman qoplab, bu siqiq zulumot jonini qisti-bastiga olayotgandi. Judayam uzoq davom etgan jon azobidagi to‘lg‘onishdan so‘ng u tars-tars yorilishga hozirlangan tomirlariga behol bir halovat yugurib, bo‘g‘ziga qo‘l suqib yuragini changallagan ko‘yi sug‘urib olmoqchi bo‘lgan qora sharpa chekinganini his qildi. Endi u havosizlikdan qiynalmasdi. Jonim chiqib ulgurdi, shekilli, deb o‘yladi u. Lekin ruhiyatida tananing zalvorini sezib, bir harakat ilinjida to‘lg‘onganida barmoqlari bemajol qimirladi. Shunda u boshini ko‘tarib jilolanayotgan qizil yog‘duni ko‘rdi va bu quloqlarimdan otilib chiqqan qon bo‘lsa kerak, deb o‘yladi. U ortiga o‘girilib, falokatdan darak beruvchi qizil chiroq yonib turganligini ko‘rdi va shu asnoda mudhish manzaraning guvohi bo‘ldi.
Hujrada haligina jon talvasasida tuynuk tomon talpingan dengizchi askarlarning yarim-yalang‘och jasadlari choyshab va yostiqlar orasida ayqashib yotar, tepalarida siyohi chaplanib ulgurmagan maktub parchalari, yostiq ostida saqlanib kelingan aziz kishilarining suvratlari va yana allambalolar suzib yurardi. U dahshatdan dong qotib turar ekan ilkis tanish nigohga duch keldi va o‘sha tomonga talpinib, kimnidir chorlamoqchi bo‘lganida og‘zi suvga to‘lib, o‘qchib yubordi. So‘ng oxirgi kuchini jamlab yuqoriga suzdi, o‘zining harakatidan to‘lqinlangan suvda tobora uzoqlashib borayotgan suvratni zo‘rg‘a tutdi. Ivigan suvrat uning hayajondan qaltirayotgan barmoqlari orasida beixtiyor g‘ijimlanib ketdi, suvratni tekislamoqchi bo‘lganida otasining siymosi ko‘z o‘ngida parchalanib, laxtak-laxtak qog‘oz bo‘laklariga aylandi.
Uning qalbi bo‘laklanib ketgandek edi. U uzoq, o‘ksib-o‘ksib yig‘ladi. Ko‘zlariga to‘lib qolgan dengiz suvi yosh tomchilari kabi tuyuldi.
Kema suv ostiga og‘ir qo‘nganida moviy dengiz qa’rini bo‘g‘iq qarsillash larzaga keltirdi. Kemaning motor qismi gumbillab portladi. U allaqanday ashqol-dashqollar bilan birga ochiq dengizga qa’riga otildi…
Uni harbiy kema halokatga uchragach, o‘n olti soatdan so‘ng to‘lqinlar og‘ushidan topib olishganini hamshira qizdan eshitdi. “To‘rt kun tinimsiz alahsirab, mana bugun sal o‘zingizga kelib qoldingiz,” dedi u mayin tabassum qilib.
Biroq u men hozir ham alahsirayapman, degan fikrda edi. Chunki, hamshira qizning moviy ko‘zlarida firuza ko‘l jilolanar, u ko‘lda suzayotgan qayiqni va undagi ota-bolani ko‘rayotgan edi. Qayiqdagi bola o‘zi, eshkak eshayotgan kimsa esa otasi edi.
Otasi uni ilk marta ko‘lga qachon olib kelganini eslay olmaydi, aqlini endi taniyotgan yosh bola edi o‘sha paytlar. Biroq osmon gumbazidek shaffof va ulkan moviy ko‘lning jimirlashi, yovvoyi o‘rdaklarning potirlab uchishi va otasining to‘xtovsiz nimalar haqidadir parishonxotir so‘ylashi xotirida o‘chmas muhr bo‘lib qolgan. O‘sha kezlar u otasining gaplariga parvo qilmas, eshkak eshayotganda bo‘rtib chiqayotgan yelkalarini, ajin bosgan peshonasi va quyoshda qoraygan horg‘in chehrasini kuzatishdan zeriksa, qo‘lini suvga solib, barmoqlari yasayotgan izlarni tomosha qilardi. Oradan shamoldek shoshqaloq yillarning ancha-munchasi o‘tib ketgach, endi ahvol o‘zgargan, uning kuchga to‘lib borayotgan bilagidagi tomirlari o‘ynoqlab eshkak eshar, otasi nursizlanib borayotgan ko‘zlarini olisdagi o‘rkach bulutlardan uzmay eski hikoyani so‘ylardi. O‘z nazdida, ota biror narsani unutib qoldirmas, o‘g‘liga bir paytlar mana shu ko‘lning ostida uchta qishloq bo‘lgani, ularni oralab shoshqin daryo oqib o‘tgani, so‘lim va farovon bog‘chalariyu har qadamda uchraydigan zilol buloqlarini, odamlarning mehr-oqibatini, bari-barini gapirib bergandi. Farxunda va osuda kunlarning birida qishloqda shahardan kelgan odamlar paydo bo‘ldi. Yelkalariga ajabtovur asbob-anjomlarni osgan ko‘yi tevarakdagi qir-adirlarni kezib, temir qoziqlar qoqib chiqishdi. Birov ha deb so‘raguncha bo‘lmay, u odamlar qanday kelgan bo‘lsa shunday tez g‘oyib bo‘ldi. Go‘rga kirgandek izsiz ketishdi. Shundan so‘ng uch yil o‘tar-o‘tmas qo‘qqisdan vodiy aholisini shoshilinch ko‘chira boshlashdi. Odamlar ko‘ch-ko‘ronini zo‘rg‘a yig‘ishtirib oldi. Mol-qo‘ylarini boshqa qishloqdan kelganlar arzon-garovga sotib oldi. Ular boradigan joyda qo‘y tugul tovuq saqlashning ham imkoni yo‘q ekan. Qishloq ahlini yigirma chaqirim naridagi sahroga qurilgan temir-metin uylarga joylashtirishdi. Cho‘ntagi ko‘targanlari yangi manzil qidirib har tomonga tarqab ketdi, yoshlar qopchig‘ini yelkaga tashlab katta shaharlarga qarab yo‘l oldi. Qolganlarga sahroda qurilgan zavoddan ish berishdi. Butun bir el ari uyasidek to‘zg‘ib, nom-nishonsiz ketdi. Suv omborining chor-atrofiga dam olish uylari qurildi, yoz bo‘ldi deguncha yarim-yalang‘och erkagu ayol mo‘ru malaxdek bosib ketadi. Ota-bobolarining muqaddas xoklari ustida lablari ko‘karib, ko‘zlari qizarguncha cho‘miladi, yana ne hunarlarni qilmaydi deysan, bu inson zoti…
Insonga tuk bitgani sari u qayg‘uni teran anglay boradi va bu mo‘ylarning oqaruvi bilan yakunlanadi. Endi u otasining dili ne hasratda dog‘lanayotganini tushunib qolgan, zeriksa ilgarigidek injiqlik qilmas, otasi “ketamiz” demaguncha miq etmasdi. Goho otasini ovuntirish uchun, men qishloqqa tushib chiqaman, deb suv ostiga sho‘ng‘ir, uzoq muddat g‘oyib bo‘lardi. O‘g‘lining haziliga tushunib tursa-da, ota bechoraning yuragi hayajondan potirlab ketar, xuddi ortidan o‘zi ham suvga sakramoqchidek bir taraddud ichra qiynalardi. Suv ostidan otilib chiqib, hansirab nafas olayotgan o‘g‘lini ko‘rgach, otaning qalbi g‘ururga to‘lardi. O‘g‘li ko‘pqavatli umumyotoqning tor va badbo‘y, nimqorong‘u yo‘laklarida voyaga yetayotgan qo‘shni bolalarga o‘xshamas, zabardast va navqiron edi. “Xudoga beadad shukur”, o‘ylardi ota, “o‘n sakkiz yildan buyon har yakshanba uni bu ko‘lga olib kelganlarim besamar ketmabdi.”
Avvallari otasi sohilga qarab qishloqning qaysi o‘rtada joylashganini tusmollardi. Endi u ham otasi kabi mo‘ljalni bexato oladi. Ko‘cha boshiga kelganda qayiqni sekinlatadi, otasi shoshilmay, baqqol bormi, hushtakchi cholmi bormi, hammasini urug‘-aymog‘igacha aytib chiqar, imoratini solgan ustani-da unutmasdi. O‘z uylari ustida suzayotganliklarini u tabiiy savq bilan sezar va eshkaklarni suvdan ko‘tarardi, otasi esa ishtiyoq bilan so‘ylashga tushardi:
— Devorimiz uch paxsa edi, rahmatli Nurdin paxsakash urgan, o‘zim loy uzatib turganman. Har qo‘llari bor ediki, bir lagan palovni bir oshamiga sig‘dirardi. Belkurakda uzatgan loyim kaftining yarmini ham to‘lg‘azmasdi, unga loy yetkazib beraman deb yaqin belangi bo‘lganman. Darvozamiz qoratolning yog‘ochidan qilingan, ochilganda g‘iyqillab cho‘ziq nola qilardi. Bo‘z yigitligimda uyga kech qaytardim, onam eshikning tungi xonishini eshitgandan keyin so‘ng bexavotir uyquga ketardi. Uyimiz dahliz-ichkariyu oldi ayvonli bo‘lardi, yonidan chog‘roqqina mehmonxona tushgandi. Yoz kunlari shamol tomga g‘arq pishgan olmalarni do‘pirlatib to‘kar, men etagimni to‘latib terib tushardim.
Hovlimizning o‘rtasida qarib qolgan marvardak tut, uning ostida esa uch-to‘rt kishi davra qurib o‘tirsa bo‘ladigan loysupa bo‘lardi. Supaga tangadek oftob tushmas, yomg‘ir yog‘ganida ham bamaylixotir o‘tirsa bo‘lardi. Tutni katta otamiz o‘tqazgan ekan. Urush yillaridagi qahatchilikda tut qariyb qishloqni boqqan, onamning kuni tuttalqon qilish bilan o‘tardi. Tutga otamning belanchagi osilgan, meni ham shu tut tebratib katta qilgan. Sen yangi tug‘ilganingda kunlar soviy boshlagan edi, lekin irim qilib belanchagingni tutga osganmiz. Hech yodimdan chiqmaydi, qattiq shamol turib za’faron xazonlarni shitirlatgancha osmonu falakka ko‘targan, tutning shoxlari uvvos solib yig‘layotgandek rosa chayqalgan. Sen sarg‘ish tut yaproqlari ostida ko‘milib ketganding. Onang sho‘rlik, bu yaxshilikka emas deya, der zor-zor yig‘lagan. Men uni otam nevarasini suyganidan shunday qilyapti, deb zo‘rg‘a yupatganman. Biz tutda otamning ruhi bor deya hisoblardik, bunga o‘z nazdimizda asosimiz ham bor edi.
Otamdan qoraxat kelganida men besh-olti yoshlar chamasidagi bola edim. Onam bu ko‘rgulikdan o‘zini oldirib qo‘ygan, dalaga chiqib ishlolmas, oshpazlik qilib, tushlik payti yobondagi xotin-xalajga yovg‘on sho‘rvami yoxud shunga o‘xshash, neki topilsa o‘shani olib borardi. Bir kuni onam dalaga tushlik olib ketganidan so‘ng men to‘kilib yotgan marvardak tutlarga qanoat qilmay, choldek munkayib qolgan tutning tepasiga chiqdim. Eng yuqori kallagiga chiqqanimda yuragimda vahm qo‘pdi, ehtiyotsizlik qilib noboproq butoqqa oyoq qo‘ygan ekanman, pastga kalla qildim. Endi o‘ldim deb o‘ylab jon holatda qichqirdim, shu tushib borishimda yerparchin bo‘lishim tayin edi. Tuyqus kimningdir muloyim, lekin kuchli qo‘llari meni tutib qolib, asta yerga qo‘ydi. Qattiq qo‘rqib ketganimdan ko‘zimni chirt yumib olgandim, bir ozdan so‘ng hayrat va hadik to‘la ko‘zlarimni ochganimda yon-atrofimda biror sharpa yo‘q edi. Menga shunday tuyuldimi, desam hech qaerimda og‘riq yo‘q. Shu payt qo‘shnimiz Sharofat ena kelib qoldi, kampir qichqirig‘imni eshitiboq bir palakat bo‘ldi-yov, deganicha biznikiga chopibdi. Uni ko‘rib lablarimga tabassum yugurdi, tutdan kalla qilib ham sog‘ qolganim o‘zimga nash’a qilib, yuz bergan g‘alati voqeani unutgandim. Meni tirjayib turganimni ko‘rib Sharofat ena hassasini o‘qtalganicha sannab ketdi-yu…
Onam kelgach voqeani eshitib, rosa ko‘z yoshi to‘kdi. So‘ng meni otin kampirni chaqirib kelishga yuborib, o‘zi otamning ruhi uchun chiroq yoqishga tayyorgarlik ko‘ra boshladi.
Yana bir safar g‘ira-shira qorong‘ulik cho‘kkan paytda onam tashqariga chiqdi-yu, darrov rangi bir ahvolda qaytib kirib, eshik kesakasiga suyanib qoldi. To‘xtovsiz yoqasiga tuflarkan, “Voy, o‘g‘lim tutning tagida kimdir turibdi, xuddi otangga o‘xshaydi, nega kelmayapti ekan-a?! Yurchi, chiqib ko‘raylikchi”, deb meni yetakladi. Dag‘-dag‘ qaltirayotgan onamning qo‘llari muzdek edi. Darhaqiqat, tutning tagida qora sharpa turardi. Biz uning yuzini aniq ko‘rolmasak-da, qomati xuddi otamnikiga o‘xshardi, urushga ketayotganda kiygan kiyimi ham xuddi o‘sha-o‘sha. Biz otamni chaqirmoqchi bo‘lganimizda u tutga imo qilgandek bo‘ldi va uning ortiga o‘tib g‘oyib bo‘ldi. Onam ikkovimiz bir-birimizning pinjimizga kirib, ming hayajon bilan tutning atrofini aylanib chiqdik, biroq hech kimni uchratmadik. Otam go‘yo qorong‘ulikka singib ketgan edi. O‘sha kecha Sharofat enani chaqirib chiqib, birga yotganmiz. Tutning tanasidagi katta yoriq onam qazo qilganida paydo bo‘lgandi.
Sening belanchagingni tutga osganimizda onangning yuragiga g‘ulg‘ula behuda tushmabdi. Ayol kishining qalbi sezgir bo‘lar ekan – tut bezovta bo‘lib chayqalganda otamning ruhi bizni falokatdan ogoh etmoqchi bo‘lgani keyin ayon bo‘ldi.O‘sha yili qishda onangni buyragi shamollab vafot etdi, bahorda esa bizni qishlog‘imizdan quvg‘in qilishdi.
Otasi gapini tugatgach, uzoq muddat suvga tikilgancha tek qotardi. “Endi qabristonga hayda, onangni ziyorat qilamiz” derdi ko‘z yoshlarini sezdirmay artar ekan. U padarining xayolini buzishni istamas, eshkakni shaloplatmay asta eshar, mozorga yetib kelganlaridan so‘ng yana eshkaklarni suvdan ko‘tarardi. Otasi bobokalonlari, enasi va volidasi haqida uzoq so‘zlar, so‘ng suyaklari suv ostida chiriyotgan barcha hamqishloqlari ruhiga atab duo o‘qigach, behishtdagi kavsar labida turgandek ixlos bilan hovuchini suvga to‘ldirib, yuz-ko‘zlarini yuvardi. U ham otasining harakatlarini aynan takrorlagach, yuzida iliq harorat, ruhida yorug‘lik his etardi.
Ular ortiga qaytishar ekan, otasi hech qachon haqiqatga aylanmaydigan xayoliy orzusini, ehtimol, minginchi bor takrorlardi. “Pulimiz ko‘paysa, g‘avvoslar kiyimini sotib olamiz, o‘shanda ko‘lning ostiga tushib, qishlog‘imizni sayr qilamiz. Men senga aytganlarimni o‘z ko‘zing bilan ko‘rasan, qabristonni ziyorat qilamiz,” derdi. U otasining ro‘zg‘ordan bir tiyin ham orttirolmasligini, g‘avvoslar kiyimini esa umrida ko‘rmagan, faqat u haqda birovlardan eshitganini bilardi.
Sohilga chiqishgach qayiqlarni ijaraga beruvchi chol ularga o‘dag‘aylab ketardi. “Yana tushgacha deb shomgacha yurdilaring, endi mendan o‘ylashibroq qayiq olasanlar” deya shovqin solardi. Shunda otasi ijara haqini ikki barobar to‘lashga majbur bo‘lardi. Chol pulni ikki buklab cho‘ntagiga tiqar ekan, ota-bola savdoyilarning ortidan taajjub ila boqardi. U insonni shu kuyga tushiradigan qandaydir dard borligini bilmas, ehtimol unutib yuborgandi.
Ostonada paydo bo‘lgan moviy ko‘z hamshiraning qo‘ng‘iroqdek jarangdor ovozi uni xotiralar ummonidan qirg‘oqqa itqitib yubordi. Hamshira uzr so‘ragandek gunohkorona jilmaydi.
U uf tortib, yuragini changalladi. Chunki endi hamshira qizning ko‘zlarida nafaqat moviy ko‘lni, balki uning ostidagi yashil qishloqni ham ko‘rayotgandi. Qishloq ko‘lga tikka tushayotgan quyosh nurlarida tovlanib, elas-elas ko‘zga tashlanib qolardi. U hozirgi manzarani bundan qariyb uch yil muqaddam, harbiyga jo‘nashidan oldin otasi bilan ko‘lga so‘nggi marta borganida ko‘rgan edi. O‘shanda u har galgidek suv ostiga sho‘ng‘igan, biroq bu safar juda uzoq ketgan va yashil suvo‘tlari qoplagan qishloqni ancha yuqoridan ko‘rishga vosil bo‘lgandi. So‘nggi o‘sha sayr g‘ayritabiiy bo‘lgandi, otasi qayiqqa o‘tirganlaridan boshlab, to qaytib ketgunlariga qadar bir og‘iz gap aytmay og‘ir sukut saqlagan edi. Biroq butun sayr davomida uning quloqlari ostida otasining so‘zlari jaranglab turgan va u otam mendan yashirincha gapirayotibdi shekilli, degan shubhaga borgandi. O‘shanda ilk bor yuragi ko‘l ostidagi qishloqqa talpingan, qaytayotganlarida otasining g‘avvoslar kiyimi haqidagi cho‘pchagi haqiqatdek tuyulgan edi…
Uning uch yillik harbiy xizmat muddati deyarli tugab qolganini inobatga olib, gospitaldan to‘g‘ri uyiga ketishiga ruxsat berishdi.
Uni besh qavatli umumyotoqning ikki xonali, bo‘m-bo‘sh, huvillagan tor hujrasi kutib oldi. Kalitni qo‘liga tutqazayotgan qo‘shni ayol “Otang o‘limidan oldin senga ko‘p ilhaq bo‘ldi. O‘g‘lim kelsa, bir hovuch tuprog‘imni, allaqaysi ko‘lniyam aytdi, nomi esimdan chiqibdi, o‘zing bilarmishsan, o‘sha ko‘lning ustidan sochib yuborsin, o‘zi tez-tez ziyorat qilib tursin, deb zorlandi. Manovini ham senga qoldirdi, bir qismini ko‘mish marosimiga ishlatdik” dedi va oq qiyiqqa tugilgan bir dasta pul uzatdi. U qo‘shni ayolning gapini zo‘rg‘a ilg‘adi, nazarida undan judayam olislab ketgandi. Zindondek tuyulgan hujradan kimnidir izlar ekan, devorda osig‘liq otasining suvratiga ko‘zi tushdi. Bir paytlar holi-joniga qo‘ymay otasini suvratxonaga yetaklab borganini esladi. U suvratni olib quchmoqchi edi. Biroq uzatilgan qo‘llari havoda muallaq qoldi. Ko‘z oldida parcha-parcha bo‘lib ketayotgan otasining dengiz qa’ridagi siymosi namoyon bo‘ldi va bir necha soniya shu alpozda qotib qoldi. Qo‘shni ayolning hirqiroq yo‘tali uni o‘ziga keltirdi. Ayol undan ko‘zlarini uzmas, aftidan yigitning yoqavayron bo‘lib dod-faryod solmayotganidan ajablanardi.
U ayoldan otasining qabrini ko‘rsatishni so‘radi. Ular qabrlar oralab uzoq yurishdi. Axiyri ayol to‘xtadi, “anovi qabr” dedi qo‘li bilan do‘mpayib turgan tuproq uyumiga ishora qilib. Qabr mozorning eng chetida, shundoqqina devorning tagida edi.
U qabrni quchganicha yotaverdi, ko‘zlariga sira yosh kelmadi. Subhi sodiqqacha shu alpozda yotdi. Tong yorishganda qabrdan bir hovuch tuproq olib qiyiqqa tugdi va qabristondan chiqib ketdi.
Dengizchi askar kiyimidagi yigitni qayiqlarni ijraga beruvchi chol tanidi, yolg‘iz kelganidan ajablandi ham, biroq sababini surishtirib o‘tirmadi. U qayiqqa o‘tirgach, shahd bilan eshkak esha boshladi. Endi sohilga qarab tusmollashning keragi yo‘q edi, yuragining o‘zi yo‘l ko‘rsatib borardi unga. Qishloq ustida to‘xtab, shoshilmay ust-boshini yechdi, otasining xokini ko‘ksida tutgancha suv ostiga sho‘ng‘idi. Moviy ko‘l uni o‘z domiga tortdi.
Ertasi kuni ijarachi chol egasiz qayiqni sudrab keldi. Chol yigitning cho‘kib ketganiga shubha qilmadi va qutqaruvchilar bo‘linmasiga xabar qildi. O‘lik qidiruvchilar uch kungacha murda suv yuzasiga ko‘tariladi deb ko‘lni aylanishdi. Lekin jasad topilmadi. Ijarachi chol esa barchani hayratga solib tinimsiz yig‘lardi. Uning yig‘laganini hech kim ko‘rmagandi. Umuman, qartayib qolgan bir cholning yig‘lashi mudhish bir hol edi. Chol cho‘kib ketgan yigitga achinib yig‘lamas, qazo vaqti yaqinlashgan sayin u yoshligini tiniq xotirlay boshlagandi, ehtimol.

Manba: “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasining 1992 yil 44-soni. Keyinchalik muallif tomonidan ayrim qisqartmalar qilingan.

012

(Tashriflar: umumiy 128, bugungi 1)

Izoh qoldiring