Munavvara Oymatova. «Koyish»dagi kinoya.

090
Шоирнинг ҳар бир шеъри миллат келажаги қайғуси билан йўғрилган бўлиб, йигирманчи аср бошидаги жадид қарашлари Чўлпонни ҳам четлаб ўтмаган эди. Айни маориф масаласи миллатнинг оғриқли муаммоси эканлигини чуқур ҳис қилган шоирнинг илк ҳикоясидан тортиб шеърлари, ва ҳатто «Кеча ва Кундуз» романида ҳам бу муаммо ўз ифодасини топган. Чўлпон шеърлари ичида бизнинг диққатимизни тортган «Койиш» шеъри ҳам айнан шу муаммога бағишланган бўлиб, аччиқ киноя билан тўлиб тошган бу шеърни даврга, давр сиёсатига памфлет десак бўлади.

09
Мунаввара Ойматова
«КОЙИШ»ДАГИ КИНОЯ

Чўлпон бу шеърида замонавий ўзбек мактаблари ўша пайтда ҳаёт ва мамот масаласи эканлигига ишора қилмаганмиди?

Ҳар бир ижодкор ўз даврининг ёниқ виждони бўлади. Бу виждон унинг ҳар бир сўзида ўз ифодасини топади. Ўз даврининг оташнафас шоири бўлган Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон ижодининг асосий қисмини ташкил қилган шеърияти миллат қайғуси, миллат дарди билан тўлиб тошган бир уммондир. Бу шеърият бадиияти ҳақида сўз юритишдан кўра, унда акс этган шоир ижтимоий-сиёсий қарашларига тўхташ мақсадга мувофиқдир.

Шоирнинг ҳар бир шеъри миллат келажаги қайғуси билан йўғрилган бўлиб, йигирманчи аср бошидаги жадид қарашлари Чўлпонни ҳам четлаб ўтмаган эди. Айни маориф масаласи миллатнинг оғриқли муаммоси эканлигини чуқур ҳис қилган шоирнинг илк ҳикоясидан тортиб шеърлари, ва ҳатто «Кеча ва Кундуз» романида ҳам бу муаммо ўз ифодасини топган. Чўлпон шеърлари ичида бизнинг диққатимизни тортган «Койиш» шеъри ҳам айнан шу муаммога бағишланган бўлиб, аччиқ киноя билан тўлиб тошган бу шеърни даврга, давр сиёсатига памфлет десак бўлади.

«Туркистонлик қардошларимизга» шеърида (1914 йили ёзилган) шоир армонлари йиғлаган эди. Жумладан, ушбу шеърида шоир айтган эди:

Илму маърифат ҳам ҳунардан қолди маҳрум бизни халқ,
Маърифатсизлик балосига йўлиққан бизни халқ.

Чўлпоннинг «Ўзбегим»(1919 йили ёзилган) шеъридаги рамзийликка эътибор берайлик:

Сўлқиллаб келасан, ўзбегим,
Маърифат отига отланиб,
Бир мири топган боладай –
Оғзингни иржайтиб…суюниб

Дунёда ҳамма халқ қизиққан –
Гавҳардек бебаҳо от эди.
Ҳуррият бўлганда сен келдинг,
Минайин семирган отга деб,

Оғзингга «маллалар» бир тепди,
«Маърифат ҳаромдур сартга», деб.

Катта журъат соҳиби Чўлпон янги мустамлака зулми остида қолганлигимизни сезиб туриб ҳам қўрқмай «маллалар» «маърифат»ни бизга ҳаром дейишларидан озурда бўлганлигини яширмади. Ҳали инқилоб янги эди. Аммо маърифат миллат тараққийси йўлида илк қадамлар бўлганлиги учун ўзини билган барча зиёлилар учун эски дард эди. Бу дард кун сайин оғриқли бўла борди. Айни «Койиш» шеърида ҳам Чўлпон ана шу оғриқни чуқур ҳис қилиб кинояомуз сатрлар битган каби кўринади. Эътиборингизга шеърнинг тўлиқ матнини келтирамиз:

Койиш

Муаллимлар билан ўз бошича аҳднома (договор)боғлағони учун Хўжант маориф шўъбасига Наркомпрос томонидан койиш(порицание) эълон қилинди.

Хабар
Эй, хўжанлик, шўринг қурсин, бўйинг куйсун!
Билмайсанми: мусулмонлиқ аста-секин?
Ўлкамизнинг ҳар ерида ғафлат ривож,
Аҳли ислом ширин-ширин ухламоқда.

Дарди борлар изламайлар даво-илож,
Аҳли имон фақат савоб тўпламоқда…
Мактаб нима?Ўқуш нима? Ўйловчи йўқ,
Мактабларнинг борини ҳам ёпмоқдалар.

Билим-ҳунар сўзларини сўзловчи йўқ,
Ёш ва қари «худойим»деб ётмоқдалар.
Фақат Хўжант…хўжанликни худо урғон:
Мактаб сўзи унда кўпрақ айтиладир?

Наркомпрос планини бошқа қурғон,
Хўжант бўлса ўз йўлида иш қиладир.
Наркомпрос бир кичкина Хўжан учун
Саккиз мактаб очмоқликка рухсат берғон;

Осий Хўжан ул рухсатдан товлаб бўйун,
Мактабларни саккиз эмас, ўн тўрт қилғон!
Тағин бунинг иккитаси қиз мактаби…
Биродарлар, мусулмонлик қайга кетди?

Яна бўлса ҳовлиққонлар Хўжан каби,
Ул вақтда мусулмоннинг иши битди…
Хайриятким, бундай ёмон кишиларга
Наркомпрос ўз вақтида назар солғон,

Хўжандаги маорифчи кишиларга
Буйруқ билан қаттиғ «койиш» юборилғон…
Хўжанликнинг бу ишлари уят, ордир,
Наркомпрос койиса хам ҳаққи бордир…

«Туркистон» газетаси,1922 йил, 29 октябрь.

Ушбу шеърга маълум бир изоҳ тарзида айни Чўлпоннинг ўз сўзларини келтириб, кейин шеърга қайтсак:

«Ўлкамизда мактаб ўқишларига бир қадар аҳамият берган бир мусулмон шаҳри бўлса, бу ҳам Хўжант экан… Маориф шўъбаси ўзи ҳаракат қилиб (8 ўрнига) 14 мактаб соқлар экан… бу ҳаракатни бизнинг ўлка комиссарлигимиз(ерлик халқ маорифи билан кўпда алоқаси йўқ кишилар) ўзбошчилик деб топиб, бунга койиш эълон қилғон… Бу муомала…оз-да бўлса ишламак истаган кишиларга «Ишлама, барибир, сени ишлатгани қўймаймиз! Демак эмасми?!» Сўнгра масаланинг бу жиҳати ҳам бор: бу кун бизнинг ерлик халқнинг маорифи ўлум олдида: маориф ишида юрган ёшларимиз, муалимларимиз қоринларини тўйғиза олмасдан маориф ишларидан чиқадилар. Уларни янгидан мактаб-маориф ишларига жалб этмак масаласи бизнинг учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиб туродир…Бир нарсани англағон, тушунғон халқлар сира оёқ остида эзилдиларми? Саккиз мактаб ўрнига ўн тўрт,балки йигирма тўрт мактаб очиб, аҳднома билан эмас, ундан каттароғи билан иш кўриш натижасида ҳар бир қуллиқ занжириға оғир-оғир зарбалар туширилмасми?!»

Замонасининг илғор фикрли киши бўлган Чўлпон жамиятда кечаётган ҳар бир воқеа-ҳодисага муносабат билдириб яшаган. Инчунин, 1922-йилда Ўзбекистон таркибида бўлган Хўжанд шаҳри халқ маорифи қилган эзгу ишлар – янги мактаблар очишга Наркомпрос яъни Халқ маорифи комиссарлигининг муносабати шоирнинг ғазабини келтирган. Натижа – юқоридаги шеърни ёзган. Чунки «… ўша ижодкорлар қаршисида икки турли йўл мавжуд эди: ё мангу мавзуларга қўл уриб боқийликка бўйловчи асарлар яратиш ва ё куннинг долзарб муаммоларига муносабат билдириш орқали миллат, Ватан келажагига таъсир этиш. Шу хил танлов имконияти юзага келганида кўплаб ижодкорларимиз, ҳатто буюк истеъдод соҳиблари-да, кучу иқтидорларини иккинчи мақсадга йўналтирдилар. Ана шундай фидойи ижодкорлардан бири, шубҳасиз, Абдулҳамид Чўлпондир».

Шеър кучли сарказм асосида яратилган. Бу сарказм шеърга асос сифатида газета хабарини келтиришдаёқ аён бўлади. Чунки Октябр тўнтаришигача жадидлар янги мактаб очиш муаммоси билан яшаб, шу йўлни миллат келажаги сари улуғ қадам деб билишган эди. Халққа «Эрк» берган янги инқилобнинг маориф соҳасига бунингдек муносабати «янги давлат сиёсати » моҳиятини очиб берган каби кўринади.

Шоир хўжанликни бегидир таъна билан сўкар экан( «Эй, хўжанлик, шўринг қурсин, бўйинг куйсун! Билмайсанми: мусулмонлиқ аста-секин?»), бу таъна Чўлпоннинг юраги оғриғидан тўкилган лахта қонга ўхшайдир. Халқнинг «мусулмончилик аста-секинлик билан» деган ўгитини эслатиш билан ҳали синалмаган давлатнинг ишларини бажаришда эҳтиёт бўлмоққа чорлаган каби. Аср бошларида ҳам маориф дарди бор эди. Аммо то ҳануз миллат фидойилари ғафлат уйқусида(«Мактаб нима? Ўқуш нима? Ўйловчи йўқ, Мактабларнинг борини ҳам ёпмоқдалар»). Шеърдаги истеҳзога қаранг: «Фақат Хўжант…хўжанликни худо урғон: Мактаб сўзи унда кўпрақ айтиладир?» Бу истеҳзо аччиқ киноя, ирония билан суғорилган бўлиб, ажойиб шеър санъати таъриз (олқиш сўзлар билан рақибни ер билан яксон қилиш усули)ни келтириб чиқаради. Наркопросни мақташ яъни «осий Хўжан»нинг қилмишини вақтида илғаб, дарҳол «койиш» эълон қилишини алқаш билан маориф соҳасидаги қолоқлик, кўр-кўроналикни аёвсиз танқид остига олади. Саккиз мактаб очавер-да , ўзингни қийнаб нима қиласан деган таъна билан гўё хўжанликни сўккан каби кўринган шоир аслида Наркомпросни танқид тиғи остига олади. Хўжанлик қилган ишни инкор этиш билан шоир кесатиқ, пичинг қилиб Наркомпрос устидан яширин кулади. Бу кулиш «Биродарлар, мусулмонлик қайга кетди, Яна бўлса ҳовлиққонлар Хўжан каби, Ул вақтда мусулмоннинг иши битди… Хайриятким бундай ёмон кишиларга Наркомпрос ўз вақтида назар солғон» дейишда шоир тутган позицияни кўрсатади. Бу позиция миллати маърифатини ёқлаган Чўлпоннинг оҳи, фарёди эди.

Ортиқча мактаб очишни «уят, ордир» дейиш билан шоир Наркомпрос «иши»ни ёқлаган киши бўлиб кўринса ҳам, аслида хўжанликнинг аҳволига ачинган киши бўлиб, Наркомпрос берган «койиш»дан оғринганлигини кучли сарказм ниқобида яширинган. Хўжанлик ишини ёқлаган Чўлпон овози шеърнинг ҳар бир сўзида манаман деб кўрсатиб турибди. Бунинг каби жасорат учун ўша суронли йилларда катта юрак керак. Ҳақиқий ижодкор эса ана шундай қалби билан халқ оғриқларини ўз шеърларида ёритиши шарт ва зарур. Чўлпон эса Платонов айтгани каби «Менингсиз халқ тўлиқ эмас» деб яшаган фидойи эди. Унинг шунинг каби фидойиликлари миллат учун эди, халқ учун эди. Шу халқ дея дор остига борди, бора олди. «Койиш» эса жасоратли «хўжанликка» Чўлпон томонидан қўйилган бадиий ҳайкал бўлиб қолди.

Манба: www.munosabat.org

(Tashriflar: umumiy 121, bugungi 1)

Izoh qoldiring