Shayboniyxon. G’azallar & Xurshid Davron. Shayboniyxon haqida muxtasar qaydlar

Ashampoo_Snap_2016.10.10_18h51m24s_015_.png   Муҳаммад Шайбонийхон узоқ йиллардан буён ўзбек тарихи учун, аниқроғи, сиёсатчига айланган тарихчилару тарихшуносга айланган сиёсатдонлар учун ўтмишимизнинг ўгай фарзанди бўлиб қолмоқда. Совет давридаям, бугунги кундаям нашр этилаётган мумтоз шеърият мажмуаларини қанча варақламанг, унинг адабий мероси тўлиқ акс этмаётганига гувоҳ бўласиз.

ШАЙБОНИЙХОН ҲАҚИДА МУХТАСАР ҚАЙДЛАР
Хуршид ДАВРОН
Ўзбекистон халқ шоири
007

045  Муҳаммад Шайбонийхон узоқ йиллардан буён ўзбек тарихи учун, аниқроғи, сиёсатчига айланган тарихчилару тарихшуносга айланган сиёсатдонлар учун ўтмишимизнинг ўгай фарзанди бўлиб қолмоқда. Совет давридаям, бугунги кундаям нашр этилаётган мумтоз шеърият мажмуаларини қанча варақламанг, унинг адабий мероси тўлиқ акс этмаётганига гувоҳ бўласиз. Илмни шарманда қилиш шу даражага бордики, мустақилликнинг илк йилларида нашр этилган «Ўзбекистон тарихи» дарсликларидан бирида Муҳаммад Шайбонийхон даври умуман киритилмаган, қарайб бир асрлик тарихдан кўз юмилган эди. Бу илмга мутлақо зид ҳолат, олимликка хиёнат эди.

Айрим илмни сиёсат билан адаштирган  «олимлар»  назарида Шайбонийхон Бобур мирзони Мовароуннаҳрдан сиқиб чиқариб, темурийларнинг тарих саҳнасидан тушиб қолишига айбдор тарихий шахсдир. Мен ТАРИХИЙ ШАХС калимасига алоҳида урғу бермоқчиман. Чунки, тарихий шахсни тарих саҳифасидан ўчириб бўлмайди.

Ҳа, Муҳаммад Шайбонийхон тарихда темурийлар ҳукмронлигини йўққа чиқарган кучнинг тимсоли сифатида қолди. Аммо, темурийларнинг тарих саҳнасидан тушишига, энг аввало, уларнинг ўзлари айбдор эдилар, яъни Соҳибқирон боболари бирлаштирган салтанатни парчаланиши  аввалан тахт талашган набиралар ғавғоси туфайли, ўзаро иттифоқнинг йўқлигидан юз берди;  бу  тарихий ҳақиқат ва тарихнинг қайтарилмас ҳукми эди. Бу хусусда одил ва холис баҳони Бобур мирзонинг ўзи ҳаёт китобида аниқ-равшан  битиб қўйган. Орадан неча замонлар ўтди, Бобур билан Шайбонийхоннинг ўзаро зиддияти тарихнинг мулкига айланди, бу зиддиятни бугунгача «кўтариб юриш» илмга  мутлақо зид  ва тарихий воқеаларни холис баён этишга халақит берувчи сохтакорликдан бошқа нарса эмас.

*  *  *

Муҳаммад Шайбонийхон тарихда кўчманчи ўзбеклар давлати асосчиси деган ном олган, Тура (Ғарбий Сибир) хони Абулхайрхоннинг набираси Будоқ султоннинг ўғли эди. Абулхайхон эса Чингизхон ўғли Жўжининг бешинчи ўғли Шайбон (Шабон)  наслидан, Абулхайрхон 1462 йили Улуғбекнинг қизи Робия Султонбегимни никоҳлаб олган эди.

Бутун Мағрибу  Машриқни ваҳимада тутган жаҳонгир Чингизхон фарзандларидан бири – Жўжининг бешинчи ўғли Шайбон  наслига мансуб бўлгани учун  тарих қоғозига Шайбоний (Шабоний) номи билан қолган ўзбек хонининг табиати, феъл-атвори узоқ йиллар Мўғулистонни тарк этиб, Дашти Қипчоқ, Туркистонга ўрнашган барча кўчманчилар каби мўғулликдан узоқлашган,  кўпроқ туркий хусусиятларга эга эди. Агар мўғуллар туркийлар ерини эгаллашга урунган бўлсалар, туркийлар уларнинг феъл-атворини, турмуш тарзларини ўзгартириб, уларни ичларига ютган эдилар. Шайбонийхоннинг бобоси Абулхайрхон саройида ҳам туркийлар одатига кўра туғилган гўдакка икки исм қўйиш урф бўлганди. Бу исмларнинг биринчиси ҳамиша туркий, иккинчиси, албатта, ислом ақидаларидан келиб чиқиб, арабча бўларди. Буюк туркий ҳукмдор Амир Темурнинг машҳур невараси туғилганидан расмий “Муҳаммад” номини, яқин кишилари учун эса туркийча “Улуғбек” номини олганини эслашимиз кифоя.

Ёки ундан олдинроқ ўтганлар сулолаларда ҳам бу расм бўлганини кўриш мумкин.  Хоразмшоҳ фарзандларидан бирининг исми ҳам Муҳаммад, ҳам Мангуберди (Менгбурни) эканини ҳам эслайлик. Бу одат, юқорида айтганимиздек, туркийлашган кўчманчилар томонидан ҳам қабул қилинган эди. Масалан, Шайбонийхон бошлиқ кўчманчи халққа номи ўтган Олтин Ўрда хони Ўзбекнинг расмий номи Маҳмуд бўлган. Олтин Ўрда хонларидан Жонибек билан Бердибекларнинг иккинчи исмлари Муҳаммад бўлган. Аммо Муҳаммадлар кўп бўлгани учун Мирзо Улуғбек ҳам,  Султон Жонибеку Бердибеклар ҳам туркий исмлари билан тарихда қолишди. Туғилганда Муҳаммад деб ном олган Шайбонийхон ҳам ўзининг иккинчи исми билан кўпроқ тилга олинганининг сабаби шу бўлса керак.

Шайбонийхон бир қатор тарихий асарларда Шоҳибек номи билан тилга олинади. Биринчи қисми форсий, иккинчи қисми туркий сўздан ясалган бу исм “шоҳлар беки”, “шоҳларга тенг бек” маъносини билдиради.

Аммо Шайбонийхоннинг иккинчи исмини бошқача изоҳловчилар ҳам бор. Жумладан, бу қараш форс тарихчиси Муҳаммад Козимнинг “Тарихи оламоройи Нодири” (“Дунёни безовчи Нодир тарихи”) асарида ўз аксини топган. Муҳаммад Козим ўз асарида ўзбеклар ҳукмдори исмини кўпчиликка эргашиб, “Шоҳибек” деб эмас, балки “Шойибек” тарзида келтиради.     Қадимий туркийда эса “шой” (“шай”) сўзи “куч-қудрат” маъносини билирган. В.Радлов эса бу сўзни “кучли”, “жасур” сифатида изоҳлаган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Муҳаммад Козим талқинидаги  “Шоҳибек” аслида туркийча “Шойибек” исмининг форс тилида бузилган шакли, аниқроғи туркийча исмга форсий мазмун берилганидир. Ушбу фикрнинг тўғрилигини исботлаш учун “Бобурнома”да хоннинг исмини “Шайбоқхон” тарзида келтирилганини эслатамиз.  Бу ном кўҳна туркчада  «куч-қудрат» деган маънони англатади.Мана шуларга асосланиб, Шоҳибек аслида Шойбек бўлиб, у “куч-қудрат эгаси” маъносида ишлатилган деб айтишимих мумкин. Бу икки исмнинг талаффузда деярли фарқланмагани эса кўпчиликни чалғитиб келган.

Ривоят қилинишича, Шайбоний отаси Будоқ Султон билан онаси Қўзибегимдан ёшлигида етим қолиб, укаси билан бирга отасининг содиқ хизматкори Қорачабек оиласида тарбияланди. Қорачабек бу шаҳзодадан меҳр-шафқатини аямади, унга садоқат билан хизмат қилди. Балоғатга етган Шайбоний Абулхайрхон ўрдусининг турли тарафларга тарқалиб кетган кишиларини атрофига тўплаб, бобосининг султанаттини тиклашни орзу қилади. Жиддий тайёргарликдан сўнг, сулоланинг йўқолган шон-шавкатини қайтармоққа киришади.

Дастлаб, ёш Муҳаммад Шайбонийхон парчаланган Темур давлатининг шимолий чегарасида ноиблик қилаётган Кушлиқхон ўғли Мажид тархондан (Муҳаммад Мазид тархон бўлса керак) уни ўз хизматига олишни сўрайди. Мажид тархон розилик беради. Аммо, тез орада ўз ҳокимиятига хавф солаётган ўзбеклардан, энг аввал Шайбонийхондан қўрққан Мажид тархон уларни Бухоро ҳокими Абдулали тархон (Бу Самарқанддаги тархонлар фитнасини уюштирган Дарвиш Муҳаммад тархон эди, уни Абдулали деб ҳам атардилар) ҳузурига жўнатиб қутулишга қарор қилади. Бухоро ҳокими ўзбекларни яхши кутиб олди ва улардан унумли фойдаланиш чораларини топди.

Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тархи”да бу ҳақда шундай маълумот берилган: “Туркистоннинг шимолий вилоятларидаги имтиёзли ҳокимлар (тобелар) исён кўтарган пайтда, Абулхайрнинг ворисларидан исённи бостириш учун фойдаланилди. Лекин ўзбек шаҳзодалари бу ерни ўзларининг она Ватанларидек ҳис этганлари учунми ёки тўплаган кучлари таъсири биланми, хуллас, ҳар қандай қуролли хизмат учун тўланган оддий маошга қаноатсизлик қила бошладилар. Шу боис Ўтрор, Соврон, Сиғноқ шаҳарларини уларга бериб, рози қилиш лозим кўрилди. Кейинчалик ғоятда кенгайиб кетган Шайбоний давлати шу тарзда таъсис этилди.

Шайх Мансур Шайбонийнинг пири эди. У пирининг: “Ўртадан эмас, четларидан бошламоқ лозим” деган рамзий сўзларига мувофиқ мамлакатларни истило қилиш фикрига тушди. Аввало, у атрофдаги турк бекларига мурожаатнома юбориб, уларни темурийлар ҳокимиятини бутунлай тугатишга даъват этди. Бунга айни фурсат келганини англатди”.

*  *  *

Аслида қисқа бўлса-да, Муҳаммад Шайбонийхон ҳақида ёзишимга бир олима синглимнинг мақоласи, аниқроқ айтсам, ундаги бир-икки жумла сабаб бўлди. Ўша мақола бугун эмас, анча йиллар аввал ёзилган бўлса-да, унинг интернет тармоғида мавжудлиги мени қисқа тарзда бўлса ҳам муносабатимни билдиришга мажбур қилди.

Олима синглим мақоласида Бобур мирзо билан Муҳаммад Шайбонийхон ўртасида Самарқанд учун кечган жангу жадали пайтида юз берган воқеа, яъни Бобур мирзо эгачиси Хонзодабегимни ўзбеклар ҳукмдори мажбуран ўзига никоҳлаб олгани ҳақида ҳикоя қилиб, шундай ёзади:» Хонзода бегим ҳусну малоҳатда эмас, ақлда ҳам беназир эди. Бундай рафиқа Шайбоний каби ярим саҳройи учун улкан мукофот эди».

Гап мана шу «ярим саҳройи» иборасида. Йўқ, Муҳаммад Шайбонийхон ярим саҳройи эмас. У Бухорода илм ўрганган, кўнгли шеърият ва илм-фанга пайванд инсон эди.  Муҳаммад Шайбоний нафақат куч-қудратли саркарда, шунинг баробарида саховаткор илму маърифат ҳомийси ва беназир ижодкор сифатида ҳам куч-қудратли шахс эди. У шоир сифатида Шайбонийхон, Шоҳбахт, Шойбоқ, Шойбек, Шебони, Шоҳибек, Шайбоний тахаллуслари билан шеърлар ёзган, камдан-кам ижодкорга насиб этадиган рутба — „Девон“ эгаси бўлган. Бу девон 300 дан ортиқ ғазал, рубоий,туюқ,чистон,таърих ва бошқа жанрдаги асарларни ўз ичига олган. Девон Истанбулда Тўпқопи саройи музейида сақланади (Саҳифа пастида девоннинг турк олими Ёқуб Қорасўй томонидан лотин алифбосига кўчирилган нусхасини (Şeybani Han Divani (Inceleme-Metn — Yaqub Qarasoy) (Konya-1989) тақдим этмоқдамиз).

Муҳаммад Шайбонийдан нафақат шеърий девон, шу билан бирга диний мазмундаги «Баҳр ул-ҳўдо» номли достон, ўғли Темур султонга атаб ёзган панд-насиҳатлардан иборат китоб ёзган, демак, ҳаёти бетўхтов жангу жадал ичида кечганига қарамай катта маърифий мерос қолдирган инсон эди. Ишончим комилки, Ҳазрат Мир Алишер Навоий хоннинг «Девони», достону ҳикматномаси билан танишиш имкониятига эга бўлганда, бу асарларга муносиб баҳо берган бўларди.

Муҳаммад Шайбоний адабий меросининг асосий қисмини уруш тафсилотлари, ҳаётий муаммолар, дарвишлик кечинмалари билан йўғрилган диний-тасаввуфий қарашлар акс этган ғазаллар ташкил этади. Улар ўз замонида кенг тарқалган ва машҳур бўлган. “Меҳмонномаи Бухоро” асарида қайд этилган эътироф, яъни Шайбонийнинг тасаввуфий ғазалларига жуда кўп шарҳлар ёзилгани бунинг яққол далилидир.

Ровийлар хабарига кўра, Шайбонийхон ислом уламоларига беҳад катта ҳурмат кўрсатган. У барча ҳарбий сафарларида ўзи билан кичкина гўзал кутубхонасини олиб юрар ва Амир Темур каби Дамашқу Ҳалаб уламолари билан диний мунозараларга қатнашган. Ҳиротнинг пешқадам тафсирчилари бўлган Қози Ихтиёр ва Муҳаммад Юсуф билан Қуръоннинг баъзи бир оятлари борасида баҳсу мулоқотда бўлган. Мирзо Бобур ҳам Шайбонийхонинг исломий билими юксак эканлигини тан олади. Айни шу юксак билими учун ўша даврда яшаган уламолар, шоир ва тарихчилар Шайбонийни «Халифа ур-Раҳмон» ва «Имом аз-Замон» яъни «давр имоми» ва «тангрининг ердаги халифаси» деб улуғлаганлар.

*  *  *

Мирзо Бобур билан Шайбонийхон зиддиятида икки муҳим: Мирзо Бобур учун оғриқли, Муҳаммад Шайбоний учун ижобий нуқта бор. Ҳокимияти учун кечган кураш давомида Мирзо Бобур ёшлиги ва тажрибасизлиги, энг аввало, ҳарбий куч-қудратининг заифлиги туфайли хатога йўл қўяди: у шиа мазҳабли сафавийлар (Эрон) ҳукмдори Шоҳ Исмоил билан иттифоқ тузиб, Самарқанд тахтини бегона кучлар ёрдамида қўл олишга уринади, ҳатто Самарқандни сўнгги марта қўлга киритгач, шоҳ Исмоил номига хутба ўқитиб,шиа имомлари номи битилган танга зарб этдиради. Айни шу хато Мовароуннаҳр аҳолисининг темурий шаҳзодадан кўнгли қолишига, маълум таъсир кучга эга уламоларнинг ундан юз ўгиришига олиб келган бўлса, Шайбонийхон асл мусулмонлар, яъни сунна мазҳабидаги мусулмонларнинг бошлиғи ва уларнинг химоячиси сифатида ҳар томонлама қўллаб-қувватланади (Мен бу ҳақда «Самарқанд хаёли» (Тошкент,»Камалак» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991) номли асаримда тарихий ҳужжатлар асосида батафсил тўхталганман.

Муҳаммад Шайбоний ўзини Амир Темур давлатининг вориси ҳисоблаган. Айни шу сабабдан у мамлакат бошқаришда Соҳибқирондан ибрат олади. Шайбонийхон ва сулоласи ҳукмронлиги даврида Самарқанд ва Бухорода ободончилик ишлари, ҳозири кунимизгача юксак миллий меъморчилигимиз намуналари ҳисобланган кўплаб бинолар тикланади. Хусусан, шайбонийларнинг сўнгги вакили Абдуллахон (1583-1598) даврида Мавораннаҳр тарихида эътиборга лойиқ юксалишлар юз беради. Айни шу ишлари ва юқорида айтиб ўтган фазилатлари, қолдирган бой мероси сабабидан Муҳаммад Шайбонийни «ярим саҳройи» деб аташ беҳад катта хато деб ҳисоблайман.

Шайбонийхон 1510 йил Марв яқинида Эрон шоҳи Исмоил Сафавий (Хатоий тахаллуси билан шеър ёзган) билан бўлган жангда ҳалок бўлди. Жангдан сўнг унинг жасади аскарлар жасадлари орасидан топилган ва душманлари томонидан боши кесиб олинган. Хоннинг ваҳшийларча таниб бўлмас ҳолга келтирилган танаси Самарқандда келтирилган ва Баланд Суфа деган ерга дафн этилди. Кейинчалик бошқа шайбонийлар ҳам дафн этилган бу дахма Регистон мажмуаси ҳудудида бўлиб, Тиллакори ва Шердор мадрасалари ўртасидаги бурчакда жойлашган.

 Яна бир афсус билан айтадиган гапим, Муҳаммад Шайбонийхоннинг  қабртоши билан боғлиқ. Унинг Ислом дунёсидаги  энг гўзал қабр лавҳларидан бири сифатида тан олинган қабртоши рус босқинидан кейин Империя пойтахти — Санкт-Петербургга олиб кетилиб, шу пайтгача  Эрмитаж музейида сақланмоқда. Рус босқини пайтида юртимиз тарихининг ноёб дурдоналаригина эмас, мозорлар тошигача ташиб кетилгани ва шу бугунгача уларнинг бирортасиям қайтарилмагани аянчли ва жуда уятли экани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Уларнинг қачон қайтарилиши ёлғиз  Аллоҳга аён.

2015

099Самарқанддаги Шайбонийлар даҳмаси рус босқини пайтида

0991Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Эрмитажда сақланаётган Муҳаммад Шайбонийхон қабртоши

077Шайбонийлар даҳмасининг бугунги кўриниши


МУҲАММАД ШАЙБОНИЙ
ҒАЗАЛЛАР
06

* * *

Дард ғам бечора кўнглум сори оқилди яна,
Мени кўруб ишқ ўти боштин яна келди яна.

Ғунчадек кўнглум ғам ҳижронидин қон боғлоди,
Муждайи васлин эшитиб, кўнглум очилди яна.

Ҳажр ўтинда нотавон жисмим фироқинг кечаси,
Шамъдек боштин-аёқ фирқатда ёқилди яна

Қезлоб эрдим ишқини элдину лекин найлайин,
Ҳолатим Мажнун киби оламға ёйилди яна.

Фирқат отидин еқилдим, ёр келди сўрғоли,
Эй Шабоний, ёр дардингға даво қилди яна.

* * *

Юзунгни кўрдум ул чортоқ ичинда,
Очилмиш тоза гул ёпроқ ичинда.

Табассум қилсанг ул ғунча лабингдин,
Дегайсен бол томор қаймоқ ичинда.

Неча кўзлодинг, эй раъно ғизолим,
Мени ёндурмоғил авлоқ ичинда.

Қарам қилғил, кел эмди, эй азизим,
Утурғил дидайи муштоқ ичинда.

Жаҳоннинг кўзи ҳаргиз кўрмиши йўқ„
На қилди лабларинг сўрмоқ ичинда.

Кел эй соқий, юкунуб бир аёқ тут,
Манго дилбар била қишлоқ ичинда.

Манго жавр айладинг, эй бағри тошим,
Кўнгулни соқломай дил тоқ ичинда.

Мухолиф Вахшни қишлаб турурда,
Туруш бермай турур турмоқ ичинда.

Черикнинг гардини кўрмой қочиптур
Масалдур:—Қул қочор ўрмоқ ичинда.

Шабонийға берибтур нусратин қақ,
Қовуб мен хусрав(ни) чақмоқ ичинда.

* * *

Эй оқилон, эй оқилон, тарк эт, сен эмди бу жаҳон,
Жон булбули парвоз этар манзилгоҳидур осмон.

Бутхонани вайрон қилиб, майхона ободон қилиб,
Гулхан эмасдур манзилинг, гулшан ҳавас қилғил равон-

Барҳам уройин ақлу ҳуш, вайрон қилойин нафси хуш,
Бегонани ошно қилиб, тун-кун кузайгил бахти хон.

Қўнглум ғамин беғам қилиб, ҳақ дардини маҳрам қилиб-
Бўлса жароҳат эм қилиб, бўлғил табиби меҳрибон.

Тортиб Самарқанд лашкарин, юруб мўғул устига мен,
Ислом тиғин тез этиб, барҳам уройин қолмоқон.

Ислом мен-ислом мен, куффору куфри найласун,
Куффор бехин кесойин, қолмосун андин ҳеч нишон.

Шаҳбоз бўлди чингизи, семурғу анқо қойдадур.
Мен-мен муҳитнинг жавҳари-жавҳарни билмас инсужош

Эй қаҳрабо, маъмур этай кўп дурру маржонлар тўкуб.
Эй дилбарнинг дарди била ўтқа ёнар мен ҳар замон.

Шайбоний, сўзинг қисқа қил, юрур йўлингни рост қил,
Тўти сўзи шаккар турур, мурдор қарға нокасон.

РУБОИЙ

Гар бўлса киши қоши қароси бирла,
Сўз яхши турур жигар яроси бирла,
Зулфу юзи васфини битурман туну кун,
Олтун варақ ичра кўз қароси бирла.

ТУЮҚ

Сўғд ичида ўлтурурлар ёбулар
Ёбуларнинг минган оти ёбулар.
Ебуларнинг илгидан эл тинмади.
Ё булар бўлсин бу ерда ё булар.

(Ёбу — биринчи сатрда туркий уруғ номи, иккинчида шу номдаги от зоти. Бу зотли отлар ҳайбатли, бесўнақай, гавдали бўлади — Исмоил Бекжон изоҳи)

Gj8XOX0N.jpeg
SHAYBONIYXON HAQIDA MUXTASAR QAYDLAR

Xurshid DAVRON
O’zbekiston xalq shoiri
007

045 Muhammad Shayboniyxon uzoq yillardan buyon o’zbek tarixi uchun, aniqrog’i, siyosatchiga aylangan tarixchilaru tarixshunosga aylangan siyosatdonlar uchun o’tmishimizning o’gay farzandi bo’lib qolmoqda. Sovet davridayam, bugungi kundayam nashr etilayotgan mumtoz she’riyat majmualarini qancha varaqlamang, uning adabiy merosi to’liq aks etmayotganiga guvoh bo’lasiz. Ilmni sharmanda qilish shu darajaga bordiki, mustaqillikning ilk yillarida nashr etilgan «O’zbekiston tarixi» darsliklaridan birida Muhammad Shayboniyxon davri umuman kiritilmagan, qarayb bir asrlik tarixdan ko’z yumilgan edi. Bu ilmga mutlaqo zid holat, olimlikka xiyonat edi.

Ayrim ilmni siyosat bilan adashtirgan «olimlar» nazarida Shayboniyxon Bobur mirzoni Movarounnahrdan siqib chiqarib, temuriylarning tarix sahnasidan tushib qolishiga aybdor tarixiy shaxsdir. Men TARIXIY SHAXS kalimasiga alohida urg’u bermoqchiman. Chunki, tarixiy shaxsni tarix sahifasidan o’chirib bo’lmaydi.

Ha, Muhammad Shayboniyxon tarixda temuriylar hukmronligini yo’qqa chiqargan kuchning timsoli sifatida qoldi. Ammo, temuriylarning tarix sahnasidan tushishiga, eng avvalo, ularning o’zlari aybdor edilar, ya’ni Sohibqiron bobolari birlashtirgan saltanatni parchalanishi avvalan taxt talashgan nabiralar g’avg’osi tufayli, o’zaro ittifoqning yo’qligidan yuz berdi; bu tarixiy haqiqat va tarixning qaytarilmas hukmi edi. Bu xususda odil va xolis bahoni Bobur mirzoning o’zi hayot kitobida aniq-ravshan bitib qo’ygan. Oradan necha zamonlar o’tdi, Bobur bilan Shayboniyxonning o’zaro ziddiyati tarixning mulkiga aylandi, bu ziddiyatni bugungacha «ko’tarib yurish» ilmga mutlaqo zid va tarixiy voqealarni xolis bayon etishga xalaqit beruvchi soxtakorlikdan boshqa narsa emas.

* * *

Muhammad Shayboniyxon tarixda ko’chmanchi o’zbeklar davlati asoschisi degan nom olgan, Tura (G’arbiy Sibir) xoni Abulxayrxonning nabirasi Budoq sultonning o’g’li edi. Abulxayxon esa Chingizxon o’g’li Jo’jining beshinchi o’g’li Shaybon (Shabon) naslidan, Abulxayrxon 1462 yili Ulug’bekning qizi Robiya Sultonbegimni nikohlab olgan edi.

Butun Mag’ribu Mashriqni vahimada tutgan jahongir Chingizxon farzandlaridan biri – Jo’jining beshinchi o’g’li Shaybon nasliga mansub bo’lgani uchun tarix qog’oziga Shayboniy (Shaboniy) nomi bilan qolgan o’zbek xonining tabiati, fe’l-atvori uzoq yillar Mo’g’ulistonni tark etib, Dashti Qipchoq, Turkistonga o’rnashgan barcha ko’chmanchilar kabi mo’g’ullikdan uzoqlashgan, ko’proq turkiy xususiyatlarga ega edi. Agar mo’g’ullar turkiylar yerini egallashga urungan bo’lsalar, turkiylar ularning fe’l-atvorini, turmush tarzlarini o’zgartirib, ularni ichlariga yutgan edilar. Shayboniyxonning bobosi Abulxayrxon saroyida ham turkiylar odatiga ko’ra tug’ilgan go’dakka ikki ism qo’yish urf bo’lgandi. Bu ismlarning birinchisi hamisha turkiy, ikkinchisi, albatta, islom aqidalaridan kelib chiqib, arabcha bo’lardi. Buyuk turkiy hukmdor Amir Temurning mashhur nevarasi tug’ilganidan rasmiy “Muhammad” nomini, yaqin kishilari uchun esa turkiycha “Ulug’bek” nomini olganini eslashimiz kifoya.

Yoki undan oldinroq o’tganlar sulolalarda ham bu rasm bo’lganini ko’rish mumkin. Xorazmshoh farzandlaridan birining ismi ham Muhammad, ham Manguberdi (Mengburni) ekanini ham eslaylik. Bu odat, yuqorida aytganimizdek, turkiylashgan ko’chmanchilar tomonidan ham qabul qilingan edi. Masalan, Shayboniyxon boshliq ko’chmanchi xalqqa nomi o’tgan Oltin O’rda xoni O’zbekning rasmiy nomi Mahmud bo’lgan. Oltin O’rda xonlaridan Jonibek bilan Berdibeklarning ikkinchi ismlari Muhammad bo’lgan. Ammo Muhammadlar ko’p bo’lgani uchun Mirzo Ulug’bek ham, Sulton Jonibeku Berdibeklar ham turkiy ismlari bilan tarixda qolishdi. Tug’ilganda Muhammad deb nom olgan Shayboniyxon ham o’zining ikkinchi ismi bilan ko’proq tilga olinganining sababi shu bo’lsa kerak.

Shayboniyxon bir qator tarixiy asarlarda Shohibek nomi bilan tilga olinadi. Birinchi qismi forsiy, ikkinchi qismi turkiy so’zdan yasalgan bu ism “shohlar beki”, “shohlarga teng bek” ma’nosini bildiradi.

Ammo Shayboniyxonning ikkinchi ismini boshqacha izohlovchilar ham bor. Jumladan, bu qarash fors tarixchisi Muhammad Kozimning “Tarixi olamoroyi Nodiri” (“Dunyoni bezovchi Nodir tarixi”) asarida o’z aksini topgan. Muhammad Kozim o’z asarida o’zbeklar hukmdori ismini ko’pchilikka ergashib, “Shohibek” deb emas, balki “Shoyibek” tarzida keltiradi. Qadimiy turkiyda esa “shoy” (“shay”) so’zi “kuch-qudrat” ma’nosini bilirgan. V.Radlov esa bu so’zni “kuchli”, “jasur” sifatida izohlagan. Shundan kelib chiqib aytish mumkinki, Muhammad Kozim talqinidagi “Shohibek” aslida turkiycha “Shoyibek” ismining fors tilida buzilgan shakli, aniqrog’i turkiycha ismga forsiy mazmun berilganidir. Ushbu fikrning to’g’riligini isbotlash uchun “Boburnoma”da xonning ismini “Shayboqxon” tarzida keltirilganini eslatamiz. Bu nom ko’hna turkchada «kuch-qudrat» degan ma’noni anglatadi.Mana shularga asoslanib, Shohibek aslida Shoybek bo’lib, u “kuch-qudrat egasi” ma’nosida ishlatilgan deb aytishimix mumkin. Bu ikki ismning talaffuzda deyarli farqlanmagani esa ko’pchilikni chalg’itib kelgan.

Rivoyat qilinishicha, Shayboniy otasi Budoq Sulton bilan onasi Qo’zibegimdan yoshligida yetim qolib, ukasi bilan birga otasining sodiq xizmatkori Qorachabek oilasida tarbiyalandi. Qorachabek bu shahzodadan mehr-shafqatini ayamadi, unga sadoqat bilan xizmat qildi. Balog’atga yetgan Shayboniy Abulxayrxon o’rdusining turli taraflarga tarqalib ketgan kishilarini atrofiga to’plab, bobosining sultanattini tiklashni orzu qiladi. Jiddiy tayyorgarlikdan so’ng, sulolaning yo’qolgan shon-shavkatini qaytarmoqqa kirishadi.

Dastlab, yosh Muhammad Shayboniyxon parchalangan Temur davlatining shimoliy chegarasida noiblik qilayotgan Kushliqxon o’g’li Majid tarxondan (Muhammad Mazid tarxon bo’lsa kerak) uni o’z xizmatiga olishni so’raydi. Majid tarxon rozilik beradi. Ammo, tez orada o’z hokimiyatiga xavf solayotgan o’zbeklardan, eng avval Shayboniyxondan qo’rqqan Majid tarxon ularni Buxoro hokimi Abdulali tarxon (Bu Samarqanddagi tarxonlar fitnasini uyushtirgan Darvish Muhammad tarxon edi, uni Abdulali deb ham atardilar) huzuriga jo’natib qutulishga qaror qiladi. Buxoro hokimi o’zbeklarni yaxshi kutib oldi va ulardan unumli foydalanish choralarini topdi.

Vamberining “Buxoro yoxud Movarounnahr tarxi”da bu haqda shunday ma’lumot berilgan: “Turkistonning shimoliy viloyatlaridagi imtiyozli hokimlar (tobelar) isyon ko’targan paytda, Abulxayrning vorislaridan isyonni bostirish uchun foydalanildi. Lekin o’zbek shahzodalari bu yerni o’zlarining ona Vatanlaridek his etganlari uchunmi yoki to’plagan kuchlari ta’siri bilanmi, xullas, har qanday qurolli xizmat uchun to’langan oddiy maoshga qanoatsizlik qila boshladilar. Shu bois O’tror, Sovron, Sig’noq shaharlarini ularga berib, rozi qilish lozim ko’rildi. Keyinchalik g’oyatda kengayib ketgan Shayboniy davlati shu tarzda ta’sis etildi.

Shayx Mansur Shayboniyning piri edi. U pirining: “O’rtadan emas, chetlaridan boshlamoq lozim” degan ramziy so’zlariga muvofiq mamlakatlarni istilo qilish fikriga tushdi. Avvalo, u atrofdagi turk beklariga murojaatnoma yuborib, ularni temuriylar hokimiyatini butunlay tugatishga da’vat etdi. Bunga ayni fursat kelganini anglatdi”.

* * *

Aslida qisqa bo’lsa-da, Muhammad Shayboniyxon haqida yozishimga bir olima singlimning maqolasi, aniqroq aytsam, undagi bir-ikki jumla sabab bo’ldi. O’sha maqola bugun emas, ancha yillar avval yozilgan bo’lsa-da, uning internet tarmog’ida mavjudligi meni qisqa tarzda bo’lsa ham munosabatimni bildirishga majbur qildi.

Olima singlim maqolasida Bobur mirzo bilan Muhammad Shayboniyxon o’rtasida Samarqand uchun kechgan jangu jadali paytida yuz bergan voqea, ya’ni Bobur mirzo egachisi Xonzodabegimni o’zbeklar hukmdori majburan o’ziga nikohlab olgani haqida hikoya qilib, shunday yozadi:» Xonzoda begim husnu malohatda emas, aqlda ham benazir edi. Bunday rafiqa Shayboniy kabi yarim sahroyi uchun ulkan mukofot edi».

Gap mana shu «yarim sahroyi» iborasida. Yo’q, Muhammad Shayboniyxon yarim sahroyi emas. U Buxoroda ilm o’rgangan, ko’ngli she’riyat va ilm-fanga payvand inson edi. Muhammad Shayboniy nafaqat kuch-qudratli sarkarda, shuning barobarida saxovatkor ilmu ma’rifat homiysi va benazir ijodkor sifatida ham kuch-qudratli shaxs edi. U shoir sifatida Shayboniyxon, Shohbaxt, Shoyboq, Shoybek, Sheboni, Shohibek, Shayboniy taxalluslari bilan she’rlar yozgan, kamdan-kam ijodkorga nasib etadigan rutba — „Devon“ egasi bo’lgan. Bu devon 300 dan ortiq g’azal, ruboiy,tuyuq,chiston,ta’rix va boshqa janrdagi asarlarni o’z ichiga olgan. Devon Istanbulda To’pqopi saroyi muzeyida saqlanadi (Sahifa pastida devonning turk olimi Yoqub Qoraso’y tomonidan lotin alifbosiga ko’chirilgan nusxasini (Seybani Han Divani (Inceleme-Metn — Yaqub Qarasoy) (Konya-1989) taqdim etmoqdamiz).

Muhammad Shayboniydan nafaqat she’riy devon, shu bilan birga diniy mazmundagi «Bahr ul-ho’do» nomli doston, o’g’li Temur sultonga atab yozgan pand-nasihatlardan iborat kitob yozgan, demak, hayoti beto’xtov jangu jadal ichida kechganiga qaramay katta ma’rifiy meros qoldirgan inson edi. Ishonchim komilki, Hazrat Mir Alisher Navoiy xonning «Devoni», dostonu hikmatnomasi bilan tanishish imkoniyatiga ega bo’lganda, bu asarlarga munosib baho bergan bo’lardi.

Muhammad Shayboniy adabiy merosining asosiy qismini urush tafsilotlari, hayotiy muammolar, darvishlik kechinmalari bilan yo’g’rilgan diniy-tasavvufiy qarashlar aks etgan g’azallar tashkil etadi. Ular o’z zamonida keng tarqalgan va mashhur bo’lgan. “Mehmonnomai Buxoro” asarida qayd etilgan e’tirof, ya’ni Shayboniyning tasavvufiy g’azallariga juda ko’p sharhlar yozilgani buning yaqqol dalilidir.

Roviylar xabariga ko’ra, Shayboniyxon islom ulamolariga behad katta hurmat ko’rsatgan. U barcha harbiy safarlarida o’zi bilan kichkina go’zal kutubxonasini olib yurar va Amir Temur kabi Damashqu Halab ulamolari bilan diniy munozaralarga qatnashgan. Hirotning peshqadam tafsirchilari bo’lgan Qozi Ixtiyor va Muhammad Yusuf bilan Qur’onning ba’zi bir oyatlari borasida bahsu muloqotda bo’lgan. Mirzo Bobur ham Shayboniyxoning islomiy bilimi yuksak ekanligini tan oladi. Ayni shu yuksak bilimi uchun o’sha davrda yashagan ulamolar, shoir va tarixchilar Shayboniyni «Xalifa ur-Rahmon» va «Imom az-Zamon» ya’ni «davr imomi» va «tangrining yerdagi xalifasi» deb ulug’laganlar.

* * *

Mirzo Bobur bilan Shayboniyxon ziddiyatida ikki muhim: Mirzo Bobur uchun og’riqli, Muhammad Shayboniy uchun ijobiy nuqta bor. Hokimiyati uchun kechgan kurash davomida Mirzo Bobur yoshligi va tajribasizligi, eng avvalo, harbiy kuch-qudratining zaifligi tufayli xatoga yo’l qo’yadi: u shia mazhabli safaviylar (Eron) hukmdori Shoh Ismoil bilan ittifoq tuzib, Samarqand taxtini begona kuchlar yordamida qo’l olishga urinadi, hatto Samarqandni so’nggi marta qo’lga kiritgach, shoh Ismoil nomiga xutba o’qitib,shia imomlari nomi bitilgan tanga zarb etdiradi. Ayni shu xato Movarounnahr aholisining temuriy shahzodadan ko’ngli qolishiga, ma’lum ta’sir kuchga ega ulamolarning undan yuz o’girishiga olib kelgan bo’lsa, Shayboniyxon asl musulmonlar, ya’ni sunna mazhabidagi musulmonlarning boshlig’i va ularning ximoyachisi sifatida har tomonlama qo’llab-quvvatlanadi (Men bu haqda «Samarqand xayoli» (Toshkent,»Kamalak» nashriyot-matbaa birlashmasi, 1991) nomli asarimda tarixiy hujjatlar asosida batafsil to’xtalganman.

Muhammad Shayboniy o’zini Amir Temur davlatining vorisi hisoblagan. Ayni shu sababdan u mamlakat boshqarishda Sohibqirondan ibrat oladi. Shayboniyxon va sulolasi hukmronligi davrida Samarqand va Buxoroda obodonchilik ishlari, hoziri kunimizgacha yuksak milliy me’morchiligimiz namunalari hisoblangan ko’plab binolar tiklanadi. Xususan, shayboniylarning so’nggi vakili Abdullaxon (1583-1598) davrida Mavorannahr tarixida e’tiborga loyiq yuksalishlar yuz beradi. Ayni shu ishlari va yuqorida aytib o’tgan fazilatlari, qoldirgan boy merosi sababidan Muhammad Shayboniyni «yarim sahroyi» deb atash behad katta xato deb hisoblayman.

Shayboniyxon 1510 yil Marv yaqinida Eron shohi Ismoil Safaviy (Xatoiy taxallusi bilan she’r yozgan) bilan bo’lgan jangda halok bo’ldi. Jangdan so’ng uning jasadi askarlar jasadlari orasidan topilgan va dushmanlari tomonidan boshi kesib olingan. Xonning vahshiylarcha tanib bo’lmas holga keltirilgan tanasi Samarqandda keltirilgan va Baland Sufa degan yerga dafn etildi. Keyinchalik boshqa shayboniylar ham dafn etilgan bu daxma Registon majmuasi hududida bo’lib, Tillakori va Sherdor madrasalari o’rtasidagi burchakda joylashgan.

Yana bir afsus bilan aytadigan gapim, Muhammad Shayboniyxonning qabrtoshi bilan bog’liq. Uning Islom dunyosidagi eng go’zal qabr lavhlaridan biri sifatida tan olingan qabrtoshi rus bosqinidan keyin Imperiya poytaxti — Sankt-Peterburgga olib ketilib, shu paytgacha Ermitaj muzeyida saqlanmoqda. Rus bosqini paytida yurtimiz tarixining noyob durdonalarigina emas, mozorlar toshigacha tashib ketilgani va shu bugungacha ularning birortasiyam qaytarilmagani ayanchli va juda uyatli ekani haqida gapirmasa ham bo’ladi. Ularning qachon qaytarilishi yolg’iz Allohga ayon.

2015


MUHAMMAD SHAYBONIY
G’AZALLAR
06

* * *

Dard g’am bechora ko’nglum sori oqildi yana,
Meni ko’rub ishq o’ti boshtin yana keldi yana.

G’unchadek ko’nglum g’am hijronidin qon bog’lodi,
Mujdayi vaslin eshitib, ko’nglum ochildi yana.

Hajr o’tinda notavon jismim firoqing kechasi,
Sham’dek boshtin-ayoq firqatda yoqildi yana

Qezlob erdim ishqini eldinu lekin naylayin,
Holatim Majnun kibi olamg’a yoyildi yana.

Firqat otidin yeqildim, yor keldi so’rg’oli,
Ey Shaboniy, yor dardingg’a davo qildi yana.

* * *

Yuzungni ko’rdum ul chortoq ichinda,
Ochilmish toza gul yoproq ichinda.

Tabassum qilsang ul g’uncha labingdin,
Degaysen bol tomor qaymoq ichinda.

Necha ko’zloding, ey ra’no g’izolim,
Meni yondurmog’il avloq ichinda.

Qaram qilg’il, kel emdi, ey azizim,
Uturg’il didayi mushtoq ichinda.

Jahonning ko’zi hargiz ko’rmishi yo’q„
Na qildi lablaring so’rmoq ichinda.

Kel ey soqiy, yukunub bir ayoq tut,
Mango dilbar bila qishloq ichinda.

Mango javr aylading, ey bag’ri toshim,
Ko’ngulni soqlomay dil toq ichinda.

Muxolif Vaxshni qishlab tururda,
Turush bermay turur turmoq ichinda.

Cherikning gardini ko’rmoy qochiptur
Masaldur:—Qul qochor o’rmoq ichinda.

Shaboniyg’a beribtur nusratin qaq,
Qovub men xusrav(ni) chaqmoq ichinda.

* * *

Ey oqilon, ey oqilon, tark et, sen emdi bu jahon,
Jon bulbuli parvoz etar manzilgohidur osmon.

Butxonani vayron qilib, mayxona obodon qilib,
Gulxan emasdur manziling, gulshan havas qilg’il ravon-

Barham uroyin aqlu hush, vayron qiloyin nafsi xush,
Begonani oshno qilib, tun-kun kuzaygil baxti xon.

Qo’nglum g’amin beg’am qilib, haq dardini mahram qilib-
Bo’lsa jarohat em qilib, bo’lg’il tabibi mehribon.

Tortib Samarqand lashkarin, yurub mo’g’ul ustiga men,
Islom tig’in tez etib, barham uroyin qolmoqon.

Islom men-islom men, kufforu kufri naylasun,
Kuffor bexin kesoyin, qolmosun andin hech nishon.

Shahboz bo’ldi chingizi, semurg’u anqo qoydadur.
Men-men muhitning javhari-javharni bilmas insujosh

Ey qahrabo, ma’mur etay ko’p durru marjonlar to’kub.
Ey dilbarning dardi bila o’tqa yonar men har zamon.

Shayboniy, so’zing qisqa qil, yurur yo’lingni rost qil,
To’ti so’zi shakkar turur, murdor qarg’a nokason.

RUBOIY

Gar bo’lsa kishi qoshi qarosi birla,
So’z yaxshi turur jigar yarosi birla,
Zulfu yuzi vasfini biturman tunu kun,
Oltun varaq ichra ko’z qarosi birla.

TUYUQ

So’g’d ichida o’ltururlar yobular
Yobularning mingan oti yobular.
Yebularning ilgidan el tinmadi.
YO bular bo’lsin bu yerda yo bular.

(Yobu — birinchi satrda turkiy urug’ nomi, ikkinchida shu nomdagi ot zoti. Bu zotli otlar haybatli, beso’naqay, gavdali bo’ladi — Ismoil Bekjon izohi)

Muhammad Shaybanixon Devani (Yaqub Qarasoy. Konya-1989) by Khurshid Davron on Scribd

07

(Tashriflar: umumiy 638, bugungi 1)

4 izoh

  1. Ассалому алайкум, устоз. Мақолада ўзбеклар ўрганиши зарур бўлган муҳим мавзулардан бирини қаламга олибсиз. Чиндан ҳам биз Шайбонийхонни Бобурнинг душмани, унинг эгачиси Хонзодабегимни ўзига мажбуран рафиқа қилиб олган инсон сифатидагина таниймиз. Шайбонийхон шахси ҳақидаги салбий фикрларнинг шаклланишига «Бобурнома» ва «Ҳумоюннома»даги маълумотлар, хоннинг Хожа Аҳрор авлодларидан бир нечтасининг ўлимида айбдорлиги сабаб бўлган, албатта. Лекин Шайбоний ва унинг яқинлари бевосита Амир Темур саройига, унинг авлодларига дахлдор( ўртада қуда-андачилик муносабатлари бўлган) одамлар бўлган. Ва темурийлар, бобурийлар тарихини ўрганишга бурчли бўлган миллат Шайбонийхон ва шайбонийлар тарихини ўрганишга ҳам бурчлидир.Шу мавзудаги мақолалар ҳали давомли бўлиши, янги тарихий асарларда ҳам Шайбонийхон шахсига янгича ёндашувлар акс этиши керак, деб ўйлайман.Мақола учун раҳмат.

  2. Menimcha har qaysi sohada ham muqobil kishining noxolisligi bilimsizlikdan darak bo’lsa kerak va bu albatta xafli…
    Ustoz, iloji bo’lsa vaqti bilan Muqanna mavzusiga ham to’xtalsangiz.

  3. Шайбонийхон… Бобур хикояларидаги машхур ганим. Уни голиб килган биргина сабаб: Темурийлигини унутган мушуквачча шахзодалар эди (Х. Даврон ибораси.Самарканд хаели) 2014 йил «Тарихий асарларда Шайбонийхон образи » мавзусида адабий илмий маколамни Тошкентдаги иккита илмий журнал укимасданок кайтаришди. Сабаби, «хозир Шайбонийни козоклар тортиб олишган экан» . Шундан сунг, конференциялардан бирида чоп эттирдим. Бу тарихий шахснинг талашишга арзийдиган канча сифатлари булса уз йулига, бу еги социолог, тарихчиларнинг вазифаси, бирок унинг бадиий образи хакида езган эдим ушанда.( «Тарихи Рашидий», «Бобурнома» «Шайбонийнома «лар асосида)

  4. Ҳурматли Элмира.Мақолангизни бизга юборсангиз хурсанд бўлардик.

Izoh qoldiring