Muhammad Sharif. «Tolko’prik»dan bir hikoya & Erkin A’zam. Shu yo’ldan qolmang,Muhammad Sharif

09     Бамаъни, пурҳикмат гурунгдан гоҳо енгил-елпи бир ҳангома кўпроқ одам тўплаши мумкин, аммо хиёл ўтмай унинг ёдингиздан кўтарилиб кетиши ҳам бор гап. Муҳаммад Шарифнинг ҳикоялари бир ажаб: ўқидингизми, тамом, хотирангизга михланиб, муҳрланиб қолади. Йўқ, воқеалар тафсилоти билан эмас (айнан шулар унутилиши мумкин), тиниқ, табиий тасвирлари билан. Ясамаликдан холи руҳи, ҳаққонияти билан…

ШУ ЙЎЛДАН ҚОЛМАНГ, МУҲАММАД ШАРИФ!
Эркин Аъзам
03

Ҳозирданоқ айтиб қўйганимиз маъқул: ушбу тўпламдаги асарларнинг харидори кўп бўлмайди, лекин ҳафсала билан ўқиган киши уларнинг, демакки, чинакам адабиётнинг мухлисига айланиб қолмоғи аниқ. Санъат ишини корчалонликка дўндириб, бозор адабиёти пештахталарини наридан-бери ёзилган арзонгаров нимарсаларга тўлдириш борасида зўр мусобақа кетаётган бир замонда бизнинг камтарин муаллифимиз собитлик ила асл адабиёт сарчашмаларига талпиниши кишида ҳам ҳайрат, ҳам ҳурмат уйғотади. Албатта, бадиий асар қизиқарли бўлгани, албатта, у дастлабки сатрлариданоқ китобхонни жалб қилгани яхши.

Бамаъни, пурҳикмат гурунгдан гоҳо енгил-елпи бир ҳангома кўпроқ одам тўплаши мумкин, аммо хиёл ўтмай унинг ёдингиздан кўтарилиб кетиши ҳам бор гап. Муҳаммад Шарифнинг ҳикоялари бир ажаб: ўқидингизми, тамом, хотирангизга михланиб, муҳрланиб қолади. Йўқ, воқеалар тафсилоти билан эмас (айнан шулар унутилиши мумкин), тиниқ, табиий тасвирлари билан. Ясамаликдан холи руҳи, ҳаққонияти билан. Муаллиф бирор ҳолат тасвирига киришар экан, асло шошмайди, одатий тафсилотларга чалғимай, қилқалам тутган мусаввир мисол ҳар бир чизгисини эринмай поёнига еткизади. Қаламга олинган воқеликка муносабати ҳам ўзгача: ҳуда-беҳуда аралашмайди, мулоҳазаларини тиқиштиравермайди, олдиндан сир бой бериш йўқ – нуқул тасвир, нуқул тасвир.

Тасвирнинг қуюқлигидан гоҳо муддаосини англаш ҳам қийин. Гўёки, бизнинг билганимиз шу, бизнинг кўрганимиз шу, қолганини ўзингиз шарҳлаб олаверасиз деган каби. Нима дердингиз, адабиётда шундай йўл ҳам бор, бунақа асарлар беҳисобдир. Тўғри, кўпинча чайнаб, қаҳрамонларни “муроду мақсади”га етказиб бермоқни, сертафсилотлиликни хуш кўрадиган жонажон адабиётимизда бунақаси камроқ. Ие, ўрганайлик, биздан ҳам чиқсин-да, баракалла, Муҳаммад Шариф!

Мен бу ёзувчимизнинг бир туркум ҳикоясини дастлаб “Жаҳон адабиёти”да учратиб, ҳаяжонланиб кетган, тўрт томонга жар солган, ҳатто хориж сафарларида ҳам уларни тўлиб-тошиб таърифлаган эдим. Ушбу тўпламдаги асарлари билан танишиб эса, адашмаганимни англадим. Рости, уларнинг айримларида нималардир етишмаётгандек (бизнинг назаримизда), фикр бир қадар мужмаллашиб, мавҳумлашиб қолгандек (бунисиям бизнинг даққи назаримизда) туюлади.

Дарҳол устозлигингиз тутиб, унисини ундоқ қилиш керак, бунисини бундоқ қилиш керак, дея ақл ўргатгингиз ҳам келади-ю, дафъатан ҳушёр тортасиз: ахир, қаршингизда ёзувчи турибди, чинакам профессионал ёзувчи! Бундай пайтда унга қарата, сизнинг йўлингиз шу экан, дўстим, танлаган йўлингиздан қолманг, бизга ёқишингиз шарт эмас, демоқдан ўзга иложингиз йўқ.

Тенгдош қаламкашлар беш-ўнтадан китоб чиқариб улгурган, қўлингиздаги тўплам эса Муҳаммад Шарифнинг илк китоби. Лекин, асл адабиёт қаричи билан ўлчаганда, у ҳозир ўша сермаҳсул тенгқурларидан ўзиб турибди…

Муҳаммад Шариф
СОМОН ЙЎЛИ

03

09Адиб ва журналист Муҳаммад Шариф 1968 йил Наманган вилояти, Косонсой туманининг Гўримирон қишлоғида туғилган. 1988-1993 йиллари Тошкент давлат университетининг журналистика факултетида таҳсил олган. Турли йилларда «Ҳаёт ва иқтисод», «Ўзбекистон табиати», «Ватан» нашрларида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастурида фаолият юритган. Ҳозирги пайтда Франциянинг «Франц-Пресс» ахборот агентлигида хизмат қилади. Бир қанча мақола ва ҳикоялари миллий ва хориж матбуотида чоп этилган.

035

Биринчи ҳикоя

Кўкдан тилларанг сомон ёғиларди.
Ёқа-енгингдан кириб борса, жиққа терлаган баданга ёпишиб, ачитиб-қичитадиган майда сомон зарралари, қилтириқлари, қилтаноқлари…

Аҳёнда бир ўйноқилаган эпкин чанг ва ғубор орасидан сомон талқонини кўкка кўтариб чиқади-да, ботаётган қуёш нурларига тутади. Қуёш нури олтин зарраларга қоришганча бир лаҳза муаллақ қотиб, сўнг чил-чил сочила бошлайди. Йилтираган сомон зарралари яна пастга тушиб, қуюқ чангга қўшилади ва борлиқни ғубор чулғаб олади.

Тупроқ, сомон ва ёввойи ўтларнинг омухтасидан иборат эринчоқ чанг қишлоқ ичидан чиқиб кетишни истамайди. Йўл-йўлакай саратондан мажоли қуриб, шалпайиб қолган япроқлар устига қўнади. Беҳининг майдатук, барқутсимон япроқлари чангни бошқалардан икки ҳисса кўп тутиб қолади. Қишлоқни қуюқ тумандек чулғаган ғубор орасидан мирзатеракларнинг учигина кўзга ташланади.

Қалин чанг остида қулоқни қоматга келтирувчи моторнинг тариллаган овози тинмайди. Ботир дўхтир Николай пошшонинг замбарагини ёдга солувчи қўлбола комбайнда буғдой янчади. Бу матоҳ бошоқдан буғдойни ажратиш учун эмас, кесак ва сомон чайнаб, чангини атрофга пуркаш учун ишлаётгандек.

Юзига сақич бойлаб кетган чит дурра тутган дўхтир “замбарак” оғзига тўхтовсиз дасталаб буғдой тиқади. “Замбарак”нинг эгаси бошқа мижозларга ҳам улгуриш учун дўхтирни тинимсиз тезлайди ва ўзи ҳам жон ҳалак сомон тортади. Ботир дўхтирнинг икки бўйсара қизи ва кенжатойи буғдой боғларини пешма-пеш етказиб турибди. Уларнинг юзидан қуйилаётган тер гупиллаб урилаётган чангга қўшилиб, лойқага айланади. Ботир пешонасидан кўзига оқиб тушаётган терни артиб олишга имкони бўлмаганидан кўзини қайта-қайта юмиб очар, шунда шўр лойқа кўзёшлари изидан пастга қараб сизар, лекин йўл-йўлакай ҳовур-ҳароратда қуриб, эгнида юпқа лойсувоққа айланишга улгурарди. У комбайннинг оғзидан тўкилаётган донни элас-элас кўриб қолар ва ғайратига ғайрат қўшиларди. Комбайннинг ёнбошига ўрнатилган паррак буғдойнинг пучагини учириб, шамол пудаб турарди.

Аслида, оддий бир ўткинчи бу манзарани илғаши қийин, унинг назарида Ботир ва болалар адирда кўтарилган қуюн ичида адашиб чопиб юрган шарпалардек туюларди.

Қишлоқда бу кеч қўлбола комбайнлардан бир эмас, икки-учтаси ишлаб тургани боис қайси кўчадан кирилмасин, қуюқ чангга дуч келиниши тайин. Буғдой чиқариш мавсуми ҳали бирор ҳафта давом этар? Қўлбола комбайнларга навбатда турганларнинг рўйхати ҳам узун. Эринганлар ўтган-кетган машинами, от-улов янчиб ўтсин деб буғдойни шундоқ йўл ўртасига ёйиб қўйган.

Қишлоқнинг чанг босган меваси ва узумлари куз келиб, ёмғирлар бошлангандан кейингина ювилади. Ана ўшанда беҳилар ҳам тилларанг бўлиб товланади. Лекин ҳали унгача анча бор. Ҳозир эса тун яримлаб қолди. Комбайнлар ҳам тинчиди. Эгалари уларни симёғочдан узиб, навбатдаги хонадон эшиги тагига судраб элтди ва ўзлари анҳорга чўмилгани тушиб кетди.

Ботир дўхтир болалари билан буғдойни қоплаб, ичкарига ташиб қўйгандан сўнг, анҳор бўйига тушди, чўмилиб чиққач, тегирмончи билан бир шиша винони бўлишди. Шароб унинг ёғочдек қотган бармоқларини юмшатиб, том битган қулоқларидаги шовқинни тарқатиб юборгандан кейин сувнинг шарқирашию теракларнинг шовуллашини эшитди, тунги салқинни туйди ва жим қолди. Узоқ сукут сақлади ва бирдан ўрнидан турди-да, тегирмончига ҳеч нима демай жўнаб қолди.

“Ҳўв дўхтир, нима бўлди, қайга шошяпсиз?” унинг ортидан бақирди ҳайрон қолган тегирмончи.
“Саҳар пиёзга дори септиришим керак,” деди у.

Ботир адирда экилган пиёзини дорилатиш учун бугун ишдан келишда қўшни қишлоқдаги заҳарчининг уйига ўтганди. Агар пиёз шу кунларда доридан қолса, ҳосилни бит еб битиради. Бу ўйдан унинг оёқлари ўз-ўзидан илдамлаб кетди.

Чанг қишлоқ узра қўниб-ўтириб бўлди. Сомон зарралари деразалардан уйларга кириб борди, кимнингдир тўнтарилмай қолиб кетган қозонини босди, токка осилган солмадаги сути юзини қоплади. Қишлоқнинг шакли-шамойили энди бор бўйича кўринди. Бодраб чиққан юлдузлар қишлоқ кўчалари ва катта асфалт йўлни қоплаган сомонларда жилваланди.

Тонгга яқин ҳаво мусаффоланди ва енгил шабада турди. Чангга териси юпқаларнинг тунги аччиқ-аччиқ чучкириклари ҳам тиниб, ёзнинг оромбахш ва салқин тонги ота бошлади.

Катта йўлдан машиналар ғизиллаб ўта бошлаган пайт Ботир адирга отланди. У кўча томонга эмас, ҳовли тепасидаги далага юрди. Шу тариқа адирга элтадиган йўлга кесиб чиқиш мумкин. Ёмғирларда ювилиб, қуёшда туллаб, ўркачга ўхшаб қолган пахсадан ошиб ўтди, кейин қўшниларнинг девори бўйлаб юрди. Қишлоқ чети бўлгани учун кўплар девор олмай, дарахт ва буталарни тиғиз экиб қўра қилган, баланд бақатераклардан тортиб, пастак дўланаю наъматаклар далани қишлоқдан ажратиб турарди.

Ботир дарахтлар оралаб кетар экан, илкис тонгги сокинликни бузиб янграган қуш сайроғини эшитди. Кутилмаганда таралган бу сас унинг ҳали тўла уйғонмаган сезгиларини ҳушёр торттирди. Қушнинг товушида дарахтзорнинг сеҳрли садоси ҳам бор эди. Ботир бу оҳангни эшитмаганига юз йиллар бўлдиёв.

Ҳали тонг оқариб улгурмади, тонги майинлик ва сокинлик аро янграган товуш уни ерга михлаб қўйгандек бўлди. Ботир шу қотганича бир қанча пайт туриб қолди. Товуш иккинчи марта такрорлангандан кейин яна ўзига келиб, атрофга зор аланглади.

“Наҳотки яна шундай қушлар биз томонларга қайтиб келган бўлса?!”

У қулоқларига ишонқирамай, дарахтларни бир-бир кўздан кечира бошлади. Энкайиб дарахтлар оралаб юрди. Қуш яна овоз берди. У чўккалади. Ортидаги қайрағочга суяниб, кўзини юмди ва ўзини алланечук сархуш ҳис қилди.

Атрофга таралган товуш дарахтларга урилиб акс-садо берар, бора-бора қуюқ барглар орасида сингиб кетишидан аввал оқараётган тонг ҳавосида зангор-яшил из қолдириб кетаётгандек туюларди.

Ботир кўзини кирт очиб, овчидек атрофга аланглади. Ёввойи бир ҳиссиёт ич-ичидан тўлқин уриб кела бошлади. Қаердан келмоқда эди бу товуш. Қушни ҳуркитиб юбормаслик учун оёқ учида, дарахтларни бир-бир ушлаб қадам ташлади. Қушнинг сайроғи тингач, бу сеҳрли оҳанг қайта янграшини кутиб карахт қотар ва шохларни кўз қири билан кузатар, кўз қорачиғининг қўққис ҳаракати ҳам қушни ҳуркитиб юборгудек эди.

Ҳар гал сайроқ янграганда у қуш турган жойга тобора яқинлашиб қолганини ҳис қилар ва ҳаяжони ортарди. Субҳидам, мусаффо ҳаво, сада ва дўланаю наъматаклар, шудрингда юмшаган шох-шаббалар, ёввойи ялпиз ва чучукмиянинг ўткир ҳиди ҳамда қишлоқ четидаги бу сокинлик, буларнинг бари қўшилиб уни аллақаерларга чорлагандек бўларди.

У чакалакзор орасида анча юрди. Орада қуш узоқ вақтгача товуш бермади. Лекин у ҳар бир дарахт ва бутани сергаклик билан кузатишдан тинмади. Ва ниҳоят, у ярим қуриб бўлган қайрағоч шохида ўтирган қушни барглар орасидан илғади. У яна ҳам яқинроқ бориб бамайлихотир кузатмоқчи бўлди ва қурғаб қолган ариқ ичидан қайрағочга яқинлаша бошлади. Илкис унинг шундоқ ёнидаги қоратол ковагидан чумчуқ пириллаб учиб чиқдию ҳуркиган қуш учди-кетди. Ҳавода тўлқин-тўлқин из қолдириб, лоп-лоп этиб ғойиб бўлди. Қайрағочнинг қуруқ шохи титраганча қолди. Ботирнинг кўксидан ҳам бир нима потирлаб чиқиб, қушга эргашиб кетгандек бўлди. Нима эди у?! Нега энди уни яна ташлаб кетди? Неча замонлар бўлди унинг юраги бундай урмай қўйганига…

Ботир қоратолга елка тираганча сирғалиб ўтирди, оёғи остидаги ажриқларни чимдиб юлди, қадоқ бармоқлари ер тирнай бошлаганда қўлига лаппакдек тош илинди. У тошни тозалаб ялтиратмоқчидек кафтига ишқаб арта бошлади ва шу алпозда хотираси ҳам тиниқлаша бошлагандек бўлди.

***

Ўзи ёшлигидан миқти, лекин абжир ва чайир бола эди. Маҳалласидаги болаларга бош бўламан деб ўзини ўтга-чўққа урар, маҳалла шаъни, қишлоқ шаъни деб жанжалга бош суқишдан тап тортмас, тўйларда кураш тушар, эшакдек чайир бу боладан бир-икки синф юқорида ўқийдиган ўспиринлар ҳам ҳайиқиб турарди. Шу сабабдан у тўйларда ўчоқ атрофида йиғиладиган йигитлар даврасида фахрли меҳмондек ўтирарди. Дошқозон учун ковланган, қарсиллаб олов чатнаб турган ерўчоқ атрофида олди-қочди суҳбатлар, аскиялар, армиядаги ярми лоф саргузаштлар тинмасди. Ҳарбий хизматдан янги келган, дўпписини пешонасига қўққайтириб, кўйлагининг олдини киндиккача очиб, учини белбоғнусха тугиб юрадиган посон йигитлар билан тенгма-тенг бўйлашадиган Ботирга тенгқурларининг ҳаваси келарди. Мактабда “ким бўлсам экан” мавзусида иншо ёзилганда Ботир “Мен армияга бораман. Менинг ҳам бошқаларга айтадиган ўз саргузаштларим бўлишини хоҳлайман,” деб ёзганди.

Ботир қишлоқда фақат икки ўртоғини “ошна” деб чақирар, “ошна” деб чақирилган ўша икки болага ҳамманинг ҳаваси келарди. Ўша пайтда муҳаббат ва дўстлик ҳақидаги ҳинд филмлари машҳур бўлиб, кимлардир ундаги қўшиқларга тақлид қилса, Ботир муштлашув саҳналарини қайта-қайта кўриш учун туман марказига қатнаб чарчамасди.

Мактабни тугатиш йили синфдошлар охирги марта ғўза чопиққа чиқишди. Олдинда ҳали битириш кечалари, орзу-ҳавасларга тўла янги дунё. Синфдош қизлару йигитлар бу дамлар қайтиб келмаслигини ҳис қилгандек аҳил тортиб қолган. Энди аввалгидек оёқ остида топталган ёки ногоҳ чопиб ташланган ғўза ниҳоли ҳақида қайғуришлар ўрнини бошқа туйғулар эгаллаган. Эгатларда чўккалаб олиб қуриладиган суҳбатларнинг адоғи йўқ, нигоҳлар, қарашлар алланечук сирли ва маъноли.

“Исталин” лақаби билан машҳур туман маориф бўлими мудири ўша пайтлар катта бир йиғинда “Косонсойда қуёш нури биринчи бўлиб Гўрмиронга тушади, бироқ бу қишлоқдаги мактаб ўқувчилари далага нима сабабдан ҳаммадан кеч чиқади?!” деб ўшқирганди. Мактаб директори ва ўқитувчилар эса йигит-қизларни оқшом пайти даладан қайтаролмай ҳалак эди.

Лекин Ботир ҳамон ўша-ўша, унинг чапани феълида ғурур ва ориятдан ўзгаси йўқ эди. Қизлар ҳақида эса уларни ҳимоя қилиш зарурати туғилгандагина ўйларди. Кузатувчан одам борлиқда соат сайин ўсиш-ўзгаришни илғайдиган серавж май кунларининг бирида Ботир даланинг уватига тушди. Эгатлар тутқаторнинг тагида бўлгани учун ажриқ ва ғумайга тўла эди. Синфдошлари анча илдамлаб кетиб, ўқариққа яқинлашиб қолганди. У гоҳ тошлоқда кемшик бўлган кетмончасини тошга қўйиб теради, гоҳ ажриқларни юлқилайди, лекин ишда тиним ҳам йўқ, унум ҳам йўқ. Лекин у ортда қолиб кетганига сира парво қилмайди, чунки одатда қизлар иш охирида ҳашар қилиб, эгатини қайтариб келишини билади.

Кун қизигандан қизиб борар, ердан кўтарилган ҳовурда ўқариқ томондаги синфдошлар жимирлаб кўринарди. Тепароқда қизлардан бири ёмғирпўшини тутнинг шохига илиб кетибди. Ботир ўша зангор, чумчуқ галасидек кутилмаганда бир кўтариладиган иссиқ елда ҳилпираб қўяётган ёмғирпўшни марра белгилаб, унга етгунча бош кўтармасликка аҳд қилди. Ҳадеб эгат охирига қарайверса, худди олдинга эмас, орқага қараб кетаётгандек туюлади.

Ботир паккага етиб келганини боши ёмғирпўшга текканида сезди. Нафас ростлаш учун бошини кўтармоқчи эди, шохга илинган силлиқ либос унинг юз-кўзидан сирғалиб ўтди. Ботир кетмончасини ерга урган кўйи қотиб қолди. Унинг бутун вужуди ёқимли бир ҳисдан сесканиб кетди ва беихтиёр ерга ўтирди. У сармаст эди. Бироздан сўнг ўзига ҳеч ким қарамаётганига ишонч ҳосил қилгач, бошини яна бир марта кўтариб, юзини ёмғирпўшга қайтадан тегизди…

Ва парвоз қилаётгандек бўлди. У пахта даласи узра учарди, бошларига оқ дурра танғиб олган қизлар, кўйлагини бошига ёпинғич қилган болалар пастда ер таталаб ётар, у эса тобора баландроқ учар, кўм-кўк осмонда лочин каби қанот керар, сўнг камон ўқидек пастга шўнғир, кейин қалдирғочдек ер бағирлаб учар, бора-бора ўзини печакгулга қўнаётган капалакдек ҳис қиларди. Ногоҳ унинг назарида баҳор осмони булут тўплаб, момақалдироқ турди, яшин чатнаб, шаррос ёмғир қуйди. Юз-кўзига тасирлаб урилаётган муздек томчилардан сесканиб, ваҳм аралаш ёввойи қутқу ичида телбалардек қичқириб, ич-ичидан кўкрак қафасига потирлаб урилаётган тилсим қушни учириб юборгандек бўлди гўё.

Гўё бирдан ёмғир тиндию атроф чароғон бўлди, у ҳали кўрмаган турфа ранглар, сезмаган ҳидлар орасида каловланиб ўтирар экан, бу сержило оламда унга нимадир, кимдир таниш эди. Синфдоши Замира, унинг ёмғирпўши, ҳиди, кумуш қўнғироқдек жарангдор ва ёқимли овози…

Ботир шу алпозда анча вақт қолиб кетди. Юраги гупиллаб урар, калласида жарқалдирғочдек чарх ураётган фикрлар кетидан қувиб етолмасди. У кўзини юмганча эгат ичига ётиб олди. Анча вақтдан кейин кўзини очди. Энди у дунёга бошқача нигоҳ ташларди. Худди бир умр чанг бойлаб ётган дераза ойналарини кимдир ярақлатиб ювиб қўйгану ташқарида у шу пайтга қадар сезмаган ҳаёт тўқ ва бой рангларда жўшқин давом этарди.

У нималарнидир энди тушунгандек бўлди. Анҳордаги сувнинг шовуллаши, толкўприкнинг ғийчиллаши, қушларнинг чуғур-чуғури, қизларнинг юк машинада далага қўшиқ айтиб келишию қўшиқ тугагандан сўнг бир-бирларига урилиб-сурилиб, қиқирлаб кулишлари, бари-бари қулоқлари тагида жаранглай бошлади. Бу товуш-овозларда у авваллари илғамаган маъно, йўқ-йўқ, ҳеч кимга кўрсатиб ёки айтиб бўлмайдиган сир борлигини англагандек эди. Навбатчи қиз пиширадиган макарон бўтқаю бакда чала қайнаган ва мумқоғоз ҳиди келиб турадиган чой нега хуштаъмлигини энди илғагандек. Шаррос жала қуйиб юборганда қизлару болалар бир туп чинор тагидан паноҳ топганию елка-тирсаклари бир-бирларига ногоҳ тегиб кетгандаги орзиқиш-сесканишлар, тер ва намдан таралган ҳидлар, буларнинг бари-барида энди маъно бор эди.

У худди шунга ўхшаш, лекин бундан анчайин кучсиз, ёки агар ҳидларда ранг бўлгандайди, шу ҳиднинг очроқ рангини қачонлардир бир кўргандек эди. Ўтган йили қишда институтда ўқийдиган опаси икки толиба дугонасини олиб келганди. Ўша куни қишлоқда тўй эди. Толиба қизлар ясан-тусан қилиб, атир-упа суриб тўйга чиқиб кетишгач, Ботирнинг кўзи сандал устида қолган “Ёшлик” деган журналга тушди. У журнални қўлига олгач, ундан жуда ёқимли, лекин бегона бир ҳидни туйди. Ўшандан буён бу хуш бўй толиба қизлару ёшлик ҳақидаги журналлар билан боғлиқ бўлиб хотирасига ўрнашиб қолганди.

Лекин бугунги ифор….

Ботир бутунлай ўзгарди. Энди Замиранинг ҳар бир ҳаракатию сўзидан ўзгача бир маъно топарди. Қиз нимаики демасин, нимаики қилмасин, унинг учун ёқимли туюларди. “Замира” деган исм маъно касб этди, Замиранинг кўчаси сариштароқ, дарвозаси ёнида ўсган шотути қадрдонроқ кўринадиган бўлди. У ана шундай хушхаёллар оғушида юрган кезларда тасодифан Замира билан ёнма-ён эгатга тушиб қолди. Улар ишлаётган дала четида бир ташландиқ боғ бўларди, кўп дарахтлари қуриб кетган, ғўзадан ошиб чиққан пероб сувдан ичиб қолганлари яшнаб турарди. Боғ қаровсиз бўлишига қарамай, баҳор ва ёзда ғўзага ишлов беришга келган мактаб ўқувчиларию колхозчиларга соя берарди.

Ботир ва Замира бошқалардан ортда қолиш учун кетмончаларини ерга енгил урар ва тез-тез суҳбат қуриб, эгат ичида узоқ ўтириб қоларди. Ўшанда уларнинг суҳбатини бузиб боғдан бир қушнинг ажиб сайроғи эшитилди. Ногаҳон янграган бу оҳанг кетмонларнинг чақир-чуқур тошлоқ ерга урилишидан чиққан товушни бир лаҳза бўлса-да, босиб кетди. Ботир тошдек қотди, Замира ҳайрат ила аланглади. Улар бу қуш ҳақида кўп эшитган, бироқ ўзини ҳеч қачон учратмаганди. Ботир қушлар ҳақида билганларини гапира кетди. Аслида у бу гапларни бир синф пастда ўқийдиган, ҳамма “қуш жинниси” деб атайдиган боладан эшитган, кўп марталаб қушлар уялайдиган жарларга бирга борганди.

Улар азбаройи қизиқишдан боққа киришди. Қушни ҳуркитиб юбормаслик учун оёқ учида қадам ташлашди. Дарахт ва буталар қуюқлашган жойда Ботир баланд ёнғоқнинг шохлари орасида ўтирган бир қушнинг думинигина кўра олди. У Замирани сўзсиз ўзи томон имлади. Замира унга шу қадар яқин келдики, Ботир унинг гупиллаб ураётган юрак товушини, илиқ нафасини сезди ва ихтиёрсиз ҳолда унинг яноғидан шартта ўпич олди. Замира “вой” дедию ҳуркиб, сапчиб қочиб кетди. Қуш ҳам пирр этдию учди кетди. Ботирнинг юраги эса типирчилаб қолди. Замира томонга қарашга ботинолмай, кўзи лоп-лоп учиб бораётган қуш ортидан эргашди.

Ботир армияда икки йил хизмат қилиб келгандан кейин Замирага уйланди. Хизматдан аввал бир йил тиббий билим юртида ўқиганди, ҳарбийда фелдшер бўлиб ишлади. Қайтиб келганида кўп нарсалар ўзгариб кетди… Шўро Иттифоқи қулади, ғоялар ўзгарди, одамларнинг ҳаётга қарашлари янгиланди, ҳаётнинг ташвишлари-да янги қиёфа топди, етти ухлаб тушга кирмаган воқеалар пайдо бўлди.

Онаси ёшлигида ўтиб кетган, отаси касалманд бўлгани учун Ботир тенгқурларидан кўра эртароқ уйланди. Ўқишни давом эттириш учун икки йил тиббий университетга ҳужжат топширди. Киролмагач, умид узди-да туман марказидаги шифохонада ишлади.

Лекин бир маош билан рўзғор тебратиш, тўшакка михланган отага қараш, укани уйлантиришнинг ўзи бўлмади. У ерга ёпишди. Колхозлар тарқатилиб, ўрнига фермерлар чиққан, мол-қўй боқиш учун парча ер қолмаган. У чек ер олиб шундан даромад кўтармоқчи бўлди. Бир неча йил уриниб тузукроқ ҳосил кўрмаса-да, пиёз экиш ҳадисини олди. Бу вақт ичида одамгарчилиги ва зеҳн-фаросати туфайли ўзи фелдшер бўлса ҳам халқ орасида “дўхтир” деган ном қозонди. Халқ бировга шунчаки ном бермайди, бунинг учун аввало тан бериши керак. Аслида ҳам Ботир анча-мунча шифокордан кўра қўли енгил ва тажрибалироқ эди. Қишлоқда унга тиним йўқ, энди енг шимариб кетмонга узанса, кимдир ҳовлиқиб келиб қолади. “Тез юринг, онамнинг қон босими кўтарилиб кетди”, ёки “ўғлим томдан йиқилди” деб келувчиларнинг кети узилмайди. Касаллик фурсат кутмаганидек, беморлар ҳам вақт кутмайди, Ботир кечасию кундузи тиним билмайди. Шунинг орасида деҳқончилик ҳам қилади.

Сув қаҳат бўлиб чек ердан олинадиган арзимаган даромаднинг ҳам баракаси учди. Энди у фермерлардан ижара ер олиб, пиёз эка бошлади. Касалхонадан келадию далага чопади. Ижара ҳақини ҳосилдан тўлайди. Лекин ҳар йили посанги ўша: ови юрса тови юрмайди, тови юрса ови чопмайди, дегандек. Ҳосил зўр бўлганда пиёз арзон, пиёз қиммат бўлганда ҳосилнинг мазаси йўқ. Ҳар иккиси ҳам бўлганда ҳосилни шира еб битиради. Лекин Ботир халқ орасида юрадиган гапга ишонгиси келади: деҳқоннинг пирлари пиёзни етти йил экиш керак, шу етти йилдан биттасида пиёз остонангни тиллодан қилиб ташлайди, деган эмиш. Бу йил беш йил бўлади пиёз экишни бошлаганига. Икки йил қолибди. Кейин нима қилади? Пиёздан бой бўлмаса, картошка экади. Барибир меҳнат қилиш керак, болалар катта бўляпти.

Лекин дўхтир зоти ерга ёпишмасин экан, ўзи шу касб эгаларига жин-пин теккан бўлса ажабмас. Қишлоқдан учта дўхтир чиққан. Иккитаси ҳозир нафақада, умри ер чопиш билан ўтди. Валижон дўхтир қишлоқ этагидаги адирда йигирма йил тош териб, қўриқ очди. Ишдан келади-да, эшакаравага ўтириб боғига йўл солади. Йўлда “Қаро кўзимни” хиргойи қилади, авваллари маст бўлиб қолса тўйларда ҳам шу қўшиқни айтиб ҳаммани безор қиларди. Энди биров билан иши йўқ, кетмондан ҳориган пайтлари боғининг тепасидаги дўнгликка чиқиб олиб, най чалади. Баъзан найнинг ғамгин нолиши ярим тунга қадар тинмайди. Бу йил сув тақчил, боғ қуриб ётибди, найдан чиққан куй ҳам саратоннинг жазирамасидек юракни ўртайди.

Раҳматилла дўхтир ҳам унинг ёнидан боғ қилган. Бироқ бу дўхтирнинг ичадиган одати йўқ, най ҳам чалмайди, лекин кетмонни қўлидан қўймайди.

Учинчи дўхтир бу икковидан анча ёш. Ҳали боғ савдоси бошига тушмаган. У ҳозир Россиянинг тиббий экспедициясига қўшилиб Қизил денгиз соҳилидаги бир мамлакатда ишлаб юрибди. Ойлиги ҳартугул яхши экан уй-жойини тиклаб олди. Айланиб-айланиб охири у ҳам ерга ёпишадиган кўринади. Шу ёзда таътилга келганида қишлоқдан томорқа ер олиб, терак ва гилос кўчати ўтқазиб кетди. Келади-да бир кун тупроқ ялагани.

Нега дўхтирлар ерга деҳқондан ҳам қаттиқ ёпишади. Оппоқ халатини кийиб, эгнига гард юқтирмай юрса бўлмасмикин? Нега ўзини ҳадеб ерга уради…тупроқ титкилайди. Балки кўп қон, кўп ўлик кўрганидандир…

Ботир ариқ ичида тин олиб, бу хил ўйга чўмиб қанча ўтирганини билмади. Қуёш эса сўраб-нетмай терак бўйи кўтарилиб қолибди. Адирга етгунича кун қизиб кетади. Пиёзга дори сепадиган заҳарчи ҳам кутиб-кутиб кетиб қолган бўлса керак.

У энди уйига қайтишдан бошқа чораси қолмаганидан оғир қадамлар билан ортга қайтди. Уйининг вассажуфт шифтига термулиб ётишни ўйлаб юраги сиқилди. Қишлоқда вассали уй деярли қолмаган, ё фанердан қўшнова қилиб нақш солинган ёки гипсқоғоздан шакл бериб, мойбўёқ сурилган, баъзилар шифтига турли рангларда шуъла таратадиган энг охирги русумдаги чироқлар ўрнатган. Ҳовлига тушиб келар экан, отасидан қолган уйга ёнбош солинган чала иморатга қараб, балки бугун гувала қуйсамми, деб ҳам ўйлади.

Кеча тунда чиқарилган сомонни маллага солиб ташиётган хотини эрининг эрта қайтганидан ҳайрон бўлди.

“Ҳа, иш битдими?! Пиёзга заҳар септирдийизми?” деб сўради.

У нима жавоб қилишни билмай туриб қолди. Нима десин энди хотинига?

“Мен бир қушни, ёшлигимдаги қушни учратдим. Сенга кўнгил қўйганимда, сендан илк бўса олганимда учратган қушни. Эсингдами ўшанда… э, у пайтлар сен бошқача эдинг, мен бошқача эдим, ҳаёт бошқача эди. Хуллас, адирга кетаётиб ўша қуш товушини эшитдиму, ўзини кўрмоқчи бўлиб пиёзга бора олмадим. Шира еб ётган пиёз яна заҳарсиз қолди. Энди қачон касалларимдан бўшайману қачон далага бораман, унгача пиёзни шира еб ётар. Манови чаладеворнинг томи яна ёпилмай қолади, қиши билан деворлари нураб тушади, янаги йил ёзда яна қайтадан урамиз. Болларинг мактабга яна эски кийимларини кийиб боради. Сен эса қизингни сепига ташлайдиган помбарқитни ололмайсан. Ҳаммаси ўша қушни деб бўлди, биргина қуш-а. Ўша зорманданинг бўй-бастини тўлиқ кўра олган бўлсам ҳам бошқа гап эди!” дейдими.

Бу хотин зоти тушунадими ўзи? Жинни бўлибди, деб ўйлайди.Ундан кўра, сассиқпопишакни кўрсангиз яхши бўларди, деб киноя қилиши тайин.
“Дарвоқе, сассиқпопишаклар ҳам келмай қўйди-я биз томонларга,” Ботир бу ўйдан кейин илжайди ва хотини кўриб қолмаслиги учун юзини терс ўгирди. Ў, аёл зотидан бир нарсани яшириб бўларканми!?

“Э қанақа одамсиз ўзи, нега тиржаясиз, заҳар нима бўлди, заҳар,” деди энсаси қотиб.
“Заҳарчи кемади.” Хотини кулгисини сезиб қолганидан жаҳли чиқди унинг.
“Нега кемас экан, нима бўпти?”
“Заҳарчи заҳар ичиб ўлипти.” У жаҳл билан узумток устунини тепганди, кечаги чанг ва сомон зарралари бошига дув тўкилди.

Иккинчи ҳикоя

Ботир дўхтир ишдан қайтатуриб Шаҳобнинг дўконига кирди. Қишлоқда “тижорат”номини олган, йўл бўйида чуст дўппидек қўққайиб турган дўкон кези келганда майхона вазифасини ўтарди. Шу кунга қадар биров бу депарада чойхона юритиб, бири икки бўлмаган. Бунинг сабабини ҳеч ким билмайди. Касод бўлган чойхоначиларнинг ўзлари ҳам буни гоҳ насиячилардан кўрса, гоҳ солиқчиларга ёпиштиради. Қолаверса, замона тезкор, дўконга бирров бош суққан ҳамқишлоқлар учун ичимлик ҳам, газак ҳам шу ернинг ўзида муҳайё, ўрикдан бўшаган шатмоқ яшиклар бир зумда курсига, кўча газетаси дастурхонга айланади.

Ҳозир ҳам тўрт улфат дўконнинг четида тешиккулчадан бўшаган қоғоз қутини ўртага қўйиб, қўр тўкиб ўтирибди. Ўртада иккита лаби учган пиёла, пиёз пўстидек юпқа кесилган уч-тўрт бўлтам колбаса, уч дона пахтаолма бор. Дўкон деворларига наридан бери оҳак сурилган, тўрда шилдироқ елимқоғозли сурат осилган, унда хитой қизи сохта жилмайиб турибди, иккинчи суратда сават тўла субтропик мевалар. Ранглари шунчалар тиниқки, қизгина ютинса, томоғидан ютуми кўринадигандек, бу ёқда эса кивининг ҳар бир тукигача диккайиб турибди. Кивини умрида кўрмаган, лекин ҳар сафар бу мевани тукли картошкага ўхшатиб мутойиба қиладиган улфатларнинг суҳбати қизғин.

– “Бунёдкор”га бразилиялик тренер кепти. Туркиянинг “Фенербахча”сига тренерлик қиларди-ку, ўша!
– “Бунёдкор”ми, шу аввалги “Қурувчи”-да?
– Ҳа-да, яқинда Бразилиядан бир ўйинчи ҳам сотиб олди-ку.
– Туркия бразилиялик тренерни қайтариб олмоқчи эмиш, қанча сўраса берамиз дебди, шу ростми?
– Бизникилар осонликча қайтариб бермаса керак.
– Э, ота-бобоси пул-да, ким кўп тўласа, ўшанга кетаверади-да.

Ботир дўхтирнинг эшик ғийқиллашига монанд саломи суҳбатни бўлди.
– Келинг, дўхтир. Пиёз қалай? – деди дўкончи. – Бу йил энди “Нексия”нинг рангини олай дедими?!
Сархуш улфатларга қия қараш қилиб олган дўхтир бу гапдан бўйнини ичига тортди, жиккаккина гавдаси яна бир қарич чўкиб кетгандек бўлди. Улфатлар ялт этиб дўхтирга қаради. Бирма-бир бош ирғаб, саломлашилди.

– “Нексия”нинг расмини чизиб қўйганмиз, лекин ранг кирмаяпти, эски “Москвич”га қараб тортадими, дейман… шира еб битиряпти-ку, дори сепишим керак эди, боролмаяпман, – деди уф тортиб дўхтир.
– Хавотир олманг, дўхтир, дориям топилади, заҳарчиям келади ўзи қидириб, худонинг буюрган соатида. Бирорта боши айлангани кеп қолар, у дорини сепгандан кейин бу “дори”ни қимаса бўмайди. Унгача биз билан…– Саидали қувлик билан чап кўзини қисиб, пештахтадаги шишаларга имо қилди.
– Дўхтир, заҳарчи кемаса, пиёзингизга дорини ўзим сепиб бераман. Аппарат топсак бўлди, келинг, сиз ҳам бир одамга ўхшаб дам олинг. Бирор минут тин олинг-да энди, дўхтир. Олинг битта шишани, келинг! – Бўрибой Ботирни қистай бошлади.
–Ўзи шундоғам томоғимдан ҳеч нарса ўтмаяпти, Бўрибой.

Ботир шу кунларда ўзи ҳақида қишлоқда тарқалган гап бу ерда ҳам чайналиб, даврада эрмак бўлишдан чўчиди. Дарҳол дўкончига юзланиб, ярим кило шакар, бир кило макарон тортишни сўради. Буларни қарз-насия дафтарига ёздириб қўйиб, кейин ёғ қачон келишини суриштирди-да, дўкончидан ўпкаланди:
– Ўтган гал завудёғ кеганда бизникилар ололмапти-ку.

Дўкончи ўзини оқлади:
– Ака, рўйхат билан тарқатсак ҳам етмай ётибди. Рўйхатни маҳалла раиси тузяпти-ку, – деди.

Шу пайт улфатлар орасида дўхтир хавотир олган мавзуда қочирим бўлди.
– Дўхтир! Биз томонларда ғалати-ғалати қушлар пайдо бўптими? Одамлар шундай деяпти. Сиз ҳам биттасини кўрибсизми-эй, шу ростми?
– Э, баттол…Сен ҳам эшитдингми? – дўхтир аввал тиши орасидан зўрма-зўраки илжайди, бироқ ушлаб туролмади, бўлари бўлди қабилида ростакамига кулиб юборди.

Дўкончи бу гапдан бехабар эканми ёки атайин талмовсиради:
– Қанақа қуш экан? Кўлга қўнган қашқалдоқларми? Шаҳарликлар келиб отиб кетишяпти экан.
– Дўхтир кўрган қушни отиб бўмасмиш, қандайдир хосияти бор эканми, кейин у ҳаммага ҳам кўриниш бермас экан.

Ботирнинг кулгусидан дадиллашган улфатлар пайровни илиб кетди.

Дўхтир уч кун аввал касалхонадан қайтишда қўшни қишлоқлик доричининг уйига кирган, адирдаги пиёзини дорилатиш учун у билан келишган, доричи “заҳар сепсанг саҳар сеп, кун қизигандан кейин бошим оғриб кетяпти” деб нолигач, булар эртаси тонгда пайкал бошида учрашишга келишиб, тарқалганди.

Иттифоқо, дўхтир уйига келаётиб кўчасида икки ғилдиракли қўлбола комбайнни маҳалла болаларига судратиб кетаётган тегирмончини кўриб қолди. Дўхтир эшиги тагига тўкиб қўйилган юз эллик боғ буғдойни янчитишга тегирмончини бир амаллаб кўндирди, айни мавсум пайти, тегирмончи бир кетса қайтиб бу томонларга яна қачон келади?! Улар ярим тунда буғдойни комбайндан ўтказиб бўлишди. Ҳорган-толган дўхтир эртаси тонг саҳар адирга кетар экан, Абдусалом домланинг ҳовлиси тепасидаги дарахтзорга етганда бир қушнинг товуши қулоғига чалинди. Дўхтир бу қушни кўрмаганига, эҳтимолки, унутганига, ўзининг айтишича, йигирма йилдан кўп бўлибди. Не бўлибдики, дўхтир тонг палласида бу қушнинг товушига маҳлиё бўлиб, уни бир кўриш иштиёқида дарди-дунёсини унутибди-да, яқин тушгача чакалак ичида қолиб кетибди.

Ҳаёт ўша ҳаёт, оғримаган бош борми, ташвишсиз калла борми? Рўзғор ғори, турмуш мушти, мол-ҳолга қараш, болалар ғишаваси, хотиннинг хархашаси, буларнинг бари эркакнинг гарданида. Ўзи йигит киши қирққа кирганда бир айниб олади. Бўлмаса, қизи бўйига етиб қолган каппа-катта одамга бало борми қушнинг кетидан қувиб. Дўхтири тушмагур зах ариқнинг ичида ўтирганча, ўз хаёллари билан андармон бўлиб, бу дунёга нимага келдию нималар қилди, не ҳузур топдию не жабр кўрди, деган бўлмағур хаёлларни миясидан қувиб чиқаргунча қуёш нақд тиккага келибди. Доричи адирда дўхтирни узоқ кутиб, кейин сўкина-сўкина кетворибди. Дўхтир нима учун адирга боролмаганини ҳеч кимга айтмаган эса-да, кечқурун барибир хотинига ёрилган экан.

Эртаси хотини қўшнисига шикоят қилибди:
“Қандай одам эдики, адирда пиёзини шира босиб ётган бўлсаю, наҳот бу кишим ёш боладек қушларнинг кетидан юраверса, бу кетишда қачон косаси оқаради, билмадим… ўзи неча йиллардан бери пиёз экиб, ҳали бир нарсани дўндирган эмасди”, дея фиғони чиқибди. Устига устак ўша куни заҳарчи ўлип қопти деб ҳазил қилганию бугун ростдан ҳам ўша одамга жаноза ўқилганини айтиб, ёқасига туфлабди.

Бу гап қишлоққа яшин тезлигида тарқайди. Қўшиб бичилади.

Ўша қуш аслида ажина экан, дўхтирни йўлдан оздирмоқчи бўлганмиш, ўша ерда эски садақайрағоч бўлиб, унда инсу жинслар макон қурганмиш. Бечора дўхтирни ажина озғирди, деб айримлар болаларини уйига қамаб ўтирибди. Абдусалом домланинг энаси ўша садақайрағоч тагида чироқ ёқиб, ис чиқаргувчи эди, кампир дунёдан ўтгандан кейин бу жой завол бўлиб, ажиналар макон қургани аниқ. Бундай яхши дўхтир бу оламда битта эди, кечаю кундуз одамларнинг ҳожатини чиқарарди, ажина ҳам келиб-келиб бизнинг дўхтирга йўлиқадими, деб кўпчилик афсус чекибди.

Бошқалари эса ўша қуш аслида ажина эмас, фаришта бўлгани, заҳарчининг ўлими яқинлашганини дўхтирнинг кўнглига солгани, зеро заҳарчи барибир ўлар экан, дўхтирнинг пиёзига заҳар сепиб ўлди, деган гапдан соддадил ва жўмард дўхтир бир умр азият чекиб юриши мумкин эди, дейишибди. Баъзилар дўхтир энди авлиё бўлиб кетса керак, ҳаммага укол қилиб, дори ёзиб бериб юрарди, энди бир назар ташлаганда ҳар қандай касал тузалиб кетса ажабмас, наҳотки, бизнинг қишлоқдан ҳам авлиё чиқса, ахир қишлоқнинг номи бежиз Гўрмирон – гўри мирон эмас, яъниким, мирлар қабристони, эҳ-ҳе, бу ерда қанча-қанча азиз авлиёлар ётибди, деб қувонган ҳам эмиш.

Бошқалар бундай гап айтган одамларни жеркиб ташлабди. Ажинага бало борми шундай замонда? Кеча тухумидан чиққани ҳам компютер нималигини билса, сигирини далага ҳайдаб кетаётгани ҳам қулоғига Эм Пэ учми, тўртми тутиб олган бўлса, томга ғўзапоя ирғитаётиб бу ёғи Россия, у ёғи Кореяда ишлаб юрган акасими ё укаси билан телефонда гаплашса, шундай замонда ажина қоладими, дебди.

Аслида, дўхтир ўша қушни болаликдаги дўсти, ўқишдан кейин шаҳарда қолиб кетган ўртоғига тутиб бермоқчи бўлганмиш. Чунки булар болалигида қушман деган жон борки хоҳ ерда, хоҳ осмонда бўлсин, тинчлик бермаган, ҳатто қиш қаттиқ келган узоқ бир йили симёғочда очлик ва совуқдан кунишиб ўтирган қирғийни кун бўйи дов-дарахтга қўндирмай, қирма-қир қувиб, охири ҳолдан тойдириб ушлаб олган экан. Бу қушни кўргани келган қишлоқ болаларининг ҳар бирига қирғийга емак учун сичқон солиғи солганини ҳам эслабди одамлар. Ўшандан буён тенгқурлар бирор воқеани эслашмоқчи бўлса, “сичқон солиғи” солинган йилдан икки йил кейин бўлувди бу воқеа, деб гапиради.

Бошқаси, қўйсаларинг-чи, отам замонидан бери тиним билмай меҳнат қиладиган дўхтир нима жин урибдию, ўша куни салқин дарахтзорда, зах ариқнинг ичида бир мириқиб ухлаб олган экан, қовуғини шамоллатибди, ҳозир ўзи даволанаётган эмиш, шира еб ётган пиёзи билан ҳам иши йўқмиш, дебди. Яна бирови, эҳтимол, дўхтир чироқ ёқилган садақайрағоч тагига сийиб-нетгандир, дарди шундан бўлиши ҳам мумкин, дебди.

Гарчанд дўхтир бу гапларнинг ҳаммасидан бохабар бўлмаса-да, турли уйдирмалар тарқалганини билар, бу гаплар ўзига нашъа қилса-да, кап-катта одамнинг ҳақиқатан ҳам бир қушга алағда бўлиб, аввало, ҳаёт-мамотдек долзарб бир ишдан қолгани уни кўп хижолатга қўйса, иккинчи жиҳатдан заҳарчи “ўлибди” деб хотинига айтганию эртаси кечга бормай ҳазили рост бўлиб чиққанидан ортиқ изтиробда эди.

“Нафасимни ел учирса бўлмасмиди, кўпни кўрган одамлар бежиз ҳазил ҳаром дейишмаган”, деб ич-ичидан куйинарди дўхтир. Лекин бу изтиробларини бировга билдирмай юрганди. Мана бугун Бўрибой бу ҳақда гап очиб қолди.

Дўхтир энди ноилож қолганини сезиб, улфатлар тепасига келди, Бўрибой дорини ўзим сепиб бераман деди-ку, пиёзни шу кунларда дорилатмаса, бу йилги меҳнатига куйиб қолаверади. Ернинг ижара пулини чўнтагидан тўлайдими кейин? Маоши йўлкирадан зўрға ошиб-ошмаса. Хотинга эса худо беради, қиши билан йўқчиликдан нолиб, қулоқ-миясини қоқиб қўлига беради.

– Қани бўлмаса, сал сурилинглар-чи, – деб дўхтир Бўрибойнинг ёнига чўкди. Иккита пиёла беш кишига бетўхтов навбат билан айлантирилди. Дўкончи колбасадан икки юз грамм кесиб, кўк елимидишга парраклаб, узатди. Улфатлар дўхтирнинг хомуш ва ҳорғин руҳиятини яна чўктирмаслик учун қушни эсламай, гапни бошқа томонга буриб юборишди.
– Дўхтир, сиз қайси уруғдан эккансиз, гибридми, харсидонми?
– Гибрид.

– Эсиз, испанес дегани чиқибди, ўшандан экмабсиз-да, даҳшат ҳосил берармиш, тарозини ҳам зўр босармиш. Мана, ўтган йили қўқимбойлик биттаси эккан экан, далани ўзида таламон қилиб кетибди харидорлар. Шартта битта “Нексия” олибди, ғизиллатиб ҳайдаб юрибди, уйини ҳам ремонт қипти, оппоқ, катта темир дарвоза ўрнатибди. Бу дарвозадан “Камаз” ҳам кириб кетаверар экан. Қолган пулга укасига битта “Тико” оберибди.
– Э, танийман, қишлоққа кириб боришдаги заправка қани, ўшандан кейинги кўчада туради.

– Ҳа, худди ўша.
– Лекин четдан келаётган бу уруғларнинг бари бир йилдан кейин айнийди, ўзидан уруғ олиш қийин, ҳар йили янгитдан уруғ сотиб олишинг керак. Пул қани унга. Ўзимизнинг ота-бобомиз экиб келган қоратол яхши, жайдари, заҳар ҳам кўп керакмас.
– Дўхтир эшитдингизми, янги германски дори чиқибди. Пиёзга дорини қалин қилиб сепилар экан. Дори ернинг бетини юпқа елимқоғозга ўхшаб ёпиб қўяркан, шунда пиёздан бошқа битта ҳам ўт чиқмас экан, ана, пиёзўтоқ ҳам шарт эмас, – деди улфатлардан бири ва пахтаолмадан бир бўлак карсиллатиб тишлади.

Лекин Бўрибой уни ошиғич тўхтатди, олманинг орасидан чиқиб келган оппоқ қуртни бармоғининг учи билан олиб ташламоқчи эди, қурт пастга, пиёланинг ичидаги ароққа тушди.

Бўрибой гапни давом эттирди:
– Ҳўв ўртоқ, бегона ўт чиқмайди эмас, чиқади. Пиёзга ўхшаган игнабаргли ўт борки, ҳаммаси чиқади. Фақат пиёзни ўт босиши камроқ бўлади, лекин бу дори қурғур ҳам қиммат-да! – Бўрибой гап асносида кўрсаткич бармоғининг учи билан ароқнинг бетидаги қуртни пиёланинг лабига суриб чиқарди, кейин чертиб юборди.

– Пиёзни битига қарши Хитойни “карате”си ҳам яхши иш бермай қўйди, ундан ўзимизда чиққан “делта форс” тузук кўринади.
– Э, йўқ, хитойнинг заҳари кучли барибир. Асосийси, арзон.
– Зарари-чи, зарари? Ўлдиради-ку одамни!

Гап айни қизиб турган пайт дўконга молдўхтир Ибрат кириб келди. Ибрат икки-уч даврада гап егани учун серулфат одам эди. Лекин ҳозир улфатларнинг қистовига қарамай, адирга қўтир бўлган молни кўришга кетаётгани, молнинг эгаси кўчада машинасида кутиб турганини айтди. У тезда харидини қилиб, эшикка йўналган эди, Бўрибой узилиб қолган суҳбатни наинки давом эттириш, бунга қадар айтилган гапларга бир далил ва тирик гувоҳ ҳам келтириш илинжида унинг диққатини тортди:

– Мана, узоққа бормайлик. Мана, шеригимнинг божаси, икки кун аввал шундоқ пиёзга заҳар сепиб чиққан-да, шундоқ эгатнинг тепасида ўлган-қолган.
– Йўғ-э, у пиёзга сепмаган, – энди остонага қадам қўйган Ибрат тўхтаб, ортига ўгирилди: – у бодрингга сепган.
– Шу, заҳар ўлдирган-да?!

Ибрат эшикдан ташқари мўралаб, мол эгасига бақириб бироз кутиб туришни сўради, ортига қайтиб, даврага қўшилди:
– Сен қулоқ солиб тургин, бу шанба куни бўлган. Мен бир кун аввал, жума куни пиёзга дорини сепиб чиққанман божамнинг аппаратида. Ўзи пиёзим ўн икки сўтих ерда, иккита эгат қолганда аппарат бузилиб қолди, роса дамлайман, лекин сепмайди-да, оғзидан дори чулдираб оқиб тураверади суннат қилинмаган боланинг пешобига ўхшаб. Ҳалиги ичидаги колсоси бор-ку, узукни сингари, ўшаниси кетган экан. Эртасига, шанба куни бўлган бу, божамнинг олдига бузуқ аппаратни кўтариб бордим. Аввал жаҳли чиқди, “минг раҳмат сизларга, кеча бир ҳамқишлоғингиз девор ушлатиб кетувди, бугун сиз аппаратимни расво қибсиз”, деди.

Ибратнинг бу гапидан кейин улфатлар дўхтирга зимдан қараб олди, дўхтир ерга қараб илжайди. Ибрат гапида давом этди:
– Божам билан биз авалдан куч синашиб юрардик. Бу гапидан кейин шартта белидан қисиб, бир кўтарган эдим, дод деди, жон ака, деди. Кейин қўйиб юбордим. Бирга чойхонада тушлик қилдик ҳазил-ҳузул билан. Кейин ўша ерда уч-тўртта бола шахмат ўйнаб ўтирган экан. Мен ҳам ўйнадим. Ҳаммасини ютдим, кейин бирма-бир пешонасига чертиб чиқдим. Божам уларни мазах қилиб роса кулди, ётволиб кулди. Шунда соат уч ёки тўрт бўлганди. Шунда биттаси аппарат кўтариб ўтди-да! Энди божам кечки бодринг экиб қўйган-ку. Бодринг мана шундоқ бўлиб, кўм-кўк яшнаб турибди, шишани сингари… – Ибрат бир тамшаниб олди.

Унга дарров пиёла тутқазишди. У шошилинч пиёлани бўшатиб гапида давом этди:
– Божам ҳалиги аппарат кўтариб ўтганга ҳазил-ҳузул билан, бодрингни кўрдингми, яшнаб ётибди, ҳали оқпалак бўлмасидан дори сепиб қўяйлик, мени аппаратимни мана бу аканг бузибди, сеники қачон бўшайди, деб сўради. Деса айтдики, Батка деди, Батка дерди-да божамни.
– Ҳа, тўғри, уни Батка дейишарди.
–Соат бешларда бўшайди, мен ҳозир бир жойда дорини сепиб қўяй, кейин бўшайди, деди ҳалиги аппарат кўтарган. Шунда соат тўрт яримми бешларми? Шунда мен ҳалиги жойдан туриб, бўпти божа, деб кетдим. Уйга келдим, ётдим. Эртасига бозор. Сен қуй, жуфт бўлсин.

– Ҳа, қуй-да Ибратга, дўхтирга ҳам.
– Эртаси бозор. Бозорга кетдим. Бозорга борсам, укамни кўриб қолдим. Божангиз касалхонада экан, хабар олдингизми, деди. Нега, кеча отдек эди-ку, десам, ишонмайсизми, реанимацияда ётибди экан, деди. Шу кечқурун ичволиб йиқилиб-пиқилиб тушгандир-да деган хаёл билан ҳалиги жойда реанимацияга келдим. Реанимацияга келсам, акаси турибди эшикнинг тагида. У билан бироз гаплашиб турдик, ҳалиги жойда ярим соатча гаплашдик. Кейин гапнинг орасида Батка тузукми десам, ҳе, Батка ўлган, деди. Ҳайрон бўлдим. Йўғ-е, десам, ҳа, деди. Энди шу ерда гаплашиб турган бўлсак, ана шу эшикнинг орқасидаги йўлакка киргизиб қўйибди ҳалиги аравачада. Мен билмайман-ку, қайда десам, ана, деди. Шундоқ борсам … Батка! Шундоқ кулиб қараб ётибди-да… – Ибрат бир зум тин олди. – Ўшанда унга аппаратни олиб келиб берган соат бешларда. Ҳалиги жойда дорини сепган, оқпалакка, битта заправкада. Иккинчи заправкани қилган, ҳалиги аппаратга сувни, дорини қуйгандан кейин нима хаёл биланки шундоқ аппаратнинг оғзига энкайиб қараган-да. Ҳалиги жойда дорининг ҳиди димоғига гуп уриб, нафас йўлини ғип ёпган. Божам пўрт ташлаворган ўзини. Ҳа-ҳа билан касалхонага олиб келишган. Қонини ювган, бошқа қилган, лекин барибир бўмаган. Жигари шишиб, нафас органлари кетиб бўлган. Бўмади. Ўлди. – Ибрат шу гапни айтди-да, кейин дик ўрнидан туриб, дўкондан чиқиб кетди.

– Жойи жаннатда бўлсин, ўзиям ҳеч қандай заҳардан тап тортмасди. – Ботир дўхтир хўрсинди.
– Анови-чи, Акромнинг укаси, пиёзга заҳар сепавериб томи кетиб қолди-ку, – улфатлардан бири гап қўшди.

Бироз сукутдан кейин Бўрибой яна гапга кирди:
– Ҳа, заҳар билан ҳазиллашиб бўларканми? Лекин заҳар билан ҳазиллашмоқчи бўлсанг, билгин, бир йил ёки икки йил. Ундан ортиғига дори ҳазилни кўтармайди. Мен вақтида тўхтатдим. Шеригим

Адҳам Россияга кетиб қутулди. Биз икковимиз заҳар сепмаган дов-дарахт қолгани йўқ бу депарада. Лекин Адҳам чатоқ эди. Битта шишани уриб олиб, иссиқми-совуқми, дорини чангитиб сепаверарди. – У сархуш бошини силкитди. – Аммо лекин, ҳузурини аппаратнинг эгаси кўрди. Уйига ёнғоқдан нақшинкор дарвоза қурганини кўрдингларми, ўша биззи меҳнат-да. У пайтда ҳозирги “вертолёт” аппаратлар чиқмаганди. Энди-чи, бир шиша бензинни қуясан-да, патиллатиб бир гектарга бир зумда сепиб ташлайсан. Аммо-лекин, дўхтир, сиз хавотир олманг. Мен “вертолёт”и бор бир одамни биламан, сизни пиёзингизга ўшанда дори сепамиз. Эртагаёқ!

Ботир дўхтир дўкондан чиқиб уйига йўл олганда тунги салқин тушиб қолган, осмонда юлдузлар бодроқдек потраган, анҳорда қурбақаларнинг қуриллаши қулоқни қоматга келтирарди. Узоқдан қўлбола комбайннинг тариллаган овози эшитилар, чанг, сомон ва яна аллақандай ёввойи ўтларнинг ҳиди келарди.

Ботир буғдойини чиқариб, елпиб, сандиққа ҳам тўкиб қўйганини, бу йилги энг оғир меҳнатлардан бири ортда қолганини эслаб, юлдузларга мамнун тикилиб борарди. Айниқса, кўкдаги сомон йўли ярқираб, сирли живир-живир қиларди. Худога шукр қилиш керак, дерди у. Мана, нимаси ёмон, ҳамма нарса жойида, эртага пиёзга ҳам дори сепилади. Худо хоҳласа, кузда пиёз бир бўлиб берса, балки чала ётган уйи ҳам битиб кетар, эҳтимолки, “Нексия”, балки “Матиз”, жуда бўлмай қолса, “Москвич” сотиб олар. “Москвич” тузук, барибир деҳқоннинг машинасида…

Учинчи ҳикоя

Одамлар бир неча кундан буён интиқ, муҳим бир янгилик юз беришини кутиб тараддудда эди. Вақт ўтгани сайин ҳаяжон таранглашиб борарди. Турли уйдирмаю миш-мишларга қулоғи динг, бирор кун чанқовбости хабар топилмаса, қирғоққа чиқиб қолган балиқдек нафаси қистайдиган одамлар сўфи азон айтмасидан аввал катта йўл бўйига чиқиб олиб, чўнқайиб олганча уйқули кўзларини тинимсиз ишқалаб, гоҳо хомуза тортиб, бир нималарни эринчоқ муҳокама қилишарди. Тонг қоронғусида гунгур-гунгур қилиб бомдод намозига кетаётганлар эса буларга қараб «Каллаи саҳарлаб отти пўқидек тўпланиб қопти булар? Анжон носи жума саҳар келарди шекилли..?» деб бир-бирларига имлаб қўяди.

Кун бўйи ҳеч бир хабар келмади. Олди-қочди гаплардан ўзини узоқ тутадиган қишлоқнинг сипороқ кишилари ҳам шомга яқин катта йўл бўйидаги дўкон атрофида уймалашиб қолди. Қишлоқда норасмий майхона вазифасини ўтайдиган бу дўконда ҳамиша уч-тўрт чоғли улфат ичиб ўтиради. Одатда ароқдан ҳазар қиладиганлар бу улфатларга юзини терс қилиб ўтади, лекин бир гап бўлса бехабар қолиб кетмайин деган илинждами, бугун улар анча юмшаб қолган. Улфатларга яқин келмаса-да, ҳазил-ҳузул гапларига узоқдан енгил кулиб, босиқлик билан жавоб қайтариб қўяди. Дўкон атрофида одамлар сони кўпайган сари, қувламачоқ ўйнаган, велосипед минган болалар ҳам шу атрофда йиғила бошлайди. Қош қорайиб, осмонда кўршапалаклар ғиз-ғиз учади, пастда эса ғала-ғовур, оломонга келиб қўшилаётган кўнгиллилар сони ортиб боради. Об-ҳаво, экин-тикин, мол-қўй, сабзи-пиёз нархидан бошланган суҳбат айланиб-айланиб яна Ботир дўхтирга келиб тақалади. Ботир ўзи фелдшер бўлса ҳам уқуви ва меҳнаткашлиги туфайли халқ орасида дўхтир деган ном олганди. Дўхтир қандоқ улов миниб келар экан, рангию русуми қанақа бўлади, деган мавзуда баҳс кетади. Ўзи дўхтирнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бормиди, деб кимдир сўрайди. Чуст дўппи кийса қўзиқоринга ўхшаб қоладиган бўйи бир қарич дўхтир «Ласетти»ми ёки «Нексия» миниб келса, тепкига оёғи, йўлни кўришга бўйи етармикин, дея бош қашийди бошқаси бироз ғашланиб. Тагига ёстиқ қўйиб олади-да, дейди кимдир ва гуррос кулги кўтарилади. Одамлар турли тусмоллар ва тахминлардан чарчаганда, ўзи эр кишига омад етти марта кулиб боқади, шулардан биттасини ушлаб қолсанг қолдинг, бўлмаса пиёзни аччиқ чайнаб қолаверсан каби пурмаъно «ҳикмат»ларга навбат келади.

— Омад келса шу-да, ҳеч кутилмаган жойда, кутилмаган пайтда ишинг ўнгланиб кетади, мана-ман деган дўхтирлар етолмаган мартабага битта фелдшер етишиб турибди-ку!
— Омад ҳар кимга ҳам келавермайди, омади борга келади-да!
— Энг муҳими, берар жойидан қисмаса бўлди, шунда ҳар кимнинг ҳам омади чопаверади, — дўкон ичидан кимдир ширакайф овозда ташқарида турганларга хитоб қилади, ортидан «Ҳа, отангга балли!» деган тасаннолар ва пишанглар эшитилади.

Оломон орасида гоҳ ёшларга хос ҳавасмандлик кайфияти ҳукмронлик қилса, гоҳо ҳасад аралаш айтилган гап-сўзлар, гоҳида эса мўйсафидларга хос доно ўгитлар эшитилади. Шунда ҳовлиққанроқ бировнинг «Эҳ, ҳаёт худди кинога ўхшайди-я!» деган ҳаяжонли овози янграйди.

Ўзи воқеанинг бошланиши етти кун аввал, Ботир дўхтир тонг қоронғусида туриб, бир тоғора сомон ювиб турган пайт юз берди. Бир новвос ва учта қўйнинг қаровини дўхтир кўпам болаларига ишонмайди, ишга кетишидан аввал охурларини емга тўлдириб қўяди. Ҳозир ҳам сомонни ювиб, кепак сепиб, яхшилаб терт қорди, қўлига илашган майда тош-кесакми, шиша синиқларими, ҳафсала билан териб ташлади. Шу пайт дарвоза тарақлаб, кимдир безовта чақириб қолди. Бемаҳалда келган ким бўлди экан? Дўхтир сомон ва кепак юқи қўлларини кўйлаги этагига нари-бери артиб эшикка йўналди. Оппоқ сутга чайилгандек қимматбаҳо улов дарвозага тақалиб турарди. Бетоқат турган пўрим йигит дўхтир билан қўшқўллаб сўрашди.

— Ассалому алайкум, дўхтир ака! Танидингизми..? Ҳа, ҳа, ўша кишининг ўғиллариман. Узр, тонг саҳарлаб беҳузур қилдим. Дадамлар сизни сўраяптилар. Кеча кечқурун касалхонада ётмайман деб инжиқлик қилдилар. Уйга олиб келдик. Бугун азондан сизни йўқлаб қолдилар, тез етказиб келинглар, деб мани жўнатдилар. Ҳовлингизни сўраб-сўраб зўрға топиб келдим. Бормасангиз бўлмайди энди, дўхтир ака.

Дўхтир ўйлаб ҳам ўтирмай «ҳозир, ўн минутда чиқаман» деб уйига кириб кетади.

Ўша куни эрталаб бор-йўқ бўлган воқеа шу эди. Лекин қишлоққа кирган «Малибу» русумли бу уловни кўрганлар кўп эди. Улов кимнинг уйига келгани, кимни олиб кетгани тайин гап. Бироқ…

Шаҳарга тушганлар тушдан кейин янги-янги гап топиб келди. Улов тумандаги энг бой киши ҳисобланмиш Абдураҳимбойга тегишли экан. Қўша-қўша иморатлари, қават-қават дўконлари, турнақатор уловлари бор бу эски савдогар кишини танимаган одам деярли йўқ эди. Абдураҳимбой анчадан буён хасталикка чалинган, фарзандлари Тошкентда бир неча марта даволатиб келса-да нафи тегмаганидан ёши етмишдан ошган чол энди ҳеч қаерга боришни истамасди. Шу ҳафта бошида оғирлаб қолганда, қўярда-қўймай уни туман касалхонасига, реанимацияга ётқизишибди. Ботир дўхтир навбатчиликда турган кунлари Абдураҳимбойга қараган экан. Тунги навбатчилигида касал тепасида мижжа қоқмай чиқадиган, ўзиям қўли енгил, сўзи малҳам бўлган дўхтирга чолнинг меҳри тушиб қопти. Кеча касалхонада бошқа турмайман, Ботир дўхтирни уйимга олиб келинглар, менга ўша қарасин, дебди. Одамлар топиб келган гап шу эди.

Дўхтирнинг уйига келган улов таърифи бир кун ўзаро суҳбатларга мавзу бўлди. Никелли ялтироқ қуйма ғилдираги, ён кўзгуларининг автомат тарзда буралиши, томидаги қорайтирилган ойнасининг ўзи очилиб-ёпилиши, газ босганда ёқимли гувиллаши, юрганда шувиллаши роса гап бўлди. Шу тариқа дўхтир ва Абдураҳимбой мавзуси бир ҳафта одамлар оғзида чайналди. Ахийри кимдир «Кимсан Абдураҳимбой дунёнинг ярмини сўраб келган одам, қолган ярмини фарзандлари сўраб ётибди, энди бу дўхтирга шунчалик меҳри тушган экан, хизматини ўз обрўсига яраша тақдирласа керак,» деган тусмолли гап чиқарди. «Кексайганда одам кўнгли юмшаб сермеҳр бўлиб қолади, Абдураҳимбой меҳри товланиб турган бўлса, дўхтирнинг ҳаётини обод қилиб юбориши ҳеч гап эмас,» деди биров. «Ниҳоят, дўхтирнинг тўрига тилла балиқ тушди,» деганлар ҳам бўлди.

Одамзотга ўзи нима керак!? Бугун «тилла балиқ»дан ким нима сўраган бўларди? Қишлоқнинг кўплаб хонадонларида ҳар кеч дастурхон атрофида шу мавзуда баҳс бошланди. Ёшлар ўз йўлига, кўча-кўйда кўришиб қолган чоллар, қатиққа оқлиқ сўраб чиққан хотинлар ҳам бундан четда қолмади. Кўпчиликнинг назарида бугунги замон одамининг энг катта орзуси ҳамманинг кўзини оловдек куйдирадиган пўрим, ярақлаган улов миниб юриш эди.

* * *

Дўхтир Абдураҳмонбой ҳақида кўп эшитган, лекин унинг ўзини илк бор касалхонада, бемажол, ранги рўйи сомондек сарғайган ҳолда кўрди. Бугун унинг ҳовлисига тонг саҳарда кириб келар экан, улкан нақшинкор темир дарвозаю йўлакда қатор терилиб турган уловлар, гирд айланасига иморат солинган ҳайҳотдек катта ҳовлини кўриб сир босди. Ўртада фавворали мармар ҳовуз, атрофида кўзни тиндирадиган ям-яшил майсазор, уч-тўрт туп дуркун арча ва шамшод кўчатлари яшнаб турибди. Ҳовлининг айланасига баланд қилиб темир қувурдан ишком солинган. Қувурлар оққа бўялган, ишком устунларидаги қуйма нақшларга зарҳал ранги беҳол югуртирилган. Узумтоклар яхши кузалган, кўринишидан яқинда яйратиб хомток қилинган, узум ғужумлари сарғайишга бошлабди. Ҳовлига тўқ жигарранг тош бир текис ётқизилган, гўё юрганда кишининг оёғи қолиб, туфлиси маза қилаётгандек. Дўхтир Абдураҳимбойнинг кенжа ўғли ортидан эргашиб каҳрабо мармар ётқизилган зинапоядан кўтарилиб, кенг ва ёруғ хонага кирди. Деразага яқин жойга каравот қўйилиб, унда Абдураҳимбой оппоқ чойшаб-тўшакка чўкиб ётарди. Хонанинг тўрида серҳашам, уч табақали ойнаванд жавон қад ростлаб турибди. Бир томонда чарм қопланган юмшоқ оромкурсилар. Абдураҳимбой дўхтирни кўриб, синиқ жилмайди.

— Дўхтир болам, келдингизми!? Катталик қилди деманг, касалхонада битта менга эмас, бошқаларга ҳам қилган муомалангизни кўриб сизга меҳрим тушди. Малол келмаса, уч-тўрт кун ёнимда ўзингиз турсангиз дегандим.
— Сираям малоли йўқ, отахон. Сиздек оқсоқолларга хизмат қилиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарз, — деди дўхтир бироз сўзамоллик қилиб.

Абдураҳимбойнинг яна икки ўғли ҳам шу ерда экан, бирин-кетин хонага кириб келишди, дўхтир билан қўшқўллаб сўрашгач, каттаси оғиз очди:
— Дўхтир, касалхонани главрачига айтилган, сизда прогул бўмайди. Бу ердаги хизматингиз ҳам иш ҳисобига ўтади, сиз хавотир олманг, ўзингиз билан яна алоҳида раччўт қиламиз, отага яхши қарасангиз бўлди, — деди.
Ўғиллари чиқиб кетаётганда Абдураҳимбой кенжасини қайта чорлади:
— Дўхтир боламнинг уйига бир қоп картишка, бир қоп пиёз, бир халта гуруч, ўн кило завўдёғ, уч кило гўшт элтиб бергин, — деди.

Абдураҳимбой ётган хонанинг ёнбошидаги кичик меҳмонхона дўхтирнинг ётоғига айланди. Тушдан кейин касалхонанинг бош шифокори келиб чолнинг қон босимини ўлчаб кўрди, дўхтирга кўрсатмалар берди. Томчи уколга қўшиладиган суюқликларни ёзиб қўлига тутқазди. Дўхтирнинг қиладиган иши кўпроқ чол билан суҳбатлашиб ўтириш бўлди. Осма уколдан кейин баъзан чолнинг оёқ-қўлларини уқалайди, кейин аста ёнбошлатиб, бир муштини курагига қўйиб, иккинчи мушти билан оҳиста уради. Чол силкиниб-силкиниб кетади.

— Отахон, сал чидайсизда энди. Шундай қилмасам, қон айланмай қолади, — дейди.
— Балли, дўхтир болам, балли, — деб қўяди чол.

Кечқурунлари қизлару неваралар йиғилиб келиб, ҳовли тўйхонага ўхшаб кетади. Қўша-қўша тилла узук таққан, икки бетлари қип-қизил, ялтир-юлтур либос кийган қизлар отаси тепасида бир-бир кўз ёши қилиб чиқиб кетгандан сўнг, деразалари ланг очиқ ёнбош хоналарда дунёнинг ишлари, тилла нархи, янги чиққан газмоллар, охирги русумдаги уловлару «Айфон» деган қўл телефонлари ҳақида баралла ва қизғин суҳбатлар бошланади. Бу дабдабаю асъасалардан дўхтир ҳангу манг эди.

— Болам, айбга буюрмасангиз бир нарса сўрасам, — деб қолди чол бир куни. — Уч-тўрт марта шифер ҳақида телефонда куйиниб гапирганингизни эшитиб қолдим. Нима гап, дўхтир болам?

Дўхтир хижолат бўлди. Кейин ўтган йили отасидан қолган эски уй ёнидан янги иморат солгани, бу йил қиш кирмай шу чала иморатнинг томини ёпиб қўйиш режаси борлигини айтди. «Бир дўкончига ўттизта шифер айтиб қуйувдим, ҳар гал синиқ шиферларни рўпара қилади», деди хафа бўлиб. Чол, ҳа шунақами, деб қўйди. Кечқурун кенжа ўғли келганида дўхтирнинг уйига ўттизта шифер элтиб беришни буюрди. Дўхтир кўп хижолат чекди. Кейин менга энди бошқа ҳеч нарса керак эмас, хизматим охирида ҳам рози қиламан деб юрманглар, қаттиқ хафа бўламан, деди.

Отахонни кўргани келиб-кетувчи кўп. Баъзан кун бўйи одам узилмайди. Бундай кезларда дўхтир чолнинг фарзандларини чақириб, овозига залвор қўшиб, «Ота чарчаб қоляптилар, бугунга бўлди, келганларни меҳмонхонадан кузатиб қўяверинглар,» деб уқтиради. Учовлон фарзанд қўллари кўксида, «Бир оғиз гапингиз-да, дўхтир,» деб чиқиб кетишади. Дўхтир эса томчи уколни улаб қўйиб, ўз ўй-хаёлларига чўмганча ўтиради.
— Дўхтир болам, бир гап сўрасам кўнглингизга оғир олмайсизми? — деди чол бир куни хокисор овозда. Дўхтир «бош устига, хафа бўлган ўрис», деди кулиб.
— Қишлоғингизда бир қушни кўрганингиз ҳақида ҳалигача гап айланармиш, касалхонада ётганимда ҳам шу гап қулоғимга чалингандек бўлувди. Нима бўлганди, қандай қуш эди у?

— Ҳа, уми… — дўхтир ишшайиб кулиб юборди. Пешонасида доим таранг йиғилиб тургувчи бўртиқ ажинлари ёйилиб, яйраб кетди. — Хўжанинг феъли тушдан кейин айнийди, дейишарди, пақирники эрталабданоқ айнир эканми… шуни орқасидан бир тасодиф ҳодиса болаликда бўлган воқеаларга уланди, кейин бунга ҳазил-ҳузул гаплар аралашди. Лекин айтишга арзимайдиган бир гап.
— Нега арзимайди, дўхтир болам? Бу дунёда ҳар бир нарса, ҳатто анови деворга қоқиб қўйилган мих ҳам бежиз эмас. Унинг ҳам ўзига яраша, арзирли тарихи бор. Ким, нега қоқди уни? Ҳа, бир мақсадни кўзлаб қоққан бўлса, нега эплаб болға урмади. Эви бўлганида деворга дарз туширмаган бўларди. Демак эви йўқ одам мих урган, эҳтимол болға ушлашни ҳам тузук-қуруқ билмас. Суриштирсангиз, нега уста одам эмас, эвсиз бир киши мих ургани сабабини ҳам топасиз. Шунақа, гапирсангиз гапдан гап чиқади. Айтинг болам, айтинг!

— Ўзингиздан қолар гап йўқ, тирикчилик деб одамнинг кети ер искашга вақт тополмай қоладиган дамлар бўлади, — дўхтир салмоқлаб сўз бошлади. — Бу ёқда касалхонадаги иш, у ёқда рўзғор, бир томонда далага пиёз экиб қўйганман, дорилатиш керак, томорқадан ўрилган буғдойни янчиш керак. Шунақа кунлар эди. Кечаси буғдой чиқариб, тонг саҳар адирга отландим. Заҳарчи билан шира босиб ётган пиёзни дорилатишга бир кун олдин келишиб қўйган эдим. Қишлоқдан чиқишда чакалакзор бор, шуни оралаб кетиб борардим. Тонг энди оқариб келаётган, ҳаво назаримда ёғи олинмаган қуюқ сутдек, дўхтирлар тили билан айтганда кислородга роса тўйинган эди. Шу пайт бир қуш овоз бериб қолди. Унинг ҳар сайроғи гўё қуюқ ҳавода из қолдириб кетарди. Мен таққа тўхтадим. Дастлаб миямга биров йигирматалик игна санчди-ю кейин бутун дунё ўзгариб кетди. Йигирма йилдан ҳам кўпроқ бўлган экан шу қушнинг сайроғини эшитмаганимга — дўхтир завқ-шавққа тўлиб сўзлай бошлади. Бу қушни ўзини кўриш учун чакалак оралаб тентирагани, бироқ қушни ҳуркитиб, кўролмай қолганидан аламга ботгани ҳақида гапирди.

— Қуш лоп этиб учдию кетди. Аммо юрагимни ўртаб кетди. Бир кафт носни тил тагига ташладим-да, ўтиравердим. Болалигим, мактаб, мен кезган кўчалар, мен чўмилган ариқлар, сойлар, синфдошларим, илк марта кўнгил берган пайтларим, бари-бари кўз олдимдан кино лентасидек ғизиллаб ўта бошлади. Лоф бўлмаса, отахон, носни кучими ёки бошқа нарсами, баъзи жойларини худди кино лентасидек орқага қайтариб, қайта-қайта кўраман, секинлатиб ҳам кўраман. Хотирам ҳеч бунақа тиниқ ишламаган эди ўзиям. Биров кулмаса, хотира ҳам баъзан қўлда ушлаб кўрса, бир четда ғижимланиб ётган қоғоз парчасини олиб текислагандек, кафтга қўйиб томоша қилса бўладиган бир нарса деган бўлардим, — дўхтир гапида давом этар экан, эшитяптими-йўқми, чолга бирров назар ташлаб оларди. Орада бироз сукут сақлаб қолса чол «гапираверинг, эшитяпман, дўхтир» деб қўярди. Дўхтир ўша куни, ундан кейин ҳам пиёзга дори септира олмагани ўзига, айниқса хотинига қаттиқ алам қилгани, эрта баҳордан бошлаган меҳнатию қарз-қавола қилиб сарфлаган сармоясининг тақдири ҳал бўлар паллада битта қушни деб ҳамма иши чаппа айланганини айтди. Оқибатда пиёзнинг зарари билан фойдаси учма-уч бўлиб, дўхтир қарзлардан зўрға қутулиб олгани, устига-устак дори сепадиган йигит ўша куни адирда узоқ маҳтал бўлганию эртасига қаердадир дори сепаётиб заҳарланиб ўлганини эшитган чол, аттанг, дегандек бошини сарак-сарак чайқамоқчи эди, мажоли келмади. Қишлоқда бу қуш билан боғлиқ воқеа тўқилиб-бичилиб, биров дўхтирни авлиёга, биров жин чалиб кетган овсарга чиқарганини эшитиб кулмоқчи ҳам бўлди, лекин куч топа олмай енгил хириллаб қўйди.

Чол бу қадар ғамгин, айни пайтда қувноқ ва беғубор ҳикояни сира эшитмаган эди. Бир қуш, нари борса чумчуқдан катта, каптардан кичкина бир жонзот киши ҳаётида бу қадар ўрин тутади деб ким ҳам ўйлабди ахир. Чол шу хаёллар билан уйқуга кетди. Эртасига муолажалардан кейин дўхтирдан ёнига ўтиришни сўради.

— Биласизми? Болалигимдан нима ёдимда қолган… бир сўмлик, уч сўмлик, ўн сўмлик эзилган, букланган, ёғ босган пуллар. Отам кечқурун дўкондан қайтганидан сўнг танга-сўм аралаш бир сумка пулни уйнинг ўртасига тўкарди. Кейин онам келтирган қайноқ маставага босим мурч сепиб, устидан қатиқ қўшиб, ёғоч қошиқда яхшилаб экалаб олгандан сўнг пешонасидан маржон-маржон тер оқизиб ичарди. Онам икковимиз эса пулларни саралар эдик. Отам маставани ичиб бўлгач, юқига чой қуйиб, косани ҳафсала билан уч-тўрт марта айлантириб чайгач, бир кўтаришда сипқорарди. Кейин пешонасидаги терларни белбоғи билан артиб, ўнг ёнбошига болиш қистирганча бир сўз демай бизни кузатиб ўтирарди. Ўн сўмлик қизил пуллар камдан-кам чиқар, чиқиб қолса, онам дазмол босиб, букилган белини тўғрилар, сўнг токчадаги чинни чойнак ичига солиб қўярди. Ўн сўмликдан кейинги энг қадрлиси кўкимтир беш сўмлик эди. Уч сўмлик ва бир сўмлик дасталанган пулларни отам кассага топшириш учун эртасига олиб кетарди. Ҳовуч-ҳовуч тангалар уйда қоларди. Ўша пайтлар ўн беш тийинга битта пиражка билан шакарли чой берарди. Йигирма тийинга яримта лағмон еса бўларди. Тангалар мен ва сингилларим учун катта бойлик эди. Онам йирик пулларни бодринг тузланадиган бонкага солиб, оғзини маҳкамлагач, омборхонага кўмиб, устидан шолча ташлаб қўярди. Шу тариқа мен пул санаб катта бўлдим. Кейинчалик мен топган пулларни бу депарада унча-мунча одам тополган эмас…

Чол бироз тўхтаб нафас ростлади. Дўхтир ярим пиёла сув тутди. Чол ичмади, лабларини ҳўллаб олди холос.
— …Биласизми, дўхтир болам? Отам раҳматли юрак хуружидан вафот этган. Дўконниям, уйниям ревизор босавериб юрагини олдириб бўлган эди. Охирги текширувларни кўтара олмади. У киши ўтганларидан кейин онам бор пулларни тиллага айлантирди. Албатта, мени ўқишиму иш бошлашим учун ажратилган сармоя алоҳида эди. Сингилларимга ҳам бир сидра тилла тақинчоқлар ҳадя қилди. Бироқ кексайганларида вос-вос бўлиб, бир халта тиллани ҳали ёстиқ тагига, ҳали тахмондаги кўрпа орасига яшириб кун ўтказди. Қўша-қўша занжирлар, билагузугу сирғалар, ёқут кўзли узуклар тўла халтанинг жаранг-журунги ҳалигача қулоғим остида туради. Шу тариқа онамнинг эси кирди-чиқди бўлиб оламдан ўтди, худо раҳмат қилсин. Мен ота-онамдан фарқли, кўп ва катта давра кўрдим, чет элларга чиқдим, энди замон ҳам ўзгарган эди. Шундан хулоса чиқариб, қариганимда бойликка вос-вос бўлиб қолмайин деб мол-мулкимни эрта кунда фарзандларимга тенг тақсимлаб бердим, қўлимда мол қолдирмадим. Болаларим мен каби отаси пулнинг дастидан бевақт ўлиб кетишини кўрмасин дедим. Кексайганимда неваралар билан овуниб, хотиржам ҳаёт кечирмоқчи бўлдим. Бу осон бўлмади. Ҳозир қўядими, йўқми, билмадим, бир пайтлар «Қирол Лир» деган кино бўларди. Мулкини қизларига бўлиб бериб, ўзи кўчада қолади қирол бечора. Ўшанга ўхшаб қолмайманми, деган гап ҳам ўтди кўнгилдан. Кейин ҳартугул, бизда мусулмончилик, эл-юрт истиҳоласи бор деб ўйладим. Ўйлаганим тўғри чиқди, фарзандлардан нолимайман, гарчанд онаси эрта ўтиб кетган бўлса ҳам, болаларимга яхши тарбия бера олдим назаримда. Бир қарашда ниятим ҳам амалга ошгандай бўлди…

Чолнинг гапи бўлинди. Узун-қисқа бўлиб ҳовлига тўрт нафар кекса киши кириб келди. Барчаси бирдек оҳорли оқ яктак-иштон кийган, фақат айримларининг бошида чуст дўппи бўлса, баъзиларида оқ «ҳожи дўппи». Бири патак соқол, бошқаси мошкичири, қолган иккиси кўса. Чолларнинг ягона ўхшаш жиҳати юз териларининг бирдек тиниқлиги, ҳатто энди пишиб келаётган қирмизак олма каби жиндек қизиллиги ҳам борлигида эди. Дўхтирнинг ёдига раҳматли отасининг заҳил юзи ёдига тушиб, юраги бир ачишиб олди. Чоллар беморнинг атрофида ўтириб, узоқ суҳбат қилишди, ўтган-кетган, яқин-йироқ гаплардан гапиришди. Сўнгида отахонга далда бериб, қуръондан бир пора туширгач, узундан-узун дуолар қилишди. Тиловатимиз «хатми қуръон» ўрнида ўтсин, деб илтижо қилинди. Меҳмонлар кетгандан сўнг чол мижжалари нам, узоқ жим қолди.

— Эски қадрдон оғайнилар, — деди у дўхтир эшитяптими, йўқми, эътибор бермай. — Навқиронлик пайтларимиз ким кўп пул қиляпти, ким зўр иморат соляпти, ким энг зўр улов сотиб олди деб рақобат қилардик. Баъзида дўст, баъзида ҳамкор, кези келса рақиб эдик. Энди бўлса ҳар йили қурбонлик ойида бозорга тушиб, халқ кўзида танлаб-танлаб, семиз-семиз қўй олиб, кимўзарга сўямиз. Охир дунёда Пулсиротдан миниб ўтаман деб умид қилган қўйимиз қанча гўшт, қанча ёғ берганини киши билмас овоза қилдирамиз. Сизларни бу ҳашамларингизга охир дунёда Пулсирот эмас, темир-бетон кўприк керак, дейдиган мард йўқ. Ҳозир ҳам остона ҳатлаб улгурмай булар мен кетиб, ўзлари қолаётганидан енгил тортишди. Ўзларининг тетиклиги, мендан узоқроқ яшашларини ўйлаб қувониб кетишди. Буни улар хонада ўтиришганида кўзлари айтиб турганди.

Бу гапдан кейин чол жим қолди, чуқур хўрсиниб, нурсизланиб бораётган кўзларини деразадан ташқари қадади. Ҳашаматли ҳовли сув қуйгандек жимиб қолган, ҳар замон мусичанинг «му-ку-ку-ку» деб сайрагани эшитилади. Ишкомдаги узумнинг иссиқдан шалпайган япроқлари ногоҳ келган эпкинда бир елпиниб қўяди, шунда ранги кўкимтирдан сарғишга тортиб, шира бойлаб келаётган узум доналарида қуёш нурлари жилва қилиб қолади. Чол бу манзарани кўра оляптими йўқми, билиб бўлмасди. Чол яна гапирмоққа чоғланди, лекин лаблари қуруқшаб қолган эди. Дўхтир ҳўл дока билан унинг лабларини артиб чиқди, докани сиқиб, оғзига бир-икки томчи сув томизиб қўйди.

— Дўхтир болам, ҳали ташқарида бир қуш сайрагандек бўлдими..?
— Кукулаган мусича эди, отахон.
— Малол келмаса, жойимни деразага яқинроқ суриб берсангиз, — деди чол пичирлаб. Дўхтир чаққонлик билан кроватнинг аввал бош томони, кейин оёқ томонини енгил кўтариб сурди. Кроват шундоқ дераза тагига келиб қолди.

— Ҳаҳ, мусича… Отам мусичани энг ношуд жонзот деб ёмон кўрарди. Ҳали йўлакда, ҳали айвонда тухуми тушиб синиб ётарди. Жуда омонат уй қуради ўзиям. — Чол ташқарига суқланиб қаради. Лекин мусича қорасини кўрсатай демасди. — Кулмасангиз, кўнглимга бир тилак келди, дўхтир болам… Сизга кўриниш бериб турадиган ўша ажабтовур қушга ўхшамасаям, отам ёмон кўрган бўлсаям, ўзи бир ношуд жонивор бўлсаям, қани энди шу мусича ҳозир пирр этиб учиб келиб, мана шу дераза рахига қўнса… мунчоқдек ҳайрон кўзларига боқсам…

Чол қуруқ суякка айланган бармоқларини қалтиратиб қўлини дераза рахига узатди. Юпқа ва қуруқшоқ териси остидан бўртиб турган томирлари дир-дир титраб кетди. Сўнг ҳилвираб қолган бўйин териларини осилтириб ташқарига талпинди. Чолнинг гавдасидан бир ҳовуч шақиллаган суяк қолган, бироқ бўртиқ елка суяклари, ўткир қиррали жағи, қирра бурни ва кўзининг устига тушиб турган қалин, ўсиқ оқиш қошлари бир пайтлари унинг кўркам ва келбатли киши бўлганини айтиб турарди.

Чол узумтоклар орасидан кўм-кўк осмонга туйнук топиб, узоқ термулди. Туйнук қариянинг нурсиз кўзларига дурбиндек қўл келдими, нигоҳи ўткирлашгандек бўлди. Осмону фалакда қанот қоқмай сокин чарх ураётган бир қуш ногаҳон ана шу мовий туйнукдан лип этиб ўтиб қолди. Чол бир сесканди-ю қушнинг қорасини илғаб қолди ва афтидан ана шу оний лаҳзаларда унинг нигоҳи қушнинг қанотлари устига қўнгандек бўлди:

Пастда гугурт қутиси янглиғ гоҳ тартиб билан терилган, гоҳ бетартиб қалашиб, бир-бирига суяниб қолган паст-баланд уйлар қалашиб ётарди. Уйлар тугагач, далалар бошланади, қўнғир тоғ этагидаги сарғиш яйдоқ адирлар қадар чўзилган экинзорлар ястаниб ётибди. Бозорлар, дўконларда ғиж-ғиж оломон, одам дегани далаларга ҳам сочилиб, тинимсиз ғимирлаб ётибди. Шаҳардан қишлоққа, қишлоқдан шаҳарга уловлар бетўхтов қатнайди. Адоқсиз йўллар бир-бирига уланиб кетаверади. Бир қишлоқ тугаб-тугамай иккинчиси бошланади, буғдойзордан кейин пахта даласи, пахтадан кейин пиёз пайкали келади. Бир парча бўш ер йўқ. Фақат ҳар бир қишлоқ четида девор ёки панжара билан ўралган ҳайҳотдек, тақир ва қўнғир очиқ майдонлар бор холос. Жажжи тупроқ тепаликларга тўла шу жойдагина ҳаракатсизлик, сукунат бор. Янги пайдо бўлган, нам тупроғи ҳали қуриб улгурмаган тепалик устига югуриб чиқиб, атрофга шошилинч назар солгач, қуриб сарғайган ўт-ўлан ва шувоқларни шитирлатиб қочиб қолган юмронқозиққина бу сукунатни бузиб туради холос. Янги тепаликни кетмоннинг орқа юзи билан тапиллатиб уриб мустаҳкамлаб кетган одамлар эски темир панжарали дарвозадан ташқари ҳатлашлари ҳамон енгил тортиб, бу сокин гўшанинг мавжудлигини-да унутишга улгуришади.

Чол энди чимирилган, тунд, истеҳзоли, шодон ва ғамгин, ғазабнок ва қувноқ чеҳраларни ҳам илғай бошлайди. Ҳаёт гўё бир улкан мусобақа, илдамлаб кетганлар шодон, ортда қолганлар ташвишда, тўхтаб, чорасиз қолганлар ғуссага ботган. Умр шундоқ мусобақа билан ўтади ва марра ўша — митти дўнгликларга тўла тақир майдон. Кимдир маррага етиб келганда яна бир тупроқ тепалик пайдо бўлади.

Чол ўзининг ҳамманикидан баланд оқ тунукали томини илғаб қолади. Атрофга аланглаб, ҳайратга тушади — манови жажжи тупроқ тепаликларга тўла яйдоқ макон уйига бу қадар яқинлигини шу пайтгача сезмаган экан. Манзил шунчалик яқинмиди, деб ўйлайди чол юксакда туриб. Ерда ғимирлаётган қора-қуралар орасида фақат бир кичик жуссагина бошқалардан фарқли, баъзан ғимирлашдан тўхтаб, осмонга, сокин парвоз қилаётган қушга тикилганча, узоқ ўйга чўмиб қолади, гўё шу одамгина чолни тушуниб тургандек. Чол бу кимсани танигандек бўлади, пастлайди, ва яна пастлайди. Ахир бу одамни мен танийманку, деб ўйлайди…
— Дўхтир болам, бу сизмисиз!? — Чолнинг юзига мамнуният ифодаси балқиб чиқди.

Қариянинг гапидан дўхтир бехос чўчиб тушди, алаҳсиради деган ўйга борди, бироқ унинг чувак юзидаги бахтиёрликни кўриб ҳайрон қолди.

* * *

Дўхтир хотинига телефон қилиб, бу кеч уйга қайтяпман деб айтган экан, қишлоқ ўша соатдаёқ бундан хабар топган эди. Катта йўл бўйидаги паккага айланган дўкон атрофидан кетолмай қолган одамлар баҳси тобора қизиб борарди. Ҳа, бугунги кун одамининг энг катта орзуси — улов. Ҳамманинг кўзини оловдек куйдирадиган, ярақлаган, мойи артилмаган улов. Абдураҳимбойдек дунёнинг бир четини еб ётган одам учун битта улов «карнайчидан бир пуф» дегандек гап.

Бир маҳал сутга чайилгандек оппоқ машина тиғдек ўткир чироқлари билан тун қоронғусини чок-чокидан сўкиб келиб, дўкон ёнида тўхтади. Уловдан Ботир дўхтир ҳеч нарса бўлмагандек иршайиб тушиб келди. Кўзлари нурдан қамашган одамлар ҳангу манг эди. Оппоқ улов моторини ёқимли визиллатганча ортига қайтиб кетганда, дўхтир эса дўконга кириб, бир кило шакар, икки кило макарон харид қилиб, буни насия дафтарига ёздириб қўйганида уларнинг ҳайрати ўн, эҳтимол юз чандон ошган эди.

— Ким айтди ҳаёт кинога ўхшайди деб? — кимдир зарда аралаш тўнғиллади.

2010-2012

034

SHU YO’LDAN QOLMANG, MUHAMMAD SHARIF!
Erkin A’zam
03

Hozirdanoq aytib qo’yganimiz ma’qul: ushbu to’plamdagi asarlarning xaridori ko’p bo’lmaydi, lekin hafsala bilan o’qigan kishi ularning, demakki, chinakam adabiyotning muxlisiga aylanib qolmog’i aniq. San’at ishini korchalonlikka do’ndirib, bozor adabiyoti peshtaxtalarini naridan-beri yozilgan arzongarov nimarsalarga to’ldirish borasida zo’r musobaqa ketayotgan bir zamonda bizning kamtarin muallifimiz sobitlik ila asl adabiyot sarchashmalariga talpinishi kishida ham hayrat, ham hurmat uyg’otadi. Albatta, badiiy asar qiziqarli bo’lgani, albatta, u dastlabki satrlaridanoq kitobxonni jalb qilgani yaxshi.

Bama’ni, purhikmat gurungdan goho yengil-yelpi bir hangoma ko’proq odam to’plashi mumkin, ammo xiyol o’tmay uning yodingizdan ko’tarilib ketishi ham bor gap. Muhammad Sharifning hikoyalari bir ajab: o’qidingizmi, tamom, xotirangizga mixlanib, muhrlanib qoladi. Yo’q, voqealar tafsiloti bilan emas (aynan shular unutilishi mumkin), tiniq, tabiiy tasvirlari bilan. Yasamalikdan xoli ruhi, haqqoniyati bilan. Muallif biror holat tasviriga kirishar ekan, aslo shoshmaydi, odatiy tafsilotlarga chalg’imay, qilqalam tutgan musavvir misol har bir chizgisini erinmay poyoniga yetkizadi. Qalamga olingan voqelikka munosabati ham o’zgacha: huda-behuda aralashmaydi, mulohazalarini tiqishtiravermaydi, oldindan sir boy berish yo’q – nuqul tasvir, nuqul tasvir.

Tasvirning quyuqligidan goho muddaosini anglash ham qiyin. Go’yoki, bizning bilganimiz shu, bizning ko’rganimiz shu, qolganini o’zingiz sharhlab olaverasiz degan kabi. Nima derdingiz, adabiyotda shunday yo’l ham bor, bunaqa asarlar behisobdir. To’g’ri, ko’pincha chaynab, qahramonlarni “murodu maqsadi”ga yetkazib bermoqni, sertafsilotlilikni xush ko’radigan jonajon adabiyotimizda bunaqasi kamroq. Ie, o’rganaylik, bizdan ham chiqsin-da, barakalla, Muhammad Sharif!

Men bu yozuvchimizning bir turkum hikoyasini dastlab “Jahon adabiyoti”da uchratib, hayajonlanib ketgan, to’rt tomonga jar solgan, hatto xorij safarlarida ham ularni to’lib-toshib ta’riflagan edim. Ushbu to’plamdagi asarlari bilan tanishib esa, adashmaganimni angladim. Rosti, ularning ayrimlarida nimalardir yetishmayotgandek (bizning nazarimizda), fikr bir qadar mujmallashib, mavhumlashib qolgandek (bunisiyam bizning daqqi nazarimizda) tuyuladi.

Darhol ustozligingiz tutib, unisini undoq qilish kerak, bunisini bundoq qilish kerak, deya aql o’rgatgingiz ham keladi-yu, daf’atan hushyor tortasiz: axir, qarshingizda yozuvchi turibdi, chinakam professional yozuvchi! Bunday paytda unga qarata, sizning yo’lingiz shu ekan, do’stim, tanlagan yo’lingizdan qolmang, bizga yoqishingiz shart emas, demoqdan o’zga ilojingiz yo’q.

Tengdosh qalamkashlar besh-o’ntadan kitob chiqarib ulgurgan, qo’lingizdagi to’plam esa Muhammad Sharifning ilk kitobi. Lekin, asl adabiyot qarichi bilan o’lchaganda, u hozir o’sha sermahsul tengqurlaridan o’zib turibdi…

Muhammad Sharif
SOMON YO’LI

03

05Adib va jurnalist Muhammad Sharif 1968 yil Namangan viloyati, Kosonsoy tumanining Go’rimiron qishlog’ida tug’ilgan. 1988-1993 yillari Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetida tahsil olgan. Turli yillarda «Hayot va iqtisod», «O’zbekiston tabiati», «Vatan» nashrlarida, O’zbekiston Milliy axborot agentligida, Birlashgan Millatlar Tashkilotining Atrof-muhit dasturida faoliyat yuritgan. Hozirgi paytda Frantsiyaning «Frants-Press» axborot agentligida xizmat qiladi. Bir qancha maqola va hikoyalari milliy va xorij matbuotida chop etilgan.

035

Birinchi hikoya

Ko‘kdan tillarang somon yog‘ilardi.
Yoqa-engingdan kirib borsa, jiqqa terlagan badanga yopishib, achitib-qichitadigan mayda somon zarralari, qiltiriqlari, qiltanoqlari…

Ahyonda bir o‘ynoqilagan epkin chang va g‘ubor orasidan somon talqonini ko‘kka ko‘tarib chiqadi-da, botayotgan quyosh nurlariga tutadi. Quyosh nuri oltin zarralarga qorishgancha bir lahza muallaq qotib, so‘ng chil-chil sochila boshlaydi. Yiltiragan somon zarralari yana pastga tushib, quyuq changga qo‘shiladi va borliqni g‘ubor chulg‘ab oladi.

Tuproq, somon va yovvoyi o‘tlarning omuxtasidan iborat erinchoq chang qishloq ichidan chiqib ketishni istamaydi. Yo‘l-yo‘lakay saratondan majoli qurib, shalpayib qolgan yaproqlar ustiga qo‘nadi. Behining maydatuk, barqutsimon yaproqlari changni boshqalardan ikki hissa ko‘p tutib qoladi. Qishloqni quyuq tumandek chulg‘agan g‘ubor orasidan mirzateraklarning uchigina ko‘zga tashlanadi.

Qalin chang ostida quloqni qomatga keltiruvchi motorning tarillagan ovozi tinmaydi. Botir do‘xtir Nikolay poshshoning zambaragini yodga soluvchi qo‘lbola kombaynda bug‘doy yanchadi. Bu matoh boshoqdan bug‘doyni ajratish uchun emas, kesak va somon chaynab, changini atrofga purkash uchun ishlayotgandek.

Yuziga saqich boylab ketgan chit durra tutgan do‘xtir “zambarak” og‘ziga to‘xtovsiz dastalab bug‘doy tiqadi. “Zambarak”ning egasi boshqa mijozlarga ham ulgurish uchun do‘xtirni tinimsiz tezlaydi va o‘zi ham jon halak somon tortadi. Botir do‘xtirning ikki bo‘ysara qizi va kenjatoyi bug‘doy bog‘larini peshma-pesh yetkazib turibdi. Ularning yuzidan quyilayotgan ter gupillab urilayotgan changga qo‘shilib, loyqaga aylanadi. Botir peshonasidan ko‘ziga oqib tushayotgan terni artib olishga imkoni bo‘lmaganidan ko‘zini qayta-qayta yumib ochar, shunda sho‘r loyqa ko‘zyoshlari izidan pastga qarab sizar, lekin yo‘l-yo‘lakay hovur-haroratda qurib, egnida yupqa loysuvoqqa aylanishga ulgurardi. U kombaynning og‘zidan to‘kilayotgan donni elas-elas ko‘rib qolar va g‘ayratiga g‘ayrat qo‘shilardi. Kombaynning yonboshiga o‘rnatilgan parrak bug‘doyning puchagini uchirib, shamol pudab turardi.

Aslida, oddiy bir o‘tkinchi bu manzarani ilg‘ashi qiyin, uning nazarida Botir va bolalar adirda ko‘tarilgan quyun ichida adashib chopib yurgan sharpalardek tuyulardi.

Qishloqda bu kech qo‘lbola kombaynlardan bir emas, ikki-uchtasi ishlab turgani bois qaysi ko‘chadan kirilmasin, quyuq changga duch kelinishi tayin. Bug‘doy chiqarish mavsumi hali biror hafta davom etar? Qo‘lbola kombaynlarga navbatda turganlarning ro‘yxati ham uzun. Eringanlar o‘tgan-ketgan mashinami, ot-ulov yanchib o‘tsin deb bug‘doyni shundoq yo‘l o‘rtasiga yoyib qo‘ygan.

Qishloqning chang bosgan mevasi va uzumlari kuz kelib, yomg‘irlar boshlangandan keyingina yuviladi. Ana o‘shanda behilar ham tillarang bo‘lib tovlanadi. Lekin hali ungacha ancha bor. Hozir esa tun yarimlab qoldi. Kombaynlar ham tinchidi. Egalari ularni simyog‘ochdan uzib, navbatdagi xonadon eshigi tagiga sudrab eltdi va o‘zlari anhorga cho‘milgani tushib ketdi.

Botir do‘xtir bolalari bilan bug‘doyni qoplab, ichkariga tashib qo‘ygandan so‘ng, anhor bo‘yiga tushdi, cho‘milib chiqqach, tegirmonchi bilan bir shisha vinoni bo‘lishdi. Sharob uning yog‘ochdek qotgan barmoqlarini yumshatib, tom bitgan quloqlaridagi shovqinni tarqatib yuborgandan keyin suvning sharqirashiyu teraklarning shovullashini eshitdi, tungi salqinni tuydi va jim qoldi. Uzoq sukut saqladi va birdan o‘rnidan turdi-da, tegirmonchiga hech nima demay jo‘nab qoldi.

“Ho‘v do‘xtir, nima bo‘ldi, qayga shoshyapsiz?” uning ortidan baqirdi hayron qolgan tegirmonchi.

“Sahar piyozga dori septirishim kerak,” dedi u.

Botir adirda ekilgan piyozini dorilatish uchun bugun ishdan kelishda qo‘shni qishloqdagi zaharchining uyiga o‘tgandi. Agar piyoz shu kunlarda doridan qolsa, hosilni bit yeb bitiradi. Bu o‘ydan uning oyoqlari o‘z-o‘zidan ildamlab ketdi.

Chang qishloq uzra qo‘nib-o‘tirib bo‘ldi. Somon zarralari derazalardan uylarga kirib bordi, kimningdir to‘ntarilmay qolib ketgan qozonini bosdi, tokka osilgan solmadagi suti yuzini qopladi. Qishloqning shakli-shamoyili endi bor bo‘yicha ko‘rindi. Bodrab chiqqan yulduzlar qishloq ko‘chalari va katta asfalt yo‘lni qoplagan somonlarda jilvalandi.

Tongga yaqin havo musaffolandi va yengil shabada turdi. Changga terisi yupqalarning tungi achchiq-achchiq chuchkiriklari ham tinib, yozning orombaxsh va salqin tongi ota boshladi.

Katta yo‘ldan mashinalar g‘izillab o‘ta boshlagan payt Botir adirga otlandi. U ko‘cha tomonga emas, hovli tepasidagi dalaga yurdi. Shu tariqa adirga eltadigan yo‘lga kesib chiqish mumkin. Yomg‘irlarda yuvilib, quyoshda tullab, o‘rkachga o‘xshab qolgan paxsadan oshib o‘tdi, keyin qo‘shnilarning devori bo‘ylab yurdi. Qishloq cheti bo‘lgani uchun ko‘plar devor olmay, daraxt va butalarni tig‘iz ekib qo‘ra qilgan, baland baqateraklardan tortib, pastak do‘lanayu na’mataklar dalani qishloqdan ajratib turardi.

Botir daraxtlar oralab ketar ekan, ilkis tonggi sokinlikni buzib yangragan qush sayrog‘ini eshitdi. Kutilmaganda taralgan bu sas uning hali to‘la uyg‘onmagan sezgilarini hushyor torttirdi. Qushning tovushida daraxtzorning sehrli sadosi ham bor edi. Botir bu ohangni eshitmaganiga yuz yillar bo‘ldiyov.

Hali tong oqarib ulgurmadi, tongi mayinlik va sokinlik aro yangragan tovush uni yerga mixlab qo‘ygandek bo‘ldi. Botir shu qotganicha bir qancha payt turib qoldi. Tovush ikkinchi marta takrorlangandan keyin yana o‘ziga kelib, atrofga zor alangladi.

“Nahotki yana shunday qushlar biz tomonlarga qaytib kelgan bo‘lsa?!”

U quloqlariga ishonqiramay, daraxtlarni bir-bir ko‘zdan kechira boshladi. Enkayib daraxtlar oralab yurdi. Qush yana ovoz berdi. U cho‘kkaladi. Ortidagi qayrag‘ochga suyanib, ko‘zini yumdi va o‘zini allanechuk sarxush his qildi.

Atrofga taralgan tovush daraxtlarga urilib aks-sado berar, bora-bora quyuq barglar orasida singib ketishidan avval oqarayotgan tong havosida zangor-yashil iz qoldirib ketayotgandek tuyulardi.

Botir ko‘zini kirt ochib, ovchidek atrofga alangladi. Yovvoyi bir hissiyot ich-ichidan to‘lqin urib kela boshladi. Qaerdan kelmoqda edi bu tovush. Qushni hurkitib yubormaslik uchun oyoq uchida, daraxtlarni bir-bir ushlab qadam tashladi. Qushning sayrog‘i tingach, bu sehrli ohang qayta yangrashini kutib karaxt qotar va shoxlarni ko‘z qiri bilan kuzatar, ko‘z qorachig‘ining qo‘qqis harakati ham qushni hurkitib yuborgudek edi.
Har gal sayroq yangraganda u qush turgan joyga tobora yaqinlashib qolganini his qilar va hayajoni ortardi. Subhidam, musaffo havo, sada va do‘lanayu na’mataklar, shudringda yumshagan shox-shabbalar, yovvoyi yalpiz va chuchukmiyaning o‘tkir hidi hamda qishloq chetidagi bu sokinlik, bularning bari qo‘shilib uni allaqaerlarga chorlagandek bo‘lardi.

U chakalakzor orasida ancha yurdi. Orada qush uzoq vaqtgacha tovush bermadi. Lekin u har bir daraxt va butani sergaklik bilan kuzatishdan tinmadi. Va nihoyat, u yarim qurib bo‘lgan qayrag‘och shoxida o‘tirgan qushni barglar orasidan ilg‘adi. U yana ham yaqinroq borib bamaylixotir kuzatmoqchi bo‘ldi va qurg‘ab qolgan ariq ichidan qayrag‘ochga yaqinlasha boshladi. Ilkis uning shundoq yonidagi qoratol kovagidan chumchuq pirillab uchib chiqdiyu hurkigan qush uchdi-ketdi. Havoda to‘lqin-to‘lqin iz qoldirib, lop-lop etib g‘oyib bo‘ldi. Qayrag‘ochning quruq shoxi titragancha qoldi. Botirning ko‘ksidan ham bir nima potirlab chiqib, qushga ergashib ketgandek bo‘ldi. Nima edi u?! Nega endi uni yana tashlab ketdi? Necha zamonlar bo‘ldi uning yuragi bunday urmay qo‘yganiga…

Botir qoratolga yelka tiragancha sirg‘alib o‘tirdi, oyog‘i ostidagi ajriqlarni chimdib yuldi, qadoq barmoqlari yer tirnay boshlaganda qo‘liga lappakdek tosh ilindi. U toshni tozalab yaltiratmoqchidek kaftiga ishqab arta boshladi va shu alpozda xotirasi ham tiniqlasha boshlagandek bo‘ldi.

***

O‘zi yoshligidan miqti, lekin abjir va chayir bola edi. Mahallasidagi bolalarga bosh bo‘laman deb o‘zini o‘tga-cho‘qqa urar, mahalla sha’ni, qishloq sha’ni deb janjalga bosh suqishdan tap tortmas, to‘ylarda kurash tushar, eshakdek chayir bu boladan bir-ikki sinf yuqorida o‘qiydigan o‘spirinlar ham hayiqib turardi. Shu sababdan u to‘ylarda o‘choq atrofida yig‘iladigan yigitlar davrasida faxrli mehmondek o‘tirardi. Doshqozon uchun kovlangan, qarsillab olov chatnab turgan yero‘choq atrofida oldi-qochdi suhbatlar, askiyalar, armiyadagi yarmi lof sarguzashtlar tinmasdi. Harbiy xizmatdan yangi kelgan, do‘ppisini peshonasiga qo‘qqaytirib, ko‘ylagining oldini kindikkacha ochib, uchini belbog‘nusxa tugib yuradigan poson yigitlar bilan tengma-teng bo‘ylashadigan Botirga tengqurlarining havasi kelardi. Maktabda “kim bo‘lsam ekan” mavzusida insho yozilganda Botir “Men armiyaga boraman. Mening ham boshqalarga aytadigan o‘z sarguzashtlarim bo‘lishini xohlayman,” deb yozgandi.

Botir qishloqda faqat ikki o‘rtog‘ini “oshna” deb chaqirar, “oshna” deb chaqirilgan o‘sha ikki bolaga hammaning havasi kelardi. O‘sha paytda muhabbat va do‘stlik haqidagi hind filmlari mashhur bo‘lib, kimlardir undagi qo‘shiqlarga taqlid qilsa, Botir mushtlashuv sahnalarini qayta-qayta ko‘rish uchun tuman markaziga qatnab charchamasdi.

Maktabni tugatish yili sinfdoshlar oxirgi marta g‘o‘za chopiqqa chiqishdi. Oldinda hali bitirish kechalari, orzu-havaslarga to‘la yangi dunyo. Sinfdosh qizlaru yigitlar bu damlar qaytib kelmasligini his qilgandek ahil tortib qolgan. Endi avvalgidek oyoq ostida toptalgan yoki nogoh chopib tashlangan g‘o‘za niholi haqida qayg‘urishlar o‘rnini boshqa tuyg‘ular egallagan. Egatlarda cho‘kkalab olib quriladigan suhbatlarning adog‘i yo‘q, nigohlar, qarashlar allanechuk sirli va ma’noli.

“Istalin” laqabi bilan mashhur tuman maorif bo‘limi mudiri o‘sha paytlar katta bir yig‘inda “Kosonsoyda quyosh nuri birinchi bo‘lib Go‘rmironga tushadi, biroq bu qishloqdagi maktab o‘quvchilari dalaga nima sababdan hammadan kech chiqadi?!” deb o‘shqirgandi. Maktab direktori va o‘qituvchilar esa yigit-qizlarni oqshom payti daladan qaytarolmay halak edi.

Lekin Botir hamon o‘sha-o‘sha, uning chapani fe’lida g‘urur va oriyatdan o‘zgasi yo‘q edi. Qizlar haqida esa ularni himoya qilish zarurati tug‘ilgandagina o‘ylardi. Kuzatuvchan odam borliqda soat sayin o‘sish-o‘zgarishni ilg‘aydigan seravj may kunlarining birida Botir dalaning uvatiga tushdi. Egatlar tutqatorning tagida bo‘lgani uchun ajriq va g‘umayga to‘la edi. Sinfdoshlari ancha ildamlab ketib, o‘qariqqa yaqinlashib qolgandi. U goh toshloqda kemshik bo‘lgan ketmonchasini toshga qo‘yib teradi, goh ajriqlarni yulqilaydi, lekin ishda tinim ham yo‘q, unum ham yo‘q. Lekin u ortda qolib ketganiga sira parvo qilmaydi, chunki odatda qizlar ish oxirida hashar qilib, egatini qaytarib kelishini biladi.

Kun qizigandan qizib borar, yerdan ko‘tarilgan hovurda o‘qariq tomondagi sinfdoshlar jimirlab ko‘rinardi. Teparoqda qizlardan biri yomg‘irpo‘shini tutning shoxiga ilib ketibdi. Botir o‘sha zangor, chumchuq galasidek kutilmaganda bir ko‘tariladigan issiq yelda hilpirab qo‘yayotgan yomg‘irpo‘shni marra belgilab, unga yetguncha bosh ko‘tarmaslikka ahd qildi. Hadeb egat oxiriga qarayversa, xuddi oldinga emas, orqaga qarab ketayotgandek tuyuladi.

Botir pakkaga yetib kelganini boshi yomg‘irpo‘shga tekkanida sezdi. Nafas rostlash uchun boshini ko‘tarmoqchi edi, shoxga ilingan silliq libos uning yuz-ko‘zidan sirg‘alib o‘tdi. Botir ketmonchasini yerga urgan ko‘yi qotib qoldi. Uning butun vujudi yoqimli bir hisdan seskanib ketdi va beixtiyor yerga o‘tirdi. U sarmast edi. Birozdan so‘ng o‘ziga hech kim qaramayotganiga ishonch hosil qilgach, boshini yana bir marta ko‘tarib, yuzini yomg‘irpo‘shga qaytadan tegizdi…

Va parvoz qilayotgandek bo‘ldi. U paxta dalasi uzra uchardi, boshlariga oq durra tang‘ib olgan qizlar, ko‘ylagini boshiga yoping‘ich qilgan bolalar pastda yer tatalab yotar, u esa tobora balandroq uchar, ko‘m-ko‘k osmonda lochin kabi qanot kerar, so‘ng kamon o‘qidek pastga sho‘ng‘ir, keyin qaldirg‘ochdek yer bag‘irlab uchar, bora-bora o‘zini pechakgulga qo‘nayotgan kapalakdek his qilardi. Nogoh uning nazarida bahor osmoni bulut to‘plab, momaqaldiroq turdi, yashin chatnab, sharros yomg‘ir quydi. Yuz-ko‘ziga tasirlab urilayotgan muzdek tomchilardan seskanib, vahm aralash yovvoyi qutqu ichida telbalardek qichqirib, ich-ichidan ko‘krak qafasiga potirlab urilayotgan tilsim qushni uchirib yuborgandek bo‘ldi go‘yo.

Go‘yo birdan yomg‘ir tindiyu atrof charog‘on bo‘ldi, u hali ko‘rmagan turfa ranglar, sezmagan hidlar orasida kalovlanib o‘tirar ekan, bu serjilo olamda unga nimadir, kimdir tanish edi. Sinfdoshi Zamira, uning yomg‘irpo‘shi, hidi, kumush qo‘ng‘iroqdek jarangdor va yoqimli ovozi…

Botir shu alpozda ancha vaqt qolib ketdi. Yuragi gupillab urar, kallasida jarqaldirg‘ochdek charx urayotgan fikrlar ketidan quvib yetolmasdi. U ko‘zini yumgancha egat ichiga yotib oldi. Ancha vaqtdan keyin ko‘zini ochdi. Endi u dunyoga boshqacha nigoh tashlardi. Xuddi bir umr chang boylab yotgan deraza oynalarini kimdir yaraqlatib yuvib qo‘yganu tashqarida u shu paytga qadar sezmagan hayot to‘q va boy ranglarda jo‘shqin davom etardi.

U nimalarnidir endi tushungandek bo‘ldi. Anhordagi suvning shovullashi, tolko‘prikning g‘iychillashi, qushlarning chug‘ur-chug‘uri, qizlarning yuk mashinada dalaga qo‘shiq aytib kelishiyu qo‘shiq tugagandan so‘ng bir-birlariga urilib-surilib, qiqirlab kulishlari, bari-bari quloqlari tagida jaranglay boshladi. Bu tovush-ovozlarda u avvallari ilg‘amagan ma’no, yo‘q-yo‘q, hech kimga ko‘rsatib yoki aytib bo‘lmaydigan sir borligini anglagandek edi. Navbatchi qiz pishiradigan makaron bo‘tqayu bakda chala qaynagan va mumqog‘oz hidi kelib turadigan choy nega xushta’mligini endi ilg‘agandek. Sharros jala quyib yuborganda qizlaru bolalar bir tup chinor tagidan panoh topganiyu yelka-tirsaklari bir-birlariga nogoh tegib ketgandagi orziqish-seskanishlar, ter va namdan taralgan hidlar, bularning bari-barida endi ma’no bor edi.

U xuddi shunga o‘xshash, lekin bundan anchayin kuchsiz, yoki agar hidlarda rang bo‘lgandaydi, shu hidning ochroq rangini qachonlardir bir ko‘rgandek edi. O‘tgan yili qishda institutda o‘qiydigan opasi ikki toliba dugonasini olib kelgandi. O‘sha kuni qishloqda to‘y edi. Toliba qizlar yasan-tusan qilib, atir-upa surib to‘yga chiqib ketishgach, Botirning ko‘zi sandal ustida qolgan “Yoshlik” degan jurnalga tushdi. U jurnalni qo‘liga olgach, undan juda yoqimli, lekin begona bir hidni tuydi. O‘shandan buyon bu xush bo‘y toliba qizlaru yoshlik haqidagi jurnallar bilan bog‘liq bo‘lib xotirasiga o‘rnashib qolgandi.

Lekin bugungi ifor….

Botir butunlay o‘zgardi. Endi Zamiraning har bir harakatiyu so‘zidan o‘zgacha bir ma’no topardi. Qiz nimaiki demasin, nimaiki qilmasin, uning uchun yoqimli tuyulardi. “Zamira” degan ism ma’no kasb etdi, Zamiraning ko‘chasi sarishtaroq, darvozasi yonida o‘sgan shotuti qadrdonroq ko‘rinadigan bo‘ldi. U ana shunday xushxayollar og‘ushida yurgan kezlarda tasodifan Zamira bilan yonma-yon egatga tushib qoldi. Ular ishlayotgan dala chetida bir tashlandiq bog‘ bo‘lardi, ko‘p daraxtlari qurib ketgan, g‘o‘zadan oshib chiqqan perob suvdan ichib qolganlari yashnab turardi. Bog‘ qarovsiz bo‘lishiga qaramay, bahor va yozda g‘o‘zaga ishlov berishga kelgan maktab o‘quvchilariyu kolxozchilarga soya berardi.

Botir va Zamira boshqalardan ortda qolish uchun ketmonchalarini yerga yengil urar va tez-tez suhbat qurib, egat ichida uzoq o‘tirib qolardi. O‘shanda ularning suhbatini buzib bog‘dan bir qushning ajib sayrog‘i eshitildi. Nogahon yangragan bu ohang ketmonlarning chaqir-chuqur toshloq yerga urilishidan chiqqan tovushni bir lahza bo‘lsa-da, bosib ketdi. Botir toshdek qotdi, Zamira hayrat ila alangladi. Ular bu qush haqida ko‘p eshitgan, biroq o‘zini hech qachon uchratmagandi. Botir qushlar haqida bilganlarini gapira ketdi. Aslida u bu gaplarni bir sinf pastda o‘qiydigan, hamma “qush jinnisi” deb ataydigan boladan eshitgan, ko‘p martalab qushlar uyalaydigan jarlarga birga borgandi.

Ular azbaroyi qiziqishdan boqqa kirishdi. Qushni hurkitib yubormaslik uchun oyoq uchida qadam tashlashdi. Daraxt va butalar quyuqlashgan joyda Botir baland yong‘oqning shoxlari orasida o‘tirgan bir qushning duminigina ko‘ra oldi. U Zamirani so‘zsiz o‘zi tomon imladi. Zamira unga shu qadar yaqin keldiki, Botir uning gupillab urayotgan yurak tovushini, iliq nafasini sezdi va ixtiyorsiz holda uning yanog‘idan shartta o‘pich oldi. Zamira “voy” dediyu hurkib, sapchib qochib ketdi. Qush ham pirr etdiyu uchdi ketdi. Botirning yuragi esa tipirchilab qoldi. Zamira tomonga qarashga botinolmay, ko‘zi lop-lop uchib borayotgan qush ortidan ergashdi.

Botir armiyada ikki yil xizmat qilib kelgandan keyin Zamiraga uylandi. Xizmatdan avval bir yil tibbiy bilim yurtida o‘qigandi, harbiyda feldsher bo‘lib ishladi. Qaytib kelganida ko‘p narsalar o‘zgarib ketdi… Sho‘ro Ittifoqi quladi, g‘oyalar o‘zgardi, odamlarning hayotga qarashlari yangilandi, hayotning tashvishlari-da yangi qiyofa topdi, yetti uxlab tushga kirmagan voqealar paydo bo‘ldi.

Onasi yoshligida o‘tib ketgan, otasi kasalmand bo‘lgani uchun Botir tengqurlaridan ko‘ra ertaroq uylandi. O‘qishni davom ettirish uchun ikki yil tibbiy universitetga hujjat topshirdi. Kirolmagach, umid uzdi-da tuman markazidagi shifoxonada ishladi.
Lekin bir maosh bilan ro‘zg‘or tebratish, to‘shakka mixlangan otaga qarash, ukani uylantirishning o‘zi bo‘lmadi. U yerga yopishdi. Kolxozlar tarqatilib, o‘rniga fermerlar chiqqan, mol-qo‘y boqish uchun parcha yer qolmagan. U chek yer olib shundan daromad ko‘tarmoqchi bo‘ldi. Bir necha yil urinib tuzukroq hosil ko‘rmasa-da, piyoz ekish hadisini oldi. Bu vaqt ichida odamgarchiligi va zehn-farosati tufayli o‘zi feldsher bo‘lsa ham xalq orasida “do‘xtir” degan nom qozondi. Xalq birovga shunchaki nom bermaydi, buning uchun avvalo tan berishi kerak. Aslida ham Botir ancha-muncha shifokordan ko‘ra qo‘li yengil va tajribaliroq edi. Qishloqda unga tinim yo‘q, endi yeng shimarib ketmonga uzansa, kimdir hovliqib kelib qoladi. “Tez yuring, onamning qon bosimi ko‘tarilib ketdi”, yoki “o‘g‘lim tomdan yiqildi” deb keluvchilarning keti uzilmaydi. Kasallik fursat kutmaganidek, bemorlar ham vaqt kutmaydi, Botir kechasiyu kunduzi tinim bilmaydi. Shuning orasida dehqonchilik ham qiladi.

Suv qahat bo‘lib chek yerdan olinadigan arzimagan daromadning ham barakasi uchdi. Endi u fermerlardan ijara yer olib, piyoz eka boshladi. Kasalxonadan keladiyu dalaga chopadi. Ijara haqini hosildan to‘laydi. Lekin har yili posangi o‘sha: ovi yursa tovi yurmaydi, tovi yursa ovi chopmaydi, degandek. Hosil zo‘r bo‘lganda piyoz arzon, piyoz qimmat bo‘lganda hosilning mazasi yo‘q. Har ikkisi ham bo‘lganda hosilni shira yeb bitiradi. Lekin Botir xalq orasida yuradigan gapga ishongisi keladi: dehqonning pirlari piyozni yetti yil ekish kerak, shu yetti yildan bittasida piyoz ostonangni tillodan qilib tashlaydi, degan emish. Bu yil besh yil bo‘ladi piyoz ekishni boshlaganiga. Ikki yil qolibdi. Keyin nima qiladi? Piyozdan boy bo‘lmasa, kartoshka ekadi. Baribir mehnat qilish kerak, bolalar katta bo‘lyapti.

Lekin do‘xtir zoti yerga yopishmasin ekan, o‘zi shu kasb egalariga jin-pin tekkan bo‘lsa ajabmas. Qishloqdan uchta do‘xtir chiqqan. Ikkitasi hozir nafaqada, umri yer chopish bilan o‘tdi. Valijon do‘xtir qishloq etagidagi adirda yigirma yil tosh terib, qo‘riq ochdi. Ishdan keladi-da, eshakaravaga o‘tirib bog‘iga yo‘l soladi. Yo‘lda “Qaro ko‘zimni” xirgoyi qiladi, avvallari mast bo‘lib qolsa to‘ylarda ham shu qo‘shiqni aytib hammani bezor qilardi. Endi birov bilan ishi yo‘q, ketmondan horigan paytlari bog‘ining tepasidagi do‘nglikka chiqib olib, nay chaladi. Ba’zan nayning g‘amgin nolishi yarim tunga qadar tinmaydi. Bu yil suv taqchil, bog‘ qurib yotibdi, naydan chiqqan kuy ham saratonning jaziramasidek yurakni o‘rtaydi.

Rahmatilla do‘xtir ham uning yonidan bog‘ qilgan. Biroq bu do‘xtirning ichadigan odati yo‘q, nay ham chalmaydi, lekin ketmonni qo‘lidan qo‘ymaydi.

Uchinchi do‘xtir bu ikkovidan ancha yosh. Hali bog‘ savdosi boshiga tushmagan. U hozir Rossiyaning tibbiy ekspeditsiyasiga qo‘shilib Qizil dengiz sohilidagi bir mamlakatda ishlab yuribdi. Oyligi hartugul yaxshi ekan uy-joyini tiklab oldi. Aylanib-aylanib oxiri u ham yerga yopishadigan ko‘rinadi. Shu yozda ta’tilga kelganida qishloqdan tomorqa yer olib, terak va gilos ko‘chati o‘tqazib ketdi. Keladi-da bir kun tuproq yalagani.
Nega do‘xtirlar yerga dehqondan ham qattiq yopishadi. Oppoq xalatini kiyib, egniga gard yuqtirmay yursa bo‘lmasmikin? Nega o‘zini hadeb yerga uradi…tuproq titkilaydi. Balki ko‘p qon, ko‘p o‘lik ko‘rganidandir…
Botir ariq ichida tin olib, bu xil o‘yga cho‘mib qancha o‘tirganini bilmadi. Quyosh esa so‘rab-netmay terak bo‘yi ko‘tarilib qolibdi. Adirga yetgunicha kun qizib ketadi. Piyozga dori sepadigan zaharchi ham kutib-kutib ketib qolgan bo‘lsa kerak.

U endi uyiga qaytishdan boshqa chorasi qolmaganidan og‘ir qadamlar bilan ortga qaytdi. Uyining vassajuft shiftiga termulib yotishni o‘ylab yuragi siqildi. Qishloqda vassali uy deyarli qolmagan, yo fanerdan qo‘shnova qilib naqsh solingan yoki gipsqog‘ozdan shakl berib, moybo‘yoq surilgan, ba’zilar shiftiga turli ranglarda shu’la taratadigan eng oxirgi rusumdagi chiroqlar o‘rnatgan. Hovliga tushib kelar ekan, otasidan qolgan uyga yonbosh solingan chala imoratga qarab, balki bugun guvala quysammi, deb ham o‘yladi.

Kecha tunda chiqarilgan somonni mallaga solib tashiyotgan xotini erining erta qaytganidan hayron bo‘ldi.

“Ha, ish bitdimi?! Piyozga zahar septirdiyizmi?” deb so‘radi.

U nima javob qilishni bilmay turib qoldi. Nima desin endi xotiniga?

“Men bir qushni, yoshligimdagi qushni uchratdim. Senga ko‘ngil qo‘yganimda, sendan ilk bo‘sa olganimda uchratgan qushni. Esingdami o‘shanda… e, u paytlar sen boshqacha eding, men boshqacha edim, hayot boshqacha edi. Xullas, adirga ketayotib o‘sha qush tovushini eshitdimu, o‘zini ko‘rmoqchi bo‘lib piyozga bora olmadim. Shira yeb yotgan piyoz yana zaharsiz qoldi. Endi qachon kasallarimdan bo‘shaymanu qachon dalaga boraman, ungacha piyozni shira yeb yotar. Manovi chaladevorning tomi yana yopilmay qoladi, qishi bilan devorlari nurab tushadi, yanagi yil yozda yana qaytadan uramiz. Bollaring maktabga yana eski kiyimlarini kiyib boradi. Sen esa qizingni sepiga tashlaydigan pombarqitni ololmaysan. Hammasi o‘sha qushni deb bo‘ldi, birgina qush-a. O‘sha zormandaning bo‘y-bastini to‘liq ko‘ra olgan bo‘lsam ham boshqa gap edi!” deydimi.

Bu xotin zoti tushunadimi o‘zi? Jinni bo‘libdi, deb o‘ylaydi.Undan ko‘ra, sassiqpopishakni ko‘rsangiz yaxshi bo‘lardi, deb kinoya qilishi tayin.

“Darvoqe, sassiqpopishaklar ham kelmay qo‘ydi-ya biz tomonlarga,” Botir bu o‘ydan keyin iljaydi va xotini ko‘rib qolmasligi uchun yuzini ters o‘girdi. O‘, ayol zotidan bir narsani yashirib bo‘larkanmi!?

“E qanaqa odamsiz o‘zi, nega tirjayasiz, zahar nima bo‘ldi, zahar,” dedi ensasi qotib.

“Zaharchi kemadi.” Xotini kulgisini sezib qolganidan jahli chiqdi uning.

“Nega kemas ekan, nima bo‘pti?”

“Zaharchi zahar ichib o‘lipti.” U jahl bilan uzumtok ustunini tepgandi, kechagi chang va somon zarralari boshiga duv to‘kildi.

Ikkinchi hikoya

Botir do‘xtir ishdan qaytaturib Shahobning do‘koniga kirdi. Qishloqda “tijorat”nomini olgan, yo‘l bo‘yida chust do‘ppidek qo‘qqayib turgan do‘kon kezi kelganda mayxona vazifasini o‘tardi. Shu kunga qadar birov bu deparada choyxona yuritib, biri ikki bo‘lmagan. Buning sababini hech kim bilmaydi. Kasod bo‘lgan choyxonachilarning o‘zlari ham buni goh nasiyachilardan ko‘rsa, goh soliqchilarga yopishtiradi. Qolaversa, zamona tezkor, do‘konga birrov bosh suqqan hamqishloqlar uchun ichimlik ham, gazak ham shu yerning o‘zida muhayyo, o‘rikdan bo‘shagan shatmoq yashiklar bir zumda kursiga, ko‘cha gazetasi dasturxonga aylanadi.
Hozir ham to‘rt ulfat do‘konning chetida teshikkulchadan bo‘shagan qog‘oz qutini o‘rtaga qo‘yib, qo‘r to‘kib o‘tiribdi. O‘rtada ikkita labi uchgan piyola, piyoz po‘stidek yupqa kesilgan uch-to‘rt bo‘ltam kolbasa, uch dona paxtaolma bor. Do‘kon devorlariga naridan beri ohak surilgan, to‘rda shildiroq yelimqog‘ozli surat osilgan, unda xitoy qizi soxta jilmayib turibdi, ikkinchi suratda savat to‘la subtropik mevalar. Ranglari shunchalar tiniqki, qizgina yutinsa, tomog‘idan yutumi ko‘rinadigandek, bu yoqda esa kivining har bir tukigacha dikkayib turibdi. Kivini umrida ko‘rmagan, lekin har safar bu mevani tukli kartoshkaga o‘xshatib mutoyiba qiladigan ulfatlarning suhbati qizg‘in.
– “Bunyodkor”ga braziliyalik trener kepti. Turkiyaning “Fenerbaxcha”siga trenerlik qilardi-ku, o‘sha!
– “Bunyodkor”mi, shu avvalgi “Quruvchi”-da?
– Ha-da, yaqinda Braziliyadan bir o‘yinchi ham sotib oldi-ku.
– Turkiya braziliyalik trenerni qaytarib olmoqchi emish, qancha so‘rasa beramiz debdi, shu rostmi?
– Biznikilar osonlikcha qaytarib bermasa kerak.
– E, ota-bobosi pul-da, kim ko‘p to‘lasa, o‘shanga ketaveradi-da.
Botir do‘xtirning eshik g‘iyqillashiga monand salomi suhbatni bo‘ldi.
– Keling, do‘xtir. Piyoz qalay? – dedi do‘konchi. – Bu yil endi “Neksiya”ning rangini olay dedimi?!
Sarxush ulfatlarga qiya qarash qilib olgan do‘xtir bu gapdan bo‘ynini ichiga tortdi, jikkakkina gavdasi yana bir qarich cho‘kib ketgandek bo‘ldi. Ulfatlar yalt etib do‘xtirga qaradi. Birma-bir bosh irg‘ab, salomlashildi.
– “Neksiya”ning rasmini chizib qo‘yganmiz, lekin rang kirmayapti, eski “Moskvich”ga qarab tortadimi, deyman… shira yeb bitiryapti-ku, dori sepishim kerak edi, borolmayapman, – dedi uf tortib do‘xtir.
– Xavotir olmang, do‘xtir, doriyam topiladi, zaharchiyam keladi o‘zi qidirib, xudoning buyurgan soatida. Birorta boshi aylangani kep qolar, u dorini sepgandan keyin bu “dori”ni qimasa bo‘maydi. Ungacha biz bilan…– Saidali quvlik bilan chap ko‘zini qisib, peshtaxtadagi shishalarga imo qildi.
– Do‘xtir, zaharchi kemasa, piyozingizga dorini o‘zim sepib beraman. Apparat topsak bo‘ldi, keling, siz ham bir odamga o‘xshab dam oling. Biror minut tin oling-da endi, do‘xtir. Oling bitta shishani, keling! – Bo‘riboy Botirni qistay boshladi.
–O‘zi shundog‘am tomog‘imdan hech narsa o‘tmayapti, Bo‘riboy.
Botir shu kunlarda o‘zi haqida qishloqda tarqalgan gap bu yerda ham chaynalib, davrada ermak bo‘lishdan cho‘chidi. Darhol do‘konchiga yuzlanib, yarim kilo shakar, bir kilo makaron tortishni so‘radi. Bularni qarz-nasiya daftariga yozdirib qo‘yib, keyin yog‘ qachon kelishini surishtirdi-da, do‘konchidan o‘pkalandi:
– O‘tgan gal zavudyog‘ keganda biznikilar ololmapti-ku.
Do‘konchi o‘zini oqladi:
– Aka, ro‘yxat bilan tarqatsak ham yetmay yotibdi. Ro‘yxatni mahalla raisi tuzyapti-ku, – dedi.
Shu payt ulfatlar orasida do‘xtir xavotir olgan mavzuda qochirim bo‘ldi.
– Do‘xtir! Biz tomonlarda g‘alati-g‘alati qushlar paydo bo‘ptimi? Odamlar shunday deyapti. Siz ham bittasini ko‘ribsizmi-ey, shu rostmi?
– E, battol…Sen ham eshitdingmi? – do‘xtir avval tishi orasidan zo‘rma-zo‘raki iljaydi, biroq ushlab turolmadi, bo‘lari bo‘ldi qabilida rostakamiga kulib yubordi.
Do‘konchi bu gapdan bexabar ekanmi yoki atayin talmovsiradi:
– Qanaqa qush ekan? Ko‘lga qo‘ngan qashqaldoqlarmi? Shaharliklar kelib otib ketishyapti ekan.
– Do‘xtir ko‘rgan qushni otib bo‘masmish, qandaydir xosiyati bor ekanmi, keyin u hammaga ham ko‘rinish bermas ekan.
Botirning kulgusidan dadillashgan ulfatlar payrovni ilib ketdi.
Do‘xtir uch kun avval kasalxonadan qaytishda qo‘shni qishloqlik dorichining uyiga kirgan, adirdagi piyozini dorilatish uchun u bilan kelishgan, dorichi “zahar sepsang sahar sep, kun qizigandan keyin boshim og‘rib ketyapti” deb noligach, bular ertasi tongda paykal boshida uchrashishga kelishib, tarqalgandi.
Ittifoqo, do‘xtir uyiga kelayotib ko‘chasida ikki g‘ildirakli qo‘lbola kombaynni mahalla bolalariga sudratib ketayotgan tegirmonchini ko‘rib qoldi. Do‘xtir eshigi tagiga to‘kib qo‘yilgan yuz ellik bog‘ bug‘doyni yanchitishga tegirmonchini bir amallab ko‘ndirdi, ayni mavsum payti, tegirmonchi bir ketsa qaytib bu tomonlarga yana qachon keladi?! Ular yarim tunda bug‘doyni kombayndan o‘tkazib bo‘lishdi. Horgan-tolgan do‘xtir ertasi tong sahar adirga ketar ekan, Abdusalom domlaning hovlisi tepasidagi daraxtzorga yetganda bir qushning tovushi qulog‘iga chalindi. Do‘xtir bu qushni ko‘rmaganiga, ehtimolki, unutganiga, o‘zining aytishicha, yigirma yildan ko‘p bo‘libdi. Ne bo‘libdiki, do‘xtir tong pallasida bu qushning tovushiga mahliyo bo‘lib, uni bir ko‘rish ishtiyoqida dardi-dunyosini unutibdi-da, yaqin tushgacha chakalak ichida qolib ketibdi.
Hayot o‘sha hayot, og‘rimagan bosh bormi, tashvishsiz kalla bormi? Ro‘zg‘or g‘ori, turmush mushti, mol-holga qarash, bolalar g‘ishavasi, xotinning xarxashasi, bularning bari erkakning gardanida. O‘zi yigit kishi qirqqa kirganda bir aynib oladi. Bo‘lmasa, qizi bo‘yiga yetib qolgan kappa-katta odamga balo bormi qushning ketidan quvib. Do‘xtiri tushmagur zax ariqning ichida o‘tirgancha, o‘z xayollari bilan andarmon bo‘lib, bu dunyoga nimaga keldiyu nimalar qildi, ne huzur topdiyu ne jabr ko‘rdi, degan bo‘lmag‘ur xayollarni miyasidan quvib chiqarguncha quyosh naqd tikkaga kelibdi. Dorichi adirda do‘xtirni uzoq kutib, keyin so‘kina-so‘kina ketvoribdi. Do‘xtir nima uchun adirga borolmaganini hech kimga aytmagan esa-da, kechqurun baribir xotiniga yorilgan ekan.
Ertasi xotini qo‘shnisiga shikoyat qilibdi:
“Qanday odam ediki, adirda piyozini shira bosib yotgan bo‘lsayu, nahot bu kishim yosh boladek qushlarning ketidan yuraversa, bu ketishda qachon kosasi oqaradi, bilmadim… o‘zi necha yillardan beri piyoz ekib, hali bir narsani do‘ndirgan emasdi”, deya fig‘oni chiqibdi. Ustiga ustak o‘sha kuni zaharchi o‘lip qopti deb hazil qilganiyu bugun rostdan ham o‘sha odamga janoza o‘qilganini aytib, yoqasiga tuflabdi.
Bu gap qishloqqa yashin tezligida tarqaydi. Qo‘shib bichiladi.
O‘sha qush aslida ajina ekan, do‘xtirni yo‘ldan ozdirmoqchi bo‘lganmish, o‘sha yerda eski sadaqayrag‘och bo‘lib, unda insu jinslar makon qurganmish. Bechora do‘xtirni ajina ozg‘irdi, deb ayrimlar bolalarini uyiga qamab o‘tiribdi. Abdusalom domlaning enasi o‘sha sadaqayrag‘och tagida chiroq yoqib, is chiqarguvchi edi, kampir dunyodan o‘tgandan keyin bu joy zavol bo‘lib, ajinalar makon qurgani aniq. Bunday yaxshi do‘xtir bu olamda bitta edi, kechayu kunduz odamlarning hojatini chiqarardi, ajina ham kelib-kelib bizning do‘xtirga yo‘liqadimi, deb ko‘pchilik afsus chekibdi.
Boshqalari esa o‘sha qush aslida ajina emas, farishta bo‘lgani, zaharchining o‘limi yaqinlashganini do‘xtirning ko‘ngliga solgani, zero zaharchi baribir o‘lar ekan, do‘xtirning piyoziga zahar sepib o‘ldi, degan gapdan soddadil va jo‘mard do‘xtir bir umr aziyat chekib yurishi mumkin edi, deyishibdi. Ba’zilar do‘xtir endi avliyo bo‘lib ketsa kerak, hammaga ukol qilib, dori yozib berib yurardi, endi bir nazar tashlaganda har qanday kasal tuzalib ketsa ajabmas, nahotki, bizning qishloqdan ham avliyo chiqsa, axir qishloqning nomi bejiz Go‘rmiron – go‘ri miron emas, ya’nikim, mirlar qabristoni, eh-he, bu yerda qancha-qancha aziz avliyolar yotibdi, deb quvongan ham emish.
Boshqalar bunday gap aytgan odamlarni jerkib tashlabdi. Ajinaga balo bormi shunday zamonda? Kecha tuxumidan chiqqani ham kompyuter nimaligini bilsa, sigirini dalaga haydab ketayotgani ham qulog‘iga Em Pe uchmi, to‘rtmi tutib olgan bo‘lsa, tomga g‘o‘zapoya irg‘itayotib bu yog‘i Rossiya, u yog‘i Koreyada ishlab yurgan akasimi yo ukasi bilan telefonda gaplashsa, shunday zamonda ajina qoladimi, debdi.
Aslida, do‘xtir o‘sha qushni bolalikdagi do‘sti, o‘qishdan keyin shaharda qolib ketgan o‘rtog‘iga tutib bermoqchi bo‘lganmish. Chunki bular bolaligida qushman degan jon borki xoh yerda, xoh osmonda bo‘lsin, tinchlik bermagan, hatto qish qattiq kelgan uzoq bir yili simyog‘ochda ochlik va sovuqdan kunishib o‘tirgan qirg‘iyni kun bo‘yi dov-daraxtga qo‘ndirmay, qirma-qir quvib, oxiri holdan toydirib ushlab olgan ekan. Bu qushni ko‘rgani kelgan qishloq bolalarining har biriga qirg‘iyga yemak uchun sichqon solig‘i solganini ham eslabdi odamlar. O‘shandan buyon tengqurlar biror voqeani eslashmoqchi bo‘lsa, “sichqon solig‘i” solingan yildan ikki yil keyin bo‘luvdi bu voqea, deb gapiradi.
Boshqasi, qo‘ysalaring-chi, otam zamonidan beri tinim bilmay mehnat qiladigan do‘xtir nima jin uribdiyu, o‘sha kuni salqin daraxtzorda, zax ariqning ichida bir miriqib uxlab olgan ekan, qovug‘ini shamollatibdi, hozir o‘zi davolanayotgan emish, shira yeb yotgan piyozi bilan ham ishi yo‘qmish, debdi. Yana birovi, ehtimol, do‘xtir chiroq yoqilgan sadaqayrag‘och tagiga siyib-netgandir, dardi shundan bo‘lishi ham mumkin, debdi.
Garchand do‘xtir bu gaplarning hammasidan boxabar bo‘lmasa-da, turli uydirmalar tarqalganini bilar, bu gaplar o‘ziga nash’a qilsa-da, kap-katta odamning haqiqatan ham bir qushga alag‘da bo‘lib, avvalo, hayot-mamotdek dolzarb bir ishdan qolgani uni ko‘p xijolatga qo‘ysa, ikkinchi jihatdan zaharchi “o‘libdi” deb xotiniga aytganiyu ertasi kechga bormay hazili rost bo‘lib chiqqanidan ortiq iztirobda edi.
“Nafasimni yel uchirsa bo‘lmasmidi, ko‘pni ko‘rgan odamlar bejiz hazil harom deyishmagan”, deb ich-ichidan kuyinardi do‘xtir. Lekin bu iztiroblarini birovga bildirmay yurgandi. Mana bugun Bo‘riboy bu haqda gap ochib qoldi.
Do‘xtir endi noiloj qolganini sezib, ulfatlar tepasiga keldi, Bo‘riboy dorini o‘zim sepib beraman dedi-ku, piyozni shu kunlarda dorilatmasa, bu yilgi mehnatiga kuyib qolaveradi. Yerning ijara pulini cho‘ntagidan to‘laydimi keyin? Maoshi yo‘lkiradan zo‘rg‘a oshib-oshmasa. Xotinga esa xudo beradi, qishi bilan yo‘qchilikdan nolib, quloq-miyasini qoqib qo‘liga beradi.
– Qani bo‘lmasa, sal surilinglar-chi, – deb do‘xtir Bo‘riboyning yoniga cho‘kdi. Ikkita piyola besh kishiga beto‘xtov navbat bilan aylantirildi. Do‘konchi kolbasadan ikki yuz gramm kesib, ko‘k yelimidishga parraklab, uzatdi. Ulfatlar do‘xtirning xomush va horg‘in ruhiyatini yana cho‘ktirmaslik uchun qushni eslamay, gapni boshqa tomonga burib yuborishdi.
– Do‘xtir, siz qaysi urug‘dan ekkansiz, gibridmi, xarsidonmi?
– Gibrid.
– Esiz, ispanes degani chiqibdi, o‘shandan ekmabsiz-da, dahshat hosil berarmish, tarozini ham zo‘r bosarmish. Mana, o‘tgan yili qo‘qimboylik bittasi ekkan ekan, dalani o‘zida talamon qilib ketibdi xaridorlar. Shartta bitta “Neksiya” olibdi, g‘izillatib haydab yuribdi, uyini ham remont qipti, oppoq, katta temir darvoza o‘rnatibdi. Bu darvozadan “Kamaz” ham kirib ketaverar ekan. Qolgan pulga ukasiga bitta “Tiko” oberibdi.
– E, taniyman, qishloqqa kirib borishdagi zapravka qani, o‘shandan keyingi ko‘chada turadi.
– Ha, xuddi o‘sha.
– Lekin chetdan kelayotgan bu urug‘larning bari bir yildan keyin ayniydi, o‘zidan urug‘ olish qiyin, har yili yangitdan urug‘ sotib olishing kerak. Pul qani unga. O‘zimizning ota-bobomiz ekib kelgan qoratol yaxshi, jaydari, zahar ham ko‘p kerakmas.
– Do‘xtir eshitdingizmi, yangi germanski dori chiqibdi. Piyozga dorini qalin qilib sepilar ekan. Dori yerning betini yupqa yelimqog‘ozga o‘xshab yopib qo‘yarkan, shunda piyozdan boshqa bitta ham o‘t chiqmas ekan, ana, piyozo‘toq ham shart emas, – dedi ulfatlardan biri va paxtaolmadan bir bo‘lak karsillatib tishladi.
Lekin Bo‘riboy uni oshig‘ich to‘xtatdi, olmaning orasidan chiqib kelgan oppoq qurtni barmog‘ining uchi bilan olib tashlamoqchi edi, qurt pastga, piyolaning ichidagi aroqqa tushdi.
Bo‘riboy gapni davom ettirdi:
– Ho‘v o‘rtoq, begona o‘t chiqmaydi emas, chiqadi. Piyozga o‘xshagan ignabargli o‘t borki, hammasi chiqadi. Faqat piyozni o‘t bosishi kamroq bo‘ladi, lekin bu dori qurg‘ur ham qimmat-da! – Bo‘riboy gap asnosida ko‘rsatkich barmog‘ining uchi bilan aroqning betidagi qurtni piyolaning labiga surib chiqardi, keyin chertib yubordi.
– Piyozni bitiga qarshi Xitoyni “karate”si ham yaxshi ish bermay qo‘ydi, undan o‘zimizda chiqqan “delta fors” tuzuk ko‘rinadi.
– E, yo‘q, xitoyning zahari kuchli baribir. Asosiysi, arzon.
– Zarari-chi, zarari? O‘ldiradi-ku odamni!
Gap ayni qizib turgan payt do‘konga moldo‘xtir Ibrat kirib keldi. Ibrat ikki-uch davrada gap yegani uchun serulfat odam edi. Lekin hozir ulfatlarning qistoviga qaramay, adirga qo‘tir bo‘lgan molni ko‘rishga ketayotgani, molning egasi ko‘chada mashinasida kutib turganini aytdi. U tezda xaridini qilib, eshikka yo‘nalgan edi, Bo‘riboy uzilib qolgan suhbatni nainki davom ettirish, bunga qadar aytilgan gaplarga bir dalil va tirik guvoh ham keltirish ilinjida uning diqqatini tortdi:
– Mana, uzoqqa bormaylik. Mana, sherigimning bojasi, ikki kun avval shundoq piyozga zahar sepib chiqqan-da, shundoq egatning tepasida o‘lgan-qolgan.
– Yo‘g‘-e, u piyozga sepmagan, – endi ostonaga qadam qo‘ygan Ibrat to‘xtab, ortiga o‘girildi: – u bodringga sepgan.
– Shu, zahar o‘ldirgan-da?!
Ibrat eshikdan tashqari mo‘ralab, mol egasiga baqirib biroz kutib turishni so‘radi, ortiga qaytib, davraga qo‘shildi:
– Sen quloq solib turgin, bu shanba kuni bo‘lgan. Men bir kun avval, juma kuni piyozga dorini sepib chiqqanman bojamning apparatida. O‘zi piyozim o‘n ikki so‘tix yerda, ikkita egat qolganda apparat buzilib qoldi, rosa damlayman, lekin sepmaydi-da, og‘zidan dori chuldirab oqib turaveradi sunnat qilinmagan bolaning peshobiga o‘xshab. Haligi ichidagi kolsosi bor-ku, uzukni singari, o‘shanisi ketgan ekan. Ertasiga, shanba kuni bo‘lgan bu, bojamning oldiga buzuq apparatni ko‘tarib bordim. Avval jahli chiqdi, “ming rahmat sizlarga, kecha bir hamqishlog‘ingiz devor ushlatib ketuvdi, bugun siz apparatimni rasvo qibsiz”, dedi.
Ibratning bu gapidan keyin ulfatlar do‘xtirga zimdan qarab oldi, do‘xtir yerga qarab iljaydi. Ibrat gapida davom etdi:
– Bojam bilan biz avaldan kuch sinashib yurardik. Bu gapidan keyin shartta belidan qisib, bir ko‘targan edim, dod dedi, jon aka, dedi. Keyin qo‘yib yubordim. Birga choyxonada tushlik qildik hazil-huzul bilan. Keyin o‘sha yerda uch-to‘rtta bola shaxmat o‘ynab o‘tirgan ekan. Men ham o‘ynadim. Hammasini yutdim, keyin birma-bir peshonasiga chertib chiqdim. Bojam ularni mazax qilib rosa kuldi, yotvolib kuldi. Shunda soat uch yoki to‘rt bo‘lgandi. Shunda bittasi apparat ko‘tarib o‘tdi-da! Endi bojam kechki bodring ekib qo‘ygan-ku. Bodring mana shundoq bo‘lib, ko‘m-ko‘k yashnab turibdi, shishani singari… – Ibrat bir tamshanib oldi.
Unga darrov piyola tutqazishdi. U shoshilinch piyolani bo‘shatib gapida davom etdi:
– Bojam haligi apparat ko‘tarib o‘tganga hazil-huzul bilan, bodringni ko‘rdingmi, yashnab yotibdi, hali oqpalak bo‘lmasidan dori sepib qo‘yaylik, meni apparatimni mana bu akang buzibdi, seniki qachon bo‘shaydi, deb so‘radi. Desa aytdiki, Batka dedi, Batka derdi-da bojamni.
– Ha, to‘g‘ri, uni Batka deyishardi.
–Soat beshlarda bo‘shaydi, men hozir bir joyda dorini sepib qo‘yay, keyin bo‘shaydi, dedi haligi apparat ko‘targan. Shunda soat to‘rt yarimmi beshlarmi? Shunda men haligi joydan turib, bo‘pti boja, deb ketdim. Uyga keldim, yotdim. Ertasiga bozor. Sen quy, juft bo‘lsin.
– Ha, quy-da Ibratga, do‘xtirga ham.
– Ertasi bozor. Bozorga ketdim. Bozorga borsam, ukamni ko‘rib qoldim. Bojangiz kasalxonada ekan, xabar oldingizmi, dedi. Nega, kecha otdek edi-ku, desam, ishonmaysizmi, reanimatsiyada yotibdi ekan, dedi. Shu kechqurun ichvolib yiqilib-piqilib tushgandir-da degan xayol bilan haligi joyda reanimatsiyaga keldim. Reanimatsiyaga kelsam, akasi turibdi eshikning tagida. U bilan biroz gaplashib turdik, haligi joyda yarim soatcha gaplashdik. Keyin gapning orasida Batka tuzukmi desam, he, Batka o‘lgan, dedi. Hayron bo‘ldim. Yo‘g‘-e, desam, ha, dedi. Endi shu yerda gaplashib turgan bo‘lsak, ana shu eshikning orqasidagi yo‘lakka kirgizib qo‘yibdi haligi aravachada. Men bilmayman-ku, qayda desam, ana, dedi. Shundoq borsam … Batka! Shundoq kulib qarab yotibdi-da… – Ibrat bir zum tin oldi. – O‘shanda unga apparatni olib kelib bergan soat beshlarda. Haligi joyda dorini sepgan, oqpalakka, bitta zapravkada. Ikkinchi zapravkani qilgan, haligi apparatga suvni, dorini quygandan keyin nima xayol bilanki shundoq apparatning og‘ziga enkayib qaragan-da. Haligi joyda dorining hidi dimog‘iga gup urib, nafas yo‘lini g‘ip yopgan. Bojam po‘rt tashlavorgan o‘zini. Ha-ha bilan kasalxonaga olib kelishgan. Qonini yuvgan, boshqa qilgan, lekin baribir bo‘magan. Jigari shishib, nafas organlari ketib bo‘lgan. Bo‘madi. O‘ldi. – Ibrat shu gapni aytdi-da, keyin dik o‘rnidan turib, do‘kondan chiqib ketdi.
– Joyi jannatda bo‘lsin, o‘ziyam hech qanday zahardan tap tortmasdi. – Botir do‘xtir xo‘rsindi.
– Anovi-chi, Akromning ukasi, piyozga zahar sepaverib tomi ketib qoldi-ku, – ulfatlardan biri gap qo‘shdi.
Biroz sukutdan keyin Bo‘riboy yana gapga kirdi:
– Ha, zahar bilan hazillashib bo‘larkanmi? Lekin zahar bilan hazillashmoqchi bo‘lsang, bilgin, bir yil yoki ikki yil. Undan ortig‘iga dori hazilni ko‘tarmaydi. Men vaqtida to‘xtatdim. Sherigim Adham Rossiyaga ketib qutuldi. Biz ikkovimiz zahar sepmagan dov-daraxt qolgani yo‘q bu deparada. Lekin Adham chatoq edi. Bitta shishani urib olib, issiqmi-sovuqmi, dorini changitib sepaverardi. – U sarxush boshini silkitdi. – Ammo lekin, huzurini apparatning egasi ko‘rdi. Uyiga yong‘oqdan naqshinkor darvoza qurganini ko‘rdinglarmi, o‘sha bizzi mehnat-da. U paytda hozirgi “vertolyot” apparatlar chiqmagandi. Endi-chi, bir shisha benzinni quyasan-da, patillatib bir gektarga bir zumda sepib tashlaysan. Ammo-lekin, do‘xtir, siz xavotir olmang. Men “vertolyot”i bor bir odamni bilaman, sizni piyozingizga o‘shanda dori sepamiz. Ertagayoq!
Botir do‘xtir do‘kondan chiqib uyiga yo‘l olganda tungi salqin tushib qolgan, osmonda yulduzlar bodroqdek potragan, anhorda qurbaqalarning qurillashi quloqni qomatga keltirardi. Uzoqdan qo‘lbola kombaynning tarillagan ovozi eshitilar, chang, somon va yana allaqanday yovvoyi o‘tlarning hidi kelardi.
Botir bug‘doyini chiqarib, yelpib, sandiqqa ham to‘kib qo‘yganini, bu yilgi eng og‘ir mehnatlardan biri ortda qolganini eslab, yulduzlarga mamnun tikilib borardi. Ayniqsa, ko‘kdagi somon yo‘li yarqirab, sirli jivir-jivir qilardi. Xudoga shukr qilish kerak, derdi u. Mana, nimasi yomon, hamma narsa joyida, ertaga piyozga ham dori sepiladi. Xudo xohlasa, kuzda piyoz bir bo‘lib bersa, balki chala yotgan uyi ham bitib ketar, ehtimolki, “Neksiya”, balki “Matiz”, juda bo‘lmay qolsa, “Moskvich” sotib olar. “Moskvich” tuzuk, baribir dehqonning mashinasida…

Uchinchi hikoya

Odamlar bir necha kundan buyon intiq, muhim bir yangilik yuz berishini kutib taraddudda edi. Vaqt o‘tgani sayin hayajon taranglashib borardi. Turli uydirmayu mish-mishlarga qulog‘i ding, biror kun chanqovbosti xabar topilmasa, qirg‘oqqa chiqib qolgan baliqdek nafasi qistaydigan odamlar so‘fi azon aytmasidan avval katta yo‘l bo‘yiga chiqib olib, cho‘nqayib olgancha uyquli ko‘zlarini tinimsiz ishqalab, goho xomuza tortib, bir nimalarni erinchoq muhokama qilishardi. Tong qorong‘usida gungur-gungur qilib bomdod namoziga ketayotganlar esa bularga qarab «Kallai saharlab otti po‘qidek to‘planib qopti bular? Anjon nosi juma sahar kelardi shekilli..?» deb bir-birlariga imlab qo‘yadi.
Kun bo‘yi hech bir xabar kelmadi. Oldi-qochdi gaplardan o‘zini uzoq tutadigan qishloqning siporoq kishilari ham shomga yaqin katta yo‘l bo‘yidagi do‘kon atrofida uymalashib qoldi. Qishloqda norasmiy mayxona vazifasini o‘taydigan bu do‘konda hamisha uch-to‘rt chog‘li ulfat ichib o‘tiradi. Odatda aroqdan hazar qiladiganlar bu ulfatlarga yuzini ters qilib o‘tadi, lekin bir gap bo‘lsa bexabar qolib ketmayin degan ilinjdami, bugun ular ancha yumshab qolgan. Ulfatlarga yaqin kelmasa-da, hazil-huzul gaplariga uzoqdan yengil kulib, bosiqlik bilan javob qaytarib qo‘yadi. Do‘kon atrofida odamlar soni ko‘paygan sari, quvlamachoq o‘ynagan, velosiped mingan bolalar ham shu atrofda yig‘ila boshlaydi. Qosh qorayib, osmonda ko‘rshapalaklar g‘iz-g‘iz uchadi, pastda esa g‘ala-g‘ovur, olomonga kelib qo‘shilayotgan ko‘ngillilar soni ortib boradi. Ob-havo, ekin-tikin, mol-qo‘y, sabzi-piyoz narxidan boshlangan suhbat aylanib-aylanib yana Botir do‘xtirga kelib taqaladi. Botir o‘zi feldsher bo‘lsa ham uquvi va mehnatkashligi tufayli xalq orasida do‘xtir degan nom olgandi. Do‘xtir qandoq ulov minib kelar ekan, rangiyu rusumi qanaqa bo‘ladi, degan mavzuda bahs ketadi. O‘zi do‘xtirning haydovchilik guvohnomasi bormidi, deb kimdir so‘raydi. Chust do‘ppi kiysa qo‘ziqoringa o‘xshab qoladigan bo‘yi bir qarich do‘xtir «Lasetti»mi yoki «Neksiya» minib kelsa, tepkiga oyog‘i, yo‘lni ko‘rishga bo‘yi yetarmikin, deya bosh qashiydi boshqasi biroz g‘ashlanib. Tagiga yostiq qo‘yib oladi-da, deydi kimdir va gurros kulgi ko‘tariladi. Odamlar turli tusmollar va taxminlardan charchaganda, o‘zi er kishiga omad yetti marta kulib boqadi, shulardan bittasini ushlab qolsang qolding, bo‘lmasa piyozni achchiq chaynab qolaversan kabi purma’no «hikmat»larga navbat keladi.
— Omad kelsa shu-da, hech kutilmagan joyda, kutilmagan paytda ishing o‘nglanib ketadi, mana-man degan do‘xtirlar yetolmagan martabaga bitta feldsher yetishib turibdi-ku!
— Omad har kimga ham kelavermaydi, omadi borga keladi-da!
— Eng muhimi, berar joyidan qismasa bo‘ldi, shunda har kimning ham omadi chopaveradi, — do‘kon ichidan kimdir shirakayf ovozda tashqarida turganlarga xitob qiladi, ortidan «Ha, otangga balli!» degan tasannolar va pishanglar eshitiladi.
Olomon orasida goh yoshlarga xos havasmandlik kayfiyati hukmronlik qilsa, goho hasad aralash aytilgan gap-so‘zlar, gohida esa mo‘ysafidlarga xos dono o‘gitlar eshitiladi. Shunda hovliqqanroq birovning «Eh, hayot xuddi kinoga o‘xshaydi-ya!» degan hayajonli ovozi yangraydi.
O‘zi voqeaning boshlanishi yetti kun avval, Botir do‘xtir tong qorong‘usida turib, bir tog‘ora somon yuvib turgan payt yuz berdi. Bir novvos va uchta qo‘yning qarovini do‘xtir ko‘pam bolalariga ishonmaydi, ishga ketishidan avval oxurlarini yemga to‘ldirib qo‘yadi. Hozir ham somonni yuvib, kepak sepib, yaxshilab tert qordi, qo‘liga ilashgan mayda tosh-kesakmi, shisha siniqlarimi, hafsala bilan terib tashladi. Shu payt darvoza taraqlab, kimdir bezovta chaqirib qoldi. Bemahalda kelgan kim bo‘ldi ekan? Do‘xtir somon va kepak yuqi qo‘llarini ko‘ylagi etagiga nari-beri artib eshikka yo‘naldi. Oppoq sutga chayilgandek qimmatbaho ulov darvozaga taqalib turardi. Betoqat turgan po‘rim yigit do‘xtir bilan qo‘shqo‘llab so‘rashdi.
— Assalomu alaykum, do‘xtir aka! Tanidingizmi..? Ha, ha, o‘sha kishining o‘g‘illariman. Uzr, tong saharlab behuzur qildim. Dadamlar sizni so‘rayaptilar. Kecha kechqurun kasalxonada yotmayman deb injiqlik qildilar. Uyga olib keldik. Bugun azondan sizni yo‘qlab qoldilar, tez yetkazib kelinglar, deb mani jo‘natdilar. Hovlingizni so‘rab-so‘rab zo‘rg‘a topib keldim. Bormasangiz bo‘lmaydi endi, do‘xtir aka.
Do‘xtir o‘ylab ham o‘tirmay «hozir, o‘n minutda chiqaman» deb uyiga kirib ketadi.
O‘sha kuni ertalab bor-yo‘q bo‘lgan voqea shu edi. Lekin qishloqqa kirgan «Malibu» rusumli bu ulovni ko‘rganlar ko‘p edi. Ulov kimning uyiga kelgani, kimni olib ketgani tayin gap. Biroq…
Shaharga tushganlar tushdan keyin yangi-yangi gap topib keldi. Ulov tumandagi eng boy kishi hisoblanmish Abdurahimboyga tegishli ekan. Qo‘sha-qo‘sha imoratlari, qavat-qavat do‘konlari, turnaqator ulovlari bor bu eski savdogar kishini tanimagan odam deyarli yo‘q edi. Abdurahimboy anchadan buyon xastalikka chalingan, farzandlari Toshkentda bir necha marta davolatib kelsa-da nafi tegmaganidan yoshi yetmishdan oshgan chol endi hech qaerga borishni istamasdi. Shu hafta boshida og‘irlab qolganda, qo‘yarda-qo‘ymay uni tuman kasalxonasiga, reanimatsiyaga yotqizishibdi. Botir do‘xtir navbatchilikda turgan kunlari Abdurahimboyga qaragan ekan. Tungi navbatchiligida kasal tepasida mijja qoqmay chiqadigan, o‘ziyam qo‘li yengil, so‘zi malham bo‘lgan do‘xtirga cholning mehri tushib qopti. Kecha kasalxonada boshqa turmayman, Botir do‘xtirni uyimga olib kelinglar, menga o‘sha qarasin, debdi. Odamlar topib kelgan gap shu edi.
Do‘xtirning uyiga kelgan ulov ta’rifi bir kun o‘zaro suhbatlarga mavzu bo‘ldi. Nikelli yaltiroq quyma g‘ildiragi, yon ko‘zgularining avtomat tarzda buralishi, tomidagi qoraytirilgan oynasining o‘zi ochilib-yopilishi, gaz bosganda yoqimli guvillashi, yurganda shuvillashi rosa gap bo‘ldi. Shu tariqa do‘xtir va Abdurahimboy mavzusi bir hafta odamlar og‘zida chaynaldi. Axiyri kimdir «Kimsan Abdurahimboy dunyoning yarmini so‘rab kelgan odam, qolgan yarmini farzandlari so‘rab yotibdi, endi bu do‘xtirga shunchalik mehri tushgan ekan, xizmatini o‘z obro‘siga yarasha taqdirlasa kerak,» degan tusmolli gap chiqardi. «Keksayganda odam ko‘ngli yumshab sermehr bo‘lib qoladi, Abdurahimboy mehri tovlanib turgan bo‘lsa, do‘xtirning hayotini obod qilib yuborishi hech gap emas,» dedi birov. «Nihoyat, do‘xtirning to‘riga tilla baliq tushdi,» deganlar ham bo‘ldi.
Odamzotga o‘zi nima kerak!? Bugun «tilla baliq»dan kim nima so‘ragan bo‘lardi? Qishloqning ko‘plab xonadonlarida har kech dasturxon atrofida shu mavzuda bahs boshlandi. Yoshlar o‘z yo‘liga, ko‘cha-ko‘yda ko‘rishib qolgan chollar, qatiqqa oqliq so‘rab chiqqan xotinlar ham bundan chetda qolmadi. Ko‘pchilikning nazarida bugungi zamon odamining eng katta orzusi hammaning ko‘zini olovdek kuydiradigan po‘rim, yaraqlagan ulov minib yurish edi.

***
Do‘xtir Abdurahmonboy haqida ko‘p eshitgan, lekin uning o‘zini ilk bor kasalxonada, bemajol, rangi ro‘yi somondek sarg‘aygan holda ko‘rdi. Bugun uning hovlisiga tong saharda kirib kelar ekan, ulkan naqshinkor temir darvozayu yo‘lakda qator terilib turgan ulovlar, gird aylanasiga imorat solingan hayhotdek katta hovlini ko‘rib sir bosdi. O‘rtada favvorali marmar hovuz, atrofida ko‘zni tindiradigan yam-yashil maysazor, uch-to‘rt tup durkun archa va shamshod ko‘chatlari yashnab turibdi. Hovlining aylanasiga baland qilib temir quvurdan ishkom solingan. Quvurlar oqqa bo‘yalgan, ishkom ustunlaridagi quyma naqshlarga zarhal rangi behol yugurtirilgan. Uzumtoklar yaxshi kuzalgan, ko‘rinishidan yaqinda yayratib xomtok qilingan, uzum g‘ujumlari sarg‘ayishga boshlabdi. Hovliga to‘q jigarrang tosh bir tekis yotqizilgan, go‘yo yurganda kishining oyog‘i qolib, tuflisi maza qilayotgandek. Do‘xtir Abdurahimboyning kenja o‘g‘li ortidan ergashib kahrabo marmar yotqizilgan zinapoyadan ko‘tarilib, keng va yorug‘ xonaga kirdi. Derazaga yaqin joyga karavot qo‘yilib, unda Abdurahimboy oppoq choyshab-to‘shakka cho‘kib yotardi. Xonaning to‘rida serhasham, uch tabaqali oynavand javon qad rostlab turibdi. Bir tomonda charm qoplangan yumshoq oromkursilar. Abdurahimboy do‘xtirni ko‘rib, siniq jilmaydi.
— Do‘xtir bolam, keldingizmi!? Kattalik qildi demang, kasalxonada bitta menga emas, boshqalarga ham qilgan muomalangizni ko‘rib sizga mehrim tushdi. Malol kelmasa, uch-to‘rt kun yonimda o‘zingiz tursangiz degandim.
— Sirayam maloli yo‘q, otaxon. Sizdek oqsoqollarga xizmat qilish biz uchun ham farz, ham qarz, — dedi do‘xtir biroz so‘zamollik qilib.
Abdurahimboyning yana ikki o‘g‘li ham shu yerda ekan, birin-ketin xonaga kirib kelishdi, do‘xtir bilan qo‘shqo‘llab so‘rashgach, kattasi og‘iz ochdi:
— Do‘xtir, kasalxonani glavrachiga aytilgan, sizda progul bo‘maydi. Bu yerdagi xizmatingiz ham ish hisobiga o‘tadi, siz xavotir olmang, o‘zingiz bilan yana alohida rachcho‘t qilamiz, otaga yaxshi qarasangiz bo‘ldi, — dedi.
O‘g‘illari chiqib ketayotganda Abdurahimboy kenjasini qayta chorladi:
— Do‘xtir bolamning uyiga bir qop kartishka, bir qop piyoz, bir xalta guruch, o‘n kilo zavo‘dyog‘, uch kilo go‘sht eltib bergin, — dedi.
Abdurahimboy yotgan xonaning yonboshidagi kichik mehmonxona do‘xtirning yotog‘iga aylandi. Tushdan keyin kasalxonaning bosh shifokori kelib cholning qon bosimini o‘lchab ko‘rdi, do‘xtirga ko‘rsatmalar berdi. Tomchi ukolga qo‘shiladigan suyuqliklarni yozib qo‘liga tutqazdi. Do‘xtirning qiladigan ishi ko‘proq chol bilan suhbatlashib o‘tirish bo‘ldi. Osma ukoldan keyin ba’zan cholning oyoq-qo‘llarini uqalaydi, keyin asta yonboshlatib, bir mushtini kuragiga qo‘yib, ikkinchi mushti bilan ohista uradi. Chol silkinib-silkinib ketadi.
— Otaxon, sal chidaysizda endi. Shunday qilmasam, qon aylanmay qoladi, — deydi.
— Balli, do‘xtir bolam, balli, — deb qo‘yadi chol.
Kechqurunlari qizlaru nevaralar yig‘ilib kelib, hovli to‘yxonaga o‘xshab ketadi. Qo‘sha-qo‘sha tilla uzuk taqqan, ikki betlari qip-qizil, yaltir-yultur libos kiygan qizlar otasi tepasida bir-bir ko‘z yoshi qilib chiqib ketgandan so‘ng, derazalari lang ochiq yonbosh xonalarda dunyoning ishlari, tilla narxi, yangi chiqqan gazmollar, oxirgi rusumdagi ulovlaru «Ayfon» degan qo‘l telefonlari haqida baralla va qizg‘in suhbatlar boshlanadi. Bu dabdabayu as’asalardan do‘xtir hangu mang edi.
— Bolam, aybga buyurmasangiz bir narsa so‘rasam, — deb qoldi chol bir kuni. — Uch-to‘rt marta shifer haqida telefonda kuyinib gapirganingizni eshitib qoldim. Nima gap, do‘xtir bolam?
Do‘xtir xijolat bo‘ldi. Keyin o‘tgan yili otasidan qolgan eski uy yonidan yangi imorat solgani, bu yil qish kirmay shu chala imoratning tomini yopib qo‘yish rejasi borligini aytdi. «Bir do‘konchiga o‘ttizta shifer aytib quyuvdim, har gal siniq shiferlarni ro‘para qiladi», dedi xafa bo‘lib. Chol, ha shunaqami, deb qo‘ydi. Kechqurun kenja o‘g‘li kelganida do‘xtirning uyiga o‘ttizta shifer eltib berishni buyurdi. Do‘xtir ko‘p xijolat chekdi. Keyin menga endi boshqa hech narsa kerak emas, xizmatim oxirida ham rozi qilaman deb yurmanglar, qattiq xafa bo‘laman, dedi.
Otaxonni ko‘rgani kelib-ketuvchi ko‘p. Ba’zan kun bo‘yi odam uzilmaydi. Bunday kezlarda do‘xtir cholning farzandlarini chaqirib, ovoziga zalvor qo‘shib, «Ota charchab qolyaptilar, bugunga bo‘ldi, kelganlarni mehmonxonadan kuzatib qo‘yaveringlar,» deb uqtiradi. Uchovlon farzand qo‘llari ko‘ksida, «Bir og‘iz gapingiz-da, do‘xtir,» deb chiqib ketishadi. Do‘xtir esa tomchi ukolni ulab qo‘yib, o‘z o‘y-xayollariga cho‘mgancha o‘tiradi.
— Do‘xtir bolam, bir gap so‘rasam ko‘nglingizga og‘ir olmaysizmi? — dedi chol bir kuni xokisor ovozda. Do‘xtir «bosh ustiga, xafa bo‘lgan o‘ris», dedi kulib.
— Qishlog‘ingizda bir qushni ko‘rganingiz haqida haligacha gap aylanarmish, kasalxonada yotganimda ham shu gap qulog‘imga chalingandek bo‘luvdi. Nima bo‘lgandi, qanday qush edi u?
— Ha, umi… — do‘xtir ishshayib kulib yubordi. Peshonasida doim tarang yig‘ilib turguvchi bo‘rtiq ajinlari yoyilib, yayrab ketdi. — Xo‘janing fe’li tushdan keyin ayniydi, deyishardi, paqirniki ertalabdanoq aynir ekanmi… shuni orqasidan bir tasodif hodisa bolalikda bo‘lgan voqealarga ulandi, keyin bunga hazil-huzul gaplar aralashdi. Lekin aytishga arzimaydigan bir gap.
— Nega arzimaydi, do‘xtir bolam? Bu dunyoda har bir narsa, hatto anovi devorga qoqib qo‘yilgan mix ham bejiz emas. Uning ham o‘ziga yarasha, arzirli tarixi bor. Kim, nega qoqdi uni? Ha, bir maqsadni ko‘zlab qoqqan bo‘lsa, nega eplab bolg‘a urmadi. Evi bo‘lganida devorga darz tushirmagan bo‘lardi. Demak evi yo‘q odam mix urgan, ehtimol bolg‘a ushlashni ham tuzuk-quruq bilmas. Surishtirsangiz, nega usta odam emas, evsiz bir kishi mix urgani sababini ham topasiz. Shunaqa, gapirsangiz gapdan gap chiqadi. Ayting bolam, ayting!
— O‘zingizdan qolar gap yo‘q, tirikchilik deb odamning keti yer iskashga vaqt topolmay qoladigan damlar bo‘ladi, — do‘xtir salmoqlab so‘z boshladi. — Bu yoqda kasalxonadagi ish, u yoqda ro‘zg‘or, bir tomonda dalaga piyoz ekib qo‘yganman, dorilatish kerak, tomorqadan o‘rilgan bug‘doyni yanchish kerak. Shunaqa kunlar edi. Kechasi bug‘doy chiqarib, tong sahar adirga otlandim. Zaharchi bilan shira bosib yotgan piyozni dorilatishga bir kun oldin kelishib qo‘ygan edim. Qishloqdan chiqishda chakalakzor bor, shuni oralab ketib borardim. Tong endi oqarib kelayotgan, havo nazarimda yog‘i olinmagan quyuq sutdek, do‘xtirlar tili bilan aytganda kislorodga rosa to‘yingan edi. Shu payt bir qush ovoz berib qoldi. Uning har sayrog‘i go‘yo quyuq havoda iz qoldirib ketardi. Men taqqa to‘xtadim. Dastlab miyamga birov yigirmatalik igna sanchdi-yu keyin butun dunyo o‘zgarib ketdi. Yigirma yildan ham ko‘proq bo‘lgan ekan shu qushning sayrog‘ini eshitmaganimga — do‘xtir zavq-shavqqa to‘lib so‘zlay boshladi. Bu qushni o‘zini ko‘rish uchun chakalak oralab tentiragani, biroq qushni hurkitib, ko‘rolmay qolganidan alamga botgani haqida gapirdi.
— Qush lop etib uchdiyu ketdi. Ammo yuragimni o‘rtab ketdi. Bir kaft nosni til tagiga tashladim-da, o‘tiraverdim. Bolaligim, maktab, men kezgan ko‘chalar, men cho‘milgan ariqlar, soylar, sinfdoshlarim, ilk marta ko‘ngil bergan paytlarim, bari-bari ko‘z oldimdan kino lentasidek g‘izillab o‘ta boshladi. Lof bo‘lmasa, otaxon, nosni kuchimi yoki boshqa narsami, ba’zi joylarini xuddi kino lentasidek orqaga qaytarib, qayta-qayta ko‘raman, sekinlatib ham ko‘raman. Xotiram hech bunaqa tiniq ishlamagan edi o‘ziyam. Birov kulmasa, xotira ham ba’zan qo‘lda ushlab ko‘rsa, bir chetda g‘ijimlanib yotgan qog‘oz parchasini olib tekislagandek, kaftga qo‘yib tomosha qilsa bo‘ladigan bir narsa degan bo‘lardim, — do‘xtir gapida davom etar ekan, eshityaptimi-yo‘qmi, cholga birrov nazar tashlab olardi. Orada biroz sukut saqlab qolsa chol «gapiravering, eshityapman, do‘xtir» deb qo‘yardi. Do‘xtir o‘sha kuni, undan keyin ham piyozga dori septira olmagani o‘ziga, ayniqsa xotiniga qattiq alam qilgani, erta bahordan boshlagan mehnatiyu qarz-qavola qilib sarflagan sarmoyasining taqdiri hal bo‘lar pallada bitta qushni deb hamma ishi chappa aylanganini aytdi. Oqibatda piyozning zarari bilan foydasi uchma-uch bo‘lib, do‘xtir qarzlardan zo‘rg‘a qutulib olgani, ustiga-ustak dori sepadigan yigit o‘sha kuni adirda uzoq mahtal bo‘lganiyu ertasiga qaerdadir dori sepayotib zaharlanib o‘lganini eshitgan chol, attang, degandek boshini sarak-sarak chayqamoqchi edi, majoli kelmadi. Qishloqda bu qush bilan bog‘liq voqea to‘qilib-bichilib, birov do‘xtirni avliyoga, birov jin chalib ketgan ovsarga chiqarganini eshitib kulmoqchi ham bo‘ldi, lekin kuch topa olmay yengil xirillab qo‘ydi.
Chol bu qadar g‘amgin, ayni paytda quvnoq va beg‘ubor hikoyani sira eshitmagan edi. Bir qush, nari borsa chumchuqdan katta, kaptardan kichkina bir jonzot kishi hayotida bu qadar o‘rin tutadi deb kim ham o‘ylabdi axir. Chol shu xayollar bilan uyquga ketdi. Ertasiga muolajalardan keyin do‘xtirdan yoniga o‘tirishni so‘radi.
— Bilasizmi? Bolaligimdan nima yodimda qolgan… bir so‘mlik, uch so‘mlik, o‘n so‘mlik ezilgan, buklangan, yog‘ bosgan pullar. Otam kechqurun do‘kondan qaytganidan so‘ng tanga-so‘m aralash bir sumka pulni uyning o‘rtasiga to‘kardi. Keyin onam keltirgan qaynoq mastavaga bosim murch sepib, ustidan qatiq qo‘shib, yog‘och qoshiqda yaxshilab ekalab olgandan so‘ng peshonasidan marjon-marjon ter oqizib ichardi. Onam ikkovimiz esa pullarni saralar edik. Otam mastavani ichib bo‘lgach, yuqiga choy quyib, kosani hafsala bilan uch-to‘rt marta aylantirib chaygach, bir ko‘tarishda sipqorardi. Keyin peshonasidagi terlarni belbog‘i bilan artib, o‘ng yonboshiga bolish qistirgancha bir so‘z demay bizni kuzatib o‘tirardi. O‘n so‘mlik qizil pullar kamdan-kam chiqar, chiqib qolsa, onam dazmol bosib, bukilgan belini to‘g‘rilar, so‘ng tokchadagi chinni choynak ichiga solib qo‘yardi. O‘n so‘mlikdan keyingi eng qadrlisi ko‘kimtir besh so‘mlik edi. Uch so‘mlik va bir so‘mlik dastalangan pullarni otam kassaga topshirish uchun ertasiga olib ketardi. Hovuch-hovuch tangalar uyda qolardi. O‘sha paytlar o‘n besh tiyinga bitta pirajka bilan shakarli choy berardi. Yigirma tiyinga yarimta lag‘mon yesa bo‘lardi. Tangalar men va singillarim uchun katta boylik edi. Onam yirik pullarni bodring tuzlanadigan bonkaga solib, og‘zini mahkamlagach, omborxonaga ko‘mib, ustidan sholcha tashlab qo‘yardi. Shu tariqa men pul sanab katta bo‘ldim. Keyinchalik men topgan pullarni bu deparada uncha-muncha odam topolgan emas…
Chol biroz to‘xtab nafas rostladi. Do‘xtir yarim piyola suv tutdi. Chol ichmadi, lablarini ho‘llab oldi xolos.
— …Bilasizmi, do‘xtir bolam? Otam rahmatli yurak xurujidan vafot etgan. Do‘konniyam, uyniyam revizor bosaverib yuragini oldirib bo‘lgan edi. Oxirgi tekshiruvlarni ko‘tara olmadi. U kishi o‘tganlaridan keyin onam bor pullarni tillaga aylantirdi. Albatta, meni o‘qishimu ish boshlashim uchun ajratilgan sarmoya alohida edi. Singillarimga ham bir sidra tilla taqinchoqlar hadya qildi. Biroq keksayganlarida vos-vos bo‘lib, bir xalta tillani hali yostiq tagiga, hali taxmondagi ko‘rpa orasiga yashirib kun o‘tkazdi. Qo‘sha-qo‘sha zanjirlar, bilaguzugu sirg‘alar, yoqut ko‘zli uzuklar to‘la xaltaning jarang-jurungi haligacha qulog‘im ostida turadi. Shu tariqa onamning esi kirdi-chiqdi bo‘lib olamdan o‘tdi, xudo rahmat qilsin. Men ota-onamdan farqli, ko‘p va katta davra ko‘rdim, chet ellarga chiqdim, endi zamon ham o‘zgargan edi. Shundan xulosa chiqarib, qariganimda boylikka vos-vos bo‘lib qolmayin deb mol-mulkimni erta kunda farzandlarimga teng taqsimlab berdim, qo‘limda mol qoldirmadim. Bolalarim men kabi otasi pulning dastidan bevaqt o‘lib ketishini ko‘rmasin dedim. Keksayganimda nevaralar bilan ovunib, xotirjam hayot kechirmoqchi bo‘ldim. Bu oson bo‘lmadi. Hozir qo‘yadimi, yo‘qmi, bilmadim, bir paytlar «Qirol Lir» degan kino bo‘lardi. Mulkini qizlariga bo‘lib berib, o‘zi ko‘chada qoladi qirol bechora. O‘shanga o‘xshab qolmaymanmi, degan gap ham o‘tdi ko‘ngildan. Keyin hartugul, bizda musulmonchilik, el-yurt istiholasi bor deb o‘yladim. O‘ylaganim to‘g‘ri chiqdi, farzandlardan nolimayman, garchand onasi erta o‘tib ketgan bo‘lsa ham, bolalarimga yaxshi tarbiya bera oldim nazarimda. Bir qarashda niyatim ham amalga oshganday bo‘ldi…
Cholning gapi bo‘lindi. Uzun-qisqa bo‘lib hovliga to‘rt nafar keksa kishi kirib keldi. Barchasi birdek ohorli oq yaktak-ishton kiygan, faqat ayrimlarining boshida chust do‘ppi bo‘lsa, ba’zilarida oq «hoji do‘ppi». Biri patak soqol, boshqasi moshkichiri, qolgan ikkisi ko‘sa. Chollarning yagona o‘xshash jihati yuz terilarining birdek tiniqligi, hatto endi pishib kelayotgan qirmizak olma kabi jindek qizilligi ham borligida edi. Do‘xtirning yodiga rahmatli otasining zahil yuzi yodiga tushib, yuragi bir achishib oldi. Chollar bemorning atrofida o‘tirib, uzoq suhbat qilishdi, o‘tgan-ketgan, yaqin-yiroq gaplardan gapirishdi. So‘ngida otaxonga dalda berib, qur’ondan bir pora tushirgach, uzundan-uzun duolar qilishdi. Tilovatimiz «xatmi qur’on» o‘rnida o‘tsin, deb iltijo qilindi. Mehmonlar ketgandan so‘ng chol mijjalari nam, uzoq jim qoldi.
— Eski qadrdon og‘aynilar, — dedi u do‘xtir eshityaptimi, yo‘qmi, e’tibor bermay. — Navqironlik paytlarimiz kim ko‘p pul qilyapti, kim zo‘r imorat solyapti, kim eng zo‘r ulov sotib oldi deb raqobat qilardik. Ba’zida do‘st, ba’zida hamkor, kezi kelsa raqib edik. Endi bo‘lsa har yili qurbonlik oyida bozorga tushib, xalq ko‘zida tanlab-tanlab, semiz-semiz qo‘y olib, kimo‘zarga so‘yamiz. Oxir dunyoda Pulsirotdan minib o‘taman deb umid qilgan qo‘yimiz qancha go‘sht, qancha yog‘ berganini kishi bilmas ovoza qildiramiz. Sizlarni bu hashamlaringizga oxir dunyoda Pulsirot emas, temir-beton ko‘prik kerak, deydigan mard yo‘q. Hozir ham ostona hatlab ulgurmay bular men ketib, o‘zlari qolayotganidan yengil tortishdi. O‘zlarining tetikligi, mendan uzoqroq yashashlarini o‘ylab quvonib ketishdi. Buni ular xonada o‘tirishganida ko‘zlari aytib turgandi.
Bu gapdan keyin chol jim qoldi, chuqur xo‘rsinib, nursizlanib borayotgan ko‘zlarini derazadan tashqari qadadi. Hashamatli hovli suv quygandek jimib qolgan, har zamon musichaning «mu-ku-ku-ku» deb sayragani eshitiladi. Ishkomdagi uzumning issiqdan shalpaygan yaproqlari nogoh kelgan epkinda bir yelpinib qo‘yadi, shunda rangi ko‘kimtirdan sarg‘ishga tortib, shira boylab kelayotgan uzum donalarida quyosh nurlari jilva qilib qoladi. Chol bu manzarani ko‘ra olyaptimi yo‘qmi, bilib bo‘lmasdi. Chol yana gapirmoqqa chog‘landi, lekin lablari quruqshab qolgan edi. Do‘xtir ho‘l doka bilan uning lablarini artib chiqdi, dokani siqib, og‘ziga bir-ikki tomchi suv tomizib qo‘ydi.
— Do‘xtir bolam, hali tashqarida bir qush sayragandek bo‘ldimi..?
— Kukulagan musicha edi, otaxon.
— Malol kelmasa, joyimni derazaga yaqinroq surib bersangiz, — dedi chol pichirlab. Do‘xtir chaqqonlik bilan krovatning avval bosh tomoni, keyin oyoq tomonini yengil ko‘tarib surdi. Krovat shundoq deraza tagiga kelib qoldi.
— Hah, musicha… Otam musichani eng noshud jonzot deb yomon ko‘rardi. Hali yo‘lakda, hali ayvonda tuxumi tushib sinib yotardi. Juda omonat uy quradi o‘ziyam. — Chol tashqariga suqlanib qaradi. Lekin musicha qorasini ko‘rsatay demasdi. — Kulmasangiz, ko‘nglimga bir tilak keldi, do‘xtir bolam… Sizga ko‘rinish berib turadigan o‘sha ajabtovur qushga o‘xshamasayam, otam yomon ko‘rgan bo‘lsayam, o‘zi bir noshud jonivor bo‘lsayam, qani endi shu musicha hozir pirr etib uchib kelib, mana shu deraza raxiga qo‘nsa… munchoqdek hayron ko‘zlariga boqsam…
Chol quruq suyakka aylangan barmoqlarini qaltiratib qo‘lini deraza raxiga uzatdi. Yupqa va quruqshoq terisi ostidan bo‘rtib turgan tomirlari dir-dir titrab ketdi. So‘ng hilvirab qolgan bo‘yin terilarini osiltirib tashqariga talpindi. Cholning gavdasidan bir hovuch shaqillagan suyak qolgan, biroq bo‘rtiq yelka suyaklari, o‘tkir qirrali jag‘i, qirra burni va ko‘zining ustiga tushib turgan qalin, o‘siq oqish qoshlari bir paytlari uning ko‘rkam va kelbatli kishi bo‘lganini aytib turardi.
Chol uzumtoklar orasidan ko‘m-ko‘k osmonga tuynuk topib, uzoq termuldi. Tuynuk qariyaning nursiz ko‘zlariga durbindek qo‘l keldimi, nigohi o‘tkirlashgandek bo‘ldi. Osmonu falakda qanot qoqmay sokin charx urayotgan bir qush nogahon ana shu moviy tuynukdan lip etib o‘tib qoldi. Chol bir seskandi-yu qushning qorasini ilg‘ab qoldi va aftidan ana shu oniy lahzalarda uning nigohi qushning qanotlari ustiga qo‘ngandek bo‘ldi:
Pastda gugurt qutisi yanglig‘ goh tartib bilan terilgan, goh betartib qalashib, bir-biriga suyanib qolgan past-baland uylar qalashib yotardi. Uylar tugagach, dalalar boshlanadi, qo‘ng‘ir tog‘ etagidagi sarg‘ish yaydoq adirlar qadar cho‘zilgan ekinzorlar yastanib yotibdi. Bozorlar, do‘konlarda g‘ij-g‘ij olomon, odam degani dalalarga ham sochilib, tinimsiz g‘imirlab yotibdi. Shahardan qishloqqa, qishloqdan shaharga ulovlar beto‘xtov qatnaydi. Adoqsiz yo‘llar bir-biriga ulanib ketaveradi. Bir qishloq tugab-tugamay ikkinchisi boshlanadi, bug‘doyzordan keyin paxta dalasi, paxtadan keyin piyoz paykali keladi. Bir parcha bo‘sh yer yo‘q. Faqat har bir qishloq chetida devor yoki panjara bilan o‘ralgan hayhotdek, taqir va qo‘ng‘ir ochiq maydonlar bor xolos. Jajji tuproq tepaliklarga to‘la shu joydagina harakatsizlik, sukunat bor. Yangi paydo bo‘lgan, nam tuprog‘i hali qurib ulgurmagan tepalik ustiga yugurib chiqib, atrofga shoshilinch nazar solgach, qurib sarg‘aygan o‘t-o‘lan va shuvoqlarni shitirlatib qochib qolgan yumronqoziqqina bu sukunatni buzib turadi xolos. Yangi tepalikni ketmonning orqa yuzi bilan tapillatib urib mustahkamlab ketgan odamlar eski temir panjarali darvozadan tashqari hatlashlari hamon yengil tortib, bu sokin go‘shaning mavjudligini-da unutishga ulgurishadi.
Chol endi chimirilgan, tund, istehzoli, shodon va g‘amgin, g‘azabnok va quvnoq chehralarni ham ilg‘ay boshlaydi. Hayot go‘yo bir ulkan musobaqa, ildamlab ketganlar shodon, ortda qolganlar tashvishda, to‘xtab, chorasiz qolganlar g‘ussaga botgan. Umr shundoq musobaqa bilan o‘tadi va marra o‘sha — mitti do‘ngliklarga to‘la taqir maydon. Kimdir marraga yetib kelganda yana bir tuproq tepalik paydo bo‘ladi.
Chol o‘zining hammanikidan baland oq tunukali tomini ilg‘ab qoladi. Atrofga alanglab, hayratga tushadi — manovi jajji tuproq tepaliklarga to‘la yaydoq makon uyiga bu qadar yaqinligini shu paytgacha sezmagan ekan. Manzil shunchalik yaqinmidi, deb o‘ylaydi chol yuksakda turib. Yerda g‘imirlayotgan qora-quralar orasida faqat bir kichik jussagina boshqalardan farqli, ba’zan g‘imirlashdan to‘xtab, osmonga, sokin parvoz qilayotgan qushga tikilgancha, uzoq o‘yga cho‘mib qoladi, go‘yo shu odamgina cholni tushunib turgandek. Chol bu kimsani tanigandek bo‘ladi, pastlaydi, va yana pastlaydi. Axir bu odamni men taniymanku, deb o‘ylaydi…
— Do‘xtir bolam, bu sizmisiz!? — Cholning yuziga mamnuniyat ifodasi balqib chiqdi.
Qariyaning gapidan do‘xtir bexos cho‘chib tushdi, alahsiradi degan o‘yga bordi, biroq uning chuvak yuzidagi baxtiyorlikni ko‘rib hayron qoldi.

***

Do‘xtir xotiniga telefon qilib, bu kech uyga qaytyapman deb aytgan ekan, qishloq o‘sha soatdayoq bundan xabar topgan edi. Katta yo‘l bo‘yidagi pakkaga aylangan do‘kon atrofidan ketolmay qolgan odamlar bahsi tobora qizib borardi. Ha, bugungi kun odamining eng katta orzusi — ulov. Hammaning ko‘zini olovdek kuydiradigan, yaraqlagan, moyi artilmagan ulov. Abdurahimboydek dunyoning bir chetini yeb yotgan odam uchun bitta ulov «karnaychidan bir puf» degandek gap.
Bir mahal sutga chayilgandek oppoq mashina tig‘dek o‘tkir chiroqlari bilan tun qorong‘usini chok-chokidan so‘kib kelib, do‘kon yonida to‘xtadi. Ulovdan Botir do‘xtir hech narsa bo‘lmagandek irshayib tushib keldi. Ko‘zlari nurdan qamashgan odamlar hangu mang edi. Oppoq ulov motorini yoqimli vizillatgancha ortiga qaytib ketganda, do‘xtir esa do‘konga kirib, bir kilo shakar, ikki kilo makaron xarid qilib, buni nasiya daftariga yozdirib qo‘yganida ularning hayrati o‘n, ehtimol yuz chandon oshgan edi.
— Kim aytdi hayot kinoga o‘xshaydi deb? — kimdir zarda aralash to‘ng‘illadi.

2010-2012

034

(Tashriflar: umumiy 251, bugungi 1)

Izoh qoldiring