Mushoira: Abdimurod Qodirov, Yor Muhammad, Baxtiyor Temur, Lochin Elmuhammad

0_141cc3_f571e671_orig.png    Навбатдаги мушоирамизда сайтимизга ўз ижод намуналарини юборган ва турли интернет (масалан, фейсбук) саҳифаларида шеърларини эълон қилган шоирлар асарларини тақдим этмоқдамиз.

СУНБУЛА МУШОИРАСИ
Шеърлар
09

Ҳаёт гўзаллиги шеъриятининг
Ёниқ нафасига тўлсин бу жаҳон.
Хавфдан халос бўлган башариятнинг
Қўшиғин тўқисин озод, тинч инсон.

Даврамиз меҳрга тўлиқ бир олам,
Дўстлар бари жам,
Буюк мушоира этади давом,
Келингиз сиз ҳам!

20160805_124027~2-1.jpegАбдимурод ҚОДИРОВ
Қашқадарё
09

ГОГОЛНИНГ “ТАРАС БУЛЬБА” АСАРИНИ ЎҚИБ….

Кекса казак қайғуга чўмган,
Ғалаба ҳам бермайди таскин.
Кўзларига ишонмас, чиндан,
Жигарбанди Андрей – сотқин?!
Қора ўрмон шовуллаган дам,
Инграр қалби ҳасратга тўлиб.
Туйилади дарахт учи ҳам
Сотқин ўғил найзаси бўлиб.
Изтироблар йиртиб кўнглини,
Қайтаради ёвларни хасдай.
Тарас жангда излар ўғлини,
Ўлжасига ташна йўлбарсдай.
Бирдан унинг ғазабкор юзи
Яшин мисол кетар янчилиб.
Гумбирлаган ўтли хайқириқ,
Кенгликларга қолар сочилиб:
Шаввозларим, ушланглар уни!
Тириклайин тушсин тузоққа.
У лойиқдир ота ҳукмини –
Казак ҳукмин татиб кўрмоққа!
…Энди нима қиламиз, ўғлим,
Не сўз деймиз кекса онангга?!
Ё алҳазар! Ватанни, халқни,
Алмашибсан ағёр санамга?!
Ботир бўл деб ургатган эдим,
Хоин бўл деб ургатмадим, йўқ!
Хоин итдай бошини ейди,
Ёвга эмас, сенга ушбу ўқ!..
Ўрмонзорда милтқ қарсиллар,
Ўғил турмас энди ҳеч қайтиб.
Жон беради сўнгги дамда ҳам
Поляк қизни исмини айтиб.
Ва билмайди энди ҳеч қачон –
Гарчи севги дунёда суюк,
Гарчи улуғ амал, шуҳрат-шон –
Баридан ҳам Ватандир буюк!
Барчасидан Ватандир буюк!

БИР УМР АРМОНИ

Умр карвонининг қанчаси ўтди,
Сенсиз ўтган йиллар бари бесамар.
Шу йиллар мен сени интиқиб кутдим,
Сен нечун кечикиб келдинг, Муяссар?!

“Дунёда дард чеккан одам муқаддас” *
Дардимиз армонлар битилган асар.
Юракнинг тубида инграйди бир сас:
Сен нечун кечикиб келдинг, Муяссар?!
.
Армоннинг хазонли боғлари аро,
Бир қушча нолалар чекар ҳар саҳар.
Кўз юмсам, кўзларим олдида пайдо:
“Сен нечун кечикиб келдинг, Муяссар?!”

Кунларим ичикиб сендан оғринди,
Бош эгиб кетдилар йўл олиб Маҳшар.
Бу юрак бир умр сенга талпинди,
Сен нечун кечикиб келдинг, Муяссар?!

ҚОР ГУЛИМ

Қор гулим-ай, қор гулим,
Самолардан тўкилган.
Дил ҳовурим босақол,
Юрак бағрим сўкилган.
Қор гулим-ай, қор гулим,
Менинг кўнглим қорқизда.
Ёрай десам дилимни,
Юраги экан муздан.
Қор гулим-ай, жон гулим,
Қайга шошиб кетарсан?!
Умринг қурғур бир тутам,
Эриб кетсанг нетарсан?!
Қор гулим-ай, қор гулим,
Чаппор ур мисли қуюн.
Бу дунёнинг ишлари
Билсанг асли қор ўйин.

***

Титраб турар сарғайган япроқ,
Кеч кузакда дархт шохида.
Эрмак қилиб изғирин шамол,
Пирпиратиб ўйнар гоҳида.

Ҳазонрезги тушайди ерга,
Япроқлардан ястиб гилам.
Келмоқ борки, кетмоқ ҳам тайин,
Шу қонун-ла яралган олам.

Во ажабо шунчалар ўхшаш,
Барг қисмати инсон умрига.
Туғилади, яшайди, сўнгра…
Сингиб кетар замин бағрига.

ЖАЖЖИ ШЕЪРЛАР

***

Дўстим, кел, тортинма,
Кирайлик уйга!
Дилга эзгу ҳислар
Тақиб қўяман.
Хона совуқ, бироқ
Чидасанг бироз
Юрагимни ёқиб қўяман!

***

Дарахт менга яшашни ўргат,
Дарахт ургат менга саботни.
Ўз домига тортганда ғурбат,
Дариғ тутма мендан нажотни.
То бу далла девона юрак
Баҳор кутиб кўкарсин, кулсин.
Қуриса ҳам майлига сендек:
Ҳароратли бир гулҳан бўлсин.

***

Анҳорнинг лабида табассум,
Осмон ҳам қушларни соғинган.
Юраклар бокира ва масъум
Фаришта пойига сиғинган.
Ҳаволар ифори ўзгача,
Елкангдан ташвишни ташлагин.
Айниқса, баҳорда юзгача
Яшагинг келади, яшагинг…

***

Осмондаги сайёҳ булутлар
Кетар хорғин, бедор, бемақсад.
Майсаларнинг қадамин қутлаб,
Ёмғирларга айланар албат.
Худди шундай мен ҳам ишқингда,
Куйдим, ёндим, толмадим сира.
Афсус, ундан эсдалик бўлиб
Кўзёшалрим қолди хотира.

* Йўлдош Эшбек сатри

0 35.jpgЁр МУҲАММАД
Самарқанд
09

МИРЗО ҚУЛМАТ ДАФТАРИДАН

КЎЧАМЕН

Жума-Каттақўрғон аро зору-сарсон кўчамен,
Жисми-жони моматалоқ, дили вайрон кўчамен.

Ўтишар шўрлик танамдан ўйнатиб автоларин,
Қанча тўра, қанча нотиқ, сўзи ёлғон, кўчамен.

Қирқ бир ямоқ асфальтдан гоҳ туфроқ йўл ҳам яхшидур,
Ўйдим-чуқурларга тўла тоғдай армон кўчамен.

Бир томонда Пастдарғому, Наҳрипа-ю, Нуробод,
Бир томонда шўрпешона Каттақўрғон кўчамен.

Ўтганнинг ўроғин олиб, кетганнинг кетмонини,
Қарғишлардан, нолишлардан ўлмаган жон кўчамен.

Йўлда қолди юпқа кавуш кийган қанча уловлар,
Энди эшак ва айғирга куни қолғон кўчамен.

Мирза Қулмат, бу ноламни айтиб юрма бировға,
“Ёзғувчи” деб судраб сени қилур сарсон кўчамен.

ЭШАГИМГА

Энди сенинг таърифингни қилай бироз эшаккинам.
Узун қулоқ, калта туёқ, бўйни дароз эшаккинам.

Запчас демас, ермой емас, ўнқир чўнқир писанд эмас,
Асфальт йўлни ҳавас қилмас, каминага мос эшагим.

Гоҳо ёмғир, қорда қолсам, тумшуғига нўхта солсам,
Биқинига тепиб қолсам, қилмас араз эшаккинам.

Фаросатдан қисган худо, ўлгунича ишлайди то,
Илҳом келса “иҳо, иҳо”, кўп хушовоз эшаккинам.

Халачўпу жилов рули, доим очиқ юрган йўли,
Тормози йўқ, нафснинг қули, томоғи соз, эшаккинам.

Юк ортади, зўр тортади, дуч келган жойда ётади,
Ҳанграб мени уйғотади, кўп хушовоз эшаккинам.

Илдам юрар йўл четида, супургиси бор кетида,
Алишмасман “Ласетти”га, қадами соз эшаккинам.

Қорним очди демайди ҳеч, тинмай ишлар эртаю кеч,
Сомонми ё томиргаям қилмайди ноз эшаккинам.

Нуқимасанг юрмайман дер, куч қувватда мисоли шер,
Қўй, сигирдан ортганин ер, “расходи” оз эшаккинам.

Гоҳо юзу кўзин тилган, учқур отларни ҳам “илган”,
Каминани шоир қилган асли шоввоз, эшаккинам.

Маҳбуби кўп турли жойда, кўрса бирин қирми, сойда,
Қулматни ҳам қориб лойга, қилар парвоз эшаккинам.

БИР ЖОНОН КЕТИБ БОРАР…

Бир жонон кетиб борар гул ёниб ёноғинда,
Эгнида “Марианна”, “Адидас” оёғинда.

Бўйнида шода маржон, бармоқлар тўла узук,
Носқовоқдай бир бало ялтирар қулоғинда.

Қошлар таранг, кипригу бурунгача турфаранг,
Кўзларин зўрға очар, лойшувоқ қабоғинда.

Аёғу белга қараб ёпирай дедим, ажаб,
Афту ангорим кўриб ойнадек тирноғинда.

Бу сочлару, бу қошлар… Лол бўлиб турсам гаранг,
Оғзимда нос “лиқ” этиб ўтди ёв, томоғимдан.

Ҳарир кўйлак, гул бадан, ўтган йигит узмас кўз,
Яноғига ёпишган тугмачадек доғиндан.

Неча неча бўйдоқлар пойлаб борар оғзини,
Бирор жўяли калом чиқар деб дудоғиндан.

Ҳой қиз, дея қўлидан ушлаганим биламан,
Бир тепса бўладими, авайлаган ёғимдан.

Додлаб кўзимни очсам, туш экан ей, хайрият,
Ағдарилиб тушибман хотиннинг қучоғиндан.

МЕНИ САЙЛАНГ

Йўлларингиз равон бўлар, мени сайланг, мени сайланг,
Текин ош, дастурхон бўлар, мени сайланг, мени сайланг.

Доим чопиб келган отман, ҳасратларга буткул ётман,
Муҳтожларга қўшқанотман, мени сайланг, мени сайланг.

Чорлашмаса қараб тургум, кунингизга яраб тургум,
Тўрт йилда бир сўраб тургум, мени сайланг, мени сайланг.

Газ, чироқни ёқолмайман, офтобга тик боқолмайман,
Уятчанман, чақолмайман, мени сайланг, мени сайланг.

Латифам мўл, кулдираман, пуч ёнғоққа тўлдираман,
Мақтовларни дўндираман, мени сайланг, мени сайланг.

Дардингизга дармон бўлай, белингизга ҳамён бўлай,
Сиз яхши, мен ёмон бўлай, мени сайланг, мени сайланг.

“Служебний” керак эмас, эшагим бор, қилинг ҳавас,
Бошқага қўл кўтарманг, бас, мени сайланг, мени сайланг.

Шаробдан қуй, кетсин кулфат, кўпайсин мендайин улфат,
Имзо қўйдим: Мирзо Қулмат. Мени сайланг, мени сайланг.

ЖОН ХОТИНЖОН

Кайфим тароқ, эшигингни очгил энди, жон хотинжон,
Юракдаги қайғу ғамни сочгил энди, жон хотинжон.

Гулмат билан бироз отдик, Хумий билан анча тортдик,
Эшак қолиб хуржунни ҳам бизга ортди, жон хотинжон.

Сўнг Тошболта пирим келиб, гал бермасдан ўқиди шеър,
Қанча қанча юлдуз ўчиб, Ой ҳам ботди жон хотинжон.

Бир биримиз ялаб юлқаб, ажрашолмай бўлдик хуноб,
Ёдга тушиб марҳум зотлар, йиғлаб ётдик, жон хотинжон.

Аё Қулмат, базм қизиб эшакка боқмабди ҳеч ким,
Шўринг қурғур эрта тонгда ҳаром қотди, жон хотинжон.

ЖОМБОЙДА КЎРГАНЛАРИМ

1.ТУРКМАНҚИШЛОҚ НОЛАСИ

Жомбойнинг қоқ ўртасинда бир бечора қишлоқмен,
Дардларимга тополмайман бирор чора қишлоқмен.

Газни айтмай, ҳатто чироқ ёнмас узун кечалар,
Ўнқир-чўнқир йўлдан жисми пора-пора қишлоқмен.

Симёғочлар савлат тўкиб турар бунда безрайиб,
Симларига қувват келармикин зора, қишлоқмен.

Ўртабозор деган жойда ўлтирармиш бир оға,
“Юқоридан ўчган” дейди, йўқ ҳеч чора қишлоқмен.

Кун ботгандан тонг отгунча ётавергин кўрпада,
Кимда шаму, кимда лампа, хўп овора қишлоқмен.

Ўн йил олдин ўчган газга пул бер дер бир баччағар,
Мўриларга сиғмас дилда ҳасрат қора, қишлоқмен.

Дорихона, оддий дўкон топилмайди бағримда,
Туркманқишлоқ деган номим энди ор-а, қишлоқмен.

Мирза Қулмат, анқаймагин, қолма энди йўлингдан,
Зимистонда лойга ботиб нима бор-а, қишлоқман.

2. ЖУРИЯТ БОЗОРИ ТАЪРИФИ

Жомбойнинг Журиятида кўрдим: ажиб бозор экан,
Ёзда тупроқ, қишда лой, муз, оёққа кўп озор экан.

Халта кўрса тортиб олар ловияфуруш даллоллар,
Кириш-чиқиш бир йўлакдан, улов турнақатор экан.

Бир қарасам, битта буқа ғунажинни қувиб чиқди,
Кийим-кечак орасида мол бозори ҳам бор экан.

Қўли қўлига тегмайди кабобпазу, сомсапазнинг,
Қўланса ҳид, тутунларга ҳатто осмон ҳам тор экан.

Ҳавас кетиб сомсасидан биттасини очсам, эвоҳ,
Ичидан бўз латта чиқди, пиёз тўла, абгор экан.

Уч минг сўмга бўз чиқмасдан бахмал чиқсинми, дер кулиб,
Сомсапази масхарабоз, кабобпази беор экан.

Талотўпдан зўрға чиқиб, чўнтагимга қўлим солсам,
Эвоҳ, унинг нақ ярми йўқ, ярми тешик, ночор экан.

Аё Қулмат, бундан кейин Журиятга йўлинг тушса,
Бозорига эшак билан, ё қип яланғоч бор экан.

ЭЙ КЎНГУЛ…

Эй кўнгул, букун дардингни ер эшитмас, осмонға айт,
Кўзларингда ёнган оҳни кўзлари чўлпонға айт.

Бошнгға садо тушибдур, юз ўгирди қанча дўст,
Садоқатнинг нелигини беибо жононға айт.

Кимда зар кўп обрў унда, кимда зўр кўп тахтлидур,
Қолғон барча ёлғонингни шеър деган исёнғав айт.

Қўл силтама бобогинам, момогинам, йиғлама,
Неки армон бўлса ёлғиз елкангда кетмонға айт.

Ёниб ўтди қанча зотлар дўсту ағёр дастидин,
Пуфлаб ич ҳатто қатиқни, сирингни уммонға айт.

Аёқ тойғонда билинғай ким дўст, кимки етти ёв,
Мирзо Қулмат, дардинг фақат энди мард инсонға айт!…

Ashampoo_Snap_2016.09.16_14h05m55s_002_.pngБахтиёр ТЕМУР
Навоий, Хатирчи
09

МУҲАББАТ

Ўнгимда яшнадинг мусаффо бир кун,
Эй гул, сени билдим бир умрлик нақд.
Кўзларимда қолди рангларинг гулгун,
Танҳо гулим дебман сени, муҳаббат.

Жилға наволаниб кулганда Қуёш,
Тўкин боғлар аро айлаб минг бир аҳд.
Неки қалб, чўғланди чашм аро кўзёш.
Сўнмас оташ дедим сени, муҳаббат.

Йиллар кўп бутади дарахтлар шохин,
Турналардек кўкка сингди гўё бахт.
Гул ё ниҳол бўлиб ундию оҳим,
Ҳазонрезги бўлди дилда муҳаббат.

Тоғлар ўнгирини босганида қор
Уфқларга талпиниб топмадим адад.
Бўлдинг хотиримда қолган фасл – Баҳор,
Муз остида оққан дарё, муҳаббат.

***

Ишқинг тушиб қалб беҳаловат
Тўлқинлардай тошди, гувранди.
Талпиндиму сенга ҳар соат,
Дарахтдек бир жойда тебрандим.
Қувонтирай деб чарос кўзинг
Ҳозирландим ҳар қарашинга.
Висолингга бахш этиб ўзим
Гулдай қурбон бўлдим қошингда.
Етармидим бир ҳаёл бўлиб
Ўйларингда акс этиб турсам.
Юлдуз каби учиб ва сўниб,
Бургут каби қояга урсам.
Надоматким, етмадим эвоҳ,
Гарчи умрим сенга бахш этдим.
Сенсиз қизиқарсиз,тумтароқ,
Бу дунёдан бош олиб кетгум.

КУЗ ХАЁЛЛАРИ

Йўлингда мен каби сарғаймиш хазон,
Кўнглимдай совубди кузак еллари.
Бир бир олиб кетмиш барин беомон
Кечмиш, алғов-далғов йилларим.
Пардай қўнар ерга хазонлар бир-бир,
Яшилликсиз, беком,ноумид, афгор.
Балки, улар дарахт орзуларидир,
Балки, ўн икки ой битгани ашъор.
Ҳар ён тўзғитади еллар хазонни,
Улар одимларим тўхтатмоқ бўлар.
Кўзига чанг пуркар озурда жоннинг,
Шуурга дарахтлар шивири тўлар.
Ўтли қамчинларин уриб булутлар,
Дув-дув ёшлар тўкар ғариб ҳолига.
Қалбимга тушгандай мангу шу ўтлар
Мангу интиларман Ҳақ иқболига…

***

Сўнгсиз ўйларимга қачон етурман?
Меҳрли илкинг минг ғамда тутурман?
Сўзинг бодасидан қачон тотурман? –
Шулдир икки дунё мен учун армон.

Охират ўйида қонлар ютурман,
Мен ҳам бир бандаи ожиз, ўтурман.
Қуёшдек қонталош уфққа ботурман.
Айтгил жоним анда сенсиз нетурман?

Ёр,юрак қонидан ашъор битурман,
Бир куни барчасин ташлаб кетурман,
Зулмат ила аҳду паймон этурман.
Сенсиз қабрим аро қандоқ ётурман?!

ЁЗ

Кундузи қирзғин қуёш, ёки райҳон гулми ёз.
Тунлари оташ хаёл дилда лим-лимми ёз.

Фасли балоғат будир,субҳи сабоҳат эрур,
Базми жамоат, сурур, ҳам ҳарор ранглимми ёз.

Куйса кўксинг музбулоқли тоғу тошларга бос,
Сув борар жойларгача сайр этиб кўнглингни ёз.

То бўйингга тенгга етгил, то жонингга тенгга ет,
Ишқ аро тенгликка ёзғир,то дилингга тенгни ёз.

Ҳар йили қутлуғ қадам, ром этар хуш хислати,
Етказар тўй-тантана, файзли кузга элни ёз.

Бахтиёр,сен ҳам етакла бахт сари дилбар ёринг
Дилкушо боғлар кезиб бўлса ашъор илми ёз.

СЎРМАДИНГ ҲОЛИМНИ БИР…

Чархи дуннинг жилвасига кўзларинг шайдо нечун.
Сўрмадинг ҳолимни бир эй кўзи шаҳло нечун.

Сўрмаса ошно, қариндош бағрида тошлар сабаб,
Хасталикда изламас дўст базм аро пайдо нечун.

Кекса устозим агарчи, ул содиқ шогирдга не
Меҳри мафаатдами, юзладинг олло нечун.

Жон талошим бир томону ҳар хиёнат бир томон
Воҳ, маломатли оғанг, сўзида иғво нечун.

Шукр этай дилбанду ёр, муштипарлар бор экан,
Оқибат шу бўлди деб ўксимоқ, илло, нечун.

Ўзича овворадур ҳар бири деб сўзлама
Бахтиёр, тарозининг устида дунё нечун.

***

Ўзим бўлсам, деркан инсон аввало,
Гоҳ ноҳақ бўлса-да, ҳақман дер экан.
Ўзлигин ҳисоблаб барчадан аъло,
Ҳасад қилар экан – кўксида тикан.
Энг ёмони эса, ёруғ дунёда
Кимдир ичи куйса пастлиги учун.
Не қилсин, ювиниб бўлмаса тоза,
Яхшилик қилмоққа етмаса кучи.
Эй жон, ҳақлигингни исботлайман деб
Булғама покдомон зотларнинг шаънин.
Кимки хусуматни кўрар экан эп
Тополмас сарф этган умридан маъни.

ШАРҲИ ҲОЛ

Кўксимга доғ солиб ёз жазираси,
тонглар бироз намхуш бўлмоқда, дўстим.
Хазонлардан келиб кузак нафаси,
дуркун гулларим ҳам сўлмоқда, дўстим.
Бу нафис ҳилқатлар шодумон эди
оламга таратиб нафосату бўй,
Боди сабо келиб ҳазиллашганда
байрам бўлар эди гулбоғда, дўстим.
Ҳақ сўз, паландпарвоз эдим бир пайтлар,
ёнда гурас-гурас эди ҳайриҳоҳ,
Бу кун хасталикда ғам чекканимда
ёр йиғлаб, душманлар кулмоқда, дўстим.
Қачонлардир отам айтгани каби,
ҳолим ўзи куйган янтоқ мисоли,
Дунёсику аён, ошна-оғайним
каромати кўксим тилмоқда, дўстим.
Кўп бепарво бўлдим олқишу таъзим,
очиқ қучоқларни четладим ул дам,
Майсалар қимтиниб дур-шабнам тутди…
ушбу кун қасдларин олмоқда, дўстим.
Қутқу солур дўсту қариндош аро,
нифоқ уруғларин сочар ҳар ёна,
Булар жаннатни ҳам бузмасмикан деб
қалбга ваҳималар солмоқда, дўстим.
Токай меҳр кутиб, унинг ўрнига
ранжу азоб тортар одам одамдан,
Наҳот ўчиб кетар олам Оламдан,
турфа тақдир кўрдим ҳар оҳда, дўстим.
Наҳотки йўлига мулозаматлар,
кўзни алдаш учун рўзаю дуо,
Садоқат ёлғону, муҳаббат ўйин,
наҳот ибодатлар ҳам сохта, дўстим.
Мени қай тонгларга етаклар тақдир,
не хислар бағишлар покдомон Қуёш,
Ҳаёт бемаънодир чин дўсту ёрсиз,
ёлғиз қадамлар ҳам толмоқда, дўстим.
Гоҳ сокин, гоҳ жўшқин, силсилакордир
Ҳаёт деганлари долғали, ғамли,
Бу рўзи барҳақни тўхтатиш мукул,
қайтмас дамлар ортда қолмоқда, дўстим.
Бўлмас туғёнларим суратламасам,
бу кун йўлларингга боқмасам бўлмас,
Бахтиёр қалбидан тошар оҳанглар,
бағрида наволар тўлмоқда, дўстим.

***

Мен бир гулни севдим, у паришонҳол,
Дардим айтсам фақат ерга боқар жим.
Нечун, тилларидан томчиламас бол,
Безабон айлаган нималару ким?

Мен бир гулни севдим – ёнади бу бағр,
Тунлар тўлғонаман,ўртанур қалбим.
Гўё вужудимда тўлқинланар наҳр,
Фалак савдосига тушунмай қолдим.

Мен бир гулни севдим армонларим мўл,
Бўйи маст этдию босолмадим лаб.
Мухаббат ашкидан бир жуфт ёқа ҳўл,
Бунча ҳаяжонли – Севги – эски гап.

Мен бир гулни севдим, севмасам бўлмас,
Бироқ бу боўлиқмас на мен, на унга.
Оҳ, юрак тунлари Ой каби тўлмас,
Оҳ, дардларим бергум Қуёшга, кунга.

Мен бир гулни севсам ҳеч ким тингламас,
Ўқисам хисларим қушдай хижжалаб.
Наҳот, туғёнларим ҳеч ким англамас,
Наҳот, барча молу дунё, ганжталаб?

Мен бир гулни севдим пок, асл хис-ла,
Гўё, талпинганим чўққига етдим.
Ахир қанча кездим шу гулни излаб,
Оқибат ўзимни ўзгинам йиқдим.

Эвоҳ уни севдим,наҳот ёлғиз у
Шифодир бедаво беҳад дардимга.
Юрак ярасига босилган туз у,
Чангу тўзонларда қолган қадрим-а!

Юракка буюриб бўлмаскан, севдим,
Билдим бир шу экан энг олий туйғу.
Дил яйрар, дил яшнар, бир ўшал гул жим,
Кўнглим тарк этганда алам ва қайғу…

Мен бир гулни севдим…

 

Лочин ЭЛМУҲАММАД (2).JPGЛочин ЭЛМУҲАММАД
Қашқадарё
09

ИСТИҚЛОЛГА ТАШНА ДИЛЛАР НИДОСИ

Бобом Элмат бахшини хотирлаб

I

Ҳикмати кўп дунёнинг,
Зар чопону, жандаси…
Икки дунё бандаси
Ҳақдан умид узмагай,
Билмайсанми-ё?!

Бошига ташвиш тушса,
Жигит элга мададкор.
Қозиғидан эси бор
Тулпор ипин узмагай,
Билмайсанми-ё?!

Юрт дегани юракдир,
Шоҳ, гадога меҳри тенг.
Хуши бўлса одамнинг
Қушлар инин бузмагай,
Билмайсанми-ё?!

Ватангадо қилгунча
Кафангадо қил, яхши.
Зорланиб Элмат бахши
Ҳақдан умид узмагай,
Билмайсанми-ё?!

II.

Вагонлари тизилиб,
Манзиллари чўзилиб,
Кетиб борар поездлар,
Юрагимдан узилиб.
Элим-о…

Отам, Энам, болам-ов,
Бўғзимдаги нолам-ов.
Жудо бўлсанг юртингдан
Тор келар кенг олам-ов.
Элим-о…

Юртим қолди тош қотиб,
Кўзларимда ёш қотиб.
Ёлғиз қолсанг ёнингга
Дардлар келар асқотиб.
Элим-о…

Ҳар дамда керагимни,
Ер тегмас курагимни.
Ташлаб кетинг поездлар
Бир парча юрагимни!
Элим-о…

III.

Дўмбирам дамида бўзларим,
Эримас кўксимдан музларим.
Ўтмишдан бир садо сўзларим,
Ҳурликни кўрмаган кўзларим —
Тўлди-я қонларга, болам-а…

Айланиб чархи терс замоннинг,
Ошиғи олчиди ёмоннинг.
Кофирлар ўраб ҳар томонни,
Кир булут босганда осмонни,
Дард тўлди жонларга, болам-а…

Далага ҳайдади ҳаммани
Қўлида чақаси оммани.
Билмади, холаю аммани,
Тишларим зор бўлди ваҳ, мани,
Бир бурда нонларга, болам-а…

Сўндирди миллатнинг нақшини,
Танг қилди оқилу яхшини.
Йўқ қилди шоиру бахшини,
Сотқинга чиқарди қаршини,
Ўт кетди конларга, болам-а…

Кучимиз қолмади билакда,
Унимиз қолмади элакда.
Бор эди бир армон юракда,
Истиқлол насими тилакда,
Сиз етган шонларга, болам-а…

Қадрланг, озодлик бахтингиз,
Шараф, шавкатингиз, тахтингиз.
Буюкликдан нишон шаҳдингиз,
Юртга содиқ бўлсин аҳдингиз,
Бизлар-ку зор ўтдик бугунги —
Ўзбекистонларга… болам-а!!!

08.jpg    Navbatdagi mushoiramizda saytimizga o’z ijod namunalarini yuborgan va turli internet (masalan, feysbuk) sahifalarida she’rlarini e’lon qilgan shoirlar asarlarini taqdim etmoqdamiz.

SUNBULA MUSHOIRASI
She’rlar
09

Hayot go’zalligi she’riyatining
Yoniq nafasiga to’lsin bu jahon.
Xavfdan xalos bo’lgan bashariyatning
Qo’shig’in to’qisin ozod, tinch inson.

Davramiz mehrga to’liq bir olam,
Do’stlar bari jam,
Buyuk mushoira etadi davom,
Kelingiz siz ham!

Abdimurod QODIROV
Qashqadaryo
09

GOGOLNING “TARAS BUL`BA” ASARINI O’QIB….

Keksa kazak qayg’uga cho’mgan,
G’alaba ham bermaydi taskin.
Ko’zlariga ishonmas, chindan,
Jigarbandi Andrey – sotqin?!
Qora o’rmon shovullagan dam,
Ingrar qalbi hasratga to’lib.
Tuyiladi daraxt uchi ham
Sotqin o’g’il nayzasi bo’lib.
Iztiroblar yirtib ko’nglini,
Qaytaradi yovlarni xasday.
Taras jangda izlar o’g’lini,
O’ljasiga tashna yo’lbarsday.
Birdan uning g’azabkor yuzi
Yashin misol ketar yanchilib.
Gumbirlagan o’tli xayqiriq,
Kengliklarga qolar sochilib:
Shavvozlarim, ushlanglar uni!
Tiriklayin tushsin tuzoqqa.
U loyiqdir ota hukmini –
Kazak hukmin tatib ko’rmoqqa!
…Endi nima qilamiz, o’g’lim,
Ne so’z deymiz keksa onangga?!
YO alhazar! Vatanni, xalqni,
Almashibsan ag’yor sanamga?!
Botir bo’l deb urgatgan edim,
Xoin bo’l deb urgatmadim, yo’q!
Xoin itday boshini yeydi,
Yovga emas, senga ushbu o’q!..
O’rmonzorda miltq qarsillar,
O’g’il turmas endi hech qaytib.
Jon beradi so’nggi damda ham
Polyak qizni ismini aytib.
Va bilmaydi endi hech qachon –
Garchi sevgi dunyoda suyuk,
Garchi ulug’ amal, shuhrat-shon –
Baridan ham Vatandir buyuk!
Barchasidan Vatandir buyuk!

BIR UMR ARMONI

Umr karvonining qanchasi o’tdi,
Sensiz o’tgan yillar bari besamar.
Shu yillar men seni intiqib kutdim,
Sen nechun kechikib kelding, Muyassar?!

“Dunyoda dard chekkan odam muqaddas” *
Dardimiz armonlar bitilgan asar.
Yurakning tubida ingraydi bir sas:
Sen nechun kechikib kelding, Muyassar?!
.
Armonning xazonli bog’lari aro,
Bir qushcha nolalar chekar har sahar.
Ko’z yumsam, ko’zlarim oldida paydo:
“Sen nechun kechikib kelding, Muyassar?!”

Kunlarim ichikib sendan og’rindi,
Bosh egib ketdilar yo’l olib Mahshar.
Bu yurak bir umr senga talpindi,
Sen nechun kechikib kelding, Muyassar?!

QOR GULIM

Qor gulim-ay, qor gulim,
Samolardan to’kilgan.
Dil hovurim bosaqol,
Yurak bag’rim so’kilgan.
Qor gulim-ay, qor gulim,
Mening ko’nglim qorqizda.
Yoray desam dilimni,
Yuragi ekan muzdan.
Qor gulim-ay, jon gulim,
Qayga shoshib ketarsan?!
Umring qurg’ur bir tutam,
Erib ketsang netarsan?!
Qor gulim-ay, qor gulim,
Chappor ur misli quyun.
Bu dunyoning ishlari
Bilsang asli qor o’yin.

***

Titrab turar sarg’aygan yaproq,
Kech kuzakda darxt shoxida.
Ermak qilib izg’irin shamol,
Pirpiratib o’ynar gohida.

Hazonrezgi tushaydi yerga,
Yaproqlardan yastib gilam.
Kelmoq borki, ketmoq ham tayin,
Shu qonun-la yaralgan olam.

Vo ajabo shunchalar o’xshash,
Barg qismati inson umriga.
Tug’iladi, yashaydi, so’ngra…
Singib ketar zamin bag’riga.

JAJJI SHE’RLAR

***

Do’stim, kel, tortinma,
Kiraylik uyga!
Dilga ezgu hislar
Taqib qo’yaman.
Xona sovuq, biroq
Chidasang biroz
Yuragimni yoqib qo’yaman!

***

Daraxt menga yashashni o’rgat,
Daraxt urgat menga sabotni.
O’z domiga tortganda g’urbat,
Darig’ tutma mendan najotni.
To bu dalla devona yurak
Bahor kutib ko’karsin, kulsin.
Qurisa ham mayliga sendek:
Haroratli bir gulhan bo’lsin.

***

Anhorning labida tabassum,
Osmon ham qushlarni sog’ingan.
Yuraklar bokira va mas’um
Farishta poyiga sig’ingan.
Havolar ifori o’zgacha,
Yelkangdan tashvishni tashlagin.
Ayniqsa, bahorda yuzgacha
Yashaging keladi, yashaging…

***

Osmondagi sayyoh bulutlar
Ketar xorg’in, bedor, bemaqsad.
Maysalarning qadamin qutlab,
Yomg’irlarga aylanar albat.
Xuddi shunday men ham ishqingda,
Kuydim, yondim, tolmadim sira.
Afsus, undan esdalik bo’lib
Ko’zyoshalrim qoldi xotira.

* Yo’ldosh Eshbek satri

Yor MUHAMMAD
Samarqand
09

MIRZO QULMAT DAFTARIDAN

KO’CHAMEN

Juma-Kattaqo’rg’on aro zoru-sarson ko’chamen,
Jismi-joni momataloq, dili vayron ko’chamen.

O’tishar sho’rlik tanamdan o’ynatib avtolarin,
Qancha to’ra, qancha notiq, so’zi yolg’on, ko’chamen.

Qirq bir yamoq asfal`tdan goh tufroq yo’l ham yaxshidur,
O’ydim-chuqurlarga to’la tog’day armon ko’chamen.

Bir tomonda Pastdarg’omu, Nahripa-yu, Nurobod,
Bir tomonda sho’rpeshona Kattaqo’rg’on ko’chamen.

O’tganning o’rog’in olib, ketganning ketmonini,
Qarg’ishlardan, nolishlardan o’lmagan jon ko’chamen.

Yo’lda qoldi yupqa kavush kiygan qancha ulovlar,
Endi eshak va ayg’irga kuni qolg’on ko’chamen.

Mirza Qulmat, bu nolamni aytib yurma birovg’a,
“Yozg’uvchi” deb sudrab seni qilur sarson ko’chamen.

ESHAGIMGA

Endi sening ta’rifingni qilay biroz eshakkinam.
Uzun quloq, kalta tuyoq, bo’yni daroz eshakkinam.

Zapchas demas, yermoy yemas, o’nqir cho’nqir pisand emas,
Asfal`t yo’lni havas qilmas, kaminaga mos eshagim.

Goho yomg’ir, qorda qolsam, tumshug’iga no’xta solsam,
Biqiniga tepib qolsam, qilmas araz eshakkinam.

Farosatdan qisgan xudo, o’lgunicha ishlaydi to,
Ilhom kelsa “iho, iho”, ko’p xushovoz eshakkinam.

Xalacho’pu jilov ruli, doim ochiq yurgan yo’li,
Tormozi yo’q, nafsning quli, tomog’i soz, eshakkinam.

Yuk ortadi, zo’r tortadi, duch kelgan joyda yotadi,
Hangrab meni uyg’otadi, ko’p xushovoz eshakkinam.

Ildam yurar yo’l chetida, supurgisi bor ketida,
Alishmasman “Lasetti”ga, qadami soz eshakkinam.

Qornim ochdi demaydi hech, tinmay ishlar ertayu kech,
Somonmi yo tomirgayam qilmaydi noz eshakkinam.

Nuqimasang yurmayman der, kuch quvvatda misoli sher,
Qo’y, sigirdan ortganin yer, “rasxodi” oz eshakkinam.

Goho yuzu ko’zin tilgan, uchqur otlarni ham “ilgan”,
Kaminani shoir qilgan asli shovvoz, eshakkinam.

Mahbubi ko’p turli joyda, ko’rsa birin qirmi, soyda,
Qulmatni ham qorib loyga, qilar parvoz eshakkinam.

BIR JONON KETIB BORAR…

Bir jonon ketib borar gul yonib yonog’inda,
Egnida “Marianna”, “Adidas” oyog’inda.

Bo’ynida shoda marjon, barmoqlar to’la uzuk,
Nosqovoqday bir balo yaltirar qulog’inda.

Qoshlar tarang, kiprigu burungacha turfarang,
Ko’zlarin zo’rg’a ochar, loyshuvoq qabog’inda.

Ayog’u belga qarab yopiray dedim, ajab,
Aftu angorim ko’rib oynadek tirnog’inda.

Bu sochlaru, bu qoshlar… Lol bo’lib tursam garang,
Og’zimda nos “liq” etib o’tdi yov, tomog’imdan.

Harir ko’ylak, gul badan, o’tgan yigit uzmas ko’z,
Yanog’iga yopishgan tugmachadek dog’indan.

Necha necha bo’ydoqlar poylab borar og’zini,
Biror jo’yali kalom chiqar deb dudog’indan.

Hoy qiz, deya qo’lidan ushlaganim bilaman,
Bir tepsa bo’ladimi, avaylagan yog’imdan.

Dodlab ko’zimni ochsam, tush ekan yey, xayriyat,
Ag’darilib tushibman xotinning quchog’indan.

MENI SAYLANG

Yo’llaringiz ravon bo’lar, meni saylang, meni saylang,
Tekin osh, dasturxon bo’lar, meni saylang, meni saylang.

Doim chopib kelgan otman, hasratlarga butkul yotman,
Muhtojlarga qo’shqanotman, meni saylang, meni saylang.

Chorlashmasa qarab turgum, kuningizga yarab turgum,
To’rt yilda bir so’rab turgum, meni saylang, meni saylang.

Gaz, chiroqni yoqolmayman, oftobga tik boqolmayman,
Uyatchanman, chaqolmayman, meni saylang, meni saylang.

Latifam mo’l, kuldiraman, puch yong’oqqa to’ldiraman,
Maqtovlarni do’ndiraman, meni saylang, meni saylang.

Dardingizga darmon bo’lay, belingizga hamyon bo’lay,
Siz yaxshi, men yomon bo’lay, meni saylang, meni saylang.

“Slujebniy” kerak emas, eshagim bor, qiling havas,
Boshqaga qo’l ko’tarmang, bas, meni saylang, meni saylang.

Sharobdan quy, ketsin kulfat, ko’paysin mendayin ulfat,
Imzo qo’ydim: Mirzo Qulmat. Meni saylang, meni saylang.

JON XOTINJON

Kayfim taroq, eshigingni ochgil endi, jon xotinjon,
Yurakdagi qayg’u g’amni sochgil endi, jon xotinjon.

Gulmat bilan biroz otdik, Xumiy bilan ancha tortdik,
Eshak qolib xurjunni ham bizga ortdi, jon xotinjon.

So’ng Toshbolta pirim kelib, gal bermasdan o’qidi she’r,
Qancha qancha yulduz o’chib, Oy ham botdi jon xotinjon.

Bir birimiz yalab yulqab, ajrasholmay bo’ldik xunob,
Yodga tushib marhum zotlar, yig’lab yotdik, jon xotinjon.

Ayo Qulmat, bazm qizib eshakka boqmabdi hech kim,
Sho’ring qurg’ur erta tongda harom qotdi, jon xotinjon.

JOMBOYDA KO’RGANLARIM

1.TURKMANQISHLOQ NOLASI

Jomboyning qoq o’rtasinda bir bechora qishloqmen,
Dardlarimga topolmayman biror chora qishloqmen.

Gazni aytmay, hatto chiroq yonmas uzun kechalar,
O’nqir-cho’nqir yo’ldan jismi pora-pora qishloqmen.

Simyog’ochlar savlat to’kib turar bunda bezrayib,
Simlariga quvvat kelarmikin zora, qishloqmen.

O’rtabozor degan joyda o’ltirarmish bir og’a,
“Yuqoridan o’chgan” deydi, yo’q hech chora qishloqmen.

Kun botgandan tong otguncha yotavergin ko’rpada,
Kimda shamu, kimda lampa, xo’p ovora qishloqmen.

O’n yil oldin o’chgan gazga pul ber der bir bachchag’ar,
Mo’rilarga sig’mas dilda hasrat qora, qishloqmen.

Dorixona, oddiy do’kon topilmaydi bag’rimda,
Turkmanqishloq degan nomim endi or-a, qishloqmen.

Mirza Qulmat, anqaymagin, qolma endi yo’lingdan,
Zimistonda loyga botib nima bor-a, qishloqman.

2. JURIYAT BOZORI TA’RIFI

Jomboyning Juriyatida ko’rdim: ajib bozor ekan,
Yozda tuproq, qishda loy, muz, oyoqqa ko’p ozor ekan.

Xalta ko’rsa tortib olar loviyafurush dallollar,
Kirish-chiqish bir yo’lakdan, ulov turnaqator ekan.

Bir qarasam, bitta buqa g’unajinni quvib chiqdi,
Kiyim-kechak orasida mol bozori ham bor ekan.

Qo’li qo’liga tegmaydi kabobpazu, somsapazning,
Qo’lansa hid, tutunlarga hatto osmon ham tor ekan.

Havas ketib somsasidan bittasini ochsam, evoh,
Ichidan bo’z latta chiqdi, piyoz to’la, abgor ekan.

Uch ming so’mga bo’z chiqmasdan baxmal chiqsinmi, der kulib,
Somsapazi masxaraboz, kabobpazi beor ekan.

Taloto’pdan zo’rg’a chiqib, cho’ntagimga qo’lim solsam,
Evoh, uning naq yarmi yo’q, yarmi teshik, nochor ekan.

Ayo Qulmat, bundan keyin Juriyatga yo’ling tushsa,
Bozoriga eshak bilan, yo qip yalang’och bor ekan.

EY KO’NGUL…

Ey ko’ngul, bukun dardingni yer eshitmas, osmong’a ayt,
Ko’zlaringda yongan ohni ko’zlari cho’lpong’a ayt.

Boshngg’a sado tushibdur, yuz o’girdi qancha do’st,
Sadoqatning neligini beibo jonong’a ayt.

Kimda zar ko’p obro’ unda, kimda zo’r ko’p taxtlidur,
Qolg’on barcha yolg’oningni she’r degan isyong’av ayt.

Qo’l siltama boboginam, momoginam, yig’lama,
Neki armon bo’lsa yolg’iz yelkangda ketmong’a ayt.

Yonib o’tdi qancha zotlar do’stu ag’yor dastidin,
Puflab ich hatto qatiqni, siringni ummong’a ayt.

Ayoq toyg’onda biling’ay kim do’st, kimki yetti yov,
Mirzo Qulmat, darding faqat endi mard insong’a ayt!…

Baxtiyor TEMUR
Navoiy, Xatirchi
09

MUHABBAT

O’ngimda yashnading musaffo bir kun,
Ey gul, seni bildim bir umrlik naqd.
Ko’zlarimda qoldi ranglaring gulgun,
Tanho gulim debman seni, muhabbat.

Jilg’a navolanib kulganda Quyosh,
To’kin bog’lar aro aylab ming bir ahd.
Neki qalb, cho’g’landi chashm aro ko’zyosh.
So’nmas otash dedim seni, muhabbat.

Yillar ko’p butadi daraxtlar shoxin,
Turnalardek ko’kka singdi go’yo baxt.
Gul yo nihol bo’lib undiyu ohim,
Hazonrezgi bo’ldi dilda muhabbat.

Tog’lar o’ngirini bosganida qor
Ufqlarga talpinib topmadim adad.
Bo’lding xotirimda qolgan fasl – Bahor,
Muz ostida oqqan daryo, muhabbat.

***

Ishqing tushib qalb behalovat
To’lqinlarday toshdi, guvrandi.
Talpindimu senga har soat,
Daraxtdek bir joyda tebrandim.
Quvontiray deb charos ko’zing
Hozirlandim har qarashinga.
Visolingga baxsh etib o’zim
Gulday qurbon bo’ldim qoshingda.
Yetarmidim bir hayol bo’lib
O’ylaringda aks etib tursam.
Yulduz kabi uchib va so’nib,
Burgut kabi qoyaga ursam.
Nadomatkim, yetmadim evoh,
Garchi umrim senga baxsh etdim.
Sensiz qiziqarsiz,tumtaroq,
Bu dunyodan bosh olib ketgum.

KUZ XAYOLLARI

Yo’lingda men kabi sarg’aymish xazon,
Ko’nglimday sovubdi kuzak yellari.
Bir bir olib ketmish barin beomon
Kechmish, alg’ov-dalg’ov yillarim.
Parday qo’nar yerga xazonlar bir-bir,
Yashilliksiz, bekom,noumid, afgor.
Balki, ular daraxt orzularidir,
Balki, o’n ikki oy bitgani ash’or.
Har yon to’zg’itadi yellar xazonni,
Ular odimlarim to’xtatmoq bo’lar.
Ko’ziga chang purkar ozurda jonning,
Shuurga daraxtlar shiviri to’lar.
O’tli qamchinlarin urib bulutlar,
Duv-duv yoshlar to’kar g’arib holiga.
Qalbimga tushganday mangu shu o’tlar
Mangu intilarman Haq iqboliga…

***

So’ngsiz o’ylarimga qachon yeturman?
Mehrli ilking ming g’amda tuturman?
So’zing bodasidan qachon toturman? –
Shuldir ikki dunyo men uchun armon.

Oxirat o’yida qonlar yuturman,
Men ham bir bandai ojiz, o’turman.
Quyoshdek qontalosh ufqqa boturman.
Aytgil jonim anda sensiz neturman?

Yor,yurak qonidan ash’or biturman,
Bir kuni barchasin tashlab keturman,
Zulmat ila ahdu paymon eturman.
Sensiz qabrim aro qandoq yoturman?!

YOZ

Kunduzi qirzg’in quyosh, yoki rayhon gulmi yoz.
Tunlari otash xayol dilda lim-limmi yoz.

Fasli balog’at budir,subhi sabohat erur,
Bazmi jamoat, surur, ham haror ranglimmi yoz.

Kuysa ko’ksing muzbuloqli tog’u toshlarga bos,
Suv borar joylargacha sayr etib ko’nglingni yoz.

To bo’yingga tengga yetgil, to joningga tengga yet,
Ishq aro tenglikka yozg’ir,to dilingga tengni yoz.

Har yili qutlug’ qadam, rom etar xush xislati,
Yetkazar to’y-tantana, fayzli kuzga elni yoz.

Baxtiyor,sen ham yetakla baxt sari dilbar yoring
Dilkusho bog’lar kezib bo’lsa ash’or ilmi yoz.

SO’RMADING HOLIMNI BIR…

Charxi dunning jilvasiga ko’zlaring shaydo nechun.
So’rmading holimni bir ey ko’zi shahlo nechun.

So’rmasa oshno, qarindosh bag’rida toshlar sabab,
Xastalikda izlamas do’st bazm aro paydo nechun.

Keksa ustozim agarchi, ul sodiq shogirdga ne
Mehri mafaatdami, yuzlading ollo nechun.

Jon taloshim bir tomonu har xiyonat bir tomon
Voh, malomatli og’ang, so’zida ig’vo nechun.

Shukr etay dilbandu yor, mushtiparlar bor ekan,
Oqibat shu bo’ldi deb o’ksimoq, illo, nechun.

O’zicha ovvoradur har biri deb so’zlama
Baxtiyor, tarozining ustida dunyo nechun.

***

O’zim bo’lsam, derkan inson avvalo,
Goh nohaq bo’lsa-da, haqman der ekan.
O’zligin hisoblab barchadan a’lo,
Hasad qilar ekan – ko’ksida tikan.
Eng yomoni esa, yorug’ dunyoda
Kimdir ichi kuysa pastligi uchun.
Ne qilsin, yuvinib bo’lmasa toza,
Yaxshilik qilmoqqa yetmasa kuchi.
Ey jon, haqligingni isbotlayman deb
Bulg’ama pokdomon zotlarning sha’nin.
Kimki xusumatni ko’rar ekan ep
Topolmas sarf etgan umridan ma’ni.

SHARHI HOL

Ko’ksimga dog’ solib yoz jazirasi,
tonglar biroz namxush bo’lmoqda, do’stim.
Xazonlardan kelib kuzak nafasi,
durkun gullarim ham so’lmoqda, do’stim.
Bu nafis hilqatlar shodumon edi
olamga taratib nafosatu bo’y,
Bodi sabo kelib hazillashganda
bayram bo’lar edi gulbog’da, do’stim.
Haq so’z, palandparvoz edim bir paytlar,
yonda guras-guras edi hayrihoh,
Bu kun xastalikda g’am chekkanimda
yor yig’lab, dushmanlar kulmoqda, do’stim.
Qachonlardir otam aytgani kabi,
holim o’zi kuygan yantoq misoli,
Dunyosiku ayon, oshna-og’aynim
karomati ko’ksim tilmoqda, do’stim.
Ko’p beparvo bo’ldim olqishu ta’zim,
ochiq quchoqlarni chetladim ul dam,
Maysalar qimtinib dur-shabnam tutdi…
ushbu kun qasdlarin olmoqda, do’stim.
Qutqu solur do’stu qarindosh aro,
nifoq urug’larin sochar har yona,
Bular jannatni ham buzmasmikan deb
qalbga vahimalar solmoqda, do’stim.
Tokay mehr kutib, uning o’rniga
ranju azob tortar odam odamdan,
Nahot o’chib ketar olam Olamdan,
turfa taqdir ko’rdim har ohda, do’stim.
Nahotki yo’liga mulozamatlar,
ko’zni aldash uchun ro’zayu duo,
Sadoqat yolg’onu, muhabbat o’yin,
nahot ibodatlar ham soxta, do’stim.
Meni qay tonglarga yetaklar taqdir,
ne xislar bag’ishlar pokdomon Quyosh,
Hayot bema’nodir chin do’stu yorsiz,
yolg’iz qadamlar ham tolmoqda, do’stim.
Goh sokin, goh jo’shqin, silsilakordir
Hayot deganlari dolg’ali, g’amli,
Bu ro’zi barhaqni to’xtatish mukul,
qaytmas damlar ortda qolmoqda, do’stim.
Bo’lmas tug’yonlarim suratlamasam,
bu kun yo’llaringga boqmasam bo’lmas,
Baxtiyor qalbidan toshar ohanglar,
bag’rida navolar to’lmoqda, do’stim.

***

Men bir gulni sevdim, u parishonhol,
Dardim aytsam faqat yerga boqar jim.
Nechun, tillaridan tomchilamas bol,
Bezabon aylagan nimalaru kim?

Men bir gulni sevdim – yonadi bu bag’r,
Tunlar to’lg’onaman,o’rtanur qalbim.
Go’yo vujudimda to’lqinlanar nahr,
Falak savdosiga tushunmay qoldim.

Men bir gulni sevdim armonlarim mo’l,
Bo’yi mast etdiyu bosolmadim lab.
Muxabbat ashkidan bir juft yoqa ho’l,
Buncha hayajonli – Sevgi – eski gap.

Men bir gulni sevdim, sevmasam bo’lmas,
Biroq bu boo’liqmas na men, na unga.
Oh, yurak tunlari Oy kabi to’lmas,
Oh, dardlarim bergum Quyoshga, kunga.

Men bir gulni sevsam hech kim tinglamas,
O’qisam xislarim qushday xijjalab.
Nahot, tug’yonlarim hech kim anglamas,
Nahot, barcha molu dunyo, ganjtalab?

Men bir gulni sevdim pok, asl xis-la,
Go’yo, talpinganim cho’qqiga yetdim.
Axir qancha kezdim shu gulni izlab,
Oqibat o’zimni o’zginam yiqdim.

Evoh uni sevdim,nahot yolg’iz u
Shifodir bedavo behad dardimga.
Yurak yarasiga bosilgan tuz u,
Changu to’zonlarda qolgan qadrim-a!

Yurakka buyurib bo’lmaskan, sevdim,
Bildim bir shu ekan eng oliy tuyg’u.
Dil yayrar, dil yashnar, bir o’shal gul jim,
Ko’nglim tark etganda alam va qayg’u…

Men bir gulni sevdim…

 

Lochin ELMUHAMMAD
Qashqadaryo
09

ISTIQLOLGA TASHNA DILLAR NIDOSI

Bobom Elmat baxshini xotirlab

I

Hikmati ko’p dunyoning,
Zar choponu, jandasi…
Ikki dunyo bandasi
Haqdan umid uzmagay,
Bilmaysanmi-yo?!

Boshiga tashvish tushsa,
Jigit elga madadkor.
Qozig’idan esi bor
Tulpor ipin uzmagay,
Bilmaysanmi-yo?!

Yurt degani yurakdir,
Shoh, gadoga mehri teng.
Xushi bo’lsa odamning
Qushlar inin buzmagay,
Bilmaysanmi-yo?!

Vatangado qilguncha
Kafangado qil, yaxshi.
Zorlanib Elmat baxshi
Haqdan umid uzmagay,
Bilmaysanmi-yo?!

II.

Vagonlari tizilib,
Manzillari cho’zilib,
Ketib borar poezdlar,
Yuragimdan uzilib.
Elim-o…

Otam, Enam, bolam-ov,
Bo’g’zimdagi nolam-ov.
Judo bo’lsang yurtingdan
Tor kelar keng olam-ov.
Elim-o…

Yurtim qoldi tosh qotib,
Ko’zlarimda yosh qotib.
Yolg’iz qolsang yoningga
Dardlar kelar asqotib.
Elim-o…

Har damda keragimni,
Yer tegmas kuragimni.
Tashlab keting poezdlar
Bir parcha yuragimni!
Elim-o…

III.

Do’mbiram damida bo’zlarim,
Erimas ko’ksimdan muzlarim.
O’tmishdan bir sado so’zlarim,
Hurlikni ko’rmagan ko’zlarim —
To’ldi-ya qonlarga, bolam-a…

Aylanib charxi ters zamonning,
Oshig’i olchidi yomonning.
Kofirlar o’rab har tomonni,
Kir bulut bosganda osmonni,
Dard to’ldi jonlarga, bolam-a…

Dalaga haydadi hammani
Qo’lida chaqasi ommani.
Bilmadi, xolayu ammani,
Tishlarim zor bo’ldi vah, mani,
Bir burda nonlarga, bolam-a…

So’ndirdi millatning naqshini,
Tang qildi oqilu yaxshini.
Yo’q qildi shoiru baxshini,
Sotqinga chiqardi qarshini,
O’t ketdi konlarga, bolam-a…

Kuchimiz qolmadi bilakda,
Unimiz qolmadi elakda.
Bor edi bir armon yurakda,
Istiqlol nasimi tilakda,
Siz yetgan shonlarga, bolam-a…

Qadrlang, ozodlik baxtingiz,
Sharaf, shavkatingiz, taxtingiz.
Buyuklikdan nishon shahdingiz,
Yurtga sodiq bo’lsin ahdingiz,
Bizlar-ku zor o’tdik bugungi —
O’zbekistonlarga… bolam-a!!!

09

(Tashriflar: umumiy 528, bugungi 1)

Izoh qoldiring