Musulmon Namoz. «Tumanlarni qo’porar tog’lar…»

шавкат

Узоқ йиллар мобайнида Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига бағишланган мақолалар,эсселар,шеърлар ва хотиралар ўзбек матбуотида кўплаб босилган. Вақтли матбуот бари бир вақтли экан-да, йиллар ўтиши билан бир пайтлар нашр этилган газета ва журналлар бугунги кишиларнинг назаридан четда қолиб кетмоқда. Айни шу сабабдан азиз жўрамга бағишланган мақолалар билан сизларни таништириб боришни мақсад этдим. Бундан бир неча кун олдин сизларга Шавкат Раҳмон  билан  Раҳмон Қўчқор суҳбатини тақдим этган эдим,бугун эса Мусулмон Намознинг худди ўша «Ватан» газетасининг 1995 йил, 22-сонида босилган мақоласи билан таништирмоқчиман.

Хуршид Даврон
чизик

Мусулмон Намоз
ТУМАНЛАРНИ ҚЎПОРАР ТОҒЛАР”

Боғларда кўзларим қамашар
шохларга илинган ойлардан…
Тошларга урилиб, шарқираб,
юлдузлар оқадир сойларда.

Босдим оқ илонни тўсатдан –
биланглаб оралаб сайҳонни…
Дарахтзор елпийди бемадор
саратон куйдирган осмонни.

Шавкат Раҳмоннинг табиат поэзиясига мурожаат қилишида чуқур рамзийлик бор. Бу қайсидир маънода, тасаввуф фалсафаси билан, нокомил жамият ҳаётидан юз буриш ва фақат руҳий такомил билан шуғулланиш лозим, деган қарашлар билан бир даражада уйғун. Зеро, ҳамма нарса фақат қиёсда ойдинлашади. Бирор нарсани ўзгартириш учун ўша нарсани эталонга таққослаб кўриш зарур.
Дунё ва жамиятда неки бир аҳамиятли нарса мавжуд экан, дунё ва жамиятга қалби очиқ, ақлий такомили ташқаридан келаётган ахборот оқимини қайта ишлашга ва таҳлил этишга қобил ҳар бир шахсда ҳам мавжуд. Жамият ва шахс орасидаги боғланиш, аслида, узилмасдир. Уни фақат жисмоний ўлим узиши мумкин, холос.
Шавкат Раҳмон шеъриятида учрайдиган бевосита жамият мавзусидан четланиш ҳодисасини ҳам мана шу боғланишнинг ўзи исботлайди.
Ҳаётнинг битта азалий қонуни бор. ШАХС БАРИБИР ҲАМ КАМОЛ ТОПМОҒИ ЛОЗИМ. Агар бу такомилда жамият шахс учун йўл кўрсатиб турмаса, унинг туйғулари тадрижини бошқармаса, шахснинг тараққий этишини таъминламаса, шахс ўз-ўзини тарбиялашга мажбур бўлади.
Шахс такомили масаласи Шарқ учун доимий аҳамиятли масалалардан бири бўлган. Умуман олганда, Ғарб учун адабиёт ўз-ўзини ифодалаш орқали психологик босимдан қутулишнинг бир йўлидир (саморазрядка через самовиражение). Шарқ учун эса, ўз-ўзини ифодалаш орқали ўзликни тузукроқ англаш ва такомил учун асос топиш (самопознание через самовиражение) эканлигини ҳам унутмаслик зарур. Гарчи, ўзбек адабиёти совет даврида Шарқнинг бу анъанасидан бир қадар узилган эса-да, 70-йилларга келиб ўша азалий ўзанга қайтиш бошланган эди. Ва буни Шавкат Раҳмоннинг ижоди мисолида ҳам кўриш мумкин. Фақат, классик Шарқ адабиётида такомил йўллари муайян системага (тасаввуф) тушган эди. Замонавий адабиёт эса мафкура тазйиқи билан бу системадан узилиб қолган, бинобарин, қайтадан “велосипед ихтиро қилишга” мажбур эди. Ўйлаб кўринг: ўша замонлар теваракда таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчиликлар, порахўрлик, таҳдид билан иш битиришлар тобора авж олаётган бўлса, раҳбарнинг фикри худонинг ҳукмидай қатъий бўлса, бир тўп олғирлар истаган номаъқулчилигини қилиб юрса-ю, оддий меҳнаткашнинг арз-додини тинглайдиган киши бўлмаса, бундай шароитда юксак идеаллар билан яшайдиган, нафақат ўз халқининг, балки жаҳоннинг тақдирини ўйлайдиган, лекин орзу-умидларини амалга татбиқ қилишга зарра имкони бўлмаган дилетантлар авлоди ўзлигини сақлаб қола олиш учун не-не маънавий қийноқларга дуч келиши керак эди?!
Шавкат Раҳмоннинг илк тўпламидаги мана бу сатрлар шу авлоднинг руҳий картинасини аниқ чизади:

Бизлардан кулдилар панада, очиқ,
Кулдилар силкиниб, гоҳо юлқиниб.
Бизчи, кетавердик аччиқма-аччиқ,
Абадий исёнга бўйсуниб.

Жамиятнинг ҳаёти бир жойда депсиниб турар, кишига ўз руҳий-маънавий кучларини амалий ҳаётга кенг татбиқ қилишга имкон бермас, ёш кўнгил эса ҳаракат истар эди. Давр бу кўнгил интилишларини бўғиб турарди. Бунга эса кўниб бўлмасди.
Яшаб қолиш учун маънавий асос топиш лозим эди:

Қайтдим ёруғ юлдузларимга,
шуълаларга тўлди ҳар оним.
Мени кўриб қўзғалиб кетди
адирларнинг сариқ карвони.

Ҳа, маънавий асос топмоқ учун “ёруғ юлдузларга” – руҳнинг ўз-ўзини шакллантириш асосларига ҚАЙТИШ керак эди. Фақат шундагина қалбнинг ҳар они шуълаларга тўлиши – ўзини қувғинга дучор қилган оломондан юқори кўтарилиб, мангу уйғунликка эришиш мумкин бўларди. Маънавий асосига қайтган қалб ўзини шакллантирган энг олий баркамоллик – мангу уйғунликни фақат табиатда учратиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҚАЙТИБ КЕЛГАН ҚАЛБни кўргач ТАБИАТнинг қўзғалиб кетиши муқаррар.

Туманларни қўпорар тоғлар,
гиёҳлар ҳам кўзин ёшлайди.
Ўшнинг кўҳна қучоқларида
кўнглим яна ўса бошлайди.

Ҳа, тоза, соф, бокира қалб табиатнинг фарзанди эди. У жамият қўйнига отилгач, табиатда ўз фарзанди тақдирига, бу бузилиб бораётган дунёдаги сўнгги илинжининг қисматига хавотир туғилган бўлса ажаб эмас. Ҳар ҳолда, шоирнинг шундай ўйлашга, тасаввур қилишга ҳаққи бор. Ва бу фарзанднинг қайтганидан “узоқ кутган юраклар хотиржам яшай бошлаши”да ҳам недир бир қонуният борлигини сезиш мумкин.

Ариқларда товланган шеърга,
япроқларнинг қатига индим.
Оёқларим… ерга ботади,
шу ўлкада ўсарман энди.

Шоир юракнинг бу иқрори нақадар соф, дилрабо. Юракнинг туб-тубида кечаётган оғриқли шодлик поэзияси бизда то шу дамгача бунақа рангин, бунақа ошуфта кўринишда намоён бўлмаган эди. Ҳатто шеърият салтанатига ҳам ёриб кирган қўшиб ёзишлар шодлик поэзиясини таг заминдан юлқиб олиб муаллақ-сохта вужудга айлантирган эди. “Шодлик туйғулари барқ уриб турган” шеърларни ўқиб, рости, киши чарчаб кетар эди. Зеро, шодлик туйғуси иқрор шаклида эмас, мақтанчоқлик тарзида изҳор этилар, шодликнинг асл сабаби бўлган – то шу дамгача ушалмай келган ёки бундан кейин ҳам ушалиши даргумон бўлиб турган АРМОН шеърдан тушиб қолар эди. Шавкат Раҳмон ана шу психологик тўсиқдан ҳатлаб ўта олган. Унинг ҳар бир “шодон” сатри тагидан армон мўралаб туради. “Ёруғ юлдузлари”дан узоқлашиб кетишнинг ўзи беҳуда ўтган қайси бир дамларнинг армони эмасми? Ёруғ юлдузларга “қайтиш”нинг ўзи ўша дамларнинг ўрнини тўлдириш имконияти пайдо бўлганидан юракнинг ларзага тушиши эмасми?!
Одам, барибир ҳам, ўзини жамиятдан бутунлай четга торта олмайди. Шавкат Раҳмоннинг шеърларига қараб ҳукм қилиш мумкинки, шахс ўз руҳининг кенгликларига қанчалик чекинмасин, қанчалик ўз-ўзи билан машғул бўлмасин, ёки буюк жамол – олий мукаммаллик ахтариб табиатнинг қошига сажда қилиб бормасин, барибир алал-охир шахс ўзи ким, унинг жамиятдаги ўрни қандай деган саволлар кўндаланг бўлаверади…

 

Манбаъ: «Ватан» газетаси,1995 йил, 22-сон 

(Tashriflar: umumiy 37, bugungi 1)

Izoh qoldiring