Muhammad Sharif. Tolko’prik

092   Толкўприкдан ўтаётган бу одамлар қаерга шошяпти? Қай манзил, қай мақсадни кўзлаган? Баҳайбат калласининг қоқ ўртасидаги ўпқондек қоп-қора коваги тобора кенгайиб, чириндига тўлиб, мунғайиб қолган тол одамларнинг оғирлигини кўтариб ўрганган. Лекин йиллар давомида уни тепкилаб ўтган, йўғон шохлари учига чиқиб сувга сакраган, танасини пичоқ билан ўйиб турли ёзувлар қолдирган, бир пайтлар шохдан шохга маймундек сакраган, эндиликда шу шохлардан ясалган ҳассаларга таяниб мункайиб қолган бу одамларнинг дарду алами гавдаларидан кўра оғир бўлишини кекса тол билмаган экан.

03
Муҳаммад ШАРИФ
ТОЛКЎПРИК
Ҳикоя
01

msh   Адиб ва журналист Муҳаммад Шариф 1968 йил Наманган вилояти, Косонсой туманининг Гўримирон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факултетида таҳсил олган (1988-1993). Турли йилларда «Ҳаёт ва иқтисод», «Ўзбекистон табиати», «Ватан» нашрларида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастурида фаолият юритган. 2004-йилдан Франциянинг «Франц-Пресс» ахборот агентлигида хизмат қилади. Бир қанча мақола ва ҳикоялари миллий ва хориж матбуотида чоп этилган.

01

Толкўприкдан ўтаётган бу одамлар қаерга шошяпти? Қай манзил, қай мақсадни кўзлаган? Баҳайбат калласининг қоқ ўртасидаги ўпқондек қоп-қора коваги тобора кенгайиб, чириндига тўлиб, мунғайиб қолган тол одамларнинг оғирлигини кўтариб ўрганган. Лекин йиллар давомида уни тепкилаб ўтган, йўғон шохлари учига чиқиб сувга сакраган, танасини пичоқ билан ўйиб турли ёзувлар қолдирган, бир пайтлар шохдан шохга маймундек сакраган, эндиликда шу шохлардан ясалган ҳассаларга таяниб мункайиб қолган бу одамларнинг дарду алами гавдаларидан кўра оғир бўлишини кекса тол билмаган экан.

Тол анҳорнинг нақд ярмигача бир текис эгилиб бориб, кейин худди ёнбошлаб ётган жойидан турмоқчи бўлган одамдек қаддини ростлашга уриниб кўкка ўрлаган. Анҳорнинг ярмигача толнинг йўғон танаси устидан юриб борилади. Қолган ярмидан толнинг шохларидан ясалган энсизгина ёғоч кўприкдан ўтилади. Ёғоч кўприкнинг бир томони толнинг танасига мустаҳкам михланган. Толкўприк шу тариқа бунёд бўлган ва у аллақайси замонлардан буён одамларга хизмат қилади. Толни ким эккани, қандай қилиб у анҳорга кўприк бўлгани кўпчиликнинг ёдида йўқ. Баъзи бировлар анҳор ёқалаб ўтган бир чол кетмон сопидек кесилган тол шохини ерга суқиб кетганини айтади. Танаси намга теккан ёғоч гуриллаб ўса бошлаган, навқирон толга айланган. Баҳорги тошқин пайти қирғоқ ўпирилиб, тол анҳорга қулаганда бақувват шохлардан бири нариги қирғоққа тиралиб уни батамом қулашдан асраб қолган. Тол яна ҳам чуқурроқ илдиз отиб, қаддини тиклаш учун қайтадан кўкка қараб ўса бошлаган. Эндиликда икки кишининг қулочи етмайдиган йўғон танасининг тепа томонини юриш осон бўлсин учун кимдир пойтешада чопиб текислаб қўйган. Узала ётган тананинг ёнбошидан чиққан бир-икки бачки шохлари кўприкнинг табиий тўсиқлари каби хизмат қилади.

Кекса толнинг калласи жуда катта. Тананинг ўртасидаги улкан ғовак боис икки каллали девга ўхшаб кўринади, ҳар йили бу каллалардан ўнлаб зич ва бақувват шохлар ўсиб чиқади. Одамлар ипак қурти боқиш мавсуми олдидан толнинг шохларини сўкичак ясаш учун кесиб кетади. Каллакланган тол кечалари одамларни қўрқитгувчи хунук ва ваҳимали шакл-шамойилга киради, бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай навниҳол шохлар яна гуриллаб ўсиб чиқиб, толкўприкнинг устини чодирдек ёпади. Анҳорнинг шу қисми энг серсоя жой. Ҳар икки қирғоқда азим қайрағоч ва бақатераклар ўсган, улар кучли шамолда бош чайқаб гувиллайди, енгил эпкинда чапак чалгандек япроқларини шитирлатиб қўяди. Айниқса, бақатеракнинг усти тўқ зангор, ости оч яшил япроқлари шаббода келганда ялтир-йилтир қилиб кўзни олади. Улкан дарахтлар остида дўлана, ора-сира наъматаклар кўзга ташланади, улардан ҳам пастда маймунжонлар ер бағирлаб, қирғоқни яшил кўрпадек қоплаб ғужғон ўсган, сертук новда ва барглари сувда солланиб туради.

Аввал баҳорда анҳорнинг суви бўтана келади. Кулолчилар пишитадиган лой рангида бўлади. Тўлиб-тошиб, тўлғониб-тўлғониб, қирғоқларини ямлаб, дарахтларнинг илдизларини юлқилаб, янги камарлар бунёд қилиб оқади. Бу пайтда одамлар толкўприкдан ҳадик билан ўтади. Бора-бора сувнинг ранги бироз ўзгаради, сарғиш бўтанадан кўкиш лойқага ўтади. Ниначилар, капалаклар сув бетида ўйнайди, маймунжонлар гуллайди, ялпиз, читтакари гулнинг хушбуй, бангидевонанинг ўткир ачимсиқ ҳиди оламни тутиб кетади. Анҳорнинг дов-дарахтлардан сайҳон жойларида ин қуриш ғамига тушган қалдирғочлар оппоқ тўшини сувга уриб учади. Ял-ял ёниб турган кўйлакларда шўх-шодон қизлар толбаргак тақиш учун келади. Уларнинг орасида лабининг чап устида кичик хол қўниб турган абжир қизгина бор, у толнинг устига чиқиб, гуллаб турган сурх новдаларни қаламтароши билан кесиб тушади. Қизлар қирғоқда ўтириб олиб, новдаларнинг намчил пўстлоғини сидириб олади, пўстлоқ толнинг сабзаранг гулпопуклари билан бирга ажрайди. Қизлар толбаргакларни сочларига улаб, товони қадар тушириб, толкўприк устида мастона-мастона, соллона-соллона юриш қилиб, сўнг яна шўх-шодон қайтиб кетишади.

Сув тиниқлашади, серсоя гўшанинг тинчлиги бузилади, анҳор лабида учиб юрган ниначи ва капалаклар, сершох дарахтларда полапонларини ёнига олиб мизғиб ўтирган қушлар бирдан чўчиб кетади: қий-чув билан келган сон-саноқсиз болалар сувга ўзларини «гуп-гуп» ташлайди. Ботирлари толнинг энг баланд шохларига чиқиб сувга калла қилади. Уларнинг орасида норғил бир ўспирин бор, елкадор, қошлари тим қора, жағ суяклари бўртиб туради. У ҳаммани қувламачоқ ўйнашга чорлайди. Қувламачоқ ўйинида сувда балиқдек сузадиган бу норғил ўспиринга ҳеч ким етолмайди, лекин у қувлаганда тенгқурларига бир зумда етиб олади. Етиб олганда ҳам бошқаларга ўхшаб қўлга тушган рақибининг елкасига қўл тегизиб қўйиш билан чекланмайди, бошидан сувга босиб роса пишади. Унинг чангалига тушган бола кўзлари ола-кула бўлиб, оғзи-бурни сувга тўлиб, ялиниб-ёлвормагунча пишаверади. Ажриқларни тутамлаганча сирпанчиқ қирғоққа бир амаллаб чиқиб олган болаларнинг айримлари бу томошани қўрқув ва завқ аралаш кузатади, бошқалари тупроққа ағанаб кулади.
Ҳар туш шу аҳвол, кечга яқин эса йигит-яланг келади, улар шовқин-сурон кўтармайди, баъзи бир серҳаяжони сувга калла қилишдан аввал икки кафтини карнай қилиб қичқириб қўяди, холос. Улар толкўприкдан бир-икки марта сувга сакраб, билакларидаги пайларини бўрттириб, бошларини ҳали у ён, ҳали буён силтаб оқимга қарши сузгандек бўлади ва кейин қирғоқдаги дарахтларнинг илдизларига осилиб ҳордиқ чиқаради, маймунжонларнинг сертикан шохларини эҳтиёткорлик ила титкилаб, тим қора меваларини териб ейди.
Бу икки гуруҳ чўмилиб кетадиган вақт оралиғида баъзан қизлар келиб туради. Ўша, лабининг устида холи бор қизгина толкўприк устидан сувга ўзини ташлай олади, холос. Бошқалари кўйлаклари баданларига чиппа ёпишган ҳолда дир-дир қалтираб, толкўприк устида қанотлари ҳўл қалдирғочлардек тизилиб туришади, лекин ташлашга юраклари дов бермайди. Улар аввалига бегона кўзлардан ҳадиксираб келса, чўмилиб бўлгандан сўнг уйида эшитадиган даккилардан ҳадиксираб қайтиб кетишади.

Анҳор суви камайиб шишадек тиниқ тортади, бағрида сузиб юрган балиқлар, майин қумлоқ остидан ғимирлаб чиқиб, вазнсизлик ҳолатидаги фазогирларга монанд оёқларини аста кўтариб ҳаракат қилувчи сувчаёнлар кўзга ташланиб қолади. Қозонювғичлар анҳор юзида тинимсиз сирпаниб сув бетига оний суратлар тортади. Баъзан олма, беҳи ёки нок лопиллаб оқиб келади. Толкўприкдан ўтаётган ёш-яланглар энди на толга на сувга эътибор беради. Кексалар бир зум тўхтаб, сувга тикилганча ўйга чўмиб қолади.

Толкўприк йиллар давомида бир хилда такрорланадиган бу ҳолатга кўникиб қолган. Сув ҳам аслида ўша, вақт ўтса-да ўзгармайдиган сувдек. Шундай дамларда лабида холи бор қиз дугоналари билан ўтиб қолади, эрталаб кунчиқар томонга, далага боради, кечда кунботиш томондаги уйига қайтади. Бир гал тонг палласида ўша қиз энг яқин дугонаси билан балиқларни томоша қилиш учун бир тегирмонгина суви қолган анҳор ўзанига тушади. Толнинг беўхшов, тарвақайлаган сарғиш илдизларини ушлаб пастга энади. Балчиқ, балиқ ва бақашалнинг ҳиди келиб турса-да, сув шишадек тиниқ, унда кўм-кўк осмондаги оқиш парча булутлар, тўқ зангордан сарғиш-қирмизига ўтаётган дов-дарахтлар аксланиб туради. Сув юзига чизилган кузнинг гўзал манзарасини сон-саноқсиз қозонювғичлар жимирлатиб, жонлантириб тургандек. Қизлар қозонювғичлар аслида сузадими ёки учадими деган баҳс туфайли узоқ вақт бу майда сув ҳашаротининг бетиним ҳаракатларини кузатиб қолади. Қозонювғич ўзидан икки баробар узун оёқларини сув юзига тираган ҳолда пириллаб учаётганга ўхшайди, шу сабаб баъзилар уни учади, бошқалар эса сузади, дейди. Ўта тез ҳаракатдаги қозонювғични яхшилаб кузатган кишини унинг сув бетида сирпанаётганини кўриш мумкин.

«Сув бетида парда бўлади, булар ўша парданинг устида сирпанади, шунга сувга чўкиб кетмаса керак,» дейди лабида холи бор қиз.
«Кел, сув бетидаги пардани чўпак билан йиртиб кўрамиз, қани ўшанда булар сувга ботиб қолармикин,» дейди дугонаси.

«Қўйсангчи, бунинг ўрнига улар сув бетига нималар чизаётганини кўришга улгуриб қолиш керак. Эҳтимол сенинг келажакдаги тақдиринг ҳақида, балки сени чин дилдан яхши кўрадиган боланинг исмини ёзаётгандир.»
«Қўйсангчи, сени чин дилдан яхши кўрадиган боланинг номи ҳали қараб улгурмасингдан ўчиб кетадиган сув пардасига эмас, йиллар ўтса ҳам ўзгармайдиган тошларга ёзилади,» дейди дугонаси кулиб.

«Бир китобда ўқиган эдим, табиатдаги ҳар бир чизиқ, ҳар бир ҳаракатда бир ҳикмат бор деб. Агар сен айтгандек, одамларнинг тақдири тошларга ўчмайдиган қилиб ёзилганда ҳамма ўзининг келажагини осонгина билиб олган бўларди-ку. Ким кимни яхши кўришиниям. Ҳеч кимнинг сири қолмайди-ку унда. Катта бўлганингда сени нималар кутаётганини билиш учун шунақанги, кўриш, илғаш қийин бўлган ишораларга эътибор бериш керакдир,» лабида холи бор қиз бундай равон гапирганидан ўзи хижолат тортиб кетди.

«Вой-бўй! Китоблардаги гапдан гапиришингда бир гап борга ўхшайди! Тошкентда ўқийдиган анови, тепа маҳалладаги йигит… сен ҳақингда бекорга суриштириб юрмаган экан-да!? Қизлар бир нарсани билмаса гапирмаса керак.»

«Қаердан топдиларинг бу гапни. Ўзларингча бировни бировга тенглайверасизларми?» қиз дув қизарган юзини ерга қаратди. Дугонаси бўш келмади:
«Балки яқинда ўзинг ҳам Тошкентга қараб ўқишга жўнавормасанг бўлди!»
«Отамни биласанку, икки дунёда ҳам рухсат бермасов?» лабида холи бор қиз хомуш тортиб, сувга термулганча қолди. Дугонаси буни пайқади.

«Мен ўқишга борсам, лабингдаги холингни бериб турасанми?» деди овозига қувноқ тус бериб.
«Нега? Холимни нима қиласан?» қиз дугонасига ялт этиб қаради.
«Сенга холни нима кераги бор? Сен шундоқ ҳам кўҳликсан!» деди дугонаси унга завқ ва ҳавас билан қараб.
«Ҳўв анқовлар, тушларингни сувга айтяпсизларми?! Далага кеч қоласизлар-ку!» толкўприк устида турган учинчи дугонанинг ҳайқириғи буларнинг суҳбатини бўлди.

Орадан роса бир йил ўтиб толкўприк устида ўрта ёшдаги икки ҳамқишлоқ учрашиб қолади. Қирғоқдаги сарғайган ажриқ устига чўккалаб, суҳбатлашади. Улардан бири, анҳорнинг кунчиқиш томонидан келгани бу йил буғдой мўл ҳосил бергани, шу кунларда пиёздан ҳам яхши даромад кутаётгани ҳақида оғзини тўлдириб гапиради. Тез орада ўғлига от олиб бериши, адирда бировнинг ўттиз сотихли боғини кўз остига олиб қўйгани, арзон-гаровга нархлаб, уни ҳам ўғлига ҳадя қилиб беришини айтади.

Кунботиш томондан келган киши унинг гапларини суқлик билан тинглайди. Ер танқислиги, мол-қўйга хас-хашакнинг камлигидан нолийди, бир томонда қизлари кетма-кет бўйи етиб келаётганини айтади. Бири гоҳ тиззасига шапатилаб гапирса, иккинчиси гоҳ тупроқ чимдиб, гоҳ қуруқшаб сарғайган ажриқларни юмталаб узоқ суҳбатлашадилар. Суҳбат сўнгида икки эркак қуда-андачиликка аҳд қилишади. Тўйни қишга белгилайдилар.

«Совчиларни эртага кутаверинг, қуда!» дейди кунчиқар томондан келган киши хайрлаша туриб.
Лабининг устида холи бор қиз толкўприкка тез-тез келадиган бўлиб қолди. Толкўприкдан сувга сакраган пайтлари, толпопукдан баргак таққан дамлари ёдига тушади, қозонювғичларнинг сув пардасига чизган оний суратларидан маъно қидирган пайтларини эслайди, аччиқ-аччиқ йиғлайди ва ҳеч ким кўриб қолмадимикин дея атрофга гир қараб, яна тезда ортига қайтиб кетади.

Анҳор суви баъзан қалин музлайди, гоҳида муз остидан шарқираб оқаётган бир билак сув кўриниб туради. Қиз энди бу гал анҳорнинг кунчиқар тарафидан келади. Янги пальтосининг сунъий мўйналари қишнинг изғирин шамолида қизарган ёноқларини ёқимсиз қитиқлайди. Пальто остидан келинлик либосининг зарҳал нақшли ёқалари кўриниб туради. У ёлғиз эмас, норғил, елкалари кенг, жағ суяклари бўртиб турган, тим қора қошлари қалин, қуён терисидан тикилган телпак кийган йигитнинг ортидан қадам босади. Йигит толкўприкдан шаҳд билан ўтади, толкўприкнинг нарвон қисми ғирчиллаб кетади. Ортидан хотини ўтади, тўқ яшил рангли дастурхонликка ўралган катта тугун кўтариб олган, ногоҳ сирпаниб кетмаслик учун оппоқ ва узун бўйнини қўлидаги тугун оша чўзиб, оёғи остига тез-тез қараб олади, бир-бир қадам ташлайди. Қалампирмунчоқ ва ҳовури кетмаган ёғли қатламанинг ҳиди таралади.

Норғил йигит ўтган йили толкўприкка отаси билан келиб толни каллаклаб кетганди. Янги қурилган уйнинг томига лойбости қилаётган эди улар ўшанда. Йигит кучли эди, энг йўғон шохни ҳам дасткалланинг бир зарби билан чўрт кесарди. Бошқа пайтларда кечалари маст-аласт ҳолда ўртоқлари билан келарди. Бу йигит энди уйланиб, куёв чақирдига кетаётган эди.

Орадан бир неча ой ўтиб лабида холи бор қиз, энди келин, кечалари, бемаҳалда толкўприкка келадиган бўлди. Лекин ҳар гал кўприкка қадам қўймай ортига қайтиб кетарди. Толкўприкдан кечаси аёл зоти ёлғиз ўтмаган, ёлғиз фақат эркаклар ўтади. Баъзи эркаклар ҳам тундаси ундан ёлғиз ўтишга қўрқади, узоқроқ бўлса ҳам анҳорнинг қўйироқ қисмидаги катта кўприкдан айланиб келади. Катта бетон кўприкда ҳаракат тинмайди, даладан қайтаётган уловлар туну кун ғизиллаб ўтиб туради.

Лабида холи бор келин ҳар гал юзидаги мушт зарбидан кўкарган жойларини сийпалаб, ҳиқиллаб йиғлаб келади, баъзан унинг юзи моматалоқ бўлиб кетади. Лекин кўприкка қадам босмайди, анҳорнинг кунботиш томонига зор-зор тикилиб, яна ортига қайтиб кетади. Бир гал у тун ярмидан оққанда бағрига олти ойлик чақалоғини босганча келди. Толкўприкка бир қадам қўйди-ю шу бўйича қотди. Кўкариб, шишиб кетган юзларидан дув-дув ёш оқизди, холос. Балки, ўтса бўлармиди, ёлғиз эмас, қўлида ўғли бор, эркак киши эди-ку. Лекин ўтмади.

Бир гал ўтди. Ой қўрғонлаган тунда, осмонда юлдузлар милтиллаб турганда у ҳеч нарсани ўйламай зинғиллаб ўтди, ортга минбаъд қайтмаслик аҳди ила ўтди. Бироқ толкўприкка тўкилган кўз ёшлари ҳали қуриб улгурмасидан отаси уни ортига қайтариб келди. Ота қизини етаклаб толкўприкдан ўтказди, аччиқ-тизиқ дашном гаплар айтиб, келинлик уйига ҳайдади. Қиз миқ этмасдан ўғлини бағрига босганча кунчиқар томон кетди. Ота қўлларини ортига қилиб, бироз букчайганча уйига қайтди.

Кунлар толкўприк остидан оқиб ўтган сув каби тез ўтарди. Норғил йигит гапу гаштакдан маст-аласт қайтишдан, лабида холи бор ёш жувон анҳор бўйига йиғлаб келишдан тинмади.

Оқшом тунга оғаётган, қимирлаган жон кўзга шарпадек илинадиган палла эди. Лабида холи бор жувон қорнида уч-тўрт ойлик ҳомиласи, қўлида бир ёшдан ўтиб қолган ўғли билан маст эрнинг калтагидан қочиб яна толкўприкдан кунботиш томон ўтди. Ўша куни она уйида йўқ эди, узоқдаги қариндошиникида қўноқлаб қолганди. Она уйида бўлганда эди, отани юмшатган бўлармиди… Лекин ота ўз ҳолича юмшамади, қизининг эрдан чиқиб келиб уйда ўтириб қолишига чидай олмаслигини ўйлади. Қизини ошиғич ортига қайтариш учун толкўприкка ҳайдаб келди. Ота толкўприкка қадам қўйганда қиз қирғоқда таққа тўхтади.

«Юр дедим сенга», ота ўшқирди ортига ўгирилиб. Қиз индамай тураверди.
«Юр дедим, ҳозир бир балони бошлайсан,» ота қизининг ёнига жаҳд билан қайтди.

Қиз бирдан тиз чўкди, отасининг тиззасига ёпишмоқчи эди, ота ортига чекинди, қиз пешонасини ерга урди:
«Жон ота, уриб ўлдириб қўяди мени, қайтарманг,» деб йиғлади. Қўлидаги боласи чинқираб йиғига қўшилди.
«Етти қишлоқни чақириб элга ошга берганман, юрт олдида бошимни қандай кўтариб юраман. Одам боласи калтакдан ўлган эмас, эринг бир кун қуюлади, бугун бўлмаса эртага, эрта бўлмаса индинга, қаерга борарди қуюлмай,» ота қизини қўлидан жаҳл билан тортиб, толкўприкдан ўтказди. Қиз йиғидан тўхтаб отага эргашди.

«Бор уйингга, қиз бола отилган тош, тушган жойида тошдек қотиши керак,» ота шу гапларни айтиб ортига қайтди.

Қиз кетгандек бўлди, тунги ой шуъласида отасининг қораси ўчгач, яна ортига қайтди. Толкўприкнинг ўртасига келиб, қари толнинг танасига суянди. Гоҳ осмондаги баркашдек ойга, гоҳ оёқлари остидан кумушдек товланиб, тўлғониб оқаётган сувга тикилди. Дугоналари билан келиб толбаргак таққани, кўйлаги билан сувга гуппа ташлагани ёдига тушди. Дугоналарини бир-бир ёдга олди. Ҳаммаси бола-чақали, бирининг эри аллақачон қуюлган, бириники табиатан босиқ. У эса қачонгача кутади маст эрнинг қуюлишини. У толга бошини оҳиста қўйиб, хаёлга чўкади. Лабининг устидаги холи титрайди.

Қурбақаларнинг қуриллагани, чигирткаларнинг чириллаши оламни тутган. Сувнинг гувиллаши, ҳар замон қурбақанинг ёки балиқнинг «шалоп» этиб сакраши эшитилади. Фақат тол, қанчадан қанча қуюлгану қуюлмаган одамларни кўрган толгина сукут сақлайди. Сон-саноқсиз майда, қоп-қора қуртлар толнинг ингичка баргларини илма-тешик қилиб, тобора еб битиради. Ипакдек юмшоқ ой нурлари толбарг тешиклари орасидан ўтиб келиб аёлнинг юзига ёғилади, қонталаш яраларига малҳам бераётгандек бўлади. Қуртларнинг барг ейишдаги тисир-тисир овозини илғаш мумкин бўлади. Уларнинг толбаргга тўйганлари семириб, новдаларнинг уч-учида осилиб қолади, кейин «тўп-тўп» тўкилади. Улар толнинг тим қора кўз ёшларига ўхшайди…

* * *

Тонгга яқин ва эртаси кун бўйи одамлар толкўприкдан тўхтовсиз, хавотир ва ҳадик ила ўта бошлайди. Тунда қизини кўприкдан ўтказган отада тиним йўқ, ичида минг бир алам, афсус-надомат ила зор қақшайди. Орадан ҳафталар ва ойлар ўтса ҳамки лабида холи бор ўша келиндан дарак йўқ. Келиннинг йўқолгани етти қишоққа гап бўлади. Қайғу қаддини дол қилган отанинг бормаган жойи, кулфатдан сочлари оқарган онанинг бормаган фолчиси қолмайди. Фолчилар «қизинг тирик, боласи ҳам тирик, катта бир шаҳарда юрипти» деган гапни қайтаради, холос.

Одамлар унутувчан бўлади. Толкўприк атрофидаги ҳаёт, қизларнинг толбаргак тақиши, толнинг каллакланиши, ҳайқириқли чўмилишлар, дўлана ва наъматак териш пайтидаги ёш йигит-қизларнинг сирли учрашувлари яна бир зайлда давом этади.

Ўша норғил, қошлари тим қора, жағ суяклари бўртиб турадиган киши яна куёвлик либосида толкўприкка қадам қўяди. Ортидан янги келинлик камзулини кийган жувон келади, бошида катта тугун, қалампирмунчоқ ва ҳовури кетмаган ёғли қатламанинг ҳиди таралади. Куёв чақирдига кетилмоқда чоғи.

* * *

Орадан йиллар ўтиб қадди букик чол келади, тол шохларидан бирини кесиб олиб, ҳасса ясайди. Паккиси билан ҳассанинг дастасини эринмай силлиқлайди, ўзича ҳафсала билан нақш солган бўлади. Кейин толнинг сурх новдаларидан толбаргак ясаётган қизалоқлардан бир жуфт толбаргак сўраб олади. Толкўприк устига чиқиб сабзаранг толпопукни сувга оқизади, ортидан узоқ термилиб қолади, сўнг оғир-оғир қадам олиб уйига қайтиб кетади. Чол ҳар баҳор, қалдирғочлар оппоқ тўшини сувга уриб учганда, ниначи ва капалаклар сув юзида ўйнаган кезларда келишини канда қилмайди. Толкўприк, одамларнинг йўлига ўзини кўприк қилиб тўшаган тол уларнинг кўнглига кўприк сола олмаганидан бўлса керак, танаси тарс-тарс ёрилади.

2013

021

03
Muhammad SHARIF
TOLKO‘PRIK
Hikoya
01

023  Adib va jurnalist Muhammad Sharif 1968 yil Namangan viloyati, Kosonsoy tumanining Go’rimiron qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetida tahsil olgan (1988-1993).Turli yillarda «Hayot va iqtisod», «O’zbekiston tabiati», «Vatan» nashrlarida, O’zbekiston Milliy axborot agentligida, Birlashgan Millatlar Tashkilotining Atrof-muhit dasturida faoliyat yuritgan. 2004-yildan Frantsiyaning «Frants-Press» axborot agentligida xizmat qiladi. Bir qancha maqola va hikoyalari milliy va xorij matbuotida chop etilgan.

01

Tolko‘prikdan o‘tayotgan bu odamlar qaerga shoshyapti? Qay manzil, qay maqsadni ko‘zlagan? Bahaybat kallasining qoq o‘rtasidagi o‘pqondek qop-qora kovagi tobora kengayib, chirindiga to‘lib, mung‘ayib qolgan tol odamlarning og‘irligini ko‘tarib o‘rgangan. Lekin yillar davomida uni tepkilab o‘tgan, yo‘g‘on shoxlari uchiga chiqib suvga sakragan, tanasini pichoq bilan o‘yib turli yozuvlar qoldirgan, bir paytlar shoxdan shoxga maymundek sakragan, endilikda shu shoxlardan yasalgan hassalarga tayanib munkayib qolgan bu odamlarning dardu alami gavdalaridan ko‘ra og‘ir bo‘lishini keksa tol bilmagan ekan.

Tol anhorning naqd yarmigacha bir tekis egilib borib, keyin xuddi yonboshlab yotgan joyidan turmoqchi bo‘lgan odamdek qaddini rostlashga urinib ko‘kka o‘rlagan. Anhorning yarmigacha tolning yo‘g‘on tanasi ustidan yurib boriladi. Qolgan yarmidan tolning shoxlaridan yasalgan ensizgina yog‘och ko‘prikdan o‘tiladi. Yog‘och ko‘prikning bir tomoni tolning tanasiga mustahkam mixlangan. Tolko‘prik shu tariqa bunyod bo‘lgan va u allaqaysi zamonlardan buyon odamlarga xizmat qiladi. Tolni kim ekkani, qanday qilib u anhorga ko‘prik bo‘lgani ko‘pchilikning yodida yo‘q. Ba’zi birovlar anhor yoqalab o‘tgan bir chol ketmon sopidek kesilgan tol shoxini yerga suqib ketganini aytadi. Tanasi namga tekkan yog‘och gurillab o‘sa boshlagan, navqiron tolga aylangan. Bahorgi toshqin payti qirg‘oq o‘pirilib, tol anhorga qulaganda baquvvat shoxlardan biri narigi qirg‘oqqa tiralib uni batamom qulashdan asrab qolgan. Tol yana ham chuqurroq ildiz otib, qaddini tiklash uchun qaytadan ko‘kka qarab o‘sa boshlagan. Endilikda ikki kishining qulochi yetmaydigan yo‘g‘on tanasining tepa tomonini yurish oson bo‘lsin uchun kimdir poyteshada chopib tekislab qo‘ygan. Uzala yotgan tananing yonboshidan chiqqan bir-ikki bachki shoxlari ko‘prikning tabiiy to‘siqlari kabi xizmat qiladi.

Keksa tolning kallasi juda katta. Tananing o‘rtasidagi ulkan g‘ovak bois ikki kallali devga o‘xshab ko‘rinadi, har yili bu kallalardan o‘nlab zich va baquvvat shoxlar o‘sib chiqadi. Odamlar ipak qurti boqish mavsumi oldidan tolning shoxlarini so‘kichak yasash uchun kesib ketadi. Kallaklangan tol kechalari odamlarni qo‘rqitguvchi xunuk va vahimali shakl-shamoyilga kiradi, biroq oradan hech qancha vaqt o‘tmay navnihol shoxlar yana gurillab o‘sib chiqib, tolko‘prikning ustini chodirdek yopadi. Anhorning shu qismi eng sersoya joy. Har ikki qirg‘oqda azim qayrag‘och va baqateraklar o‘sgan, ular kuchli shamolda bosh chayqab guvillaydi, yengil epkinda chapak chalgandek yaproqlarini shitirlatib qo‘yadi. Ayniqsa, baqaterakning usti to‘q zangor, osti och yashil yaproqlari shabboda kelganda yaltir-yiltir qilib ko‘zni oladi. Ulkan daraxtlar ostida do‘lana, ora-sira na’mataklar ko‘zga tashlanadi, ulardan ham pastda maymunjonlar yer bag‘irlab, qirg‘oqni yashil ko‘rpadek qoplab g‘ujg‘on o‘sgan, sertuk novda va barglari suvda sollanib turadi.

Avval bahorda anhorning suvi bo‘tana keladi. Kulolchilar pishitadigan loy rangida bo‘ladi. To‘lib-toshib, to‘lg‘onib-to‘lg‘onib, qirg‘oqlarini yamlab, daraxtlarning ildizlarini yulqilab, yangi kamarlar bunyod qilib oqadi. Bu paytda odamlar tolko‘prikdan hadik bilan o‘tadi. Bora-bora suvning rangi biroz o‘zgaradi, sarg‘ish bo‘tanadan ko‘kish loyqaga o‘tadi. Ninachilar, kapalaklar suv betida o‘ynaydi, maymunjonlar gullaydi, yalpiz, chittakari gulning xushbuy, bangidevonaning o‘tkir achimsiq hidi olamni tutib ketadi. Anhorning dov-daraxtlardan sayhon joylarida in qurish g‘amiga tushgan qaldirg‘ochlar oppoq to‘shini suvga urib uchadi. Yal-yal yonib turgan ko‘ylaklarda sho‘x-shodon qizlar tolbargak taqish uchun keladi. Ularning orasida labining chap ustida kichik xol qo‘nib turgan abjir qizgina bor, u tolning ustiga chiqib, gullab turgan surx novdalarni qalamtaroshi bilan kesib tushadi. Qizlar qirg‘oqda o‘tirib olib, novdalarning namchil po‘stlog‘ini sidirib oladi, po‘stloq tolning sabzarang gulpopuklari bilan birga ajraydi. Qizlar tolbargaklarni sochlariga ulab, tovoni qadar tushirib, tolko‘prik ustida mastona-mastona, sollona-sollona yurish qilib, so‘ng yana sho‘x-shodon qaytib ketishadi.

Suv tiniqlashadi, sersoya go‘shaning tinchligi buziladi, anhor labida uchib yurgan ninachi va kapalaklar, sershox daraxtlarda polaponlarini yoniga olib mizg‘ib o‘tirgan qushlar birdan cho‘chib ketadi: qiy-chuv bilan kelgan son-sanoqsiz bolalar suvga o‘zlarini «gup-gup» tashlaydi. Botirlari tolning eng baland shoxlariga chiqib suvga kalla qiladi. Ularning orasida norg‘il bir o‘spirin bor, yelkador, qoshlari tim qora, jag‘ suyaklari bo‘rtib turadi. U hammani quvlamachoq o‘ynashga chorlaydi. Quvlamachoq o‘yinida suvda baliqdek suzadigan bu norg‘il o‘spiringa hech kim yetolmaydi, lekin u quvlaganda tengqurlariga bir zumda yetib oladi. Yetib olganda ham boshqalarga o‘xshab qo‘lga tushgan raqibining yelkasiga qo‘l tegizib qo‘yish bilan cheklanmaydi, boshidan suvga bosib rosa pishadi. Uning changaliga tushgan bola ko‘zlari ola-kula bo‘lib, og‘zi-burni suvga to‘lib, yalinib-yolvormaguncha pishaveradi. Ajriqlarni tutamlagancha sirpanchiq qirg‘oqqa bir amallab chiqib olgan bolalarning ayrimlari bu tomoshani qo‘rquv va zavq aralash kuzatadi, boshqalari tuproqqa ag‘anab kuladi.

Har tush shu ahvol, kechga yaqin esa yigit-yalang keladi, ular shovqin-suron ko‘tarmaydi, ba’zi bir serhayajoni suvga kalla qilishdan avval ikki kaftini karnay qilib qichqirib qo‘yadi, xolos. Ular tolko‘prikdan bir-ikki marta suvga sakrab, bilaklaridagi paylarini bo‘rttirib, boshlarini hali u yon, hali buyon siltab oqimga qarshi suzgandek bo‘ladi va keyin qirg‘oqdagi daraxtlarning ildizlariga osilib hordiq chiqaradi, maymunjonlarning sertikan shoxlarini ehtiyotkorlik ila titkilab, tim qora mevalarini terib yeydi.

Bu ikki guruh cho‘milib ketadigan vaqt oralig‘ida ba’zan qizlar kelib turadi. O‘sha, labining ustida xoli bor qizgina tolko‘prik ustidan suvga o‘zini tashlay oladi, xolos. Boshqalari ko‘ylaklari badanlariga chippa yopishgan holda dir-dir qaltirab, tolko‘prik ustida qanotlari ho‘l qaldirg‘ochlardek tizilib turishadi, lekin tashlashga yuraklari dov bermaydi. Ular avvaliga begona ko‘zlardan hadiksirab kelsa, cho‘milib bo‘lgandan so‘ng uyida eshitadigan dakkilardan hadiksirab qaytib ketishadi.

Anhor suvi kamayib shishadek tiniq tortadi, bag‘rida suzib yurgan baliqlar, mayin qumloq ostidan g‘imirlab chiqib, vaznsizlik holatidagi fazogirlarga monand oyoqlarini asta ko‘tarib harakat qiluvchi suvchayonlar ko‘zga tashlanib qoladi. Qozonyuvg‘ichlar anhor yuzida tinimsiz sirpanib suv betiga oniy suratlar tortadi. Ba’zan olma, behi yoki nok lopillab oqib keladi. Tolko‘prikdan o‘tayotgan yosh-yalanglar endi na tolga na suvga e’tibor beradi. Keksalar bir zum to‘xtab, suvga tikilgancha o‘yga cho‘mib qoladi.

Tolko‘prik yillar davomida bir xilda takrorlanadigan bu holatga ko‘nikib qolgan. Suv ham aslida o‘sha, vaqt o‘tsa-da o‘zgarmaydigan suvdek. Shunday damlarda labida xoli bor qiz dugonalari bilan o‘tib qoladi, ertalab kunchiqar tomonga, dalaga boradi, kechda kunbotish tomondagi uyiga qaytadi. Bir gal tong pallasida o‘sha qiz eng yaqin dugonasi bilan baliqlarni tomosha qilish uchun bir tegirmongina suvi qolgan anhor o‘zaniga tushadi. Tolning beo‘xshov, tarvaqaylagan sarg‘ish ildizlarini ushlab pastga enadi. Balchiq, baliq va baqashalning hidi kelib tursa-da, suv shishadek tiniq, unda ko‘m-ko‘k osmondagi oqish parcha bulutlar, to‘q zangordan sarg‘ish-qirmiziga o‘tayotgan dov-daraxtlar akslanib turadi. Suv yuziga chizilgan kuzning go‘zal manzarasini son-sanoqsiz qozonyuvg‘ichlar jimirlatib, jonlantirib turgandek. Qizlar qozonyuvg‘ichlar aslida suzadimi yoki uchadimi degan bahs tufayli uzoq vaqt bu mayda suv hasharotining betinim harakatlarini kuzatib qoladi. Qozonyuvg‘ich o‘zidan ikki barobar uzun oyoqlarini suv yuziga tiragan holda pirillab uchayotganga o‘xshaydi, shu sabab ba’zilar uni uchadi, boshqalar esa suzadi, deydi. O‘ta tez harakatdagi qozonyuvg‘ichni yaxshilab kuzatgan kishini uning suv betida sirpanayotganini ko‘rish mumkin.

«Suv betida parda bo‘ladi, bular o‘sha pardaning ustida sirpanadi, shunga suvga cho‘kib ketmasa kerak,» deydi labida xoli bor qiz.

«Kel, suv betidagi pardani cho‘pak bilan yirtib ko‘ramiz, qani o‘shanda bular suvga botib qolarmikin,» deydi dugonasi.

«Qo‘ysangchi, buning o‘rniga ular suv betiga nimalar chizayotganini ko‘rishga ulgurib qolish kerak. Ehtimol sening kelajakdagi taqdiring haqida, balki seni chin dildan yaxshi ko‘radigan bolaning ismini yozayotgandir.»

«Qo‘ysangchi, seni chin dildan yaxshi ko‘radigan bolaning nomi hali qarab ulgurmasingdan o‘chib ketadigan suv pardasiga emas, yillar o‘tsa ham o‘zgarmaydigan toshlarga yoziladi,» deydi dugonasi kulib.

«Bir kitobda o‘qigan edim, tabiatdagi har bir chiziq, har bir harakatda bir hikmat bor deb. Agar sen aytgandek, odamlarning taqdiri toshlarga o‘chmaydigan qilib yozilganda hamma o‘zining kelajagini osongina bilib olgan bo‘lardi-ku. Kim kimni yaxshi ko‘rishiniyam. Hech kimning siri qolmaydi-ku unda. Katta bo‘lganingda seni nimalar kutayotganini bilish uchun shunaqangi, ko‘rish, ilg‘ash qiyin bo‘lgan ishoralarga e’tibor berish kerakdir,» labida xoli bor qiz bunday ravon gapirganidan o‘zi xijolat tortib ketdi.

«Voy-bo‘y! Kitoblardagi gapdan gapirishingda bir gap borga o‘xshaydi! Toshkentda o‘qiydigan anovi, tepa mahalladagi yigit… sen haqingda bekorga surishtirib yurmagan ekan-da!? Qizlar bir narsani bilmasa gapirmasa kerak.»

«Qaerdan topdilaring bu gapni. O‘zlaringcha birovni birovga tenglayverasizlarmi?» qiz duv qizargan yuzini yerga qaratdi. Dugonasi bo‘sh kelmadi:

«Balki yaqinda o‘zing ham Toshkentga qarab o‘qishga jo‘navormasang bo‘ldi!»

«Otamni bilasanku, ikki dunyoda ham ruxsat bermasov?» labida xoli bor qiz xomush tortib, suvga termulgancha qoldi. Dugonasi buni payqadi.

«Men o‘qishga borsam, labingdagi xolingni berib turasanmi?» dedi ovoziga quvnoq tus berib.

«Nega? Xolimni nima qilasan?» qiz dugonasiga yalt etib qaradi.

«Senga xolni nima keragi bor? Sen shundoq ham ko‘hliksan!» dedi dugonasi unga zavq va havas bilan qarab.

«Ho‘v anqovlar, tushlaringni suvga aytyapsizlarmi?! Dalaga kech qolasizlar-ku!» tolko‘prik ustida turgan uchinchi dugonaning hayqirig‘i bularning suhbatini bo‘ldi.

Oradan rosa bir yil o‘tib tolko‘prik ustida o‘rta yoshdagi ikki hamqishloq uchrashib qoladi. Qirg‘oqdagi sarg‘aygan ajriq ustiga cho‘kkalab, suhbatlashadi. Ulardan biri, anhorning kunchiqish tomonidan kelgani bu yil bug‘doy mo‘l hosil bergani, shu kunlarda piyozdan ham yaxshi daromad kutayotgani haqida og‘zini to‘ldirib gapiradi. Tez orada o‘g‘liga ot olib berishi, adirda birovning o‘ttiz sotixli bog‘ini ko‘z ostiga olib qo‘ygani, arzon-garovga narxlab, uni ham o‘g‘liga hadya qilib berishini aytadi.

Kunbotish tomondan kelgan kishi uning gaplarini suqlik bilan tinglaydi. Yer tanqisligi, mol-qo‘yga xas-xashakning kamligidan noliydi, bir tomonda qizlari ketma-ket bo‘yi yetib kelayotganini aytadi. Biri goh tizzasiga shapatilab gapirsa, ikkinchisi goh tuproq chimdib, goh quruqshab sarg‘aygan ajriqlarni yumtalab uzoq suhbatlashadilar. Suhbat so‘ngida ikki erkak quda-andachilikka ahd qilishadi. To‘yni qishga belgilaydilar.

«Sovchilarni ertaga kutavering, quda!» deydi kunchiqar tomondan kelgan kishi xayrlasha turib.

Labining ustida xoli bor qiz tolko‘prikka tez-tez keladigan bo‘lib qoldi. Tolko‘prikdan suvga sakragan paytlari, tolpopukdan bargak taqqan damlari yodiga tushadi, qozonyuvg‘ichlarning suv pardasiga chizgan oniy suratlaridan ma’no qidirgan paytlarini eslaydi, achchiq-achchiq yig‘laydi va hech kim ko‘rib qolmadimikin deya atrofga gir qarab, yana tezda ortiga qaytib ketadi.

Anhor suvi ba’zan qalin muzlaydi, gohida muz ostidan sharqirab oqayotgan bir bilak suv ko‘rinib turadi. Qiz endi bu gal anhorning kunchiqar tarafidan keladi. Yangi paltosining sun’iy mo‘ynalari qishning izg‘irin shamolida qizargan yonoqlarini yoqimsiz qitiqlaydi. Palto ostidan kelinlik libosining zarhal naqshli yoqalari ko‘rinib turadi. U yolg‘iz emas, norg‘il, yelkalari keng, jag‘ suyaklari bo‘rtib turgan, tim qora qoshlari qalin, quyon terisidan tikilgan telpak kiygan yigitning ortidan qadam bosadi. Yigit tolko‘prikdan shahd bilan o‘tadi, tolko‘prikning narvon qismi g‘irchillab ketadi. Ortidan xotini o‘tadi, to‘q yashil rangli dasturxonlikka o‘ralgan katta tugun ko‘tarib olgan, nogoh sirpanib ketmaslik uchun oppoq va uzun bo‘ynini qo‘lidagi tugun osha cho‘zib, oyog‘i ostiga tez-tez qarab oladi, bir-bir qadam tashlaydi. Qalampirmunchoq va hovuri ketmagan yog‘li qatlamaning hidi taraladi.

Norg‘il yigit o‘tgan yili tolko‘prikka otasi bilan kelib tolni kallaklab ketgandi. Yangi qurilgan uyning tomiga loybosti qilayotgan edi ular o‘shanda. Yigit kuchli edi, eng yo‘g‘on shoxni ham dastkallaning bir zarbi bilan cho‘rt kesardi. Boshqa paytlarda kechalari mast-alast holda o‘rtoqlari bilan kelardi. Bu yigit endi uylanib, kuyov chaqirdiga ketayotgan edi.

Oradan bir necha oy o‘tib labida xoli bor qiz, endi kelin, kechalari, bemahalda tolko‘prikka keladigan bo‘ldi. Lekin har gal ko‘prikka qadam qo‘ymay ortiga qaytib ketardi. Tolko‘prikdan kechasi ayol zoti yolg‘iz o‘tmagan, yolg‘iz faqat erkaklar o‘tadi. Ba’zi erkaklar ham tundasi undan yolg‘iz o‘tishga qo‘rqadi, uzoqroq bo‘lsa ham anhorning qo‘yiroq qismidagi katta ko‘prikdan aylanib keladi. Katta beton ko‘prikda harakat tinmaydi, daladan qaytayotgan ulovlar tunu kun g‘izillab o‘tib turadi.

Labida xoli bor kelin har gal yuzidagi musht zarbidan ko‘kargan joylarini siypalab, hiqillab yig‘lab keladi, ba’zan uning yuzi momataloq bo‘lib ketadi. Lekin ko‘prikka qadam bosmaydi, anhorning kunbotish tomoniga zor-zor tikilib, yana ortiga qaytib ketadi. Bir gal u tun yarmidan oqqanda bag‘riga olti oylik chaqalog‘ini bosgancha keldi. Tolko‘prikka bir qadam qo‘ydi-yu shu bo‘yicha qotdi. Ko‘karib, shishib ketgan yuzlaridan duv-duv yosh oqizdi, xolos. Balki, o‘tsa bo‘larmidi, yolg‘iz emas, qo‘lida o‘g‘li bor, erkak kishi edi-ku. Lekin o‘tmadi.

Bir gal o‘tdi. Oy qo‘rg‘onlagan tunda, osmonda yulduzlar miltillab turganda u hech narsani o‘ylamay zing‘illab o‘tdi, ortga minba’d qaytmaslik ahdi ila o‘tdi. Biroq tolko‘prikka to‘kilgan ko‘z yoshlari hali qurib ulgurmasidan otasi uni ortiga qaytarib keldi. Ota qizini yetaklab tolko‘prikdan o‘tkazdi, achchiq-tiziq dashnom gaplar aytib, kelinlik uyiga haydadi. Qiz miq etmasdan o‘g‘lini bag‘riga bosgancha kunchiqar tomon ketdi. Ota qo‘llarini ortiga qilib, biroz bukchaygancha uyiga qaytdi.

Kunlar tolko‘prik ostidan oqib o‘tgan suv kabi tez o‘tardi. Norg‘il yigit gapu gashtakdan mast-alast qaytishdan, labida xoli bor yosh juvon anhor bo‘yiga yig‘lab kelishdan tinmadi.

Oqshom tunga og‘ayotgan, qimirlagan jon ko‘zga sharpadek ilinadigan palla edi. Labida xoli bor juvon qornida uch-to‘rt oylik homilasi, qo‘lida bir yoshdan o‘tib qolgan o‘g‘li bilan mast erning kaltagidan qochib yana tolko‘prikdan kunbotish tomon o‘tdi. O‘sha kuni ona uyida yo‘q edi, uzoqdagi qarindoshinikida qo‘noqlab qolgandi. Ona uyida bo‘lganda edi, otani yumshatgan bo‘larmidi… Lekin ota o‘z holicha yumshamadi, qizining erdan chiqib kelib uyda o‘tirib qolishiga chiday olmasligini o‘yladi. Qizini oshig‘ich ortiga qaytarish uchun tolko‘prikka haydab keldi. Ota tolko‘prikka qadam qo‘yganda qiz qirg‘oqda taqqa to‘xtadi.

«Yur dedim senga», ota o‘shqirdi ortiga o‘girilib. Qiz indamay turaverdi.

«Yur dedim, hozir bir baloni boshlaysan,» ota qizining yoniga jahd bilan qaytdi.

Qiz birdan tiz cho‘kdi, otasining tizzasiga yopishmoqchi edi, ota ortiga chekindi, qiz peshonasini yerga urdi:

«Jon ota, urib o‘ldirib qo‘yadi meni, qaytarmang,» deb yig‘ladi. Qo‘lidagi bolasi chinqirab yig‘iga qo‘shildi.

«Yetti qishloqni chaqirib elga oshga berganman, yurt oldida boshimni qanday ko‘tarib yuraman. Odam bolasi kaltakdan o‘lgan emas, ering bir kun quyuladi, bugun bo‘lmasa ertaga, erta bo‘lmasa indinga, qaerga borardi quyulmay,» ota qizini qo‘lidan jahl bilan tortib, tolko‘prikdan o‘tkazdi. Qiz yig‘idan to‘xtab otaga ergashdi.

«Bor uyingga, qiz bola otilgan tosh, tushgan joyida toshdek qotishi kerak,» ota shu gaplarni aytib ortiga qaytdi.

Qiz ketgandek bo‘ldi, tungi oy shu’lasida otasining qorasi o‘chgach, yana ortiga qaytdi. Tolko‘prikning o‘rtasiga kelib, qari tolning tanasiga suyandi. Goh osmondagi barkashdek oyga, goh oyoqlari ostidan kumushdek tovlanib, to‘lg‘onib oqayotgan suvga tikildi. Dugonalari bilan kelib tolbargak taqqani, ko‘ylagi bilan suvga guppa tashlagani yodiga tushdi. Dugonalarini bir-bir yodga oldi. Hammasi bola-chaqali, birining eri allaqachon quyulgan, biriniki tabiatan bosiq. U esa qachongacha kutadi mast erning quyulishini. U tolga boshini ohista qo‘yib, xayolga cho‘kadi. Labining ustidagi xoli titraydi.

Qurbaqalarning qurillagani, chigirtkalarning chirillashi olamni tutgan. Suvning guvillashi, har zamon qurbaqaning yoki baliqning «shalop» etib sakrashi eshitiladi. Faqat tol, qanchadan qancha quyulganu quyulmagan odamlarni ko‘rgan tolgina sukut saqlaydi. Son-sanoqsiz mayda, qop-qora qurtlar tolning ingichka barglarini ilma-teshik qilib, tobora yeb bitiradi. Ipakdek yumshoq oy nurlari tolbarg teshiklari orasidan o‘tib kelib ayolning yuziga yog‘iladi, qontalash yaralariga malham berayotgandek bo‘ladi. Qurtlarning barg yeyishdagi tisir-tisir ovozini ilg‘ash mumkin bo‘ladi. Ularning tolbargga to‘yganlari semirib, novdalarning uch-uchida osilib qoladi, keyin «to‘p-to‘p» to‘kiladi. Ular tolning tim qora ko‘z yoshlariga o‘xshaydi…

* * *

Tongga yaqin va ertasi kun bo‘yi odamlar tolko‘prikdan to‘xtovsiz, xavotir va hadik ila o‘ta boshlaydi. Tunda qizini ko‘prikdan o‘tkazgan otada tinim yo‘q, ichida ming bir alam, afsus-nadomat ila zor qaqshaydi. Oradan haftalar va oylar o‘tsa hamki labida xoli bor o‘sha kelindan darak yo‘q. Kelinning yo‘qolgani yetti qishoqqa gap bo‘ladi. Qayg‘u qaddini dol qilgan otaning bormagan joyi, kulfatdan sochlari oqargan onaning bormagan folchisi qolmaydi. Folchilar «qizing tirik, bolasi ham tirik, katta bir shaharda yuripti» degan gapni qaytaradi, xolos.

Odamlar unutuvchan bo‘ladi. Tolko‘prik atrofidagi hayot, qizlarning tolbargak taqishi, tolning kallaklanishi, hayqiriqli cho‘milishlar, do‘lana va na’matak terish paytidagi yosh yigit-qizlarning sirli uchrashuvlari yana bir zaylda davom etadi.

O‘sha norg‘il, qoshlari tim qora, jag‘ suyaklari bo‘rtib turadigan kishi yana kuyovlik libosida tolko‘prikka qadam qo‘yadi. Ortidan yangi kelinlik kamzulini kiygan juvon keladi, boshida katta tugun, qalampirmunchoq va hovuri ketmagan yog‘li qatlamaning hidi taraladi. Kuyov chaqirdiga ketilmoqda chog‘i.

* * *

Oradan yillar o‘tib qaddi bukik chol keladi, tol shoxlaridan birini kesib olib, hassa yasaydi. Pakkisi bilan hassaning dastasini erinmay silliqlaydi, o‘zicha hafsala bilan naqsh solgan bo‘ladi. Keyin tolning surx novdalaridan tolbargak yasayotgan qizaloqlardan bir juft tolbargak so‘rab oladi. Tolko‘prik ustiga chiqib sabzarang tolpopukni suvga oqizadi, ortidan uzoq termilib qoladi, so‘ng og‘ir-og‘ir qadam olib uyiga qaytib ketadi. Chol har bahor, qaldirg‘ochlar oppoq to‘shini suvga urib uchganda, ninachi va kapalaklar suv yuzida o‘ynagan kezlarda kelishini kanda qilmaydi. Tolko‘prik, odamlarning yo‘liga o‘zini ko‘prik qilib to‘shagan tol ularning ko‘ngliga ko‘prik sola olmaganidan bo‘lsa kerak, tanasi tars-tars yoriladi.

2013

021

(Tashriflar: umumiy 386, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring